Gulchehra Murodaliyeva. Ishq — balogardon

056 Гулчеҳранинг шеърларини гапириб бериш мушкул: сўзлар худди муҳрлаб, қулфлаб қўйилганга ўхшайди. Хаёлий Ишққа мафтун лирик қаҳрамонни табиийки, Ёлғизлик дарди ўртайди. Дард туганмас ғамга айланади. Ҳамма вақт ҳам ғам чекиб яшаш мумкин эмас. Бунинг ҳеч иложи йўқ (Иброҳим Ғафуровнинг «Лирик қаҳрамонга хат» мақоласидан).

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА
ИШҚ – БАЛОГАРДОН


* * *
08
Шамол шовуллайди.
Ёмғир сим-сим…
Кўнгил кўҳна заминдек безовта. –
Тилсим:
Туғилди. Майсами, тошми у – билмам!
Шамол. Шовуллайди.
Ёмғир. –
Сим-сим…

* * *

Пойимда йиғлаган гулгина,
Қўй, менинг умримни тилама!..
Кўзимнинг гавҳари, нозигим,
Бир сочган бўйингдан куйдим-а…

Биз шундай ўтайлик дунёдан –
Лабимга кўксингни қўйгин-а.
Умр не?
Балки мен билмасдим,
Эҳ!.. Нега ҳолингни туйдим-а?!

Пойимда йиғлаган гулгина…

ВАТАН

Танамдаги оққан қондай – жонбахшсан,
Чеҳраси кушодим, бағри – офтобим…
Улуғ маърифатли кўҳна тарихсан, –
Ўқисам, туганмас ноёб китобим.

Боболарим изи – тупроқларингда,
Нафаси – ҳар майса, япроқларингда.
Жоним пайвастадир ҳаволарингга,
Сен хонумонимсан,
Битмас соғинчим…

Чорласанг:
Оловман,
Ханжарман,
Бошман, –
Ёвларинг бўғзига отилган тошман!
Иста – Тўмарисман, иста – Додхоҳман.
Меҳри жоним қадар пайвандим, Ватан,
Иймоним, виждоним, дил оҳим – Ватан!

* * *

Кетар эдим, –
Лабимда ғунча.
“Азизам…” деб ёлборди биров.

Ғунчанинг-ку таъми – умр-ча.
Ортимдаги ким эди?
Билмам!..

* * *

Майсалар кулади – изтироб.
Кунларим кетади ёнгани.
Кўнгилга сиққанин олганман, –
Не эди қолгани…
Қолгани?..

* * *

Бу қиш фасли. Бу Баҳор эмас.
Нелар дейин Сенга, севгилим?
Музлар унар пойимда фақат.
Хазон бўлди менинг ўн гулим…

Бу қиш фасли…
Ҳамон кўксимни
эзар Ёлғизликнинг тамғаси, –
Ҳозиргина кишандан чиққан
қулдай –
унутолмам нағмасин!..

ТАСКИН

Кутгин.
Кунлар ўтаверади,
Туннинг титроқ нафаси – омон!
Кетолмайсан энди ҳеч ерга,
Ишқ оқади маҳшарга томон…

Кутгин.
Яна Баҳор қайтади, –
Йиллар унинг изларида маст.
Эҳ… Барчаси сени алдайди!
Қалдирғочларгина…
Алдамас.

* * *

Сен менга шунчалар ишонасанки…
Адашиб кетаман ёлғонларимдан.
Ва тоғдай елкангга бош қўйиб, секин –
Гўё минг йилдан сўнг турган бемордай
Йиғлагим келади тинмай,
Йиғлагим…
Сен менга шунчалар ишонасанки.

Мен эса қаршингда ҳамон беморман.
Эртакни севаман. Сени-да, жуда!
Тунлардан қўрқаман: ялмоғизлардан…
Сендан – менинг пок бир ҳовуч умримдан,
Сенинг қиёфангда келган ишончдан
Айрилиб қолишдан
Қўрқаман. Жуда.
Сен эса…

Сен менга шунчалар ишонасанки!..

* * *

Мени асло ўйлама, Она.
Менинг учун куйма, муштипар.
Бу нотавон дунёнинг Сенга
Ҳеч ўхшамас қўшиқлари бор…
Мени асло ўйлама, Она.

Тунлар тушларимни оғритган
Кенгликларга сархуш топиндим…
Астагина силкиниб кулган,
Она, майсаларни соғиндим.

Атиргулнинг бўйларидан маст
Бўлмоқликни истасам яна –
Оёқяланг, сокин кунларга
С и з н и излаб бораман, Она…

Қайтиб…
Маъюс чучмомаларнинг
Дарди билан яшай олмасам,
У заминни суймади, дея
Мени асло кечирма, Она!

Менинг учун куйма, муштипар…

* * *

Опамга

Биз шундай. Гоҳ маъсум, гоҳ қайсар –
Яшаймиз нелардир кутгали,
Баъзида оламдан бохабар,
Баъзида ўздан ҳам кечгали.

Юраклар гоҳ юм-юм йиғлайди
Бўғиздан олганда хиёнат.
Гоҳ кимдир борини аяйди,
Ва бизсиз яшайди муҳаббат.

У биз-ку: маъюс куз бағрида
Энтикиб суёлган хазонни…
Ва оппоқ туйғулар бандида
Соғиниб ўтамиз Баҳорни.

…Э, бизми?
Биз ҳамон бир қайсар!
Юраклар – мўъжиза кутгули.
Баъзида Оламдан бохабар,
Баъзида…
Ўздан ҳам кечгули!..

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Мен куйган у йўлларда хор* қолдиму ҳаргиз?
Дилим хор айлаганда ор қолдиму ҳаргиз?
Жоним хоки пойингда-ю кетдим қаддим ростлаб,
Эй ёр, бу остонангда Ёр қолдиму ҳаргиз?!

* * *

Кетмоқдамиз, – олдинда карвонимиз,
Елкаларда ҳам гуноҳ, ҳам оримиз…
Тўхта бир он, карвонбоши, мен тушай, –
Наҳот шудир бу дунёдан боримиз?!*

*Хор – тикан.
*Бор – юк.

* * *

Майсаларинг ҳушимни олди. Демадим.
Дайрларинг тушимда қолди. Демадим.
Келдим-у кетдим лаҳзалик, шикастадил,
“Кўрдинг нималар?” дединг,
дедим: ”Ишқ ва Дил!..”

* * *

Ҳасрат бердинг, ҳамон бул бош устинадир,
Меҳр тутдинг, ул ҳам бир тош устинадир…
Ғамхонаси ярашди, деб суйма Раббим,
Ғариблигим ахир, бардош устинадир!..

* * *

Деди: “Севаман сени қиёмат қадар! –
Кўнглим ёнадир, ичимда оташ надир?!”
Дедим: ”Қиёмат истасанг кўксима боқ, –
Жонима ўт қалаётир Биру Бор!”

* * *

Эзилди дил, – босди Ишқнинг ғамлари, –
ё тинмади ёмғири, ё ўчди шамлари?
Ё майсами дил, – ҳаттоки чоҳ ичинда ҳам
гуллайверди, ЁР номин тутган дамлари?..

* * *

“Оҳ!..” десак-да бурмадилар юзларни,
Жон ҳалпида қолдирдилар бизларни…
Юр, Кўнглим-а, кетганимиз чин бўлсин,
“Воҳ!..” десинлар, топмай биз-у изларни.

СЎНГГИ МУЛОҚОТ
(ёки шафқат)

– Эгасин соғинган вафодор итдек
Тун бўйи тентираб, ингради шамол…
Негадир ёмғирлар Сени эслатар, –
– ( “Шамол ҳам!..”)…

– Эсингдами жоним, бир кун дафъатан:
Майсага айлангим келар, деганинг, –
Ҳамон англолмасман, бу қандайин Ғам?..
– (“Бу – Алам!..”)…

– Гуллари тўкилди умрим Баҳорин,
Хазонрез боғларда паришон, ғариб
Сенсиз дарвеш дилни ким англагай, дўст?!
– (“Гадо!..”)…

– Ишқдан на хас қолар, на бир хокистар. –
Қисмат ўйинида тўзғинмиз – адо!..
…Гул, унут, тиканли йўлларни унут…
– …Алвидо!

* * *

Энг кўҳна Куй – ғамрез очуннинг
Бизларсиз ҳам кўнгли тўлмаган.
Кетаверган бошини олиб, –
Қолаверган…
Асло ўлмаган!

Ҳасратларим менинг
Кун қадар.
Эҳ! – кимга ҳам улар етгуси?..
Бу оламда ҳар не – мангудир.
Бу дунёда не бор – ўткуси!..

* * *

Меҳр кўрмасак кўрмабмиз-да Ерликлардан! –
Ўзларича сархуш бўлган шўрликлардан…
“Воҳ, ғариблик!” десам бугун ярашдими,
Ҳолим тангдай, бор ғариблар қарашдими?..

Шўрли(к) бошим –
Танҳо Ишқ-ла ҳурлик бошим.
Саҳролардан Бахт излаган ғўрлик бошим!
Кел, Кўнгилга осилайлик кирликлардан,
Меҳр кўрмасак кўрмабмиз-да Ерликлардан!..

Шўрли(к) бошим…
Энди қайга етажакмиз?
Истадик не, топмадик – не?! – Кетажакмиз…
Оёғимиз Осмонда-ю – тупроқдаймиз.
Қанотимиз ер остида… –
Энди… киммиз?!

* * *

Неки топдим гуҳар – ранжу
Ғамгусорим – ғамбодадир.
Кўрдим ўт ичинда кимни
Ишқдодадир,
Ишқдодадир!..

Тақдир-да куйди. – Кўнмадим!
Дунёдан тўндим. – Тўймадим!..
Ки олам лаззати, эй дил,
бир лаҳзадир.
Бир лаҳзадир!..

Неки топдим гуҳар – ранждир.

* * *

Энди надир шонлар – шавкатлар,
Замҳарирнинг бағрида – ёлғиз?.. –
Кетаётган яккаш умрнинг
Кўзларидан ситилганда из…

Кел, дилимни елларга олдир,
Қўйиб юбор, шоним – шавкатим:
Мен-ла ғамкаш юракни қолдир,
Қолсин яна Ишқ –
Балогардон!..

* * *

Ташлаб кетма мени, азизим –
Ташлаб кетма, Шеърим – дўстгинам…
Мен-ку, ёндим. – Яшай олдим – оз!
Билсанг: ўлим – ёлғиз қолмоқ ҳам.
Ташлаб кетма мени, дўстгинам.

Қалбимда-ку орзулар талай.
Умидларим кўпдир – сўнмаган!
Бу кўзларми?
Нелар кўрмади…
Бироқ ҳали кўпни кўрмаган.
Ташлаб кетма мени, азизим.

Минг ёлбориб топганим – сенсан –
Бу дунёда ёлғизим, Дўстим.
Сен – юраксан,
Танамга жонсан.
Кел, мен ўзга юракдан кечдим!..

* * *

Бир тун бу Ишқ менсиз қайтади –
Гулчамбарлар қадаб дардлардан.
Кўзларимни сендан сўрайди,
Қўлларимни сўрайди сендан!..
Бир тун бу Ишқ менсиз қайтади…

Балки у кун
Мени деб илк бор
Қайғуларга ғарқ бўлар кунлар.
Нафасимдай эсади шамол –
Кўзларимдай – куяди тунлар…
Балки у кун мени деб, илк бор.

Шунда, сени узоқ-узоққа
Оғриқларим олиб кетгуси.
Бағри чок-чок бўлиб сўкилган
Онамдайин… ғамлар, етгуси!
Шунда сени узоқ-узоққа…

Томчисига майсалар унса
Соғинчингнинг – дилингни эзиб…
Қайғурма. Қўй.
Ахир даҳр аро
Яшадим-ку – сени деб
Т ў з и б!..

Бир тун бу Ишқ менсиз қайтади…

ЙЎЛ БОШИДА

Кетаётган йўлларга қараб
Қадамимнинг ҳайрати ортар… –
Минг йил юрганлар ҳам бу йўлдан
қайга етар…
Қаерга ботар?!

Етган бўлса: шошмасин, кутсин –
Нурга чопаётган бир гулман,
Кўкка ботмоқ ишқида ёнган
Ёки гумроҳ ва ёки кўрман!..

* * *

Барбоддир умр, – келса қиёмат на ажаб.
Ишқ – хундирким, куйса риёзат на ажаб.
Нодондирмиз, ки даҳрнинг дилин олиб,
Дил топмадик тўккали кўнгил, на ажаб…

Дардим олки, Дардга етсам на ажаб.
Кўнгил хорки, энди кетсам на ажаб…
Дунёи беёд, мени ёд айлаким,
Йўловчингман, – йўлингдан кечсам, на ажаб?!

Барбоддир умр…

Элегия. Гулчеҳра Муродалиева сўзи, Дилором Омонуллаева мусиқаси, Сарвар ижро этади

Gulchehraning sheʼrlarini gapirib berish mushkul: soʼzlar xuddi muhrlab, qulflab qoʼyilganga oʼxshaydi. Xayoliy Ishqqa maftun lirik qahramonni tabiiyki, Yolgʼizlik dardi oʼrtaydi. Dard tuganmas gʼamga aylanadi. Hamma vaqt ham gʼam chekib yashash mumkin emas. Buning hech iloji yoʼq (Ibrohim Gʼafurovning «Lirik qahramonga xat» maqolasidan).

Gulchehra MURODАLIYEVА
ISHQ – BАLOGАRDON


* * *

Shamol shovullaydi.
Yomgʼir sim-sim…
Koʼngil koʼhna zamindek bezovta. –
Tilsim:
Tugʼildi. Maysami, toshmi u – bilmam!
Shamol. Shovullaydi.
Yomgʼir. –
Sim-sim…

* * *04

Poyimda yigʼlagan gulgina,
Qoʼy, mening umrimni tilama!..
Koʼzimning gavhari, nozigim,
Bir sochgan boʼyingdan kuydim-a…

Biz shunday oʼtaylik dunyodan –
Labimga koʼksingni qoʼygin-a.
Umr ne?
Balki men bilmasdim,
Eh!.. Nega holingni tuydim-a?!

Poyimda yigʼlagan gulgina…

VАTАN

Tanamdagi oqqan qonday – jonbaxshsan,
Chehrasi kushodim, bagʼri – oftobim…
Ulugʼ maʼrifatli koʼhna tarixsan, –
Oʼqisam, tuganmas noyob kitobim.

Bobolarim izi – tuproqlaringda,
Nafasi – har maysa, yaproqlaringda.
Jonim payvastadir havolaringga,
Sen xonumonimsan,
Bitmas sogʼinchim…

Chorlasang:
Olovman,
Xanjarman,
Boshman, –
Yovlaring boʼgʼziga otilgan toshman!
Ista – Toʼmarisman, ista – Dodxohman.
Mehri jonim qadar payvandim, Vatan,
Iymonim, vijdonim, dil ohim – Vatan!

* * *

Ketar edim, –
Labimda gʼuncha.
“Аzizam…” deb yolbordi birov.

Gʼunchaning-ku taʼmi – umr-cha.
Ortimdagi kim edi?
Bilmam!..

* * *

Maysalar kuladi – iztirob.
Kunlarim ketadi yongani.
Koʼngilga siqqanin olganman, –
Ne edi qolgani…
Qolgani?..

* * *

Bu qish fasli. Bu Bahor emas.
Nelar deyin Senga, sevgilim?
Muzlar unar poyimda faqat.
Xazon boʼldi mening oʼn gulim…

Bu qish fasli…
Hamon koʼksimni
ezar Yolgʼizlikning tamgʼasi, –
Hozirgina kishandan chiqqan
qulday –
unutolmam nagʼmasin!..

TАSKIN

Kutgin.
Kunlar oʼtaveradi,
Tunning titroq nafasi – omon!
Ketolmaysan endi hech yerga,
Ishq oqadi mahsharga tomon…

Kutgin.
Yana Bahor qaytadi, –
Yillar uning izlarida mast.
Eh… Barchasi seni aldaydi!
Qaldirgʼochlargina…
Аldamas.

* * *

Sen menga shunchalar ishonasanki…
Аdashib ketaman yolgʼonlarimdan.
Va togʼday yelkangga bosh qoʼyib, sekin –
Goʼyo ming yildan soʼng turgan bemorday
Yigʼlagim keladi tinmay,
Yigʼlagim…
Sen menga shunchalar ishonasanki.

Men esa qarshingda hamon bemorman.
Ertakni sevaman. Seni-da, juda!
Tunlardan qoʼrqaman: yalmogʼizlardan…
Sendan – mening pok bir hovuch umrimdan,
Sening qiyofangda kelgan ishonchdan
Аyrilib qolishdan
Qoʼrqaman. Juda.
Sen esa…

Sen menga shunchalar ishonasanki!..

* * *

Meni aslo oʼylama, Ona.
Mening uchun kuyma, mushtipar.
Bu notavon dunyoning Senga
Hech oʼxshamas qoʼshiqlari bor…
Meni aslo oʼylama, Ona.

Tunlar tushlarimni ogʼritgan
Kengliklarga sarxush topindim…
Аstagina silkinib kulgan,
Ona, maysalarni sogʼindim.

Аtirgulning boʼylaridan mast
Boʼlmoqlikni istasam yana –
Oyoqyalang, sokin kunlarga
S i z n i izlab boraman, Ona…

Qaytib…
Maʼyus chuchmomalarning
Dardi bilan yashay olmasam,
U zaminni suymadi, deya
Meni aslo kechirma, Ona!

Mening uchun kuyma, mushtipar…

* * *

Opamga

Biz shunday. Goh maʼsum, goh qaysar –
Yashaymiz nelardir kutgali,
Baʼzida olamdan boxabar,
Baʼzida oʼzdan ham kechgali.

Yuraklar goh yum-yum yigʼlaydi
Boʼgʼizdan olganda xiyonat.
Goh kimdir borini ayaydi,
Va bizsiz yashaydi muhabbat.

U biz-ku: maʼyus kuz bagʼrida
Entikib suyolgan xazonni…
Va oppoq tuygʼular bandida
Sogʼinib oʼtamiz Bahorni.

…E, bizmi?
Biz hamon bir qaysar!
Yuraklar – moʼʼjiza kutguli.
Baʼzida Olamdan boxabar,
Baʼzida…
Oʼzdan ham kechguli!..

TOʼRTLIKLАR

* * *

Men kuygan u yoʼllarda xor* qoldimu hargiz?
Dilim xor aylaganda or qoldimu hargiz?
Jonim xoki poyingda-yu ketdim qaddim rostlab,
Ey yor, bu ostonangda Yor qoldimu hargiz?!

* * *

Ketmoqdamiz, – oldinda karvonimiz,
Yelkalarda ham gunoh, ham orimiz…
Toʼxta bir on, karvonboshi, men tushay, –
Nahot shudir bu dunyodan borimiz?!*

*Xor – tikan.
*Bor – yuk.

* * *

Maysalaring hushimni oldi. Demadim.
Dayrlaring tushimda qoldi. Demadim.
Keldim-u ketdim lahzalik, shikastadil,
“Koʼrding nimalar?” deding,
dedim: ”Ishq va Dil!..”

* * *

Hasrat berding, hamon bul bosh ustinadir,
Mehr tutding, ul ham bir tosh ustinadir…
Gʼamxonasi yarashdi, deb suyma Rabbim,
Gʼaribligim axir, bardosh ustinadir!..

* * *

Dedi: “Sevaman seni qiyomat qadar! –
Koʼnglim yonadir, ichimda otash nadir?!”
Dedim: ”Qiyomat istasang koʼksima boq, –
Jonima oʼt qalayotir Biru Bor!”

* * *

Ezildi dil, – bosdi Ishqning gʼamlari, –
yo tinmadi yomgʼiri, yo oʼchdi shamlari?
Yo maysami dil, – hattoki choh ichinda ham
gullayverdi, YoR nomin tutgan damlari?..

* * *

“Oh!..” desak-da burmadilar yuzlarni,
Jon halpida qoldirdilar bizlarni…
Yur, Koʼnglim-a, ketganimiz chin boʼlsin,
“Voh!..” desinlar, topmay biz-u izlarni.

SOʼNGGI MULOQOT
(yoki shafqat)

– Egasin sogʼingan vafodor itdek
Tun boʼyi tentirab, ingradi shamol…
Negadir yomgʼirlar Seni eslatar, –
– ( “Shamol ham!..”)…

– Esingdami jonim, bir kun dafʼatan:
Maysaga aylangim kelar, deganing, –
Hamon anglolmasman, bu qandayin Gʼam?..
– (“Bu – Аlam!..”)…

– Gullari toʼkildi umrim Bahorin,
Xazonrez bogʼlarda parishon, gʼarib
Sensiz darvesh dilni kim anglagay, doʼst?!
– (“Gado!..”)…

– Ishqdan na xas qolar, na bir xokistar. –
Qismat oʼyinida toʼzgʼinmiz – ado!..
…Gul, unut, tikanli yoʼllarni unut…
– …Аlvido!

* * *

Eng koʼhna Kuy – gʼamrez ochunning
Bizlarsiz ham koʼngli toʼlmagan.
Ketavergan boshini olib, –
Qolavergan…
Аslo oʼlmagan!

Hasratlarim mening
Kun qadar.
Eh! – kimga ham ular yetgusi?..
Bu olamda har ne – mangudir.
Bu dunyoda ne bor – oʼtkusi!..

* * *

Mehr koʼrmasak koʼrmabmiz-da Yerliklardan! –
Oʼzlaricha sarxush boʼlgan shoʼrliklardan…
“Voh, gʼariblik!” desam bugun yarashdimi,
Holim tangday, bor gʼariblar qarashdimi?..

Shoʼrli(k) boshim –
Tanho Ishq-la hurlik boshim.
Sahrolardan Baxt izlagan gʼoʼrlik boshim!
Kel, Koʼngilga osilaylik kirliklardan,
Mehr koʼrmasak koʼrmabmiz-da Yerliklardan!..

Shoʼrli(k) boshim…
Endi qayga yetajakmiz?
Istadik ne, topmadik – ne?! – Ketajakmiz…
Oyogʼimiz Osmonda-yu – tuproqdaymiz.
Qanotimiz yer ostida… –
Endi… kimmiz?!

* * *

Neki topdim guhar – ranju
Gʼamgusorim – gʼambodadir.
Koʼrdim oʼt ichinda kimni
Ishqdodadir,
Ishqdodadir!..

Taqdir-da kuydi. – Koʼnmadim!
Dunyodan toʼndim. – Toʼymadim!..
Ki olam lazzati, ey dil,
bir lahzadir.
Bir lahzadir!..

Neki topdim guhar – ranjdir.

* * *

Endi nadir shonlar – shavkatlar,
Zamharirning bagʼrida – yolgʼiz?.. –
Ketayotgan yakkash umrning
Koʼzlaridan sitilganda iz…

Kel, dilimni yellarga oldir,
Qoʼyib yubor, shonim – shavkatim:
Men-la gʼamkash yurakni qoldir,
Qolsin yana Ishq –
Balogardon!..

* * *

Tashlab ketma meni, azizim –
Tashlab ketma, Sheʼrim – doʼstginam…
Men-ku, yondim. – Yashay oldim – oz!
Bilsang: oʼlim – yolgʼiz qolmoq ham.
Tashlab ketma meni, doʼstginam.

Qalbimda-ku orzular talay.
Umidlarim koʼpdir – soʼnmagan!
Bu koʼzlarmi?
Nelar koʼrmadi…
Biroq hali koʼpni koʼrmagan.
Tashlab ketma meni, azizim.

Ming yolborib topganim – sensan –
Bu dunyoda yolgʼizim, Doʼstim.
Sen – yuraksan,
Tanamga jonsan.
Kel, men oʼzga yurakdan kechdim!..

* * *

Bir tun bu Ishq mensiz qaytadi –
Gulchambarlar qadab dardlardan.
Koʼzlarimni sendan soʼraydi,
Qoʼllarimni soʼraydi sendan!..
Bir tun bu Ishq mensiz qaytadi…

Balki u kun
Meni deb ilk bor
Qaygʼularga gʼarq boʼlar kunlar.
Nafasimday esadi shamol –
Koʼzlarimday – kuyadi tunlar…
Balki u kun meni deb, ilk bor.

Shunda, seni uzoq-uzoqqa
Ogʼriqlarim olib ketgusi.
Bagʼri chok-chok boʼlib soʼkilgan
Onamdayin… gʼamlar, yetgusi!
Shunda seni uzoq-uzoqqa…

Tomchisiga maysalar unsa
Sogʼinchingning – dilingni ezib…
Qaygʼurma. Qoʼy.
Аxir dahr aro
Yashadim-ku – seni deb
T oʼ z i b!..

Bir tun bu Ishq mensiz qaytadi…

YOʼL BOShIDА

Ketayotgan yoʼllarga qarab
Qadamimning hayrati ortar… –
Ming yil yurganlar ham bu yoʼldan
qayga yetar…
Qaerga botar?!

Yetgan boʼlsa: shoshmasin, kutsin –
Nurga chopayotgan bir gulman,
Koʼkka botmoq ishqida yongan
Yoki gumroh va yoki koʼrman!..

* * *

Barboddir umr, – kelsa qiyomat na ajab.
Ishq – xundirkim, kuysa riyozat na ajab.
Nodondirmiz, ki dahrning dilin olib,
Dil topmadik toʼkkali koʼngil, na ajab…

Dardim olki, Dardga yetsam na ajab.
Koʼngil xorki, endi ketsam na ajab…
Dunyoi beyod, meni yod aylakim,
Yoʼlovchingman, – yoʼlingdan kechsam, na ajab?!

Barboddir umr…

033

(Tashriflar: umumiy 283, bugungi 1)

Izoh qoldiring