Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar.1 kitob.1 parcha

Ashampoo_Snap_2016.12.11_00h32m07s_003_.png Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги олдидан   

Ёзсамми, ёзмасамми?..Ёзмасам, ўзимни ўзимдан ҳайдаб яшаётгандекман. Шуни ҳис қила бошлашим биланоқ юрагим сиқилади. Ёзсам, ўзим учун ҳам, баъзи-бировлар учун ҳам қанчалар оғриқли бўлмасин, имкон қадар борини борича айтишимга тўғри келади. Акс ҳолда, бу муаллақ тарвуз узра абадият уммонининг омонат кўпикчасидек кечган ҳаётим баёни табиийликдан чекиниб, бир адибнинг навбатдаги тўқимаси юзага келади-ю, умр ҳақиқатлари рамзи сифатида идрок этилгучи “Эсдалик” аталмиш сўз азалий қимматини йўқотади.

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

081Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
Бошлов

Хо ишонинг, хо ишонманг,  ёзаётғонимда тирик эдим.
Гулмат Шоший.
Оғзингга келганини гапираверма, эсингга келганини ёзавер.
Кулкул афанди.

Ёзсамми, ёзмасамми?
Ёзмасам, ўзимни ўзимдан ҳайдаб яшаётгандекман. Шуни ҳис қила бошлашим биланоқ, юрагим сиқилади. Ёзсам, ўзим учун ҳам, баъзи-бировлар учун ҳам қанчалар оғриқли бўлмасин, имкон қадар борини борича айтишимга тўғри келади. Акс ҳолда, бу муаллақ тарвуз узра абадият уммонининг омонат кўпикчасидек кечган ҳаётим баёни табиийликдан чекиниб, бир адибнинг навбатдаги тўқимаси юзага келади-ю, умр ҳақиқатлари рамзи сифатида идрок этилгучи “Эсдалик” аталмиш сўз азалий қимматини йўқотади.
Афсуски, “чинакам” деганлари ҳам барибир нисбийдир. Ҳаётимни теварагимда юз бериб тургучи воқеалардан узуқ тарзда тасаввур қилолмас эканман, турли ҳодисаларга муносабат билдиришда ўз уқувим, ўз билимим, ўз мушоҳадам даражасидан нарига ўтолмаслигимни, бу даражам эса мақтангудек юксак эмаслигини олдиндан тан олиб қўяқолай. Демак, айрим масалаларда ҳақиқатга элтгучи баҳслар эшигини ланг очиқ қолдиришим лозим бўлади.
Истиҳолаларни йиғиштириб, шартта ёзаверсамми? Ё тилимни тийганим тузукми?
Чекдим, ўйландим; чекдим, иккиландим; охири қадрдон қаламжоним қоғозлар уюми сари ошиқди-ю, ўнг қўлим етагида “бошлов”ни чизғилабоқ, олисдаги “тугаллов” сари биланглаб йўрғалашга тушди. Буёғи энди Ўзига таваккал…

ЁҚИМЛИ ТАЖОВУЗ

Аёлларни авайла; аёлдан ўзингни мудофаа қил!
Гулмат ШОШИЙ

1a.jpgҲали жуда ғўр эдим, жинсларни моҳиятан фарқлай билсам-да, булар оралиғидаги сирли назокатларни туброғигача англаб етмаган; ақлимни таний бошлабоқ топган гўзалдан гўзал Оллоҳим сиймосини худосиз замонанинг шаккоклари хом қалбимдан чирт юлқиб ташлашга улгурмаган ғуборсизгина ёшда эдим. Ҳаётимда бирдан ўша Ғалати ойсанам пайдо бўлди-ю, мени ўзига бутунлай ўргатиб олди. Уни сеҳрли ўргимчакка менгзатардим – кўринмас тўрларини йўлимга ёйиб ташларди. Тўрига илинганимни ҳам, аста-секин домига тортаётганини ҳам сезмасдим, саросималаниб питирламасдим. Жуссамни қанча қаттиқ чирмаса, эс-ҳушимдан шунча айрилиб бораверардим, қаердалигимни, нималар бўлаётганини пайқаёлмай, карахтланиб қолардим.
Оғуши шу қадар тортимли эдики, сирлидан сирли ойсанамим вужуд-вужудимни қўғирчоқдек пийпалаётгани, қоғоздек ғижимлаб қийнаётганини гоҳо элас-элас ҳис этардим-у, унга салгина бўлса-да қаршилик кўрсатмоқ, озгина бўлса-да нафасимни ростлаб олмоқ истаги кўнглимга ҳуркак қушдек ров қўниб, яна нишонсиз йўқолаверарди. Момиқ бағирга тобора чуқурроқ чўкаверардим, танам ёт танага синггиб кетаётганга ўхшарди. Фақат тўрдан халос бўлганимдан кейингина, беҳад толиққанимни, куч-мадорим аёвсиз симириб олинганини туйиб, неча муддат ланжланиб ётардим.
Ўта элитувчан бу ойсанам кейинчалик ҳам мени тинч қўймади. Балки, унга ўзим кўпроқ илиққандирман. Нима бўлгандаям, ўйлаб-ўйлаб, ҳануз баъзи бир синоатнинг тагига етолмайман – у мени тарбияладими, йўлдан урдими; саодатга етакладими, уқубатга йўлладими; учишни ўргатдими, қанотимни қайирдими? Тағин қанча умр кўрмайин, ушбу саволларга жўяли жавоб топа олмаслигим аниқ.
Доим эҳтирос қуюнлари ичра йўлиқиб, туманликда тургандек туюлиши боис, тусини аниқ ифодалашим мушкул бўлган бу Ғалати ойсанам тўғрисида, кези келгач, алоҳида тўхталарман. Ҳозир муҳими бу эмас. Асосий гап шундаки, агар у дуч келмаса, ҳаётим тамоман бошқа ўзандан оққан бўларди.

Деразамга чойшаб ёпар тун,
Юлдуз ухлар, кўзларим бедор.
Тамакидан ўрмалаб тутун,
Чексизликка тирмашади зор.

Уйда менга гўё недир кам,
Ортиқчаман ёки уйимда.
Хаёлимда сахий бир санам
Имлар мени юпқа кийимда.
(1978)

МЕН КИММАН?!

Ёмонга яқинлашма! Ўзингдан ҳам нарироқда юр!
КУЛКУЛ афанди

Нотаниш кимсани кўрсатиб: “Бу ким?” – деб сўраш оддий бир ҳол. Аммо, ёнингиздагиларга кўзни лўққайтиб: “Мен кимман?” – деб кўринг-чи, уларнинг наздида шу заҳоти жиннига айланасиз. Шундан безиллабми, дамим ичимда, фақат баъзида ўзимни ўзим секин сўроққа тутаман: “Кимман?!”
— Ким бўлардинг, бир шоирсан-да, — шивирлаб жавоб қиламан ўзимга ўзим. – Балки ундоғроқдирсан, балки мундоғроқдирсан. Бунисини эшик-деразасиз уйингга ўрнашиб олганингдан кейин вақт кўрсатади.
Тўғри! Рўзғордаги буюмлардан қайсиниси қанчалик қадрга эгалиги улар йўқолганидан кейин, қай бирига қанчалар зарурат туғилишига қараб аниқланади.
Дарвоқе, зарурат! Одамзод ўзини ўзи исроф қилиши мумкиндир, бироқ хассос Тангрижоним сон-саноқсиз бандаларни яратаётиб, лоақал бирон-бир исрофгарчиликка йўл қўйиши мумкинлигига ким ҳам ишонсин? Шундай экан, мен не мақсадда яратилдим? Бунга қандай зарурат бор эди? Бор бўлса, ўша заруратнинг ўрнини тўлдира олдимми? Нега яшаяпман? Умумга тааллуқлиларидан ташқари, алоҳида вазифам нима эди? Кимман? Ким?!
Буниси биргина Яратгучининг ўзига маълумлигича қолишлигини ёшим бир жойга етганда тушундим. Бандалар таҳлил этиб, тахмин қила оладилар холос. Тахминларнинг ҳақиқатга нечоғли яқин, шахсга бериладиган баҳонинг
нечоғли адолатли бўлишини мазкур шахс ҳаётига оид гапларнинг қанчалар тўғри эканлиги белгилайди.
Шахснинг ҳаёти… Буни кимнинг қачон, қаерда туғилгани-ю, қандай оилада тарбиялангани; қай муҳитда ўсиб-улғайгани-ю, нималардан безиб, нималарга талпингани; қаерларда нелар билан машғул бўлгани-ю, не мақомларга эришганлиги орқалигина ифодалаш кифоя қилмайди. Ҳаёт интилишу курашлардан, кўтаринкилигу тушкунликлардан, роҳату уқубатлардан, оғишмаслигу адашувлардан, ютуғу ютқизиқлардан, учрашуву айрилиқлардан, тўғрилигу қинғирликлардан, қониқишу аттанглардан, иноқлигу келишмовчиликлардан, улгуришу кечикишлардан, топишишу йўқотишлардан, мардлигу ғирромликлардан, ишончу алданишлардан, қисқаси – фаолият ва кечинмалардан иборатдир. Шахс ўз умри ичида минг-минглаб кишилар билан гоҳ лаҳзалик, гоҳ доимий мулоқотда бўлади, мунозара ва музокаралар юритади. Бировга фойдаси тегади, бировдан наф кўради; кимгадир зулм қилади, кимдандир зулм топади; буниси дўстига айланади, униси душманига. Шуниси қизиқки, аксарият ҳолларда ҳар ким ўзини ҳақ деб ўйлайверади. Шундан келиб чиқиб, Тангримга илтижо қилмоқчиман:
— Эй, ҳар ишга қодир Эгам, ғайри табиийдек туюлувчи бу одат кўнглимда қачон, не сабабдан зоҳир бўлганини аниқ эслолмасам-да, одмигина ибодату илтижоларимда Сизни фақат “сиз”лаб йўқлайман. Навбатдаги илтижойимни қабул этинг, эй, Тангрижоним… Художоним… Оллоҳим! Ичимдагиларни қоғозга тўкаётиб, турмушнинг зарур эҳтиёжларидан бирига айланиб бораётган ёлғонлардан нари туришимда, яхшининг яхшилигини яшириб, ёмоннинг ёмонлигини ошириб юбормаслигимда, энг машаққатлиси – аввало ўзим ҳақимда тўғрисўз бўла олишимда менга куч ва жасорат ато этинг! Кинчи қулларингиздан бири бўлган мен бандани ҳаддимда асранг!

* * *

Шахсимни тасдиқлаш, дунёга ҳар қандай шамолу эпкиннинг эрмагига айлангучи қоғоз парчаси бўлиб келмаганимни исботлаш, Ўзи аъло қилиб ясаган ақлу онгимга муносиб хўжайинлигимни намойишлаш учун қўлимдан келганича уриндим – бир умр куйиниб-ёниқиб яшадим, сўз айтмоқни касб қилдим. Ёзганларим лоақал бу юртдаги биттагина кимсанинг диққатини тортиб, кўнглини ишғол этолмаслигига ишонгим келмайди. Балки барини ўша битта одам учун яратгандирман. Гарчи бу зотга атаб айтилган, яна айтишни истаган гапларим сон-саноқсиз эса-да, унга бир савол бериш билан кифояланмоқчиман: “Мен кимман?!”
Ич-ичимдан сезяпман, бунга энг холис, энг тўғри жавобни айнан ўша битта одам топа олади. Мени ўзича билиб юрганлар ўшанда янгитдан танишади.
Баъзи асарларимда кимлигимни излашга узуқ-юлуқ тарзда урингандекман. Йигитлигимда ёзилган, Н. Р. хонимга аталган “Бетайин” деган шеърим шулардан бири:

Кимлигимни сўрама, жоним,
Тугамайди айтсам достоним.
Кўп қувончлар кўрдим дунёда,
Дард ҳам чекдим ундан зиёда.

Покдил деб сен эслайсан кимни?
Мен эслайман болалигимни.
Виждоним-ла яшардим аҳил,
Аблаҳ эмас эдим мустақил.

Илк бор гуноҳ қилган кезимиз
Кирди деймиз энди эсимиз.
Мен ҳам онгим ўсгандан буён
Ўз-ўзимга қилдим кўп зиён.

Майхонада орттириб улфат,
Ҳар қадаҳдан симирдим кулфат.
Бир таннозни севиб дилимдан,
Омон қолдим зўрға ўлимдан.

Қай шил ўзин кўрсатди устоз,
Ғаним топиб бўлмас бундан соз.
Дўстман дея лоф урди меров,
Энди дўстга юрак бермас дов.

Лақма кўнглим алданган сайин,
Бўла бордим аста бетайин.
Ҳар алдовдан кўзим ёшладим,
Сўнг… ўзим ҳам алдай бошладим.

Дудоғингни яқин тут, жоним,
Тугамайди айтсам достоним.
Сийнангга бош қўйганим замон
Туюлади ҳам-м-маси ёлғон.
(1978)

ҚЎРҚИНЧЛИ КЕЗҒИЧ

Танноз Ой имлагандирки,
шилқим Ер кезғич бўлгандир…
Гулмат ШОШИЙ

Болалигимдан қўрқоқ эдим. Салга таъсирланиб, кўзимга тезда ёш келарди, кўнглим жуда бўш эди. Катталар муштлашиб, бир-бирининг бирон жойини қонатса ҳам, ҳатто, ит мушукни вағиллатиб қувласа ҳам, юрагим пўкилларди. Гоҳо ўзимни ботир кўрсатишга уринардим. Таажжубки, ботирликка астойдил берилиб кетсам, сесканчоқлик мендан чекина бориб, қоронғида юришдан ҳам, энг баланд дарахтларга чиқишдан ҳам, ўзимдан зўрлар билан ёқалашишдан ҳам тап тортмай қолардим. Қўрқоқлигимни ўзгалардан яширишга, бўшанг эмаслигимни исботлашга уринармидим ё…
Юрагим ёрилгудек тарзда ҳайиққан пайтларим кўп бўлган. Шулардан бири, маҳалламиздаги Абдураҳим акани кўрдим дегунча, шувиллаб эсимга тушаверади. Ўта қаттиқ қўрқув эди бу.
Мендан ўн ёшча катта бўлган, мактабдаги энг аълочилардан ҳисобланган, хотираси кучлилиги билан ажралиб турадиган, кейинроқ асаб фаолияти туйқус издан чиқиб, ўзини советлар мамлакатининг биринчи доҳийси Владимир Илич Ленин деб хаёл қила бошлаган Абдураҳим ака дадам бош торозидор бўлган пахта тайёрлаш пунктида ишларди. Баъзилар унинг қорасини кўрибоқ: “Ана, Абдураҳим Илич келяпти”, дея ҳиринглаб қўйишарди. Абдураҳим ака эса, уни илғамагандек бўлиб ўтирганларнинг ёнида тўхтаб, кеккайганича сайрашга тушарди:
— Владимир Иличга ҳурмат шуми? Бойларни итдек тизғитиб, бор мулкини сен ялангоёқларга тарқатворган бўлсам-у, яна ҳамманг менга тескари қарайсан? Ҳе, яхшиликни билмаган йирвоқилар!
Унинг пунктга ишга ўрнашиши ҳам қизиқ кечган экан. Ишга кирмоқчилигини айтса, кадрлар бўлимининг мудири олдидаги қоғоздан кўз узмай, ҳозир бўш ўрин йўқ, деб пўнғиллабди. Шунда Абдураҳим ака: “Ий-йе! Ўзим қурган давлатда нимайчун ўзимга иш топилмасакан?” – деса, мудир: “Нималар деб валдираяпсан, ука? Кимсан ўзинг?” – деб бақириб берибди.
— Ҳали доҳийларниям танимайдиган бўпқолдингми, йирвоқи? – деганича, бирдан пролетариат раҳнамосининг ҳайкалидек қўққайибди Абдураҳим ака. – Лелиннинг олдида тарвайиб ўтиришга қандай бетинг чидаяпти? Тур ўрнингдан!!!
Асаб касалига чалинган кимсага расман “Меҳнат дафтарчаси” очишни истамаганлари учун, дадам Абдураҳим акага норасмий тарзда иш топиб бериб, белингга этак боғлагин-у, йўлларга тўкилган пахталарни териб келиб пунктга тўкавер, пулини ўзимдан оласан, дебди. Абдураҳим ака, йиллар ўтиб, деярли тузалиб кетган, энди “асабхона”да даволанмайдиган бўлиб қолганида, ўтган кунларни эслаб, дадангиз ўшанда менга ҳар куни беш-олти сўмдан бериб турарди, деган эди. У даврда битта новвойнон эллик тийин экан.
Ўша пайтда тўққиз-ўн ёшларда бўлсам керак, дадамнинг ишхонасига эргашиб бориб, Қапчуғай томонга элтувчи тошйўлининг ёқасида чўзмамга юмалоқ тошчалар териб ўтирсам, ёнимдан Абдураҳим ака ўтиб қолди. Йўлнинг у юзидаги “Уралзис” юк машинаси ўрнидан қўзғалаётганини кўриб: “Қани, зўр бўлсанг, Лелинни мажақлаб кўр-чи”, деди-ю, орқадан бора солиб, ўзини кейиндаги қўшалоқ ғилдиракнинг остига ташлади. Машина унинг белидан “дўқ” этиб ўтган чоғда, жоним ҳалқумимдан отилиб чиққудек бўлиб, чинқираб юбордим. Шофёр машинанинг бежо дўқиллашиданми, қулоқнинг ноғорапардасини йиртгудек чинқиришимданми сергак тортиб, машинани тўхтатди. Кабинадан тушаётиб, олдин менга, сўнг орқа тарафга қаради, бирдан ранги ўчди. Атрофдан шовқин солиб етиб келганлар Абдураҳим аканинг бошини кўтариб, юзига сув сепа бошлашганда, у ярқ эткизиб кўзини очди, ҳеч кимнинг кўмагисиз ўрнидан туриб, белига қўл босган асно бир-икки қайишди. Шўрлик шофёр шундагина ўзига келиб: “Соғмисан, инижоним?” – дея қучишга талпинган маҳалда, Абдураҳим ака: “Қоч!” – дея уни нари итарди.
— Ҳамманг овора бўласан! – деди қош кериб. – Лелин ўлмайди!
Мендаги қўрқув ҳали босилмаганди, юрагим гупагуп тепиниб, вужудим дағ-дағ титрашда давом этарди.
Она қорнидаги бола ҳамма нарсани сезади, лекин ҳеч нимани тушунмайди. Агар туғилмасимдан олдин қаёққа йўл олишга ҳозирланаётганимни, янги манзилга кўчгач, қай муҳитда, қандай хулқ-атворли “олий мавжудот”лар галаси ичра кун кўришга маҳкум этилганимни билсам, она қорнидаёқ бундан-да ёмонроқ қўрқиб, бундан-да баттарроқ чинқираб юбормасмидим, ўз отим ўзим билан Машраб бўлиб туғилмасмидим? Зеро, бири тепадан тинимсиз ёғилиб тургувчи ўқтошлари (метеоритлари) билан, бири ҳатто ёнаётган гулханни шу тахлитда қотириб қўядигандек туюлгувчи мислсиз совуғи билан, бири олмосни ҳам чангга айлантириб юборгувчи емирувчан газлари билан ўта хатарли ҳисобланувчи фазо кезғичлари орасида энг қўрқинчлиси Ер кезғичидир. Бобо рамзига айланган Қуёш тафти, буви рамзига айланган Тупроқ озуқаси, Одам ота рамзига айланган Сув мойламаси, Ҳаво она рамзига айланган, эндиликда “кислород” деб аталувчи Дам малҳами боис ўзгача бир нодирлик касб этган бу кезғичдаги бор мавжудотнинг сал йирикроқлари, сафга одам боласи келиб қўшилгунга қадар, ўтхўр ва этхўрларга бўлиниб яшаган. Этхўрлик дастидан йиртқичлик юзага келди, кучлилар кучсизларнинг, йириклар майдаларнинг, тезгирлар сусткашларнинг устидан ҳукмрон бўлиши, уларнинг қонини ичиб тирикчилик қилиши қонуният тусини олди. Бирдан одам пайдо бўлди. У, бир пайтнинг ўзида, ҳам ўтхўр, ҳам этхўр эди. Онгги қанчалар ўсса, юзаки қараганда, ҳайвондан шунча фарқлана борди.
Кўзга яққол ташланадиган фарқ бор-йўғи еттита эди: эгнига кийим кияди; иш ва ов қуролларини ясай олади; шартли товушлар воситасида эмас, муқим сўзлар кўмагида гаплашишни, ёзиб-чизишни билади; масаллиқни ўтда пишириб, тузга, кўкат-зираворларга қўшиб ейишни, мева-чевани шарбатга айлантириб ичишни уддалайди; шароитга кўра ўзгариб турувчи турли қонун-қоидалар тўқийди; ниҳоят, шулардан энг ҳайратланарлиси – ўз турдошини ўзи қиради.
Одам боласининг бошига битган энг катта бало ҳам шу – қирғинбозлик. Бунга баҳона тиқилиб ётибди – бири тўқ, бири оч; иккови ҳам тўқ-у, бири бойроқ, бири йўқсилроқ; бири дарёнинг бошида ажриқларга сув сепиб ўтирибди, бири қуйироқдаги буғдойларини суғоролмай хуноб; бири катта йўлдаги кераксиз девор, бири денгизда ҳадеб йўлингни кесиб ўтаверадиган сур рақобатчи; бири майда ва мағрур, бири йирик ва иззатталаб…
Кўриниб турибдики, агар одамлигингни тўсатдан эслаб қолмасанг, жанжалсиз, қутқусиз, фитнасиз, сўқишмаларсиз яшашнинг иложи йўқ. Бунга баҳона сероб бўлса-да, сабаби битта – очкўзлик. Ҳайвон фақат керагини олади, одам боласи керагидан минг марта ортиғини олиб ҳам яна човут солишга уринаверади, ўзини тўхтатолмайди. Йирикларнинг ошиб-тошиши майдаларнинг озиб-тўзишига олиб келгач, бирдамас-бирда иш бузилади. Гап шундаки, ҳайвонлар оламида кучлилар кучсизларни ейиши ўзгармас қонун ҳисобланса, одамлар оламида кучсизлар бирлашиб, кучлиларни мамлакат-памлакати билан ютиб юбориши ҳеч гапмас.
Тузум, жамият, мамлакатларни бир четга суриб, одам боласининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида унсур сифатида қаралса ҳам, омадинг юрмай, хира муҳитга йўлиқаверсанг, ўнта банданинг тутумидан ҳаловат топиб, элликтасиникидан ваҳимага тушасан. Булардан биттаси кўнглингни яшнатади, улардан бештаси юрагингни юмдалайди; булардан биттаси ютуғингдан қувонади, улардан бештаси ютқизиғингдан роҳатланади; булардан биттаси бойлигингга ҳавас қилади, улардан бештаси борингни талашга мойил; булардан биттаси сени ўстиради, улардан бештаси оёғингдан тортади; булардан биттаси истеъдодингга тан беради, улардан бештаси буни кўролмайди; булардан биттаси жонингни асрашга тиришади, улардан бештаси бошингга етишга шай. Бир тўғрисўз беш ёлғончининг назоратида.
Шу шароитда яшаб, ҳеч бўлмаса, яримта нон топиб ейишни уддалашинг, ўз ажалинг билан ўлишинг осон иш бўптими! Агар ана шундай қўрқинчли муҳитда кун кечириш учун туғилаётганимни билсам, нега энди жон-жаҳдим билан чинқирмаслигим керак экан?
Лекин, мен ҳали туғилмагандим. Аниқроқ айтсам, оиламизнинг ўзанига сал нарироқда туриб назар ташлай олишингиз учун мен ҳозир ортиқчаман.
Ҳадемай туғиламан, аммо бунинг учун қанчадан-қанча тасодифий қовишувлар туфайли ўн тўққизинчи асрнинг ўрталаригача шодамаржондек битта-битта тизилиб шаклланган аждодларим яна иккита энг тасодифий никоҳни бошдан кечириши, биринчисида – ўзига тўққина, обрўлигина хонадонда улғайган ўта кўнгилчан бир йигит қишлоқнинг энг камбағали ҳам уйлангиси келмаган ожизкўз қиз билан турмуш қуриши, иккинчисида – унинг ўғли биринчи хотинидан ажраб, лоақал бирон-бир қариндоши яшамайдиган узоқ қишлоқдан ўзига бошқа ёстиқдош топиши керак бўлади.

“УХ!” ДЕБ ЮБОРМАНГ, ОНА…

Эси йўқ ўзини мақтайди, эси бор аждодларининг пилигини кўтаради.
КУЛКУЛ афанди

Баҳромхоннинг болалик, ўсмирлик даври йигирма беш йилга чўзилмиш жанглардан сўнг, Қўқон хонлиги ҳудуди Чор Россияси томонидан тузилган Туркистон генерал-губернаторлигига тўласича тобе этилган пайтларга тўғри келди. Бунгача эса не-не одамкушликлар юз бермади дейсиз.
Дастлабки тўқнашувларда енгилроқ ғалабаларни қўлга киритган руслар қўшини, юртининг чегарасидан узоқлашгани сайин, ерлари асосан ҳозирги Қозоғистону Қирғизистондан тортиб, Тошкенту Фарғона водийси қадар чўзилган, уч миллион аҳолили Қўқон хонлигининг қаттиқроқ қаршиликларига учрайверди. Энг аёвсиз сўқишувлар генерал Перовскийга қалъа ҳимоячилари: “Бизлар бир сиқим порох ва кўчада бир кесак қолгунча, ҳамма қуролларимиз тамоман синиб битгунича жанг қиламиз”, деб хат ёзган Оқмачитда, шунингдек Авлиёота, Пишпек, Чимкент, Иқон қалъасида кечди. Авлиёотада черикларга қўшилиб, ҳатто, аёллар ва болалар ҳам душман билан олишувга кирди. Натижада, бирда ўликтепалар пайдо бўлди, бирда Сирдарё оқиб бораётган мурдаларга тўлди. Руслар сезиларли талофат кўрса-да, янги-янги кучларни майдонга ташлаб, забткорликни давом эттираверди.
Босқинчилар хонликнинг асосий қўшинига Тошкент остонасида дуч келиб, кўп аскаридан айрилди (руслар маълумотларда ўз талофатини жуда камайтириб, душманникини эса бир неча бор кўптириб кўрсатар эди, ҳозирда ҳам тарихчиларнинг аксарияти ўша рақамларга таянади). Россиядан юборилаётган қўшимча кучларнинг кети узилмасди. Хонлик лашкарбошиси Алимқул қорнидан оғир яраланиб ҳам, осилиб қолган ичакларини чап қўлида чангаллаб, ўнг қўлидаги қилич билан яна бир неча ёвни чопиб ташлашга улгурган катта тўқнашувда ҳалок бўлгач, аскарларининг руҳи синиб, асосан мудофаага ўтиб олишгани; бундан фойдаланган руслар шаҳарга кирадиган сувнинг йўлини тўсиб қўйишни таклиф қилган Абдураҳмонбек Шодмон, яширин тарзда керакли маълумотларни бериб турган Муҳаммад Соатбой, Саидазимбой Муҳаммад сингари мулкдор сотқинлар кўмагига таяниб, 1865 йилда Тошкентни ниҳоят таслим этгани; кўп ўтмай, Бухоро ва Қўқон ўртасида доимо талаш бўлиб келган Ўратепа билан Хўжандни қўлга киритиб, Худоёрхонни бурчакка қисиб қўйгани тарихдан маълум.
Бора-бора водийнинг бир қисмидагина шапалоқдек ери қолган бу хонликнинг “норасмий хон”и ҳисобланмиш Пўлатхон Туркистон генерал-губернатори билан Худоёрхон ўртасида ушбу ҳудудда русларнинг эркин ҳаракатланиши юзасидан тузилган шартномани тан олмай, 1876 йилда қўзғалон кўтарди. Шуни кутиб турган (балки уюштирган) руслар тезда қўшин киритди, қўзғалон бостирилди ва биратўла хонлик ҳам тугатилди.

Туфлаб ташлар сувлиқ қолдиғин,
Чопар эгар парчасин судраб.
Гоҳ булоққа эгилар толғин,
Гоҳ юлғунни чайнар дилдираб.

Изғиринга борар юзма-юз,
Ғов бўлолмас чўлнинг дўнг қори.
Ўз хўжасин қидирар ҳануз
Алимқулнинг гажир тулпори.
(“Оқ тулпор”, 1982)

Қўқонликлар билан бирлашиб жанг қилишдан кўра, душманга ўз чегаралари остонасида зарба беришни маъқул деб билган Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги эса яккамачиликдан охири панд егач, бу паллада бир қисм ерларидан айрилиб, Чор ҳукуматининг вассалига айланиб бўлган, ҳукмдорлари қўғирчоқ тахтда омонатгина ўтиришарди.
Туркистон генерал-губернаторлиги барибир тинчини тополмади. “Олой маликаси” деб танилган аёл қўмондон Қурбонжон додҳо ўн йилдан ортиқ тутқич бермай, русларни Фарғона водийсининг кунчиқар қисмига яқин йўлатмасдан юрди, босқинчиларни музокара олиб боришга мажбур этди. Андижонлик Йигчи эшон (илгари ёғоч йиг ясаб сотгани учун водийдагилар уни “дукчи” эмас, “йигчи эшон” деб тўғри аташади, аслида рус тўқимачилари бу асбобни “дюк” дейди) бошчилигидаги 1898 йил исёни кўламининг кенглиги ва русларнинг жазо отряди томонидан Мингтепадаги бир неча қишлоқ ёндирилиб, аҳолиси ёппасига қириб юборилгани, ҳатто гўдакларни милтиқ найзасига илиб ўйнашгани, тўрт юз ўн беш киши суд қилиниб, эшон ва унинг яқин издошларидан ўн тўққиз киши осиб ўлдирилгани, қолганларнинг асосий қисми умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазосига тортилгани, Сибирга сургун этилгани каби даҳшатлари билан тарихга муҳрланди. Ўсмирлигидан рус оиласида тарбияланиб, Петербургда ҳарбий таълим олган Номоз Пиримқул ўғли юртига қайтганидан сўнг, халқининг эркини ўз фароғатидан устун қўйиб, Самарқанднинг Каттақўрғонида қасоскорлар қўшинини тузди, келгинди зўравонларни аёвсиз қийрата бошлади…
Икки-уч аждод нарисидаги бобо-момолари Марғилондан келиб, Олтиариқнинг Полосон қишлоғида (бу қишлоққа бир маҳаллар Туркистоннинг бошкенти мақомидаги Боласоғунга ҳавас қилиб ном берилган, кейинчалик шевада бузиб айтила бошланган экан) томир отган эшонлар авлодидан бўлмиш Баҳромхон теваракда юз бераётган ушбу воқеалардан озми-кўп хабардор эса-да, сиёсатга қизиқмас, отасидан, бошқа устозлардан зўр иштиёқ билан билим олар, қўйиб беришса, кун бўйи ҳужрадан чиқмай, китоб титкилаб ўтираркан. Камгап, босиқ, тақводор, ўта ройишли, доим ўйчан юрувчи йигит экан.
Баҳромхон тўғрисида гоҳ кишини ҳайратдан донг қотирадиган, гоҳ томирларнинг жиг-жигини титратиб, чуқур хаёлга чўмдирадиган талай чўпчакнамо гаплар эшитганман. Балки, ўшандай ишларга ўзим қодир эмаслигим боис улар менга чўпчакка ўхшаб туюлгандир.
Айтишларича, ота-онаси кўп бор оғиз солишига қарамай, Баҳромхон ана-мана деб, уйланишни ортга сураверибди. Охири, аллақачон уйланиш ёшига етган укаси навбатда тиралиб турганини пеш қилишгач, индолмай қолибди. Отаси енгил тортиб, агар бирор қизда кўнглингиз бўлса, буниям билиб қўйганимиз тузук, деса, у кўзида ер чизиб, аста дебди:
— Мадомики, ихтиёрни ўзимизга берибсиз, энди сазамизни ўлдирмайсиз-да, отажон. Маҳалламиздаги Дўсмат тоғанинг Сарвинисо деган битта кўзи ожизроқ қизи бор экан, тенгқурлари бир-бир узатилиб, унга совчи келмаётганидан ичикиб юрганмиш. Шу қизга одам киритиб, савоб олишга
уриниб кўрсакмикин?
Чинакам руҳонийлар орага гап қўшишнинг иложи қолмаган вазиятда сукутдан нарига ўтишмайди, ота индамай туриб қолибди. Тез орада Баҳромхонни Сарвинисога уйлаб қўйишибди.
Қачон шуни эсласам, ўзимга ўзим: “Гердайма, сен ҳеч ким эмассан!” –
дея, туйқус шумшаяман. Чунки, ўзимни қанчалар маърифатли деб билмайин, ўзимни нечоғли одампарварликка солмайин, қайсидир яйдоқ кўнгилга қувонч уруғини сепмоқ-чун бу қадар улкан қурбонлиқ беришга мен ҳеч қачон қодир бўлолмасдим. Дилпорани деб ўз дилини пора қилиш! Илоҳий жасорат бу!

Бахтиёрлар менсиз ҳам бахтли,
Дилпоралар менсиз ҳам ғамнок.
Ишқ султони менсиз ҳам тахтли,
Ишрат қули менсиз ҳам нопок.

Дилпорага талпинар кўнглим…
(1973)

Отасининг вафотидан сўнг эшонлик мартабаси Баҳромхонга хатлаб берилибди. Одатга кўра, эшонлар ўзига тегишли ўрамдаги қишлоқларни кезиб, жойлардаги муридлари билан боғланиб туришар, аҳоли орасида диний мавзуда суҳбатлар қуриб, туғилган саволларга ечим топиб беришар экан. Табиийки, бундай сафарлардан талай назр-ниёз билан қайтишаркан. Мутолаага ўч Баҳромхон дастлабки даврларда бу таомилга кўр-кўрона амал қилган эса-да, бора-бора яна китоблардан бош кўтармай ўтирадиган одатига қайтиб, охири “мурид овлаш”га умуман чиқмай қўйибди, уйида бола ўқитиб, асосан талабаларнинг ота-онаси ҳолига қараб бериб турадиган муллаҳақи ҳисобига рўзғор тебрата бошлабди, четдаги муридлар ўзлари уни зиёратлаб келадиган бўлибди.
Муридлар албатта назр-ниёз билан келар, Баҳром эшон эса, анча қашшоқлашиб қолганига қарамай, борганда қариндошларингизга, ён-верингиздаги ғариб-ғураболарга тарқатарсизлар, деб назрларнинг бир қисмини эгаларига қайтариб берар, қолганини ўз маҳалласидаги ночорларга тақсимлашни буюраркан. Уйдагилар ундан яшириб озроқ нарса олиб қолганини сезса, мактабимиздан тушиб турган насибамиз кам кўриняптими, дея дакки бераркан.
Ёши қирққа етиб-етмасидан Баҳром эшоннинг соғлиғи ёмонлаша борибди. Гоҳ боши айланиб, гоҳ кўзи тиниб, гоҳ ўзидан кетиб қоларкан. Тинимсиз мутолаа, ҳаракатнинг камлиги, сайл ва маишатларга майли йўқлиги, бировнинг кулфатини ўзиникидек қабул қиладиган, ҳатто китоб ўқиётиб ўз-ўзидан йиғлаб юборадиган даражада таъсирчан эканлиги уни ич-ичдан кемирмаслиги мумкин эмасди.
Тирикчиликдан ортганини тўплаб юриб, янги ҳужра қуришга киришган Баҳром эшон кунлардан бир куни томга васса харид қилиш, баҳонада кўкрагини шамолга силатиб келиш мақсадида аравага ўтириб, бозорга йўл олибди. Ҳаво дим эканлигиданми, бозорга яқин қолганларида аравакашга тўхташни буюриб, кўнгли беҳузур бўлаётгани, чойхонада бир пиёла чой ичиб олмоқчилигини айтибди. Ёнбошлаганича чой ичиб ўтириб, бирдан ўзини билмай қолибди, атрофдагилар силкиб-силтаб уни ҳушига келтиришгач, қўрқиб кетган аравакаш бозорга бормасдан, отни шартта ортга қайтарибди.
Баҳром эшон ҳовлига кириб келганида, уйғур оқсуяклари (оқхунлари) сулоласига мансуб онаси Ойимбуш отин ташқидаги дарахт соясида қўшни кампирлар билан бирга чой-нонлашиб ўтирган экан. Ўғлига синчиклаб боқиб: “Вой, эшоним, рангингиз намунча бўзариб кетибди?” – дея ўрнидан тураётганида, Баҳром эшон “қўзғалманг, онажон, қўзғалманг”, деганича келиб, шолча устидан солинган тўшакнинг бир четига чўккалабди.
— Онажон, ҳозир сизга бир гап айтаман, — дея мийиғида жилмайиб сўз бошлабди у. – Гапимни тугатиб-тугатмасимдан “Ух!” деб юбормайсиз-да. Хўп денг, онажон.
— Тинчликми, эшоним?
— Шу десангиз, бозорбошидаги чойхонада чой ичиб ўтириб, салгина ҳушимиздан кетибмиз. Барака топкурлар кўпчилик бўлиб ўзимга келтиришибди. Шуларнинг орасида боласига яримта нон топиб боришгаям қурби қолмаган бирорта бечораҳол бордирки, белвоғимиздаги пулни олибди.
Ойимбуш отиннинг авзойи ўзгариб, сўзга оғиз жуфтлаётганини кўрган Баҳром эшон шоша-пиша иккала ҳовучини ёйибди:
— Қани, дуога қўл очайлик. Омин! Мен минг марта розиман, сиз ҳам рози бўлинг, онажон, ўша шўринг қурғурнинг биздан олган пули ҳалол бўлиб юқсин, бола-чақасига буюрсин. Оллоҳу акбар!
Ўтирганларнинг ҳаммаси ҳайратдан анграйганча, юзига фотиҳа тортибди. Ойимбуш отин шу заҳотиёқ сокин қиёфага кириб, “энди озгина тамаддиланиб олинг, эшоним”, дея кулимсирабди.
Туркидан ташқари арабчани, форсчани ҳам яхши билган Баҳром эшон илмга бутунлай шўнғиб кетгач, бу зотни ортиқча безовта қилмайлик деб, уламолар унинг укаси Акбархонга ҳам эшонлик ваколатини берибди, қишлоқларни кезиш, маҳаллий муллаларга йўл-йўриқ кўрсатиб туриш энди шу кишининг зиммасига тушибди. Бирон масалада чигаллик туғилса, Акбархон акасидан албатта маслаҳат олиб, сўнг бир қарорга келаркан.
Оқпошшо ҳукумати амалдорларининг ишончини қозонган “тайинли” руҳонийларгина жойларда қўллаб-қувватланаётган, уламога муҳтож ҳудудларга айримлари янгитдан “эшон” мартабасини олган кишилар жойлаштирила бошланган даврда Акбархон эшоннинг ҳам, Баҳромхон эшоннинг ҳам муридлари камая борибди. Энг содиқ муридлар кўпроқ Сўх ва Ёзёвон тарафдан келиб туришаркан.
Муридлардан бирортаси пойига бош урса, Баҳром эшон: “Туринг, туринг, ўзим гуноҳларимдан ўтишини сўраб йиғлаб юргучи бир бандаман, менгамас, Оллоҳга юкининг”, дея уни силаб-сийпалаб ўрнидан турғазаркан. Яқинларига, оиласидагиларга, айниқса талабаларига бир сўзни бот-бот қайтариқлаб тургучи экан:
— Ҳеч бўлмаса, бекор қолганда, “ субҳон олло, субҳон олло”, деб юринглар, тозаланиб борасизлар.
Ана шу ажабтовур зот менинг бобом бўлган экан.
Чор Россияси йигирманчи асрнинг ўнинчи йилларига келибгина Туркистонга арзон буғдой бериб туриш эвазига бу юртда асосан пахта етиштиришни йўлга қўйиш сиёсатини тўлиқроқ амалга ошира бошлади. Россия қишлоқ хўжалиги мутасаддиси Кривошеин бир пайтлар бу тадбирнинг улкан аҳамиятини изоҳлаб, оқпошшога: “Туркистоннинг ҳар бир пуд ортиқча буғдойи рус ва Сибир ғалласига, Туркистондаги ҳар бир пуд ортиқча пахта Америка пахтасига рақобатчидир”, деб ёзган эди. Буғдой етиштириш кескин камайиб, ғўза ўстириладиган майдонлар кенгайгани сайин бир-биридан довруқли “пахтачи бой”лар ҳам кўпаяверди. “Оқпошшо” бу ўлкага саноатни олиб киришни хаёлига ҳам келтирмади, унга фақат сувтекин хом ашё керак эди.
Бу давр ичида Баҳромхон ва Сарвинисодан Обиджон, Собиржон, Шафоатхон, Мадаминжон деган тўрт фарзанд дунёга келибди. Собиржон тўрт ёшида, Мадаминжон икки ёшида чечак касалидан вафот этган экан.
Туркистон тақдирга тан бергандек туюла бошлаганида, Биринчи жаҳон урушига қўшилган Россия фронт ортида ишлатиш учун бу юрт фуқароларини зўрлик билан мардикорчиликка жалб этишга киришгани ишни бузибди, халқ яна ғазабга келибди. Баҳром эшон бобомиз айни ўша паллада – 1915 йилнинг охирларида, эллик ёшлар атрофида омонатини топширган экан. 1906 йилда туғилган ўғли Обиджон ўн ёшга, 1910 йилда туғилган қизи Шафоат беш ёшга тўлиб-тўлмай етим қолишибди. Орадан кўп ўтмай, 1916 йил воқеалари – Жиззах, Тошкент, Марғилондаги қўзғалонларнинг бошланиши ва рус хоқони Иккинчи Николайнинг буйруғи билан шафқатсизларча бостирилиши натижасида халқнинг тирикчилиги янада оғирлашиб, жумладан, бу оила бошига ҳам катта қийинчиликлар тушибди.

Пойизингни жилдирган
Ўтхонаси билан дўнгалаги…
Туркистонни қул қилган
Золим Никалай замбараги. –

деганга ўхшаш қўшиқлар ўша замонларда тўқилган экан.
Ер ости бойликларининг мўллиги ва хилма-хиллиги саноатни тез изга солиш, жадал ўстира бориш; иқлим шароитининг қулайлиги, тупроғининг унумдорлиги ерчилик, боғчилик, чорвачиликни ўнлаб марта юксалтириш имконини берувчи олтин ўлка энди истилочиларнинг емхонасига айланганди. Туркистонликларни мағлуб этган омил замонавий замбаракларга қарши пилта милтиқлар билан чиқишга мажбур бўлинганидагина эмасди, бир сулув канизакни талашиб, бир-бирининг устига қўшин тортишдан ҳам тоймайдиган буқатабиат хоқонларга куни қолган халқнинг руҳи синиқлиги, кўзчақнатар ички маънавий қувватнинг камлиги бунга кўпроқ сабабчи эди. Ғафлатда ётган халқнинг кўзини очиш учун унинг тарихини тарғиб қилиш керак, деган сўзни Августин бежиз айтмаган. Алп эр Тўнга, Тўмарис, Ўғизбек, Амир Темур, Мангуберди янглиғ улуғ элтузарларнинг, Қўрқут ота, Хоразмий, Беруний, Фарғоний, Ибн Сино, Қошғарий, Улуғбек, Фаробий, Яссавий, Навоий, Бухорий каби оламга машҳур зотларнинг авлоди эканидан фахрланмай қўйган, кундалик тирикчилик ташвишидан бош кўтаролмай қолган миллат барибир эртами-кеч қайсидир олғирнинг малайи бўлишга, хор-зорлик кўришга маҳкум эди. Очундаги тўрт наҳангдан бирига айланмиш Россия шундоққина тумшуғи остида турган тап-тайёр луқмани бошқа ҳаппаютарга урдириб юборишни ўзига эп кўрмаганди холос.
Тарих ҳақида сўзлашдан доим сесканиб тураман. Бировларнинг гапига ишониб, кимнидир чалғитиб қўйишинг ҳеч гапмас. Аммо, вазият тақозо этганда, ўтмишга юзланмасликнинг ҳам иложи йўқ.

Тарих бағрин тилганлар – зулук,
Тарихга жим боққанлар – қочқин.
Уни чаппа ўрганган – ўлик,
Уни чаппа ўргатган – сотқин.
(“Фитрат”, 1985)

Одамлар сони кўпаядими, камаядими; қайсидир хароб юрт яшнаб, қай бир ободи вайронага айланадими, чарх бир хил ғилдирашда давом этарди. Баҳром эшонга энди барибир эди, бу ўзгарувчан дунёнинг муваққат қувончлари-ю, эсғажир ғам-андуҳларидан тамоман қутулиб бўлганди.

ҚАРҒАНИШНИ БИЛМАЙДИГАН АЁЛ

Бобо йўқ уйда тартиб, буви йўқ уйда тарбия чала ўликдир.
Гулмат ШОШИЙ

Бир кўзи қандай ожиз бўлиб қолганини Сарвинисо бувимизнинг ўзи ҳам аниқ айтиб беролмасди. Отаси Дўстмат бува тўрт ёшда чечакка чалинганинг шундай асорат қолдирган, дер экан. Чечак тошиганида касал ўрнидан турмаслиги лозимлигини табиблар алоҳида тайинлашаркан, акс ҳолда товоннинг тагидаги яра ҳали пишмасидан ёрилиб кетса, беморнинг бир ёки иккала кўзи кўр бўлиб қолиши мумкин экан. Оқ араблар наслидан бўлмиш онаси Нозила момо эса, чечакка йўлиқишинг арафасида ўнг кўзингни қовоғари чаққан эди, ўша нарса сабабчи шекилли, деб қўяркан.
Бувимиз, саводи баланд бўлмаса-да, диди ўта нозик, фикрчан, покиза, оғир-босиқ, тотлиқўл аёл эди. Биз томонда биров тўйми, маъраками қилса, қўшнилардан бири патир, бири сомса, бири қатлама, бири иссиқ овқат кўтариб киради. Маросим эгалари бувимдан доим ош пишириб киришини сўрашаркан, чунки маҳалланинг муллаю оқсоқоллари тиловатни тугатибоқ, ҳар гал: “Сарвинисо отиннинг паловидан бизгаям қолганми, ишқилиб?” – дея ҳазиломуз товуш қилиб қўйишаркан.
Бувимизнинг акаси Файзибой отани, укалари Қодирвой ва Усмон тоғаларимни яхши биламан, сингиллари Шарофатхон билан Шаҳринисо мен туғилмасимдан олдин ўтиб кетишган экан, улардан қолган фарзандлар бизникига серқатнов эдилар.
Файзибой бува (уни “ота” дердик) бизга девор қўшни эди. Ниҳоятда ювош, оёқ судраб одимловчи киши бўлганидан, дадам уни “мулла пайпоқ” дер экан. Болалигимда отамизнинг ёнига тез-тез кириб турардим, у бирон юмушни шошмасдан бажараркан, менга эртак айтиб беришни бошлар, ора-сира тошкамалагини олиб, узумга қўнган қушларга “ғур-р” этказиб тош отиб қўярди. Бир гал тош тасодифан мусичага тегиб кетганида, яримжон ҳолда қалтираётган қушни силаган асно: “Ҳа, уволгина жонивор-а, сени нима қипқўйдим?” – дея қаттиқ ачингани эсимда.
Бир куни дадамга Файзибой отамизнинг зўр эртакчилигини айтсам, ҳадеб ундан эшитавермай, ўзинг ҳам айтиб бергин-да, деб бир эртакни ўргатди. Эртаси отамизнинг олдига кириб, “яп-янги” эртакни унга сўзлашга тушдим:
— Бир боракан, бир йўғакан, Мулла Пайпоқ деган бир чол бўлганакан. Жуда имилла-а-б юраркан, чўзғил-а-б гапираркан. Овқатни эринмасда-а-н еб, шошилмасда-а-н иш қиларкан…
Шунда отам гапимни бўлиб, буни кимдан эшитганимни сўраган эди, дадам айтиб берди, дейишим билан елкаларини силкитиб-силкитиб кула кетди. Ҳақиқий Мулла Пайпоқ шундоққина қаршимда соқолини шоввалатиб ўтирганини ўшанда қаёқдан билибман дейсиз. Чунки, кекса тенгдошлари уни бошқача лақаб билан “бақавой” деб эрмаклаб юришарди-да.
Отамизни уйимиздагилар яхши кўрарди, тушликка ёки кечки овқатга чақириб туришарди. Баъзан, бир ашула эшитайлик, деб ўзича чиқиб келса, унга патефон қўйиб берардим. Ҳали ўқиш-ёзишни билмаган тўрт-беш ёшлар атрофидаги бола бўлишимга қарамай, у тингламоқчи бўлган қўшиқнинг лаппагини адашмай топишим чолни доим ҳайратга соларди. Дам Мулла Тўйчи, дам Ҳалима Носирова, дам Жўрахон Султоновнинг хониши янграй бошлар, мен ўзимни жаҳондаги энг мураккаб ускуналардан бирининг устасидек тутиб, кеккайганимча гоҳ патефоннинг қулоғини бураб, гоҳ ашулани ё сал тезлатиб, ё секинлатиб эшитиш имконини берувчи “тормозча”ни уён-буёнга қиттай-қиттай суриб маза қилардим.
Файзибой отанинг хотини Саддинисо отин анча саводли аёл эди, уч-тўрт эшик нарида яшовчи Жаҳон отин иккаласи бувимнинг олдига чиқиб, тез-тез китобхонлик қилиб туришар, девона Машраб, Або Муслим, Бобо Равшан каби ривоятларни, Ҳожа қул Аҳмад, сўфи Оллоёр шеърларини эскича китобдан ўқишни бошлашса, мен бир четда ёнбошлаганимча берилиб тинглагучи эдим. Айниқса, оддий кимсаларни менсимовчи подшоҳу бойларнинг боплаб таъзирини берадиган девона Машраб ҳақида эшитишни жуда хуш кўрардим. Буни сезса керак, Жаҳон отин китоб ўқиётиб, мен томонга кўз қирини ташлаб-ташлаб қўяр, гоҳо саҳифадан кўз узиб, айрим воқеаларни завқ билан изоҳлай кетарди. Саддинисо отинни биз “келинбу” деб чақирардик, унинг юзи ва қўлларига озгина оқ тушгани боис, баъзилар дастурхон устида ундан ўзини тортаётгандек туюлар, мен эсам бунга эътибор бермай, у узатган жийда, туршак, қоқиларни қўлидан олиб, шаппа-шуппа ейишни бошлардим.
Файзибой отамиз ҳарбийдан қайтган ўғли Ўринбойни тутинган қизи Турдихонга уйлантиргани, тўйда тенгқур улфатлари мусиқа ўрнига қарсак уриб туриб айтган қадимий қўшиққа ҳўкизча қилиқлар қилиб ўйин тушгани эсимда:

Қўшингни судра, ҳой, ҳўкизим,
Бошингда шохинг – тошболтанг.
Ўнг сонингдан чап сонингга
Урилиб турсин чойхалтанг,
Хў-ў-ўшка, хў-ў-ўшка,
Хў-ў-ўшка, хў-ў-ўшка,
Э, хўш! Хўш-е!

Юқори кўчада яшовчи Қодирвой тоғамиз тажанглиги, дийдаси қаттиқлиги, пишиқлиги билан акаси Файзибой отанинг буткул акси эди. Унинг икки фазилатини кўп гапиришарди, биринчиси – ниҳоятда мерган экан, отда қувиб кетаётиб, милтиқдан бир ўқ узишдаёқ қуённи қулатар экан; иккинчиси – ялқовтабиат эканига қарамай, устаси фаранг этикдўз бўлиб, бадавлат одамларга буюртма пойабзал тикишдан ортмас экан.
Ёши ўтиб, энди куни деҳқончиликка қолганди. Ҳовлиси қулупнайзор эди. Гоҳ уларникига бориб, оиламизнинг эрка-тантиқ фарзандига хос кеккайиш билан тўғри қулупнай пайкали сари юрсам, Қодирвой тоға бир илжайиб, бир тумтайиб, атрофимда ўралаша бошлар, мендан беш-олти ёш катта бўлган ўғли Орифжон эгатчаларга яқинлашса, ҳозиргина единг-ку, очофат, дея уни кесак отиб ҳайдар эди.
Ориф ака ҳақида гап кетса, болалигимдаги бир воқеа эсимга тушаверади – унинг опаси яқин дугонасининг тўйида ётиб қоладиган бўлиб, колхоз раисининг котиби лавозимидаги эри ишдан доим кеч қайтиши боис, бизни уйга пойлоқчи қилиб кетди. Икковимиз осмачироқ ёруғида гурунглашиб ўтирсак, бир маҳал поччаси келиб, кетаверинглар, бугун ишдан эртароқ бўшадим, деб қолди. Кўчага чиқиб, бир қарасанг боғча мудири, бир қарасанг пахта териш машинаси ҳайдовчиси, бир қарасанг хотин-қизлар кенгаши раиси бўлиб, йиғинларда қишлоқ аёлларини қолоқликдан тезроқ қутулишга чорлаб юрувчи Х. опа турганини кўрдик.
Ориф ака ўша тунда ота-онаси ва бир-иккита қўшнини эргаштириб бориб, поччасини қўлга туширибди. Борганлар уйнинг эшигини муштлаб чақирса ҳам жавоб бўлавермагач, бир тепишда ички зинжирни узиб киришса, кўрпада куёвпочча ёлғиз ўзи ётганмиш. У безрайиб туриб, э йўқ, бе йўқ, нимага эшигимни бузиб кирдиларинг, деб пишқирибди. Ориф ака даҳлизнинг ланг очиқ турган эшигини ўзи томонга қайириб қараса, Х. опа бурчакка биқинганича, ички кийимда турганмиш. У Ориф акани шапалоқ уриб ағдарибди-да, турганларга афсуснамо чимрилиб: “Совет ҳукуматининг шунча таълим-тарбияси ҳайф сенларга! Қачон маданиятли бўласанлар, иприндилар?” – дея сузилганича чиқиб кетибди.
Ориф аканинг дастидан, опасининг рўзғори бузилди, бошқа эрга тегиб, янги болалар кўрди. Бу воқеа инжиқдан-инжиқ Қодирвой тоғамизнинг эсидан чиқса чиқдики, аммо унинг хотини Сора хола ўзга аёлнинг маҳридаги эркакнинг қучоғида ётиш билан Шўролар юрти маданияти ўртасида қандай боғликлик бўлиши мумкинлигини узоқ йиллар муҳокама қилиб юрди, тагига етолмай ўлиб кетди.
Сарвинисо бувимизнинг кенжа укаси Усмон тоғамиз дувонахонроқ эди. Олтмиш йилча умр кўриб, дадамнинг қарамоғида яшаб ўтди. Пул нималигини билмасди. Иш деганни кийиб ташларди. Ўзини озода тутарди, биз билан бир товоқдан овқат ерди. Уйланмади. Дадам иккови деярли тенгдош эди, бир-бирини сенсирашарди. Дадам гоҳида тегажоқлик қилиб: “Кўнасанми, кўнмайсанми, энди сен қизиталоқни уйлаб қўймасам бўлмайди”, деса, Усмон тоғамиз: “Хотинсираган бўлсанг, ана, ўзинг ол”, дея аразланиб ўрнидан туриб кетарди. Хосият гадой деган тул хотин бор эди. У очарчилик даврида қаёқдандир келиб, шу ерда турмушга чиққан, эндиликда эридан қолган шапалоқдеккина ҳовлидаги чолдувол уйда қизчаси билан яшарди. Баъзилар уни НКВДнинг (“Ички ишлар халқ комиссарлиги”нинг русчадаги қисқартма номи) айғоқчиси дейишарди. Уйма-уй юришни хушловчи бу аёл бувимизни бот-бот йўқлаб турар, “келинг, мени олақолинг”, дея ҳазиллашиб, Усмон тоғамизга ишқаланишни бошлар, тоғамиз эса уни туртиб-туртиб қарғай кетарди.
— Ношукур экансиз-ку, — деб жилмаярди Хосият опа. – Ўлсам, ҳамма мол-дунём сизга қолади-я.
Бу гап атрофдагиларга наша қилиб, баттардан кулишарди: гадойда қандай мол-дунё бўлиши мумкин? Мумкин экан. Хосият опа касалланмай қўққисдан ўлгач, унинг қишин-ёзин кийиб юрадиган юпқача тўнидан қовиқлар орасига эшиб-эшиб жойлаштирилган йирик-йирик пуллар топилгани, ўша пайтда бунча пул енгил автомашина олишгаям етиб ортишлигини қўшни аёллар тирик гувоҳ сифатида сўзлаб юришарди. Бу ростми, жуда ошириб айтилганми, у ёғини Худо билади.
Саксон беш йилча умр кўрган Сарвинисо бувимизнинг ўзига яраша жаҳли бўлса-да, оғзидан бирор марта беҳаё сўз чиққанини эшитмаганмиз. Кимдандир ранжиб қолса: “Ҳа, сандиғинг буғдойга тўлгур”, “Ҳу, босган изинг орқангда қолгур-а”, “Ҳе, яман бўлгур”, деб жавраниб қўярди. Яман бўлгурингиз нимаси, деб кулсак, араблар томонда Яман деган обод юрт бўларкан, шунақа бой бўлгин дейман-да, дея жавоб қиларди. Қарғишларининг ҳаммаси аслида дуо эди…
Чўнг аждодларим тўғрисида билганларимнинг қисқачаси шу. Ўзимнинг пайдо бўлишимга ҳам навбат яқинлаб қолганга ўхшайди. Бунинг учун гапни отадан бошлашим лозим бўлади.

ТУҒИЛСАК ТУҒИЛИБМИЗ-ДА

Туғилмоқлик учун ўзингга ота қидиргил, сўнг она топ.

КУЛКУЛ афанди

Оллоҳ нимани хоҳлаганини воқеа содир бўлмагунча била олмаймиз. Яратгувчим қидим-қадим замонлардаёқ менга ота танлаб қўйгани, унинг исми Обиджон эканлиги ҳам узоқ вақт сирлигича қолиб келди.
Обиджон отасидан етим қолганидан сўнг, ўн бир ёшга тўлиб-тўлмасидан, Николай пошшо 1917 йилнинг февралида тахтдан воз кечиб, Россияда ҳокимият Керенский бошлиқ Муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Янги тузум ўзини ўнглаб улгурмай, Туркистондаги илғор кучлар Қўқонда қурултой чақириб, Мухторият тузилганини эълон қилди.
Кузга бориб эса, Ленин бошчилигидаги коммуначи болшевиклар қўшин ичидан ўзларига оғдириб олган бир талай “қизил”ларнинг қуроли ёрдамида қонуний ҳукуматни тўнтариб, давлат тепасига келди. Улар Туркистон Мухториятини ҳам тан олишмади, 1918 йилда Қўқон тўпга тутилди, ўн саккизта қишлоққа тугалай ўт қўйилди, туркий халқларга эскитдан кини бўлган дошноқи арман отлиқ қўшинлари ишга солиниб, тинч аҳоли вакилларидан ўн мингдан зиёди (баъзи маълумотда ўттиз минг) қарийб бутун оиласи билан қириб ташланди.
Болшевикларнинг юрагини тушираётган энг катта куч аста-секин Фарғона водийсида тўпланаётган эди. Сибирда сургунда бўлиб қайтган, оврўпоча таомилларни ҳам яхши билган Мадаминбек ихтиёридаги аскарлар сони ой сайин кўпайиб, эллик мингдан ошиб бораётганди. Қизил комиссарлар уларга нисбатан “босмачи” деган таҳқирли номни халқ орасида атайлаб кенг тарқатишга уринарди. Лекин, кетма-кет жиддий зарбаларга учрайвергач, Шўро ҳукумати Украинадаги миллатпарварлар қўмондони Махно билан келишиш йўлини танлаганидек, Мадаминбекни ҳам куч сифатида тан олиб, расмий музокара олиб бориш, шартнома таклиф қилишга мажбур бўлди. Кейинчалик Мадаминбек ҳам, Махно ҳам ишонувчанликнинг қурбони бўлди, болшевиклар ваъдасида турмади, уларни бошқаларнинг қўли билан ўлдириб ташлашди. Мадаминбекнинг издошлари олишувни бутун ўлка бўйлаб давом эттирган эса-да, ягона бошқарувчининг йўқлиги, тарқоқ ҳолда ҳаракат олиб борилгани Шўрога қўл келиб, миллий озодлик кураши охири батамом бостирилди.
Туркистон генерал-губернаторлигининг мутлақ тасарруфидаги Қўқонда Мухторият тузилганида, Чор ҳукуматининг вассалларига айланганидан эътиборан кўҳна туркий ўлкада бирмунча бегоналашиб қолган Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги бунга хайрихоҳлик билдирмаган, ёрдам кўрсатиш ўрнига қаршилик қилишган эди. Болшевиклар бу жойларни ҳам кўп ўтмай тўлиғича босиб олди. Иқтисодда тангликка учраб турган Шўро учун Хоразм улгуржи ўлжага айланди. Бир пайтлар рус айғоқчиларининг ишқовига учиб, мусулмонларни маърифатли қилиш, миллатнинг кўзини очиш фидоийлари саналмиш жадидларни таъқиб этган, республикачи “Ёш бухорочилар”дан уч мингга яқинини ўлдиртирган, бу билан ўз ҳалокатини янада тезлаштирган; олтин конларига, йирик заҳира маблағларга эга бўлишига қарамай, бу бойликларни илму фанни ва саноатни ўстиришга, черикни энг янги аслаҳалар билан қуроллантиришга сарфламаган Бухоро амирининг Фрунзе вагонларга босиб жўнатган ғазнаси Худоёрхонники каби Россияда изсиз ғойиб бўлди (Худоёрхон рус банкига бор-йўғи қирқ арава кумуш танга топширгани маълум, қимматбаҳо идиш-безаклар, олтину олмослар мустамлакачи амалдорлар орасида ўзаро тақсимлаб олингани ҳақида оғзаки гаплар юради холос). Замонавий мутахассислар тайёрлаш, юрт хавфсизлиги ҳақида қайғуриш ўрнига, дабдабабозлик, маишатбозлик, хурофотчиликдан боши чиқмаган арбобу мулкдорларнинг топгани ҳам боласига буюрмади.
Шўро ҳокимиятни қўлга олган эса-да, бу жойларда яна оддий халқнинг нафратига йўлиқди; Бухоро амирлиги ҳудудида Иброҳимбек, турк Анвар пошшо, Хива хонлиги ўрамида Жунаидхон етагидаги ўчкорлар уларга лоақал бирон кун тинчлик бермади. Фақат, водийда Мадаминбек, сўнг Шерматбек қўшинлари қаршилиги буткул синдирилгач, “қизиллар” асосий кучни воҳага йўналтириб, 1926 йилнинг охирларидагина ютуқни ўзларига оғдира олди.
Ўзбекнинг бошига кулфат қаторлашиб келаверди: йигирманчи йиллар очарчилигида ҳар тўрттадан биттаси оламдан кўз юмди, бой “қулоқ”ларни жамиятдан суриб чиқариш баҳонасида миллатнинг минглаб асл ишбилармонлари жисмонан йўқ қилинди, сургунга жўнатилди; сўнг “маданийлаштириш” даври бошланди, эскича китоблар аёлларнинг бошидан юлиб олинган паранжилариларга қўшиб гулханга улоқтирилди, мачит-мадрасалар ёпиб ташланди, давлат муассасалари раҳбарлари байрамона йиғинларда хотинлари билан “танца” тушиши русумга айланди; ўттизинчи йилларда барча тармоқларда “халқ душманлари”ни фош этиш авж олди, НКВД “учлик”лари (уч кишидан иборат трибунал) ҳукмига асосан ўн минглаб киши отиб ташланди, юз минглаби “Сталин лагерлари”га итоб этилиб, каналлар кавлаш, ўрмон кесиш, кон қазиш сингари оғир жабҳаларда текинга ишлатилди, анча қисми касалликдан қирилиб кетди; қирқинчи йилларнинг бошларида милтиқ кўтаришга қурби етадиган ўзбек борки, иккинчи жаҳон уруши “кушхонаси”га ҳайдаб киритилаверди. Қарияларимизнинг эслашича, мелисалар ва аскарлар баъзида бозорга бостириб кириб, туғилиш гувоҳномаси нималигини билмай яшаб келаётган қишлоқиларни ўраб олар, ёшини аниқлаш мумкин бўлмагани учун, уларни тарозида тортиб, қирқ беш килограммдан ортиқ чиққанларини, айримлари ҳали вояга етмаган бўлса ҳам, вокзалга элтиб, поездларда тўғри фронтга жўнатишаркан. У пайтда республикадаги олти миллион аҳолининг уч миллионини вояга етмаганлар, қолган уч миллионнинг ярмини хотин-қизлар ташкил этгани, урушга бир миллионга яқин аскар жўнатилгани назарда тутилса, кексайган, ногирон ёки зарур мутахассис саналмовчи эркакларнинг қарийб барчаси қирғинга ташланган бўлиб чиқади…
Обиджоннинг етимликда кечган болалик, ўсмирлик, дуркун йигитлик чоғлари айнан ана шу даврларга тўғри келди. У ўттизинчи йиллар бошида турмуш қуриб, фарзандлар кўрган эса-да, ҳали менинг отам эмасди, бунинг учун иккинчи марта уйланиши керак бўлади. Шунга қарамай, бундан буёғига уни, хоҳласам “дада”, хоҳласам “дадажоним” деявераман. Бўлажак отангдан бегонасираб туришнинг нима кераги бор?

* * *

Дадам араб, лотин, кирилл имлоларида бемалол ўқиб-ёза олса-да, дунёвий илмларга, сиёсатга ўта бефарқ эди. Айниқса, эшонлар сулоласидан бўла туриб, диний илмда ҳам оқсоқлиги кўпларни таажжубга соларди. Эҳтимол, унга сабоқ бергучи отадан ўн ёшидаёқ айрилиб қолгани, болалик ва ўсмирлик паллалари болшевикларнинг Туркистонда ўз ҳокимиятини ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлашдаги ур-қувала замонларга тўғри келгани бунинг асосий сабабчисидир. Тарихдан маълумки, Қизил империя даврида юрти ва миллатининг виждони бўлган зиёлилар, мол-мулки четдан келган зўравонлар қўлига ўтишини истамовчи давлатмандлар, эътиқоди йўлида курашга кирган ҳамиятли фуқаролар қаторида мусулмон аҳлини ғайридинларга қарши оёққа турғаза олишга қодир куч ҳисобланмиш дин пешволари ҳам аёвсиз қирғин қилинган, сургунга юборилган. Уларнинг яқин кишилари, айниқса, фарзандлари домий таъқиб ва назорат остида бўлганлар.
Буларни кўриб қўрқув ва безилловлар остида қолган, Баҳром эшон ва Акбар эшон авлодларидан уй-жойлари тортиб олингач, она аждодларига қарашли ҳовлининг бир четидан қўним топиб улғаяётган дадам ўзини биринчилар қаторида янгича мактабга уради, илғор ўқувчилардан бирига айланади. Кейинчалик комсомолга (коммунистик ёшлар оқими) қабул қилиниб, йигирманчи йиллар ўртароғида бир гуруҳ фаол ёшлар билан бирга Мирзачўлни ўзлаштиришга юборилади. Бир неча ой ўтиб, безгакка чалингани сабабли, чўлқуварлар учун махсус тикилган коржомада Полосонга озиб-тўзган ҳолда қайтиб келади. Даволаниб ётган кунлари уйига қайсидир қўрбошининг йигитлари бостириб кириб, комсомолга аъзо бўлгани учун дадамни қаттиқ ғадаблашганини, эшон отанинг ўғли бўлмаганингда жойингда отиб ташлардик, деб устида милтиқ ўйнатишганини, дадам ортиқча саросималанмай, жим тураверганини Шафоат аммам сўзлаб юргучи эди.
Олтиариқдаги Ванновский темир йўл станциясининг у юзида Туркистонда биринчи бўлиб 1906 йилда қурилган (тарихий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, ўша даврда Озарбайжонда фаолият кўрсатаётган Алфред Нобел шахсан келиб, Чимёндаги нефт заҳирасини чамалаб берган экан) нефтни қайта ишлаш заводи, бу юзида пахта қабул қилиш пункти жойлашган экан. Баҳром эшоннинг муридларидан бўлган Байзақ (Бойузоқ) қори пахта пунктида бош тарозидор экан. У киши дадамни паноҳига тортиб, пункт ёнидаги чойхонага чой ташувчи қилиб жойлаб қўйибди. Қўл-оёғи чаққонлиги, зеҳни ўткирлигини сезгач, кейинроқ ўзига мирзаликка олиб, тарозидорлик сирларини ўргата бошлабди. Бу орада дадам Сурмахон деган аёлга уйланиб, Ҳомитжон, Одилжон, Шаҳодатхон исмли фарзандлар кўрибди. Одилжон уч ёшида оғир касал бўлиб, Ҳомитжон ўн уч ёшида дарахтдан йиқилиб, вафот этибди. Қўшним Ўринбой аканинг айтишича, Ҳомитжон унга синфдош экан, ўртоқлари орасида ўта қувноқ, мактабда жуда аълочи экан, юрган йўлида ўзича қўшиқ хиргойи қилавераркан.
Орадан қанча йиллар ўтгач, маҳалламиз этагига тақасимон қилиб қурилган янги 13-мактабнинг олтинчи синфида ўқиётганимда, жойи биноларга кираверишдаги йўлак четига тасодифан тўғри келиб, кесилмасдан қолган икки туп кекса ўрикдан бирига чиқдим-у, ғўра териб ея бошладим. Шунда томорқаси мактабга туташ бўлган Турдали тоға мени пўписалаб пастга туширди-да, кўзимга хомушроқ боқиб: “Аканг Ҳомитжон худди шу ўрикдан йиқилиб ўлганиди”, деди. Оғзимдаги чайналган довуччани ютолмай, сўррайиб қолдим.
Байзақ қори дунёдан ўтгач, устозидан пухта таълим олган, ўзига хос нозик томонлари кўп бўлган касбнинг сир-асрорларини чуқур ўзлаштириб улгурган дадамни бош тарозидорликка тайинлашади. Кўп ўтмай, Германия лашкари советлар юртига бостириб киради, дадамни керакли мутахассис сифатида ҳарбий хизматга вақтинча чақирмай туришади. Бу касбнинг нозик томони – лабораториялар деярли бўлмаган ўша даврда пахтанинг сифатини, ифлосланганлик ва намлик даражасини оддий чамалаш орқали аниқлаш, шунга қараб вазнидан қанча камайтириб ҳисоблашни билиш, навларга ажратиб ғарамлатиш тарозидорнинг жавобгарлигида бўлган экан. Тарозидорнинг яширин даромади – пахтанинг ифлослиги ва намлигини керагидан зиёдроқ белгилаб, бундан қанча маҳсулот ортиб қолишини аниқ чамалай олиш, шу “захирача”ни давлат томонидан берилган планни (режани) бажаролмай қолган колхозларга енг учида пуллаш орқали ҳосил бўларкан. Дадам ўз шогирдларига: “Орттириб ейишнинг ҳам меъёри бор, чегарадан чиқмаслик керак”, деб тез-тез тайинлагучи эса-да, ана шу “орттиргани”ни чамалашда сал янглишган бўлса керак, озгина камомадга йўл қўйиб, 1942 йили кесилиб кетибди. Турмада бир йилдан озроқ ётган бўлса ҳам, хотини Сурмахон ўғли Ҳомитжоннинг доғини кўтаролмаганми, бу оилада нимадандир безиганми, қизи Шаҳодатни бувимга ташлаб, бошқа эрга тегиб олибди.
Дадажоним қамоқдан чиққач, бу соҳада мутахассис тақчил экани туфайли, уни чекка Файзиобод қишлоғидаги пахта қабул қилиш пунктига бош тарозидорликка юборишибди. Касбдошлари шу қишлоққа ёндош бўлган Оқбўйрадан унга хотин топишибди, уруш даври таомилига кўра, тўй ими-жимида ўтказилибди. Янги келиннинг оти Мунисхон экан.
Ана, ниҳоят, мен шўрликка она ҳам топилди. Энди асосий гап – соғ-саломат туғилиб олишимда.

БАХТ – ҲАММАГА ЎХШАБ ЯШАШДАМИ?

Ёйилиб яшамоқни истасанг, бировларнинг раҳмини келтирғил.
Гулмат ШОШИЙ

Четдан қараганда, дадам илмга ҳафсаласиздек эса-да, ҳаётий масалаларда анча кенг фикрловчи, ахлоқ-одоб тушунчаси қон-қонига сингган, ўта ҳаракатчан, зийрак ва кузатувчан киши эди. Тенгқурлари унинг сўзамоллиги, ишга бор вужуди билан ёпишиши, абжирлиги, феъли кенглиги, кин сақламаслиги, барчага очиққўллиги, беозорлиги, тагдор ҳазилларга усталигини алоҳида таъкидлаб гапиришади. Салга таъсирланадиган даражада кўнгли бўшлиги, душманларига кечиримлилиги, иғволарга бепарволиги, боладек содда ва ишонувчанлиги, топган мол-дунёсидан эртасини ўйлаган ҳолда фойдаланишни билмаслиги, ортиқча улфатбозлиги каби одатларини эса унинг қусурига йўйишади.
Уруш тугаганидан кейин, дадам аввалига Фарғона туманининг Каптархона қишлоғидаги пунктда ишлабди. Олтиариқ темирйўл станциясидагиси ўрнига Полосонда янгитдан пахта пункти ташкил этилаётганда, бу ерга яна бош тарозидар этиб тайинланибди, қурилишни ўзи устида туриб битказибди. Шу лавозимда 1957 йилгача ишлаб, одамларнинг таърифидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, тумандаги тўртта йирик пулдорнинг бирига айланганида, мен эсимни анча таниб олган ёшда эдим.

Дадамнинг иккинчи никоҳидан Холисхон (1943), Анваржон, яъни каминалари (1947), Акрамжон (1949), Тоҳиржон (1951), Зуҳрахон (1953), Ҳомитжон (1955), Авазбек (1957), Дилмурод (1959) деган фарзандлар дунё юзини кўрди. Шаҳодат опамиз ҳам биз билан бирга яшар, унинг онаси бошқалигини улғайибгина билдик. Жамланса, дадам иккала хотинидан ўн битта фарзанд кўрган, бари уйда, қўшни кампирлар эначилигида туғилганди. Аямнинг олдинги рўзғоридан бўлган Маҳбуба опамиз эса, Оқбўйрада Хоним энам билан қолганди. Оқбўйрага меҳмонга борсак, қунишиб турувчи ўгай опам билан ётсираб кўришардим, уйимизга қайтгач, уни бошқа эсламасдим.
Илк болалик чоғларим оиламизнинг тўкин-сочин даврига тўғри келди. Мени жуда башанг кийинтиришга уринишарди, ҳадеб овқатлантирмоқчи бўлишаверарди, эркалатишгани эркалатган эди. Айрим қўрс ўспиринларни ҳисобга олмаганда, “бойнинг арзандаси” деб, маҳалла болалари, айниқса тенгқурларим мени турткилаш уёқда турсин, ортиқча қўполлик қилишдан ҳам ўзларини имкон қадар тийиб юришарди. Бу ҳол айрим жангчаларда устунлигимни таъминлаб, ўзимни хотиржам сезишимга сабаб бўлса-да, кўнглимга заррача ҳам ҳузур бағишламас эди, аксинча ғашимни келтирарди. Тенгдошларим мендан ҳуркимаслигини, жайдарича муомалада бўлишларини, керагида қўполлик ишлатишларини хоҳлардим. Улар билан уришиб кўришни истаб, гоҳо атайлабдан бирор нарсани талашардим, жанжал қўзирдим, улар эса мен билан олишувга киришмасликка тиришардилар, урсам ҳам ё мунғайиб туришаверарди, ё секингина қочиб қолишарди. Бу менга шунақанги алам қилардики!
Ўша ғалати истакларимнинг боисини улғайганимда тушуниб етдим. Оламдаги барча ўсимлигу жонзот ёруғ дунёда пайдо бўлибоқ, биров ўргатмаса ҳам, ўзини ўзи синаб кўришга, чиниқишга, курашмоқ учун тобланишга, табиий сараланишда мағлуб бўлмасликка ўз-ўзидан интила боради. Балки ўшанда мен жуда-жуда ибтидоий инстинктлар қутқусининг таъсирида бўлгандирман, ички ёввойи туйғуларим турткиларининг моҳиятини идроклаб етмаган ҳолда ўзимни табиий сараланиш жараёнида фаоллаштиришга тиришгандирман.
Тенгқурларим ичидан ўзимга “муносиб рақиб” топа олмагач, мен билан ўғилболача сўкиниб жанжаллашмоққа, уриб-турткилашмоққа қодирдек кўринган каттароқ ёшдаги болаларнинг даврасига суқилиб кира бошладим. Афсуски, улар ҳам мен билан ўчакишгилари келмас, фақат ортиқча жиғига тегворсам, баъзилари қаттиқроқ жеркиб ташларди. Баҳона топилганидан қувониб, дарҳол муштлашувга киришардим. Омадсизлигимни кўрингки, янги “рақиблар”им ҳам ҳимояланишдан нарига ўтмас, бойваччанинг бирорта тарафдори чиқиб қолмасмикан дея хавфсираётгандек, тевараккка ҳадикли аланглашар эди.
Фақат, мендан икки ёшлар катта бўлган Йўлдош бир гал аямай савалаб, роса таъзиримни бергани эсимда. Бир куни яна уришмоқчи бўлганимда, Йўлдош: “Бўлди энди! Қўрқдим десам қутуламанми?” – деб жилмайди. Шу кундан бошлаб, то ўсмирликда касалланиб ўлмагунича, у билан доим илиқ муносабатда бўлдим.

Бесўнақай туфлим остидан
Кунлар оқиб ўтган кезлари,
Таъқиб қилар соям ортидан
Миттигина оёқ излари.

Болалигим менинг ортимдан
Кезиб юрар ҳануз саргардон.
Чақноқ кўзи ялинар зимдан,
Қайтайлик деб имлайди нодон.

Ундан кетмоқ бўлсам мен нари,
Чопқиллар у тошиб ғайрати.
Менинг ёшим улғайган сари,
Ошиб борар унинг ҳайрати.

Ўзлигимдан пастдалигимда
Гоҳ кимгадир сўйлайман ёлғон.
Яшамоққа усталигимдан
Болалигим ҳайрон ва ҳайрон…
…………………………………………….

(“Болагина”, 1979)

Болалар баъзида уйидаги қийинчиликлардан гапириб қолишарди. Бири пойабзали йўқлиги учун акасининг катта этигини кийиб мактабга бораётгани; бири синглиси ўртоғининг қўлида қанд кўриб, менгаям қанд олиб беринг, деб йиғласа, пулим бўлмаса, энангникидан олиб бераманми, дея дадаси уни тарсакилаб, бурнини қонатиб юборгани; бошқаси кеча кўчада узоқроқ ўйнаб, уйга кеч қайтгани, овқатни унга қолдирмай еб қўйишгани, очликдан анчагача уйқуси келмагани ҳақида сўзларди. Уларни тинглаётиб, гоҳ оёғимдаги қимматбаҳо туфлимни яширишга уринардим, гоҳ нонушта чоғи дастурхонимизда оққандгина эмас, ҳолваю асалгача туришини эслаб, ўз-ўзимдан қизариб кетардим.
Қўшниларникига кирганимда, кўпчилигининг дастурхонида қорамағиз нон ёки макка зоғораси, туршак-қоқилардан бўлак нарсани кўрмасдим. Бундай хонадонларда яшовчи ўртоқларимдан гоҳ унисини, гоҳ бунисини уйимизга тез-тез бошлаб кирардим, бирга овқатланардим, дастурхонга қанд ҳам қўйишларини талаб қилиб туриб олардим, укангга берарсан деб бир-иккита “каллақанд”ни чўнтагига солиб қўярдим. Сен қандни ҳар куни ейсанми, дея ҳавас-ла савол ташларди болалар. Хоҳласам, кунига ўн марта ейишим мумкин бўлса-да, нима учундир ёлғон гапириб, онда-сонда беришади холос, деб ғарибланар эдим.
Оқ қандни-ку мендан аяшмасди, бироқ гулдор қоғозчаларга ўралган попукли қандларни, шоколадларни қутичада қулфлаб сақлашар, гоҳ қулфбузарлик қилишга мажбур бўлиб, бошимга бало орттирардим. Меҳмонлар келганида, дастурхонга ширинликларни териб ташлашса, катта бўлиб меҳмонга борсам, наҳотки бир товоқ шоколадни менга ишониб олдимга қўйиб қўйишса, деб ҳаяжонланардим. Сарвинисо бувимнинг назорати остида одоб сақлаб ўтирарканман, биламан, жуда-жуда егинг келиб турибди, олифталанмасдан ширинликларни шартта-шуртта лунжингга тиқавермайсанми, деган хаёлда меҳмонга хитланиб боқардим.
Бир куни болалардан бири: “Биз бир ойчадан бери гўшт ололмаяпмиз, кунда ёвғоншўрва ичамиз”, деб қолди. Туйқус менинг ҳам хасратлангим келиб: “Кеча бизникидаям шўрва қилишди”, деб бўйин қисдим. Мендан олти-етти ёш катта бўлган Машраб ака ўшанда: “Сен миллионернинг ўғлисан. Сизларникида шўрвага қўйни бутунича ташлашади”, дея масхараомуз тиржайди. Ҳамма бирдан кўзимга тикилди, бари менга олайиб қараётгандек туюлди. Бой эканлигимиздан уялаётгандек, бошқаларга ўхшаб камбағал эмаслигимиздан ўксинаётгандек эдим. Барчадек бўлишни истардим, ўзгалардан фарқланиб, ёввойидек ажралиб туришни ёқтирмасдим. Бири биридан жулдурвоқи болаларга кўз югуртганим сайин, раҳмим келаверарди.
Негадир, уларнинг ҳам менга раҳми келишини хоҳлардим. Биргина болалар эмас, катта ёшдагилар ҳам ҳолимга ачиниб боқишларини, қаттиқ ачинганидан йиғламсираган қиёфада бошимни силашларини, ширин гаплар билан кўнглимни кўтаришга уринишларини орзу қилганим қилган эди.
Бу каби ажабтовур туйғулар, бу каби ғалати тушунчалар кап-катта киши бўлганимдан кейин ҳам онггим қаърида сақланиб тураверди, яшаш шароитим, кийинишим бошқаларнинг кўзини куйдирадиган даражада бўлмаслигига интилавердим, ўзгалар менга раҳм-шафқат билан қарашларини қўмсайвердим, дардимни англаб, меҳрибонларча таскин беришларини, кўмаклашишга тиришиб, яхши гаплар билан кўнглимни кўтаришларини кутавердим.
Чучварани хом санаганимни, агар оғир аҳволда қолсанг, ота-онадан ташқари, ҳолингга астойдил куйиниши мумкин бўлган ноёбдан ноёб бандаларни Тангри саноқли даражада кам яратганлигини неварали бўлганимдагина сал-пал англаб етдим. Англагандекман-у, дунёнинг шу қадар тубанлигига сира ишонгим келмайди. Фарзандларим улғайиб, келинли, қуда-андали бўлгач, ўзгаларда ўғилларим менга яхши қарамаётгандек таассурот туғилмаслиги учун пўримроқ кийинишни одат қилган эсам-да, бундан ўзимни барибир ноқулай ҳис этавераман ҳануз.
Ўшанда бола эдим. Олам азалдан шунақа нотекис эканлигини, қандай тузум яратилмасин, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишлигини ҳали билмасдим. Қачон, неча ёшда эканлигимни аниқ айтолмайман-у, кунлардан бир куни, бошқалардан бўлакча шароитда эканлигимдан ўксиниб: “Э, Худо, дадам камбағал бўлиб қолсин! Э, Худо, дадам камбағал бўлиб қолсин!” – деб илтижоланганим ҳозиргидек эсимда. Буни қарангки, ўша дамда: “Э, Худо, ҳамма-ҳамма дадамдек бой бўлиб қолсин”, дейишга ақлим етмабди. Бойларни халқ душманига, мол-давлатни ҳаромтомоқлик рамзига айлантирган шўровий мафкура наҳот болалигимдаёқ онгимга сиранчдек ёпишиб улгурган бўлса?
Дадажонимни ҳамон ёниқиб-ёниқиб эслайман, бир маҳаллар чиндан ҳам ёнгинамда тирик юрганлигини тасдиқловчи суратига соғиниб-соғиниб, сиғиниб-сиғиниб тикиламан.

Ер юзида одам кўп,
Ҳамдард сероб, ҳамдам кўп,
Дадагинам йўқ холос…

АЗАДАГИ БЕКИНМАЧОҚ

Ия, ҳали бирон мартаям
тобутда бўлмаганмисан?!
КУЛКУЛ афанди

Кўпчилик қондошларга аямнинг оёқ-қўли чаққонлиги, йиғинчоқлиги, бичув-тикувда чеварлиги, қўли очиқлиги ёқарди. Пазандаликда Сарвинисо бувимизнинг олдига тушолмаса ҳам, хамир овқатларга анча уста эди. Ёпган нонлари чиройли, бўрсилдоқ бўларди. Айниқса, бувимдан ўрганиб олиб, қаймоқ суртилган юпқа хамир ёймаларини қат-қат тўшаганича, сийрак чекич уриб, юпқа жувалаб тайёрлайдиган қатлама патирлари оғизда эрирди.
Аям меҳмонларни кутиб-кузатишдан чарчамасди. Хоҳи қариндошлар келсин, хоҳи дадамнинг улфатлари йиғилсин, ҳеч бир малол олмасдан хизмат қилар, ҳатто мен уйга ўртоқларимни бошлаб кирсам ҳам, айтганимни қилиб, тезда дастурхон ёзарди. Унинг ғайрати баландлиги ҳақида гап очилса, кўпроқ бир воқеани эслашарди: аям колхоз даласига чиқиб ишлаган чоғларида, бригада бошлиғи Холис опамни биронта ўсмир қизга топшириб, Мунисхон сендақалардан ўнтасининг ишини қилади, шу болани ўйнатиб, овқатини бериб ўтирсанг ҳам сенга меҳнат ҳақи ёзаверамиз, дер экан.
Бошқа ёқдан қаралса, аямнинг жаҳли жуда тез эди, ўзгалар четда пичирлашиб гаплашганини кўрса ҳам бирдан гезариб қоларди, сал нарсага жанжаллашиб кетарди, бор товушда саннашга тушса, биров бас келолмасди. Биргина дадамдан ҳайиқарди, лекин пайтини топиб, оилада ҳукмронликни қўлга олишга бот-бот уриниб кўраверарди, барибир бунга эришолмасди.
Сарвинисо бувимиз аямни унчалик хушламасди, бу ялангоёқ ўзига мунча бино қўймаса, уни ўғлимнинг пуллари қутуртиряпти, деб ғудранарди гоҳида. Ҳатто дувонахон Усмон тоғамиз ҳам ўзининг оқсуяклар авлодидан эканлигидан ғурурланишни билар, аям бирда бир кўнглини оғритса, зоти паст қораялоқ, дея чақчайиб боқарди.
Ўша дамларда бундай гаплар менга ғалати ва тушунарсиз туюларди. Вақт ўтиб, ақлим анча қуюлганидан сўнг, ҳар эҳтимолга қарши, аямнинг насли билан қизиқиб кўрдим. Билсам, отаси Ғафур бува ўртаҳол деҳқон бўлган экан, аммо унинг отаси қишлоққа қозилик қилиб ўтгани назарда тутилса, насаби жуда ерга урарлик даражада эмасдек кўринади. Бунинг устига, аямга она бўлмиш Хоним энамизнинг асли риштонлик, кейинчалик Тошкентда бошқа аёлга уйланиб, юз ёшдан ортиқ умр кўрган отаси Ҳамро бува бикиргина тижоратчи эди. Дадамнинг уруғларига ўхшаб оқ-сарғиш тусли, тирсиллоқ ёноқлари қизғиш товланиб турувчи бу киши Тошкентдан ташриф буюрса, уйида шароит йўқлигиданми, энам ҳар сафар уни бизникига бошлаб келар, бир-икки кун тунаб қолишарди. Бир куни Хоним энам менга қараб, отам тўла тожик, мен ярим тожик, деса, бу таъриф Ҳамро бувани қониқтирмай, биз тоза форс уруғиданмиз, оқ тожикмиз, боболаримдан бири ҳатто Эрон шоҳи (шоҳнинг исмини айтган эди, эсимда қолмаган) саройида хизмат қилган экан, деган эди. Шунда Хоним энамиз:
— Агар қора тожик онамгамас, Сизга тортиб чиройлироқ туғилганимда, бирорта бойга хотин бўлармидим, — дея қақоқлаб кула кетганди.
Замона зайли билан Ғафур буванинг қашшоқлар қаторига тушиб қолиши унинг бутун бир зурёдини беобрў қилганди, чамаси.
Ғафур бувадан Мавлонжон, Мунисхон (онам), Ҳабибахон, Аломатхон, Олимжон, Шаҳрихон деган фарзандлар қолган. Аямнинг акаси Мавлон тоғам иккинчи жаҳон урушига бориб, бедарак йўқолган. Хоним энамиз 97 ёшида узилган бўлса, охирги йилларда ҳам умидсиз бўлмай, кўнглим доим сезиб туради – Мавлон ўғлим барибир тирик, чет мамлакатда бирортасига уйланволиб, бола-чақанинг ташвишига ботиб қолган-да, деб юргучи эди. Унинг кўнглини авайлабми, тирик бўлса бирон хабари чиқар эди, деган гапни ҳеч ким айтмасди. Аксинча, дараксиз кетганларнинг кўпи тирик эмиш, юртига қайтса қамалишдан қўрқиб, жим юришганмиш, дея кампирнинг ичига ёруғлик солишга уринишарди.
Болалигимда ҳам, кейинчалик ҳам “узоқ йўлга сафар қилган отам-мў, отам” деб ўкранган куйи толҳассани такиллатганча ўтиб боргучи ўғил-неваралар ортидан тобут кўтариб келаётган одамларни кўрсам, юрагимда билдириксиз бир ғулғула жонланиб, лоҳас туриб қолардим. Ҳар гал кўз ўнгимда бир манзара пайдо бўлаверарди: худди шунга ўхшаган усти ёпиқ тобутга кириб боряпман, қоронғуроқда қолганимдан юрагим орқага тортаётган чоғда ёнимда яна кимдир пайдо бўлади, қувониб кетаман. Шеригим билан уймаланиб ўтирганимизда, ичкарига бирдан ёруғлик ёпирилиб, юзини жун босган бир жинс бизга тепароқдан бақрайиб мўралайди, қўрқиб кетаман. Жундор жинс ёпинчиқни каттароқ очиб, чангалини мен сари чўзганида, чирқираб йиғлашга тушаман…
Нега бундайлигини сира тушунолмасдим, кўнглим доим хира тортарди. Охири, бола-чақали бўлган маҳалимда тасодифан бунинг тагига етдим. Бир куни гапдан гап чиқиб, аям эскидан эски воқеани сўзлаб қолди. Ғафур бувага жаноза ўқилишидан олдин мени йўқотиб қўйишибди. Ваҳима кўтарилиб, мени изламаган жойлари қолмабди. Ҳатто томорқа бўйлаб ўтган зовурнинг сувларига ёғоч суқиб, бақатўнларни пайпаслашибди.
Азага аза қўшилиб турган вақтда бир чол мени қўлида типирчилатиб додлатганича кўтариб келиб, аямга топширибди. Суриштириб билишса, Ҳабиба холамнинг менга тенгдош бўлган ўғли Комил иккаламиз устига қалин алак ёпилган тобутнинг ичига кириб, ўйнаб ўтирган эканмиз. Ўшанда бир ярим ёшда эканман.
Бир ярим ёш! Бир қарасам – энди у мендан жуда олисда, бир қарасам – тобут ичидаги ўртоғимга ўхшаб ёнгинамда.
Отам, онам, уларнинг аждодлари ҳақидаги асосий гапларни айтиб бўлдим шекилли. Буларга шуни қўшимчалаб қўймоқчиманки, ярим асрлик умрни аллақачон ортда қолдириб, бир нарсага қатъий ишонч ҳосил қилдим – одам боласи қанча яшамасин, ҳаётда неларни кўрмасин, не мақомга эришмасин, Оллоҳдан ўзга мустаҳкамроқ таянчни, ота-онадан кўра меҳрибонроқ дўстни барибир топа олмас экан. Мен топа олдим, дегучи кимса бўлса, демак, ҳозирча у жуда бахтли инсон.
Чексизликнинг чекини, саноқсизликнинг саноғини бир ўзи билгучи Буюк Тангри қачонлардир Ер яратишни хоҳлади. Миллионлаб йиллар ўтиб, бу кезғичнинг мислсиз кўркини томоша қилиш, синоатларини идроклаб ҳайратланиш, чиройига чирой қўшиш қўлимдан келмаса, лоақал асраб-авайлашга уриниб кўришим учун Унинг амри билан мен Ер юзига юборилдим. Ёққандирки, остига киришга шошилаётганим йўқ.
Яшамоққа бўлган бу севгимнинг мавжудлигига аждодларим ва яқинларим билан боғлиқ асал-асал хотиралар ҳам сабабчи эканини турмушда қут-қут илғаб тураман.

Давоми бор

6a.jpg Anvar Obidjon
AJINASI BOR YO’LLAR
(TURMUSH KECHINMALARI)

094

3a.jpgAnvar Obidjon Farg’ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog’ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug’ilgan. 1964 yilda o’rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo’jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko’chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho’lpon» nashriyotida bosh muharrir, O’zbekiston televideniesida muharrir bo’lib ishlagan. Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to’plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o’ziga xos yo’l tanladi.
«Bulbulning cho’pchaklari», «G’alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O’zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kollektsiyam», «Shirin so’ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo’shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do’stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug’ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo’ng’iroqli yolg’onchi», «Pahlavonning o’g’irlanishi» Anvar Obidjon so’nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o’g’ri» (1996), «To’tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O’zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo’lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
Boshlov

Xo ishoning, xo ishonmang, yozayotg’onimda tirik edim.
Gulmat Shoshiy.
Og’zingga kelganini gapiraverma, esingga kelganini yozaver.
Kulkul afandi.

Yozsammi, yozmasammi?
Yozmasam, o‘zimni o‘zimdan haydab yashayotgandekman. Shuni his qila boshlashim bilanoq, yuragim siqiladi. Yozsam, o‘zim uchun ham, ba’zi-birovlar uchun ham qanchalar og‘riqli bo‘lmasin, imkon qadar borini boricha aytishimga to‘g‘ri keladi. Aks holda, bu muallaq tarvuz uzra abadiyat ummonining omonat ko‘pikchasidek kechgan hayotim bayoni tabiiylikdan chekinib, bir adibning navbatdagi to‘qimasi yuzaga keladi-yu, umr haqiqatlari ramzi sifatida idrok etilguchi “Esdalik” atalmish so‘z azaliy qimmatini yo‘qotadi.
Afsuski, “chinakam” deganlari ham baribir nisbiydir. Hayotimni tevaragimda yuz berib turguchi voqealardan uzuq tarzda tasavvur qilolmas ekanman, turli hodisalarga munosabat bildirishda o‘z uquvim, o‘z bilimim, o‘z mushohadam darajasidan nariga o‘tolmasligimni, bu darajam esa maqtangudek yuksak emasligini oldindan tan olib qo‘yaqolay. Demak, ayrim masalalarda haqiqatga eltguchi bahslar eshigini lang ochiq qoldirishim lozim bo‘ladi.
Istiholalarni yig‘ishtirib, shartta yozaversammi? Yo tilimni tiyganim tuzukmi?
Chekdim, o‘ylandim; chekdim, ikkilandim; oxiri qadrdon qalamjonim qog‘ozlar uyumi sari oshiqdi-yu, o‘ng qo‘lim yetagida “boshlov”ni chizg‘ilaboq, olisdagi “tugallov” sari bilanglab yo‘rg‘alashga tushdi. Buyog‘i endi O‘ziga tavakkal…

YOQIMLI TAJOVUZ

Ayollarni avayla; ayoldano‘zingni mudofaa qil!
Gulmat SHOSHIY

Hali juda g‘o‘r edim, jinslarni mohiyatan farqlay bilsam-da, bular oralig‘idagi sirli nazokatlarni tubrog‘igacha anglab yetmagan; aqlimni taniy boshlaboq topgan go‘zaldan go‘zal Ollohim siymosini xudosiz zamonaning shakkoklari xom qalbimdan chirt yulqib tashlashga ulgurmagan g‘uborsizgina yoshda edim. Hayotimda birdan o‘sha G‘alati oysanam paydo bo‘ldi-yu, meni o‘ziga butunlay o‘rgatib oldi. Uni sehrli o‘rgimchakka mengzatardim – ko‘rinmas to‘rlarini yo‘limga yoyib tashlardi. To‘riga ilinganimni ham, asta-sekin domiga tortayotganini ham sezmasdim, sarosimalanib pitirlamasdim. Jussamni qancha qattiq chirmasa, es-hushimdan shuncha ayrilib boraverardim, qayerdaligimni, nimalar bo‘layotganini payqayolmay, karaxtlanib qolardim.
Og‘ushi shu qadar tortimli ediki, sirlidan sirli oysanamim vujud-vujudimni qo‘g‘irchoqdek piypalayotgani, qog‘ozdek g‘ijimlab qiynayotganini goho elas-elas his etardim-u, unga salgina bo‘lsa-da qarshilik ko‘rsatmoq, ozgina bo‘lsa-da nafasimni rostlab olmoq istagi ko‘nglimga hurkak qushdek rov qo‘nib, yana nishonsiz yo‘qolaverardi. Momiq bag‘irga tobora chuqurroq cho‘kaverardim, tanam yot tanaga singgib ketayotganga o‘xshardi. Faqat to‘rdan xalos bo‘lganimdan keyingina, behad toliqqanimni, kuch-madorim ayovsiz simirib olinganini tuyib, necha muddat lanjlanib yotardim.
O‘ta elituvchan bu oysanam keyinchalik ham meni tinch qo‘ymadi. Balki, unga o‘zim ko‘proq iliqqandirman. Nima bo‘lgandayam, o‘ylab-o‘ylab, hanuz ba’zi bir sinoatning tagiga yetolmayman – u meni tarbiyaladimi, yo‘ldan urdimi; saodatga yetakladimi, uqubatga yo‘lladimi; uchishni o‘rgatdimi, qanotimni qayirdimi? Tag‘in qancha umr ko‘rmayin, ushbu savollarga jo‘yali javob topa olmasligim aniq.
Doim ehtiros quyunlari ichra yo‘liqib, tumanlikda turgandek tuyulishi bois, tusini aniq ifodalashim mushkul bo‘lgan bu G‘alati oysanam to‘g‘risida, kezi kelgach, alohida to‘xtalarman. Hozir muhimi bu emas. Asosiy gap shundaki, agar u duch kelmasa, hayotim tamoman boshqa o‘zandan oqqan bo‘lardi.

Derazamga choyshab yopar tun,
Yulduz uxlar, ko‘zlarim bedor.
Tamakidan o‘rmalab tutun,
Cheksizlikka tirmashadi zor.

Uyda menga go‘yo nedir kam,
Ortiqchaman yoki uyimda.
Xayolimda saxiy bir sanam
Imlar meni yupqa kiyimda.
(1978)

MEN KIMMAN?!

Yomonga yaqinlashma! O‘zingdan ham nariroqda yur!
KULKUL afandi

Notanish kimsani ko‘rsatib: “Bu kim?” – deb so‘rash oddiy bir hol. Ammo, yoningizdagilarga ko‘zni lo‘qqaytib: “Men kimman?” – deb ko‘ring-chi, ularning nazdida shu zahoti jinniga aylanasiz. Shundan bezillabmi, damim ichimda, faqat ba’zida o‘zimni o‘zim sekin so‘roqqa tutaman: “Kimman?!”
— Kim bo‘larding, bir shoirsan-da, — shivirlab javob qilaman o‘zimga o‘zim. – Balki undog‘roqdirsan, balki mundog‘roqdirsan. Bunisini eshik-derazasiz uyingga o‘rnashib olganingdan keyin vaqt ko‘rsatadi.
To‘g‘ri! Ro‘zg‘ordagi buyumlardan qaysinisi qanchalik qadrga egaligi ular yo‘qolganidan keyin, qay biriga qanchalar zarurat tug‘ilishiga qarab aniqlanadi.
Darvoqe, zarurat! Odamzod o‘zini o‘zi isrof qilishi mumkindir, biroq xassos Tangrijonim son-sanoqsiz bandalarni yaratayotib, loaqal biron-bir isrofgarchilikka yo‘l qo‘yishi mumkinligiga kim ham ishonsin? Shunday ekan, men ne maqsadda yaratildim? Bunga qanday zarurat bor edi? Bor bo‘lsa, o‘sha zaruratning o‘rnini to‘ldira oldimmi? Nega yashayapman? Umumga taalluqlilaridan tashqari, alohida vazifam nima edi? Kimman? Kim?!
Bunisi birgina Yaratguchining o‘ziga ma’lumligicha qolishligini yoshim bir joyga yetganda tushundim. Bandalar tahlil etib, taxmin qila oladilar xolos. Taxminlarning haqiqatga nechog‘li yaqin, shaxsga beriladigan bahoning
nechog‘li adolatli bo‘lishini mazkur shaxs hayotiga oid gaplarning qanchalar to‘g‘ri ekanligi belgilaydi.
Shaxsning hayoti… Buni kimning qachon, qayerda tug‘ilgani-yu, qanday oilada tarbiyalangani; qay muhitda o‘sib-ulg‘aygani-yu, nimalardan bezib, nimalarga talpingani; qayerlarda nelar bilan mashg‘ul bo‘lgani-yu, ne maqomlarga erishganligi orqaligina ifodalash kifoya qilmaydi. Hayot intilishu kurashlardan, ko‘tarinkiligu tushkunliklardan, rohatu uqubatlardan, og‘ishmasligu adashuvlardan, yutug‘u yutqiziqlardan, uchrashuvu ayriliqlardan, to‘g‘riligu qing‘irliklardan, qoniqishu attanglardan, inoqligu kelishmovchiliklardan, ulgurishu kechikishlardan, topishishu yo‘qotishlardan, mardligu g‘irromliklardan, ishonchu aldanishlardan, qisqasi – faoliyat va kechinmalardan iboratdir. Shaxs o‘z umri ichida ming-minglab kishilar bilan goh lahzalik, goh doimiy muloqotda bo‘ladi, munozara va muzokaralar yuritadi. Birovga foydasi tegadi, birovdan naf ko‘radi; kimgadir zulm qiladi, kimdandir zulm topadi; bunisi do‘stiga aylanadi, unisi dushmaniga. Shunisi qiziqki, aksariyat hollarda har kim o‘zini haq deb o‘ylayveradi. Shundan kelib chiqib, Tangrimga iltijo qilmoqchiman:
— Ey, har ishga qodir Egam, g‘ayri tabiiydek tuyuluvchi bu odat ko‘nglimda qachon, ne sababdan zohir bo‘lganini aniq eslolmasam-da, odmigina ibodatu iltijolarimda Sizni faqat “siz”lab yo‘qlayman. Navbatdagi iltijoyimni qabul eting, ey, Tangrijonim… Xudojonim… Ollohim! Ichimdagilarni qog‘ozga to‘kayotib, turmushning zarur ehtiyojlaridan biriga aylanib borayotgan yolg‘onlardan nari turishimda, yaxshining yaxshiligini yashirib, yomonning yomonligini oshirib yubormasligimda, eng mashaqqatlisi – avvalo o‘zim haqimda to‘g‘riso‘z bo‘la olishimda menga kuch va jasorat ato eting! Kinchi qullaringizdan biri bo‘lgan men bandani haddimda asrang!

* * *

Shaxsimni tasdiqlash, dunyoga har qanday shamolu epkinning ermagiga aylanguchi qog‘oz parchasi bo‘lib kelmaganimni isbotlash, O‘zi a’lo qilib yasagan aqlu ongimga munosib xo‘jayinligimni namoyishlash uchun qo‘limdan kelganicha urindim – bir umr kuyinib-yoniqib yashadim, so‘z aytmoqni kasb qildim. Yozganlarim loaqal bu yurtdagi bittagina kimsaning diqqatini tortib, ko‘nglini ishg‘ol etolmasligiga ishongim kelmaydi. Balki barini o‘sha bitta odam uchun yaratgandirman. Garchi bu zotga atab aytilgan, yana aytishni istagan gaplarim son-sanoqsiz esa-da, unga bir savol berish bilan kifoyalanmoqchiman: “Men kimman?!”
Ich-ichimdan sezyapman, bunga eng xolis, eng to‘g‘ri javobni aynan o‘sha bitta odam topa oladi. Meni o‘zicha bilib yurganlar o‘shanda yangitdan tanishadi.
Ba’zi asarlarimda kimligimni izlashga uzuq-yuluq tarzda uringandekman. Yigitligimda yozilgan, N. R. xonimga atalgan “Betayin” degan she’rim shulardan biri:

Kimligimni so‘rama, jonim,
Tugamaydi aytsam dostonim.
Ko‘p quvonchlar ko‘rdim dunyoda,
Dard ham chekdim undan ziyoda.

Pokdil deb sen eslaysan kimni?
Men eslayman bolaligimni.
Vijdonim-la yashardim ahil,
Ablah emas edim mustaqil.

Ilk bor gunoh qilgan kezimiz
Kirdi deymiz endi esimiz.
Men ham ongim o‘sgandan buyon
O‘z-o‘zimga qildim ko‘p ziyon.

Mayxonada orttirib ulfat,
Har qadahdan simirdim kulfat.
Bir tannozni sevib dilimdan,
Omon qoldim zo‘rg‘a o‘limdan.

Qay shil o‘zin ko‘rsatdi ustoz,
G‘anim topib bo‘lmas bundan soz.
Do‘stman deya lof urdi merov,
Endi do‘stga yurak bermas dov.

Laqma ko‘nglim aldangan sayin,
Bo‘la bordim asta betayin.
Har aldovdan ko‘zim yoshladim,
So‘ng… o‘zim ham alday boshladim.

Dudog‘ingni yaqin tut, jonim,
Tugamaydi aytsam dostonim.
Siynangga bosh qo‘yganim zamon
Tuyuladi ham-m-masi yolg‘on.
(1978)

QO‘RQINCHLI KEZG‘ICH

Tannoz Oy imlagandirki,
shilqim Yer kezg‘ich bo‘lgandir…
Gulmat SHOSHIY

Bolaligimdan qo‘rqoq edim. Salga ta’sirlanib, ko‘zimga tezda yosh kelardi, ko‘nglim juda bo‘sh edi. Kattalar mushtlashib, bir-birining biron joyini qonatsa ham, hatto, it mushukni vag‘illatib quvlasa ham, yuragim po‘killardi. Goho o‘zimni botir ko‘rsatishga urinardim. Taajjubki, botirlikka astoydil berilib ketsam, seskanchoqlik mendan chekina borib, qorong‘ida yurishdan ham, eng baland daraxtlarga chiqishdan ham, o‘zimdan zo‘rlar bilan yoqalashishdan ham tap tortmay qolardim. Qo‘rqoqligimni o‘zgalardan yashirishga, bo‘shang emasligimni isbotlashga urinarmidim yo…
Yuragim yorilgudek tarzda hayiqqan paytlarim ko‘p bo‘lgan. Shulardan biri, mahallamizdagi Abdurahim akani ko‘rdim deguncha, shuvillab esimga tushaveradi. O‘ta qattiq qo‘rquv edi bu.
Mendan o‘n yoshcha katta bo‘lgan, maktabdagi eng a’lochilardan hisoblangan, xotirasi kuchliligi bilan ajralib turadigan, keyinroq asab faoliyati tuyqus izdan chiqib, o‘zini sovetlar mamlakatining birinchi dohiysi Vladimir Ilich Lenin deb xayol qila boshlagan Abdurahim aka dadam bosh torozidor bo‘lgan paxta tayyorlash punktida ishlardi. Ba’zilar uning qorasini ko‘riboq: “Ana, Abdurahim Ilich kelyapti”, deya hiringlab qo‘yishardi. Abdurahim aka esa, uni ilg‘amagandek bo‘lib o‘tirganlarning yonida to‘xtab, kekkayganicha sayrashga tushardi:
— Vladimir Ilichga hurmat shumi? Boylarni itdek tizg‘itib, bor mulkini sen yalangoyoqlarga tarqatvorgan bo‘lsam-u, yana hammang menga teskari qaraysan? He, yaxshilikni bilmagan yirvoqilar!
Uning punktga ishga o‘rnashishi ham qiziq kechgan ekan. Ishga kirmoqchiligini aytsa, kadrlar bo‘limining mudiri oldidagi qog‘ozdan ko‘z uzmay, hozir bo‘sh o‘rin yo‘q, deb po‘ng‘illabdi. Shunda Abdurahim aka: “Iy-ye! O‘zim qurgan davlatda nimaychun o‘zimga ish topilmasakan?” – desa, mudir: “Nimalar deb valdirayapsan, uka? Kimsan o‘zing?” – deb baqirib beribdi.
— Hali dohiylarniyam tanimaydigan bo‘pqoldingmi, yirvoqi? – deganicha, birdan proletariat rahnamosining haykalidek qo‘qqayibdi Abdurahim aka. – Lelinning oldida tarvayib o‘tirishga qanday beting chidayapti? Tur o‘rningdan!!!
Asab kasaliga chalingan kimsaga rasman “Mehnat daftarchasi” ochishni istamaganlari uchun, dadam Abdurahim akaga norasmiy tarzda ish topib berib, belingga etak bog‘lagin-u, yo‘llarga to‘kilgan paxtalarni terib kelib punktga to‘kaver, pulini o‘zimdan olasan, debdi. Abdurahim aka, yillar o‘tib, deyarli tuzalib ketgan, endi “asabxona”da davolanmaydigan bo‘lib qolganida, o‘tgan kunlarni eslab, dadangiz o‘shanda menga har kuni besh-olti so‘mdan berib turardi, degan edi. U davrda bitta novvoynon ellik tiyin ekan.
O‘sha paytda to‘qqiz-o‘n yoshlarda bo‘lsam kerak, dadamning ishxonasiga ergashib borib, Qapchug‘ay tomonga eltuvchi toshyo‘lining yoqasida cho‘zmamga yumaloq toshchalar terib o‘tirsam, yonimdan Abdurahim aka o‘tib qoldi. Yo‘lning u yuzidagi “Uralzis” yuk mashinasi o‘rnidan qo‘zg‘alayotganini ko‘rib: “Qani, zo‘r bo‘lsang, Lelinni majaqlab ko‘r-chi”, dedi-yu, orqadan bora solib, o‘zini keyindagi qo‘shaloq g‘ildirakning ostiga tashladi. Mashina uning belidan “do‘q” etib o‘tgan chog‘da, jonim halqumimdan otilib chiqqudek bo‘lib, chinqirab yubordim. Shofyor mashinaning bejo do‘qillashidanmi, quloqning nog‘orapardasini yirtgudek chinqirishimdanmi sergak tortib, mashinani to‘xtatdi. Kabinadan tushayotib, oldin menga, so‘ng orqa tarafga qaradi, birdan rangi o‘chdi. Atrofdan shovqin solib yetib kelganlar Abdurahim akaning boshini ko‘tarib, yuziga suv sepa boshlashganda, u yarq etkizib ko‘zini ochdi, hech kimning ko‘magisiz o‘rnidan turib, beliga qo‘l bosgan asno bir-ikki qayishdi. Sho‘rlik shofyor shundagina o‘ziga kelib: “Sog‘misan, inijonim?” – deya quchishga talpingan mahalda, Abdurahim aka: “Qoch!” – deya uni nari itardi.
— Hammang ovora bo‘lasan! – dedi qosh kerib. – Lelin o‘lmaydi!
Mendagi qo‘rquv hali bosilmagandi, yuragim gupagup tepinib, vujudim dag‘-dag‘ titrashda davom etardi.
Ona qornidagi bola hamma narsani sezadi, lekin hech nimani tushunmaydi. Agar tug‘ilmasimdan oldin qayoqqa yo‘l olishga hozirlanayotganimni, yangi manzilga ko‘chgach, qay muhitda, qanday xulq-atvorli “oliy mavjudot”lar galasi ichra kun ko‘rishga mahkum etilganimni bilsam, ona qornidayoq bundan-da yomonroq qo‘rqib, bundan-da battarroq chinqirab yubormasmidim, o‘z otim o‘zim bilan Mashrab bo‘lib tug‘ilmasmidim? Zero, biri tepadan tinimsiz yog‘ilib turguvchi o‘qtoshlari (meteoritlari) bilan, biri hatto yonayotgan gulxanni shu taxlitda qotirib qo‘yadigandek tuyulguvchi mislsiz sovug‘i bilan, biri olmosni ham changga aylantirib yuborguvchi yemiruvchan gazlari bilan o‘ta xatarli hisoblanuvchi fazo kezg‘ichlari orasida eng qo‘rqinchlisi Yer kezg‘ichidir. Bobo ramziga aylangan Quyosh tafti, buvi ramziga aylangan Tuproq ozuqasi, Odam ota ramziga aylangan Suv moylamasi, Havo ona ramziga aylangan, endilikda “kislorod” deb ataluvchi Dam malhami bois o‘zgacha bir nodirlik kasb etgan bu kezg‘ichdagi bor mavjudotning sal yirikroqlari, safga odam bolasi kelib qo‘shilgunga qadar, o‘txo‘r va etxo‘rlarga bo‘linib yashagan. Etxo‘rlik dastidan yirtqichlik yuzaga keldi, kuchlilar kuchsizlarning, yiriklar maydalarning, tezgirlar sustkashlarning ustidan hukmron bo‘lishi, ularning qonini ichib tirikchilik qilishi qonuniyat tusini oldi. Birdan odam paydo bo‘ldi. U, bir paytning o‘zida, ham o‘txo‘r, ham etxo‘r edi. Onggi qanchalar o‘ssa, yuzaki qaraganda, hayvondan shuncha farqlana bordi.
Ko‘zga yaqqol tashlanadigan farq bor-yo‘g‘i yettita edi: egniga kiyim kiyadi; ish va ov qurollarini yasay oladi; shartli tovushlar vositasida emas, muqim so‘zlar ko‘magida gaplashishni, yozib-chizishni biladi; masalliqni o‘tda pishirib, tuzga, ko‘kat-ziravorlarga qo‘shib yeyishni, meva-chevani sharbatga aylantirib ichishni uddalaydi; sharoitga ko‘ra o‘zgarib turuvchi turli qonun-qoidalar to‘qiydi; nihoyat, shulardan eng hayratlanarlisi – o‘z turdoshini o‘zi qiradi.
Odam bolasining boshiga bitgan eng katta balo ham shu – qirg‘inbozlik. Bunga bahona tiqilib yotibdi – biri to‘q, biri och; ikkovi ham to‘q-u, biri boyroq, biri yo‘qsilroq; biri daryoning boshida ajriqlarga suv sepib o‘tiribdi, biri quyiroqdagi bug‘doylarini sug‘orolmay xunob; biri katta yo‘ldagi keraksiz devor, biri dengizda hadeb yo‘lingni kesib o‘taveradigan sur raqobatchi; biri mayda va mag‘rur, biri yirik va izzattalab…
Ko‘rinib turibdiki, agar odamligingni to‘satdan eslab qolmasang, janjalsiz, qutqusiz, fitnasiz, so‘qishmalarsiz yashashning iloji yo‘q. Bunga bahona serob bo‘lsa-da, sababi bitta – ochko‘zlik. Hayvon faqat keragini oladi, odam bolasi keragidan ming marta ortig‘ini olib ham yana chovut solishga urinaveradi, o‘zini to‘xtatolmaydi. Yiriklarning oshib-toshishi maydalarning ozib-to‘zishiga olib kelgach, birdamas-birda ish buziladi. Gap shundaki, hayvonlar olamida kuchlilar kuchsizlarni yeyishi o‘zgarmas qonun hisoblansa, odamlar olamida kuchsizlar birlashib, kuchlilarni mamlakat-pamlakati bilan yutib yuborishi hech gapmas.
Tuzum, jamiyat, mamlakatlarni bir chetga surib, odam bolasining har biriga alohida-alohida unsur sifatida qaralsa ham, omading yurmay, xira muhitga yo‘liqaversang, o‘nta bandaning tutumidan halovat topib, elliktasinikidan vahimaga tushasan. Bulardan bittasi ko‘nglingni yashnatadi, ulardan beshtasi yuragingni yumdalaydi; bulardan bittasi yutug‘ingdan quvonadi, ulardan beshtasi yutqizig‘ingdan rohatlanadi; bulardan bittasi boyligingga havas qiladi, ulardan beshtasi boringni talashga moyil; bulardan bittasi seni o‘stiradi, ulardan beshtasi oyog‘ingdan tortadi; bulardan bittasi iste’dodingga tan beradi, ulardan beshtasi buni ko‘rolmaydi; bulardan bittasi joningni asrashga tirishadi, ulardan beshtasi boshingga yetishga shay. Bir to‘g‘riso‘z besh yolg‘onchining nazoratida.
Shu sharoitda yashab, hech bo‘lmasa, yarimta non topib yeyishni uddalashing, o‘z ajaling bilan o‘lishing oson ish bo‘ptimi! Agar ana shunday qo‘rqinchli muhitda kun kechirish uchun tug‘ilayotganimni bilsam, nega endi jon-jahdim bilan chinqirmasligim kerak ekan?
Lekin, men hali tug‘ilmagandim. Aniqroq aytsam, oilamizning o‘zaniga sal nariroqda turib nazar tashlay olishingiz uchun men hozir ortiqchaman.
Hademay tug‘ilaman, ammo buning uchun qanchadan-qancha tasodifiy qovishuvlar tufayli o‘n to‘qqizinchi asrning o‘rtalarigacha shodamarjondek bitta-bitta tizilib shakllangan ajdodlarim yana ikkita eng tasodifiy nikohni boshdan kechirishi, birinchisida – o‘ziga to‘qqina, obro‘ligina xonadonda ulg‘aygan o‘ta ko‘ngilchan bir yigit qishloqning eng kambag‘ali ham uylangisi kelmagan ojizko‘z qiz bilan turmush qurishi, ikkinchisida – uning o‘g‘li birinchi xotinidan ajrab, loaqal biron-bir qarindoshi yashamaydigan uzoq qishloqdan o‘ziga boshqa yostiqdosh topishi kerak bo‘ladi.

“UX!” DEB YUBORMANG, ONA…

Esi yo‘q o‘zini maqtaydi, esi bor ajdodlarining piligini ko‘taradi.
KULKUL afandi

Bahromxonning bolalik, o‘smirlik davri yigirma besh yilga cho‘zilmish janglardan so‘ng, Qo‘qon xonligi hududi Chor Rossiyasi tomonidan tuzilgan Turkiston general-gubernatorligiga to‘lasicha tobe etilgan paytlarga to‘g‘ri keldi. Bungacha esa ne-ne odamkushliklar yuz bermadi deysiz.
Dastlabki to‘qnashuvlarda yengilroq g‘alabalarni qo‘lga kiritgan ruslar qo‘shini, yurtining chegarasidan uzoqlashgani sayin, yerlari asosan hozirgi Qozog‘istonu Qirg‘izistondan tortib, Toshkentu Farg‘ona vodiysi qadar cho‘zilgan, uch million aholili Qo‘qon xonligining qattiqroq qarshiliklariga uchrayverdi. Eng ayovsiz so‘qishuvlar general Perovskiyga qal’a himoyachilari: “Bizlar bir siqim porox va ko‘chada bir kesak qolguncha, hamma qurollarimiz tamoman sinib bitgunicha jang qilamiz”, deb xat yozgan Oqmachitda, shuningdek Avliyoota, Pishpek, Chimkent, Iqon qal’asida kechdi. Avliyootada cheriklarga qo‘shilib, hatto, ayollar va bolalar ham dushman bilan olishuvga kirdi. Natijada, birda o‘liktepalar paydo bo‘ldi, birda Sirdaryo oqib borayotgan murdalarga to‘ldi. Ruslar sezilarli talofat ko‘rsa-da, yangi-yangi kuchlarni maydonga tashlab, zabtkorlikni davom ettiraverdi.
Bosqinchilar xonlikning asosiy qo‘shiniga Toshkent ostonasida duch kelib, ko‘p askaridan ayrildi (ruslar ma’lumotlarda o‘z talofatini juda kamaytirib, dushmannikini esa bir necha bor ko‘ptirib ko‘rsatar edi, hozirda ham tarixchilarning aksariyati o‘sha raqamlarga tayanadi). Rossiyadan yuborilayotgan qo‘shimcha kuchlarning keti uzilmasdi. Xonlik lashkarboshisi Alimqul qornidan og‘ir yaralanib ham, osilib qolgan ichaklarini chap qo‘lida changallab, o‘ng qo‘lidagi qilich bilan yana bir necha yovni chopib tashlashga ulgurgan katta to‘qnashuvda halok bo‘lgach, askarlarining ruhi sinib, asosan mudofaaga o‘tib olishgani; bundan foydalangan ruslar shaharga kiradigan suvning yo‘lini to‘sib qo‘yishni taklif qilgan Abdurahmonbek Shodmon, yashirin tarzda kerakli ma’lumotlarni berib turgan Muhammad Soatboy, Saidazimboy Muhammad singari mulkdor sotqinlar ko‘magiga tayanib, 1865 yilda Toshkentni nihoyat taslim etgani; ko‘p o‘tmay, Buxoro va Qo‘qon o‘rtasida doimo talash bo‘lib kelgan O‘ratepa bilan Xo‘jandni qo‘lga kiritib, Xudoyorxonni burchakka qisib qo‘ygani tarixdan ma’lum.
Bora-bora vodiyning bir qismidagina shapaloqdek yeri qolgan bu xonlikning “norasmiy xon”i hisoblanmish Po‘latxon Turkiston general-gubernatori bilan Xudoyorxon o‘rtasida ushbu hududda ruslarning erkin harakatlanishi yuzasidan tuzilgan shartnomani tan olmay, 1876 yilda qo‘zg‘alon ko‘tardi. Shuni kutib turgan (balki uyushtirgan) ruslar tezda qo‘shin kiritdi, qo‘zg‘alon bostirildi va birato‘la xonlik ham tugatildi.

Tuflab tashlar suvliq qoldig‘in,
Chopar egar parchasin sudrab.
Goh buloqqa egilar tolg‘in,
Goh yulg‘unni chaynar dildirab.

Izg‘iringa borar yuzma-yuz,
G‘ov bo‘lolmas cho‘lning do‘ng qori.
O‘z xo‘jasin qidirar hanuz
Alimqulning gajir tulpori.
(“Oq tulpor”, 1982)

Qo‘qonliklar bilan birlashib jang qilishdan ko‘ra, dushmanga o‘z chegaralari ostonasida zarba berishni ma’qul deb bilgan Xiva xonligi va Buxoro amirligi esa yakkamachilikdan oxiri pand yegach, bu pallada bir qism yerlaridan ayrilib, Chor hukumatining vassaliga aylanib bo‘lgan, hukmdorlari qo‘g‘irchoq taxtda omonatgina o‘tirishardi.
Turkiston general-gubernatorligi baribir tinchini topolmadi. “Oloy malikasi” deb tanilgan ayol qo‘mondon Qurbonjon dodho o‘n yildan ortiq tutqich bermay, ruslarni Farg‘ona vodiysining kunchiqar qismiga yaqin yo‘latmasdan yurdi, bosqinchilarni muzokara olib borishga majbur etdi. Andijonlik Yigchi eshon (ilgari yog‘och yig yasab sotgani uchun vodiydagilar uni “dukchi” emas, “yigchi eshon” deb to‘g‘ri atashadi, aslida rus to‘qimachilari bu asbobni “dyuk” deydi) boshchiligidagi 1898 yil isyoni ko‘lamining kengligi va ruslarning jazo otryadi tomonidan Mingtepadagi bir necha qishloq yondirilib, aholisi yoppasiga qirib yuborilgani, hatto go‘daklarni miltiq nayzasiga ilib o‘ynashgani, to‘rt yuz o‘n besh kishi sud qilinib, eshon va uning yaqin izdoshlaridan o‘n to‘qqiz kishi osib o‘ldirilgani, qolganlarning asosiy qismi umrbod yoki uzoq muddatli qamoq jazosiga tortilgani, Sibirga surgun etilgani kabi dahshatlari bilan tarixga muhrlandi. O‘smirligidan rus oilasida tarbiyalanib, Peterburgda harbiy ta’lim olgan Nomoz Pirimqul o‘g‘li yurtiga qaytganidan so‘ng, xalqining erkini o‘z farog‘atidan ustun qo‘yib, Samarqandning Kattaqo‘rg‘onida qasoskorlar qo‘shinini tuzdi, kelgindi zo‘ravonlarni ayovsiz qiyrata boshladi…
Ikki-uch ajdod narisidagi bobo-momolari Marg‘ilondan kelib, Oltiariqning Poloson qishlog‘ida (bu qishloqqa bir mahallar Turkistonning boshkenti maqomidagi Bolasog‘unga havas qilib nom berilgan, keyinchalik shevada buzib aytila boshlangan ekan) tomir otgan eshonlar avlodidan bo‘lmish Bahromxon tevarakda yuz berayotgan ushbu voqealardan ozmi-ko‘p xabardor esa-da, siyosatga qiziqmas, otasidan, boshqa ustozlardan zo‘r ishtiyoq bilan bilim olar, qo‘yib berishsa, kun bo‘yi hujradan chiqmay, kitob titkilab o‘tirarkan. Kamgap, bosiq, taqvodor, o‘ta royishli, doim o‘ychan yuruvchi yigit ekan.
Bahromxon to‘g‘risida goh kishini hayratdan dong qotiradigan, goh tomirlarning jig-jigini titratib, chuqur xayolga cho‘mdiradigan talay cho‘pchaknamo gaplar eshitganman. Balki, o‘shanday ishlarga o‘zim qodir emasligim bois ular menga cho‘pchakka o‘xshab tuyulgandir.
Aytishlaricha, ota-onasi ko‘p bor og‘iz solishiga qaramay, Bahromxon ana-mana deb, uylanishni ortga suraveribdi. Oxiri, allaqachon uylanish yoshiga yetgan ukasi navbatda tiralib turganini pesh qilishgach, indolmay qolibdi. Otasi yengil tortib, agar biror qizda ko‘nglingiz bo‘lsa, buniyam bilib qo‘yganimiz tuzuk, desa, u ko‘zida yer chizib, asta debdi:
— Madomiki, ixtiyorni o‘zimizga beribsiz, endi sazamizni o‘ldirmaysiz-da, otajon. Mahallamizdagi Do‘smat tog‘aning Sarviniso degan bitta ko‘zi ojizroq qizi bor ekan, tengqurlari bir-bir uzatilib, unga sovchi kelmayotganidan ichikib yurganmish. Shu qizga odam kiritib, savob olishga
urinib ko‘rsakmikin?
Chinakam ruhoniylar oraga gap qo‘shishning iloji qolmagan vaziyatda sukutdan nariga o‘tishmaydi, ota indamay turib qolibdi. Tez orada Bahromxonni Sarvinisoga uylab qo‘yishibdi.
Qachon shuni eslasam, o‘zimga o‘zim: “Gerdayma, sen hech kim emassan!” –
deya, tuyqus shumshayaman. Chunki, o‘zimni qanchalar ma’rifatli deb bilmayin, o‘zimni nechog‘li odamparvarlikka solmayin, qaysidir yaydoq ko‘ngilga quvonch urug‘ini sepmoq-chun bu qadar ulkan qurbonliq berishga men hech qachon qodir bo‘lolmasdim. Dilporani deb o‘z dilini pora qilish! Ilohiy jasorat bu!

Baxtiyorlar mensiz ham baxtli,
Dilporalar mensiz ham g‘amnok.
Ishq sultoni mensiz ham taxtli,
Ishrat quli mensiz ham nopok.

Dilporaga talpinar ko‘nglim…
(1973)

Otasining vafotidan so‘ng eshonlik martabasi Bahromxonga xatlab berilibdi. Odatga ko‘ra, eshonlar o‘ziga tegishli o‘ramdagi qishloqlarni kezib, joylardagi muridlari bilan bog‘lanib turishar, aholi orasida diniy mavzuda suhbatlar qurib, tug‘ilgan savollarga yechim topib berishar ekan. Tabiiyki, bunday safarlardan talay nazr-niyoz bilan qaytisharkan. Mutolaaga o‘ch Bahromxon dastlabki davrlarda bu taomilga ko‘r-ko‘rona amal qilgan esa-da, bora-bora yana kitoblardan bosh ko‘tarmay o‘tiradigan odatiga qaytib, oxiri “murid ovlash”ga umuman chiqmay qo‘yibdi, uyida bola o‘qitib, asosan talabalarning ota-onasi holiga qarab berib turadigan mullahaqi hisobiga ro‘zg‘or tebrata boshlabdi, chetdagi muridlar o‘zlari uni ziyoratlab keladigan bo‘libdi.
Muridlar albatta nazr-niyoz bilan kelar, Bahrom eshon esa, ancha qashshoqlashib qolganiga qaramay, borganda qarindoshlaringizga, yon-veringizdagi g‘arib-g‘urabolarga tarqatarsizlar, deb nazrlarning bir qismini egalariga qaytarib berar, qolganini o‘z mahallasidagi nochorlarga taqsimlashni buyurarkan. Uydagilar undan yashirib ozroq narsa olib qolganini sezsa, maktabimizdan tushib turgan nasibamiz kam ko‘rinyaptimi, deya dakki berarkan.
Yoshi qirqqa yetib-yetmasidan Bahrom eshonning sog‘lig‘i yomonlasha boribdi. Goh boshi aylanib, goh ko‘zi tinib, goh o‘zidan ketib qolarkan. Tinimsiz mutolaa, harakatning kamligi, sayl va maishatlarga mayli yo‘qligi, birovning kulfatini o‘zinikidek qabul qiladigan, hatto kitob o‘qiyotib o‘z-o‘zidan yig‘lab yuboradigan darajada ta’sirchan ekanligi uni ich-ichdan kemirmasligi mumkin emasdi.
Tirikchilikdan ortganini to‘plab yurib, yangi hujra qurishga kirishgan Bahrom eshon kunlardan bir kuni tomga vassa xarid qilish, bahonada ko‘kragini shamolga silatib kelish maqsadida aravaga o‘tirib, bozorga yo‘l olibdi. Havo dim ekanligidanmi, bozorga yaqin qolganlarida aravakashga to‘xtashni buyurib, ko‘ngli behuzur bo‘layotgani, choyxonada bir piyola choy ichib olmoqchiligini aytibdi. Yonboshlaganicha choy ichib o‘tirib, birdan o‘zini bilmay qolibdi, atrofdagilar silkib-siltab uni hushiga keltirishgach, qo‘rqib ketgan aravakash bozorga bormasdan, otni shartta ortga qaytaribdi.
Bahrom eshon hovliga kirib kelganida, uyg‘ur oqsuyaklari (oqxunlari) sulolasiga mansub onasi Oyimbush otin tashqidagi daraxt soyasida qo‘shni kampirlar bilan birga choy-nonlashib o‘tirgan ekan. O‘g‘liga sinchiklab boqib: “Voy, eshonim, rangingiz namuncha bo‘zarib ketibdi?” – deya o‘rnidan turayotganida, Bahrom eshon “qo‘zg‘almang, onajon, qo‘zg‘almang”, deganicha kelib, sholcha ustidan solingan to‘shakning bir chetiga cho‘kkalabdi.
— Onajon, hozir sizga bir gap aytaman, — deya miyig‘ida jilmayib so‘z boshlabdi u. – Gapimni tugatib-tugatmasimdan “Ux!” deb yubormaysiz-da. Xo‘p deng, onajon.
— Tinchlikmi, eshonim?
— Shu desangiz, bozorboshidagi choyxonada choy ichib o‘tirib, salgina hushimizdan ketibmiz. Baraka topkurlar ko‘pchilik bo‘lib o‘zimga keltirishibdi. Shularning orasida bolasiga yarimta non topib borishgayam qurbi qolmagan birorta bechorahol bordirki, belvog‘imizdagi pulni olibdi.
Oyimbush otinning avzoyi o‘zgarib, so‘zga og‘iz juftlayotganini ko‘rgan Bahrom eshon shosha-pisha ikkala hovuchini yoyibdi:
— Qani, duoga qo‘l ochaylik. Omin! Men ming marta roziman, siz ham rozi bo‘ling, onajon, o‘sha sho‘ring qurg‘urning bizdan olgan puli halol bo‘lib yuqsin, bola-chaqasiga buyursin. Ollohu akbar!
O‘tirganlarning hammasi hayratdan angraygancha, yuziga fotiha tortibdi. Oyimbush otin shu zahotiyoq sokin qiyofaga kirib, “endi ozgina tamaddilanib oling, eshonim”, deya kulimsirabdi.
Turkidan tashqari arabchani, forschani ham yaxshi bilgan Bahrom eshon ilmga butunlay sho‘ng‘ib ketgach, bu zotni ortiqcha bezovta qilmaylik deb, ulamolar uning ukasi Akbarxonga ham eshonlik vakolatini beribdi, qishloqlarni kezish, mahalliy mullalarga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib turish endi shu kishining zimmasiga tushibdi. Biron masalada chigallik tug‘ilsa, Akbarxon akasidan albatta maslahat olib, so‘ng bir qarorga kelarkan.
Oqposhsho hukumati amaldorlarining ishonchini qozongan “tayinli” ruhoniylargina joylarda qo‘llab-quvvatlanayotgan, ulamoga muhtoj hududlarga ayrimlari yangitdan “eshon” martabasini olgan kishilar joylashtirila boshlangan davrda Akbarxon eshonning ham, Bahromxon eshonning ham muridlari kamaya boribdi. Eng sodiq muridlar ko‘proq So‘x va Yozyovon tarafdan kelib turisharkan.
Muridlardan birortasi poyiga bosh ursa, Bahrom eshon: “Turing, turing, o‘zim gunohlarimdan o‘tishini so‘rab yig‘lab yurguchi bir bandaman, mengamas, Ollohga yukining”, deya uni silab-siypalab o‘rnidan turg‘azarkan. Yaqinlariga, oilasidagilarga, ayniqsa talabalariga bir so‘zni bot-bot qaytariqlab turguchi ekan:
— Hech bo‘lmasa, bekor qolganda, “ subhon ollo, subhon ollo”, deb yuringlar, tozalanib borasizlar.
Ana shu ajabtovur zot mening bobom bo‘lgan ekan.
Chor Rossiyasi yigirmanchi asrning o‘ninchi yillariga kelibgina Turkistonga arzon bug‘doy berib turish evaziga bu yurtda asosan paxta yetishtirishni yo‘lga qo‘yish siyosatini to‘liqroq amalga oshira boshladi. Rossiya qishloq xo‘jaligi mutasaddisi Krivoshein bir paytlar bu tadbirning ulkan ahamiyatini izohlab, oqposhshoga: “Turkistonning har bir pud ortiqcha bug‘doyi rus va Sibir g‘allasiga, Turkistondagi har bir pud ortiqcha paxta Amerika paxtasiga raqobatchidir”, deb yozgan edi. Bug‘doy yetishtirish keskin kamayib, g‘o‘za o‘stiriladigan maydonlar kengaygani sayin bir-biridan dovruqli “paxtachi boy”lar ham ko‘payaverdi. “Oqposhsho” bu o‘lkaga sanoatni olib kirishni xayoliga ham keltirmadi, unga faqat suvtekin xom ashyo kerak edi.
Bu davr ichida Bahromxon va Sarvinisodan Obidjon, Sobirjon, Shafoatxon, Madaminjon degan to‘rt farzand dunyoga kelibdi. Sobirjon to‘rt yoshida, Madaminjon ikki yoshida chechak kasalidan vafot etgan ekan.
Turkiston taqdirga tan bergandek tuyula boshlaganida, Birinchi jahon urushiga qo‘shilgan Rossiya front ortida ishlatish uchun bu yurt fuqarolarini zo‘rlik bilan mardikorchilikka jalb etishga kirishgani ishni buzibdi, xalq yana g‘azabga kelibdi. Bahrom eshon bobomiz ayni o‘sha pallada – 1915 yilning oxirlarida, ellik yoshlar atrofida omonatini topshirgan ekan. 1906 yilda tug‘ilgan o‘g‘li Obidjon o‘n yoshga, 1910 yilda tug‘ilgan qizi Shafoat besh yoshga to‘lib-to‘lmay yetim qolishibdi. Oradan ko‘p o‘tmay, 1916 yil voqealari – Jizzax, Toshkent, Marg‘ilondagi qo‘zg‘alonlarning boshlanishi va rus xoqoni Ikkinchi Nikolayning buyrug‘i bilan shafqatsizlarcha bostirilishi natijasida xalqning tirikchiligi yanada og‘irlashib, jumladan, bu oila boshiga ham katta qiyinchiliklar tushibdi.

Poyizingni jildirgan
O‘txonasi bilan do‘ngalagi…
Turkistonni qul qilgan
Zolim Nikalay zambaragi. –

deganga o‘xshash qo‘shiqlar o‘sha zamonlarda to‘qilgan ekan.
Yer osti boyliklarining mo‘lligi va xilma-xilligi sanoatni tez izga solish, jadal o‘stira borish; iqlim sharoitining qulayligi, tuprog‘ining unumdorligi yerchilik, bog‘chilik, chorvachilikni o‘nlab marta yuksaltirish imkonini beruvchi oltin o‘lka endi istilochilarning yemxonasiga aylangandi. Turkistonliklarni mag‘lub etgan omil zamonaviy zambaraklarga qarshi pilta miltiqlar bilan chiqishga majbur bo‘linganidagina emasdi, bir suluv kanizakni talashib, bir-birining ustiga qo‘shin tortishdan ham toymaydigan buqatabiat xoqonlarga kuni qolgan xalqning ruhi siniqligi, ko‘zchaqnatar ichki ma’naviy quvvatning kamligi bunga ko‘proq sababchi edi. G‘aflatda yotgan xalqning ko‘zini ochish uchun uning tarixini targ‘ib qilish kerak, degan so‘zni Avgustin bejiz aytmagan. Alp er To‘nga, To‘maris, O‘g‘izbek, Amir Temur, Manguberdi yanglig‘ ulug‘ eltuzarlarning, Qo‘rqut ota, Xorazmiy, Beruniy, Farg‘oniy, Ibn Sino, Qoshg‘ariy, Ulug‘bek, Farobiy, Yassaviy, Navoiy, Buxoriy kabi olamga mashhur zotlarning avlodi ekanidan faxrlanmay qo‘ygan, kundalik tirikchilik tashvishidan bosh ko‘tarolmay qolgan millat baribir ertami-kech qaysidir olg‘irning malayi bo‘lishga, xor-zorlik ko‘rishga mahkum edi. Ochundagi to‘rt nahangdan biriga aylanmish Rossiya shundoqqina tumshug‘i ostida turgan tap-tayyor luqmani boshqa happayutarga urdirib yuborishni o‘ziga ep ko‘rmagandi xolos.
Tarix haqida so‘zlashdan doim seskanib turaman. Birovlarning gapiga ishonib, kimnidir chalg‘itib qo‘yishing hech gapmas. Ammo, vaziyat taqozo etganda, o‘tmishga yuzlanmaslikning ham iloji yo‘q.

Tarix bag‘rin tilganlar – zuluk,
Tarixga jim boqqanlar – qochqin.
Uni chappa o‘rgangan – o‘lik,
Uni chappa o‘rgatgan – sotqin.
(“Fitrat”, 1985)

Odamlar soni ko‘payadimi, kamayadimi; qaysidir xarob yurt yashnab, qay bir obodi vayronaga aylanadimi, charx bir xil g‘ildirashda davom etardi. Bahrom eshonga endi baribir edi, bu o‘zgaruvchan dunyoning muvaqqat quvonchlari-yu, esg‘ajir g‘am-anduhlaridan tamoman qutulib bo‘lgandi.

QARG‘ANISHNI BILMAYDIGAN AYOL

Bobo yo‘q uyda tartib, buvi yo‘q uyda tarbiya chala o‘likdir.
Gulmat SHOSHIY

Bir ko‘zi qanday ojiz bo‘lib qolganini Sarviniso buvimizning o‘zi ham aniq aytib berolmasdi. Otasi Do‘stmat buva to‘rt yoshda chechakka chalinganing shunday asorat qoldirgan, der ekan. Chechak toshiganida kasal o‘rnidan turmasligi lozimligini tabiblar alohida tayinlasharkan, aks holda tovonning tagidagi yara hali pishmasidan yorilib ketsa, bemorning bir yoki ikkala ko‘zi ko‘r bo‘lib qolishi mumkin ekan. Oq arablar naslidan bo‘lmish onasi Nozila momo esa, chechakka yo‘liqishing arafasida o‘ng ko‘zingni qovog‘ari chaqqan edi, o‘sha narsa sababchi shekilli, deb qo‘yarkan.
Buvimiz, savodi baland bo‘lmasa-da, didi o‘ta nozik, fikrchan, pokiza, og‘ir-bosiq, totliqo‘l ayol edi. Biz tomonda birov to‘ymi, ma’rakami qilsa, qo‘shnilardan biri patir, biri somsa, biri qatlama, biri issiq ovqat ko‘tarib kiradi. Marosim egalari buvimdan doim osh pishirib kirishini so‘rasharkan, chunki mahallaning mullayu oqsoqollari tilovatni tugatiboq, har gal: “Sarviniso otinning palovidan bizgayam qolganmi, ishqilib?” – deya hazilomuz tovush qilib qo‘yisharkan.
Buvimizning akasi Fayziboy otani, ukalari Qodirvoy va Usmon tog‘alarimni yaxshi bilaman, singillari Sharofatxon bilan Shahriniso men tug‘ilmasimdan oldin o‘tib ketishgan ekan, ulardan qolgan farzandlar biznikiga serqatnov edilar.
Fayziboy buva (uni “ota” derdik) bizga devor qo‘shni edi. Nihoyatda yuvosh, oyoq sudrab odimlovchi kishi bo‘lganidan, dadam uni “mulla paypoq” der ekan. Bolaligimda otamizning yoniga tez-tez kirib turardim, u biron yumushni shoshmasdan bajararkan, menga ertak aytib berishni boshlar, ora-sira toshkamalagini olib, uzumga qo‘ngan qushlarga “g‘ur-r” etkazib tosh otib qo‘yardi. Bir gal tosh tasodifan musichaga tegib ketganida, yarimjon holda qaltirayotgan qushni silagan asno: “Ha, uvolgina jonivor-a, seni nima qipqo‘ydim?” – deya qattiq achingani esimda.
Bir kuni dadamga Fayziboy otamizning zo‘r ertakchiligini aytsam, hadeb undan eshitavermay, o‘zing ham aytib bergin-da, deb bir ertakni o‘rgatdi. Ertasi otamizning oldiga kirib, “yap-yangi” ertakni unga so‘zlashga tushdim:
— Bir borakan, bir yo‘g‘akan, Mulla Paypoq degan bir chol bo‘lganakan. Juda imilla-a-b yurarkan, cho‘zg‘il-a-b gapirarkan. Ovqatni erinmasda-a-n yeb, shoshilmasda-a-n ish qilarkan…
Shunda otam gapimni bo‘lib, buni kimdan eshitganimni so‘ragan edi, dadam aytib berdi, deyishim bilan yelkalarini silkitib-silkitib kula ketdi. Haqiqiy Mulla Paypoq shundoqqina qarshimda soqolini shovvalatib o‘tirganini o‘shanda qayoqdan bilibman deysiz. Chunki, keksa tengdoshlari uni boshqacha laqab bilan “baqavoy” deb ermaklab yurishardi-da.
Otamizni uyimizdagilar yaxshi ko‘rardi, tushlikka yoki kechki ovqatga chaqirib turishardi. Ba’zan, bir ashula eshitaylik, deb o‘zicha chiqib kelsa, unga patefon qo‘yib berardim. Hali o‘qish-yozishni bilmagan to‘rt-besh yoshlar atrofidagi bola bo‘lishimga qaramay, u tinglamoqchi bo‘lgan qo‘shiqning lappagini adashmay topishim cholni doim hayratga solardi. Dam Mulla To‘ychi, dam Halima Nosirova, dam Jo‘raxon Sultonovning xonishi yangray boshlar, men o‘zimni jahondagi eng murakkab uskunalardan birining ustasidek tutib, kekkayganimcha goh patefonning qulog‘ini burab, goh ashulani yo sal tezlatib, yo sekinlatib eshitish imkonini beruvchi “tormozcha”ni uyon-buyonga qittay-qittay surib maza qilardim.
Fayziboy otaning xotini Saddiniso otin ancha savodli ayol edi, uch-to‘rt eshik narida yashovchi Jahon otin ikkalasi buvimning oldiga chiqib, tez-tez kitobxonlik qilib turishar, devona Mashrab, Abo Muslim, Bobo Ravshan kabi rivoyatlarni, Hoja qul Ahmad, so‘fi Olloyor she’rlarini eskicha kitobdan o‘qishni boshlashsa, men bir chetda yonboshlaganimcha berilib tinglaguchi edim. Ayniqsa, oddiy kimsalarni mensimovchi podshohu boylarning boplab ta’zirini beradigan devona Mashrab haqida eshitishni juda xush ko‘rardim. Buni sezsa kerak, Jahon otin kitob o‘qiyotib, men tomonga ko‘z qirini tashlab-tashlab qo‘yar, goho sahifadan ko‘z uzib, ayrim voqealarni zavq bilan izohlay ketardi. Saddiniso otinni biz “kelinbu” deb chaqirardik, uning yuzi va qo‘llariga ozgina oq tushgani bois, ba’zilar dasturxon ustida undan o‘zini tortayotgandek tuyular, men esam bunga e’tibor bermay, u uzatgan jiyda, turshak, qoqilarni qo‘lidan olib, shappa-shuppa yeyishni boshlardim.
Fayziboy otamiz harbiydan qaytgan o‘g‘li O‘rinboyni tutingan qizi Turdixonga uylantirgani, to‘yda tengqur ulfatlari musiqa o‘rniga qarsak urib turib aytgan qadimiy qo‘shiqqa ho‘kizcha qiliqlar qilib o‘yin tushgani esimda:

Qo‘shingni sudra, hoy, ho‘kizim,
Boshingda shoxing – toshboltang.
O‘ng soningdan chap soningga
Urilib tursin choyxaltang,
Xo‘-o‘-o‘shka, xo‘-o‘-o‘shka,
Xo‘-o‘-o‘shka, xo‘-o‘-o‘shka,
E, xo‘sh! Xo‘sh-ye!

Yuqori ko‘chada yashovchi Qodirvoy tog‘amiz tajangligi, diydasi qattiqligi, pishiqligi bilan akasi Fayziboy otaning butkul aksi edi. Uning ikki fazilatini ko‘p gapirishardi, birinchisi – nihoyatda mergan ekan, otda quvib ketayotib, miltiqdan bir o‘q uzishdayoq quyonni qulatar ekan; ikkinchisi – yalqovtabiat ekaniga qaramay, ustasi farang etikdo‘z bo‘lib, badavlat odamlarga buyurtma poyabzal tikishdan ortmas ekan.
Yoshi o‘tib, endi kuni dehqonchilikka qolgandi. Hovlisi qulupnayzor edi. Goh ularnikiga borib, oilamizning erka-tantiq farzandiga xos kekkayish bilan to‘g‘ri qulupnay paykali sari yursam, Qodirvoy tog‘a bir iljayib, bir tumtayib, atrofimda o‘ralasha boshlar, mendan besh-olti yosh katta bo‘lgan o‘g‘li Orifjon egatchalarga yaqinlashsa, hozirgina yeding-ku, ochofat, deya uni kesak otib haydar edi.
Orif aka haqida gap ketsa, bolaligimdagi bir voqea esimga tushaveradi – uning opasi yaqin dugonasining to‘yida yotib qoladigan bo‘lib, kolxoz raisining kotibi lavozimidagi eri ishdan doim kech qaytishi bois, bizni uyga poyloqchi qilib ketdi. Ikkovimiz osmachiroq yorug‘ida gurunglashib o‘tirsak, bir mahal pochchasi kelib, ketaveringlar, bugun ishdan ertaroq bo‘shadim, deb qoldi. Ko‘chaga chiqib, bir qarasang bog‘cha mudiri, bir qarasang paxta terish mashinasi haydovchisi, bir qarasang xotin-qizlar kengashi raisi bo‘lib, yig‘inlarda qishloq ayollarini qoloqlikdan tezroq qutulishga chorlab yuruvchi X. opa turganini ko‘rdik.
Orif aka o‘sha tunda ota-onasi va bir-ikkita qo‘shnini ergashtirib borib, pochchasini qo‘lga tushiribdi. Borganlar uyning eshigini mushtlab chaqirsa ham javob bo‘lavermagach, bir tepishda ichki zinjirni uzib kirishsa, ko‘rpada kuyovpochcha yolg‘iz o‘zi yotganmish. U bezrayib turib, e yo‘q, be yo‘q, nimaga eshigimni buzib kirdilaring, deb pishqiribdi. Orif aka dahlizning lang ochiq turgan eshigini o‘zi tomonga qayirib qarasa, X. opa burchakka biqinganicha, ichki kiyimda turganmish. U Orif akani shapaloq urib ag‘daribdi-da, turganlarga afsusnamo chimrilib: “Sovet hukumatining shuncha ta’lim-tarbiyasi hayf senlarga! Qachon madaniyatli bo‘lasanlar, iprindilar?” – deya suzilganicha chiqib ketibdi.
Orif akaning dastidan, opasining ro‘zg‘ori buzildi, boshqa erga tegib, yangi bolalar ko‘rdi. Bu voqea injiqdan-injiq Qodirvoy tog‘amizning esidan chiqsa chiqdiki, ammo uning xotini Sora xola o‘zga ayolning mahridagi erkakning quchog‘ida yotish bilan Sho‘rolar yurti madaniyati o‘rtasida qanday bog‘liklik bo‘lishi mumkinligini uzoq yillar muhokama qilib yurdi, tagiga yetolmay o‘lib ketdi.
Sarviniso buvimizning kenja ukasi Usmon tog‘amiz duvonaxonroq edi. Oltmish yilcha umr ko‘rib, dadamning qaramog‘ida yashab o‘tdi. Pul nimaligini bilmasdi. Ish deganni kiyib tashlardi. O‘zini ozoda tutardi, biz bilan bir tovoqdan ovqat yerdi. Uylanmadi. Dadam ikkovi deyarli tengdosh edi, bir-birini sensirashardi. Dadam gohida tegajoqlik qilib: “Ko‘nasanmi, ko‘nmaysanmi, endi sen qizitaloqni uylab qo‘ymasam bo‘lmaydi”, desa, Usmon tog‘amiz: “Xotinsiragan bo‘lsang, ana, o‘zing ol”, deya arazlanib o‘rnidan turib ketardi. Xosiyat gadoy degan tul xotin bor edi. U ocharchilik davrida qayoqdandir kelib, shu yerda turmushga chiqqan, endilikda eridan qolgan shapaloqdekkina hovlidagi cholduvol uyda qizchasi bilan yashardi. Ba’zilar uni NKVDning (“Ichki ishlar xalq komissarligi”ning ruschadagi qisqartma nomi) ayg‘oqchisi deyishardi. Uyma-uy yurishni xushlovchi bu ayol buvimizni bot-bot yo‘qlab turar, “keling, meni olaqoling”, deya hazillashib, Usmon tog‘amizga ishqalanishni boshlar, tog‘amiz esa uni turtib-turtib qarg‘ay ketardi.
— Noshukur ekansiz-ku, — deb jilmayardi Xosiyat opa. – O‘lsam, hamma mol-dunyom sizga qoladi-ya.
Bu gap atrofdagilarga nasha qilib, battardan kulishardi: gadoyda qanday mol-dunyo bo‘lishi mumkin? Mumkin ekan. Xosiyat opa kasallanmay qo‘qqisdan o‘lgach, uning qishin-yozin kiyib yuradigan yupqacha to‘nidan qoviqlar orasiga eshib-eshib joylashtirilgan yirik-yirik pullar topilgani, o‘sha paytda buncha pul yengil avtomashina olishgayam yetib ortishligini qo‘shni ayollar tirik guvoh sifatida so‘zlab yurishardi. Bu rostmi, juda oshirib aytilganmi, u yog‘ini Xudo biladi.
Sakson besh yilcha umr ko‘rgan Sarviniso buvimizning o‘ziga yarasha jahli bo‘lsa-da, og‘zidan biror marta behayo so‘z chiqqanini eshitmaganmiz. Kimdandir ranjib qolsa: “Ha, sandig‘ing bug‘doyga to‘lgur”, “Hu, bosgan izing orqangda qolgur-a”, “He, yaman bo‘lgur”, deb javranib qo‘yardi. Yaman bo‘lguringiz nimasi, deb kulsak, arablar tomonda Yaman degan obod yurt bo‘larkan, shunaqa boy bo‘lgin deyman-da, deya javob qilardi. Qarg‘ishlarining hammasi aslida duo edi…
Cho‘ng ajdodlarim to‘g‘risida bilganlarimning qisqachasi shu. O‘zimning paydo bo‘lishimga ham navbat yaqinlab qolganga o‘xshaydi. Buning uchun gapni otadan boshlashim lozim bo‘ladi.

TUG‘ILSAK TUG‘ILIBMIZ-DA

Tug‘ilmoqlik uchun o‘zingga ota qidirgil, so‘ng ona top. KULKUL afandi

Olloh nimani xohlaganini voqea sodir bo‘lmaguncha bila olmaymiz. Yaratguvchim qidim-qadim zamonlardayoq menga ota tanlab qo‘ygani, uning ismi Obidjon ekanligi ham uzoq vaqt sirligicha qolib keldi.
Obidjon otasidan yetim qolganidan so‘ng, o‘n bir yoshga to‘lib-to‘lmasidan, Nikolay poshsho 1917 yilning fevralida taxtdan voz kechib, Rossiyada hokimiyat Kerenskiy boshliq Muvaqqat hukumat qo‘liga o‘tdi. Yangi tuzum o‘zini o‘nglab ulgurmay, Turkistondagi ilg‘or kuchlar Qo‘qonda qurultoy chaqirib, Muxtoriyat tuzilganini e’lon qildi.
Kuzga borib esa, Lenin boshchiligidagi kommunachi bolsheviklar qo‘shin ichidan o‘zlariga og‘dirib olgan bir talay “qizil”larning quroli yordamida qonuniy hukumatni to‘ntarib, davlat tepasiga keldi. Ular Turkiston Muxtoriyatini ham tan olishmadi, 1918 yilda Qo‘qon to‘pga tutildi, o‘n sakkizta qishloqqa tugalay o‘t qo‘yildi, turkiy xalqlarga eskitdan kini bo‘lgan doshnoqi arman otliq qo‘shinlari ishga solinib, tinch aholi vakillaridan o‘n mingdan ziyodi (ba’zi ma’lumotda o‘ttiz ming) qariyb butun oilasi bilan qirib tashlandi.
Bolsheviklarning yuragini tushirayotgan eng katta kuch asta-sekin Farg‘ona vodiysida to‘planayotgan edi. Sibirda surgunda bo‘lib qaytgan, ovro‘pocha taomillarni ham yaxshi bilgan Madaminbek ixtiyoridagi askarlar soni oy sayin ko‘payib, ellik mingdan oshib borayotgandi. Qizil komissarlar ularga nisbatan “bosmachi” degan tahqirli nomni xalq orasida ataylab keng tarqatishga urinardi. Lekin, ketma-ket jiddiy zarbalarga uchrayvergach, Sho‘ro hukumati Ukrainadagi millatparvarlar qo‘mondoni Maxno bilan kelishish yo‘lini tanlaganidek, Madaminbekni ham kuch sifatida tan olib, rasmiy muzokara olib borish, shartnoma taklif qilishga majbur bo‘ldi. Keyinchalik Madaminbek ham, Maxno ham ishonuvchanlikning qurboni bo‘ldi, bolsheviklar va’dasida turmadi, ularni boshqalarning qo‘li bilan o‘ldirib tashlashdi. Madaminbekning izdoshlari olishuvni butun o‘lka bo‘ylab davom ettirgan esa-da, yagona boshqaruvchining yo‘qligi, tarqoq holda harakat olib borilgani Sho‘roga qo‘l kelib, milliy ozodlik kurashi oxiri batamom bostirildi.
Turkiston general-gubernatorligining mutlaq tasarrufidagi Qo‘qonda Muxtoriyat tuzilganida, Chor hukumatining vassallariga aylanganidan e’tiboran ko‘hna turkiy o‘lkada birmuncha begonalashib qolgan Buxoro amirligi va Xiva xonligi bunga xayrixohlik bildirmagan, yordam ko‘rsatish o‘rniga qarshilik qilishgan edi. Bolsheviklar bu joylarni ham ko‘p o‘tmay to‘lig‘icha bosib oldi. Iqtisodda tanglikka uchrab turgan Sho‘ro uchun Xorazm ulgurji o‘ljaga aylandi. Bir paytlar rus ayg‘oqchilarining ishqoviga uchib, musulmonlarni ma’rifatli qilish, millatning ko‘zini ochish fidoiylari sanalmish jadidlarni ta’qib etgan, respublikachi “Yosh buxorochilar”dan uch mingga yaqinini o‘ldirtirgan, bu bilan o‘z halokatini yanada tezlashtirgan; oltin konlariga, yirik zahira mablag‘larga ega bo‘lishiga qaramay, bu boyliklarni ilmu fanni va sanoatni o‘stirishga, cherikni eng yangi aslahalar bilan qurollantirishga sarflamagan Buxoro amirining Frunze vagonlarga bosib jo‘natgan g‘aznasi Xudoyorxonniki kabi Rossiyada izsiz g‘oyib bo‘ldi (Xudoyorxon rus bankiga bor-yo‘g‘i qirq arava kumush tanga topshirgani ma’lum, qimmatbaho idish-bezaklar, oltinu olmoslar mustamlakachi amaldorlar orasida o‘zaro taqsimlab olingani haqida og‘zaki gaplar yuradi xolos). Zamonaviy mutaxassislar tayyorlash, yurt xavfsizligi haqida qayg‘urish o‘rniga, dabdababozlik, maishatbozlik, xurofotchilikdan boshi chiqmagan arbobu mulkdorlarning topgani ham bolasiga buyurmadi.
Sho‘ro hokimiyatni qo‘lga olgan esa-da, bu joylarda yana oddiy xalqning nafratiga yo‘liqdi; Buxoro amirligi hududida Ibrohimbek, turk Anvar poshsho, Xiva xonligi o‘ramida Junaidxon yetagidagi o‘chkorlar ularga loaqal biron kun tinchlik bermadi. Faqat, vodiyda Madaminbek, so‘ng Shermatbek qo‘shinlari qarshiligi butkul sindirilgach, “qizillar” asosiy kuchni vohaga yo‘naltirib, 1926 yilning oxirlaridagina yutuqni o‘zlariga og‘dira oldi.
O‘zbekning boshiga kulfat qatorlashib kelaverdi: yigirmanchi yillar ocharchiligida har to‘rttadan bittasi olamdan ko‘z yumdi, boy “quloq”larni jamiyatdan surib chiqarish bahonasida millatning minglab asl ishbilarmonlari jismonan yo‘q qilindi, surgunga jo‘natildi; so‘ng “madaniylashtirish” davri boshlandi, eskicha kitoblar ayollarning boshidan yulib olingan paranjilarilarga qo‘shib gulxanga uloqtirildi, machit-madrasalar yopib tashlandi, davlat muassasalari rahbarlari bayramona yig‘inlarda xotinlari bilan “tantsa” tushishi rusumga aylandi; o‘ttizinchi yillarda barcha tarmoqlarda “xalq dushmanlari”ni fosh etish avj oldi, NKVD “uchlik”lari (uch kishidan iborat tribunal) hukmiga asosan o‘n minglab kishi otib tashlandi, yuz minglabi “Stalin lagerlari”ga itob etilib, kanallar kavlash, o‘rmon kesish, kon qazish singari og‘ir jabhalarda tekinga ishlatildi, ancha qismi kasallikdan qirilib ketdi; qirqinchi yillarning boshlarida miltiq ko‘tarishga qurbi yetadigan o‘zbek borki, ikkinchi jahon urushi “kushxonasi”ga haydab kiritilaverdi. Qariyalarimizning eslashicha, melisalar va askarlar ba’zida bozorga bostirib kirib, tug‘ilish guvohnomasi nimaligini bilmay yashab kelayotgan qishloqilarni o‘rab olar, yoshini aniqlash mumkin bo‘lmagani uchun, ularni tarozida tortib, qirq besh kilogrammdan ortiq chiqqanlarini, ayrimlari hali voyaga yetmagan bo‘lsa ham, vokzalga eltib, poyezdlarda to‘g‘ri frontga jo‘natisharkan. U paytda respublikadagi olti million aholining uch millionini voyaga yetmaganlar, qolgan uch millionning yarmini xotin-qizlar tashkil etgani, urushga bir millionga yaqin askar jo‘natilgani nazarda tutilsa, keksaygan, nogiron yoki zarur mutaxassis sanalmovchi erkaklarning qariyb barchasi qirg‘inga tashlangan bo‘lib chiqadi…
Obidjonning yetimlikda kechgan bolalik, o‘smirlik, durkun yigitlik chog‘lari aynan ana shu davrlarga to‘g‘ri keldi. U o‘ttizinchi yillar boshida turmush qurib, farzandlar ko‘rgan esa-da, hali mening otam emasdi, buning uchun ikkinchi marta uylanishi kerak bo‘ladi. Shunga qaramay, bundan buyog‘iga uni, xohlasam “dada”, xohlasam “dadajonim” deyaveraman. Bo‘lajak otangdan begonasirab turishning nima keragi bor?

* * *

Dadam arab, lotin, kirill imlolarida bemalol o‘qib-yoza olsa-da, dunyoviy ilmlarga, siyosatga o‘ta befarq edi. Ayniqsa, eshonlar sulolasidan bo‘la turib, diniy ilmda ham oqsoqligi ko‘plarni taajjubga solardi. Ehtimol, unga saboq berguchi otadan o‘n yoshidayoq ayrilib qolgani, bolalik va o‘smirlik pallalari bolsheviklarning Turkistonda o‘z hokimiyatini o‘rnatish hamda mustahkamlashdagi ur-quvala zamonlarga to‘g‘ri kelgani buning asosiy sababchisidir. Tarixdan ma’lumki, Qizil imperiya davrida yurti va millatining vijdoni bo‘lgan ziyolilar, mol-mulki chetdan kelgan zo‘ravonlar qo‘liga o‘tishini istamovchi davlatmandlar, e’tiqodi yo‘lida kurashga kirgan hamiyatli fuqarolar qatorida musulmon ahlini g‘ayridinlarga qarshi oyoqqa turg‘aza olishga qodir kuch hisoblanmish din peshvolari ham ayovsiz qirg‘in qilingan, surgunga yuborilgan. Ularning yaqin kishilari, ayniqsa, farzandlari domiy ta’qib va nazorat ostida bo‘lganlar.
Bularni ko‘rib qo‘rquv va bezillovlar ostida qolgan, Bahrom eshon va Akbar eshon avlodlaridan uy-joylari tortib olingach, ona ajdodlariga qarashli hovlining bir chetidan qo‘nim topib ulg‘ayayotgan dadam o‘zini birinchilar qatorida yangicha maktabga uradi, ilg‘or o‘quvchilardan biriga aylanadi. Keyinchalik komsomolga (kommunistik yoshlar oqimi) qabul qilinib, yigirmanchi yillar o‘rtarog‘ida bir guruh faol yoshlar bilan birga Mirzacho‘lni o‘zlashtirishga yuboriladi. Bir necha oy o‘tib, bezgakka chalingani sababli, cho‘lquvarlar uchun maxsus tikilgan korjomada Polosonga ozib-to‘zgan holda qaytib keladi. Davolanib yotgan kunlari uyiga qaysidir qo‘rboshining yigitlari bostirib kirib, komsomolga a’zo bo‘lgani uchun dadamni qattiq g‘adablashganini, eshon otaning o‘g‘li bo‘lmaganingda joyingda otib tashlardik, deb ustida miltiq o‘ynatishganini, dadam ortiqcha sarosimalanmay, jim turaverganini Shafoat ammam so‘zlab yurguchi edi.
Oltiariqdagi Vannovskiy temir yo‘l stansiyasining u yuzida Turkistonda birinchi bo‘lib 1906 yilda qurilgan (tarixiy hujjatlarning guvohlik berishicha, o‘sha davrda Ozarbayjonda faoliyat ko‘rsatayotgan Alfred Nobel shaxsan kelib, Chimyondagi neft zahirasini chamalab bergan ekan) neftni qayta ishlash zavodi, bu yuzida paxta qabul qilish punkti joylashgan ekan. Bahrom eshonning muridlaridan bo‘lgan Bayzaq (Boyuzoq) qori paxta punktida bosh tarozidor ekan. U kishi dadamni panohiga tortib, punkt yonidagi choyxonaga choy tashuvchi qilib joylab qo‘yibdi. Qo‘l-oyog‘i chaqqonligi, zehni o‘tkirligini sezgach, keyinroq o‘ziga mirzalikka olib, tarozidorlik sirlarini o‘rgata boshlabdi. Bu orada dadam Surmaxon degan ayolga uylanib, Homitjon, Odiljon, Shahodatxon ismli farzandlar ko‘ribdi. Odiljon uch yoshida og‘ir kasal bo‘lib, Homitjon o‘n uch yoshida daraxtdan yiqilib, vafot etibdi. Qo‘shnim O‘rinboy akaning aytishicha, Homitjon unga sinfdosh ekan, o‘rtoqlari orasida o‘ta quvnoq, maktabda juda a’lochi ekan, yurgan yo‘lida o‘zicha qo‘shiq xirgoyi qilaverarkan.
Oradan qancha yillar o‘tgach, mahallamiz etagiga taqasimon qilib qurilgan yangi 13-maktabning oltinchi sinfida o‘qiyotganimda, joyi binolarga kiraverishdagi yo‘lak chetiga tasodifan to‘g‘ri kelib, kesilmasdan qolgan ikki tup keksa o‘rikdan biriga chiqdim-u, g‘o‘ra terib yeya boshladim. Shunda tomorqasi maktabga tutash bo‘lgan Turdali tog‘a meni po‘pisalab pastga tushirdi-da, ko‘zimga xomushroq boqib: “Akang Homitjon xuddi shu o‘rikdan yiqilib o‘lganidi”, dedi. Og‘zimdagi chaynalgan dovuchchani yutolmay, so‘rrayib qoldim.
Bayzaq qori dunyodan o‘tgach, ustozidan puxta ta’lim olgan, o‘ziga xos nozik tomonlari ko‘p bo‘lgan kasbning sir-asrorlarini chuqur o‘zlashtirib ulgurgan dadamni bosh tarozidorlikka tayinlashadi. Ko‘p o‘tmay, Germaniya lashkari sovetlar yurtiga bostirib kiradi, dadamni kerakli mutaxassis sifatida harbiy xizmatga vaqtincha chaqirmay turishadi. Bu kasbning nozik tomoni – laboratoriyalar deyarli bo‘lmagan o‘sha davrda paxtaning sifatini, ifloslanganlik va namlik darajasini oddiy chamalash orqali aniqlash, shunga qarab vaznidan qancha kamaytirib hisoblashni bilish, navlarga ajratib g‘aramlatish tarozidorning javobgarligida bo‘lgan ekan. Tarozidorning yashirin daromadi – paxtaning iflosligi va namligini keragidan ziyodroq belgilab, bundan qancha mahsulot ortib qolishini aniq chamalay olish, shu “zaxiracha”ni davlat tomonidan berilgan planni (rejani) bajarolmay qolgan kolxozlarga yeng uchida pullash orqali hosil bo‘larkan. Dadam o‘z shogirdlariga: “Orttirib yeyishning ham me’yori bor, chegaradan chiqmaslik kerak”, deb tez-tez tayinlaguchi esa-da, ana shu “orttirgani”ni chamalashda sal yanglishgan bo‘lsa kerak, ozgina kamomadga yo‘l qo‘yib, 1942 yili kesilib ketibdi. Turmada bir yildan ozroq yotgan bo‘lsa ham, xotini Surmaxon o‘g‘li Homitjonning dog‘ini ko‘tarolmaganmi, bu oilada nimadandir beziganmi, qizi Shahodatni buvimga tashlab, boshqa erga tegib olibdi.
Dadajonim qamoqdan chiqqach, bu sohada mutaxassis taqchil ekani tufayli, uni chekka Fayziobod qishlog‘idagi paxta qabul qilish punktiga bosh tarozidorlikka yuborishibdi. Kasbdoshlari shu qishloqqa yondosh bo‘lgan Oqbo‘yradan unga xotin topishibdi, urush davri taomiliga ko‘ra, to‘y imi-jimida o‘tkazilibdi. Yangi kelinning oti Munisxon ekan.
Ana, nihoyat, men sho‘rlikka ona ham topildi. Endi asosiy gap – sog‘-salomat tug‘ilib olishimda.

BAXT – HAMMAGA O‘XSHAB YASHASHDAMI?

Yoyilib yashamoqni istasang, birovlarning rahmini keltirg‘il.
Gulmat SHOSHIY

Chetdan qaraganda, dadam ilmga hafsalasizdek esa-da, hayotiy masalalarda ancha keng fikrlovchi, axloq-odob tushunchasi qon-qoniga singgan, o‘ta harakatchan, ziyrak va kuzatuvchan kishi edi. Tengqurlari uning so‘zamolligi, ishga bor vujudi bilan yopishishi, abjirligi, fe’li kengligi, kin saqlamasligi, barchaga ochiqqo‘lligi, beozorligi, tagdor hazillarga ustaligini alohida ta’kidlab gapirishadi. Salga ta’sirlanadigan darajada ko‘ngli bo‘shligi, dushmanlariga kechirimliligi, ig‘volarga beparvoligi, boladek sodda va ishonuvchanligi, topgan mol-dunyosidan ertasini o‘ylagan holda foydalanishni bilmasligi, ortiqcha ulfatbozligi kabi odatlarini esa uning qusuriga yo‘yishadi.
Urush tugaganidan keyin, dadam avvaliga Farg‘ona tumanining Kaptarxona qishlog‘idagi punktda ishlabdi. Oltiariq temiryo‘l stansiyasidagisi o‘rniga Polosonda yangitdan paxta punkti tashkil etilayotganda, bu yerga yana bosh tarozidar etib tayinlanibdi, qurilishni o‘zi ustida turib bitkazibdi. Shu lavozimda 1957 yilgacha ishlab, odamlarning ta’rifidan kelib chiqib aytadigan bo‘lsak, tumandagi to‘rtta yirik puldorning biriga aylanganida, men esimni ancha tanib olgan yoshda edim.

Dadamning ikkinchi nikohidan Xolisxon (1943), Anvarjon, ya’ni kaminalari (1947), Akramjon (1949), Tohirjon (1951), Zuhraxon (1953), Homitjon (1955), Avazbek (1957), Dilmurod (1959) degan farzandlar dunyo yuzini ko‘rdi. Shahodat opamiz ham biz bilan birga yashar, uning onasi boshqaligini ulg‘ayibgina bildik. Jamlansa, dadam ikkala xotinidan o‘n bitta farzand ko‘rgan, bari uyda, qo‘shni kampirlar enachiligida tug‘ilgandi. Ayamning oldingi ro‘zg‘oridan bo‘lgan Mahbuba opamiz esa, Oqbo‘yrada Xonim enam bilan qolgandi. Oqbo‘yraga mehmonga borsak, qunishib turuvchi o‘gay opam bilan yotsirab ko‘rishardim, uyimizga qaytgach, uni boshqa eslamasdim.
Ilk bolalik chog‘larim oilamizning to‘kin-sochin davriga to‘g‘ri keldi. Meni juda bashang kiyintirishga urinishardi, hadeb ovqatlantirmoqchi bo‘lishaverardi, erkalatishgani erkalatgan edi. Ayrim qo‘rs o‘spirinlarni hisobga olmaganda, “boyning arzandasi” deb, mahalla bolalari, ayniqsa tengqurlarim meni turtkilash uyoqda tursin, ortiqcha qo‘pollik qilishdan ham o‘zlarini imkon qadar tiyib yurishardi. Bu hol ayrim jangchalarda ustunligimni ta’minlab, o‘zimni xotirjam sezishimga sabab bo‘lsa-da, ko‘nglimga zarracha ham huzur bag‘ishlamas edi, aksincha g‘ashimni keltirardi. Tengdoshlarim mendan hurkimasligini, jaydaricha muomalada bo‘lishlarini, keragida qo‘pollik ishlatishlarini xohlardim. Ular bilan urishib ko‘rishni istab, goho ataylabdan biror narsani talashardim, janjal qo‘zirdim, ular esa men bilan olishuvga kirishmaslikka tirishardilar, ursam ham yo mung‘ayib turishaverardi, yo sekingina qochib qolishardi. Bu menga shunaqangi alam qilardiki!
O‘sha g‘alati istaklarimning boisini ulg‘ayganimda tushunib yetdim. Olamdagi barcha o‘simligu jonzot yorug‘ dunyoda paydo bo‘liboq, birov o‘rgatmasa ham, o‘zini o‘zi sinab ko‘rishga, chiniqishga, kurashmoq uchun toblanishga, tabiiy saralanishda mag‘lub bo‘lmaslikka o‘z-o‘zidan intila boradi. Balki o‘shanda men juda-juda ibtidoiy instinktlar qutqusining ta’sirida bo‘lgandirman, ichki yovvoyi tuyg‘ularim turtkilarining mohiyatini idroklab yetmagan holda o‘zimni tabiiy saralanish jarayonida faollashtirishga tirishgandirman.
Tengqurlarim ichidan o‘zimga “munosib raqib” topa olmagach, men bilan o‘g‘ilbolacha so‘kinib janjallashmoqqa, urib-turtkilashmoqqa qodirdek ko‘ringan kattaroq yoshdagi bolalarning davrasiga suqilib kira boshladim. Afsuski, ular ham men bilan o‘chakishgilari kelmas, faqat ortiqcha jig‘iga tegvorsam, ba’zilari qattiqroq jerkib tashlardi. Bahona topilganidan quvonib, darhol mushtlashuvga kirishardim. Omadsizligimni ko‘ringki, yangi “raqiblar”im ham himoyalanishdan nariga o‘tmas, boyvachchaning birorta tarafdori chiqib qolmasmikan deya xavfsirayotgandek, tevarakkka hadikli alanglashar edi.
Faqat, mendan ikki yoshlar katta bo‘lgan Yo‘ldosh bir gal ayamay savalab, rosa ta’zirimni bergani esimda. Bir kuni yana urishmoqchi bo‘lganimda, Yo‘ldosh: “Bo‘ldi endi! Qo‘rqdim desam qutulamanmi?” – deb jilmaydi. Shu kundan boshlab, to o‘smirlikda kasallanib o‘lmagunicha, u bilan doim iliq munosabatda bo‘ldim.

Beso‘naqay tuflim ostidan
Kunlar oqib o‘tgan kezlari,
Ta’qib qilar soyam ortidan
Mittigina oyoq izlari.

Bolaligim mening ortimdan
Kezib yurar hanuz sargardon.
Chaqnoq ko‘zi yalinar zimdan,
Qaytaylik deb imlaydi nodon.

Undan ketmoq bo‘lsam men nari,
Chopqillar u toshib g‘ayrati.
Mening yoshim ulg‘aygan sari,
Oshib borar uning hayrati.

O‘zligimdan pastdaligimda
Goh kimgadir so‘ylayman yolg‘on.
Yashamoqqa ustaligimdan
Bolaligim hayron va hayron…
…………………………………………….

(“Bolagina”, 1979)

Bolalar ba’zida uyidagi qiyinchiliklardan gapirib qolishardi. Biri poyabzali yo‘qligi uchun akasining katta etigini kiyib maktabga borayotgani; biri singlisi o‘rtog‘ining qo‘lida qand ko‘rib, mengayam qand olib bering, deb yig‘lasa, pulim bo‘lmasa, enangnikidan olib beramanmi, deya dadasi uni tarsakilab, burnini qonatib yuborgani; boshqasi kecha ko‘chada uzoqroq o‘ynab, uyga kech qaytgani, ovqatni unga qoldirmay yeb qo‘yishgani, ochlikdan anchagacha uyqusi kelmagani haqida so‘zlardi. Ularni tinglayotib, goh oyog‘imdagi qimmatbaho tuflimni yashirishga urinardim, goh nonushta chog‘i dasturxonimizda oqqandgina emas, holvayu asalgacha turishini eslab, o‘z-o‘zimdan qizarib ketardim.
Qo‘shnilarnikiga kirganimda, ko‘pchiligining dasturxonida qoramag‘iz non yoki makka zog‘orasi, turshak-qoqilardan bo‘lak narsani ko‘rmasdim. Bunday xonadonlarda yashovchi o‘rtoqlarimdan goh unisini, goh bunisini uyimizga tez-tez boshlab kirardim, birga ovqatlanardim, dasturxonga qand ham qo‘yishlarini talab qilib turib olardim, ukangga berarsan deb bir-ikkita “kallaqand”ni cho‘ntagiga solib qo‘yardim. Sen qandni har kuni yeysanmi, deya havas-la savol tashlardi bolalar. Xohlasam, kuniga o‘n marta yeyishim mumkin bo‘lsa-da, nima uchundir yolg‘on gapirib, onda-sonda berishadi xolos, deb g‘ariblanar edim.
Oq qandni-ku mendan ayashmasdi, biroq guldor qog‘ozchalarga o‘ralgan popukli qandlarni, shokoladlarni qutichada qulflab saqlashar, goh qulfbuzarlik qilishga majbur bo‘lib, boshimga balo orttirardim. Mehmonlar kelganida, dasturxonga shirinliklarni terib tashlashsa, katta bo‘lib mehmonga borsam, nahotki bir tovoq shokoladni menga ishonib oldimga qo‘yib qo‘yishsa, deb hayajonlanardim. Sarviniso buvimning nazorati ostida odob saqlab o‘tirarkanman, bilaman, juda-juda yeging kelib turibdi, oliftalanmasdan shirinliklarni shartta-shurtta lunjingga tiqavermaysanmi, degan xayolda mehmonga xitlanib boqardim.
Bir kuni bolalardan biri: “Biz bir oychadan beri go‘sht ololmayapmiz, kunda yovg‘onsho‘rva ichamiz”, deb qoldi. Tuyqus mening ham xasratlangim kelib: “Kecha biznikidayam sho‘rva qilishdi”, deb bo‘yin qisdim. Mendan olti-yetti yosh katta bo‘lgan Mashrab aka o‘shanda: “Sen millionerning o‘g‘lisan. Sizlarnikida sho‘rvaga qo‘yni butunicha tashlashadi”, deya masxaraomuz tirjaydi. Hamma birdan ko‘zimga tikildi, bari menga olayib qarayotgandek tuyuldi. Boy ekanligimizdan uyalayotgandek, boshqalarga o‘xshab kambag‘al emasligimizdan o‘ksinayotgandek edim. Barchadek bo‘lishni istardim, o‘zgalardan farqlanib, yovvoyidek ajralib turishni yoqtirmasdim. Biri biridan juldurvoqi bolalarga ko‘z yugurtganim sayin, rahmim kelaverardi.
Negadir, ularning ham menga rahmi kelishini xohlardim. Birgina bolalar emas, katta yoshdagilar ham holimga achinib boqishlarini, qattiq achinganidan yig‘lamsiragan qiyofada boshimni silashlarini, shirin gaplar bilan ko‘nglimni ko‘tarishga urinishlarini orzu qilganim qilgan edi.
Bu kabi ajabtovur tuyg‘ular, bu kabi g‘alati tushunchalar kap-katta kishi bo‘lganimdan keyin ham onggim qa’rida saqlanib turaverdi, yashash sharoitim, kiyinishim boshqalarning ko‘zini kuydiradigan darajada bo‘lmasligiga intilaverdim, o‘zgalar menga rahm-shafqat bilan qarashlarini qo‘msayverdim, dardimni anglab, mehribonlarcha taskin berishlarini, ko‘maklashishga tirishib, yaxshi gaplar bilan ko‘nglimni ko‘tarishlarini kutaverdim.
Chuchvarani xom sanaganimni, agar og‘ir ahvolda qolsang, ota-onadan tashqari, holingga astoydil kuyinishi mumkin bo‘lgan noyobdan noyob bandalarni Tangri sanoqli darajada kam yaratganligini nevarali bo‘lganimdagina sal-pal anglab yetdim. Anglagandekman-u, dunyoning shu qadar tubanligiga sira ishongim kelmaydi. Farzandlarim ulg‘ayib, kelinli, quda-andali bo‘lgach, o‘zgalarda o‘g‘illarim menga yaxshi qaramayotgandek taassurot tug‘ilmasligi uchun po‘rimroq kiyinishni odat qilgan esam-da, bundan o‘zimni baribir noqulay his etaveraman hanuz.
O‘shanda bola edim. Olam azaldan shunaqa notekis ekanligini, qanday tuzum yaratilmasin, bundan keyin ham shunday bo‘lib qolishligini hali bilmasdim. Qachon, necha yoshda ekanligimni aniq aytolmayman-u, kunlardan bir kuni, boshqalardan bo‘lakcha sharoitda ekanligimdan o‘ksinib: “E, Xudo, dadam kambag‘al bo‘lib qolsin! E, Xudo, dadam kambag‘al bo‘lib qolsin!” – deb iltijolanganim hozirgidek esimda. Buni qarangki, o‘sha damda: “E, Xudo, hamma-hamma dadamdek boy bo‘lib qolsin”, deyishga aqlim yetmabdi. Boylarni xalq dushmaniga, mol-davlatni haromtomoqlik ramziga aylantirgan sho‘roviy mafkura nahot bolaligimdayoq ongimga siranchdek yopishib ulgurgan bo‘lsa?
Dadajonimni hamon yoniqib-yoniqib eslayman, bir mahallar chindan ham yonginamda tirik yurganligini tasdiqlovchi suratiga sog‘inib-sog‘inib, sig‘inib-sig‘inib tikilaman.

Yer yuzida odam ko‘p,
Hamdard serob, hamdam ko‘p,
Dadaginam yo‘q xolos…

Davomi bor

021

(Tashriflar: umumiy 1 264, bugungi 1)

Izoh qoldiring