Abdulla Oripov. Yangi she’rlar. (Mart ,2015)

02    Атоқли шоир Абдулла Орипов ўзбек адабиёти саҳнига кириб келганидан то шу бугунгача унинг шеъриятига, ёзган ҳар бир янги шеърига бўлган қизиқиш заррача камайгани йўқ, аксинча, ортиб бормоқда.  Бугун устознинг март ойининг иккинчи ярмида ёзган шеърларини тақдим этамиз.

02
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
МАРТ ШЕЪРЛАРИ
04

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ

Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,
Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.
Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,
Калава топдинг-у учин йўқотдинг.
Мен каби охири ғафлатда қотдинг,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,
Нима зарур унга зулму қабоҳат.
Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда «Нега?» деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,
Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.
Ҳар ҳолда гаплашдик икки соқовдек,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

30.03.2015 й.

ҚЎРҚУВ

У замон ўтиб кетди,
Дегаймиз: – Шўри қурсин,
Инсонни таҳқир этган
Зўравон, сохта ғоя.
Қолган-қутгани бўлса
Худонинг ўзи урсин,
Лекин баъзан руҳимга
Қўрқуви солар соя.

У дейди: – “Шеърдан қайтинг
Соғ-омон пайтингизда,
Кимларгадир тегмасин
Сатрингизнинг бир жойи.
Халқим, деб бонг урибсиз
Мана бу байтингизда,
Халқимиз десангиз гар
Бўлмасмиди бинойи.

Муҳаббатим демишсиз,
Бу гап хато, албатта,
У қайси муҳаббатдир?
Яширгайсиз сиз доим.
Муҳаббат ҳамманики,
Маъноси жуда катта,
Хусусий бўлиб қолса,
Не дер эл-юрт, Худойим!”

О, сен қўрқув шарпаси,
Юз йил наридан туриб,
Шубҳа билан аврайсан
Миллионларнинг калласин.
«Қонми?» дейсан қалтираб
Тарвуз сувини кўриб,
«Аскар каскаси», дейсан
Тарвузнинг қўш палласин.

Қарғами ё тошбақа
Яшармиш жуда узоқ,
Аслида улар умри
Ўткинчидир, бир онлик.
Жаҳолат неча ёшда?
Етмайди бунга саноқ,
Афсуски, асло ўлмас,
Абадийдир нодонлик.

Бу Ватан меникидир,
Бу тил менинг тилимдир,
Муҳаббатим меники,
Чидайсан-да, начора.
Иззат қилса ўғлим деб,
Бу эл менинг элимдир,
Оҳ, сенга нима қолди?
Қўрқув қолди, бечора.

26.03.2015

ҚЎРИҚЧИ ИТ

Орзу қилган экан бойвачча йигит,
Уй қурди, ақчани сарф этди талай.
Уйни қўриқларди, лекин чўлоқ ит,
Бўйнигача қўтир, бир кўзи ғилай.
Шундоқ иморатни қурдингми, Одам,
Топиб қўй-да энди, лойиқ итни ҳам.

25.03.2015

ЖАННАТ ҚОПҚАСИДА

Жаннат қопқасида тирбанд оломон,
Бари ҳам розидир, бари ҳам масрур.
Бунда орзусига эришган инсон,
Жаннати деган сўз янграрди мағрур.

Ўрнидан жилмасди бир банда фақат,
Ҳамма ҳайрон эди боқиб бу ҳолга.
Жаннатга шошмаган кимдир бул уммат?
Фаришталар тушиб, тутди саволга.

Банда жавоб қилди: — Яшадим узоқ,
Ҳар не ишни қилдим, ҳатто бахиллик.
Минглаб қавмларни учратдим, бироқ
Яхшилик кўрмадим, афсус, яхшилик.

Мени қуршаб олди бир кун ёвуз куч,
Тошбўрон қилишди, бўлишганча жам.
Ҳатто гўдакларнинг кўзларида ўч,
Менга тош отмади фақат бир одам.

Оё, ўша зотни бергайсиз топиб,
Яхшилик лойиқдир олий ҳилқатга.
Усиз қўйинг майли қопқани ёпиб,
Усиз кирмагайман ҳаргиз жаннатга.

24.03.2015

ЎЗИ ЙЎҚ ОДАМ

Нега одамлардан қочиб юрасиз,
Суҳбат ҳам қилмайсиз у ёқ-бу ёқдан.
Дейди, бармоғини қилганча бигиз,
У ёқдан топшириқ кўп-да, у ёқдан.

Ҳовли-жой қурибсиз, яхши-ку, бироқ
Мўл-мўл ишлатибсиз қўнғир бўёқдан.
Бармоғин тепага қадайди шу чоқ:
У ёқдан топшириқ тушди, у ёқдан.

Бир кун сўрадилар: қарарми келин,
Мабодо хасталик чалса оёқдан.
Шўрлик жавоб қилди шивирлаб секин:
Албатта топшириқ келса у ёқдан.

Охир тирикликдан бўлди у жудо,
Сабаб бошданмиди ёки туёқдан.
Ҳар ҳолда, ётарди дегандай гўё:
У ёқдан топшириқ бўлди, у ёқдан.

22.03.2015

ШОИР

Шоир деганлари шаҳиддир – хунсиз,
Учинчи дунёдир – кундузсиз, тунсиз.
Бола каби кулар, бироқ кўзда ёш,
Бола каби йиғлар, ва лекин унсиз.

19.03.2015

КУНДАЛИК ГАПЛАР

Менга ташвишлардан йироқ юр, дейсан,
Чарчагансан, дейсан, шундайликча ҳам.
Фақат сен муттасил ғамимни ейсан,
Лекин ҳаёт бошқа, азизам, бекам.

Магар кирсанг бирор дорихонага,
Киссавур ургандай чиқасан бўм-бўш.
Ишонгин ҳозирги бу афсонага,
Нолимай, ақчангга қилгин хайр-хўш.

Ишхонанг эшигин бесўроқ албат
Кимдир очиб кирар салобат билан.
Ҳеч бир муросага қилолмас тоқат,
Даҳоман, дейди у важоҳат билан.

Уйингга қайтасан, набиралар шод,
Бобом келдилар, деб солади чуввос.
Сен учун ўша дам бошланар ҳаёт,
Тоза ва мусаффо хаёлингга мос.

Гўё ўзанига тушгандай дарё,
Гўёки йўқ энди ҳеч кимдан гинанг.
Чой келар, шопириб қарайсан, оббо,
Дамлашни билмабди кичкинтойгинанг.

18.03.2015

МОНОЛОГ

Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,
Шу йўлда тобланди ақл ва юрак.
Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,
Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак.

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрик айтиш нимага даркор.

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

Энди сен боболар шавкатига боқ,
Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.
Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ,
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.

13.03.2015 й.

ҚИШЛОҚ ЗИЁЛИЛАРИ
(Эсдаликлардан)

Сиздан неча нафар қолди, билмадим,
Орадан ўтди-ку эллик-олтмиш йил.
Сизга эҳтиромим канда қилмадим,
Асло узилмади Сиздан бу кўнгил.

Бирингиз фельдшерсиз — ўртача дўхтир,
Бирингиз муаллим — галстук таққан.
Сизда армон деган сўз ўзи йўқдир,
Сиз — нурли уфққа энтикиб боққан.

Намуна бўлдингиз қишлоққа, элга,
Ўрисча сўзни ҳам қотирардингиз.
Риоя айлашиб адабий тилга
“Жуда”ни “йуда” деб гапирардингиз.

Ўзни нимагадир айлаб сафарбар,
Ҳаёлий душманга қирон солгансиз.
Ўқ ебди, дейишса, қайдадир аскар,
Сиз ҳам бошингизни бойлаб олгансиз.

Сиз дўхтир бўлгансиз, билмасдан асли
Қаерда жойлашган ўпка ё юрак.
Беморга бергансиз таскин-тасалли,
Ҳар хил дори-дармон шарт эмас демак.

Муаллим бўлгансиз, битта костюмни
Роса йигирма йил тепкилаб кийган.
Бирор шогирдингиз беш олган куни
Қалбингиз Наполеон фахрини туйган.

Сизни чулғаб олмиш ишонч мутлақо,
Буюк орзуларга тўлиққан мия.
Қоқ пўстак устида ёстиқсиз ҳатто
Уйқуга кетгансиз “Яшасин!” дея.

Сизни қадрларди эл-юрт бегумон,
Сиз ҳам халқ қадрига шаксиз етгансиз.
Лекин барчангиз ҳам ба ҳукми замон
Бири икки бўлмай ўтиб кетгансиз.

16.03.2015

ЎЗБЕКЧИЛИК

Ҳаёт ночорликни бўйнингга илди,
Тўйда ўртакаш ҳам бу ҳолни билди.
Ўтишингдан қўрқиб давра тўрига
Жойингиз пастда, деб ишора қилди.

16.03.2015й.

САЛОМ-АЛИК

Умримдан минг марта розиман, бироқ
Гоҳида кўксимни ортиқ керибман.
Ёшлик – ғўрлик экан, англамай кўпроқ
Катта шайтонларга салом берибман.

Вақтнинг тезлигига ҳайрон қоламан
Ва кулиб қарайман бунинг барига.
Энди ёшим улуғ, алик оламан
Кичик шайтонларнинг саломларига.

09.03.2015

09

   Atoqli shoir Abdulla Oripovning she’riyatiga, yozgan har bir yangi she’riga bo’lgan qiziqish ortib borayotganidan mamnunmiz.Bugun ustozning mart oyining ikkinchi yarmida yozgan she’rlarini taqdim etamiz.

02
Abdulla ORIPOV,
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri
MART SHE’RLARI
04

CHIDAYSAN, BOLAM

Jismimni ko’tarib turibdi tuproq,
Yerning ustidaman, yo’q zarra nolam.
O’zi chorlar bir kun bag’riga, biroq
Mensiz qolganingda chidaysan, bolam.

Hay dunyo, o’zingni bir pulga sotding,
Kalava topding-u uchin yo’qotding.
Men kabi oxiri g’aflatda qotding,
Mensiz qolganingda chidaysan, bolam.

Inson ezgulikdan topgay farog’at,
Nima zarur unga zulmu qabohat.
Kimdir urishtirib, qilgaydir rohat,
Mensiz qolganingda chidaysan, bolam.

Yerni ham, ko’kni ham ayladim tavof,
Lekin hech biridan chiqmadi javob.
Bo’g’zimda «Nega?» deb qotdi bir xitob,
Mensiz qolganingda chidaysan, bolam.

Dunyoga boqmadim men aslo yovdek,
Goho to’ssa hamki yo’limni g’ovdek.
Har holda gaplashdik ikki soqovdek,
Mensiz qolganingda chidaysan, bolam.

30.03.2015 y.

QO’RQUV

U zamon o’tib ketdi,
Degaymiz: – Sho’ri qursin,
Insonni tahqir etgan
Zo’ravon, soxta g’oya.
Qolgan-qutgani bo’lsa
Xudoning o’zi ursin,
Lekin ba’zan ruhimga
Qo’rquvi solar soya.

U deydi: – “She’rdan qayting
Sog’-omon paytingizda,
Kimlargadir tegmasin
Satringizning bir joyi.
Xalqim, deb bong uribsiz
Mana bu baytingizda,
Xalqimiz desangiz gar
Bo’lmasmidi binoyi.

Muhabbatim demishsiz,
Bu gap xato, albatta,
U qaysi muhabbatdir?
Yashirgaysiz siz doim.
Muhabbat hammaniki,
Ma’nosi juda katta,
Xususiy bo’lib qolsa,
Ne der el-yurt, Xudoyim!”

O, sen qo’rquv sharpasi,
Yuz yil naridan turib,
Shubha bilan avraysan
Millionlarning kallasin.
«Qonmi?» deysan qaltirab
Tarvuz suvini ko’rib,
«Askar kaskasi», deysan
Tarvuzning qo’sh pallasin.

Qarg’ami yo toshbaqa
Yasharmish juda uzoq,
Aslida ular umri
O’tkinchidir, bir onlik.
Jaholat necha yoshda?
Yetmaydi bunga sanoq,
Afsuski, aslo o’lmas,
Abadiydir nodonlik.

Bu Vatan menikidir,
Bu til mening tilimdir,
Muhabbatim meniki,
Chidaysan-da, nachora.
Izzat qilsa o’g’lim deb,
Bu el mening elimdir,
Oh, senga nima qoldi?
Qo’rquv qoldi, bechora.

26.03.2015

QO’RIQCHI IT

Orzu qilgan ekan boyvachcha yigit,
Uy qurdi, aqchani sarf etdi talay.
Uyni qo’riqlardi, lekin cho’loq it,
Bo’ynigacha qo’tir, bir ko’zi g’ilay.
Shundoq imoratni qurdingmi, Odam,
Topib qo’y-da endi, loyiq itni ham.

25.03.2015

JANNAT QOPQASIDA

Jannat qopqasida tirband olomon,
Bari ham rozidir, bari ham masrur.
Bunda orzusiga erishgan inson,
Jannati degan so’z yangrardi mag’rur.

O’rnidan jilmasdi bir banda faqat,
Hamma hayron edi boqib bu holga.
Jannatga shoshmagan kimdir bul ummat?
Farishtalar tushib, tutdi savolga.

Banda javob qildi: — Yashadim uzoq,
Har ne ishni qildim, hatto baxillik.
Minglab qavmlarni uchratdim, biroq
Yaxshilik ko’rmadim, afsus, yaxshilik.

Meni qurshab oldi bir kun yovuz kuch,
Toshbo’ron qilishdi, bo’lishgancha jam.
Hatto go’daklarning ko’zlarida o’ch,
Menga tosh otmadi faqat bir odam.

Oyo, o’sha zotni bergaysiz topib,
Yaxshilik loyiqdir oliy hilqatga.
Usiz qo’ying mayli qopqani yopib,
Usiz kirmagayman hargiz jannatga.

24.03.2015

O’ZI YO’Q ODAM

Nega odamlardan qochib yurasiz,
Suhbat ham qilmaysiz u yoq-bu yoqdan.
Deydi, barmog’ini qilgancha bigiz,
U yoqdan topshiriq ko’p-da, u yoqdan.

Hovli-joy quribsiz, yaxshi-ku, biroq
Mo’l-mo’l ishlatibsiz qo’ng’ir bo’yoqdan.
Barmog’in tepaga qadaydi shu choq:
U yoqdan topshiriq tushdi, u yoqdan.

Bir kun so’radilar: qararmi kelin,
Mabodo xastalik chalsa oyoqdan.
Sho’rlik javob qildi shivirlab sekin:
Albatta topshiriq kelsa u yoqdan.

Oxir tiriklikdan bo’ldi u judo,
Sabab boshdanmidi yoki tuyoqdan.
Har holda, yotardi deganday go’yo:
U yoqdan topshiriq bo’ldi, u yoqdan.

22.03.2015

SHOIR

Shoir deganlari shahiddir – xunsiz,
Uchinchi dunyodir – kunduzsiz, tunsiz.
Bola kabi kular, biroq ko’zda yosh,
Bola kabi yig’lar, va lekin unsiz.

19.03.2015

KUNDALIK GAPLAR

Menga tashvishlardan yiroq yur, deysan,
Charchagansan, deysan, shundaylikcha ham.
Faqat sen muttasil g’amimni yeysan,
Lekin hayot boshqa, azizam, bekam.

Magar kirsang biror dorixonaga,
Kissavur urganday chiqasan bo’m-bo’sh.
Ishongin hozirgi bu afsonaga,
Nolimay, aqchangga qilgin xayr-xo’sh.

Ishxonang eshigin beso’roq albat
Kimdir ochib kirar salobat bilan.
Hech bir murosaga qilolmas toqat,
Dahoman, deydi u vajohat bilan.

Uyingga qaytasan, nabiralar shod,
Bobom keldilar, deb soladi chuvvos.
Sen uchun o’sha dam boshlanar hayot,
Toza va musaffo xayolingga mos.

Go’yo o’zaniga tushganday daryo,
Go’yoki yo’q endi hech kimdan ginang.
Choy kelar, shopirib qaraysan, obbo,
Damlashni bilmabdi kichkintoyginang.

18.03.2015

MONOLOG

Men uzoq davrlar qaroqchi bo’ldim,
Shu yo’lda toblandi aql va yurak.
O’zimdan o’tganin men o’zim bildim,
Sen nega qaroqchi bo’lmog’ing kerak.

Men yopiq qo’rg’onda yashadim qo’rqib,
Najot devoriga tirmashdim uzoq.
Sen nega dunyoga qaraysan hurkib,
Nega sen bo’lishing kerakdir qo’rqoq?

Qasamxo’r dunyoda kun ko’rmoq uchun
Aytmagan yolg’onim qolmadi biror.
Sen-chi hiylakorlik qilasan nechun,
Senga o’trik aytish nimaga darkor.

Duch kelgan kimsaga qildim xushomad,
Oyog’in yaladim mushukday hatto.
Egildi bir zamon tik bo’lgan qomat,
Bu holni senga hech ko’rmasman ravo.

Endi sen bobolar shavkatiga boq,
Aktyordek soxtakor shavqlarga to’lma.
Men hayot qo’lida bo’ldim o’yinchoq,
Baxtsiz yashab o’tdim, sen baxtsiz bo’lma.

13.03.2015 y.

QISHLOQ ZIYOLILARI
(Esdaliklardan)

Sizdan necha nafar qoldi, bilmadim,
Oradan o’tdi-ku ellik-oltmish yil.
Sizga ehtiromim kanda qilmadim,
Aslo uzilmadi Sizdan bu ko’ngil.

Biringiz fel`dshersiz — o’rtacha do’xtir,
Biringiz muallim — galstuk taqqan.
Sizda armon degan so’z o’zi yo’qdir,
Siz — nurli ufqqa entikib boqqan.

Namuna bo’ldingiz qishloqqa, elga,
O’rischa so’zni ham qotirardingiz.
Rioya aylashib adabiy tilga
“Juda”ni “yuda” deb gapirardingiz.

O’zni nimagadir aylab safarbar,
Hayoliy dushmanga qiron solgansiz.
O’q yebdi, deyishsa, qaydadir askar,
Siz ham boshingizni boylab olgansiz.

Siz do’xtir bo’lgansiz, bilmasdan asli
Qaerda joylashgan o’pka yo yurak.
Bemorga bergansiz taskin-tasalli,
Har xil dori-darmon shart emas demak.

Muallim bo’lgansiz, bitta kostyumni
Rosa yigirma yil tepkilab kiygan.
Biror shogirdingiz besh olgan kuni
Qalbingiz Napoleon faxrini tuygan.

Sizni chulg’ab olmish ishonch mutlaqo,
Buyuk orzularga to’liqqan miya.
Qoq po’stak ustida yostiqsiz hatto
Uyquga ketgansiz “Yashasin!” deya.

Sizni qadrlardi el-yurt begumon,
Siz ham xalq qadriga shaksiz yetgansiz.
Lekin barchangiz ham ba hukmi zamon
Biri ikki bo’lmay o’tib ketgansiz.

16.03.2015

O’ZBEKCHILIK

Hayot nochorlikni bo’yningga ildi,
To’yda o’rtakash ham bu holni bildi.
O’tishingdan qo’rqib davra to’riga
Joyingiz pastda, deb ishora qildi.

16.03.2015y.

SALOM-ALIK

Umrimdan ming marta roziman, biroq
Gohida ko’ksimni ortiq keribman.
Yoshlik – g’o’rlik ekan, anglamay ko’proq
Katta shaytonlarga salom beribman.

Vaqtning tezligiga hayron qolaman
Va kulib qarayman buning bariga.
Endi yoshim ulug’, alik olaman
Kichik shaytonlarning salomlariga.

09.03.2015

09

(Tashriflar: umumiy 3 795, bugungi 1)

Izoh qoldiring