Tursun Ali. Ko’nglim uzra xazenrez fasli

088
5 февраль — Шоир Турсун Али таваллуд топган кун.

Турсун Али 1952 йилнинг 5 февралида Фарғона вилоятининг Қува туманидаги Тошйўли қишлоғида туғилган. 1968 йил 2-ўрта мактабнинг 8-синфини тамомлаб, 1971 йилда Тошкент шаҳридаги 2-кечки ишчи ёшлар мактабини тугаллаган. 1981 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология бўлимини битирган. Дастлаб у “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида мусаҳҳиҳ, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, Чўлпон нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятида ва “Адолат” нашриётларида турли лавозимларда ишлаган. Айни пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.

09
Турсун Али
Кўнглим узра хазенрез фасли

Кузда ёлғиз одам

1
Оқшом…
Қораймоқда олам оҳиста,
қораймоқда бағрим ҳам менинг.
Яна кўзларимда қанча кундуз қораяр,
тонглар оқарар…
Қораяётган манов кундузга
кўзларим нурин сепаман энтикиб.

2
Мен
кечани эмас,
йўқ,
бугунни
ўйлаяпман тўлиқиб.
Ахир,
мен
энг ўйчан одамман.

3
Кечаги
куз шамолидан йиқилган дарахт,
ажабо,
ёдимга туширди
узоқ йиллар
дунёдан ўтган дўстимни.

4
У
ёлғиз яшар,
ҳеч кимга
зор эмас.
Зотан,
у ҳам
ҳеч кимга керак эмасди.
Дунёдай
ёлғиз одам –
у.

5
Юрагим майдонига
дор қурганман
юксак чўққидай.
Гоҳида,
етаклаб бораман
дор остига ўзимни-ўзим.

6
Куз кечаси…
Ойнинг ойдин шуъласи,
очиб юборар яланғоч дарахтларнинг,
оҳ,
тирналган баданларини.

7
Ажаб,
боғда қолган
эски қозиқ.
У қоқилган эди
мол учун.
Бугун эса,
қарға олаётир дам.

8
Олачалпоқ кеча,
ухлолмасман сира ҳам.
Илон каби бураламан тўлғаниб.
Сал нарида –
Уйқуда пичоқ.

9
Чумоли,
кел, энди,
тун яримдан оғди,
бирпас тин олайлик.
Эрта
қандай кечар?
Сен ҳам,
мен ҳам
билмаймиз, ахир?!

10
Боғни ташлаб кетмоқдан ,аввал,
булбуллар ҳам нола қилди узундан-узун.
Саҳарда…
Кузда…

* * *
Ёмғир соясида кутяпман сени,
Бўшанган булутлар устимда юзар.
Теграмда соболар гирди капалак…
Офтоб ҳам лоларанг уфққа ботар.
Наҳот,
тингламасанг, эй олис фалак,
юрагимда бардош қўшиқлар куйлар?!.

СЕВГИЛИМ
М…га

Севгилим. Қуёшу ой юзлашгандек,
бир зум кўришамиз энтикиб.
Ў, жаннатга менгзар ушбу лаҳзалар.

Севгилим, кел, бундан кетайлик,
ўзимиз яратган рангин оламга.
Унда сен, мен бўламиз, холос.

Кечасан ўзингдан бир лаҳза,
беркинаман, ахир, ўзимдан мен ҳам.
Нақадар яқин биз унутган бу катта дунё.

* * *
Замҳарир ҳаводан овозинг бўйлар.
Қайдам, товушингдан олдин, севгилим.
Сен бедор кезасан соғинч уйида.
* * *
Эссиз, гулларда депсиниб-депсиниб боради,
ялангоёқ, сарпойчан одам излари.

* * *
Эшитдим ой ноласин, тингладим,
шўрлик юрагим-да синди ой мисол.

* * *
Ўз ичимда ўзим
адашиб қолдим бир лаҳза.

* * *
Тун шу қадар зимистон,
бошпана тополмай дайдир шаббода.

* * *
Кўнглим кошонаси ёришмоқда ойдан-да,
ҳозир,
ҳозир мен кутган энг қисқа шеър ёзилиши муқаррар.

* * *
Негадир “оҳ” тортаман оғир,
“Муножот” навоси мисоли узун,
жуда маҳзун йиғидан-да, бу хўрсиниқ?!

* * *
Тунлар қулоғига киради, қизиқ,
отамнинг жуда мағрур,
жуда ночор овози.

* * *
Тамаки тутунин ичимга ютдим,
сўнг қидирдим ичимдан
ўз сўзларимни.

* * *
Учаётган одам кўкраги қанотларидир.

* * *
Менинг сен билмаган ҳаётимсан, севгилим.

* * *

Паришон дарахтлар

Ажаб,
кечаги ям-яшил япроқлар тахтин
ошён этмиш сап-сариқ қушчалар.
Дарахтлар паришон, ҳорғин бу қадар?

Боғ бўйлаб туни билан нотинч
увиллаб чиқди рутубатли шамол.
Ёқаларин юлдилар дарахтлар — телба.

Кузги дарахтлар, о,
тақдир қисматидан қақшаган кимсани
эслатадир менга.

Ҳавода кезади қиров ҳиди,
сокин ухлаётган боғни
чўчитиб юборди руҳим садоси.

Дарахтзор борлиғин
чириган хазонлар таъми-да босган.
Қандоқ кетаман боғни ташлаб, мен?

Кузги боғ қўйнида ёлғизман,
япроқдай тўкилар дардларим.
Қайдасан, нидо бер, соғинчим, қайда?

Боғ тепасида тўлишган ой.
Дарахтлар кўзида жовдирар умид,
баҳорни зориқиб кутар ўрикзор.

Куз изғиринида
исиниб олгали
дарахт панасига бордим.

Теграм узра қора қарғалар,
«қар», «қар» деб қағиллар узоқ.
Осмон эса парво ҳам қилмас.

Хазонлар тўкилиб ётган боғда
сукунатнинг ини бузилган,
ҳорғин шитирлайди қувраган ўтлар.

Руҳиятимдай зангор боғларга,
бағримдай бий далалар узра,
кўнглим узра келмиш,
қаранг,
хазонрез фасли.

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

Izoh qoldiring