Betakror aktrisa Rimma Ahmedovaga bag’ishlov.

001

   Истараси ниҳоятда иссиқ, туйғулари паришон юзига майин қалқиб чиққан, маҳзун қиёфали, ҳар қандай ҳолдаям дилбарлигича қолган, сочлари кумушга айланган маъсума Аёл. Унинг муҳаббатга айланган маъюс кўзларида юракни уйғотадиган илиқ ҳарорат мужассам. Актрисанинг ўйчан қиёфасига ёшликка хос лирика ҳам сингиб кетган эди. Бу унинг ниҳоятда нозикхаёл эканидан дарак берарди. Мана шу ҳолатда кўнглимни найнинг дилўртар навосидек титратди. Ва бу ҳазин куй кўмагида гўёки юрагимни кафтимга олиб томоша қилгандек бўлардим…

099

077Таниқли  актриса Римма Аҳмедова 1942 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 1962 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Ўзбекистон санъат) институтининг “Драма ва кино актёри” факультетини тугатгач, институт йўлланмаси билан Ҳамза номидаги Ўзбек давлат (ҳозирги Миллий) академик драма театрида ижодини бошлади.

Дубляждаги фаолиятини 1962 йилда бошлаган. Дубляж санъатининг юксак намунасига айланган “Уруш ва тинчлик” (Наташа Ростова), “Маугли” (қоплон Багира), “Сангам” (Радҳа), “Иф қалъасининг маҳбуси”(Мерседес), “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” (актриса Нина), “Қайнона” (Офат), “Инсон қалби ҳақида қисса” (шоира аёл), “Ишдаги ишқ” (Ольга Рижова), “Садоқат” (Бандана), “Одам амфибия” (Гутиэра), “Зита ва Гита” каби фильмлардаги ишлар актёрлик санъатига хос “амплуа” тушунчаси унинг ижодига мутлақо ёт эканини таъкидлайди.

Актриса “Ой бориб омон қайт”, “Даллол”, “Юзсиз”, “Шўрпешоналар”, “Ўғри ҳам одам”, “Бомба”, “Тушлар сотувчиси” каби бадиий фильмларда катта-кичик ролларни ўйнаган. Актриса 1987 йилдан 1992 йилгача Аброр Ҳидоятов (ҳозирги Ўзбек давлат)номидаги драма театрида ҳам ишлади. Римма Аҳмедованинг санъатдаги фаолияти кутилмаган дард туфайли 1997 йилнинг май ойида буткул тўхтаган. 2006 йилнинг 13 ноябрида вафот этди.

031
РИММА АҲМЕДОВА ҲАҚИДА ИККИ МАҚОЛА

Иқбол Қўшшаева
026

МУҲАББАТ МЕНИНГ КЎЗИМ БЎЛДИ…

Агар ғамгин бўлсанг, севинчим — нажот,
Шод бўлсанг, ол, мана, ғамимни бердим.
Қанотинг бўлайин, сен ҳам бўл қанот,
Ҳамдардинг бўлайин, бўлгин ҳамдардим…

Шеърни ич-ичидан ҳис қилиб, шоир туйғуларини авайлаганча, гўёки ундаги дардни ҳуркитиб қўймаслик учун чўчигандек оҳиста ўқийди… Мен Ундан юқоридаги мисраларни бор йўғи бир марта эшитганман.
Лекин ҳар гал учрашганимда сўзга кўчган бу ҳиссиётлар нур бўлиб унинг қиёфасидан ёғилиб тургандек бўлади. Дарвоқе, ундан шеър тинглаётганингда шеър муаллифини тамоман унутасан. Гарчи актрисанинг ўзи умрида ҳеч шеър қораламаган бўлса-да, лекин ботинида катта Шоир яшайди. Бу ҳаётни улуғлаган ва ундан ўшанча азобланган ҳам Унинг айнан мана шу шоир юрагидир…

044Опанинг маҳзун қиёфасига, кумушга айланган бошига термулиб туриб, дубляж санъатида овози орқали яратган образлари, у иштирок этган спектаклларни кўриб, ўқиган шеърларини тинглаганимда, суҳбатлашганимда шунга амин бўламанки, бу аёлда ҳаммагада насиб этавермайдиган, ҳар қандай чиройдан-да юксак руҳий истеъдод мужассам. Санъаткорни қандай вазиятда, қай ҳолатда учратма, қиёфасида оғриқлар ўз ҳукмини ўтказган бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай тош юракни ҳам эритадиган мунислик борлигини тан оласан. У ҳаётнинг талотўпларига ўзининг сукунатлари, сокин ҳайқириғи билан жавоб бериб келяпти. Шу билан бирга бу аёл қанчалик камтарин бўлмасин, ўз туйғуларини ҳам ҳурмат қила олади. Ўзига нисбатан маънавий талабни ҳамиша катта қўйганидан гоҳида ўзини ҳамда бизни ҳам койийди.

— Ижодкор сифатида мустақил асарлар устида ишлай олмадим. Фақат топширилган, зиммамдаги вазифамни ижро этдим, холос, — дейди у. — Ўйлаб қарасам, бу ҳаётга келиб қилган жиддийроқ ишим, ҳамма қатори уч фарзанд улғайтирибман. Аллоҳ уларни ўз паноҳида асрасин…

Ўзинг билмас экансан олдинда ҳаёт сени қанақа даҳшатлари билан кутиб турганини. Дубляжга келсак, саноқли филмлардангина кўнглим тўлади, ўшалардан иккитаси аллақачон йўққа чиққан. “Маугли” билан “Сангам”нинг биринчи нусхаси ўчиб кетган. Қайта қилган дубляжимиз у даражада муваффақиятли чиқмади. Уч-тўртта филмни ҳисобламаганда, қолганлари ҳам деярли қўйилаётгани йўқ. Ҳолбуки, актёр сифатида юрагимнинг авра-астарини титкилаб ташлайдиган, кўпроқ меҳнат талаб қиладиган ролларга эҳтиёжим чексиз эди. Ортга қараб, ўтган йилларни бир-бир хаёлдан ўтказсам, барибир, актриса сифатида бахтли эканман.

Бахтим шуки, устоз Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, Баҳодир Йўлдошевдек ўз касбининг пирига айланган режиссёрлар билан ишлаганман. Уччаласи ҳам бетакрор режиссёрлар. Булар актёр ишончини қозона олган эди. Шу сабаб ҳам биз образ яратишда кўзлаган мақсадимизга сўзсиз етолардик. Шундай ҳолатлар бўлардики, бугун ўз ижронгдан қониқасан, сенда осмонга кўтаргулик қадар ички қанотлар пайдо бўлади. Аммо эртасига недир бўлади-ю, кечаги ички парвоздан асар йўқ. “Эҳ, аттанг, мана бу ерини кучлироқ қилишим керак эди” деб ич-ичингни еб, ўзингни койийсан, лекин аслида томошабин кечаги ролингни қандай қабул қилган бўлса, бугунгисини ҳам шундай қабул қилган бўлади. Чунки режиссёр тўғри йўналиш берган. Шунинг учун ҳам эмоционал жиҳатдан томошабинга тўғри етиб боради.

Александр Осипович актёрни ўз мақсади томон аста-секинлик билан олиб борарди. Қандай бориб қолганингни ҳам сезмасдинг, гўёки ҳаммасига ўзинг эришаётгандай. У “ҳа яхши, яна бир такрорлайлик-чи, ёмон эмас” деб бафуржа тушунтирарди. Натижада унинг хоҳлагани, менинг ўйлаганимдек бўлиб чиқар эди. Бу режиссёрнинг эмас, гўёки менинг талқинимдек бўларди. Гинзбургнинг биз билан ишлаши, репетиция жараёнлари, актёрларни образ ҳаётига олиб кириши заргарнинг ишидек аста-секинлик билан нозик кечарди.

Устозим Тошхўжа Хўжаев эса бўлакча. Унинг иш жараёни катта полотноларда, турли бўёқлардан йирик-йирик манзараларни акс эттирадиган рассомнинг ишига ўхшайди. Яъни Тўла ака аввалига тушунтирардилар. Актёрнинг ижроси қониқтирмаса, домлам шартта саҳнага чиқардиларда ўзлари ижро этиб берардилар. Албатта, у киши даражасида ҳеч ким ўйнай олмайди, лекин ўшанга қараб интилади. Режиссёр ижроси актёр учун мезон. Тўла ака кучли актёр эди. Гинзбург эса актёр эмасди. У фақат таҳлил қилиб танбеҳ берарди. Муҳими, режиссёр талаб қилаётган нарсани тушуниб, чиқариб бериш керак. Бунинг учун режиссёр актёрдан ҳар томонлама баланд туриши лозим. Агар актёрлар режиссёрдаги кемтикликни сезишса, ижодий жамоа ҳеч қачон шаклланмайди. Режиссёр эса аянчли аҳволда қолади.

Тошхўжа Хўжаев қўлида тарбияланган, Георгий Товстоногов мактабини кўрган Баҳодир Йўлдошев маълум вақт Гинзбург билан ёнма-ён ишлади. Баҳодирнинг илк ишлари ўз даврининг машҳур спектаклларидан бўлган. У театрга шамолдек шовуллаб кириб келди. Шу учун ҳам диплом асари Дюманинг “Ажал минораси”ни кўрган Гинзбург “Менга сенинг ёшлигинг, ғайратинг керак, сенга эса менинг кексалигим, тажрибам керак” деб айтган эди.

Гоҳида репетицияларига Баҳодирни олиб кирар, унинг фикрларини тингларди. Бундай муносабат — кекса авлод билан ёш авлод, яъни саҳна сардори билан ёш ижодкор орасида жуда камдан-кам бўладиган ҳолат. Унинг актёрлар билан ишлаш услуби Тўла акамникига яқин эди. Спектаклни тўлалигича тасаввурига тиклаб олар, унинг якунини ҳам олдиндан кўра оларди. Спектакл воқеалари кўз олдида намоён бўлар, ҳар бир образу эпизодларгача яққол кўрарди-да, тезроқ натижасини кўришга шошилар эди. Тонг ёришмасданоқ ишни бошлаб юборарди. Бунга актёрлар ҳам ўрганишганди. Аввалига актёрни ўз ҳолига қўйиб тушунтирарди. Қарасаки, актёр умуман тушунмаяпти. Саҳнага чиқарди-да, ўзи кўрсатиб берарди. Ҳатто, эмоционал жойларда, лабини қаттиқ тишлаганча, кўзёшларини тўхтата олмас эди… Чунки у ҳам устозига ўхшаган табиатан актёр. Унинг ижросини кўрган актёр тўғри йўл фақат шу деб ўзига сингдирарди. ўзини сира ҳам аямас, имкон қадар буюртма спектакллардан қочар, ўзига, кўнглига таъсир қилган асарнигина саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиларди.

— Сизнингча, бу режиссёрлик усулларидан актёр учун қай бири қулай ёки муваффақиятлироқ?

— Буни айтиш қийин. Менга уччаловиникиям тушунарли. Устозим Тошхўжа Хўжаев репетиция жараёнида, ўтирган жойларидан менинг сўзимни баланд овозда айтиб юборардилар. Шу ондаёқ ҳаммаси тушунарли бўлар эди. Баҳодирнинг услуби, ижоди менга яқин бўлганлиги учун унинг изланишларини сўзсиз қабул қилардим. Ўша вақтларда “Эксперимент нимага керак, театримизнинг анъаналарига тўғри келмайди-ку” деб эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Мен ҳам анъаналарга таяниш тарафдориман, агар у ўз таъсир кучини йўқотмаган бўлса ва театрдаги ижодий ишларни янада юқорига олиб чиқа олса.

Йўлдошев фикрларди. Тафаккур эса чек-чегарани билмайди. Ижодда мослашувчанлик ўзини оқламайди. Қолаверса, ҳамма учун умумий бўлган, ҳамма тушунадиган тилда асар саҳналаштиришни, ҳаммалашиб кетган услубни талаб қилиш нотўғри, бундай гўлларча муносабат санъатнинг имкониятларини чеклаб қўйишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ҳар бир режиссёрнинг ўз кўзи, талқини, яъни дасхати бўлиши даркор. Чунки томошабин савияси кўлмак сувидек бир жойда қотиб қолмайди. ўзгариб боради. Театрнинг нуфузини янада кўтарган “Қароқчилар”, “Рўйхатларда йўқ” спектакллари ўша изланишлар маҳсули. Бунда бетакрор Бримнинг декорациялари ҳам рол ўйнар эди, афсуски, бугунги авлод саҳнада “Юлдузли тунлар”ни кўрмагансизлар. Ана унда шоҳ ва шоир Бобурни кўрардингизлар.

— Режиссёр диктатурасига муносабатингиз?

— Агар режиссёр диктатор бўлмаса, дуч келган йўловчи бир-икки кечага тунаб кетадиган карвонсаройдан ҳеч қанақа фарқи қолмайдиган ўлик театр бўлади. Бугун у режиссёр келиб спектакл қўяди, эртага бошқаси. Ўйлашимча, бугунги театримизнинг энг кемтик томони ҳам шунда. Актёрларимизнинг ишга муносабати шуни кўрсатяптики, гўёки театрда шунчаки рўйхатда тургандек, келиб-кетишади. Албатта, ҳар қанча уринманг бу билан “театр қуриб” бўлмайди.

Чунки ҳар бир одам ўзича олам, ўзининг ички низомларига амал қилгани учун ҳам ўзича ҳақ. Мисол учун россиялик машҳур режиссёрлар марҳум Мейрхолд, Товстоногов ё Марк Захаровни олайлик. Буларнинг бари диктатор бўлган. Нима учун кўп йиллардан бери Захаровнинг “Ленком”и яшаб келяпти? Александр Абдулов: “битта муҳаббатим бор, у ўлгунимча ўзим билан қоладиган ягона муҳаббат — бу Захаровга бўлган муҳаббат”, деб бежиз айтмаган. Захаров қўлида икки йилча ишлаган актёрлар: “У бизга ҳеч овозини кўтармаган, лекин уни кўрсак титраймиз” деб айтишади. Улар бу одамни жуда ҳурмат қилади, ишонади. Унга сўзсиз бўйсунади. Албатта, мен режиссёр жоҳил, шафқатсиз бўлсин демайман. Биринчи ўринда у актёрларини жон-дилидан севиши шарт, шундагина уларнинг тақдирига бефарқ бўлолмайди.

Театр — кичкина мамлакат. У ерда соғлом ва соф муҳит бўлиши, бу муҳитда муҳаббат ва ҳурмат ҳукмрон бўлиши шарт. Шундагина фикрини бир-бирига ўтказиш осон кечади. Буларнинг бари кичкина мамлакатнинг подшоҳи — режиссёрга боғлиқ.

— Рол тақсимлаётганда режиссёр актёрнинг имкониятларини эътиборга олиши керакдир…

— Шахсан мен “драматик актёрман, рақсга тушишни, ашула айтишни билмайман” деган гапни тан олмайман. Айнан драматик актёр ҳар тарафлама, синтетик актёр бўлиши жоиз.

Бу салбий ролларни, бу эса ижобий ролларни ўйнайдиган, буниси қаҳрамонларни ўйнайдиган актёр дейишларига ҳеч қачон қўшилмайман. Актёр биринчи ўринда психолог. Хоҳлайсизми-йўқми, ҳар бир режиссёр сизнинг ташқи кўринишингизга, савиянгизга қарайди.

Шундай дам бўладики, театрга табиати Гамлетга лойиқ актёр келади. Бундай вазиятларда “Гамлет”ни саҳналаштирмаслик гуноҳ. Лекин Гамлет бўлмаса, театр репертуарининг салмоғини кўтариш ниятида йўқ жойдан Гамлет ясаш, бу Шекспирни увол қилишдир. Истеъдодли актёрларни кашф этиш, қаҳрамонларни юзага чиқариш керак. Лекин бу “қаҳрамон” ясаш дегани эмас.

Афсуски, бизнинг томошабинлар режиссёр бу асарни қандай саҳналаштирибди деб эмас, актёрларни кўргани келади. “Отелло”нинг мазмунини билади, лекин бу актёр Отеллони қандай ижро этибди деб актёр ўйинини кўргани келган томошабин, агар у зийрак бўлса, саҳна декорациясини кузатиб, рассомнинг яхши ишлаганига амин бўлади ва ким саҳналаштирибдийкан дея режиссёрга қизиқа бошлайди. Шундан сўнггина режиссёр иши кўринади. Масалан, Баҳодир Юлдошев шу даражага кўтарилган эдики, одамлар актёрларни эмас, режиссёр талқинини кўриш учун театрга тушар эди.

Бир кун Римма опанинг столи устида Пушкиннинг “Қуръонга иқтибос”ини рус тилидаги вариантини ҳамда ўзбек тилидаги Абдулла Шер таржимасини кўриб қолдим, ундан “радиода ўқимоқчимисиз” деб сўраганимда шундай жавоб берди:

— Бу учун шеърни ўзимники қилиб олишим шарт. Қолаверса, овозим бўйсунмаяпти. Юрагимдаги туйғуларни тўлалигича чиқаролмаяпман. Ўзимни бардошли, ҳар қандай дардни енга оламан деб ўйлаган эдим. Қанча тишимни тишимга босмай, бугунги оғриқлар мени синдиряпти…

Саҳнада, одамлар орасида илк бор журъат қилиб ўқиган шеърим Усмон Азимнинг “Ҳаёт қўшиғи” шеъри эди. Тақдир қаршисида чорасиз — кечиккан кўнгил изтироблари: “Ерга боғлаб қўйилганман илдизим ер остида, Кечалари шовуллайман боқиб бўйи бастингга… Ел кафтида олиб келган ҳар шивиринг дилимда…”
Қаранг, банди муҳаббатни шоир қанақа ифодалаган! Бу туйғулар юрагимга ниҳоятда яқин…

Шеъриятни болалигимдан яхши кўрардим. Ҳамма ухлаб ётганда, ички ҳолатимга қараб такрор-такрор овоз чиқармасдан ўқирдим. Кўпчилик шеърни оҳанг берганча чиройли ўқийди. Лекин мен оҳанг бериб ўқий олмайман. Кўпроқ мазмунига эътибор бераман. Шарт эмас тиниш белгиларига, бўғинларига, оҳангларига, бир вақтда қофиясига тушавериш. Ёзган одам мисраларга юрагини берган, у ўз дардини ёзган, мен эса шеърнинг ичидаги юракни тинглайман. Шу сабаб ҳам ўқиётганда тиниш белгиларига аҳамият бермайман. Шеър замиридаги дард муҳим, ўзим қалбим билан етган, ҳис қилган изтиробни чиқазиб беришим
шарт. Ўзимга таъсир қилган нарса, тингловчига таъсир қилади.

— Римма опа, “Труд” газетасидаги интервюда Наталя Бондарчук “… мени саҳнада кўрган отам йиғлади, спектакл тугаганидан сўнг у мен билан актёрлик касбининг бевафоликлари ҳақида узоқ суҳбатлашди” дейди. Ўйлашимча, Сергей Бондарчукни изтиробга солган нарса сиз учун ҳам бегона бўлмаса керак…

– Эҳ-ҳе, Бондарчук бундай дейишининг сабаблари кўп… Мисол учун “41- отилмасин” филмида бош ролни ўйнаган гўзал актриса Извитская қисматини олайлик. Хориждаям унинг довруғи кетган эди. Орадан кўп вақт ўтмасданоқ, уни кўкка кўтаришга сабабчи бўлган режиссёрлар назаридан қолиб, актрисани оқишлаган одамларнинг эсидан чиқади. Тасаввур қилинг, у осмонларга учиб юрган эди-ю, бирданига “тап” этиб ерга тушди. Фожиа шундаки, у машҳурликнинг алдамчи бўлса-да, ширин таъмини тотиб кўрган эди. Тўсатдан унутилиб кетиш ҳамманинг эътиборида бўлиб келган одам учун азоб. Хуллас, кўпчиликни ўзига маҳлиё қилган аёл ичиб-ичиб, ёлғизликда, оч қолиб, хор бўлганча ўлиб кетади. Артист эътиборга муҳтож. У имкониятини тўлалигича юзага чиқаришни хоҳлайди. Ичидан қайнаб келаётган куч унга тинчлик бермайди. Бунақанги тақдирлар, қисматлар камми?!

У шулар ҳақида гапираркан гарчи айнан Изолда Извитская қисматидек бўлмаса-да, ўзи учун қадрли, руҳан маслакдошлари устози Тошхўжа Хўжаевнинг қисмати, унинг сўнгги кунлари, ўз шогирдидан кўрган бевафоликларини, ношуд раҳбарлар туфайли юраги зада бўлиб кетган ўлмас санъаткор Ботир Зокиров ҳаётидаги нотекисликлар ҳақидаги ўзидек маҳзун ҳикоясига тўхталади…

— Истеъдодли, қойил қолдирадиган даражада ўзини яққол кўрсатиб бера оладиган артистлар бор. Афсуски, уларнинг имкониятларидан ҳеч қачон тўлалигича фойдаланишолмаган. Ҳозир ҳам аҳвол шу. Ҳолбуки, уларнинг истеъдодини елга совурмасдан, имкониятларини очиш мумкин эди… Шўрлик актёр эса бу борада қарам.

Актёрнинг ҳаётида қанча дарз кетган жойлари бўлса, буларнинг бари унинг юрагини чизиқ-чизиқ бўлиб тилиб туради. Бу шилинган жароҳатларнинг ҳеч қайсиси изсиз кетмайди! Қанийди шунда саҳнага чиқсанг… ҳаммаси тайёр материал. Мана сенга — саҳна. Ҳаётнинг тарсакилари тўпланган юрагингни энди оч! Бу оғриқлар, дардлар, изтиробларнинг барча-барчаси актёрни эмоционал куч билан таъминлайди.

Умрни иғво, ҳасадлар билан емириб ташламасдан, нималардир қилиб қолишга улгуриш керак. Қайсидир актёр таниқли бўлишни, ҳамма уни таниб, тезда оғизга тушишни хоҳлайди. Аслида кўриниб туриш илинжида ўзини тўрт ёққа уравериш актёрни кўрсатмайди, аксинча кўмиб ташлайди. Бошқа актёрга умуман таниқли бўлишнинг ҳожати йўқ, ҳаттоки унга малол келади. У учун ҳайрат муҳим. Бу ҳайратни на шон-шуҳратга, на бойликка, ҳеч бир нарсага алишмайди. Табиийки, ҳайратни соғинган, қўмсаган одамнинг ўзи ҳам ҳайрат улаша олади.

Таниқли бўлиш осон. Бу учун истеъдод керак эмас. Битта рекламага тушсангиз телевизорда сизни кунига 15-20 марталаб кўрсатса шунинг ўзи кифоя. Эртаси куни кўчага чиқсангиз “анави телевизорда чиққан” деб кишилар қўлини бигиз қилиб кўрсатади. Севикли бўлиб қолиш, уста даражасига етиб, машҳур бўлиш қийин.

Ҳеч ҳазм қилолмайман кулдирмаган, йиғлатмаган одам актёр эмас деган фикрни. Бу ўта саёз, жўн тушунча. Кулдириш ёки йиғлатиш санъат эмас! Бизнинг томошабинларни бачкана қилиғу гап-сўзлар билан кулдириш қанчалар осон бўлса, уларни йиғлатиш учун “Вой болеем” дейишнинг ўзи кифоя. Агар сен тўрт ёки ўн одамни ҳайратлантиролмасанг, демак, сен бугун ўз вазифангни бажармадинг. Бугунги кунингни ҳеч иккиланмасдан ҳаётингдан ўчириб ташла. Чунки ҳайрат излаб келган одамни алдадинг. Пулига, вақтига хиёнат қилдинг. Биласизми, фақат актёргина томошабин билан кўз уриштириб, ҳаёт ҳақида, унинг маъноси ҳақида катта суҳбат қура олади. Бу имконият на режиссёрда, на драматургда бор.

Залдаги томошабинларнинг ҳаммасини ёппасига ҳайратлантира олиш ҳам хом хаёл, бу учун томошабиннинг ўзи ҳам руҳан тайёр бўлиши лозим. Чунки ҳамманинг диди, қалби, савияси турлича. Одамларни йиғлатиш ёки кулдириш асосий мақсад қилиб олинган, қуруқ панд-насиҳатдан иборат, зални томошабинлар билан тўлдириш илинжида “манна — аншлаг!” дея майнавозчиликдан иборат томошалар санъатнинг қонунларидан чекинганлиги учун ҳам ҳеч қачон санъат асари бўлолмайди!

…Ўйлаб қарасам, умрим театр, дубляж, оналик вазифаси, шулар орасида зувиллаб ўтибди-кетибди. Аслида бу ҳаётда қила олишим мумкин ва шарт бўлган ишларни бажаришга улгуролмагандекман…

Рўзғор ташвишларининг ҳаммасини ўз бўйнимга олганим учун, жонингизни қадрига етмагансиз, деб яқинларим мендан ранжишади. Қай бир маънода улар ҳам ҳақ… Мисол учун, ҳар кир ювганда кўйлакнинг фақат битта жойини ишқалаверсангиз, бора-бора кийим ҳам айнан ўша жойидан йиртилади. Барибир мен афсусланмайман. Чунки ўша дамларда бу меҳнатларнинг машаққати сезилмаган, малол келмаган. Неки меҳнат бўлса, барини севганлигимдан, азбаройи оиламга бўлган муҳаббатим туфайли қилганман. Шунчаки бурч юзасидангина эмас! Қолаверса, атрофингдагилар учун ўзингни сарфлашни ўзгача гашти бор…

Ҳатто раҳматли аям ҳам “рўзғорнинг ҳамма юкини ўз елкангизга олманг, аравани икковларинг бараварига тортинглар” деб койирдилар. Лекин бундай қилолмасдим. Ахир, у — ижодкор! Имкон қадар майда ташвишлардан, оилавий икир-чикирлардан аяшим шарт эди. Қон-қонимга сингиб кетган ҳақиқат шу эдики, менинг ишларим-вақтимданда кўра унинг ўй-фикрлари, лаҳзалари қимматли эди. Режиссёр рафиқаси бўлганлигим учун ўзимни асосий роллардан четга тортиб келсам-да, ҳар бир спектаклининг муваффақиятидан сархуш бўлганимдан барча чарчоғу кўнгилхираликларни унутиб, бахтиёр бўлганча яна кундалик ташвишларига шўнғиб кетардим, Ҳаёт шу тарзда ўтаверди… Эркин бир шеърни кўп ўқийди, маъноси деярли шундай: “Дунёга келдингми, бозорга бор-да кафанлик ол”…

Агар ҳаётимни бошқатдан бошлаш имкони бўлса, кимдир менга “Римма, ҳаётингда сени мана бундай кўнгилсизликлар кутиб турибди” деганида ҳам ҳеч иккиланмасдан мана шу тақдирни барибир танлаган бўлардим.

— Ҳаёт сиз учун нима?

— Агар шу кунгача неларгадир эриша олган бўлолсам, барисининг замирида муҳаббат ётади. Мен ҳаётни муҳаббат орқали кўрдим. Муҳаббат менинг кўзим бўлди.

Инсон ҳаётида шундай хатолар бўладики, уларнинг биттаси бутун умрингга етади. Қолган хатоларинг учун пойдевор вазифасини ўтайди. Энг асосийси Аллоҳ томонидан туҳфа этилган тан, қалб, онгни ардоқлаш керак. Хасталик — ночорлик, имкониятингни чекланганлиги демак.

Ҳаётда ҳеч кимдан ранжимаслик керак, деб ўйлайман. Чунки бу йўлларни Аллоҳнинг ўзи чизган,У ҳеч нотўғри чизмайди. Сиз билан менинг вазифам шу йўллардан, тақдиримда бу ҳам бор экан, дея қаноат билан ўтиш. Қаноатда ҳикмат кўп. Қанча ўнқир-чўнқир бўлмасин, бу йўллардан ўтишимиз зарур. Фақат бу йўллардан ўтаётганда тавба-тазарру билан, бизни ва бизга озор етказганларни ЎЗИНГ кечир, деб ўтайлик.

Бу дарёдил аёл ўзининг дунёси, ҳикмати билан мен учун ҳаётнинг жўн ҳақиқатларини парчалаб ташлади. Яъни халқимиз орасида кўп юрадиган “Қизларнинг ҳаммаси яхши, лекин ёмон хотинлар қайдан чиқади” нақлини одамлар ўз заифлигини хаспўшлаш илинжида айтишини англатди.

Йиллар давомида ҳаёт ўзининг бўронлари билан бу “сокин дарё”нинг сувларини лойқалата олгани йўқ. Унинг мунислигида ҳатто кўпчилик эркакларда учрамайдиган сўнмас қатъият, тоғлар кўксини титратадиган мушфиқлик бор. У учун ҳаёт курашдан, меники-сеники дея тортишиб талашишлардан иборат эмас, шу боис саҳнани ҳам кураш майдонига айлантириб юбормади. У учун ҳаёт муҳаббат, бардош ва имконият… Бир инсон кўриши, чекиши мумкин бўлган дардларни инграмасдан енгиб келяпти.

Римма Аҳмедова билан ўтган суҳбатларимизни, унинг ҳаётини ўзимдан ўтказар эканман ич-ичимдан шундай жавоб сизиб чиқади: бу аёл шунчаки яшай олмайди, шунчаки рол ижро этолмайди. Шунчаки эътибор, муносабат, ўзи айтганидек “шунчаки шимга дазмол босиш”… Умуман, у “шунчаки” сўзи билан чиқишолмайди. Шунинг учун ҳам унинг оғриқлари, дардлари, севинчию БАХТИ шунчаки эмас…

2005 йил, декабр

КУМУШГА АЙЛАНГАН МАСЪУМА
022

Мунча ишқим қайга сиғади?
Ҳаммаси ҳам руҳим ичида.

Ойбек

Нега унинг овози ҳазин, табассуми синиқ эди? Ҳатто мағрур нигоҳида ҳам кишини ўйлантирадиган маъюслик яширин… Лекин ҳеч кимга ўхшамаган хокисорлик — вазминлигида қандайдир аслзодалик ҳам бор эди-ки, ҳамиша ғамгин, аммо улуғвор кўринарди.

Ҳузурига бормасимдан олдин адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг: “Ҳаётда қандай оғир, вазмин, камгап бўлса, санъатда ҳам шундай яшаб келяпти. Аммо унинг изтироб ва оғриқлар билан лиммо-лим қалбини, дод солса, исён кўтарса, дунёни бузарлик қудрати, қуввати борлигини Римма Аҳмедова санъатидан том маънода баҳра олган нозик фаҳм ва дидли ихлосмандлар ҳамиша сезиб юришади. Агар ўзбек актёрлик санъатида Римма Аҳмедованинг фақат у билангина барҳаёт ўрни бор десам ҳақиқатга яқинлашган бўламан. Билмадим, ҳар қалай менга ўтган ва ўтмаган аёл актрисаларимиз ичида Римма Аҳмедова деган ҳодиса энг маҳобатлиси бўлиб туюлади. Чунки у ҳеч қачон томошабин кетидан юрмайди, эргашмайди, балки аксинча эргаштиради, ундан баландроқ юради. …У кўп нарсага файласуф нигоҳи билан қарайди. Дунё ишларини файласуфона мушоҳада этади.” (1), дея кўнглининг туб-тубидан чиққан самимий эътирофини қайта-қайта юрагимдан ўтказдим.

Санъаткорнинг руҳни ибодатга келтирувчи, ҳа-ҳа, айнан ибодатга келтириб, покловчи овозини эшитиш учун баҳога ҳаддан ташқари хасис, тажанг домланинг сабоғини қолдириб, юрак ҳовучлаганча “Инсон қалби ҳақида қисса” филмини кўрган кунимни ҳамон қўмсайман. Ўшанда мен англаган бирдан-бир ҳақиқат шу эдики, филм қаҳрамони — туйғулар олами бой бемор шоиранинг хаста, лекин ҳассос юраги аслида биргина овози билан унинг образини яратаётган Санъаткорим кўксида уриб турарди. Шу сабаб бўлса керак, гарчи дубляж санъатида икки мингга яқин образларни яратган бўлса-да, Римма опа йиллар давомида ўзига ҳам қадрдон бўлиб қолган беғубор Наташа Ростова билан нозик қалбли ўша шоирани айрича меҳр билан эслаб келди. Чунки бу қаҳрамонларнинг дарди, шикаста туйғулари унга бегона эмас эди…

Бу Аёллар дунёсида камалакнинг турфа рангларини эслатувчи инсоний хислатлар, гоҳида ақлданда юксалган ҳиссиёт, туйғулар нафислиги билан боғлиқ ички ҳамоҳанглик мужассам. Бир неча йиллар олдин актрисанинг бетоблигини эшитишим биланоқ ўзи ардоқлаган ўша Шоиранинг дардманд юраги қулоғим остида ураётгандек бўлганди. Кўз олдимда илтижоли нигоҳларини ўзининг суюкли жарроҳидан бир зум ҳам узолмаётган, икки ўт — бурч ва муҳаббат оловида қоврилаётган, бедаво дардга йўлиққан Аёлнинг шоирона қиёфаси гавдаланганди. Нима учундир унинг ўзини учратгунча кўпроқ шу ҳолатда такаввур қилар эдим…

015…Истараси ниҳоятда иссиқ, туйғулари паришон юзига майин қалқиб чиққан, маҳзун қиёфали, ҳар қандай ҳолдаям дилбарлигича қолган, сочлари кумушга айланган маъсума Аёл. Унинг муҳаббатга айланган маъюс кўзларида юракни уйғотадиган илиқ ҳарорат мужассам. Актрисанинг ўйчан қиёфасига ёшликка хос лирика ҳам сингиб кетган эди. Бу унинг ниҳоятда нозикхаёл эканидан дарак берарди. Мана шу ҳолатда кўнглимни найнинг дилўртар навосидек титратди. Ва бу ҳазин куй кўмагида гўёки юрагимни кафтимга олиб томоша қилгандек бўлардим…

Ҳа, аҳён-аҳёнда бу найдан кўнгил қулфини очиб ташлайдиган ўйноқи-шўх наволар янграрди. Барча истеъдодли инсонлар цингари юмор туйғуси у учун ҳам бегона эмас эди. Ўз ҳолатидан кула оларди, кулгандаям мазза қилиб, яйраганча армонсиз куларди. Баъзан биз дардидан маъюсланиб қолсак, ўзини “айбдор” сезиб хижолат чекар, “мени кечиринглар” дегандек илтижоли боқарди. Муносабатларимизда ёшимиздаги қирқ йиллик масофа ҳеч сезилмаган, олдида ўзимни ниҳоятда эркин сезардим, юрагим эрк шаробидан тўйиб ичаётгандек бўларди. Ҳар гал суҳбатлашганда амин бўлардимки, бу аёлда камдан-кам одам эришиши мумкин бўлган, ҳар қандай чиройдан-да юксак, турмушнинг телба шамолларидан ғолиб руҳий юксаклик мавжуд эди. Актрисанинг ўй-мулоҳазалари ҳеч қачон кексалик нишонаси бўлмиш панд-насиҳатга айланмади. Ҳаётни айрича муҳаббат билан севиб, уни теран тушунар, назаримда бу туйғуни сўнгги лаҳзасигача суҳбатдошларига ҳам юқтиргиси келарди.

Унга отасини кўриш насиб этмади. Сайрамлик Анор хола кенжатойи Ашурни урушга жўнатаётганида, ўғли вагон деразасидан бошини чиқариб: “Александрани асранглар, бўйида боласи бор!” дея овози борича бақиради. Бу ўғилнинг онага айтган охирги ўтинчи эди. Орадан ойлар ўтиб фарзанд дунёга келади. Александра қизалоққа эрта кетган дугонасининг хотираси учун Римма деб исм қўяди. Анор хола эса кенжатойининг тирик васиятини ҳеч кимга ишонмас, уни Ирисой деб чақирар, “чироғим” деб эркалатарди.

Александра турмуш ўртоғини ўн бир йил кутади. Тақдирга тан берган она: “Болам, шунча кутдинг, уволингга қолмай, турмушга чиқ,” дея келинига рухсат беради. Бироқ Ашургинасининг ёлғиз ёдгорини ўзи билан олиб қолади. Невараси кўнглининг кемтиклиги билинмасин дея эски шаҳардаги бозорда тарозибонлик қилиб неки тансиқ нарса кўрса нуридийдасига илинади. Бола онамнинг олдига бораман, деса ҳам ёлғиз юборишга кўзи қиймас эди. Негаки, бошқа турмуш қуриб, кетма-кет фарзандлик бўлган Александранинг тинч турмушига халал бергиси келмас эди.

“Ўзимча ойим(бувим)дан кўп ранжирдим, — дея эслайди Римма опа. — Институтда ўқиб юрган кезларим тадбирлар — ижодий кечалар тез-тез бўлиб турарди. Шунда гоҳида кечгача қолиб кетар эдик. Уйга қайтаётганимда, қачон қарамай ойим кўчага чиқиб, мени кутиб ўтирардилар. Хоҳ қаҳратон қиш бўлсин — хоҳ ёз. Мен эса у кишини уришаман “Ойи, маҳалладаги аёлларга гап кўпайтириб нима қиласиз: “Бояқиш, кечгача Ирисхонни кутиб кўчада дийдираб ўтирибди” дейишади…”

Кунлар ойларга айланди, ойлар эса йилларга… Йигирма ёшида у ҳам бувисидан, ҳам онасидан жудо бўлди. Мана шу жудоликлардан сўнг биз учун таниш бўлган нигоҳига қайғунинг илк сояси тушди. Бора-бора бу соя чуқур мунгга айланди. Ҳатто ўзини бахтиёр санаган лаҳзаларда ҳам унинг нигоҳини тарк этиб кетолмади.

“Маъракалари ўтгач, институтдан келаётсам, раҳматли ойим мунғайибгина мени кутиб ўтирадиган симёғоч остидаги курсича бир четда ағанаб ётибди. Уй қоп-қоронғи. Кўнглим каби йилт этган ёруғлик ҳам йўқ… Шунда Кимни йўқотганимни англаб етдим. У киши: “Чироғим, мендан хафа бўлма. Бир кун келиб афсусланишингни ҳеч хоҳламайман. Унда кеч бўлади. Ўз ҳолимга қўй мени. Қўшнилар гапи билан иш қилмайман-ку! Кўчага чиқиб сени кутишга кучим етяптими, бу ҳам ғанимат. Лекин, болам, шуни бил, сени мендек ҳеч ким кутмайди. Бошингга тушганида биларсан,”дер эдилар. Бувимни вафот этганларидан кейин тушундим…

Энди эса ҳар тонг уйғониб у кишининг руҳидан кечирим сўрайман: “Ойижон, мен ғофилни кечиринг, мана бугун мен ҳам сизнинг аҳволингизга тушдим.” Назаримда, ҳали ҳам у киши «Ирис болам, қийналдингми”, деб мўлтираб тургандай…”

Бироқ ҳаёт довонлари Анор хола дилбандини канъатнинг арзандасига эмас, ҳақиқий фарзанди — меҳри учун жазога маҳкум этилган жафокаш Корделиясига айлантирди. Актриса ҳам бир вақтлар саҳнада образини яратган қаҳрамонидек туйғуларини ошкора намоён этавермас, меники-сеники дея саҳнани кураш майдонига айлантирмасдан ўз сукутига ғарқ бўлганча, ички саволларига жавоб изларди.

Римма Аҳмедова саҳнада чуқур фожиавий образлар ёки ўткир драматизм руҳидаги қаҳрамонларни ҳамда комик ролларни яратаётганда фақат бир нарсани — томошабинлар актрисанинг оғзидан чиқаётган сўзларни эмас, чунки бу сўзлар муаллифники, актриса қалбига қулоқ солишини, шу сўзларни айтаётганда қандай оғриқларни ўзидан ўтказаётганини тушунишини орзу қилар эди. Умри шомида “Юлдузли тунлар” спектаклидаги Хонзодабегим қисматини кўп эслади. Яъни бу образни саҳнада қандай гавдалантирганини эмас, асло!.. Фақат яқин кишисининг бахти учун ўзининг орзуларини, келажагини қурбон қилган Аёл дардини ўйларди. Ўйлаган сари ўзи ҳам унинг дунёсига чўкиб борар эди…

Бу аёл саҳна инсон туйғуларини таҳқирламасдан, юксак маънавий идеаллар йўлида хизмат қилиши керак деб билди. Сен ундан ўзинг излаб юрган гўзалликни топ. Қаҳрамонлар фожиасида ўзингдаги кемтикликни кўр-да тиниқиб-тиниқиб йиғла, руҳан покланасан дер эди. Табиийки, бетоблиги туфайли ижодий жараёнлардан узоқлашганди. Бир куни соғиниб юрган театрига спектакл кўргани боради… “Мен спектаклнинг режиссурасию актёрлар ижроси ҳақида гапиришни ҳам хоҳламайман. Спектакл эмас! Бу томошада эркак ва аёл ўртасидаги сирли муносабат шу қадар яланғочлик билан айтиляптики, буни санъат деб айтолмайман!”— деган эди.

Ўша куни уйига йиғлаб қайтади. Аслида, бу кўзёшлар бир умр соф туйғулар билан севган саҳнасининг шу қадар қадрсизланганига қилолган бирдан-бир исёни эди. Шундан сўнг ўзи учун хулосага келади: гўзаллик чексиз тушунча бўлганидек, яъни унинг қиёси топилмагани учун ҳам ҳар томонлама мукаммал санъат асари бўлмайди. Шунингдек, тубанликнинг ҳам интиҳоси бўлмас экан…

Унинг Ўзбек миллий театри саҳнасида кўрган сўнгги спектакли “Дарахтлар тик туриб жон беради” саҳна асари эди. Бу пьеса актриса учун алоҳида қимматга эга. Негаки, бир умр шу асар хаёли билан яшади. “Гинзбург “Ричард ИИИ”ни фақат мен қўя оламан, бошқа ҳеч ким мендек қўя олмайди”дер эди. Буни такаббурликка йўймаслик керак.

Режиссёр бир асарга қўл урар экан, ўша асар ҳақида мана шундай даъвоси бўлиши шарт. “О, классика! Жаҳон драматургиясидан албатта саҳналаштиришим лозим”, деган ҳавойи хоҳишнинг ўзигина ҳеч нарса қилолмайди. Яъни етук спектакл учун яхши асарнинг фақат ўзи камлик қилади. Бунда ҳеч кимни такрорламаган режиссёр нигоҳи зарур. Асарнинг саҳнавий варианти тўлалигича хаёлда етилиб пишмасдан қўл урмаслик керак… Ҳозир мен тасаввуримда Кассонанинг бу асарини тўлиқ кўряпман. Шу асар орқали ичимда қолиб кетаётган гапларни айтмоқчи эдим. Яъни инсон энг оғир дақиқаларда ҳам қанчалик қийин бўлмасин тўғри қарор чиқара олиши шарт. Ҳеч қурса ўлаётганчоғида ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олиш учун ўзида куч топсин. Қанийди имкониятим бўлганда эди. Ҳали режиссурага қўл уриш учун вақт бор деб ўйлардим. Афсус кеч бўлди. Жуда кеч….”

Ўзим “Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклини театр саҳнасига кўрмасимданоқ, Римма опа орқали асар ҳақида тасаввурга эга эдим. У киши ҳар бир ролга алоҳида тўхталиб, ўзининг саҳнавий вариантини айтиб берган эди. У ҳолатга кирганча асардаги диалогларни менга айтиб бераётган кезда танасидаги оғриқларни тамоман унутарди, назаримда.

Кейинчалик спектаклдаги бош қаҳрамонлардан бирининг ижросидан опа жуда хафа бўлди. Куюнганча “Унинг қаҳрамонини олижаноблиги, самимияти қиёфасида акс этиб турган бўлиши керак. Бу актёр эса ясама табассум билан саҳнага “мана мени кўриб қўйинглар” деб савлат тўкиб юради. Шунчаки матнни ёдлаб олган, холос. Қиёфаси шу қадар расмий, қуп- қуруқки, яқин кишисининг жанозасида ҳам ўз авторитетини ўйлайдиган чиновникни эслатади”.

0333  Актриса илк бор саҳнада 1962 йил “Океандаги фарёд” спектаклида зиддиятли лирик кечинмаларга бой соҳибжамол баронесса қиёфасида чиқади. “Бу ажойиб спектаклни Тўла акам саҳналаштирган эдилар. Бу менинг диплом спектаклим — илк ҳайратим бўлгани учунми қайта қўйилган вариантини (Т. Азизов саҳналаштирган “Етти фарёд” спектакли назарда тутиляпти, — И.Қ) кўришга юрагим дов бермади… ”

Касалхонада бўлган сўнгги суҳбатларимиздан бирида санъаткор шу спектаклда яратган баронессасини яна бир карра эслади: “ Ниҳоятда чиройли баронессанинг ошиқлари кўп бўлади. Бой барон эса аёлнинг ҳуснидан керилганча қаергаки саёҳатга чиқса, ўзи билан олиб юрар, бироқ тунлари эса шафқатсизларча “сен фоҳишасан” дея ҳақорат қилиб, урарди. Асарнинг кулминацияси — қаҳрамонлар фожиа ёқасида қоладилар. Яшаш учун ҳеч қандай умид йўқ. Ҳамма фожиани турлича кутиб олади. Ажал рўпарасида турган барон маъшуқасига: “Нима учун мен сенга шунча азият етказсам-да, орқамдан қолмайсан, бир зум ҳам мендан айрилмайсан?” дейди. Шунда мен, яъни баронесса: “Биласанми, менга сенинг берган озорларинг ҳам ёқади, мени урган мана шу қўлларингни ҳам севаман”, деб жавоб бераман.

Муҳаббат — шунақанги жумбоқки, сен уни тушунтириб беролмайсан. Нима учун севишингни айтолмайсан. Севасан ё севмайсан. Тамом. Мени тотганим ширин азоб бу. Негаки сен барибир қисқа бўлса-да, у билан кечган, бахтли, нурли кунларнинг хотираси учун ҳам… астойдил кечириб, уни ўйлашда яна давом этавераркансан. …Юрагинг уриб турар экан хато қилишдан ҳеч тўхтамас экансан. Гоҳида меҳринг ҳам хатоларингга айланаркан. Фақат ўлим билангина буларга нуқта қўяркансан. …Йў-ўқ, ўтган кунлардан сира афсус чекмоқчи эмасман. Бошқача бўлолмасдим ҳам. Лекин, аёвсиз бир шамол умримни супуриб ташлагандай… Шунга мана бу ерим(кўксини кўрсатади) ачишиб куйдиряпти-де…”

У ўқиган шеърларнинг ҳар бири қандай қилиб санъат асарига айланганини ўзимча тушуна бошлайман. Назаримда, ундаги ҳассосликнинг, улуғворликнинг ҳам калити унинг саодатманд қалбидаги жавҳарда мужассамдек.

Бугун 17 октябр. Эртага иккинчи бор жарроҳ столига ётади… Одатдагидек ишдан вақтли чиқиб шошганча Чилонзордаги касалхонага отландим. Палата эшигини секин очган кўйи оҳиста қадам ташлайман. Ўнг қўлини пешонасига қўйганча ётарди. Назаримда ухлаётгандек. Каравот ёнидаги стулда букланган қоғоз тусида-хатчўп қистирилган китоб. Эрнест Хемингуей: Қўнғироқлар кимга чалинади”…

Эҳтиёткорлик билан бемор ёнига чўкдим. Ўзимча Унинг ҳароратини, қайноқ тафтини туйгим келар эди. Бир текис нафас оляпти. Қип-қизил яноқлари лов-лов ёнаётгандек. Тана ҳарорати кўтарилганга ўхшайди. Албатта бу операцияга кираётган пажмурда жон учун яхши аломат эмас…
Кўнглим бузилди… Имкон қадар кўз ёшларни кўрсатмаслик керак.
Ўн дақиқаларча унга термулиб ўтирдим. Нурли кунларга ишонишга ҳарқанча уринмай, югуриб ўтаётган бу дақиқаларнинг ғаниматлигини бутун вужудим билан ҳис қилиб турар эдим. Ўша дамда бу лаҳзаларни тўхтатиб, уларда яшай олмаётганим алам қиларди. Илк бор одамзотнинг энг улкан, буюк ва шафқатсиз армони ҳам мана шу такрорланмас ВАҚТ — ҳаммамизни ўзи билан оқизиб олиб кетаётган онлар, бизни емираётган лаҳзалар экани юрагимни тирнади… У уйғонди. Унга томон янада яқинроқ сурилдим. Қўлларини кафтимга олдим. Ҳамишагидек ҳазин жилмаяди:

— Ёнаяпман…

Ҳамширадан термометрни олиб, иссиғини ўлчадик. Ҳарорат 37,5 даража.

— Яхши эмас… — деди хўрсинганча, — ҳечқиси йўқ. Энди буёғи таваккал… Фақат яқинларимни овора қилганим қолди.

Ишларимни сўради, бироз ҳасратлашдик… Сўнгги нафасигача, бошидаги оппоқ толалардан товонига қадар Оналик ишқи унинг бутун борлиғини ёндирар эди. Умуман муҳаббат ўтида кул бўлгунча ёниб яшаш бу Аёл ёзуғи экан…

Ўшанда ўзини олдинда кутиб турган йўқлик манзили эмас, асосан боласининг мавҳум кўринаётган тақдири адоқсиз ўйга солиб, безовта қиларди…

Ҳатто суҳбат орасида ўзини тетик сезгач, латифа айтиб мени кулдирган ҳам бўлди. Унинг ҳамма оғриқларини борлигича ҳис қилиб турибман. Ночорман…

Шунда бўғзимга тахирдан-тахир йиғи тиқилди…

Қарасам, Унинг-да кўзларидан ёш сизиб чиқяпти. Гўёки кўзёшларни яшириш илинжида кафтимда турган қайноқ қўлларига лабимни босаман. Шунақа иродасизман… У яна ўша машъум, лекин ҳеч бир банда қочолмайдиган мавзудан гап очди.

Ўша топда унинг оғзидан айнан бу ҳақда эшитиш азоб эди…

Менинг тентакларча ўпкаланаётганимни тушунди-да, қўлларимни кафтига олиб маҳкам қисди. Ундаги ҳарорат энди менинг вужудимга ўтгандек гўё…

Танам ёқимли, бироқ ниҳоятда омонат ҳисни туйди. Бу ҳисни шууримда мангуга муҳрланиб қолишини хоҳлардим. Балки у бу сўзсиз таскини билан менга ёш бола эмассан, ўзингни қўлга ол ёки одамзод ҳаммасига чидаган, сен ҳам кўникасан, демоқчи бўлдими билмадим.

— Менга ҳам сизларни ташлаб кетиш осон эмас. Тавба сизни кеч учратганлигимни қаранг-а! Бизларни тақдир учраштиргани сиз билан менинг бахтим, шундай экан ношукурлик қилмасдан ҳаммасига кўникиш керак. Барибир ҳаётдан тўйдим деганингда ҳам, сени бу дунёга боғлаб турадиган баъзи бир нарсалар бўлар экан…

Биз учун қанчалик оғир бўлмасин, у ўлимнинг кўзига тик қарарди. Ўша дамда оғзидан чиқаётган ҳар бир сўз довдираганча ҳаёт чорраҳасида турган ёш биродарига айтиши зарур бўлган энг сўнгги ҳақиқати экан:

— Бутун бошли ҳаётимни бир бутунликда кўраман. Бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам бир-бирига занжирдек уланиб кетган. Бир қарасам бахтсизлигимда бахт бор, бахтимда бахтсизлик. Шунинг учун ҳам мен буларни бир-биридан айро тасаввур қилолмайман. Ҳаммаси бир-бирига туртки бўлган…

Мени сиздан ўтинчим, юрагингиздан нафратни қувинг, юракни нафрат кемиради. Заррача бўлса-да, ҳеч кимга нисбатан юрагингизда адоват қолдирманг. Ундан кўра одамларга Аллоҳдан инсоф сўранг. Севинг… Улар ҳам ўзича ҳақ. Ҳар ким ўз бахти учун курашади. Мен ҳаммасини астойдил кечирганман, кўнглимда кек қолмаган. Бу менинг ҳаётим эди. Шунингчун ҳеч кимни айбдор деб айтолмайман. Ҳар қандай ҳолатдаям, агар мен Ўзбекистонда эмас, бошқа мамлакатда туғилганимдаям барибир шу қисматни яшаб ўтардим. Ҳеч ким ўзидан қочиб қутулолмаган.

Эдип… биз! Ҳа, у бизнинг замондошимиз. Ундан кўра ҳаммамизнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун Аллоҳ олдида тавба-тазарру қилиш керак. Жон болам, улар учун ҳам ибодат қилайлик…

Ҳарқанча қайғули бўлмасин, ўша дамда бахтиёр эдим. Чунки ўзим излаб юрган Одамни фақат бадиий адабиётлару тарих саҳифаларидангина эмас, мени ўз бағрида кўтариб турган шу заминда, бошим узра айланаётган чексиз осмон остида топган эдим. Азбаройи, мана шу қисқа учрашув учун ҳам бу ҳаётни куйлаб ўтсанг арзийди.

Афсуски, иккинчи операциядан сўнг куз баргидай ҳилпираб турган умидимиз саробга айлана бошлади…

…Ўша номи совуқ касалхонанинг машъум реанимация бўлими. Елкамга оқ халат ташлаганча оёқ учида уколу дорилар ҳиди анқиб ётган хонага кирдим. У ҳолсиз ётар эди. Секин кўзини очиб, қуруқшаган лабларини аранг жуфтлаштирганча пичирлади:

— Эй, к-э-л-дииз…

— Ҳа келдим, Римпоош… — кўришиш ниятида унинг заъфарон юзига энгашдим.

— Тт-ўй…

— Раҳмат, жуда яхши ўтди, ҳаммалари сизни сўрашди (акамнинг тўйини назарда тутган эди). Ҳожиакбар ака сизни кўргани келмоқчилар…

Шунда тўсатдан унсиз нигоҳидан мутлақо унга ёт бўлган, лоқайдликка айланган хотиржам сокинликни уқдим. Бу юрагимдаги хавотирни янада кучайтирди. Кўксимдан кўчганча томоғимга ачишиб тиқилган чорасизлик энгашганимда кўзим косасига қўйилди.

— Йиғғ-ла-манг…

Нима дейишни билмайман. Фақат:

— Йў-ўқ, опажон… Сизни кўрганим учун… севинч ёшлари… сизни соғинганман… — деб ҳиққилаганча неларнидир ўзимча алжирайман.

— Ра-ҳҳ-маат, жоним…

Римма опамнинг шамдек сўниб бораётганини кўриб фожиа муқаррарлигига, жон танани тарк этиш учун чоғланаётганлигига ногаҳон тушуниб етдим. Наҳотки энди бариси ўтмишга айланаётган бўлса?! Зора… ноумид шайтон, дея миямдаги нохуш ўйларни қувишга қанчалик уринмай, бироқ ҳалқумимни куйдириб келаётган оташ энди унинг олдида қололмаслигимни таъкидлар эди. Бу “ўкирик”ка айланмаслиги шарт!

Сўнгги бор қайноқ пешонасига юзимни қўйганча чексиз соғинчга — эртакка айланаётган дунём билан хайрлашдим.

Ҳа, бариси чексиз соғинчга — эртакка айланди… Энди, ҳаётнинг тарсакиларидан юраги зада бўлиб кетган бўлса-да, бу оламга ва одамларга нисбатан меҳр тўла нигоҳни кўра олмайман… Кўзлари ўзгача эди. У нигоҳлар менга кўзнинг чиройи инсоннинг ботинида мужассам эканлигини англатган. Ўшанда тушунганман, дунёда фақат маъноли ва маъносиз кўзлар борлигини. Яна бошқача кўзлар бўлиши мумкин эмас!

Ўша маҳзун дам 11 ноябрнинг шоми эди. Ҳатто юзларимни силаб ўтаётган кеч кузнинг майин шамоли ҳам ғашимга тегар, (у бизни 2006 йилнинг 13 ноябрида мангуга тарк этди) фақат кўнглим қоронғу тезроқ тушишини, ҳеч ким мени кўрмаслигини, шу хира ёруғлик ҳам хаёлларим билан видолашишим, тўлиб кетган юрагимнинг тўкилиб олишига халал бермаслигини хоҳлар эдим. …Илк маротаба “Жудоликлардан ўзи асрасин, айнан жудоликлар бизни хор қилади” дея оҳ урган, Шамсидан айрилган мавлоно Жалолиддиннинг оғриғини ўз танамда сездим. Ва илк бор ёмғир ёғишини, ёққандаям савалаб ёғишини ич-ичимдан хоҳладим…

Опа менга “йиғламанг” дейди. Ахир, бунинг иложи борми?! …Ўлим ҳақ. У ҳамиша бизни эшик ортида кутиб тураётганлигини инкор этолмайман. Аслида опагинамнинг шикаста вужуди бу олам озорларидан озод бўлаяпти. Ўзи бу ҳақда кўп ўйлаган ва гапирган. У билан ўтган кунларимни бир-бир кўз ўнгимдан кечирсам, аллақачонлар ўлимга бош эгиб, ҳатто уни меҳр билан қабул қилишга руҳан тайёрланганлигига ҳам амин бўламан. Фақат ўша дамда бола қалбим ўзининг гўзал инсонини йўқотаётган ҳаётнинг ношудлигидан жиззиллаб чинқирарди… маҳрамидан жуда эрта жудо бўлаётган юрагим эса бу ҳақиқатга бўйсунгиси келмай иззиллаб инграрди… Борлиқ хаста кузнинг кўрпасига ўранган… Хаёлларим учун куз — ҳорғинлик, толиққанлик рамзи бўлиб қолди. Шундай бўлса-да, мен бу фаслни ёмон кўролмадим…

Воизлик унинг табиатига ёт эди. Ортиқча эътибор, бировларнинг сохта мулозаматларидан ҳамиша ўзини аяр, қандайдир оммавий-расмий йиғинлар унинг жойи эмас эди. Сўнгги нафасигача нигоҳини ўз қалбига — ички дунёсини бойитишга қаратган эди. Назаримда, у ўзининг сукунатлари ила Олам билан сирлашар, мен эса у орқали Оламни тинглар эдим. Менимча, ундаги чексиз самимиятнинг сири ҳам шунда бўлса керак. Шу йўл билан ҳам У ҳеч кимникига ўхшамаган — мени асир этган гўзал Дунёсини ҳимоя қилгандек. Ҳаёт у учун бардош бўлса, саҳнани гўзаллик билан гўзаллик сирлашадиган даргоҳ деб билди.

Римма Аҳмедова ўзининг ўнқир-чўнқирли қуш уйқуси каби кечган умри билан бу сарсон Дунёни фақатгина гўзаллик — эзгуликкина асраб қолиши мумкинлигига астойдил ишониб яшаганлигини исботлади. Менинг бахтим — ўзининг мўъжазгина дунёсига хиёнат қилмаган ҳақиқий Санъаткорнинг оламига сайр қилиш насиб этганлигида. Бироқ унинг бу дунёси менга яна бир азалий аччиқ ҳақиқатни — биз талпинаётган Гўзалликнинг кўзлари ҳамон ёшга тўла эканлигини эслатди. Асрлар давомида инсониятнинг барча кўргуликларига гувоҳ бўлиб келаётган, сиз билан мен сархуш бўлганча топинаётган бу соқов Дунё мана шу гўзалликнинг, покликнинг кўзларидаги тахир ёшлардан озиқланаркан. Ахир, кўзни яшнатадиган ям-яшил водийлар ҳам Улуғвор Тоғларнинг кўзёшлари — сувларидан яшаб келяпти-да!

Фақат биргина таскин бор: шундай инсонлар борлиги учун ҳам яшагинг келади…

1 Ш. Ризаевнинг ушбу мақоласи дастлаб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Кейинчалик муаллиф “Саҳна маънавияти” китобига жузъий ўзгартириш билан “Ўзни сарфлаш санъати” сарлавҳасида киритган

2007 йил, феврал

037

(Tashriflar: umumiy 362, bugungi 1)

Izoh qoldiring