Stiv Jobs. Xayolga oshno bo’l, xatodan qo’rqma!

Ashampoo_Snap_2016.09.24_15h00m38s_001_.png      Ҳаётлик давридаёқ машҳурликнинг энг юқори чўққисини забт этган дунёнинг ноёб шахсларидан бири Стив Жобс Стэнфорд университети талабалари ҳузурида сўзлаган ғаройиб нутқида мақсад ва амал ҳақида ҳикоя қилади. Бу нутқда нотиқлик ва драма санъатининг барча қоидаларига риоя қилинган. Бу нутқ замонамизнинг энг илҳомбахш ва кишини мақсад сари дадил одимлашга ундовчи нутқларидан бири сифатида тан олинган.

Стив ЖОБС
ХАЁЛГА ОШНО БЎЛ, ХАТОДАН ҚЎРҚМА
Стэнфорд университети, 2005 йил 12 июнь
009

    Қадимдан аждодларимиз сўз фасоҳати ва воизлик санъатини фан сифатида ўрганганлар. Бу эса юртимиздан тарих тилига айланган машҳур воизлар етишиб чиқишига сабаб бўлган. Бугунги кунда ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг ҳар бир чиқишини тингловчилар онгига кучли таъсир этадиган маърузалар сифатида эътироф этиш мумкин. Таниқли шахслар, давлат ва жамоат арбобларининг шундай нутқлари борки, улар маълум маънода дунёни, ҳаётни, одамларнинг онгу тафаккурини ўзгартиришга хизмат қилган. Оламшумул аҳамиятга лойиқ шундай нутқларни журналхонларимизга ҳавола этиб боришни ният қилдик.

Stevejobs.jpgСтив Жобс (1955-2011) ҳаётлик давридаёқ машҳурликнинг энг юқори чўққисини забт этган дунёнинг ноёб шахсларидан бири ҳисобланади. У бу мартабага нафақат ахборот технологиялари ва бизнес оламидаги муваффақи­яти, балки ғайритабиий истеъдоди шарофати билан эришган. Уни дунёни ўзгартира олган инсон, узоқни кўра олувчи даҳо, учқур хаёл соҳиби, бунинг устига ўз даврининг овозига айланган нодир нотиқлардан бири деб атайдилар. Компьютерни у ўйлаб топган эмас, аммо у маҳорат билан ғояни ҳақиқатга айлантира олган инсон эди.
Стив Жобс 1975 йили «Apple Computer» корхонасига асос солади. Қўлда маҳсулот ишлаб чиқарувчи торгина, деразасиз гаражда устахона сифатида иш бошлаган компания ўн йилдан кейин ахборот технологиялари соҳасида жаҳон миқёсида тан олинган, ихтиролари дунёни бошқарадиган етакчи компанияга айланади.
Стив Жобс Стэнфорд университети талабалари ҳузурида сўзлаган ғаройиб нутқида мақсад ва амал ҳақида ҳикоя қилади. Бу нутқда нотиқлик ва драма санъатининг барча қоидаларига риоя қилинган.

Бу нутқ замонамизнинг энг илҳомбахш ва кишини мақсад сари дадил одимлашга ундовчи нутқларидан бири сифатида тан олинган.

009

Бугун дунёнинг энг нуфузли университетларидан биридаги диплом топшириш тантанасида қатнашиш мен учун улкан шараф. Каминага олий таълим муассасасини битириш насиб қилмаган. Тўғрисини айтсам, ҳозир ана шу бахтга ҳар қачонгидан ҳам яқиндекман. Сизга ўз ҳаётимдан учта ҳикоя айтиб бермоқчиман. Бор-йўғи – шу. Ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Учта оддий ҳикоя.

Биринчи ҳикоям нуқталарни бирлаштириш ҳақида.

Мен Рид-коллежда олти ой таҳсил олгач, ўқишни ташладим, аммо коллежни узил-кесил тарк этгунимга қадар яна бир ярим йилча бориб-келиб юрдим.

Хўш, нега мен коллежни ташлаган эдим?

Ҳаммаси мен туғилмасимданоқ бошланган. Биологик онам – эрга тегмаган ёш аспирант – мени бирорта ўзига тўқ оилага фарзандликка беришга қарор қилади. Яна унинг талабига кўра, мени фарзандликка олувчилар олий маълумотли бўлиши керак эди. Шундай оила топилган ҳам. Келишувга биноан туғилганим заҳоти бир ҳуқуқшунос оиласи мени фарзандликка олиши лозим экан. Бироқ дунёга келганимдан сўнг улар қизалоқ асраб олмоқчи бўлганини айтиб, мендан воз кечишибди. Туғруқхонадагилар ярим тунда бола асраб олишни хоҳловчилар рўйхатида турган бошқа оилага қўнғироқ қилади: “Бизда кутилмаган ўғил чақалоқ туғилди. Оласизми?” Улар жон-дили билан рози бўлади. Кейинчалик онам мени асраб олмоқчи бўлган оиладаги аёлнинг коллежни, эркак эса ўрта мактабни ҳам тугатмаганини билиб қолгач, чақалоғини фарзандликка беришга розилик хатини имзолашдан бош тортади. Бир неча ой ўтиб, каминани асраб олмоқчи бўлган ота-онам мени, албатта, коллежда ўқитишларини ваъда қилгандан сўнггина у шаштидан тушади.

Шундай қилиб, ўн етти йилдан сўнг мен коллежга бордим. Аммо оқибатини ўйламасдан Стэнфорд каби қиммат коллежни танлаб қўйган эдим. Бу даргоҳда ўқишда давом этсам, олий маълумоти бўлмаган, одмигина яшаган ота-онамнинг тежаб-тергаб йиққан барча маблағи таҳсил пулини тўлашга кетган бўлар эди. Шунинг учун уларни асраш ниятида ўқишни ташлашга қарор қилдим. Ўқишни ташлаганимдан буён ўзимни қизиқтирмаган нарсалар билан шуғулланишни ҳам йиғиштирдим ва ўзимга қизиқарли туюлган нарсалар билан машғул бўлдим.

Аҳволим унчалик яхшимасди. Ётоқхонада хонам бўлмаганидан жўраларимнинг хоналарида полда ётиб юрардим, егуликка пул топиш учун кола шишаларини йиғиб, 5 центдан топширардим, жилла қурса, ҳафтада бир марта тўйиб овқатланиш мақсадида якшанба кунлари кечқурун шаҳарнинг у четидан бу четигача етти мил йўл босиб, кришнавийлар ибодатхонасига борардим. Бу менга ёқарди. Мен ўта қизиқувчанлигим ва ички сезгим туфайли бошимдан ўтказган кўп нарсалар кейинчалик жуда фойдали бўлиб чиқди. Мисол келтиришга ижозат беринг.

Менимча, ўша вақтлар Рид-коллеж мамлакатдаги каллиграфия энг яхши ўргатиладиган муассаса эди. Бутун кампусда барча плакатлар, барча сурилма қутилардаги тамғаларнинг ҳаммаси ҳуснихат хат билан қўлда ёзиларди. Ўқишни ташлаганим учун дарслардан четлатилган эдим. Шу боис ҳуснихатни ўрганиш мақсадида каллиграфия курсига ёзилдим. У ерда мен кертикли ва кертиксиз шрифтлар тўплами, ҳар хил комбинацияларида ҳарфлар ўртасидаги масофанинг ўзгариши, ажойиб типографика асоси нима экани ҳақида билиб олдим. У жудаям нафислиги билан кишини лол қолдирарди. Ундан тарих нафаси уфуриб турарди. Бу шунчалар ажойиб эдики, таърифига тил ожизлик қиларди ва мен каллиграфияга мафтун бўлган эдим.

Ўрганганларимни бир кун келиб амалда қўллайман деган фикр хаёлимга ҳам келмаган. Аммо орадан ўн йил ўтиб, биз биринчи Макинтошни ишлаб чиққанимизда, ўрганганларим менга қўл келди. Уларнинг барчасини Макни ишлаб чиқишда қўлладик. У чиройли типографияли биринчи компьютерга айланди. Агар коллеждаги ўша курсга ёзилиш фикри миямга келмаганида Макда ҳеч қачон бир нечта шрифтлар тўплами ёки пропорционал шрифтлар (Ҳарфларининг эни ҳар хил бўлган шрифт (ҳарфларининг эни бир хил бўлган шрифтлардан, масалан, ёзув машинкалари шрифтларидан фарқ қилади). бўлмас эди. Яна Windows учун уларни Макдан шунчаки кўчириб олишганини ҳисобга оладиган бўлсак, компьютерда уларнинг мавжудлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Агар мен ўқишни ташламаганимда ўша каллиграфия курсига ҳеч қачон қатнамаган бўлардим, компьютерлар эса шундай ажойиб типографикасиз қолиши тайин эди. Албатта, коллежда эканимда бу нуқталарни бирлаштиришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Аммо орадан ўн йил ўтгач, бу нуқталарнинг бир-бирига боғлиқлиги кундай равшан бўлиб қолди.

Қайтараман: сиз келажакка қараб туриб нуқталарни асло бирлаштира олмайсиз; фақат ўтмишга назар солиб уларни бирлаштириш мумкин. Шундай экан, бу нуқталар сизнинг келажагингизда бирон-бир тарзда бир-бири билан бирлашишига астойдил ишонинг. Ўзингизнинг феъл-атворингизга, тақдирингизга, ҳаётингизга, насибангизга ишонинг. Бундай ёндашув менга бирор марта панд бермаган ва ҳаётимни буткул ўзгартириб юборган.

Иккинчи ҳикоям муҳаббат ва йўқотишлар ҳақида.

Менинг омадим келди: дарҳол ўзимга ёқадиган иш топдим. Йигирма яшарлигимда Воз (Стив Возняк – Жобснинг мактабдош дўсти, улар биргаликда “Apple” компаниясига асос солишган) билан бирга ота-онамнинг гаражида “Apple”га асос солдик. Астойдил ишладик ва ўн йилдан сўнг “Apple” гараждаги икки кишидан тўрт минг ходим ишлайдиган, икки миллиард долларлик компанияга айланди. Мен бу пайтда ўттизга киргандим. Бир йил бурун биз ижодимизнинг энг яхши маҳсули – Макинтошни ишлаб чиқардик. Кейин эса мени ишдан бўшатишди. Аммо қандай қилиб компания асосчисини ундан ҳайдаш мумкин? Нима ҳам дердик.

Бунинг сабаби қуйидагича: “Apple” йириклашди ва менинг таклифим билан компанияни мен билан бирга бошқариш салоҳиятига эга бўлган бир кишини ишга ёлладик. Дастлабки кезларда ишларимиз яхши борди. Лекин кейинчалик у билан келажак ҳақидаги қарашларимизда тафовутлар юзага кела бошлади ва ниҳоят биз жанжаллашиб қолдик. Бу можарода директорлар кенгаши унинг ёнини олди. Шу тариқа ўттиз ёшимда мен ишдан бўшатилдим, боз устига ҳамманинг кўз ўнгида. Бутун онгли ҳаётим мобайнида интилган нарсамдан айрилиб, ҳафсалам пир бўлди.

Бир неча ой нима қилишни билмай юрдим. Менга берилган эстафета таёқчасини қўлдан тушириб юбориб тадбиркорларнинг илғор авлодининг ишончини оқлай олмаганимни ҳис қилиб эзилардим. Дэвид Паккард ва Боб Нойс (“Hewlett-Packard” ва “Intel” компанияларининг асосчилари) билан учрашиб, йўл қўйган хатом учун узр сўрамоққа чоғландим. Мен ҳамманинг кўз ўнгида муваффақиятсизликка учраб, бу даҳшат водийсидан қандай қилиб чиқиб кетиш ҳақида ўйлардим. Аммо руҳимда нималардир аста-секин уйғона бошлаган эди – ҳамон нима ишни яхши кўрсам ўшани қилардим. “Apple”да юз берган воқеа мени ўзгартира олмаган эди. Кўкрагимдан итаришса ҳам мен ҳануз уни яхши кўрардим. Шу боис ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим.

Ўшанда мен буни сезмаган эканман, “Apple”дан қувилишим ҳаётимда юз берган энг яхши воқеа бўлиб чиқди. Ғолибликнинг масъулияти елкасидан босиб турган одамдан бирор нимага ишончи унчалик қатъий бўлмаган беғам бошловчига айландим. Зеро, ўшанда ҳаётимдаги ижодим энг гуллаган даврлардан бирига қадам қўйиш учун ишдан озод бўлган эканман.

Кейинги беш йилда шахсан ўзим “NeXT” деб атаган компанияга, “Pixar” деб атаган яна бир компанияга асос солдим, ажойиб бир аёлни севиб унга уйландим. “Pixar” тарихда биринчи бўлиб компьютерда ишланган анимацион фильм – “Ўйинчоқлар тарихи”ни яратди ва бугунги кунда дунёдаги энг муваффақиятли анимация студияси ҳисобланади. Мени ҳайрон қолдириб, “Apple” “NeXT”ни сотиб олди ва мен “Apple”га қайтдим, “NeXT”да ишлаб чиқилган технология эса “Apple”нинг бугунги юксалишининг негизига айланди. Лорен иккаламизнинг оиламизга эса кўпчилик ҳавас қилади.

Мен шунга аминманки, агар “Apple”дан қувилмаганимда буларнинг ҳеч бири юз бермас эди. Бу жуда аччиқ, аммо касалнинг шифо топиши учун зарур бўлган бир дори эди. Баъзан ҳаёт бошга тўқмоқ билан уради. Ноумид бўлманг. Мен аминманки, ягона суянчим ўз ишимга муҳаббатим бўлган. Нимани яхши кўрсанг шуни излашинг керак. Бу ишга ҳам, муносабатларга ҳам тааллуқли. Иш ҳаётингизнинг катта қисмини банд этиши турган гап, ундан роҳатланишга ёрдам берувчи ягона туйғу жуда катта иш қилаётганингга ишонишдир. Буюк ишни амалга ошириш учун эса уни севиш керак. Агар сиз уни ҳали топмаган бўлсангиз излашда давом этинг. Таслим бўлманг. Юракка тааллуқли ҳамма нарса сингари сиз бу ишни қачон топишингизни кўнглингиз сезади ва барча буюк туйғулар каби йиллар ўтиши билан бу севги фақат кучаяди. Шундай экан, уни топмагунингизча излашда давом этинг. Таслим бўлманг.

Учинчи ҳикоям ўлим ҳақида.

Ўн етти ёшимда бир ҳикмат ўқигандим, мазмуни тахминан шундай эди: “Агар ҳар кунни худди охирги кунингдай яшасанг, бир куни албатта ҳақ бўлиб чиқасан”. У менга қаттиқ таъсир қилди ва шундан буён, мана ўттиз уч йилдирки, ҳар куни эрталаб ойнага қараб туриб ўзимдан сўрайман: “Агар бугун умримнинг охирги куни бўлса, бугунга режалаштирган ишларим билан шуғулланишни хоҳлармидим?” Мабодо жуда кўп кунлар мобайнида ўзимга-ўзим кетма-кет “йўқ” деб жавоб берсам, демак, ниманидир ўзгартиришим кераклигини англайман.

Ўзимга ўзим умрнинг ўткинчилигини, яқинда ўлишим мумкинлигини эслатишим ҳар доим улкан ҳаётий қарорлар қабул қилишимга ёрдам берган энг муҳим хусусиятлардан биридир. Чунки бошқа ҳамма нарса – бировларнинг миш-мишлари, мағрурлик, муваффақиятсизликка учраш ёки шарманда бўлишдан қўрқиш ҳисси – ўлим олдида буларнинг барчаси хира тортиб қаёққадир ғойиб бўлади ва ҳақиқатан нима зарур бўлса, ўша қолади. Ўзингга ўзинг ўлимни эслатиш – қопқонга – йўқотадиган нарсаларинг борлиги ҳақидаги фикр­лар таъсирига тушмаслик борасида мен билган усулларининг энг яхшисидир. Сен ростдан ҳам яланғочу ялангоёқсан ва қалбингга қулоқ солмасликка ҳеч бир сабаб йўқ.

Бир йил бурун менинг саратон касаллигига чалинганимни аниқлашди. Эрталаб соат етти яримда ошқозоности безимдаги ўсма яққол кўриниб турган суратни олдим. Бунгача мен ҳатто ошқозоности бези нималигини ҳам билмасдим. Врачлар бу саратоннинг тузалмайдиган тури эканини, узоғи билан олти ойча умрим қолганини айтишди. Врачим менга уйга боришимни ва ишларимни тартибга солишни бошлашимни маслаҳат берди. Бу дўхтирларнинг таъбирида “ўлишга тайёргарлик кўраверинг” деган маънони билдиради. Яъни болаларингизга айтмоқчи бўлган гап­ларингизни айтиб қолинг, оилангиз фаровонлиги учун қила олишингиз мумкин бўлган барча ишни бажарганингизга ишонч ҳосил қилинг, ҳамма билан хайрлашиб қолинг деганидир.

Бир кун вақтим шу ташхис билан ўтди. Кечқурун менга биопсия қилишди: томоғимга эндоскоп тиқишди, ошқозон ва ичаклар орқали ошқозоности безига олиб боришди, унга игна тиқиб, ўсмадан бир нечта ҳужайра олишди. Мен наркозда эдим, аммо жараённи кузатиб турган хотинимнинг айтишича, ҳужайраларни микроскопга қўйиб кўрган врачлар ғала-ғовур қилиб қолишибди. Чунки, маълум бўлишича, мендаги касаллик ошқозоности бези саратонининг жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин бўлган кам учрайдиган тури экан. Мени операция қилишди, ҳозир отдайман.

Ўшанда мен ажал остонасига жуда ҳам яқин борганман. Шу боис “Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб” деганларидай сизга бир гапни қатъий ишонч билан айтмоқчиман.

Ҳеч ким ўлишни истамайди, ҳатто жаннатга тушишни орзу қилувчилар ҳам. Лекин барибир ўлим билан юзма-юз келиш ҳаммамизнинг бошимизда бор. Ҳозиргача ҳеч ким ундан қочиб қутулган эмас. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак. Чунки Ўлим табиат ўйлаб топган нарсаларнинг энг яхшиси шекилли. Ҳаёт учун у ўзгаришлар манбаидир. Янгига йўл бериш учун эски ўчириб ташланади. Ҳозирги вазиятда сиз янгисиз, бироқ ҳадемай ажойиб кунларнинг бирида сиз ҳам эскига айланасиз ва ўчириб ташланасиз. Бўрттириб юборган бўлсам маъзур тутинг, аммо бу бор гап.

Сизнинг вақтингиз чегараланган. Шунинг учун уни бекорга сарфламанг. Догмаларнинг қармоғига илинманг – бошқаларнинг фикри билан яшаманг. Бегона фикрлар шовқини ўзингизнинг ички овозингизни босиб кетишига йўл қўйманг. Энг муҳими, ўз қалбингиз ва ички сезгингиз кўрсатган йўлдан юришга ўзингизда куч топа олинг. Аслида ким бўлишни хоҳлаётганингиз уларга ҳайратангиз тарзда маълумдир. Қолган ҳаммаси иккинчи даражали.

Ўсмирлик чоғимда бизнинг авлоднинг энг севимли нашрларидан бири ҳисоб­ланган “Сайёрамиз каталоги” чоп қилинар эди. Стюарт Бранд деган йигит уни бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда – Менло-Паркда чиқарар, каталог саҳифаларини ўзига хос образли услубда тайёрлар эди. Бу 1960 йилларнинг охиридаги гаплар, у вақтлар компьютер, принтер, нусха кўчириш аппаратлари йўқ эди, ҳамма иш ёзув машинкаси, қайчи ва полароидлар ёрдамида бажарилар эди. Ушбу каталог ноёб воситалар ва буюк фикрларга тўла мафкураси билан “Google”нинг ҳозирги ҳамма фойдалана оладиган вариантига ўхшаб кетарди. Эътибор беринг, “Google” ўттиз беш йилдан кейин пайдо бўлган.

Стюарт ва унинг жамоаси “Сайёрамиз каталоги”нинг бир нечта сонини чиқарди, ғоя батамом юзага чиқариб бўлингач, 1970 йил ўрталарида унинг охирги сонини чоп этишди (ўшанда мен сизнинг ёшингизда эдим). Охирги сон муқовасининг орқа тарафида эрталабки шоссенинг сурати берилган бўлиб, у агар сиз саргузаштлар ишқибози бўлсангиз автостоп ёрдамида саёҳат қилишингиз мумкин бўлган шосселардан бири эди. Сурат тагига “Иштиёқмандлигингизча қолинг! Таваккалчилигингизча қолинг!”, деб ёзилган эди. Бу уларнинг хайрлашув номаси эди. “Иштиёқмандлигингизча қолинг. Таваккалчилигингизча қолинг”. Шахсан мен ўзимга ҳар доим шуни тилаганман. Ҳозир университетни тугатиб, янги ҳаёт остонасида турганингизда, сизга ҳам тилагим шу:

Иштиёқмандлигингизча қолинг. Таваккалчилигингизча қолинг.

Ҳаммангизга катта раҳмат.

Ҳасан Карвонли таржимаси

Манба: «Маънавий ҳаёт» журнали

c475ac356a303533baf0.jpg

Stiv JOBS
XAYOLGA OSHNO BO’L, XATODAN QO’RQMA
Stenford universiteti, 2005 yil 12 iyun`
009

Qadimdan ajdodlarimiz so’z fasohati va voizlik san’atini fan sifatida o’rganganlar. Bu esa yurtimizdan tarix tiliga aylangan mashhur voizlar yetishib chiqishiga sabab bo’lgan. Bugungi kunda ham muhtaram Yurtboshimizning har bir chiqishini tinglovchilar ongiga kuchli ta’sir etadigan ma’ruzalar sifatida e’tirof etish mumkin. Taniqli shaxslar, davlat va jamoat arboblarining shunday nutqlari borki, ular ma’lum ma’noda dunyoni, hayotni, odamlarning ongu tafakkurini o’zgartirishga xizmat qilgan. Olamshumul ahamiyatga loyiq shunday nutqlarni jurnalxonlarimizga havola etib borishni niyat qildik.

Steve_Jobs.jpgStiv Jobs (1955-2011) hayotlik davridayoq mashhurlikning eng yuqori cho’qqisini zabt etgan dunyoning noyob shaxslaridan biri hisoblanadi. U bu martabaga nafaqat axborot texnologiyalari va biznes olamidagi muvaffaqi­yati, balki g’ayritabiiy iste’dodi sharofati bilan erishgan. Uni dunyoni o’zgartira olgan inson, uzoqni ko’ra oluvchi daho, uchqur xayol sohibi, buning ustiga o’z davrining ovoziga aylangan nodir notiqlardan biri deb ataydilar. Komp`yuterni u o’ylab topgan emas, ammo u mahorat bilan g’oyani haqiqatga aylantira olgan inson edi.
Stiv Jobs 1975 yili «Apple Computer» korxonasiga asos soladi. Qo’lda mahsulot ishlab chiqaruvchi torgina, derazasiz garajda ustaxona sifatida ish boshlagan kompaniya o’n yildan keyin axborot texnologiyalari sohasida jahon miqyosida tan olingan, ixtirolari dunyoni boshqaradigan yetakchi kompaniyaga aylanadi.
Stiv Jobs Stenford universiteti talabalari huzurida so’zlagan g’aroyib nutqida maqsad va amal haqida hikoya qiladi. Bu nutqda notiqlik va drama san’atining barcha qoidalariga rioya qilingan.

Bu nutq zamonamizning eng ilhombaxsh va kishini maqsad sari dadil odimlashga undovchi nutqlaridan biri sifatida tan olingan.

009

Bugun dunyoning eng nufuzli universitetlaridan biridagi diplom topshirish tantanasida qatnashish men uchun ulkan sharaf. Kaminaga oliy ta’lim muassasasini bitirish nasib qilmagan. To’g’risini aytsam, hozir ana shu baxtga har qachongidan ham yaqindekman. Sizga o’z hayotimdan uchta hikoya aytib bermoqchiman. Bor-yo’g’i – shu. Hayron bo’ladigan joyi yo’q. Uchta oddiy hikoya.

Birinchi hikoyam nuqtalarni birlashtirish haqida.

Men Rid-kollejda olti oy tahsil olgach, o’qishni tashladim, ammo kollejni uzil-kesil tark etgunimga qadar yana bir yarim yilcha borib-kelib yurdim.

Xo’sh, nega men kollejni tashlagan edim?

Hammasi men tug’ilmasimdanoq boshlangan. Biologik onam – erga tegmagan yosh aspirant – meni birorta o’ziga to’q oilaga farzandlikka berishga qaror qiladi. Yana uning talabiga ko’ra, meni farzandlikka oluvchilar oliy ma’lumotli bo’lishi kerak edi. Shunday oila topilgan ham. Kelishuvga binoan tug’ilganim zahoti bir huquqshunos oilasi meni farzandlikka olishi lozim ekan. Biroq dunyoga kelganimdan so’ng ular qizaloq asrab olmoqchi bo’lganini aytib, mendan voz kechishibdi. Tug’ruqxonadagilar yarim tunda bola asrab olishni xohlovchilar ro’yxatida turgan boshqa oilaga qo’ng’iroq qiladi: “Bizda kutilmagan o’g’il chaqaloq tug’ildi. Olasizmi?” Ular jon-dili bilan rozi bo’ladi. Keyinchalik onam meni asrab olmoqchi bo’lgan oiladagi ayolning kollejni, erkak esa o’rta maktabni ham tugatmaganini bilib qolgach, chaqalog’ini farzandlikka berishga rozilik xatini imzolashdan bosh tortadi. Bir necha oy o’tib, kaminani asrab olmoqchi bo’lgan ota-onam meni, albatta, kollejda o’qitishlarini va’da qilgandan so’nggina u shashtidan tushadi.

Shunday qilib, o’n yetti yildan so’ng men kollejga bordim. Ammo oqibatini o’ylamasdan Stenford kabi qimmat kollejni tanlab qo’ygan edim. Bu dargohda o’qishda davom etsam, oliy ma’lumoti bo’lmagan, odmigina yashagan ota-onamning tejab-tergab yiqqan barcha mablag’i tahsil pulini to’lashga ketgan bo’lar edi. Shuning uchun ularni asrash niyatida o’qishni tashlashga qaror qildim. O’qishni tashlaganimdan buyon o’zimni qiziqtirmagan narsalar bilan shug’ullanishni ham yig’ishtirdim va o’zimga qiziqarli tuyulgan narsalar bilan mashg’ul bo’ldim.

Ahvolim unchalik yaxshimasdi. Yotoqxonada xonam bo’lmaganidan jo’ralarimning xonalarida polda yotib yurardim, yegulikka pul topish uchun kola shishalarini yig’ib, 5 sentdan topshirardim, jilla qursa, haftada bir marta to’yib ovqatlanish maqsadida yakshanba kunlari kechqurun shaharning u chetidan bu chetigacha yetti mil yo’l bosib, krishnaviylar ibodatxonasiga borardim. Bu menga yoqardi. Men o’ta qiziquvchanligim va ichki sezgim tufayli boshimdan o’tkazgan ko’p narsalar keyinchalik juda foydali bo’lib chiqdi. Misol keltirishga ijozat bering.

Menimcha, o’sha vaqtlar Rid-kollej mamlakatdagi kalligrafiya eng yaxshi o’rgatiladigan muassasa edi. Butun kampusda barcha plakatlar, barcha surilma qutilardagi tamg’alarning hammasi husnixat xat bilan qo’lda yozilardi. O’qishni tashlaganim uchun darslardan chetlatilgan edim. Shu bois husnixatni o’rganish maqsadida kalligrafiya kursiga yozildim. U yerda men kertikli va kertiksiz shriftlar to’plami, har xil kombinatsiyalarida harflar o’rtasidagi masofaning o’zgarishi, ajoyib tipografika asosi nima ekani haqida bilib oldim. U judayam nafisligi bilan kishini lol qoldirardi. Undan tarix nafasi ufurib turardi. Bu shunchalar ajoyib ediki, ta’rifiga til ojizlik qilardi va men kalligrafiyaga maftun bo’lgan edim.

O’rganganlarimni bir kun kelib amalda qo’llayman degan fikr xayolimga ham kelmagan. Ammo oradan o’n yil o’tib, biz birinchi Makintoshni ishlab chiqqanimizda, o’rganganlarim menga qo’l keldi. Ularning barchasini Makni ishlab chiqishda qo’lladik. U chiroyli tipografiyali birinchi komp`yuterga aylandi. Agar kollejdagi o’sha kursga yozilish fikri miyamga kelmaganida Makda hech qachon bir nechta shriftlar to’plami yoki proportsional shriftlar (Harflarining eni har xil bo’lgan shrift (harflarining eni bir xil bo’lgan shriftlardan, masalan, yozuv mashinkalari shriftlaridan farq qiladi). bo’lmas edi. Yana Windows uchun ularni Makdan shunchaki ko’chirib olishganini hisobga oladigan bo’lsak, komp`yuterda ularning mavjudligi haqida gap ham bo’lishi mumkin emas edi. Agar men o’qishni tashlamaganimda o’sha kalligrafiya kursiga hech qachon qatnamagan bo’lardim, komp`yuterlar esa shunday ajoyib tipografikasiz qolishi tayin edi. Albatta, kollejda ekanimda bu nuqtalarni birlashtirishning mutlaqo iloji yo’q edi. Ammo oradan o’n yil o’tgach, bu nuqtalarning bir-biriga bog’liqligi kunday ravshan bo’lib qoldi.

Qaytaraman: siz kelajakka qarab turib nuqtalarni aslo birlashtira olmaysiz; faqat o’tmishga nazar solib ularni birlashtirish mumkin. Shunday ekan, bu nuqtalar sizning kelajagingizda biron-bir tarzda bir-biri bilan birlashishiga astoydil ishoning. O’zingizning fe’l-atvoringizga, taqdiringizga, hayotingizga, nasibangizga ishoning. Bunday yondashuv menga biror marta pand bermagan va hayotimni butkul o’zgartirib yuborgan.

Ikkinchi hikoyam muhabbat va yo’qotishlar haqida.

Mening omadim keldi: darhol o’zimga yoqadigan ish topdim. Yigirma yasharligimda Voz (Stiv Voznyak – Jobsning maktabdosh do’sti, ular birgalikda “Apple” kompaniyasiga asos solishgan) bilan birga ota-onamning garajida “Apple”ga asos soldik. Astoydil ishladik va o’n yildan so’ng “Apple” garajdagi ikki kishidan to’rt ming xodim ishlaydigan, ikki milliard dollarlik kompaniyaga aylandi. Men bu paytda o’ttizga kirgandim. Bir yil burun biz ijodimizning eng yaxshi mahsuli – Makintoshni ishlab chiqardik. Keyin esa meni ishdan bo’shatishdi. Ammo qanday qilib kompaniya asoschisini undan haydash mumkin? Nima ham derdik.

Buning sababi quyidagicha: “Apple” yiriklashdi va mening taklifim bilan kompaniyani men bilan birga boshqarish salohiyatiga ega bo’lgan bir kishini ishga yolladik. Dastlabki kezlarda ishlarimiz yaxshi bordi. Lekin keyinchalik u bilan kelajak haqidagi qarashlarimizda tafovutlar yuzaga kela boshladi va nihoyat biz janjallashib qoldik. Bu mojaroda direktorlar kengashi uning yonini oldi. Shu tariqa o’ttiz yoshimda men ishdan bo’shatildim, boz ustiga hammaning ko’z o’ngida. Butun ongli hayotim mobaynida intilgan narsamdan ayrilib, hafsalam pir bo’ldi.

Bir necha oy nima qilishni bilmay yurdim. Menga berilgan estafeta tayoqchasini qo’ldan tushirib yuborib tadbirkorlarning ilg’or avlodining ishonchini oqlay olmaganimni his qilib  ezilardim. Devid Pakkard va Bob Noys (“Hewlett-Packard” va “Intel” kompaniyalarining asoschilari) bilan uchrashib, yo’l qo’ygan xatom uchun uzr so’ramoqqa chog’landim. Men hammaning ko’z o’ngida muvaffaqiyatsizlikka uchrab, bu dahshat vodiysidan  qanday qilib chiqib ketish haqida o’ylardim. Ammo ruhimda nimalardir asta-sekin uyg’ona boshlagan edi – hamon nima ishni yaxshi ko’rsam o’shani qilardim. “Apple”da yuz bergan voqea meni o’zgartira olmagan edi. Ko’kragimdan itarishsa ham men hanuz  uni yaxshi ko’rardim. Shu bois hammasini boshidan boshlashga qaror qildim.

O’shanda men buni sezmagan ekanman, “Apple”dan quvilishim hayotimda yuz bergan eng yaxshi voqea bo’lib chiqdi. G’oliblikning mas’uliyati yelkasidan bosib turgan odamdan biror nimaga ishonchi unchalik qat’iy bo’lmagan beg’am boshlovchiga aylandim. Zero, o’shanda hayotimdagi ijodim eng gullagan davrlardan biriga qadam qo’yish uchun ishdan ozod bo’lgan ekanman.

Keyingi besh yilda shaxsan o’zim “NeXT” deb atagan kompaniyaga, “Pixar” deb atagan yana bir kompaniyaga asos soldim, ajoyib bir ayolni sevib unga uylandim. “Pixar” tarixda birinchi bo’lib kompyuterda ishlangan animatsion film – “O’yinchoqlar tarixi”ni yaratdi va bugungi kunda dunyodagi eng muvaffaqiyatli animatsiya studiyasi hisoblanadi. Meni hayron qoldirib, “Apple” “NeXT”ni sotib oldi va men “Apple”ga qaytdim, “NeXT”da ishlab chiqilgan texnologiya esa “Apple”ning bugungi yuksalishining negiziga aylandi. Loren ikkalamizning oilamizga esa ko’pchilik havas qiladi.

Men shunga aminmanki, agar “Apple”dan quvilmaganimda bularning hech biri yuz bermas edi. Bu juda achchiq, ammo kasalning shifo topishi uchun zarur bo’lgan bir dori edi. Ba’zan hayot boshga  to’qmoq bilan uradi. Noumid bo’lmang. Men aminmanki, yagona suyanchim o’z ishimga muhabbatim bo’lgan. Nimani yaxshi ko’rsang shuni izlashing kerak. Bu ishga ham, munosabatlarga ham taalluqli. Ish hayotingizning katta qismini band etishi turgan gap, undan rohatlanishga yordam beruvchi yagona tuyg’u juda katta ish qilayotganingga ishonishdir. Buyuk ishni amalga oshirish uchun esa uni sevish kerak. Agar siz uni hali topmagan bo’lsangiz izlashda davom eting. Taslim bo’lmang. Yurakka taalluqli hamma narsa singari siz bu ishni qachon topishingizni ko’nglingiz sezadi va barcha buyuk tuyg’ular kabi yillar o’tishi bilan bu sevgi faqat kuchayadi. Shunday ekan, uni topmaguningizcha izlashda davom eting. Taslim bo’lmang.

Uchinchi hikoyam o’lim haqida.

O’n yetti yoshimda bir hikmat o’qigandim, mazmuni taxminan shunday edi: “Agar har kunni xuddi oxirgi kuningday yashasang, bir kuni albatta haq bo’lib chiqasan”. U menga qattiq ta’sir qildi va shundan buyon, mana o’ttiz uch yildirki, har kuni ertalab oynaga qarab turib o’zimdan so’rayman: “Agar bugun umrimning oxirgi kuni bo’lsa, bugunga rejalashtirgan ishlarim bilan shug’ullanishni xohlarmidim?” Mabodo juda ko’p kunlar mobaynida o’zimga-o’zim ketma-ket “yo’q” deb javob bersam, demak, nimanidir o’zgartirishim kerakligini anglayman.

O’zimga o’zim umrning o’tkinchiligini, yaqinda o’lishim mumkinligini eslatishim har doim ulkan hayotiy qarorlar qabul qilishimga yordam bergan eng muhim xususiyatlardan biridir. Chunki boshqa hamma narsa – birovlarning mish-mishlari, mag’rurlik, muvaffaqiyatsizlikka uchrash yoki sharmanda bo’lishdan qo’rqish hissi – o’lim oldida bularning barchasi xira tortib qayoqqadir g’oyib bo’ladi va haqiqatan nima zarur bo’lsa, o’sha qoladi. O’zingga o’zing o’limni eslatish – qopqonga – yo’qotadigan narsalaring borligi haqidagi fikr­lar ta’siriga tushmaslik borasida men bilgan usullarining eng yaxshisidir. Sen rostdan ham yalang’ochu yalangoyoqsan va qalbingga quloq solmaslikka hech bir sabab yo’q.

Bir yil burun mening saraton kasalligiga chalinganimni aniqlashdi. Ertalab soat yetti yarimda oshqozonosti bezimdagi o’sma yaqqol ko’rinib turgan suratni oldim. Bungacha men hatto oshqozonosti bezi nimaligini ham bilmasdim. Vrachlar bu saratonning tuzalmaydigan turi ekanini, uzog’i bilan olti oycha umrim qolganini aytishdi. Vrachim menga uyga borishimni va ishlarimni tartibga solishni boshlashimni maslahat berdi. Bu do’xtirlarning ta’birida “o’lishga tayyorgarlik ko’ravering” degan ma’noni bildiradi. Ya’ni bolalaringizga aytmoqchi bo’lgan gap­laringizni aytib qoling, oilangiz farovonligi uchun qila olishingiz mumkin bo’lgan barcha ishni bajarganingizga ishonch hosil qiling, hamma bilan xayrlashib qoling deganidir.

Bir kun vaqtim shu tashxis bilan o’tdi. Kechqurun menga biopsiya qilishdi: tomog’imga endoskop tiqishdi, oshqozon va ichaklar orqali oshqozonosti beziga olib borishdi, unga igna tiqib, o’smadan bir nechta hujayra olishdi. Men narkozda edim, ammo jarayonni kuzatib turgan xotinimning aytishicha, hujayralarni mikroskopga qo’yib ko’rgan vrachlar g’ala-g’ovur qilib qolishibdi. Chunki, ma’lum bo’lishicha, mendagi kasallik oshqozonosti bezi saratonining jarrohlik yo’li bilan davolash mumkin bo’lgan kam uchraydigan turi ekan. Meni operatsiya qilishdi, hozir otdayman.

O’shanda men ajal ostonasiga juda ham yaqin borganman. Shu bois “Tabib tabib emas, boshidan o’tkazgan tabib” deganlariday sizga bir gapni qat’iy ishonch bilan aytmoqchiman.

Hech kim o’lishni istamaydi, hatto jannatga tushishni orzu qiluvchilar ham. Lekin baribir o’lim bilan yuzma-yuz kelish hammamizning boshimizda bor. Hozirgacha hech kim undan qochib qutulgan emas. O’zi shunday bo’lishi ham kerak. Chunki O’lim tabiat o’ylab topgan narsalarning eng yaxshisi shekilli. Hayot uchun u o’zgarishlar manbaidir. Yangiga yo’l berish uchun eski o’chirib tashlanadi. Hozirgi vaziyatda siz yangisiz, biroq hademay ajoyib kunlarning birida siz ham eskiga aylanasiz va o’chirib tashlanasiz. Bo’rttirib yuborgan bo’lsam ma’zur tuting, ammo bu bor gap.

Sizning vaqtingiz chegaralangan. Shuning uchun uni bekorga sarflamang. Dogmalarning qarmog’iga ilinmang – boshqalarning fikri bilan yashamang. Begona fikrlar shovqini o’zingizning ichki ovozingizni bosib ketishiga yo’l qo’ymang. Eng muhimi, o’z qalbingiz va ichki sezgingiz ko’rsatgan yo’ldan yurishga o’zingizda kuch topa oling. Aslida kim bo’lishni xohlayotganingiz ularga hayratangiz tarzda ma’lumdir. Qolgan hammasi ikkinchi darajali.

O’smirlik chog’imda bizning avlodning eng sevimli nashrlaridan biri hisob­langan “Sayyoramiz katalogi” chop qilinar edi. Styuart Brand degan yigit uni bu yerdan uncha uzoq bo’lmagan joyda – Menlo-Parkda chiqarar, katalog sahifalarini o’ziga xos obrazli uslubda tayyorlar edi. Bu 1960 yillarning oxiridagi gaplar, u vaqtlar komp`yuter, printer, nusxa ko’chirish apparatlari yo’q edi, hamma ish yozuv mashinkasi, qaychi va polaroidlar yordamida bajarilar edi. Ushbu katalog noyob vositalar va buyuk fikrlarga to’la mafkurasi bilan “Google”ning hozirgi hamma foydalana oladigan variantiga o’xshab ketardi. E’tibor bering, “Google” o’ttiz besh yildan keyin paydo bo’lgan.

Styuart va uning jamoasi “Sayyoramiz katalogi”ning bir nechta sonini chiqardi, g’oya batamom yuzaga chiqarib bo’lingach, 1970 yil o’rtalarida uning oxirgi sonini chop etishdi (o’shanda men sizning yoshingizda edim). Oxirgi son muqovasining orqa tarafida ertalabki shossening surati berilgan bo’lib, u agar siz sarguzashtlar ishqibozi bo’lsangiz avtostop yordamida sayohat qilishingiz mumkin bo’lgan shosselardan biri edi. Surat tagiga “Ishtiyoqmandligingizcha qoling! Tavakkalchiligingizcha qoling!”, deb yozilgan edi. Bu ularning xayrlashuv nomasi edi. “Ishtiyoqmandligingizcha qoling. Tavakkalchiligingizcha qoling”. Shaxsan men o’zimga har doim shuni tilaganman. Hozir universitetni tugatib, yangi hayot ostonasida turganingizda, sizga ham tilagim shu:

Ishtiyoqmandligingizcha qoling. Tavakkalchiligingizcha qoling.

Hammangizga katta rahmat.

Hasan Karvonli tarjimasi

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnali

006

(Tashriflar: umumiy 5 785, bugungi 2)

7 izoh

  1. Койил одамга мативатсия ва ишонч берувчи гаплар мазза килдим

Izoh qoldiring