Asqad Muxtor. «Sizga aytar so’zim» kitobidan she’rlar

056Устоз адиб Асқад Мухтор таваллудининг 95 йиллиги олдидан

Кейинги авлодлар томонидан «Устоз»  деб улуғланган  Асқад Мухтор лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган. У бутун умри давомида  шеъриятга «қалбга қанот», «дардга даво» берувчи деб қараган ижодкордир.

Асқад Мухтор
«СИЗГА АЙТАР СЎЗИМ» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР
045

Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё Давлат университетига (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди.  Ёш ижодкорнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У республика марказий газеталарининг таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир (1960-1965), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлайди. «Гулистон» журнали ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига муҳаррирлик қилади.
Дастлабки достони «Бизнинг авлодлар» 1939 йили эълон қилинган. «99 миниатюра» (1962), Йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар муаллифи. «Бўронларда бордек ҳаловат», «Дарёлар туташган жойда», «Қорақалпоқ қиссаси», «Бухоронинг жин кўчалари» номли қиссалари ҳамда «Опа-сингиллар»,»Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Амударё», «Чинор» каби романлари бор. «Тонг билан учрашув» (1987) пьесалар тўплами нашр этилган.
Софокл, Р.Тагор, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, В.В.Маяковский, М.Горький, Т.Шевченко, А.Блок, А.Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972).
1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

045

МЕН ДУНЁГА КЕЛИБ ДУНЁ ОРТТИРДИМ
034
Гоҳо ўй сураман: нима бўларкин
Ўз зиммамга масъул иш олиб,
Ҳаётимни буткул тўкиб солсам
Бир парча қоғозга ишониб?

Бироқ уни ёзиб бўладими?
Хўш, мана—йилларим, аҳволим, зотим…
Ажрата бошласам «ўзимники» дея,
Қайдан қайгача у, менинг ҳаётим?

Чегараси борми ўй ва ҳисларимнинг?
Узоқдаги юлдуз қалбга нур солар.
Биламан, албатта дилшикастаман,
Ана у дарахтга болта урсалар.

Бугун ўйларимни безовта қилар
Узоқ космосдаги минг йиллик гардлар.
Қачон мени лоқайд қолдирган
Дахлсиз қувончлар, бегона дардлар?

Сочларимга оқ туширмадими,
Қалбга солмадими жароҳат
Заминда тикилган ҳар бир қора байроқ,
Маҳаллага келган ҳар бир қора хат?

Елкамда сезаман Бруноларнинг
Гулхан тафти каби ўт нафасини.
Ўйларимда суратлантираман
Келгуси асрлар қиёфасини.

Қайдан қайгача у, менинг ҳаётим?—
Ўйламабман ҳатто энг оғир дамлар.
Қайғу ва қувончим кўп бўлди, аммо
Сизсиз улар йўқдир менга, одамлар.

Сиз биландирманки, бари ўзимники,
Чегараси йўқдир ўй-ҳисларимнинг.
Сиз биландирманки, йиллар ва диллар,
Қувончларим минг-минг, ташвишларим — минг.

Мен дунёга келиб дунё орттирдим,
Ҳаммасиии қолдириб кетарман.
Қалбни эса сўнгги ҳужайрасигача
Ловиллатиб ёндириб кетарман.

КЎНГИЛ

Нимадир етмайди инсонга ҳамиша,
Озга қониқмайди, кўпга интилар.
Жасорати чексиз, доимо ташна,
Ерга сиғмагандай, кўкка интилар.

Шу инсон боласи жиндак ранжиса-чи,
Ё сўзда етмаса нафис малоҳат,
Бирон ноҳақликдан, бирон совуқликдан
Юрагига тушса жароҳат.

Бирон сабаб билан жонидан тўйиб,
Умидсизлик солганда соя,
Бундай пайтда кўп керак эмас,
Бир ширин сўз унга кифоя.

УМР НЕГА ШИРИН

Хавотирли, шошилинч, ширин илк бўса,
Борлиғимни титратган лаҳза!
Кейин ундайини тополмадим, аммо
Ҳануз юрагимда яшар шу ларза.

Қайта кўролмадим етим ҳаётимда,
Сира унутмадим бир онни лекин:
Устозимнинг қаттиқ кўзларида
Ота меҳрин кўриб йиғладим секин…

Бир қушча «чурқ» этиб, олам уйғонганда
Шабнам қатрасида кўрдим юзингни.
Сўнг бир умр кутдим, қайтиб келмади,
Бир умр изладим шу зумни.

Шундай ноёб, олтин лаҳзаларнинг
Қадрин билмас экан одамлар.
Ўтиб кетар экан, такрорланмас экан
Умрда ягона бебаҳо дамлар.

Ўтиб кетмаса-чи?
Бирдан тўхтаб бари
Музлаб қотиб қолса нима бўларди?
Йўғ-э, кимга керак музлаб қолган ҳислар!
Орзую пушаймон — бари ўларди…

Асли шундайлиги жуда оқилона,
Балки ҳаёт сири шунда яширин.
Балки такрорланмас бўлгани учун
Умр ҳам шунақа бебаҳо, ширин.

ТОНГЛАР ИЗСИЗ ЎТДИ

Яшади у, мисли бир ҳужайрали,
Жўн яшади.
Сокин ва осон.
Дилига чўғ солмас на ўйин, на иш.
Висол орзиқтирмас, ўртамас ҳижрон.

У еб-ичар, лаззат топар эди.
Роҳат топар эди уйқудан.
Қувончдан юраги ёрилмади унинг,
Сочи оқармади Қўрқувдан.

Ҳар нарсани эплай олар эди,
Қилиб ўзи учун ёқимли, ўнғай.
Ёниб-куйиб юрмай уйланиб ҳам олди,
Пижамаси юмшоқ, ҳовлиси кунгай.

Юрагига унинг из солмади қайғу,
Изсиз ўтиб кетди тонглар, баҳорлар.
Ҳайратга солмади инсон жасорати,
Шунчаки сув эди сойлар, анҳорлар…

Уни қийнамасди хаёл, муаммо,
Бир нафас ловиллаб дили ёнмади.
Аста шимиб ётди кунлар ширасини,
Ҳаёт лаззатига лекин қонмадн.

Бирдан…
ўлим келди рўпарасига.
Ўтмай қолди томоқдан ёвғон.
—Тузалиб кетасиз…—деб танишлари
Тасалли берарди.
(Яна бир ёлғон!)

Ҳеч бири ўлимнинг буюк моҳиятин
Этгиси келмасди рўй-рост тасаввур.
Наҳотки ёлғонсиз ўла олмаса,
Унга етмасмиди бир ёлғон умр?!

У азобда қолди, даҳшатга тушди:
«Ўлим нима ўзи, одамзод?!
Наҳотки у ёғи тубсиз зулмат бўлса,
Наҳотки, наҳот…»

Ҳой, ўлим нима, деб бош қотиргандан,
Ҳаёт нима, дея қилсайдинг ташвиш…
Ҳаёт ахир нечоғ саёз, майда бўлса,
Ўлиминг шу қадар совуқ ва мудҳиш..

ОЛИЙ БУТУНЛИК

О, она табиат!
Сен билан як сонман,
Сен менинг эркимсан, менинг қафасим.
Жоним ширинлиги, тириклигим сендан,
Соф ҳаводан олган нафасим.

Туғишганлик ҳисси йўл қўймайдими,—
Одатмас қуёшга айтмоқ ташаккур.
Ҳар тонг қаршисида тиз чўксам арзирди,
Ёруғ дунём менинг, кўзимдаги нур.

Сезаман экинлар танасидаги
Шарбат бўлиб оққан ризқимни.
Найкамалак, гуллар—менинг ҳисларим,
Баҳор янгилайди ҳаёт ишқимни.

Ер иссиқ, ер юмшоқ, ўзим ҳам ердан,
У кўринмас менга бир маррасимон.
Йўқ, мен абадийман.
Менга ўлим йўқ.
Тирик табиатнинг бир заррасиман.

О, ҳаётнинг олий бутунлиги!
Инсонга уфқларни кенгроқ оч,
Жамики дардларга малҳам ўзингсан,
Азобли ўйларга ёғду соч.
Азобли ўйларга ёғду соч…

БИЛСА ЭДИМ ШУНИ

Орамизда зилол бир кўл бор,
Кузнинг тиниқ зангор кўзича.
Фасллардай қувлашамизу,
Қиш ўзича экан, баҳор ўзича.

Бир-биримизга ета олмаймиз,
Бир-биримиздан кета олмаймиз,
Тонг баргида салқин бир томчи,
Кекса қуёш уни ютади.
Шу томчи эртага яна туғилиб,
Мўлдираб қуёшни кутади.

У бўлмаса гўё қуёш ёнмасмиш.
Чин эҳтирос сира қонмасмиш.
Бир-биримизни қўя олмаймиз.
Бир-биримиздан тўя олмаймиз.

Капалакми, тош ҳайкалми менинг
Ўт ичида ўтган уч туним?
Ўт ичида ўпган юлдузимда
Қолса эди тирик учқуним!

Қолса агар тирик учқуним,
Хотирангда яшаб қолардим.
Билса эдим шуни, мангуликни ҳам
Мана шу оқшомдай кутиб олардим.

ҚИЙНАЛИШ

Китобларим варақ-варақ,
Сиз қайларда сарсари?
Умрим эди яшил дарахт,
Сизлар унинг барглари.

Мен сиз билан нафас олдим,
Дард билан яралдингиз.
Ҳар гал ўксиб қолди қалбим,
Еллар-ла таралдингиз.

Оппоқ булут сузиб ўтди,
Яна томчи томмади…
Наҳот бунга ҳам кўникдим,
Дардли ўйлар қолмади?

Майли, агар тўймаса
Дилимнинг қақроқлари,
Довул турсин, тўкилсин
Умримнинг япроқлари…

АСЛИГА ТЎҒРИ

(Ҳиссиёт тўғрисида рационалистик шеър)

Тармашиб олади баъзан ўйларнинг
Ёпишқоқ, бекорчи, машъуми,
Шунда таъкидлаймиз биз ўзимизга:
«Ўйлама, ўйлама, ўйлама шуни!»

Одам ҳамон ўйлар, ўйни қуволмай,
Ўзи биладики, йўқдир кераги,
Ажаб, ҳаёт билан сингишиб кетмоққа
Ақлу идрок халал беради.

Баъзилар уйқуда ойдин кечалар
Томнинг бўғотига чиқиб юради.
Шу маҳал бир зумга уйғонса борми —
Йиқилар, ёрилар балки юраги.

Ажаб, ҳаёт билан бир бутун бўлмоққа
Ақлу идрок халал беради.
Маст қилганда бўса лаззати,
Дилни фавқулодда қувонч яйратса,
Ёки йўлда бир зум тўхтаб турсак
Тонг ҳуснига қолиб ҳайратда,
Соғинганда, висол дамларида
Бебош ҳислар билан юрак орзиқса,—
Бундай маҳалларда бирдан келиб қолган
Ҳар қандай ақлли фикр ортиқча.

Ҳаёт моҳияти тўғрисида бизга
Саволлар беради ақлимиз яккаш.
Ҳислар эса яшаш керак дейди,
Жавоби ҳам шудир: яшаш ва яшаш.

Фожиани тан олмайди ҳислар,
Қуёш кўланкани кўрмайди абад,
Худди шундай, ҳаёт ҳам ўзининг
Маҳкум эканини билмайди албат.

«Чин ақлдан» эмас, «чин кўнгилдан» деймиз.
Фақат юрак билан севамиз,
Ва муҳаббат деган ўша кўҳна сўзга
Ҳамон сиғинамиз ва бош эгамиз.

Мен дунёда минг жилд китоб ўқиб,
Топмадим бир кўнгил рисоласини.
Фарзандлар мақсадсиз, режасиз,
Қасамёдсиз севар ўз онасини.

Ҳиссиёт ҳаётнинг аслига тўғри,
Идрок гоҳо яқин, гоҳо йироқдир.
Ҳаётга муҳаббат ва яшашнинг ўзи
Ҳаёт маъносидан улуғроқдир.

 

ОНАНИ КОЙИМАЙДИЛАР

Орамизда узоқ-узоқ йўллар;
Сенга интиламан боғлар гулласа,
Аммо йўллар… йўллар майли эди,
Орадаги йиллар бўлмаса.

Сени ўйлаганда ўша йиллар гўё
Секинлатар қалбим зарбини.
Улар мени беҳудага чорлар,
Ярадек оғрийди ҳар бири.

Лекин мен уларни койимам, чунки
Тақдир бўлиб қолган замона.
Орқамдан кузатар мени, онамдек,
У мени туққандир, чиндан ҳам Она.

ЖИМЛИК СУРОНИ

Яйлов оқшомининг эпкини илдам,
Юлғун керагалар аста ғирчиллар,
Кун бўйи эгардан тушмай, толса ҳам,
Тун яна безовта ёш йилқичилар.

Олонда оқ, қизил кийган қиз-жувон
Шов-шов шопиради бия сутини.
Оқшом тинч, босилмас дилдаги сурон,
Неларни эслатар тезак тутуни?

Вақирлаб гўшт қайнар қора қозонда,
Ўтов атрофида итлар санқиган.
Қизлар шивирлаган ўша олонда
Янги қимиз хиди анқиган…

Оқшом кўринишда осуда, сўлим,
Лекин у бир олам ўй, сир сақлайди.
Ингичка кишнаса узоқда қулун,
Биянинг кўзида юлдуз чақнайди..

Орзуларнинг мангулигин ўйлаб,
Юрагимга ғулув тушади.
Кун бағридан чиқиб бизнинг экипажлар,
Зим-зиё коинот сари учади.

Ерда эса ҳамон қадимгича
Эртаклар куйлайди ғиротларини.
Қоронғи бурчакдан чиқиб парвона
Шамда куйдиради қанотларини…

 

УМИД

Куз эртаси. Намгарчилик,
Ҳазон биқсиб, тутун таралар.
Оёқ ости—«чилип-чилип»,
Зирқирайди эски яралар…
Бор умрингни ўйлайсан қайта,
Нимадир юракни эзади.
Имони сустроқлар мана шундай пайтда
Яшашдан безади.

Аммо сен боқ ҳаёт денгизига:
У ўжарлик билан қилар ишини.
Разм солсанг, ҳар дам ўзига
Минг-минг иплар билан боғлайди сени.
Фасллар алмашар, долғаланар ҳаво,
Қарғалар товуши—қишнинг дараги.
Тротуарда
букчайган бир бобо
Ёш кўчат кўтариб ўтиб боради.
Ниҳолни авайлаб маҳкам ушлаган
Томири бўртиб чиққан титроқ қўллари
Хаёлида балки оламни хушлаган
Баҳор,
бодроқ-бодроқ ўрик гуллари.

Кўм-кўк шовуллаши балки қулоғида,
Кўкси билан сезар соя-салқинин.
Совутгиси келар кўнгил булоғида
Саратоннинг лов-лов ёлқинин.
Бобонинг умрида кўп бўлгандир бахт,
Лекин бахт ўткинчи,
Умид — абадий.
Кекса қўллардаги мана шу дарахт—
Эртага кимнингдир толеи каби.
Бобонинг кўзида умид ялтирар,
Кўчатни кўтариб шошиб боради.
Маҳалла устида ҳамон қалтирар
Бебош болаларнинг қоғоз варраги.

АДОЛАТ

(Янги йилда чоллар гурунги)

— Мана, умримиздан яна бир йил кетди.
Бандаси билмай ҳам қолади.
— Шу кунга еткизди, шукр қилайлик,
Эгам ўзи берган, ўзи олади.

— Олиб, нима, еб кетармиди?
Фаҳминг етмадими ё шунга:
У умрингдан олган ўша бир йилни
Тўкмай-сочмай қўшар ёшингга.

ҚАЛБИМ НОЗИКЛАШДИ

Янги йилнинг яқин оппоқ туни
Болалар орзиқиб тунни кутади.
Ўтган йили учган нафис қор учқуни
Янги йил сарҳадин бузиб ўтади.

Болалар ҳовлиқиб янги йил кутади,
Менга эса йил кузатиш — ғам:
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади…

Ҳаёт шундай мўъжизаки,
Қанча жабрин тортсанг оз.
Ўлим эса унинг учун
Арзимас бождир, холос.

 

ИНСОН

Сен кашфиёт ёлқини, оташ,
Асрий зулматларда бир ёруғ нуқта.
Барча мавжудотлар қалбингга туташ.
Бир оддий гиёҳнинг олдида тўхта.

Ариқ шилдираши, барглар шивири
Сенга жон озуғи, руҳингга дардкаш.
Гуллар билан сўраш, ҳидлаб ҳар бирин,
Капалаклар билан суҳбатлаш.

Жавоб бермасалар гапингга, майли
Совуқ юлдузларга тикилганда гоҳ,
Билгинки, қалб қўри жонлилар туфайли,
Жонлилар жонлига доим хайрихоҳ.

Кўп суздим, биламан денгиз шукуҳин.
Ғойибдан тинглайман теран сасини.
Терс туриб сезаман улуғвор руҳин,
Кўраман кўркини, жозибасини.

Мен сени ўйладим бугун соҳилда,
Ҳеч кимга тенгламам, тенгсизсан.
Кетгансан. Аммо сен доим ёнимда,
Денгизга ўхшайсан. Денгизсан.

 

ИНСОН ЭРТАГИ

Ўтиб кетди. Ўтиб кетди лаҳза.
Ўтиб кетди, мен қараб қолдим.
На ҳаяжон менда, на оламда ларза,
Нега аччиқ фарёд чекмайди қалбим?

Ўтиб борар зумлар, ўтиб борар,
Бири—буюк, қай бири оддий.
Бири учар мангуликка қараб,
Бири вазмин ва қарийб моддий.

Ўтиб борар, елиб борар тикка,
Барини баробар елдирар бир куч.
Бири тўппа-тўғри учар йўқликка,
Шуурсиз ва аянч, салмоқсиз ва пуч.

Пучми-тўқми — ҳар ким баҳоласин,
Чунки бу аслида инсон эртаги.
Учаётган планетада одам боласи
Ундай, ё бундай ўтиб кетади.

ТУШ

Мен бир туш кўрибман.
Ажаб замонлардан.
Жаҳл устида ўша сўз айтилмаганмиш.
Ҳали кўнгил ҳоли пушаймонлардан,
Аҳду ваъдалардан қайтилмаганмиш.

Висол зориқтирар, зардалар ширин,
Ёлғизлик алами ҳали нотаниш.
Билмай қовушувнинг мангулик сирин,
Диллар бир-бирига қувонар эмиш.

Кўзларнинг кўзгудек бегуноҳлиги
Тирик эмиш, тирик ва абад.
Менинг инсонлигим, сенинг илоҳлигинг
Ва бизни тенг этган ўша муҳаббат.

Олдинда узоқ йўл, узоқ умрнинг
Аччиқ-чучуклари хаёлда ҳам йўқ.
Ҳали иссиқ эмиш ёнимда ўрнинг,
Ҳаёт мўъжизалар сеҳрига тўлиқ.

Билмасмишман яқинлигин жўнгина турмуш,
Бутун бир умрни ямлаб ютган он,
Ва сўнгра… вақтнинг, худди енгсимон,
Астарин ағдарган бу ғалати туш…

  *   *  *

Найкамалак, сизча, спектрлар холос,
Вибрация, дейсиз, қушлар нағмасин.
Шеър эса, мана қалам билан қоғоз,
Программалашган ҳарфлар йиғмаси.

Ҳаёт-чи, оқсилми, кислотами, нима?
Юрак—насос, ҳилол—оддий кул…
Гилосдай лаб эмас, ҳужайра, тўқима,
Гулни нима дейсиз, гул-чи, гул?

Балки формуладан иборатдир дунё?
Нима дейсиз тонгни, туманни?
Ундай бўлса, мен-чи, мен ҳам ё
Модда алмашиниш объектиманми?

—Йўқ!—дегим келади, қисилади юрак,
Менга сир қолдиринг, ҳаққим довлайман
Менга гўзал, сеҳрий дунё керак,
Сирру мўъжизасиз яшай олмайман!

ДАРБАДАР

Юлдуз бўсасига Ер кўкси очиқ,
Абадий қовушган денгиз-ла осмон,
Ҳатто чақмоқ зулматларга ошиқ:
Фақат шамол ёлғиз, беошиён.

Фақат шамол ёлғиз, ерда дарбадар,
Фақат шамол ҳамон жуфтин излайди.
Дараларда изғиб, тунга нақадар
Озор берганини ўзи сезмайди.

Кезади тоғу тош, чангалзорларни,
Кимнидир чақирар ҳамон телбадай.
Дарғазаб юлқиниб, гоҳ зорланиб
Гоҳ нордай қутуриб, гоҳ елвагай,

Боғда, соҳилларда, қирлардан пастда
Сулувларнинг сочин сийпаб тарайди.
Ўтли сийналардан сирғалиб аста,
Хумор кўзларига тўйиб қарайди.

Яна кетади у, кимнидир истаб
Ва қўрқиб қалбларнинг ёнишларидан.
Бегона ётоқлар ҳидини искаб,
Мўралар дераза тирқишларидан.

У маскан тополмас маскан тарк этиб,
Руҳи ҳеч қаерга сиғмайди.
Кейин, Мажнун каби, саҳроларга кетиб,
Узоқ-узоқ ёлғиз йиғлайди.

У мингларни чорлаб ялинган эмиш,
Аммо қалбида йўқ ҳеч кимга вафо.
Шундан, у топилмас ишқнинг бедаво
Мангулик дардига чалинган эмиш.

УЧИШ

Узоқ замонларда
Ирғай тол эгиб,

Ёй ясади одам,
Ўқ отди.
Шунда илк бор
Учиш дарди тегиб,

Оромини буткул
Йўқотди.

Уни чақирарди
Ўзга оламлар.

Кейин, Калугада
Тунлар беуйқу,

Планетани уйғотмасдан,
Аста қадамлаб,
Йўлнинг ярмини
Босиб ўтди у.

Ўйларида униб
Идрок атоми,

Фазо бирдан
Гўё кичрайди.

У учди.
Оламни тутди шовқини.
Уфқ худди ёйдек
Ҳамон титрайди…

ЎТАР-КЕТАР…

«Ин ҳам мегузарад!»
Донишмандга балли.
Демак, ҳеч нарсадан бўлмайлик хафа.
Қандай аллаловчи, осон тасалли,
Қандай юпатувчи, ўнғай фалсафа!

Ин ҳам мегузарад… ором, ором қучинг.
Ҳаяжондан сақланг юракни.
Лекин ҳаяжоннинг ўтиши учун
Ахир жиндек фурсат керакми?

Ин ҳам мегузарад.
Тугиб олинг дилга,
Чиндан, ҳамма нарса, сўзсиз, ўтади.
Лекин ҳамма нарса ўзи билан бирга
Умрнинг бир қисмин олиб кетади.

Умр? Ин ҳам мегузарад, балли.
Бундан ҳам ҳеч бўлманглар хафа.
Қандай аллаловчи, осон тасалли,
Қандай юпатувчи, ўнғай фалсафа!

Ахир, «ўтар-кетар», бу—вақт ҳақида,
Бир нима ўтгунча фурсат кутамиз.
Умргузаронлик кўҳна ақида.
Аслида, вақт ўтмас, бизлар ўтамиз…

Тезроқ етсайдим, деб, йиллар йўқотамиз,
Гўё вақт тез ўтса ютамиз шунча.
Ранжитамиз, сўнгра юпатамиз,
Аммо фурсат керак дил ёзилгунча.

Алам босилгунча фурсат керак, фурсат,
Оғриқ тузалгунча фурсат кутамиз.
Фурсат керак бахтимизни кутсак;
Орзу ушалгунча фурсат кутамиз.

Мевани ўйлаймиз дилларда минг-минг
Хушбўй капалаклар қурганда маскан.
Биз висол кутамиз гоҳ ёлғизликнинг
Дардчил лаззатини қадрламасдан.

Куннинг чала-чатти қуроқларини
Йиғиб, эртагача учмоққа шаймиз.
Доимо календарь япроқларининг
Ҳазонрезгисида яшаймиз.

Саховатданмикин «ўтар-кетар» деб,
Умрни бемалол бундай улашсак?
Олдинда мангулик бизни кутардек,
Ҳозирги ҳар лаҳза учун курашсак.

ЕР

Ерга мен ўзимни жондош сезаман,
«Тупроқдан бўлган»им туфайли эмас.
Шунчаки, мен учун ҳамма нарсадан
Инсонга марҳамат ҳисси—муқаддас.

Ернинг ташвишлари битмас ҳеч маҳал,
Ҳаловат истасак биз ундан топдик.
Бир кифтин силкиса—гул, мева, асал,
Бир кифтин силкиса—қор, бўрон, софлик.

Истардим, инсон ҳам Ерга фақат дон,
Мурувват, саховат уруғин экса.
Ҳеч ким ўксимаса, ҳаммага етса
Кўк гумбаз остида тўкин дастурхон.

Назаримда, мен ҳам ерни деҳқондай
Ҳайдаб, ҳар қадамда маъно изладим.
Эҳтимол мендан сўнг бир томчи қондай
Ёнар марзаларда қолган изларим.

Ерга мен ўзимни қондош сезаман;
Тупроқдан бўлган»им туфайли эмас.
Шунчаки, мен учун ҳамма нарсадан
Инсонга марҳамат ҳисси—муқаддас.

Ҳатто, тўғри бўлар қалбдошман десам.
Тошни қайга отсанг ерга тушади.
Шунга ўхшаш, дўстим, кимга озор берсанг
Қалбим ачишади.

 

У БАҲОРДА КЕТДИ…

У баҳорда кетди, сени йиғлатиб,
Хуш буйга тўлганда боғлар, қўралар.
Умид томчилари аччиқ ва латиф,
Бошда олча гули тинмай бўралар.

Узоқ кўз ўнгингда турди ўша дам,
Ёз ўтди шу дамнинг -ҳисларин синаб.
Лоқайд эди унга кунлар, ойлар ҳам,
Куз ўтди ёнидан ётсираб.

Қиш келди, қор босди ярим оламни,
Қор остида қолди боғлар, қўралар.
Ёлғизлик тунлари совуқ, аламли,
Қор эса бўралар, ҳамон бўралар.

Шунда у кўринди кетган йўлида.
Меҳр излаб қайдадир балки тиланган,
Тавбадир, умиддир балки дилида,
Ўзи бошдан-оёқ қорга беланган.

Ёдга келмай қийнар унутилган қўшиқ;
Останада турди. Қор юз-кўзида.
Қор эригач, кўрдинг: ўрнида—бўшлиқ,
Жиндак кўлмак қолди оёқ изида.

 

БОЛАЛИК

Илк тонг нури кипригингга қўнар,
Кўкдан ювиб кетар қора уйқуни.
Қаердадир сўнгги юлдуз сўнар,
Шабнамларда қолар учқуни.

Сен оламни илк бор кўраётгандек,
Туғилиш чоғига бўласан гувоҳ.
Ҳаёт эндигина куртак отгандек,
У ҳали бир гўдак, соф ва бегуноҳ.

Лекин бирпасдан сўнг буларнинг бари
Худди болаликдай қолади ортда.
Болаликда кўрган тушлар сингари
Хотираларгина қолар ҳаётда.

Унга кириб келар тутун ва ғулув,
Терлатар ташвишлар, терлатар қуёш.
Олам яна ўша чалкаш ва улуғ,
У яна қадимий, унга миллион ёш…

Орзу олға ундар, хотира—ортга,
Булар бир-бирига, албат, зид нарса.
Лекин, оҳ, қанийди ҳар тонг ҳаётда
Чиндан болаликка бизни қайтарса!

Ҳой-ҳой, келинг,—дея,—ўша кунларим!—
Яхшию ёмонин бирга тўплардим.
Муштлашган, дўстлашган жўраларнинг барпн,
Таниш қушларимни йўқлардим.

Чангли сўқмоқларим таниб олар эдим,
Чашмалар, оқшомлар, лолазорларим,
Таниб олар эдим гулингизнинг ҳидин,
Қирққокил синфдош дилозорларим.

Кўрардим ёшгина онажонимнинг
Юзлари ажинсиз, дилбар чоғини.
Ғамли, ҳаяжонли ҳар бир онимнинг
Янгилаб дилдаги ёғду, доғини.

У билан чиқардим—далалар гилам,—
Яна узоқларга бир кўз тутардик.
Ҳамон жиндаккина илинж қўри билан
Дадамизни жангдан кутардик…

Болалик… умрнинг сеҳрли дами;
Ким билади дейсиз бу ҳолнинг сирин:
Аччиқ-бўлса ҳамки лабларда таъми,
Қалбда хотираси шу қадар ширин!

ҚИРДА

Ойдин жимлик кумуш жарангсимон
Яна бошоқларни шуълага чайди.
Тушиб қолган дондек, мен ҳам бир замон
Шу она тупроқда униб чиқсайдим.

Коинотда порлаб кўринади
Сомон йўл сингари инсон хаёли.
Инсон ўзи ҳамон ерда уринади,
Водийда анқийди арғувон боли.

Инсон кузатади мовий денгизни:
«Қайси сунъий йўлдош, қайси сайёра?»
Аммо қўшни кападаги ўроқчи қизнинг
Нозли кулгисидан қалби чилпора.

Авф этинг уни, порлоқ юлдузлар,
Инсон Ерда худди дарахт сингари:
Дарахтлар юксакка интилган сари
Чуқурроқ кетади ерга илдизлар.

БЕЗОВТАЛИК

Бола эдим. Ойижоним ёш,
Зебигардонлари ярқирар эди.
Сизни йўқлаганда, аста эгиб бош,
Менинг исмим айтиб чақирар эди.

Билмадим, исмимнинг йўқ эди сеҳри,
Менда фахр этгулик нима бўлгандир,
Балки юрагингиз оила меҳри,
Илиқ ҳислар билан тўлгандир.

Ҳар ҳолда, у сизни йўқлаган чоқда
Менинг исмим айтиб чақирар эди.
Сизнинг кўзларингиз эса узоқ-узоқда
Чақнаган юлдуздай ялтирар эди.

Ёшим, эслолмайман, нечадайдикин,
Оёқ яланг чиқдим кузатиб наврўз.
Умид юлдузингиз сўнмади, лекин
Сиз сўндингиз, дада, бемавруд.

Окоплардан яна қалқиди дунё,
Мерос қилиб олди уни наслимиз.
Планетанинг чакка томири гўё,
Ҳамон тепиб турар нотинч асримиз.

Кеча бирдан кимдир мени илк марта
Исмимга исмингиз қўшиб чақирди.
Ёшим энди сиздан бўлса ҳам катта,
Бутун вужудимда чақмоқ чақилди.

Мени чулғаб олди безовта туйғу:
Хўп, мағрур юрарман эслатиб сизни,
Лекин айни дамда дилга тушар ғулув—
Оталар исмига муносибмизми?

ТУҒИЛИШ

Тонг олдидан ёмғир севалаб ўтди.
Кейин кўк очилиб, ёғди юлдузлар.
Ердан ҳовур кўтарилди, худди
Қимирлаган каби зимдан илдизлар.

Қимгадир муқаддас бир зум яқинлади
Қоровул ўчирди сўнгги фонарни.
Июль қуёшининг илк ёлқинлари
Япроқларга сачраб ёнарди.

Ер ёш; софлик жимирлатар этни,
Зориққан ғунчалар очилди боғда.
Панжарадан ошиб чиқиб кетди
Майсазорда юрган яшил шаббода.

Эшикдан эшикка югуриб еларди,
Суюнчи сўрарди, суюнчи.
У гўё тақдирни олдан биларди,
Гўё йўқ дунёнинг ғами, куюнчи.

Ийманиброқ турар ота пойгакда,
Кўксида юлдузи, бир қўли майиб…
Ичкарида эса, оппоқ чойшабда
Жаҳоннинг умиди ётар жилмайиб.

  *   *  *

Билмадим, йўлингга кимлар бўлди ғов,
Безиди кулбамдан файзу фаришта.
Кўнгил мулким менинг алғов-далғов,
Қайт, дунёмни қилгил саришта.

Бари ўлда-жўлда—рўзғор, ҳис, хаёл…
Сенинг қўлларингга ҳаммаси муштоқ:
Қувонч гулларимга сув сеп. соҳибжамол,
Қайтиб, кўзларимнинг юлдузни ёқ.

Тонгдек балқи эшигимдан кириб,
Сўнган ўчоқларим ёнсин меҳрингдан.
Бунда ҳамма нарса сенинг билан тирик,
Бунда ҳар мўъжиза сенинг сеҳрингдан.

Хаёл зулматига сочинг чулғанар,
Қийнар илк нигоҳинг мангу лаҳзаси.
Деворда соядек эс-эс тўлғанар
Тунги бўсаларнинг сирли лаззати.

Айтсанг-чи, йўлингга кимлар бўлди ғов,
Безди-ку кулбамдан файзу фаришта.
Кўнгил мулким менинг алғов-далғов,
Қайт, яна дунёмни қилгил саришта.

НОМАЪЛУМ СОЛДАТ

Жасорат майдони—саҳна эмас, ҳа.
Бўлиши шарт эмас гувоҳлар.
Баъзан жасоратга гувоҳ шунчаки
Номсиз тепаликлар, тонглар, гиёҳлар

У тонг каби балқиб туғилади
Пинҳона, ҳар кимнинг қалбида.
Халқ балки билмас, у содир бўлар
Фақат виждон, виждон олдида!

Бугун гул кўтариб келганлар—унга
Бободир, сингилдир, онадир…
У тарих қаърида қолса-да ўзи,
Бизни келажакка чорлаб ёнадир!

*   *  *

Цезарь эрталабдан нохуш эди боғда,
Дунё кўз ўнгида бегона, эриш.
Хунук бир туш кўрди.
Руҳи алағда.
Тушда ўз онасин зўрлаган эмиш…

Дарҳол чорлади у кулли уламо,
Мунажжимлар, фолбинларини.
То таъбир этилсин бу мудҳиш рўё,
Истиқболими бу, олдинларими?

Улар жаҳонгирни танг қолдирдилар,
Туш эмас, бу омад ситораси, деб.
Заминга ҳокимлик ишораси, деб,
Ботин ниятларин ўт олдирдилар.

Ҳа, Замин…
Она-Ер! Чексиз оламда
Тирикликни туққан ягона манзил.
Уни таҳқирлайман деган ҳар банда,
Ҳар худо—разил…

КУЗ

Кузги булут келиб оқшом асноси
Боғлар этагида кўздан йўқолди.
Силкитиб уфқнинг ўтли тасмасин,
Чинор тагларида кўлмак сув қолди.

Чинор сўнг бор сезди танида илиқ,
Пилдираб тушганда охирги япроқ.
Сувни чайқадию бир зумлик титроқ
Сўнг яна жим бўлди, осмондай тиниқ

Кўлмакда шафақнинг бир томчисидек
Ёнарди чинорнинг сўнгги туҳфаси…
Бежизмас, шоирнинг илҳомчиси деб
Сени атайдилар, эй ўйчан фасл!

ШАМОЛ

Тунлари интизор кутасан хабар,
Эшик ғирчилласа уйқунг қочади.
Билмасмидинг ахир шу пайтга қадар:
Баъзида эшикни шамол очади…

Билмасмидинг, шамол—енгил, дайди;
Унга муҳаббат ҳам, тақдир ҳам арзон.
Бугун сочларингни силаб эркалайди,
Эртага боғларни этади ҳазон.

ЮРАК

Қалб, чида! Сендаги бу янги туйғу
Ўтдай хавфли, бемавруд ва ёш…
Сир бўлиб қолсин у қаърингда мангу,
Ғаму шодликларга бергансан бардош.

Тасаввур қил, ахир, ҳаммага ҳамма
Сўзласа дардини, шикоятини,
Айтиб бераверса ҳар бир қадамда
Эзгу муҳаббатин ҳикоясини.

Айтиб бераверса барчага барин—
Омаду жудолик ва ёнганини,
Рашк, умид, алами ва афсусларин,
Алдагани, қувонганини.

Юрак сирларини ёйса оламга,
Ғусса уммонида ғарқ бўлар эдик.
Бахт-қувончда сузган барг бўлар эдик,
Жой ҳам қолмас эди балки одамга…

Хайрият, бу—ҳар кимнинг ўз иши,
Ҳар ким ўз ичига ютиб юради.
Ишқилиб, мард бўлсин бу ишда киши,
Дарёдай кенг бўлсин инсон юраги!

 

МАНГУЛИК

Ўзини денгизга бағишлаб, дарё,
Жилғалар ўлади.
Узоқ-узоқ янграб замонлар аро
Қўшиқлар сўлади.
Ёруғ ёниб,
Шон-шуҳратга қониб,
Юлдуз ўчади—
Йўқлик дунёсига кўчади.
Гоҳ ҳавас қиламан…
Лекин аслида:
Мен у ҳам бўлмасам,
Бу ҳам бўлмасам.
Табиатдай бўлсам: сўлсам-да фаслида,
Сира ўлмасам!

  *   *  *

Биламан: йилларнинг оқими
Қонимни совутар қалбимда.
Лекин йилларимнинг асили
Бари бир—олдинда.

Ҳужайрамнинг ҳар бир бўлагида
Аждодлардан мерос қоним бор.
Саҳродаги карвон йўлларида
Ёзилмаган эзгу қонун бор:

Олислардан келган ташна мусофир
Ногоҳ бир манзилда қудуқ топади.
Тўйиб ичгандан сўнг, геолог, шофёр,
Ирғай, ёвшан билан устин ёпади.

Токи қум босмасин қуюнлар келса,
То ямлаб кетмасин қуёш ёлқини.
Ундан кейин келган нотаниш кимса
Топсин қатраларнинг жонбахш салқинин.

Мен билишим керак, билишим керак,
Бир савол қалбимга ларза солади:
Аждодлардан мерос қонимдан бўлак,
Мендан издошларга нима қолади?

 «СИЗГА АЙТАР СЎЗИМ»  КИТОБИНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ

Asqad Muxtor
«SIZGA AYTAR SO’ZIM» TO’PLAMIDAN SHE’RLAR
045

032Asqad Muxtor 1920 yil 23 dekabrda Farg’ona shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1980). 11 yoshida otadan yetim qolib, bolalar uyida tarbiyalangan. Maktabni tugatgach, Asqad Muxtor O’rta Osiyo Davlat universitetiga (1938) kirib o’qiydi. So’ng Andijon pedagogika institutida o’zbek adabiyoti kafedrasining mudiri bo’lib ishlaydi. Yosh ijodkorning Toshkentga kelishi uning faoliyatida yangi sahifa ochdi. U respublika markaziy gazetalarining tahririyatlarida bo’lim mudiri, mas’ul kotib, «Sharq yulduzi» jurnalida bosh muharrir (1960-1965), O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida kotib (1957) bo’lib ishlaydi. «Guliston» jurnali va «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligiga muharrirlik qiladi.
Dastlabki dostoni «Bizning avlodlar» 1939 yili e’lon qilingan. «99 miniatyura» (1962), Yigirmadan ortiq she’riy to’plamlar muallifi. «Bo’ronlarda bordek halovat», «Daryolar tutashgan joyda», «Qoraqalpoq qissasi», «Buxoroning jin ko’chalari» nomli qissalari hamda «Opa-singillar»,»Tug’ilish», «Davr mening taqdirimda», «Amudaryo», «Chinor» kabi romanlari bor. «Tong bilan uchrashuv» (1987) p`esalar to’plami nashr etilgan.
Sofokl, R.Tagor, A.S.Pushkin, M.YU.Lermontov, V.V.Mayakovskiy, M.Gor`kiy, T.Shevchenko, A.Blok, A.Korneychuk asarlari Asqad Muxtor tarjimasida o’zbek kitobxonlarining ma’naviy mulkiga aylangan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1972).
1997 yil 17 aprelda Toshkent shahrida vafot etgan.

045

MEN DUNYOGA KELIB DUNYO ORTTIRDIM

Goho o’y suraman: nima bo’larkin
O’z zimmamga mas’ul ish olib,
Hayotimni butkul to’kib solsam
Bir parcha qog’ozga ishonib?

Biroq uni yozib bo’ladimi?
Xo’sh, mana—yillarim, ahvolim, zotim…
Ajrata boshlasam «o’zimniki» deya,
Qaydan qaygacha u, mening hayotim?

Chegarasi bormi o’y va hislarimning?
Uzoqdagi yulduz qalbga nur solar.
Bilaman, albatta dilshikastaman,
Ana u daraxtga bolta ursalar.

Bugun o’ylarimni bezovta qilar
Uzoq kosmosdagi ming yillik gardlar.
Qachon meni loqayd qoldirgan
Daxlsiz quvonchlar, begona dardlar?

Sochlarimga oq tushirmadimi,
Qalbga solmadimi jarohat
Zaminda tikilgan har bir qora bayroq,
Mahallaga kelgan har bir qora xat?

Yelkamda sezaman Brunolarning
Gulxan tafti kabi o’t nafasini.
O’ylarimda suratlantiraman
Kelgusi asrlar qiyofasini.

Qaydan qaygacha u, mening hayotim?—
O’ylamabman hatto eng og’ir damlar.
Qayg’u va quvonchim ko’p bo’ldi, ammo
Sizsiz ular yo’qdir menga, odamlar.

Siz bilandirmanki, bari o’zimniki,
Chegarasi yo’qdir o’y-hislarimning.
Siz bilandirmanki, yillar va dillar,
Quvonchlarim ming-ming, tashvishlarim — ming.

Men dunyoga kelib dunyo orttirdim,
Hammasiii qoldirib ketarman.
Qalbni esa so’nggi hujayrasigacha
Lovillatib yondirib ketarman.

KO’NGIL

Nimadir yetmaydi insonga hamisha,
Ozga qoniqmaydi, ko’pga intilar.
Jasorati cheksiz, doimo tashna,
Yerga sig’maganday, ko’kka intilar.

Shu inson bolasi jindak ranjisa-chi,
YO so’zda yetmasa nafis malohat,
Biron nohaqlikdan, biron sovuqlikdan
Yuragiga tushsa jarohat.

Biron sabab bilan jonidan to’yib,
Umidsizlik solganda soya,
Bunday paytda ko’p kerak emas,
Bir shirin so’z unga kifoya.

UMR NEGA SHIRIN

Xavotirli, shoshilinch, shirin ilk bo’sa,
Borlig’imni titratgan lahza!
Keyin undayini topolmadim, ammo
Hanuz yuragimda yashar shu larza.

Qayta ko’rolmadim yetim hayotimda,
Sira unutmadim bir onni lekin:
Ustozimning qattiq ko’zlarida
Ota mehrin ko’rib yig’ladim sekin…

Bir qushcha «churq» etib, olam uyg’onganda
Shabnam qatrasida ko’rdim yuzingni.
So’ng bir umr kutdim, qaytib kelmadi,
Bir umr izladim shu zumni.

Shunday noyob, oltin lahzalarning
Qadrin bilmas ekan odamlar.
O’tib ketar ekan, takrorlanmas ekan
Umrda yagona bebaho damlar.

O’tib ketmasa-chi?
Birdan to’xtab bari
Muzlab qotib qolsa nima bo’lardi?
Yo’g’-e, kimga kerak muzlab qolgan hislar!
Orzuyu pushaymon — bari o’lardi…

Asli shundayligi juda oqilona,
Balki hayot siri shunda yashirin.
Balki takrorlanmas bo’lgani uchun
Umr ham shunaqa bebaho, shirin.

TONGLAR IZSIZ O’TDI

Yashadi u, misli bir hujayrali,
Jo’n yashadi.
Sokin va oson.
Diliga cho’g’ solmas na o’yin, na ish.
Visol orziqtirmas, o’rtamas hijron.

U yeb-ichar, lazzat topar edi.
Rohat topar edi uyqudan.
Quvonchdan yuragi yorilmadi uning,
Sochi oqarmadi Qo’rquvdan.

Har narsani eplay olar edi,
Qilib o’zi uchun yoqimli, o’ng’ay.
Yonib-kuyib yurmay uylanib ham oldi,
Pijamasi yumshoq, hovlisi kungay.

Yuragiga uning iz solmadi qayg’u,
Izsiz o’tib ketdi tonglar, bahorlar.
Hayratga solmadi inson jasorati,
Shunchaki suv edi soylar, anhorlar…

Uni qiynamasdi xayol, muammo,
Bir nafas lovillab dili yonmadi.
Asta shimib yotdi kunlar shirasini,
Hayot lazzatiga lekin qonmadn.

Birdan…
o’lim keldi ro’parasiga.
O’tmay qoldi tomoqdan yovg’on.
—Tuzalib ketasiz…—deb tanishlari
Tasalli berardi.
(Yana bir yolg’on!)

Hech biri o’limning buyuk mohiyatin
Etgisi kelmasdi ro’y-rost tasavvur.
Nahotki yolg’onsiz o’la olmasa,
Unga yetmasmidi bir yolg’on umr?!

U azobda qoldi, dahshatga tushdi:
«O’lim nima o’zi, odamzod?!
Nahotki u yog’i tubsiz zulmat bo’lsa,
Nahotki, nahot…»

Hoy, o’lim nima, deb bosh qotirgandan,
Hayot nima, deya qilsayding tashvish…
Hayot axir nechog’ sayoz, mayda bo’lsa,
O’liming shu qadar sovuq va mudhish..

OLIY BUTUNLIK

O, ona tabiat!
Sen bilan yak sonman,
Sen mening erkimsan, mening qafasim.
Jonim shirinligi, tirikligim sendan,
Sof havodan olgan nafasim.

Tug’ishganlik hissi yo’l qo’ymaydimi,—
Odatmas quyoshga aytmoq tashakkur.
Har tong qarshisida tiz cho’ksam arzirdi,
Yorug’ dunyom mening, ko’zimdagi nur.

Sezaman ekinlar tanasidagi
Sharbat bo’lib oqqan rizqimni.
Naykamalak, gullar—mening hislarim,
Bahor yangilaydi hayot ishqimni.

Yer issiq, yer yumshoq, o’zim ham yerdan,
U ko’rinmas menga bir marrasimon.
Yo’q, men abadiyman.
Menga o’lim yo’q.
Tirik tabiatning bir zarrasiman.

O, hayotning oliy butunligi!
Insonga ufqlarni kengroq och,
Jamiki dardlarga malham o’zingsan,
Azobli o’ylarga yog’du soch.
Azobli o’ylarga yog’du soch…

BILSA EDIM SHUNI

Oramizda zilol bir ko’l bor,
Kuzning tiniq zangor ko’zicha.
Fasllarday quvlashamizu,
Qish o’zicha ekan, bahor o’zicha.

Bir-birimizga yeta olmaymiz,
Bir-birimizdan keta olmaymiz,
Tong bargida salqin bir tomchi,
Keksa quyosh uni yutadi.
Shu tomchi ertaga yana tug’ilib,
Mo’ldirab quyoshni kutadi.

U bo’lmasa go’yo quyosh yonmasmish.
Chin ehtiros sira qonmasmish.
Bir-birimizni qo’ya olmaymiz.
Bir-birimizdan to’ya olmaymiz.

Kapalakmi, tosh haykalmi mening
O’t ichida o’tgan uch tunim?
O’t ichida o’pgan yulduzimda
Qolsa edi tirik uchqunim!

Qolsa agar tirik uchqunim,
Xotirangda yashab qolardim.
Bilsa edim shuni, mangulikni ham
Mana shu oqshomday kutib olardim.

QIYNALISH

Kitoblarim varaq-varaq,
Siz qaylarda sarsari?
Umrim edi yashil daraxt,
Sizlar uning barglari.

Men siz bilan nafas oldim,
Dard bilan yaraldingiz.
Har gal o’ksib qoldi qalbim,
Yellar-la taraldingiz.

Oppoq bulut suzib o’tdi,
Yana tomchi tommadi…
Nahot bunga ham ko’nikdim,
Dardli o’ylar qolmadi?

Mayli, agar to’ymasa
Dilimning qaqroqlari,
Dovul tursin, to’kilsin
Umrimning yaproqlari…

ASLIGA TO’G’RI

(Hissiyot to’g’risida ratsionalistik she’r)

Tarmashib oladi ba’zan o’ylarning
Yopishqoq, bekorchi, mash’umi,
Shunda ta’kidlaymiz biz o’zimizga:
«O’ylama, o’ylama, o’ylama shuni!»

Odam hamon o’ylar, o’yni quvolmay,
O’zi biladiki, yo’qdir keragi,
Ajab, hayot bilan singishib ketmoqqa
Aqlu idrok xalal beradi.

Ba’zilar uyquda oydin kechalar
Tomning bo’g’otiga chiqib yuradi.
Shu mahal bir zumga uyg’onsa bormi —
Yiqilar, yorilar balki yuragi.

Ajab, hayot bilan bir butun bo’lmoqqa
Aqlu idrok xalal beradi.
Mast qilganda bo’sa lazzati,
Dilni favqulodda quvonch yayratsa,
Yoki yo’lda bir zum to’xtab tursak
Tong husniga qolib hayratda,
Sog’inganda, visol damlarida
Bebosh hislar bilan yurak orziqsa,—
Bunday mahallarda birdan kelib qolgan
Har qanday aqlli fikr ortiqcha.

Hayot mohiyati to’g’risida bizga
Savollar beradi aqlimiz yakkash.
Hislar esa yashash kerak deydi,
Javobi ham shudir: yashash va yashash.

Fojiani tan olmaydi hislar,
Quyosh ko’lankani ko’rmaydi abad,
Xuddi shunday, hayot ham o’zining
Mahkum ekanini bilmaydi albat.

«Chin aqldan» emas, «chin ko’ngildan» deymiz.
Faqat yurak bilan sevamiz,
Va muhabbat degan o’sha ko’hna so’zga
Hamon sig’inamiz va bosh egamiz.

Men dunyoda ming jild kitob o’qib,
Topmadim bir ko’ngil risolasini.
Farzandlar maqsadsiz, rejasiz,
Qasamyodsiz sevar o’z onasini.

Hissiyot hayotning asliga to’g’ri,
Idrok goho yaqin, goho yiroqdir.
Hayotga muhabbat va yashashning o’zi
Hayot ma’nosidan ulug’roqdir.

 

ONANI KOYIMAYDILAR

Oramizda uzoq-uzoq yo’llar;
Senga intilaman bog’lar gullasa,
Ammo yo’llar… yo’llar mayli edi,
Oradagi yillar bo’lmasa.

Seni o’ylaganda o’sha yillar go’yo
Sekinlatar qalbim zarbini.
Ular meni behudaga chorlar,
Yaradek og’riydi har biri.

Lekin men ularni koyimam, chunki
Taqdir bo’lib qolgan zamona.
Orqamdan kuzatar meni, onamdek,
U meni tuqqandir, chindan ham Ona.

JIMLIK SURONI

Yaylov oqshomining epkini ildam,
Yulg’un keragalar asta g’irchillar,
Kun bo’yi egardan tushmay, tolsa ham,
Tun yana bezovta yosh yilqichilar.

Olonda oq, qizil kiygan qiz-juvon
Shov-shov shopiradi biya sutini.
Oqshom tinch, bosilmas dildagi suron,
Nelarni eslatar tezak tutuni?

Vaqirlab go’sht qaynar qora qozonda,
O’tov atrofida itlar sanqigan.
Qizlar shivirlagan o’sha olonda
Yangi qimiz xidi anqigan…

Oqshom ko’rinishda osuda, so’lim,
Lekin u bir olam o’y, sir saqlaydi.
Ingichka kishnasa uzoqda qulun,
Biyaning ko’zida yulduz chaqnaydi..

Orzularning manguligin o’ylab,
Yuragimga g’uluv tushadi.
Kun bag’ridan chiqib bizning ekipajlar,
Zim-ziyo koinot sari uchadi.

Yerda esa hamon qadimgicha
Ertaklar kuylaydi g’irotlarini.
Qorong’i burchakdan chiqib parvona
Shamda kuydiradi qanotlarini…

 

UMID

Kuz ertasi. Namgarchilik,
Hazon biqsib, tutun taralar.
Oyoq osti—«chilip-chilip»,
Zirqiraydi eski yaralar…
Bor umringni o’ylaysan qayta,
Nimadir yurakni ezadi.
Imoni sustroqlar mana shunday paytda
Yashashdan bezadi.

Ammo sen boq hayot dengiziga:
U o’jarlik bilan qilar ishini.
Razm solsang, har dam o’ziga
Ming-ming iplar bilan bog’laydi seni.
Fasllar almashar, dolg’alanar havo,
Qarg’alar tovushi—qishning daragi.
Trotuarda
bukchaygan bir bobo
Yosh ko’chat ko’tarib o’tib boradi.
Niholni avaylab mahkam ushlagan
Tomiri bo’rtib chiqqan titroq qo’llari
Xayolida balki olamni xushlagan
Bahor,
bodroq-bodroq o’rik gullari.

Ko’m-ko’k shovullashi balki qulog’ida,
Ko’ksi bilan sezar soya-salqinin.
Sovutgisi kelar ko’ngil bulog’ida
Saratonning lov-lov yolqinin.
Boboning umrida ko’p bo’lgandir baxt,
Lekin baxt o’tkinchi,
Umid — abadiy.
Keksa qo’llardagi mana shu daraxt—
Ertaga kimningdir tolei kabi.
Boboning ko’zida umid yaltirar,
Ko’chatni ko’tarib shoshib boradi.
Mahalla ustida hamon qaltirar
Bebosh bolalarning qog’oz varragi.

ADOLAT

(Yangi yilda chollar gurungi)

— Mana, umrimizdan yana bir yil ketdi.
Bandasi bilmay ham qoladi.
— Shu kunga yetkizdi, shukr qilaylik,
Egam o’zi bergan, o’zi oladi.

— Olib, nima, yeb ketarmidi?
Fahming yetmadimi yo shunga:
U umringdan olgan o’sha bir yilni
To’kmay-sochmay qo’shar yoshingga.

QALBIM NOZIKLASHDI

Yangi yilning yaqin oppoq tuni
Bolalar orziqib tunni kutadi.
O’tgan yili uchgan nafis qor uchquni
Yangi yil sarhadin buzib o’tadi.

Bolalar hovliqib yangi yil kutadi,
Menga esa yil kuzatish — g’am:
Qilt etib uzilgan bitta yaproq ham
Naq qalbimga tegib o’tadi…

Hayot shunday mo»jizaki,
Qancha jabrin tortsang oz.
O’lim esa uning uchun
Arzimas bojdir, xolos.

 

INSON

Sen kashfiyot yolqini, otash,
Asriy zulmatlarda bir yorug’ nuqta.
Barcha mavjudotlar qalbingga tutash.
Bir oddiy giyohning oldida to’xta.

Ariq shildirashi, barglar shiviri
Senga jon ozug’i, ruhingga dardkash.
Gullar bilan so’rash, hidlab har birin,
Kapalaklar bilan suhbatlash.

Javob bermasalar gapingga, mayli
Sovuq yulduzlarga tikilganda goh,
Bilginki, qalb qo’ri jonlilar tufayli,
Jonlilar jonliga doim xayrixoh.

Ko’p suzdim, bilaman dengiz shukuhin.
G’oyibdan tinglayman teran sasini.
Ters turib sezaman ulug’vor ruhin,
Ko’raman ko’rkini, jozibasini.

Men seni o’yladim bugun sohilda,
Hech kimga tenglamam, tengsizsan.
Ketgansan. Ammo sen doim yonimda,
Dengizga o’xshaysan. Dengizsan.

 

INSON ERTAGI

O’tib ketdi. O’tib ketdi lahza.
O’tib ketdi, men qarab qoldim.
Na hayajon menda, na olamda larza,
Nega achchiq faryod chekmaydi qalbim?

O’tib borar zumlar, o’tib borar,
Biri—buyuk, qay biri oddiy.
Biri uchar mangulikka qarab,
Biri vazmin va qariyb moddiy.

O’tib borar, yelib borar tikka,
Barini barobar yeldirar bir kuch.
Biri to’ppa-to’g’ri uchar yo’qlikka,
Shuursiz va ayanch, salmoqsiz va puch.

Puchmi-to’qmi — har kim baholasin,
Chunki bu aslida inson ertagi.
Uchayotgan planetada odam bolasi
Unday, yo bunday o’tib ketadi.

TUSH

Men bir tush ko’ribman.
Ajab zamonlardan.
Jahl ustida o’sha so’z aytilmaganmish.
Hali ko’ngil holi pushaymonlardan,
Ahdu va’dalardan qaytilmaganmish.

Visol zoriqtirar, zardalar shirin,
Yolg’izlik alami hali notanish.
Bilmay qovushuvning mangulik sirin,
Dillar bir-biriga quvonar emish.

Ko’zlarning ko’zgudek begunohligi
Tirik emish, tirik va abad.
Mening insonligim, sening ilohliging
Va bizni teng etgan o’sha muhabbat.

Oldinda uzoq yo’l, uzoq umrning
Achchiq-chuchuklari xayolda ham yo’q.
Hali issiq emish yonimda o’rning,
Hayot mo»jizalar sehriga to’liq.

Bilmasmishman yaqinligin jo’ngina turmush,
Butun bir umrni yamlab yutgan on,
Va so’ngra… vaqtning, xuddi yengsimon,
Astarin ag’dargan bu g’alati tush…

* * *

Naykamalak, sizcha, spektrlar xolos,
Vibratsiya, deysiz, qushlar nag’masin.
She’r esa, mana qalam bilan qog’oz,
Programmalashgan harflar yig’masi.

Hayot-chi, oqsilmi, kislotami, nima?
Yurak—nasos, hilol—oddiy kul…
Gilosday lab emas, hujayra, to’qima,
Gulni nima deysiz, gul-chi, gul?

Balki formuladan iboratdir dunyo?
Nima deysiz tongni, tumanni?
Unday bo’lsa, men-chi, men ham yo
Modda almashinish ob’ektimanmi?

—Yo’q!—degim keladi, qisiladi yurak,
Menga sir qoldiring, haqqim dovlayman
Menga go’zal, sehriy dunyo kerak,
Sirru mo»jizasiz yashay olmayman!

DARBADAR

Yulduz bo’sasiga Yer ko’ksi ochiq,
Abadiy qovushgan dengiz-la osmon,
Hatto chaqmoq zulmatlarga oshiq:
Faqat shamol yolg’iz, beoshiyon.

Faqat shamol yolg’iz, yerda darbadar,
Faqat shamol hamon juftin izlaydi.
Daralarda izg’ib, tunga naqadar
Ozor berganini o’zi sezmaydi.

Kezadi tog’u tosh, changalzorlarni,
Kimnidir chaqirar hamon telbaday.
Darg’azab yulqinib, goh zorlanib
Goh norday quturib, goh yelvagay,

Bog’da, sohillarda, qirlardan pastda
Suluvlarning sochin siypab taraydi.
O’tli siynalardan sirg’alib asta,
Xumor ko’zlariga to’yib qaraydi.

Yana ketadi u, kimnidir istab
Va qo’rqib qalblarning yonishlaridan.
Begona yotoqlar hidini iskab,
Mo’ralar deraza tirqishlaridan.

U maskan topolmas maskan tark etib,
Ruhi hech qaerga sig’maydi.
Keyin, Majnun kabi, sahrolarga ketib,
Uzoq-uzoq yolg’iz yig’laydi.

U minglarni chorlab yalingan emish,
Ammo qalbida yo’q hech kimga vafo.
Shundan, u topilmas ishqning bedavo
Mangulik dardiga chalingan emish.

UCHISH

Uzoq zamonlarda
Irg’ay tol egib,

Yoy yasadi odam,
O’q otdi.
Shunda ilk bor
Uchish dardi tegib,

Oromini butkul
Yo’qotdi.

Uni chaqirardi
O’zga olamlar.

Keyin, Kalugada
Tunlar beuyqu,

Planetani uyg’otmasdan,
Asta qadamlab,
Yo’lning yarmini
Bosib o’tdi u.

O’ylarida unib
Idrok atomi,

Fazo birdan
Go’yo kichraydi.

U uchdi.
Olamni tutdi shovqini.
Ufq xuddi yoydek
Hamon titraydi…

O’TAR-KETAR…

«In ham meguzarad!»
Donishmandga balli.
Demak, hech narsadan bo’lmaylik xafa.
Qanday allalovchi, oson tasalli,
Qanday yupatuvchi, o’ng’ay falsafa!

In ham meguzarad… orom, orom quching.
Hayajondan saqlang yurakni.
Lekin hayajonning o’tishi uchun
Axir jindek fursat kerakmi?

In ham meguzarad.
Tugib oling dilga,
Chindan, hamma narsa, so’zsiz, o’tadi.
Lekin hamma narsa o’zi bilan birga
Umrning bir qismin olib ketadi.

Umr? In ham meguzarad, balli.
Bundan ham hech bo’lmanglar xafa.
Qanday allalovchi, oson tasalli,
Qanday yupatuvchi, o’ng’ay falsafa!

Axir, «o’tar-ketar», bu—vaqt haqida,
Bir nima o’tguncha fursat kutamiz.
Umrguzaronlik ko’hna aqida.
Aslida, vaqt o’tmas, bizlar o’tamiz…

Tezroq yetsaydim, deb, yillar yo’qotamiz,
Go’yo vaqt tez o’tsa yutamiz shuncha.
Ranjitamiz, so’ngra yupatamiz,
Ammo fursat kerak dil yozilguncha.

Alam bosilguncha fursat kerak, fursat,
Og’riq tuzalguncha fursat kutamiz.
Fursat kerak baxtimizni kutsak;
Orzu ushalguncha fursat kutamiz.

Mevani o’ylaymiz dillarda ming-ming
Xushbo’y kapalaklar qurganda maskan.
Biz visol kutamiz goh yolg’izlikning
Dardchil lazzatini qadrlamasdan.

Kunning chala-chatti quroqlarini
Yig’ib, ertagacha uchmoqqa shaymiz.
Doimo kalendar` yaproqlarining
Hazonrezgisida yashaymiz.

Saxovatdanmikin «o’tar-ketar» deb,
Umrni bemalol bunday ulashsak?
Oldinda mangulik bizni kutardek,
Hozirgi har lahza uchun kurashsak.

YER

Yerga men o’zimni jondosh sezaman,
«Tuproqdan bo’lgan»im tufayli emas.
Shunchaki, men uchun hamma narsadan
Insonga marhamat hissi—muqaddas.

Yerning tashvishlari bitmas hech mahal,
Halovat istasak biz undan topdik.
Bir kiftin silkisa—gul, meva, asal,
Bir kiftin silkisa—qor, bo’ron, soflik.

Istardim, inson ham Yerga faqat don,
Muruvvat, saxovat urug’in eksa.
Hech kim o’ksimasa, hammaga yetsa
Ko’k gumbaz ostida to’kin dasturxon.

Nazarimda, men ham yerni dehqonday
Haydab, har qadamda ma’no izladim.
Ehtimol mendan so’ng bir tomchi qonday
Yonar marzalarda qolgan izlarim.

Yerga men o’zimni qondosh sezaman;
Tuproqdan bo’lgan»im tufayli emas.
Shunchaki, men uchun hamma narsadan
Insonga marhamat hissi—muqaddas.

Hatto, to’g’ri bo’lar qalbdoshman desam.
Toshni qayga otsang yerga tushadi.
Shunga o’xshash, do’stim, kimga ozor bersang
Qalbim achishadi.

 

U BAHORDA KETDI…

U bahorda ketdi, seni yig’latib,
Xush buyga to’lganda bog’lar, qo’ralar.
Umid tomchilari achchiq va latif,
Boshda olcha guli tinmay bo’ralar.

Uzoq ko’z o’ngingda turdi o’sha dam,
Yoz o’tdi shu damning -hislarin sinab.
Loqayd edi unga kunlar, oylar ham,
Kuz o’tdi yonidan yotsirab.

Qish keldi, qor bosdi yarim olamni,
Qor ostida qoldi bog’lar, qo’ralar.
Yolg’izlik tunlari sovuq, alamli,
Qor esa bo’ralar, hamon bo’ralar.

Shunda u ko’rindi ketgan yo’lida.
Mehr izlab qaydadir balki tilangan,
Tavbadir, umiddir balki dilida,
O’zi boshdan-oyoq qorga belangan.

Yodga kelmay qiynar unutilgan qo’shiq;
Ostanada turdi. Qor yuz-ko’zida.
Qor erigach, ko’rding: o’rnida—bo’shliq,
Jindak ko’lmak qoldi oyoq izida.

 

BOLALIK

Ilk tong nuri kiprigingga qo’nar,
Ko’kdan yuvib ketar qora uyquni.
Qaerdadir so’nggi yulduz so’nar,
Shabnamlarda qolar uchquni.

Sen olamni ilk bor ko’rayotgandek,
Tug’ilish chog’iga bo’lasan guvoh.
Hayot endigina kurtak otgandek,
U hali bir go’dak, sof va begunoh.

Lekin birpasdan so’ng bularning bari
Xuddi bolalikday qoladi ortda.
Bolalikda ko’rgan tushlar singari
Xotiralargina qolar hayotda.

Unga kirib kelar tutun va g’uluv,
Terlatar tashvishlar, terlatar quyosh.
Olam yana o’sha chalkash va ulug’,
U yana qadimiy, unga million yosh…

Orzu olg’a undar, xotira—ortga,
Bular bir-biriga, albat, zid narsa.
Lekin, oh, qaniydi har tong hayotda
Chindan bolalikka bizni qaytarsa!

Hoy-hoy, keling,—deya,—o’sha kunlarim!—
Yaxshiyu yomonin birga to’plardim.
Mushtlashgan, do’stlashgan jo’ralarning barpn,
Tanish qushlarimni yo’qlardim.

Changli so’qmoqlarim tanib olar edim,
Chashmalar, oqshomlar, lolazorlarim,
Tanib olar edim gulingizning hidin,
Qirqqokil sinfdosh dilozorlarim.

Ko’rardim yoshgina onajonimning
Yuzlari ajinsiz, dilbar chog’ini.
G’amli, hayajonli har bir onimning
Yangilab dildagi yog’du, dog’ini.

U bilan chiqardim—dalalar gilam,—
Yana uzoqlarga bir ko’z tutardik.
Hamon jindakkina ilinj qo’ri bilan
Dadamizni jangdan kutardik…

Bolalik… umrning sehrli dami;
Kim biladi deysiz bu holning sirin:
Achchiq-bo’lsa hamki lablarda ta’mi,
Qalbda xotirasi shu qadar shirin!

QIRDA

Oydin jimlik kumush jarangsimon
Yana boshoqlarni shu’laga chaydi.
Tushib qolgan dondek, men ham bir zamon
Shu ona tuproqda unib chiqsaydim.

Koinotda porlab ko’rinadi
Somon yo’l singari inson xayoli.
Inson o’zi hamon yerda urinadi,
Vodiyda anqiydi arg’uvon boli.

Inson kuzatadi moviy dengizni:
«Qaysi sun’iy yo’ldosh, qaysi sayyora?»
Ammo qo’shni kapadagi o’roqchi qizning
Nozli kulgisidan qalbi chilpora.

Avf eting uni, porloq yulduzlar,
Inson Yerda xuddi daraxt singari:
Daraxtlar yuksakka intilgan sari
Chuqurroq ketadi yerga ildizlar.

BEZOVTALIK

Bola edim. Oyijonim yosh,
Zebigardonlari yarqirar edi.
Sizni yo’qlaganda, asta egib bosh,
Mening ismim aytib chaqirar edi.

Bilmadim, ismimning yo’q edi sehri,
Menda faxr etgulik nima bo’lgandir,
Balki yuragingiz oila mehri,
Iliq hislar bilan to’lgandir.

Har holda, u sizni yo’qlagan choqda
Mening ismim aytib chaqirar edi.
Sizning ko’zlaringiz esa uzoq-uzoqda
Chaqnagan yulduzday yaltirar edi.

Yoshim, eslolmayman, nechadaydikin,
Oyoq yalang chiqdim kuzatib navro’z.
Umid yulduzingiz so’nmadi, lekin
Siz so’ndingiz, dada, bemavrud.

Okoplardan yana qalqidi dunyo,
Meros qilib oldi uni naslimiz.
Planetaning chakka tomiri go’yo,
Hamon tepib turar notinch asrimiz.

Kecha birdan kimdir meni ilk marta
Ismimga ismingiz qo’shib chaqirdi.
Yoshim endi sizdan bo’lsa ham katta,
Butun vujudimda chaqmoq chaqildi.

Meni chulg’ab oldi bezovta tuyg’u:
Xo’p, mag’rur yurarman eslatib sizni,
Lekin ayni damda dilga tushar g’uluv—
Otalar ismiga munosibmizmi?

TUG’ILISH

Tong oldidan yomg’ir sevalab o’tdi.
Keyin ko’k ochilib, yog’di yulduzlar.
Yerdan hovur ko’tarildi, xuddi
Qimirlagan kabi zimdan ildizlar.

Qimgadir muqaddas bir zum yaqinladi
Qorovul o’chirdi so’nggi fonarni.
Iyul` quyoshining ilk yolqinlari
Yaproqlarga sachrab yonardi.

Yer yosh; soflik jimirlatar etni,
Zoriqqan g’unchalar ochildi bog’da.
Panjaradan oshib chiqib ketdi
Maysazorda yurgan yashil shabboda.

Eshikdan eshikka yugurib yelardi,
Suyunchi so’rardi, suyunchi.
U go’yo taqdirni oldan bilardi,
Go’yo yo’q dunyoning g’ami, kuyunchi.

Iymanibroq turar ota poygakda,
Ko’ksida yulduzi, bir qo’li mayib…
Ichkarida esa, oppoq choyshabda
Jahonning umidi yotar jilmayib.

* * *

Bilmadim, yo’lingga kimlar bo’ldi g’ov,
Bezidi kulbamdan fayzu farishta.
Ko’ngil mulkim mening alg’ov-dalg’ov,
Qayt, dunyomni qilgil sarishta.

Bari o’lda-jo’lda—ro’zg’or, his, xayol…
Sening qo’llaringga hammasi mushtoq:
Quvonch gullarimga suv sep. sohibjamol,
Qaytib, ko’zlarimning yulduzni yoq.

Tongdek balqi eshigimdan kirib,
So’ngan o’choqlarim yonsin mehringdan.
Bunda hamma narsa sening bilan tirik,
Bunda har mo»jiza sening sehringdan.

Xayol zulmatiga soching chulg’anar,
Qiynar ilk nigohing mangu lahzasi.
Devorda soyadek es-es to’lg’anar
Tungi bo’salarning sirli lazzati.

Aytsang-chi, yo’lingga kimlar bo’ldi g’ov,
Bezdi-ku kulbamdan fayzu farishta.
Ko’ngil mulkim mening alg’ov-dalg’ov,
Qayt, yana dunyomni qilgil sarishta.

NOMA’LUM SOLDAT

Jasorat maydoni—sahna emas, ha.
Bo’lishi shart emas guvohlar.
Ba’zan jasoratga guvoh shunchaki
Nomsiz tepaliklar, tonglar, giyohlar

U tong kabi balqib tug’iladi
Pinhona, har kimning qalbida.
Xalq balki bilmas, u sodir bo’lar
Faqat vijdon, vijdon oldida!

Bugun gul ko’tarib kelganlar—unga
Bobodir, singildir, onadir…
U tarix qa’rida qolsa-da o’zi,
Bizni kelajakka chorlab yonadir!

* * *

Sezar` ertalabdan noxush edi bog’da,
Dunyo ko’z o’ngida begona, erish.
Xunuk bir tush ko’rdi.
Ruhi alag’da.
Tushda o’z onasin zo’rlagan emish…

Darhol chorladi u kulli ulamo,
Munajjimlar, folbinlarini.
To ta’bir etilsin bu mudhish ro’yo,
Istiqbolimi bu, oldinlarimi?

Ular jahongirni tang qoldirdilar,
Tush emas, bu omad sitorasi, deb.
Zaminga hokimlik ishorasi, deb,
Botin niyatlarin o’t oldirdilar.

Ha, Zamin…
Ona-Yer! Cheksiz olamda
Tiriklikni tuqqan yagona manzil.
Uni tahqirlayman degan har banda,
Har xudo—razil…

KUZ

Kuzgi bulut kelib oqshom asnosi
Bog’lar etagida ko’zdan yo’qoldi.
Silkitib ufqning o’tli tasmasin,
Chinor taglarida ko’lmak suv qoldi.

Chinor so’ng bor sezdi tanida iliq,
Pildirab tushganda oxirgi yaproq.
Suvni chayqadiyu bir zumlik titroq
So’ng yana jim bo’ldi, osmonday tiniq

Ko’lmakda shafaqning bir tomchisidek
Yonardi chinorning so’nggi tuhfasi…
Bejizmas, shoirning ilhomchisi deb
Seni ataydilar, ey o’ychan fasl!

SHAMOL

Tunlari intizor kutasan xabar,
Eshik g’irchillasa uyqung qochadi.
Bilmasmiding axir shu paytga qadar:
Ba’zida eshikni shamol ochadi…

Bilmasmiding, shamol—engil, daydi;
Unga muhabbat ham, taqdir ham arzon.
Bugun sochlaringni silab erkalaydi,
Ertaga bog’larni etadi hazon.

YURAK

Qalb, chida! Sendagi bu yangi tuyg’u
O’tday xavfli, bemavrud va yosh…
Sir bo’lib qolsin u qa’ringda mangu,
G’amu shodliklarga bergansan bardosh.

Tasavvur qil, axir, hammaga hamma
So’zlasa dardini, shikoyatini,
Aytib beraversa har bir qadamda
Ezgu muhabbatin hikoyasini.

Aytib beraversa barchaga barin—
Omadu judolik va yonganini,
Rashk, umid, alami va afsuslarin,
Aldagani, quvonganini.

Yurak sirlarini yoysa olamga,
G’ussa ummonida g’arq bo’lar edik.
Baxt-quvonchda suzgan barg bo’lar edik,
Joy ham qolmas edi balki odamga…

Xayriyat, bu—har kimning o’z ishi,
Har kim o’z ichiga yutib yuradi.
Ishqilib, mard bo’lsin bu ishda kishi,
Daryoday keng bo’lsin inson yuragi!

 

MANGULIK

O’zini dengizga bag’ishlab, daryo,
Jilg’alar o’ladi.
Uzoq-uzoq yangrab zamonlar aro
Qo’shiqlar so’ladi.
Yorug’ yonib,
Shon-shuhratga qonib,
Yulduz o’chadi—
Yo’qlik dunyosiga ko’chadi.
Goh havas qilaman…
Lekin aslida:
Men u ham bo’lmasam,
Bu ham bo’lmasam.
Tabiatday bo’lsam: so’lsam-da faslida,
Sira o’lmasam!

* * *

Bilaman: yillarning oqimi
Qonimni sovutar qalbimda.
Lekin yillarimning asili
Bari bir—oldinda.

Hujayramning har bir bo’lagida
Ajdodlardan meros qonim bor.
Sahrodagi karvon yo’llarida
Yozilmagan ezgu qonun bor:

Olislardan kelgan tashna musofir
Nogoh bir manzilda quduq topadi.
To’yib ichgandan so’ng, geolog, shofyor,
Irg’ay, yovshan bilan ustin yopadi.

Toki qum bosmasin quyunlar kelsa,
To yamlab ketmasin quyosh yolqini.
Undan keyin kelgan notanish kimsa
Topsin qatralarning jonbaxsh salqinin.

Men bilishim kerak, bilishim kerak,
Bir savol qalbimga larza soladi:
Ajdodlardan meros qonimdan bo’lak,
Mendan izdoshlarga nima qoladi?

022

(Tashriflar: umumiy 28 705, bugungi 4)

Izoh qoldiring