
Заҳириддин Бобурнинг 47 йиллик умри тинимсиз муҳорабалар, қариндош-уруғлар, темурий шаҳзодалар ва бекларнинг бирин-кетин қилган хиёнатлари, фарзандларининг бевақт вафоти муҳитида ўтиб, умрининг охирларида турли касалликлар бу иродаси мустаҳкам кишининг ҳам руҳиятига таъсир этган. “Бобурнома”да биз муаллифнинг бундай машаққатларга нақадар бардош бергани, айрим ҳолатларда дарднинг зўрайиши кўзларига аччиқ ёш, танасига чидамсиз дардни келтириб чиқарганлигини кўрамиз. Муаллиф шу ҳолатлар тасвирини берар экан, насрий матндан кўнгли тўлмайди, ички туғёни, ҳасратларини тўла баён эта олмаганлигини сезиб, кўпинча ўз рубоий, ғазаллари билан, айрим ҳолларда бошқа буюк адиблар — Саъдий, Ҳофиз шеърлари билан насрий матнни бойитади. Davomini o'qish











