Tursun Ali. She’rlar.

777
5 феврал — таниқли шоир Турсун Алининг туғилган куни.

Болалигим кечган кўча, уни ёқалаб ариқ оқади. Ариқнинг лабида осмон билан сирлашаётгандай серпўстлоқ, сервиқор жийда тебранур… Ўралар сувларни ютгани каби, у жийдани йиллар ютиб кетди. Букун ўша жийдадай кекеайиб бормоқда умрим дарахти. Бу узун умрим ичра, ўшал жийдадай дарахтни кўрмадим сира. Букун тушларимга аждодларим эккан ўша жийда киради. О, бунчалар яқин, бунчалар ойдин болалигим ўлкасидаги жийда.

900

Турсун Али 1952 йилнинг 5 февралида Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Тошйўли қишлоғида туғилган. 1968 йил 2-ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлаб, 1971 йилда Тошкент шаҳридаги 2-кечки ишчи ёшлар мактабини тугаллаган. 1981 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология бўлимини битирган.
Дастлаб у “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида мусаҳҳиҳ, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, Чўлпон нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ва “Адолат” нашриётларида турли лавозимларда ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.
Турсун Алининг дастлабки шеърлари “Ёшлик баёзи”, “Ёшлик” альманахларида босилган. Шундан сўнг, “Зангори овоза” (1979), “Юракдаги сўзлар” (1983), “Ёруғ кунлар” (1986), “Изтироб остонаси” (1983), “Тун товуши” (1993), “Ёлғизим” (1995), “Уйғоқ сукунат” (1999), “Туйғулар ранги” (2001, “Сайланма”), “Сокин ҳайқириқ” (2005), “Ой япроғи” (2008), “Гуллаётган юрак” (2009) номли шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шоирнинг “Смена” журналида туркум шеърлари, “Гранат” (рус тилида) альманахида, Озарбайжонда (озар тилида) тўпламлари чоп этилган. Шунингдек унинг шеърлари инглиз, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.У таржимон сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, хитой, япон, рус шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган.
2008 йили “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

887
ТУРСУН АЛИ ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

НАВОИЙ ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

Сочлари ҳурпайган йигитни Мажнун
Десалар, юзимда ловуллар уят:
Гоҳо шакл ғолиб келиб қолганда
Чеккага чиқармиш шўрлик моҳият.

Ғозалар керакмас кўнгил қонидан,
Ул ошиқ дилларни бўлдик ўлдириб:
Лаблари, ёноғи алвон тусдаги
Лайлолар юришар кўча тўлдириб.

Ишқнинг ул азалий қоидалари
Аллақачон қайта тузилиб бўлган.
Севги билан ҳаё ўртасидаги
Искандар девори бузилиб бўлган.

Кўҳна табиатнинг кўксидан ҳамон,
Олинмай турибди Баҳром отган ўқ.
Энди муҳаббатдан йиғлаган инсон,
Инсонни йиғлатар, муҳаббат ҳам йўқ.

Шаксиз, башоратдир айтганларингиз,
Бизнинг замонларни қайдан биларсиз?
Балки қайтиб келиб, қуш тилин эмас,
Инсонлар лисонин достон қиларсиз…

Энди ишқ жавҳари тошдек беқадр,
Ҳақиқат равшандир мисоли кундай:
Бугун Фарҳод тоғни йўниб турса ҳам,
Сув эмас, маъданлар излайди ундан.

Беш юзу етмиш йил ўтмиш орадан,
Неча бор эврилиб, тикланмиш мезон.
Сизни ранжитади, аммо айтиш шарт:
Асло дўст бўлолмас шоир ва султон.

Барини бирма-бир айтсам, нуроний
Бошингиз оғритар маним ҳасратим.
Меҳр сўраганлар жуда кўп, бироқ
Меҳр ноёб бўлиб қолди, Ҳазратим.

Ёрқин туслардадир либослар гарчи,
Юраклар қашшоғу, туйғулар – ғариб.
Шунинг учун ҳатто ҳайкалингизга,
Қаролмаймиз бошни баланд кўтариб.

ЗАНГОРИ ТУЙҒУЛАР

I

Баҳор.
Қад ростлаган майсалар
шаббода нафасидан
ҳилпиратиб яшил кўйлакларини
уйқудан уйғотди
менинг зангор туйғуларимни.

II

Тун. Кезаман Дўрмон боғларини,
ҳайрат эпкинлари урилиб юракка,
тикилсам Шукур Холмирза боғига
бир туп ўрик,
ёритиб тун кўксин,
осмонга ўрлайди оппоқ ҳайқириқ.

III

Баҳор эрта келди Дўрмон боғларига,
дарахтлар гуллади қийғос,
маъюс ўйлар бўрони
руҳимли чулғади.
Ижоди мавжланиб шул дарахтлардай
гуллаган чоғи,
оҳ, оламдан эрта кетган
Шавкат Раҳмон келди ёдим дунёсига.

IV

Боғ. Майсазорда чалқанча ётиб,
сени осмон кўзгусида кўрдим, қишлоғим.
У, ўшанда майсаларга ёнбошлаб,
Сеҳрли шаҳарлар сари
орзулар отида учардим бесар.
Ай, қишлоқ,
букун сочларимга йилларнинг
оқ гардлари қўнганда
тўфонли шаҳарнинг бир четида ,
майсаларга юмалаб-юмалаб,
сени ўйлай-ўйлай,
кўзларимда осмон кетди қорайиб.

ГЎЗАЛ

Гўзалликнинг олдида ахир,
Чўкка тушган ҳатто худолар…
Абдулла Орипов

Жийдалар гуллаган муаттар кунлар
ёдимга тушасан, эй, гўзал аёл.
Ёришиб, чарақлаб кетади тунлар,
сен сари чақмоқдай учади хаёл.

Юлдуз кўзларингга тикиламан жим,
зулмат сочларингда ўрмалар қўлим.
Сенинг гўзаллигинг қошида балким
ўлдиролмас мени — ҳаттоки ўлим

БОЛАЛИКНИНГ БЕДОР ТОВУШЛАРИ

Болалигим кечган кўча, уни ёқалаб ариқ оқади. Ариқнинг лабида осмон билан сирлашаётгандай серпўстлоқ, сервиқор жийда тебранур… Ўралар сувларни ютгани каби, у жийдани йиллар ютиб кетди. Букун ўша жийдадай кекеайиб бормоқда умрим дарахти. Бу узун умрим ичра, ўшал жийдадай дарахтни кўрмадим сира. Букун тушларимга аждодларим эккан ўша жийда киради. О, бунчалар яқин, бунчалар ойдин болалигим ўлкасидаги жийда.

* * *

Тасбеҳ донасидай кунларни санаб,
Умрим араваси елмоқда бесар.
Нидонг олислардан бағримни тирнаб,
Бутун вужудимни қақшатар, эзар.

Қайдасан, жавоб бер, дейман-ку ўзим,
Мўлтираб қарайман юрагим тўниб.
Жимликда яшиндай синади сўзим.
Наҳот қайлардадир қолгансан сўниб.

Йўқ, йўқ, сен яшайсан, юравер порлаб,
Менинг яраланган армонимга зид.
Майлига, ёндиргин, туравер чорлаб,
Кўксим осмонида туғилган умид.

* * *

Ўша тун
Иброҳим Ҳаққул,
Асқар Мусақул,
турфа хил шоирлар
димиқ хонада суҳбат
қурдик узоқ.
Рауф Парфи шеърияти,
Рауф Парфи қисмати —
суҳбатимиз ўқ томирига айланди.
«Мен ёлғизман,
овозим ёлғиз» сатрлари
чарсиллаб баҳсларга бойланди.
Ўша маҳал
тун қаърин куйдириб,
қайдандир,
балки яқиндан,
балки узоқдан
ҳазин эшитилди ёлғиз товуш.

* * *

Тун…
Худди азадор одамлар каби
Дарахтлар кийган қора тўн.
Бир шарпадай
Ўтаман тун қаъридан,
Ана,
Чироғи ўчмаган
Абдулла Қаҳҳор уйининг.

* * *

Уйимнинг шундоқ ёнгинасида, кўзларимнинг ўнгида битмаган уй бор. Мен унга ҳар гал тикилсам, ичимдан нимадир япроқ каби узилар. Руҳим уйи вайрон бўлиб бузилар. Ёмғирлар ёғар, не-не қорлар ёғар. Ҳали бу уйнинг эшик, деразалари ҳам қурилмаган. Уйни тунлар қоронғулик маскан этар. Кундузлар сукунат ўз домига тортиб кетар. Мен бу уйга, тикилсам,руҳим уйи кетар бузилиб.

ИНАНГУ
(Въетнамда шивирлаб айтиладиган шеърни «Инангу» дейишади)

1
Мен кўл каби сокинман жуда
ғалаёнсиз, тўлқинсиз сувга
Сиз тош ота кўрманг сира ҳам.

2
Мен осмон тоқида яшашим учун
сени ўлдиришим зарур
илон янглиғ судралиб ўтаётган ВАҚТ!

3
Сукунат кўлини чайқайди
осилган соатнинг чиқ-чиқи,
шукур, юрак тингани йўқ соатдек.

4
Осмонда қуёш бор, қор ёғаётир
совуқ сенинг қаҳринг каби
вужудимни тиғлаётир.
5
Туйғуларим бағридан
сени топдим ниҳоят —
бизлар бахтли бўламиз ғоят.

6
Тун ярмида мени уйғотди
ярқираган юлдуздек
маъюс кўзларинг нури.

7
Кўзларингнинг ёғдуларида
мен ўзимнинг энг дилгир, толғин
сувратимни кўриб қувондим.

8
Ичимда овозсиз йиғи бор
қандай қилай севгилим
бағримда муҳаббат тиғи бор.

9
Намчил ҳаво. Оғрир оёғим,
сенга етай десам йўл йироқ,
эй, мунғайган, бенаво гўша.

10
Мен ўзимни алдаб яшайман
о, нақадар ёлғончиман мен
бу ёлғончи дунёда.

11
Шамолнинг уйида қолдим бу кеча
Исиниб ухладим бағоят
ўғридай тўрт тарафга
боқдим тонг чоғи.

12
Нигоҳингдан отилган товуш
олисларга итқитди мени,
энди сен қайдасан — етмас овозим.

13
Тақиллатиб умид эшигин
кўнглинг остонасида жовдираб турдим
сабрим либоси йиртилиб
қайтдим кўрқушдек

ОЙДИН КУНЛАРИМ

Кўройдин…
Дарахтзор яланғоч,
ҳорғин.
Куз йўли.
Боряпман тун қаърига жим.
Пойимда хазонлар шитирлар қақшаб,
теграмда юлдузлар
пирпирар бир зум.
Ой
аждарҳо булутлар комида қолган,
янада
қораяр мушфиқ тунларим.
Босган қадамимда шиддат ҳам толган,
изимдан термилар ойдин кунларим.

КУН БИЛАН ВИДОЛАШУВ

Деразамнинг кўзларин очдим,
ийманиб кирди шаббода.
Ёлғиз эмасман, севгилим, энди.

Ухлаётган кечани
уйғотди
Қари итнинг ёлғиз товуши

Бирдан эшитаман ўз овозимни,
тўрт тарафга аланглайман жим,
танимайман овозимни мен.

Тунни ухлатмади сира ҳам
марҳум Рауф Парфининг
ёруғликни излаётган толғин кўзлари.

Табиат шу қадар гўзалки,
Борлиқ кўз ўнгида
ўлдиролмасман ўзимни ҳеч ҳам.

Бармоқларинг югурар баданимда,
Сен ҳақингда, маликам,
хаёллар сураман сокин ҳам узоқ.

Кўзларингда шамол-тўзон кўрдим.
Ва жимгина
кўзинг қудуғига беркиниб олдим.

Сенга етдим десам,
узоқлардан жилоланган аксинг экан,
эй, қўлим етган Ой.

…Туш кўраман илонларни мен.
Уйғониб боқсам,
кетиб борар қора ридо кийган тун.

Боғ ичра ёлғизоёқ йўл,
босаман танҳо,
кўксимга урилар шамолдек дунё.

Боғ қаърида итлар улиди узоқ,
қақраган дарахт тагида
дуо каби ўқидим шеърлар.

Тамаки тутунин ичимга ютдим,
Сўнг қидирдим ичимдан
ўз сўзларимни.

(Tashriflar: umumiy 1 921, bugungi 1)

Izoh qoldiring