Sayyid Ne’matulloh Ibrohim. Yangi g’azallardan

Ashampoo_Snap_2017.01.13_18h14m14s_001_a.png   Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнингнинг  болалиги, таниқли шоир Асқар Маҳкам шоир биродарига бағишлаган эссесида ёзганидек, сеҳрли Рангонтоғда (бу гўзал ном менга негадир Тур ва Тангри тоғларини эслатаверади) этакларида кечди. Кейинчалик бу афсонавий тоғ,унинг ҳосилрез ўнгирлари,чўпон-чўлиқ ва деҳқонлари, анвойи гиёҳлари, кийик кўзларидек бегаш булоқлари, лақай сўзаналаридек далалари, содда ва мардона одамлари, тулпорлари,биялари, қимизлари ва қимиздан-да қизғин қизлари, сулув-сулув келинчаклари унинг бетакрор сатрларида ўз нақшини топди.

САЙЙИД НЕЪМАТУЛЛОҲ ИБРОҲИМ
ЯНГИ ҒАЗАЛЛАР
033

ОРЗУ

Мен ҳам буюк бир Ишқ ила ёнсам эдим, ёнсам эдим!
Ҳажри билан, зажри билан тунларда тўлғонсам эдим.

Мен ҳам Уни дилдан суйиб, ҳар лаҳзада ёдин туйиб,
Қаҳри билан қирқ йил куйиб, меҳрида уйғонсам эдим!

Ўткинчи бу ҳислар —барин қувсам бу кўнглимдан нари,
Синдирсам-у нафс жавҳарин, қутқувсидан тонсам эдим!

Жисмим—бу куйган кул билан, нафсим—абад мақтул билан
Кўнглимда ўсган гул билан меҳрига бир қонсам эдим!

Қилса ато Раббулхайр, дил мулкида қилсам сайр,
Равшан бўлиб икки дайр, нурларга чўлғонсам эдим!..

КЎРДИМ …

Кўрдим бу олам жилвасин ул дилбари хушрўйда мен,
Туйдим у ризвон ҳулласин райҳон уфурган бўйда мен.

Кўрдим кўнгил аҳрорини, куйган юрак азкорини,
Кўрдим бу кўнгил борини ул маъшуғи дилжўйда мен.

Кўрдим— увайсийлар қатор, минг- минглаган ошиғи зор…
Шундан буён мангу бедор саҳрога кетган кўйда мен.

Кўрдим башар иқболини, барча у қийлу қолини,
Ирфонини ҳам ҳолини Ишққа туташган ўйда мен.

Ҳис этганим чоғ титрадим, ёндим ва ёнди фитратим,
Аҳли башарни титратиб сурдан таралган куйда мен.
С.Неъматуллох Иброхим.

Умрим ичинда— бунча зол! Невчук кечар Уқбода ҳол?
Қон йиғладим, сурдим хаёл Дунё аталган уйда мен…

ЖУДОЛИК

Қаноатсиз ҳилм топмас гадолар,
Қаноатсиз эдим, бўлдим адолар.

Дилим оҳангини маҳрам қилибдир
Бу нафсимга жило берган садолар.

Насиҳатдан менга нафълар етарди,
Насиҳатсиз келур умри адолар.

Тағофулда кўролмасмиз ўлимни,
Букун кимга етибди алвидолар?

Тазаллумдан кийиб мотам бу Олам,
Тафаккурни ютар юз минг нидолар.

На сабру на қарор қолмиш башарда,
Ичар ғамни шаробдек ғамзудолар.

Тилиб бағрим келур ҳар субҳу шомда
Видолар, оҳ, видолар, оҳ, видолар!..

БОРМИКИН?

Кўнглимизни англаган ёр бормикин?
Булҳаваслар кўнглида ор бормикин?

Дўст рақибинг бўлса, душман не керак?
Иймон ичра битта ағёр бормикин?

Қарға-қузғун бирла тўлди бошимиз,
Кўкда парвоз қилгучи сор бормикин?

Боримизни англаганлар—қанчалик?
Зоримизни англаган зор бормикин?

Тулни асраб олгучи мард қайдадир?
Гулни асраб қолгучи хор бормикин?

Ёдимизни истаганлар—бир талай,
Додимизга етгучи ёр бормикин?

Лошимизни қолдиришга ер—тайин,
Бошимизга бир баланд дор бормикин?..

МАЖҲУЛЛИК

Бунча розу ноз ила дилбар, билолмам, қайдадир,
Дил куйиб кул бўлди-ю, ахгар1, билолмам, қайдадир?

Ишқсизлик пайтида қалбимга домин ташлаган
Ул Азозилким эди абтар2, билолмам, қайдадир.

Огаҳий эрдим, маним розимга Шеър минбар эди,
Бу тағофул ичра лек минбар, билолмам, қайдадир.

Бу паришон ҳол ила кўкларга боқдим дам-бадам,
Ой қани ул кўк аро, ахтар3, билолмам, қайдадир?

Зоҳиримда олами асғарда4 кездим ҳар маҳал,
Кўнглим ичра олами акбар5, билолмам, қайдадир?

Ишқ—жавҳардир, ани кўнглимга солган Ёр эди,
Ахтарурман қалб аро, жавҳар, билолмам, қайдадир?…
______________
1 Ахгар—чўғ.
2 Абтар—думи қирқилган, бепушт.
3 Ахтар—юлдуз.
4 Олами—асғар кичик олам, бу дунё.
5 Олами акбар—катта олам, уқбо (у дунё)

ОФИЯТ ИСТАР КЎНГИЛ…

Сиз мени дилхун деманг, ғам ичра макнун1 бўлди дил,
Ишқ аро келса бу ғам, нур ичра мамнун бўлди дил.

Вуслат2 ичра қолса у—мангуга ризвон боғидур,
Ишқда ҳижрон кечса гар, мангуга ҳомун3 бўлди дил.

Қайси дилким ишқсиздир, измига олгай бу нафс,
Нафс изми бирла худ хун бўлди дил, хун бўлди дил!

Офият истар кўнгил беофият даврон аро,
Фитна қўпган бир замон дайр ичра макнун бўлди дил.

Суврат истаб келган ул одам менга маҳрам эмас,
Ишқ аро сийрат кечиб, мангуга мазмун бўлди дил…

______
1 Макнун—яширин, пинҳон.
2 Вуслат(васлат)—васл, висолга етиш.
3 Ҳомун—чўл, саҳро.

КЎНГЛИМГА ТУШ!..

Эй, Ишқ деган нурли жаҳон! Кўнглим туш, кўнглимга туш,
Ирфон ила уйғун замон, кўнглимга туш, кўнглимга туш!

Севгувчига роз айладим, севганни ҳамроз айладим,
Сақла сирим дилда ниҳон, кўнглимга туш, кўнглимга туш!

Бу Ишқ асл нурдир мудом, ичгувчи Мансурдир мудом,
Нурни ичиб, руҳи равон, кўнглимга туш, кўнглимга туш!

Севги, самандарсан—қушим! Маҳв айладинг ақлу ҳушим,
Кел, учгил-эй, менга томон, кўнглимга туш, кўнглимга туш!

Такфирни* такбир этмадим, тақдирни тадбир этмадим,
Эй Ишқ ила келган имон! Кўнглимга туш, кўнглимга туш!

Қолдим тағофулдан** омон, дийдам сенга тушган замон,
Ёндим ҳамон, ёндим ҳамон!.. Кўнглимга туш, Кўнглимга туш!

———
* Такфир—“кофир” дейиш. (Бирор кишини билиб-билмай динсизга чиқариш.)
** Тағофул—ғафлатда қолиш.

ТАШҚАРИ…

Қолди кўнглим бу замондан ташқари,
Ҳамма яхши ҳам ёмондан ташқари.

Севди-ю, ҳар лаҳза ичра куйди дил,
Борми бир ўт, айт, бу қондан ташқари?

Эй фақиҳ, мендан закотни сўрмагил,
Қолмади мулк энди жондан ташқари.

Гар чаёндир бул рақиб… оҳ, келди-ку
Неча наштар бул чаёндан ташқари!

Айб истаб, ул гумондан кечмади,
Борми айбим бу имондан ташқари?

Офиятли бир маконни топмадим,
Борми бир ён олти ёндан ташқари?

Оҳ, у ёрим маҳфилин истар кўнгил,
Бир маконким, ломакондан ташқари!..

КЎНГИЛГА ДАЪВАТ

Фитнадин пок бўл сен-эй, кўнглим маним,
Унсури хок бўл сен-эй, кўнглим маним.

Ишқ аро бут бўлмоғинг-чун ҳар маҳал
Ҳажрида чок бўл сен-эй, кўнглим маним.

Ошно бўл Ишқ шаробига мудом,
Маҳрами ток бўл сен-эй, кўнглим маним.

Соҳибижод бўлмоғинг-чун, ажз* ила
Соҳибидрок бўл сен-эй, кўнглим маним.

Ишқ сенга берди қувват, берди жоҳ,
Энди бебок** бўл сен-эй, кўнглим маним.

Ҳикмати Ҳақ сен учун сайёд эрур,
Сайди афлок бўл сен-эй, Кўнглим маним!..
————————————————
*Ажз—нотаволик, ожизлик, заифлик (Аллоҳнинг наздида).
**Бебок—жасур, қўрқмас.

ОДАМЛИК ЭМИШ…

Севги гар ишқи мажозким, завқи—бир дамлик эмиш,
Ул илоҳий вуслат эрса, мангу бирдамлик эмиш.

Одамийким, севгисиз қолса—қуруқдир кўзлари,
Ишқ ила кечган кўнгилнинг дийдаси намлик эмиш.

Олами акбар1—Кўнгилким, маърифат сайқал анга,
Олами асғар2—бу Дунё, васфи “бир кам”лик эмиш.

Ориятким3, охири—безовталик, ташвиш бўлур,
Офият-чи, барчамизга хотирижамлик эмиш.

Гар тазаллум4 ичра умри—одамий хордир магар,
Гар тараҳҳум5 ичра кечса, тарзи—одамлик эмиш.

Кечса умр суннат аро, хусронга қолмас ҳеч маҳал,
Ул саодатким, башарга икки оламлик эмиш!..
———————
1Олами акбар—катта олам.
2Олами асғар—кичик олам.
3Орият—вақтинча ишлатиб туриш учун бировлардан
олинган нарса, пул ёки мулк.
4Тазаллум—зулмдан шикоят қилиш, адолат исташ.
5Тараҳҳум—раҳм қилиш, меҳрибонлик.

Х У Ш   Э Р У Р …

Ишқ ила кечса агар умри омоним хуш эрур,
Хуш эрур бу шавқ ила, яхши-ёмоним хуш эрур.

Санчадирман ҳар замон ботилга сўзнинг ханжарин,
Сўз деган, ашъор деган тийру камоним хуш эрур.

Олти ённинг зулмати қамраб келолмас ҳеч қачон,
Маърифатдек безавол нурли жаҳоним хуш эрур.

Қўрқадирман ҳар замон адлин Унинг ёд айласам,
Раҳматидин боумид занну гумоним хуш эрур.

Гар ҳувайдодир маним ишқим бу даврон сатҳида,
Тийра тунлар ашким-у ҳажри ниҳоним хуш эрур.

Неъматуллоҳ истади форсий каломни муттасил,
Лек Навоийдин нишон—туркий забоним хуш эрур!..

КИРОЛМАС…
(“Кўнгил уйи” ҳақида)

Оч-эй, Кўнгил уйин… дилбар киролмас,
Берай зийнат деди Заргар, киролмас…

Келолмассан агар ёниб бу Ишқда,
Муҳаббатдан бирор ахгар* киролмас.

Жаҳолатга бериб қўйсанг бу уйни,
На муслим ул, на-да кофар киролмас.

Улуғ ирфон зиёсин олмасанг гар,
На мушк киргай, ва на анбар киролмас.

Билолмассан агар асмони** қадрин
Азим фитрат аро жавҳар киролмас.

Ҳилм*** бирла супурмассан бу уйни,
Хабар олмоқ учун Сарвар киролмас…
——————-
*Ахгар—чўғ.
**Асмо—исмлар. (Яратганнинг 99 гўзал исм ва сифатларига ишора.)
***Ҳилм—мулойимлик, камтарлик, тавозеъ.

“КЕЛДИМ ЯНА…”
(Шамснинг Кўнияга—Мавлоно ҳузурига қайтиши)

“Мен бу куюк кунлар аро, нур ила мамнунлар аро,
Куйган бу мажнунлар аро келдим яна, келдим яна…

Ишқ менга хуш оғриқ бўлиб, оташга мустағриқ1 бўлиб,
Куйдим-да, хуш чоғлиқ бўлиб келдим яна, келдим яна.

Маъшуқ учун савдо эдим, кўнгилда бий—саҳро эдим,
Риндлар аро ғавғо эдим… Келдим яна, келдим яна.

Учгувчи юлдузлар билан, чарсиллаган сўзлар билан,
Ёш силқиган кўзлар билан келдим яна, келдим яна!

Мағлуб эдим—ғолиб бўлиб, ғофил эдим—толиб бўлиб,
Вуслат2 аро шодон кулиб келдим яна, келдим яна!

Қолди ўшал саҳвим3 маним, дунё аро ваҳмим маним,
Нафсимдаги саҳмим4 маним… Келдим яна, келдим яна.

Боз5 бирла учгувчи—ўзим, тоғларга тушгувчи—ўзим,
Қалбларга кўчгувчи—ўзим! Келдим яна, келдим яна…

Бу Ишқи эъжозим6 билан, мангуга мумтозим билан,
Сенга буюк розим билан келдим яна, келдим яна…”
——————-
1Мустағриқ—ғарқ бўлган(одам).
2Вуслат—васл, висол.
3Саҳв—хато.
4Саҳм—ҳисса, баҳра.
5Боз—энг баландда учгувчи қуш, лочин.
6Эъжоз—мўъжиза.

МУҲАББАТДА УЙҒОНИШ…

Кўнгил… Минг йил бу ишқ ичра ёнар ул,
Ақл… Қай дам бу нафсидин тонар ул?

Чу нафсимдан алоиқлар* кутармен,
Қачон, билмам, бу Ишқда уйғонар ул?

Бу Кўнгилким, ҳамон нурни симиргай,
Қачон, билмам, муҳаббатга қонар ул?

Чу дунёким, адолатлиғ бўлурса,
Бу Ибратда** зиёга чўлғонар ул!..

Муҳаббатсиз тополмас жавҳарин ҳеч
Халойиқким, зулмда тўлғонар ул…

Чу шар*** ичра хайрни топмагай дил,
Зарар ичра қолур… Бир кун сўнар ул.

Ва “Ҳақ!” деркан, киши топгай муҳаббат,
Ҳақиқатлар аро ёнгай, ёнар ул!…
—————-
*Алоиқ—алоқалар, тааллуқ.
**Ибрат —бу Дунё.
***Шар(шарр)—ёмонлик, фасод.

Н А В О И Й Д А Н К Е Й И Н…

Кимларни топди ахтариб кўзлар Навоийдан кейин?
Бунча ғарибу музтариб Сўзлар Навоийдан кейин.

Қайда нафосат мактаби, недур гўзаллар матлаби?
Борми замонда Гул каби қизлар Навоийдан кейин?

Ҳазрат Қамар* эрди, яна кавкаб** эди минглар анга,
Сўнди самода неча юлдузлар Навоийдан кейин…

Ирфонга ким муштоқ эрур? Шеър мулкида ким тоқ эрур?
Айтинг, нечоғлик оқ эрур юзлар Навоийдан кейин?

Кўрмам фасоҳат шоҳда ҳам, топмам адолат жоҳда ҳам,
Кетмиш ўчиб бу роҳда*** ҳам излар Навоийдан кейин…

Умри кузакка етмади… Каъба тавофин этмади…
Сарғайди-ю, лек кетмади кузлар Навоийдан кейин.

Нафс кўйига от солдиг-эй, ботил хаёлга толдиг-эй,
Қайси мақомда қолдиг-эй, бизлар Навоийдан кейин!?


—————-
*Қамар—Ой.
**Кавкаб—юлдуз.
***Роҳ—йўл.

3l5cbOftKug.jpg   Sayyid Ne’matulloh Ibrohimningning bolaligi, taniqli shoir Asqar Mahkam shoir birodariga bag’ishlagan essesida yozganidek, sehrli Rangontog’da (bu go’zal nom menga negadir Tur va Tangri tog’larini eslataveradi) etaklarida kechdi. Keyinchalik bu afsonaviy tog’,uning hosilrez o’ngirlari,cho’pon-cho’liq va dehqonlari, anvoyi giyohlari, kiyik ko’zlaridek begash buloqlari, laqay so’zanalaridek dalalari, sodda va mardona odamlari, tulporlari,biyalari, qimizlari va qimizdan-da qizg’in qizlari, suluv-suluv kelinchaklari uning betakror satrlarida o’z naqshini topdi.

SAYYID NE’MATULLOH IBROHIM
YANGI G’AZALLAR
033

ORZU

Men ham buyuk bir Ishq ila yonsam edim, yonsam edim!
Hajri bilan, zajri bilan tunlarda to’lg’onsam edim.

Men ham Uni dildan suyib, har lahzada yodin tuyib,
Qahri bilan qirq yil kuyib, mehrida uyg’onsam edim!

O’tkinchi bu hislar —barin quvsam bu ko’nglimdan nari,
Sindirsam-u nafs javharin, qutquvsidan tonsam edim!

Jismim—bu kuygan kul bilan, nafsim—abad maqtul bilan
Ko’nglimda o’sgan gul bilan mehriga bir qonsam edim!

Qilsa ato Rabbulxayr, dil mulkida qilsam sayr,
Ravshan bo’lib ikki dayr, nurlarga cho’lg’onsam edim!..

KO’RDIM …

Ko’rdim bu olam jilvasin ul dilbari xushro’yda men,
Tuydim u rizvon hullasin rayhon ufurgan bo’yda men.

Ko’rdim ko’ngil ahrorini, kuygan yurak azkorini,
Ko’rdim bu ko’ngil borini ul ma’shug’i diljo’yda men.

Ko’rdim— uvaysiylar qator, ming- minglagan oshig’i zor…
Shundan buyon mangu bedor sahroga ketgan ko’yda men.

Ko’rdim bashar iqbolini, barcha u qiylu qolini,
Irfonini ham holini Ishqqa tutashgan o’yda men.

His etganim chog’ titradim, yondim va yondi fitratim,
Ahli basharni titratib surdan taralgan kuyda men.
S.Ne’matullox Ibroxim.

Umrim ichinda— buncha zol! Nevchuk kechar Uqboda hol?
Qon yig’ladim, surdim xayol Dunyo atalgan uyda men…

JUDOLIK

Qanoatsiz hilm topmas gadolar,
Qanoatsiz edim, bo’ldim adolar.

Dilim ohangini mahram qilibdir
Bu nafsimga jilo bergan sadolar.

Nasihatdan menga naf’lar yetardi,
Nasihatsiz kelur umri adolar.

Tag’ofulda ko’rolmasmiz o’limni,
Bukun kimga yetibdi alvidolar?

Tazallumdan kiyib motam bu Olam,
Tafakkurni yutar yuz ming nidolar.

Na sabru na qaror qolmish basharda,
Ichar g’amni sharobdek g’amzudolar.

Tilib bag’rim kelur har subhu shomda
Vidolar, oh, vidolar, oh, vidolar!..

BORMIKIN?

Ko’nglimizni anglagan yor bormikin?
Bulhavaslar ko’nglida or bormikin?

Do’st raqibing bo’lsa, dushman ne kerak?
Iymon ichra bitta ag’yor bormikin?

Qarg’a-quzg’un birla to’ldi boshimiz,
Ko’kda parvoz qilguchi sor bormikin?

Borimizni anglaganlar—qanchalik?
Zorimizni anglagan zor bormikin?

Tulni asrab olguchi mard qaydadir?
Gulni asrab qolguchi xor bormikin?

Yodimizni istaganlar—bir talay,
Dodimizga yetguchi yor bormikin?

Loshimizni qoldirishga yer—tayin,
Boshimizga bir baland dor bormikin?..

MAJHULLIK

Buncha rozu noz ila dilbar, bilolmam, qaydadir,
Dil kuyib kul bo’ldi-yu, axgar1, bilolmam, qaydadir?

Ishqsizlik paytida qalbimga domin tashlagan
Ul Azozilkim edi abtar2, bilolmam, qaydadir.

Ogahiy erdim, manim rozimga She’r minbar edi,
Bu tag’oful ichra lek minbar, bilolmam, qaydadir.

Bu parishon hol ila ko’klarga boqdim dam-badam,
Oy qani ul ko’k aro, axtar3, bilolmam, qaydadir?

Zohirimda olami asg’arda4 kezdim har mahal,
Ko’nglim ichra olami akbar5, bilolmam, qaydadir?

Ishq—javhardir, ani ko’nglimga solgan Yor edi,
Axtarurman qalb aro, javhar, bilolmam, qaydadir?…
______________
1 Axgar—cho’g’.
2 Abtar—dumi qirqilgan, bepusht.
3 Axtar—yulduz.
4 Olami—asg’ar kichik olam, bu dunyo.
5 Olami akbar—katta olam, uqbo (u dunyo)

OFIYAT ISTAR KO’NGIL…

Siz meni dilxun demang, g’am ichra maknun1 bo’ldi dil,
Ishq aro kelsa bu g’am, nur ichra mamnun bo’ldi dil.

Vuslat2 ichra qolsa u—manguga rizvon bog’idur,
Ishqda hijron kechsa gar, manguga homun3 bo’ldi dil.

Qaysi dilkim ishqsizdir, izmiga olgay bu nafs,
Nafs izmi birla xud xun bo’ldi dil, xun bo’ldi dil!

Ofiyat istar ko’ngil beofiyat davron aro,
Fitna qo’pgan bir zamon dayr ichra maknun bo’ldi dil.

Suvrat istab kelgan ul odam menga mahram emas,
Ishq aro siyrat kechib, manguga mazmun bo’ldi dil…

______
1 Maknun—yashirin, pinhon.
2 Vuslat(vaslat)—vasl, visolga yetish.
3 Homun—cho’l, sahro.

KO’NGLIMGA TUSH!..

Ey, Ishq degan nurli jahon! Ko’nglim tush, ko’nglimga tush,
Irfon ila uyg’un zamon, ko’nglimga tush, ko’nglimga tush!

Sevguvchiga roz ayladim, sevganni hamroz ayladim,
Saqla sirim dilda nihon, ko’nglimga tush, ko’nglimga tush!

Bu Ishq asl nurdir mudom, ichguvchi Mansurdir mudom,
Nurni ichib, ruhi ravon, ko’nglimga tush, ko’nglimga tush!

Sevgi, samandarsan—qushim! Mahv aylading aqlu hushim,
Kel, uchgil-ey, menga tomon, ko’nglimga tush, ko’nglimga tush!

Takfirni* takbir etmadim, taqdirni tadbir etmadim,
Ey Ishq ila kelgan imon! Ko’nglimga tush, ko’nglimga tush!

Qoldim tag’ofuldan** omon, diydam senga tushgan zamon,
Yondim hamon, yondim hamon!.. Ko’nglimga tush, Ko’nglimga tush!

———
* Takfir—“kofir” deyish. (Biror kishini bilib-bilmay dinsizga chiqarish.)
** Tag’oful—g’aflatda qolish.

TASHQARI…

Qoldi ko’nglim bu zamondan tashqari,
Hamma yaxshi ham yomondan tashqari.

Sevdi-yu, har lahza ichra kuydi dil,
Bormi bir o’t, ayt, bu qondan tashqari?

Ey faqih, mendan zakotni so’rmagil,
Qolmadi mulk endi jondan tashqari.

Gar chayondir bul raqib… oh, keldi-ku
Necha nashtar bul chayondan tashqari!

Ayb istab, ul gumondan kechmadi,
Bormi aybim bu imondan tashqari?

Ofiyatli bir makonni topmadim,
Bormi bir yon olti yondan tashqari?

Oh, u yorim mahfilin istar ko’ngil,
Bir makonkim, lomakondan tashqari!..

KO’NGILGA DA’VAT

Fitnadin pok bo’l sen-ey, ko’nglim manim,
Unsuri xok bo’l sen-ey, ko’nglim manim.

Ishq aro but bo’lmog’ing-chun har mahal
Hajrida chok bo’l sen-ey, ko’nglim manim.

Oshno bo’l Ishq sharobiga mudom,
Mahrami tok bo’l sen-ey, ko’nglim manim.

Sohibijod bo’lmog’ing-chun, ajz* ila
Sohibidrok bo’l sen-ey, ko’nglim manim.

Ishq senga berdi quvvat, berdi joh,
Endi bebok** bo’l sen-ey, ko’nglim manim.

Hikmati Haq sen uchun sayyod erur,
Saydi aflok bo’l sen-ey, Ko’nglim manim!..
————————————————
*Ajz—notavolik, ojizlik, zaiflik (Allohning nazdida).
**Bebok—jasur, qo’rqmas.

ODAMLIK EMISH…

Sevgi gar ishqi majozkim, zavqi—bir damlik emish,
Ul ilohiy vuslat ersa, mangu birdamlik emish.

Odamiykim, sevgisiz qolsa—quruqdir ko’zlari,
Ishq ila kechgan ko’ngilning diydasi namlik emish.

Olami akbar1—Ko’ngilkim, ma’rifat sayqal anga,
Olami asg’ar2—bu Dunyo, vasfi “bir kam”lik emish.

Oriyatkim3, oxiri—bezovtalik, tashvish bo’lur,
Ofiyat-chi, barchamizga xotirijamlik emish.

Gar tazallum4 ichra umri—odamiy xordir magar,
Gar tarahhum5 ichra kechsa, tarzi—odamlik emish.

Kechsa umr sunnat aro, xusronga qolmas hech mahal,
Ul saodatkim, basharga ikki olamlik emish!..
———————
1Olami akbar—katta olam.
2Olami asg’ar—kichik olam.
3Oriyat—vaqtincha ishlatib turish uchun birovlardan
olingan narsa, pul yoki mulk.
4Tazallum—zulmdan shikoyat qilish, adolat istash.
5Tarahhum—rahm qilish, mehribonlik.

X U SH   E R U R …

Ishq ila kechsa agar umri omonim xush erur,
Xush erur bu shavq ila, yaxshi-yomonim xush erur.

Sanchadirman har zamon botilga so’zning xanjarin,
So’z degan, ash’or degan tiyru kamonim xush erur.

Olti yonning zulmati qamrab kelolmas hech qachon,
Ma’rifatdek bezavol nurli jahonim xush erur.

Qo’rqadirman har zamon adlin Uning yod aylasam,
Rahmatidin boumid zannu gumonim xush erur.

Gar huvaydodir manim ishqim bu davron sathida,
Tiyra tunlar ashkim-u hajri nihonim xush erur.

Ne’matulloh istadi forsiy kalomni muttasil,
Lek Navoiydin nishon—turkiy zabonim xush erur!..

KIROLMAS…
(“Ko’ngil uyi” haqida)

Och-ey, Ko’ngil uyin… dilbar kirolmas,
Beray ziynat dedi Zargar, kirolmas…

Kelolmassan agar yonib bu Ishqda,
Muhabbatdan biror axgar* kirolmas.

Jaholatga berib qo’ysang bu uyni,
Na muslim ul, na-da kofar kirolmas.

Ulug’ irfon ziyosin olmasang gar,
Na mushk kirgay, va na anbar kirolmas.

Bilolmassan agar asmoni** qadrin
Azim fitrat aro javhar kirolmas.

Hilm*** birla supurmassan bu uyni,
Xabar olmoq uchun Sarvar kirolmas…
——————-
*Axgar—cho’g’.
**Asmo—ismlar. (Yaratganning 99 go’zal ism va sifatlariga ishora.)
***Hilm—muloyimlik, kamtarlik, tavoze’.

“KELDIM YANA…”
(Shamsning Ko’niyaga—Mavlono huzuriga qaytishi)

“Men bu kuyuk kunlar aro, nur ila mamnunlar aro,
Kuygan bu majnunlar aro keldim yana, keldim yana…

Ishq menga xush og’riq bo’lib, otashga mustag’riq1 bo’lib,
Kuydim-da, xush chog’liq bo’lib keldim yana, keldim yana.

Ma’shuq uchun savdo edim, ko’ngilda biy—sahro edim,
Rindlar aro g’avg’o edim… Keldim yana, keldim yana.

Uchguvchi yulduzlar bilan, charsillagan so’zlar bilan,
Yosh silqigan ko’zlar bilan keldim yana, keldim yana!

Mag’lub edim—g’olib bo’lib, g’ofil edim—tolib bo’lib,
Vuslat2 aro shodon kulib keldim yana, keldim yana!

Qoldi o’shal sahvim3 manim, dunyo aro vahmim manim,
Nafsimdagi sahmim4 manim… Keldim yana, keldim yana.

Boz5 birla uchguvchi—o’zim, tog’larga tushguvchi—o’zim,
Qalblarga ko’chguvchi—o’zim! Keldim yana, keldim yana…

Bu Ishqi e’jozim6 bilan, manguga mumtozim bilan,
Senga buyuk rozim bilan keldim yana, keldim yana…”
——————-
1Mustag’riq—g’arq bo’lgan(odam).
2Vuslat—vasl, visol.
3Sahv—xato.
4Sahm—hissa, bahra.
5Boz—eng balandda uchguvchi qush, lochin.
6E’joz—mo»jiza.

MUHABBATDA UYG’ONISH…

Ko’ngil… Ming yil bu ishq ichra yonar ul,
Aql… Qay dam bu nafsidin tonar ul?

Chu nafsimdan aloiqlar* kutarmen,
Qachon, bilmam, bu Ishqda uyg’onar ul?

Bu Ko’ngilkim, hamon nurni simirgay,
Qachon, bilmam, muhabbatga qonar ul?

Chu dunyokim, adolatlig’ bo’lursa,
Bu Ibratda** ziyoga cho’lg’onar ul!..

Muhabbatsiz topolmas javharin hech
Xaloyiqkim, zulmda to’lg’onar ul…

Chu shar*** ichra xayrni topmagay dil,
Zarar ichra qolur… Bir kun so’nar ul.

Va “Haq!” derkan, kishi topgay muhabbat,
Haqiqatlar aro yongay, yonar ul!…
—————-
*Aloiq—aloqalar, taalluq.
**Ibrat —bu Dunyo.
***Shar(sharr)—yomonlik, fasod.

N A V O I Y D A N K YE Y I N…

Kimlarni topdi axtarib ko’zlar Navoiydan keyin?
Buncha g’aribu muztarib So’zlar Navoiydan keyin.

Qayda nafosat maktabi, nedur go’zallar matlabi?
Bormi zamonda Gul kabi qizlar Navoiydan keyin?

Hazrat Qamar* erdi, yana kavkab** edi minglar anga,
So’ndi samoda necha yulduzlar Navoiydan keyin…

Irfonga kim mushtoq erur? She’r mulkida kim toq erur?
Ayting, nechog’lik oq erur yuzlar Navoiydan keyin?

Ko’rmam fasohat shohda ham, topmam adolat johda ham,
Ketmish o’chib bu rohda*** ham izlar Navoiydan keyin…

Umri kuzakka yetmadi… Ka’ba tavofin etmadi…
Sarg’aydi-yu, lek ketmadi kuzlar Navoiydan keyin.

Nafs ko’yiga ot soldig-ey, botil xayolga toldig-ey,
Qaysi maqomda qoldig-ey, bizlar Navoiydan keyin!?


—————-
*Qamar—Oy.
**Kavkab—yulduz.
***Roh—yo’l.

033

(Tashriflar: umumiy 255, bugungi 1)

Izoh qoldiring