Gulchehra Murodaliyeva. She’rlar & Zebo Mirzo. Ko’ngildagi oyning sharpasi

031Гулчеҳра бировдан сўз ўғирламайди. У ишлатган сўзларнинг шундай иссиқ қиёфаси борки, у қаерда бўлмасин Гулчеҳрани эслатиб туради. “Товонимни куйдириб ўсган”, “Кўзимда соғинчнинг қўллари”, “Ёзнинг дамгир кечаларида Мен кезгандай муножот бўлиб”… тавсифлаб келса бу ҳолатнинг ўзини бутун бир шеър қилиш мумкин…

Зебо МИРЗО
КЎНГИЛДАГИ ОЙНИНГ ШАРПАСИ


   Шеърият – руҳият йўли. Инсоннинг ўзлигига, ўз кўнгил дунёсига бошлаган йўлдир. Руҳий бедорлик, ғофиллар ичида тириклик, самодаги парвоз, бу – Шеърият

Оллоҳ инсонни яратди ва унга аввал Руҳ, сўнгра сўз берди. Шу сабаб у ҳамиша ўз Руҳига Сўз излайди.

Дилдан кишанларни парчинлайверар
Асрлар қаъридан ўтган бу ҳужум:
Муҳаббат – юракнинг туғилишидир;
Муҳаббат – дунёга ташланган ҳукм!..

Дунё – мангу савол. Куймак дилга қисмат. Бўлмаса асл муҳаббат, қадр, эъзоз, поклик ва юрак беқадру, ўткинчи дунёнинг арзимас матолари бебеҳо бўлармиди?

Менга қара,
Бир марта қара…

“Боролмасман сенинг изингдан, изларингга кўнгил тўкилган”. Бу ишқни ҳеч кимга айтиб бўлмайди. У – сир. Ишқнинг ўзидан-да азиз сир. Уни беғам сойга ташлаш гуноҳ… айтиш ҳам…

Кетай, дедим –
Кетдим басир,
Кўнглимда Ишқ – илоҳий сир.
Турна қайтмас ёбонларга
Ғамларимдан тиклай қаср!

Балки муҳаббатни ҳеч ким сенчалик кутмагандир? Ҳеч ким сенчалик унинг қадрини, азобини ва лаззатини-да туймас… ва Бахтга ҳеч ким сенчалик муносиб бўлмас!

Умр – умр эмас, кўнгил сўзонида куйган кундуз ва кечаларда оқиб кетаётган ишқдир. Унинг борар йўли, сўнгги манзили – Оллоҳ остонасидир. Ва шу сабаб чорасиз Ишқ маҳшарга томон оқади…

У – Жамолнинг остонасида
балки хокмиз,
балки – хокистар…
Нега кўнгил куймоқни қўймас?
Нечун лаблар гуноҳни истар?

Илоҳе, жонсиз танга ўзинг Руҳ бердинг. Руҳ – Ишқ денгизидан томчи эди. Агар томчи денгизга интилса, майса нурга талпинса, гуноҳ биздами! Тириклик диёрида вужуд шамойилини ўзинг яратдинг ва бир ҳовуч оташни унинг бағрига солдинг. Ўтга “Ён!” деб ўзинг амр этдинг. Ёндиргувчи сен бўлсанг, ёнаётган танда не айб?

Тақдир-да куйди. – Кўнмадим!
Дунёдан тўндим. – Тўймадим!
Ки олам лаззати, эй дил,
Бир лаҳзадир.
Бир лаҳзадир!..
Неки топдим гуҳар – ранждир.

Сенинг ранжларингни юрагимга босдим, эй Ғам! Огоҳ – сен. Фидо умримни пойингда тўкдим, эй Ғам. Огоҳ – сен. Ғамгусор – менман. Ғофилман. Қайсарман. Нега? Билмасман.

Ишқдир куйим бод айлади,
гоҳ ғариб, гоҳ шод айлади.
…Мен исмимни ёд айладим, –
исмим надир, айтинг, надир?..

Ғанимлик демак нима? Дунёга, унинг савлатига, сарватига кўнгилнинг илтифоти бўлмаса, ғанимлик нима? Ғанимликда дунёга таъма бор – Дунёга дўстлик таъмаси бор. Сен таъма, гина ва майлни, яъни нафсни ғаним билган экансан, ғазаб шайтонгадур… ожизларгамас…

Гўё
Майсаларга лаб босмагандай…
Тупроқ кечмагандай…
соғинмагандай…
…Гўё кирмагандай бу кўнгилга Ғам.
Гўё ҳеч нарсадай – келмоқ…
Кетмоқ ҳам…

Яшамоқдин мақсуд не? Интилмоқдан муддао? Йўқотмоқ, топмоқдан лаззат нимадир? Наҳот бу чарх тарозисида бахту бебахт, поку нопок, марду номард, доною нодон бир хил ўлчанса? Наҳот қадри йўқ бу куюкликнинг, қадр топадиган сўнгги куни йўқ? Бу азалий савол – ҳасрат қошида бошинг хам, қаддинг дол, “кўзлари ишққа мунтазир бўтакўз”, “нимранггина Ой”, “камтаргина гиёҳ”. Ахир Кўнгил бор-ку! Кўнгил бўлмаганда сенинг муаттар ҳидингдан бу дилларда яна сендек дардли майса кўкарармиди? Тиканлар бағрини босган дунёда майсадек кўкармоқ осонми, эй Дил?!

Ҳеч не билмаслигим билдим-ку охир,
Бу кўнмас кўнгилга кўндим-ку охир.
…Энди фарқимиз йўқ, деб кулма, ғаним,
Сен – тикан, мен – майса бўлдим-ку, охир…

Сўз Гулчеҳра Муродалиева учун муқаддас ва азиз. Лекин шу билан бирга катта имконият ҳам. Буюк Навоийдан қолган вазмин сўз, Машрабдан етган ўтли сўз Абдулла Орифда забардаст, Рауф Парфида ҳазин ва ўйчан, Шавкат Раҳмонда мард. Сўз юкини, сўз масъулиятини Гулчеҳра чуқур ҳис қилади. У сўзларга ғоят эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади. “Куйган умр”га Ғам экаркан, у СЎЗ бўлиб кўкаради. Бу сўзларнинг ҳар бирини ўз юки, ўз руҳи, ўз салмоғи бор.

Гулчеҳра бировдан сўз ўғирламайди. У ишлатган сўзларнинг шундай иссиқ қиёфаси борки, у қаерда бўлмасин Гулчеҳрани эслатиб туради. “Товонимни куйдириб ўсган”, “Кўзимда соғинчнинг қўллари”, “Ёзнинг дамгир кечаларида Мен кезгандай муножот бўлиб”… тавсифлаб келса бу ҳолатнинг ўзини бутун бир шеър қилиш мумкин. Аммо у оддийгина қилиб, “Мен кезгандай муножот бўлиб” дея қўя қолади. Бундай сеҳрни фақат сўз устасигина бера олади. Ёки “Ишқ оқади маҳшарга томон”, “кўзи тирик Ғам”, “Чигиртка чалади сибизға”…

Гулчеҳра ўз руҳининг табиатига мос шакл яратади. Бу шакл унинг кўнгил булоғидан табиий қуйилиб келаётган туйғуларининг қуйма ҳосиласидир. Ҳарфларнинг ранги, товуши, яхши ва ёмон томони бўлади. Кўзимизга оддий белги бўлиб кўринган бу ҳарфларнинг ботиний кучини Гулчеҳра Муродалиева жуда яхши ҳис қилади. Унинг шеърларидаги оддий тиниш белгилари ҳам ниманидир англатиб туради. Мен тиниш белгиларининг бундай катта масъулиятини Марина Цветаева шеърларидагина кузатганман.

Гулчеҳранинг шеърлари ҳақида катта шоирларимиздан бири “кўнгилда фитна уйғотадиган шеърлар”, деган фикрни билдирганди. Фитна – ижодий маънода. Дарҳақиқат, қиш кунларида бойчечак кўклам фитнасини тайёрлаганидек, Гулчеҳра ҳам ишқнафас шеърлари билан ўзбек шеъриятига сездирмай кириб келди. Ва ниҳоят, ўзининг улкан Қалби, покиза Дунёси билан сўзга илҳақ кўнгиллар қалъасини забт этди.

Гулчеҳра шеърий миниатюраларида руҳиятнинг мураккаб ҳолатлари, руҳият драматизмини яратадики, бу катта романнинг кичик-кичик парчаларига қўрқмай кириб боради ва у ерда ҳеч кимга ўхшамаган ўзлигини топади.
Гоҳо ҳар кун кўзингиз тушадиган неларгадир қарайсизу, эътибор бермайсиз. Тунда Ой чиқишини кўрасизу, аммо унинг МАВЖУДЛИГИНИ ПАЙҚАМАЙСИЗ! Аммо Ой – мавжуд. У ўз тириклигида ҳамиша бор бўлган – сиз энди унинг овози, Руҳи, кўнгли ва ҳатто шарпасини-да сезасиз, англайсиз, эшитасиз. Т-у-я-с-и-з ва қонасиз… Зеро, ҳақиқий шеърият – бу дил қони, руҳий-илоҳий мадордир. У сохта сўзлардек оғзингизга чайналган нон каби солинмайди. У кўнгилга солинади! Уни ҳис қиладилар, англайдилар ва туядилар!

Зеро, бу мухтасар сўз ҳам менинг туйганларим, англаганларим. Бу – ишқдан келиб, ишққа қайтгувчи, жисм қудуғида минг йиллардан бери овозсиз йиғлаётган Руҳнинг маъюс йиғиси. Бу – кўнгилдаги ОЙНИНГ ШАРПАСИ…

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 1996 йил 1 март, №9.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА
ШЕЪРЛАРИМ – УМРИМНИНГ СЎНМАС ГУЛЛАРИ


* * *
33
Оппоқ қор юзингда сирғалар.
Шамоллар ўйнайди ўйларинг…
Кетасан. Бепарво оқликка
Тўлиблар кетади кунларим!

Оппоқ қор тунларни беркитмас.
Бир куни шамоллар тинади.
Кетаман…
Бепарво оғриқлар
Кўксингни тилади. Тилади…

30.01.1986

* * *

Шивирлайди кимдир – руҳсимон.
Тун титроқдан кўкларга етар. –
Кўзларимда балққан ойсимон,
Юракними олар-да кетар…

Бу не ғамдир,
бу не ёруғлик? –
Эй, кўнглимнинг сокин ғубори!..
…Кўзларида муҳаббат йўқдир,
Тун оқарар беғам, чиройли…

02.09.1988

* * *

Сувлар оқар, қайтмас агар, –
кетсам, зарра гуноҳим йўқ.
Мени сувдан излармиди
на қорни оч, на қорни тўқ…

Ҳар ситамкор кун юзимга
чачвонини ёполмади.
Оҳ, нечунким изларимни
шувоқлар-да ўполмади?..

Куяётган бу тупроқдан
куюб ўтсам – гуноҳ манда.
Кетаримда энди суйманг, –
мен бир банда,
мен бир банда…

…Сув бўларми Кўнгил яна,
оқсам, зарра гуноҳим йўқ. –
Мени сувдан излаб кўрмас
на қорни оч, на қорни тўқ…

27.05.1989

ҲАСРАТ

“Ғамларингни суйдим, маликам…”
Тун чайқалар аста, саболи…
“Мен Сени-да унутаюрман! –
Фақат… киминг бўлай, жафолим?..”

“Ёмғиргинам, – мангу сафолим,
Бу кўнгил-ла басирман. – Ҳақман!..”
“Бас қил!.. –
Умрим кўкка соврилди. –
…Ёлғизгинам менинг,
Вафолим…”

04.09.1990

* * *

Шодликлардан йироқман бугун,
Соғинч энди ўртамас асло.
Совуқ ишқдан кўзим чирт юмдим, –
Бир мўъжиза истайман танҳо…

Кўзларимда рангсиз бир олам,
Гоҳ кулади, гоҳ йиғлар маҳзун.
Тушларимга ёлбораман ман –
Ундан дунё рангин излайман.

Тушларимда… узилар недир –
Кўзларимда дунё мавжланар.
Ранглар… ранглар…
Чирмайди бир-бир –
Борлиғимни ёндирар улар!

…Яна қайтар асрий мўъжиза:
Шодлик, соғинч, севги… барчаси.
Ёстиғим нам.
Вужуд – аланга! –
Ташланаман унинг бағрига…

10.11.1982

* * *

Бу Тун мени ўлдиради –
Нафасидан бўрқсар тутун.
Ким юрагин куйдиради –
Дилни ўртар беҳол бир ун.
Бу тун мени ўлдиради…

Юзларингга парда тортма,
Ҳали сендан кўпдир ҳаққим…
Менга илҳом бер ягона,
Ва сени ҳам Тонгга элтгум!
Менга илҳом бер, ягона.

Сен кўзимда ёш бўлмагин.
Бу оламга бош бўлмагин.
Бунча бағритош бўлмагин –
Дардлар бергин бутун-бутун…
Сен кўзимда ёш бўлмагин.

Кеча сени хуш эсласин.
Ғамлар қўли бўш эсласин.
Мен тонгларни суйиб-суйиб,
Сени кутай ҳар кун, ҳар кун…

16.04.1985

КЕТИШ

Бу кун тунларингнинг юзлари ёрар –
Шафақ – қурбон бўлган Ишқдай, – бағри хун.
Кутасан…
Кўзингда кўзларим қолар –
Бошингда дарахтлар йиғлаётган кун…

21.07.1986

* * *

Балки ҳали ўлдира олмас
Муҳаббатнинг заҳарли кучи. –
Вужудимда кезади бўрон,
Юрагимда ҳаётнинг ўчи!..

Саҳар шудринг кечиб кетётган
Сўқмоқдаги йўловчи мисол
Кетаяпман.
Юзларимда нам,
Қучоғимда ёлғизлик, – малол.

Гуллар нега бошини эгар,
Йўллар чопар ортимдан ҳориб?..
Мен барчани, ахир, кечирдим,
Кетдим – танҳо кўнглимни олиб.

Балки…
Ҳали ўлдира олмас
Муҳаббатнинг заҳарли кучи? –
Кузатади нимранггина ой,
Тебранади дарахтлар учи…

11.08.1988

* * *

Хотирангиз шаккардан ширин…
Мен забонсиз майсадай, – сархуш…
Ёмғир ҳиди келар ҳаводан.

Сизни севмоқ аслида… қийин.
Гар узоқдан соям кўринса
(мени эмас, ўзгани деган)
бу юракни аста яширинг.

Ёмғир ҳиди келар ҳаводан, –
Йўлларимни тўсган итлар ҳам
энди бари, бари… бир тийин!

(Хотирангиз шаккардан ширин)

27.07.1991

* * *

Тангрим, мени кечир, –
Кўпни истадим.
Бу шаккок бандангга ўзинг қил карам…
Бус-бутун юракман,
Юр, деб қистадим:
Сўнгсиз дарди билан эргашди Олам.

Бус-бутун юракман,
Юр, деб қистадим.

– Бу озку, ахир оз,
Мен учун оздир.
Томчимас, ҳовучлаб беринг, тўяйин! –
Мен севги сўрадим, тунлар ёлбордим,
Барча қисмати-ла келди Муҳаббат.

Мен севги сўровдим –
Бир тўкис Меҳр…

Ҳам жонга, ҳам қонга тўймас замин бу. –
Дунё бу – шафқатга ҳеч тўлмайдиган!
Осийман,
Бандангман,
Кел, саховат қил:
Бир бор Осмонингни бергил, Худойим!..

Бус-бутун Юракман –
Кўпни истадим…

02.11.1984

* * *

Офтобим ичимдадир, – ганжим ичимда…
Ғанимим – ичимда… Ранжим ичимда.
…Қўйвор, айланайин селга, шамолга, –
Узилган ҳар банди-бандим ичимда!..

Қара, кўнмас дилим анордай ёрдим.
Яна самоларда кўрдим соямни…
Яна… кўксимдаги ханжарни суйдим.
Севдим юрагимдан ўсган тоғларни.

Энди карвонларнинг доди ичимда,
Дардим ичимдадир,
Фарёдим – ичимда!..

Юзимни тонгларга бурган қувончим, –
Соғинчим, овунчим, кўздаги ёшим… –
Энди сизни ташлаб кетайин қандоқ,
Бошимни кундага элтган йўловчим?!

Ахир, дунёимнинг бори ичимда,
Дорим ичимдадир,
Жаллодим – ичимда!..

04.03.2016

ОНАМНИ СОҒИНИБ…

Жизғанак саҳрода кезиб ташналаб
қурайинми қумлардан чодир?..
Ё бағримни босиб моғораларга
кўмайинми ўзимни хоксиз?!

Кўксимни ёрайми?..
Кўзга мил тортиб
Гадо бўлайинми?
Девона бўлайми?!
Дунё гуноҳларин елкамга ортиб
дўзахингда минг йил ёнайми?..

…Айт,
нима қилайин
бир дийдор учун?!

07.03.2016

* * *

Кетяпман…
Қисқариб борар манзилим.
Кўксимни куйдирар Шеър – ботмас Қуёш!
Бу йўлда майсами , жилғами, дўлми…
Барчасини суйдим
Ва тўкдим кўзёш.
…Мендан розимисан, бошим ёрган тош?..

Бу Баҳор – менингмас. Кечир. Янглишдим.
Умрим ботди кузнинг рутуботида.
Мен сени шунчалар севдимки… эй Ёр, –
Яширдим юрагим қону-қаъатида!
Йиқилдим. Туртиндим. Топиндим. Ўлдим.
…Мендан розимисан, кўксимдаги Ёр?..

Ҳар нафас қисқариб борар манзилим.
Ортимдан термулар ёлғизоёқ йўл.
Менинг ҳам бор ахир, меҳрибонларим –
Гуриллаб туради улар
Чақиндек:
Шеърларим! –
Умримнинг сўнмас гуллари.
…Мендан розимисан, ёлғизоёқ йўл?..

04.06.2023

44Gulchehra birovdan so‘z o‘g‘irlamaydi. U ishlatgan so‘zlarning shunday issiq qiyofasi borki, u qayerda bo‘lmasin Gulchehrani eslatib turadi. “Tovonimni kuydirib o‘sgan”, “Ko‘zimda sog‘inchning qo‘llari”, “Yozning damgir kechalarida Men kezganday munojot bo‘lib”… tavsiflab kelsa bu holatning o‘zini butun bir she’r qilish mumkin…

Zebo MIRZO
KO‘NGILDAGI OYNING SHARPASI


She’riyat – ruhiyat yo‘li. Insonning o‘zligiga, o‘z ko‘ngil dunyosiga boshlagan yo‘ldir. Ruhiy bedorlik, g‘ofillar ichida tiriklik, samodagi parvoz, bu – She’riyat.

Olloh insonni yaratdi va unga avval Ruh, so‘ngra so‘z berdi. Shu sabab u hamisha o‘z Ruhiga So‘z izlaydi.

Dildan kishanlarni parchinlayverar
Asrlar qa’ridan o‘tgan bu hujum:
Muhabbat – yurakning tug‘ilishidir;
Muhabbat – dunyoga tashlangan hukm!..

Dunyo – mangu savol. Kuymak dilga qismat. Bo‘lmasa asl muhabbat, qadr, e’zoz, poklik va yurak beqadru, o‘tkinchi dunyoning arzimas matolari bebeho bo‘larmidi?

Menga qara,
Bir marta qara…

“Borolmasman sening izingdan, izlaringga ko‘ngil to‘kilgan”. Bu ishqni hech kimga aytib bo‘lmaydi. U – sir. Ishqning o‘zidan-da aziz sir. Uni beg‘am soyga tashlash gunoh… aytish ham…

Ketay, dedim –
Ketdim basir,
Ko‘nglimda Ishq – ilohiy sir.
Turna qaytmas yobonlarga
G‘amlarimdan tiklay qasr!

Balki muhabbatni hech kim senchalik kutmagandir? Hech kim senchalik uning qadrini, azobini va lazzatini-da tuymas… va Baxtga hech kim senchalik munosib bo‘lmas!
Umr – umr emas, ko‘ngil so‘zonida kuygan kunduz va kechalarda oqib ketayotgan ishqdir. Uning borar yo‘li, so‘nggi manzili – Olloh ostonasidir. Va shu sabab chorasiz Ishq mahsharga tomon oqadi…

U – Jamolning ostonasida
balki xokmiz,
balki – xokistar…
Nega ko‘ngil kuymoqni qo‘ymas?
Nechun lablar gunohni istar?

Ilohe, jonsiz tanga o‘zing Ruh berding. Ruh – Ishq dengizidan tomchi edi. Agar tomchi dengizga intilsa, maysa nurga talpinsa, gunoh bizdami! Tiriklik diyorida vujud shamoyilini o‘zing yaratding va bir hovuch otashni uning bag‘riga solding. O‘tga “Yon!” deb o‘zing amr etding. Yondirguvchi sen bo‘lsang, yonayotgan tanda ne ayb?

Taqdir-da kuydi. – Ko‘nmadim!
Dunyodan to‘ndim. – To‘ymadim!
Ki olam lazzati, ey dil,
Bir lahzadir.
Bir lahzadir!..
Neki topdim guhar – ranjdir.

Sening ranjlaringni yuragimga bosdim, ey G‘am! Ogoh – sen. Fido umrimni poyingda to‘kdim, ey G‘am. Ogoh – sen. G‘amgusor – menman. G‘ofilman. Qaysarman. Nega? Bilmasman.

Ishqdir kuyim bod ayladi,
goh g‘arib, goh shod ayladi.
…Men ismimni yod ayladim, –
ismim nadir, ayting, nadir?..

G‘animlik demak nima? Dunyoga, uning savlatiga, sarvatiga ko‘ngilning iltifoti bo‘lmasa, g‘animlik nima? G‘animlikda dunyoga ta’ma bor – Dunyoga do‘stlik ta’masi bor. Sen ta’ma, gina va maylni, ya’ni nafsni g‘anim bilgan ekansan, g‘azab shaytongadur… ojizlargamas…

Go‘yo
Maysalarga lab bosmaganday…
Tuproq kechmaganday…
sog‘inmaganday…
…Go‘yo kirmaganday bu ko‘ngilga G‘am.
Go‘yo hech narsaday – kelmoq…
Ketmoq ham…

Yashamoqdin maqsud ne? Intilmoqdan muddao? Yo‘qotmoq, topmoqdan lazzat nimadir? Nahot bu charx tarozisida baxtu bebaxt, poku nopok, mardu nomard, donoyu nodon bir xil o‘lchansa? Nahot qadri yo‘q bu kuyuklikning, qadr topadigan so‘nggi kuni yo‘q? Bu azaliy savol – hasrat qoshida boshing xam, qadding dol, “ko‘zlari ishqqa muntazir bo‘tako‘z”, “nimranggina Oy”, “kamtargina giyoh”. Axir Ko‘ngil bor-ku! Ko‘ngil bo‘lmaganda sening muattar hidingdan bu dillarda yana sendek dardli maysa ko‘kararmidi? Tikanlar bag‘rini bosgan dunyoda maysadek ko‘karmoq osonmi, ey Dil?!

Hech ne bilmasligim bildim-ku oxir,
Bu ko‘nmas ko‘ngilga ko‘ndim-ku oxir.
…Endi farqimiz yo‘q, deb kulma, g‘anim,
Sen – tikan, men – maysa bo‘ldim-ku, oxir…

So‘z Gulchehra Murodaliyeva uchun muqaddas va aziz. Lekin shu bilan birga katta imkoniyat ham. Buyuk Navoiydan qolgan vazmin so‘z, Mashrabdan yetgan o‘tli so‘z Abdulla Orifda zabardast, Rauf Parfida hazin va o‘ychan, Shavkat Rahmonda mard. So‘z yukini, so‘z mas’uliyatini Gulchehra chuqur his qiladi. U so‘zlarga g‘oyat ehtiyotkorlik bilan munosabatda bo‘ladi. “Kuygan umr”ga G‘am ekarkan, u SO‘Z bo‘lib ko‘karadi. Bu so‘zlarning har birini o‘z yuki, o‘z ruhi, o‘z salmog‘i bor.

Gulchehra birovdan so‘z o‘g‘irlamaydi. U ishlatgan so‘zlarning shunday issiq qiyofasi borki, u qayerda bo‘lmasin Gulchehrani eslatib turadi. “Tovonimni kuydirib o‘sgan”, “Ko‘zimda sog‘inchning qo‘llari”, “Yozning damgir kechalarida Men kezganday munojot bo‘lib”… tavsiflab kelsa bu holatning o‘zini butun bir she’r qilish mumkin. Ammo u oddiygina qilib, “Men kezganday munojot bo‘lib” deya qo‘ya qoladi. Bunday sehrni faqat so‘z ustasigina bera oladi. Yoki “Ishq oqadi mahsharga tomon”, “ko‘zi tirik G‘am”, “Chigirtka chaladi sibizg‘a”…
Gulchehra o‘z ruhining tabiatiga mos shakl yaratadi. Bu shakl uning ko‘ngil bulog‘idan tabiiy quyilib kelayotgan tuyg‘ularining quyma hosilasidir. Harflarning rangi, tovushi, yaxshi va yomon tomoni bo‘ladi. Ko‘zimizga oddiy belgi bo‘lib ko‘ringan bu harflarning botiniy kuchini Gulchehra Murodaliyeva juda yaxshi his qiladi. Uning she’rlaridagi oddiy tinish belgilari ham nimanidir anglatib turadi. Men tinish belgilarining bunday katta mas’uliyatini Marina Svetayeva she’rlaridagina kuzatganman.

Gulchehraning she’rlari haqida katta shoirlarimizdan biri “ko‘ngilda fitna uyg‘otadigan she’rlar”, degan fikrni bildirgandi. Fitna – ijodiy ma’noda. Darhaqiqat, qish kunlarida boychechak ko‘klam fitnasini tayyorlaganidek, Gulchehra ham ishqnafas she’rlari bilan o‘zbek she’riyatiga sezdirmay kirib keldi. Va nihoyat, o‘zining ulkan Qalbi, pokiza Dunyosi bilan so‘zga ilhaq ko‘ngillar qal’asini zabt etdi.

Gulchehra she’riy miniatyuralarida ruhiyatning murakkab holatlari, ruhiyat dramatizmini yaratadiki, bu katta romanning kichik-kichik parchalariga qo‘rqmay kirib boradi va u yerda hech kimga o‘xshamagan o‘zligini topadi.
Goho har kun ko‘zingiz tushadigan nelargadir qaraysizu, e’tibor bermaysiz. Tunda Oy chiqishini ko‘rasizu, ammo uning MAVJUDLIGINI PAYQAMAYSIZ! Ammo Oy – mavjud. U o‘z tirikligida hamisha bor bo‘lgan – siz endi uning ovozi, Ruhi, ko‘ngli va hatto sharpasini-da sezasiz, anglaysiz, eshitasiz. T-u-ya-s-i-z va qonasiz… Zero, haqiqiy she’riyat – bu dil qoni, ruhiy-ilohiy madordir. U soxta so‘zlardek og‘zingizga chaynalgan non kabi solinmaydi. U ko‘ngilga solinadi! Uni his qiladilar, anglaydilar va tuyadilar!

Zero, bu muxtasar so‘z ham mening tuyganlarim, anglaganlarim. Bu – ishqdan kelib, ishqqa qaytguvchi, jism qudug‘ida ming yillardan beri ovozsiz yig‘layotgan Ruhning ma’yus yig‘isi. Bu – ko‘ngildagi OYNING SHARPASI…

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi. 1996 yil 1 mart, №9.

Gulchehra MURODALIYEVA
ShЕ’RLARIM – UMRIMNING SO‘NMAS GULLARI


* * *

Oppoq qor yuzingda sirg‘alar.
Shamollar o‘ynaydi o‘ylaring…
Ketasan. Beparvo oqlikka
To‘liblar ketadi kunlarim!

Oppoq qor tunlarni berkitmas.
Bir kuni shamollar tinadi.
Ketaman…
Beparvo og‘riqlar
Ko‘ksingni tiladi. Tiladi…

30.01.1986

* * *

Shivirlaydi kimdir – ruhsimon.
Tun titroqdan ko‘klarga yetar. –
Ko‘zlarimda balqqan oysimon,
Yuraknimi olar-da ketar…

Bu ne g‘amdir,
bu ne yorug‘lik? –
Ey, ko‘nglimning sokin g‘ubori!..
…Ko‘zlarida muhabbat yo‘qdir,
Tun oqarar beg‘am, chiroyli…

02.09.1988

* * *

Suvlar oqar, qaytmas agar, –
ketsam, zarra gunohim yo‘q.
Meni suvdan izlarmidi
na qorni och, na qorni to‘q…

Har sitamkor kun yuzimga
chachvonini yopolmadi.
Oh, nechunkim izlarimni
shuvoqlar-da o‘polmadi?..

Kuyayotgan bu tuproqdan
kuyub o‘tsam – gunoh manda.
Ketarimda endi suymang, –
men bir banda,
men bir banda…

…Suv bo‘larmi Ko‘ngil yana,
oqsam, zarra gunohim yo‘q. –
Meni suvdan izlab ko‘rmas
na qorni och, na qorni to‘q…

27.05.1989

HASRAT

“G‘amlaringni suydim, malikam…”
Tun chayqalar asta, saboli…
“Men Seni-da unutayurman! –
Faqat… kiming bo‘lay, jafolim?..”

“Yomg‘irginam, – mangu safolim,
Bu ko‘ngil-la basirman. – Haqman!..”
“Bas qil!.. –
Umrim ko‘kka sovrildi. –
…Yolg‘izginam mening,
Vafolim…”

04.09.1990

* * *

Shodliklardan yiroqman bugun,
Sog‘inch endi o‘rtamas aslo.
Sovuq ishqdan ko‘zim chirt yumdim, –
Bir mo‘jiza istayman tanho…

Ko‘zlarimda rangsiz bir olam,
Goh kuladi, goh yig‘lar mahzun.
Tushlarimga yolboraman man –
Undan dunyo rangin izlayman.

Tushlarimda… uzilar nedir –
Ko‘zlarimda dunyo mavjlanar.
Ranglar… ranglar…
Chirmaydi bir-bir –
Borlig‘imni yondirar ular!

…Yana qaytar asriy mo‘jiza:
Shodlik, sog‘inch, sevgi… barchasi.
Yostig‘im nam.
Vujud – alanga! –
Tashlanaman uning bag‘riga…

10.11.1982

* * *

Bu Tun meni o‘ldiradi –
Nafasidan bo‘rqsar tutun.
Kim yuragin kuydiradi –
Dilni o‘rtar behol bir un.
Bu tun meni o‘ldiradi…

Yuzlaringga parda tortma,
Hali sendan ko‘pdir haqqim…
Menga ilhom ber yagona,
Va seni ham Tongga eltgum!
Menga ilhom ber, yagona.

Sen ko‘zimda yosh bo‘lmagin.
Bu olamga bosh bo‘lmagin.
Buncha bag‘ritosh bo‘lmagin –
Dardlar bergin butun-butun…
Sen ko‘zimda yosh bo‘lmagin.

Kecha seni xush eslasin.
G‘amlar qo‘li bo‘sh eslasin.
Men tonglarni suyib-suyib,
Seni kutay har kun, har kun…

16.04.1985

KЕTISH

Bu kun tunlaringning yuzlari yorar –
Shafaq – qurbon bo‘lgan Ishqday, – bag‘ri xun.
Kutasan…
Ko‘zingda ko‘zlarim qolar –
Boshingda daraxtlar yig‘layotgan kun…

21.07.1986

* * *

Balki hali o‘ldira olmas
Muhabbatning zaharli kuchi. –
Vujudimda kezadi bo‘ron,
Yuragimda hayotning o‘chi!..

Sahar shudring kechib ketyotgan
So‘qmoqdagi yo‘lovchi misol
Ketayapman.
Yuzlarimda nam,
Quchog‘imda yolg‘izlik, – malol.

Gullar nega boshini egar,
Yo‘llar chopar ortimdan horib?..
Men barchani, axir, kechirdim,
Ketdim – tanho ko‘nglimni olib.

Balki…
Hali o‘ldira olmas
Muhabbatning zaharli kuchi? –
Kuzatadi nimranggina oy,
Tebranadi daraxtlar uchi…

11.08.1988

* * *

Xotirangiz shakkardan shirin…
Men zabonsiz maysaday, – sarxush…
Yomg‘ir hidi kelar havodan.

Sizni sevmoq aslida… qiyin.
Gar uzoqdan soyam ko‘rinsa
(meni emas, o‘zgani degan)
bu yurakni asta yashiring.

Yomg‘ir hidi kelar havodan, –
Yo‘llarimni to‘sgan itlar ham
endi bari, bari… bir tiyin!

(Xotirangiz shakkardan shirin)

27.07.1991

* * *

Tangrim, meni kechir, –
Ko‘pni istadim.
Bu shakkok bandangga o‘zing qil karam…
Bus-butun yurakman,
Yur, deb qistadim:
So‘ngsiz dardi bilan ergashdi Olam.

Bus-butun yurakman,
Yur, deb qistadim.

– Bu ozku, axir oz,
Men uchun ozdir.
Tomchimas, hovuchlab bering, to‘yayin! –
Men sevgi so‘radim, tunlar yolbordim,
Barcha qismati-la keldi Muhabbat.

Men sevgi so‘rovdim –
Bir to‘kis Mehr…

Ham jonga, ham qonga to‘ymas zamin bu. –
Dunyo bu – shafqatga hech to‘lmaydigan!
Osiyman,
Bandangman,
Kel, saxovat qil:
Bir bor Osmoningni bergil, Xudoyim!..

Bus-butun Yurakman –
Ko‘pni istadim…

02.11.1984

* * *

Oftobim ichimdadir, – ganjim ichimda…
G‘animim – ichimda… Ranjim ichimda.
…Qo‘yvor, aylanayin selga, shamolga, –
Uzilgan har bandi-bandim ichimda!..

Qara, ko‘nmas dilim anorday yordim.
Yana samolarda ko‘rdim soyamni…
Yana… ko‘ksimdagi xanjarni suydim.
Sevdim yuragimdan o‘sgan tog‘larni.

Endi karvonlarning dodi ichimda,
Dardim ichimdadir,
Faryodim – ichimda!..

Yuzimni tonglarga burgan quvonchim, –
Sog‘inchim, ovunchim, ko‘zdagi yoshim… –
Endi sizni tashlab ketayin qandoq,
Boshimni kundaga eltgan yo‘lovchim?!

Axir, dunyoimning bori ichimda,
Dorim ichimdadir,
Jallodim – ichimda!..

04.03.2016

ONAMNI SOG‘INIB…

Jizg‘anak sahroda kezib tashnalab
qurayinmi qumlardan chodir?..
Yo bag‘rimni bosib mog‘oralarga
ko‘mayinmi o‘zimni xoksiz?!

Ko‘ksimni yoraymi?..
Ko‘zga mil tortib
Gado bo‘layinmi?
Devona bo‘laymi?!
Dunyo gunohlarin yelkamga ortib
do‘zaxingda ming yil yonaymi?..

…Ayt,
nima qilayin
bir diydor uchun?!

07.03.2016

* * *

Ketyapman…
Qisqarib borar manzilim.
Ko‘ksimni kuydirar She’r – botmas Quyosh!
Bu yo‘lda maysami , jilg‘ami, do‘lmi…
Barchasini suydim
Va to‘kdim ko‘zyosh.
…Mendan rozimisan, boshim yorgan tosh?..

Bu Bahor – meningmas. Kechir. Yanglishdim.
Umrim botdi kuzning rutubotida.
Men seni shunchalar sevdimki… ey Yor, –
Yashirdim yuragim qonu-qa’atida!
Yiqildim. Turtindim. Topindim. O‘ldim.
…Mendan rozimisan, ko‘ksimdagi Yor?..

Har nafas qisqarib borar manzilim.
Ortimdan termular yolg‘izoyoq yo‘l.
Mening ham bor axir, mehribonlarim –
Gurillab turadi ular
Chaqindek:
She’rlarim! –
Umrimning so‘nmas gullari.
…Mendan rozimisan, yolg‘izoyoq yo‘l?..

04.06.2023

31

(Tashriflar: umumiy 182, bugungi 1)

Izoh qoldiring