Adham Arslonov. Arslon chorlaganda

999

  Бобур ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзилаяпти, бундан кейин ҳам, албатта, ёзилади. Буюк шахслар ҳақида ёзганимда бир андиша доимо кўнглимнинг бир четидан мўралаб қўяди: бу буюк зот ҳақида ёзишга кучим, иқтидорим етадими? Қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайманми? Миллатдошларим ёзганларим ҳақида ўқиганда, мийиғида кулиб, ҳар кун эшитиб юрган гапларимиз-ку, дея таъна қилишмайдими?

06
Адҳам Арслонов
АРСЛОН ЧОРЛАГАНДА
05

“Чўли Ироқ” оғушида…

“Чўли Ироқ”ни тинглаганмисиз? Найнинг навоси шундай маҳзун, шундай мунглики, юрак бағрингни ўртаб ташлайди. Лекин бу ўрташ, вужудингга, руҳингга шундай ором олиб кирадики, бошингни бир маромда қимирлатаётганингни, кўнглинг ғуборлари қайларгадир бош олиб кетаётганини тўсатдан сезиб қоласан, руҳинг кўтаилади. Деразангдан кириб келаётган машина шовқинларинию, қўшни аёлнинг ароқхўр эрига шанғиллаётганини ҳам эшитмай қоласан. Бу мусиқа — ором, ором ҳадя этаверади. Ўз илдизларингдан сув ичиш қандайин ҳузур… Тўкил, эй, кўнгил! Бор-бўйингча тўкил-эй!

“Чўли Ироқ”ни ҳар сафар тинглаганимда, негадир, Ватан ҳажрида куйиб ўтганлар ёдимга тушаверади. Онгимда эса бир фикр айланаверади: Бу куйни Ватан соғинчида умр ўтказганлар яратган. Афсуски, бу фикрга асос топиб беролмайман. Балки мусиқашунослардан жўялироқ фикр чиқиб қолар. Билмадим… Билганим шуки, бу мусиқа Ватанни соғиниш нималигини англаган, барчамизга англатган ўша, буюк саркарда, истеъдодли шоир, фарзандларининг ардоқли отаси, ўзбекнинг улуғ, чин маърифатли фарзандларидан бири Бобурни ёдимга солаверади.

Толеъ йўқки, жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди,
Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетай, не юз қаролиғ бўлди.

Андиша

Бобур ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзилаяпти, бундан кейин ҳам, албатта, ёзилади. Буюк шахслар ҳақида ёзганимда бир андиша доимо кўнглимнинг бир четидан мўралаб қўяди: бу буюк зот ҳақида ёзишга кучим, иқтидорим етадими? Қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайманми? Миллатдошларим ёзганларим ҳақида ўқиганда, мийиғида кулиб, ҳар кун эшитиб юрган гапларимиз-ку, дея таъна қилишмайдими?

Биров ҳақида бир-икки қоғозни қоралаб ташлаш — ҳеч нарса эмас. Фақат унинг ичида ҳарорат, бўлиқлик, энг асосийси, кўнгил юз кўрсатмаса, бундай ёзилдиқдан қандай наф? Ёзганимдан нима наф? Бу саволларнинг юки елкаларимни эзиб ташлайди. Яна уввос торитб қадим мусиқа янграб турибди. Бас қил, эй, мусиқор! Бағрим куйиб кетди! Бас қила қол, ўтинаман…

Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига,
Қандай чидай олган экан одамзот?!

Ўша биз билган, биз қўлдан қўймай ўқиган Абдулла Орифнинг дардчил сатрлари. Бобур шунча ғамга қандай чидай олди экан-а?

Шахс

Бобур, аввало, ўз жамиятининг ҳақиқий Шахси эди. Ўн икки ёшда тахтга ўтира олиш, парчаланиб кетган бўлса-да, давлатни бошқариш учун қанча сабот, қанча ақл, қанча иқтидор кераклигини такрорлаб ўтиришим шарт бўлмаса керак. Мана, мен ўн икки ёшимда нима қилардим? 4 синфда ўқийдиган, катта танаффусни бир қўлида нон, бир қўлида китоб билан ўтказадиган, олган “5”ини онасига кўрсатишга шошадиган мурғаккина бола эдим, холос. На ташвишни билардим ва на элнинг ғамини. Энди ўйлаб кўринг, сиз ким бўлгансиз? Мен таъна қилмоқчи эмасман. Йўқ! Шунчаки, Бобурнинг ўрнига ўзингизни қўйиб, ўйлаб кўришингизни хоҳлаяпман. Бундан ташқари, Бобур яшаган даврни кўз ўнгингизга келтириб кўринг:  Ватан пароканда, оға-инига ғаним, ҳокимият учун қирғинбарот жанглар авж олган, кимга ишонишингни билмайсан… Бир қарасанг, тоғанг устингга қўшин тортиб келади, бир қарасанг, амакиваччанг. Тинчлик йўқ, ҳаловат йўқ, савдо ишлари издан чиққан, ҳар бир бек ўзига ҳоким. Бунданам баттари, сиз ўн икки ёшдасиз. Суянадиган тоғдай отангиз йўқ. Яна сизнинг мурғак кўнглингизда шу Ватанни бирлаштириш, ривожлантириш орзуси тинимсиз саваб турибди. Таҳликали, ўзинг ёрдамга муҳтож паллаларда улуғ мақсадлар йўлида курашиш, одамнинг Шахс бўлиб тарбияланишида муҳим омилдир. Бобур шу эзгу ниятларни амалга оширишда ўзида куч топа олгани билан ҳам жуда қадрлидир. Юртдан бадарға бўлиш, ўз душманингга ўз опангни хотинликка бериш, хиёнатлар, сарсон-саргардонликлар Бобурнинг БОБУР бўлишида, қанчалик ачинарли бўлмасин аҳамиятлидир. У бошқаларга ўхшаб айш-ишратга кўнгил қўйиб кетмади. Ўзида ва ўзига ишонганларда куч топа олди. У ҳақда ёзганда тошириб кўпиртириш шарт эмас. Тарихий ҳақиқатларнинг ўзиёқ етиб ортади. Бобур — таъзим қилишга арзийдиган ШАХС.

Саркарда

Тарихий китобларни варақлаб кўрсанг, кўп улуғ саркардаларга дуч келасан. Александр Македонский, Ҳаннибал, Атилла, Цезарь, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Наполеон. Тарихий қайдларда ёзилишича Александр Македонский, Тсезар, Наполеон ўз жангчиларининг, деярли, барчасини номма-ном билишган. Ғаними римликлардан она юрти Карфагенни жон-жони билан ҳимоя қилган, оддий аскарлари билан эски ёпинчиғига ўраниб ухлаган, қорувуллик қилган Ганнибал, Римдай улуғ давлатни тор-мор этиб ташлаган хунлар йўлбошчиси Атилла, юрт шони, қони учун жон олиб, жон берган Жалолиддин Мангуберди, “Жанги лой”дан ўзга мағлубияти йўқ, тактик жангларнинг моҳир устаси бўлган, улуғ саркарда Амир Темур ва аскарлари билан қорда ҳам кўмилиб, тонг оттирган, ўн икки минг қўшин билан юз минглик қўшинни енга олган Бобур. Бобурнинг ҳарбий иқтидори санаб ўтганимиз улуғ саркардалардан ортиқ бўлса ортиқдир, асло, кам эмас.

Оғир мағлубиятлар, аёвсиз жанглар Бобурни ҳақиқий қўрқмас, жасоратли Шер этиб тарбиялайди. Шайбонийлардан тўлғамани , мўғуллардан суворийларни ишлатишни, афғонлардан порохли милтиқни, бобокалони Темурбекдан эса тактик сирларни ва баҳодирликни ўрганган, ҳар бир Темурийдаги шеримардликни ўзида мужассам этган Бобур ғоятда иқтидорли саркарда эди. Бобосидаги бу ҳислатлардан улги олган Акбаршоҳ, Салимшоҳ, Шоҳжаҳон, Аврангзеб Оламгир каби бобурий шоҳлар Ҳиндистонни ўз даврининг улуғ давлатига айлантира олишди. Бу юртнинг ривожига улуғ боболари каби ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишди. Айниқса, Акбаршоҳдаги саркардалик қобилияти Бобурдан ўтган десак, асло хато бўлмас. Қонида бордан тортиб ололмайсан.

Шоҳ

Бобур Ҳиндистонда Бобурийлар салтанатига асос солгач, кўпчиликка ўрнак бўларли шоҳлик қилди. Турли диндаги элатларни бирлаштириш, уларни ақл билан идора этиш, тинч-тотув яшатиш учун катта салоҳият талаб этилади. Бобурда маърифат, инсониятга бўлган чексиз меҳр, иймон-эътиқод, ақл, куч етарли даражада бўлганлиги боис ҳам ўзидан кейинги авлодларга ҳам маънавий, ҳам моддий, улкан мерос қолдира олди.

Савдо ишлари ва солиқларни тарибга солди, маънавий ҳаётни жонлантирди, давлатни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлади, қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилади. Энг муҳими, барча жабҳада барқарорликка эришди. Фарзандларига ўзидан кейин давлатни бошқаришда қўл келадиган йўлларни ўргатди. “Бобурнома”ни ёки Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”ини ёхуд Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили”ни ўқиб кўринг. Барчасига ўзингиз яна бир карра гувоҳ бўласиз. Айниқса, ўғли Ҳумоюнга юборган мактубларида, фикримизнинг яққол исботини кўрасиз. Мактублари ва ассрда давлатни бошқаришда, аввало, адолат муҳим эканлиги қайта-қайта таъкидланади. Чунки, одил бўлмаган шоҳдан халқнинг ихлоси қайтишини Бобур жуда яхши билган. Адолат тамойилини улуғ бобоси Бобур Амир Темурдан олганлигига ҳеч қандай шубҳа қилмаймиз. Зеро, “Темур тузуклари”да Амир Темур, давлатни бошқаришда ўндан тўққизида адолатга, ўндан бирида эса шамширга таянганлигини, айтиб ўтади. Нафақат, айтиб ўтади, балки бутун умри мобайнида шу қоидасига амал ҳам қилади. Айниқса, оғли Ҳумоюнга бағишлаб, 1521-йилда ёзган “Мубаййин ал-закот” асарида солиқ ишларини қай йўсинда тартибга келтириш ҳақида, керакли маслаҳатларни ёзиб қолдирган.

Давлатни адолат билан бошқарган, нуфусига шавқатли бўлган, маърифатли давлат раҳбари Бобур шоҳ сифатида ҳам ҳурматга лойиқдир.

Маърифатпарвар Шоир

Бобурнинг тенгсиз иқтидори мени доимо ҳайратга солиб келади. Давлат юмушларидан, юришлардан, шунча ташвишлардан ортиб, қалам тебрата олганига, очиғи, тан бераман. Чунки, тирикчилик ташвишидан ортиб, тўғрисини айтсам, ғирт танбаллик қилиб, ўзим ҳам анча вақтдан бери ёзмай қўйдим. Тасаввур қилинг, бир ёқда давлат юмушлари, бир ёнда жангу-жадал, бир ёнда туганмас ташвишлар ичида яшаб шундай улкан маънавий мерос қолдириш учун одам қандай катта кучга, қандай улкан кўнгилга эга бўлиши керак!

Бобурнинг ёзган асарларига эътибор қилинг: умри мобайнида ёзган “Бобурнома”, шеърий асарларини ўзини мужассам этган “Кобул девони” (1519 йил), “Ҳинд девони” (1528-29 йиллар), солиқларни тартибга солиш ҳақидаги асари “Мубаййин” (1521 йил), аруз вазни ҳақида “Мухтасар” (1523-25 йиллар) номли асарлари бизгача етиб келган. “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” номли асарлари эса ҳозиргача топилгани йўқ. Бундан ташқари, Бобур мусиқа билан шуғулланиб, “Чоргоҳ” мақомига “савт”лар битди, Хўжа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асарини шеърий йўл билан ўзбекчга ўгирди. Уни машур қилган рубоийлари ҳақида сўзласам ортиқча, менимча. Бир маърифатли одам қилиши мумкин бўлган ишни, ортиғи билан уддалаш шунча бўлар-да!

Унинг шеърияти ҳақида сўзлаш учун илмим озлик қилиши аниқ. Бундан ортиғига кучим етмаслиги ҳам аниқ. Шундай экан, бу улуғ шоирнинг бир рубоийсидан келтирсакда, сўзимизни якунласак:

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз.

09

06
Adham Arslonov
ARSLON CHORLAGANDA
05

“Cho’li Iroq” og’ushida…

“Cho’li Iroq”ni tinglaganmisiz? Nayning navosi shunday mahzun, shunday mungliki, yurak bag’ringni o’rtab tashlaydi. Lekin bu o’rtash, vujudingga, ruhingga shunday orom olib kiradiki, boshingni bir maromda qimirlatayotganingni, ko’ngling g’uborlari qaylargadir bosh olib ketayotganini to’satdan sezib qolasan, ruhing ko’tailadi. Derazangdan kirib kelayotgan mashina shovqinlariniyu, qo’shni ayolning aroqxo’r eriga shang’illayotganini ham eshitmay qolasan. Bu musiqa — orom, orom hadya etaveradi. O’z ildizlaringdan suv ichish qandayin huzur… To’kil, ey, ko’ngil! Bor-bo’yingcha to’kil-ey!
“Cho’li Iroq”ni har safar tinglaganimda, negadir, Vatan hajrida kuyib o’tganlar yodimga tushaveradi. Ongimda esa bir fikr aylanaveradi: Bu kuyni Vatan sog’inchida umr o’tkazganlar yaratgan. Afsuski, bu fikrga asos topib berolmayman. Balki musiqashunoslardan jo’yaliroq fikr chiqib qolar. Bilmadim… Bilganim shuki, bu musiqa Vatanni sog’inish nimaligini anglagan, barchamizga anglatgan o’sha, buyuk sarkarda, iste’dodli shoir, farzandlarining ardoqli otasi, o’zbekning ulug’, chin ma’rifatli farzandlaridan biri Boburni yodimga solaveradi.

Tole’ yo’qki, jonimg’a balolig’ bo’ldi,
Har ishniki ayladim, xatolig’ bo’ldi,
O’z yurtni qo’yib, Hind sori yuzlandim,
Yo Rab, netay, ne yuz qarolig’ bo’ldi.

Andisha

Bobur haqida juda ko’p yozilgan, yozilayapti, bundan keyin ham, albatta, yoziladi. Buyuk shaxslar haqida yozganimda bir andisha doimo ko’nglimning bir chetidan mo’ralab qo’yadi: bu buyuk zot haqida yozishga kuchim, iqtidorim yetadimi? Qosh qo’yaman deb ko’z chiqarib qo’ymaymanmi? Millatdoshlarim yozganlarim haqida o’qiganda, miyig’ida kulib, har kun eshitib yurgan gaplarimiz-ku, deya ta’na qilishmaydimi?
Birov haqida bir-ikki qog’ozni qoralab tashlash — hech narsa emas. Faqat uning ichida harorat, bo’liqlik, eng asosiysi, ko’ngil yuz ko’rsatmasa, bunday yozildiqdan qanday naf? Yozganimdan nima naf? Bu savollarning yuki yelkalarimni ezib tashlaydi. Yana uvvos toritb qadim musiqa yangrab turibdi. Bas qil, ey, musiqor! Bag’rim kuyib ketdi! Bas qila qol, o’tinaman…

Kuyi shunday bo’lsa, g’amning o’ziga,
Qanday chiday olgan ekan odamzot?!

O’sha biz bilgan, biz qo’ldan qo’ymay o’qigan Abdulla Orifning dardchil satrlari. Bobur shuncha g’amga qanday chiday oldi ekan-a?

Shaxs

Bobur, avvalo, o’z jamiyatining haqiqiy Shaxsi edi. O’n ikki yoshda taxtga o’tira olish, parchalanib ketgan bo’lsa-da, davlatni boshqarish uchun qancha sabot, qancha aql, qancha iqtidor kerakligini takrorlab o’tirishim shart bo’lmasa kerak. Mana, men o’n ikki yoshimda nima qilardim? 4 sinfda o’qiydigan, katta tanaffusni bir qo’lida non, bir qo’lida kitob bilan o’tkazadigan, olgan “5”ini onasiga ko’rsatishga shoshadigan murg’akkina bola edim, xolos. Na tashvishni bilardim va na elning g’amini. Endi o’ylab ko’ring, siz kim bo’lgansiz? Men ta’na qilmoqchi emasman. Yo’q! Shunchaki, Boburning o’rniga o’zingizni qo’yib, o’ylab ko’rishingizni xohlayapman. Bundan tashqari, Bobur yashagan davrni ko’z o’ngingizga keltirib ko’ring: Vatan parokanda, og’a-iniga g’anim, hokimiyat uchun qirg’inbarot janglar avj olgan, kimga ishonishingni bilmaysan… Bir qarasang, tog’ang ustingga qo’shin tortib keladi, bir qarasang, amakivachchang. Tinchlik yo’q, halovat yo’q, savdo ishlari izdan chiqqan, har bir bek o’ziga hokim. Bundanam battari, siz o’n ikki yoshdasiz. Suyanadigan tog’day otangiz yo’q. Yana sizning murg’ak ko’nglingizda shu Vatanni birlashtirish, rivojlantirish orzusi tinimsiz savab turibdi. Tahlikali, o’zing yordamga muhtoj pallalarda ulug’ maqsadlar yo’lida kurashish, odamning Shaxs bo’lib tarbiyalanishida muhim omildir. Bobur shu ezgu niyatlarni amalga oshirishda o’zida kuch topa olgani bilan ham juda qadrlidir. Yurtdan badarg’a bo’lish, o’z dushmaningga o’z opangni xotinlikka berish, xiyonatlar, sarson-sargardonliklar Boburning BOBUR bo’lishida, qanchalik achinarli bo’lmasin ahamiyatlidir. U boshqalarga o’xshab aysh-ishratga ko’ngil qo’yib ketmadi. O’zida va o’ziga ishonganlarda kuch topa oldi. U haqda yozganda toshirib ko’pirtirish shart emas. Tarixiy haqiqatlarning o’ziyoq yetib ortadi. Bobur — ta’zim qilishga arziydigan SHAXS.

Sarkarda

Tarixiy kitoblarni varaqlab ko’rsang, ko’p ulug’ sarkardalarga duch kelasan. Aleksandr Makedonskiy, Gannibal, Atilla, Tsezar, Jaloliddin Manguberdi, Amir Temur, Napoleon. Tarixiy qaydlarda yozilishicha Aleksandr Makedonskiy, Tsezar, Napoleon o’z jangchilarining, deyarli, barchasini nomma-nom bilishgan. G’animi rimliklardan ona yurti Karfagenni jon-joni bilan himoya qilgan, oddiy askarlari bilan eski yopinchig’iga o’ranib uxlagan, qoruvullik qilgan Gannibal, Rimday ulug’ davlatni tor-mor etib tashlagan xunlar yo’lboshchisi Atilla, yurt shoni, qoni uchun jon olib, jon bergan Jaloliddin Manguberdi, “Jangi loy”dan o’zga mag’lubiyati yo’q, taktik janglarning mohir ustasi bo’lgan, ulug’ sarkarda Amir Temur va askarlari bilan qorda ham ko’milib, tong ottirgan, o’n ikki ming qo’shin bilan yuz minglik qo’shinni yenga olgan Bobur. Boburning harbiy iqtidori sanab o’tganimiz ulug’ sarkardalardan ortiq bo’lsa ortiqdir, aslo, kam emas. Og’ir mag’lubiyatlar, ayovsiz janglar Boburni haqiqiy qo’rqmas, jasoratli Sher etib tarbiyalaydi. Shayboniylardan to’lg’amani , mo’g’ullardan suvoriylarni ishlatishni, afg’onlardan poroxli miltiqni, bobokaloni Temurbekdan esa taktik sirlarni va bahodirlikni o’rgangan, har bir Temuriydagi sherimardlikni o’zida mujassam etgan Bobur g’oyatda iqtidorli sarkarda edi. Bobosidagi bu hislatlardan ulgi olgan Akbashoh, Salimshoh, Shohjahon, Avrangzeb Olamgir kabi Boburiy shohlar Hindistonni o’z davrining ulug’ davlaiga aylantira olishdi. Bu yurtning rivojiga ulug’ bobolari kabi o’zlarining ulkan hissalarini qo’shishdi. Ayniqsa, Akbarshhdagi sarkardalik qobiliyati Boburdan o’tgan desak, aslo xato bo’lmas. Qonida bordan tortib ololmaysan.

Shoh

Bobur Hindistonda Boburiylar saltanatiga asos solgach, ko’pchilikka o’rnak bo’larli shohlik qildi. Turli dindagi elatlarni birlashtirish, ularni aql bilan idora etish, tinch-totuv yashatish uchun katta salohiyat talab etiladi. Boburda ma’rifat, insoniyatga bo’lgan cheksiz mehr, iymon-e’tiqod, aql, kuch yetarli darajada bo’lganligi bois ham o’zidan keyingi avlodlarga ham ma’naviy, ham moddiy, ulkan meros qoldira oldi.
Savdo ishlari va soliqlarni taribga soldi, ma’naviy hayotni jonlantirdi, davlatni iqtisodiy jihatdan mustahkamladi, qo’shni davlatlar bilan aloqalarni yaxshiladi. Eng muhimi, barcha jabhada barqarorlikka erishdi. Farzandlariga o’zidan keyin davlatni boshqarishda qo’l keladigan yo’llarni o’rgatdi. “Boburnoma”ni yoki Pirimqul Qodirovning “Yulduzli tunlar”ini yoxud Xayriddin Sultonning “Saodat sohili”ni o’qib ko’ring. Barchasiga o’zingiz yana bir karra guvoh bo’lasiz. Ayniqsa, o’g’li Humoyunga yuborgan maktublarida, fikrimizning yaqqol isbotini ko’rasiz. Maktublari va assrda davlatni boshqarishda, avvalo, adolat muhim ekanligi qayta-qayta ta’kidlanadi. Chunki, odil bo’lmagan shohdan xalqning ixlosi qaytishini Bobur juda yaxshi bilgan. Adolat tamoyilini ulug’ bobosi Bobur Amir Temurdan olganligiga hech qanday shubha qilmaymiz. Zero, “Temur tuzuklari”da Amir Temur, davlatni boshqarishda o’ndan to’qqizida adolatga, o’ndan birida esa shamshirga tayanganligini, aytib o’tadi. Nafaqat, aytib o’tadi, balki butun umri mobaynida shu qoidasiga amal ham qiladi.
Ayniqsa, og’li Humoyunga bag’ishlab, 1521-yilda yozgan “Mubayyin al-zakot” asarida soliq ishlarini qay yo’sinda tartibga keltirish haqida, kerakli maslahatlarni yozib qoldirgan.
Davlatni adolat bilan boshqargan, nufusiga shavqatli bo’lgan, ma’rifatli davlat rahbari Bobur shoh sifatida ham hurmatga loyiqdir.

Ma’rifatparvar Shoir

Boburning mana iqtidori meni doimo hayratga solib keladi. Davlat yumushlaridan, yurishlardan, shuncha tashvishlardan ortib, qalam tebrata olganiga, ochig’i, tan beraman. Chunki, tirikchilik tashvishidan ortib, to’g’risini aytsam, g’irt tanballik qilib, o’zim ham ancha vaqtdan beri yozmay qo’ydim. Tasavvur qiling, bir yoqda davlat yumushlari, bir yonda jangu-jadal, bir yonda tuganmas tashvishlar ichida yashab shunday ulkan ma’naviy meros qoldirish uchun odam qanday katta kuchga, qanday ulkan ko’ngilga ega bo’lishi kerak! Boburning yozgan asarlariga e’tibor qiling: umri mobaynida yozgan “Boburnoma”, she’riy asarlarini o’zini mujassam etgan “Kobul devoni” (1519 yil), “Hind devoni” (1528-29 yillar), soliqlarni tartibga solish haqidagi asari “Mubayyin” (1521 yil), aruz vazni haqida “Muxtasar” (1523-25 yillar) nomli asarlari bizgacha yetib kelgan. “Harb ishi”, “Musiqa ilmi” nomli asarlari esa hozirgacha topilgani yo’q. Bundan tashqari, Bobur musiqa bilan shug’ullanib, “Chorgoh” maqomiga “savt”lar bitdi, Xo’ja Ahror Valining “Volidiya” asarini she’riy yo’l bilan o’zbekchga o’girdi. Uni mashur qilgan ruboiylari haqida so’zlasam ortiqcha, menimcha. Bir ma’rifatli odam qilishi mumkin bo’lgan ishni, ortig’i bilan uddalash shuncha bo’lar-da!
Uning she’riyati haqida so’zlash uchun ilmim ozlik qilishi aniq. Bundan ortig’iga kuchim yetmasligi ham aniq. Shunday ekan, bu ulug’ shoirning bir ruboiysidan keltirsakda, so’zimizni yakunlasak:

Ahbob, yig’ilmoqni farog’at  tutungiz,
Jam’iyatingiz borini davlat tutungiz.
Chun gardishi charx budurur, Tengri uchun
Bir-birni necha kuni g’animat tutungiz.

08

(Tashriflar: umumiy 514, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring