Mavlono Abulkalom Ozod: Inson shaxsga aylanmagan joyda jamiyat mukammal bo’la olmaydi…

034  Кўпинча «таълим нима: мақсадми ё восита?» деган савол туғилади. Менимча, умуман олганда, таълимга восита сифатида қараш Ғарбга хосдир, Шарқ эса уни мақсад деб ҳисоблайди. Ростдан ҳам таълимга восита сифатида қарасак, унинг мақсади нима деган савол келиб чиқиши табиий. Ғарб кўпинча ижтимоий фаровонликка эришишни мақсад қилган, бироқ ижтимоий фаровонликни турлича талқин қилиш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таълимга восита сифатида қараш билишнинг аҳамияти озгина камайишига олиб келади. Менимча, шарқча инсон тушунчаси таълимнинг асл моҳиятини аниқроқ акс эттиради.

Мавлоно Абулкалом Озод
ИНСОН ТУШУНЧАСИ ВА
ШАРҚУ ҒАРБДАГИ ТАЪЛИМ МУАММОЛАРИ

033

099Ҳиндистон ҳукумати номидан ва шахсан ўзим ушбу симпозиум иштирокчиларини қутлаш бахтига мушарраф бўлганимдан мамнунман. ЮНЕСКО ташкил этилгандан буён турли мавзуларда доимий равишда семинарлар, мунозаралар ва симпозиумлар ўтказиб келмоқда, халқлар ўртасидаги алоқалар, ҳар хил масалалар бўйича билим ва тажриба алмашишга ва шу тариқа бир-бирини теранроқ англашга ёрдам берувчи муносабатлар мазкур анжуманларда кўриб чиқиладиган муаммоларга қандай ечим топилишига боғлиқдир. Ушбу симпозиум жуда муҳим мавзуга бағишланган. Бугун Шарқ ва Ғарб файласуфлари инсон тушунчасини муҳокама қилиш учун йиғилдилар. Бу замонамизнинг асосий муаммоси эканини, инсониятнинг келажаги унинг қандай ҳал этилишига боғлиқлигини ким инкор эта олади? Шу боис мен сизлар билан шу ерда, файласуф ва мутафаккирлар юрти бўлмиш кўҳна заминда учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. Ҳиндистондаги бой фалсафий анъаналар ва юксак маънавият қарор топган муҳит сизнинг мунозараларингизга ижобий таъсир қилишига аминман.

1

Охирги олти минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида, ибтидоий жамоа давридан бошлаб инсоният жуда катта йўлни босиб ўтди. Бу йўлда у кўплаб кутилмаган тўсиқларни қандай енгиб ўтгани, табиий қийинчиликлар ва жондорларга қарши қандай курашгани тарихдан маълум. Бу вақтда не-не машаққатларга дуч келганига қарамай инсон табиатнинг буюк сирларини аста-секин, изчиллик билан англаб борди. Табиат юзидаги пардалар бирин-кетин кўтарилмоқда ва инсон энг яширин сирларни ҳам қунт ва матонат билан эгаллаб бораяпти.

Ҳа, одамзот табиат сирларини очиш йўлида собитқадамлик билан илдамламоқда, аммо у ўзлигини англаш борасида ҳам шундай муваффақиятга эришди деб айта оламизми? Олти минг йилдан бери ҳақиқатни излаётган инсон бугун ўзини асли қандай бўлса шундай кўра олаяпти дейиш мумкинми? Бу борадаги ишлар ҳали кўнгилдагидек эмас десам, ўйлайманки, сиз ҳам фикримга қўшиласиз. Инсон яратган ойна оламни бор бўйича акс эттира олади, лекин одамнинг ичини кўрсатолмайди. Тан олиш керакки, инсон ҳали ўз табиати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлолгани йўқ. Унга ўз «мен»и сирларини билишдан кўра олам сирларини очиш осонроқ. Деярли уч минг йилдан бери файласуфлар инсон ўзи ким, қайдан келади-ю қайга кетади деган саволларга жавоб топишга уринадилар. Аммо ҳалигача бу саволларга айтарли жавоб топилгани йўқ. Шуниси аниқки, ўз «мен»ининг табиатини англамагунча, ўзининг чексиз коинотдаги ўрнини билиб олмагунча инсон кўнглидаги кечинмаларга, ижтимоий, миллий ва халқаро муносабатларга оид муаммоларни ҳал қила олмайди.

Олдингиздаги асосий вазифа ушбу муаммони кўриб чиқишдир. Сиз бу ерга инсон тушунчаси Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари томонидан қандай талқин қилинганини муҳокама қилиш учун йиғилгансиз. Аммо аввало шуни таъкидламоқчиманки, биз дунёни Шарқ ва Ғарбга ажратарканмиз, фақат ушбу минтақалардаги фикрлаш тарзининг ўзига хослигини назарда тутамиз. Бу ҳолат кўпгина муаммолар юзасидан бизда умумий нуқтаи назар ва якдил фикр йўқлигини билдирмайди ва билдириши ҳам мумкин эмас. Бутун дунёда инсон фикрлаш ва мантиқнинг бир хил услубларига риоя қилади. Инсон онгининг хусусиятлари умумий ва бир хилдир. Инсоний туйғулар ҳам ўхшашдир. «Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деб бежиз айтишмаган. Шу боис, табиийки, одамлар курраи заминнинг қаерида яшамасинлар, уларнинг ўзи ва дунё ҳақидаги қарашлари кўпинча мос тушади. Уларнинг турмуш сир-синоатларига муносабати ҳам ўхшашдир. Ҳимолай этакларида мангу қор билан қопланган чўққиларга боқиб медитация ҳолатига тушган ҳиндлар нимани ҳис қилган бўлсалар, Олимп тоғига ҳайрат ва эҳтиром билан боққан юнонлар ҳам шу туйғуни бошдан кечирганлар.

Инсон онги ўхшаш бўлишига қарамай турли минтақаларда яшовчи одамлар бир қатор умумий муаммоларга турлича ёндаша бошладилар. Ҳатто ёндашувда фарқ кузатилмаган жойларда ҳам умумий муаммолар ва умумий ечимларнинг ҳар хил жиҳатларига урғу беришга мойиллик яққол кўзга ташланар эди. Бир-бирига айнан ўхшаш икки ҳолат мавжуд эмас. Шу боис сайёрамизнинг турли минтақаларида яшовчи одамлар бир хил муаммоларнинг ҳар хил жиҳатларига эътибор қаратишгани табиий ҳол. Айнан ушбу тафовутлардан келиб чиқиб биз миллий ёки минтақавий онгнинг ўзига хосликлари ҳақида гапирамиз. Шу нуқтаи назардан мен Шарқни Ғарбдан ажратиб турувчи ўзига хос хусусиятларни тавсифлашга ҳаракат қиламан. Хулосалар шаклан мос келган тақдирда ҳам улар ўртасидаги нозик фарқлар сезилиб туради десам, менимча, фикримга қўшиласиз. Бу ҳол бизга баъзи хулосаларни шарқона, бошқаларини ғарбона деб аташ имконини беради.

Боя айтганимдай, Шарқ ва Ғарб файласуфларининг қарашларида ўхшашликлар кўп, бироқ Ҳиндистон, Греция ва Хитойдаги дунёқарашнинг ҳар хил жиҳатларига бериладиган урғудаги тафовутлар қадим замондан ҳозиргача ёзилган китобларда яққол кўзга ташланади. Ҳинд фалсафаси инсоннинг ички оламига кўпроқ эътибор қаратган. Файласуфлар инсоннинг табиатини тушунишга интилишган, шу ниятда улар инсон ва яширин ҳақиқатнинг айнан ўхшашлигини исботлашга ҳаракат қилиб, инсоннинг сезгиси, фитрати, ҳатто мантиқ доирасидан чиқиб кетишган. Юнон файласуфларини асосан ташқи олам хусусиятлари қизиқтирган. Улар инсоннинг борлиқдаги ўрнини аниқлашга интилганлар. Шу боис умуман олганда улар тутган йўл ҳиндлар тутган йўлдан кўра осонроқ ва енгилроқдир. Хитойда ҳам файласуфларни инсоннинг ички ва ташқи олами унчалик қизиқтирмаган. Уларнинг бор эътибори инсоний муносабатларни ўрганишга қаратилган. Қарашлардаги бу фарқлар фалсафанинг ушбу минтақалардаги кейинги тараққиётига катта таъсир кўрсатган. Натижада уларнинг инсонни тушунишида ажиб тафовутлар кузатилмоқда.

Юнонларни одам ва олам муносабатлари қизиқтирган. Шу боис азалдан юнон фалсафаси одамнинг сийратига нисбатан амалига жуда катта эътибор қаратган. Тўғри, илк юнон мутафаккирларидан баъзилари инсонни аввало маънавиятга эга махлуқ деб ҳисоблашган ва Афлотунгача шу фикр устунлик қилган. Аммо Арасту фалсафаси пайдо бўлиши билан фалсафий фикрлар йўналиши ўзгариб, асосий эътибор инсон сийратидан унинг хатти-ҳаракатларига кўчади. Инсонга ақлли ҳайвон деб қараган Арасту таъсирида фалсафа позитивистик(1) хусусият касб этди. Вақт ўтиши билан Ғарб тафаккурида мана шундай позитивистик, эмпирик (2) ва илмий йўналиш устун бўлиб қолди. Ушбу қарашга кўра инсон ақли билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради ва унинг шарофати билан комилликка эришади. Шунга қарамай у моҳиятан изчиллик билан ривожланувчи ҳайвонлигича қолмоқда. Бу борада ҳеч ким инглиз файласуфи Райлдан ўтказиб фикр билдирмаган бўлса керак. Инсон асли ҳайвонлигини эътироф этар экан, файласуф «инсон ҳозир шундай босқичга етиб келдики, энди у қуйига эмас, юқорига қараши керак» деб таъкидлайди. Одам — гавдасини тик тутувчи ягона жонзот ва фақат нигоҳини юксакка тиккандагина қаддини тик сақлаб қолишга қодир.

Европа тафаккурининг тараққиётига Афлотуннинг ғоявий қарашлари ва насронийлик жуда кучли таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Масалан, ўрта асрлар схоластлари (3) кўпинча файласуфдан кўра диншуносга ўхшаб кетишини кузатамиз. Ҳатто ҳозир ҳам Европа фалсафий тафаккурида диний-идеалистик йўналиш кучлироқдир. Тўғри, Янги давр бошланиши билан бу йўналиш борган сари ўз ўрнини фалсафий дунёқарашга бўшатиб бермоқда, фалсафий дунёқараш асосида эса илмий ғоялар ётади. Ўн еттинчи асрдан илм-фан шиддат билан ривожлана бошлади, шу билан бирга инсоннинг табиат устидан ҳукмронлиги кучайди. Фандаги муваффақиятлар Ғарб тафаккурининг кўзини ёғ босишига ва унда «мен ҳар нарсага қодирман» деган қатъий ишонч пайдо бўлишига олиб келди. Ғарб инсонга объектлар ичидаги бир объект деб қараб, инсон ҳаётининг барча соҳаларида илмий концепциялар ва илмий методларни қўллашга уринди. Вақт ўтиши билан материалистик ва илмий йўналиш Ғарбда кенг тарқалган дунёқарашга айланди. Унинг равнақ топиши Дарвин инсон ҳайвондан келиб чиққанини исботлашга уринган, Маркс эса инсоннинг онги маълум даражада унинг туриш-турмуши билан белгиланишини таъкидлаган ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрларга тўғри келади.

Инсон тўхтовсиз ривожланаётган жонзот деган қарашнинг зидди ўлароқ Шарқда биз мутлақо бошқа инсон тушунчасига дуч келамиз. Қадим замонларданоқ Шарқ мутафаккирлари маънавият инсонгагина хослигини таъкидлашган. Инсон қалбини мушоҳада қилиш Ҳиндистонда веданта фалсафаси, араб мамлакатларида эса сўфизм пайдо бўлишига олиб келди. Маънавиятли инсон тушунчаси Шарқдаги барча мамлакатларда фалсафий тафаккурга салмоқли таъсир кўрсатди, Ғарбда ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу тушунчага кўра инсоннинг суратигагина қараб ички дунёсини англаб бўлмайди. Инсонга Аллоҳ тажаллисининг самараси сифатида қарасаккина унинг асил табиатини англаб етишимиз мумкин. Шарқ фалсафасида пантеизм (4) кенг тарқалди. Ҳинд фалсафасининг турли йўналишларида ҳамма нарсага тангри мавжудлигининг ифодаси сифатида қаралади, шунда ҳам инсонга алоҳида ўрин берилади, чунки унда илоҳий моҳият ёрқин намоён бўлади. «Гиталар»да айтилганидек:

«Билишдан мурод сенсан, сен азалу абадсан,
Сен оламда энг юксак маскан!
Сен Дхарманинг мангу муҳофизисан!
Сен ўлмас Пурушасан! — мен шундай деб билурман».

Шундай қилиб, сўфизмда Аллоҳ чексиз уммон бўлса, инсон унинг бир қатраси, Аллоҳ офтоб бўлса, инсон бир қатим нур деб тасаввур қилинади. Инсоннинг нигоҳини билимсизлик пардаси тўсиб турар экан, у ўзини абадий борлиқдан айро алоҳида олам деб ҳисоблаши мумкин. Қалб кўзи очилганда эса зоҳирий тафовутлар йўқолади ва инсон ўзининг абадий борлиқдаги бир лаҳза эканини англаб етади.

Шарқда юзага келган ва ҳозир ҳам мавжуд бўлган Инсон тушунчасида унга ердаги барча махлуқлардан аъло жонзот сифатидагина эмас, ўз хусусиятларига кўра улардан ажралиб турувчи зот сифатида ҳам қаралади. Инсон тенглар ичра энг яхши ҳисобланмайди, у бошқа ҳар қандай жонзотнинг моҳиятидан ҳам аълороқ моҳиятга эга. У нафақат тўхтовсиз ривожланаётган жонзот, балки ўзида Аллоҳ таолонинг хусусиятларини кашф этишга қодир зотдир. Ҳақиқатан ҳам унинг хислатлари шунчалик юксак ва мукаммалки, инсон ақлига сиғдира оладиган бундан юқорироқ даража йўқ. «Чхандогя-упанишада»да айтилганидек:

«Ҳақиқат шундай. Атман (руҳ) шундай. Сен шундайсан».

Бу ғоя арабча «Ўзини англаган худони ҳам англайди» нақлида ҳам жуда чиройли ифодаланган.

Кейинчалик ривожлантирилган ушбу принцип инсон дунёдан айро кимса эмас, аммо бутун оламни ўз ичига олади деган фикрни келтириб чиқарди. «Гиталар»да айтилганидек:

«Бугун шу ерда ҳаракатдаги ва ҳаракатсиз бутун оламга назар сол, о Гудакеша (Аржуна), нимани кўрмоқчи бўлсанг бари менинг вужудимда мужассам».

Шоир (сўфий) арабча шеърида бу ҳақда шундай деган эди:

«Ўйлайсанки, сен кичкина вужудсан, билмайсанки, моддий дунёдан ҳам каттароқ оламни вужудингга жо этгансан».

Инсонга бундан яхши таъриф бериб бўлмайди десам, ўйлайманки, барчангиз фикримга қўшиласиз. Худо инсон тафаккурининг ҳадди аълосидир. Шарқча инсон тушунчаси одамни ҳазрати инсон дея улуғлар экан, унда комиллик, олимлик, қодирлик каби Аллоҳга хос кўпдан-кўп хусусиятларни кўришни истайди. Шу боис инсонда уларга интилишдан бошқа улуғ мақсад бўлиши мумкин эмас. Шу жиҳати билан у бошқа барча жонзотлардан устундир.

2

Шу пайтгача биз инсон тушунчаси ҳақида Шарқ ва Ғарб фалсафаси нуқтаи назаридан келиб чиқиб гапирдик. Энди дин бу борада нима дейишига тўхталмоқчимиз. Яҳудийлар ва христианларнинг эътиқодига кўра худо одамни ўзига ўхшатиб яратган. Бундан инсон худога хос барча хусусиятларга эга деган хулосага келиш мумкин. Христианлик позицияси (муносабати) диний мистицизмнинг ёрқин ифодаланган элементида акс этган.

Исломда ҳам юқоридаги дунёқараш таъсирини кузатамиз. Инсонни улуғлаш бобида Қуръон аввалги муқаддас китоблардан ўтиб кетди, унга кўра худо нафақат одамни ўзига ўхшатиб яратган, балки инсон худонинг ердаги ўринбосари ҳамдир. Қуръони каримнинг «Бақара» сураси 30-оятида Аллоҳ таоло одамнинг яратилиши хусусида: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», — дегани айтилади.

Кўпчилик араб файласуфларига Арасту қанчалик кучли таъсир кўрсатгани ҳаммага маълум, аммо ҳатто Арастуни шарҳлаганда ҳам улар инсон — худонинг ердаги вакили ғоясини далил қилиб келтиришади. Метафизикага тааллуқли барча масалаларда Ибн Сино ва Ибн Рушд Арастуга эргашадилар, бироқ улар исломдан ўзлаштирган маънавиятли инсон тушунчаси уларни инсон худога хос барча хусусиятларга эга экан, унда билимда ҳам, ўз иродасини намоён этишда ҳам у эгаллайдиган юксакликнинг чегараси йўқ деб эътироф этишга ундайди. Ғаззолий, Розий, Роғиб Исфаҳоний сингари мусулмон файласуфлари ўз асарларида ушбу ғояни ривожлантирдилар.

Айтиш жоизки, веданта ва сўфизмда инсон тушунчаси кўкларга кўтарилади, шу билан бирга ҳар иккала фалсафа мактабининг қайд этишича, бир томондан, улар инсоннинг имкониятларини асло чекламайдилар, бошқа томондан эса тақдирнинг шубҳасиз инсон иродасидан устунлигини кўзда тутадилар. Уларнинг инсоннинг худога муносабати тушунчасида бу номувофиқликнинг изоҳи мавжуд. Модомики, инсон Аллоҳ тажаллисининг самараси экан, у нима қилмасин пировардида бу худонинг иши, нима содир бўлмасин, Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлган бўлиб чиқади. Бундай қараш «инсон бор-йўғи тақдир қўлидаги бир ўйинчоқ» деган фикрни келтириб чиқаришига бир баҳя қолади.

Юқорида веданта ва сўфизм ўзларининг бошланғич шаклларида инсоннинг бир қатор маънавий ютуқларга эришишига кўмаклашгани, айни пайтда моддий турмуш борасидаги тараққиёти йўлида муайян даражада тўсиқ бўлгани айтилди. Одам ва худонинг ўхшашлиги ҳақидаги фикр жамиятни инсоний дардга лоқайд қилиб қўйди, чунки дард пуч, хаёлий бир нарса ҳисобланар эди. Шарқ жамияти кўпинча ижтимоий қийинчиликларнинг сабабларини бартараф этиш чораларини кўрмаган. Шунинг учун ҳозирги мутафаккирларнинг айримлари веданта фалсафасини баён қилар экан, уни фатализм(5)дан халос этишга уринишади.

Ғарбча инсон тушунчасида ҳам биз шундай ҳолатга дуч келамиз. Материализм фалсафаси аввало ҳаётга детерминистик қарашни жорий этади. Чунки моддий дунёни сабабият қонуни бошқарар экан, у инсон фаолиятига ҳам татбиқ қилиниши керак. Мазкур ғоя бихевиористлар (6) назариясида ёрқин ифодаланган. Бироқ ғарбона тафаккур бундай детерминистик тушунча таъсирига берилмади ва фавқулодда, тенги йўқ руҳий қувватни намойиш қилди.

Бугунги симпозиумнинг асосий вазифаларидан бири Шарқ ва Ғарбнинг фалсафий ва диний дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатган ушбу икки тушунчани уйғунлаштириш имконини топишдир. Ғарбча тараққиёт назарияси билан бирлаштирилган шарқча инсон миссияси тушунчаси инсонга фанни суистеъмол қилишидан қўрқмай чексиз олға интилиш имконини берган бўлур эди. Иккала қарашнинг бирикуви инсон ва худонинг ўхшашлиги ҳақидаги шарқона тушунчадан келиб чиқувчи фатализмдан ҳам халос бўлишга ёрдам беради. Шарқча инсон миссияси тушунчаси нафақат Ғарб илм-фани тараққиёти билан уйғунлаша олади, балки унинг сабабларини ҳам буткул тушунарли қилиб изоҳлаб бера олади. Агар инсон чиндан ҳам юқори даражада ривожланган ҳайвон бўлганида унинг камолотининг чегараси бўлар эди. Худо чексиз бўлгани каби у ҳам чексиз бўлса, унинг билимининг ҳам чегараси мавжуд эмас. Илм-фан шу тариқа инсонни қийнаётган масалаларни бирин-кетин ҳал қилиб зафарли одимини давом эттираверади.

Инсоният келажаги учун шарқча ва ғарбча инсон тушунчаси синтези нима учун бу қадар муҳимлигининг бундан ҳам каттароқ сабаби бор. Илм-фан ўз-ўзидан холисдир. Илмий кашфиётдан тузатиш учун ҳам, ўлдириш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Илм ер юзини жаннатга айлантиришга хизмат қиладими ё бутун дунёнинг куйиб кул бўлишигами, бу уни эгаллаган кишининг ақл-идроки ва фикрлаш тарзига боғлиқ. Агар инсонга фақат тадрижий ривожланувчи ҳайвон сифатида қарасак, унда ҳеч нима унга фандан ҳайвоний нафс ва эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланишига тўсқинлик қилолмайди. Агар инсонга Аллоҳ тажаллисининг самараси сифатида ёндашсак, у эгаллаган илм ер юзида тинчлик ва тотувликка эришилишига ва ҳамма одамларнинг эзгу орзу-ниятлари рўёбга чиқишига хизмат қилади.

3

Мен шарқча ва ғарбча инсон тушунчаси маълум даражада бир-бирини тўлдиришини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бирида инсоннинг азизу-мукаррамлиги таъкидланса, бошқасида инсон эришган ва ўз кучи билан эришишга қодир бўлган тараққиётга алоҳида аҳамият берилади. Бирида инсон табиатининг маънавий асосига эътибор қаратилса, иккинчиси маънавий устунлик моддий асосга ҳам таянишини қайд этади. Ўртада арзимас тафовутлар мавжудлигига қарамай ғарбча ва шарқча инсон тушунчаси муроса йўлини топа олишса, ушбу икки минтақа таълим системалари жаҳон миқёсидаги яхлит таълим тизимига айланишига халақит берувчи ҳеч бир сабаб қолмайди.

Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кенг тарқалган таълим тизимларининг ўз хосликлари мавжуд. Шарқда шахсий нажот тушунчасига жуда катта эътибор қаратилади. Инсон ўзини қутқариш учун илмга интилади. Шахсий нажот муаммосини биринчи ўринга қўювчи Шарқ тафаккури ижтимоий фаровонлик ва тараққиётга ҳар доим ҳам етарлича эътибор қаратмаган. Ғарбда эса аксинча, ижтимоий тараққиёт масалаларига устувор аҳамият берилган. Ҳақиқатда эса ижтимоий фаровонликка бундай катта эътибор қаратилиши баъзан инсон қадр-қиммати камситиладиган тоталитар жамиятлар пайдо бўлишига олиб келган. Илм-фан ривожланиши туфайли Шарқ ва Ғарб яқинлашган бугунги кунда шахсга, жамиятга нисбатан ғаразли муносабатга барҳам берилиб, икковининг ҳам муҳимлиги эътироф этилиши ва ҳар иккаласига етарлича эътибор қаратиладиган таълим тизими яратилиши керак.

Шу тариқа таълимнинг бугунги кунимиздаги аҳамияти аён бўлади. Тажрибанинг кўрсатишича, таълим инсонни, у орқали эса жамиятни ўзгартиришга қодирдир. Киши шахсга айланмаган жойда жамият мукаммал бўла олмайди. Шу боис ҳозирги замонда таълим комил инсонни тарбиялашга хизмат қилиши, шарқча ва ғарбча инсон тушунчалари эса бу жараёнга ўз улушларини қўшишлари лозим.

Хулосага ўтишдан олдин эътиборингизни яна бир муаммога қаратмоқчиман. Кўпинча «таълим нима: мақсадми ё восита?» деган савол туғилади. Менимча, умуман олганда, таълимга восита сифатида қараш Ғарбга хосдир, Шарқ эса уни мақсад деб ҳисоблайди. Ростдан ҳам таълимга восита сифатида қарасак, унинг мақсади нима деган савол келиб чиқиши табиий. Ғарб кўпинча ижтимоий фаровонликка эришишни мақсад қилган, бироқ ижтимоий фаровонликни турлича талқин қилиш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таълимга восита сифатида қараш билишнинг аҳамияти озгина камайишига олиб келади. Менимча, шарқча инсон тушунчаси таълимнинг асл моҳиятини аниқроқ акс эттиради. Унга асосий мақсад сифатида қараб биз билим асосий қадриятлардан бири ҳисобланишини эътироф этамиз. Ғарб файласуфларидан бирортаси билимнинг муҳимлигини инкор қилмаса керак, аммо таълимга мақсад сифатида қаралмас экан, билимнинг аҳамиятини англаб етиб бўлмайди. Бунинг устига таълимнинг мақсад эканини тан олишнинг ўзи инсоннинг мақомини оширади. Шундан келиб чиқиб мен ҳам таълимга моддий фаровонликка эришиш воситасидан кўра кўпроқ мақсад сифатида ёндашиш керак деб ўйлайман.

4

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шарқча инсон тушунчасига мувофиқ одамзод Аллоҳ тажаллисининг самараси сифатида худога хос барча хусусиятларга эга, шу боис барча яратиқлар устидан ҳукмронлик қилишга қодирдир. Ғарбча инсон тушунчасига мувофиқ инсон ҳайвон, ҳайвон бўлганда ҳам моддий оламда чексиз тараққиётга эришишга қодир ҳайвон ҳисобланади. Унинг илмий ютуқлари унинг бошқа яратиқлардан устунлигининг яққол тасдиғидир, бу ютуқлар унга осмон, денгиз ва ерга ҳокимлик қилиш имконини беради. Шу тариқа биз Ғарб инсон ҳақидаги шарқча назарияни тажриба йўли билан тасдиқлади дейишимиз мумкин. Аммо Ғарб назарияси инсоннинг маънавий асосига етарли эътибор қаратмагани сабабли унинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари инсоният ҳаёти учун таҳдид манбаига айланиб қолди. Шу боис Ғарб илм-фанининг ютуқлари инсон ва худонинг маънавий бирлиги ҳақидаги шарқона ғоя билан бирлаштирилса илм-фан вайронагарчилик қуролига эмас, инсониятнинг тотувлиги, тараққиёти ва фаровонлигига эришиш воситасига айланган бўлур эди.

Шарқ ва Ғарб файласуфларининг ушбу симпозиуми маънавиятли инсон тушунчаси билан моддий оламда чексиз тараққиётга эришишга қодир инсон тушунчасини уйғунлаштиришга, шу тариқа ер юзида жаннат барпо бўлишига ёрдам беради деб умид қиламан.

ИЗОҲЛАР

1. Позитивизм (лот. positivus — ижобий) — фалсафий йўналиш. Унга кўра барча чинакам (позитив) билимлар махсус фанлар йиғиндиси натижасидир, фан бирор фалсафанинг ўз устидан ҳукмронлигига муҳтож эмас.
2. Эмпиризм (юн. empeiria — тажриба) — фалсафий оқим, ҳиссий тажрибанибилишнинг бирдан-бир манбаи деб ҳисоблайди.
3. Схоластика (юн. schololastikos — мактабга, олимга оид) — диний дунёқарашни назарий асослашга интилувчи диний фалсафа.
4. Пантеизм (пан…ва юн. theos — худо) — худо билан табиат бир нарса, улар бир бутунни ташкил қилади деб ҳисобловчи диний ва фалсафий таълимот.
5. Фтализм (лот. fatalis — тақдирга оид) — ҳамма воқеаларнинг азалдан белгилаб қўйилганлиги тўғрисидаги таълимот; мавҳум тақдирга (антик стоицизм) «пешонага ёзилган» тақдири азалга (ислом ва бошқа динлар) ва шу кабиларга ишониш.
6. Бихевиоризм ( инг. behaviour — хулқ) — 19-асрнинг охири-20-асрдаги америка психологиясининг етакчи оқимларидан бири.

Ҳасан КАРВОНЛИ таржимаси

Манба: Маънавий ҳаёт» журнали, 2015.№ 2

001 Oxirgi olti ming yildan ko’proq vaqt mobaynida, ibtidoiy jamoa davridan boshlab insoniyat juda katta yo’lni bosib o’tdi. Bu yo’lda u ko’plab kutilmagan to’siqlarni qanday yengib o’tgani, tabiiy qiyinchiliklar va jondorlarga qarshi qanday kurashgani tarixdan ma’lum. Bu vaqtda ne-ne mashaqqatlarga duch kelganiga qaramay inson tabiatning buyuk sirlarini asta-sekin, izchillik bilan anglab bordi. Tabiat yuzidagi pardalar birin-ketin ko’tarilmoqda va inson eng yashirin sirlarni ham qunt va matonat bilan egallab borayapti.

Mavlono Abulkalom Ozod
INSON TUSHUNCHASI VA
SHARQU G’ARBDAGI TA’LIM MUAMMOLARI

033

099Hindiston hukumati nomidan va shaxsan o’zim ushbu simpozium ishtirokchilarini qutlash baxtiga musharraf bo’lganimdan mamnunman. YUNESKO tashkil etilgandan buyon turli mavzularda doimiy ravishda seminarlar, munozaralar va simpoziumlar o’tkazib kelmoqda, xalqlar o’rtasidagi aloqalar, har xil masalalar bo’yicha bilim va tajriba almashishga va shu tariqa bir-birini teranroq anglashga yordam beruvchi munosabatlar mazkur anjumanlarda ko’rib chiqiladigan muammolarga qanday yechim topilishiga bog’liqdir. Ushbu simpozium juda muhim mavzuga bag’ishlangan. Bugun Sharq va G’arb faylasuflari inson tushunchasini muhokama qilish uchun yig’ildilar. Bu zamonamizning asosiy muammosi ekanini, insoniyatning kelajagi uning qanday hal etilishiga bog’liqligini kim inkor eta oladi? Shu bois men sizlar bilan shu yerda, faylasuf va mutafakkirlar yurti bo’lmish ko’hna zaminda uchrashib turganimdan g’oyat mamnunman. Hindistondagi boy falsafiy an’analar va yuksak ma’naviyat qaror topgan muhit sizning munozaralaringizga ijobiy ta’sir qilishiga aminman.

1

Oxirgi olti ming yildan ko’proq vaqt mobaynida, ibtidoiy jamoa davridan boshlab insoniyat juda katta yo’lni bosib o’tdi. Bu yo’lda u ko’plab kutilmagan to’siqlarni qanday yengib o’tgani, tabiiy qiyinchiliklar va jondorlarga qarshi qanday kurashgani tarixdan ma’lum. Bu vaqtda ne-ne mashaqqatlarga duch kelganiga qaramay inson tabiatning buyuk sirlarini asta-sekin, izchillik bilan anglab bordi. Tabiat yuzidagi pardalar birin-ketin ko’tarilmoqda va inson eng yashirin sirlarni ham qunt va matonat bilan egallab borayapti.

Ha, odamzot tabiat sirlarini ochish yo’lida sobitqadamlik bilan ildamlamoqda, ammo u o’zligini anglash borasida ham shunday muvaffaqiyatga erishdi deb ayta olamizmi? Olti ming yildan beri haqiqatni izlayotgan inson bugun o’zini asli qanday bo’lsa shunday ko’ra olayapti deyish mumkinmi? Bu boradagi ishlar hali ko’ngildagidek emas desam, o’ylaymanki, siz ham fikrimga qo’shilasiz. Inson yaratgan oyna olamni bor bo’yicha aks ettira oladi, lekin odamning ichini ko’rsatolmaydi. Tan olish kerakki, inson hali o’z tabiati haqida aniq tasavvurga ega bo’lolgani yo’q. Unga o’z «men»i sirlarini bilishdan ko’ra olam sirlarini ochish osonroq. Deyarli uch ming yildan beri faylasuflar inson o’zi kim, qaydan keladi-yu qayga ketadi degan savollarga javob topishga urinadilar. Ammo haligacha bu savollarga aytarli javob topilgani yo’q. Shunisi aniqki, o’z «men»ining tabiatini anglamaguncha, o’zining cheksiz koinotdagi o’rnini bilib olmaguncha inson ko’nglidagi kechinmalarga, ijtimoiy, milliy va xalqaro munosabatlarga oid muammolarni hal qila olmaydi.

Oldingizdagi asosiy vazifa ushbu muammoni ko’rib chiqishdir. Siz bu yerga inson tushunchasi Sharq va G’arb mutafakkirlari tomonidan qanday talqin qilinganini muhokama qilish uchun yig’ilgansiz. Ammo avvalo shuni ta’kidlamoqchimanki, biz dunyoni Sharq va G’arbga ajratarkanmiz, faqat ushbu mintaqalardagi fikrlash tarzining o’ziga xosligini nazarda tutamiz. Bu holat ko’pgina muammolar yuzasidan bizda umumiy nuqtai nazar va yakdil fikr yo’qligini bildirmaydi va bildirishi ham mumkin emas. Butun dunyoda inson fikrlash va mantiqning bir xil uslublariga rioya qiladi. Inson ongining xususiyatlari umumiy va bir xildir. Insoniy tuyg’ular ham o’xshashdir. «Xo’roz hamma joyda bir xil qichqiradi» deb bejiz aytishmagan. Shu bois, tabiiyki, odamlar kurrai zaminning qaerida yashamasinlar, ularning o’zi va dunyo haqidagi qarashlari ko’pincha mos tushadi. Ularning turmush sir-sinoatlariga munosabati ham o’xshashdir. Himolay etaklarida mangu qor bilan qoplangan cho’qqilarga boqib meditatsiya holatiga tushgan hindlar nimani his qilgan bo’lsalar, Olimp tog’iga hayrat va ehtirom bilan boqqan yunonlar ham shu tuyg’uni boshdan kechirganlar.

Inson ongi o’xshash bo’lishiga qaramay turli mintaqalarda yashovchi odamlar bir qator umumiy muammolarga turlicha yondasha boshladilar. Hatto yondashuvda farq kuzatilmagan joylarda ham umumiy muammolar va umumiy yechimlarning har xil jihatlariga urg’u berishga moyillik yaqqol ko’zga tashlanar edi. Bir-biriga aynan o’xshash ikki holat mavjud emas. Shu bois sayyoramizning turli mintaqalarida yashovchi odamlar bir xil muammolarning har xil jihatlariga e’tibor qaratishgani tabiiy hol. Aynan ushbu tafovutlardan kelib chiqib biz milliy yoki mintaqaviy ongning o’ziga xosliklari haqida gapiramiz. Shu nuqtai nazardan men Sharqni G’arbdan ajratib turuvchi o’ziga xos xususiyatlarni tavsiflashga harakat qilaman. Xulosalar shaklan mos kelgan taqdirda ham ular o’rtasidagi nozik farqlar sezilib turadi desam, menimcha, fikrimga qo’shilasiz. Bu hol bizga ba’zi xulosalarni sharqona, boshqalarini g’arbona deb atash imkonini beradi.

Boya aytganimday, Sharq va G’arb faylasuflarining qarashlarida o’xshashliklar ko’p, biroq Hindiston, Gretsiya va Xitoydagi dunyoqarashning har xil jihatlariga beriladigan urg’udagi tafovutlar qadim zamondan hozirgacha yozilgan kitoblarda yaqqol ko’zga tashlanadi. Hind falsafasi insonning ichki olamiga ko’proq e’tibor qaratgan. Faylasuflar insonning tabiatini tushunishga intilishgan, shu niyatda ular inson va yashirin haqiqatning aynan o’xshashligini isbotlashga harakat qilib, insonning sezgisi, fitrati, hatto mantiq doirasidan chiqib ketishgan. Yunon faylasuflarini asosan tashqi olam xususiyatlari qiziqtirgan. Ular insonning borliqdagi o’rnini aniqlashga intilganlar. Shu bois umuman olganda ular tutgan yo’l hindlar tutgan yo’ldan ko’ra osonroq va yengilroqdir. Xitoyda ham faylasuflarni insonning ichki va tashqi olami unchalik qiziqtirmagan. Ularning bor e’tibori insoniy munosabatlarni o’rganishga qaratilgan. Qarashlardagi bu farqlar falsafaning ushbu mintaqalardagi keyingi taraqqiyotiga katta ta’sir ko’rsatgan. Natijada ularning insonni tushunishida ajib tafovutlar kuzatilmoqda.

Yunonlarni odam va olam munosabatlari qiziqtirgan. Shu bois azaldan yunon falsafasi odamning siyratiga nisbatan amaliga juda katta e’tibor qaratgan. To’g’ri, ilk yunon mutafakkirlaridan ba’zilari insonni avvalo ma’naviyatga ega maxluq deb hisoblashgan va Aflotungacha shu fikr ustunlik qilgan. Ammo Arastu falsafasi paydo bo’lishi bilan falsafiy fikrlar yo’nalishi o’zgarib, asosiy e’tibor inson siyratidan uning xatti-harakatlariga ko’chadi. Insonga aqlli hayvon deb qaragan Arastu ta’sirida falsafa pozitivistik(1) xususiyat kasb etdi. Vaqt o’tishi bilan G’arb tafakkurida mana shunday pozitivistik, empirik (2) va ilmiy yo’nalish ustun bo’lib qoldi. Ushbu qarashga ko’ra inson aqli bilan boshqa jonzotlardan ajralib turadi va uning sharofati bilan komillikka erishadi. Shunga qaramay u mohiyatan izchillik bilan rivojlanuvchi hayvonligicha qolmoqda. Bu borada hech kim ingliz faylasufi Rayldan o’tkazib fikr bildirmagan bo’lsa kerak. Inson asli hayvonligini e’tirof etar ekan, faylasuf «inson hozir shunday bosqichga yetib keldiki, endi u quyiga emas, yuqoriga qarashi kerak» deb ta’kidlaydi. Odam — gavdasini tik tutuvchi yagona jonzot va faqat nigohini yuksakka tikkandagina qaddini tik saqlab qolishga qodir.

Yevropa tafakkurining taraqqiyotiga Aflotunning g’oyaviy qarashlari va nasroniylik juda kuchli ta’sir ko’rsatgani shubhasiz. Masalan, o’rta asrlar sxolastlari (3) ko’pincha faylasufdan ko’ra dinshunosga o’xshab ketishini kuzatamiz. Hatto hozir ham Yevropa falsafiy tafakkurida diniy-idealistik yo’nalish kuchliroqdir. To’g’ri, Yangi davr boshlanishi bilan bu yo’nalish borgan sari o’z o’rnini falsafiy dunyoqarashga bo’shatib bermoqda, falsafiy dunyoqarash asosida esa ilmiy g’oyalar yotadi. O’n yettinchi asrdan ilm-fan shiddat bilan rivojlana boshladi, shu bilan birga insonning tabiat ustidan hukmronligi kuchaydi. Fandagi muvaffaqiyatlar G’arb tafakkurining ko’zini yog’ bosishiga va unda «men har narsaga qodirman» degan qat’iy ishonch paydo bo’lishiga olib keldi. G’arb insonga ob’ektlar ichidagi bir ob’ekt deb qarab, inson hayotining barcha sohalarida ilmiy kontseptsiyalar va ilmiy metodlarni qo’llashga urindi. Vaqt o’tishi bilan materialistik va ilmiy yo’nalish G’arbda keng tarqalgan dunyoqarashga aylandi. Uning ravnaq topishi Darvin inson hayvondan kelib chiqqanini isbotlashga uringan, Marks esa insonning ongi ma’lum darajada uning turish-turmushi bilan belgilanishini ta’kidlagan o’n to’qqizinchi va yigirmanchi asrlarga to’g’ri keladi.

Inson to’xtovsiz rivojlanayotgan jonzot degan qarashning ziddi o’laroq Sharqda biz mutlaqo boshqa inson tushunchasiga duch kelamiz. Qadim zamonlardanoq Sharq mutafakkirlari ma’naviyat
insongagina xosligini ta’kidlashgan. Inson qalbini mushohada qilish Hindistonda vedanta falsafasi, arab mamlakatlarida esa so’fizm paydo bo’lishiga olib keldi. Ma’naviyatli inson tushunchasi Sharqdagi barcha mamlakatlarda falsafiy tafakkurga salmoqli ta’sir ko’rsatdi, G’arbda ham e’tibordan chetda qolmadi. Ushbu tushunchaga ko’ra insonning suratigagina qarab ichki dunyosini anglab bo’lmaydi. Insonga Alloh tajallisining samarasi sifatida qarasakkina uning asil tabiatini anglab yetishimiz mumkin. Sharq falsafasida panteizm (4) keng tarqaldi. Hind falsafasining turli yo’nalishlarida hamma narsaga tangri mavjudligining ifodasi sifatida qaraladi, shunda ham insonga alohida o’rin beriladi, chunki unda ilohiy mohiyat yorqin namoyon bo’ladi. «Gitalar»da aytilganidek:

«Bilishdan murod sensan, sen azalu abadsan,
Sen olamda eng yuksak maskan!
Sen Dxarmaning mangu muhofizisan!
Sen o’lmas Purushasan! — men shunday deb bilurman».

Shunday qilib, so’fizmda Alloh cheksiz ummon bo’lsa, inson uning bir qatrasi, Alloh oftob bo’lsa, inson bir qatim nur deb tasavvur qilinadi. Insonning nigohini bilimsizlik pardasi to’sib turar ekan, u o’zini abadiy borliqdan ayro alohida olam deb hisoblashi mumkin. Qalb ko’zi ochilganda esa zohiriy tafovutlar yo’qoladi va inson o’zining abadiy borliqdagi bir lahza ekanini anglab yetadi.

Sharqda yuzaga kelgan va hozir ham mavjud bo’lgan Inson tushunchasida unga yerdagi barcha maxluqlardan a’lo jonzot sifatidagina emas, o’z xususiyatlariga ko’ra ulardan ajralib turuvchi zot sifatida ham qaraladi. Inson tenglar ichra eng yaxshi hisoblanmaydi, u boshqa har qanday jonzotning mohiyatidan ham a’loroq mohiyatga ega. U nafaqat to’xtovsiz rivojlanayotgan jonzot, balki o’zida Alloh taoloning xususiyatlarini kashf etishga qodir zotdir. Haqiqatan ham uning xislatlari shunchalik yuksak va mukammalki, inson aqliga sig’dira oladigan bundan yuqoriroq daraja yo’q. «Chxandogya-upanishada»da aytilganidek:

«Haqiqat shunday. Atman (ruh) shunday. Sen shundaysan».

Bu g’oya arabcha «O’zini anglagan xudoni ham anglaydi» naqlida ham juda chiroyli ifodalangan.

Keyinchalik rivojlantirilgan ushbu printsip inson dunyodan ayro kimsa emas, ammo butun olamni o’z ichiga oladi degan fikrni keltirib chiqardi. «Gitalar»da aytilganidek:

«Bugun shu yerda harakatdagi va harakatsiz butun olamga nazar sol, o Gudakesha (Arjuna), nimani ko’rmoqchi bo’lsang bari mening vujudimda mujassam».

Shoir (so’fiy) arabcha she’rida bu haqda shunday degan edi:

«O’ylaysanki, sen kichkina vujudsan, bilmaysanki, moddiy dunyodan ham kattaroq olamni vujudingga jo etgansan».

Insonga bundan yaxshi ta’rif berib bo’lmaydi desam, o’ylaymanki, barchangiz fikrimga qo’shilasiz. Xudo inson tafakkurining haddi a’losidir. Sharqcha inson tushunchasi odamni hazrati inson deya ulug’lar ekan, unda komillik, olimlik, qodirlik kabi Allohga xos ko’pdan-ko’p xususiyatlarni ko’rishni istaydi. Shu bois insonda ularga intilishdan boshqa ulug’ maqsad bo’lishi mumkin emas. Shu jihati bilan u boshqa barcha jonzotlardan ustundir.

2

Shu paytgacha biz inson tushunchasi haqida Sharq va G’arb falsafasi nuqtai nazaridan kelib chiqib gapirdik. Endi din bu borada nima deyishiga to’xtalmoqchimiz. Yahudiylar va xristianlarning e’tiqodiga ko’ra xudo odamni o’ziga o’xshatib yaratgan. Bundan inson xudoga xos barcha xususiyatlarga ega degan xulosaga kelish mumkin. Xristianlik pozitsiyasi (munosabati) diniy mistitsizmning yorqin ifodalangan elementida aks etgan.

Islomda ham yuqoridagi dunyoqarash ta’sirini kuzatamiz. Insonni ulug’lash bobida Qur’on avvalgi muqaddas kitoblardan o’tib ketdi, unga ko’ra xudo nafaqat odamni o’ziga o’xshatib yaratgan, balki inson xudoning yerdagi o’rinbosari hamdir. Qur’oni karimning «Baqara» surasi 30-oyatida Alloh taolo odamning yaratilishi xususida: «Men Yerda xalifa (Odam) yaratmoqchiman», — degani aytiladi.

Ko’pchilik arab faylasuflariga Arastu qanchalik kuchli ta’sir ko’rsatgani hammaga ma’lum, ammo hatto Arastuni sharhlaganda ham ular inson — xudoning yerdagi vakili g’oyasini dalil qilib keltirishadi. Metafizikaga taalluqli barcha masalalarda Ibn Sino va Ibn Rushd Arastuga ergashadilar, biroq ular islomdan o’zlashtirgan ma’naviyatli inson tushunchasi ularni inson xudoga xos barcha xususiyatlarga ega ekan, unda bilimda ham, o’z irodasini namoyon etishda ham u egallaydigan yuksaklikning chegarasi yo’q deb e’tirof etishga undaydi. G’azzoliy, Roziy, Rog’ib Isfahoniy singari musulmon faylasuflari o’z asarlarida ushbu g’oyani rivojlantirdilar.

Aytish joizki, vedanta va so’fizmda inson tushunchasi ko’klarga ko’tariladi, shu bilan birga har ikkala falsafa maktabining qayd etishicha, bir tomondan, ular insonning imkoniyatlarini aslo cheklamaydilar, boshqa tomondan esa taqdirning shubhasiz inson irodasidan ustunligini ko’zda tutadilar. Ularning insonning xudoga munosabati tushunchasida bu nomuvofiqlikning izohi mavjud. Modomiki, inson Alloh tajallisining samarasi ekan, u nima qilmasin pirovardida bu xudoning ishi, nima sodir bo’lmasin, Allohning irodasi bilan sodir bo’lgan bo’lib chiqadi. Bunday qarash «inson bor-yo’g’i taqdir qo’lidagi bir o’yinchoq» degan fikrni keltirib chiqarishiga bir bahya qoladi.

Yuqorida vedanta va so’fizm o’zlarining boshlang’ich shakllarida insonning bir qator ma’naviy yutuqlarga erishishiga ko’maklashgani, ayni paytda moddiy turmush borasidagi taraqqiyoti yo’lida muayyan darajada to’siq bo’lgani aytildi. Odam va xudoning o’xshashligi haqidagi fikr jamiyatni insoniy dardga loqayd qilib qo’ydi, chunki dard puch, xayoliy bir narsa hisoblanar edi. Sharq jamiyati ko’pincha ijtimoiy qiyinchiliklarning sabablarini bartaraf etish choralarini ko’rmagan. Shuning uchun hozirgi mutafakkirlarning ayrimlari vedanta falsafasini bayon qilar ekan, uni fatalizm(5)dan xalos etishga urinishadi.

G’arbcha inson tushunchasida ham biz shunday holatga duch kelamiz. Materializm falsafasi avvalo hayotga deterministik qarashni joriy etadi. Chunki moddiy dunyoni sababiyat qonuni boshqarar ekan, u inson faoliyatiga ham tatbiq qilinishi kerak. Mazkur g’oya bixevioristlar (6) nazariyasida yorqin ifodalangan. Biroq g’arbona tafakkur bunday deterministik tushuncha ta’siriga berilmadi va favqulodda, tengi yo’q ruhiy quvvatni
namoyish qildi.

Bugungi simpoziumning asosiy vazifalaridan biri Sharq va G’arbning falsafiy va diniy dunyoqarashiga sezilarli ta’sir ko’rsatgan ushbu ikki tushunchani uyg’unlashtirish imkonini topishdir. G’arbcha taraqqiyot nazariyasi bilan birlashtirilgan sharqcha inson missiyasi tushunchasi insonga fanni suiste’mol qilishidan qo’rqmay cheksiz olg’a intilish imkonini bergan bo’lur edi. Ikkala qarashning birikuvi inson va xudoning o’xshashligi haqidagi sharqona tushunchadan kelib chiquvchi fatalizmdan ham xalos bo’lishga yordam beradi. Sharqcha inson missiyasi tushunchasi nafaqat G’arb ilm-fani taraqqiyoti bilan uyg’unlasha oladi, balki uning sabablarini ham butkul tushunarli qilib izohlab bera oladi. Agar inson chindan ham yuqori darajada rivojlangan hayvon bo’lganida uning kamolotining chegarasi bo’lar edi. Xudo cheksiz bo’lgani kabi u ham cheksiz bo’lsa, uning bilimining ham chegarasi mavjud emas. Ilm-fan shu tariqa insonni qiynayotgan masalalarni birin-ketin hal qilib zafarli odimini davom ettiraveradi.

Insoniyat kelajagi uchun sharqcha va g’arbcha inson tushunchasi sintezi nima uchun bu qadar muhimligining bundan ham kattaroq sababi bor. Ilm-fan o’z-o’zidan xolisdir. Ilmiy kashfiyotdan tuzatish uchun ham, o’ldirish uchun ham foydalanish mumkin. Ilm yer yuzini jannatga aylantirishga xizmat qiladimi yo butun dunyoning kuyib kul bo’lishigami, bu uni egallagan kishining aql-idroki va fikrlash tarziga bog’liq. Agar insonga faqat tadrijiy rivojlanuvchi hayvon sifatida qarasak, unda hech nima unga fandan hayvoniy nafs va ehtiyojlarini qondirish uchun foydalanishiga to’sqinlik qilolmaydi. Agar insonga Alloh tajallisining samarasi sifatida yondashsak, u egallagan ilm yer yuzida tinchlik va totuvlikka erishilishiga va hamma odamlarning ezgu orzu-niyatlari ro’yobga chiqishiga xizmat qiladi.

3

Men sharqcha va g’arbcha inson tushunchasi ma’lum darajada bir-birini to’ldirishini ko’rsatishga harakat qildim. Birida insonning azizu-mukarramligi ta’kidlansa, boshqasida inson erishgan va o’z kuchi bilan erishishga qodir bo’lgan taraqqiyotga alohida ahamiyat beriladi. Birida inson tabiatining ma’naviy asosiga e’tibor qaratilsa, ikkinchisi ma’naviy ustunlik moddiy asosga ham tayanishini qayd etadi. O’rtada arzimas tafovutlar mavjudligiga qaramay g’arbcha va sharqcha inson tushunchasi murosa yo’lini topa olishsa, ushbu ikki mintaqa ta’lim sistemalari jahon miqyosidagi yaxlit ta’lim tizimiga aylanishiga xalaqit beruvchi hech bir sabab qolmaydi.

Sharqda ham, G’arbda ham keng tarqalgan ta’lim tizimlarining o’z xosliklari mavjud. Sharqda shaxsiy najot tushunchasiga juda katta e’tibor qaratiladi. Inson o’zini qutqarish uchun ilmga intiladi. Shaxsiy najot muammosini birinchi o’ringa qo’yuvchi Sharq tafakkuri ijtimoiy farovonlik va taraqqiyotga har doim ham yetarlicha e’tibor qaratmagan. G’arbda esa aksincha, ijtimoiy taraqqiyot masalalariga ustuvor ahamiyat berilgan. Haqiqatda esa ijtimoiy farovonlikka bunday katta e’tibor qaratilishi ba’zan inson qadr-qimmati kamsitiladigan totalitar jamiyatlar paydo bo’lishiga olib kelgan. Ilm-fan rivojlanishi tufayli Sharq va G’arb yaqinlashgan bugungi kunda shaxsga, jamiyatga nisbatan g’arazli munosabatga barham berilib, ikkovining ham muhimligi e’tirof etilishi va har ikkalasiga yetarlicha e’tibor qaratiladigan ta’lim tizimi yaratilishi kerak.

Shu tariqa ta’limning bugungi kunimizdagi ahamiyati ayon bo’ladi. Tajribaning ko’rsatishicha, ta’lim insonni, u orqali esa jamiyatni o’zgartirishga qodirdir. Kishi shaxsga aylanmagan joyda jamiyat mukammal bo’la olmaydi. Shu bois hozirgi zamonda ta’lim komil insonni tarbiyalashga xizmat qilishi, sharqcha va g’arbcha inson tushunchalari esa bu jarayonga o’z ulushlarini qo’shishlari lozim.

Xulosaga o’tishdan oldin e’tiboringizni yana bir muammoga qaratmoqchiman. Ko’pincha «ta’lim nima: maqsadmi yo vosita?» degan savol tug’iladi. Menimcha, umuman olganda, ta’limga vosita sifatida qarash G’arbga xosdir, Sharq esa uni maqsad deb hisoblaydi. Rostdan ham ta’limga vosita sifatida qarasak, uning maqsadi nima degan savol kelib chiqishi tabiiy. G’arb ko’pincha ijtimoiy farovonlikka erishishni maqsad qilgan, biroq ijtimoiy farovonlikni turlicha talqin qilish mumkin. Har qanday holatda ham ta’limga vosita sifatida qarash bilishning ahamiyati ozgina kamayishiga olib keladi. Menimcha, sharqcha inson tushunchasi ta’limning asl mohiyatini aniqroq aks ettiradi. Unga asosiy maqsad sifatida qarab biz bilim asosiy qadriyatlardan biri hisoblanishini e’tirof etamiz. G’arb faylasuflaridan birortasi bilimning muhimligini inkor qilmasa kerak, ammo ta’limga maqsad sifatida qaralmas ekan, bilimning ahamiyatini anglab yetib bo’lmaydi. Buning ustiga ta’limning maqsad ekanini tan olishning o’zi insonning maqomini oshiradi. Shundan kelib chiqib men ham ta’limga moddiy farovonlikka erishish vositasidan ko’ra ko’proq maqsad sifatida yondashish kerak deb o’ylayman.

4

Xulosa qilib aytish mumkinki, sharqcha inson tushunchasiga muvofiq odamzod Alloh tajallisining samarasi sifatida xudoga xos barcha xususiyatlarga ega, shu bois barcha yaratiqlar ustidan hukmronlik qilishga qodirdir. G’arbcha inson tushunchasiga muvofiq inson hayvon, hayvon bo’lganda ham moddiy olamda cheksiz taraqqiyotga erishishga qodir hayvon hisoblanadi. Uning ilmiy yutuqlari uning boshqa yaratiqlardan ustunligining yaqqol tasdig’idir, bu yutuqlar unga osmon, dengiz va yerga hokimlik qilish imkonini beradi. Shu tariqa biz G’arb inson haqidagi sharqcha nazariyani tajriba yo’li bilan tasdiqladi deyishimiz mumkin. Ammo G’arb nazariyasi insonning ma’naviy asosiga yetarli e’tibor qaratmagani sababli uning ilm-fan sohasidagi yutuqlari insoniyat hayoti uchun tahdid manbaiga aylanib qoldi. Shu bois G’arb ilm-fanining yutuqlari inson va xudoning ma’naviy birligi haqidagi sharqona g’oya bilan birlashtirilsa ilm-fan vayronagarchilik quroliga emas, insoniyatning totuvligi, taraqqiyoti va farovonligiga erishish vositasiga aylangan bo’lur edi.

Sharq va G’arb faylasuflarining ushbu simpoziumi ma’naviyatli inson tushunchasi bilan moddiy olamda cheksiz taraqqiyotga erishishga qodir inson tushunchasini uyg’unlashtirishga, shu tariqa yer yuzida jannat barpo bo’lishiga yordam beradi deb umid qilaman.

IZOHLAR

1. Pozitivizm (lot. positivus — ijobiy) — falsafiy yo’nalish. Unga ko’ra barcha chinakam (pozitiv) bilimlar maxsus fanlar yig’indisi natijasidir, fan biror falsafaning o’z ustidan hukmronligiga muhtoj emas.
2. Empirizm (yun. empeiria — tajriba) — falsafiy oqim, hissiy tajribanibilishning birdan-bir manbai deb hisoblaydi.
3. Sxolastika (yun. schololastikos — maktabga, olimga oid) — diniy dunyoqarashni nazariy asoslashga intiluvchi diniy falsafa.
4. Panteizm (pan…va yun. theos — xudo) — xudo bilan tabiat bir narsa, ular bir butunni tashkil qiladi deb hisoblovchi diniy va falsafiy ta’limot.
5. Ftalizm (lot. fatalis — taqdirga oid) — hamma voqealarning azaldan belgilab qo’yilganligi to’g’risidagi ta’limot; mavhum taqdirga (antik stoitsizm) «peshonaga yozilgan» taqdiri azalga (islom va boshqa dinlar) va shu kabilarga ishonish.
6. Bixeviorizm ( ing. behaviour — xulq) — 19-asrning oxiri-20-asrdagi amerika psixologiyasining yetakchi oqimlaridan biri.

Hasan KARVONLI tarjimasi

Manba: Ma’naviy hayot» jurnali, 2015.№ 2

001

(Tashriflar: umumiy 1 687, bugungi 1)

Izoh qoldiring