Sayyid Ne’matulloh Ibrohim vafot etdi

05    Биродарим Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг вафот этганини эшитиб, Аллоҳи Каримдан бу покиза инсон, мумтоз адабиёт билимдони, ишқпараст шоир ва беназир таржимонни раҳматига олишини сўрадим. Оиласига, ёру дўстларига, шогирдларига сабр тилайман. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

   Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим айтади: “Кўнглимда бир куй яшарди. Ана шу куй мукаммал ҳолга келгач, шеър ёза бошладим…” Шоир назми воситасида қалбининг қаъри-қаъридаги жилоларигача чиза олмаганини, бу жилоларнинг лоақал бир лаҳзалик жилвасини ҳам акс эттира олмаганини таъкидлар экан, ҳадсиз кўнгилларга таниш туйғуларни мисраларга жойлай олгани, аммо ўзининг илоҳий Ишққа йўғрилган дил навосини ҳис эта олмаганини айтади.

КЎНГИЛ ҚЎНҒИРОҒИ
Тахмина МУҲАММАДСАИД
06

045 Адабиёт бўстонига кириб, гулу гиёҳлари рангу бўйидан огоҳ бўлганимдан буён қалбимда бир қўнғироқ яшаётганини ҳис этдим. Унинг чертилиши ва гўзал жаранги бадиий асарларнинг қай даражада маҳорат билан яратилганига боғлиқ эди. Ўрта мактаб ўқувчиси эканимда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиёти мени ўзига мафтун этганди. Бу муҳаббат шу қадар кучли эдики, Бобур яшаган асрларда туғилиб, ғазалларига тўкилган ҳайратлар манбаи – беназир қалб ойнаси бўлмиш бобурона кўзларга термулгим келганди ва онамдан: “Инсон у дунёда жаннатга тушса, ўзидан неча асрлар олдин яшаб ўтган одамлар билан ҳам учраша оладими”, дея сўраганим эсимда…

Дунё чегаралардан бунёд бўлганга ўхшайди: маконлар, замонлар, ирқлар, жинслар, ёшлар ва ҳоказолар ўртасидаги сарҳадлар. Аммо ягона бир туйғу борки, у на чегара билади, на чексизлик. Бу – муҳаббат! Фақат меҳру муҳаббатгина бори сарҳадларни бузиб, бизни Ҳаққа элтади, Ўзига элтади, шу йўлда ўзлигимизга элтади – руҳиятимиз тозаради, покланади… Орадаги неча юз йиллик сарҳадни бузган ҳолда дилим ҳақиқий ошиқнинг покиза кўнглига муҳаббат қўйганди. Бобурнинг кўнглимга бир қадар таниш мусофирона, маҳзун ғуссалари юрагимга кириб боргани сайин дилим самимиятни, илоҳий пок муҳаббатни, одамийликнинг энг ёрқин, гўзал рангларини илғай бошлаганди. Бундан масрур ҳолда ҳақиқий адабиётнинг чин ошиғига айлангандим.

Саодатли кунларнинг бирида Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг “Таҳайюр 2” – тўртликлардан иборат тўплами қўлимга, йўқ, аниқроғи, кўнглимга тушди. Китобни мутолаа қилдиму ўзининг мавжудлигини эслатмай қўйган дилимдаги қўнғироқнинг нафис жаранги бутун вужудиму руҳиятимни қамраб олди. Мисрадан мисрага кўчарканман, беназир, безавол, бетакрор бу чексизликка мафтун бўлдим: излаганим самимият, топинганим илоҳий Ишқ, истаганим одамийлик, юзма-юз турганим ҳақиқий Шоир ҳайрат булоғим кўзини очиб юборган эди. Бугун эса “Таҳайюр 3”ни ўша қўнғироқнинг мавзун оҳангларига чўмганча мутолаа қиляпман:

Яшамоқ – сабрни тутмоқдир фақат,
Ва бардош шаробин ютмоқдир фақат.
Умрнинг мазмуни икки сўзда жам:
Умид қилмоқ билан кутмоқдир фақат…

Дарҳақиқат, яшамоқ Аллоҳ тириклик неъмати сифатида тортиқ этган бори синовларга, ҳатто, бойлик ва шодмонлик, севимлилик ва саодатлиликка ҳам сабру бардош билан чидамоқдир. Ва инсон умри давомида ўша улуғ кунда Ўзининг жамолига етишга муносиб кўришини умид қилади, Ёрга ёрлик онларини кутади…

Шоир маънан ўсиб боргани сайин маърифат аталмиш бойликнинг борини эгаллаб бўлмаслигини англаб етади. Англаб етиш асносида ўзининг эса қанчалар фақирлигини ҳис қилади. Ва бундан у ифтихор этади – моддият султони эмас, маърифат гадоси эканлигидан севинади. Шоирнинг фақирона покиза маънавий дунёсидан таралаётган ёрқин шуълалар – бетакрор мисралар унинг Яратганга зикридир, тиловатидир, ҳамду саносидир:

Фақирлигим мудом фахримдир маним,
Назмим—садақаи жаҳримдир маним…

Ва шоир дунёда яшамайди, Дунё шоир қалбида яшайди. Яшаганда ҳам бир муддат – бир неча фурсат меҳмон сифатида қўним топади. Бу дунё унинг ткўнглига кирган ва лаҳзада тарк этиши мумкин бўлган омонат йўловчи, гўё. Чин дунё эса унинг асл макони, гўзал манзилидир. Шоир учун фақат сўнгги манзил ҳадсиз ва улкандир…

Дунё—беш-ўн кунлик қўналғам бўлди,
Уқбо—азим мулким, шаҳримдир маним!..

Маънолар дунёси аро ҳузур топар эканман, ҳаловатим, ҳатто, ором олар экан, “фоний Дунёни кўнглига сиғдира олмаган” ва “Дунёнинг кўнглига сиға олмаган” – бу оламдан-да кенг, бу чексизликдан-да чексиз орифона Ишқ олами ичра масрур кезавердим…

Қалбимдаги қўнғироқ гоҳи нола чекди, гоҳи шалоладай шодланди. Гоҳ Ишқнинг махмур қучоғида қувонди, гоҳ Ҳижроннинг маҳрур навосида тўлғонди…

Аллоҳни таниб, унинг висоли ҳажрида ёнмаган шоир шеърбоз, холос. Маъшуқаси висолидан баҳраманд бўлганида шукрона этиб, ҳажронида муҳаббатидан ёзғирган ошиқ булҳавас, холос. Аллоҳ юрагимизга жило бериш истагида яратган тотли ва тахир туйғуларни бирдек симириб, аччиқ синовларни ҳам эҳсон янглиғ қабул қилмаган банданинг эса, суврати одам, холос. Имтиҳонлари ичра жизғанак бўлиб, муносиб билгани қайғулардан қувонган одамгина инсонман, дейишга ҳақли. Ва ложувард лаҳзалар оғушида ҳам, изғиринли тунлар бағрида ҳам, довулу бўронларда ҳам, сарину оромбахш шаббодалар қучоғида ҳам Аллоҳнинг асл бандалари кўнглидагина Ўзига бўлган муҳаббат заррача ўзгармайди. Кўзлардаги муножотлар муҳаббатлар илдизидан сим-сим томаверади.

Дардсиз дилда дарду ғам бўлмагай ҳеч,
Куюк парвонасиз шам бўлмагай ҳеч.
Сўқир кўздан ёшнинг келмоғи—маҳол,
Муҳаббатсиз дийда нам бўлмагай ҳеч.

Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим айтади: “Кўнглимда бир куй яшарди. Ана шу куй мукаммал ҳолга келгач, шеър ёза бошладим…” Шоир назми воситасида қалбининг қаъри-қаъридаги жилоларигача чиза олмаганини, бу жилоларнинг лоақал бир лаҳзалик жилвасини ҳам акс эттира олмаганини таъкидлар экан, ҳадсиз кўнгилларга таниш туйғуларни мисраларга жойлай олгани, аммо ўзининг илоҳий Ишққа йўғрилган дил навосини ҳис эта олмаганини айтади. Дарҳақиқат, ўз-ўзидан қониқмаган, “кўнглидаги куйга етиб бора олмаган” шоир ҳали сўз айтишга, мутолаахон дилига ўша куйнинг нурли жилосини, маҳрур оҳангини олиб киргунига қадар шеър бўлиб яшашга бурчлидир.

Дилимни тубли шарҳ этолмадим ҳеч,
Унинг лавҳасини битолмадим ҳеч.
Юзлаб оҳангларни дарк этдим, аммо
Кўнглимдаги куйга етолмадим ҳеч.

Мутолаадан сўнг сарсари руҳиятимда ўша садоларнинг сурурли жаранги акс садо бериб янгради. Бобурона кўзларга термулмоқни орзу қилиб асрлар оша мозийга ва ё жаннатга интилган кўнглим таскин топгандек бўлди – ишондим, қалбим қўнғироғини черта оладиган бадиий мўъжизалар (мўъзижа бўлганда ҳам ҳар боққанингда янги-янги рангларда жилваланиб, нурланиб тургувчи мўъжизалар) мавжудлигига ишондим… Қувондим – ошиқона, ҳайрат абадий ҳамрози бўлган, Ҳақнинг беназир Ишқи порлаб турган кўзларга шу дунёнинг жаннатида термула олишим мумкинлигидан қувондим… Инондим – илоҳий муҳаббатнинг сарҳад билмаслигига, бу Дунёда фақатгина Ишқнинг ҳақиқийлигига инондим:

Дунёда ҳар каснинг кимлиги қолгай,
Ҳасадгўй кўнгилнинг кинлиги қолгай.
Ҳаваснинг ёлғони чиқиб оқибат,
Ишқнинг эса мангу чинлиги қолгай…

Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ижодиёти ранг-баранг, бой ва латифдир. Ишончим комилки, бу улкан адабий хазинани ўрганиб, тадқиқ этиб, ўқувчининг кўнглига йўл очиб берадиган фурсат етди. Зеро уммон остига шўнғимай, унинг қаъридаги гавҳар жилосини ҳис этиб, кашф этиб бўлмайди. Бу масъулият эса, иншооллоҳ, биздек шогирдлари зиммасидадир.

САЙЙИД НЕЪМАТУЛЛОҲ ИБРОҲИМ
ТАҲАЙЮР
Учинчи китоб
06

Бисмилло-ҳирроҳман-нирроҳийм

МУНОЖОТ

Ё Раббим! Нафс ила хор қилиб қўйма,
Иблис нағмасига жўр қилиб қўйма.
Ҳар нега боқдим-да, Ўзингни кўрдим…
Ибрат назаримни кўр қилиб қўйма!

Сўзлаганим қийлу қол бўлди мудом,
Назарим ибратдан лол бўлди мудом.
Ғафлатим умримнинг сароби бўлди,
Фақат ишқим маним ҳол бўлди мудом.

Раббим! Бу дунёда ҳалол туз бергил,
Кейин… ҳақиқатга уйғун Сўз бергил.
Ботилдан билхосса чиқиб кетмоқ-чун
Менга йиғлайдиган икки кўз бергил!

Кўнгилни шоҳ қилиб яшасам, дейман,
Тақвони жоҳ қилиб яшасам, дейман.
Кизбу козиб* билан тўлган Дунёда
Ўзни ислоҳ қилиб яшасам, дейман…

Жисмим ғолиб бўлди—камда яшадим
Нафсим ғолиб бўлди—ғамда яшадим.
Қачонки, Кўнгилга ошно бўлдим—
Руҳим ғолиб бўлган дамда яшадим.

Ардоқладим кўнгил куюклигини,
Ирфоннинг ҳар дамда суюклигини.
Чексиз самоларга боқиб ҳис этдим
Ё Раб, қудратингнинг буюклигини…

Тупроққа тенгдирман—шуҳрат-шоним йўқ,
Сенсиз бу дунёда олти ёним йўқ.
Зикрингда кўнглимни тоғдек кўтарган
Ўзингдан ўзга бир меҳрибоним йўқ.

Мени ғуссаларга тўлдирма, Раббим,
Ҳою ҳавас ичра кулдирма, Раббим.
Жисмимни қай тахлит маҳв этсанг, майли,
Кўнглимдаги Ишқни ўлдирма, Раббим!
———————————
*Кизбу козиб—ёлғон ва ёлғончи.

ТЎРТЛИКЛАР

445
Бахтлисан, зикрли тунинг бор бўлса,
Тахтлисан, “Ҳақ!” деган унинг бор бўлса.
Дунёга бекорга келмабсан, эй дўст,
Яздонга қайтгувчи кунинг бор бўлса!..

446
Қувонч—тўрт ён, сўлу соғимдан келди,
Севги—гулдай ёшлик чоғимдан келди.
Тамҳид—тонглардаги шукру зикримдан,
Тавҳид—юракдаги доғимдан келди.

447
Ҳайратсиз кўзимни ёмон кўргайман,
Ирфонсиз сўзимни ёмон кўргайман.
Қирқ йилки, ҳилмли ўзимни излаб,
“Илмли Ўзим”ни ёмон кўргайман!..

448
Кимдир дил деб, кимдир дунё деб куйгай,
Ким—моҳият, кимдир сувратни суйгай.
Ғанийлар дунёнинг бўйи билан маст,
Ошиқлар уқбонинг ҳидини туйгай…

449
Қанийди, “мен”имдан, “ўз”дан кечсайдим,
Кўнгил уқдаларин бир-бир ечсайдим.
Нафсим заққумини ичгандан кўра,
Асрор шаробини қониб ичсайдим!..

450
Маърифатда ҳар бир лаҳза—хуш ондир,
Барча билгиларим—нурли ирфондир.
Ҳар бир махлуқотда мўъжиза кўрдим,
Тавҳидсиз—бу Дунё менга зиндондир.

451
Дунёда умримнинг хийласин кўрдим,
Борлиқда тавҳиднинг жилвасин кўрдим.
Орифда—Одамнинг маърифатини,
Золимда Азозил ҳийласин кўрдим.

452
Жавҳар сиртидаги садафдир жисмим,
Олами шуҳудда ҳадафдир* жисмим.
Барзах оламига кетгунича то
Руҳимни сақлаган сабабдир жисмим…
——————————-
*Ҳадаф—нишон; мақсад.

453
Кўнгил парвозини қуш ҳам кўрмагай,
Ғофиллар бу ҳолни туш ҳам кўрмагай.
Ишқ билан ҳис—икки қаноти дилнинг,
Бу парвозни ақлу ҳуш ҳам кўрмагай…

454
Дунё сийратида тўзимни кўрдим,
Ҳар нафасда ризқу рўзимни кўрдим.
Миллион мўъжиза ичида туриб,
Олти ёнга боқдим—Ўзингни кўрдим.

455
Икки дунёмизнинг борлиги аён,
Уқбо—кенг, Дунёнинг торлиги аён.
Ваҳдатга ишонмай Касратда* кечган
Умрнинг ахийри хорлиги аён…
—————————
*Касрат—бу дунё.

456
Дунёда ҳар каснинг кимлиги қолгай,
Ҳасадгўй кўнгилнинг кинлиги қолгай.
Ҳаваснинг ёлғони чиқиб оқибат,
Ишқнинг эса мангу чинлиги қолгай…

457
Одам Рубъи маскун*—қирғоққа тушди,
Нур аршидан залил тупроққа тушди.
Унинг авлодлари қисматин кўриб,
Фаришталар мудом титроққа тушди…
——————————-
*Рубъи маскун—коинотимизнинг тўртдан
бир (қуруқлик) қисми.

458
“Ўз”ни Ўзлигимга билдирдим букун,
Орзуни кўнглимдан сидирдим букун.
Ранглар дунёсидан оҳиста кечиб,
Нурлар дунёсини қидирдим букун.

459
Яшамоқ—сабрни тутмоқдир фақат,
Бардош шаробини ютмоқдир фақат.
Умрнинг мазмуни икки сўзда жам:
Умид қилмоқ билан кутмоқдир фақат…

460
Ҳаққа фидойилар мард бўлиб қолди,
Ғафлат дийдам ичра гард бўлиб қолди.
Уқбога муҳаббат тиргизди руҳни,
Дунё—кўнглимдаги дард бўлиб қолди.

461
Ҳақсиз—бу ҳаётинг ҳамиша тахир,
Ҳақсизликдан мудом куйди бу бағир.
Одамийлик учун сабабни берган
Мусаббибни севмай бўларми, ахир!..

462
Ғафлатдаги умр дарк этмас бизни,
Сангу сафоллардан фарқ этмас бизни.
Киприк қоқишингнинг ўзи бир ҳикмат,
Иноят бир лаҳза тарк этмас бизни!

463
Тавҳидда дилингга шаҳодат келгай,
Руҳоний оламинг саломат келгай.
Кўнгил ибодатин тополсанг агар,
Икки олам ичра саодат келгай.

464
Билмадим, кимдирман, қандай инсонман,
Ўзимни англолмай ҳамон ҳайронман.
Бу Дунё кўнглимга сиғмади, мен ҳам—
Дунёнинг кўнглига сиғмаган жонман!

465
Қалбларида қўпиб ҳасрат—маразлар,
Кўнглини забт этиб кийну ғаразлар,
Моҳиятни англаб етмасдан, минг йил—
Ҳалложга тош отди сувратпарастлар…

466
Ҳамма шоду хуррам, лекин масрур йўқ,
Ҳамма “равшанфикр”—кўнглида нур йўқ.
Тириклар—интизор, мадфун*—интизор,
Ҳамон Исрофил йўқ, ҳамон у сур йўқ…
——————————
*Мадфун—дафн этилган (вафот этган).

467
Англаганим: кунлар—ажал хатидир,
Севганим—кўнгилнинг маърифатидир.
Қўрққаним—илоҳий адолат бўлса,
Истаганим—Ҳақнинг муҳаббатидир.

468
Сувратлардан кетиб яшамоқ керак,
Сийрат ичра етиб яшамоқ керак.
Ботилни чилпарчин қилганча, Ҳақнинг—
Ҳикматин ҳис этиб яшамоқ керак!

469
Ҳаёт нима ўзи? Бунча бетайин!
Асрорин билмасам, ахир, нетайин?
Раббим, Ўзинг йўл бер, ўзга оламга
Кўнглимни ҳовучлаб ўтиб кетайин…

470
Умрим лаҳзалари—хуш онлиғимдир,
Ташвишларим—мудом тўрт ёнлиғимдир.
Нафратларим ҳар дам идборга* дўнди,
Муҳаббатим эса—комронлиғимдир.
——————————
*Идбор—бахтсизлик.

471
Ҳар гулу гиёҳда инжа ҳаёт бор,
Ҳар битта нафс учун охир мамот* бор.
Замин пучмоғида бир гиёҳ эксанг,
“Ўстирдим” демагин, ўстирган Зот бор!
——————————-
*Мамот—ўлим.

472
Ишқ илоҳий бўлса, ҳажри ҳузунмас,*
Муҳаббатнинг қасри ҳеч ҳам бузулмас.
Ҳақни топган жойда маҳкам тут, кўнглим,
Ботилнинг, барибир, умри узунмас!..
—————————-
*Ҳузун—ғам, қайғу.

473
Ёлғизман… Бир Ўзинг қолдинг кўнглимда,
Тавҳид маърифатин олдим кўнглимга.
Ё Раббим, ҳар куни ақалли бир бор
Раҳмат назарингни солгил кўнглимга!..

474
Билмадим, бу Дунё шунча тормикин?
Уқбо саодати менга ёрмикин?
Олам буржларига тикилдим қаттиқ:
Шоҳ Машрабдай яна… Ошиқ бормикин?

475
Донишманд фарзандга деди: “Бу олам—
Ёмонлик-яхшилик теграсида жам.
Ҳар лаҳза тилингга эҳтиёт бўлгил,
Сўз—кумуш, сукунат—олтиндир, болам!..”

476
Донишманд дедики: “Англа, бу—асрор,
Нийятда не бўлса, ҳосил унда бор.
Бировлар йўлига экмагил тикон,
Ахийри кўксингга санчилгай у хор.”

477
Ғанийлар ғанийнинг молини кўрди,
Зоҳидлар ошиқнинг қолини кўрди.
Жоҳиллар фитнани кўрдилар афзал,
Орифлар Ҳалложнинг ҳолини кўрди…

478
Кўнглимга ғафлатнинг қабрин сўрадим,
Нафсимга Жабборнинг жабрин сўрадим.
Хусронли оламдан эмин кетмоқ-чун
Кўксимга Қароний* сабрин сўрадим…
——————————
*Ислом оламидаги биринчи авлиё—яманлик
Увайсул-Қаранийга ишора.

479
Ошиқ дийдаларда нам қолди дўстим,
Озурда дилларда ғам қолди, дўстим.
Топсанг, этагидан маҳкам тутгилки,
Яхшилар дунёда кам қолди, дўстим!

448
Ҳолимда—кибр, гоҳ ҳилм қолибди,
Қолимда—сайраган тилим қолибди.
Дунёни титратган шуъурлар аро
“Жуда оз берилган илм” қолибди…

448
Дунё—чумолининг инидир асли,
Ҳамоқат—кофарнинг кинидир асли.
Менинг мўминлигим ҳақиқат эмас,
Ҳақиқат—Аллоҳнинг динидир асли!

482
Умримнинг кечиши—мурурга* сабаб,
Нафсимнинг ҳаваси—сурурга сабаб.
Феълимдан синиқлик излайман мудом,
Тоатдаги риё—ғурурга сабаб…
—————————
*Мурур—давр ўтиши.

483
Эй Кўнгил, маърифат—болинг қайдадир?
Ирфонга айланган қолинг қайдадир?
Ғурур ичра кечган тоатингни қўй,
Гуноҳдан инграган ҳолинг қайдадир?..

484
Нималар истадинг умри жудодан?
Мангулик топдингми васлу видодан?
Ҳақни истаганлар—хокдай хокисор…
Шуҳратни севганлар—қўрқмас Худодан!

485
Ишқнинг жавҳарига айланса одам,
Кўнгил сарварига айланса одам,
Унинг зиёрати вожибдир бизга—
Олам меҳварига айланса Одам.

486
Жисмингни ул обу гил аҳли билар,
Исмингни-чи, қолу қил аҳли билар.
Руҳингдаги зийнат—ирфон шуъласин
Кўнгил аҳли билар—дил аҳли билар…

487
Демам: “Дунё ўзи асли бири кам,”
Тағофул* туфайли кўзларимда нам.
Сабабга қоқилиб йиқилдим фақат,
Мусаббиб ёдимдан кўтарилган дам…
—————————-
*Тағофул—қаттиқ ғафлатда қолиш.

488
Севги йўқ—кўнгиллар кирлашган жойда,
У бордир—юраклар сирлашган жойда.
Илоҳий асрорга ошнодир ориф—
Ишқ ила тафаккур бирлашган жойда.

489
Дунё—дунёни тарк этгулик фақат,
Ҳаёт—бир марта дарк этгулик фақат.
Бандалик қилмоқ-чун қисқа бу умринг
Узун бир саждага етгулик фақат…

490
Умринг— сароб каби ўчган он экан,
Вафо қилмагани—шуҳрат-шон экан.
Руҳингни зийнатла бор имкон билан:
Абадий қолгувчи фақат жон экан…

491
Дунё ташвиишлари қутқу сололмас,
Булҳавас ёнимда бир зум қололмас.
Излайман “Ҳақ!” деган қулларни мудом,
Ишқсизлар дилимга маҳрам бўлолмас!

492
Ғафлат—бу Дунёда чимматдир асли, ??
Маърифат—энг олий ҳимматдир асли.
Қолгани—қолу қил, ҳою ҳаваслар—
Барчаси бир пулга қимматдир асли.

493
Яшайман Оламга кўксимни очиб,
Кулли асроримни гул каби сочиб.
Жавҳарини сароб билганим учун
Яшайман Дунёнинг макридан қочиб…

494
Жисмим—жаҳонимга гил қандай сиғди,
Оғзимга сўзловчи тил қандай сиғди?
Кўнгил оламига кириб тош қотдим:
Ё Раббим, кўксимга дил қандай сиғди?

495
Ақлимнинг жоҳига етганим йўқдир,
Кўнглимнинг роҳига етганим йўқдир.
Умримнинг шомига етган дамда ҳам
Нафсим ислоҳига етганим йўқдир…
496
Тааллуқ борига тутибмиз елка,
Билмадим, бу ғафлат қаердан келган?
Ўзлик жавҳарига етгунимизча
Қанча йилларимиз соврилди елга…

497
Яхши—яхшидир бу, ёмон бўлолмас,
Ёмон ҳеч замонда омон бўлолмас.
Жаҳолатда нурни истаманг зинҳор,
Ҳамоқат ҳар икки томон бўлолмас!

498
Дардсиз дилда дарду ғам бўлмагай ҳеч,
Куюк парвонасиз шам бўлмагай ҳеч.
Сўқир кўздан ёшнинг келмоғи—маҳол,
Муҳаббатсиз дийда нам бўлмагай ҳеч.

499
Дунё ўйинида ютқазмоқ—оғир,
Ҳамоқатга дилни тутқазмоқ—оғир.
Ҳақиқат нуридан бебаҳра қолиб,
Зулмат ичра умр ўтказмоқ—оғир…

500
Жаҳолатда умр—қутқудир фақат,
Булҳаваснинг умри “дув-дув”дир фақат.
Жисм таъмирига ҳирс қўйган—бизлар,
Дарвеш учун дунё—бир “ҳув”дир фақат…

501
Барча ҳавас, нафсим—бодим бўлди, бас,
Қисмат маним аччиқ ёдим бўлди, бас.
Кўнгилда Уқбони топмоғим учун
Дунё менга икки одим бўлди, бас.

502
Сувратда ярқироқ аксимдан кечдим,
Даврада тумтароқ баҳсимдан кечдим.
Маънони мукаммал қилмоқлик учун
Қалбимни қўлладим, шахсимдан кечдим…

503
Руҳим кенглигида чексиз осмонман,
Барча имконсизлик ичра имконман.
Моддий олам аро боқсангиз агар,
Мавжудлик ичра бир номавжуд жонман…

504
Эй, сен, менинг нурга қонмаган жоним,
Ўзлигидан бир дам тонмаган жоним.
Уқбо севгисида кетишга тайёр,
Дунё ишқи билан ёнмаган жоним!..

505
Суврат гўзаллигин сўзлайсан, эй нафс,
Манфаат мулкида бўзлайсан, эй нафс.
Одамлик, бандалик бир ёнда қолиб,
Ҳайвоний айшингни кўзлайсан, эй нафс!

506
Кетсам, бу дунёда дошим қолгайдир,
Олтмишга етмаган ёшим қолгайдир.
Маърифатим менга ҳамроҳ бўлса, бас,
Қолса, бу Дунёда лошим қолгайдир…

507
Борни ҳам, йўқни ҳам “сиз”лади кўнглим,
Барча асрорини гизлади* кўнглим.
Маънавият истаб, оч қолди мудом,
Сувратдан сийратни излади Кўнглим…
—————————-
*Гизламоқ—яширмоқ.

508
Таҳайюрда мудом телба одамдай,
Далли шамол каби елган одамдай,
Кезибман Дунёни адолат истаб,
Ўзга сайёрадан келган одамдай…

509
Ҳилм—адоватга бўйламасликдир,
Иймон—манфаатни ўйламасликдир.
Набий дерлар: “Мўмин кўркамлиги бу—
Фойдасиз нарсани сўйламасликдир.”

510
Дерлар, меҳр кетса, бузилгай Дунё,
Адолатда қайта тузилгай Дунё.
Асли, барчамизга меҳмонхона у…
Бир кун ўз аҳлидан узилгай Дунё!

511
Ҳаётда паст-баланд, ўрларни кўрдим,
Ўзни бахтли билган хўрларни кўрдим.
Мусаббиб қудратин англамай бир бор,
Сабабга сиғинган кўрларни кўрдим…

512
Таҳайюрга ошно бўлмади одам,
Чексизлик шавқига тўлмади одам.
Шунча мўъжизани кўриб, ҳайратдан
Юраги ёрилиб ўлмади одам!..

513
Мен ҳам бу нурдан шод бўлолганим йўқ,
Йиғлаганим йўқдир, кулолганим йўқ.
Самовий дайрда яшамоқ учун
Қафасни тарк этиб… ўлолганим йўқ!

514
Хушман, кўнглимдаги раънога етсам,
Тилимдаги “тавҳид”—даъвога етсам.
Сувратларни бир-бир парчалаб ташлаб,
Шаклдан кетсам-у, маънога етсам!..

515
Дилимни тубли шарҳ этолмадим ҳеч,
Унинг лавҳасини битолмадим ҳеч.
Юзлаб оҳангларни дарк этдим, аммо
Кўнглимдаги куйга етолмадим ҳеч.

516
Умрим Яратганга шукримдир асли,
Тавҳид интиҳосиз фикримдир асли.
Ҳайрат бу—ҳаётим мазмуни бўлди,
Таҳайюрим—чексиз зикримдир асли.

517
Ғофил моҳиятни тутмади зинҳор,
Ҳақиқат нурини кутмади зинҳор.
Шаклни мазмун деб ўйлаган гумроҳ
Қобиқдан мағизга ўтмади зинҳор.

518
Кўнгилга кетганлар менга дўст бўлди,
Ишқни ҳис этганлар менга дўст бўлди.
Қаноатни топиб, маърифат билан—
Мақсудга етганлар менга дўст бўлди!

519
Бу маҳфилда ҳавас—базмим қолгайдир,
Шиддатим қолгайдир, азмим қолгайдир.
Мазмунни юҳодай ютган Дунёда
Милтиллаган шамдай назмим қолгайдир…

520
Умрингда яхшилик қазоси бордир,
Эзгуликнинг эзгу ризоси бордир.
Муҳаббат—иноят аслида, эй дўст,
Севмаган юракнинг жазоси бордир…

521
Сирга номаҳрамлар сир излагайлар,
Кўнглингиздан шубҳа, кир излагайлар.
Энг қалтис лаҳзада юрагингизни
Нишонга олурлар… тир излагайлар.

522
Ҳотам саҳми билан қолгайдир мудом,
Одам раҳми билан қолгайдир мудом.
Кўнгил ишқи билан Ҳаққа етгайдир,
Ақл ваҳми билан қолгайдир мудом.

523
Орзу—юракдаги митти куюкдир,
Нафслардаги ҳавас—ҳамон суюкдир.
Олам забти учун от чоптирганмас,
Ўзни ислоҳ қилган одам буюкдир!

524
Эй Сиз, биздан кўра одамийроқлар,
Кўксингизни тилди дарду фироқлар.
Қалбингизда ёнган меҳр туфайли
Сизга яқин бўлди биздан йироқлар…

525
Ноқислар “камолга” етган дунё бу,
Ҳаваслар шамолга етган дунё бу.
Ҳақдан муҳаббатни сўраб, ахийри
Орифлар жамолга етган дунё бу…

526
Ҳақсизликда ҳақир бўзлагим келар…
Фақат эзгуликни кўзлагим келар.
Ирфонга эш бўлиб қалам тутган дам
Кўнглимнинг қаърида сўзлагим келар…

527
Сўзамоллик билан “ўтлаб” алафлар,
Ўзни буюк билар ноқис халафлар.
Шуҳрат минбарини эгалламоқ-чун
Унутилар қанча улуғ салафлар…

528
Устозсиз олдинга кетганлар борми?
Кўнгилсиз —ишқни дарк этганлар борми?
Салаф ирфонини эҳтиром қилмай,
Маънавият сари етганлар борми?

529
Ҳолингни нафсингдан сўрмагил, эй дил,
Ҳою ҳавасларга тўлмагил, эй дил.
Ҳар лаҳза мағфират истагил Ҳақдан,
Зиён кўрганлардан бўлмагил, эй дил!

530
Нафсга қул бўлмоқлик бечораликдир,
Нафс ичида бу дил—мингпораликдир.
Бундай умр коми—моҳиятсизлик,
Бундай умр асли овораликдир…

531
Нурни Ҳақиқатдан кутган одамлар,
“Ўз”идан ичкари кетган одамлар,
Ажалга армонсиз юзланар бир кун
Тавҳид туйғусига етган одамлар…

532
Шаҳват сизни билкулл қучмасдан бурун,
Қиёмат кўнгилга тушмасдан бурун,
Ўзни ислоҳ қилинг, эй аҳли дунё,
Замин копток каби учмасдан бурун.

533
Тирикликда гумроҳ—ўлганлар бордир,
Ҳавасга тамасхур бўлганлар бордир.
Нафснинг ислоҳотин жойига қўйиб,
Ўлганида нурга тўлганлар бордир…

534
Ҳою ҳавасларга ўзни чоғламанг,
Нафснинг қутқувсида дилни доғламанг,
Севмоқ учун Ҳақнинг ўзи кофийдир,
Ўткинчи дунёга кўнгил боғламанг…

535
Ҳақ дейди: “Эй бандам, очгил кўзингни,
Ирфонга айлантир ҳар бир сўзингни.
Мени покламоғинг мен-чун муҳиммас,
Зикримни айтгил-да, покла ўзингни…”

536
Нафсимнинг ислоҳи—жиҳоддир, жаҳддир,
Бу йўлда қатъият—илоҳий аҳддир.
Умримнинг қадрига етмабман, эйвоҳ,
Ҳар лаҳза—ғанимат, ҳар он бу—бахтдир!..

537
Кўнгил тавҳиддан нур ичгани—яхши,
Ҳар куннинг офият қучгани—яхши.
Ўқдай учаётган азиз умрингда
Ҳар лаҳза зикрда кечгани—яхши!..

538
Сўзда—толибдирман, соҳир эмасман,
Нафснинг қутқувсидан тоҳир эмасман.
Ёзганим—салафлар маърифатидир,
Мен бир мушориҳман, шоир эмасман.

539
Қофиялар уйқаш сўзимдан келгай,
Ҳайрат—кўнглимдаги кўзимдан келгай.
Қол бу—менинг барча сувратларимдир,
Ҳолнинг шавқи эса Ўзингдан келгай…

540
Ирфондан бенасиб одам гумроҳдир,
Жоҳиллик—надомат, ғафлат бу—оҳдир.
Тавҳиддан ташқари ҳар банданг—гадо,
Сенга дил берганлар—дунёда шоҳдир!

541
Фақирлигим мудом фахримдир маним,
Назмим—садақаи жаҳримдир маним.
Дунё—беш-ўн кунлик қўналғам бўлди,
Уқбо—азим мулким, шаҳримдир маним!..

542
Мусҳафда—муқаддас сўзимсан, Раббим,
Кўнгилда кўргувчи кўзимсан—Раббим.
Шодмон кунларда ҳам қалтис онларда
Кифоят қилгувчи Ўзингсан, Раббим!

543
Дунёни истадим—бозорга келдим,
Манфаатда нафсу озорга келдим.
Ҳаёт нима ўзи? Нима бу умр?
Ибратни истадим—мозорга келдим…

544
Ботилнинг батнида кўзни кўрмадим,
Аблаҳда одамий юзни кўрмадим.
Бетакрор маънолар топдим назмда
Ва лекин бетакрор сўзни кўрмадим…

545
Кўнглимнинг поклиги ёқади менга,
Ёқамнинг чоклиги ёқади менга.
Руҳимнинг нур каби маҳрурлигию,
Жисмимнинг… хоклиги ёқади менга!

546
Дунёнинг жимлигин истадим букун,
Косанинг нимлигин истадим букун.
Шунча маърифату ваҳшатлар аро
Одамнинг кимлигин истадим букун…

547
Нурли олам билан яшасам, дейман,
Ирфонли дам билан яшасам, дейман.
Ўзга бир коинот, ўзга бир дунё,
Ўзга Одам билан яшасам, дейман…

548
Маърифатда тўқлик бўлолсам эдим,
Ишқда қалби чўғлик бўлолсам эдим.
Ҳақнинг тавҳидида бирлашиб шу он
Борлиқдаги йўқлик бўлолсам эдим!..

549
Дунё—бир марта дарк этгулик фақат,
Ҳаёт—кўнгил тўлмай кетгулик фақат.
Бандалик қилмоқ-чун қисқа бу умринг
Узун бир саждага етгулик фақат…

550
Умримнинг ярмисин ғафлат еди, бас,
Иблис қулоғимга: “ўйна,—деди,—бас.”
Ахийри маърифат мулкига кирдим…
Менинг излаганим ҳикмат эди, бас!

551
Менга керак эмас кулдирган дунё,
Умримни ғафлатга тўлдирган дунё.
Маърифат олами мақсуддир мудом—
Ҳикматга айланиб улгурган Дунё…

552
Тааллуқ занжирин узгил-да, ҳур бўл,
Кўнгил маърифати ичра бир дур бўл.
Хоклигингдан кечиб, Ҳаққа интил-да,
Ишқнинг маконида мўъжаз бир нур бўл!..

553
Дунёнинг кетидан чопган одамлар—
Кўнгил эшикларин ёпган одамлар!..
Нафратни унутиб, меҳр ила яшар
Тавҳид роҳатини топган одамлар…

554
Ботилни кутишинг—қанчалар ёмон,
Руҳга зулм этишинг—қанчалар ёмон,
Ҳақни дилда бир бор эҳё этолмай,
Ғафлатда ўтишинг—қанчалар ёмон!..

555
Арзимга ушбу дам дарддошим етмас,
Минглаб ақрабою қардошим етмас.
Одиллигинг билан боқмагил, Раббим,
Тоғдай бўлса ҳам гар, бардошим етмас!..

556
Дунёнинг рангида қолмадим, шукр,
Ғафлатнинг зангида қолмадим, шукр.
Нафсу адоватга эш бу оламда
Ботилнинг чангида қолмадим, шукр…

557
Ўт билан нур аро кўрдим ўзимни,
Ўйлаб сўйлайдиган бўлдим сўзимни.
Дунё: “қаҳқаҳ уриб, кул!” деди мудом,
Охират… кулдирмай қўйди кўзимни.

558
Озурда кўнгилнинг шахсидир мўмин,
Фақир бу умрнинг нақшидир мўмин.
Тутдай тўкилган бу сажжода* узра—
Юз мингта фосиқдан яхши бир мўмин…
———————————-
*Сажжода—жойнамоз.

559
Сийрат тамаддунин кутди умримиз,
Адашиб, ботилни тутди умримиз.
Бир умр сувратга дил бериб, эйвоҳ,
Буттарошлик билан ўтди умримиз…

560
Кўнгил кўзлагани гул бўлди фақат,
Нафснинг излагани пул бўлди фақат.
Ўлганлар—тавҳидга бўлдилар восил,
Қолганлар—Дунёга қул бўлди фақат…

561
Ошиқлар ҳолингга қараб келурлар,
Омийлар қолингга қараб келурлар.
Орифлар қалбингга таважжуҳ этиб,
Ботиллар молингга қараб келурлар…

562
Фақат дунё дея яралган ғамсан,
Руҳий заковатдан айросан, камсан.
Олти томонингни қопламиш зулмат,
Эй гумроҳ, кўнгилда ёнмаган шамсан…

563
Ботилнинг сеҳрига ишониб бўлмас,
Фосиқнинг фахрига ишониб бўлмас.
Яхши бир дўст топдим, дея қувонманг,
Жоҳилнинг меҳрига ишониб бўлмас…

564
Ошиқлар оҳ чекиб, ёрга кетдилар,
Йўқлар бурда нон деб, борга кетдилар.
“Мен” деган киборлар жоҳ топиб бунда,
“Аналҳақ!” деганлар дорга кетдилар…

565
Дийдамда сир бўлиб, ёш қолди менда,
Савдодан чиқмаган бош қолди менда.
Халойиқ тошини Ҳалложга отди,
Дорга отилмаган тош қолди менда…

566
Шодликдан андоза олишдан қўрқдим,
Тағофулда ўйга толишдан қўрқдим.
Умримнинг сўнгида, бир лаҳза бўлсин,
Нафсим билан ёлғиз қолишдан қўрқдим…

567
Тағофулда бир бод кезди дилимни,
Дилга маҳрамларим сезди дилимни.
Мўминга суҳбатдош бўлганда бу кеч,
Сукутдаги фарёд эзди дилимни…

568
Жунайднинг қолини соғиндим букун,
Маърифат болини соғиндим букун.
Хаёл пучмоғида бир дор қурдим-да,
Ҳалложнинг ҳолини соғиндим букун…

569
Қаламдан тўкилган қоним шеър бўлди,
Ишқда оловланган жоним шеър бўлди.
Умримдан кўп фурсат дўнди саробга,
Тангримга юкинган оним шеър бўлди…

570
Шодон наволарим сўзимдан келди,
Меҳрим қорачўғим—кўзимдан келди.
Кулгуларим ҳавас канъонларидан,
Маҳзун сатрларим Ўзингдан келди…

571
Ирфондан улушинг олсайдинг, дилим,
Ишқнинг шиддатидан толсайдинг, дилим.
Икки олам ичра муҳаббат билан
Маърифатда яшаб қолсайдинг, дилим…

572
Нафс бизни ҳамоқат сари гиз-гизлар,
Манфаат ўзига минг йўлни излар.
Шунча иноятга ғарқ бўла туриб,
Жуда оз шукрона қиламиз бизлар…

573
Қисмат шаробини ютгувчилармиз,
Мақсадга етмай, гоҳ етгувчилармиз.
Ажал кафтидаги чанглармиз гўё,
Бир “пуф” билан учиб кетгувчилармиз…

574
Ғафлат! Бизни нурдан тўсган ўзингсан,
Бемаврид шамолдай эсган ўзингсан.
Умримиз сўнгида бало-қазодай
Барча ёлғонини қусган ўзингсан…

575
Ғафлат! Сени кўрдим—тош каби қотдим,
Сени асрор билиб, риёга ботдим.
Минг бир риёзат-ла қутулдим сендан,
Минг бир азоб бирла дилни уйғотдим…

576
Фитнага қоришган сўз бор ботилда,
Англаб етилмаган “ўз” бор ботилда.
Сийратда—зулматга қотилган олам,
Жаҳолат акс этган кўз бор ботилда…

577
Ўткинчи ҳисларга тўлмадинг, кўнглим,
Ботилнинг қошида ўлмадинг, кўнглим.
Мен сендан розиман, то шу дамгача
Дунё қўғирчоғи бўлмадинг, кўнглим!

Пастдаги фотосуратда: Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим дӯсти шоир Асқар Маҳкам ва унинг онаси билан

05Birodarim Sayyid Ne’matulloh Ibrohimning vafot etganini eshitib, Allohi Karimdan bu pokiza inson, mumtoz adabiyot bilimdoni, ishqparast shoir va benazir tarjimonni rahmatiga olishini so’radim. Oilasiga, yoru do’stlariga, shogirdlariga sabr tilayman. Inna lillahi va inna ilayhi roji’un.

KO’NGIL QO’NG’IROG’I
Taxmina MUHAMMADSAID
06

 Adabiyot bo’stoniga kirib, gulu giyohlari rangu bo’yidan ogoh bo’lganimdan buyon qalbimda bir qo’ng’iroq yashayotganini his etdim. Uning chertilishi va go’zal jarangi badiiy asarlarning qay darajada mahorat bilan yaratilganiga bog’liq edi. O’rta maktab o’quvchisi ekanimda Zahiriddin Muhammad Bobur ijodiyoti meni o’ziga maftun etgandi. Bu muhabbat shu qadar kuchli ediki, Bobur yashagan asrlarda tug’ilib, g’azallariga to’kilgan hayratlar manbai – benazir qalb oynasi bo’lmish boburona ko’zlarga termulgim kelgandi va onamdan: “Inson u dunyoda jannatga tushsa, o’zidan necha asrlar oldin yashab o’tgan odamlar bilan ham uchrasha oladimi”, deya so’raganim esimda…

Dunyo chegaralardan bunyod bo’lganga o’xshaydi: makonlar, zamonlar, irqlar, jinslar, yoshlar va hokazolar o’rtasidagi sarhadlar. Ammo yagona bir tuyg’u borki, u na chegara biladi, na cheksizlik. Bu – muhabbat! Faqat mehru muhabbatgina bori sarhadlarni buzib, bizni Haqqa eltadi, O’ziga eltadi, shu yo’lda o’zligimizga eltadi – ruhiyatimiz tozaradi, poklanadi… Oradagi necha yuz yillik sarhadni buzgan holda dilim haqiqiy oshiqning pokiza ko’ngliga muhabbat qo’ygandi. Boburning ko’nglimga bir qadar tanish musofirona, mahzun g’ussalari yuragimga kirib borgani sayin dilim samimiyatni, ilohiy pok muhabbatni, odamiylikning eng yorqin, go’zal ranglarini ilg’ay boshlagandi. Bundan masrur holda haqiqiy adabiyotning chin oshig’iga aylangandim.

Saodatli kunlarning birida Ustoz Sayyid Ne’matulloh Ibrohimning “Tahayyur 2” – to’rtliklardan iborat to’plami qo’limga, yo’q, aniqrog’i, ko’nglimga tushdi. Kitobni mutolaa qildimu o’zining mavjudligini eslatmay qo’ygan dilimdagi qo’ng’iroqning nafis jarangi butun vujudimu ruhiyatimni qamrab oldi. Misradan misraga ko’charkanman, benazir, bezavol, betakror bu cheksizlikka maftun bo’ldim: izlaganim samimiyat, topinganim ilohiy Ishq, istaganim odamiylik, yuzma-yuz turganim haqiqiy Shoir hayrat bulog’im ko’zini ochib yuborgan edi. Bugun esa “Tahayyur 3”ni o’sha qo’ng’iroqning mavzun ohanglariga cho’mgancha mutolaa qilyapman:

Yashamoq – sabrni tutmoqdir faqat,
Va bardosh sharobin yutmoqdir faqat.
Umrning mazmuni ikki so’zda jam:
Umid qilmoq bilan kutmoqdir faqat…

Darhaqiqat, yashamoq Alloh tiriklik ne’mati sifatida tortiq etgan bori sinovlarga, hatto, boylik va shodmonlik, sevimlilik va saodatlilikka ham sabru bardosh bilan chidamoqdir. Va inson umri davomida o’sha ulug’ kunda O’zining jamoliga yetishga munosib ko’rishini umid qiladi, Yorga yorlik onlarini kutadi…

Shoir ma’nan o’sib borgani sayin ma’rifat atalmish boylikning borini egallab bo’lmasligini anglab yetadi. Anglab yetish asnosida o’zining esa qanchalar faqirligini his qiladi. Va bundan u iftixor etadi – moddiyat sultoni emas, ma’rifat gadosi ekanligidan sevinadi. Shoirning faqirona pokiza ma’naviy dunyosidan taralayotgan yorqin shu’lalar – betakror misralar uning Yaratganga zikridir, tilovatidir, hamdu sanosidir:

Faqirligim mudom faxrimdir manim,
Nazmim—sadaqai jahrimdir manim…

Va shoir dunyoda yashamaydi, Dunyo shoir qalbida yashaydi. Yashaganda ham bir muddat – bir necha fursat mehmon sifatida qo’nim topadi. Bu dunyo uning tko’ngliga kirgan va lahzada tark etishi mumkin bo’lgan omonat yo’lovchi, go’yo. Chin dunyo esa uning asl makoni, go’zal manzilidir. Shoir uchun faqat so’nggi manzil hadsiz va ulkandir…

Dunyo—besh-o’n kunlik qo’nalg’am bo’ldi,
Uqbo—azim mulkim, shahrimdir manim!..

Ma’nolar dunyosi aro huzur topar ekanman, halovatim, hatto, orom olar ekan, “foniy Dunyoni ko’ngliga sig’dira olmagan” va “Dunyoning ko’ngliga sig’a olmagan” – bu olamdan-da keng, bu cheksizlikdan-da cheksiz orifona Ishq olami ichra masrur kezaverdim…

Qalbimdagi qo’ng’iroq gohi nola chekdi, gohi shaloladay shodlandi. Goh Ishqning maxmur quchog’ida quvondi, goh Hijronning mahrur navosida to’lg’ondi…

Allohni tanib, uning visoli hajrida yonmagan shoir she’rboz, xolos. Ma’shuqasi visolidan bahramand bo’lganida shukrona etib, hajronida muhabbatidan yozg’irgan oshiq bulhavas, xolos. Alloh yuragimizga jilo berish istagida yaratgan totli va taxir tuyg’ularni birdek simirib, achchiq sinovlarni ham ehson yanglig’ qabul qilmagan bandaning esa, suvrati odam, xolos. Imtihonlari ichra jizg’anak bo’lib, munosib bilgani qayg’ulardan quvongan odamgina insonman, deyishga haqli. Va lojuvard lahzalar og’ushida ham, izg’irinli tunlar bag’rida ham, dovulu bo’ronlarda ham, sarinu orombaxsh shabbodalar quchog’ida ham Allohning asl bandalari ko’nglidagina O’ziga bo’lgan muhabbat zarracha o’zgarmaydi. Ko’zlardagi munojotlar muhabbatlar ildizidan sim-sim tomaveradi.

Dardsiz dilda dardu g’am bo’lmagay hech,
Kuyuk parvonasiz sham bo’lmagay hech.
So’qir ko’zdan yoshning kelmog’i—mahol,
Muhabbatsiz diyda nam bo’lmagay hech.

Sayyid Ne’matulloh Ibrohim aytadi: “Ko’nglimda bir kuy yashardi. Ana shu kuy mukammal holga kelgach, she’r yoza boshladim…” Shoir nazmi vositasida qalbining qa’ri-qa’ridagi jilolarigacha chiza olmaganini, bu jilolarning loaqal bir lahzalik jilvasini ham aks ettira olmaganini ta’kidlar ekan, hadsiz ko’ngillarga tanish tuyg’ularni misralarga joylay olgani, ammo o’zining ilohiy Ishqqa yo’g’rilgan dil navosini his eta olmaganini aytadi. Darhaqiqat, o’z-o’zidan qoniqmagan, “ko’nglidagi kuyga yetib bora olmagan” shoir hali so’z aytishga, mutolaaxon diliga o’sha kuyning nurli jilosini, mahrur ohangini olib kirguniga qadar she’r bo’lib yashashga burchlidir.

Dilimni tubli sharh etolmadim hech,
Uning lavhasini bitolmadim hech.
Yuzlab ohanglarni dark etdim, ammo
Ko’nglimdagi kuyga yetolmadim hech.

Mutolaadan so’ng sarsari ruhiyatimda o’sha sadolarning sururli jarangi aks sado berib yangradi. Boburona ko’zlarga termulmoqni orzu qilib asrlar osha moziyga va yo jannatga intilgan ko’nglim taskin topgandek bo’ldi – ishondim, qalbim qo’ng’irog’ini cherta oladigan badiiy mo»jizalar (mo»zija bo’lganda ham har boqqaningda yangi-yangi ranglarda jilvalanib, nurlanib turguvchi mo»jizalar) mavjudligiga ishondim… Quvondim – oshiqona, hayrat abadiy hamrozi bo’lgan, Haqning benazir Ishqi porlab turgan ko’zlarga shu dunyoning jannatida termula olishim mumkinligidan quvondim… Inondim – ilohiy muhabbatning sarhad bilmasligiga, bu Dunyoda faqatgina Ishqning haqiqiyligiga inondim:

Dunyoda har kasning kimligi qolgay,
Hasadgo’y ko’ngilning kinligi qolgay.
Havasning yolg’oni chiqib oqibat,
Ishqning esa mangu chinligi qolgay…

Ustoz Sayyid Ne’matulloh Ibrohim ijodiyoti rang-barang, boy va latifdir. Ishonchim komilki, bu ulkan adabiy xazinani o’rganib, tadqiq etib, o’quvchining ko’ngliga yo’l ochib beradigan fursat yetdi. Zero ummon ostiga sho’ng’imay, uning qa’ridagi gavhar jilosini his etib, kashf etib bo’lmaydi. Bu mas’uliyat esa, inshoolloh, bizdek shogirdlari zimmasidadir.

SAYYID NE’MATULLOH IBROHIM
TAHAYYUR
Uchinchi kitob
06

Bismillo-hirrohman-nirrohiym

MUNOJOT

YO Rabbim! Nafs ila xor qilib qo’yma,
Iblis nag’masiga jo’r qilib qo’yma.
Har nega boqdim-da, O’zingni ko’rdim…
Ibrat nazarimni ko’r qilib qo’yma!

So’zlaganim qiylu qol bo’ldi mudom,
Nazarim ibratdan lol bo’ldi mudom.
G’aflatim umrimning sarobi bo’ldi,
Faqat ishqim manim hol bo’ldi mudom.

Rabbim! Bu dunyoda halol tuz bergil,
Keyin… haqiqatga uyg’un So’z bergil.
Botildan bilxossa chiqib ketmoq-chun
Menga yig’laydigan ikki ko’z bergil!

Ko’ngilni shoh qilib yashasam, deyman,
Taqvoni joh qilib yashasam, deyman.
Kizbu kozib* bilan to’lgan Dunyoda
O’zni isloh qilib yashasam, deyman…

Jismim g’olib bo’ldi—kamda yashadim
Nafsim g’olib bo’ldi—g’amda yashadim.
Qachonki, Ko’ngilga oshno bo’ldim—
Ruhim g’olib bo’lgan damda yashadim.

Ardoqladim ko’ngil kuyukligini,
Irfonning har damda suyukligini.
Cheksiz samolarga boqib his etdim
YO Rab, qudratingning buyukligini…

Tuproqqa tengdirman—shuhrat-shonim yo’q,
Sensiz bu dunyoda olti yonim yo’q.
Zikringda ko’nglimni tog’dek ko’targan
O’zingdan o’zga bir mehribonim yo’q.

Meni g’ussalarga to’ldirma, Rabbim,
Hoyu havas ichra kuldirma, Rabbim.
Jismimni qay taxlit mahv etsang, mayli,
Ko’nglimdagi Ishqni o’ldirma, Rabbim!
———————————
*Kizbu kozib—yolg’on va yolg’onchi.

TO’RTLIKLAR

445
Baxtlisan, zikrli tuning bor bo’lsa,
Taxtlisan, “Haq!” degan uning bor bo’lsa.
Dunyoga bekorga kelmabsan, ey do’st,
Yazdonga qaytguvchi kuning bor bo’lsa!..

446
Quvonch—to’rt yon, so’lu sog’imdan keldi,
Sevgi—gulday yoshlik chog’imdan keldi.
Tamhid—tonglardagi shukru zikrimdan,
Tavhid—yurakdagi dog’imdan keldi.

447
Hayratsiz ko’zimni yomon ko’rgayman,
Irfonsiz so’zimni yomon ko’rgayman.
Qirq yilki, hilmli o’zimni izlab,
“Ilmli O’zim”ni yomon ko’rgayman!..

448
Kimdir dil deb, kimdir dunyo deb kuygay,
Kim—mohiyat, kimdir suvratni suygay.
G’aniylar dunyoning bo’yi bilan mast,
Oshiqlar uqboning hidini tuygay…

449
Qaniydi, “men”imdan, “o’z”dan kechsaydim,
Ko’ngil uqdalarin bir-bir yechsaydim.
Nafsim zaqqumini ichgandan ko’ra,
Asror sharobini qonib ichsaydim!..

450
Ma’rifatda har bir lahza—xush ondir,
Barcha bilgilarim—nurli irfondir.
Har bir maxluqotda mo»jiza ko’rdim,
Tavhidsiz—bu Dunyo menga zindondir.

451
Dunyoda umrimning xiylasin ko’rdim,
Borliqda tavhidning jilvasin ko’rdim.
Orifda—Odamning ma’rifatini,
Zolimda Azozil hiylasin ko’rdim.

452
Javhar sirtidagi sadafdir jismim,
Olami shuhudda hadafdir* jismim.
Barzax olamiga ketgunicha to
Ruhimni saqlagan sababdir jismim…
——————————-
*Hadaf—nishon; maqsad.

453
Ko’ngil parvozini qush ham ko’rmagay,
G’ofillar bu holni tush ham ko’rmagay.
Ishq bilan his—ikki qanoti dilning,
Bu parvozni aqlu hush ham ko’rmagay…

454
Dunyo siyratida to’zimni ko’rdim,
Har nafasda rizqu ro’zimni ko’rdim.
Million mo»jiza ichida turib,
Olti yonga boqdim—O’zingni ko’rdim.

455
Ikki dunyomizning borligi ayon,
Uqbo—keng, Dunyoning torligi ayon.
Vahdatga ishonmay Kasratda* kechgan
Umrning axiyri xorligi ayon…
—————————
*Kasrat—bu dunyo.

456
Dunyoda har kasning kimligi qolgay,
Hasadgo’y ko’ngilning kinligi qolgay.
Havasning yolg’oni chiqib oqibat,
Ishqning esa mangu chinligi qolgay…

457
Odam Rub’i maskun*—qirg’oqqa tushdi,
Nur arshidan zalil tuproqqa tushdi.
Uning avlodlari qismatin ko’rib,
Farishtalar mudom titroqqa tushdi…
——————————-
*Rub’i maskun—koinotimizning to’rtdan
bir (quruqlik) qismi.

458
“O’z”ni O’zligimga bildirdim bukun,
Orzuni ko’nglimdan sidirdim bukun.
Ranglar dunyosidan ohista kechib,
Nurlar dunyosini qidirdim bukun.

459
Yashamoq—sabrni tutmoqdir faqat,
Bardosh sharobini yutmoqdir faqat.
Umrning mazmuni ikki so’zda jam:
Umid qilmoq bilan kutmoqdir faqat…

460
Haqqa fidoyilar mard bo’lib qoldi,
G’aflat diydam ichra gard bo’lib qoldi.
Uqboga muhabbat tirgizdi ruhni,
Dunyo—ko’nglimdagi dard bo’lib qoldi.

461
Haqsiz—bu hayoting hamisha taxir,
Haqsizlikdan mudom kuydi bu bag’ir.
Odamiylik uchun sababni bergan
Musabbibni sevmay bo’larmi, axir!..

462
G’aflatdagi umr dark etmas bizni,
Sangu safollardan farq etmas bizni.
Kiprik qoqishingning o’zi bir hikmat,
Inoyat bir lahza tark etmas bizni!

463
Tavhidda dilingga shahodat kelgay,
Ruhoniy olaming salomat kelgay.
Ko’ngil ibodatin topolsang agar,
Ikki olam ichra saodat kelgay.

464
Bilmadim, kimdirman, qanday insonman,
O’zimni anglolmay hamon hayronman.
Bu Dunyo ko’nglimga sig’madi, men ham—
Dunyoning ko’ngliga sig’magan jonman!

465
Qalblarida qo’pib hasrat—marazlar,
Ko’nglini zabt etib kiynu g’arazlar,
Mohiyatni anglab yetmasdan, ming yil—
Hallojga tosh otdi suvratparastlar…

466
Hamma shodu xurram, lekin masrur yo’q,
Hamma “ravshanfikr”—ko’nglida nur yo’q.
Tiriklar—intizor, madfun*—intizor,
Hamon Isrofil yo’q, hamon u sur yo’q…
——————————
*Madfun—dafn etilgan (vafot etgan).

467
Anglaganim: kunlar—ajal xatidir,
Sevganim—ko’ngilning ma’rifatidir.
Qo’rqqanim—ilohiy adolat bo’lsa,
Istaganim—Haqning muhabbatidir.

468
Suvratlardan ketib yashamoq kerak,
Siyrat ichra yetib yashamoq kerak.
Botilni chilparchin qilgancha, Haqning—
Hikmatin his etib yashamoq kerak!

469
Hayot nima o’zi? Buncha betayin!
Asrorin bilmasam, axir, netayin?
Rabbim, O’zing yo’l ber, o’zga olamga
Ko’nglimni hovuchlab o’tib ketayin…

470
Umrim lahzalari—xush onlig’imdir,
Tashvishlarim—mudom to’rt yonlig’imdir.
Nafratlarim har dam idborga* do’ndi,
Muhabbatim esa—komronlig’imdir.
——————————
*Idbor—baxtsizlik.

471
Har gulu giyohda inja hayot bor,
Har bitta nafs uchun oxir mamot* bor.
Zamin puchmog’ida bir giyoh eksang,
“O’stirdim” demagin, o’stirgan Zot bor!
——————————-
*Mamot—o’lim.

472
Ishq ilohiy bo’lsa, hajri huzunmas,*
Muhabbatning qasri hech ham buzulmas.
Haqni topgan joyda mahkam tut, ko’nglim,
Botilning, baribir, umri uzunmas!..
—————————-
*Huzun—g’am, qayg’u.

473
Yolg’izman… Bir O’zing qolding ko’nglimda,
Tavhid ma’rifatin oldim ko’nglimga.
YO Rabbim, har kuni aqalli bir bor
Rahmat nazaringni solgil ko’nglimga!..

474
Bilmadim, bu Dunyo shuncha tormikin?
Uqbo saodati menga yormikin?
Olam burjlariga tikildim qattiq:
Shoh Mashrabday yana… Oshiq bormikin?

475
Donishmand farzandga dedi: “Bu olam—
Yomonlik-yaxshilik tegrasida jam.
Har lahza tilingga ehtiyot bo’lgil,
So’z—kumush, sukunat—oltindir, bolam!..”

476
Donishmand dediki: “Angla, bu—asror,
Niyyatda ne bo’lsa, hosil unda bor.
Birovlar yo’liga ekmagil tikon,
Axiyri ko’ksingga sanchilgay u xor.”

477
G’aniylar g’aniyning molini ko’rdi,
Zohidlar oshiqning qolini ko’rdi.
Johillar fitnani ko’rdilar afzal,
Oriflar Hallojning holini ko’rdi…

478
Ko’nglimga g’aflatning qabrin so’radim,
Nafsimga Jabborning jabrin so’radim.
Xusronli olamdan emin ketmoq-chun
Ko’ksimga Qaroniy* sabrin so’radim…
——————————
*Islom olamidagi birinchi avliyo—yamanlik
Uvaysul-Qaraniyga ishora.

479
Oshiq diydalarda nam qoldi do’stim,
Ozurda dillarda g’am qoldi, do’stim.
Topsang, etagidan mahkam tutgilki,
Yaxshilar dunyoda kam qoldi, do’stim!

448
Holimda—kibr, goh hilm qolibdi,
Qolimda—sayragan tilim qolibdi.
Dunyoni titratgan shu’urlar aro
“Juda oz berilgan ilm” qolibdi…

448
Dunyo—chumolining inidir asli,
Hamoqat—kofarning kinidir asli.
Mening mo’minligim haqiqat emas,
Haqiqat—Allohning dinidir asli!

482
Umrimning kechishi—mururga* sabab,
Nafsimning havasi—sururga sabab.
Fe’limdan siniqlik izlayman mudom,
Toatdagi riyo—g’ururga sabab…
—————————
*Murur—davr o’tishi.

483
Ey Ko’ngil, ma’rifat—boling qaydadir?
Irfonga aylangan qoling qaydadir?
G’urur ichra kechgan toatingni qo’y,
Gunohdan ingragan holing qaydadir?..

484
Nimalar istading umri judodan?
Mangulik topdingmi vaslu vidodan?
Haqni istaganlar—xokday xokisor…
Shuhratni sevganlar—qo’rqmas Xudodan!

485
Ishqning javhariga aylansa odam,
Ko’ngil sarvariga aylansa odam,
Uning ziyorati vojibdir bizga—
Olam mehvariga aylansa Odam.

486
Jismingni ul obu gil ahli bilar,
Ismingni-chi, qolu qil ahli bilar.
Ruhingdagi ziynat—irfon shu’lasin
Ko’ngil ahli bilar—dil ahli bilar…

487
Demam: “Dunyo o’zi asli biri kam,”
Tag’oful* tufayli ko’zlarimda nam.
Sababga qoqilib yiqildim faqat,
Musabbib yodimdan ko’tarilgan dam…
—————————-
*Tag’oful—qattiq g’aflatda qolish.

488
Sevgi yo’q—ko’ngillar kirlashgan joyda,
U bordir—yuraklar sirlashgan joyda.
Ilohiy asrorga oshnodir orif—
Ishq ila tafakkur birlashgan joyda.

489
Dunyo—dunyoni tark etgulik faqat,
Hayot—bir marta dark etgulik faqat.
Bandalik qilmoq-chun qisqa bu umring
Uzun bir sajdaga yetgulik faqat…

490
Umring— sarob kabi o’chgan on ekan,
Vafo qilmagani—shuhrat-shon ekan.
Ruhingni ziynatla bor imkon bilan:
Abadiy qolguvchi faqat jon ekan…

491
Dunyo tashviishlari qutqu sololmas,
Bulhavas yonimda bir zum qololmas.
Izlayman “Haq!” degan qullarni mudom,
Ishqsizlar dilimga mahram bo’lolmas!

492
G’aflat—bu Dunyoda chimmatdir asli, ??
Ma’rifat—eng oliy himmatdir asli.
Qolgani—qolu qil, hoyu havaslar—
Barchasi bir pulga qimmatdir asli.

493
Yashayman Olamga ko’ksimni ochib,
Kulli asrorimni gul kabi sochib.
Javharini sarob bilganim uchun
Yashayman Dunyoning makridan qochib…

494
Jismim—jahonimga gil qanday sig’di,
Og’zimga so’zlovchi til qanday sig’di?
Ko’ngil olamiga kirib tosh qotdim:
YO Rabbim, ko’ksimga dil qanday sig’di?

495
Aqlimning johiga yetganim yo’qdir,
Ko’nglimning rohiga yetganim yo’qdir.
Umrimning shomiga yetgan damda ham
Nafsim islohiga yetganim yo’qdir…
496
Taalluq boriga tutibmiz yelka,
Bilmadim, bu g’aflat qaerdan kelgan?
O’zlik javhariga yetgunimizcha
Qancha yillarimiz sovrildi yelga…

497
Yaxshi—yaxshidir bu, yomon bo’lolmas,
Yomon hech zamonda omon bo’lolmas.
Jaholatda nurni istamang zinhor,
Hamoqat har ikki tomon bo’lolmas!

498
Dardsiz dilda dardu g’am bo’lmagay hech,
Kuyuk parvonasiz sham bo’lmagay hech.
So’qir ko’zdan yoshning kelmog’i—mahol,
Muhabbatsiz diyda nam bo’lmagay hech.

499
Dunyo o’yinida yutqazmoq—og’ir,
Hamoqatga dilni tutqazmoq—og’ir.
Haqiqat nuridan bebahra qolib,
Zulmat ichra umr o’tkazmoq—og’ir…

500
Jaholatda umr—qutqudir faqat,
Bulhavasning umri “duv-duv”dir faqat.
Jism ta’miriga hirs qo’ygan—bizlar,
Darvesh uchun dunyo—bir “huv”dir faqat…

501
Barcha havas, nafsim—bodim bo’ldi, bas,
Qismat manim achchiq yodim bo’ldi, bas.
Ko’ngilda Uqboni topmog’im uchun
Dunyo menga ikki odim bo’ldi, bas.

502
Suvratda yarqiroq aksimdan kechdim,
Davrada tumtaroq bahsimdan kechdim.
Ma’noni mukammal qilmoqlik uchun
Qalbimni qo’lladim, shaxsimdan kechdim…

503
Ruhim kengligida cheksiz osmonman,
Barcha imkonsizlik ichra imkonman.
Moddiy olam aro boqsangiz agar,
Mavjudlik ichra bir nomavjud jonman…

504
Ey, sen, mening nurga qonmagan jonim,
O’zligidan bir dam tonmagan jonim.
Uqbo sevgisida ketishga tayyor,
Dunyo ishqi bilan yonmagan jonim!..

505
Suvrat go’zalligin so’zlaysan, ey nafs,
Manfaat mulkida bo’zlaysan, ey nafs.
Odamlik, bandalik bir yonda qolib,
Hayvoniy ayshingni ko’zlaysan, ey nafs!

506
Ketsam, bu dunyoda doshim qolgaydir,
Oltmishga yetmagan yoshim qolgaydir.
Ma’rifatim menga hamroh bo’lsa, bas,
Qolsa, bu Dunyoda loshim qolgaydir…

507
Borni ham, yo’qni ham “siz”ladi ko’nglim,
Barcha asrorini gizladi* ko’nglim.
Ma’naviyat istab, och qoldi mudom,
Suvratdan siyratni izladi Ko’nglim…
—————————-
*Gizlamoq—yashirmoq.

508
Tahayyurda mudom telba odamday,
Dalli shamol kabi yelgan odamday,
Kezibman Dunyoni adolat istab,
O’zga sayyoradan kelgan odamday…

509
Hilm—adovatga bo’ylamaslikdir,
Iymon—manfaatni o’ylamaslikdir.
Nabiy derlar: “Mo’min ko’rkamligi bu—
Foydasiz narsani so’ylamaslikdir.”

510
Derlar, mehr ketsa, buzilgay Dunyo,
Adolatda qayta tuzilgay Dunyo.
Asli, barchamizga mehmonxona u…
Bir kun o’z ahlidan uzilgay Dunyo!

511
Hayotda past-baland, o’rlarni ko’rdim,
O’zni baxtli bilgan xo’rlarni ko’rdim.
Musabbib qudratin anglamay bir bor,
Sababga sig’ingan ko’rlarni ko’rdim…

512
Tahayyurga oshno bo’lmadi odam,
Cheksizlik shavqiga to’lmadi odam.
Shuncha mo»jizani ko’rib, hayratdan
Yuragi yorilib o’lmadi odam!..

513
Men ham bu nurdan shod bo’lolganim yo’q,
Yig’laganim yo’qdir, kulolganim yo’q.
Samoviy dayrda yashamoq uchun
Qafasni tark etib… o’lolganim yo’q!

514
Xushman, ko’nglimdagi ra’noga yetsam,
Tilimdagi “tavhid”—da’voga yetsam.
Suvratlarni bir-bir parchalab tashlab,
Shakldan ketsam-u, ma’noga yetsam!..

515
Dilimni tubli sharh etolmadim hech,
Uning lavhasini bitolmadim hech.
Yuzlab ohanglarni dark etdim, ammo
Ko’nglimdagi kuyga yetolmadim hech.

516
Umrim Yaratganga shukrimdir asli,
Tavhid intihosiz fikrimdir asli.
Hayrat bu—hayotim mazmuni bo’ldi,
Tahayyurim—cheksiz zikrimdir asli.

517
G’ofil mohiyatni tutmadi zinhor,
Haqiqat nurini kutmadi zinhor.
Shaklni mazmun deb o’ylagan gumroh
Qobiqdan mag’izga o’tmadi zinhor.

518
Ko’ngilga ketganlar menga do’st bo’ldi,
Ishqni his etganlar menga do’st bo’ldi.
Qanoatni topib, ma’rifat bilan—
Maqsudga yetganlar menga do’st bo’ldi!

519
Bu mahfilda havas—bazmim qolgaydir,
Shiddatim qolgaydir, azmim qolgaydir.
Mazmunni yuhoday yutgan Dunyoda
Miltillagan shamday nazmim qolgaydir…

520
Umringda yaxshilik qazosi bordir,
Ezgulikning ezgu rizosi bordir.
Muhabbat—inoyat aslida, ey do’st,
Sevmagan yurakning jazosi bordir…

521
Sirga nomahramlar sir izlagaylar,
Ko’nglingizdan shubha, kir izlagaylar.
Eng qaltis lahzada yuragingizni
Nishonga olurlar… tir izlagaylar.

522
Hotam sahmi bilan qolgaydir mudom,
Odam rahmi bilan qolgaydir mudom.
Ko’ngil ishqi bilan Haqqa yetgaydir,
Aql vahmi bilan qolgaydir mudom.

523
Orzu—yurakdagi mitti kuyukdir,
Nafslardagi havas—hamon suyukdir.
Olam zabti uchun ot choptirganmas,
O’zni isloh qilgan odam buyukdir!

524
Ey Siz, bizdan ko’ra odamiyroqlar,
Ko’ksingizni tildi dardu firoqlar.
Qalbingizda yongan mehr tufayli
Sizga yaqin bo’ldi bizdan yiroqlar…

525
Noqislar “kamolga” yetgan dunyo bu,
Havaslar shamolga yetgan dunyo bu.
Haqdan muhabbatni so’rab, axiyri
Oriflar jamolga yetgan dunyo bu…

526
Haqsizlikda haqir bo’zlagim kelar…
Faqat ezgulikni ko’zlagim kelar.
Irfonga esh bo’lib qalam tutgan dam
Ko’nglimning qa’rida so’zlagim kelar…

527
So’zamollik bilan “o’tlab” alaflar,
O’zni buyuk bilar noqis xalaflar.
Shuhrat minbarini egallamoq-chun
Unutilar qancha ulug’ salaflar…

528
Ustozsiz oldinga ketganlar bormi?
Ko’ngilsiz —ishqni dark etganlar bormi?
Salaf irfonini ehtirom qilmay,
Ma’naviyat sari yetganlar bormi?

529
Holingni nafsingdan so’rmagil, ey dil,
Hoyu havaslarga to’lmagil, ey dil.
Har lahza mag’firat istagil Haqdan,
Ziyon ko’rganlardan bo’lmagil, ey dil!

530
Nafsga qul bo’lmoqlik bechoralikdir,
Nafs ichida bu dil—mingporalikdir.
Bunday umr komi—mohiyatsizlik,
Bunday umr asli ovoralikdir…

531
Nurni Haqiqatdan kutgan odamlar,
“O’z”idan ichkari ketgan odamlar,
Ajalga armonsiz yuzlanar bir kun
Tavhid tuyg’usiga yetgan odamlar…

532
Shahvat sizni bilkull quchmasdan burun,
Qiyomat ko’ngilga tushmasdan burun,
O’zni isloh qiling, ey ahli dunyo,
Zamin koptok kabi uchmasdan burun.

533
Tiriklikda gumroh—o’lganlar bordir,
Havasga tamasxur bo’lganlar bordir.
Nafsning islohotin joyiga qo’yib,
O’lganida nurga to’lganlar bordir…

534
Hoyu havaslarga o’zni chog’lamang,
Nafsning qutquvsida dilni dog’lamang,
Sevmoq uchun Haqning o’zi kofiydir,
O’tkinchi dunyoga ko’ngil bog’lamang…

535
Haq deydi: “Ey bandam, ochgil ko’zingni,
Irfonga aylantir har bir so’zingni.
Meni poklamog’ing men-chun muhimmas,
Zikrimni aytgil-da, pokla o’zingni…”

536
Nafsimning islohi—jihoddir, jahddir,
Bu yo’lda qat’iyat—ilohiy ahddir.
Umrimning qadriga yetmabman, eyvoh,
Har lahza—g’animat, har on bu—baxtdir!..

537
Ko’ngil tavhiddan nur ichgani—yaxshi,
Har kunning ofiyat quchgani—yaxshi.
O’qday uchayotgan aziz umringda
Har lahza zikrda kechgani—yaxshi!..

538
So’zda—tolibdirman, sohir emasman,
Nafsning qutquvsidan tohir emasman.
Yozganim—salaflar ma’rifatidir,
Men bir mushorihman, shoir emasman.

539
Qofiyalar uyqash so’zimdan kelgay,
Hayrat—ko’nglimdagi ko’zimdan kelgay.
Qol bu—mening barcha suvratlarimdir,
Holning shavqi esa O’zingdan kelgay…

540
Irfondan benasib odam gumrohdir,
Johillik—nadomat, g’aflat bu—ohdir.
Tavhiddan tashqari har bandang—gado,
Senga dil berganlar—dunyoda shohdir!

541
Faqirligim mudom faxrimdir manim,
Nazmim—sadaqai jahrimdir manim.
Dunyo—besh-o’n kunlik qo’nalg’am bo’ldi,
Uqbo—azim mulkim, shahrimdir manim!..

542
Mus’hafda—muqaddas so’zimsan, Rabbim,
Ko’ngilda ko’rguvchi ko’zimsan—Rabbim.
Shodmon kunlarda ham qaltis onlarda
Kifoyat qilguvchi O’zingsan, Rabbim!

543
Dunyoni istadim—bozorga keldim,
Manfaatda nafsu ozorga keldim.
Hayot nima o’zi? Nima bu umr?
Ibratni istadim—mozorga keldim…

544
Botilning batnida ko’zni ko’rmadim,
Ablahda odamiy yuzni ko’rmadim.
Betakror ma’nolar topdim nazmda
Va lekin betakror so’zni ko’rmadim…

545
Ko’nglimning pokligi yoqadi menga,
Yoqamning chokligi yoqadi menga.
Ruhimning nur kabi mahrurligiyu,
Jismimning… xokligi yoqadi menga!

546
Dunyoning jimligin istadim bukun,
Kosaning nimligin istadim bukun.
Shuncha ma’rifatu vahshatlar aro
Odamning kimligin istadim bukun…

547
Nurli olam bilan yashasam, deyman,
Irfonli dam bilan yashasam, deyman.
O’zga bir koinot, o’zga bir dunyo,
O’zga Odam bilan yashasam, deyman…

548
Ma’rifatda to’qlik bo’lolsam edim,
Ishqda qalbi cho’g’lik bo’lolsam edim.
Haqning tavhidida birlashib shu on
Borliqdagi yo’qlik bo’lolsam edim!..

549
Dunyo—bir marta dark etgulik faqat,
Hayot—ko’ngil to’lmay ketgulik faqat.
Bandalik qilmoq-chun qisqa bu umring
Uzun bir sajdaga yetgulik faqat…

550
Umrimning yarmisin g’aflat yedi, bas,
Iblis qulog’imga: “o’yna,—dedi,—bas.”
Axiyri ma’rifat mulkiga kirdim…
Mening izlaganim hikmat edi, bas!

551
Menga kerak emas kuldirgan dunyo,
Umrimni g’aflatga to’ldirgan dunyo.
Ma’rifat olami maqsuddir mudom—
Hikmatga aylanib ulgurgan Dunyo…

552
Taalluq zanjirin uzgil-da, hur bo’l,
Ko’ngil ma’rifati ichra bir dur bo’l.
Xokligingdan kechib, Haqqa intil-da,
Ishqning makonida mo»jaz bir nur bo’l!..

553
Dunyoning ketidan chopgan odamlar—
Ko’ngil eshiklarin yopgan odamlar!..
Nafratni unutib, mehr ila yashar
Tavhid rohatini topgan odamlar…

554
Botilni kutishing—qanchalar yomon,
Ruhga zulm etishing—qanchalar yomon,
Haqni dilda bir bor ehyo etolmay,
G’aflatda o’tishing—qanchalar yomon!..

555
Arzimga ushbu dam darddoshim yetmas,
Minglab aqraboyu qardoshim yetmas.
Odilliging bilan boqmagil, Rabbim,
Tog’day bo’lsa ham gar, bardoshim yetmas!..

556
Dunyoning rangida qolmadim, shukr,
G’aflatning zangida qolmadim, shukr.
Nafsu adovatga esh bu olamda
Botilning changida qolmadim, shukr…

557
O’t bilan nur aro ko’rdim o’zimni,
O’ylab so’ylaydigan bo’ldim so’zimni.
Dunyo: “qahqah urib, kul!” dedi mudom,
Oxirat… kuldirmay qo’ydi ko’zimni.

558
Ozurda ko’ngilning shaxsidir mo’min,
Faqir bu umrning naqshidir mo’min.
Tutday to’kilgan bu sajjoda* uzra—
Yuz mingta fosiqdan yaxshi bir mo’min…
———————————-
*Sajjoda—joynamoz.

559
Siyrat tamaddunin kutdi umrimiz,
Adashib, botilni tutdi umrimiz.
Bir umr suvratga dil berib, eyvoh,
Buttaroshlik bilan o’tdi umrimiz…

560
Ko’ngil ko’zlagani gul bo’ldi faqat,
Nafsning izlagani pul bo’ldi faqat.
O’lganlar—tavhidga bo’ldilar vosil,
Qolganlar—Dunyoga qul bo’ldi faqat…

561
Oshiqlar holingga qarab kelurlar,
Omiylar qolingga qarab kelurlar.
Oriflar qalbingga tavajjuh etib,
Botillar molingga qarab kelurlar…

562
Faqat dunyo deya yaralgan g’amsan,
Ruhiy zakovatdan ayrosan, kamsan.
Olti tomoningni qoplamish zulmat,
Ey gumroh, ko’ngilda yonmagan shamsan…

563
Botilning sehriga ishonib bo’lmas,
Fosiqning faxriga ishonib bo’lmas.
Yaxshi bir do’st topdim, deya quvonmang,
Johilning mehriga ishonib bo’lmas…

564
Oshiqlar oh chekib, yorga ketdilar,
Yo’qlar burda non deb, borga ketdilar.
“Men” degan kiborlar joh topib bunda,
“Analhaq!” deganlar dorga ketdilar…

565
Diydamda sir bo’lib, yosh qoldi menda,
Savdodan chiqmagan bosh qoldi menda.
Xaloyiq toshini Hallojga otdi,
Dorga otilmagan tosh qoldi menda…

566
Shodlikdan andoza olishdan qo’rqdim,
Tag’ofulda o’yga tolishdan qo’rqdim.
Umrimning so’ngida, bir lahza bo’lsin,
Nafsim bilan yolg’iz qolishdan qo’rqdim…

567
Tag’ofulda bir bod kezdi dilimni,
Dilga mahramlarim sezdi dilimni.
Mo’minga suhbatdosh bo’lganda bu kech,
Sukutdagi faryod ezdi dilimni…

568
Junaydning qolini sog’indim bukun,
Ma’rifat bolini sog’indim bukun.
Xayol puchmog’ida bir dor qurdim-da,
Hallojning holini sog’indim bukun…

569
Qalamdan to’kilgan qonim she’r bo’ldi,
Ishqda olovlangan jonim she’r bo’ldi.
Umrimdan ko’p fursat do’ndi sarobga,
Tangrimga yukingan onim she’r bo’ldi…

570
Shodon navolarim so’zimdan keldi,
Mehrim qoracho’g’im—ko’zimdan keldi.
Kulgularim havas kan’onlaridan,
Mahzun satrlarim O’zingdan keldi…

571
Irfondan ulushing olsayding, dilim,
Ishqning shiddatidan tolsayding, dilim.
Ikki olam ichra muhabbat bilan
Ma’rifatda yashab qolsayding, dilim…

572
Nafs bizni hamoqat sari giz-gizlar,
Manfaat o’ziga ming yo’lni izlar.
Shuncha inoyatga g’arq bo’la turib,
Juda oz shukrona qilamiz bizlar…

573
Qismat sharobini yutguvchilarmiz,
Maqsadga yetmay, goh yetguvchilarmiz.
Ajal kaftidagi changlarmiz go’yo,
Bir “puf” bilan uchib ketguvchilarmiz…

574
G’aflat! Bizni nurdan to’sgan o’zingsan,
Bemavrid shamolday esgan o’zingsan.
Umrimiz so’ngida balo-qazoday
Barcha yolg’onini qusgan o’zingsan…

575
G’aflat! Seni ko’rdim—tosh kabi qotdim,
Seni asror bilib, riyoga botdim.
Ming bir riyozat-la qutuldim sendan,
Ming bir azob birla dilni uyg’otdim…

576
Fitnaga qorishgan so’z bor botilda,
Anglab yetilmagan “o’z” bor botilda.
Siyratda—zulmatga qotilgan olam,
Jaholat aks etgan ko’z bor botilda…

577
O’tkinchi hislarga to’lmading, ko’nglim,
Botilning qoshida o’lmading, ko’nglim.
Men sendan roziman, to shu damgacha
Dunyo qo’g’irchog’i bo’lmading, ko’nglim!

05

(Tashriflar: umumiy 546, bugungi 1)

1 izoh

  1. Yatan yeriñ yagty bolsun. Allatagala yzyñda galanlara uzak omur bersin. Imanyñ yoldash bolsun.

Izoh qoldiring