Тил нимага имкон беради? Ўз қафасимизни яратишгами? Тил инсоннинг энг даҳшатли эринчоқлиги эмасмиди? Биз дунёни аввал тил орқали идрок қилишимиз мумкин, деб ўйлаймизу лекин унинг мажоли қуригач, тил билан шунчаки ўз саробимизни яратиб қўяқоламиз.
Мирзоҳид Музаффар
ҲЕЧЛИК ВА ҲЕЛЛАДОС
Мирзоҳид Музаффар 1999 йил 12 сентябрда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. Иккı шеърий тўплами ва ўнга яқин Америка адабиётига оид таржима асарлари нашр қилинган. Сўнгги йилларда Анқара Университети, Мактаби Лисонияда (Тил-Тарих ва Жўғрофя Факультети) Американ адабиёти бўйича тадқиқот ўтказиш билан бирга мазкур олийгоҳ қошидаги Хорижий Тиллар Олий Мактабида Роман Назарияси бўйича маърузачи ўлароқ фаолият юритади.
— Исмингни ҳеч тўғри талаффуз қилолмайман, деганди ҳовлида чой ичиб ўтирган пайтим ёнимга келиб.
Ҳайрон қолгандим. Ҳозир вақтимиди? Ё дарсда исмимни ўқиган маҳал ўзим билмай қовоқ уйдиммикан? Ҳархолда, кимдир юзинг ўзинга бўйсунмаса керак, деганди қачонлардир. Мен қанча ўзимни кулаётганимга ишонтирмай, нимадандир безовта бўлсам лабим қимтинаверарди.
— Зарари йўқ, дедим. Мен ҳам эмаилларда насабингизни доим университет сайтидан нусхалаб оламан.
— Биламан, эмаилда шрифтнинг ўзгаргани шундоқ кўриниб туради, деб жавоб берди.
Кулишдик.
— Аслида, биласанми, насабим Отагинам дегани.
— Қанақасига?
— Бизникилар аввал Истанбулда яшашган экан. Катта бобом майхоначи бўлганмиш. Меҳмону мижозларининг барини “Хуш келибсиз, отагинам”, деб кутиб оларкан. Шунинг учун халқ орасида лақаби ҳам “Отагинам” яъни туркчада Babacım бўлиб кетибди.
— Лекин насабингиз Бабажим эмас?
— Бу ҳам Юнонистондаги маъмурнинг айби. У пайтлар ҳеч кимнинг насаби бўлмасди. Туркия Юнонистон билан турк ва юнонларни айирбошлаган пайт, буёқдан кетган юнонлар Эллада, яъни ватанда саф тортиб, рўйхатдан ўтишибди. Маъмур насабинг нима, деган пайт бобом “Отагинам” дебди. Маъмур бу “Бабажим” деган сўзни юнончага мослайман деб, “Бампантзим” деб ёзибди. Шу шу насабимиз Бампантзимополус бўлиб қолиб кетганмиш.
— Адашмасам, Туркиядаги ғайридин юнонларни Рум деб аташмасмиди?
— Аташарди, бундоқ олиб қараганда, юнон деган сўз анча янгидек.
— Менинг исмим ҳам қайсидир ўзбек маъмурининг саводсизлиги ёки… ғурурсизлигига қурбон бўлди. Талаффузи унча қийинмас, Мирзоҳид, тамом вассалом. Лекин чет эл пасспортимга Мирзокҳид деб ёзишибди.
— Нега энди?
— Ўзича инглизча оҳанг бермоқчи бўлгандир балки. Ваҳоланки, исмимдаги ҳарф х эмас ҳ, ҳеч ким уни инглизчадаги “икс” товуши билан адаштиролмасди. Адаштирса нима? Иш қилаётгандек кўринишга уринишади, холос.
— Маъмур дегани ҳамма ёқда шу.
— Саводхон ва ори бутун маъмурлар учун ичайлик!
— Қани, олдик!
Картон пиёлаларимизни уриштириб қўйдик.
Сотириос дарсда уни хўжам, яъни домла ё профессор деб чақиришимизни истамасди. Биринчи маърузадаёқ “Исмим Сотириос”, деганди. Мени фақат шундай чақирасизлар!
Демак, эркин муҳитни яратиш ва қаршингдаги халқни маҳдуд ва ясама ҳурмат муҳитидан қутқариш учун ҳам андак буйруқбоз, жиндек зуғумкор бўлиш керак экан, дедим ичимда.
Кетганини Измирда эшитдим. Академия дафтарини, ҳеч йўқ вақтинча ёпиб, буёққа келгандим. Ватсаппдаги гуруҳдан энди чиқаман, деб турганимда янги хабар келиб қолди. “Сотириос домла Юнонистонга қайтаётганмиш!”
Нега қайтмасин? Ўн беш йилдан бери факультетда ишлашига қарамай ҳамон штат ололмаганди. Домлалар давлат ва университет раҳбариятига нисбатан очиқча муҳолиф бўлгани учун бизга унча кўп имкон ҳам берилмасди. Беш йилдан бери профессура ўрни тақа тақ ёпиқ, деганди кимдир. Эътибор бермагандим, профессор бўлишимга ҳали ўттиз йил бор, унгача ким бор, ким йўқ… Бироқ, кимнинг бор ё йўқлигини менинг профессорлигим белгилолмасди.
Сотириос аввал бизга Америка кинематографияси дарсидан кирди. Бу дарсдан кейин кўпчилик дўстим кино кўролмай қолди. Камеранинг жойлашуви нега қия? Бу кадр, бу аёл, бу манзара, бу бўшлиқ кимнинг нигоҳи учун яратилган? Эркак нигоҳи кинодаги тамаддун таҳлилини қанчалик вайрон қилади?
Унинг дарсидан кейин луғатим ўзгарди. Муайян даражага етгач, “Инглиз тилини яхшироқ ўргандим”, деёлмайди киши. Инглизча бу даражадан кейин фақат ўзгаради, эврилади, ўзини парчалаб, қайта яралади. Масалан, destroy деёлмасдим энди. Фақат eradicate ишлатардим унинг ўрнига. Иккови ҳам ниманидир йўқ қилиш, бузиш, парчалашни билдирарди. Аммо, Сотириоснинг тахтасифат юнонча шева билан ўқиган маърузаларидаги бу “eradicate” сўзи буткул бошқача эшитиларди бизга. Аммо, фарқини очиқча айтолмасдим. Ҳеч қачон интернетга қараб бу фарқни ўрганмадим ҳам. Бари оқиб кетаверди, “change” ўрнига “distort”, “fragile” ўрнига “precarious” келди. Сотириосгача тилни душман ё имкон деб билардик. Душманлиги, репетиторга қатнаш йилларидаги хитлигу грамматика қаршисидаги қўрқувдан, ҳадик ва журъатсизликдан иборат эди. Имкон… Бунинг маъносини ҳалигача тузук қуруқ тушунганим йўқ. Тил нимага имкон беради? Ўз қафасимизни яратишгами? Тил инсоннинг энг даҳшатли эринчоқлиги эмасмиди? Биз дунёни аввал тил орқали идрок қилишимиз мумкин, деб ўйлаймизу лекин унинг мажоли қуригач, тил билан шунчаки ўз саробимизни яратиб қўяқоламиз.
Ўқишга кетаётгандим. Автобус деразасидан Сотириосни кўрдим. Тунали шоҳкўчасининг қоқ ўртасида, қўлида ярми ейилган банан, бекатга қараб чопяпти. Бугун дарси йўқ эди, дедим. Ё бошқа жойга кетаётганмикан? Ҳархолда, домлаларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ғийбатлашиш жону дилимиз эди. Сотириос бирдан тўхтаб қолди. Югурса, автобусга етиб олса бўларди. Ё мени кўриб уялдимикан, дедим. Қирқ яшар домла талаба билан битта автобусда кетиши иззат нафсига теккан бўлмасин тағин? Ким бўпсанки сендан уялсин, дедим ўзимга ўзим. Камига, Туналининг ўртасида банан ейишга уялмаган одам сендан уялармиди? Балки бошқа автобусни қуваётгандир? Кейинчалик дўст гурунгларида бу ҳодиса устида ҳам анча бош қотириб минг бир фараз тўқидик. Ҳаммасини айтиб ўтирмай…
Ўша куни Германияни ҳам докторантура рўйхатидан ўчиргандим. Керагидан ортиқ эзма, эски ва оғир туюлганди. Биз буёқда ҳатто инглиз филологиясидаги талабаларни ҳам калака қилардик. Тўртинчи курсда ҳам Арасту ўқиш қандай кетяпти? А? Ўрта асрлар?
Энди Германияга бор, Берлин эмас, Штуттгартга, немисча билмай идорама идора сарсон бўл, ўзинг ҳеч қачон ўрганишни хаёлинга ҳам келтирмаган немисчани ўрган… Натижа? Қиёсий адабиётшунослик бўйича диплом. Арзирмиди? Шундоғам Гаятри Спивак ҳалиги йил “Ўлаётган Соҳа” деб атамаганмиди уни?
Булар шунчаки оқлов эди, холос. Германияга истаган тақдиримда ҳам кетолмасдим. Инглизчадаги имкон, айни шу нуқтада қаёққадир ғойиб бўларди. Буни домламга айтиб бераётган пайтим хонага Сотириос кириб қолди. Бутун дунёда катта наслнинг маҳрамият борасида қандайдир муаммоси бордек. Аянг сен ҳеч кимга айтманг, деб ёлворган сирингни эртаси кун қўшни холага кулиб кулиб айтиб берганидек, домла ҳам бутун бошли мағлубият ҳикоямни Сотириосга оқизмай томизмай сотди. Ҳижолат бўлмадим. Имконсизлик илмнинг эгизи эди. Лекин, барибир безовталандим.
— Нима бўпти, деди Сотириос эснаб. — Кимга нима? Германия аввал муҳожирларини эпласин.
— Лекин… обрў?
— Германиянинг ижтимоий фанлардаги обрўси Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин ер билан бир бўлган. Классик филология ўқисанг ҳам майлийди, лекин бориб яна американ десанг, олтмишинчи йиллар ё роман десанг, олган даражангнинг буёқдагидан унча катта фарқи бўлмайди.
— Ростанми?
— Чин авруполик сўзим!
Сўзига ишондим. Охирги пайтлар Адорнони ўқийвериб ўзим ҳам умидсизликка тушган, ҳатто умидсизлик бутун бошли фикри тизимимга айланганди. Дунё қулаяпти, дердим. Жаҳон илмини таъсир остига олган Америкада бугун фақат янги мода назариялар “сотиларди.” Университетлар бу капиталист қиёмат комида ишчи етказиб чиқарувчи завод ё обрўфуруш бозор ҳолини олганди. Бир тарафдан, ҳукуматларнинг ижтимоий соҳаларга ортиқ эътибор бермаётганига куйсанг, бошқа тарафдан ижтимоий соҳаларда бутун диққатнинг фақат озчилик ва кимлик муаммоларига қаратилганига йиғлайсан.
Бунчалик драматик пауза шарт эмасди менимча. Сотириоснинг кетишини ўша одатий, ярим ёпиқ, ярим кесатиқ аралаш тарзда ёзмоқчи эдим, холос. Яна ўзимга оғиб кетдим. Муҳаммад Сиддиқнинг Одил Икром ҳақидаги мақоламни ўқиб “Пақат ўзиз ҳақда ёзибсизу Мирзо”, деганидек. Чунки, ҳалиям ўзимни ёриб ўтолганим йўқ. Чунки, борлигини бошқасиз исботлолмайдиган аллақандай баданнинг ичига қамалдим. Чунки, ўзимни ўзим орқали тушунтиролмайман. Чунки, инсоннинг туғма ўзлиги шунчаки Америкада психиатрия хизматини арзонлаштириш учун тўқиб чиқарилган мишмиш. Чунки, мен бошқасиз бир бутун бўлолмаганимдек, бошқа менинг овозимда тирилишга мажбур. Бошқа ҳеч қандай сабаби йўқ.
Сотириос Фессалоникига, Арасту Университетига кетаётганмиш. Автобусдаги гапим қайта акс садо берди. Ким бўпсанки сенга ҳисоб берсин? Факультет бирма бир парчаланаётган, дунё кундан кунга ўлаётган, билим қулаб, адабиёт Америкадаги бир ҳовуч оқбаданнинг ўйинчоғига айланган бўлса нима бўпти?
Ҳеч. Шу ҳечлик қийнайди одамни. Гап трагик якунда эмас. Гап унга ҳали етиб боргани ҳам йўқ. Гап шунчаки имконсизлик ва кечикишда. Гап инсоннинг ҳатто соғинишга арзирли мозийни тасаввурида қайта тирилтиролмаслигида.
Ўзимни бугун денгиз бўйида “Ҳелладос” даги Янгулидек ҳис қилолмадим. Юнонистон ватаним эмасди. Денгизга фақат чўмилиш ё қуёш шуъласини шеърий қолипга қамаб, суистеъмол қилиш учун тушаман. Бироқ, Сотириос, мен учун ўша сўз сарҳадини чизиб берган, ҳар дарсда исмимнинг минг хил талаффузини яратган, дунёмнинг қайсидир боғини борлиги билан суғориб ётган жимжит жилға ғойиб бўлди.
Хайр, Сотириос. Яннис Ритсосга салом айт. Энди Анқаранинг кулранг кўчаларида ҳеч ким банан ейишга журъат қилолмаслиги аниқ.
Til nimaga imkon beradi? Oʻz qafasimizni yaratishgami? Til insonning eng dahshatli erinchoqligi emasmidi? Biz dunyoni avval til orqali idrok qilishimiz mumkin, deb oʻylaymizu lekin uning majoli qurigach, til bilan shunchaki oʻz sarobimizni yaratib qoʻyaqolamiz.
Mirzohid Muzaffar
HECHLIK VA HELLADOS
Mirzohid Muzaffar 1999 yil 12 sentyabrda Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tugʻilgan. Ikkı she’riy toʻplami va oʻnga yaqin Amerika adabiyotiga oid tarjima asarlari nashr qilingan. Soʻnggi yillarda Anqara Universiteti, Maktabi Lisoniyada (Til-Tarix va Joʻgʻrofya Fakulteti) Amerikan adabiyoti boʻyicha tadqiqot oʻtkazish bilan birga mazkur oliygoh qoshidagi Xorijiy Tillar Oliy Maktabida Roman Nazariyasi boʻyicha ma’ruzachi oʻlaroq faoliyat yuritadi.
— Ismingni hech toʻgʻri talaffuz qilolmayman, degandi hovlida choy ichib oʻtirgan paytim yonimga kelib.
Hayron qolgandim. Hozir vaqtimidi? YO darsda ismimni oʻqigan mahal oʻzim bilmay qovoq uydimmikan? Harxolda, kimdir yuzing oʻzinga boʻysunmasa kerak, degandi qachonlardir. Men qancha oʻzimni kulayotganimga ishontirmay, nimadandir bezovta boʻlsam labim qimtinaverardi.
— Zarari yoʻq, dedim. Men ham emaillarda nasabingizni doim universitet saytidan nusxalab olaman.
— Bilaman, emailda shriftning oʻzgargani shundoq koʻrinib turadi, deb javob berdi.
Kulishdik.
— Aslida, bilasanmi, nasabim Otaginam degani.
— Qanaqasiga?
— Biznikilar avval Istanbulda yashashgan ekan. Katta bobom mayxonachi boʻlganmish. Mehmonu mijozlarining barini “Xush kelibsiz, otaginam”, deb kutib olarkan. Shuning uchun xalq orasida laqabi ham “Otaginam” ya’ni turkchada Babacım boʻlib ketibdi.
— Lekin nasabingiz Babajim emas?
— Bu ham Yunonistondagi ma’murning aybi. U paytlar hech kimning nasabi boʻlmasdi. Turkiya Yunoniston bilan turk va yunonlarni ayirboshlagan payt, buyoqdan ketgan yunonlar Ellada, ya’ni vatanda saf tortib, roʻyxatdan oʻtishibdi. Ma’mur nasabing nima, degan payt bobom “Otaginam” debdi. Ma’mur bu “Babajim” degan soʻzni yunonchaga moslayman deb, “Bampantzim” deb yozibdi. Shu shu nasabimiz Bampantzimopolus boʻlib qolib ketganmish.
— Adashmasam, Turkiyadagi gʻayridin yunonlarni Rum deb atashmasmidi?
— Atashardi, bundoq olib qaraganda, yunon degan soʻz ancha yangidek.
— Mening ismim ham qaysidir oʻzbek ma’murining savodsizligi yoki… gʻurursizligiga qurbon boʻldi. Talaffuzi uncha qiyinmas, Mirzohid, tamom vassalom. Lekin chet el passportimga Mirzokhid deb yozishibdi.
— Nega endi?
— Oʻzicha inglizcha ohang bermoqchi boʻlgandir balki. Vaholanki, ismimdagi harf x emas h, hech kim uni inglizchadagi “iks” tovushi bilan adashtirolmasdi. Adashtirsa nima? Ish qilayotgandek koʻrinishga urinishadi, xolos.
— Ma’mur degani hamma yoqda shu.
— Savodxon va ori butun ma’murlar uchun ichaylik!
— Qani, oldik!
Karton piyolalarimizni urishtirib qoʻydik.
Sotirios darsda uni xoʻjam, ya’ni domla yo professor deb chaqirishimizni istamasdi. Birinchi ma’ruzadayoq “Ismim Sotirios”, degandi. Meni faqat shunday chaqirasizlar!
Demak, erkin muhitni yaratish va qarshingdagi xalqni mahdud va yasama hurmat muhitidan qutqarish uchun ham andak buyruqboz, jindek zugʻumkor boʻlish kerak ekan, dedim ichimda.
Ketganini Izmirda eshitdim. Akademiya daftarini, hech yoʻq vaqtincha yopib, buyoqqa kelgandim. Vatsappdagi guruhdan endi chiqaman, deb turganimda yangi xabar kelib qoldi. “Sotirios domla Yunonistonga qaytayotganmish!”
Nega qaytmasin? Oʻn besh yildan beri fakultetda ishlashiga qaramay hamon shtat ololmagandi. Domlalar davlat va universitet rahbariyatiga nisbatan ochiqcha muholif boʻlgani uchun bizga uncha koʻp imkon ham berilmasdi. Besh yildan beri professura oʻrni taqa taq yopiq, degandi kimdir. E’tibor bermagandim, professor boʻlishimga hali oʻttiz yil bor, ungacha kim bor, kim yoʻq… Biroq, kimning bor yo yoʻqligini mening professorligim belgilolmasdi.
Sotirios avval bizga Amerika kinematografiyasi darsidan kirdi. Bu darsdan keyin koʻpchilik doʻstim kino koʻrolmay qoldi. Kameraning joylashuvi nega qiya? Bu kadr, bu ayol, bu manzara, bu boʻshliq kimning nigohi uchun yaratilgan? Erkak nigohi kinodagi tamaddun tahlilini qanchalik vayron qiladi?
Uning darsidan keyin lugʻatim oʻzgardi. Muayyan darajaga yetgach, “Ingliz tilini yaxshiroq oʻrgandim”, deyolmaydi kishi. Inglizcha bu darajadan keyin faqat oʻzgaradi, evriladi, oʻzini parchalab, qayta yaraladi. Masalan, destroy deyolmasdim endi. Faqat eradicate ishlatardim uning oʻrniga. Ikkovi ham nimanidir yoʻq qilish, buzish, parchalashni bildirardi. Ammo, Sotiriosning taxtasifat yunoncha sheva bilan oʻqigan ma’ruzalaridagi bu “eradicate” soʻzi butkul boshqacha eshitilardi bizga. Ammo, farqini ochiqcha aytolmasdim. Hech qachon internetga qarab bu farqni oʻrganmadim ham. Bari oqib ketaverdi, “change” oʻrniga “distort”, “fragile” oʻrniga “precarious” keldi. Sotiriosgacha tilni dushman yo imkon deb bilardik. Dushmanligi, repetitorga qatnash yillaridagi xitligu grammatika qarshisidagi qoʻrquvdan, hadik va jur’atsizlikdan iborat edi. Imkon… Buning ma’nosini haligacha tuzuk quruq tushunganim yoʻq. Til nimaga imkon beradi? Oʻz qafasimizni yaratishgami? Til insonning eng dahshatli erinchoqligi emasmidi? Biz dunyoni avval til orqali idrok qilishimiz mumkin, deb oʻylaymizu lekin uning majoli qurigach, til bilan shunchaki oʻz sarobimizni yaratib qoʻyaqolamiz.
Oʻqishga ketayotgandim. Avtobus derazasidan Sotiriosni koʻrdim. Tunali shohkoʻchasining qoq oʻrtasida, qoʻlida yarmi yeyilgan banan, bekatga qarab chopyapti. Bugun darsi yoʻq edi, dedim. YO boshqa joyga ketayotganmikan? Harxolda, domlalarning shaxsiy hayoti haqida gʻiybatlashish jonu dilimiz edi. Sotirios birdan toʻxtab qoldi. Yugursa, avtobusga yetib olsa boʻlardi. YO meni koʻrib uyaldimikan, dedim. Qirq yashar domla talaba bilan bitta avtobusda ketishi izzat nafsiga tekkan boʻlmasin tagʻin? Kim boʻpsanki sendan uyalsin, dedim oʻzimga oʻzim. Kamiga, Tunalining oʻrtasida banan yeyishga uyalmagan odam sendan uyalarmidi? Balki boshqa avtobusni quvayotgandir? Keyinchalik doʻst gurunglarida bu hodisa ustida ham ancha bosh qotirib ming bir faraz toʻqidik. Hammasini aytib oʻtirmay…
Oʻsha kuni Germaniyani ham doktorantura roʻyxatidan oʻchirgandim. Keragidan ortiq ezma, eski va ogʻir tuyulgandi. Biz buyoqda hatto ingliz filologiyasidagi talabalarni ham kalaka qilardik. Toʻrtinchi kursda ham Arastu oʻqish qanday ketyapti? A? Oʻrta asrlar?
Endi Germaniyaga bor, Berlin emas, Shtuttgartga, nemischa bilmay idorama idora sarson boʻl, oʻzing hech qachon oʻrganishni xayolinga ham keltirmagan nemischani oʻrgan… Natija? Qiyosiy adabiyotshunoslik boʻyicha diplom. Arzirmidi? Shundogʻam Gayatri Spivak haligi yil “Oʻlayotgan Soha” deb atamaganmidi uni?
Bular shunchaki oqlov edi, xolos. Germaniyaga istagan taqdirimda ham ketolmasdim. Inglizchadagi imkon, ayni shu nuqtada qayoqqadir gʻoyib boʻlardi. Buni domlamga aytib berayotgan paytim xonaga Sotirios kirib qoldi. Butun dunyoda katta naslning mahramiyat borasida qandaydir muammosi bordek. Ayang sen hech kimga aytmang, deb yolvorgan siringni ertasi kun qoʻshni xolaga kulib kulib aytib berganidek, domla ham butun boshli magʻlubiyat hikoyamni Sotiriosga oqizmay tomizmay sotdi. Hijolat boʻlmadim. Imkonsizlik ilmning egizi edi. Lekin, baribir bezovtalandim.
— Nima boʻpti, dedi Sotirios esnab. — Kimga nima? Germaniya avval muhojirlarini eplasin.
— Lekin… obroʻ?
— Germaniyaning ijtimoiy fanlardagi obroʻsi Ikkinchi Jahon Urushidan keyin yer bilan bir boʻlgan. Klassik filologiya oʻqisang ham mayliydi, lekin borib yana amerikan desang, oltmishinchi yillar yo roman desang, olgan darajangning buyoqdagidan uncha katta farqi boʻlmaydi.
— Rostanmi?
— Chin avrupolik soʻzim!
Soʻziga ishondim. Oxirgi paytlar Adornoni oʻqiyverib oʻzim ham umidsizlikka tushgan, hatto umidsizlik butun boshli fikri tizimimga aylangandi. Dunyo qulayapti, derdim. Jahon ilmini ta’sir ostiga olgan Amerikada bugun faqat yangi moda nazariyalar “sotilardi.” Universitetlar bu kapitalist qiyomat komida ishchi yetkazib chiqaruvchi zavod yo obroʻfurush bozor holini olgandi. Bir tarafdan, hukumatlarning ijtimoiy sohalarga ortiq e’tibor bermayotganiga kuysang, boshqa tarafdan ijtimoiy sohalarda butun diqqatning faqat ozchilik va kimlik muammolariga qaratilganiga yigʻlaysan.
Bunchalik dramatik pauza shart emasdi menimcha. Sotiriosning ketishini oʻsha odatiy, yarim yopiq, yarim kesatiq aralash tarzda yozmoqchi edim, xolos. Yana oʻzimga ogʻib ketdim. Muhammad Siddiqning Odil Ikrom haqidagi maqolamni oʻqib “Paqat oʻziz haqda yozibsizu Mirzo”, deganidek. Chunki, haliyam oʻzimni yorib oʻtolganim yoʻq. Chunki, borligini boshqasiz isbotlolmaydigan allaqanday badanning ichiga qamaldim. Chunki, oʻzimni oʻzim orqali tushuntirolmayman. Chunki, insonning tugʻma oʻzligi shunchaki Amerikada psixiatriya xizmatini arzonlashtirish uchun toʻqib chiqarilgan mishmish. Chunki, men boshqasiz bir butun boʻlolmaganimdek, boshqa mening ovozimda tirilishga majbur. Boshqa hech qanday sababi yoʻq.
Sotirios Fessalonikiga, Arastu Universitetiga ketayotganmish. Avtobusdagi gapim qayta aks sado berdi. Kim boʻpsanki senga hisob bersin? Fakultet birma bir parchalanayotgan, dunyo kundan kunga oʻlayotgan, bilim qulab, adabiyot Amerikadagi bir hovuch oqbadanning oʻyinchogʻiga aylangan boʻlsa nima boʻpti?
Hech. Shu hechlik qiynaydi odamni. Gap tragik yakunda emas. Gap unga hali yetib borgani ham yoʻq. Gap shunchaki imkonsizlik va kechikishda. Gap insonning hatto sogʻinishga arzirli moziyni tasavvurida qayta tiriltirolmasligida.
Oʻzimni bugun dengiz boʻyida “Hellados” dagi Yangulidek his qilolmadim. Yunoniston vatanim emasdi. Dengizga faqat choʻmilish yo quyosh shu’lasini she’riy qolipga qamab, suiste’mol qilish uchun tushaman. Biroq, Sotirios, men uchun oʻsha soʻz sarhadini chizib bergan, har darsda ismimning ming xil talaffuzini yaratgan, dunyomning qaysidir bogʻini borligi bilan sugʻorib yotgan jimjit jilgʻa gʻoyib boʻldi.
Xayr, Sotirios. Yannis Ritsosga salom ayt. Endi Anqaraning kulrang koʻchalarida hech kim banan yeyishga jur’at qilolmasligi aniq.
