Anton Chexov. Uyqu istagi

001     Тун. Варка исмли ўн уч яшар энага қиз гўдак ётган беланчакни тебратар экан, паст овозда хиргойи қиларди: -Алла, алла, аллаё, ором олгин, аллаё…

Антон Чехов
УЙҚУ ИСТАГИ
Нодирабегим Иброҳимова таржимаси
01

08 Буюк рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов Таганрог шаҳрида дўкондор оиласида туғилиб ўсди. Чехов гимназияни тамомлагач, Москва университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради, тирикчилик учун ҳажвий ҳикоялар ёзади. Ёзувчи ўқишни тамомлаб, уезд врачи бўлиб ишлаётган даврда машҳурлик пағонасига кўтарилди. 1890 йиллари Чехов Россиядаги энг кўп мутоала қилинаётган ёзувчига айланди. У ҳар бир одамга тушунарли бўлган оддий тилда ижод қилди. Чеховнинг энг машҳур асарлари орасидан « № 6 палата», «Анна», «Кучук етаклаган аёл» ҳикоялари ва «Чайка», «Ваня амаки», «Уч опа-сингил» пьесалари ўрин олган. Буюк ёзувчи 1904 йил оламдан ўтди ва Москванинг Новодевичье қабристонига дафн этилди.

01

026Тун. Варка исмли ўн уч яшар энага қиз гўдак ётган беланчакни тебратар экан, паст овозда хиргойи қиларди:
-Алла, алла, аллаё, ором олгин, аллаё…

Унинг қаршисида яшил жинчироқ ёниб турар; йўргак ва катта қора иштонни илиб турган арқон эса хонанинг у бошидан бу бошига бориб келарди. Жинчироқ шуъласи туфайли шифтда катта яшил доғ ҳосил бўлган, йўргак ва иштоннинг узун соялари эса печка, беланчак ва Варканинг устига тушарди… Чироқ пирпирай бошласа, доғ ва соялар ҳам шамолга ўхшаб жонланиб ҳаракатга келарди. Димлик. Шам ва этикларнинг ҳиди анқирди.

Гўдак йиғларди. У анча вақт биғиллаб холдан тойгач уйқуси келар, аммо барибир ҳамон йиғлар ва қачон ухлаши номаълум эди. Варканинг бўлса уйқуси келарди. Унинг кўзлари юмилиб кетар, боши пастга энкайганидан елкалари оғрирди. У қовоқларини ҳам, лабларини ҳам очолмас, назарида, юзи қуриб қотиб қолган, калласи эса тўғноғич бошидек кичиклашиб кетганди.

-Алла бўлгин, аллаё, -пичирлади қиз, -ширин тушлар кўргин-о…

Печка ичида чигиртка чириллади. Девор ортидаги қўшни хонадан хўжайин ва унинг шогирди Афанасий хуррак отишарди… Беланчак аста ғичирлар, Варка бўлса шивирларди: бу овоз тун билан уйқашиб кетган, аллаловчи мусиқа бўлиб, ўринга ётганда тинглаш жуда ёқимли эди. Ҳозир эса бу алла уни фақат ғашини келтирар ва юрагини сиқарди, чунки қизни мудроқ босар, бироқ ухлаш мумкин эмас; Худо кўрсатмасин Варка ухлаб қолса, хўжайин уни калтаклайди.

Жинчироқ хилпиради. Яшил доғ ва соялар ҳаракатга келиб, Варканинг ярим очиқ, ҳаракатсиз кўзларига тушди ва унинг мудроқ миясида туманли тасвирлар жо бўлди. У бир-бирининг ортидан қувлаган ва гўдак каби чинқираган қора булутларни кўрди. Шу пайт шамол кўтарилиб, булутлар йўқолди, Варка суюқ балчиқ қопланган кенг кўчани кўрди; у ерда елкасига халта осган одамлар карвони қамчи босар, олдинда ва орқада қандайдир соялар кўзга ташланар, икки тарафдан ҳам совуқ ва оғир туманга тўлган ўрмон кўриниб турарди. Бирдан халта кўтарган одамлар ва соялар балчиқ босган ерга чапланишибди.

“Нима учун?” сўрабди Варка.
“Ухлаш учун, ухлашга!” дейишибди улар.

Шундай деб одамлар ширингина бўлиб қаттиқ уйқуга кетишибди, телеграф симларига қўнган қарға ва хаккалар эса одамларни уйғотиш учун гўдакка ўхшаб қичқира бошлашибди.

-Алла, алла, аллаё, ором олгин, аллаё… -ғўлдиради Варка ўзини қоронғу ва дим кулбада тасаввур этиб. Полда унинг марҳум отаси Ефим Степанов тўлғонарди. Қиз уни кўрмаса-да, аммо оғриқдан полда у ёқдан бу ёққа ағдарилишини эшитарди. Отаси айтганидек, унинг “чурраси ўйинга тушяпти”. Оғриқ шунчалик кучлики, у бирор сўз айтишга ожиз, фақат чуқур нафас олади ва тишлари орасидан барабан овозини чиқаради:
-Бу-бу-бу-бу…

Онаси Пелагея хўжайинни Ефимнинг ҳолатидан хабардор қилиш учун қўрғонга чопди. Унинг кетганига анча бўлган ва аллақачон қайтиши керак эди. Варка печ ёнида ухламай ўтирар ва отасининг «бу-бу-бу»сини тингларди. Мана, кулбага кимдир келгани эшитилди. Хўжайин уларга ёш докторни жўнатибди, у шаҳардан бу ерга меҳмон бўлиб келганди. Шифокор кулбага кирди; уни қоронғуда кўриб бўлмасди, аммо йўталгани ва эшикни очгани эшитилди.

-Оловни баландлатинг, -деди у.
-Бу-бу-бу, -жавоб берди Ефим.

Пелагея печ сари отилиб, гугурт излай бошлади. Сокинлик дақиқаси чўкди. Доктор чўнтагига қўл солиб, ўзи гугурт чақди.

-Ҳозир, ука, ҳозир, -дерди Пелагея кулбадан ташқарига югуриб, сўнгра озроқ шам қолдиғини ичкарига олиб кираркан.

Ефимнинг лунжига қизиллик югурган, кўзлари ўткирланиб ғалати ялтирар, у доктор ва кулбани аниқ-тиниқ кўриб турарди.

-Нима бўлди? Нималарни ўйладинг? -деди доктор унга яқинлашиб, -Еге! Анчадан бери шу аҳволдамисан?
-Нима бўпти? Тавба қиламиз, жаноб, вақт бўлди… Энди тирик қолмайман…

-Сафсатани қўйсанг-чи… Даволаймиз!
-Нима десангиз деяверинг, жаноб, бажонидил қабул қиламиз, фақат иккимиз биламизки… ўлим яқинлашяпти, бошқа нимаям бўлсин.

Доктор чорак соат Ефим билан овора бўлди; сўнг ўрнидан туриб деди:

-Қўлимдан бошқа ҳеч нима келмайди… Сен касалхонага боришинг керак, у ерда сени операция қилишади. Ҳозироқ бор… кечиктирмай отлан! Агар сал кеч қолсанг, касалхонадагилар ухлаб қолишади. Лекин ҳеч қиси йўқ, йўлланма бераман. Эшитяпсанми?

-Ука, у ерга нимада борамиз? -сўради Пелагея. -Бизнинг отимиз ҳам йўқ.
-Ҳеч қиси йўқ, мен хўжайиндан сўрайман, сизларга от беради.

Шифокор кетгач, олов ҳам пасайди ва «бу-бу-бу» яна бошланди… Ярим соатдан кейин кулбага тағин кимдир келди. Касалхонага бориш учун хўжайин арава жўнатган экан. Ефим тайёрланиб йўлга чиқди…

Мана, ажойиб ва тиниқ тонг отди. Пелагея уйда йўқ: у Ефимнинг аҳволини билиш учун касалхонага кетганди. Қаердадир гўдак йиғлади, Варка ўзининг овозида куйланаётган аллани эшитди:
-Алла, алла, аллаё, ором олгин, аллаё…

Пелагея уйга қайтди; чўқиниб пичирлади:
-Тунда уни даволашибди, эрталаб эса бандаликни бажо келтирибди… У дунёга равон бўлибди… Айтишларига, кеч олиб борибмиз… Вақтлироқ ҳаракат қилиш керак эди…

Варка ўрмонга бориб ўша ерда кўз ёш тўкди, аммо кимдир унинг гарданидан қаттиқ силтади, қиз пешонаси билан қайинга урилиб кетди. У кўзларини аранг очиб, қаршисида этикдўз хўжайинини кўрди.

-Бу нимаси, ярамас? -деди у. -Бола йиғлаяпти, сен эса ухлаяпсанми?

Хўжайин унинг қулоғи тагида шанғиллар, қиз эса бошини қоқиб, беланчакни тебратар ва алла айтарди. Яшил доғ ва йўргагу иштонларнинг соялари ҳаракатга келар, хилпирар ва кўп ўтмай унинг миясини қуршаб оларди. Тағин суюқ балчиққа ботган кўча гавдаланди. Елкасига халта осган одамлар ва соялар ерга чўкиб қаттиқ уйқуга кетишди. Уларга қараб Варканинг ҳам жуда уйқуси келар; маза қилиб ухламоқчи бўлганда онаси Пелагея унинг ёнига келиб шошишарди. Она-бола шаҳарга ишга ёлланиш учун шошардилар.

-Исо ҳаққи хайр қилинглар! -онаси учраган одамга ялинарди, -марҳаматингизни аяманг, Худо йўлига садақа беринглар!
-Болани бу ёққа бер! -жавоб беради таниш овоз. -Болани бу ёққа бер! -қайтарди ўша овоз тезлик ва жаҳл билан. -Эшитяпсанми, ярамас?

Варка ўрнидан ирғиб туриб, атрофга қаради ва гап нимадалигини тушунди: ҳеч қандай кўча ҳам, Пелагея ҳам, одамлар ҳам йўқ, хона ўртасида фақат гўдагини эмизишга келган бекаси турибди, холос. Семиз ва елкадор бекаси боласининг қорнини тўйғизиб овутаётган вақтда Варка уни кутиб тик турарди. Дераза ортидаги ҳаво кўкиш тус олар, соялар ва шифтдаги яшил доғнинг эса ранги ўчарди. Ҳадемай тонг отади.

-Ушла! -деди бека кўкрагини кўйлак ичига соларкан. -Йиғлаяпти. Қараш керак.

Варка гўдакни олиб, беланчакка солди ва яна тебратишни бошлади. Яшил доғ ва соялар секин аста йўқола бошлади, энди унинг миясини ҳеч нима банд қилиб туман ҳосил қилмайди. Аввалгидек уйқуси келарди, жудаям! Варка бошини беланчак бурчига қўйиб, уйқусини қочириш учун бутун гавдаси билан тебрана бошлади, аммо барибир кўзларини оғир юк босгандек юмилиб кетарди.

-Варка, печни ёқ! -эшик ортидан хўжайинининг овози эшитилди.

Демак, ўриндан туриб ишга киришиш керак. Варка беланчакни қолдириб, ўтин олиш учун омборга шошди. У хурсанд. Юрсанг ва чопсанг, ўтиргандек каби мудроқ босмайди. У ўтин олиб, печга қалади, унинг тафти қизнинг ёғочдек юзига урар, миясини равшанлаштирарди.

-Варка, самоварни қўй! -бақирди хўжайин.

Варка тарашани тераркан, бир вақтнинг ўзида уларни ёқиб самовар ичига ташлади ва янги буйруқни эшитди:
-Варка, хўжайиннинг калишини тозала!

Қиз полга ўтириб калишларни артганча, шу катта ва чуқур калишга бошини солиб бир дам мизғиш ҳақда ўй сурди… Бирдан калиш ўсиб, шишиб кетди ва хонани эгаллади, Варка қўлидаги шўткани тушириб юборди, бошини қоққанча атрофидаги буюмлар қаршисида бахайбатлашиб, ҳаракатга келмаслиги учун кўзларини катта-катта очди.

-Варка, зинапояни артиб қўй, бўлмаса буюртмачилар олдида изза бўламиз!

Варка зиналарни артиб, хоналарни тартибга келтириб, сўнг нариги печни ёқди ва баққолга чопди. Иш кўп, бир дақиқа ҳам бўш вақт йўқ.

Ошхонада бир жойда турганча картошка арчишдан оғирроқ юмуш йўқ бўлса керак. Боши столга энкайиб кетади, картошка кўз олдида живирлайди, пичоқ қўлидан тушиб кетай дейди, семиз ва жаҳлдор бека эса енгини шимарганча келиб қулоқларни қоматга келтириб ўшқиради. Жимгина тушлик тайёрлайди, кир ювади, тикиш қилади. Баъзида ҳеч нимага қарамай полга чўзилганча ухлашни жуда истайди.

Кун ўтди. Дераза орти қорая бошлагач, Варка қишлоқ вискисини ўзи учун сиқаркан, нимадан шодонлигини билмаган ҳолда жилмаярди. Оқшом лаҳзаси уни сийпалаб уйқуга чанқоқ кўзларига тез орада ором ваъда қиларди. Кечки пайт хўжайиннинг уйига меҳмонлар келди.

-Варка, самоварни ёқ! -қичқирди хўжайин.

Хўжайининг самовари кичкина эди, меҳмонларга чой улашиш учун уни беш марта қайнатиш керак бўлади. Чойдан сўнг Варка бир соат меҳмонлар қаршисида тик турганча буйруқ кутарди.

-Варка, бор, уч бутилка пива келтир!

У жойидан силжиб уйқусини қочириш учун тезроқ чопишга интилди.

-Варка, ароқ олиб кел! Варка, очқич қани? Варка, селёдкани тозала!

Мана, ниҳоят меҳмонлар кетишди, олов сўниб, хўжайин ухлашга ётди.
-Варка, болани тебрат! -охирги буйруқ берилди.

Печда чигиртка чириллади. Шифтдаги яшил доғ ҳамда йўргак ва иштон соялари яна Варканинг ярим очиқ кўзларини ўйнатар, пирпирар ва бошида туман ҳосил қиларди.

-Алла, алла, аллаё, -пичирлади у, -ором олгин, аллаё..

Гўдак бўлса йиғлар ва шовқиндан мадорсизланарди. Варка яна балчиқли кўчани, халтали одамларни, Пелагеяни, отаси Ефимни кўрди. У ҳаммасини тушунар, билар, чала уйқу орасида қўл-оёқларини занжирбанд қилган, эзган ва яшашга ҳалал бераётган куч нималигини тушунмасди. Ниҳоят, минг азоб билан у кучини тўплади ва кўзларини очди, пирпираётган яшил доғга қаради ва унинг яшашига ҳалал бераётган душман овозига қулоқ тутди.

Бу душман -гўдак эди.

Қиз жилмайди. Қизиқ, нега аввал шу арзимас нарсани сезмади экан? Яшил доғ, соялар ва чигиртка ҳам назарида жилмайиб ҳайрон бўлардилар.

Сохта тасаввур Варкани эгаллаб борарди. У табуретдан туриб, ёйилиб табассум қилди ва кўзларини пирпиратмай хона бўйлаб айланди. У айни пайтда қўл-оёқларини занжирлаган гўдакдан ҳалос бўлиш ҳақдаги ёқимли ва қитиқловчи ўйлардан мамнун эди… Болани ўлдириб, сўнг ухлаш, ухлаш ва ухлаш мумкин…

Жилмайиб, яшил доғга бармоғини ўқталганча кўзини қисиб қўйган Варка беланчак сари ўрмалади ва гўдак қаршисига эгилди. Уни бўғди ва қувончдан хурсанд бўлиб тезда полга чўзилди, энди у бемалол ухлаши мумкин, бир дақиқадан сўнг у ўликдай қотиб ётарди…

0034

Anton Chexov
UYQU ISTAGI
Nodirabegim Ibrohimova tarjimasi
01

08 Buyuk rus yozuvchisi Anton Pavlovich Chexov Taganrog shahrida do’kondor oilasida tug’ilib o’sdi. Chexov gimnaziyani tamomlagach, Moskva universitetining tibbiyot fakul`tetiga o’qishga kiradi, tirikchilik uchun hajviy hikoyalar yozadi. Yozuvchi o’qishni tamomlab, uezd vrachi bo’lib ishlayotgan davrda mashhurlik pag’onasiga ko’tarildi. 1890 yillari Chexov Rossiyadagi eng ko’p mutoala qilinayotgan yozuvchiga aylandi. U har bir odamga tushunarli bo’lgan oddiy tilda ijod qildi. Chexovning eng mashhur asarlari orasidan « № 6 palata», «Anna», «Kuchuk yetaklagan ayol» hikoyalari va «Chayka», «Vanya amaki», «Uch opa-singil» p`esalari o’rin olgan. Buyuk yozuvchi 1904 yil olamdan o’tdi va Moskvaning Novodevich`e qabristoniga dafn etildi.

01

026Tun. Varka ismli o’n uch yashar enaga qiz go’dak yotgan belanchakni tebratar ekan, past ovozda xirgoyi qilardi:
-Alla, alla, allayo, orom olgin, allayo…

Uning qarshisida yashil jinchiroq yonib turar; yo’rgak va katta qora ishtonni ilib turgan arqon esa xonaning u boshidan bu boshiga borib kelardi. Jinchiroq shu’lasi tufayli shiftda katta yashil dog’ hosil bo’lgan, yo’rgak va ishtonning uzun soyalari esa pechka, belanchak va Varkaning ustiga tushardi… Chiroq pirpiray boshlasa, dog’ va soyalar ham shamolga o’xshab jonlanib harakatga kelardi. Dimlik. Sham va etiklarning hidi anqirdi.

Go’dak yig’lardi. U ancha vaqt big’illab xoldan toygach uyqusi kelar, ammo baribir hamon yig’lar va qachon uxlashi noma’lum edi. Varkaning bo’lsa uyqusi kelardi. Uning ko’zlari yumilib ketar, boshi pastga enkayganidan yelkalari og’rirdi. U qovoqlarini ham, lablarini ham ocholmas, nazarida, yuzi qurib qotib qolgan, kallasi esa to’g’nog’ich boshidek kichiklashib ketgandi.

-Alla bo’lgin, allayo, -pichirladi qiz, -shirin tushlar ko’rgin-o…

Pechka ichida chigirtka chirilladi. Devor ortidagi qo’shni xonadan xo’jayin va uning shogirdi Afanasiy xurrak otishardi… Belanchak asta g’ichirlar, Varka bo’lsa shivirlardi: bu ovoz tun bilan uyqashib ketgan, allalovchi musiqa bo’lib, o’ringa yotganda tinglash juda yoqimli edi. Hozir esa bu alla uni faqat g’ashini keltirar va yuragini siqardi, chunki qizni mudroq bosar, biroq uxlash mumkin emas; Xudo ko’rsatmasin Varka uxlab qolsa, xo’jayin uni kaltaklaydi.

Jinchiroq xilpiradi. Yashil dog’ va soyalar harakatga kelib, Varkaning yarim ochiq, harakatsiz ko’zlariga tushdi va uning mudroq miyasida tumanli tasvirlar jo bo’ldi. U bir-birining ortidan quvlagan va go’dak kabi chinqiragan qora bulutlarni ko’rdi. Shu payt shamol ko’tarilib, bulutlar yo’qoldi, Varka suyuq balchiq qoplangan keng ko’chani ko’rdi; u yerda yelkasiga xalta osgan odamlar karvoni qamchi bosar, oldinda va orqada qandaydir soyalar ko’zga tashlanar, ikki tarafdan ham sovuq va og’ir tumanga to’lgan o’rmon ko’rinib turardi. Birdan xalta ko’targan odamlar va soyalar balchiq bosgan yerga chaplanishibdi.

“Nima uchun?” so’rabdi Varka.
“Uxlash uchun, uxlashga!” deyishibdi ular.

Shunday deb odamlar shiringina bo’lib qattiq uyquga ketishibdi, telegraf simlariga qo’ngan qarg’a va xakkalar esa odamlarni uyg’otish uchun go’dakka o’xshab qichqira boshlashibdi.

-Alla, alla, allayo, orom olgin, allayo… -g’o’ldiradi Varka o’zini qorong’u va dim kulbada tasavvur etib. Polda uning marhum otasi Yefim Stepanov to’lg’onardi. Qiz uni ko’rmasa-da, ammo og’riqdan polda u yoqdan bu yoqqa ag’darilishini eshitardi. Otasi aytganidek, uning “churrasi o’yinga tushyapti”. Og’riq shunchalik kuchliki, u biror so’z aytishga ojiz, faqat chuqur nafas oladi va tishlari orasidan baraban ovozini chiqaradi:
-Bu-bu-bu-bu…

Onasi Pelageya xo’jayinni Yefimning holatidan xabardor qilish uchun qo’rg’onga chopdi. Uning ketganiga ancha bo’lgan va allaqachon qaytishi kerak edi. Varka pech yonida uxlamay o’tirar va otasining «bu-bu-bu»sini tinglardi. Mana, kulbaga kimdir kelgani eshitildi. Xo’jayin ularga yosh doktorni jo’natibdi, u shahardan bu yerga mehmon bo’lib kelgandi. Shifokor kulbaga kirdi; uni qorong’uda ko’rib bo’lmasdi, ammo yo’talgani va eshikni ochgani eshitildi.

-Olovni balandlating, -dedi u.
-Bu-bu-bu, -javob berdi Yefim.

Pelageya pech sari otilib, gugurt izlay boshladi. Sokinlik daqiqasi cho’kdi. Doktor cho’ntagiga qo’l solib, o’zi gugurt chaqdi.

-Hozir, uka, hozir, -derdi Pelageya kulbadan tashqariga yugurib, so’ngra ozroq sham qoldig’ini ichkariga olib kirarkan.

Yefimning lunjiga qizillik yugurgan, ko’zlari o’tkirlanib g’alati yaltirar, u doktor va kulbani aniq-tiniq ko’rib turardi.

-Nima bo’ldi? Nimalarni o’ylading? -dedi doktor unga yaqinlashib, -Yege! Anchadan beri shu ahvoldamisan?
-Nima bo’pti? Tavba qilamiz, janob, vaqt bo’ldi… Endi tirik qolmayman…

-Safsatani qo’ysang-chi… Davolaymiz!
-Nima desangiz deyavering, janob, bajonidil qabul qilamiz, faqat ikkimiz bilamizki… o’lim yaqinlashyapti, boshqa nimayam bo’lsin.

Doktor chorak soat Yefim bilan ovora bo’ldi; so’ng o’rnidan turib dedi:

-Qo’limdan boshqa hech nima kelmaydi… Sen kasalxonaga borishing kerak, u yerda seni operatsiya qilishadi. Hoziroq bor… kechiktirmay otlan! Agar sal kech qolsang, kasalxonadagilar uxlab qolishadi. Lekin hech qisi yo’q, yo’llanma beraman. Eshityapsanmi?

-Uka, u yerga nimada boramiz? -so’radi Pelageya. -Bizning otimiz ham yo’q.
-Hech qisi yo’q, men xo’jayindan so’rayman, sizlarga ot beradi.

Shifokor ketgach, olov ham pasaydi va «bu-bu-bu» yana boshlandi… Yarim soatdan keyin kulbaga tag’in kimdir keldi. Kasalxonaga borish uchun xo’jayin arava jo’natgan ekan. Yefim tayyorlanib yo’lga chiqdi…

Mana, ajoyib va tiniq tong otdi. Pelageya uyda yo’q: u Yefimning ahvolini bilish uchun kasalxonaga ketgandi. Qaerdadir go’dak yig’ladi, Varka o’zining ovozida kuylanayotgan allani eshitdi:
-Alla, alla, allayo, orom olgin, allayo…

Pelageya uyga qaytdi; cho’qinib pichirladi:
-Tunda uni davolashibdi, ertalab esa bandalikni bajo keltiribdi… U dunyoga ravon bo’libdi… Aytishlariga, kech olib boribmiz… Vaqtliroq harakat qilish kerak edi…

Varka o’rmonga borib o’sha yerda ko’z yosh to’kdi, ammo kimdir uning gardanidan qattiq siltadi, qiz peshonasi bilan qayinga urilib ketdi. U ko’zlarini arang ochib, qarshisida etikdo’z xo’jayinini ko’rdi.

-Bu nimasi, yaramas? -dedi u. -Bola yig’layapti, sen esa uxlayapsanmi?

Xo’jayin uning qulog’i tagida shang’illar, qiz esa boshini qoqib, belanchakni tebratar va alla aytardi. Yashil dog’ va yo’rgagu ishtonlarning soyalari harakatga kelar, xilpirar va ko’p o’tmay uning miyasini qurshab olardi. Tag’in suyuq balchiqqa botgan ko’cha gavdalandi. Yelkasiga xalta osgan odamlar va soyalar yerga cho’kib qattiq uyquga ketishdi. Ularga qarab Varkaning ham juda uyqusi kelar; maza qilib uxlamoqchi bo’lganda onasi Pelageya uning yoniga kelib shoshishardi. Ona-bola shaharga ishga yollanish uchun shoshardilar.

-Iso haqqi xayr qilinglar! -onasi uchragan odamga yalinardi, -marhamatingizni ayamang, Xudo yo’liga sadaqa beringlar!
-Bolani bu yoqqa ber! -javob beradi tanish ovoz. -Bolani bu yoqqa ber! -qaytardi o’sha ovoz tezlik va jahl bilan. -Eshityapsanmi, yaramas?

Varka o’rnidan irg’ib turib, atrofga qaradi va gap nimadaligini tushundi: hech qanday ko’cha ham, Pelageya ham, odamlar ham yo’q, xona o’rtasida faqat go’dagini emizishga kelgan bekasi turibdi, xolos. Semiz va yelkador bekasi bolasining qornini to’yg’izib ovutayotgan vaqtda Varka uni kutib tik turardi. Deraza ortidagi havo ko’kish tus olar, soyalar va shiftdagi yashil dog’ning esa rangi o’chardi. Hademay tong otadi.

-Ushla! -dedi beka ko’kragini ko’ylak ichiga solarkan. -Yig’layapti. Qarash kerak.

Varka go’dakni olib, belanchakka soldi va yana tebratishni boshladi. Yashil dog’ va soyalar sekin asta yo’qola boshladi, endi uning miyasini hech nima band qilib tuman hosil qilmaydi. Avvalgidek uyqusi kelardi, judayam! Varka boshini belanchak burchiga qo’yib, uyqusini qochirish uchun butun gavdasi bilan tebrana boshladi, ammo baribir ko’zlarini og’ir yuk bosgandek yumilib ketardi.

-Varka, pechni yoq! -eshik ortidan xo’jayinining ovozi eshitildi.

Demak, o’rindan turib ishga kirishish kerak. Varka belanchakni qoldirib, o’tin olish uchun omborga shoshdi. U xursand. Yursang va chopsang, o’tirgandek kabi mudroq bosmaydi. U o’tin olib, pechga qaladi, uning tafti qizning yog’ochdek yuziga urar, miyasini ravshanlashtirardi.

-Varka, samovarni qo’y! -baqirdi xo’jayin.

Varka tarashani terarkan, bir vaqtning o’zida ularni yoqib samovar ichiga tashladi va yangi buyruqni eshitdi:
-Varka, xo’jayinning kalishini tozala!

Qiz polga o’tirib kalishlarni artgancha, shu katta va chuqur kalishga boshini solib bir dam mizg’ish haqda o’y surdi… Birdan kalish o’sib, shishib ketdi va xonani egalladi, Varka qo’lidagi sho’tkani tushirib yubordi, boshini qoqqancha atrofidagi buyumlar qarshisida baxaybatlashib, harakatga kelmasligi uchun ko’zlarini katta-katta ochdi.

-Varka, zinapoyani artib qo’y, bo’lmasa buyurtmachilar oldida izza bo’lamiz!

Varka zinalarni artib, xonalarni tartibga keltirib, so’ng narigi pechni yoqdi va baqqolga chopdi. Ish ko’p, bir daqiqa ham bo’sh vaqt yo’q.

Oshxonada bir joyda turgancha kartoshka archishdan og’irroq yumush yo’q bo’lsa kerak. Boshi stolga enkayib ketadi, kartoshka ko’z oldida jivirlaydi, pichoq qo’lidan tushib ketay deydi, semiz va jahldor beka esa yengini shimargancha kelib quloqlarni qomatga keltirib o’shqiradi. Jimgina tushlik tayyorlaydi, kir yuvadi, tikish qiladi. Ba’zida hech nimaga qaramay polga cho’zilgancha uxlashni juda istaydi.

Kun o’tdi. Deraza orti qoraya boshlagach, Varka qishloq viskisini o’zi uchun siqarkan, nimadan shodonligini bilmagan holda jilmayardi. Oqshom lahzasi uni siypalab uyquga chanqoq ko’zlariga tez orada orom va’da qilardi. Kechki payt xo’jayinning uyiga mehmonlar keldi.

-Varka, samovarni yoq! -qichqirdi xo’jayin.

Xo’jayining samovari kichkina edi, mehmonlarga choy ulashish uchun uni besh marta qaynatish kerak bo’ladi. Choydan so’ng Varka bir soat mehmonlar qarshisida tik turgancha buyruq kutardi.

-Varka, bor, uch butilka piva keltir!

U joyidan siljib uyqusini qochirish uchun tezroq chopishga intildi.

-Varka, aroq olib kel! Varka, ochqich qani? Varka, selyodkani tozala!

Mana, nihoyat mehmonlar ketishdi, olov so’nib, xo’jayin uxlashga yotdi.
-Varka, bolani tebrat! -oxirgi buyruq berildi.

Pechda chigirtka chirilladi. Shiftdagi yashil dog’ hamda yo’rgak va ishton soyalari yana Varkaning yarim ochiq ko’zlarini o’ynatar, pirpirar va boshida tuman hosil qilardi.

-Alla, alla, allayo, -pichirladi u, -orom olgin, allayo..

Go’dak bo’lsa yig’lar va shovqindan madorsizlanardi. Varka yana balchiqli ko’chani, xaltali odamlarni, Pelageyani, otasi Yefimni ko’rdi. U hammasini tushunar, bilar, chala uyqu orasida qo’l-oyoqlarini zanjirband qilgan, ezgan va yashashga halal berayotgan kuch nimaligini tushunmasdi. Nihoyat, ming azob bilan u kuchini to’pladi va ko’zlarini ochdi, pirpirayotgan yashil dog’ga qaradi va uning yashashiga halal berayotgan dushman ovoziga quloq tutdi.

Bu dushman -go’dak edi.

Qiz jilmaydi. Qiziq, nega avval shu arzimas narsani sezmadi ekan? Yashil dog’, soyalar va chigirtka ham nazarida jilmayib hayron bo’lardilar.

Soxta tasavvur Varkani egallab borardi. U taburetdan turib, yoyilib tabassum qildi va ko’zlarini pirpiratmay xona bo’ylab aylandi. U ayni paytda qo’l-oyoqlarini zanjirlagan go’dakdan halos bo’lish haqdagi yoqimli va qitiqlovchi o’ylardan mamnun edi… Bolani o’ldirib, so’ng uxlash, uxlash va uxlash mumkin…

Jilmayib, yashil dog’ga barmog’ini o’qtalgancha ko’zini qisib qo’ygan Varka belanchak sari o’rmaladi va go’dak qarshisiga egildi. Uni bo’g’di va quvonchdan xursand bo’lib tezda polga cho’zildi, endi u bemalol uxlashi mumkin, bir daqiqadan so’ng u o’likday qotib yotardi…

0034

(Tashriflar: umumiy 3 930, bugungi 1)

5 izoh

  1. «Уйқу истаги»эмас»Уйқу хумори»дейилса табиий чиқар эди.

  2. ,,Yyqu istagi» , manimcha, ,,Uyqu xumori» dan ancha yaxshiroq bo’lsa kerak.Chunki u qanaqadir vaqtinchalik emas,aynan usha paytda qizning charchaganligi uchun unda paydo bo’lgan xohish desa ham bo’ladi.Asar yaxshi ,ammo shavqatsizlik ruhi ufurib turibdi.Ham go’dakning ota-onasi ham Varaka va ham taqdir tomonidan.

  3. Хикоя зур инсонни шукр килишга ундайди

  4. Qisqa va juda ta`sirli hikoya.A.Chexovning mahoratiga qoyil qoladi kishi.

  5. Har bir ongli kishi bu asarni o’qib teran anglasa, oʻzida insoniylik hissini uygʻotadi.Asar judayam taʼsirli va shafqatsiz tarzda yozilgan.Bu hikoyani oʻqigan kitobxon ketgan vaqtiga achinmaydi.

Izoh qoldiring