Zebo Mirzo. She’rlar

Ashampoo_Snap_2016.12.06_17h38m38s_003_.png15 декабрь — Шоира Зебо Мирзо таваллуд топган кун

Кўнгил камдан-кам уйғонади. Уйғонгандами, инсонга янги бир ҳаётни туҳфа этади. У бояги сизни қолипингиздаги шаклни барбод қилиши мумкин, лекин руҳингизга илоҳий муҳаббат олиб келганини ўзингиз сезмай қоласиз (Зебо Мирзо билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Зебо МИРЗО
ШЕЪРЛАР
09

15 – ДЕКАБР

Зебо.jpeg

Менга эрк беради шу куни умр,
Махбус ҳаётимни кўмиб ғорига.
Бир йилда бир марта чиқиб бораман
Марҳум тирикликнинг баланд дорига.

Ва ҳар гал келаркан ỹша қалтис он,
Ỹйлайман рỹй берар буюк мỹъжиза.
Музлаган жисмимга солганча туғён,
Сен кириб келасан кỹнглимни сеза!..

Ҳар лаҳза қатлимга урар экан бонг,
Шивирлаб ỹқийман бир қатла ёғду.
Ва дейман ỹзимга: «Эшикни очиб,
Ҳозир остонамдан кириб келар У!»

У келар – қỹлида бир қучоқ шодлик,
Бир қучоқ атиргул ва биргина Сỹз:
«Азизим, мен сизни жуда соғиндим,
Азизим, мен сизсиз яшадим ёлғиз!»

Аммо У келмайди…
Келиб-кетади
Эшигимдан ғарбу Шарқу, ажамлик.
Дунё бỹлмоғи-чун буткул мукаммал,
Фақат сенинг ỹрнинг қилади камлик!..

Хонамга тун кирар. Соат 12.
Менинг 44 ёшим мен билан мангу
видолашар экан, бошини эгиб,
кетади… Кỹзимга қаролмайди у!

«Ỹксинма… Яхши бор, сендан розиман,
У, албат, келади-қилмайди танглик!
Ахир бỹлмоғи-чун дунё мукаммал,
Фақат менинг севгим қилади камлик.

Менга эрк беради шу куни умр;
Чиқиб тирикликнинг баланд дорига –
Жасадимни олиб, кириб кетаман
Яна ёлғизликнинг тубсиз ғорига!..

21.12.09.

ҚАЙТИШ…

Мен қайтурман Сенга муқаррар,
Томган ҳар ёшимнинг ҳурмати — ҳаққи.
Қоронғу умримда бор бўлсанг агар,
Бир бор кўксим узра Офтобдай балқи!

Мен сени жудаям соғиндим…
Буни айтгим келар ўзингга фақат.
Бироқ келгунингча, аввал-охирим,
Тугаб битмасмикан мендаги тоқат?

Ўтяпсан дунёлар ортидан…
Борми бу юксакка борадиган йўл?
Мен эса ўчганча кунлар ёдидан,
Бу тубсиз чоҳлардан узатаман қўл…

Сенга етиб бормас хаёлим.
Қалбинг уйғотолмас ҳеч қандай нидо.
Мени олиб кетар бир куни ўлим,
Қўрқаман, ҳеч қачон бермайсан садо!

Юрагим зарбларин эшитиб ётар,
Кўксим узра ботган ғанима – Илон.
Токи келгунича машъум кунботар
У мени бермайди сенга ҳеч қачон!

Сен эса…
Туш каби олис-олисда
Юлдузлар бағридан учасан йироқ.
Сен учун аталган оловли ҳисда
Менинг ёнганимни билмайсан, бироқ!

Нафрат… Ўлим, Ҳасад…
ва кин оралаб,
Менинг Севгим ўтар –
ёниқ ва омон.
Сендан кетган бўлсам,
бағрим яралаб.
Ҳар бир қадамимга тўлайман товон!

Аммо Сен… Аммо Сен…
Офтобдай балқи,
Қаерда бўлсанг ҳам ёруғ, мунаввар.
Томган ҳар ёшимнинг ҳурмати ҳаққи
Мен Сенга қайтурман
бир кун муқаррар!

29.06.09

* * *

Эҳтимол, ўлдирар бир куни кўрлар,
Томирингда олов қонинг бўламан.
Жонбахш қучоғингга жимгина синган
Бир ҳалол қурбонинг бўламан.

Отамдай рози бўл,
онамдай севгин,
Мен ҳам сеникиман, ўксик қизингман.
Бағрингда минг йиллик тошлар тўсиғин
Ёриб чиқаётган бир илдизингман.

Ҳайқирмадим пасту баландда туриб
Аммо тола нурдек ўтаркан ёдим,
Кўкка олиб учар озод Руҳимни
Кўксимни қиличдай кесгай фарёдим!..

Яшайман энг сўнгсиз дардларинг билан,
Ҳеч ким юрагимга бўлолмас қози!
ҳали мудраб ётган дунёларингни,
Ўйғотиб учади руҳим овози!

Мен кимман?
Ғамингга ғамдош бўлмасам,
Оғримасам ёруғ қийноқларингдан?
Бошига осмонни кўтарган тоғдек
Ўсиб чиқолмасам тупроқларингдан?

Узоқ-узоқларга қараб англадим:
Қайданман, қаёнман ва кимникиман?
Кўнглимники эдим ва бир кун билдим,
Ундан ҳам олдинроқ раббимникиман.

Ҳукм эт, шаҳидинг бўлмоғим учун
Жаннат боғларини ташлаб келурман.
Чорласанг. отимдан бутун бир халқни
Ҳисор тоғаридек бошлаб келурман.

Севмасанг ҳам қаттиқ севавераман,
Чидайман орларнинг таъна тошига.
Шунчаки ўлмайман,
Шунча ишқ билан
Кўтариб ўлурман сени бошимга!

Бир оз кўнглимники бўлдим-ўксиган,
Раббимники эдим, шубҳасиз, бироқ
Борим-йўғим билан сеники эдим,
Сеники бўлурман, эй она тупроқ!..

ҲИНДДА ТУРИБ ВАТАННИ СОҒИНИШ…

Мен бегона эмасман Ҳинд, Кашмирга ҳам,
Бобом илки етган мулки султондир бу.
Жалолиддин келган бўлса Синдни кечиб,
Демак унга тангри берган имкондир бу.

Қулоқ тутсам, арғумоқлар саси келгай,
Заҳириддин ошиб ўтган довонлардан.
Қўлларини соя қилиб, қараб турар,
Мир Алишер Ҳазрат Ҳирот томонлардан…

Тожмаҳални нега энди Ҳиндда деманг,
Бобур ердан кўтарса бир курагини.
Шоҳжаҳондан сўранг ўзбек тупроғидан
Олиб кетган ахир ошиқ юрагини.

Томиримни тортиб кўрсам етиб боргай,
Шаҳри Кешдан минг асрлик чинорларим.
Дунё томи Ҳимолайнинг чўққисидан
Кўринади Самарқанднинг минорлари!

Зебуннисо қабрини мен кўп изладим,
Акбаршоҳлар ётган қадим мозоридан.
Қаранг, қандай олиб ўтди ишқини у,
Пойида чарх урган дунё бозоридан.

Ўз кўнглимни олиб аста қўлига мен,
Бир осмонни кўрдим, бу – сен, азиз ўлкам.
Ҳар бир тоғу тошларингда минг бахт яшар,
Бундай гўзал эмас Бобул боғлари ҳам!..

Ахтармадим сени ўзга чаманлардан,
Фақат мозий қатларига қанча кирсам,
Шунча улуғ кўрдим баланд арконингни,
Қанча яқин борсам, шунча олисдирсан.

Эй ризвоннинг бир бўлаги жоним Ватан,
Мен учун не, Чин ё Араб мушк-анбари?
Битта райҳон бўйларингга тўйиб ўлсам,
Менга етар шу давлатнинг мукамбари.

Эй юракнинг пайғамбари, жоним Ватан,
Сенга уммат бўлмоқ олий имкондир бу
Ахир сендек Ватан йўқдир ҳеч Ватанда,
Тангри берган менга мулки Султондир бу.

Деҳли,29.12.08.

XIV АСР. ЗУЛФИҚОР РУҲ…

Беролмасди, беролмасди у,
Ҳеч бирига бу азим тошни,
Тахт дегани –
бу кунда эди,
Ахир талаб этарди бошни!..
Яшасин деб
улуғ бир миллат,
Яғринига улкан юк ортиб,
Бунёд этди буюк салтанат,
Гоҳ йўл тортиб,
гоҳо мил тортиб.
Қиличининг учида турган
Ҳақиқатнинг
ўтида куйиб,
Кўмиб кетди юрагини жим,
Самарқанднинг пойига қўйиб!..

Энди ҳар тонг
қадим қуёшнинг
Илк нурлари текканда тошга,
У чиқади Афросиёбнинг
Юрагини кўтариб бошга!..
Юлдузларнинг қароргоҳидан
Тикилади тунлари мангу.
Юрагидан
бошқа ҳеч кимга
Ишонмасди Самарқандни У!..

05.01.10 .

* * *

Оғир бўлар севгининг ёши,
Оғир бўлар кўтармоқ ғамин.
Дош беролмай бундай фироққа,
Чўкиб борар
ҳаттоки замин!

Тож Маҳални замин ютмоқда,
Сувга чўкар Венециялар.
Айтинг,
юрак қайга кетмоқда?
Дил ўзидан ўзи уялар…

Тугадими муҳаббат фасли,
Қолмадими энди чин ошиқ?
Тополмасдан
бирон-бир Қайсни,
Ер юзидан кетмоқдами Ишқ?

Осмон олиб қўяр сирини,
Сўнганида қалбларда жунун.
Қутқаради тоза Ишқ ҳаққи
Бу дунёни
энг сўнгги Мажнун!..

04.01.10

АРМОН

“Кетиб борар дунёдан бир из,
Кетар Ишқнинг сарбозалари…”
Ахир нега очилмадингиз,
Самарқанднинг дарвозалари?

Ишонч йўқдир шоир зотига,
Ишқ қўлида умри азалий.
Нега уни қўлламадингиз,
Бирон-бир дўст,
бирон-бир валий?

Балки унинг каҳкашонига
Керак эди осмон тираги!
Шоир эди, ахир, Заҳриддин,
Ошиқ эди унинг юраги…

Ер юзининг гўзал малаги –
Сочар экан тенгсиз бир чирой,
Олислардан Самарқанд бўлиб,
Чорлаб турди
кўк юзида Ой!

Олиб унинг андозаларин
Қурса ҳамки салтанат бир ён,
Ҳар тун кезиб юрт тупроғини,
Тушларида йиғлади гирён…

Ўлимолди кўрди У тирик,
Тушаркан нур ҳавозалари –
Очиқ эди беҳишт бағридек
Самарқанднинг дарвозалари!..

БИЛАМАН

Биламан: мен унинг тенги эмасдим,
Лекин севдим тенгсиз муҳаббат билан.
Ҳижрон тунларида бор эди қасдим,
Мен уни ўқидим ёниқ дард билан.

Қачондир юракка жазиллаб босган
Ишқ эди – Қуёшнинг тош узра йўли.
Биламан: мен унга ҳеч ким эмасман,
У – менга Тангрининг узалган қўли!

На ёғду бўлолдим, на ойман тўлган,
Шамоллар пойида ўйнаган хасман.
Ёмғирлар қўлида титраб эзилган,
Бир хазон баргчалик севилганмасман…

Биламан, у менга тақдир этмаган,
Умидлар ҳаққига умримни қўйдим.
Ўз бағрини ўйган шамдай аламли
Жимгина ёндим-у, жимгина куйдим.

Биламан: исми оқ – жисми қоралар
Бир масъум севгимнинг дилини еди.
Минг эмас, милён йил кутганимдаям,
У мени барибир тан олмас эди.

Биламан… ҳаммасин энди биламан,
Мени барбод қилган шу ишққа қасам:
Худо ҳаққи севдим!
Худо ҳаққи… кам —
Уни деб қанчалар тўкилган бўлсам !

2006

СЕН ЮЗ БУРГАН…

Сен юз бурган хазин кечада
Юзинчи бор барг тўкди чинор.
Бардошларим синган кўчада,
Севгим, ахир сенга нима бор?

Осмон, осмон, бечора осмон,
Тунда йиғлаб тўкди дардларин.
Унутилди ўтган ишқсимон
Дарахтларнинг юпун барглари…

Ёнди, ўчди, сўнгги чироқ ҳам,
Деразага тикилган хиёл,
Сирларини тунларга айтди,
Ёмғирларда ивиган Аёл…

… Юзларингга юзим босгали
Кўнглим эди энг чиройли тахт.
Сен чиқмадинг…
хабар олмадинг…
эшигингдан йиғлаб қайтди Бахт…

29.11.07

Zebo MIRZO
SHE’RLAR
09

15 – DЕKABR

098

Menga erk beradi shu kuni umr,
Maxbus hayotimni ko‘mib g‘origa.
Bir yilda bir marta chiqib boraman
Marhum tiriklikning baland doriga.

Va har gal kelarkan ỹsha qaltis on,
Ỹylayman rỹy berar buyuk mỹ’jiza.
Muzlagan jismimga solgancha tug‘yon,
Sen kirib kelasan kỹnglimni seza!..

Har lahza qatlimga urar ekan bong,
Shivirlab ỹqiyman bir qatla yog‘du.
Va deyman ỹzimga: «Eshikni ochib,
Hozir ostonamdan kirib kelar U!»

U kelar – qỹlida bir quchoq shodlik,
Bir quchoq atirgul va birgina Sỹz:
«Azizim, men sizni juda sog‘indim,
Azizim, men sizsiz yashadim yolg‘iz!»

Ammo U kelmaydi…
Kelib-ketadi
Eshigimdan g‘arbu Sharqu, ajamlik.
Dunyo bỹlmog‘i-chun butkul mukammal,
Faqat sening ỹrning qiladi kamlik!..

Xonamga tun kirar. Soat 12.
Mening 44 yoshim men bilan mangu
vidolashar ekan, boshini egib,
ketadi… Kỹzimga qarolmaydi u!

«Ỹksinma… Yaxshi bor, sendan roziman,
U, albat, keladi-qilmaydi tanglik!
Axir bỹlmog‘i-chun dunyo mukammal,
Faqat mening sevgim qiladi kamlik.

Menga erk beradi shu kuni umr;
Chiqib tiriklikning baland doriga –
Jasadimni olib, kirib ketaman
Yana yolg‘izlikning tubsiz g‘origa!..

21.12.09.

QAYTISH…

Men qayturman Senga muqarrar,
Tomgan har yoshimning hurmati — haqqi.
Qorong‘u umrimda bor bo‘lsang agar,
Bir bor ko‘ksim uzra Oftobday balqi!

Men seni judayam sog‘indim…
Buni aytgim kelar o‘zingga faqat.
Biroq kelguningcha, avval-oxirim,
Tugab bitmasmikan mendagi toqat?

O‘tyapsan dunyolar ortidan…
Bormi bu yuksakka boradigan yo‘l?
Men esa o‘chgancha kunlar yodidan,
Bu tubsiz chohlardan uzataman qo‘l…

Senga yetib bormas xayolim.
Qalbing uyg‘otolmas hech qanday nido.
Meni olib ketar bir kuni o‘lim,
Qo‘rqaman, hech qachon bermaysan sado!

Yuragim zarblarin eshitib yotar,
Ko‘ksim uzra botgan g‘anima – Ilon.
Toki kelgunicha mash’um kunbotar
U meni bermaydi senga hech qachon!

Sen esa…
Tush kabi olis-olisda
Yulduzlar bag‘ridan uchasan yiroq.
Sen uchun atalgan olovli hisda
Mening yonganimni bilmaysan, biroq!

Nafrat… O‘lim, Hasad…
va kin oralab,
Mening Sevgim o‘tar –
yoniq va omon.
Sendan ketgan bo‘lsam,
bag‘rim yaralab.
Har bir qadamimga to‘layman tovon!

Ammo Sen… Ammo Sen…
Oftobday balqi,
Qayerda bo‘lsang ham yorug‘, munavvar.
Tomgan har yoshimning hurmati haqqi
Men Senga qayturman
bir kun muqarrar!

29.06.09

* * *

Ehtimol, o‘ldirar bir kuni ko‘rlar,
Tomiringda olov qoning bo‘laman.
Jonbaxsh quchog‘ingga jimgina singan
Bir halol qurboning bo‘laman.

Otamday rozi bo‘l,
onamday sevgin,
Men ham senikiman, o‘ksik qizingman.
Bag‘ringda ming yillik toshlar to‘sig‘in
Yorib chiqayotgan bir ildizingman.

Hayqirmadim pastu balandda turib
Ammo tola nurdek o‘tarkan yodim,
Ko‘kka olib uchar ozod Ruhimni
Ko‘ksimni qilichday kesgay faryodim!..

Yashayman eng so‘ngsiz dardlaring bilan,
Hech kim yuragimga bo‘lolmas qozi!
hali mudrab yotgan dunyolaringni,
O‘yg‘otib uchadi ruhim ovozi!

Men kimman?
G‘amingga g‘amdosh bo‘lmasam,
Og‘rimasam yorug‘ qiynoqlaringdan?
Boshiga osmonni ko‘targan tog‘dek
O‘sib chiqolmasam tuproqlaringdan?

Uzoq-uzoqlarga qarab angladim:
Qaydanman, qayonman va kimnikiman?
Ko‘nglimniki edim va bir kun bildim,
Undan ham oldinroq rabbimnikiman.

Hukm et, shahiding bo‘lmog‘im uchun
Jannat bog‘larini tashlab kelurman.
Chorlasang. otimdan butun bir xalqni
Hisor tog‘aridek boshlab kelurman.

Sevmasang ham qattiq sevaveraman,
Chidayman orlarning ta’na toshiga.
Shunchaki o‘lmayman,
Shuncha ishq bilan
Ko‘tarib o‘lurman seni boshimga!

Bir oz ko‘nglimniki bo‘ldim-o‘ksigan,
Rabbimniki edim, shubhasiz, biroq
Borim-yo‘g‘im bilan seniki edim,
Seniki bo‘lurman, ey ona tuproq!..

HINDDA TURIB VATANNI SOG‘INISH…

Men begona emasman Hind, Kashmirga ham,
Bobom ilki yetgan mulki sultondir bu.
Jaloliddin kelgan bo‘lsa Sindni kechib,
Demak unga tangri bergan imkondir bu.

Quloq tutsam, arg‘umoqlar sasi kelgay,
Zahiriddin oshib o‘tgan dovonlardan.
Qo‘llarini soya qilib, qarab turar,
Mir Alisher Hazrat Hirot tomonlardan…

Tojmahalni nega endi Hindda demang,
Bobur yerdan ko‘tarsa bir kuragini.
Shohjahondan so‘rang o‘zbek tuprog‘idan
Olib ketgan axir oshiq yuragini.

Tomirimni tortib ko‘rsam yetib borgay,
Shahri Keshdan ming asrlik chinorlarim.
Dunyo tomi Himolayning cho‘qqisidan
Ko‘rinadi Samarqandning minorlari!

Zebunniso qabrini men ko‘p izladim,
Akbarshohlar yotgan qadim mozoridan.
Qarang, qanday olib o‘tdi ishqini u,
Poyida charx urgan dunyo bozoridan.

O‘z ko‘nglimni olib asta qo‘liga men,
Bir osmonni ko‘rdim, bu – sen, aziz o‘lkam.
Har bir tog‘u toshlaringda ming baxt yashar,
Bunday go‘zal emas Bobul bog‘lari ham!..

Axtarmadim seni o‘zga chamanlardan,
Faqat moziy qatlariga qancha kirsam,
Shuncha ulug‘ ko‘rdim baland arkoningni,
Qancha yaqin borsam, shuncha olisdirsan.

Ey rizvonning bir bo‘lagi jonim Vatan,
Men uchun ne, Chin yo Arab mushk-anbari?
Bitta rayhon bo‘ylaringga to‘yib o‘lsam,
Menga yetar shu davlatning mukambari.

Ey yurakning payg‘ambari, jonim Vatan,
Senga ummat bo‘lmoq oliy imkondir bu
Axir sendek Vatan yo‘qdir hech Vatanda,
Tangri bergan menga mulki Sultondir bu.

Dehli,29.12.08.

XIV ASR. ZULFIQOR RUH…

Berolmasdi, berolmasdi u,
Hech biriga bu azim toshni,
Taxt degani –
bu kunda edi,
Axir talab etardi boshni!..
Yashasin deb
ulug‘ bir millat,
Yag‘riniga ulkan yuk ortib,
Bunyod etdi buyuk saltanat,
Goh yo‘l tortib,
goho mil tortib.
Qilichining uchida turgan
Haqiqatning
o‘tida kuyib,
Ko‘mib ketdi yuragini jim,
Samarqandning poyiga qo‘yib!..

Endi har tong
qadim quyoshning
Ilk nurlari tekkanda toshga,
U chiqadi Afrosiyobning
Yuragini ko‘tarib boshga!..
Yulduzlarning qarorgohidan
Tikiladi tunlari mangu.
Yuragidan
boshqa hech kimga
Ishonmasdi Samarqandni U!..

05.01.10 .

* * *

Og‘ir bo‘lar sevgining yoshi,
Og‘ir bo‘lar ko‘tarmoq g‘amin.
Dosh berolmay bunday firoqqa,
Cho‘kib borar
hattoki zamin!

Toj Mahalni zamin yutmoqda,
Suvga cho‘kar Venesiyalar.
Ayting,
yurak qayga ketmoqda?
Dil o‘zidan o‘zi uyalar…

Tugadimi muhabbat fasli,
Qolmadimi endi chin oshiq?
Topolmasdan
biron-bir Qaysni,
Yer yuzidan ketmoqdami Ishq?

Osmon olib qo‘yar sirini,
So‘nganida qalblarda junun.
Qutqaradi toza Ishq haqqi
Bu dunyoni
eng so‘nggi Majnun!..

04.01.10

ARMON

“Ketib borar dunyodan bir iz,
Ketar Ishqning sarbozalari…”
Axir nega ochilmadingiz,
Samarqandning darvozalari?

Ishonch yo‘qdir shoir zotiga,
Ishq qo‘lida umri azaliy.
Nega uni qo‘llamadingiz,
Biron-bir do‘st,
biron-bir valiy?

Balki uning kahkashoniga
Kerak edi osmon tiragi!
Shoir edi, axir, Zahriddin,
Oshiq edi uning yuragi…

Yer yuzining go‘zal malagi –
Sochar ekan tengsiz bir chiroy,
Olislardan Samarqand bo‘lib,
Chorlab turdi
ko‘k yuzida Oy!

Olib uning andozalarin
Qursa hamki saltanat bir yon,
Har tun kezib yurt tuprog‘ini,
Tushlarida yig‘ladi giryon…

O‘limoldi ko‘rdi U tirik,
Tusharkan nur havozalari –
Ochiq edi behisht bag‘ridek
Samarqandning darvozalari!..

BILAMAN

Bilaman: men uning tengi emasdim,
Lekin sevdim tengsiz muhabbat bilan.
Hijron tunlarida bor edi qasdim,
Men uni o‘qidim yoniq dard bilan.

Qachondir yurakka jazillab bosgan
Ishq edi – Quyoshning tosh uzra yo‘li.
Bilaman: men unga hech kim emasman,
U – menga Tangrining uzalgan qo‘li!

Na yog‘du bo‘loldim, na oyman to‘lgan,
Shamollar poyida o‘ynagan xasman.
Yomg‘irlar qo‘lida titrab ezilgan,
Bir xazon bargchalik sevilganmasman…

Bilaman, u menga taqdir etmagan,
Umidlar haqqiga umrimni qo‘ydim.
O‘z bag‘rini o‘ygan shamday alamli
Jimgina yondim-u, jimgina kuydim.

Bilaman: ismi oq – jismi qoralar
Bir mas’um sevgimning dilini yedi.
Ming emas, milyon yil kutganimdayam,
U meni baribir tan olmas edi.

Bilaman… hammasin endi bilaman,
Meni barbod qilgan shu ishqqa qasam:
Xudo haqqi sevdim!
Xudo haqqi… kam —
Uni deb qanchalar to‘kilgan bo‘lsam !

2006

SЕN YUZ BURGAN…

Sen yuz burgan xazin kechada
Yuzinchi bor barg to‘kdi chinor.
Bardoshlarim singan ko‘chada,
Sevgim, axir senga nima bor?

Osmon, osmon, bechora osmon,
Tunda yig‘lab to‘kdi dardlarin.
Unutildi o‘tgan ishqsimon
Daraxtlarning yupun barglari…

Yondi, o‘chdi, so‘nggi chiroq ham,
Derazaga tikilgan xiyol,
Sirlarini tunlarga aytdi,
Yomg‘irlarda ivigan Ayol…

… Yuzlaringga yuzim bosgali
Ko‘nglim edi eng chiroyli taxt.
Sen chiqmading…
xabar olmading…
eshigingdan yig‘lab qaytdi Baxt…

29.11.07

002

(Tashriflar: umumiy 18 346, bugungi 10)

Izoh qoldiring