Anton Chexov. Ayollik baxti & Uch pyesa: Chayka. Olchazor. Vanya tog’a & Anton Chexov: Yozuvchi monologi

Ashampoo_Snap_2017.01.25_16h53m27s_003_.png29 январ — Антон Павлович Чехов туғилган кун

   Антон Павлович Чехов ҳикояларидаги кулсанг ўзинг хижолат чекадиган, йиғласанг ҳақинг кетадиган персонажлар маърифатпарвар рус зиёлисининг ҳасратлари, кўзойнаги шишасини намлаган милт-милт кўзёшлари эди …

АНТОН ЧЕХОВ: ЁЗУВЧИ МОНОЛОГИ
Иқбол Қўшшаева
088

Иcтеъдод сири ҳақида бир таъриф бор: “Истеъдод – ўз дардингни маҳорат билан ифодалаш эмас, ўзга дардни ўзингдан ўтказиб яшашдир”. Чиндан ҳам, ўзингдан ўзга тақдирларнинг севинчию оғриқлари билан яшай олиш – сенинг ижод одами эканингдан дарак берувчи илк аломат. Лекин… ҳеч ким ўзидан қочиб кета олмайди. Ёзувчи икки азалий қутб – эзгулик ва ёвузлик ҳақиқатини тасвирламоқчи бўлса, барча рангларни ҳаёт ўз муҳрини қолдирган қувваи ҳофизасидан олади. Масалан, Ҳомид образи Абдулла Қодирий руҳиятининг маҳсули. Ёзувчининг тубанлик, хоинликка бўлган муносабати. Қодирийнинг жаҳолат ҳақидаги мезони бу. Ўзимча ўйлайман: агарда роман ижодкори иродаси ожиз, иймони заиф инсон бўлганида, унинг феъл-атворида Ҳомидга хос қора бўёқлар қай тариқа акс этган бўларди? Ва қандай кўринишда? Биргина салбийнамо қиёфани минг хил тусда ҳам жумбоқли, ҳам жозибали қилиб кўрсата олиш учун ёзувчининг тасаввур дунёси қанчалар бой ва ранг-баранг, шахсияти ҳам қай даражададир кўп қатламли бўлиши керак. Масалан, Назар Яхшибоев жозибасини адиб Мурод Муҳаммад Дўстдан айро тасаввур қилинг-чи? Бош қаҳрамон бўладими ё эпизодик пержонаж – фарқи йўқ, бари бизга ёзувчининг ўзи ҳақида сўйлайди.

Антон Павлович Чехов ҳикояларидаги кулсанг ўзинг хижолат чекадиган, йиғласанг ҳақинг кетадиган персонажлар маърифатпарвар рус зиёлисининг ҳасратлари, кўзойнаги шишасини намлаган милт-милт кўзёшлари эди. Чеховдаги гўзал ички маданият қаҳрамонлари устидан қаҳ-қаҳ отиб кулдиришга, ожиздан ожиз одамларни масхаралатишгача олиб бормайди. Пьесалари ёзувчининг ўзига, сочидан товони қадар зиёли ижодкорнинг шахсиятига ўхшайди. Сиртдан қараганда, ҳамма нарса сокин, ҳаёт ўз йўлида рисоладагидек кетяпти. Одамлар кулади, қўшиқ айтади. Лекин ҳар бир юракнинг ўз бомбаси бор. Қўл теккизгудек бўлсанг, тамом – портлайди! Чеховона лиризм ортида ҳаётнинг шунақанги тасқара нуқси борки… Китобхондаги кулгига мойил кайфият ўз-ўзидан маҳзун кўйга тушади.

Унинг қаҳрамонлари шифокор Астров (“Ваня тоға” пьесаси) ва ёзувчи Тригорин (“Чайка” пьесаси) билан юзма-юз келган китобхон бевосита Антон Чеховнинг ўзи билан мулоқот қилади, унинг соф инсоний дардини тинглайди. Ёзувчи ўзининг бор ўй-ҳасратини, кечинмаларини ва ҳатто касбини ҳам ортиқча бўёқларсиз шу қаҳрамонларига кўчиргандек. Чехов ҳам шифокор, ҳам ёзувчи. Астров сингари бемаҳал, висолсиз муҳаббатга йўлиқди. Азоб чекди, азоб берди. Қаҳрамони каби ҳам қалб, ҳам фикр ва ташқи гўзаллик уйғунлигини қўмсади, шунга интилди. Театр худди Тригорин каби Чеховнинг ҳам драматурглик қобилиятини кашф этди, актрисаларнинг муҳаббати эса ёзувчини чинакам эркак сифатида улғайтириб, маҳбубга айлантирди, тақдирини актриса Ольга Книппер билан боғлади.

Тригорин ўз истеъдодига қай даражада хавотирланиб, шубҳа аралаш қараса, Чехов ҳам ўзига ишончсизлик ила: “Ўлганимдан сўнг мени узоғи билан бир йил эслашади, холос”, деб айтган. Ортда қолган аср ва ўтаётган йиллар эса ёзувчи бу борада адашганини, ўзининг ижодига ўта ҳақир кўз билан қараганини исботлаб турибди.

Қуйидаги битиклар “Чайка” асарининг қаҳрамонларидан бири ёзувчи Тригоринга тегишли. Тригориннинг фикрларини яхлит ҳолда умумлаштирсак, гўё Чехов монологи каби таассурот қолдиради. Ўқиб, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз, ёзувчининг ўй-ҳасратлари сўз дардига чалиниб, қўлига қалам ушлаган ҳар бир «бемор» учун бегона эмас.

ТРИГОРИН МОНОЛОГИ
«Чайка” асаридан

6s_004_.pngAгар одам кечаю кундуз бир нарса тўғрисида, масалан, ой тўғрисида ўйлай берса, зўрма-зўраки тасаввур ҳосил қилади, менинг ҳам шунақа ойим бор. Мени кечаю кундуз сира қутулиб бўлмайдиган бир фикр банд қилади: мен ёзишим керак, ёзишим керак, ёзишим керак… Бирор қиссани ёзиб тугатдимми, нима учундир дарҳол бошқасини бошлашим керак, сўнг учинчисини, учинчидан кейин тўртинчисини ёзишим лозим… Худди хат машқ қилаётган кишидек ёзганим-ёзган, бошқа иложим йўқ. Ахир, бунинг нимаси ажойиб, нимаси мароқли? Қани, айтинг-чи? О, бу қандай ёввойи турмуш! Мана, мен сиз билан бирга ўтирибман, ҳаяжонланяпман, ҳолбуки, уйда мени тугамаган қисса кутаётганини бир дақиқа бўлсин унутганим йўқ. Мана, кўриб турибман, булут худди роялга ўхшайди. Ўзимча ўйлайман: роялга ўхшаган булут сузиб кетмоқда эди, деб бирор ҳикояда қайд қилиб ўтишим керак.

Мана, иккаламизнинг ҳар бир гапимизни ва ҳар бир сўзимизни эслаб қолишга тиришаман, бу гап ҳамда сўзларни тезроқ адабий омборимга жойлаб олишга шошиламан: бир куни керак бўлиб қолар! Ишимни тамомлагач, ё театрга, ё балиқ овлашга чопаман; бу ерда пича дам олиш ва барча нарсани унутиш мумкин, деб ўйлайман, бироқ йўқ, иложи бўлмайди, каллада тағин оғир чўян соққага ўхшаб, янги сюжет айлана бошлайди, сўнг столимга бориб ўтиргим келади, яна ёзиш учун шошилиш керак бўлади ва ҳамма вақт шундай. Ўзимдан менинг ўзимга сира тинчлик йўқ. Мен ўз ҳаётимни ўзим кемираётганимни, бу бўшлиқда кимгадир берадиган бол учун, ўзимнинг энг асл гулларимдан шарбат тўплаётганимни ва у гулларни юлиб олиб, илдизларини топтаб ташлаётганимни сезиб тураман. Ахир, мен телба эмасманми? Ахир, яқинларим ва ошналарим менга нисбатан, coғ кишиларга қилинадиган муомалада бўладиларми? “Нима ёзяпсиз? Бизга нима ҳадя қиласиз?”. Ҳамма вақт шу гап, ҳамма вақт шу гaп ва менга ошналарнинг бу илтифоти, танишларнинг мақтовлари, ҳаммаси риёдек, мени худди касал кишини алдаганлари каби алдашаётгандек туюлади, баъзан ҳозироқ орқамдан яшириниб келиб, ушлаб олмасалар ва мени жиннихонага олиб бориб қуйишмаса эди, деб қўрқиб кетаман.

Илгарилари, гўзал ёшлик йилларида, мен ёзувчиликка энди қадам қуйган вақтимда ҳаётим бошдан-оёқ азоб-уқубатдан иборат эди. Ёш ёзувчи муваффақиятсизликка учраганда ўзини беўхшов, нўноқ, ортиқча деб ҳис қилади, асаб­лари таранг ва жонига теккан бўлади; у эътироф этилмаган, ҳеч ким тарафидан пайқалмаган ҳолда, худди пули йўқ ашаддий қиморбоздек уларнинг кўзига тик ва дадил қарашдан қўрқиб, адабиёт ва санъатга дахлдор одамлар атрофида бетўхтов айланиб юради. Мен ўз ўқувчимни кўрган эмас­ман, аммо у менинг тасаввуримда негадир адоватли ва ишонмайдиган киши бўлиб жонланади. Мен оммадан қўрқардим, у менинг учун даҳшатли эди, янги пьесамни саҳнага қўйган вақтларида ҳар сафар назаримда қора сочли кишилар душман кўзи билан қараётгандек, сариқ сочли одамлар эса совуқ, бепарводек туюлар эди! О, бу нақадар даҳшат! Бу шундай азобки, сира тенги йўқ!

Тўғри, ёзган вақтимда ҳузур қиламан. Таҳрир жараёни ҳам лаззатли, лекин… Китоб босмадан чиқар-чиқмас, чидай олмайман, кўраманки, мен ўйлагандай бўлиб чиқмабди, ҳатто умуман уни ёзмаслик керак эди, деган хаёлга бораман. Алам қилади, таъбим тирриқ бўлади… Омма уни ўқийди-да: “Ҳа, жуда соз, яхши ёзилган… тузук нарса, аммо Толстойга етишига ҳали анча бор”, ёки: “Ажойиб нарса, лекин Тургеневнинг “Оталар ва болалар” романи бундан яхши”, дейди. То гўрга киргунга қадар фақат жуда соз, яхши нарса, жуда соз, яхши нарса, деган сўзлардан бўлак ҳеч нарса эшитмайман, ўлганимдан сўнг эса танишлар қабрим ёнидан ўта туриб: “Бу ерда Тригорин ётибди. Яхши ёзувчи эди, аммо Тургеневдек яхши ёзолмас эди”, дейишади.

Сиз муваффақият ҳақида гапирасиз. Қанақа муваффақият? Мен ҳеч маҳал ўзимга ёққан эмасман. Ёзувчи сифатида ўзимни севмайман ҳам. Ҳаммадан ёмони шуки, мен ўзимни қандайдир бир тутун ичида деб ҳис қиламан ва кўп вақт нима ёзаётганимни билмайман… Мен сув, дарахт­лар, осмонни яхши кўраман, табиатни сезаман, у менда эҳтирос, енгиб бўлмайдиган ёзиш истаги уйғотади. Аммо фақат манзарачи эмасман-ку, мен ахир гражданинман, ўз ватанимни, халқимни севаман, модомики ўзимни ёзувчи деб билар эканман, мен халқ тўғрисида, унинг азоб-уқубатлари, келажаги ҳақида гапиришни, илм, инсоннинг ҳуқуқи ва бошқалар тўғрисида сўзлашни шарт деб биламан. Ҳамма нарса ҳақида гапиргим келади. Шошиламан, мени ҳар тарафдан қистайдилар, койийдилар, худди ит қувган тулкидек, у ёқдан-бу ёққа югуриб еламан, ҳаёт ва илм бўлса ҳамон олға қараб кетмоқда, мен эса худди поездга кечиккан мужикдек орқада қолиб кетаётганимни кўраман, ниҳоят, фақат манзараларнигина ёза олишимни ва бошқа нарсалар тўғрисида ёзганларимнинг ҳаммаси сунъий, бошдан-оёқ ясама эканини сезаман.

Гўзал, шоирона, тотли хаёлот дунёсига етаклаб кетувчи муҳаббатгина – оламда ёлғиз угина бахт бера олади! Мен бундай муҳаббатни бошимдан кечирган эмасман… Ёшлик чоғимда вақт йўқ эди, у паллада мен таҳририятларга қатнаб, муҳтожлик билан олишар эдим… Мана энди, ниҳоят, у муҳаб­бат келди, у ўзига чорламоқда… Энди ундан қочишда нима маъно бор?.

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

Антон Павлович Чехов
АЁЛЛИК БАХТИ
Шаҳзода Ҳакимова таржимаси
01

08 Буюк рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов Таганрог шаҳрида дўкондор оиласида туғилиб ўсди. Чехов гимназияни тамомлагач, Москва университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради, тирикчилик учун ҳажвий ҳикоялар ёзади. Ёзувчи ўқишни тамомлаб, уезд врачи бўлиб ишлаётган даврда машҳурлик пағонасига кўтарилди. 1890 йиллари Чехов Россиядаги энг кўп мутоала қилинаётган ёзувчига айланди. У ҳар бир одамга тушунарли бўлган оддий тилда ижод қилди. Чеховнинг энг машҳур асарлари орасидан « № 6 палата», «Анна», «Кучук етаклаган аёл» ҳикоялари ва «Чайка», «Ваня амаки», «Уч опа-сингил» пьесалари ўрин олган. Буюк ёзувчи 1904 йил оламдан ўтди ва Москванинг Новодевичье қабристонига дафн этилди.

01

Генерал-лейтенант Запупирининг дафн маросими. Марҳумнинг уйидан мотам мусиқаси ва қаттиқ-қуруқ овозлар янграрди. Хабар топган томошаталаблар ҳар томондан югуриб келишган. Чиқариш маросимига ошиққанлар орасида Пробкин ва Свистков ҳам ҳозиру нозир. Иккови ҳам хотини билан бирга.
– Мумкин эмас! – Маҳаллий нозир ёрдамчиси ёқимли, очиқ чеҳра билан тўсиққа ёпирилиб келганларни тўхтатишга уринарди. – Мумкин эмас! Илтимос, орқага! Лекин шундай бўлса ҳам, хонимлар ўтиши мумкин… марҳамат сиз, хоним.

Пробкин ва Свистковнинг хотинлари нозир ёрдамчисининг кутилмаган илтифотидан қизаришиб, тўсиқдан лип этиб ўтиб олишди. Эрлари эса жонли девор томонда қолганча пиёда ва отлиқ назоратчилар ортидан ўйчан боқишарди.

– Ўтиб олишди! – деди кетиб қолган аёлларга рашк ва нафрат билан қараб қолган Пробкин. – Бахт чиндан ҳам бу уламасочларга. Эркакларда ҳеч қачон бундай имтиёз бўлмайди. Хўш, бизникидан афзалроқ қандай хислати бор уларнинг? Аёллар, айтиш мумкинки, оддий, ҳаммага ўхшаган, қолаверса, бидъатчи, лекин барибир уларни ўтказиб юборишди. Сиз билан бизни эса гарчи бешинчи даражали мартабага эга бўлсак-да, ўтказишга лойиқ кўришмади.

– Таажжуб, ўйлаб кўринг-а! – деди нозир ёрдамчиси Пробкинга таъна билан қараб. – Сизларни ичкарига олмаганимда ҳозир бошланадиган беўхшов туртинишлар орасида қолиб кетардингиз. Ахир, шундай назокатингиз билан сизни бунақа аҳволда қолдиришни ҳечам ўзимга эп кўрмасдим!

– Марҳамат қилиб қолдиринг! – жаҳли чиқди Пробкиннинг. – Аслида аёллар кўпчилик орасида биринчи бўлиб туртинишади. Эркаклар бир нуқтага тикилиб тураверади, хонимлар эса қўлларини кенг қўйиб, бемалол туртиб кетаверишади, нима бўлса бўлсину, башанг либослари ғижимланмасин. Ғиринг деб кўр-чи! Аёллар бор жойда омад эшиги ҳамиша очиқ. Хонимлар ва аскарлар учун рақс кечалари ҳам бепул, ҳа, бир тийинга олишмайди. Ҳатто тан жазосидан ҳам осонгина озод қилишади… Қайси хизматлари учун деган савол туғилади. Пошша қиз рўмолчасини тушириб юборса, сен энгашиб олиб бер; у кириб келса, дарҳол ўрнингдан туриб, стулингни узат; чиқиб кетса, кузатиб қўй… Расм-русмни қара-я! Қандай бўлмасин, унга етиш, фараз қилайлик, бешинчи даражали мартаба соҳиби – менга ёки сенга бир умр карнай чалиш бўлса, бас. Ойимқиз эса ярим соатда юқори мартабали инсон билан йўлини топиб, никоҳдан ўтиб олади-ю, бир пасда олий зотли хонимга айланади. Борди-ю, мен княз ёки граф бўлиб қолсаму, бутун дунёни бўйсундирмоқни ихтиёр этсам, Шипка чўққисини забт этсаму, вазирлар ҳузурида бўлиб турсам, ўз паноҳингда асра, бирорта она сути оғзидан кетмаган Веренька ёки Катенька граф қаршисида пайдо бўлиб, этагини айлантиради, кўзини сузади – мана жаноби олиялари… Сен ҳозир губерня котиби… Бу мартабангни, айтиш мумкинки, қон ютиб қўлга киритгансан; сенинг Марья Фоминишнанг-чи? У нима учун губерня котибаси? Попнинг қизилиги учун осонгина амалдорнинг хотини ҳам бўлиб олди. Ажойиб хотин! Сен унга ишимизни бер, у сенинг ўрнингда келди-кетди хатларини ёзиб ўтиради.

– Аммо тушкун ҳолатдагиларга хушкайфият бағишлайди, – гап қистирди Свистков.

– Бағоят муҳимлик! Улар амалдорлар қаршисида қовоғи уйилганга ўхшаб туришади, бироқ бу билан ўзларининг дилни яйратгувчи оромижонликларини кўз-кўз қилишади. Турган-битгани қулайлик. Бизнинг доирадан бирорта қиз ёки хоним генералга ҳам бемалол бидир-бидир гапира олади, сен эса амалдор олдида ниманидир айтишга журъат ҳам қилолмайсан…

Ҳа… Сенинг Марья Фоминишнанг тортинмасдан бирор амалдорнинг қўлтиғидан олганча у билан бемалол сайр қилади, сен ҳам ана шундай амалдорнинг қўлтиғидан тутиб кўр-чи! Қани, ол, уриниб кўр! Бизнинг уйимизда, остки қаватимизда қанақадир профессор хотини билан яшайди… Генерал, тушуняпсанми, лекин Анна биринчи ўринда туради. Шунинг учун ҳар доим хотинининг жеркинганини эшитасан: “Аҳмоқ! Аҳмоқ! Аҳмоқ!” Ахир, у оддий қишлоқ аёли-ку, мешчанлардан, лекин бунда ҳар ҳолда қонунийлик бор ва шундай бўлиши керак ҳам… Азалдан шунақа, ҳақ-ҳуқуқлари учун талашиб-тортишишади, аммо сен ноқонуний тарафини олиб кўр.

Бир ҳодиса умрбод эсимдан чиқмайди. Ўлишимга озгина қолганди, шунда билсам, ота-онамнинг дуолари туфайли омон қолган эканман. Биласанми, ўтган йили бизнинг генерал таътилда ёзув-чизувлари учун қишлоғига мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Бир соат ишлаб, қолган вақтда бекорчи ишлар билан банд бўлардик. У ишларини битириб, айлангани ўрмонга жўнарди ёки хизматкорлар романсларини тингларди. Генералимиз сўққабош. Уй тўла ноз-неъмат, хотинлар эса йўқ, хизматкорларни ҳеч ким бошқармаганидан худди итдек пала-партиш яшашади. Хуллас, одамларнинг бари тартибсиз, гапга кирмайдиган… ва фақат оқсоч Вера Никитишна ҳаммамизга сўзини ўтказади. Унинг ўзи чой қуяди, тушлик буюртиради, хизматкорларга ўшқиради. Эҳ дўстим, бу ёқимсиз аёл жудаям заҳар, шайтоннинг ўзгинаси. Семизлигидан доим қизариб юради. Кимгадир қичқира бошласа, шунақа чийиллайдики, Худо асрасин бундай беўхшов чинқириқдан. Хуллас, бақир-чақирлару, ҳақоратлар жонга тегиб кетди. Во, ажаб! Унинг яқинида яшашга ҳеч ким тоқат қилолмасди. Нафақат хизматкорларнинг, балки менинг ҳам жиғимга тегарди бу маккор. Шунда: “Шошмай тур, қулай фурсат топиб, сен тўғрингда барисини генералга айтиб бераман. У хизмат билан банд бўлиб, кўзига чўп солиб юрганингни ва одамларни бездираётганингни кўрмайди-да, қараб тур, мен унинг кўзини очиб қўяман”, – деб ўйлардим. Очилди ҳам биродар, кўзлар шунақа очилдики, назаримда ўзимнинг кўзим умрбод юмилмайдиган бўлди. Эсласам, ҳатто ҳозир ҳам этим жунжикади.

Бир куни мен коридордан бораётиб, тўсатдан чинқириқ овозини эшитиб қолдим. Аввалига чўчқани сўйишяпти, деб ўйладим, кейин эса диққат билан қулоқ солсам, Вера Никитишна ким биландир жанжаллашарди:

– Ҳайвон! Нақадар ярамассан! Аблаҳ!
– Кимни қарғаяпти? – дея ҳайрон бўлдим.

– Эҳ ошнам, иттифоқо кўриб қолдим: эшик очилиб кетди ва ундан бизнинг генерал учиб чиқди. Қип-қизарган, кўзлари чақчайган, сочлари тўзғиган бир ҳолатда. Аёл эса унинг орқасидан ҳам сўкинарди: “Ярамас! Иблис!”

– Валдирайвер! – дерди дарғазаб генерал.

Рости, мен қизишиб кетдим. Бизнинг генерал эса ўз хонасига югуриб кетди, мен эса гўё ҳеч нимани тушунмаган аҳмоқдек коридорда туравердим. Калтафаҳм, оми, тагипаст бир аёл бирданига бунақанги ҳақоратомуз сўзлар билан муомала қилишга журъат этди-я! Ўйлашимча, демак, генерал у билан ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлган, у эса гувоҳлар йўқлигидан фойдаланиб, бутун заҳрини генералга сочяпти. Йў-ўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди, йўқотиш керак бу алвастини. Қоним қайнаб кетди… Унинг хонасига бордимда, дедим: “Сен, ярамас, қандай қилиб амалдор одамга қўрқмасдан шунақа сўзларни гапирдинг? Нима, уни ҳимоясиз заиф чол, деб ўйлаяпсанми?” Ўзим ҳимояга ўтдим, биласанми, нима қилдим, унинг ёғ босган юзига икки марта тарсаки туширдим. Ана шунда кўрсанг эди унинг қанчалар кўтарилиб кетганини, шунақа чинқириб бақира бошладики, ўзи асрасин бундай офатдан! Умуман яхши иш бўлмади.

Қулоғимни бекитдим-да, ўрмонга жўнадим. Тахминан икки соатлардан сўнг қаршимга бир бола югуриб келди: “Хўжайиннинг олдига марҳамат қилинг”. Бордим. Кирдим. Куркага ўхшаб тумшайиб ўтирарди, қарамади ҳам.

– Бу, менинг уйимда сиз нима ўрнатмоқчисиз ўзи?
– Яъни, қанақа? Мабодо, сиз Никитишна тўғрисида гапираётган бўлсангиз, мен сизнинг ёнингизни олдим-ку.
– Бу сизнинг ишингиз эмас, бировнинг оилавий ишларига аралашяпсан! Тушунасанми?! Оилавий!

Эҳ, биродар, у таъзиримни бера бошлаганда шунақа қизишиб кетдики, ўлишимга озгина қолди. Гапириб-гапириб, тўнғиллаб-тўнғиллаб, бирданига томдан тараша тушгандек кулиб юборди. “Бунақа гапиришни қандай эпладингиз? Бунча журъатни қаердан олдингиз? Таажжуб! Лекин буларнинг бари, дўстим, орамизда қолиши керак… Сизнинг қизиққонлигингизни тушунаман, бироқ хўп десангиз, сизнинг бундан кейин менинг уйимда қолишингиз ножоиз…”

Мана, ошна! Қандай қилиб ўша гердайган “товус”ни калтаклаганим, унга ҳатто ажабланарли. Ҳа, шаллақи хотин эс-ҳушини олиб қўйган. Оқ Бургутнинг махфий маслаҳатчиси бўла туриб, оддий бир аёлнинг таъсирига тушиб қолганини раҳбариятнинг ўзи ҳам билмайди-да… Ҳа, аёлларнинг каттадан катта қулайликлари! Аммо… сен яхшиси, шапкани еч! Генерални олиб кетишяпти… Эҳ, қанчадан-қанча орденлар, отахонлар дунёси! Хўш, қани, Худо ҳаққи, хонимларни олдинга ўтказиб юборишди, чинданам, улар орденларда бирор нарса борлигини тушунишадими ўзи?

Мусиқа чалина бошлади.

066

ANTON CHEXOV: YOZUVCHI MONOLOGI
Iqbol Qo’shshaeva
088

Icte’dod siri haqida bir ta’rif bor: “Iste’dod – o’z dardingni mahorat bilan ifodalash emas, o’zga dardni o’zingdan o’tkazib yashashdir”. Chindan ham, o’zingdan o’zga taqdirlarning sevinchiyu og’riqlari bilan yashay olish – sening ijod odami ekaningdan darak beruvchi ilk alomat. Lekin… hech kim o’zidan qochib keta olmaydi. Yozuvchi ikki azaliy qutb – ezgulik va yovuzlik haqiqatini tasvirlamoqchi bo’lsa, barcha ranglarni hayot o’z muhrini qoldirgan quvvai hofizasidan oladi. Masalan, Homid obrazi Abdulla Qodiriy ruhiyatining mahsuli. Yozuvchining tubanlik, xoinlikka bo’lgan munosabati. Qodiriyning jaholat haqidagi mezoni bu. O’zimcha o’ylayman: agarda roman ijodkori irodasi ojiz, iymoni zaif inson bo’lganida, uning fe’l-atvorida Homidga xos qora bo’yoqlar qay tariqa aks etgan bo’lardi? Va qanday ko’rinishda? Birgina salbiynamo qiyofani ming xil tusda ham jumboqli, ham jozibali qilib ko’rsata olish uchun yozuvchining tasavvur dunyosi qanchalar boy va rang-barang, shaxsiyati ham qay darajadadir ko’p qatlamli bo’lishi kerak. Masalan, Nazar Yaxshiboev jozibasini adib Murod Muhammad Do’stdan ayro tasavvur qiling-chi? Bosh qahramon bo’ladimi yo epizodik perjonaj – farqi yo’q, bari bizga yozuvchining o’zi haqida so’ylaydi.

Anton Pavlovich Chexov hikoyalaridagi kulsang o’zing xijolat chekadigan, yig’lasang haqing ketadigan personajlar ma’rifatparvar rus ziyolisining hasratlari, ko’zoynagi shishasini namlagan milt-milt ko’zyoshlari edi. Chexovdagi go’zal ichki madaniyat qahramonlari ustidan qah-qah otib kuldirishga, ojizdan ojiz odamlarni masxaralatishgacha olib bormaydi. P`esalari yozuvchining o’ziga, sochidan tovoni qadar ziyoli ijodkorning shaxsiyatiga o’xshaydi. Sirtdan qaraganda, hamma narsa sokin, hayot o’z yo’lida risoladagidek ketyapti. Odamlar kuladi, qo’shiq aytadi. Lekin har bir yurakning o’z bombasi bor. Qo’l tekkizgudek bo’lsang, tamom – portlaydi! Chexovona lirizm ortida hayotning shunaqangi tasqara nuqsi borki… Kitobxondagi kulgiga moyil kayfiyat o’z-o’zidan mahzun ko’yga tushadi.

Uning qahramonlari shifokor Astrov (“Vanya tog’a” p`esasi) va yozuvchi Trigorin (“Chayka” p`esasi) bilan yuzma-yuz kelgan kitobxon bevosita Anton Chexovning o’zi bilan muloqot qiladi, uning sof insoniy dardini tinglaydi. Yozuvchi o’zining bor o’y-hasratini, kechinmalarini va hatto kasbini ham ortiqcha bo’yoqlarsiz shu qahramonlariga ko’chirgandek. Chexov ham shifokor, ham yozuvchi. Astrov singari bemahal, visolsiz muhabbatga yo’liqdi. Azob chekdi, azob berdi. Qahramoni kabi ham qalb, ham fikr va tashqi go’zallik uyg’unligini qo’msadi, shunga intildi. Teatr xuddi Trigorin kabi Chexovning ham dramaturglik qobiliyatini kashf etdi, aktrisalarning muhabbati esa yozuvchini chinakam erkak sifatida ulg’aytirib, mahbubga aylantirdi, taqdirini aktrisa Ol`ga Knipper bilan bog’ladi.

Trigorin o’z iste’dodiga qay darajada xavotirlanib, shubha aralash qarasa, Chexov ham o’ziga ishonchsizlik ila: “O’lganimdan so’ng meni uzog’i bilan bir yil eslashadi, xolos”, deb aytgan. Ortda qolgan asr va o’tayotgan yillar esa yozuvchi bu borada adashganini, o’zining ijodiga o’ta haqir ko’z bilan qaraganini isbotlab turibdi.

Quyidagi bitiklar “Chayka” asarining qahramonlaridan biri yozuvchi Trigoringa tegishli. Trigorinning fikrlarini yaxlit holda umumlashtirsak, go’yo Chexov monologi kabi taassurot qoldiradi. O’qib, bunga o’zingiz ham amin bo’lasiz, yozuvchining o’y-hasratlari so’z dardiga chalinib, qo’liga qalam ushlagan har bir «bemor» uchun begona emas.

TRIGORIN MONOLOGI
«Chayka” asaridan

Agar odam kechayu kunduz bir narsa to’g’risida, masalan, oy to’g’risida o’ylay bersa, zo’rma-zo’raki tasavvur hosil qiladi, mening ham shunaqa oyim bor. Meni kechayu kunduz sira qutulib bo’lmaydigan bir fikr band qiladi: men yozishim kerak, yozishim kerak, yozishim kerak… Biror qissani yozib tugatdimmi, nima uchundir darhol boshqasini boshlashim kerak, so’ng uchinchisini, uchinchidan keyin to’rtinchisini yozishim lozim… Xuddi xat mashq qilayotgan kishidek yozganim-yozgan, boshqa ilojim yo’q. Axir, buning nimasi ajoyib, nimasi maroqli? Qani, ayting-chi? O, bu qanday yovvoyi turmush! Mana, men siz bilan birga o’tiribman, hayajonlanyapman, holbuki, uyda meni tugamagan qissa kutayotganini bir daqiqa bo’lsin unutganim yo’q. Mana, ko’rib turibman, bulut xuddi royalga o’xshaydi. O’zimcha o’ylayman: royalga o’xshagan bulut suzib ketmoqda edi, deb biror hikoyada qayd qilib o’tishim kerak.

Mana, ikkalamizning har bir gapimizni va har bir so’zimizni eslab qolishga tirishaman, bu gap hamda so’zlarni tezroq adabiy omborimga joylab olishga shoshilaman: bir kuni kerak bo’lib qolar! Ishimni tamomlagach, yo teatrga, yo baliq ovlashga chopaman; bu yerda picha dam olish va barcha narsani unutish mumkin, deb o’ylayman, biroq yo’q, iloji bo’lmaydi, kallada tag’in og’ir cho’yan soqqaga o’xshab, yangi syujet aylana boshlaydi, so’ng stolimga borib o’tirgim keladi, yana yozish uchun shoshilish kerak bo’ladi va hamma vaqt shunday. O’zimdan mening o’zimga sira tinchlik yo’q. Men o’z hayotimni o’zim kemirayotganimni, bu bo’shliqda kimgadir beradigan bol uchun, o’zimning eng asl gullarimdan sharbat to’playotganimni va u gullarni yulib olib, ildizlarini toptab tashlayotganimni sezib turaman. Axir, men telba emasmanmi? Axir, yaqinlarim va oshnalarim menga nisbatan, cog’ kishilarga qilinadigan muomalada bo’ladilarmi? “Nima yozyapsiz? Bizga nima hadya qilasiz?”. Hamma vaqt shu gap, hamma vaqt shu gap va menga oshnalarning bu iltifoti, tanishlarning maqtovlari, hammasi riyodek, meni xuddi kasal kishini aldaganlari kabi aldashayotgandek tuyuladi, ba’zan hoziroq orqamdan yashirinib kelib, ushlab olmasalar va meni jinnixonaga olib borib quyishmasa edi, deb qo’rqib ketaman.

Ilgarilari, go’zal yoshlik yillarida, men yozuvchilikka endi qadam quygan vaqtimda hayotim boshdan-oyoq azob-uqubatdan iborat edi. Yosh yozuvchi muvaffaqiyatsizlikka uchraganda o’zini beo’xshov, no’noq, ortiqcha deb his qiladi, asab­lari tarang va joniga tekkan bo’ladi; u e’tirof etilmagan, hech kim tarafidan payqalmagan holda, xuddi puli yo’q ashaddiy qimorbozdek ularning ko’ziga tik va dadil qarashdan qo’rqib, adabiyot va san’atga daxldor odamlar atrofida beto’xtov aylanib yuradi. Men o’z o’quvchimni ko’rgan emas­man, ammo u mening tasavvurimda negadir adovatli va ishonmaydigan kishi bo’lib jonlanadi. Men ommadan qo’rqardim, u mening uchun dahshatli edi, yangi pyesamni sahnaga qo’ygan vaqtlarida har safar nazarimda qora sochli kishilar dushman ko’zi bilan qarayotgandek, sariq sochli odamlar esa sovuq, beparvodek tuyular edi! O, bu naqadar dahshat! Bu shunday azobki, sira tengi yo’q!

To’g’ri, yozgan vaqtimda huzur qilaman. Tahrir jarayoni ham lazzatli, lekin… Kitob bosmadan chiqar-chiqmas, chiday olmayman, ko’ramanki, men o’ylaganday bo’lib chiqmabdi, hatto umuman uni yozmaslik kerak edi, degan xayolga boraman. Alam qiladi, ta’bim tirriq bo’ladi… Omma uni o’qiydi-da: “Ha, juda soz, yaxshi yozilgan… tuzuk narsa, ammo Tolstoyga yetishiga hali ancha bor”, yoki: “Ajoyib narsa, lekin Turgenevning “Otalar va bolalar” romani bundan yaxshi”, deydi. To go’rga kirgunga qadar faqat juda soz, yaxshi narsa, juda soz, yaxshi narsa, degan so’zlardan bo’lak hech narsa eshitmayman, o’lganimdan so’ng esa tanishlar qabrim yonidan o’ta turib: “Bu yerda Trigorin yotibdi. Yaxshi yozuvchi edi, ammo Turgenevdek yaxshi yozolmas edi”, deyishadi.

Siz muvaffaqiyat haqida gapirasiz. Qanaqa muvaffaqiyat? Men hech mahal o’zimga yoqqan emasman. Yozuvchi sifatida o’zimni sevmayman ham. Hammadan yomoni shuki, men o’zimni qandaydir bir tutun ichida deb his qilaman va ko’p vaqt nima yozayotganimni bilmayman… Men suv, daraxt­lar, osmonni yaxshi ko’raman, tabiatni sezaman, u menda ehtiros, yengib bo’lmaydigan yozish istagi uyg’otadi. Ammo faqat manzarachi emasman-ku, men axir grajdaninman, o’z vatanimni, xalqimni sevaman, modomiki o’zimni yozuvchi deb bilar ekanman, men xalq to’g’risida, uning azob-uqubatlari, kelajagi haqida gapirishni, ilm, insonning huquqi va boshqalar to’g’risida so’zlashni shart deb bilaman. Hamma narsa haqida gapirgim keladi. Shoshilaman, meni har tarafdan qistaydilar, koyiydilar, xuddi it quvgan tulkidek, u yoqdan-bu yoqqa yugurib yelaman, hayot va ilm bo’lsa hamon olg’a qarab ketmoqda, men esa xuddi poezdga kechikkan mujikdek orqada qolib ketayotganimni ko’raman, nihoyat, faqat manzaralarnigina yoza olishimni va boshqa narsalar to’g’risida yozganlarimning hammasi sun’iy, boshdan-oyoq yasama ekanini sezaman.

Go’zal, shoirona, totli xayolot dunyosiga yetaklab ketuvchi muhabbatgina – olamda yolg’iz ugina baxt bera oladi! Men bunday muhabbatni boshimdan kechirgan emasman… Yoshlik chog’imda vaqt yo’q  edi, u pallada men tahririyatlarga qatnab, muhtojlik bilan olishar edim… Mana endi, nihoyat, u muhab­bat keldi, u o’ziga chorlamoqda… Endi undan qochishda nima ma’no bor?.

Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

Anton Pavlovich Chexov
AYOLLIK BAXTI
Shahzoda Hakimova tarjimasi
01

Buyuk rus yozuvchisi Anton Pavlovich Chexov Taganrog shahrida do’kondor oilasida tug’ilib o’sdi. Chexov gimnaziyani tamomlagach, Moskva universitetining tibbiyot fakul`tetiga o’qishga kiradi, tirikchilik uchun hajviy hikoyalar yozadi. Yozuvchi o’qishni tamomlab, uezd vrachi bo’lib ishlayotgan davrda mashhurlik pag’onasiga ko’tarildi. 1890 yillari Chexov Rossiyadagi eng ko’p mutoala qilinayotgan yozuvchiga aylandi. U har bir odamga tushunarli bo’lgan oddiy tilda ijod qildi. Chexovning eng mashhur asarlari orasidan « № 6 palata», «Anna», «Kuchuk yetaklagan ayol» hikoyalari va «Chayka», «Vanya amaki», «Uch opa-singil» p`esalari o’rin olgan. Buyuk yozuvchi 1904 yil olamdan o’tdi va Moskvaning Novodevich`e qabristoniga dafn etildi.

01

General-leytenant Zapupirining dafn marosimi. Marhumning uyidan motam musiqasi va qattiq-quruq ovozlar yangrardi. Xabar topgan tomoshatalablar har tomondan yugurib kelishgan. Chiqarish marosimiga oshiqqanlar orasida Probkin va Svistkov ham hoziru nozir. Ikkovi ham xotini bilan birga.

– Mumkin emas! – Mahalliy nozir yordamchisi yoqimli, ochiq chehra bilan to‘siqqa yopirilib kelganlarni to‘xtatishga urinardi. – Mumkin emas! Iltimos, orqaga! Lekin shunday bo‘lsa ham, xonimlar o‘tishi mumkin… marhamat siz, xonim.

Probkin va Svistkovning xotinlari nozir yordamchisining kutilmagan iltifotidan qizarishib, to‘siqdan lip etib o‘tib olishdi. Erlari esa jonli devor tomonda qolgancha piyoda va otliq nazoratchilar ortidan o‘ychan boqishardi.

– O’tib olishdi! – dedi ketib qolgan ayollarga rashk va nafrat bilan qarab qolgan Probkin. – Baxt chindan ham bu ulamasochlarga. Erkaklarda hech qachon bunday imtiyoz bo‘lmaydi. Xo‘sh, biznikidan afzalroq qanday xislati bor ularning? Ayollar, aytish mumkinki, oddiy, hammaga o‘xshagan, qolaversa, bid’atchi, lekin baribir ularni o‘tkazib yuborishdi. Siz bilan bizni esa garchi beshinchi darajali martabaga ega bo‘lsak-da, o‘tkazishga loyiq ko‘rishmadi.

– Taajjub, o‘ylab ko‘ring-a! – dedi nozir yordamchisi Probkinga ta’na bilan qarab. – Sizlarni ichkariga olmaganimda hozir boshlanadigan beo‘xshov turtinishlar orasida qolib ketardingiz. Axir, shunday nazokatingiz bilan sizni bunaqa ahvolda qoldirishni hecham o‘zimga ep ko‘rmasdim!

– Marhamat qilib qoldiring! – jahli chiqdi Probkinning. – Aslida ayollar ko‘pchilik orasida birinchi bo‘lib turtinishadi. Erkaklar bir nuqtaga tikilib turaveradi, xonimlar esa qo‘llarini keng qo‘yib, bemalol turtib ketaverishadi, nima bo‘lsa bo‘lsinu, bashang liboslari g‘ijimlanmasin. G’iring deb ko‘r-chi! Ayollar bor joyda omad eshigi hamisha ochiq. Xonimlar va askarlar uchun raqs kechalari ham bepul, ha, bir tiyinga olishmaydi. Hatto tan jazosidan ham osongina ozod qilishadi… Qaysi xizmatlari uchun degan savol tug‘iladi. Poshsha qiz ro‘molchasini tushirib yuborsa, sen engashib olib ber; u kirib kelsa, darhol o‘rningdan turib, stulingni uzat; chiqib ketsa, kuzatib qo‘y… Rasm-rusmni qara-ya! Qanday bo‘lmasin, unga yetish, faraz qilaylik, beshinchi darajali martaba sohibi – menga yoki senga bir umr karnay chalish bo‘lsa, bas. Oyimqiz esa yarim soatda yuqori martabali inson bilan yo‘lini topib, nikohdan o‘tib oladi-yu, bir pasda oliy zotli xonimga aylanadi. Bordi-yu, men knyaz yoki graf bo‘lib qolsamu, butun dunyoni bo‘ysundirmoqni ixtiyor etsam, Shipka cho‘qqisini zabt etsamu, vazirlar huzurida bo‘lib tursam, o‘z panohingda asra, birorta ona suti og‘zidan ketmagan Verenka yoki Katenka graf qarshisida paydo bo‘lib, etagini aylantiradi, ko‘zini suzadi – mana janobi oliyalari… Sen hozir gubernya kotibi… Bu martabangni, aytish mumkinki, qon yutib qo‘lga kiritgansan; sening Marya Fominishnang-chi? U nima uchun gubernya kotibasi? Popning qiziligi uchun osongina amaldorning xotini ham bo‘lib oldi. Ajoyib xotin! Sen unga ishimizni ber, u sening o‘rningda keldi-ketdi xatlarini yozib o‘tiradi.

– Ammo tushkun holatdagilarga xushkayfiyat bag‘ishlaydi, – gap qistirdi Svistkov.

– Bag‘oyat muhimlik! Ular amaldorlar qarshisida qovog‘i uyilganga o‘xshab turishadi, biroq bu bilan o‘zlarining dilni yayratguvchi oromijonliklarini ko‘z-ko‘z qilishadi. Turgan-bitgani qulaylik. Bizning doiradan birorta qiz yoki xonim generalga ham bemalol bidir-bidir gapira oladi, sen esa amaldor oldida nimanidir aytishga jur’at ham qilolmaysan… Ha… Sening Marya Fominishnang tortinmasdan biror amaldorning qo‘ltig‘idan olgancha u bilan bemalol sayr qiladi, sen ham ana shunday amaldorning qo‘ltig‘idan tutib ko‘r-chi! Qani, ol, urinib ko‘r! Bizning uyimizda, ostki qavatimizda qanaqadir professor xotini bilan yashaydi… General, tushunyapsanmi, lekin Anna birinchi o‘rinda turadi. Shuning uchun har doim xotinining jerkinganini eshitasan: “Ahmoq! Ahmoq! Ahmoq!” Axir, u oddiy qishloq ayoli-ku, meshchanlardan, lekin bunda har holda qonuniylik bor va shunday bo‘lishi kerak ham… Azaldan shunaqa, haq-huquqlari uchun talashib-tortishishadi, ammo sen noqonuniy tarafini olib ko‘r.

Bir hodisa umrbod esimdan chiqmaydi. O’lishimga ozgina qolgandi, shunda bilsam, ota-onamning duolari tufayli omon qolgan ekanman. Bilasanmi, o‘tgan yili bizning general ta’tilda yozuv-chizuvlari uchun qishlog‘iga meni ham o‘zi bilan birga olib ketdi. Bir soat ishlab, qolgan vaqtda bekorchi ishlar bilan band bo‘lardik. U ishlarini bitirib, aylangani o‘rmonga jo‘nardi yoki xizmatkorlar romanslarini tinglardi. Generalimiz so‘qqabosh. Uy to‘la noz-ne’mat, xotinlar esa yo‘q, xizmatkorlarni hech kim boshqarmaganidan xuddi itdek pala-partish yashashadi. Xullas, odamlarning bari tartibsiz, gapga kirmaydigan… va faqat oqsoch Vera Nikitishna hammamizga so‘zini o‘tkazadi. Uning o‘zi choy quyadi, tushlik buyurtiradi, xizmatkorlarga o‘shqiradi. Eh do‘stim, bu yoqimsiz ayol judayam zahar, shaytonning o‘zginasi. Semizligidan doim qizarib yuradi. Kimgadir qichqira boshlasa, shunaqa chiyillaydiki, Xudo asrasin bunday beo‘xshov chinqiriqdan. Xullas, baqir-chaqirlaru, haqoratlar jonga tegib ketdi. Vo, ajab! Uning yaqinida yashashga hech kim toqat qilolmasdi. Nafaqat xizmatkorlarning, balki mening ham jig‘imga tegardi bu makkor. Shunda: “Shoshmay tur, qulay fursat topib, sen to‘g‘ringda barisini generalga aytib beraman. U xizmat bilan band bo‘lib, ko‘ziga cho‘p solib yurganingni va odamlarni bezdirayotganingni ko‘rmaydi-da, qarab tur, men uning ko‘zini ochib qo‘yaman”, – deb o‘ylardim. Ochildi ham, birodar, ko‘zlar shunaqa ochildiki, nazarimda o‘zimning ko‘zim umrbod yumilmaydigan bo‘ldi. Eslasam, hatto hozir ham etim junjikadi.

Bir kuni men koridordan borayotib, to‘satdan chinqiriq ovozini eshitib qoldim. Avvaliga cho‘chqani so‘yishyapti, deb o‘yladim, keyin esa diqqat bilan quloq solsam, Vera Nikitishna kim bilandir janjallashardi:

– Hayvon! Naqadar yaramassan! Ablah!
– Kimni qarg‘ayapti? – deya hayron bo‘ldim.

– Eh oshnam, ittifoqo ko‘rib qoldim: eshik ochilib ketdi va undan bizning general uchib chiqdi. Qip-qizargan, ko‘zlari chaqchaygan, sochlari to‘zg‘igan bir holatda. Ayol esa uning orqasidan ham so‘kinardi: “Yaramas! Iblis!”
– Valdirayver! – derdi darg‘azab general.

Rosti, men qizishib ketdim. Bizning general esa o‘z xonasiga yugurib ketdi, men esa go‘yo hech nimani tushunmagan ahmoqdek koridorda turaverdim. Kaltafahm, omi, tagipast bir ayol birdaniga bunaqangi haqoratomuz so‘zlar bilan muomala qilishga jur’at etdi-ya! O’ylashimcha, demak, general u bilan hisob-kitob qilmoqchi bo‘lgan, u esa guvohlar yo‘qligidan foydalanib, butun zahrini generalga sochyapti. Yo‘-o‘q, buni shunday qoldirib bo‘lmaydi, yo‘qotish kerak bu alvastini. Qonim qaynab ketdi… Uning xonasiga bordimda, dedim: “Sen, yaramas, qanday qilib amaldor odamga qo‘rqmasdan shunaqa so‘zlarni gapirding? Nima, uni himoyasiz zaif chol, deb o‘ylayapsanmi?” O’zim himoyaga o‘tdim, bilasanmi, nima qildim, uning yog‘ bosgan yuziga ikki marta tarsaki tushirdim. Ana shunda ko‘rsang edi uning qanchalar ko‘tarilib ketganini, shunaqa chinqirib baqira boshladiki, o‘zi asrasin bunday ofatdan! Umuman yaxshi ish bo‘lmadi.
Qulog‘imni bekitdim-da, o‘rmonga jo‘nadim. Taxminan ikki soatlardan so‘ng qarshimga bir bola yugurib keldi: “Xo‘jayinning oldiga marhamat qiling”. Bordim. Kirdim. Kurkaga o‘xshab tumshayib o‘tirardi, qaramadi ham.

– Bu, mening uyimda siz nima o‘rnatmoqchisiz o‘zi?
– Ya’ni, qanaqa? Mabodo, siz Nikitishna to‘g‘risida gapirayotgan bo‘lsangiz, men sizning yoningizni oldim-ku.
– Bu sizning ishingiz emas, birovning oilaviy ishlariga aralashyapsan! Tushunasanmi?! Oilaviy!

Eh, birodar, u ta’zirimni bera boshlaganda shunaqa qizishib ketdiki, o‘lishimga ozgina qoldi. Gapirib-gapirib, to‘ng‘illab-to‘ng‘illab, birdaniga tomdan tarasha tushgandek kulib yubordi. “Bunaqa gapirishni qanday epladingiz? Buncha jur’atni qaerdan oldingiz? Taajjub! Lekin bularning bari, do‘stim, oramizda qolishi kerak… Sizning qiziqqonligingizni tushunaman, biroq xo‘p desangiz, sizning bundan keyin mening uyimda qolishingiz nojoiz…”

Mana, oshna! Qanday qilib o‘sha gerdaygan “tovus”ni kaltaklaganim, unga hatto ajablanarli. Ha, shallaqi xotin es-hushini olib qo‘ygan. Oq Burgutning maxfiy maslahatchisi bo‘la turib, oddiy bir ayolning ta’siriga tushib qolganini rahbariyatning o‘zi ham bilmaydi-da… Ha, ayollarning kattadan katta qulayliklari! Ammo… sen yaxshisi, shapkani yech! Generalni olib ketishyapti… Eh, qanchadan-qancha ordenlar, otaxonlar dunyosi! Xo‘sh, qani, Xudo haqqi, xonimlarni oldinga o‘tkazib yuborishdi, chindanam, ular ordenlarda biror narsa borligini tushunishadimi o‘zi?

Musiqa chalina boshladi.

Anton Chexov. Uch Pyesa: Chayka. Olchazor. Vanya tog’a by Khurshid Davron on Scribd

05

(Tashriflar: umumiy 4 458, bugungi 1)

2 izoh

  1. Chexov asarlari tuganmas va bitmas hayotiylik ustiga qurilgan. Dunyoda shunday noyob iqtidorli inson yashab òtganligidan va uning ijod mahsulidan foydalanoyotganligimdan xursandman.

  2. Anton Chexovga taqlid qilganlar kop edi va hali ham shunday ayrimlari ozlarini Chexovni ortda qoldirdiq deb oylashadi.Ammo faqat «ozlarining hayolida»degandi inglis yozuvchisu Golsuorsi.
    Chexov bir dona va dunyo klassigi.Harbir hikoyasi shedevr

Izoh qoldiring