Қишлоқни пиёда кезганга нима етсин. Айниқса, ҳамалнинг бошида, ўтлар қулоқ ёзган паллада, шудринг тушган қирга оёқяланг чиқсанг, бунинг ҳузури барибир бошқача. Тайиниб-тайиниб борсанг ҳам, юзингга танбеҳ бераётгандай енгилгина шапатилаётган шамоллар, оёқларингни болакай каби қитиқлаётган юмшоқ майсаларни ҳис этмоқ ҳузурли…
Адҳам Арслонов
СЎҚМОҚ
“Қишлоқни пиёда кезганга нима етсин. Айниқса, ҳамалнинг бошида, ўтлар қулоқ ёзган паллада, шудринг тушган қирга оёқяланг чиқсанг, бунинг ҳузури барибир бошқача. Тайиниб-тайиниб борсанг ҳам, юзингга танбеҳ бераётгандай енгилгина шапатилаётган шамоллар, оёқларингни болакай каби қитиқлаётган юмшоқ майсаларни ҳис этмоқ ҳузурли…”
Қудуқ қишлоғининг қоқ ўртасида қад кериб турган тепаликка ҳамроҳи билан ўрлаб бораётган, кечагина шаҳардан келган Алишер Раҳмоннинг дилидан шу ўйлар кечарди.
“Шу болани ўқитиб бекор қилдик. Ёши ўттизга қараб кетаяптиямки уйланишдан гап очсанг, адаш бобокалонимизга ўхшаб тоқ ўтмоқни ихтиёр айлаганмиз, деб гапни нуқул ҳазилга эндиради. Кўзидаги ойнак ҳам ҳар келганида бир семирган бўлади. Ейдиган овқатининг тайини йўқ. Ярим коса шўрвани пуфлаб-пуфлаб ичади. Мана яна тонг азондан қаёққадир чиқиб кетибди. Охирги марта келганидан бери янаям озибди. Нимани бунча ўйлайди бу бола, ҳайронман. Шаҳарда қийналган бўлса, мана ота уйига келсин. Худога шукр, уй-жойимиз, ҳовлимиз кенг. Катта келиннинг ёнига яна биттасини қўшамиз-қўямиз…”
Шаҳардан кечагина баттар озиб-тўзиб келган ўғлига ўчоқбошида сутчой тайёрлаётган Раъно холанинг дилидан шу ўйлар кечарди.
“Шу ўқувчим ҳар келганида эрталабдан шу тепаликка чиқиб олади. Қишми ёзми фарқи йўқ. Ё бирорта қизга келганини шундай билдирармикан? Ундай десанг, бу боши айланадиган пайти келмасдан шаҳарга кетган-ку. Кимга кўнгил берган бўлсаям, шаҳардан бўлса керак. Бўлмаса икки кўздай ёнма-ён қишлоқда гап ётармиди. Тунда биров билан учрашай деса, мол ҳайдаган кўп. Туни билан бозорлайди. Кундузи — куннинг кўзи очиқ. Бу йигитнинг бошқа дарди борки, ҳалигача уйланмай юрибди. Тузук илми бор. Шаҳарда қийналган бўлса, мана мактабда дарс берсин. Болаларга яхши ўқитувчилар керак. Айниқса, ҳозир… Ёнидаги Отажонми? Бир синфда ўқимаган эди, шекилли? Ё ўқиганмиди? Шу хотира деганиям йил ўтган сари, ўзингга ўхшаб қариб борарканда. Эҳ, бўлмаса бир вақтлари Абдулла Орифнинг катта-катта шеърларини ўқувчиларимга ёддан ўқиб берардим-а…”
Тепаликнинг шундоқ ён бағрига ҳовли ташлаган, сигирини подага қўшмоққа шайланган Прим домаланинг дилидан шу ўйлар кечарди.
“Қишлоққа кирмасидан менга телефон қилади. Отажон ошна, ҳеч ёққа йўқолиб қолма, деб. Мол бозорам қолиб кетди. Хотиннинг ҳам жағи очиладиган бўлди. Э, бир гап бўлар. Ўзи йилда бир келса. Келганданям фақат мени сўраса, эргашмай бўладими? Мана яна тепага чиқаяпмиз. Кейин қаёққа? Авлиё буважонга борсак керак. Раҳматли отасининг қабрини зиёрат қилгани”.
Алишер Раҳмоннинг ёнида кетаётган, анчайин пухта-пишиқ, бўйи ўртачадан баланд, оқ-сариқдан келган, икки юзи қип-қизил, кимга гапирсаям ошна деган сўзни қўшаверганидан исми Отажон ошна бўлиб кетган йўлдошнинг дилидан шу ўйлар кечарди.
Гир-атроф баҳор…
* * *
Икки жўра тепаликда, чопонларини тўшаб ўтиришибди. Қуёш чиқиб бўлган, майин шабада энди соғилган сутнинг ҳидини келтириб эсади. Мусаффо ҳаво. Қўйларнинг маърагани, итларнинг ҳургани эшитилади. Таниш овозлар, қадрдон овозлар.
— Шууу, ошна, сенга унча тушунмайман-да, — дея гап бошлаб қолади кафтига бир отим нос ташлаётган Отажон ошна. — Қислоқдагилар гапиравериб эзворди, бу жўранг қачон уйланади, деб.
— Э, бошлама эрталабдан! Сеники камийди энди! Ундан кўра носдан ол!
— Ия, мана янгилик! Ўзлариям ўзимиздан бўп қоптилар-ку! Ҳа, бу сигарит чакардинг-ку! Ҳе-ҳей, айтувдимки, от айланиб қозиғини топар деб. Ё яна шумлик қилаяпсанми? — деди унинг гапига ишониб-ишонқирамаётган, дўстининг қалин ойнакларига зингил солиб тикилаётган мактабдош жўра.
Алишер Раҳмон дўстининг жонсарак кўзларига тикилар экан кулиб юборди.
— Айтдим-а бу нимага бирдан нос сўраб қолди, деб. Қани, сигаритдан чўз. Сен қимматларидан чакасан. Бизам бииир яйрайлик, ошна.
— Демак, ҳали катта янгиликни эштимабсан-да. Бўлмаса сўрамасдинг. Ташладим.
— Қулоққа тепма. Яна шумлик қилмоқчи бўляпсан-да. Буниси ўтмайди, билдингми? Чўз, бўл тез! — деди Отажон ошна носини туфларкан, кейин лабларини енги билан артди.
— Ҳазиллашдим, — дейди шаҳари ошна чўнтагига қўл юбораркан.
— Эеей, буни бошламоқ бор, ташламоқ йўқ, ошна. Одамдиям қон қиворасанда. Бунча чўзилдинг. Ё қоп кетиптими уйда?
— Мана-мана топдим. Шаҳарнинг шимиям уйидай тоза тор келади-да ўзиям, — шундай дея шаҳаршимдан норози бўларкан, сабоқдош жўрасининг қўлига иккита сўрғич қанд тутқазди. — Бу янги сигарет. Худди носдай танглайингга ташлайсан, вассалом. Кейин еттинчи осмонда учиииб юраверасан!
Жиддий оҳангда айтган бу гапларидан кейин ўзи бошқа сўрғич қанднинг қоғозини арчиб бошлайди. Отажон ошна унинг гапига ишониш-ишонмаслигини билмай, шилдироқ қоғоздаги ёзувларни ўқимоққа тутинди. Ҳарчанд уринди ўқий олмади. Ҳарфлар нотаниш. Мактабга энди бораётган тўнғичининг китобларида кўрган бундай ёзувларни.
— Манови ерда нима ёзилган, ошна? — деди охири қизиқиши устун келиб.
— Мейд ин Френч.
— Нима дегани бу?
— Янги ишлаб чиқилган сигарет.
— Манови-чи?
— Сўр ва ором ол!
— Шу интурисларинггаям ҳайронман-да. Мақтанишниям бошлашади-да. Оддий канпитга ўхшаяпти-ку бунинг. Яна шумлик қилаётган бўлсанг мендан кўрасан!
— Эй сени одам деб берувдим! Биласанми, бунинг биттаси қанча туради?! Бер бу буёққа. Сенга асли носам ҳайф! — Алишер Раҳмон ростмана аччиқланган бўлиб.
— Эббий, тўхта-да энди. Бизарам бир кўрайлик-да, — сўрғич қандни шарт оғзига ташлади Отажон ошна.
Жўраси унга терс, қўшни қишлоқ — Оқтошга рўбарў ўтириб олди.
— Бу канпитингди таъми анови Соли магазин рассийски, деб алдаб сотадиганидан парқи йўқ-ку, ошна? Қачон кайп беради?
— Ўртасида қиёми бор. Ўшаси-да мағзи.
— Унда канпитга ўраб нима қилади? Ўша қиёмини сотсинда бошди қотирмай.
— Конфет ҳам сотилиши керак-ку, жўра.
— Бу гапингам тўғри.
Бир муддат жим қолишди. Охири Отажон ошнанинг сабри чидамади. Қандни қарс-қурс чайнадию, мағиз мазасини билмоққа шошилди. Ширин таъмни сезгани заҳоти ҳамроҳига даст қаради. Қарадию кулаётган дўстига кўзи тушаркан, ёш боладай лақиллатилганини билиб, иккинчи ширинликни унга қараб шарт отмоқчи бўлди. Отмади. Ҳар сафар мол бозордан ҳориб қайтганда кичкинаси (ҳозирча кичиги, албатта), нима опкелдиз, деб этагига осилади. Бугун бир хурсанд бўлсин.
— Ҳа энди сиз ўқиган, биз ўқимаган, — дея тумтайди маза қилиб кулаётган дўстига.
— Ҳеей, жўравой, қоғозига ўзбекчалаб ёзиб қўйибти-ку, “Ширин-шакар. Мазали қандолат маҳсулотлари” деб. Буни билиш учун диплом шарт эмас. Савод бўлса бўлди.
— Биз ўқиганда бундай эмасди-да. Ёзув ҳар йил ўзгаргандан кейин… Ўтган йили каттасининг алиббесидан хотин ўргатётувди. Уни биласан, биздан тўрт ёш кичкина. Ўғилча кўрип қопти. Кечқурун бозорга кетувдим, онасига отам иккичи экан дебди. Шундан кейин э, боре, дедим. Зато, пул санашни биламан, қўйди қўйдан, молди молдан ажратишди биламан!
Алишер Раҳмон кулгусини йиғиштириб олди. Кенг, адоқсиз даштларга тикилиб, нималарнидир ўйлаб кетди. Унинг нигоҳлари анчайин ғамгин эдики, ҳозиргина ундан хафа бўлиб турган Отажон ошнанинг раҳми келиб кетди. Яна жим қолдилар.
Отажон ошна жим туриб ўрганмаганди. Юраги ториқди. Ҳамроҳини гапга солди:
— Менга қара, чиниминан чакишди ташладингми? Ҳали кечқурун ичмайманам дерсан?
— Хафа бўлмайсан, жўра.
— Бекорингди айтибсан! Билдингми?! Даврадан етим қўзидай чиқиб қоласан. Жамол повга кун туғади.
Шундаям, бу нега уйланмайди, сенинг жўранг-да, деб, оғиз очиргани қўймайди!
— Қўй энди, ҳозирдан қистаб бошлама, — деди Алишер Раҳмон. Кейин худди ўзига гапираётгандай давом этди. — Одамзот ҳар-хил нарсадан чарчайди. Кимдир ишидан, кимдир хотинидан, кимдир ҳатто жонидан. Мен ичишу чекишдан чарчадим, холос.
Унинг сўзларида зорланиш, ялинчоқ оҳанг зуҳур эдики, доим шарт-шурт, узиб гапирадиган жўрасининг бу ҳолатидан ҳайрон қолган Отажон ошна лом-мим демади. “Бунинг бир дарди бор. Олдинлари бундай кўп ўйланиб қолмасди. Бор-ёғимни ҳам билмай ўтирибди”, ўтказди ҳаёлидан.
Икки жўра тепаликда бир мунча вақт жим ўтирдилар.
* * *
Кенг меҳмонхона. Чироқ ўчган. Ўртача тузалган дастурхоннинг икки жойида ёқилган шам турибди. Ғира-шира. Ўн чоғли одам ўтирибди. Шамнинг ёғдусида шиша ялтирайди — анови “занғар”. Бир-икки пиёладан ичилган. Юзлар-кўзлар қизарган.
Тўрда Жамол пов. Келбатли, қорувли йигит. Ичганда шер бўлиб кетадиган одати бор. Бундай пайтда улфатлари уни роса “туширишади”. Ёнидаги Аҳрор пакана. Бўйини ўртага қўйиб қасам ичишича, биринчи синфга борганида, мактабга олмаймиз дейишган экан. Ўшанда отаси Қарши тоға мактаб директори Улаш Қоранинг уйига бир қўйни тандиркабоб қилиб олиб борган экан. Шу-шу Аҳрор пакана уларга синфдош. Дангалчи йигит, ҳовлиқмалиги ҳам бор. Унинг рўпарасида Зухи қилтириқ. Асл исми чиройли ҳам маъноликкина — Зуҳриддин. Лекин қилтириқлиги бор гап, ҳеч семирмайди. Одамга пишанг беришга уста, пихини ёрган.
Укаси Мухи дамас — Муҳриддин — унинг ғирт тескариси. Бир қоп нонни бир кунда егандай семиз, лўппи. Қилтириқнинг ёнида Бика иккичи — Бекмурод. Нуқул ўқимаганидан домлалар қулоғини чўзавериб, шалпангқулоқ қилиб қўйишган. Қулоқни чўзган билан ўқиб қолармиди, баданида бўлмаса. Мана ҳозир уйланган — болали ҳам чақали. Тошкентга мол олиб бориб сотади. Дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди. Мол-ҳоли омон бўлса бас. Унинг ёнида Жоник рассия — Жонибек. Ризқини ўша тарфлардан териб ейди. Ўрис маржалардан гурунг беришни яхши кўради. Ким билади, балки хотини ҳам бордир. Эрта-индин кетишга тайёрланиб юрибди. Кўнгли очиқ йигит. Унинг қабатида Сардор терак. Бўйи нақ шифтга теккудай. Аҳрор пакана унга Худодан менинг бўйимни ҳам олиб қўйгансан, бўй қарзсан, деб ҳазиллашиб юради. Ўтган қишнинг чилласида хотини нечанчи мартадир кетиб қолибди. Шунда жўралар йиғилиб, гапни бир жойга қўйишибди. Кейин “битта-битта” уриб (совуқ ахир, буёғи дадиллик ҳам керак), яна бир синфдошлари Зухроб трактирни аранг кўндириб, тележка-пележкасини ечмасдан, Сардор теракнинг қайнотасиникига жўнашибди. Унинг номидан ваъдани қуюқ қилиб, келину куёвни тележкага ортиб, ўзлари ҳам мингашиб, ашулани ванг қўйиб қайтишибди. Йўлда бўлган воқеалар — ғирт ҳангома. Айтмоқчи ораларида биргина Сардор терак суйганига уйланган. Шунинг учунми, хотини тез-тез аразлаб, кетиб туради. Қолганл
ар амма-хола қилиб, кўпи амма-холанинг қизига уйланиб қўя қолган.
— Алиш, қачондан бери ичмайдиган бўп қолдинг? — дейди ширакайф Жамол пов. — Ўзи ойда-йилда бир келсанг. Шундаям ноз қиласанми?
— Хафа бўлма, ошна.Анча бўлди. Дўхтирга борувдим, ичманг, чекманг деди. Кўзим баттар хиралашиб кетармиш. Кейин юракда ҳам ўзгариш бормиш. Шунга соғлиқни сал аяй девдим.
— Э, онасини ўша дўхтирларингди! — овози баландлайди Повнинг. — Бир марта ошқозон оғриди. Кечаси билан ухлолмайман. Хотин дўхтирга боринг, деб қулоқ-мияни еди. Бордим. Ошқозонизда яра бор, дейди китир. Яра бетга чиқарди, ояққа, қўлга, ана бор қўлтиққа чиқсин, дедим. Энди ошқозонгаям яра чиқадими, дедим, — ҳамма унинг гапини жим тинглаётганини кўриб (чироқ ёниқ бўлганда кўпчилик илжаяётганини кўрган бўлармиди), дадилланиб кетди. — Менга қараб ичманг дейди. Ҳе, сени ўқитганди дедим-да, бозорга келиб, Адолнинг сомсахонасида “битта”ни яримта қилиб ўтирсам, манови сўлжайиб кеп қолди, — у қўлини бигиз қилиб Сардор теракни кўрсатди. — Қарасам кайпи бор боланинг. Ҳа десам, хотин кетиб қолди, дейди, — пихиллаб куларкан давом этди. — Битта хотинга кучи етмаган эркагам эркакми?!
“Аёлининг (агар шундай атаб бўлса) бошқа билан ётиб юрганини била туриб, хотинчаси олиб берган “иномарка”да талтайиб юрганларни ким деб атайсан, жўра?! Бошлиғига хотинини қўшганларни-чи?! Улар ким? Хезми?! Бунику хотини кетиб қолибди, жўра, эрини кўчага ҳайдаб, ёшроғи билан ётиб юргани қанча… Ўшалар ҳам эркак деган номни кўтариб юрибди. Ҳайдагани хотин деган!”
Жамол пов сўнгра синфдошининг қайнотасини қандай кўндирганини мароқ билан ҳикоя қилишга тушади, ўша кун ҳақида. Кейин Теракнинг хотини минбаъд кетиб қолмаслиги учун пиёла чўқиштираётиб, мезбоннинг ичмаётгани эсларига тушиб қолади.
— Ие, сиз ичмаяпсиз-ку, жўра! — дея бошлайди Зухи қилтириқ.
“Тамом. Синфдошингки сизлашга ўтдими ё жуда бегоналашдинг, ё мансабдорларга ўхшаб қолдинг”.
— Жамол, қара, Алиш яна ичмаяпти. Ҳурматинг йўқми? — пуфлайди Повни.
— Унда биз турдик! — деб ўрнидан қўзғалмоқчи бўлади ҳурмати ерга урилган Жамол пов. Унинг этагини Аҳрор пакана босиб, ўтирғизади. — Бизди ҳурмат қимасанг, ароқ қўйиб, ўзинг ичмасанг, чақириб нима қилардинг?!
Унинг алангасига мой сепган ҳам, сув сепган ҳам топилади. Охири Жонни рассия чидай олмайди. Бир эшикка, бир дастурхондаги “занғар”у “закускалар”га қараб, ютиниб олади-да гап бошлайди:
— Ошналар, Алишнинг ачкисига қаранглар. Сапсем кўрмай қолса нима бўлади? Бундан кўра лучши ичмагани яхши. Уникиниям менга қуйинглар. Я за нево атвечаю, Жамол братан!
Унча-мунча кино кўрган, бунинг устига, нақ Тошкентнинг кушхоналарига новвос топшириб юрган Жамол пов “братан” деган ном билан ҳар ким аталавермаслигини билади. Етмиш икки томири бўшашади. Эшитмагандай қайта сўрайди:
— Нима дединг, Жонни? Эшитолмай қолдим!
Жонни рассия ҳам темирни қизиғида босиб қолади:
— Я за нево атвечаю, Жамол братан! — дея бидирлайди “улуғ оға”ларнинг тилида.
— Ҳа, бўпти, Алиш, ичмасанг ичма, — деб изн берган бўлади Пов худди Пўлат оғадай қўл сермаб. Аймоқчи, шу кинонинг нечтадир дискини қайсидир йили Алишер Раҳмоннинг ўзи унга олиб келиб берган, ҳовлиқмароқ жўра тўйига тўёна қилинган ДВДда уни ётиб олиб томоша қилганди. Орадан ой ўтар-ўтмас амакиси ўғлининг қўлини ҳалоллаганда келган Алишер Раҳмон, авжи саратон бўлишига қарамай пўрим костум-шим кийиб юрган Повга кўзи тушганди.
Қайтадан ўтирадилар, пиёлалар чўқиштирилади. Энди Зухи трактирники тутади:
— Алиш, эшон бўп қолдингми?
— Нимага?
— Ичмаяпсан, чекмаяпсан. Номозам ўқиётгандирсан?
— Йўқ. Ўқишим керакми?
— Бирор-нима сабаб бўлат-та! Ана, Қаҳҳор чўлоқнинг ули Отабек мулла. Рассияга кетиб, икки йил йўқолиб кетди-да, номоз ўқийдиган бўп келди. Қачон қарама охиратдан гапирувриб мияни қоқиб қўлга беради. Бир куни алдаб-сулдаб Паззи сартарош билан Отинойиникига обордик. Биласан-ку, раёндаги “дом”га. Ўзича тихирлик қилди бошида. Биттаси тиззасига ўтириб эркаланувди, арақди ўзи очиб қуйворди. Ҳозир мана нос дийсанми, сигарит дийсанми сўрасанг топилади ундан. Шунга ўхшаб қолмадингми дейман-да.
“Демакки, эътиқоди ёлғон ёки мунофиқ. Ўқиган оятига ўзи ишонмаган. Қанийди, ишонсанг ишонгудай, бир умр собит туроладиган, чекинмайдиган эътиқодинг бўлса. Токи умрингни тикишга арзиса, ҳаётинг мазмуни бўлса. Отабек муллани дўзах олови бироз бўлсаям қўрқитганки, намоз ҳам ўқиб юборибди. Мен дўзахидан қўрқмайман, жаннатига орзумандмасман. Излаяпман, шу холос”.
— Йўғ-эй, бизнинг сабаб — соғлиқ, жўралар. Унақа одам ароқ қўйилган даврада ўтирмасди шекилли? Ичмаясаям бирга ўтирса, ичгандай бўларкан-ку.
— Шундан бошқа гапларинг йўқми? — деди дўзаху жаннатдан кетган гурунгни иқи суймаган Бика иккичи. Кейин гапни ҳар доимги мавзулари — мол бозорига бурди. — Ўтган ҳафта Гумбулоқди бозоридан қўзили совлиқ олувдим, эсингдами? — У Аҳрор паканага юзланди. Молбозордаги шериги унинг гапини тасдиқламай, бош ирғади. — Анови чап қулоғи қирқим совлиқ билан, қора қўзи. Эсладингми? — Яна рад ишорасини кўриб, ғаши келди. — Сен, тозида калла борми ўзи? — Кейин даврага юзланди. — Кечадан олдин кун шуларни ушлаб турсам, Прим домла келяпти.
— Яна шу гапди бошладингми, пистоқи? Домлани қўясанми, йўқми?! — деди Жонни рассия ғазаби қўзиб.
— Жим тур, ошна! Алиш эшитмаган ҳали, — деди нимадандир ҳузурланишга шайланган одамдай Зухи қилтириқ.
Бика-Бекмурод гапида давом этди:
— Ҳа, домла, мол бозор оралабсиз, десам, менга шуларни сот, ўқувчимсан, арзонроқ берарсан, дейди.
Қўлга тушдинг, дедим ичимда, менга ҳадеб икки қўярдинг, бир боплайман, дедим. Киптини келиштириб мақтадим-да, икки юз элликка урвордим. Ўзи юз элликка тушувди. Хи-хи-хи, домла раҳмат айтиб-раҳмат айтиб опкетди.
“Э, жўравой, Прим домла ҳалол ўқитувчи эди. Бизни ўқисин деб кўп куюнарди. Эсингдами, бизга қандай шеърлар ўқиб берарди? Эрталаб тепаликда ўтириб кўрдим, сигирини подага қўшаётган экан. Икки ўғли руслар юртига кетган. Уларни уйлантириш керак. Қизини узатди. Ойлиги рўзғорини амалласа ҳам катта гап. Отажон айтди, тўйларда дикторлик қилаётган экан. Бир сафар кўпроқ ичиб қўйиб, Абдулла Орифнинг узунроқ шеърини йиғлаб ўқиб берибди. Давра гур-гур кулибди. Эҳтимол шундай кулгуга қолмааслик учун ҳам ичишни ташлагандирман…”
Иккичининг уддабуронлигига қойил қолиб кулишди. Отажон ошна ачинган бўлди:
— Бегонага сотсанг бўларди, барибир, ўқитган домламиз.
Жонни рассиянинг росмана жаҳли чиқди. У Алишер Раҳмонга ҳам “атвечат” қилавериб қаттиқроқ “қизиб” қўйган.
— Одам-подаммассан, Бика! Безобразия! Нимага мундай қилдинг?! Домламиз-ку! Тупой, ўзинг ўқимаганингдан кейин беш қўйиб берсинми?!
“Ҳарна четни кўрган. Калласи ишлайди. Орамизда биргина инсофли шу шекилли? Эй, аслида журналу зачёткаларга қўйилган баҳоларнинг бари бир тийин, жўра”.
Шу тахлит гурунгдан гурунг очилиб, биров бировга гап бермай қўйган паллада дарвоза тақиллади. Меҳмонхона дарвоза ёнида қурилгани боис Алишер Раҳмоннинг ўзи ташқарилади.
Атроф қоронғу, баҳорнинг майин ёмғири ёғмоқда эди. Алишер Раҳмон тоза ҳаводан ютоқиб нафас оларкан (меҳмонхона сигарет дудига тўлганди), дарвозанинг бир тавақаси очиқ бўлса-да, остона ҳатламай турган қорага кўзи тушди.
Яқинлашиб келар экан, кўзи таниш чеҳрага тушди — Прим домла-ку! Ўзининг адабиёт муаллими. Меҳрибон муаллими. Неча-неча боланинг бошини силаган, кўп қизиқарли китобларни топиб берган. Унинг илк машқларини туман газетида бостириб берган. Зарил эдими унга? Камтар, камсуқум одам. Сочлари буткул оқарибди, кийимлари унниқиб кетибди. Ўтган йили қиз чиқарувди. Ёдига тушди. Куёв бўлмишнинг онаси худди шаҳардагидай келин тушираман, дегани учун сарпосию суруғи, мебел-пебелини ошиғи билан қилиб берганини телефонда айтганди. Қиз ва йигит кўнгил қўйишган экан. Уларнинг бахтини ўйлабди. Ахир неча тунлар ўзи фарзандларига “Ўткан кунлар”ни ўқиб берган, мижжаларига ёш келган.
Ахир мебелни уста жўрасидан Алишер Раҳмоннинг ўзи гаплашиб берувди-ку. Минг йиллар ўтганга ўхшайди… Муаллимининг кайфи борга ўхшайди. Дарвозага суяниб турибди. Бирор жойда тўй бўлдимикан?
Прим домла ичкарига киришга уннамади. Юр, ёмғирда бироз сайр қиламиз, деди холос. Тўғрисини айтганда, Алишер Раҳмоннинг ҳам ичкарига кириш хоҳиши йўқ эди. Жўралар айтмоқчи “ҳақ”ни берди. Энди то ухлаб қолгунча ўзлари гаплашаверишади. Ким қайси қизни севганди, ким кимнинг эшагини ўғирлаганди… Мезбоннинг йўқлиги сезилмайди ҳам. Икковлон нам сўқмоқдан юқорига қараб юриб кетдилар. Бири бироз чайқалиб, иккинчиси уни суяб.
— Адабиётда нима гап?
Бу муаллимининг биринчи берадиган саволи. Ҳар сафар сўрайди.
— Тинчлик. Ҳар ким ўзича нималарнидир қоралаб юрибди, ҳар доимгидай.
Бу Алишер Раҳмоннинг берадиган доимий жавоби. Нима ҳам десин. Бундан ортиғи ортиқ.
Прим домла кўп толғин кўринарди. Авваллари гурунглари салдан кейин алангалаб кетарди, маза қилиб шеър ўқишарди. Ҳозир бўлса иккаласи ҳам индамай кетишяпти, гўё субатга тоблари йўқдай. Алишер Раҳмон муаллимининг хаёли нимадир билан банд эканлигини кўриб, индамасликни маъқул кўрди. Охири кутгани бўлди. Домла “ёрилди”:
— Мен қалбингизга эзгулик уруғини экмоқчи эдим, Алишер… Чунки адабиётнинг вазифаси шу. Лекин қаердадир хато қилдимми деб қўрқаман. Бекмурод сеникидами? Қўйларини қандай сотганини айтиб мақтандими? Алдаётганимни билмайди деб ўйлайди. Йўқ, биламан… У ҳатто ўзини ўқитган домласини алдашдан ҳазар қилмаяптими — бунга мен айбдорман… Ёки шеър ўқиб йиғлаганимда кулишларини билмайманми? Биламан… Лекин ўқийвераман. Кўпчилигини ўзим ўқитганман. Шунинг учун уларга тўйда ҳам дарс бергим келаверади… — У чуқур уҳ тортди. Кейин яна давом этди. — Тунов куни кутубхонага киргандим. Одам зоти йўқ. “Алпомиш” турибди, “Гўрўғли” турибди, Абдулла ака, Эркин ака турибди. Ишонасанми ҳаммасини чанг босган, ойлаб қўл кўрмаган. Бир хиллари чилт янгилигича турибди. Нега бундай бўлаяпти, Алишер?! Одамлар орасида инсоф кўтарилганига, ака ука билан, ота ўғли билан бир сўмнинг устида жиққа мушт бўлаётганига сабаб шу эмасми?..
— Бутун дунёда аҳвол шу, домла, — деди ўқувчи жавоб беришга қийналаркан. Ахир нима десин? Бу саволни ўзига минг марталаб берган. Жавоб эса… Жавоб эса… одамни қўрқутгулик.
— Сен бир вақтлар туппа-тузук шеър ёзардинг. Газетаю журналда чиқиб турардинг. Нега ёзмай қўйдинг? Ё сен ҳам қўл силтадингми?
— Мен-ку бир ҳаваскорман, домла. Неча-неча талантлар ёзмай қўйди. Чунки шиорга талаб бор, шиғирга талаб бор, шеърга талаб йўқ. Шиорларни қатор-қатор қилиб ёзишади, шиғирни микрофоннинг олдида думбасини ликкиллатган борки, “қўшиқ” қилади. Шеърнинг тўртта ўзингга ўхшаган ҳаёлпарастдан бошқага кераги йўқ. Ўша тўртта ҳаёлпараст ҳам бир-бирини тушунмай мазах қилган, тупроққа қорган. Нимасини гапираман, домла?
— Ҳақиқий талант шундай пайтларда билинади, Алишер. У одамларни адабиётга қайтариб олиб келади. Қандай йўл билан билмайман, лекин шундай қилолади.
— Қандай қилиб? Телевизорга чиқиб шеър ўқийдими? Ё адабиёт одамлари ҳақида кино ишлайдими? Балки интернетда сайт очиб олар. Домла, энг ёмони нима биласизми? Буларнинг ҳаммаси қилиб бўлинди. Қани фойдаси? Йўқ! Энди кеч. Биз юз йиллик авлодни ютқаздик бўлдикми деб қўрқаман.
Прим домла тўсатдан гандираклаб кетди. Алишер Раҳмон уни аранг ушлаб қолди. У кўзойнагини артиш учун қўлига оларкан, домла унга қаттиқ нигоҳ ташлади. Айни палла чақмоқ чақиб, собиқ ўқувчисининг ғам ва аламга тўла, умидсизлик ва тушкунлик манаман деб турган, ўз дунёсидан бутунлай кўнгил узган нигоҳларни кўриб, даҳшатга тушди. Баттар гандираклаб кетиб, лой йўлга юзтубан йиқилди. Алишер Раҳмон уни кўтаришга ҳаракат қиларкан, домланинг ғулдирашини эшитди:
— Биз сизни қайси манзилларга бошлаб келдик…
Домласини уйига ташлаб, қайтиб келганида меҳмонлар ухлаб улгурганди.
Эртасига азонда жарчи Прим домланинг вафоти ҳақида жар солди.
Алишер Раҳмон бир ҳафтадан сўнг қишлоғи мактабига ишга кирди.
Adham Arslonov
SO’QMOQ
“Qishloqni piyoda kezganga nima yetsin. Ayniqsa, hamalning boshida, o’tlar quloq yozgan pallada, shudring tushgan qirga oyoqyalang chiqsang, buning huzuri baribir boshqacha. Tayinib-tayinib borsang ham, yuzingga tanbeh berayotganday yengilgina shapatilayotgan shamollar, oyoqlaringni bolakay kabi qitiqlayotgan yumshoq maysalarni his etmoq huzurli…”
Quduq qishlog’ining qoq o’rtasida qad kerib turgan tepalikka hamrohi bilan o’rlab borayotgan, kechagina shahardan kelgan Alisher Rahmonning dilidan shu o’ylar kechardi.
“Shu bolani o’qitib bekor qildik. Yoshi o’ttizga qarab ketayaptiyamki uylanishdan gap ochsang, adash bobokalonimizga o’xshab toq o’tmoqni ixtiyor aylaganmiz, deb gapni nuqul hazilga endiradi. Ko’zidagi oynak ham har kelganida bir semirgan bo’ladi. Yeydigan ovqatining tayini yo’q. Yarim kosa sho’rvani puflab-puflab ichadi. Mana yana tong azondan qayoqqadir chiqib ketibdi. Oxirgi marta kelganidan beri yanayam ozibdi. Nimani buncha o’ylaydi bu bola, hayronman. Shaharda qiynalgan bo’lsa, mana ota uyiga kelsin. Xudoga shukr, uy-joyimiz, hovlimiz keng. Katta kelinning yoniga yana bittasini qo’shamiz-qo’yamiz…”
Shahardan kechagina battar ozib-to’zib kelgan o’g’liga o’choqboshida sutchoy tayyorlayotgan Ra’no xolaning dilidan shu o’ylar kechardi.
“Shu o’quvchim har kelganida ertalabdan shu tepalikka chiqib oladi. Qishmi yozmi farqi yo’q. Yo birorta qizga kelganini shunday bildirarmikan? Unday desang, bu boshi aylanadigan payti kelmasdan shaharga ketgan-ku. Kimga ko’ngil bergan bo’lsayam, shahardan bo’lsa kerak. Bo’lmasa ikki ko’zday yonma-yon qishloqda gap yotarmidi. Tunda birov bilan uchrashay desa, mol haydagan ko’p. Tuni bilan bozorlaydi. Kunduzi — kunning ko’zi ochiq. Bu yigitning boshqa dardi borki, haligacha uylanmay yuribdi. Tuzuk ilmi bor. Shaharda qiynalgan bo’lsa, mana maktabda dars bersin. Bolalarga yaxshi o’qituvchilar kerak. Ayniqsa, hozir… Yonidagi Otajonmi? Bir sinfda o’qimagan edi, shekilli? Yo o’qiganmidi? Shu xotira deganiyam yil o’tgan sari, o’zingga o’xshab qarib borarkanda. Eh, bo’lmasa bir vaqtlari Abdulla Orifning katta-katta she’rlarini o’quvchilarimga yoddan o’qib berardim-a…”
Tepalikning shundoq yon bag’riga hovli tashlagan, sigirini podaga qo’shmoqqa shaylangan Prim domalaning dilidan shu o’ylar kechardi.
“Qishloqqa kirmasidan menga telefon qiladi. Otajon oshna, hech yoqqa yo’qolib qolma, deb. Mol bozoram qolib ketdi. Xotinning ham jag’i ochiladigan bo’ldi. E, bir gap bo’lar. O’zi yilda bir kelsa. Kelgandanyam faqat meni so’rasa, ergashmay bo’ladimi? Mana yana tepaga chiqayapmiz. Keyin qayoqqa? Avliyo buvajonga borsak kerak. Rahmatli otasining qabrini ziyorat qilgani”.
Alisher Rahmonning yonida ketayotgan, anchayin puxta-pishiq, bo’yi o’rtachadan baland, oq-sariqdan kelgan, ikki yuzi qip-qizil, kimga gapirsayam oshna degan so’zni qo’shaverganidan ismi Otajon oshna bo’lib ketgan yo’ldoshning dilidan shu o’ylar kechardi.
Gir-atrof bahor…
* * *
Ikki jo’ra tepalikda, choponlarini to’shab o’tirishibdi. Quyosh chiqib bo’lgan, mayin shabada endi sog’ilgan sutning hidini keltirib esadi. Musaffo havo. Qo’ylarning ma’ragani, itlarning hurgani eshitiladi. Tanish ovozlar, qadrdon ovozlar.
— Shuuu, oshna, senga uncha tushunmayman-da, — deya gap boshlab qoladi kaftiga bir otim nos tashlayotgan Otajon oshna. — Qisloqdagilar gapiraverib ezvordi, bu jo’rang qachon uylanadi, deb.
— E, boshlama ertalabdan! Seniki kamiydi endi! Undan ko’ra nosdan ol!
— Iya mana yangilik! O’zlariyam o’zimizdan bo’p qoptilar-ku! Ha, bu sigarit chakarding-ku! He-hey, aytuvdimki, ot aylanib qozig’ini topar deb. Yo yana shumlik qilayapsanmi? — dedi uning gapiga ishonib-ishonqiramayotgan, do’stining qalin oynaklariga zingil solib tikilayotgan maktabdosh jo’ra.
Alisher Rahmon do’stining jonsarak ko’zlariga tikilar ekan kulib yubordi.
— Aytdim-a bu nimaga birdan nos so’rab qoldi, deb. Qani, sigaritdan cho’z. Sen qimmatlaridan chakasan. Bizam biiir yayraylik, oshna.
— Demak, hali katta yangilikni eshtimabsan-da. Bo’lmasa so’ramasding. Tashladim.
— Quloqqa tepma. Yana shumlik qilmoqchi bo’lyapsan-da. Bunisi o’tmaydi, bildingmi? Cho’z, bo’l tez! — dedi Otajon oshna nosini tuflarkan, keyin lablarini yengi bilan artdi.
— Hazillashdim, — deydi shahari oshna cho’ntagiga qo’l yuborarkan.
— Eeey, buni boshlamoq bor, tashlamoq yo’q, oshna. Odamdiyam qon qivorasanda. Buncha cho’zilding. Yo qop ketiptimi uyda?
— Mana-mana topdim. Shaharning shimiyam uyiday toza tor keladi-da o’ziyam, — shunday deya shaharshimdan norozi bo’larkan, saboqdosh jo’rasining qo’liga ikkita so’rg’ich qand tutqazdi. — Bu yangi sigaret. Xuddi nosday tanglayingga tashlaysan, vassalom. Keyin yettinchi osmonda uchiiib yuraverasan!
Jiddiy ohangda aytgan bu gaplaridan keyin o’zi boshqa so’rg’ich qandning qog’ozini archib boshlaydi. Otajon oshna uning gapiga ishonish-ishonmasligini bilmay, shildiroq qog’ozdagi yozuvlarni o’qimoqqa tutindi. Harchand urindi o’qiy olmadi. Harflar notanish. Maktabga endi borayotgan to’ng’ichining kitoblarida ko’rgan bunday yozuvlarni.
— Manovi yerda nima yozilgan, oshna? — dedi oxiri qiziqishi ustun kelib.
— Meyd in French.
— Nima degani bu?
— Yangi ishlab chiqilgan sigaret.
— Manovi-chi?
— So’r va orom ol!
— Shu inturislaringgayam hayronman-da. Maqtanishniyam boshlashadi-da. Oddiy kanpitga o’xshayapti-ku buning. Yana shumlik qilayotgan bo’lsang mendan ko’rasan!
— Ey seni odam deb beruvdim! Bilasanmi, buning bittasi qancha turadi?! Ber bu buyoqqa. Senga asli nosam hayf! — Alisher Rahmon rostmana achchiqlangan bo’lib.
— Ebbiy, to’xta-da endi. Bizaram bir ko’raylik-da, — so’rg’ich qandni shart og’ziga tashladi Otajon oshna.
Jo’rasi unga ters, qo’shni qishloq — Oqtoshga ro’baro’ o’tirib oldi.
— Bu kanpitingdi ta’mi anovi Soli magazin rassiyski, deb aldab sotadiganidan parqi yo’q-ku, oshna? Qachon kayp beradi?
— O’rtasida qiyomi bor. O’shasi-da mag’zi.
— Unda kanpitga o’rab nima qiladi? O’sha qiyomini sotsinda boshdi qotirmay.
— Konfet ham sotilishi kerak-ku, jo’ra.
— Bu gapingam to’g’ri.
Bir muddat jim qolishdi. Oxiri Otajon oshnaning sabri chidamadi. Qandni qars-qurs chaynadiyu, mag’iz mazasini bilmoqqa shoshildi. Shirin ta’mni sezgani zahoti hamrohiga dast qaradi. Qaradiyu kulayotgan do’stiga ko’zi tusharkan, yosh boladay laqillatilganini bilib, ikkinchi shirinlikni unga qarab shart otmoqchi bo’ldi. Otmadi. Har safar mol bozordan horib qaytganda kichkinasi (hozircha kichigi, albatta), nima opkeldiz, deb etagiga osiladi. Bugun bir xursand bo’lsin.
— Ha endi siz o’qigan, biz o’qimagan, — deya tumtaydi maza qilib kulayotgan do’stiga.
— Heey, jo’ravoy, qog’oziga o’zbekchalab yozib qo’yibti-ku, “Shirin-shakar. Mazali qandolat mahsulotlari” deb. Buni bilish uchun diplom shart emas. Savod bo’lsa bo’ldi.
— Biz o’qiganda bunday emasdi-da. Yozuv har yil o’zgargandan keyin… O’tgan yili kattasining alibbesidan xotin o’rgatyotuvdi. Uni bilasan, bizdan to’rt yosh kichkina. O’g’ilcha ko’rip qopti. Kechqurun bozorga ketuvdim, onasiga otam ikkichi ekan debdi. Shundan keyin e, bore, dedim. Zato, pul sanashni bilaman, qo’ydi qo’ydan, moldi moldan ajratishdi bilaman!
Alisher Rahmon kulgusini yig’ishtirib oldi. Keng, adoqsiz dashtlarga tikilib, nimalarnidir o’ylab ketdi. Uning nigohlari anchayin g’amgin ediki, hozirgina undan xafa bo’lib turgan Otajon oshnaning rahmi kelib ketdi. Yana jim qoldilar.
Otajon oshna jim turib o’rganmagandi. Yuragi toriqdi. Hamrohini gapga soldi:
— Menga qara, chiniminan chakishdi tashladingmi? Hali kechqurun ichmaymanam dersan?
— Xafa bo’lmaysan, jo’ra.
— Bekoringdi aytibsan! Bildingmi?! Davradan yetim qo’ziday chiqib qolasan. Jamol povga kun tug’adi. Shundayam, bu nega uylanmaydi, sening jo’rang-da, deb, og’iz ochirgani qo’ymaydi!
— Qo’y endi, hozirdan qistab boshlama, — dedi Alisher Rahmon. Keyin xuddi o’ziga gapirayotganday davom etdi. — Odamzot har-xil narsadan charchaydi. Kimdir ishidan, kimdir xotinidan, kimdir hatto jonidan. Men ichishu chekishdan charchadim, xolos.
Uning so’zlarida zorlanish, yalinchoq ohang zuhur ediki, doim shart-shurt, uzib gapiradigan jo’rasining bu holatidan hayron qolgan Otajon oshna lom-mim demadi. “Buning bir dardi bor. Oldinlari bunday ko’p o’ylanib qolmasdi. Bor-yog’imni ham bilmay o’tiribdi”, o’tkazdi hayolidan.
Ikki jo’ra tepalikda bir muncha vaqt jim o’tirdilar.
* * *
Keng mehmonxona. Chiroq o’chgan. O’rtacha tuzalgan dasturxonning ikki joyida yoqilgan sham turibdi. G’ira-shira. O’n chog’li odam o’tiribdi. Shamning yog’dusida shisha yaltiraydi — anovi “zang’ar”. Bir-ikki piyoladan ichilgan. Yuzlar-ko’zlar qizargan.
To’rda Jamol pov. Kelbatli, qoruvli yigit. Ichganda sher bo’lib ketadigan odati bor. Bunday paytda ulfatlari uni rosa “tushirishadi”. Yonidagi Ahror pakana. Bo’yini o’rtaga qo’yib qasam ichishicha, birinchi sinfga borganida, maktabga olmaymiz deyishgan ekan. O’shanda otasi Qarshi tog’a maktab direktori Ulash Qoraning uyiga bir qo’yni tandirkabob qilib olib borgan ekan. Shu-shu Ahror pakana ularga sinfdosh. Dangalchi yigit, hovliqmaligi ham bor. Uning ro’parasida Zuxi qiltiriq. Asl ismi chiroyli ham ma’nolikkina — Zuhriddin. Lekin qiltiriqligi bor gap, hech semirmaydi. Odamga pishang berishga usta, pixini yorgan. Ukasi Muxi damas — Muhriddin — uning g’irt teskarisi. Bir qop nonni bir kunda yeganday semiz, lo’ppi. Qiltiriqning yonida Bika ikkichi — Bekmurod. Nuqul o’qimaganidan domlalar qulog’ini cho’zaverib, shalpangquloq qilib qo’yishgan. Quloqni cho’zgan bilan o’qib qolarmidi, badanida bo’lmasa. Mana hozir uylangan — bolali ham chaqali. Toshkentga mol olib borib sotadi. Dunyoni suv bossa, to’pig’iga chiqmaydi. Mol-holi omon bo’lsa bas. Uning yonida Jonik rassiya — Jonibek. Rizqini o’sha tarflardan terib yeydi. O’ris marjalardan gurung berishni yaxshi ko’radi. Kim biladi, balki xotini ham bordir. Erta-indin ketishga tayyorlanib yuribdi. Ko’ngli ochiq yigit. Uning qabatida Sardor terak. Bo’yi naq shiftga tekkuday. Ahror pakana unga Xudodan mening bo’yimni ham olib qo’ygansan, bo’y qarzsan, deb hazillashib yuradi. O’tgan qishning chillasida xotini nechanchi martadir ketib qolibdi. Shunda jo’ralar yig’ilib, gapni bir joyga qo’yishibdi.
Keyin “bitta-bitta” urib (sovuq axir, buyog’i dadillik ham kerak), yana bir sinfdoshlari Zuxrob traktirni arang ko’ndirib, telejka-pelejkasini yechmasdan, Sardor terakning qaynotasinikiga jo’nashibdi. Uning nomidan va’dani quyuq qilib, kelinu kuyovni telejkaga ortib, o’zlari ham mingashib, ashulani vang qo’yib qaytishibdi. Yo’lda bo’lgan voqealar — g’irt hangoma. Aytmoqchi oralarida birgina Sardor terak suyganiga uylangan. Shuning uchunmi, xotini tez-tez arazlab, ketib turadi. Qolganlar amma-xola qilib, ko’pi amma-xolaning qiziga uylanib qo’ya qolgan.
— Alish, qachondan beri ichmaydigan bo’p qolding? — deydi shirakayf Jamol pov. — O’zi oyda-yilda bir kelsang. Shundayam noz qilasanmi?
— Xafa bo’lma, oshna.Ancha bo’ldi. Do’xtirga boruvdim, ichmang, chekmang dedi. Ko’zim battar xiralashib ketarmish. Keyin yurakda ham o’zgarish bormish. Shunga sog’liqni sal ayay devdim.
— E, onasini o’sha do’xtirlaringdi! — ovozi balandlaydi Povning. — Bir marta oshqozon og’ridi. Kechasi bilan uxlolmayman. Xotin do’xtirga boring, deb quloq-miyani yedi. Bordim. Oshqozonizda yara bor, deydi kitir. Yara betga chiqardi, oyaqqa, qo’lga, ana bor qo’ltiqqa chiqsin, dedim. Endi oshqozongayam yara chiqadimi, dedim, — hamma uning gapini jim tinglayotganini ko’rib (chiroq yoniq bo’lganda ko’pchilik iljayayotganini ko’rgan bo’larmidi), dadillanib ketdi. — Menga qarab ichmang deydi. He, seni o’qitgandi dedim-da, bozorga kelib, Adolning somsaxonasida “bitta”ni yarimta qilib o’tirsam, manovi so’ljayib kep qoldi, — u qo’lini bigiz qilib Sardor terakni ko’rsatdi. — Qarasam kaypi bor bolaning. Ha desam, xotin ketib qoldi, deydi, — pixillab kularkan davom etdi. — Bitta xotinga kuchi yetmagan erkagam erkakmi?!
“Ayolining (agar shunday atab bo’lsa) boshqa bilan yotib yurganini bila turib, xotinchasi olib bergan “inomarka”da taltayib yurganlarni kim deb ataysan, jo’ra?! Boshlig’iga xotinini qo’shganlarni-chi?! Ular kim? Xezmi?! Buniku xotini ketib qolibdi, jo’ra, erini ko’chaga haydab, yoshrog’i bilan yotib yurgani qancha… O’shalar ham erkak degan nomni ko’tarib yuribdi. Haydagani xotin degan!”
Jamol pov so’ngra sinfdoshining qaynotasini qanday ko’ndirganini maroq bilan hikoya qilishga tushadi, o’sha kun haqida. Keyin Terakning xotini minba’d ketib qolmasligi uchun piyola cho’qishtirayotib, mezbonning ichmayotgani eslariga tushib qoladi.
— Iye, siz ichmayapsiz-ku, jo’ra! — deya boshlaydi Zuxi qiltiriq.
“Tamom. Sinfdoshingki sizlashga o’tdimi yo juda begonalashding, yo mansabdorlarga o’xshab qolding”.
— Jamol, qara, Alish yana ichmayapti. Hurmating yo’qmi? — puflaydi Povni.
— Unda biz turdik! — deb o’rnidan qo’zg’almoqchi bo’ladi hurmati yerga urilgan Jamol pov. Uning etagini Ahror pakana bosib, o’tirg’izadi. — Bizdi hurmat qimasang, aroq qo’yib, o’zing ichmasang, chaqirib nima qilarding?!
Uning alangasiga moy sepgan ham, suv sepgan ham topiladi. Oxiri Jonni rassiya chiday olmaydi. Bir eshikka, bir dasturxondagi “zang’ar”u “zakuskalar”ga qarab, yutinib oladi-da gap boshlaydi:
— Oshnalar, Alishning achkisiga qaranglar. Sapsem ko’rmay qolsa nima bo’ladi? Bundan ko’ra luchshi ichmagani yaxshi. Unikiniyam menga quyinglar. Ya za nevo atvechayu, Jamol bratan!
Uncha-muncha kino ko’rgan, buning ustiga, naq Toshkentning kushxonalariga novvos topshirib yurgan Jamol pov “bratan” degan nom bilan har kim atalavermasligini biladi. Yetmish ikki tomiri bo’shashadi. Eshitmaganday qayta so’raydi:
— Nima deding, Jonni? Eshitolmay qoldim!
Jonni rassiya ham temirni qizig’ida bosib qoladi:
— Ya za nevo atvechayu, Jamol bratan! — deya bidirlaydi “ulug’ og’a”larning tilida.
— Ha, bo’pti, Alish, ichmasang ichma, — deb izn bergan bo’ladi Pov xuddi Po’lat og’aday qo’l sermab. Aymoqchi, shu kinoning nechtadir diskini qaysidir yili Alisher Rahmonning o’zi unga olib kelib bergan, hovliqmaroq jo’ra to’yiga to’yona qilingan DVDda uni yotib olib tomosha qilgandi. Oradan oy o’tar-o’tmas amakisi o’g’lining qo’lini halollaganda kelgan Alisher Rahmon, avji saraton bo’lishiga qaramay po’rim kostum-shim kiyib yurgan Povga ko’zi tushgandi.
Qaytadan o’tiradilar, piyolalar cho’qishtiriladi. Endi Zuxi traktirniki tutadi:
— Alish, eshon bo’p qoldingmi?
— Nimaga?
— Ichmayapsan, chekmayapsan. Nomozam o’qiyotgandirsan?
— Yo’q. O’qishim kerakmi?
— Biror-nima sabab bo’lat-ta! Ana, Qahhor cho’loqning uli Otabek mulla. Rassiyaga ketib, ikki yil yo’qolib ketdi-da, nomoz o’qiydigan bo’p keldi. Qachon qarama oxiratdan gapiruvrib miyani qoqib qo’lga beradi. Bir kuni aldab-suldab Pazzi sartarosh bilan Otinoyinikiga obordik. Bilasan-ku, rayondagi “dom”ga. O’zicha tixirlik qildi boshida. Bittasi tizzasiga o’tirib erkalanuvdi, araqdi o’zi ochib quyvordi. Hozir mana nos diysanmi, sigarit diysanmi so’rasang topiladi undan. Shunga o’xshab qolmadingmi deyman-da.
“Demakki, e’tiqodi yolg’on yoki munofiq. O’qigan oyatiga o’zi ishonmagan. Qaniydi, ishonsang ishonguday, bir umr sobit turoladigan, chekinmaydigan e’tiqoding bo’lsa. Toki umringni tikishga arzisa, hayoting mazmuni bo’lsa. Otabek mullani do’zax olovi biroz bo’lsayam qo’rqitganki, namoz ham o’qib yuboribdi. Men do’zaxidan qo’rqmayman, jannatiga orzumandmasman. Izlayapman, shu xolos”.
— Yo’g’-ey, bizning sabab — sog’liq, jo’ralar. Unaqa odam aroq qo’yilgan davrada o’tirmasdi shekilli? Ichmayasayam birga o’tirsa, ichganday bo’larkan-ku.
— Shundan boshqa gaplaring yo’qmi? — dedi do’zaxu jannatdan ketgan gurungni iqi suymagan Bika ikkichi. Keyin gapni har doimgi mavzulari — mol bozoriga burdi. — O’tgan hafta Gumbuloqdi bozoridan qo’zili sovliq oluvdim, esingdami? — U Ahror pakanaga yuzlandi. Molbozordagi sherigi uning gapini tasdiqlamay, bosh irg’adi. — Anovi chap qulog’i qirqim sovliq bilan, qora qo’zi. Esladingmi? — Yana rad ishorasini ko’rib, g’ashi keldi. — Sen, tozida kalla bormi o’zi? — Keyin davraga yuzlandi. — Kechadan oldin kun shularni ushlab tursam, Prim domla kelyapti.
— Yana shu gapdi boshladingmi, pistoqi? Domlani qo’yasanmi, yo’qmi?! — dedi Jonni rassiya g’azabi qo’zib.
— Jim tur, oshna! Alish eshitmagan hali, — dedi nimadandir huzurlanishga shaylangan odamday Zuxi qiltiriq.
Bika-Bekmurod gapida davom etdi:
— Ha, domla, mol bozor oralabsiz, desam, menga shularni sot, o’quvchimsan, arzonroq berarsan, deydi. Qo’lga tushding, dedim ichimda, menga hadeb ikki qo’yarding, bir boplayman, dedim. Kiptini kelishtirib maqtadim-da, ikki yuz ellikka urvordim. O’zi yuz ellikka tushuvdi. Xi-xi-xi, domla rahmat aytib-rahmat aytib opketdi.
“E, jo’ravoy, Prim domla halol o’qituvchi edi. Bizni o’qisin deb ko’p kuyunardi. Esingdami, bizga qanday she’rlar o’qib berardi? Ertalab tepalikda o’tirib ko’rdim, sigirini podaga qo’shayotgan ekan. Ikki o’g’li ruslar yurtiga ketgan. Ularni uylantirish kerak. Qizini uzatdi. Oyligi ro’zg’orini amallasa ham katta gap. Otajon aytdi, to’ylarda diktorlik qilayotgan ekan. Bir safar ko’proq ichib qo’yib, Abdulla Orifning uzunroq she’rini yig’lab o’qib beribdi. Davra gur-gur kulibdi. Ehtimol shunday kulguga qolmaaslik uchun ham ichishni tashlagandirman…”
Ikkichining uddaburonligiga qoyil qolib kulishdi. Otajon oshna achingan bo’ldi:
— Begonaga sotsang bo’lardi, baribir, o’qitgan domlamiz.
Jonni rassiyaning rosmana jahli chiqdi. U Alisher Rahmonga ham “atvechat” qilaverib qattiqroq “qizib” qo’ygan.
— Odam-podammassan, Bika! Bezobraziya! Nimaga munday qilding?! Domlamiz-ku! Tupoy, o’zing o’qimaganingdan keyin besh qo’yib bersinmi?!
“Harna chetni ko’rgan. Kallasi ishlaydi. Oramizda birgina insofli shu shekilli? Ey, aslida jurnalu zachyotkalarga qo’yilgan baholarning bari bir tiyin, jo’ra”.
Shu taxlit gurungdan gurung ochilib, birov birovga gap bermay qo’ygan pallada darvoza taqilladi. Mehmonxona darvoza yonida qurilgani bois Alisher Rahmonning o’zi tashqariladi.
Atrof qorong’u, bahorning mayin yomg’iri yog’moqda edi. Alisher Rahmon toza havodan yutoqib nafas olarkan (mehmonxona sigaret dudiga to’lgandi), darvozaning bir tavaqasi ochiq bo’lsa-da, ostona hatlamay turgan qoraga ko’zi tushdi. Yaqinlashib kelar ekan, ko’zi tanish chehraga tushdi — Prim domla-ku! O’zining adabiyot muallimi. Mehribon muallimi. Necha-necha bolaning boshini silagan, ko’p qiziqarli kitoblarni topib bergan. Uning ilk mashqlarini tuman gazetida bostirib bergan. Zaril edimi unga? Kamtar, kamsuqum odam. Sochlari butkul oqaribdi, kiyimlari unniqib ketibdi. O’tgan yili qiz chiqaruvdi. Yodiga tushdi. Kuyov bo’lmishning onasi xuddi shahardagiday kelin tushiraman, degani uchun sarposiyu surug’i, mebel-pebelini oshig’i bilan qilib berganini telefonda aytgandi. Qiz va yigit ko’ngil qo’yishgan ekan. Ularning baxtini o’ylabdi. Axir necha tunlar o’zi farzandlariga “O’tkan kunlar”ni o’qib bergan, mijjalariga yosh kelgan.
Axir mebelni usta jo’rasidan Alisher Rahmonning o’zi gaplashib beruvdi-ku. Ming yillar o’tganga o’xshaydi… Muallimining kayfi borga o’xshaydi. Darvozaga suyanib turibdi. Biror joyda to’y bo’ldimikan?
Prim domla ichkariga kirishga unnamadi. Yur, yomg’irda biroz sayr qilamiz, dedi xolos. To’g’risini aytganda, Alisher Rahmonning ham ichkariga kirish xohishi yo’q edi. Jo’ralar aytmoqchi “haq”ni berdi. Endi to uxlab qolguncha o’zlari gaplashaverishadi. Kim qaysi qizni sevgandi, kim kimning eshagini o’g’irlagandi… Mezbonning yo’qligi sezilmaydi ham. Ikkovlon nam so’qmoqdan yuqoriga qarab yurib ketdilar. Biri biroz chayqalib, ikkinchisi uni suyab.
— Adabiyotda nima gap?
Bu muallimining birinchi beradigan savoli. Har safar so’raydi.
— Tinchlik. Har kim o’zicha nimalarnidir qoralab yuribdi, har doimgiday.
Bu Alisher Rahmonning beradigan doimiy javobi. Nima ham desin. Bundan ortig’i ortiq.
Prim domla ko’p tolg’in ko’rinardi. Avvallari gurunglari saldan keyin alangalab ketardi, maza qilib she’r o’qishardi. Hozir bo’lsa ikkalasi ham indamay ketishyapti, go’yo subatga toblari yo’qday. Alisher Rahmon muallimining xayoli nimadir bilan band ekanligini ko’rib, indamaslikni ma’qul ko’rdi. Oxiri kutgani bo’ldi. Domla “yorildi”:
— Men qalbingizga ezgulik urug’ini ekmoqchi edim, Alisher… Chunki adabiyotning vazifasi shu. Lekin qayerdadir xato qildimmi deb qo’rqaman. Bekmurod senikidami? Qo’ylarini qanday sotganini aytib maqtandimi? Aldayotganimni bilmaydi deb o’ylaydi. Yo’q, bilaman… U hatto o’zini o’qitgan domlasini aldashdan hazar qilmayaptimi — bunga men aybdorman… Yoki she’r o’qib yig’laganimda kulishlarini bilmaymanmi? Bilaman… Lekin o’qiyveraman. Ko’pchiligini o’zim o’qitganman. Shuning uchun ularga to’yda ham dars bergim kelaveradi… — U chuqur uh tortdi. Keyin yana davom etdi. — Tunov kuni kutubxonaga kirgandim. Odam zoti yo’q. “Alpomish” turibdi, “Go’ro’g’li” turibdi, Abdulla aka, Erkin aka turibdi. Ishonasanmi hammasini chang bosgan, oylab qo’l ko’rmagan. Bir xillari chilt yangiligicha turibdi. Nega bunday bo’layapti, Alisher?! Odamlar orasida insof ko’tarilganiga, aka uka bilan, ota o’g’li bilan bir so’mning ustida jiqqa musht bo’layotganiga sabab shu emasmi?..
— Butun dunyoda ahvol shu, domla, — dedi o’quvchi javob berishga qiynalarkan. Axir nima desin? Bu savolni o’ziga ming martalab bergan. Javob esa… Javob esa… odamni qo’rqutgulik.
— Sen bir vaqtlar tuppa-tuzuk she’r yozarding. Gazetayu jurnalda chiqib turarding. Nega yozmay qo’yding? Yo sen ham qo’l siltadingmi?
— Men-ku bir havaskorman, domla. Necha-necha talantlar yozmay qo’ydi. Chunki shiorga talab bor, shig’irga talab bor, she’rga talab yo’q. Shiorlarni qator-qator qilib yozishadi, shig’irni mikrofonning oldida dumbasini likkillatgan borki, “qo’shiq” qiladi. She’rning to’rtta o’zingga o’xshagan hayolparastdan boshqaga keragi yo’q. O’sha to’rtta hayolparast ham bir-birini tushunmay mazax qilgan, tuproqqa qorgan. Nimasini gapiraman, domla?
— Haqiqiy talant shunday paytlarda bilinadi, Alisher. U odamlarni adabiyotga qaytarib olib keladi. Qanday yo’l bilan bilmayman, lekin shunday qiloladi.
— Qanday qilib? Televizorga chiqib she’r o’qiydimi? Yo adabiyot odamlari haqida kino ishlaydimi? Balki internetda sayt ochib olar. Domla, eng yomoni nima bilasizmi? Bularning hammasi qilib bo’lindi. Qani foydasi? Yo’q! Endi kech. Biz yuz yillik avlodni yutqazdik bo’ldikmi deb qo’rqaman.
Prim domla to’satdan gandiraklab ketdi. Alisher Rahmon uni arang ushlab qoldi. U ko’zoynagini artish uchun qo’liga olarkan, domla unga qattiq nigoh tashladi. Ayni palla chaqmoq chaqib, sobiq o’quvchisining g’am va alamga to’la, umidsizlik va tushkunlik manaman deb turgan, o’z dunyosidan butunlay ko’ngil uzgan nigohlarni ko’rib, dahshatga tushdi. Battar gandiraklab ketib, loy yo’lga yuztuban yiqildi. Alisher Rahmon uni ko’tarishga harakat qilarkan, domlaning g’uldirashini eshitdi:
— Biz sizni qaysi manzillarga boshlab keldik…
Domlasini uyiga tashlab, qaytib kelganida mehmonlar uxlab ulgurgandi.
Ertasiga azonda jarchi Prim domlaning vafoti haqida jar soldi.
Alisher Rahmon bir haftadan so’ng qishlog’i maktabiga ishga kirdi.