Xulio Kortasar. Tush paytidagi orol

Ashampoo_Snap_2016.12.05_03h35m59s_001_.png    Марини помидор шарбати солинган банкани очишга киришди. У бошини кўтарганида иллюминатор ойнасида кўринаётган орол ғойиб бўлган, уфққа қадар ясланган поёнсиз мовий денгиз кўзга чалинарди, холос. У беихтиёр соатга қаради, вақт қоқ туш пайтини кўрсатарди.

Хулио КОРТАСАР
ТУШ ПАЙТИДАГИ ОРОЛ
  Олим Отахон таржимаси
001

Марини оролни илк бор самолёт қуйруғининг чап тарафидаги курсилар узра энгашиб, патнисдаги нонушталарни қўйиш учун пластмасса столчани ўрнатаётган маҳал кўриб қолди. Саёҳатга чиққан америкалик аёллардан бири боятдан бери йўловчиларнинг талабларига биноан кимга журнал, кимга виски келтириб бераётганида ҳадеб унга қарайвериб эътиборини жалб қилаётган эди. Столчани ўрнатиб бўлгач, Марини одатига биноан ортиқча иштиёқсиз ўша аёлнинг маъноли қарашларига жавоб қилсаммикин, деб турганида лоп этиб иллюминаторнинг ҳаворанг чўзиқ ойнасидан орол ҳудуди, зар тасмадек чўзилиб кетган соҳил, қорамтир ясси тоғларга туташ баланд-паст тепаликлар қалқиб кўринди. Марини қийшайиб қолган, ичидаги пивоси тўкилай деяётган қадаҳни тўғрилаб қўйди-да, йўловчи аёлга жилмайди. “Греция ороллари”, – деди. «Оh, yes, Greece», – деди бунга жавобан ўзини қизиқаётганга солиб америкалик аёл. Шу пайт жиринг этган товуш эшитилди-ю, Марини қаддини ростлади ва лабларидан ишининг тақозосига кўра, одат тусига кириб қолган ўша ним табассум аримай помидор шарбати сўраётган суриялик эр-хотин ёнига ўтди. Шарбат баҳона бир неча лаҳза хизмат вазифасидан алаҳсиб яна пастга қаради. Эгей денгизининг кўм-кўк сувлари қирғоқларини ювиб турган орол хийлагина кичик бўлиб, гир айлана оппоқ гардиш билан ўраб қўйилгандек кўринар, бу денгиз ичра қад ростлаган қоятошларга урилаётган тўлқинлардан ҳосил бўлган кўпиклар эди. Бўм-бўш қумлоқ соҳил Шимол ва Ғарб томонга чўзилиб кетган, соҳилнинг катта қисмини эса то денгиз ёқасига қадар қоялар эгаллаганди. Серқоя ва хилват орол. Дарвоқе, оролнинг шимол қисмидаги соҳил яқинида қорайиб кўринаётган доғлар хароба уйлар бўлса, эҳтимол. Марини помидор шарбати солинган банкани очишга киришди. У бошини кўтарганида иллюминатор ойнасида кўринаётган орол ғойиб бўлган, уфққа қадар ясланган поёнсиз мовий денгиз кўзга чалинарди, холос. У беихтиёр соатга қаради, вақт қоқ туш пайтини кўрсатарди.

Марини ўзини Рим-Теҳрон йўналишига ўтказишганидан ич-ичида севинаётганди. Бу йўналишда парвоз қилиш, шимолий мамлакатларга учиб боришдек зерикарли ва одамни диққинафас қилиб юбормас, стюардесса қизлар эса Шарққа саёҳат қилиш ёки Италия билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлганидан бахтиёрдек кўринарди. Тўрт кундан кейин қошиқчасини йўқотиб, ҳадеганда қўл урилмаган ширинликни кўрсатиб, хархаша қилаётган болакайни овутаётганда у яна оролнинг бир чеккасини кўриб қолди. Тўғри, тунов кунги вақт¬дан саккиз дақиқа фарқ қиларди, бироқ у самолёт қуйруғидаги иллюминатордан қараганда ҳеч қандай шубҳа-гумонларга ўрин қолмади. Ушбу оролнинг шаклини адаштириб юбориш мумкин эмасди: у сув остидан панжаларини чиқариб турган тошбақага ўхшаб кетарди. Марини то чақириб қолишмагунча оролдан кўз узмай тураверди. У энди анави қорамтир доғлар уйчалар эканига тўла ишонч ҳосил қилди. У соҳилга довур тақалган уйларнинг девори, томлари ва ҳовлиларини кўришга муваффақ бўлди. Байрутга қўнишганида у шеригидан дунё харитасини олиб, унинг бор-йўғи Хорос ороли эканини аниқлади. Табиатан беғам, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган француз радиотелеграфисти унинг бу даражада қизиқаётганини кўриб ажабланди. “Оролларнинг ҳаммаси бир хил. Мен икки йилдан бери шу йўналишда учаман, бирон марта қизиқмабман ҳам. Кейинги сафар уни менга бир кўрсатинг-чи…”

Бу Хорос эмас, балки ҳали-ҳануз сайёҳлар эътиборидан четда қолаётган Ксирос ороли эди. “Беш йилга бормайди, мана кўрасан, – деди таниш стюардесса аёл Римда овқатланиб ўтиришганда. – Агар ўша ерга боргинг келаётган бўлса, тезроқ отингни қамчила. Сайёҳлар галаси истаган пайтда мўр-малахдай бостириб келади. Жонжис Кук кутиб ўтирмайди”. Бироқ Марини орол ҳақида орзу қилишини қўймасди, вақтида эсига тушиб қолса ёки самолёт орол устидан учиб ўтаётганда иллюминаторга яқин жойда бўлса, то кўздан ғойиб бўлгунча томоша қилишини қўймас ва деярли ҳар сафар елка қисиб қўярди. Булар аҳамиятсиз икир-чикирлар эди. Ҳафтасига уч марта қоқ пешинда Ксирос тепасидан учиб ўтиш, ҳафтасига уч марта қоқ пешинда Ксирос устидан учиб ўтяпман, деб хаёл қилиш билан баб-баравар бўлиб қолганди унга. Қўл соатига қараб қўйиш, кўм-кўк ҳовур ичида оппоқ жимжимадор қирғоқни, уйларни ва ҳеч қачон учиб ўтаётган самолётга бош кўтариб қарашни лозим топмаган балиқчилар, қорамтир уйларни кўриш истагидан бошқа ҳамма нарса бамисли кераксиз ёлғонга айланганди.

Саккиз-тўққиз ҳафталардан сўнг кўпдан-кўп афзалликлари бўлган, Нью-Йорк йўналишида ишлашга таклиф қилишганда Марини ўзи йўлиққан безиён-у, лекин қутулиш амримаҳол васвасадан ниҳоят халос бўлиш учун қулай фурсат келганини ич-ичида ҳис қилди. Айни ўша кунларда у “Левантча” исмли аллақандай табиатшуноснинг Ксирос ҳақида одатдаги йўриқномаларга нисбатан кўпроқ маълумотлар келтирган китобини сотиб олиб бўш қолди дегунча ўқиб юрди. У кўнглига қулоқ солди ва пировардида бундай ажойиб таклифни рад этди, сўнг ҳайратдан ёқасини ушлаган бошлиғи билан унинг икки нафар котибасини ҳанг-манг қолдирганча чиқиб кетди ва компаниянинг буфетида бирга овқатланиш учун кутиб ўтирган Карланинг ёнига борди. Унинг раддия¬сини эшитган Карланинг талмовсираши ва ҳафсаласи пир бўлганини кўриб ҳам заррача ўнғайсизланмади. Ксироснинг жанубий соҳилида одам яшамас, аммо ғарбий қисмида бир замонлар ҳукм сурган Лидия ёки, эҳтимол, Критоминон колониясининг асоратлари сақланиб қолганди ва профессор Гольдманн унчалик катта бўлмаган тўлқин қайтаргич остига балиқчилар таянч плитаси сифатида ўрнатган қадимий битиклар ўйиб ёзилган тоштахталарни топган экан. Карланинг бошида оғриқ турди ва у узоқ ўтиролмай кетиб қолди. Оролнинг бир ҳовуч аҳолиси, асосан, саккизоёқ овлаб кун кечирар экан. Ҳар беш кунда йиғиб қўйилган ўлжани олиб кетиш ва эвазига озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга эҳтиёж буюмларини ташлаб кетиш учун махсус кема келаркан. Саёҳатчилар бюросида унга: “Риносда махсус кемалар бор, шулардан бирини ёлласангиз бўлади, балки саккизоёқларни олиб кетгани келадиган елканли ов кемасига олишар, буни Риносга борганда аниқлайсиз”, деб маслаҳат беришди. У ерда уларнинг ваколатхонаси йўқ экан. Уяммас-буяммас оролда бир неча кун туришдан мақсад июнь ойидаги таътилда бориши учун бир тайёргарлик эди аслида. Унгача эса бир-икки ҳафта Уайтнинг ўрнига Тунис йўналишида ишлаб туришга тўғри келади. Бу орада иш ташлашлар бошланди ва Карла Палермога, опа-сингиллари ёнига қайтиб кетди. Марини қатор китоб дўконлари жойлашган Пяцца Навон яқинидаги меҳмонхонага кўчиб ўтди. Бекорчиликдан деярли ҳар куни ўша китоб дўконларини айланиб, Грецияга оид қўлланмалар изларди. Гоҳи-гоҳи эринмасдан сўзлашув луғатини варақлаб чиқарди. “Kalimera” деган сўз унга ёқиб қолди. Кунлардан бир кун қовоқхонада малласоч қизга шундай деб мурожаат қилди, у билан бир-икки учрашиб юрди, ҳатто унинг уйида тунаб қолди. Маълум бўлишича, Одосда унинг буваси яшар, ўзининг эса салга томоғи шамоллаб оғрир экан. Римда ёғингарчилик мавсуми бошланди. Байрутда уни доим Таниа кутиб оларди. Яна ҳар хил воқеалар рўй берди, учрашганларида асосан қавм-қариндошлар ва турли-туман касалликлар ҳақида суҳбатлашишарди. Бир куни яна Теҳрон йўналишида учишига тўғри келди. Туш пайтида яна ўша орол пайдо бўлди. Марини иллюминатор ёнидан кетай демасди, ҳатто янги келган стюардесса, мутлақо қарашмаётгани, ҳамма иш ёлғиз ўзига қолиб кетаётганини айтиб, таъна қилди. Унинг ўрнига неча марта йўловчиларга нонушта тарқатганини ўпкалаб юзига солди. Кечки пайт Марини стюардессанинг кўнглини олиш учун уни “Феруз” ресторанига таклиф этди. Ўша ерда ўтиришганда эрталабки қилмиши учун узр сўради. Лучия унга сочини американча олдиришни маслаҳат берди, Марини эса ўз навбатида Ксирос ҳақида гапириб берди, лекин унинг эшитгиси келмаётгани ва ҳеч кимга кераги йўқ бу гаплардан лимон солинган Хилтон ароғини афзал кўраётганини сезиб, бу хусусда бошқа гапирмаслик керак, деган хулосага келди. Кунлар шу тахлит – турли-туман егуликлар, шарбатлар қўйилган патнислар, барча йўловчиларга бир хилда ҳадя қилингувчи табассумлар орасида ўтарди. Қайтишда самолёт Ксирос устидан эрталаб соат саккизда учиб ўтарди. Бу пайтда қуёш нурлари иллюминаторга чап тарафдан тикка тушгани учун олтин тошбақага ўхшаган оролни деярли кўриб бўлмас эди. Марини Теҳрон йўналишида қоқ туш пайтини кутишни лозим топди. Ана унда, Лучия (бошқа сафар Фелиса) барча ишлар битта ўзига қолиб кетаётганидан тинмай шикоят қилгани билан ҳаммасини эплаш баробарида иллюминатор ёнида узоқроқ туриш мумкинлигини биларди. Бир сафар у Ксиросни суратга олди, бироқ сурат таъриф қилиб бўлмайдиган даражада хира, ноаниқ чиқди. Энди у орол хусусида айрим нарсалардан бохабар бўлиб, ўқиб чиққан китоб саҳифаларидаги эслаб қолиш зарур бўлган оролга алоқадор маълумотлар тагига чизиб қўярди. Фелиса, учувчилар унинг ортидан “орол жинниси” дейишганини айтганда хафа бўлиш тугул парво ҳам қилмади. Айни шу кунларда Карла ҳомиласини олдириб ташлашга қарор қилганлиги ҳақида ёзиб юборди. Марини унга икки ойлик маошини жўнатди-ю, кетидан таътилга чиқса қийналиб қолиши ҳақида хаёлга толди. Пулни олган Карла бир дугонаси орқали тревизолик тиш докторига турмушга чиқмоқчи бўлаётганини айтиб юборди. Бу кўнгилсизликларнинг бари душанба, пайшанба ва шанба (бир ойда яна икки марта ва тўрт якшанба ҳам бор) кунларидаги туш пайтида бутунлай аҳамиятсиз нарсага айланиб қоларди.

Вақт ўтиши билан оз бўлса-да, ёлғиз Фелиса ўзини тушуна олишига Марини энди ишонч ҳосил қилди. Туш пайтида Марини самолёт қуйруғидаги иллюминатор ёнига борди дегунча Фелисанинг бир ўзи йўловчиларга чурқ этмай хизмат қилишга тушарди – худди келишиб олишган дейсиз! Орол атиги бир неча дақиқа кўриниш берарди, холос. Лекин ҳаво ҳамиша тип-тиниқ бўлар ва мовий денгиз оролни шунчалар аниқ-равшан кўрсатар эдики, олдинги учиб ўтганларида хотирида қолган нарсаларга ҳар сафар янги-янги тафсилотлар қўшилиб борарди: чунончи, Шимолидаги яшил доғ бўлиб кўринаётган дўнглик, қўнғир-кулранг уйлар, қуритиш учун қумлоққа ёйиб қўйилган тўрлар… Мана шу тўрлар кўринмай қолса, Марини бир нимасини ўғирлатиб қўйгандек фаромуш ва, ҳатто, ўзини ҳаминқадар хўрлангандек ҳис қиларди. Меҳмонхонада қайтадан кўриш учун парвоз пайтида оролни кинотасмага олмоқчи ҳам бўлди, бироқ азбаройи пулини тежаш мақсадида кинокамера сотиб олиш фикридан қайт¬ди. Негаки, таътилга бор-йўғи бир ойгина қолган эди. Ваҳоланки, қанча вақт қолганини у ҳеч қачон изчил ҳисоблаб юрмасди. Байрутда Таниа, Теҳронда Фелиса кутиб олар, Римда эса деярли доим укаси бирга бўларди, буларнинг бари алланечук ширин ташвишли, бирам ёқимли ва мутлақо малол келмасди, бу одат тусига кирган ҳаёт тарзи парвозга қадар, парвоздан кейин ва парвоз чоғида – то иллюминатор ёнига бориб, муздек ойнага манглайини босганча кўм-кўк денгиз остидан секин-секин сузиб чиқаётган тилларанг тошбақани томоша қила бошлагунча давом этиб келадиган зерикарли, диққинафас ва маъносиз кечаётган онларини ўтказиш, унутиш ҳамда ниҳояти ўзини чалғитишга, бинобарин, озгина бўлса-да, ҳаётига қувонч дамларни олиб киришга хизмат қилади.

Ўша куни қумлоқда ётган тўрлар одатдагидан кўра аниқроқ кўринди ва чап томонда, денгиз ёқасидаги қора нуқта самолёт ортидан тикилиб қолган балиқчи эканига Марини амин бўлди ва керак бўлса бунга қасам ичишга ҳам тайёр эди. У негадир “Kalimera” деб қўйди хаёлан. Ортиқ кутишдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Мабодо сафарга чиқадиган бўлса, Марко Мералис пул бериб туради, қандай яхши, қарабсизки, узоғи билан уч кундан кейин у мақсадига етади! Иллюминатор ойнасига лабларини босиб турганида ўзининг кўрфаздаги яшил тепаликка қанақа қилиб чиқаётгани, оролнинг шимолий қисмидаги қўлтиқчада қип-яланғоч бўлиб чўмилаётгани, балиқчилар билан саккизоёқларни қандай овлашгани, ишоралар ва жилмайишлар ёрдамида улар билан тиллашишини кўз олдига келтириб беихтиёр кулимсираб қўйди. Агар қарори қатъий бўлса, уни ҳеч нарса шаштидан қайтаролмайди. Тунги поезд, аввал битта кема, кейин бошқаси – эски ва пачоғроқ кема, Риносда эса яна бошқасига ўтиради, ов кемачасининг капитани билан узоқ савдолашишлар, кўприкда, юлдузли осмон остида тунаш, хушбўй олма билан қўй гўштининг таъми, ороллар аро биринчи тонг. У қуёшнинг илк нурлари борлиққа ёйилаётган маҳал қирғоққа тушди. Капитан уни, чамаси, шу ернинг оқсоқоли бўлса керак – бир мўйсафид билан таништирди. Клайос унинг чап билагидан ушлаб, кўзларига тикилганча салмоқ билан бир нималарни тушунтирди. Уларнинг ёнига икки нафар йигитча келди. Марини улар Клайоснинг фарзандлари эканини фаҳмлади. Кема капитани бисотида бор инглизча сўзларни ишлатиб ўртада тилмочлик қилди: аҳолиси йигирма киши, саккизоёқлар, балиқ ови, беш уй, италиялик меҳмон ижара ҳақини Клайосга тўлайди. Клайос ижара ҳақи хусусида тортиша бошлаганди, йигитчалар хахолаб кулиб юборишди. Марини ҳам уларга қўшилиб кулди. Оролдагилар билан бунчалик осон тил топишганидан ўзича хурсанд бўлди. Юқоридан қорамтир кўрингани билан аслида очроқ тусдаги денгиз узра қуёш кўтарила бошлади, унга ажратилган хона фақирона, лекин саранжом-саришта, сув тўлдириб қўйилган хум, маврак билан ошланган терининг ачимтир ҳиди…

Унинг бир ўзини қолдириб кемага юк ортгани кетишди. Марини уст-бошини ечиб калта иштонини кийди, оёғига шиппагини илиб оролни томоша қилгани жўнади. Тонг отган бўлишига қарамай йўлда биронта одам учрамади. Қуёш нурлари оролни қиздира бошлади. Ўт-ўлан билан шабада келтираётган йод ифори аралаш нордон ҳид анқийди. У шимол тарафдаги қоя тепасига чиқиб ҳайҳотдай кўрфазни томоша қилаётганда соат тўққиздан ўтганди. У қумлоқ соҳилга тушиб жон-жон деб чўмилган бўларди, лекин бу ердан кетгиси келмай, ёлғиз ўтиришни лозим топди. Орол уни бутунлай мафтун этганди, у ўзини хуррам ва бахтиёр сезар, ҳеч нарсани ўйламас, зотан ўйлашни истамасди ҳам. У шошилмай ечинди, қуёшнинг ўткир нурлари билан қайноқ шамолда қизиб кетди ва қоядан туриб ўзини сувга отди. Сув муздек ва ҳузурбахш эди, саркаш оқим уни баланд тоғлар этагидаги ғор томон оқизиб кетди. У ортига, очиқ денгизга қайтиб чиқди-да, чалқанча ётиб олди. Тубсиз денгиз тўшида бепоён осмонга тикилиб ётар экан, юраги ҳаприқди ва негадир кўзларини юмиб олди. У кўнглини нимаики забт этган бўлса ҳаммасига ич-ичидан итоат этишга рози бўларди. Зеро, ўша нарсалар бамисли эртанги ҳаётининг гарови эди. Шу масъуд дамларда у нима бўлган тақдирда ҳам энди оролдан ҳеч қачон кетмаслигига, умрбод шу ерда қолишига инонди. Ўзининг кимсасиз оролда қолиб, балиқ тутиб юрганларини эшитган укаси билан Фелисанинг қай аҳволга тушишларини бир дам кўз олдига келтирди. Аммо бир лаҳза ўтар-ўтмас соҳилга сузиб бориш учун ўгирилганида уларни унутди.

Соҳилга чиқар-чиқмас қайноқ ҳовурда нам уст-боши қуриди, у кулбалар томонга юрди. Уни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолган икки аёл ўзларини уйга уришди. Марини тўрлар ёйиб қўйилган ерга тушди. Клайоснинг ўғилларидан бири уни соҳилда кутарди, Марини уни чўмилишга таклиф этмоқчи бўлиб ишора қилганди, йигитча шими билан қизил кўйлагини кўрсатиб елкасини қисди, бироқ ўша заҳоти югурганча уйлардан бирига кириб кетди-ю, деярли қип-яланғоч ҳолда қайтиб чиқди. Улар олдинма-кетин тиккага келган қуёш нурлари остида ўзларини жилваланаётган денгизга отишди.

Қайноқ қумда тобланиб ётганларида Ионос нарсаларни нима деб аталишини унга ўргата бошлади. Марини бехосдан “Kalimera”, деб юборган эди, йигитча қорнини ушлаганча қотиб-қотиб кулди. Буни кўриб Марини бутун бошли ибораларни айтиб қайта-қайта такрорлади. Шу тариқа Ионосга бир нечта итальян сўзларини ўргатди. Бу вақтга келиб жуда олислаб кетган балиқчилар кемаси уфқда бир қора нуқтадек кўринарди. Шу тобда Марини Клайос ва унинг болалари билан оролда ёлғиз яшай бошлаганини ҳис қилди-ю, чуқур хўрсинди. Кунлар бирин-кетин ўтади, ижара ҳақини тўлайди, балиқ овлашни ўрганиб олади ва иттифоқо бир куни кечки пайт уларнинг ишончини қозониб, умрбод шу оролда қолиб яшамоқчи эканлигини айтади. У Ионоснинг қўлига таяниб ўрнидан турди-да, индамай тепаликка қараб кетди. Деярли тик ёнбағирликдан кўтарилар экан, нафасини ростлаш учун баъзан-баъзан тўхтаб қолар, қумда ёйилиб ётган тўрларга, қиз-жувонларнинг шарпасига, Ионос билан Клайосга узоқ тикилиб қолар эди. Яшил дўнгликка етиб боргач, у зира билан маврак ҳиди ва қуёшнинг қайноқ ҳарорати билан денгиз шамолидан иборат оламга кириб борди. Марини соатига қаради, лекин ўша заҳоти жаҳл билан билагидан юлқиб олди-да, калта иштонининг чўнтагига солиб қўйди. Эски одатлардан қутулиш осон эмас, лекин бу ерда – юксакликда қуёш ва кенглик таъсири остида бунинг мумкин эканига иқрор бўлди. Мана ўша Ксирос! Бу ерга келишига у сираям ишонмаганди. Марини қайноқ тошларнинг ўткир қирралари куракларига ботаётганини ҳис қилганча ётар экан, чексиз осмондан кўз узолмай қолди. Узоқдан моторнинг гуриллаши эшитилди.

Марини кўзларини юмиб: “Самолётга қиё боқмайман, унинг касофатига қолишга тоқатим йўқ, лекин бир иложини топсам, орол тепасидан яна бир бор учиб ўтардим”, деди ўзига-ўзи. Хаёлан айни шу дамларда нонушта тарқатаётган Фелиса билан ўзининг ўрнига ишлаётган янги ходимни кўз олдига келтирди. Эҳтимол, бу Жоржодир ёки бошқа йўналишдан вақтинчалик ўтказилган, ҳозир, шу дақиқаларда лабларида ўзига ўхшаб табассум билан қаҳва ё мусаллас тарқатиб юрган янги ходимдир, нима бўлган тақдирда ҳам, яқинлари ва ўша ҳамкасб¬лари кўз олдида гавдаланди. Ўзини таъқиб этаётган кечаги кунлар хаёлидан қутулишнинг иложини қилолмаган Марини кўзларини очди ва энди ўрнидан турганини билади, бирдан боши узра ўнг қаноти тушуниб бўлмайдиган тарзда қийшайиб, пастга шўнғиётган самолётга кўзи тушди. Турбиналаридан ғайритабиий овоз чиқарганча самолёт денгизга тикка қулаб тушмоқда эди. У орқа-олдига қарамай оёқлари тошларга урилиб, қўллари тиканларда тирналиб, қочишга тушди. Тепалик тўсиб қўйгани учун самолёт қаерга қулагани кўринмасди. У соҳилга етмасдан бурилди-да, тўппа-тўғри тепаликдан ошиб ўтиб, нисбатан кичикроқ соҳилга чиқди. Қирғоқдан юз метр нарида самолёт мункиганча, сув қаърига чўкиб борарди. Марини югура келиб ўзини сувга отди. У самолёт яна сув юзига қалқиб чиқади, деб ўйлаганди, лекин самолёт қулаган ерда сув оҳистагина мавжланар, юзига қалқиб чиққан картонлардан бошқа ҳеч вақо кўринмасди, энди у ерга сузиб боришдан фойда йўқ эди. Бироқ, туйқус сув остидан шалоплаб бир қўл чиқди ва Марини ўша томонга жон-жаҳди билан сузиб кетди, яқин борганда бир шўнғиб, жон талвасасида типирчилаб, уни ушлаб олишга уринаётган одамнинг сочларидан чангаллади. Марини оғзини каппа-каппа очиб, хириллаб нафас олаётган кимсани ўзига яқин келтирмай аста-секин сузганча қирғоққа етиб олди. У бошдан-оёқ оппоқ кийимдаги одамнинг жасадини кўтариб сувдан олиб чиқди-да, қумга ётқизди ва кўпик ёпишиб таниб бўлмайдиган даражага келиб қолган афт-ангорига назар солди. Унинг юзида ўлим шарпаси акс этарди. Томоғидаги жароҳатидан шариллаб қон оқмоқда эди. Хиёл қимирласа жароҳати кенгайиб кир ўранинг оғзидек очилиб кетаётгани учун сунъий нафас олдиришнинг фойдаси йўқ эди. У гўё Маринини эндигина оролда топган бахтли ҳаёт бағридан нима қилиб бўлса ҳам тортиб олмоқчидек чақирар, бир нималар демоқчи бўлаётганда томоғидан алланечук ғилт-ғилт этган товушлар чиқар, Марини унинг нима деяётганини асло тушунмас эди. Ҳаллослаб Клайоснинг болалари, уларнинг ортидан хотин-халаж етиб келди. Клайоснинг ўзи келганда йигитчалар шунчалик кўп қон йўқотганига қарамай соҳилгача сузиб келиш учун қаердан бунча куч топдийкин, дегандек қумда чалқанча ётган жасад тепасида талмовсираб туришарди. “Кўзларини ёпиб қўй!” – деди аёллардан бири йиғламсираб. Клайос яна битта-яримта тирик қолган одам кўриниб қолармикин, деган умидда денгизга кўз югуртириб чиқди. Лекин бош¬қа ҳеч ким кўринмади, ҳар доимгидек оролда улардан бошқа ҳеч ким йўқ, фақат оёқлари остида бу ерлик бўлмаган одамнинг жасади чўзилиб ётарди.

Рус тилидан таржима
Манба: «Китоб дунёси» газетаси веб-саҳифаси

a6380bf99b5640c2c940d734d28ddc97.jpgXulio KORTASAR
TUSH PAYTIDAGI OROL
Olim Otaxon tarjimasi
028

Marini orolni ilk bor samolyot quyrug‘ining chap tarafidagi kursilar uzra engashib, patnisdagi nonushtalarni qo‘yish uchun plastmassa stolchani o‘rnatayotgan mahal ko‘rib qoldi. Sayohatga chiqqan amerikalik ayollardan biri boyatdan beri yo‘lovchilarning talablariga binoan kimga jurnal, kimga viski keltirib berayotganida hadeb unga qarayverib e’tiborini jalb qilayotgan edi. Stolchani o‘rnatib bo‘lgach, Marini odatiga binoan ortiqcha ishtiyoqsiz o‘sha ayolning ma’noli qarashlariga javob qilsammikin, deb turganida lop etib illyuminatorning havorang cho‘ziq oynasidan orol hududi, zar tasmadek cho‘zilib ketgan sohil, qoramtir yassi tog‘larga tutash baland-past tepaliklar qalqib ko‘rindi. Marini qiyshayib qolgan, ichidagi pivosi to‘kilay deyayotgan qadahni to‘g‘rilab qo‘ydi-da, yo‘lovchi ayolga jilmaydi. “Gresiya orollari”, – dedi. «Oh, yes, Greece», – dedi bunga javoban o‘zini qiziqayotganga solib amerikalik ayol. Shu payt jiring etgan tovush eshitildi-yu, Marini qaddini rostladi va lablaridan ishining taqozosiga ko‘ra, odat tusiga kirib qolgan o‘sha nim tabassum arimay pomidor sharbati so‘rayotgan suriyalik er-xotin yoniga o‘tdi. Sharbat bahona bir necha lahza xizmat vazifasidan alahsib yana pastga qaradi. Egey dengizining ko‘m-ko‘k suvlari qirg‘oqlarini yuvib turgan orol xiylagina kichik bo‘lib, gir aylana oppoq gardish bilan o‘rab qo‘yilgandek ko‘rinar, bu dengiz ichra qad rostlagan qoyatoshlarga urilayotgan to‘lqinlardan hosil bo‘lgan ko‘piklar edi. Bo‘m-bo‘sh qumloq sohil Shimol va G‘arb tomonga cho‘zilib ketgan, sohilning katta qismini esa to dengiz yoqasiga qadar qoyalar egallagandi. Serqoya va xilvat orol. Darvoqe, orolning shimol qismidagi sohil yaqinida qorayib ko‘rinayotgan dog‘lar xaroba uylar bo‘lsa, ehtimol. Marini pomidor sharbati solingan bankani ochishga kirishdi. U boshini ko‘targanida illyuminator oynasida ko‘rinayotgan orol g‘oyib bo‘lgan, ufqqa qadar yaslangan poyonsiz moviy dengiz ko‘zga chalinardi, xolos. U beixtiyor soatga qaradi, vaqt qoq tush paytini ko‘rsatardi.

Marini o‘zini Rim-Tehron yo‘nalishiga o‘tkazishganidan ich-ichida sevinayotgandi. Bu yo‘nalishda parvoz qilish, shimoliy mamlakatlarga uchib borishdek zerikarli va odamni diqqinafas qilib yubormas, styuardessa qizlar esa Sharqqa sayohat qilish yoki Italiya bilan yaqindan tanishish imkoniyati paydo bo‘lganidan baxtiyordek ko‘rinardi. To‘rt kundan keyin qoshiqchasini yo‘qotib, hadeganda qo‘l urilmagan shirinlikni ko‘rsatib, xarxasha qilayotgan bolakayni ovutayotganda u yana orolning bir chekkasini ko‘rib qoldi. To‘g‘ri, tunov kungi vaqt¬dan sakkiz daqiqa farq qilardi, biroq u samolyot quyrug‘idagi illyuminatordan qaraganda hech qanday shubha-gumonlarga o‘rin qolmadi. Ushbu orolning shaklini adashtirib yuborish mumkin emasdi: u suv ostidan panjalarini chiqarib turgan toshbaqaga o‘xshab ketardi. Marini to chaqirib qolishmaguncha oroldan ko‘z uzmay turaverdi. U endi anavi qoramtir dog‘lar uychalar ekaniga to‘la ishonch hosil qildi. U sohilga dovur taqalgan uylarning devori, tomlari va hovlilarini ko‘rishga muvaffaq bo‘ldi. Bayrutga qo‘nishganida u sherigidan dunyo xaritasini olib, uning bor-yo‘g‘i Xoros oroli ekanini aniqladi. Tabiatan beg‘am, dunyoni suv bossa to‘pig‘iga chiqmaydigan fransuz radiotelegrafisti uning bu darajada qiziqayotganini ko‘rib ajablandi. “Orollarning hammasi bir xil. Men ikki yildan beri shu yo‘nalishda uchaman, biron marta qiziqmabman ham. Keyingi safar uni menga bir ko‘rsating-chi…”

Bu Xoros emas, balki hali-hanuz sayyohlar e’tiboridan chetda qolayotgan Ksiros oroli edi. “Besh yilga bormaydi, mana ko‘rasan, – dedi tanish styuardessa ayol Rimda ovqatlanib o‘tirishganda. – Agar o‘sha yerga borging kelayotgan bo‘lsa, tezroq otingni qamchila. Sayyohlar galasi istagan paytda mo‘r-malaxday bostirib keladi. Jonjis Kuk kutib o‘tirmaydi”. Biroq Marini orol haqida orzu qilishini qo‘ymasdi, vaqtida esiga tushib qolsa yoki samolyot orol ustidan uchib o‘tayotganda illyuminatorga yaqin joyda bo‘lsa, to ko‘zdan g‘oyib bo‘lguncha tomosha qilishini qo‘ymas va deyarli har safar yelka qisib qo‘yardi. Bular ahamiyatsiz ikir-chikirlar edi. Haftasiga uch marta qoq peshinda Ksiros tepasidan uchib o‘tish, haftasiga uch marta qoq peshinda Ksiros ustidan uchib o‘tyapman, deb xayol qilish bilan bab-baravar bo‘lib qolgandi unga. Qo‘l soatiga qarab qo‘yish, ko‘m-ko‘k hovur ichida oppoq jimjimador qirg‘oqni, uylarni va hech qachon uchib o‘tayotgan samolyotga bosh ko‘tarib qarashni lozim topmagan baliqchilar, qoramtir uylarni ko‘rish istagidan boshqa hamma narsa bamisli keraksiz yolg‘onga aylangandi.

Sakkiz-to‘qqiz haftalardan so‘ng ko‘pdan-ko‘p afzalliklari bo‘lgan, Nyu-York yo‘nalishida ishlashga taklif qilishganda Marini o‘zi yo‘liqqan beziyon-u, lekin qutulish amrimahol vasvasadan nihoyat xalos bo‘lish uchun qulay fursat kelganini ich-ichida his qildi. Ayni o‘sha kunlarda u “Levantcha” ismli allaqanday tabiatshunosning Ksiros haqida odatdagi yo‘riqnomalarga nisbatan ko‘proq ma’lumotlar keltirgan kitobini sotib olib bo‘sh qoldi deguncha o‘qib yurdi. U ko‘ngliga quloq soldi va pirovardida bunday ajoyib taklifni rad etdi, so‘ng hayratdan yoqasini ushlagan boshlig‘i bilan uning ikki nafar kotibasini hang-mang qoldirgancha chiqib ketdi va kompaniyaning bufetida birga ovqatlanish uchun kutib o‘tirgan Karlaning yoniga bordi. Uning raddiya¬sini eshitgan Karlaning talmovsirashi va hafsalasi pir bo‘lganini ko‘rib ham zarracha o‘ng‘aysizlanmadi. Ksirosning janubiy sohilida odam yashamas, ammo g‘arbiy qismida bir zamonlar hukm surgan Lidiya yoki, ehtimol, Kritominon koloniyasining asoratlari saqlanib qolgandi va professor Goldmann unchalik katta bo‘lmagan to‘lqin qaytargich ostiga baliqchilar tayanch plitasi sifatida o‘rnatgan qadimiy bitiklar o‘yib yozilgan toshtaxtalarni topgan ekan. Karlaning boshida og‘riq turdi va u uzoq o‘tirolmay ketib qoldi. Orolning bir hovuch aholisi, asosan, sakkizoyoq ovlab kun kechirar ekan. Har besh kunda yig‘ib qo‘yilgan o‘ljani olib ketish va evaziga oziq-ovqat mahsulotlari bilan birga ehtiyoj buyumlarini tashlab ketish uchun maxsus kema kelarkan. Sayohatchilar byurosida unga: “Rinosda maxsus kemalar bor, shulardan birini yollasangiz bo‘ladi, balki sakkizoyoqlarni olib ketgani keladigan yelkanli ov kemasiga olishar, buni Rinosga borganda aniqlaysiz”, deb maslahat berishdi. U yerda ularning vakolatxonasi yo‘q ekan. Uyammas-buyammas orolda bir necha kun turishdan maqsad iyun oyidagi ta’tilda borishi uchun bir tayyorgarlik edi aslida. Ungacha esa bir-ikki hafta Uaytning o‘rniga Tunis yo‘nalishida ishlab turishga to‘g‘ri keladi. Bu orada ish tashlashlar boshlandi va Karla Palermoga, opa-singillari yoniga qaytib ketdi. Marini qator kitob do‘konlari joylashgan Pyassa Navon yaqinidagi mehmonxonaga ko‘chib o‘tdi. Bekorchilikdan deyarli har kuni o‘sha kitob do‘konlarini aylanib, Gresiyaga oid qo‘llanmalar izlardi. Gohi-gohi erinmasdan so‘zlashuv lug‘atini varaqlab chiqardi. “Kalimera” degan so‘z unga yoqib qoldi. Kunlardan bir kun qovoqxonada mallasoch qizga shunday deb murojaat qildi, u bilan bir-ikki uchrashib yurdi, hatto uning uyida tunab qoldi. Ma’lum bo‘lishicha, Odosda uning buvasi yashar, o‘zining esa salga tomog‘i shamollab og‘rir ekan. Rimda yog‘ingarchilik mavsumi boshlandi. Bayrutda uni doim Tania kutib olardi. Yana har xil voqealar ro‘y berdi, uchrashganlarida asosan qavm-qarindoshlar va turli-tuman kasalliklar haqida suhbatlashishardi. Bir kuni yana Tehron yo‘nalishida uchishiga to‘g‘ri keldi. Tush paytida yana o‘sha orol paydo bo‘ldi. Marini illyuminator yonidan ketay demasdi, hatto yangi kelgan styuardessa, mutlaqo qarashmayotgani, hamma ish yolg‘iz o‘ziga qolib ketayotganini aytib, ta’na qildi. Uning o‘rniga necha marta yo‘lovchilarga nonushta tarqatganini o‘pkalab yuziga soldi. Kechki payt Marini styuardessaning ko‘nglini olish uchun uni “Feruz” restoraniga taklif etdi. O‘sha yerda o‘tirishganda ertalabki qilmishi uchun uzr so‘radi. Luchiya unga sochini amerikancha oldirishni maslahat berdi, Marini esa o‘z navbatida Ksiros haqida gapirib berdi, lekin uning eshitgisi kelmayotgani va hech kimga keragi yo‘q bu gaplardan limon solingan Xilton arog‘ini afzal ko‘rayotganini sezib, bu xususda boshqa gapirmaslik kerak, degan xulosaga keldi. Kunlar shu taxlit – turli-tuman yeguliklar, sharbatlar qo‘yilgan patnislar, barcha yo‘lovchilarga bir xilda hadya qilinguvchi tabassumlar orasida o‘tardi. Qaytishda samolyot Ksiros ustidan ertalab soat sakkizda uchib o‘tardi. Bu paytda quyosh nurlari illyuminatorga chap tarafdan tikka tushgani uchun oltin toshbaqaga o‘xshagan orolni deyarli ko‘rib bo‘lmas edi. Marini Tehron yo‘nalishida qoq tush paytini kutishni lozim topdi. Ana unda, Luchiya (boshqa safar Felisa) barcha ishlar bitta o‘ziga qolib ketayotganidan tinmay shikoyat qilgani bilan hammasini eplash barobarida illyuminator yonida uzoqroq turish mumkinligini bilardi. Bir safar u Ksirosni suratga oldi, biroq surat ta’rif qilib bo‘lmaydigan darajada xira, noaniq chiqdi. Endi u orol xususida ayrim narsalardan boxabar bo‘lib, o‘qib chiqqan kitob sahifalaridagi eslab qolish zarur bo‘lgan orolga aloqador ma’lumotlar tagiga chizib qo‘yardi. Felisa, uchuvchilar uning ortidan “orol jinnisi” deyishganini aytganda xafa bo‘lish tugul parvo ham qilmadi. Ayni shu kunlarda Karla homilasini oldirib tashlashga qaror qilganligi haqida yozib yubordi. Marini unga ikki oylik maoshini jo‘natdi-yu, ketidan ta’tilga chiqsa qiynalib qolishi haqida xayolga toldi. Pulni olgan Karla bir dugonasi orqali trevizolik tish doktoriga turmushga chiqmoqchi bo‘layotganini aytib yubordi. Bu ko‘ngilsizliklarning bari dushanba, payshanba va shanba (bir oyda yana ikki marta va to‘rt yakshanba ham bor) kunlaridagi tush paytida butunlay ahamiyatsiz narsaga aylanib qolardi.

Vaqt o‘tishi bilan oz bo‘lsa-da, yolg‘iz Felisa o‘zini tushuna olishiga Marini endi ishonch hosil qildi. Tush paytida Marini samolyot quyrug‘idagi illyuminator yoniga bordi deguncha Felisaning bir o‘zi yo‘lovchilarga churq etmay xizmat qilishga tushardi – xuddi kelishib olishgan deysiz! Orol atigi bir necha daqiqa ko‘rinish berardi, xolos. Lekin havo hamisha tip-tiniq bo‘lar va moviy dengiz orolni shunchalar aniq-ravshan ko‘rsatar ediki, oldingi uchib o‘tganlarida xotirida qolgan narsalarga har safar yangi-yangi tafsilotlar qo‘shilib borardi: chunonchi, Shimolidagi yashil dog‘ bo‘lib ko‘rinayotgan do‘nglik, qo‘ng‘ir-kulrang uylar, quritish uchun qumloqqa yoyib qo‘yilgan to‘rlar… Mana shu to‘rlar ko‘rinmay qolsa, Marini bir nimasini o‘g‘irlatib qo‘ygandek faromush va, hatto, o‘zini haminqadar xo‘rlangandek his qilardi. Mehmonxonada qaytadan ko‘rish uchun parvoz paytida orolni kinotasmaga olmoqchi ham bo‘ldi, biroq azbaroyi pulini tejash maqsadida kinokamera sotib olish fikridan qayt¬di. Negaki, ta’tilga bor-yo‘g‘i bir oygina qolgan edi. Vaholanki, qancha vaqt qolganini u hech qachon izchil hisoblab yurmasdi. Bayrutda Tania, Tehronda Felisa kutib olar, Rimda esa deyarli doim ukasi birga bo‘lardi, bularning bari allanechuk shirin tashvishli, biram yoqimli va mutlaqo malol kelmasdi, bu odat tusiga kirgan hayot tarzi parvozga qadar, parvozdan keyin va parvoz chog‘ida – to illyuminator yoniga borib, muzdek oynaga manglayini bosgancha ko‘m-ko‘k dengiz ostidan sekin-sekin suzib chiqayotgan tillarang toshbaqani tomosha qila boshlaguncha davom etib keladigan zerikarli, diqqinafas va ma’nosiz kechayotgan onlarini o‘tkazish, unutish hamda nihoyati o‘zini chalg‘itishga, binobarin, ozgina bo‘lsa-da, hayotiga quvonch damlarni olib kirishga xizmat qiladi.

O‘sha kuni qumloqda yotgan to‘rlar odatdagidan ko‘ra aniqroq ko‘rindi va chap tomonda, dengiz yoqasidagi qora nuqta samolyot ortidan tikilib qolgan baliqchi ekaniga Marini amin bo‘ldi va kerak bo‘lsa bunga qasam ichishga ham tayyor edi. U negadir “Kalimera” deb qo‘ydi xayolan. Ortiq kutishdan hech qanday ma’no yo‘q edi. Mabodo safarga chiqadigan bo‘lsa, Marko Meralis pul berib turadi, qanday yaxshi, qarabsizki, uzog‘i bilan uch kundan keyin u maqsadiga yetadi! Illyuminator oynasiga lablarini bosib turganida o‘zining ko‘rfazdagi yashil tepalikka qanaqa qilib chiqayotgani, orolning shimoliy qismidagi qo‘ltiqchada qip-yalang‘och bo‘lib cho‘milayotgani, baliqchilar bilan sakkizoyoqlarni qanday ovlashgani, ishoralar va jilmayishlar yordamida ular bilan tillashishini ko‘z oldiga keltirib beixtiyor kulimsirab qo‘ydi. Agar qarori qat’iy bo‘lsa, uni hech narsa shashtidan qaytarolmaydi. Tungi poyezd, avval bitta kema, keyin boshqasi – eski va pachog‘roq kema, Rinosda esa yana boshqasiga o‘tiradi, ov kemachasining kapitani bilan uzoq savdolashishlar, ko‘prikda, yulduzli osmon ostida tunash, xushbo‘y olma bilan qo‘y go‘shtining ta’mi, orollar aro birinchi tong. U quyoshning ilk nurlari borliqqa yoyilayotgan mahal qirg‘oqqa tushdi. Kapitan uni, chamasi, shu yerning oqsoqoli bo‘lsa kerak – bir mo‘ysafid bilan tanishtirdi. Klayos uning chap bilagidan ushlab, ko‘zlariga tikilgancha salmoq bilan bir nimalarni tushuntirdi. Ularning yoniga ikki nafar yigitcha keldi. Marini ular Klayosning farzandlari ekanini fahmladi. Kema kapitani bisotida bor inglizcha so‘zlarni ishlatib o‘rtada tilmochlik qildi: aholisi yigirma kishi, sakkizoyoqlar, baliq ovi, besh uy, italiyalik mehmon ijara haqini Klayosga to‘laydi. Klayos ijara haqi xususida tortisha boshlagandi, yigitchalar xaxolab kulib yuborishdi. Marini ham ularga qo‘shilib kuldi. Oroldagilar bilan bunchalik oson til topishganidan o‘zicha xursand bo‘ldi. Yuqoridan qoramtir ko‘ringani bilan aslida ochroq tusdagi dengiz uzra quyosh ko‘tarila boshladi, unga ajratilgan xona faqirona, lekin saranjom-sarishta, suv to‘ldirib qo‘yilgan xum, mavrak bilan oshlangan terining achimtir hidi…

Uning bir o‘zini qoldirib kemaga yuk ortgani ketishdi. Marini ust-boshini yechib kalta ishtonini kiydi, oyog‘iga shippagini ilib orolni tomosha qilgani jo‘nadi. Tong otgan bo‘lishiga qaramay yo‘lda bironta odam uchramadi. Quyosh nurlari orolni qizdira boshladi. O‘t-o‘lan bilan shabada keltirayotgan yod ifori aralash nordon hid anqiydi. U shimol tarafdagi qoya tepasiga chiqib hayhotday ko‘rfazni tomosha qilayotganda soat to‘qqizdan o‘tgandi. U qumloq sohilga tushib jon-jon deb cho‘milgan bo‘lardi, lekin bu yerdan ketgisi kelmay, yolg‘iz o‘tirishni lozim topdi. Orol uni butunlay maftun etgandi, u o‘zini xurram va baxtiyor sezar, hech narsani o‘ylamas, zotan o‘ylashni istamasdi ham. U shoshilmay yechindi, quyoshning o‘tkir nurlari bilan qaynoq shamolda qizib ketdi va qoyadan turib o‘zini suvga otdi. Suv muzdek va huzurbaxsh edi, sarkash oqim uni baland tog‘lar etagidagi g‘or tomon oqizib ketdi. U ortiga, ochiq dengizga qaytib chiqdi-da, chalqancha yotib oldi. Tubsiz dengiz to‘shida bepoyon osmonga tikilib yotar ekan, yuragi hapriqdi va negadir ko‘zlarini yumib oldi. U ko‘nglini nimaiki zabt etgan bo‘lsa hammasiga ich-ichidan itoat etishga rozi bo‘lardi. Zero, o‘sha narsalar bamisli ertangi hayotining garovi edi. Shu mas’ud damlarda u nima bo‘lgan taqdirda ham endi oroldan hech qachon ketmasligiga, umrbod shu yerda qolishiga inondi. O‘zining kimsasiz orolda qolib, baliq tutib yurganlarini eshitgan ukasi bilan Felisaning qay ahvolga tushishlarini bir dam ko‘z oldiga keltirdi. Ammo bir lahza o‘tar-o‘tmas sohilga suzib borish uchun o‘girilganida ularni unutdi.

Sohilga chiqar-chiqmas qaynoq hovurda nam ust-boshi quridi, u kulbalar tomonga yurdi. Uni ko‘rib hang-mang bo‘lib qolgan ikki ayol o‘zlarini uyga urishdi. Marini to‘rlar yoyib qo‘yilgan yerga tushdi. Klayosning o‘g‘illaridan biri uni sohilda kutardi, Marini uni cho‘milishga taklif etmoqchi bo‘lib ishora qilgandi, yigitcha shimi bilan qizil ko‘ylagini ko‘rsatib yelkasini qisdi, biroq o‘sha zahoti yugurgancha uylardan biriga kirib ketdi-yu, deyarli qip-yalang‘och holda qaytib chiqdi. Ular oldinma-ketin tikkaga kelgan quyosh nurlari ostida o‘zlarini jilvalanayotgan dengizga otishdi.

Qaynoq qumda toblanib yotganlarida Ionos narsalarni nima deb atalishini unga o‘rgata boshladi. Marini bexosdan “Kalimera”, deb yuborgan edi, yigitcha qornini ushlagancha qotib-qotib kuldi. Buni ko‘rib Marini butun boshli iboralarni aytib qayta-qayta takrorladi. Shu tariqa Ionosga bir nechta italyan so‘zlarini o‘rgatdi. Bu vaqtga kelib juda olislab ketgan baliqchilar kemasi ufqda bir qora nuqtadek ko‘rinardi. Shu tobda Marini Klayos va uning bolalari bilan orolda yolg‘iz yashay boshlaganini his qildi-yu, chuqur xo‘rsindi. Kunlar birin-ketin o‘tadi, ijara haqini to‘laydi, baliq ovlashni o‘rganib oladi va ittifoqo bir kuni kechki payt ularning ishonchini qozonib, umrbod shu orolda qolib yashamoqchi ekanligini aytadi. U Ionosning qo‘liga tayanib o‘rnidan turdi-da, indamay tepalikka qarab ketdi. Deyarli tik yonbag‘irlikdan ko‘tarilar ekan, nafasini rostlash uchun ba’zan-ba’zan to‘xtab qolar, qumda yoyilib yotgan to‘rlarga, qiz-juvonlarning sharpasiga, Ionos bilan Klayosga uzoq tikilib qolar edi. Yashil do‘nglikka yetib borgach, u zira bilan mavrak hidi va quyoshning qaynoq harorati bilan dengiz shamolidan iborat olamga kirib bordi. Marini soatiga qaradi, lekin o‘sha zahoti jahl bilan bilagidan yulqib oldi-da, kalta ishtonining cho‘ntagiga solib qo‘ydi. Eski odatlardan qutulish oson emas, lekin bu yerda – yuksaklikda quyosh va kenglik ta’siri ostida buning mumkin ekaniga iqror bo‘ldi. Mana o‘sha Ksiros! Bu yerga kelishiga u sirayam ishonmagandi. Marini qaynoq toshlarning o‘tkir qirralari kuraklariga botayotganini his qilgancha yotar ekan, cheksiz osmondan ko‘z uzolmay qoldi. Uzoqdan motorning gurillashi eshitildi.

Marini ko‘zlarini yumib: “Samolyotga qiyo boqmayman, uning kasofatiga qolishga toqatim yo‘q, lekin bir ilojini topsam, orol tepasidan yana bir bor uchib o‘tardim”, dedi o‘ziga-o‘zi. Xayolan ayni shu damlarda nonushta tarqatayotgan Felisa bilan o‘zining o‘rniga ishlayotgan yangi xodimni ko‘z oldiga keltirdi. Ehtimol, bu Jorjodir yoki boshqa yo‘nalishdan vaqtinchalik o‘tkazilgan, hozir, shu daqiqalarda lablarida o‘ziga o‘xshab tabassum bilan qahva yo musallas tarqatib yurgan yangi xodimdir, nima bo‘lgan taqdirda ham, yaqinlari va o‘sha hamkasb¬lari ko‘z oldida gavdalandi. O‘zini ta’qib etayotgan kechagi kunlar xayolidan qutulishning ilojini qilolmagan Marini ko‘zlarini ochdi va endi o‘rnidan turganini biladi, birdan boshi uzra o‘ng qanoti tushunib bo‘lmaydigan tarzda qiyshayib, pastga sho‘ng‘iyotgan samolyotga ko‘zi tushdi. Turbinalaridan g‘ayritabiiy ovoz chiqargancha samolyot dengizga tikka qulab tushmoqda edi. U orqa-oldiga qaramay oyoqlari toshlarga urilib, qo‘llari tikanlarda tirnalib, qochishga tushdi. Tepalik to‘sib qo‘ygani uchun samolyot qayerga qulagani ko‘rinmasdi. U sohilga yetmasdan burildi-da, to‘ppa-to‘g‘ri tepalikdan oshib o‘tib, nisbatan kichikroq sohilga chiqdi. Qirg‘oqdan yuz metr narida samolyot munkigancha, suv qa’riga cho‘kib borardi. Marini yugura kelib o‘zini suvga otdi. U samolyot yana suv yuziga qalqib chiqadi, deb o‘ylagandi, lekin samolyot qulagan yerda suv ohistagina mavjlanar, yuziga qalqib chiqqan kartonlardan boshqa hech vaqo ko‘rinmasdi, endi u yerga suzib borishdan foyda yo‘q edi. Biroq, tuyqus suv ostidan shaloplab bir qo‘l chiqdi va Marini o‘sha tomonga jon-jahdi bilan suzib ketdi, yaqin borganda bir sho‘ng‘ib, jon talvasasida tipirchilab, uni ushlab olishga urinayotgan odamning sochlaridan changalladi. Marini og‘zini kappa-kappa ochib, xirillab nafas olayotgan kimsani o‘ziga yaqin keltirmay asta-sekin suzgancha qirg‘oqqa yetib oldi. U boshdan-oyoq oppoq kiyimdagi odamning jasadini ko‘tarib suvdan olib chiqdi-da, qumga yotqizdi va ko‘pik yopishib tanib bo‘lmaydigan darajaga kelib qolgan aft-angoriga nazar soldi. Uning yuzida o‘lim sharpasi aks etardi. Tomog‘idagi jarohatidan sharillab qon oqmoqda edi. Xiyol qimirlasa jarohati kengayib kir o‘raning og‘zidek ochilib ketayotgani uchun sun’iy nafas oldirishning foydasi yo‘q edi. U go‘yo Marinini endigina orolda topgan baxtli hayot bag‘ridan nima qilib bo‘lsa ham tortib olmoqchidek chaqirar, bir nimalar demoqchi bo‘layotganda tomog‘idan allanechuk g‘ilt-g‘ilt etgan tovushlar chiqar, Marini uning nima deyayotganini aslo tushunmas edi. Halloslab Klayosning bolalari, ularning ortidan xotin-xalaj yetib keldi. Klayosning o‘zi kelganda yigitchalar shunchalik ko‘p qon yo‘qotganiga qaramay sohilgacha suzib kelish uchun qayerdan buncha kuch topdiykin, degandek qumda chalqancha yotgan jasad tepasida talmovsirab turishardi. “Ko‘zlarini yopib qo‘y!” – dedi ayollardan biri yig‘lamsirab. Klayos yana bitta-yarimta tirik qolgan odam ko‘rinib qolarmikin, degan umidda dengizga ko‘z yugurtirib chiqdi. Lekin bosh¬qa hech kim ko‘rinmadi, har doimgidek orolda ulardan boshqa hech kim yo‘q, faqat oyoqlari ostida bu yerlik bo‘lmagan odamning jasadi cho‘zilib yotardi.

Rus tilidan tarjima
Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi veb-sahifasi

09

(Tashriflar: umumiy 205, bugungi 1)

1 izoh

  1. Juda zerikarli hikoyaga o’xshaydi. Ammo uzoq vaqt o’ylanishga majbur qiladigan, xotiradan ketmaydigan ekan. Uning nimasidir ta’sirli…

Izoh qoldiring