Botirxon Valixo’jayev. Alisher Navoiyning Samarqanddagi qadamjolari.

01
Закий аллома Ботирхон Валихўжаевнинг кўпқиррали фаолиятида Навоий даҳосига садоқат сермазмун саҳифаларни ташкил этади. Ўзбек навоийшуносларининг ўрта авлоди борасида гап кетганда, шубҳасиз, рўйхат бошида бу заҳматкаш олимнинг ҳам номи тилга олинади. Унинг “Хамсачилик анъанасининг баъзи-бир хусусиятлари”, “Мажолис ун-нафоис” типидаги бир тазкира ҳақида”, “Навоийнинг поэтик миниатюралар яратиш маҳорати”, “Навоий ва Шайхим Суҳайлий”, “Навоий ва унинг издошлари ижодида туюқ”, “Навоийнинг мўътабар дастхати” каби мақолаларида улуғ ўзбек шоири ижодининг кўпгина масалалари ёритилган. Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди, қадамжолари, устоз ва шогирдлари ҳақида кўплаб янги маълумотлар эълон қилди, улуғ мутафаккир асарларини янги қарашлар асосида ўрганиб, нашр эттиришда ҳисса қўшди. Маълумки, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти абулайслар хонадони билан боғланган. Ботирхон Валихўжаев “Абулайслар хонадони” номли туркум мақолаларини ёзиб, ушбу сулоланинг илмий силсиласини аниқлади, Фазлуллоҳ Абулайснинг темурий шаҳзодалар, айниқса, Шоҳрух мирзо ва Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад билан алоқаси бўлганини исботлаб, Самарқанддаги шоир таҳсил кўрган мадраса ва хонақоҳлар қолдиқларини топди…

099
Ботирхон Валихўжаев
АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ САМАРҚАНДДАГИ ҚАДАМЖОЛАРИ
05

02Ботирхон Валихўжаев (1932. 1. 4, Самарқанд — 2005, Самарқанд) — адабиётшунос. Ўзбекистан ФА академиги. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), профессор (1971). Самарканд давлат университининг филология факультетини битирган (1953), шу универсиеттда ўқитувчи (1956-63), факульте деканининг ўринбосари (1964-69), декан (1971-73, 1986-88), тожик тили ва адабиёти кафедраси (1974— 85), ўзбек адабиёти тарихи кафедраси (1985 й.дан) мудири, проректор (1990 й.дан). В. илмий ишлари адабиёт тарихи, адзбиётшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарканд адабий ва илмий муҳити тарихи, Ибн Сино, Низомий, Жомий, Навоий каби олим ва мумтоз шоирларнинг ижодига бағишланган. «Ўзбекистан адабий-танкидий қарашлари тарихидан» (1960), «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» (1974), «Навоий ижоди — илҳом манбаи» (1991), «Хожа Аҳрор Вали» (1993), «Хожа Аҳрор тарихи» (1994) каби илмий асарлар ва бир неча ўқув қўлланмалар муаллифи. Ботирхон Валихўжаев асарлари Россия, Афғонистон, Туркия ва Эронда нашр этилган.

012

023 Самарқанд. Не-не олиму адибни, шоиру носирни, мутафаккиру муаррихни, рассому наққошни, дилларга ором бахш этгувчи хонандаю, кўнгилларни ром қилувчи навозандани, заррин қалами билан аждодлар ҳикмати ва донишмандлигини авлодларга етказгувчи мўътабар хаттотларни, элларни элларга, улусларни улусларга пайвандлагувчи моҳир тужжорларни етиштирган табаррук маскан!

Бу шарафли масканда асрлар нафаси, турли даврлар куй-оҳанги, табаррук аждодларимизнинг мушоираси эсади, янграйди, эшитилади. Ана шу жўр овозда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг, мавлоно Саккокий ва Заҳири Самарқандийларнинг, мавлоно Мирзобек ва Риёзийларнинг, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва мавлоно Восифийларнинг, одам уш-шуаро Рудакий ва олимлар сарвари мирзо Улуғбекларнинг ўзларига хос садоси беғубор қалбларга сингиб кетади.
Самарқанднинг нилий гумбазли тарихий ёдгорликларини кўрганда, нафаси уфуриб турган кўчалардан юрганда, машҳур Конигил, Боғи Шимол ва Боғи Зоғонларни кезганда мирзо Улуғбек, мавлоно Саккокий, аълам ул-уламо Фазлуллоҳ Абулайсий, Алишер Навоийларнинг овози эшитилгандай туюлади, уларнинг табаррук пойқадами излари тасаввур этилади ва бу заминда юриш нақадар файзли, шарафли ҳамда масъулиятли эканлигини юракдан ҳис қиласиз. Негаки, Самарқанднинг илмий-адабий муҳити не-не алломаю адибларнинг камолотига ҳисса қўшмади. Шунинг учун Абдураҳмон Жомий Самарқанд муҳитида баркамолликка эришишга нақадар интилган бўлса, улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ижодиётининг юқори зиналарга қадам қўйишида мирзо Улуғбек яратган илмий-адабий муҳит таъсирию машҳур Абулайсийлар хонадонининг сабоғи ҳам шунчалик сезиларли ва самарали бўлган эди.

Алишер Навоий ва Самарқанд мавзуи ҳақида сўз кетганда киши кўз ўнгида дарҳол марҳум академик Воҳид Абдуллаевнинг сиймоси гавдаланади. Зероки, Воҳид Абдуллаев бу мавзуни 30 йилларнинг охирларида устод Садриддин Айнийнинг маслаҳати билан навоийшуносликка биринчилар қаторида кенг ўрганиб, мақола ва рисолалар ёзиб қолдирган ва умрининг охиригача (1985 йил) ундан кўнгил узолмаган эди. Шундай бўлгач, бу мавзуга яна мурожаат қилишнинг зарурати борми, деган саволнинг туғилиши табиий. Ҳа, зарурати бор. Чунки бу мавзу эскирмайдиган ва ҳамиша изланишни, унинг янги-янги қирраларини кашф этишни талаб қиладиган мангу мавзулардандир. Бунинг устига ўша вақтларда ёритилиши ёки ёзилиши имконсиз бўлган томонлари ҳам борки, эндиликда улар ҳақида бемалол мулоҳаза юритиш, тарихийлик ва ҳақиқатга тўла амал қилиш фурсати етди. Бундан ташқари Алишер Навоийнинг Самарқандда ижод этган ғазалларини аниқлаш ҳам кўндаланг бўлиб турибди. Буларнинг ҳаммаси мазкур мавзуда кўлга киритилган илмий хулосаларга таянган ҳолда давом эттириш ва кенгайтириш табиий бир ҳол.

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий (1441-1501) Самарқанд шаҳрига 1465-1469, яъни 24-25 ёшлигида ташриф буюрган эди. Бу даврда Алишер Навоий ўзининг шоирлик маҳорати билан Хуросон ва Мовароуннаҳрда танилган эди. Бу ҳолни унинг Машҳаддалиги вақтида шоир Турбатий билан мулоқотидан ҳам; «халойиқ аросида минг байт-икки минг байт ортуқроқ-уксукракким, ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлиб эрди», билиш мумкин. Бас шундай экан, 24-25 яшар Алишерни Самарқандга келишга нима мажбур қилди? Нега Самарқандга, Балх ёки Термизга эмас? Насаф (Ķарши) ё Шаҳрисабзга эмас?

Бу саволга ҳар хил жавоб ва изҳорлар берилган. Жумладан, Хондамир «Макорим ул-ахлоқ»да шундай дейди: «Султон Абу Саиднинг подшоҳлик даврида зўр олим ва донишмандлиги туфайли иккинчи Абу Али Сино лақабини олган мударрис хожа Фазлуллоҳ Абулайсийнинг ҳузурига Самарқандга бориб, у жанобнинг хонақоҳидан ҳужра олди. Бир қанча вақт тегишинча илм таҳсил қилишга киришди. Хожа жаноблари ҳар вақт у зотнинг таъбидаги ўткирликни мақтар ва бошқа талабалардан уни ортиқ кўрарди».
Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса ўзининг машҳур «Бобурнома»сида бу масалани қуйидагича изоҳлайди: «Билмон не жарима била Султон Абу Саид мирзо (Навоийни) Ҳиридин ихрож қилди. Самарқандға борди. Неча йилким Самарқандда эди, Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввийси эди. Алишербекнинг мизожи нозук била машҳурдир… бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозук мизож экандур».

Бу икки муаллифнинг бири – Хондамир Алишер Навоий тарбиясида вояга етган, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган шахс бўлса, иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Навоийни шахсан кўрган эмас. Шундай бўлса-да, бу икки муаллиф масалани ёритишда икки хил ёндошгандай бўлиб туюлади. Жумладан, Хондамир нуқтаи назари бўйича Алишер Навоийнинг ўзи «илм таҳсил қилиш мақсадида Самарқандга келган, Бобурнинг фикрича, «Билмон не жарима била Абў Саид мирзо Ҳиридин ихрож қилди. Самарқандға борди».

Диққат қилинса, икки муаллиф мазкур масалага доир бир-бирига яқин фикрни ифода этган. Фақат фарқ шундаки, Бобур «билмон не жарима (гуноҳ) била Абу Саид мирзо Ҳиридин ихрож (чиқариш, сургун қилиш, ҳайдаш) қилди»,- деб унинг (Бобур) учун номаълум бўлган гуноҳи туфайли Навоийнинг Ҳиридин ихрож қилинганини ёзади. Аммо у «Самарқандға ихрож қилди» тарзида мулоҳаза юритмайди. Балки Абу Саид Навоийни Ҳиридин ихрож қилган, Алишер Навоий Самарқандға борди тарзида фикр юритади. Демак, Ҳиридин ихрож қилинган Алишер Навоий энди қаёққа бориш мумкинлигини ўбдон ўйлаган ва Абу Саид мирзодан узоқроқда, уни биладиган кишилар муҳитида бўлишни ҳам ҳисобга олиб, ўзи Самарқандга боришни ихтиёр қилган деган маъно келиб чиқадики, бу фикр Хондамирнинг мулоҳазалари билан ҳамоҳангдир. Бу эса Алишер Навоийнинг «Мажолис ун- нафоис»да Аълойи Шоший ҳақида сўз юритиб, «фақир Самарқандға борғонда…»ҳамда Юсуф Бадеий зикрида: «фақир таҳсил учун Самарқандға борғонда», тарзида фикр юритгани билан ҳам уйғундир. Шундай қилиб, Абу Саид Мирзо Навоийга Ҳиротдан чиқиб кетишни буюрган, яъни ихрож қилган.

Бу фармонга боис бўлган сабаблар Бобур учун номаълум. Бу сабабларни аниқлашда Навоийшунос олимлардан Олим Шарафиддинов, Садриддин Айний, Воҳид Абдуллаевлар анча меҳнат қилиб, ўз асарларида маълум хулосаларга келганлар. Улар умумлаштирилганда киши кўз ўнгида шундай манзара гавдаланади: Навоий Абу Саид мирзонинг сиёсати билан келиша олмаган; Абу Саид мирзо ҳам ундан шубҳаланган; Навоий ва унинг тоғалари – Ķобулий, Ғарибийлар Султон Ҳусайн Бойқаро тарафдорлари бўлганлар; Навоий Абу Саид мирзо томонидан қатағонга олинганлар билан яхши муносабатда бўлган(Лаълий, ибн Лаъли); асарларида эса ўз фикрларини дадил баён этган.
Бунга қўшимча тарзда шуни айтиш мумкинки, бу даврда Алишер Навоий шоир сифатида довруғ таратиб, кўпчиликка маъқул ва манзур бўлган эди. Шунинг учун Абу Саид мирзо бундай обрў ва эътиборга сазовор бўлган Навоийга нисбатан қаттиқ чоралар кўришдан кўра, уни ўзидан ва Ҳиротдан узоқлаштиришни маъқул деб билиб, турли баҳона билан Ҳиротдан ихрож қилган. Аниқ бир гуноҳи кўрсатилмаганидан Бобур ҳам «билмон не жарима била» деб, бобоси Абу Саид мирзонинг хатти- ҳаракатидан ҳайратга тушган кўринади.

Шундай қилиб, Навоий нега Самарқандни танлади?
Бизнингча, бу табиий. Чунки бундан сал олдин у бир неча муддат Машҳадда бўлган эди. Аммо довриғи кетган Самарқанд ва унинг илмий-адабий муҳити, мирзо Улуғбек ва унинг шуҳрати, Амир Темур салтанати пойтахтини кўриш, албатта, унинг кўнглида бор эди. Бунинг устига хожа Фазлуллоҳ Абулайсий каби аълам ул-уламолардан баҳраманд бўлиш учун Навоий пайт пойлар эди. Агар бу вақтда Самарқанд ҳокими сифатида ўн йил Ҳирот ҳокими бўлиб ишлаган «сурати хуш, сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атфори писандида… таъби бағоят хуб…назмга кўп илтифот» қилувчи соҳибдевон Вафоий тахаллусли Аҳмад Ҳожибек эканлиги ва у билан Навоий Ҳиротда таниш бўлгани, Навоийнинг унга ҳадди сиғажаги ва Аҳмад Ҳожибек уни яхши кутиб олажаги эътиборга олинса, унда Навоийнинг Самарқандни танлагани бежиз эмаслиги маълум бўлади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Мир Алишер Навоий Ҳиридин Самарқандға келган фурсатлар Аҳмад Ҳожибек била бўлур эди « ва «неча йилким Самарқандта эди, Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввийси эди» , деб ёзганларини ҳам шундай тушунмоқ мумкин.

Шундай қилиб , у Самарқандни танлади ва бу ерга келиб, Аҳмад Ҳожибек Вафоий паноҳи ва мураббийлигида яшай бошлади. Агар ўша даврнинг удуми эътиборга олинса, яъни шаҳарга келган машҳур кишиларнинг мадраса ҳужраларида қўнганлари ва яшаганлари ( жумладан, машҳур Сайид Ķосим Анвор 1428 йилда Самарқандга келганида Амир Шоҳмалик мадрасасида , Абдураҳмон Жомий эса 1436-1451 йиллар ва кейин ҳам Улуғбек мадрасаси ҳужрасида , хожа Убайдуллоҳ- хожа Аҳрори Вали эса 1427-1428 йилларда мавлоно Ķутбиддин садр мадрасаси ҳужрасида) эътиборга олинса, унда Алишер Навоийнинг аълам ул-уламо хожа Фазлуллоҳ Абулайсийдан сабоқ олиш нияти борлигини билган Аҳмад Ҳожибек унинг Абулайсийнинг хонақоҳидан ҳужра олишига кўмаклашган кўринади.012 Шу тарзда Навоий ўша даврларда ислом жорий этилган ўлкаларда машҳур бўлган Абулайсийлар хонадонига кириб бориб, унинг азиз фарзандларидан бирига айланди.Навоий қўнган Абулайсийлар хонақоҳи Самарқанднинг машҳур ҳуқуқшунос олими фақеҳ Абулайс номи билан аталадиган қадимги гузарида жойлашган бўлиб, бу гузар ҳозирги кунда ҳам бор ва фақеҳ Абулайс номи билан ҳам аталиб келинмоқда.
Абулайсийлар хонадонининг асосчиси Абулайс ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий бўлиб, у X асрнинг иккинчи ярмида туғулиб, 985-1003 йиллар орасида вафот этган ва қабри унинг номи билан юритиладиган гузардадир. Абулайс ҳуқуқшунослик-фиқҳ илмида донишманд бўлганлиги сабабли маълум вақт Самарқанд шайх ул-исломи вазифасини ҳам бажарган. Шунинг билан бирга ҳуқуқ ва ахлоқ-одоб масалаларига бағишлаб, «Бўстон ул-орифин» (билимдонлар бўстони), «Танбеҳ ул-ғофилин» (ғофилларга танбеҳ), «Ан-навозил» (воқеалар) «Хазинат ул фиқҳ» (ҳуқуқлар хазинаси) каби асарларни ҳам битган. «Бўстон ул-орифин» ва «Танбеҳ ул-ғофилин» асарларида илм ўрганиш, ақл ва ақллилик, одоб ва салом, таом истеъмоли қоидалари, табобат ва касбу ҳунар, ота-онанинг фарзанд олдидаги ва, ўз навбатида, фарзанднинг волидаси олдидаги бурч ва вазифалари, ёлғон гапириш зарарлари раҳм-шафқат сингари ахлоқ-одобга-инсон тарбиясига оид муҳим масалалардан баҳс юритилган.

Абулайс китоблари асрлар давомида фойдаланиб келинган ва улар кенг тарқалган. Шунинг учун Садриддин Айний Самарқанд ва унинг тарихи ҳақида гапираркан, жумладан Абулайсийлар хонадонининг асосчиси ҳақида шундай ёзган эди:

Ин Самарқанд ҳамон аст, ки Бў Лайси фақеҳ,
Кард сити шарафаш то Арабистон исол.

Мазмуни: бу – фақеҳ Абулайс мақтаб шуҳрати ва довруғини Арабистонгача таратган Самарқанддир.

XIV аср охири ва XV аср бошларида Абулайсийлар хонадони вакиллари, жумладан, хожа Фазлуллоҳ Абулайсий ҳақида маълумот учрайди. Манбаларда уқтирилишича, хожа Фазлуллоҳ Абулайсий мирзо Улуғбек даврининг машҳур алломаларидан, унинг ишончли кишиларидан бири сифатида кўзга ташланади. Гарчи хожа Фазлуллоҳ Абулайсийнинг таржимаи ҳолига доир мукаммал маълумотлар оз бўлса-да (ҳатто унинг туғилган ва вафоти йиллари ҳам ҳозирча номаълум), аммо унинг ҳақида тўлиқроқ маълумот Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарида келтирилган:

«Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий – Самарқанд акобиридиндур. Фақеҳ Абулайс авлодидиндур. Фиқҳда ани Абу Ҳанифаи соний дерлар эрди ва арабиятда ибн Ҳожиб каффасида тутарлар эрди. Сайид Шарифнинг шогирди эрди ва Сайид ўз хатлари била улуми дарс айтурга ижозатномалар анинг учун битиб эрди. Фақир икки йил аларнинг қошида сабоқ ўқуб эрдим, онча илтифотлари бор эрдиким, «фарзанд» дер эрдилар. Бовужудким, Самарқанд аълами уламоси эрди, шеър ва муаммога дағи мойил эрди. Бу матлаъ аларнинг дурурким:

Ķади сун сарви ту чон аст маро, балки равон,
Сўям, эй сарв, равон шав ки фидо созам чон.

Мазмуни: сенинг сарв каби қаддинг менинг учун жондир, балки равондир, Эй сарв мен томонга равон бўл сенга жонимни фидо айлай.

Ва «ҳаким» отига бу муаммо анингдурким:

Чун биҳишт ояд ба фатҳ аз рўйи боғ,
Булбулаш гар кам шавад ёбад шикаст.

Мазмуни: кўркам боғ жаннатга ўхшайди, у булбулсиз харобадир.

Хожа Самарқандда тангри таоло раҳматига борди ва ўз хонақоҳида, жаддининг гунбазида мадфундур».

Замонасининг Абу Ҳанифаси (фиқҳ олими), ибни Ҳожиби (араб тилшуноси) Абу Али ибн Синоси деб эътироф этилган хожа Фазлуллоҳ Абулайсий ҳақида ҳозирча маълум бўлган маълумот шулар.

Алишер Навоий ана шу аллома қошида икки йил ҳуқуқшунослик, араб тили ва адабиёти, шеършуносликдан сабоқ олди. Шуниси диққатга сазоворки, бу олимдан Абдураҳмон Жомий ҳам сабоқ олган ва баҳраманд бўлганлардан эди. Шундай қилиб, Навоий Абулайсийларнинг машҳур вакили хожа Фазлуллоҳ Абулайсийнинг қобилиятли шогирди — фарзанди бўлди. Худди шу вақтда устоз раҳбарлигида араб тилини янада мукаммал ўрганиш жараёнида Алишер Навоий араб тилининг турли изоҳли луғатларини қараб чиқди ва шунинг маҳсули бўлса керак, ўзининг тилшуносликда яқинда маълум этилган «Сабъату абҳур» номли араб тили изоҳли луғатини тузган кўринади. Бас шундай экан, устоз қошида икки йил сабоқ олишнинг амалий натижаси сифатида юзага чиққан бу асар Навоийнинг Самарқанддаги таҳсили даврининг маҳсули бўлганлиги жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга.

034
Мирзо Улуғбек мадрасаси

Алишер Навоий ўша даврда Самарқандда мавжуд бўлган кўпгина мадрасаларни кўрди, уларда дарс айтувчи алломалардан баҳраманд бўлди, у мадрасалардаги қобилиятли толиби илмлар билан ҳам танишди. Шунинг натижасида Алишер Навоий Улуғбек мадрасасининг мударрисларидан Аълойи Шоший, мирзо Улуғбек ва Ķозизода Румийлар таълимини олган Муҳаммад Олим Самарқандий, мавлоно Хожа Хурдлардан ҳам сабоқ олди; фалакиёт илми соҳасида қўлга киритилган илмий кашфиётлар ва уларнинг яратувчиларидан бўлмиш мавлоно Али Ķушчилар билан танишгани, учрашгани табиий: Аҳмад Ҳожибек Вафоий қурдирган мадраса, мавлоно Ķутбиддин садр мадрасаси, Амир Шоҳмалик мадрасаси, Фирузшоҳ мадрасаси, Бибихоним мадрасаларида таълим олувчи толиби илмлар билан танишди, уларнинг илмий баҳсларида қатнашди. Шунинг билан бирга, Навоий Самарқанднинг ўша даврдаги адабий муҳити вакиллари Аҳмад Ҳожибек Вафоий, Ҳаримий Ķаландар, мавлоно Мир Ķарший, Жавҳарий, Ховарий, Риёзий, Сафоий, Юсуф Бадиий , мирзо Ҳожи Суғдий, Мирзобек каби турли касб , ижтимоий гуруҳга мансуб шоиру адиблар билан яқин ижодий муносабатда бўлди, уларнинг мушоираларида қатнашди, турли жанрдаги шеърларни битди.

023 Навоийнинг Самарқанд даври бадиий ижоди ҳақида мулоҳаза юритишдан олдин шуни ҳам уқтириш лозимки, у ўша давр Самарқандининг кўрки бўлмиш обидаларни кўрди, муқаддас жойларни кезди, шаҳар тарихига дахлдор манбаларни кўздан кечирди. Жумладан, у ҳозирги кунда сақланмаган,аммо ўз даврининг «улуғ кўшки», «тўрт ошёналик» «бисъёр олий иморатлардин» бўлмиш Амир Темур томонидан Самарқанд аркида (кейинчалик Тепақўрғон деб аталган ва ҳозир вилоят маъмурий бинолари қад кўтарган жой) бино қилинган машҳур Кўк саройни , мирзо Улуғбек қурдирган уч ошёналик иморат расадхонани, Улуғбек мадрасаси яқинидаги Мирзо ҳаммоми, парча-парча ёғочларга ислимий ва хитой нақшлар солиниб ҳамма деворлари ва шифти зийнатланган Муқаттаъ масжидини, Боғи майдондаги олий иморатлардан икки ошёналик гўзал Чилсутунни, худди шунга яқин жойда қурилиб, чинни билан безалган Чиннихонани, Муҳаммад Султон мадрасасини ва шунга ўхшашларни кўздан кечирди; Самарқанднинг Кўҳак (Чўпон ота) Кўҳак суйи ( Зарафшон) Конигил қўриғи ва машҳур боғларида бўлди. Наврўз айёмида эса кўплар қатори Кўҳандиз (Афросиёб) тепалигидаги майсазорларда ўтказиладиган умумхалқ сайлларида қатнашди, қувонди, завқланди. Бу жойлардан олган таассуротларини кейинчалик ўзининг турли асарларида тасвирлади. Жумладан, «Фарҳод ва Ширин»да:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек…
Расадким боғламиш зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Буларнинг ҳаммаси Алишер Навоийнинг илмий-ижодий фаъолиятига, билим хазинасининг бойишига, янги-янги бадиий кашфиётларни амалга оширишига ижобий таъсир кўрсатди, албатта. Шунинг натижасида Самарқанд адабий муҳитидаги зуллисонайнлик анъаналарига ҳам амал қилиб, у икки тилда (ўзбек, тожик) давом этадиган мушоираларда қатнашди, шеър ўқиди, ўқилган ашъор ҳақида асосли мулоҳазалар билдирди. Масалан, мушоиралардан бирида Ҳаримий Ķаландар Самарқандий қуйидаги матлаъ билан бошланадиган ғазалини қироат қилганда:

Неча йиғлай шамъдек ҳажрингда ёрим кечалар,
Оҳким куйдурди доғи интизорим кечалар,-

унга жавобан Алишер Навоийнинг шу радиф (кечалар) ва вазндаги (рамал) куйидаги ғазали майдонга келмадимикан?

Матлаъ:

Икки зулфунг хаста кўнглумға қоронғу кечалар,
Заъфдин беҳудлугум уйқу анга бу кечалар.

Мақтаъ:
Эй Навоий, чарх янглиғ истар ўлсанг субҳи васл,
Тонгғача ашк ахтарин тўкмай бўлурму кечалар.

Самарқандлик Мирзо Хожи Суғдийнинг:

Ўхшатти қоматиға санавбарни боғбон,
Бечора билмас эрмиш алифдин таёғни,-

байтини эшитган Навоий тўлқинланиб кетиб, «масални яхшигина боғлағон», бу байтда «хеле сўз ранги ва чошниси бор» деб баҳо берган эди.

Алишер Навоийнинг мушоираларда ўқилган шеърлар ҳақида фикр билдиргани Риёзий Самарқандий байти муносабати билан ҳам тасдиқланади. Бу ҳақда Навоий «Мажолис ун-нафоис»да шундай ёзади: «Мавлоно Риёзий- самарқандлиғдур. Мутакаббир ва муъжиб киши эрди. Ғазални бағоят хўб айтур эрди… Бу ғарро матлаъ анингдурким:

Ситораест дури гўши он ҳилолабрў,
Зи рўи ҳусн ба хуршед мезанад паҳлў.

Икки мисраъ орасида сабт жиҳатидин бир «ки» лафзи керак. Фақир анга дедимки, бу навъ яхшироқ бўлғайки:

Зи рўи ҳусн дури гўши он ҳилолабрў,
Ситораест, ки бо моҳ мезанад паҳлў.

Инсоф юзидан керакки, мусаллам тутса эрди, жадал бунёд қилди, фақир сокит бўлдим. Ўз ёронлари талоштилар ҳам қабул қилмади».

Риёзий байтидаги тасвирда номутаносиблик, ноаниқлик кўзга ташланади, яъни шоир ёр қулоғидаги инжуларни юлдузга, қошларини ҳилол- янги ойга, юзини эса куёшга ўхшатиб, «юлдуз- ой- қуёшни» бир вақтда намоён этади. Бу эса нотабиийдир. Навоий шуни ҳисобга олиб, жуда эҳтиёткорлик ва одоб билан бир «ки» сўзини қўшиш керак деб, ўзи тавсия қилган таҳрирда шу номутаносибликни тузатади, яъни ҳилол қошли ёрнинг қулоғидаги дур-инжу ой билан тенглашмоқчи бўлган юлдузга ўхшайди. Бунда «ой-юлдуз» мутаносиб ва табиий ҳол сифатида қабул қилинади.

Кўринадики, Навоий бу ўринда нозик дидли адабий танқидчи сифатидагина эмас, балки шоирларга амалий ёрдамини аямайдиган олижаноб шахс сифатида намоён бўлади. Аммо Риёзий бу таҳрирни, гарчи мушоирадагилар маъқул топган бўлсалар ҳам, уни ишонтиришга уринган бўлсалар ҳам қабул қилмайди. Бу далил муҳим бир нарсани бизга ойдинлаштиради: мушоираларда фақат шеър ўқиш билан қаноатланиб қолинмас экан, балки ўқилган шеър, байтларни кенг муҳокама қилиш, маъқул деб топилган нусхаларни тавсия этиш ва ҳамманинг унда фаол қатнашуви таъминланар экан.

Алишер Навоий томонидан Самарқандда ижод этилган муаммолар ҳам ўша даврда муаллиф билан бирга бўлган шоирлар ёки олимлар номига бағишланган. Жумладан, Андижондан Самарқандга таҳсил олиш учун келган қобилиятли шоир – доимо Навоий билан бирга бўлган мавлоно Юсуф Бадиийдир. «Шўхлар ани Юсуф Сафоий дерлар эрди», -дейди Навоий. Ана шу дўстининг номига бағишлаб, шўхлар қатори шўхлик қилиб, «Юсуф» ва «Сафий-Сафо» номлари чиқадиган муаммоларни ёзган эди. Сафий ва Сафо номига:

Ķасди жонимга чу мижгонинг икки саф тузди,
Бири қош ёси, бири ғамзанг ўқин кўргузди.

Муаммонинг ҳалли, биринчи мисрасидаги «саф» сўзи охирига иккинчи мисрадаги «қош ёси» иборасидаги «ё»-«ий» ҳарфи қўшилса, «Сафий» бўлади ҳамда «ўқ» сўзи рост-тик маъносида бўлиб, «алиф»ни – «о»ни тушунишни тақозо этади ва ана шу алиф «саф» сўзига қўшилса, «Сафо» юзага келади.

Бундай муаммо мавлоно Аълойи Шоший номига ҳам боғланган бўлиб, унинг ёзилиш сабабини Навоий «Мажолис ун-нафоис»да алоҳида таъкидлайди. Биз ҳам ўшаларни айнан манзур этмоқчимиз: «Мавлоно Аълойи Шоший- донишманд киши эрди. Хуштаъбликға барча халойиқ ани мусаллам тутар эрдилар. Муаммода Самарқанд аҳли ани мавлоно Шарафиддин Али Яздий муқобаласида мазкур қилурлар эрди. …Иёдатига бордим, қошида ўлтуруб, бу муаммоким, андин «Аъло»ҳосил бўлур, битиб анга тута бердим:

Дур бод аз ту дарду заҳмати по,
Душманатро бало насиби ано.

Ķошидин чиққонда, фақирнинг ҳолатин сўруб, ким эрканимни маълум қилғондин сўнгра бу муаммониким, фақирнинг оти (Алишер) андин ҳосил бўлур, айтиб, битиб бир шогирдидин висоқимға юбориб эрди, муаммо будурким:

Чашми ту маро диду манаш сер надидам,
Чун сер бубинам, зи ту ин аст умедам».

Булар изоҳга муҳтож эмас. Шундай бўлса-да, иккита муаммонинг мазмунини баён қилиш масалани ойдинлаштиришга кўмаклашади деган мақсадда уларнинг мазмуни берилади. Навоий ёзган муаммонинг мазмуни ва ҳалли: Оёқ оғриғининг заҳмати сендин узоқлашсин, бу заҳматлар душманингга насиб этсин. Икки мисрадан «Аъло» номи шундай чиқади: «бало» сўзидаги «ло» «ано» сўзидаги «айн»га қўшилса, Аъло ( ) келиб чиқади. Аълойи Шошийнинг Навоийга ёзиб юборган ва унинг номи-Алишер чиқадиган муаммонинг мазмуни ва ҳалли: сенинг кўзларинг мени тўйиб кўрдилар, аммо мен тўйиб кўролмадим. Менинг умедим сени тўйиб кўришдан иборатдир.

Муаммонинг аввалги мисрасидаги биринчи сўз «чашм» (кўз) бўлиб, у арабча «айн» дейилади. «Айн» эса араб алифбосида ҳарфнинг ҳам номидир. Шу мисрадаги «маро» (мени) арабча «ли» бўлиб, «айн» ва «ли» қўшилса, «Али» ҳосил бўлади. Ўша мисрадаги «сер» (тўйиб, кўп) сўзи арабча ёзилиб, иккинчи мисрадаги ишорага кўра (яна «сер» — кўп) уч нуқта кўпайтирилса, ( ), «шер» бўлиб, «Али» билан «шер» қўшилса, Алишер сўзи келиб чиқади. Кўринадики, Навоий Самарқандда фақат илм ўрганиш билан чекланмай, балки ижодий фаолиятини ҳам давом эттирган ва обрў-этиборга сазовор бўлиб борган.
Навоий икки йил хожа Фазлуллоҳ Абулайсий қошида сабоқ олгач, (бу тахминан 1465-1467 йилларга мос келади) хожа Фазлуллоҳ Абулайсий оламдан ўтган кўринади. Чунки Навоий унинг вафоти ва қабри ҳақида жуда аниқ воқеани шоҳиди сифатида шундай ёзади: «Хожа Самарқандда тангри таоло раҳматига борди ва ўз хонақоҳида жаддининг гунбазида мадфундур».

Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий оламдан ўтгач, Навоий Самарқандда ўз фаолиятини давом эттиради. Унинг энг олижаноб ишларидан бири шу эдики, у Аҳмад Ҳожибек мадрасасининг толиби илми, ниҳоят қобилиятли, аммо шеърларини йиғиб девон ҳолига келтиришга ҳам улгурмай ёшлигида вафот этган мавлоно Мирзобек Самарқандий хотирасини ўзига хос тарзда абадийлаштиради, яъни унинг мазмун ва бадиийлик жиҳатидан юксак бўлган бир байтини:

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур,-

Давом эттириб, тўлиқ бир ғазал ҳолига келтиради ва кейинчалик уни «Бадоеъ ул-бидоя» девонига киритади. Девонда бу ғазал мавжуд:

Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур.

Мажмуъи давони дард қилдинг,
Дардингки манго даво бўлубтур.

Ишқ ичра анинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки сенго фидо бўлубтур.

Бегона бўлубтур ошнодин,
Бегонаға ошно бўлубтур.

То қилди юзунг ҳавоси жоним,
Юз сори анго ҳаво бўлубтур.

Боқий топар улки бўлди фоний,
Раҳравға фано бақо бўлубтур.

То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлубтур.

Бу ғазал Самарқандда ёзилгани ҳамда унинг биринчи байти-матлаъсининг муаллифи Мирзобек эканлиги ва шундай қилиб, у ижодий ҳамкорлик ва инсоний олижаноблик (шу билан Навоий Мирзобек номини тарих саҳифасига абадий киритди) натижаси сифатида майдонга келганлиги жиҳатидан ибратомуздир. Бундан ташқари ғазалда бевақт ўлим дастидан дўстидан ажралган Навоийнинг доду фиғони, бағри куйганлиги оғир жудолик туфайли бошдан кечираётган руҳий изтироблари моҳирлик билан ифода этилган. Шу жиҳатдан қараганда матлаъ кейинги байтларда ифода этиган мазмундан ажралиб туради ва гўё кейинги байтлар ана шундай бадиий юксак байт муаллифи вафоти муносабати билан ёзилган марсия характерини касб этади. Ғазалнинг охирги байтига келганда эса ишқ оятини куйлаган шоир ошиқлар орасида ҳамиша достон-машҳур бўлуб қолади, демак, Мирзобек ҳам шундай, — деган фикрни Алишер Навоий олдинга суради. Ķани энди ҳама ҳазрат Навоийдек қадрдон, қадршунос, хизматшунос ва самимий бўлса ўз яқинларига…

Шунинг учун бўлса керак, бу ғазал кейинги асрларда ҳам жуда кўп шоирлар (Бобур, Ноқис) томонидан маъқулланиб, унга мухаммаслар боғланди ёки жавоблар (Б.Бойқобилов) ёзилди. Демак, Навоий туфайли Мирзобек ўзининг биргина байти билан биз билан бирга.

Алишер Навоийнинг Самарқандда ижод этилган айрим ғазаллари тўғрисида халқ ривоятлари ҳам тўқилган. Эмишки, Навоий Самарқанддаги вақтида кўчада тиланчилик қилгувчи биров қуйидаги матлаъни ўқир эмиш:

Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ,
Кипригим шабнам тўкулган сабзадин намнокроқ.

Бу байт Навоийга маъқул тушиб, уни сотиб олмоқчи бўлибди, аммо тиланчи айтган маблағни тўлай олмабди. Орадан анча вақт ўтиб, Навоий амир ва вазир бўлибди-да, яна Самарқандга келганмиш, яна ўша жойда ул байтни ўқиётган тиланчини кўрганмиш. Борибди-да харидорлик қилибди, аммо тиланчи уни танимабди ва «биттаси сўраб келиб, алдаб кетди, сен ҳам ўшалардан бўлсанг керак» деб ранжибди. Шунда Навоий воқеани айтиб, уни рози қилибди-да, байтни ўзиники қилиб олиб, давом эттириб, ғазал ҳолига келтирганмиш. Нақадар чиройли ривоят! Уни биринчи бўлиб севикли шоиримиз Собир Абдулла «Гулистон» журнали саҳифаларида нашр эттирган эди. Аслида шу матлаъ билан бошланадиган ғазал Алишер Навоийнинг ўзиники бўлиб, у шоирнинг «Бадоеъ ул-бидоя» девонидан жой олган. Ҳар бир ривоят заминида бир ҳақиқат ётади, дейдилар. Агар шундай бўлса, бу ривоят шу ғазалнинг Самарқандга битилганлиги ҳақиқати асосида майдонга келган кўринади.

Навоий ёзган ғазалларнинг тарихи кўрсатилмаган. Аммо айрим ғазалларни турли жиҳатдан келиб чиққан ҳолда Самарқанд даври маҳсули сифатида талқин қилиш ҳақиқатдан узоқ бўлмас. Жумладан, юқорида Алишер Навоийнинг Риёзий Самарқандий байтига муносабати баён қилинган эди. Маълумки, Навоийнинг ҳақли эътирозини Риёзий қабул қилмади ва унинг девони нусхаларида байт ўша биринчи — Риёзий таҳририда келади. Алишер Навоий эса ўзининг эътирози асосида бир ғазални битдики, унда ўз ақидасига қатъий амал қилди ва шундай ғазал ёзиш мумкинлигини ҳамкасблари ва Риёзийга намойиш қилди. Мана Навоий ёзган ўша ғазалнинг матлаъи:

Ҳалқаи зар бар баногўши ту ҳар сў, эй пари,
Ҳаст ду рахшанда ахтар гирди моҳи ховари.

Мазмуни: эй пари, қулоғингдаги олтин исирғалар шарқ Ойи атрофида ярқираб тургувчи икки юлдуздир. Байтдаги асосий мотив-исирға, юз. Бу Риёзий ғазали матлаъининг Навоий таҳрир қилган нусхасидаги оҳангнинг айнан ўзгинаси.

Маълумки, Навоийнинг мураббийси ва ҳомийси Аҳмад Ҳожибек Самарқанд ҳокими бўлиши билан бирга Вафоий тахаллуси билан шеър битган, ҳатто, девон ҳам тузган эди. Шунинг натижасида Вафоий мушоираларда қатнашарди, шоирлар эса унинг шеърларига тазмин ва назиралар ёзардилар. Ана шундай шоирлардан бири Алишер Навоий эди. Унинг «Девони Фоний»-сига киритилган қуйидаги матлаъли ғазали Амир Аҳмад Ҳожибек Вафоий ғазалига назира татаббуъ тарзида ёзилгани алоҳида таъкидланган:

Дилам бурди ба рух чун парда бо сад макру фан басти,
Чу дуздон гоҳе қасди нақд рўи хештан басти.

Мазмуни: ўғрилар ўғриликка чиққанда юзларини ёпганларидек, сен ҳам кўп ҳийла-найранг била юзингни парда билан бекитиб, кўнглимни ўғирладинг.

Бу жуда ажойиб ва ҳаётий тасвир бўлиб, бу оҳанг Навоийнинг ўзбек тилида битган ғазалларида ҳам учрайди.

Шундай қилиб, Алишер Навоий Самарқандалиги вақтида турли жанрлардаги асарларни ижод қилиб, кейинчалик уларни ўзи тартиб берган девонларга киритди.

Самарқанднинг нилий гумбазли тарихий ёдгорликларини кўрганда, нафаси уфуриб турган кўчалардан юрганда, машҳур Конигил, Боғи Шимол ва Боғи Зоғонларни кезганда мирзо Улуғбек, мавлоно Саккокий, аълам ул-уламо Фазлуллоҳ Абулайсий, Алишер Навоийларнинг овози эшитилгандай туюлади, уларнинг табаррук пойқадами излари тасаввур этилади ва бу заминда юриш нақадар файзли, шарафли ҳамда масъулиятли эканлигини юракдан ҳис қиласиз. Негаки, Самарқанднинг илмий-адабий муҳити не-не алломаю адибларнинг камолотига ҳисса қўшмади. Шунинг учун Абдураҳмон Жомий Самарқанд муҳитида баркамолликка эришишга нақадар интилган бўлса, улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ижодиётининг юқори зиналарга қадам қўйишида мирзо Улуғбек яратган илмий-адабий муҳит таъсирию машҳур Абулайсийлар хонадонининг сабоғи ҳам шунчалик сезиларли ва самарали бўлган эди.

01

(Tashriflar: umumiy 340, bugungi 1)

Izoh qoldiring