Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. 1 kitob. 2 parcha

Ashampoo_Snap_2016.12.11_00h32m07s_003_a.png Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги олдидан

Мени кексақори дейишарди. Кўпроқ ўзимдан катта болалар билан ўртоқ тутинганим, гоҳ дадамнинг ишхонасидагиларга, гоҳ уйимизга келган улфатларига даврадош бўлишим, қондошим Ўринбой ака билан қишда маҳалламиздаги мемахонага (аслида “емакхона” – маҳалладаги қўни-қўшнилар ўртада қўй сўйиб ва гуручу сабзи-пиёзни улгуржи ғамлаб олиб, қиш ичи улфатчилик қилишарди) кириб туришим, булар натижасида катталарга хос ҳаётий гапларни кўп тинглаб улғайганим боис, фикрлашим балки тенгдошларимникидан баландроқ бўлгандир. .

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

081Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
2 парча

БЕШ ЁШЛИ ХУШТОР

Санамларга текин суйканмакни
писмиқ боладан ўрганайлу.
Гулмат ШОШИЙ

1ba.jpgМени кексақори дейишарди. Кўпроқ ўзимдан катта болалар билан ўртоқ тутинганим, гоҳ дадамнинг ишхонасидагиларга, гоҳ уйимизга келган улфатларига даврадош бўлишим, қондошим Ўринбой ака билан қишда маҳалламиздаги мемахонага (аслида “емакхона” – маҳалладаги қўни-қўшнилар ўртада қўй сўйиб ва гуручу сабзи-пиёзни улгуржи ғамлаб олиб, қиш ичи улфатчилик қилишарди) кириб туришим, булар натижасида катталарга хос ҳаётий гапларни кўп тинглаб улғайганим боис, фикрлашим балки тенгдошларимникидан баландроқ бўлгандир.
Мемахона менга кўпроқ ёқарди. Айниқса, ёши ўтинқираб қолганлар янги уйланганларни қитмирона саволларга кўмиза бошлаганида, эр-хотинликка оид ажабтовурдан ажабтовур гапларни бўриқулоқ бўлиб тингшардим, мавзу нечоғли чуқурлашса, жиг-жигим шунча ёқимли жимирларди. Аёлларга ўзгача бир назар билан қарашни жуда эрта бошлаганим шундан бўлса керак.
Файзибой отамизнинг биринчи хотини томонидан бизга узоқ қариндош саналувчи, энди сочлари оқариб, юзини ажинлар қоплаган бир хотин гоҳ-гоҳ яқинларимизнинг тўй-тўйчиғида учраб қолса, кўзимга навжувонлик чоғидагидек ҳануз чиройлидан чиройли кўринади, ёрилиб кетган панжалари билан кийимимнинг елкасини тимдалаб сўрашаётганида, болалигимда ёқимсираб қолган бир ширин ис димоғимга қайта уфургандек бўлади.
Бир куни ундан қачон турмуш қурганлигини суриштирдим. Билсам, у келин бўлиб тушганида, мен эндигина беш ёшга тўлаётган эканман. Демак, кокилим ҳали кесилмаган экан. (Қизлардан кейинги биринчи ўғил бўлганим учун бошимнинг ўнг дўнгалагига кокил қўйиб, қизларникидек ўриб туришарди, бешга тўлганимда Ўшга олиб бориб шайхга қирқитиб келишган).
Ҳа, бу аёл ўшанда яп-янги келинчак эди, Файзибой отамизникига келганида, унинг кампири Садди отин билан бирга бизникига меҳмонга кириб қолди. Ўтирибман-у, ҳуснидан сира кўз узолмайман, у ҳам менга ора-сира қараб, кулимсираб қўяди. Шунда даврадаги аёллардан бирови: “Вой, манави бола келинга бунча тикилмаса”, деб ҳиринглади, бошқаси: “Яхши кўриб қолдингми?” – деб менга қитмирона қиялади. Жуда уялиб кетдим, секингина ташқарига йўл олдим. Садди хола: “Куёв қочди, ҳаҳе-е-й, куёв қочди”, дея ортимдан чапак уриб мазахлади.
Ташқимиздаги ариқча бўйида ўзимча ўйнаб ўтирсам, келинчак айвонсиз дўнгалак уйимиздан чиқиб келиб, томорқа тарафга ўтиб кетди. Салдан кейин ортга қайтди, ариқчада қўлини ювди, нозик шапалоқчаларини попукли рўмолчада артаётиб, менга яқинлаша бошлади. Унга маҳлиёланиб тикилганимча, беихтиёр ўрнимдан турдим. У қаршимда чўккалаб, чиройли жилмайди ва асло кутилмаганда: “Мени ўпгинг келяптими?” – деб сўради. Тахта бўлиб қолдим. Юрагим қаттиқ-қаттиқ гупиллашга тушди.
— Майли, битта ўпсанг ўпақол, — деди у. – Нима, қўрқяпсанми? Қани, манави еримни тишламасдан ўп-чи.
У бармоғида ёноғини кўрсатиб, ўнг юзини менга буриб яқинлатди. Тортинибгина, секингина ўпдим. Вужудимда нотаниш бир титроқ пайдо бўлди. Келин: “Бунақаси кетмайди, яхшироқ ўп, ўғил болага ўхшаб қаттиқ ўп”, деганида, бўйнига жон-жаҳдим билан тирмашдим, дудоғим гўё бетига ёпишиб қолгандек қотиб туравердим. У мени бағрига босган асно қаддини ростлаётганида лабларим юзидан аста-аста шокилатуморли (зебигардон) кўксига сирғалиб тушди. Танам бўйлаб ғиззо-ғиз кезаётган ажиб бир ҳузурдан тобора ҳолсизланаётган эдим. Димоғимга эса, шу дамгача менга буткул нотаниш бўлган, ўта муаттар ва элитувчан бир ҳид урилаётганди.
Баъзи пайтда ўз-ўзидан шу келинчак ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. У Файзибой отамизникига ёки унинг олдинги хотинидан қолган қизиникига келганини эшитсам, зувиллаганимча кириб бориб, оғушига отилардим, ширин ҳидларини тўйиб-тўйиб искалай бошлардим…
Йўқ, эсдаликларимнинг бошроғида тилга олинган Ғалати ойсанам бу эмас. У ҳақидаги гапга аниқлик киритишнинг ҳали кези келгани йўқ. Сал кейинроқ, албатта, айтаман. Бу, балки, эринмай ҳикоя қилиниши лозим бўлган узундан-узун воқеадир, адиб шу боис ишни орқага сураётгандир, деб ўйлаётганлар янглишади. Вақти етсин, кимлигини зумда билволасиз.
Аёллар масаласида ахлоқим анча издан чиқиб бораётгандек эди. Опаларимнинг дугоналари кўпинча бизникида тунаб қолишарди. Ёйилганда уйнинг ярмини эгаллайдиган катта кўрпаларни аям узунасига қаватма-қават тўшаб, бизга таглигини ҳам, ёпинчиғини ҳам умумий қилиб кенг жой солиб берар, шунда, кичкиналигимдан фойдаланиб, ўзимни меҳмон қизнинг пинжига урардим, уни ортиқча ҳуркитмасдан, авайлабгина сийпалаб ётардим.
Маҳалламизда Мақсудахон деган мовийкўз бошқирд қиз яшарди. Педагогика билим юртини битириб, бошланғичларга дарс беришни бошлаган бу қиз ўзидан кичикроқ бўлган Шаҳодат опам билан иноқлашиб, уйимизга тез-тез кириб турар, гоҳида ётиб қоларди.
Бир куни у яна бизникида тунади. Ёз бўлгани учун ишком остидаги сўрига умумий қилиб жой солинди. Одатимга кўра, бу гал ҳам меҳмоннинг ёнига суқулдим. Тезда кўзим илинибди. Бемаҳалда уйғониб кетиб, мундоқ қарасам, Мақсуда опа оппоқ уннинг хамиридан узилган зуваладек бўлиб, ёнимда пўппайиб ухлаяпти. Бошимни хиёл кўтариб, ойнинг ёруғида унинг лўппи юзларини, қуюқ қошларини, юмуқ кўзлари остига жуфтланиб тахланган узун-узун киприкларини, юпқа лабларини ич-ичим ҳилвираганича узоқ томоша қилдим.
Кейин, ботиниб-ботинмай, билагига қўл босдим, юрагим ҳаприққан куйи енгил-енгил силашга тутиндим. Нимадан қўрқасан, тошдек қотиб ётибди-ку, деган ўй далда бўлиб, тузукроқ ёнбошлаб олдим, тўлғанавердим. Нафасим тиқилиб, терга пишилиб бораётгандим.
Галдаги “ўлжам” ўшанда чиндан ҳам ҳеч нимани сезмаганми ёки ўзини ухлаганга солиб ётаверганми, у томони мен норасога қоронғу.

Қалбим эриб гўё мой,
Ширин ҳисга кўмилди.
Қип яланғоч бўлиб ой,
Булутларда чўмилди.

Борай десам ушбу кеч,
Олисдадир ватани…
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Унинг оппоқ бадани.
(1977)

Оқбўйрадаги Хоним энамникига борсак, ўгай опамдан ётсираб, Олим тоғамнинг ёнида ухлардим. У уйланганида, ҳали олти ёшга тўлмагандим, чимилдиққа кирадиган биринчи кечада ҳам, уят бўлади дейишларига қарамай, тоғам билан ётаман, деб айюҳаннос солдим. Дод-войимни эшитган тоғам ичкаридан чиқиб келиб, мени олиб кириб кетди.
Мана, ниятимга етиб, куёв билан келиннинг ўртасида ётибман. Келин мени силай бошлагани хуш ёқиб, миқ этмай қолдим. Тўйда ўйнайвериб чарчаганимданми, тездаёқ уйқу элитган эса-да, эркак билан аёл яккама-якка қолган хонада тамоман ўзгача бир ҳаёт кечишини ўшанда илк марта тиниқроқ англаб етдим.
Шундан сўнг, ҳақиқий куёв бўлиш истаги кўнглимда ўз-ўзидан кучая борди. Охири, қулай фурсат топилди.
Илгари колхоз (жамоа хўжалиги) каттаконларидан бўлган, биздан анча нарида яшовчи кишининг мендан сал кичикроқ қизини бир куни кўчада ёлғиз учратиб қолдим. Мен билан ҳолакучакам ўйнаб, ростакамига келин бўлсанг, манавининг ҳаммасини сенга бераман, деб қўлимдаги бир дўппи гилосни кўрсатдим. Жикиллаганича кўна қолди. Мен “куёвпоччалик” тараддудидаман-у, “келинпошшо” ёнимизда турган дўппидаги гилосни лайлакчўқиш қилишдан бўшамайди.
Шу асно, ўнг келди дегунча, яна қанчасига суйкандим, аммо менга муносабати бўлакча жўшқин, жуда ғайритабиий бўлган ўша ширин ҳидли келинчакни ўпишдан туйган роҳатимни барибир қайтиб тополмадим.

ЭСКИ МАЧИТМИ, ЯНГИ МАКТАБМИ?

Савет мактабида савет бўл,
кўчада билганингни қил.
КУЛКУЛ афанди

1953 йилнинг баҳори эди, Шаҳодат опам кўзида ёш билан мактабдан барвақт қайтиб келди. Аям йиғининг сабабини сўраса, Исталин ўлиб қолибди, мактабда ҳамма йиғлаяпти, деди. Сталин тўғрисида дабдабали гапларни эшитиб юрган бўлсам-да, бу номнинг шахсан мен учун бир пуллик қиммати йўқ эди. Шунгаям йиғи-сиғими, деб ўйладим.
Кўчага чиқсам, каттакон ерўчоқнинг устига кенглиги тўйсўридек келадиган қалин темир ётқизилиб, қишда кўсакдан чувилган пахталар қуритилувчи жойга айлантирилган маҳалламиз мачити олдида бир гала киши тўпланиб турибди. Бари тунд, оғизларида Сталин, Сталин.
Бир маҳал, кўчадан Осман Умеров ўтиб қолди. Қримдан 1944 йили бадарға қилинган миллатдошлари қаторида қисмат довули шу ёқларга учириб келиб, биздан икки маҳалла пастда яшаб юрган бу кимса мактабда рус тилидан дарс берарди (йиллар ўтиб, унинг ўғли Эрвин Умеров Москвада журналистликка ўқиди, таниқли ёзувчи бўлиб етишди).
— Исталин отамизни бериб қўйибмиз-да, а, Умирип? – деди кимдир.
Умеров: “Ҳа, шунақа бўлди”, деди-ю, бошқа гап гапирмай, йўлида давом этди.
— Ичида хурсандга ўхшайди бу, — деди биров. – Бир ўтиришда маст бўлиб, немислар жуда маданиятли халқ, деб алжирагани учун қамалиб чиққанини биламиз.
Иосиф Сталин музей ҳаккасидек қотирилиб, энди Хурушчёв компартия етакчиси, Маленков вазирларнинг улуғи, Берия бош тартиб сақловчи сифатида қизил империяни улфатчиликдагидек “бизники”лаб бошқаришга ўтган бу даврда мен биринчи синфда ўқиётгандим.
Дастлабки кун эсимда – ёлғизоёқ толкўчада қуйи маҳалла томон одимлаб боряпман-у, бу “ўқиш”и қанақа бўлсайкин, деб ўйланаман холос. Бориб кўрсам, мактаб деганлари айвонидаги устунлар чирий бошлаган эски мачитни суваб-оқлаб, шу атрофдаги кичкинтойлар учун янги дарсхонага айлантирилган тупроқтом бино экан. Мактабнинг чап ёнида мулла Аҳмадқул қорининг, ўнг ёнида Абдулла қассобнинг хонадони. Бу томонда жимжитлик, у томонда қўйлар тинимсиз бабаламоқда. Бу ёқдан райҳоннинг бўйи уфуради, у ёқдан – гўнгнинг иси.
Сочи оқариброқ қолган оқсоқ киши ҳассасига таянганича бизни мачит ҳовлисида очиқ чеҳра билан кутиб олди. Шайнкўча билан Калтўпидан ҳам беш-олти бола борлигини ҳисобламаганда, асосан тепа ва қуйи маҳалладан келган ўқувчилар йиғилиб бўлгач, у зот ёқимли овозда ўзини таништирди:
— Мен сизларнинг ўқитувчингиз бўламан. Отим Аҳмадали, фамилиям Обидов. Мени “мулла ака” деб чақираверинглар, хўпми?
Юмалоқ мистовоқни эслатувчи каттакон қора радиолар ўрнини эгаллаб бораётган, товушини кўтариб-пастлатиш мумкин бўлган янги русумдаги ихчам радиокарнайлардан бири мактаб биқинидаги кўмир сақланадиган пастак омборча эшиги ёнига илиб қўйилганди. Мулла акамиз уни кўрсатиб, танаффус пайтида радиони ёқиб бераман, янгиликларни, ашулаларни эшитиб турасизлар, деди. Бу, аслида, танаффуснинг тўс-тўполонсиз ўтиши учун ўйлаб топилган бўлса керак.
Мулла акамиз оғир-босиқ, одоб-ахлоқи баланд, меҳри кўзида балқиб турувчи киши эди. Қанчалар ҳаддан ошмайлик, силтаб-турткилаш, бақириб жеркиш у ёқда турсин, қаттиқроқ чақчайганини ҳам кўрмаганмиз. Ортиқча ранжитиб қўйсак, маъюсланиб қовоқ уяр, мени хафа қилдиларинг-да, дея ўзини астойдил аразлагандек тутиб, деразадан ташқарига боққанича жим туриб қоларди. Ҳеч кимга озор беришни истамайдиган домламизга раҳмимиз келиб, тезроқ ярашиб олишга уринардик.
Туман газетасида ишлаганимда у киши ҳақида очерк ёзганим эсимда. “Аламазон ва унинг пиёдалари” деган қиссамда ҳам ёдга олиб ўтганман: қисса қаҳрамони Аламазон тоғдаги ғордан хазина қидиради, агар тополса, уни қишлоғининг ободончилигига сарфлашни, шу қаторда, биринчи ўқитувчиси Аҳмадали Обидийга терак бўйи ҳайкал ўрнатишни орзу қилади. Мулла акамиз ҳақиқатан ҳам шунга арзигулик зот эди, унинг сиймоси умримда дуч келган инсонларнинг энг мўътабарлари қаторида мудом ёдимни ёритади.
У даврда қишлоқ болалари чит, бўз, тринка матолардан тикилган кийимларни кийишар, қишда ўнтадан биттасида телпак, палто, магазиннинг жуншими бўлса бўлар, қолганлари тўн ёки фуфайкача, пўпакли иштонбоғи сонида сангиллаб турувчи қўлбола иштон, кирза этикча ва дўппида юрарди. Қизлар эса камзул устидан халатга ўхшаш пахтали бахмал чопон кийишар, бошга қалин рўмол ўрашар, жажжигина калиш-махси оёқларига жуда ярашиб турарди.
Ўқувчилар сумкаси деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Оналаримиз қалин матодан халта тикиб берар, унинг бўйинга илиб оладиган узун боғичи, сиёҳли довот солинадиган чўнтакчаси бўларди. Ўқитувчимиз қайта-қайта уқтиришига қарамай, сиёҳга ботирилган ручканинг перосини довот четига бир суртиб олишни эсдан чиқариб қўяверардик, натижада, ортиқча сиёҳ гоҳ дафтаримизга томиб тушарди, гоҳ қўлимиз рангга беланарди. Шу қўл билан беихтиёр бурун артсак, устки лабимизда рангмўйлов пайдо бўлиб, кулгига қолардик.
Танаффус бўлди дегунча, биров мулла акамизга қўшилиб радио тинглар, биров китобхалтасига солиб келган нонини кавшай бошлар; кўпчилигимиз қий-чув билан қувалашиб юриб, дарсга қўнғироқ бўлганидагина, мактаб ёнидан оқиб ўтувчи ариқ сари чопардик, ерга ётганимизча оғзимизда симириб сув ича бошлардик; лойқа сувнинг қумлари бўғзимизни шилиб ачиштирарди, тишларимизнинг орасига тўлиб, тамшансак ғирсиллаб асабга тегарди.
Нима бўлгандаям, мактаб менга жуда ёқиб қолди. Бор-йўғи биттагина синф, ўқувчиларнинг анчаси эскитдан таниш болалар, кичикларга муштумзўрлик қилиши мумкин бўлган ёши катталар йўқ, бир четига мевали дарахтлар экилган ихчамгина ҳовли тўлиғича бизнинг ихтиёримизда. Баъзан дарсдан кейин ҳам бу ердан кетгимиз келмай, гоҳ тўп тепишардик, гоҳ бейсболни эслатувчи “лапта” деган ўйинни бошлардик; маҳалладаги бегона болалар ҳам кириб келиб, каттароқлари бизга қўшилиб ўйнар, миттивойлар четда томоша қилиб ўтиришарди.
Балки, ўша ўтирганлар орасида, мактабдан уч эшик нарида яшовчи, эндигина икки ёшдан ҳатлаётган бир қорамағиз қизалоқ ҳам бўлгандир. Орадан кўп йиллар ўтгач, айнан ўша қизга уйланишим у паллада қайси бангининг тушига кирибди дейсиз. Пайти келиб, у туғиб берадиган бир уй болани едириб-кийдириш учун ўзимни ўтдан чўққа уришимга тўғри келишини билсам, ўшандаёқ бўғиб қўяқолмасмидим уни.

ТОЛКЎЧАДАГИ ОЛИШУВ

Сен билан ёқалашадургон
топилмаса, ўзингни дўппосла.
Гулмат ШОШИЙ

Иккинчи жаҳон уруши уқубатларидан яқингинада қутулган хонадонларнинг кўпчилиги жуда қашшоқ эди. Маҳаллада ёппасига тупроқтом уйлар, кўпининг ҳатто айвони ҳам йўқ. Фалончи томига шифер ёпганмиш дейишса, одамлар атайлаб томоша қилгани боришарди. Кўчадан дам иккала ғилдираги девор бўйи келадиган қўқонарава, дам ўрислар “бричка” деб атайдиган тўрт ғилдиракли кўтакарава ўтиб қоларди. Кейинроқ, тўрттала ғилдирагининг гирдига қалин резина қопланган, юк босиладиган тахта сўриси билан ғилдирак оралиғига билқиллаб турувчи темир рессорлар ўрнатилган, сўрининг олд томонига қайиши узун ҳайдарқамчи ушлаб олган аравакашнинг ўтириши учун қопқоқли ёғоч сандиқча қўйилган қўш отли “ҳаптакач”лар кўпая борди. Бир сакраб, юкшотисига осилиб олсанг, ана маззаю мана мазза. Айрим довюрак болалар ҳаптакач келаётганини кўрса, йўлнинг ўртасига чўзилиб ётиб олишар, аравакашлар заррача пинак бузмасдан уларга тикка от солишар, иккала от болани ўртада қолдирганича ўтиб борар, араванинг остидан бутун чиққанлар шерикларига “ҳе, қўрқоқлар” дегандек қош кериб, тамтамланиб боқишарди. Колхозимизга қарашли биттагина “полатўрка” юк машинаси ёки қишлоқдаги 5-6 та хусусий мотоцикллардан биронтаси гоҳ-гоҳ ўтиб қолса, биз қий-чув кўтариб, ортидан чопқиллашга тушардик. Енгил машина учраб қолса-ку, байрам бўпкетарди.
Кунчиқарга қаратиб солинган, шиплари вассали, даҳлизининг тўрисида ўчоғи бўлган, айвонсиз дўнгалак уйда биз болалар дадам ва аям билан бирга турардик. Унга биқиндош бўлган шипи бўйрали, даҳлизсиз, биттагина кичкина деразаси бор пастак уй Сарвинисо бувимиз билан Усмон тоғамизга тегишли эди. Полсиз, бўйра устидан кигиз ёзилган бу уйлардан ёзда ҳам захнинг иси анқиб турарди. Олдимизга овқат қўйилиши биланоқ, шипдаги ўргимчаклар ўзини дастурхонга ташлагудек бўларди. Баъзан, ҳали ғўрлигига бориб, одамдан ҳуркишни унча ўрганмаган сичқончалар бир-бирини қувалаб ўта бошларди. Қишда эса, печкага ёлчисанг, кўмирга ёлчимайсан, ўтин ёқсанг, бир ловуллаб иситади-ю, яна тафти сўнади. Сандалнинг аҳволи ҳам шу. Қор ёки ёмғир ёғса, томдан чакка ўтгани-ўтган, сув томчилаётган жойларга териб қўйилган турли идишлардан таралаётган “чак-чук”, “тиринг-тиринг”ларга кўринмас ажиналар ўйин тушаётгандек.

Киролмадим ромингиздан,
Чакка-чук, чакка-чук.
Тешиб тушдим томингиздан,
Чакка-чук, чакка-чук.

Томчилайман бошингизга,
Чакка-чук, чакка-чук.
Тегиш учун ғашингизга,
Чакка-чук, чакка-чук.
(“Чакка қўшиғи”)

Мактабга бора бошлаган чоғларимда дадам тушликка тескарилатиб синчли, гувалакли (баъзи қариялар токчалар орасига уриладиган майдароқ гувалак типратиконга ўхшагани учунми “кирпича” дейишарди) уй қурди. Бувим билан аям кенгроқ қилиб қуришни, томига шифер қоқтиришни қанчалар зорланиб сўрашмасин, дадам: “Замонни кўриб турибсизлар, каттароқ тўй қилсанг ҳам, шунча пулни қаёқдан топдинг, деб сўроққа тутадиганлар минг сўм ойлик билан буни қандай қурдинг, демайдими? Нима, мени қаматтириб юбормоқчимисизлар?” – дея безиллоқланиб, ихчамгина уй солдирди. Томи тупроқли бўлса-да, ҳарқалай таги тахта полли, шипи фанерли, печи пишиқ ғиштдан ясалган, даҳлизи анча кенг, айвонли эди. Дўнгалак уй энди бувимизга берилгач, аввалига опаларим, кейинчалик, мактаб ёшига етганимиз сайин, мен ва укаларим ҳам бирин-кетин шуёққа кўчиб ўтавердик. Пастак уйда Усмон тоғамиз бир ўзи қолди.
Иложи борича кундузи дарс тайёрлашга уринардим. Қоронғига қолсанг, керосин иси анқиб турадиган лампа-чироқ кўзингни толиқтиргандан толиқтириб ташлайди. Эндигина пайдо бўлган электр чироқлари ойига уч-тўрт йилтиллаган бўлади, шундаям шамдан хира. Бу етмагандек, умумий қилиб солинган кўрпада қаторлашиб ётган опа-укаларинг: “Чироқни ўчир! Ухла!” – деб тихирлик қила бошлайди.
Ҳозир юртимизда электр етиб бормаган жой қолмади, шунга қарамай, тўйлар кундузи ўтказилиб, шом тушмасидан тугаб кетади. Болалигимиздаги тўйларнинг энг қизиқ қисми тунда бўларди. Хатна тўйларида нон хонадоннинг ўзида ёпилар, ён қўшнилар иштирокида каттакон тўйтандир қурилиб, кичик зиёфатча ташкил этиларди. Эртасига кечки пайт бутун маҳалла сабзиарчдига тўпланиб, ярим кечагача гурунглашар, сўнг юз кило гуруч дамланадиган улкан дошқозонга (бойроқларникида иккита дошқозон қуриларди) биттами, иккитами қўй танаси бутунича ташланиб қайната бошланар, илк тонгда маҳаллага шўрва, тушликда ош тортилар, кечаси эса базим бошланарди. Электр бўлмагани учун уйлар ичига, айвонларга, қозон бошига, гўшт ва ноз-неъматлар омборига, новвойхонага лампа-чироқлар қўйилиб, сўритокларга тошфонорлар қаторлатиб осиб чиқиларди.
Тунги базим экинлардан тозаланган яп-яланг томорқада ўтказилар, ўн беш-йигирма қадам радиусда тўшаб чиқилган тўшаклар олдига дастурхон ёйилиб, давра ўртасига қалаб қўйилган тўнгакларга керосин ёки салярка сепиб, ўт ёқишарди. Қўри борлар четдан таниқлироқ ашулачиларни таклиф қилишар, қўли юпқалар қишлоқдаги Мамадали ғижжакчи, Рўзимат ёки Аҳмад чирмандачи, Бозор гармончи кабиларни чақиришар, эркаклар бир-бирини галма-гал ўйинга тортиб ўртада йўрғалай кетар, уларга пул қистириш нечоғли авж олса, машшоқларнинг дангир-дунгири шунчалар кучайиб борарди, ора-сира алмак-жалмак хониш ҳам қилган бўлишарди. Даврада фақат эркаклар ўтирар, аёллар базимни уларнинг ортида тик туриб томоша қилишар, айримлари хиёл олдга чиқиб келиб, ўйин тушаётган яқинларининг елкасига қийиқ ташлаб қўйишарди. Ўтирганларга қовурма тарқатилса, биз болалар товоқдаги гўштга бехос чангал уриб, олиб қочардик. Лаппашангроқлар кулча, мева, қанд-қурс ўмаришдан бошқага ярамасди. Топганимизни худди рамазончилардек ўртада баҳам кўрардик. Базим тонгга уланиб, “Портвейн”, “Юмалоқ”, “Кагор”, “Баянширей” сингари винолардан бўшаган (арақ кам ишлатиларди) шишаларнинг оёқостиланиб ётиши билан тугар, саҳарда яна шўрва берилар, тушда ош ейилгач, тўйбола хатна қилиниб, тўйга якун ясаларди.
Қиз тўйи бўлса, куёвнавкарларнинг базими ҳам тонггача чўзиларди. Баъзи болалар опасининг кўйлагини кийиб, бошига рўмол ўраб чиқиб, келин томондан келган нотаниш қизларнинг ичига кириб олар, гоҳ унисига, гоҳ бунисига суйканиб роҳатланар, қучоқлаб ёки ўпиб олишгача бориб етганлар уларнинг қий-чувли оломонкалтагидан зўрға қутулиб чиқарди. Тўй қанча қоронғида ўтса, болаларга шунча яхши эди. Айниқса, бекинмачоқда қуюқ тундан зўри йўқ – оёқ учида юриб, паккачининг бурни остигача борасан-у, у кўрмасдан тураверади.
Хуллас, электр чироғи деганлари дарс тайёрлашдагина керак бўладиган шилдирмато шекилли…

* * *

Мактабга бордим-у, кўпдан бери ичимда армон бўлиб турган бир орзум ниҳоят ушалди. Бошқа маҳалла болалари дадамнинг нуфузи ҳақида деярли ҳеч нарса билишмас, сал-пал эшитганлари ҳам буни юз-хотир қилиб ўтирмасдан, мен билан тап тортмай ёқалашувга киришар эдилар. Ўз обрўйимни ўз кучим билан қарор топтиришга интилавердим. Буни фақат қўрқоқлигимни яшириш, бўшанг кўринмаслик учунгина қилмасдим, ёши улуғ кишилар даврасида кўпроқ бўлганим, уйимизда тез-тез тўпланиб китобхонлик қилувчи отин ойилардан фалсафийроқ ривоятлар эшитиб улғайганим, катта болалар орасида юриб мулоҳазаларим кенгайгани, ўзимни тенгдошларимга нисбатан анча ақлли деб билганим боис, улар доим менинг етагимда бўлиши керак деган ўйда эдим. Улар ҳаммадан донороқлигимни тан олиб, ҳурматимни жойига қўйишларини истардим. Маҳалламиз болалари азалдан бунга мойил эса-да, қуйимаҳаллаликлар орасида менга писандсиз боқиб, синфда ўз ҳукмронлигини ўрнатиш иштиёқида юрганлар йўқ эмасди. Балки, мактаб шу маҳалла ҳудудида бўлгани учун улар ўзларини тепамаҳаллаликлардан устунроқ ҳис этишгандир.
Синфимизда иккита Абдулла бор эди, бирини Абдулла сариқ, бирини Абдулла калла деб атардик. Иккови ҳам қуйимаҳаллалик эди. Абдулла сариқ билан иноқ эдик, уйи мактабга яқин бўлгани учун баъзан катта танаффусда уларникига кириб, оз-моз тамаддиланиб олардик, баъзида дарсдан сўнг ҳовлиларида бирга ўйнаб, уйга кечроқ қайтардим. Шу маҳаллада яшовчи Аҳмад ва Абдураҳимлар билан ҳам киришиб кетгандим, фақат Абдулла каллагина менга сира ён бермасди, унда-бунда жанжаллашиб қолардик. Охири муштлашишга тўғри келди. Омадим бор эканми, Абдулла калла сал кўпроқ тарсаки еди, лекин қочмади, болалар ажратаётганда, қаршилик кўрсатмай, тезда шаштидан тушди холос. Шу-шу, у ортиқча ғўдангламай қўйган бўлса ҳам, четроқда ёлғиз турганимда уч-тўртта тарафдорлари билан ёнимга келиб, менга тазйиқ ўтказишга уринарди. Бунақа пайтда тенгсиз жангга киришишни истамай, ўзимни меровликка солиб кетаверардим.
Бир куни Абдулла калла билан яна аёвсиз олишдик. Унга олатасир мушт ёғдирдим, ўзим ҳам еганимча едим. Кимнинг ғолиб бўлиши номаълумлигича турган маҳалда, рақибимнинг бурни қонаб кетди-ю, жанг ўз-ўзидан якун топди. Бурни қонаган синфдошимга раҳмим келиб, уни тун бўйи ўйлаб чиққандим, эртаси куни мактабга келмаганидан баттар сиқилдим. Индинига дарсга келгач, бирдан енгил тортдим, ярашиб олишга уринган эдим, қовоқ уйганича ўзини олиб қочди.
Бунинг сабаби бор экан. Абдулла калла ва унга яқинлардан 2-3 таси охирги дарсда ғойиб бўлишди. Дарслар тугаб, уй-уйга тарқалаётганимизда Абдулла сариқ секин ёнимга келиб: “Абдулла калла қуйимаҳаллалик бегона болаларни ҳам тўплаб, сени толкўчада пойлаб турибди, мен уларга қўшилмадим. Бошқа кўчадан кетақол”, деди. Олдинига унинг гапига кирдим, ниманидир баҳона қилиб, шерикларимдан ажралиб қолдим, уч баравар узоқ бўлса-да, айланма кўчадан кетишга қарор қилдим. Кейин, бугун қочганим билан эртага бирибир тинч қўймайди, унинг галасидан қачонгача қўрқиб юраман, деб ўйладим-у, таваккалига толкўча сари юрдим.
Абдулла сариқ уйида қолмай, мен билан бирга толкўчага кирди. Қарасам, айримлари тугалай нотаниш бўлган ўнтача бола икки киши ёнма-ён юрса зўрға сиғадиган йўлакда тол шохидан ясалган таёқларни елкаларига милтиқдек тираган асно тиқилиб туришибди. Олдинда – ёши биздан анча катта бўлган Муқимбой. Юрагимни қўрқув босиб, тиззам қалтиради. Берироқда тўхталиб, миямда бу қалтис вазиятдан қандай омон чиқиш режасини туза бошладим.
Рақиблар мен сари юришаётганида, Муқимбой уларга тўхташни буюрди, сўнг олдинда таёқ ўйнатиб турган Абдулла каллага қараб: “Шериклари кўп деганингга ишониб, шу болага қарши аскар тўплаб юрибман-а. Энди таёқни ташла, биттага битта чиқ!” – деди. Абдулла калла таёқни четга отиб, менга чақчайиб яқинлашди, айниб-айниб сўкинишга тушди. Индамай туравердим. Муқимбой Абдулла каллани жеркиб:
— Мунча гапни кўпайтирдинг? Соладиган бўлсанг сол! – деб буюрди.
Шунда Абдулла калла сўкиниб туриб, олдинга бир қадам ташлади-ю, юзимга қаттиқ шапалоқ тортди. Мен шошилинч тузиб чиққан режам бўйича гандираклаб чайқалдим, кейин шилқ этиб ерга йиқилдим. Ғужанак бўлволиб, қилт этмай ётавердим.
Бир муддат ҳамма жимиб қолди. Муқимбой устимда эгилиб: “Ҳей, сенга нима бўлди?” – дея елкамга туртди. Мендан садо чиқмагач, Абдулла сариққа боқиб: “Ошнангга қарасанг-чи, тутқаноғи борга ўхшайди буни”, деди-да, шошиб ортга юрди, “аскарлар” унга эргашди. Абдулла калла эса, негадир кетмади. Сўнг билсам, ундан батамом енгилганимни бўйнимга қўйиб, зўрлигини тан олдириш ниятида экан.
Кўзимни қия очиб, рақиблар толкўча муюлишида бир-бир ғойиб бўлаётганларини кузатиб ётдим. Қоралари ўчиши биланоқ ўрнимдан туриб, ҳеч нарса бўлмагандек, кийимимдаги чангларни шошмасдан қоқишга тутиндим. Ўзимни тартибга келтириб, Абдулла каллага безрайиб тикилдим.
— Ҳовлиқсанг, мана шунақа бўлади, ҳа! – деди Абдулла калла. – Бундан кейин менга пашшалашма! Бўптими? Бўптими, деяпман сенга!
Жавобим жуда ўзига хос чиқди, қўққисдан унга ташланиб, муштлашувга киришдим. Абдулла сариқ олдинига аралашмай турди, икки жўжахўроз бир-биримизга тирмашганимизча ерга ағанаб, тупроққа буланиб олишаётганимиздагина у бизни юлқиб-туртиб ажрата кетди.
Шу тўқнашувдан кейин Абдулла калла қайтиб аскар тўпламади. Ҳануз ён бермаса-да, ҳартугур ортиқча хиралик қилмайдиган бўлди. Бора-бора қалинлашиб олдик. Бир куни Аҳмад уччаламиз уларнинг ташқисидаги сўрида дарс тайёрлаб ўтирсак, отаси Кенжа тоға келиб қолди. Оддий деҳқон эса-да, китоб кўрган, сўзлари маъноли, бировга гапини бермайдиган, маҳаллада обрў-эътибор қозонган киши эди у. Биз билан илиқ кўришиб, кўча чангитиш ўрнига дарс тайёрлаётганимизни алқаб мақтагач, Аҳмаддан синфимиздаги ўғил болалар ичида ким энг аълочи эканлигини сўради. Аҳмад мени кўрсатди (бошланғич синфларда нуқул “Мақтов қоғози” олиб ўқирдим).
— Шу болачалик бўлолмабсан-а, — дея ўғлининг каттакон калласига чертиб кулимсиради Кенжа тоға. – Хумдек калла хайф сенга, э-э-э!
Абдулла калла билан тотувлашдиг-у, қарзга дафтар сўраса бермаслик, мазахлаб ғашга тегишлик сингари ҳолатлардан келиб чиқадиган майда-чуйда араз-дуразларни ҳисобга олмаганда, синфимиз тинчиди-қолди. Назаримда, рақибимга нисбатан кичик устунликка эгадек эдим – зўрлардан биттаси ҳисобланса-да, Абдулла калла барибир қизларнинг эътиборини унчалар тортолмас, бу борада мен ҳамда ўзини доим озода тутувчи, ўткиртил Абдулла сариққа тенг келадигани йўқдек эди. Аввалига иккаламиз синфимизнинг биринчи гўзали бўлган Қ. ни бир-биримизга сездирмай яхши кўргандек бўлиб юрдик, кейинроқ ошнам Абдулла сариқ йўлдан четланиб, тобора Ж. томонга оғиб борди, бундан дўстлигимиз янада мустаҳкамланаверди.
Мактабдаги жанжалчаларим уйдагиларнинг қулоғига етиб борганми, дарслар тугашига яқин Усмон тоғам мактаб ҳовлисига келиб, мени пойлаб ўтирадиган бўлди. Бу ҳол рақибларимнинг юрагига янада ғулғула солишда асқотадигандек туюлса-да, керакмас, ўзим кетаман, мен билан юрманг, деб тоғамдан нари қоча бошлардим. Дувонахон тоғам эса, мени тутиб, роса чарчагандирсан, орқамга мин, кўтариб олай, дея қисташга тушар, болаларга тугалай майна бўлишдан чўчиб, унга бақириб берардим. Яна тоғамни юборадиган бўлсаларинг, мактабга бормай қўяман, деб ғалва кўтарганимдан кейингина, уйдагилар мени ниҳоят тинч қўйишди.
Тупроқтом мактабимиз, унинг қалин деворларига ўйиб ўрнатилган қинғир-қийшиқ кўзли ёғоч деразалар; тахталари биров болтада чўқилаб чиққандек ёрилиб ётган ғижирлоқ эшик; қоп-қора хаттахтага оппоқ-оппоқ ҳарфларни ёзаётган мулла акамиз; довот учун юмалоқ, қалам-ручка учун узунчоқ махсус ўйиқ жойлари бўлган, дафтар қўйиладиган қисми суйри, пастроқдаги қопқоқча остида халталаримиз турадиган токчаси бор қўпол парталарда бири чарақлаб, бири мўлтираб ўтирган синфдошларим – иккала Абдулла, иккала Раҳмон, Абдураҳим, Аҳмад, Раҳим, Ҳомит, Қаҳҳор, Муҳаммаджон, Эргаш, Юрсунали, Турсунбой, Аюб, Маҳмуджон, Мамарасул, Толиб, Холинисо, Қумри, Жамила, Ҳабиба, Салима, Маҳфират, Тожихон, Раҳима, Ҳожира, Фотима, Тошхон, Ҳуринисо, Фазилат, Маҳбуба, Ибодат каби кичкинтойларнинг қадрдондан қадрдон чеҳралари тез-тез кўз олдимда жонланаверади.
Олтмишни қоралаётиб, мундоқ ортга ўгирилсам, уларнинг қарийб ярми орамиздан кетиб бўлибди. Тортинчоққина, нимжонгина Холинисодан бошланғич синфдаёқ айрилиб қолгандик, яна бир нечаси қирқ-эллик ёш атрофида дунёни тарк этди. Шундай эса-да, қалбимнинг туб-тубида улар ўз парталарида ҳануз бир-бирига қитмирона қиялаб, дастурхон теграсидаги оиладошлардек хушчақчақ кайфиятда ўтиришибди, оламда ўлим деган нарсанинг борлиги ҳали бирортасининг хаёлига келганича йўқ. Бари тўз тегмаган фаришта. Қанийди, одам боласи умрининг адоғигача ўзини худди шундай сақлай олса, булоқ сувидек мусаффолигича тураверса.
Қизиқ! Ўзи бу сув қайси жойда лойқаланишни бошлайди? Уни нималар лойқалантиради? Тобора лойқаланиб бораётганимизни ўзимиз сезамизми? Сезсак, нега дастлабки пайтлардаёқ табиий ўзанимиздан бурилмасликка, бошқача тусга кириб оқмасликка уринмаймиз? Ё аз-азал шунга маҳкуммизми? Балки бизга “уринмаслик” қулайроқдир? Соф қолишга тиришиш, наҳотки, кирликка қўшила бориш жараёнидан кўра уқубатлироқ бўлса?
Қай йўлни танлашимизни ўз ихтиёримизга ҳавола қилмай, жониворлар озуқанинг зарарсизини зарарлисидан, теграсида ўрмалаётганларнинг хатарсизини хатарлисидан, ҳар бир хатти-ҳаракатнинг ўринлисини ўринсизидан бехато фарқлай олиб, ички буйруққа сўзсиз бўйсунган асно қатъий тартиб асосида кун кўрганидек, бизни барча номақбулликлардан мажбуран четлатиб ўтадиган етакловчи Сезгикуч (инстикт) ато этишни Тангримиз нега бошдаёқ хоҳламади? Нега?! Наҳотки, бизга шунчалар қаттиқ ишонса?

Худо хоҳлар бўлса,
Шайтоннинг –
Номи узра тортолгай чизиқ…
Имон деб ўт кечган инсоннинг
Қолур унда нимаси қизиқ?
(1989)

“ҲАЛОЛ”ЛАР ҚАТОРИГА КИРИШ АЗОБИ

Имонинг ила иштонингни бут асра.
КУЛКУЛ афанди

Биринчи синфни тугаллаш арафасида ниҳоят “қўли ҳалолланган”лар сафига қўшилдим. Аслида-ку дадам беш ёшимда мен ва икки укамга базимли ҳатна тўйи қилиб берган, “тандирқурди”ю “сабзиарчди”дан бошланган келди-кетдилар нақ бир ҳафтага чўзилганди. Лекин, қўрқиб дод солганим учун, дадам мени ва укаларимни “кестирмай”, уста Масир тоға “юмалан-юмалў-ў-н”, деб қийқириб, бизни кўрпага бир-икки юмалатиб қўяқолган эди. Дадам ўшанда мени қучиб юпантираркан: “Гап битта – қачон ўзинг айтасан, шунда кестирамиз”, деб ваъда берганди, сўзида турди. Мактаб ёшига етганимда, уйдагилар энди кестирмасак уят бўлади, дея ғалва кўтаришса ҳам, мен сўз берганман, ўзи айтмагунча мажбурлаш йўқ, деб жавоб қилганди.
Биз болакайлар қунишқоқ кўкнорихўрларнинг жаҳлини қўзитиб, пахта қуритишга мосланган, беш-ўнта қария бир четдаги ҳужрада ҳукумат вакилларига билдирмай намоз ўқиб турадиган мачит ҳовлисидаги узунию эни етти қадамли ҳовузда чўмилишни чучмомолар гуллаб-гулламасданоқ бошлаб юборардик. У даврда трусиклар қишлоқда унча русум бўлмаганди, кўпчилигимиз қип яланғоч чўмилардик. Қизалоқларнинг сал дангалчилари сувга кўйлагини ечмасдан тушиб, ҳовузнинг бир бурчагида алоҳида чўмилишар, қолганлари: “Иштонсиз – имонсиз, иштонсиз – имонсиз”, дея чапак уриб ирғишлаган асно, бизни яйраб мазахлашарди. Ҳамма кийиниб бўлиб, болалардан бирортаси чўмилишда давом этаверса, “безгакшамол, кел, кел, яланғочга қўн, қўн”, дея уни қўрқитишга уринардик.
Бир куни ҳовуздан чиқиб, совқотишдан иягим турнатакиллаш бўлганича иштончамни кияётсам, Холис опамнинг ёнида ўтирган ўртоғи Момохоннинг: “Вой, укангизники ҳалиям кесилмаганми?” – деган сўзи қулоғимга чалинди. Ишқилиб, опам устадан қўрққанимни айтиб қўймасин-да, деб безангладим. Опам айнан шу гапни айтгач, олдинига уялиб кетдим, сўнг бирдан зардам қайнади. Шу жойдан югурганимча, уста Масирга шогирд ҳисобланмиш Орифжон тоғанинг уйига кириб бориб тўхтадим, дадам айтди, бугун чўчағимни кесиб қўяр экансиз, дедим.
— Бўпти-да, — деди Орифжон тоға, тафсилотни ортиқча суриштириб ўтирмай. – Ҳозир пешинда чолларга тайинлаб қўяман, уйларингга асрдан кейин кирармиз. Дастурхонга ортиқча уринишмасин, ярим косадан шўрва бўлса етади.
Уйимизга кириб, Орифжон тоға асрдан кейин чоллар билан бирга мени “ҳулала, ҳулала” қилгани киришини тантанавор эълон қилдим. Аввалига сўзимга ишонишмади, Шаҳодат опамни “гап овлаб” кўриш учун уста тоғаникига киритишди. У қайтиб чиқиб, хабаримнинг ростлигини тасдиқлагач, уйдагилар менга зарда-зурдаларини ёғдирган куйи, шоша-пиша ҳозирлик кўришга тутиндилар. Дадамга ҳам одам юборишган бўлса керак, кўп ўтмай, велосипедининг рулига икки тугун харажатни илиб, возиллаб етиб келди.
Ўша куни ўнтача чол, битта мулла иштирокида “қўлимни ҳалоллашди”. Қанчалик оғримасин, ғинг демасдан чидаб, ҳаммани қойил қолдираман, дея ичимдан тугиниб қўйгандим. Бўлмади, устара тортилган чоғда қаттиқ инграб юбордим, атрофдагилар “ҳулала, ҳулала-а-а”, деб қичқирганлари боис буни эшитмай қолган бўлишса, ажабмас. Кўзимдан тирқираган ёшни бошқалар кўришини истамай, тезда артиб ташладим.
Ўранчиғимни четроққа сургач, чўчағимни дўппида ёпиб, қўлимга попукқанд тутқазиб қўйганларича, чолларнинг мен билан қайтиб иши бўлмади. Улар дадам яқинда сотиб олган, қишлоқни билмадим-у, маҳаллада ягона саналган; электр тўки бўлмаса, ҳар бири арақ шишасидек келадиган тўртбурчак кучалатошлар (батареялар) ёрдамида ҳам ишлайверадиган “Урал” радиоприёмниги устида лаппак айлантириб, қўшиқ тинглаган асно анча тамаддиланиб ўтиришди. Приёмникнинг радиодан афзаллиги – турли тўлқинларни тутиб, ҳар хил эшиттиришларни тинглаш мумкин эди, унга лаппак қўйсангиз, овози патефондагидан тиниқроқ янграрди. Дунёда телевизор деган нарса ҳам борлигини ҳали кўпчилик билмасди, баъзи биров: “Амриқода тоғнинг у томонида ашула айтаётган ҳофизни бу томондагиларга кўрсатиб турадиган ойнакли радийўл бормиш”, деб қўйгучи эди.
Уч-тўрт кундан сўнг мактабга бордим. Синфдошларим: “Булбулчанг тузалиб қолдими, бир кўриб қўяйлик-чи”, дея мени қуршовга олишди. Қизлар ҳам бири тортиниброқ, бири астойдил қизиқсираниб, яқинроқ кела бошлашди. Тиқилинчда ярамга тегиб кетишларидан қўрқиб, партанинг ўтирғичи устига чиқдим-да, чўзмали иштонимни тиззага тушириб, кўйлагимнинг этагини кўтардим. Тажрибаси борлар доноланиб, яра ҳали яхши битмаганини таъкидлашди, мактабга келишга шошилганим учун койиган бўлишди. Синфдаги энг шаддод бир қизнинг исмига “эркак” тиркамасини қўшиб айтардик, у: “Ия, манави қора нарса нима?” – деб, қотиб қолган куйиндига бармоғининг учини теккизиб кўрди. Бунинг нималигини ўшанда ўзим ҳам тушунмасдим, кейинчалик билсам, уста пахта увадасини куйдириб, кесилган жойга иссиғида салладек ўраб қўяркан, бу малҳам қонни тезда тўхтатишдан ташқари, жароҳатга инфекция туширмас экан. Биргина чатоқ томони – куйиндининг қора изи танада умрбод қолиб кетиши эди.
Маълумки, яҳудийларда ҳам хатна қилиш одати бор. Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар уларни бошқа миллат вакилларидан ана шу белги орқали фарқлаб олиб, жойида отиб ташлашар экан. Дастлабки маҳалларда шу белги боис урушда асир тушган туркистонлик баъзи мусулмонлар ҳам яҳудий ҳисобида қатл этилаверибди. Кейинроқ бу англашилмовчиликка аниқлик киритилиб, мусулмонларнинг кесилган жойида пахта куйиндисидан қолган қора чизиқ бўлади, деб уқтиришибди. Фашистлар энди адашмайдиган бўлишибди.
Айтишларича, йигирманчи йилларда бир врач ўғлини ҳатна қилдираётиб, куйдирилган пахта ўрнига қонни тўхтатадиган замонавий дори толқонини септирмоқчи бўлганида, уста унинг гапига кирмай, ўзи билганича иш кўрган экан. Ўша бола улғайгач, урушга бориб, асир тушиб қолибди. Фашистлар қора белги туфайли уни отишмабди. Урушдан сўнг у асирликдан қутулиб қайтибоқ, устани уйига чақирибди, бошдан-оёқ ясантириб жўнатибди.
Ҳар бир эркак ўзбекнинг этида пахта куйиндисидан қолган қора тамға мавжудлигининг ўзига хос рамзий маъноси бор – Ўзбекистоннинг олис-олис тарихи пахта билан чамбарчас боғлиқ. Чамаси, бундан кейин ҳам шундайлигича қолаверади.

АМАЛ ШИРИНМИ, ЖОНМИ?

Мансаб эшагига ётлар кўмагида мингайсан,
йиқилмоқни ўзинг дўндиравер.
Гулмат ШОШИЙ

От то от бўлгунича “қулун”, “тойчоқ”, “минги” босқичларидан ўтишига тўғри келганидек, мактаб болалари бизнинг давримизда бешинчи синфгача “бошланғич”, саккизинчи синфгача “ўртанча”, сўнг, битирув “аттестат”ини олгунга қадар “юқори” синф ўқувчиси деб аталарди. Ўнинчи синфдагиларни “битирувчилар” ҳам дейишарди. Бошланғичлар октябрятликка (октябр инқилоби издошлари), ўртанчалар пионерликкка ёппа қабул қилинарди. Фақат ҳаддан зиёд интизомсиз, синфдан синфга кўчолмайдиган даражада қолоқлар “хўжакўрсин”га қолдирилиб, юқори синфдагиларнинг тўқсон тўққиз фоиздан ортиғи албатта комсомолга олинарди. Пайти келиб, булардан қай бири компартия сафига ўтадиган бўлса, икки нафар коммунистникидан ташқари комсомол ташкилоти тавсияномасини ҳам топшириши шарт эди.
Октябрятлар ўртасига Лениннинг болаликдаги сурати туширилган беш қиррали қизил юлдузчани кўкракка қадаб юришарди. Пионерлар ёнаётган гулхан шаклидаги нишончани тақишдан ташқари, бўйинларига қизил матодан тикилган учбурчак галстук боғлаб олишарди. Комсомол кўкрак нишони илгари сопли қизил байроқ шаклида бўлиб, ўртасига “ВЛКСМ” (всесоюзний ленинский коммунистический союз молодёжи, яъни, ленинчи коммунистик ёшларнинг бутуниттифоқ уюшмаси) деб ёзиб қўйилганди, кейинчалик ёзув ўрнида кекса Лениннинг ёнламача сурати пайдо бўлди.
Бошланғичлар маҳаллалардаги мачит, хонақа ёки бирон бойдан мусодара қилинган биноларда алоҳидаланиб ўқишгани боис, мазкур ҳудудда бирон-бир тўйнинг иси чиққудек бўлса, ўқитувчи бошчилигида саф тортиб, барабанни “рак-така-там, рак-така-там”латиб чалганча, дошқозоннинг устига мўр-малаҳдек бостириб боришарди. Худо уриб, октябрятлардан баъзисига ош етмай қолса, бирдан шовқин кўтарилар, тўй эгаси советлар давлатининг ғанимига айланишдан чўчиётгандек потирлашга тушар, оқсоқол эса катталарнинг ризқини қийиб бўлса-да болакайларнинг улушини топиб берарди. Гоҳо ўша вақтда русум бўлган Биринчи май (меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни), Еттинчи ноябр (социалистик инқилоб куни) каби байрамларда биримиз байроқ кўтариб, биримиз “горн” деб аталадиган мис сурнайни қийналиб пуфлаб, ора-сира “тут, вут” этказиб қўйиб, яна биримиз барабанни чалама-чакки уриб, қишлоқ кўчасидан сафланиб ўта бошласак, мактаб ёшига етмаган кичкинтойлар булар яна тўйга кетяпти деб ўйлаб, йўқ ошнинг илинжида ортимиздан эргашарди. Синфимиздаги энг кулоғич бола ҳисобланган Аҳмад уларга бошмалдоғини бармоқлари орасидан кўрсатиб, мана сенларга ош, деб қўярди ва гулдиракланиб куларди.
Бундай байрам намойишчаларида байроқ кўтаришни доим менга топширишарди. Балки аълочилигимни ҳисобга олишгандир, балки бошқалардан полвонроқ кўринарман, деб ўйлардим. Сўнг билсам, саф бошида одимлайдиган байроқчи боланинг кийими сал эпақалироқ бўлиши лозим экан. Ўша худосизлик замонида кўп болалар ҳатто “алҳамди”ни билмаса-да, дарсликларни тўлиқ эгаллаб олган сиёсий шеърлар, қўшиқлар ҳаммасига ёд бўлиб кетганди. Айниқса, бир қўшиқ машҳур эди:

Байроқ кўтариб олға юрамиз,
Бахтиёр ёшлик даврин сурамиз.
Бу қизил байроқ – Ленин байроғи,
Кўтарамиз биз доим юқори.

Авваллари, Баҳром эшоннинг руҳини қувонтирайлик дея, маҳалладаги художўй аёллар Жаҳон отин бошчилигида уйимизда китобхонлик қилиб қолишса, Сарвинисо бувимнинг пинжига кириб тингларканман, китобларни ўзим ўқий олмаслигимдан жуда-жуда афсусланиб кетардим. Иккинчи синфга ўтганимда шариллатиб ўқийдиган бўлдим. Гоҳ опаларим, гоҳ дадам болаларга аталган бадиий асарларни онда-сонда топиб келиб беришар, кўпинча опаларимнинг китобига ёпишардим, юқори синфда ўқийдиган қўшнилардан “тишим ўтмайдиган” адабиётларни тилаб олиб, эринмай таталашга тушардим.
Аълочилигим туфайлими, катта жанжалларга унча ҳожат қолмай барча синфдошларим билан иноқлашиб олганим учунми, мени синфбоши этиб сайлашди. Аслида, мулла акамиз томонидан тайинландим, болалар қўл кўтариб тасдиқлашди холос. Бу мансаб менга ўзига хос завқ бағишларди. Кимлардир ўзаро юмдалаша бошласа, тезда ажратиб, пала-партиш ажрим чиқарган бўлардим-у, ўша заҳоти яраштириб қўярдим. Уй вазифасини бажармай келгани учун ўқитувчимиз “икки” қўймоқчи бўлса, бу сафарча кечириб туринг, айтаман, эртага ҳаммасини тайёрлаб келади, деб ўртага тушардим. Мабодо бажармай келган бўлса, хижолат тортмасин дебми, мулла ака менинг уй вазифамни ортиқча суриштирмасди, енгилроқ саволлар бериб, баланд баҳо қўяверарди. Навбатчилардан хаттахта остида доим бўр бўлишини, ёзувларни танаффусда артиб туришни; тозалик бўйича ўринбосаримдан болаларнинг тирноғи олинган-олинмаганини, қўл-юзи яхшироқ ювилган-ювилмаганини бирма-бир текширишни талаб қилардим. Гуваладевор, тупроқтом, эшик ўрнига шолча тўсиб қўйилган ҳожатхона олдида баъзан қизлар яккаланиб қолаётганини пайқаб, бу жойга биринчи ва учинчи танаффусда ўғил болалар, иккинчи танаффусда фақат қизлар киради деган тартибни жорий этдим. Қизлардан бири жириллаб, бизга нега бир марта холос, деб сўраган эди, бир марта бўлса ҳам, буниси катта танаффус, иккитанинг ўрнини босади, дедим. Бошқа эътирозлар бўлмади.
Амалдорликнинг гаштини эндигина сура бошлаганимда, ўз иззатимни ўзим расво қилдим. Бир куни танаффусда мулла акамиз мени ёнига имлаб, охирги тўртинчи дарс чоғида дўхтирлар келиб, ўқувчиларни қандайдир касалликка қарши эмлашини айтди, қўрққанларни сал ҳай-ҳайлаб тур, деб тайинлади. Биринчи бўлиб ўзимнинг этимни қалтироқ қоплади, ўқитувчининг кўзини шамғалат қилиб, секин жуфтакни ростладим, икки-учта яқинларимга шипшитиб улгурганим учун улар ҳам менга эргашишди.
Эртаси куни мулла акадан роса гап эшитдим, тағин шунақа қилсанг, синфбошиликдан ҳайдаласан, деб огоҳлантирди у. Кўп ўтмай, дўхтирлар яна пайдо бўлиб, дарс вақтида синфга бирдан бостириб киришди. Ўтган гал укол олганларнинг кўпчилиги иситмалаб қолгани, баъзиларининг кураги шишиб кетгани эсимга келиб, талвасага тушдим. Аввалига амал ширин кўриниб, миқ этмай ўтирдим, кейин жоним амалдан лазизроқ туюлди-ю, партамнинг ёнгинасидаги деразани шартта очиб, ташқарига отилдим. Зарб билан очилган деразанинг тутқичи деворга қаттиқ урилиб, ойналари синиб тушгани ортиқча бўлди.
Ўшанда амал қўлимга бир қўниб учган экан-да, кейинчалик нечта мактабга кўчиб юриб ўқимайин, бу лавозимни менга қайтиб раво кўришмади. Раво кўришганда ҳам, барибир яна кўпга чўзилмасди – нечта мактабда ўқиган бўлсам, ҳар йили икки-уч мартадан дўхтир оралаб туришига қарамай, муаллимлардан калтак есам едимки, бирор мартаям укол қилдирмадим. Бешинчи синфда ўқиётганимизда ёмо-о-н қўлга тушганим эсимда, жисмоний тарбиядан дарс берадиган синф раҳбаримиз Раҳимов дарс чоғида иккита ўқитувчини бошлаб кириб, уларни деразалар ёнига пойлоқчи қилиб қўйгач, ўзи эшикка қоровул бўлиб олди. Кейин дўхтирлар кириб, болаларни эмлаш бошланди. Бир қараганда, қутулиб кетишнинг имкони йўқдек эди, лекин илож топилди. Болалардан тўрт-бештасини турткилаб, бу сафар игнада укол қилмай, билакни салгина тилиб қўйишяпти холос, нимадан қўрқасан, дея олдимга солиб бориб, дўхтирнинг ёнига тўпладим, сунъий тиқин ҳосил қилдим. Дўхтир ёнимдагиларнинг билагини қандайдир дорига ботирилган митти наштарда тилишга тушганида, столдаги тоза пахтадан озгина олиб, билагимга ишқаб “ух-ух”лаганимча, шерикларим билан ташқарига йўналдим. Эшик олдида турган Раҳимов: “Сен баттолни қўлга тушириш манавинақа бўпти”, дея ғариллаб кулди.
Тилимни тишлаб юраверсам бўларди, аммо чидамадим, эртаси куни Раҳимовни мактаб ҳовлисида учратиб, билагимни кўрсатдим-да: “Буни қаранг, домла, ҳамма боланинг билагида тилинган жойнинг изи турибди, меники бир кечада битиб кетди”, дедим. Домла лаққа тушганини пайқаб, ўқитувчини эрмак қиладиган бўлдингми ҳали, дея тизғитиб қувлашга тушди. Катта папка қўлтиқлаб олган адабиёт ўқитувчимиз Тиллабоев шу томонга келаётганини кўриб, капалакланиб борганимча ўзимни унинг панасига урдим, Раҳимовни ушланг, мени ўлдириб қўяди, деб ўзимни ўтакаси ёрилганга солдим.
— Шунақа қўрқитадими болани? – дея Раҳимовга қўлини шоп қилди Тиллабоев. – Қанақа фаҳмсиз одамсиз?
— Нима-нима? – пуффа ловуллади Раҳимов. – Бу билан, мактабда энг фаҳми зўр ўзимман, демоқчимилар?
Иккови ҳам уруш қатнашчиси, икковининг ҳам бир кўзи шиша, иккови ҳам ашаддий ичувчи эди, бир-бирини азалдан ёқтирмаслигини мактабда барча биларди. Икки арслон ўзаро ўкиришни бошлаган дамда мен озорсиз мушукчадек қунишиб, секингина ғойиб бўлдим…
Гапдан сал чалғибман. Яна иккинчи синфга қайтадиган бўлсак, дўхтир туфайли мансабдан айрилиб қолган эсам-да, ўрнимга яқин ошнам Абдулла сариқ сайлангач, кўнглим тезда жойига тушди. Қўйнингдан тўкилса – қўнжингга, деганлари шу-да.
Ўқув йилининг ўрталарида синфимизга янги ўқитувчи кирди, Мақсуда деган ўша гўзал бошқирд қиз бизга расм чизишдан дарс бера бошлади. Бунга қадар, бизникига келса ҳам, кўчада учрашиб қолсак ҳам, у мени бағрига тортиб ачомлашар, бошимни кўкрагига ишқалаш учун оёғимнинг учида бўйланиб суйкана кетардим. Ўқитувчимга айлангач, шунчаки илжайиб саломлашадиган, расмни қойиллатиброқ чизсам, елкамга қоқиб мақташдан нарига ўтмайдиган бўлиб қолди. Бундан хижиллигим қўзирди, этимни “чим-чим”латиб қучоқлашини қўмсардим.
Кўп ўтмай, дард устига чипқон бўлиб, Мақсуда опанинг Тоҳирбек деган бир ошиғи шолипоядаги курмакдек бўй кўрсатди, ашаддий рақобатчимга айланди. У мактабимизга тез-тез келиб, дарс вақтида ҳовлида сўппайиб ўтирар, танаффусда ўқитувчимизни четга тортиб, мижикиланиб гаплашишга тушарди. Рашкдан ёниқиб, йигитга четдан гоҳ ўқрайиб боқардим. Иккови тобора иноқлашиб боравергач, зардам тутиб, ўзимнинг кирчимол синфдошим Қ. дан қолмаганим яхши, деган қарорга келдим.
Мактабдан жавоб бўлди дегунча, Қ. нинг изига тушардим, қувиб бориб ушлолсам, кучукни қийнагандек пийпалай кетардим. Уни тутолмасам, биринчи учраган бошқа қизга ёпишардим. Устимдан арз қилишавергач, дарслар тугаганидан сўнг қизлар то узоққа кетиб олмагунларича, ўқитувчилар мени хонадан чиқармай турадиган бўлишди. Дам муаллимлардан ачитқи танбеҳлар эшитиш, дам қизларнинг ота-акаларидан тарсаки ейиш жонимга тегиб, охири бошқача усулга ўтдим, яъни танаффусда бирон-бир қизнинг синфда ёлғиз қолишини пойлаб, шартта қучоқлаб олишни ўргандим. Бунақа пайтда, гувоҳлар йўқлиги боис, қиз шўрлик бировга арз қилмай, ўзи боплаб-тоблаб қарғаш билан кифояланиб қолаверарди.
Агар, одамзод қизларнинг қарғишидан ўладиган бўлса, мен чивинтўра бошланғич синфдаёқ увол кетмасмидим?

ГЕНЕРАЛЧАСИГА ЧЎМИЛИШ

Сузиш қўлингдан келмаса, тирик оқишни уддала.
КУЛКУЛ афанди

Опаларим Қувирбошидаги саккиз йиллик мактабда таҳсил олишарди, мен эсам, учинчи синфдаям ўша мачит-мактабда ўқийвердим. Бу орада баланд мачитга туташ пастқам бино таъмирланиб, яна битта ўқув хонаси пайдо бўлган, биринчи, иккинчи синфларга тушгача, учинчи синфга тушдан сўнг дарс ўтиларди. Янгилар биздан пастроқ синфлар бўлгани учун улар орасида рақибларим ҳам йўқ эди.
Ҳануз ўша-ўша Анвар эдим. Қимматбаҳо уст-бошларим жавонда қават-қават тахланиб ётса-да, одми кийинишга, ўзгалардан ажралиб турмасликка уриниш одатим сақланиб қолганди.
Бир куни дадам мени туман марказидаги артелда ишлайдиган эркак бичиқчига бошлаб бориб, бастимга ўлчатиб кийим тиктирди. Костюмининг тугмалари ялтироқ, шими аскарларникидек галифели бу либос қанчалар кўркам бўлмасин, кийиб чиқсам, болаларнинг кўзи куйиб, менга яна ғалати қарашларини ўйлаб, ичим қоронғулашди. Бегона жойга меҳмонга борганда ёки дадам ишхонасига олиб кетганида ясантиришса, қаршилик қилмасдим.
Қайсарланишга қанчалар уринмай, Наврўз куни бир алдаб, бир тергаб, барибир янги либосимни кийдиришди. Ярашганини кўр, доим шунақа қурчоқ бўлиб юрсанг, ўласанми, деб куйинди аям.
У даврда Наврўз расмий байрам эмасди, аксинча таъқиб остида эди. Шунга қарамай, экинчилар байрамни “қўш солди” деган бошқача номда ниқоблаб, далаларда зиёфат уюштиришар, кўкатдан мантию сомсалар пишириш авж олар, аёллар маҳалланинг уч-тўрт хонадонига бўлиниб, дошқозонларда сумалак солишар, чирманда овози, ўйин-кулги садолари тонггача тинмасди. Наврўз ҳафтанинг қай кунига тўғри келишидан қатъи назар, катталару болалар эрталабдан бозор сари йўл олишарди, ҳукумат вакиллари милиционерлар ёрдамида уларни уй-уйига тарқатишга уринса-да, сотувчи ва харидорлар у ёқдан-бу ёққа қочиб юриб бўлса ҳам сайлу савдони давом эттираверишарди.
Дадам берган байрамликни чўнтакка тиқиб, кўчага чиқдим. Ариқ ёқасида гаплашиб ўтирган қўшниларим Бозор Мирза билан Деҳқон Ҳасан мени кўриб, ваҳ-ваҳлай бошлашди.
— Во-о-о! Мис тугмаларнинг ярқирашини қаранг! – дея артисланиб ёқа ушлади Деҳқон тоға. – Аскарнинг ўзгинаси-я!
— Аскар нима бўпти! – гапни баттар кўпиртирди Бозор тоға. – Гинрол бўпкетибди, гинрол! Бай, бай, бай!
— Гинрол дегани, бу – аскарларнинг бошлиғи-да, а?
— Бошлиғи бўлгандаям, энг катта бошлиғи!
— Во-о-о! Бу Анварвой шунақа зўр бўпкетдими?
Бу гаплардан попилдириғим ҳўппайганини сездирмасликка тиришиб, уларнинг ёнидан индамай ўтдим, сал нарида тўхтаб, мачит ёнида қалдирғочлардек вижирлашиб турган катта-кичик болалар томонга синчиковлик билан назар солдим. Борсам бўлди, улар ҳам манавиларга ўхшаб “бай-бай”лашни, ҳар хил пичинглар қилишни бошлайди. Биринчи галда Машраб ака ёки Қосим ака: “Ҳа миллионернинг тантиғи, ўзингни тошойнакка солиб чиқяпсанми”, дейди, кулги кўтарилади.
Нима қилишимни билмай, ортга қайтдим, ариқ устидаги кўприкка чиқиб, баҳор тошқинидан бўтаналашган лойқа сувнинг тўлиб-кўпириб оқишини кузатганимча, гарангсиб туравердим.
— Кўприкда арслонланиб туришини қаранг! – қулоғимга Деҳқон тоғанинг дабдабали овози чалинди. – Чўмилмоқчи бўляпти шекилли? Ё пўқаласлик қилиб, қўрқяптимикин?
Бу сўзни эшитиб, юрагим бирдан ғав-ғавланди, ростдан ҳам сувга калла ташлаб, буларга кимлигимни кўрсатиб қўйсаммикин, деб ўйладим. Сўнг, уйда юзимга тарсаки тушиши мумкинлигидан безиллаб, иккиландим.
— Ийе, Анвар полвонни билмасакансиз-да, мулла Деҳқон? Ҳеч нимадан қўрқмайди бу бола, бунақа ботирни умримда кўрмаганман. Ана, қараб туринг, кийим-пийими билан ўзини сувга ташлайди ҳозир.
Бу гапларни айтган Бозор тоғанинг ишончини оқлаб, мени назарга илмаётган Деҳқон тоғани ўлгудай изза қилиш иштиёқи далда бўлдими, ўзимни сувга отдим. Тўлиб оқаётган ариқнинг қирғоғига тирмашишга улгуролмай, кўприкнинг остига кириб кетдим. Деҳқон тоға талвасали қиёфада ариқ ёқалаб чопиб келиб, ўзини нариги кўприкнинг устига ташлади, жуда тез оқаётган сувдан мени зўрға тортиб олди. Кейин, кутилмаганда, қаҳқаҳ уришга тушди.

– Ҳей, отаси, сўкманг бекорга,
Ўғлингизнинг жойида эси.
Отилмасди асов анҳорга,
Чўкмасликка етмаса кўзи…
Майли, ўйнаб-кулсин бургутча!

– Отангга тик боқма, болакай,
Биламан, ғирт қайсарсан азал.
Биламан, ҳеч ўйлаб ўтирмай,
Отилгансан сувга таваккал…
Умринг узоқ бўлсин, бургутча!
(1977)

Кўп ўтмай, уйдан одмироқ кийимда қайтиб чиқиб, ўзимни ўртоқларимнинг ичига урдим. Ушбу воқеа эсимга тушса, сендан зўр шоир йўқлигини исботлаш учун ўзингни томдан ташла, десалар, неча қаватли уйнинг устида турганимни ўйлаб ўтирмай, ҳозир ҳам ўзимни пастга отишдан тоймасам керак, деб ўйлаб қўяман.
Сталиннинг мен туғилган йили янгиланган пули амалда эди. Ҳайит-байрамларда дадам укаларимга озроқ, менга эса опаларим қаторида ўн сўм ҳайитлик берарди, бошқа яқинлардан ҳам яна беш-олти сўм ундирардим. Бир сўмга бешта хўрозқанд ёки бир чўнгпиёлада шўрнўхат; икки стакан кунгабоқар пистаси ёки қаламдан узунроқ ва йўғонроқ бўлган, попукли рангдор қоғозчага ўраб сотилгучи иккита чайнамайшиминг; иккита тухум ёки битта патирнон олса бўларди. Аммо, егуликдан кўра кино кўриб келишга кўпроқ ишқибоз эдик. Чипта икки сўм турарди. Гузарда болалар йиғилгач, каттароқлари уларга бош бўлиб бозорга бошлашдан олдин кимнинг қанча пули борлигини суриштиришарди, пули озларни қаторга қўшмай, ташлаб кетишарди. Пули камлар мўлтираб қолса, ичим ачишарди, булар менинг пулимга шерик бўлади, деб катталарни кўндирардим.
Ўртоқларимдан бирортасиникига кириб борсам, ота-оналари бундан қувониб, мени ўтқазгани жой тополмай қолар, доим шундай иноқ бўлишимизни қайта-қайта тайинлашарди. Дастурхон ёзишса, у-бу нарсадан шунчаки тотиб кўрган бўлиб, ўртоғим билан томорқа томонга ўтардим, уй эгалари тезроқ бирон-бир юмушга киришмоғини тоқатсизланиб кутардим, терлаб-терлаб ишлагим келарди. Уйда бунга имкон йўқ, Усмон тоғам ёраётган ўтинни бостирма остига ташимоқчи бўлсам, ташла, қўлингга зирапча киради, деб; сигиримга ўт юлиб бермоқчи бўлсам, қоч, сузиб олади, деб; шамолда тоб ташлаган сўриток айрисини ўнгламоқчи бўлсам, қулаб тушса, бошингни ёради, деб қувғин қилишади.
Қўшниларникига кирганда бирон ишнинг устидан чиқсам, суюниб, ғайратланиб кетардим. Бириникида катталар ёнига чўнқайиб олиб, қуритиладиган ўрикларни похол тўшамалар устига авайлаб теришни бошлардим. Ўрикнинг пиндигини тепага қилиб тер, шунда шираси оқиб кетмайди, деб ўргатишарди. Бириникида сабзи, бошқасиникида пиёз ёки картошка қазиш ҳашарида қатнашардим. Ҳатто қишда совуқдан дилдираётганимни сездирмасликка тиришиб, қўшниларнинг турупини ҳовузчада ювишга кўмаклашардим. Баъзан синфдошим Раҳимларникида отаси Аҳмадали темирчининг ўчоғига дам босиб бериб, олқишини олардим. Қўшни хонадонлар мен учун бошқа бир мамлакат эди гўё. Дунёда ялма, умоч, нонпалла, ёвғоншўрва, пиёз ва помидорга ун аралаштирилиб, қаймоқда қовурилган буламиқ сингари таомлар ҳам борлигини ўша “бегона юртлар”да кўриб билганман. Улар гўштсиз бўлишига қарамай, ишлашдан иштаҳам очилган чоғда оғзимга шунақаям мазали татирдики!
Дадамга эргашиб пахта пунктига борганда ҳам кишиларга дастёрлик қилишга ошиқардим. Айниқса, мозортагилик Қўчқор мўйлов деган ёши ўтинқираганроқ киши билан ишлашни яхши кўрардим. У пахта ғарамидан бўшаган кенг супа саҳнидаги терилма тошларнинг кўчганларини жойига болғалаб ўрнаштириш билан банд бўладими, супа теграсидаги ажриқларни кетмонлаб қиртишлашга тутинадими; шошмасдан ишлаб, қизиқ-қизиқ феъл-атворли одамлар тўғрисидаги воқеаларни тоблаб-тоблаб сўйлашга тушар, ола кўзларини ярқиратганича, хириллаб-хириллаб куларди; орада йўтали тутиб, “ўҳў-ўҳў”лаган асно ерга ўтириб қоларди.
— Ёшлигимда ҳўкизни уриб йиқитадиган полвон эдим, сигарет тамом қилди мени, — ёш бола деб ўтирмай, тенгдоши билан сўзлашаётгандек арз қилди у бир куни. – Одам бўламан десанг, шу кетпурушга яқинлашма, Анварвой. Илонни кўрсанг, зинғиллаб қочасан, тўғрими? Сигарет деганиям заҳарли илон, оғритмасдан чақиб, секинроқ ўлдиради холос.
Ўшанда дадам келиб қолиб, икковларинг жуда иноқсизлар-да, деб жилмайди ва Қўчқор мўйловни идора ходимлари учун пиширилаётган тушки шўрвага таклиф этди. Дадам кетгач, у елкамга қўл ташлаб, ошначиликда хосият кўп, сен билан қалин бўлмасам, мени ким ҳам текин шўрвага чақирарди, дея яна хириллаб кулди.
Гапларини эшитиб турсанг – ёқимли одам, турқига қарасанг – қўрқинчли.
Қўчқор мўйлов бир-икки пиёла араққа қўшиб, шўрвани шоша-пиша ичди-ю, каттаконларнинг ўзаро гаплари бўлади, мен халақит бермайин, деб туриб кетди. Шунда, ўт ўчирувчилар бошлиғи Шерматов у тўғрида сўз бошлади. Айтишича, Қўчқор мўйлов бой кишининг фарзанди бўлган экан, иш қилишда ҳам, муштлашишда ҳам ҳеч ким унга бас келолмас экан. Қишлоқнинг обрўли хонадонларидан бирига куёв бўлиб, ҳамманинг оғзига тушган ўта гўзал қизга уйланибди. Отаси ўтганидан кейин ичкиликка, улфатчиликка берилиб кетиб, бор-бутини совурибди. Лекин, қанчалар оғир кунларни кўрмасин, хотини барибир уни жуда иззат қиларкан, ёш болани овқатлантиргандек, силаб-сийпалаб таом тутаркан, касал бўлиб қолишидан чўчиб, кўчага ўраб-чирмаб чиқараркан, мастлигида озор берса, эртаси юзига солмас экан.
— Ҳа, шунақа хотинлар бор, — деб хўрсинган эди ўшанда Ҳокимназар омборчи. – Лекин, мингтадан битта. Балки, милёнтадан биттадир.

Кўп азият тортасан,
Меҳрибоним, бечорам.
Афсус, жуда соддасан,
Меҳрибоним, бечорам.
Менга аён тилагинг:
Бўлмоқчисан тирагим,
Меҳринг ўзи – кўмагинг,
Меҳрибоним, бечорам.
Тушунмайсан, қизгина,
Ҳар қадамда кин, гина,
Гул деганинг гоҳ игна,
Меҳрибоним, бечорам…
Ҳақлик енгар ўлимни
Ва ёритгай йўлимни,
Маҳкам ушла қўлимни,
Меҳрибоним, бечорам.
(1976)

Бирон бир нарса билан шуғулланишга ўчлигим, бировларнинг хизматига шайлигимдан баъзилар чаккироқ фойдаланган пайтлар ҳам бўлган. Пахта пункти яқинида мотоцикл ва велосипедларни тузатадиган устахона бўларди. Бир куни уста мени ёнига имлаб:
— Сизбоп бир иш топиб қўйдим, тойбола, — дея қўлимга игнатугма тутқазди. — Шуни валасапеднинг ғилдирагига тиқсангиз, “пис-с-с” этиб дами чиқади, яна бошқасига тиқсангиз, тағин “пис-с-с” этади. Ҳиҳ-ҳиҳ-ҳи…
Дадамдан тортиб, ишчиларнинг талай қисми пунктга велосипедда келарди. Мен пайт пойлаб юриб, уларнинг ғилдирагини тешаверибман-у, бу билан устанинг чўнтагига барака киритаётганимни билмабман.
Эркатойлигим, уйда айтганим айтган, деганим деганлиги ҳам айримларларга унум келтирарди. Маҳалламиздаги катта болалар қишлоқ клубида бугун жуда зўр кино бўларкан, деса, тунда ёлғиз юришдан қўрққаним боис, уч-тўрт кишига етадиган пул олиб чиқиб, Сотволди “доно”нинг ўғли Муҳаммаджон, Зокир “тулпанжон” каби ўсмирларни шерик қилволардим. Кинохонада бошқа маҳалланинг болалари билан жанжаллашиб қолсам, кузатувчиларим уларни ўша заҳоти талаб ташларди. Бора-бора, барчага танилиб, ётлар менга пашшалашмайдиган бўлди.
Файзибой отамизнинг ўғли Ўринбой акам ҳаво жуда исиб кетганидан нолиб, пул бўлганда, истансага бориб бир марўжна ялардик, деса, уйдан ўша заҳоти ундириб чиқардим. Усмон тоғамиз Риштондаги Маҳбуба холамни тез-тез йўқлагиси келиб қолар, яқинда бордингиз-ку, деб аям йўлкира беришдан қочса, дадамдан ўзимга деб олиб, пулни секин унинг қўлига қистирардим. Тоғам севинчдан титраниб, ичида нималардир деганича юзига фотиҳа тортиб қўярди.
Кейинчалик пулли юришнинг бошқа йўлини топдим. Аввалига, дадам ухлаган чоғда чўнтагига бир қўл солиб қўядиган бўлдим. Кейинроқ “пул овлаш”ни кундуз кунига кўчирдим. Жавонимизнинг кундалик харажатлар учун пул сақланадиган ғаладони қулфланса-да, латта-лутта турадиган пастки қисм эшикларини негадир очиқ қолдиришарди. Бир куни пастки эшикни очиб, тепадаги ғаладоннинг ён томонидаги кавакдан аста қўл тиқдим ва тахланиб турган пуллардан биттасини суғуриб олдим. Уч-тўрт кун ўтдики, биров ғинг демайди-да. Ўшандан сўнг, зарур бўлганида, икки-учталаб оладиган бўлдим. Шунда ҳам сезишмаганига қараганда, дадам берган пули нималарга ишлатилаётганини ортиқча суриштирмас, аям ҳисоб-китобни жойига қўйиб сарфлашни яхши билмас эди шекилли.
Одамлар нега бу қадар қашшоқлигининг сабабини ўшанда тушунмасдим. Вақти-соати келгач билдимки, шўрочилар ҳокимиятни қўлда сақлаб қолишда ҳам, давлатчилигини мустаҳкамлашда ҳам, биринчи галда қишлоқ аҳлини талаш услубларидан кенг фойдаланган экан. Фуқаролар уруши даврида Лениннинг қишлоқлардаги ортиқча озиқларни мусодара қилиш сиёсати асосида махсус қуролли бўлинма аскарлари уйларга қароқчиларча бостириб кириб, қўлга илинган егуликни олиб кетаверишган; кейинчалик бойроқ табақаларнинг мол-мулки “қулоқ”ликни тугатиш (кулак, яъни муштумзўр) шиори остида тортиб олиниб, ўзлари сургун қилинган; иккинчи жаҳон уруши даврида экинчилар колхоз далаларида бир чўмич гўштсиз овқат-у, яримта кулча эвазига ўн беш-ўн олти соатлаб текин ишлатилгани етмагандек, фронтга ёрдам деган баҳонада хонадонларга гўшт, тухум, сут, кўрпа-тўшак солиғи солинган.
Йил якунидаги ҳисоб-китобда (уни “йиллик отчёт” дейишарди) колхозчиларнинг қўли озгина нақд пул кўриб қоларди, бошқа вақтда меҳнат ҳақи эвазига буғдой, чит, пахта ёғи, совун каби маҳсулотлар бериларди. Кишилар бири қўй-мол боқиб, бири томорқасида мева-сабзавот етиштириб сотиш орқалигина нақд пулга эга бўлишарди. Бир қараганда, меҳнат ҳақи мўмайгинадек кўринса-да, унинг тенг ярми чегириб қолиниб, ўрнига қачон пулга алмаштирилиши номаълум бўлган “заём” деб аталувчи гулдор қоғоз бериларди. Кўпчиликнинг кўнглини кўтариб турган нарса айнан ана шу қоғоз эди, мен фалонча сўмлик зайим йиғиб қўйдим, деб бир-бирига мақтаниб юришарди. Ваъдага биноан, давлат урушдан кейиноқ бу қарзларини узиши лозим эди, аммо олмишинчи йилларга келиб, Хурушчёв заёмларни пулга алиштириш муддатини яна йигирма йилга чўзди. Шуниси қизиқки, сал ўтиб, йигирма йилдан сўнг СССРда коммунизм қурилади, фуқароларимизнинг ҳозирги авлоди коммунизмда яшайди, деб эълон қилинди. Коммунизмда эса, таомилга кўра, пул бўлмайди, онгги энг юқори даражада юксалиб бўлган кишилар имконига яраша ишлаб, эҳтиёжига яраша еб-ичиб яшайверади. Яна йигирма йилдан кейин пулнинг кераги бўлмас экан, заёмнинг қарзини тўлашга нима ҳожат қолади, дейдиган доно топилмасди. Баъзилар заёмларни сандиқнинг тубига жойлай бошласа, баъзилар бутунлай умидсизланиб, уларни тутантириқ қилишга тушди. Заёмбозлик халқ хўжалигининг барча жабҳаларига ёйилгани ҳисобга олинса, совет халқи дунёда энг кам солиқ тўлайди, деган сўзларнинг ёлғонлиги, ўшанда заём найранги туфайли кишиларимиз эллик фоиздан зиёд солиқ тўлаб келганлиги ҳақидаги гапларнинг ўринли эканлиги аён бўлади.
Қишлоқ аҳолиси бу мамлакатда одам ҳисобланмасди гўё. Бошқасини қўйиб турайлик, етмишинчи йилларнинг ўрталаригача, айрим тоифаларни истисно қилганда, уларга ҳатто паспорт берилмасди. Яхшироқ ҳаёт излаб шаҳарга кетиш тугул, ўз туманидаги корхоналарга кириб ишлашда ҳам мингта тўсиққа дуч келишарди. Бундай корхоналарда русчани пухтароқ биладиган, “орқаси бор”роқ ўзбеклар ўртача ўн беш-йигирма фоизни ташкил этиб, кўпроқ четдан кўчиб келган руслар ишларди. Ойликни тўлиқ нақд пул билан олувчилар айнан шу ишчилар ва давлат ташкилот-муассасалари ходимлари эди холос. Ўқитувчилар ҳам шу қаторда бўлиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш билан бирга, болаларнинг тузумга нисбатан муҳаббати ва ҳурматини оширишга нечоғли ҳисса қўшаётгани қаттиқ назорат қилиб бориларди.
Турмуш оғирлигига қарамай, кишилар унча нолимасди, аниқроғи – ошкора нолишдан ўлгудек қўрқишарди. Борига шукур қилишга, ортиқча жаврамасдан, ваҳима кўтармасдан яшашга уларни пухта ўргатиб бўлишган эди. Одамзотни ёмон аҳволга кўниктириш учун олдин бундан ҳам ёмонроқ кунларни бошига солиш кифоя, дейишади-ку….
Ўйинқароқлик қилиб, баъзан қоронғида қайтсам, уйдагилар: “Фалон жойларда ўйнама, пистон кўчадан юрма, ажинаси бор”, деб қўрқитишарди. Ажинаси кўп замонда яшаётганим, олдимда ажинаси бор йўллар турганини ўшанда менга ҳеч ким тушунтириброқ айтмагани қизиқ. Айтса, ажиналардан сергакроқ ҳимояланмоққа, зарурат туғилса, дангал олишувга киришмоққа, енгиб ўтиш усулларини ўрганмоққа тиришиб, ўзимни ҳаётга пухтагина ҳозирлаб борган бўлмасмидим.
Асли, сўзлаётган бу гапларининг туб моҳиятида чуқурдан чуқур маънолар, улкан-улкан фалсафалар яшириниб ётганини уйимиздагиларнинг ўзлари ҳам билмасди. Билса, кенгроқ, батафсилроқ уқтирган бўлишарди албатта. Уйини – мамлакат, қишлоғини дунё деб тасаввур қилганича яшаётган бу кимсаларнинг билими “тирикчилик назарияси”ни баҳоли қудрат ўзлаштириб олишдан нарига ўтган эмасди.
Илгарилари китоб эшитишни ёқтирган бўлсам, саводим чиққач, китоб ўқишга тобора берилиб боравердим. Гаров ўйнаб, уч кило гуручнинг ошини бир ўзи еб ташлаган Абдукарим бешқорин деган киши пахта пункти қаршисидаги магазинда мудир эди. У, дадамга гапимни қанчалар ўтказа олишимни синаб чарчамас, менга гоҳ чиройли матони кўз-кўз қилиб, дадангни маҳкам ушлагин-у, шуни аянгга олдириб бериб, бир суюнтир, деб ишқов берса; гоҳ жун рўмолни кўрсатиб, манавини бувингга совға қилайлик, тезда дадангни ишга сол, дея қистовга оларди. Дадамни кўндирмасдан қўймасдим.
У замонларда аралаш моллар дўконида китоб ҳам сотиларди. Китоб ўқишга ишқибозлигимни билган Абдукарим бешқорин: “Манавининг ичи ғиж-ғиж эртак. Манавининг расмлари кўплигини қара”, деб менга дам у, дам бу китобни тиқиштирарди. Нархини орқа муқовадан кўриб, пулни тезда олиб чиқардим. Китоб оламан десам, дадам пулни сира аямасди, ўша заҳоти рози бўларди.
Бир куни дадам билан дўконга кириб, болишдек келадиган, чарм муқовасида Сталиннинг бюстсимон сурати бўртиб турган, доҳийнинг сиёсий мақолаларидан иборат китобга суқланиб қолдим. Абдукарим бешқорин буни сезиб, энг зўр китоб мана шу дегандек бошмалдоғини кўрсатди ва қошида дадам томонга имлаб қўйди. Шу китобни олиб берасиз, деб туриб олдим; дадам эса, бунақа китоблар мактаб кутубхоналарида тиқилиб ётибди, уларни ўнинчи синфга борганда ўқийсан, ҳозир тушунмайсан, деб тез-тез одимлаганича ташқарига юрди. Ортидан чиқиб, олиб берасиз, деб додлашимга қулоқ солмай, ишхона томонга йўналди.
Абдукарим бешқорин очиқ деразадан сузилиб, ҳали аҳвол шуми, дегандек лабини бургани янада алам қилди, ҳўнграганимча тошйўлига чиқиб бориб, уйимиз сари чопқилладим. Юзимни юмдалагудек алфозда йиғлаб борарканман, йўл четидаги қатор-қатор тутлардан бирининг устидан чумчуқ боласи тап этиб олдимга тушди. Кимдан ўч олишни билмай турганимданми, тош билан бир уриб, чумчуқчанинг бошини шағалга чаплаб қўйдим.Урдим-у, шу заҳоти ўзимга келиб, полапоннинг патини силаганимча баттардан йиғлаб юбордим. Йўлда ҳам, уйга келиб ҳам чумчуқчага ачинишдан тўхтамадим.
Бу фожиани неча вақт унутолмай юрдим. Бир куни туш кўрдим – чумчуқчани қайта-қайта ўлдираётган эмишман, у яна тирилиб қолаверармиш. Охири пириллаганича ҳавога кўтарилиб, тутнинг энг баланд шохига қўниб олибди.
Уйқудан енгил тортиб уйғонсам-да, зум ўтмай ичимни яна зулмат қоплади. Абдукарим бешқоринни ўзимча қарғашга тушдим. Олакўз! Ишмақорин! Шу одам менга китобни кўрсатмаганида, дадамга ўчакишмаган бўлардим. Ўчакишмасам, чумчуқчаниям ўлдирмасдим.
Шўрлик чумчуқжон! Онаси роса йиғлагандир…

БИРЛАШГАН ҚЎШИН

Тушингни сувга айтқонда, покизароғини айт.
Гулмат ШОШИЙ

Болалигимда ғалати-ғалати тушларни кўп кўрардим. Бари рангли эди шекилли, аксарияти тўлиғича эсимда қоларди. Баъзилари ойлаб, йиллаб қайта-қайта ёдимга тушаверарди.
Дадам “мисилча” (мусича) деб атайдиган Акрам укам доим бўйнини қисиб юрувчи, зимдан мўлтайиб тикилувчи ювошгина бола эди. Сал нарсадан чўчинқираб, ёнидагиларга жовдираб боқиши кишининг раҳмини қўзирди. Шунга қарамай, анча дайди эди, ўйинга берилиб кетса, кўчадан келмас, кечки овқат маҳалида уни қидиришга тушардик.
— Қоронғи тушганда кўчада санғимагин, — дея уни қўрқита бошларди аям. – Нуса карис сенга ўхшаганларни пойлаб юради. Ушлаб олса, ўғирлаб кетади.
— Тағин шунақа қилсанг, ўзимиз сени пиёзфуруш Нусага сотворамиз, — деб қўшимча киритарди опаларим.
Бу гаплардан Акрам қолиб, менинг юрагимни ҳам қўрқув қопларди (ўша даврда корейслар асосан пиёз, шоли экиш билан шуғулланар, Нюся дегани деҳқончилигини эшакаравада маҳаллама-маҳалла сотиб юрарди). Шунданми, бир куни туш кўрсам, аям ҳовлимиздаги сўриток остида ҳуппа семиз Нюся билан сўзлашиб ўтирганмиш. Бир пайт, бу карис аёл аямга пул санаб берди-ю, нарироқда машиначасини ўйнаб ўтирган Акрамнинг қўлидан ушлаб, кўча ёққа етаклади. Ортларидан чопқиллаб чиқсам, россиячи бодрингфурушлар ёллаб ишлатадиган, усти брезент ёпинчиқли “ГАЗ – 51” такси юк машинаси, орқа бортининг ўртасидаги эшикчаси очилганича, кўчада турибди. Нюся укам билан бирга кузовга кўтарилиб, эшикчани ёпаётганда: “Ҳей, Акрам, тезроқ машинадан туш, аям сени карисга сотворди!” – деб қичқирдим. Укам менга кулиб қараганича тураверди. Машина қўзғалганда, орқасидан жон ҳалпимда югуришга тутиндим:
— Акра-а-м! Машинадан сакра! Сени қийнаб ишлатади булар!
Машина шитоб билан узоқлашаркан, укам борт эшикчаси устидан бўйланганича, кўзларини жовдиратиб қўл силкита бошлади.
Уйғонсам, ҳадеб ҳансираяпман, кўзларим жиққа ёш. Акрам ёнимда ухлаб ётганини кўриб ҳам, барибир анчагача ўзимга келолмадим. Ўпкам босилгач, яна айрилиб қолишдан қўрққандек, уни пинжимга тортиб, маҳкам қучоқлаб олдим.
Бошқа бир тушимда синфдошим Қ. га уйланаётган эмишман. Хотинлар “ёр-ёр” айтиб, уни уйимизга олиб кираётган эмиш-у, акаси келиб қолиб, мени калтаклай бошламасмикин деган хавотирда нуқул теваракка аланглаб боқармишман.
Тушларимдан яна биттасини ҳамон қаттиқ ҳаяжонга чулғаниб, юрагим ўзгача тўлқинланиб эслайман.
Яланг жойда турибман. Атрофимда – одамлар. Бирдан барчаси: “Ана! Худо! Худо бу!” – дея хитоб қилганларича осмонга қўл чўзишди. Тепага қарадим. Осмон тиниқ, кўм-кўк. Биттагина оқ булут аста сузиб келяпти. Ҳаётда бунақанги товланувчан рангни сира кўрмагандим – булут ниҳоятда оқ, оқдан ҳам оқроқ, кўзни қамаштирадиган даражада жимирлоқ эди. Чўзинчоқроқ шаклдаги ушбу булутнинг олд томонида бошсимон қисм, кўз-қошлари яққол ажралиб кўринмаса-да, кишини ўзига маҳлиё қилувчи жозибали бир қиёфа порлаб турибди. “Худо! Э, Худо!” – деганимча бир зум қотиб турдим, сўнг унга нимадир дедим. Ҳамма воқеа, шакл ва ранглар эсимда, фақат, нима деб гапирганим, нечундир, ёдимда йўқ. Лекин, аниқ биламан, нимадир ёки нималардир дедим. Оллоҳимнинг рамзи устимдан текис сузиб ўтаркан, ўта сокин ҳаракат ила бошини икки-уч бор қимирлатиб қўйди. Маъқуллаб бош қимирлатди.
Ўшанда ҳали мактабга бормагандим, чамаси.
Шоирчиликка муккадан кетган ўсмирлик чоғимдан бошлаб тушимда гоҳ-гоҳ шеър тўқиб турардим. Бир куни тушимда қайтариқлаб-қайтариқлаб олганим боис, уйғонибоқ, тайёр шеърни шоша-пиша қоғозга туширдим. Ҳануз онда-сонда уйқумда шеър тўқийман, аммо эндиликда уйғонганим ҳамоно сатрлар тизими миямда ўз-ўзидан эриб кета бошлайди, гоҳо кичик қисми мазмунини элас-элас илғашга улгуриб қоламан.
Ёшлигимда тушимда ўлиб ҳам кўрганман. Ўзимнинг жасадимни ўзим бир четдан кузатиб турибман, денг. Худди ухлаётгандек, миқ этмасдан, кўрпада узала тушиб ётибман. Сочим негадир оқ эмиш. Теварагимда бир гала одам, барининг кўзида ёш, лекин уларнинг бирортаси ҳам менга таниш эмас. Дадам қани? Аям қаёқда қолди?
Туш нима? Бу саволга ёруғ дунёнинг бирон-бир мутафаккири жўяли жавоб топа олган эмас, ҳар ким ўзича фаразлаб кўради холос. Менимча эса, туш нариги дунёнинг мавжудлигидан бизга муттасил дарак бериб турувчи; шу билан бирга, гоҳо ўтмишимизни эслатиб, гоҳо орзу-ўйларимизга туташ бўлмиш келажагимиз ҳақида сирли ишоралар қилувчи; хаёлдан ўтказганларимизни дам тасдиқлаб, дам инкор этувчи; неларгадир чорлаб, нелардандир огоҳлантирувчи илоҳий бир мўъжизадир, вааллоҳу аълам.

Гўрўғли дер тушимда:
“Жангчимисан, тушунмам –
Қалқонинг бор, қилич йўқ…”

* * *

Ҳордиқ бермай оёққа,
Югуряпман қаёққа,
Бобом ётган жойгами?
(“Уччаноқлар”дан)

Кечмишимни ёзяпман-у, булар ҳам ҳаммаси тушга ўхшаб туюляпти. Ана, тўртинчи синфга ҳам кўчдим. Эски мачит билан хайрлашиб, Қувирбошидаги ўрта мактабга қатнай бошладим. Мактаб деса дегудек узун бино, деворлар оқланган, эшик-деразалар бўялган, еттита синф хонаси, директор ва ўқитувчилар учун алоҳида-алоҳида кабинетлар, ҳовлиси кенг, бир четида волейбол майдончаси, бир томонида сумка ёки кийимлар уюмидан дарвозачалар ясаб, бемалол футбол ўйнаса бўлади. Ўқувчиларнинг бир қисми тушгача, қолганлари тушдан кейин таҳсил олишади.
У ёқда “яккахўжайин” бўлиб, яйраб юрган эканман. Бу ёқда синфлар кўп, ҳар қайси синфнинг ўз кузури бор. Мен “Б” синфда етакчироқ бўлсам, тўртинчи “А” синфнинг муштумзўри Зокир деган бола экан: ўта ҳаракатчан, қорачароқ, товуши ўткир, кўзи доим пилдираб туради. Тагини суриштирсам, бу бола ўқитувчимиз Мақсуда опага шайдоланиб юриб, Тожикистонга кетиб қолган ўша Тоҳирбек деган йигитнинг укаси бўлиб чиқди. Зокир ҳам менинг обрўйим тўғрисида у-бу сўзлар эшитган бўлса керак, кел, курашиб кўрамиз, деб қолди бир куни. Кураш тушиб, бир зумдаёқ гуп этиб йиқилдим. Яна курашамиз, дедим. Яна йиқилдим. Учинчи олишувимиз жуда узоққа чўзилди, охири ёнма-ён бўлиб йиқилдик. Унинг кўпроқ чарчаганини пайқаб, тағин бир курашайлик-чи, десам, томошачиларнинг ишқовига қулоқ солмасдан, ҳансираганича қўлини силтади-ю, индамасдан нари кетди.
Шу беллашув туфайли Зокир билан иноқлашиб қолдик. Бу ҳол, асосан қувирбошиликлардан иборат бўлгани учун бошданоқ биз “келгинди”ларга тазйиқ ўтказишга уриниб юрган барча “А”чиларга ҳам таъсир этиб, “Б”чиларга дўстона муомала қила бошлашди. Бешинчи синфда ҳам қадрдонлигимиз давом этди. Лекин, гоҳ-гоҳ у синфдаги бирон-бир бола бу синфдагилардан биронтаси билан ёқалашиб қолар, ҳар гал ўзаро жипслигимиз дарз кетаётгандек туюларди. Нимадир сабаб бўлиб, еттинчи синфда ўқийдиган олакўз боладан шапалоқ едим-у, аламдан ғижинишим босилмасидан, бешинчи “А” билан “Б” ўртасида аҳилликни батамом мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир фикр калламда ярқ этиб чақнади.
Майдалар билан пачакилашишни ўзларига эп кўрмагани учунми, юқори синф ўқувчилари бизга унча хиралик қилмасди, аммо бир-икки синф баландда ўқийдиганлар ҳар қадамда зўрлигини кўрсатишга уринарди. Бир куни танаффусда мактаб ортидаги обжувознинг тўқмоқлари гуппа-гуппа шоли янчишини Зокир билан биргаликда томоша қилиб туриб, кўнглига секин қўл солдим; каттароқ синфдагиларнинг кичикларга олифтачилиги ортиб бораётганидан гап очиб, бундан кейин улар биронтамизга тегадиган бўлса, иккала синф бирлашиб таъзирини берсак-чи, дедим. У ҳеч ўйланиб ўтирмай, таклифимни тезда маъқуллади.
Ушбу битим икки кун ўтиб-ўтмаёқ амалда кучини кўрсатди. Катта танаффусда иккала синф болалари аралашиб футбол ўйнаётсак, бир ҳафтача олдин мени тарсакилаган ўша олакўз болага тўполонимиз ёқмай, сўкинганича келиб тўпимизни олди-да, мактаб яқинидаги ҳовлининг чавра деворидан ошириб тепиб юборди. Зокир иккаламизнинг беихтиёр кўзимиз тўқнашди. Мен сал ишора қилганимни биламан, у: “Сол, болалар!” – деб қичқирди-ю, олакўзга ташланди, ҳамма футболчи шу заҳоти рақибнинг устига ёпирилди. Бизникилардан иккала Абдулла, Раҳим, Абдураҳим; “А” синфдагилардан Зокир, Мутал, Исром зўр муштлашарди, қолганлар жангариларни қувватлаб турардик. Шўринг қуриғур олакўз нима воқеа юз бераётганини англаб улгургунча, болалар уни ерга йиқитиб, бир зумда пўстаксудраш қилиб ташлашди.
Жабрдийданинг пешанаси қонаб, этлари моматалоқ бўлиб кетгани, жанжалнинг сабаби директорнинг хонасида муҳокама этилгани боис, бу воқеа мактаб миқёсида анча шов-шув бўлди. Шу баҳонада, бешинчи синфдагиларнинг “бирлашган қўшин”и ҳамманинг оғзига тушди, юқори синфлардагилар биздан қўрқишни балки хаёлга ҳам келтирмагандир, аммо балодан ҳазар дебми, ҳартугур қитиғимизга унчалик тегмай қўйишди. Биз ҳам иззатимизни билиб, уларнинг жаҳлини чиқаравермасдик. Мабодо, орамиздан кимдир катталар билан жанжаллашиб қолса, кўпчилик бўлиб бориб, иш кучаймасиданоқ ажратиб қўярдик, нега ўзингдан кичикка ёпишасан, деб зўравонга “қозоқ пўписа” қилиш билан чекланардик. Бу каби ҳолатлар майда нарсадек кўринса-да, “бирлашган қўшин”нинг сафини янада жипслаштириш, жанговарлигини оширишда аҳамияти катта эди. Энди барча бирдек тушуниб бораётганди – бирликда ҳамма ўзини хавфсиз сезади.
Зокир мендан кучлироқ эканини ҳис этса-да, орамиз бузиладиган даражада асабимга тегмасди. Очиғини айтсам, унинг “А” синфдаги энг таянганлари билан қадрдонлашиб олганим учун орамиз бузилиб қолишидан энди олдингичалик ташвишланмай қўйгандим. Менимча, буни Зокир ҳам аллақачон пайқаб етганди.
Ўзгаларга жангаридек кўринардим-у, аслида, ҳануз қўрқоқ эдим, имкон қадар жанжал қўзғамасликка тиришардим; ҳар қандай тўқнашувдан олдин юрагим пўкиллашга тушарди, олишувга киришгач эса, одатдагидек, бирданига бошқача одамга айланардим, калтак таъсир қилмай қўяр, охиригача юлишардим. Мен учун энг қулайи рақибларга гала бўлиб ташланишда иштирок этиш эди: ҳамманинг кўзи битта сенда бўлмайди, муштлашаётиб ўзингни жуда эркин сезасан; сал бўш кела бошласанг, ёнингда ҳашарчилар кўп, нуқсонингни ёпиб ташлашади.
Уйга келгач, бўлиб ўтган жангни кечаси ўйлаб ётиб, юрагим яна орқага тортарди. Биронтаси ортимдан ташланиб, аччиқ устида калламга тош-пош билан урса, нима бўларди? Ёки бошқа бир жиннироғи пичоқчасини ишга солса-чи? Ана, “тўққизинчи”даги Тўлқин ака Иброй “махорка”нинг елкасини пичоқда тилиб ташлади-ку! Яна кимдир, синфдоши билан уришиб, кўзига ручка санчибди! Қўшнимиз Тўравой тоғанинг гапи эсингдами – жазаваси тутганда, сичқон дадасини қандай еб қўйганиниям билмай қолармиш.
Ўйланиб ётарканман, хоҳ ўзимизникилардан, хоҳ рақиблардан бўлмасин, қаттиқроқ калтак еган баъзи болаларнинг хўрланган алфозда туриши, изтиробли қиёфаси кўз олдимда жонланиб, ичим шилинарди. Ҳатто кўзим ёшланарди.
Раҳмдиллигим боис қўрқоқмидим, қўрқоқлигим боис раҳмдилмидим?
Турли эртак-ривоятларда, кишиларнинг ўзаро суҳбатларида кучсизларга, муҳтожларга нисбатан шафқатсизлик қораланиб, меҳр-мурувват улуғланиши, буларнинг бири кўнгилни эзадиган, бошқаси кишига ички енгиллик бағишлайдиган тарзда баён этилиши; туғма таъсирчанлигим боис булардан беҳад тўлқинланиб юришим, кечалари билан қайта-қайта ўйлайверишим қалбимда дам чандиқ, дам чечак шаклида ўчмас из қолдириб бораверди. Иброҳим Адҳамнинг тамтамлик тахтидан тушиб одми бандага дўна бориш, ўзини дабдабабозлик, ётларга бефарқлик касалликларидан халос этиш истагида чеккан азоблари; Машрабнинг манманликка, ҳаром бойликка ҳирс қўйган, эл дардидан буткул йироқ бўлган очкўз ва қаллоб кимсаларга қаратилган ўтли нафрати остида ётган маъноларни чуқурроқ англаганим сайин, ҳалолликка, адолатга тобора шайдоланавердим. Бор баданига яра тошиб ётган Аюб пайғамбар жароҳатидан озиқланаётган қуртлардан бири пастга юмалаб кетганида, шўрликнинг ризқи қийилмасин дея уни яна жойига олиб қўйганини Файзибой отамиздан; хотинлари қиз туғса, чақалоқни тириклайин кўмиб ташлаш даражасида ваҳшийлашган қабилаларни эзгуликлар сари етаклаш йўлида Муҳаммад пайғамбар бобомиз минглаб уқубатларга дош берганини, ҳатто қайсидир муттаҳамларнинг кесак отишига ҳам индамай чидаб тураверганини Сарвинисо бувимиздан эшитаётиб, кўзимдан ёш қуйилаверди.
Шу кабилар натижасида беозорликка, раҳм-шафқатга талпингандан талпинаверишим қалбимда аёвчанликни кунма-кун юзага келтира бориб, қўрқоқликка айланаверган бўлса-чи?!

СУРНАЙБОЗЛИК

Одам боласининг нодирлиги шундаки, ўлгунича яшайверади.
КУЛКУЛ афанди

Бешинчини битиргач, умримда биринчи марта “пионерлар лагери”га бордим. Одат шунақа эди – ёзги уч ойлик таътил чоғида бошланғичликдан ўтган ўқувчиларни уч гуруҳга бўлиб, ҳар қайси гуруҳни бир ой-бир ой оромгоҳда бепул дам олишга юборар эдилар. Боришни истамаганлар мажбуран жўнатиларди.
Дастлабки кунларда, ёзнинг жазирамасидан қутулиб, Қапчуғайқир оралиғидаги қалин дарахтзор ичида яшаш, сойда яйраб чўмилиш, серсоя жойга тикилган брезент чодирда ухлашдан олдин кўпчилик билан бурнингдан чиққунча гурунглашиб ётиш жуда ёқиб тушди. Бироқ, икки-уч кун ўтибоқ, уйдагиларни соғиниб кетдим; соату минутларга тақсимлаб чиқилган бир хил ҳаёт, тинимсиз равишда тартиб-интизом талаб қилиниши, эрта тонгда ширин уйқунгни бузиб уйғотишлари, зўрлаб бадантарбия қилдиришлари; овқатнинг сифатсизлиги, навбатчилигингда ифлосланиб ётган ҳожатхонани ҳам супуриб, кўнгил айниганидан овқат маҳали иштаҳасиз ўтириш, ўзингни бирон дақиқа эркин сезолмаслик, ҳатто тепангда пишиб турган ўрикни ўз ихтиёринг билан қоқиб еёлмаслик каби ҳолатлар тобора хунобимни ошираётганди. Сафланганча сайл қилиб келишниям хушламасдим, чунки маҳалламиздан тўрт километрча наридаги бу қирга олти-етти ёшимдан бошлабоқ чучмома теришга чиқавериб, уни томоша қилишнинг мен учун ҳеч қандай қизиғи йўқ эди.
Жуда зерикиб юрганимда, эрмак топилгандек ҳам бўлди. Таомилга кўра, лагернинг ўз гўрн (руслар “горн” деб атайдиган бурама сопли мис сурнай) чалувчиси бўлиши шарт экан. Келганимиздан буён гоҳ у, гоҳ бу бола эрталабда гўрнни бир пинғиллатиб, бир чинғиллатиб қўяётгандек эди. Лагернинг бошлиғи пионервожатийларга (ўқувчилар етакчиси) шуни уддалаб чаладиганни топинглар, деб буюрибди. Мени топишди.
Мактабимиздаги мусиқа тўгараги хонасида шунга ўхшаш гўрн чанг босиб ётарди. Бир куни уни латтада артиб, чалишга уриниб кўрдим; ҳарчанд зўр бериб пуфламай, нуқул вишиллоқ овоз таралади, нари борса, орада “ғақ, ғуқ” этиб қўяди. Мусиқа тўгараги раҳбари Мамадали-ғижжак бу уринишимни кўриб, қуруқ пуфлашдан фойда йўқ, худди вириллоқ товуш чиқаргандек лабингни пирпиратиб пуфла, деб ўргатди. Айтганини қилдим, иш анча осон кўча бошлади. Қиёмига етказиб ўрганмагунча қўймайман деб, ҳеч кимга керак бўлмай ётган гўрнни бир куни яширинча уйга олиб кетдим, ўн кунча машқ қилиб юриб, охири пиёниста қўшнимиз Теша Қурбоннинг кесакбўронига учрадим-у, секингина жойига элтиб қўйдим. Мана, ниҳоят, шу ҳунаримни тўлиқ намойиш қилиш имкони туғилди.
Оғизда чалиб берган оҳангларини гўрнда айнан ўшандай такрорлай олганим етакчиларни беҳад қувонтириб юборди. Шу дамданоқ лагер гўрнчисига айландим. Эрталаб ҳаммадан олдин уйғотишади. Бошқаларни ҳам оёққа турғазиш учун гўрн чалишга тушаман – тут-туту-ту, тут-туту-ту. Бадантарбиядан сўнг болалар умумйиғинга сафланишади, баланд ёғоч мўмиқдан осилиб тушган ип тортилиб, байроқ кўтарила бошланади – тут-туту-ту, тут-туту-ту. Нонуштага, тушликка, кечки овқатга чақирилади – тут-туту-ту, тут-туту-ту. Ён-атрофга пиёда сайлга чиқилади – тут-туту-ту, тут-туту-ту. Шомда яна умумйиғин ўтказилиб, эртанги тадбирлар эълон қилинади, байроқ туширилади – тут-туту-ту, тут-туту-ту. Уйқуга ётишга даъват этилади, бунисининг оҳанги бошқача – ту-у-т, туту-у-т! Тут-туту, тут-туту, тут-ту-ту ту-у-т! Туту-у-у-т!

Чалиб гўрн, барабан,
Келдик боғ ва даладан.
Анави – нок, бодринг – бу…
Дўмбира-дўм-дўм,
Тут-тут-ту.

Йўлда чангга ботдик биз,
Қайноқ сувни келтир тез.
Қилволайлик бир чўм-чўм…
Тут-ту, тут-ту,
Дўмбира-дўм.
(“Мева ва сабзавотлар қўшиғи”)

Бу ҳам жонга тегди, етакчилар барчага кўз-қулоқ бўлиб юришларига қарамай, қулай фурсат топиб, лагердан қочиб кетдим. Уйимизда бир кунгина эмин-эркин яшадим холос; мактабимизнинг директори Неъматжон ака шахсан ўзи келди-ю, бир пўписалаб, бир яхши гапириб, мени мотоциклига мингаштирганича яна лагерга элтиб қўйди. Билсам, юқоридан текширувчилар келиши арафасида лагеримиз гўрнчисиз қолди, деб муассаса раҳбари директоримизга мени тезда топиб келишни буюрган экан.
Лагерда мени ҳеч ким тергамади, аксинча ширин муомала қилиб, бундан буён тарбиячиларга ажратилган кўк чодирда ётишимни, улар билан алоҳида жойда тамаддиланишимни, овқатни истаганча ейишим, гўрн чалишдан бўш пайтларимда ўзим хоҳлагандек дам олишим мумкинлигини айтишди. Амалда шундай бўлди ҳам.
Кўк чодирда каравотлар кўп, тарбиячи жувонлар сони кам бўлгани учун бир қисмига ўқувчи қизлар жойлаштирилган, уларнинг орасида маҳалладошим, бир пайтлар бир дўппи гилос эвазига менга “ҳақиқий келин” бўлган қиз ҳам бор эди. Менга тарбиячилар қаторининг энг четидан жой ажратилди. Биринчи кечадаёқ ҳаддимдан ошдим-у маҳалладош қизга тегишқоқлик қилишга уриниб кўрдим. Қаттиқ туртки еганим қолди.
Қиз енгил-елпироқ тарзда бўлса ҳам арз қилган шекилли, тарбиячилар ортиқча гап айтмай, қизчаларимиз сендан тортинаётганга ўхшайди, дея яна ўз чодиримга қайтаришди. Бундан аразланиб юрдим. Боғимиздан қуйироқда яшовчи лўлилар лагер бошлиғининг ҳузурига келиб, шу сурнайчиларинг ўлмади, биз қутулмадик, деб арз қилишгани баттар зардамни қайнатди. Ё ўша ҳуркак қизчанинг, ё лўлиларнинг қарғиши тегдими, навбатдаги сайл чоғида сойда чўмилаётиб, чўкиб ўлишимга оз қолди.
Қапчуғайсой саёз бўлгани учун тахтадан тўғонча ясаб, чўмилганнинг кўксини кўмадиган қилишганди. Чўмилаётиб тўғончага яқин бориб қолибман, шўнғиганимда бирдан тезкор оқимга дуч келдим-у, то нима бўлаётганини англагунимча, сув мени худди сўрғични сўргандек домига тортиб, калламни тахтанинг остига тиқиб ташлади. Аввалига олдинга эмаклашга уриндим, елкам шилиниб жизиллаётгандек туюлгач, иккала шапалоғимни тепадаги тахтага тираган асно ўзимни ортга тортдим. Бошим қисилиб, энди юзларим шилинаётгани, бурнимга қум тўлаётганини сездим. Нафасим етмай қолганида кўзларим сув остида ўз-ўзидан очилиб кетди, майда тошчалар бошимнинг икки ёнидан шалдираб оқиб ўтаётганини аниқ-тиниқ кўрдим. Тошчаларнинг бир қисми иягим остига тўпланаётганди.
Нафас олмасликка чидамим қолмаганида, тамом, ўлдим, деб ўйладим; яқинларим кўз ўнгимдан липира-лип ўтаверди, улар янада чиройли бўлиб кетгандек эдилар. Олдинга судралишга уринсанг ё елканг, ё қуймичинг қисилиб қолади деган ички товуш жаранглади миямда ва каллам узилса узилиб кетар дея жон жаҳдим-ла ортга талпиндим. Бошим ниҳоят тахта остидан суғурилди. Салгина нафас олишданми кўкрагим қаттиқ ачишиб кетган паллада, хайриятки, сув остидан қутулиб чиқдим; тахтани чангаллаб сапчиладим-у, гавдамни қозиқдаги сочиқ мисоли тўғончанинг икки томонига осилтирган асно шалвираб туриб қолдим. Оғзимдан варақлаб сув сочилди, бир лаҳза ҳушимни чала-чулпа йўқотдим ҳам шекилли, тарбиячилар ҳовлиққанларича мени қирғоққа олиб чиқишаётганини элас-элас пайқадим.
Умрим ўзим ўйлагандан кўра узунроқ бўлади. Ҳаётда ҳали неча бор “бир ўлим”дан қоламан. Бу – биринчиси эди.
Сойдаги тўғонча остидан омон чиққач, орадан бир кун ўтиб, яна лагердан қочдим. Бу гал ҳеч ким мени қидириб келмади. Текширувчилар лагерга аллақачон келиб кетишган, энди бировга унчалар керагим қолмаганди, чамаси. Бекорчиликда бадиий китобларни ўқишга, шеърлар битишга берилдим.
Шоирчиликка қачон ишқим тушганини аниқ эслолмайман. Ёдимда бори шуки, тўртинчини тугаллаётганимдами, Холис опам Манзура деган синфдошининг ўлимига бағишлаб ёзган шеърини уйимиздагиларга ўқиб берганида, дадамдан тортиб ҳамма уни мақташга тушганди; бу мақтовлар менга қаратилмагани алам қилиб, шошмай тур, бу уйда барибир мендан зўри йўқ, дегандек опамга нисбатан ҳасадим қўзиган, шеър тўқишга чираниб урина бошлаган эдим. Ҳа, шунчаки шаштни қўзитувчи, ётларга зиёни тегмайдиган ҳасад ижобийдир.
Бир куни дадам билан Фарғона шаҳрига айланишга борганимизда ўшанда янги пайдо бўлган “Ғунча” журналига кўзим тушиб, сотиб олдим. Уйга келгач, уни завқланиб варақлай кетдим, расмларни яйраб томоша қилдим. Лекин, ундаги шеърларнинг баъзилари жуда жўн туюлди, мен ҳозирнинг ўзида бундан яхшироқ ёза оламан, деган ҳавойи бир ишонч чақнади кўнглимда. Шу мақтанчоқлик туртки бериб, кунига шеърлар ёзавердим, уларни иссиғида конвертга тиқиб, кун ора “Ғунча”га (бошқа нашрлар ҳам борлиги сира хаёлимга келмасди) жўнатавердим. Уёқдан келган хатларнинг мазмуни ёзганларим ҳали жуда бўшлигини англатса-да, буни тан олишни асло-асло истамасдим.
Орада гоҳ аямга, гоҳ бувимга қўшилиб, Оқбўйра, Чимён, Риштон, Фарғонадаги қариндошларникида меҳмон бўлиб келдим. Фарғонани кичкиналигимдан яхши кўрардим, аммам, унинг эри Қосимжон опоғдадамиз жуда одамижон эдилар. Уларнинг мендан бир-икки ойлик катта бўлган Машраб исмли ўғли билан жуда қадрдон эдик, баъзан ота-онасига эргашиб келиб, бизникида ҳафталаб қолиб кетарди. Бувим иккаламиз уни уйига ташлагани борсак, биз ҳам қайтишга шошилмасдик. Дадамнинг амакиваччаси, Акбар эшоннинг ёлғиз ўғли Мухторжон тоғанинг хонадонига ҳам бориб турардик, кўпинча унинг менга тенгдошроқ қизи Ҳалимахон билан ўйнардим, ҳовлиларининг ичидан оқиб ўтадиган ариқда чўмилиб чарчамасдим. Баҳром эшон бобомизнинг қариндошларидан саналмиш Каромат эшон Андижоннинг Қўрғонтепасидан, Ўлмас тоға Тошкентдан келиб қолса, қувончим ичимга сиғмай кетарди. Иккаласи ҳам ўта диндор эса-да, тавозега ортиқча берилмас, даврада қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб ўтиришарди, кўп эртакларни билишарди, артисларга ўхшаб ҳикоя қилишарди.
Ўлмас тоға асли намангонлик эди. Бир сафар гапдан гап чиқиб, бизнинг Чалтоқ (Чортоқ) “чолтоғ”дан келиб чиққан, қор қалин ёғганида фалон қирдаги (жойнинг номи эсимда йўқ) тепаликдан туриб қаралса, тоғ чўққиларидан бири соч-соқоли оппоқ, оғзи, бурни, кўзлари бор чолга ўхшаб кўринаркан, иқлим ўзгарганми, кейинчалик кўзга аниқ чалинмай қолибди, деганига кўра, ўша тарафда ўсиб-улғайган бўлса керак.
У Тошкентдан уйланиб, Шайхонтоҳурда истиқомат қиларди, биттагина қизи бор эди. Тўрт-беш ёшлардамидим, бувим билан аммамга қўшилиб, паравозининг мўрисидан қоп-қора тутун паға-паға буруқсаб турувчи поездда уларникига борганман. Уйи шинамгина кўринар, ҳовлиси жуда тор эди. Қимтиқ кўчага ўзимча чиқиб, пастлиқ сари юра бошлаганим, қизил ғиштли пиллапоядан тушгач, катта йўлда адашиб қолиб йиғлаганим, Ўлмас тоғанинг жияни мени ахтариб топиб, силтаб-силтаб тергагани, унга ўшқириб берганим эсимда. Йиллар ўтиб, Ўлмас тоға вафот этганида, раҳматлининг ҳамма бойлиги тошкентлик хотинига қолиб кетди, деган эди бувим. Айтишларича, у диндор тоифалар орасида айланиб юрувчи қандайдир сирли олтинларни бир қўлдан иккинчи қўлга хуфиёна элтиб берувчилардан бири бўлган экан. Яна бир қариндошимиз – Хоним энамизнинг отаси Ҳамро бува ҳам Тошкентда яшарди, пишиқ савдогар дейишарди, аммо уларникига ҳеч бормаганмиз. Юз ёшдан нарида вафот этгунга қадар ўзи энам билан бирга бизникига онда-сонда келиб турарди.
Неча замон ўтиб, гоҳ китоб чиқариш, гоҳ университетда таҳсил олиш, гоҳ ишга жойлашиш умидида Тошкентга қатнаб, ётоқхона тополмай сарсон юрганимда; топсам ҳам бири шаҳар марказидан узоқда, бири шароити оғир бўлган хонадонларга дуч келганимда; пойтахтдаги бу иккала қондошимдан лоақал биттаси тирик эмаслигидан, улардан сўнг алоқаларимиз узилиб қолганидан афсусланиб кетардим. Узоқми, яқинми, ўз жигарини ким ҳам кўчага ташлаб қўярди, деб ўйлардим. Султон суягини хўрламас, дейишади-я!
Булар – келгусидаги гаплар. Ҳозирча бола эдим, бунақа “дабдабали фалсафа”лар калламдан буткул бегона эди.
Бир қарасанг, шуниси маъқулдек – фалсафасиз яшаш тинчроқ, файласуфлик ҳаловатингни бузади.

Давоми бор

10a.jpg Anvar Obidjon
AJINASI BOR YO’LLAR
(TURMUSH KECHINMALARI)

094

Сурат тайёр.jpgAnvar Obidjon Farg’ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog’ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug’ilgan. 1964 yilda o’rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo’jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko’chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho’lpon» nashriyotida bosh muharrir, O’zbekiston televideniesida muharrir bo’lib ishlagan. Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to’plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o’ziga xos yo’l tanladi.
«Bulbulning cho’pchaklari», «G’alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O’zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kollektsiyam», «Shirin so’ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo’shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do’stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug’ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo’ng’iroqli yolg’onchi», «Pahlavonning o’g’irlanishi» Anvar Obidjon so’nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o’g’ri» (1996), «To’tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O’zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo’lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
2 parcha

AZADAGI BEKINMACHOQ

Iya, hali biron martayam
tobutda bo‘lmaganmisan?!
KULKUL afandi

Ko‘pchilik qondoshlarga ayamning oyoq-qo‘li chaqqonligi, yig‘inchoqligi, bichuv-tikuvda chevarligi, qo‘li ochiqligi yoqardi. Pazandalikda Sarviniso buvimizning oldiga tusholmasa ham, xamir ovqatlarga ancha usta edi. Yopgan nonlari chiroyli, bo‘rsildoq bo‘lardi. Ayniqsa, buvimdan o‘rganib olib, qaymoq surtilgan yupqa xamir yoymalarini qat-qat to‘shaganicha, siyrak chekich urib, yupqa juvalab tayyorlaydigan qatlama patirlari og‘izda erirdi.
Ayam mehmonlarni kutib-kuzatishdan charchamasdi. Xohi qarindoshlar kelsin, xohi dadamning ulfatlari yig‘ilsin, hech bir malol olmasdan xizmat qilar, hatto men uyga o‘rtoqlarimni boshlab kirsam ham, aytganimni qilib, tezda dasturxon yozardi. Uning g‘ayrati balandligi haqida gap ochilsa, ko‘proq bir voqeani eslashardi: ayam kolxoz dalasiga chiqib ishlagan chog‘larida, brigada boshlig‘i Xolis opamni bironta o‘smir qizga topshirib, Munisxon sendaqalardan o‘ntasining ishini qiladi, shu bolani o‘ynatib, ovqatini berib o‘tirsang ham senga mehnat haqi yozaveramiz, der ekan.
Boshqa yoqdan qaralsa, ayamning jahli juda tez edi, o‘zgalar chetda pichirlashib gaplashganini ko‘rsa ham birdan gezarib qolardi, sal narsaga janjallashib ketardi, bor tovushda sannashga tushsa, birov bas kelolmasdi. Birgina dadamdan hayiqardi, lekin paytini topib, oilada hukmronlikni qo‘lga olishga bot-bot urinib ko‘raverardi, baribir bunga erisholmasdi.
Sarviniso buvimiz ayamni unchalik xushlamasdi, bu yalangoyoq o‘ziga muncha bino qo‘ymasa, uni o‘g‘limning pullari quturtiryapti, deb g‘udranardi gohida. Hatto duvonaxon Usmon tog‘amiz ham o‘zining oqsuyaklar avlodidan ekanligidan g‘ururlanishni bilar, ayam birda bir ko‘nglini og‘ritsa, zoti past qorayaloq, deya chaqchayib boqardi.
O‘sha damlarda bunday gaplar menga g‘alati va tushunarsiz tuyulardi. Vaqt o‘tib, aqlim ancha quyulganidan so‘ng, har ehtimolga qarshi, ayamning nasli bilan qiziqib ko‘rdim. Bilsam, otasi G‘afur buva o‘rtahol dehqon bo‘lgan ekan, ammo uning otasi qishloqqa qozilik qilib o‘tgani nazarda tutilsa, nasabi juda yerga urarlik darajada emasdek ko‘rinadi. Buning ustiga, ayamga ona bo‘lmish Xonim enamizning asli rishtonlik, keyinchalik Toshkentda boshqa ayolga uylanib, yuz yoshdan ortiq umr ko‘rgan otasi Hamro buva bikirgina tijoratchi edi. Dadamning urug‘lariga o‘xshab oq-sarg‘ish tusli, tirsilloq yonoqlari qizg‘ish tovlanib turuvchi bu kishi Toshkentdan tashrif buyursa, uyida sharoit yo‘qligidanmi, enam har safar uni biznikiga boshlab kelar, bir-ikki kun tunab qolishardi. Bir kuni Xonim enam menga qarab, otam to‘la tojik, men yarim tojik, desa, bu ta’rif Hamro buvani qoniqtirmay, biz toza fors urug‘idanmiz, oq tojikmiz, bobolarimdan biri hatto Eron shohi (shohning ismini aytgan edi, esimda qolmagan) saroyida xizmat qilgan ekan, degan edi. Shunda Xonim enamiz:
— Agar qora tojik onamgamas, Sizga tortib chiroyliroq tug‘ilganimda, birorta boyga xotin bo‘larmidim, — deya qaqoqlab kula ketgandi.
Zamona zayli bilan G‘afur buvaning qashshoqlar qatoriga tushib qolishi uning butun bir zuryodini beobro‘ qilgandi, chamasi.
G‘afur buvadan Mavlonjon, Munisxon (onam), Habibaxon, Alomatxon, Olimjon, Shahrixon degan farzandlar qolgan. Ayamning akasi Mavlon tog‘am ikkinchi jahon urushiga borib, bedarak yo‘qolgan. Xonim enamiz 97 yoshida uzilgan bo‘lsa, oxirgi yillarda ham umidsiz bo‘lmay, ko‘nglim doim sezib turadi – Mavlon o‘g‘lim baribir tirik, chet mamlakatda birortasiga uylanvolib, bola-chaqaning tashvishiga botib qolgan-da, deb yurguchi edi. Uning ko‘nglini avaylabmi, tirik bo‘lsa biron xabari chiqar edi, degan gapni hech kim aytmasdi. Aksincha, daraksiz ketganlarning ko‘pi tirik emish, yurtiga qaytsa qamalishdan qo‘rqib, jim yurishganmish, deya kampirning ichiga yorug‘lik solishga urinishardi.
Bolaligimda ham, keyinchalik ham “uzoq yo‘lga safar qilgan otam-mo‘, otam” deb o‘krangan kuyi tolhassani takillatgancha o‘tib borguchi o‘g‘il-nevaralar ortidan tobut ko‘tarib kelayotgan odamlarni ko‘rsam, yuragimda bildiriksiz bir g‘ulg‘ula jonlanib, lohas turib qolardim. Har gal ko‘z o‘ngimda bir manzara paydo bo‘laverardi: xuddi shunga o‘xshagan usti yopiq tobutga kirib boryapman, qorong‘uroqda qolganimdan yuragim orqaga tortayotgan chog‘da yonimda yana kimdir paydo bo‘ladi, quvonib ketaman. Sherigim bilan uymalanib o‘tirganimizda, ichkariga birdan yorug‘lik yopirilib, yuzini jun bosgan bir jins bizga teparoqdan baqrayib mo‘ralaydi, qo‘rqib ketaman. Jundor jins yopinchiqni kattaroq ochib, changalini men sari cho‘zganida, chirqirab yig‘lashga tushaman…
Nega bundayligini sira tushunolmasdim, ko‘nglim doim xira tortardi. Oxiri, bola-chaqali bo‘lgan mahalimda tasodifan buning tagiga yetdim. Bir kuni gapdan gap chiqib, ayam eskidan eski voqeani so‘zlab qoldi. G‘afur buvaga janoza o‘qilishidan oldin meni yo‘qotib qo‘yishibdi. Vahima ko‘tarilib, meni izlamagan joylari qolmabdi. Hatto tomorqa bo‘ylab o‘tgan zovurning suvlariga yog‘och suqib, baqato‘nlarni paypaslashibdi.
Azaga aza qo‘shilib turgan vaqtda bir chol meni qo‘lida tipirchilatib dodlatganicha ko‘tarib kelib, ayamga topshiribdi. Surishtirib bilishsa, Habiba xolamning menga tengdosh bo‘lgan o‘g‘li Komil ikkalamiz ustiga qalin alak yopilgan tobutning ichiga kirib, o‘ynab o‘tirgan ekanmiz. O‘shanda bir yarim yoshda ekanman.
Bir yarim yosh! Bir qarasam – endi u mendan juda olisda, bir qarasam – tobut ichidagi o‘rtog‘imga o‘xshab yonginamda.
Otam, onam, ularning ajdodlari haqidagi asosiy gaplarni aytib bo‘ldim shekilli. Bularga shuni qo‘shimchalab qo‘ymoqchimanki, yarim asrlik umrni allaqachon ortda qoldirib, bir narsaga qat’iy ishonch hosil qildim – odam bolasi qancha yashamasin, hayotda nelarni ko‘rmasin, ne maqomga erishmasin, Ollohdan o‘zga mustahkamroq tayanchni, ota-onadan ko‘ra mehribonroq do‘stni baribir topa olmas ekan. Men topa oldim, deguchi kimsa bo‘lsa, demak, hozircha u juda baxtli inson.
Cheksizlikning chekini, sanoqsizlikning sanog‘ini bir o‘zi bilguchi Buyuk Tangri qachonlardir Yer yaratishni xohladi. Millionlab yillar o‘tib, bu kezg‘ichning mislsiz ko‘rkini tomosha qilish, sinoatlarini idroklab hayratlanish, chiroyiga chiroy qo‘shish qo‘limdan kelmasa, loaqal asrab-avaylashga urinib ko‘rishim uchun Uning amri bilan men Yer yuziga yuborildim. Yoqqandirki, ostiga kirishga shoshilayotganim yo‘q.
Yashamoqqa bo‘lgan bu sevgimning mavjudligiga ajdodlarim va yaqinlarim bilan bog‘liq asal-asal xotiralar ham sababchi ekanini turmushda qut-qut ilg‘ab turaman.

BESH YOSHLI XUSHTOR

Sanamlarga tekin suykanmakni
pismiq boladan o‘rganaylu.
Gulmat SHOSHIY

Meni keksaqori deyishardi. Ko‘proq o‘zimdan katta bolalar bilan o‘rtoq tutinganim, goh dadamning ishxonasidagilarga, goh uyimizga kelgan ulfatlariga davradosh bo‘lishim, qondoshim O‘rinboy aka bilan qishda mahallamizdagi memaxonaga (aslida “emakxona” – mahalladagi qo‘ni-qo‘shnilar o‘rtada qo‘y so‘yib va guruchu sabzi-piyozni ulgurji g‘amlab olib, qish ichi ulfatchilik qilishardi) kirib turishim, bular natijasida kattalarga xos hayotiy gaplarni ko‘p tinglab ulg‘ayganim bois, fikrlashim balki tengdoshlarimnikidan balandroq bo‘lgandir.
Memaxona menga ko‘proq yoqardi. Ayniqsa, yoshi o‘tinqirab qolganlar yangi uylanganlarni qitmirona savollarga ko‘miza boshlaganida, er-xotinlikka oid ajabtovurdan ajabtovur gaplarni bo‘riquloq bo‘lib tingshardim, mavzu nechog‘li chuqurlashsa, jig-jigim shuncha yoqimli jimirlardi. Ayollarga o‘zgacha bir nazar bilan qarashni juda erta boshlaganim shundan bo‘lsa kerak.
Fayziboy otamizning birinchi xotini tomonidan bizga uzoq qarindosh sanaluvchi, endi sochlari oqarib, yuzini ajinlar qoplagan bir xotin goh-goh yaqinlarimizning to‘y-to‘ychig‘ida uchrab qolsa, ko‘zimga navjuvonlik chog‘idagidek hanuz chiroylidan chiroyli ko‘rinadi, yorilib ketgan panjalari bilan kiyimimning yelkasini timdalab so‘rashayotganida, bolaligimda yoqimsirab qolgan bir shirin is dimog‘imga qayta ufurgandek bo‘ladi.
Bir kuni undan qachon turmush qurganligini surishtirdim. Bilsam, u kelin bo‘lib tushganida, men endigina besh yoshga to‘layotgan ekanman. Demak, kokilim hali kesilmagan ekan. (Qizlardan keyingi birinchi o‘g‘il bo‘lganim uchun boshimning o‘ng do‘ngalagiga kokil qo‘yib, qizlarnikidek o‘rib turishardi, beshga to‘lganimda O‘shga olib borib shayxga qirqitib kelishgan).
Ha, bu ayol o‘shanda yap-yangi kelinchak edi, Fayziboy otamiznikiga kelganida, uning kampiri Saddi otin bilan birga biznikiga mehmonga kirib qoldi. O‘tiribman-u, husnidan sira ko‘z uzolmayman, u ham menga ora-sira qarab, kulimsirab qo‘yadi. Shunda davradagi ayollardan birovi: “Voy, manavi bola kelinga buncha tikilmasa”, deb hiringladi, boshqasi: “Yaxshi ko‘rib qoldingmi?” – deb menga qitmirona qiyaladi. Juda uyalib ketdim, sekingina tashqariga yo‘l oldim. Saddi xola: “Kuyov qochdi, hahe-ye-y, kuyov qochdi”, deya ortimdan chapak urib mazaxladi.
Tashqimizdagi ariqcha bo‘yida o‘zimcha o‘ynab o‘tirsam, kelinchak ayvonsiz do‘ngalak uyimizdan chiqib kelib, tomorqa tarafga o‘tib ketdi. Saldan keyin ortga qaytdi, ariqchada qo‘lini yuvdi, nozik shapaloqchalarini popukli ro‘molchada artayotib, menga yaqinlasha boshladi. Unga mahliyolanib tikilganimcha, beixtiyor o‘rnimdan turdim. U qarshimda cho‘kkalab, chiroyli jilmaydi va aslo kutilmaganda: “Meni o‘pging kelyaptimi?” – deb so‘radi. Taxta bo‘lib qoldim. Yuragim qattiq-qattiq gupillashga tushdi.
— Mayli, bitta o‘psang o‘paqol, — dedi u. – Nima, qo‘rqyapsanmi? Qani, manavi yerimni tishlamasdan o‘p-chi.
U barmog‘ida yonog‘ini ko‘rsatib, o‘ng yuzini menga burib yaqinlatdi. Tortinibgina, sekingina o‘pdim. Vujudimda notanish bir titroq paydo bo‘ldi. Kelin: “Bunaqasi ketmaydi, yaxshiroq o‘p, o‘g‘il bolaga o‘xshab qattiq o‘p”, deganida, bo‘yniga jon-jahdim bilan tirmashdim, dudog‘im go‘yo betiga yopishib qolgandek qotib turaverdim. U meni bag‘riga bosgan asno qaddini rostlayotganida lablarim yuzidan asta-asta shokilatumorli (zebigardon) ko‘ksiga sirg‘alib tushdi. Tanam bo‘ylab g‘izzo-g‘iz kezayotgan ajib bir huzurdan tobora holsizlanayotgan edim. Dimog‘imga esa, shu damgacha menga butkul notanish bo‘lgan, o‘ta muattar va elituvchan bir hid urilayotgandi.
Ba’zi paytda o‘z-o‘zidan shu kelinchak haqida o‘ylaydigan bo‘lib qoldim. U Fayziboy otamiznikiga yoki uning oldingi xotinidan qolgan qizinikiga kelganini eshitsam, zuvillaganimcha kirib borib, og‘ushiga otilardim, shirin hidlarini to‘yib-to‘yib iskalay boshlardim…
Yo‘q, esdaliklarimning boshrog‘ida tilga olingan G‘alati oysanam bu emas. U haqidagi gapga aniqlik kiritishning hali kezi kelgani yo‘q. Sal keyinroq, albatta, aytaman. Bu, balki, erinmay hikoya qilinishi lozim bo‘lgan uzundan-uzun voqeadir, adib shu bois ishni orqaga surayotgandir, deb o‘ylayotganlar yanglishadi. Vaqti yetsin, kimligini zumda bilvolasiz.
Ayollar masalasida axloqim ancha izdan chiqib borayotgandek edi. Opalarimning dugonalari ko‘pincha biznikida tunab qolishardi. Yoyilganda uyning yarmini egallaydigan katta ko‘rpalarni ayam uzunasiga qavatma-qavat to‘shab, bizga tagligini ham, yopinchig‘ini ham umumiy qilib keng joy solib berar, shunda, kichkinaligimdan foydalanib, o‘zimni mehmon qizning pinjiga urardim, uni ortiqcha hurkitmasdan, avaylabgina siypalab yotardim.
Mahallamizda Maqsudaxon degan moviyko‘z boshqird qiz yashardi. Pedagogika bilim yurtini bitirib, boshlang‘ichlarga dars berishni boshlagan bu qiz o‘zidan kichikroq bo‘lgan Shahodat opam bilan inoqlashib, uyimizga tez-tez kirib turar, gohida yotib qolardi.
Bir kuni u yana biznikida tunadi. Yoz bo‘lgani uchun ishkom ostidagi so‘riga umumiy qilib joy solindi. Odatimga ko‘ra, bu gal ham mehmonning yoniga suquldim. Tezda ko‘zim ilinibdi. Bemahalda uyg‘onib ketib, mundoq qarasam, Maqsuda opa oppoq unning xamiridan uzilgan zuvaladek bo‘lib, yonimda po‘ppayib uxlayapti. Boshimni xiyol ko‘tarib, oyning yorug‘ida uning lo‘ppi yuzlarini, quyuq qoshlarini, yumuq ko‘zlari ostiga juftlanib taxlangan uzun-uzun kipriklarini, yupqa lablarini ich-ichim hilviraganicha uzoq tomosha qildim.
Keyin, botinib-botinmay, bilagiga qo‘l bosdim, yuragim hapriqqan kuyi yengil-yengil silashga tutindim. Nimadan qo‘rqasan, toshdek qotib yotibdi-ku, degan o‘y dalda bo‘lib, tuzukroq yonboshlab oldim, to‘lg‘anaverdim. Nafasim tiqilib, terga pishilib borayotgandim.
Galdagi “o‘ljam” o‘shanda chindan ham hech nimani sezmaganmi yoki o‘zini uxlaganga solib yotaverganmi, u tomoni men norasoga qorong‘u.

Qalbim erib go‘yo moy,
Shirin hisga ko‘mildi.
Qip yalang‘och bo‘lib oy,
Bulutlarda cho‘mildi.

Boray desam ushbu kech,
Olisdadir vatani…
Ko‘z oldimdan ketmas hech
Uning oppoq badani.
(1977)

Oqbo‘yradagi Xonim enamnikiga borsak, o‘gay opamdan yotsirab, Olim tog‘amning yonida uxlardim. U uylanganida, hali olti yoshga to‘lmagandim, chimildiqqa kiradigan birinchi kechada ham, uyat bo‘ladi deyishlariga qaramay, tog‘am bilan yotaman, deb ayyuhannos soldim. Dod-voyimni eshitgan tog‘am ichkaridan chiqib kelib, meni olib kirib ketdi.
Mana, niyatimga yetib, kuyov bilan kelinning o‘rtasida yotibman. Kelin meni silay boshlagani xush yoqib, miq etmay qoldim. To‘yda o‘ynayverib charchaganimdanmi, tezdayoq uyqu elitgan esa-da, erkak bilan ayol yakkama-yakka qolgan xonada tamoman o‘zgacha bir hayot kechishini o‘shanda ilk marta tiniqroq anglab yetdim.
Shundan so‘ng, haqiqiy kuyov bo‘lish istagi ko‘nglimda o‘z-o‘zidan kuchaya bordi. Oxiri, qulay fursat topildi.
Ilgari kolxoz (jamoa xo‘jaligi) kattakonlaridan bo‘lgan, bizdan ancha narida yashovchi kishining mendan sal kichikroq qizini bir kuni ko‘chada yolg‘iz uchratib qoldim. Men bilan holakuchakam o‘ynab, rostakamiga kelin bo‘lsang, manavining hammasini senga beraman, deb qo‘limdagi bir do‘ppi gilosni ko‘rsatdim. Jikillaganicha ko‘na qoldi. Men “kuyovpochchalik” taraddudidaman-u, “kelinposhsho” yonimizda turgan do‘ppidagi gilosni laylakcho‘qish qilishdan bo‘shamaydi.
Shu asno, o‘ng keldi deguncha, yana qanchasiga suykandim, ammo menga munosabati bo‘lakcha jo‘shqin, juda g‘ayritabiiy bo‘lgan o‘sha shirin hidli kelinchakni o‘pishdan tuygan rohatimni baribir qaytib topolmadim.

ESKI MACHITMI, YANGI MAKTABMI?

Savet maktabida savet bo‘l,
ko‘chada bilganingni qil.
KULKUL afandi

1953 yilning bahori edi, Shahodat opam ko‘zida yosh bilan maktabdan barvaqt qaytib keldi. Ayam yig‘ining sababini so‘rasa, Istalin o‘lib qolibdi, maktabda hamma yig‘layapti, dedi. Stalin to‘g‘risida dabdabali gaplarni eshitib yurgan bo‘lsam-da, bu nomning shaxsan men uchun bir pullik qimmati yo‘q edi. Shungayam yig‘i-sig‘imi, deb o‘yladim.
Ko‘chaga chiqsam, kattakon yero‘choqning ustiga kengligi to‘yso‘ridek keladigan qalin temir yotqizilib, qishda ko‘sakdan chuvilgan paxtalar quritiluvchi joyga aylantirilgan mahallamiz machiti oldida bir gala kishi to‘planib turibdi. Bari tund, og‘izlarida Stalin, Stalin.
Bir mahal, ko‘chadan Osman Umerov o‘tib qoldi. Qrimdan 1944 yili badarg‘a qilingan millatdoshlari qatorida qismat dovuli shu yoqlarga uchirib kelib, bizdan ikki mahalla pastda yashab yurgan bu kimsa maktabda rus tilidan dars berardi (yillar o‘tib, uning o‘g‘li Ervin Umerov Moskvada jurnalistlikka o‘qidi, taniqli yozuvchi bo‘lib yetishdi).
— Istalin otamizni berib qo‘yibmiz-da, a, Umirip? – dedi kimdir.
Umerov: “Ha, shunaqa bo‘ldi”, dedi-yu, boshqa gap gapirmay, yo‘lida davom etdi.
— Ichida xursandga o‘xshaydi bu, — dedi birov. – Bir o‘tirishda mast bo‘lib, nemislar juda madaniyatli xalq, deb aljiragani uchun qamalib chiqqanini bilamiz.
Iosif Stalin muzey hakkasidek qotirilib, endi Xurushchyov kompartiya yetakchisi, Malenkov vazirlarning ulug‘i, Beriya bosh tartib saqlovchi sifatida qizil imperiyani ulfatchilikdagidek “bizniki”lab boshqarishga o‘tgan bu davrda men birinchi sinfda o‘qiyotgandim.
Dastlabki kun esimda – yolg‘izoyoq tolko‘chada quyi mahalla tomon odimlab boryapman-u, bu “o‘qish”i qanaqa bo‘lsaykin, deb o‘ylanaman xolos. Borib ko‘rsam, maktab deganlari ayvonidagi ustunlar chiriy boshlagan eski machitni suvab-oqlab, shu atrofdagi kichkintoylar uchun yangi darsxonaga aylantirilgan tuproqtom bino ekan. Maktabning chap yonida mulla Ahmadqul qorining, o‘ng yonida Abdulla qassobning xonadoni. Bu tomonda jimjitlik, u tomonda qo‘ylar tinimsiz babalamoqda. Bu yoqdan rayhonning bo‘yi ufuradi, u yoqdan – go‘ngning isi.
Sochi oqaribroq qolgan oqsoq kishi hassasiga tayanganicha bizni machit hovlisida ochiq chehra bilan kutib oldi. Shaynko‘cha bilan Kalto‘pidan ham besh-olti bola borligini hisoblamaganda, asosan tepa va quyi mahalladan kelgan o‘quvchilar yig‘ilib bo‘lgach, u zot yoqimli ovozda o‘zini tanishtirdi:
— Men sizlarning o‘qituvchingiz bo‘laman. Otim Ahmadali, familiyam Obidov. Meni “mulla aka” deb chaqiraveringlar, xo‘pmi?
Yumaloq mistovoqni eslatuvchi kattakon qora radiolar o‘rnini egallab borayotgan, tovushini ko‘tarib-pastlatish mumkin bo‘lgan yangi rusumdagi ixcham radiokarnaylardan biri maktab biqinidagi ko‘mir saqlanadigan pastak omborcha eshigi yoniga ilib qo‘yilgandi. Mulla akamiz uni ko‘rsatib, tanaffus paytida radioni yoqib beraman, yangiliklarni, ashulalarni eshitib turasizlar, dedi. Bu, aslida, tanaffusning to‘s-to‘polonsiz o‘tishi uchun o‘ylab topilgan bo‘lsa kerak.
Mulla akamiz og‘ir-bosiq, odob-axloqi baland, mehri ko‘zida balqib turuvchi kishi edi. Qanchalar haddan oshmaylik, siltab-turtkilash, baqirib jerkish u yoqda tursin, qattiqroq chaqchayganini ham ko‘rmaganmiz. Ortiqcha ranjitib qo‘ysak, ma’yuslanib qovoq uyar, meni xafa qildilaring-da, deya o‘zini astoydil arazlagandek tutib, derazadan tashqariga boqqanicha jim turib qolardi. Hech kimga ozor berishni istamaydigan domlamizga rahmimiz kelib, tezroq yarashib olishga urinardik.
Tuman gazetasida ishlaganimda u kishi haqida ocherk yozganim esimda. “Alamazon va uning piyodalari” degan qissamda ham yodga olib o‘tganman: qissa qahramoni Alamazon tog‘dagi g‘ordan xazina qidiradi, agar topolsa, uni qishlog‘ining obodonchiligiga sarflashni, shu qatorda, birinchi o‘qituvchisi Ahmadali Obidiyga terak bo‘yi haykal o‘rnatishni orzu qiladi. Mulla akamiz haqiqatan ham shunga arzigulik zot edi, uning siymosi umrimda duch kelgan insonlarning eng mo‘tabarlari qatorida mudom yodimni yoritadi.
U davrda qishloq bolalari chit, bo‘z, trinka matolardan tikilgan kiyimlarni kiyishar, qishda o‘ntadan bittasida telpak, palto, magazinning junshimi bo‘lsa bo‘lar, qolganlari to‘n yoki fufaykacha, po‘pakli ishtonbog‘i sonida sangillab turuvchi qo‘lbola ishton, kirza etikcha va do‘ppida yurardi. Qizlar esa kamzul ustidan xalatga o‘xshash paxtali baxmal chopon kiyishar, boshga qalin ro‘mol o‘rashar, jajjigina kalish-maxsi oyoqlariga juda yarashib turardi.
O‘quvchilar sumkasi degan narsaning o‘zi yo‘q edi. Onalarimiz qalin matodan xalta tikib berar, uning bo‘yinga ilib oladigan uzun bog‘ichi, siyohli dovot solinadigan cho‘ntakchasi bo‘lardi. O‘qituvchimiz qayta-qayta uqtirishiga qaramay, siyohga botirilgan ruchkaning perosini dovot chetiga bir surtib olishni esdan chiqarib qo‘yaverardik, natijada, ortiqcha siyoh goh daftarimizga tomib tushardi, goh qo‘limiz rangga belanardi. Shu qo‘l bilan beixtiyor burun artsak, ustki labimizda rangmo‘ylov paydo bo‘lib, kulgiga qolardik.
Tanaffus bo‘ldi deguncha, birov mulla akamizga qo‘shilib radio tinglar, birov kitobxaltasiga solib kelgan nonini kavshay boshlar; ko‘pchiligimiz qiy-chuv bilan quvalashib yurib, darsga qo‘ng‘iroq bo‘lganidagina, maktab yonidan oqib o‘tuvchi ariq sari chopardik, yerga yotganimizcha og‘zimizda simirib suv icha boshlardik; loyqa suvning qumlari bo‘g‘zimizni shilib achishtirardi, tishlarimizning orasiga to‘lib, tamshansak g‘irsillab asabga tegardi.
Nima bo‘lgandayam, maktab menga juda yoqib qoldi. Bor-yo‘g‘i bittagina sinf, o‘quvchilarning anchasi eskitdan tanish bolalar, kichiklarga mushtumzo‘rlik qilishi mumkin bo‘lgan yoshi kattalar yo‘q, bir chetiga mevali daraxtlar ekilgan ixchamgina hovli to‘lig‘icha bizning ixtiyorimizda. Ba’zan darsdan keyin ham bu yerdan ketgimiz kelmay, goh to‘p tepishardik, goh beysbolni eslatuvchi “lapta” degan o‘yinni boshlardik; mahalladagi begona bolalar ham kirib kelib, kattaroqlari bizga qo‘shilib o‘ynar, mittivoylar chetda tomosha qilib o‘tirishardi.
Balki, o‘sha o‘tirganlar orasida, maktabdan uch eshik narida yashovchi, endigina ikki yoshdan hatlayotgan bir qoramag‘iz qizaloq ham bo‘lgandir. Oradan ko‘p yillar o‘tgach, aynan o‘sha qizga uylanishim u pallada qaysi bangining tushiga kiribdi deysiz. Payti kelib, u tug‘ib beradigan bir uy bolani yedirib-kiydirish uchun o‘zimni o‘tdan cho‘qqa urishimga to‘g‘ri kelishini bilsam, o‘shandayoq bo‘g‘ib qo‘yaqolmasmidim uni.

TOLKO‘CHADAGI OLISHUV

Sen bilan yoqalashadurgon
topilmasa, o‘zingni do‘pposla.
Gulmat SHOSHIY

Ikkinchi jahon urushi uqubatlaridan yaqinginada qutulgan xonadonlarning ko‘pchiligi juda qashshoq edi. Mahallada yoppasiga tuproqtom uylar, ko‘pining hatto ayvoni ham yo‘q. Falonchi tomiga shifer yopganmish deyishsa, odamlar ataylab tomosha qilgani borishardi. Ko‘chadan dam ikkala g‘ildiragi devor bo‘yi keladigan qo‘qonarava, dam o‘rislar “brichka” deb ataydigan to‘rt g‘ildirakli ko‘takarava o‘tib qolardi. Keyinroq, to‘rttala g‘ildiragining girdiga qalin rezina qoplangan, yuk bosiladigan taxta so‘risi bilan g‘ildirak oralig‘iga bilqillab turuvchi temir ressorlar o‘rnatilgan, so‘rining old tomoniga qayishi uzun haydarqamchi ushlab olgan aravakashning o‘tirishi uchun qopqoqli yog‘och sandiqcha qo‘yilgan qo‘sh otli “haptakach”lar ko‘paya bordi. Bir sakrab, yukshotisiga osilib olsang, ana mazzayu mana mazza. Ayrim dovyurak bolalar haptakach kelayotganini ko‘rsa, yo‘lning o‘rtasiga cho‘zilib yotib olishar, aravakashlar zarracha pinak buzmasdan ularga tikka ot solishar, ikkala ot bolani o‘rtada qoldirganicha o‘tib borar, aravaning ostidan butun chiqqanlar sheriklariga “he, qo‘rqoqlar” degandek qosh kerib, tamtamlanib boqishardi. Kolxozimizga qarashli bittagina “polato‘rka” yuk mashinasi yoki qishloqdagi 5-6 ta xususiy mototsikllardan birontasi goh-goh o‘tib qolsa, biz qiy-chuv ko‘tarib, ortidan chopqillashga tushardik. Yengil mashina uchrab qolsa-ku, bayram bo‘pketardi.
Kunchiqarga qaratib solingan, shiplari vassali, dahlizining to‘risida o‘chog‘i bo‘lgan, ayvonsiz do‘ngalak uyda biz bolalar dadam va ayam bilan birga turardik. Unga biqindosh bo‘lgan shipi bo‘yrali, dahlizsiz, bittagina kichkina derazasi bor pastak uy Sarviniso buvimiz bilan Usmon tog‘amizga tegishli edi. Polsiz, bo‘yra ustidan kigiz yozilgan bu uylardan yozda ham zaxning isi anqib turardi. Oldimizga ovqat qo‘yilishi bilanoq, shipdagi o‘rgimchaklar o‘zini dasturxonga tashlagudek bo‘lardi. Ba’zan, hali g‘o‘rligiga borib, odamdan hurkishni uncha o‘rganmagan sichqonchalar bir-birini quvalab o‘ta boshlardi. Qishda esa, pechkaga yolchisang, ko‘mirga yolchimaysan, o‘tin yoqsang, bir lovullab isitadi-yu, yana tafti so‘nadi. Sandalning ahvoli ham shu. Qor yoki yomg‘ir yog‘sa, tomdan chakka o‘tgani-o‘tgan, suv tomchilayotgan joylarga terib qo‘yilgan turli idishlardan taralayotgan “chak-chuk”, “tiring-tiring”larga ko‘rinmas ajinalar o‘yin tushayotgandek.

Kirolmadim romingizdan,
Chakka-chuk, chakka-chuk.
Teshib tushdim tomingizdan,
Chakka-chuk, chakka-chuk.

Tomchilayman boshingizga,
Chakka-chuk, chakka-chuk.
Tegish uchun g‘ashingizga,
Chakka-chuk, chakka-chuk.
(“Chakka qo‘shig‘i”)

Maktabga bora boshlagan chog‘larimda dadam tushlikka teskarilatib sinchli, guvalakli (ba’zi qariyalar tokchalar orasiga uriladigan maydaroq guvalak tipratikonga o‘xshagani uchunmi “kirpicha” deyishardi) uy qurdi. Buvim bilan ayam kengroq qilib qurishni, tomiga shifer qoqtirishni qanchalar zorlanib so‘rashmasin, dadam: “Zamonni ko‘rib turibsizlar, kattaroq to‘y qilsang ham, shuncha pulni qayoqdan topding, deb so‘roqqa tutadiganlar ming so‘m oylik bilan buni qanday qurding, demaydimi? Nima, meni qamattirib yubormoqchimisizlar?” – deya bezilloqlanib, ixchamgina uy soldirdi. Tomi tuproqli bo‘lsa-da, harqalay tagi taxta polli, shipi fanerli, pechi pishiq g‘ishtdan yasalgan, dahlizi ancha keng, ayvonli edi. Do‘ngalak uy endi buvimizga berilgach, avvaliga opalarim, keyinchalik, maktab yoshiga yetganimiz sayin, men va ukalarim ham birin-ketin shuyoqqa ko‘chib o‘taverdik. Pastak uyda Usmon tog‘amiz bir o‘zi qoldi.
Iloji boricha kunduzi dars tayyorlashga urinardim. Qorong‘iga qolsang, kerosin isi anqib turadigan lampa-chiroq ko‘zingni toliqtirgandan toliqtirib tashlaydi. Endigina paydo bo‘lgan elektr chiroqlari oyiga uch-to‘rt yiltillagan bo‘ladi, shundayam shamdan xira. Bu yetmagandek, umumiy qilib solingan ko‘rpada qatorlashib yotgan opa-ukalaring: “Chiroqni o‘chir! Uxla!” – deb tixirlik qila boshlaydi.
Hozir yurtimizda elektr yetib bormagan joy qolmadi, shunga qaramay, to‘ylar kunduzi o‘tkazilib, shom tushmasidan tugab ketadi. Bolaligimizdagi to‘ylarning eng qiziq qismi tunda bo‘lardi. Xatna to‘ylarida non xonadonning o‘zida yopilar, yon qo‘shnilar ishtirokida kattakon to‘ytandir qurilib, kichik ziyofatcha tashkil etilardi. Ertasiga kechki payt butun mahalla sabziarchdiga to‘planib, yarim kechagacha gurunglashar, so‘ng yuz kilo guruch damlanadigan ulkan doshqozonga (boyroqlarnikida ikkita doshqozon qurilardi) bittami, ikkitami qo‘y tanasi butunicha tashlanib qaynata boshlanar, ilk tongda mahallaga sho‘rva, tushlikda osh tortilar, kechasi esa bazim boshlanardi. Elektr bo‘lmagani uchun uylar ichiga, ayvonlarga, qozon boshiga, go‘sht va noz-ne’matlar omboriga, novvoyxonaga lampa-chiroqlar qo‘yilib, so‘ritoklarga toshfonorlar qatorlatib osib chiqilardi.
Tungi bazim ekinlardan tozalangan yap-yalang tomorqada o‘tkazilar, o‘n besh-yigirma qadam radiusda to‘shab chiqilgan to‘shaklar oldiga dasturxon yoyilib, davra o‘rtasiga qalab qo‘yilgan to‘ngaklarga kerosin yoki salyarka sepib, o‘t yoqishardi. Qo‘ri borlar chetdan taniqliroq ashulachilarni taklif qilishar, qo‘li yupqalar qishloqdagi Mamadali g‘ijjakchi, Ro‘zimat yoki Ahmad chirmandachi, Bozor garmonchi kabilarni chaqirishar, erkaklar bir-birini galma-gal o‘yinga tortib o‘rtada yo‘rg‘alay ketar, ularga pul qistirish nechog‘li avj olsa, mashshoqlarning dangir-dungiri shunchalar kuchayib borardi, ora-sira almak-jalmak xonish ham qilgan bo‘lishardi. Davrada faqat erkaklar o‘tirar, ayollar bazimni ularning ortida tik turib tomosha qilishar, ayrimlari xiyol oldga chiqib kelib, o‘yin tushayotgan yaqinlarining yelkasiga qiyiq tashlab qo‘yishardi. O‘tirganlarga qovurma tarqatilsa, biz bolalar tovoqdagi go‘shtga bexos changal urib, olib qochardik. Lappashangroqlar kulcha, meva, qand-qurs o‘marishdan boshqaga yaramasdi. Topganimizni xuddi ramazonchilardek o‘rtada baham ko‘rardik. Bazim tongga ulanib, “Portveyn”, “Yumaloq”, “Kagor”, “Bayanshirey” singari vinolardan bo‘shagan (araq kam ishlatilardi) shishalarning oyoqostilanib yotishi bilan tugar, saharda yana sho‘rva berilar, tushda osh yeyilgach, to‘ybola xatna qilinib, to‘yga yakun yasalardi.
Qiz to‘yi bo‘lsa, kuyovnavkarlarning bazimi ham tonggacha cho‘zilardi. Ba’zi bolalar opasining ko‘ylagini kiyib, boshiga ro‘mol o‘rab chiqib, kelin tomondan kelgan notanish qizlarning ichiga kirib olar, goh unisiga, goh bunisiga suykanib rohatlanar, quchoqlab yoki o‘pib olishgacha borib yetganlar ularning qiy-chuvli olomonkaltagidan zo‘rg‘a qutulib chiqardi. To‘y qancha qorong‘ida o‘tsa, bolalarga shuncha yaxshi edi. Ayniqsa, bekinmachoqda quyuq tundan zo‘ri yo‘q – oyoq uchida yurib, pakkachining burni ostigacha borasan-u, u ko‘rmasdan turaveradi.
Xullas, elektr chirog‘i deganlari dars tayyorlashdagina kerak bo‘ladigan shildirmato shekilli…

* * *
Maktabga bordim-u, ko‘pdan beri ichimda armon bo‘lib turgan bir orzum nihoyat ushaldi. Boshqa mahalla bolalari dadamning nufuzi haqida deyarli hech narsa bilishmas, sal-pal eshitganlari ham buni yuz-xotir qilib o‘tirmasdan, men bilan tap tortmay yoqalashuvga kirishar edilar. O‘z obro‘yimni o‘z kuchim bilan qaror toptirishga intilaverdim. Buni faqat qo‘rqoqligimni yashirish, bo‘shang ko‘rinmaslik uchungina qilmasdim, yoshi ulug‘ kishilar davrasida ko‘proq bo‘lganim, uyimizda tez-tez to‘planib kitobxonlik qiluvchi otin oyilardan falsafiyroq rivoyatlar eshitib ulg‘ayganim, katta bolalar orasida yurib mulohazalarim kengaygani, o‘zimni tengdoshlarimga nisbatan ancha aqlli deb bilganim bois, ular doim mening yetagimda bo‘lishi kerak degan o‘yda edim. Ular hammadan donoroqligimni tan olib, hurmatimni joyiga qo‘yishlarini istardim. Mahallamiz bolalari azaldan bunga moyil esa-da, quyimahallaliklar orasida menga pisandsiz boqib, sinfda o‘z hukmronligini o‘rnatish ishtiyoqida yurganlar yo‘q emasdi. Balki, maktab shu mahalla hududida bo‘lgani uchun ular o‘zlarini tepamahallaliklardan ustunroq his etishgandir.
Sinfimizda ikkita Abdulla bor edi, birini Abdulla sariq, birini Abdulla kalla deb atardik. Ikkovi ham quyimahallalik edi. Abdulla sariq bilan inoq edik, uyi maktabga yaqin bo‘lgani uchun ba’zan katta tanaffusda ularnikiga kirib, oz-moz tamaddilanib olardik, ba’zida darsdan so‘ng hovlilarida birga o‘ynab, uyga kechroq qaytardim. Shu mahallada yashovchi Ahmad va Abdurahimlar bilan ham kirishib ketgandim, faqat Abdulla kallagina menga sira yon bermasdi, unda-bunda janjallashib qolardik. Oxiri mushtlashishga to‘g‘ri keldi. Omadim bor ekanmi, Abdulla kalla sal ko‘proq tarsaki yedi, lekin qochmadi, bolalar ajratayotganda, qarshilik ko‘rsatmay, tezda shashtidan tushdi xolos. Shu-shu, u ortiqcha g‘o‘danglamay qo‘ygan bo‘lsa ham, chetroqda yolg‘iz turganimda uch-to‘rtta tarafdorlari bilan yonimga kelib, menga tazyiq o‘tkazishga urinardi. Bunaqa paytda tengsiz jangga kirishishni istamay, o‘zimni merovlikka solib ketaverardim.
Bir kuni Abdulla kalla bilan yana ayovsiz olishdik. Unga olatasir musht yog‘dirdim, o‘zim ham yeganimcha yedim. Kimning g‘olib bo‘lishi noma’lumligicha turgan mahalda, raqibimning burni qonab ketdi-yu, jang o‘z-o‘zidan yakun topdi. Burni qonagan sinfdoshimga rahmim kelib, uni tun bo‘yi o‘ylab chiqqandim, ertasi kuni maktabga kelmaganidan battar siqildim. Indiniga darsga kelgach, birdan yengil tortdim, yarashib olishga uringan edim, qovoq uyganicha o‘zini olib qochdi.
Buning sababi bor ekan. Abdulla kalla va unga yaqinlardan 2-3 tasi oxirgi darsda g‘oyib bo‘lishdi. Darslar tugab, uy-uyga tarqalayotganimizda Abdulla sariq sekin yonimga kelib: “Abdulla kalla quyimahallalik begona bolalarni ham to‘plab, seni tolko‘chada poylab turibdi, men ularga qo‘shilmadim. Boshqa ko‘chadan ketaqol”, dedi. Oldiniga uning gapiga kirdim, nimanidir bahona qilib, sheriklarimdan ajralib qoldim, uch baravar uzoq bo‘lsa-da, aylanma ko‘chadan ketishga qaror qildim. Keyin, bugun qochganim bilan ertaga biribir tinch qo‘ymaydi, uning galasidan qachongacha qo‘rqib yuraman, deb o‘yladim-u, tavakkaliga tolko‘cha sari yurdim.
Abdulla sariq uyida qolmay, men bilan birga tolko‘chaga kirdi. Qarasam, ayrimlari tugalay notanish bo‘lgan o‘ntacha bola ikki kishi yonma-yon yursa zo‘rg‘a sig‘adigan yo‘lakda tol shoxidan yasalgan tayoqlarni yelkalariga miltiqdek tiragan asno tiqilib turishibdi. Oldinda – yoshi bizdan ancha katta bo‘lgan Muqimboy. Yuragimni qo‘rquv bosib, tizzam qaltiradi. Beriroqda to‘xtalib, miyamda bu qaltis vaziyatdan qanday omon chiqish rejasini tuza boshladim.
Raqiblar men sari yurishayotganida, Muqimboy ularga to‘xtashni buyurdi, so‘ng oldinda tayoq o‘ynatib turgan Abdulla kallaga qarab: “Sheriklari ko‘p deganingga ishonib, shu bolaga qarshi askar to‘plab yuribman-a. Endi tayoqni tashla, bittaga bitta chiq!” – dedi. Abdulla kalla tayoqni chetga otib, menga chaqchayib yaqinlashdi, aynib-aynib so‘kinishga tushdi. Indamay turaverdim. Muqimboy Abdulla kallani jerkib:
— Muncha gapni ko‘paytirding? Soladigan bo‘lsang sol! – deb buyurdi.
Shunda Abdulla kalla so‘kinib turib, oldinga bir qadam tashladi-yu, yuzimga qattiq shapaloq tortdi. Men shoshilinch tuzib chiqqan rejam bo‘yicha gandiraklab chayqaldim, keyin shilq etib yerga yiqildim. G‘ujanak bo‘lvolib, qilt etmay yotaverdim.
Bir muddat hamma jimib qoldi. Muqimboy ustimda egilib: “Hey, senga nima bo‘ldi?” – deya yelkamga turtdi. Mendan sado chiqmagach, Abdulla sariqqa boqib: “Oshnangga qarasang-chi, tutqanog‘i borga o‘xshaydi buni”, dedi-da, shoshib ortga yurdi, “askarlar” unga ergashdi. Abdulla kalla esa, negadir ketmadi. So‘ng bilsam, undan batamom yengilganimni bo‘ynimga qo‘yib, zo‘rligini tan oldirish niyatida ekan.
Ko‘zimni qiya ochib, raqiblar tolko‘cha muyulishida bir-bir g‘oyib bo‘layotganlarini kuzatib yotdim. Qoralari o‘chishi bilanoq o‘rnimdan turib, hech narsa bo‘lmagandek, kiyimimdagi changlarni shoshmasdan qoqishga tutindim. O‘zimni tartibga keltirib, Abdulla kallaga bezrayib tikildim.
— Hovliqsang, mana shunaqa bo‘ladi, ha! – dedi Abdulla kalla. – Bundan keyin menga pashshalashma! Bo‘ptimi? Bo‘ptimi, deyapman senga!
Javobim juda o‘ziga xos chiqdi, qo‘qqisdan unga tashlanib, mushtlashuvga kirishdim. Abdulla sariq oldiniga aralashmay turdi, ikki jo‘jaxo‘roz bir-birimizga tirmashganimizcha yerga ag‘anab, tuproqqa bulanib olishayotganimizdagina u bizni yulqib-turtib ajrata ketdi.
Shu to‘qnashuvdan keyin Abdulla kalla qaytib askar to‘plamadi. Hanuz yon bermasa-da, hartugur ortiqcha xiralik qilmaydigan bo‘ldi. Bora-bora qalinlashib oldik. Bir kuni Ahmad uchchalamiz ularning tashqisidagi so‘rida dars tayyorlab o‘tirsak, otasi Kenja tog‘a kelib qoldi. Oddiy dehqon esa-da, kitob ko‘rgan, so‘zlari ma’noli, birovga gapini bermaydigan, mahallada obro‘-e’tibor qozongan kishi edi u. Biz bilan iliq ko‘rishib, ko‘cha changitish o‘rniga dars tayyorlayotganimizni alqab maqtagach, Ahmaddan sinfimizdagi o‘g‘il bolalar ichida kim eng a’lochi ekanligini so‘radi. Ahmad meni ko‘rsatdi (boshlang‘ich sinflarda nuqul “Maqtov qog‘ozi” olib o‘qirdim).
— Shu bolachalik bo‘lolmabsan-a, — deya o‘g‘lining kattakon kallasiga chertib kulimsiradi Kenja tog‘a. – Xumdek kalla xayf senga, e-e-e!
Abdulla kalla bilan totuvlashdig-u, qarzga daftar so‘rasa bermaslik, mazaxlab g‘ashga tegishlik singari holatlardan kelib chiqadigan mayda-chuyda araz-durazlarni hisobga olmaganda, sinfimiz tinchidi-qoldi. Nazarimda, raqibimga nisbatan kichik ustunlikka egadek edim – zo‘rlardan bittasi hisoblansa-da, Abdulla kalla baribir qizlarning e’tiborini unchalar tortolmas, bu borada men hamda o‘zini doim ozoda tutuvchi, o‘tkirtil Abdulla sariqqa teng keladigani yo‘qdek edi. Avvaliga ikkalamiz sinfimizning birinchi go‘zali bo‘lgan Q. ni bir-birimizga sezdirmay yaxshi ko‘rgandek bo‘lib yurdik, keyinroq oshnam Abdulla sariq yo‘ldan chetlanib, tobora J. tomonga og‘ib bordi, bundan do‘stligimiz yanada mustahkamlanaverdi.
Maktabdagi janjalchalarim uydagilarning qulog‘iga yetib borganmi, darslar tugashiga yaqin Usmon tog‘am maktab hovlisiga kelib, meni poylab o‘tiradigan bo‘ldi. Bu hol raqiblarimning yuragiga yanada g‘ulg‘ula solishda asqotadigandek tuyulsa-da, kerakmas, o‘zim ketaman, men bilan yurmang, deb tog‘amdan nari qocha boshlardim. Duvonaxon tog‘am esa, meni tutib, rosa charchagandirsan, orqamga min, ko‘tarib olay, deya qistashga tushar, bolalarga tugalay mayna bo‘lishdan cho‘chib, unga baqirib berardim. Yana tog‘amni yuboradigan bo‘lsalaring, maktabga bormay qo‘yaman, deb g‘alva ko‘targanimdan keyingina, uydagilar meni nihoyat tinch qo‘yishdi.
Tuproqtom maktabimiz, uning qalin devorlariga o‘yib o‘rnatilgan qing‘ir-qiyshiq ko‘zli yog‘och derazalar; taxtalari birov boltada cho‘qilab chiqqandek yorilib yotgan g‘ijirloq eshik; qop-qora xattaxtaga oppoq-oppoq harflarni yozayotgan mulla akamiz; dovot uchun yumaloq, qalam-ruchka uchun uzunchoq maxsus o‘yiq joylari bo‘lgan, daftar qo‘yiladigan qismi suyri, pastroqdagi qopqoqcha ostida xaltalarimiz turadigan tokchasi bor qo‘pol partalarda biri charaqlab, biri mo‘ltirab o‘tirgan sinfdoshlarim – ikkala Abdulla, ikkala Rahmon, Abdurahim, Ahmad, Rahim, Homit, Qahhor, Muhammadjon, Ergash, Yursunali, Tursunboy, Ayub, Mahmudjon, Mamarasul, Tolib, Xoliniso, Qumri, Jamila, Habiba, Salima, Mahfirat, Tojixon, Rahima, Hojira, Fotima, Toshxon, Huriniso, Fazilat, Mahbuba, Ibodat kabi kichkintoylarning qadrdondan qadrdon chehralari tez-tez ko‘z oldimda jonlanaveradi.
Oltmishni qoralayotib, mundoq ortga o‘girilsam, ularning qariyb yarmi oramizdan ketib bo‘libdi. Tortinchoqqina, nimjongina Xolinisodan boshlang‘ich sinfdayoq ayrilib qolgandik, yana bir nechasi qirq-ellik yosh atrofida dunyoni tark etdi. Shunday esa-da, qalbimning tub-tubida ular o‘z partalarida hanuz bir-biriga qitmirona qiyalab, dasturxon tegrasidagi oiladoshlardek xushchaqchaq kayfiyatda o‘tirishibdi, olamda o‘lim degan narsaning borligi hali birortasining xayoliga kelganicha yo‘q. Bari to‘z tegmagan farishta. Qaniydi, odam bolasi umrining adog‘igacha o‘zini xuddi shunday saqlay olsa, buloq suvidek musaffoligicha turaversa.
Qiziq! O‘zi bu suv qaysi joyda loyqalanishni boshlaydi? Uni nimalar loyqalantiradi? Tobora loyqalanib borayotganimizni o‘zimiz sezamizmi? Sezsak, nega dastlabki paytlardayoq tabiiy o‘zanimizdan burilmaslikka, boshqacha tusga kirib oqmaslikka urinmaymiz? Yo az-azal shunga mahkummizmi? Balki bizga “urinmaslik” qulayroqdir? Sof qolishga tirishish, nahotki, kirlikka qo‘shila borish jarayonidan ko‘ra uqubatliroq bo‘lsa?
Qay yo‘lni tanlashimizni o‘z ixtiyorimizga havola qilmay, jonivorlar ozuqaning zararsizini zararlisidan, tegrasida o‘rmalayotganlarning xatarsizini xatarlisidan, har bir xatti-harakatning o‘rinlisini o‘rinsizidan bexato farqlay olib, ichki buyruqqa so‘zsiz bo‘ysungan asno qat’iy tartib asosida kun ko‘rganidek, bizni barcha nomaqbulliklardan majburan chetlatib o‘tadigan yetaklovchi Sezgikuch (instikt) ato etishni Tangrimiz nega boshdayoq xohlamadi? Nega?! Nahotki, bizga shunchalar qattiq ishonsa?

Xudo xohlar bo‘lsa,
Shaytonning –
Nomi uzra tortolgay chiziq…
Imon deb o‘t kechgan insonning
Qolur unda nimasi qiziq?
(1989)

“HALOL”LAR QATORIGA KIRISH AZOBI

Imoning ila ishtoningni  but asra.
KULKUL afandi

Birinchi sinfni tugallash arafasida nihoyat “qo‘li halollangan”lar safiga qo‘shildim. Aslida-ku dadam besh yoshimda men va ikki ukamga bazimli hatna to‘yi qilib bergan, “tandirqurdi”yu “sabziarchdi”dan boshlangan keldi-ketdilar naq bir haftaga cho‘zilgandi. Lekin, qo‘rqib dod solganim uchun, dadam meni va ukalarimni “kestirmay”, usta Masir tog‘a “yumalan-yumalo‘-o‘-n”, deb qiyqirib, bizni ko‘rpaga bir-ikki yumalatib qo‘yaqolgan edi. Dadam o‘shanda meni quchib yupantirarkan: “Gap bitta – qachon o‘zing aytasan, shunda kestiramiz”, deb va’da bergandi, so‘zida turdi. Maktab yoshiga yetganimda, uydagilar endi kestirmasak uyat bo‘ladi, deya g‘alva ko‘tarishsa ham, men so‘z berganman, o‘zi aytmaguncha majburlash yo‘q, deb javob qilgandi.
Biz bolakaylar qunishqoq ko‘knorixo‘rlarning jahlini qo‘zitib, paxta quritishga moslangan, besh-o‘nta qariya bir chetdagi hujrada hukumat vakillariga bildirmay namoz o‘qib turadigan machit hovlisidagi uzuniyu eni yetti qadamli hovuzda cho‘milishni chuchmomolar gullab-gullamasdanoq boshlab yuborardik. U davrda trusiklar qishloqda uncha rusum bo‘lmagandi, ko‘pchiligimiz qip yalang‘och cho‘milardik. Qizaloqlarning sal dangalchilari suvga ko‘ylagini yechmasdan tushib, hovuzning bir burchagida alohida cho‘milishar, qolganlari: “Ishtonsiz – imonsiz, ishtonsiz – imonsiz”, deya chapak urib irg‘ishlagan asno, bizni yayrab mazaxlashardi. Hamma kiyinib bo‘lib, bolalardan birortasi cho‘milishda davom etaversa, “bezgakshamol, kel, kel, yalang‘ochga qo‘n, qo‘n”, deya uni qo‘rqitishga urinardik.
Bir kuni hovuzdan chiqib, sovqotishdan iyagim turnatakillash bo‘lganicha ishtonchamni kiyayotsam, Xolis opamning yonida o‘tirgan o‘rtog‘i Momoxonning: “Voy, ukangizniki haliyam kesilmaganmi?” – degan so‘zi qulog‘imga chalindi. Ishqilib, opam ustadan qo‘rqqanimni aytib qo‘ymasin-da, deb bezangladim. Opam aynan shu gapni aytgach, oldiniga uyalib ketdim, so‘ng birdan zardam qaynadi. Shu joydan yugurganimcha, usta Masirga shogird hisoblanmish Orifjon tog‘aning uyiga kirib borib to‘xtadim, dadam aytdi, bugun cho‘chag‘imni kesib qo‘yar ekansiz, dedim.
— Bo‘pti-da, — dedi Orifjon tog‘a, tafsilotni ortiqcha surishtirib o‘tirmay. – Hozir peshinda chollarga tayinlab qo‘yaman, uylaringga asrdan keyin kirarmiz. Dasturxonga ortiqcha urinishmasin, yarim kosadan sho‘rva bo‘lsa yetadi.
Uyimizga kirib, Orifjon tog‘a asrdan keyin chollar bilan birga meni “hulala, hulala” qilgani kirishini tantanavor e’lon qildim. Avvaliga so‘zimga ishonishmadi, Shahodat opamni “gap ovlab” ko‘rish uchun usta tog‘anikiga kiritishdi. U qaytib chiqib, xabarimning rostligini tasdiqlagach, uydagilar menga zarda-zurdalarini yog‘dirgan kuyi, shosha-pisha hozirlik ko‘rishga tutindilar. Dadamga ham odam yuborishgan bo‘lsa kerak, ko‘p o‘tmay, velosipedining ruliga ikki tugun xarajatni ilib, vozillab yetib keldi.
O‘sha kuni o‘ntacha chol, bitta mulla ishtirokida “qo‘limni halollashdi”. Qanchalik og‘rimasin, g‘ing demasdan chidab, hammani qoyil qoldiraman, deya ichimdan tuginib qo‘ygandim. Bo‘lmadi, ustara tortilgan chog‘da qattiq ingrab yubordim, atrofdagilar “hulala, hulala-a-a”, deb qichqirganlari bois buni eshitmay qolgan bo‘lishsa, ajabmas. Ko‘zimdan tirqiragan yoshni boshqalar ko‘rishini istamay, tezda artib tashladim.
O‘ranchig‘imni chetroqqa surgach, cho‘chag‘imni do‘ppida yopib, qo‘limga popukqand tutqazib qo‘yganlaricha, chollarning men bilan qaytib ishi bo‘lmadi. Ular dadam yaqinda sotib olgan, qishloqni bilmadim-u, mahallada yagona sanalgan; elektr to‘ki bo‘lmasa, har biri araq shishasidek keladigan to‘rtburchak kuchalatoshlar (batareyalar) yordamida ham ishlayveradigan “Ural” radiopriyomnigi ustida lappak aylantirib, qo‘shiq tinglagan asno ancha tamaddilanib o‘tirishdi. Priyomnikning radiodan afzalligi – turli to‘lqinlarni tutib, har xil eshittirishlarni tinglash mumkin edi, unga lappak qo‘ysangiz, ovozi patefondagidan tiniqroq yangrardi. Dunyoda televizor degan narsa ham borligini hali ko‘pchilik bilmasdi, ba’zi birov: “Amriqoda tog‘ning u tomonida ashula aytayotgan hofizni bu tomondagilarga ko‘rsatib turadigan oynakli radiyo‘l bormish”, deb qo‘yguchi edi.
Uch-to‘rt kundan so‘ng maktabga bordim. Sinfdoshlarim: “Bulbulchang tuzalib qoldimi, bir ko‘rib qo‘yaylik-chi”, deya meni qurshovga olishdi. Qizlar ham biri tortinibroq, biri astoydil qiziqsiranib, yaqinroq kela boshlashdi. Tiqilinchda yaramga tegib ketishlaridan qo‘rqib, partaning o‘tirg‘ichi ustiga chiqdim-da, cho‘zmali ishtonimni tizzaga tushirib, ko‘ylagimning etagini ko‘tardim. Tajribasi borlar donolanib, yara hali yaxshi bitmaganini ta’kidlashdi, maktabga kelishga shoshilganim uchun koyigan bo‘lishdi. Sinfdagi eng shaddod bir qizning ismiga “erkak” tirkamasini qo‘shib aytardik, u: “Iya, manavi qora narsa nima?” – deb, qotib qolgan kuyindiga barmog‘ining uchini tekkizib ko‘rdi. Buning nimaligini o‘shanda o‘zim ham tushunmasdim, keyinchalik bilsam, usta paxta uvadasini kuydirib, kesilgan joyga issig‘ida salladek o‘rab qo‘yarkan, bu malham qonni tezda to‘xtatishdan tashqari, jarohatga infektsiya tushirmas ekan. Birgina chatoq tomoni – kuyindining qora izi tanada umrbod qolib ketishi edi.
Ma’lumki, yahudiylarda ham xatna qilish odati bor. Ikkinchi jahon urushi davrida fashistlar ularni boshqa millat vakillaridan ana shu belgi orqali farqlab olib, joyida otib tashlashar ekan. Dastlabki mahallarda shu belgi bois urushda asir tushgan turkistonlik ba’zi musulmonlar ham yahudiy hisobida qatl etilaveribdi. Keyinroq bu anglashilmovchilikka aniqlik kiritilib, musulmonlarning kesilgan joyida paxta kuyindisidan qolgan qora chiziq bo‘ladi, deb uqtirishibdi. Fashistlar endi adashmaydigan bo‘lishibdi.
Aytishlaricha, yigirmanchi yillarda bir vrach o‘g‘lini hatna qildirayotib, kuydirilgan paxta o‘rniga qonni to‘xtatadigan zamonaviy dori tolqonini septirmoqchi bo‘lganida, usta uning gapiga kirmay, o‘zi bilganicha ish ko‘rgan ekan. O‘sha bola ulg‘aygach, urushga borib, asir tushib qolibdi. Fashistlar qora belgi tufayli uni otishmabdi. Urushdan so‘ng u asirlikdan qutulib qaytiboq, ustani uyiga chaqiribdi, boshdan-oyoq yasantirib jo‘natibdi.
Har bir erkak o‘zbekning etida paxta kuyindisidan qolgan qora tamg‘a mavjudligining o‘ziga xos ramziy ma’nosi bor – O‘zbekistonning olis-olis tarixi paxta bilan chambarchas bog‘liq. Chamasi, bundan keyin ham shundayligicha qolaveradi.

AMAL SHIRINMI, JONMI?

Mansab eshagiga yotlar ko‘magida mingaysan,
yiqilmoqni o‘zing do‘ndiraver.
Gulmat SHOSHIY

Ot to ot bo‘lgunicha “qulun”, “toychoq”, “mingi” bosqichlaridan o‘tishiga to‘g‘ri kelganidek, maktab bolalari bizning davrimizda beshinchi sinfgacha “boshlang‘ich”, sakkizinchi sinfgacha “o‘rtancha”, so‘ng, bitiruv “attestat”ini olgunga qadar “yuqori” sinf o‘quvchisi deb atalardi. O‘ninchi sinfdagilarni “bitiruvchilar” ham deyishardi. Boshlang‘ichlar oktyabryatlikka (oktyabr inqilobi izdoshlari), o‘rtanchalar pionerlikkka yoppa qabul qilinardi. Faqat haddan ziyod intizomsiz, sinfdan sinfga ko‘cholmaydigan darajada qoloqlar “xo‘jako‘rsin”ga qoldirilib, yuqori sinfdagilarning to‘qson to‘qqiz foizdan ortig‘i albatta komsomolga olinardi. Payti kelib, bulardan qay biri kompartiya safiga o‘tadigan bo‘lsa, ikki nafar kommunistnikidan tashqari komsomol tashkiloti tavsiyanomasini ham topshirishi shart edi.
Oktyabryatlar o‘rtasiga Leninning bolalikdagi surati tushirilgan besh qirrali qizil yulduzchani ko‘krakka qadab yurishardi. Pionerlar yonayotgan gulxan shaklidagi nishonchani taqishdan tashqari, bo‘yinlariga qizil matodan tikilgan uchburchak galstuk bog‘lab olishardi. Komsomol ko‘krak nishoni ilgari sopli qizil bayroq shaklida bo‘lib, o‘rtasiga “VLKSM” (vsesoyuzniy leninskiy kommunisticheskiy soyuz molodyoji, ya’ni, leninchi kommunistik yoshlarning butunittifoq uyushmasi) deb yozib qo‘yilgandi, keyinchalik yozuv o‘rnida keksa Leninning yonlamacha surati paydo bo‘ldi.
Boshlang‘ichlar mahallalardagi machit, xonaqa yoki biron boydan musodara qilingan binolarda alohidalanib o‘qishgani bois, mazkur hududda biron-bir to‘yning isi chiqqudek bo‘lsa, o‘qituvchi boshchiligida saf tortib, barabanni “rak-taka-tam, rak-taka-tam”latib chalgancha, doshqozonning ustiga mo‘r-malahdek bostirib borishardi. Xudo urib, oktyabryatlardan ba’zisiga osh yetmay qolsa, birdan shovqin ko‘tarilar, to‘y egasi sovetlar davlatining g‘animiga aylanishdan cho‘chiyotgandek potirlashga tushar, oqsoqol esa kattalarning rizqini qiyib bo‘lsa-da bolakaylarning ulushini topib berardi. Goho o‘sha vaqtda rusum bo‘lgan Birinchi may (mehnatkashlarning xalqaro birdamlik kuni), Yettinchi noyabr (sotsialistik inqilob kuni) kabi bayramlarda birimiz bayroq ko‘tarib, birimiz “gorn” deb ataladigan mis surnayni qiynalib puflab, ora-sira “tut, vut” etkazib qo‘yib, yana birimiz barabanni chalama-chakki urib, qishloq ko‘chasidan saflanib o‘ta boshlasak, maktab yoshiga yetmagan kichkintoylar bular yana to‘yga ketyapti deb o‘ylab, yo‘q oshning ilinjida ortimizdan ergashardi. Sinfimizdagi eng kulog‘ich bola hisoblangan Ahmad ularga boshmaldog‘ini barmoqlari orasidan ko‘rsatib, mana senlarga osh, deb qo‘yardi va guldiraklanib kulardi.
Bunday bayram namoyishchalarida bayroq ko‘tarishni doim menga topshirishardi. Balki a’lochiligimni hisobga olishgandir, balki boshqalardan polvonroq ko‘rinarman, deb o‘ylardim. So‘ng bilsam, saf boshida odimlaydigan bayroqchi bolaning kiyimi sal epaqaliroq bo‘lishi lozim ekan. O‘sha xudosizlik zamonida ko‘p bolalar hatto “alhamdi”ni bilmasa-da, darsliklarni to‘liq egallab olgan siyosiy she’rlar, qo‘shiqlar hammasiga yod bo‘lib ketgandi. Ayniqsa, bir qo‘shiq mashhur edi:

Bayroq ko‘tarib olg‘a yuramiz,
Baxtiyor yoshlik davrin suramiz.
Bu qizil bayroq – Lenin bayrog‘i,
Ko‘taramiz biz doim yuqori.

Avvallari, Bahrom eshonning ruhini quvontiraylik deya, mahalladagi xudojo‘y ayollar Jahon otin boshchiligida uyimizda kitobxonlik qilib qolishsa, Sarviniso buvimning pinjiga kirib tinglarkanman, kitoblarni o‘zim o‘qiy olmasligimdan juda-juda afsuslanib ketardim. Ikkinchi sinfga o‘tganimda sharillatib o‘qiydigan bo‘ldim. Goh opalarim, goh dadam bolalarga atalgan badiiy asarlarni onda-sonda topib kelib berishar, ko‘pincha opalarimning kitobiga yopishardim, yuqori sinfda o‘qiydigan qo‘shnilardan “tishim o‘tmaydigan” adabiyotlarni tilab olib, erinmay tatalashga tushardim.
A’lochiligim tufaylimi, katta janjallarga uncha hojat qolmay barcha sinfdoshlarim bilan inoqlashib olganim uchunmi, meni sinfboshi etib saylashdi. Aslida, mulla akamiz tomonidan tayinlandim, bolalar qo‘l ko‘tarib tasdiqlashdi xolos. Bu mansab menga o‘ziga xos zavq bag‘ishlardi. Kimlardir o‘zaro yumdalasha boshlasa, tezda ajratib, pala-partish ajrim chiqargan bo‘lardim-u, o‘sha zahoti yarashtirib qo‘yardim. Uy vazifasini bajarmay kelgani uchun o‘qituvchimiz “ikki” qo‘ymoqchi bo‘lsa, bu safarcha kechirib turing, aytaman, ertaga hammasini tayyorlab keladi, deb o‘rtaga tushardim. Mabodo bajarmay kelgan bo‘lsa, xijolat tortmasin debmi, mulla aka mening uy vazifamni ortiqcha surishtirmasdi, yengilroq savollar berib, baland baho qo‘yaverardi. Navbatchilardan xattaxta ostida doim bo‘r bo‘lishini, yozuvlarni tanaffusda artib turishni; tozalik bo‘yicha o‘rinbosarimdan bolalarning tirnog‘i olingan-olinmaganini, qo‘l-yuzi yaxshiroq yuvilgan-yuvilmaganini birma-bir tekshirishni talab qilardim. Guvaladevor, tuproqtom, eshik o‘rniga sholcha to‘sib qo‘yilgan hojatxona oldida ba’zan qizlar yakkalanib qolayotganini payqab, bu joyga birinchi va uchinchi tanaffusda o‘g‘il bolalar, ikkinchi tanaffusda faqat qizlar kiradi degan tartibni joriy etdim. Qizlardan biri jirillab, bizga nega bir marta xolos, deb so‘ragan edi, bir marta bo‘lsa ham, bunisi katta tanaffus, ikkitaning o‘rnini bosadi, dedim. Boshqa e’tirozlar bo‘lmadi.
Amaldorlikning gashtini endigina sura boshlaganimda, o‘z izzatimni o‘zim rasvo qildim. Bir kuni tanaffusda mulla akamiz meni yoniga imlab, oxirgi to‘rtinchi dars chog‘ida do‘xtirlar kelib, o‘quvchilarni qandaydir kasallikka qarshi emlashini aytdi, qo‘rqqanlarni sal hay-haylab tur, deb tayinladi. Birinchi bo‘lib o‘zimning etimni qaltiroq qopladi, o‘qituvchining ko‘zini shamg‘alat qilib, sekin juftakni rostladim, ikki-uchta yaqinlarimga shipshitib ulgurganim uchun ular ham menga ergashishdi.
Ertasi kuni mulla akadan rosa gap eshitdim, tag‘in shunaqa qilsang, sinfboshilikdan haydalasan, deb ogohlantirdi u. Ko‘p o‘tmay, do‘xtirlar yana paydo bo‘lib, dars vaqtida sinfga birdan bostirib kirishdi. O‘tgan gal ukol olganlarning ko‘pchiligi isitmalab qolgani, ba’zilarining kuragi shishib ketgani esimga kelib, talvasaga tushdim. Avvaliga amal shirin ko‘rinib, miq etmay o‘tirdim, keyin jonim amaldan lazizroq tuyuldi-yu, partamning yonginasidagi derazani shartta ochib, tashqariga otildim. Zarb bilan ochilgan derazaning tutqichi devorga qattiq urilib, oynalari sinib tushgani ortiqcha bo‘ldi.
O‘shanda amal qo‘limga bir qo‘nib uchgan ekan-da, keyinchalik nechta maktabga ko‘chib yurib o‘qimayin, bu lavozimni menga qaytib ravo ko‘rishmadi. Ravo ko‘rishganda ham, baribir yana ko‘pga cho‘zilmasdi – nechta maktabda o‘qigan bo‘lsam, har yili ikki-uch martadan do‘xtir oralab turishiga qaramay, muallimlardan kaltak yesam yedimki, biror martayam ukol qildirmadim. Beshinchi sinfda o‘qiyotganimizda yomo-o-n qo‘lga tushganim esimda, jismoniy tarbiyadan dars beradigan sinf rahbarimiz Rahimov dars chog‘ida ikkita o‘qituvchini boshlab kirib, ularni derazalar yoniga poyloqchi qilib qo‘ygach, o‘zi eshikka qorovul bo‘lib oldi. Keyin do‘xtirlar kirib, bolalarni emlash boshlandi. Bir qaraganda, qutulib ketishning imkoni yo‘qdek edi, lekin iloj topildi. Bolalardan to‘rt-beshtasini turtkilab, bu safar ignada ukol qilmay, bilakni salgina tilib qo‘yishyapti xolos, nimadan qo‘rqasan, deya oldimga solib borib, do‘xtirning yoniga to‘pladim, sun’iy tiqin hosil qildim. Do‘xtir yonimdagilarning bilagini qandaydir doriga botirilgan mitti nashtarda tilishga tushganida, stoldagi toza paxtadan ozgina olib, bilagimga ishqab “ux-ux”laganimcha, sheriklarim bilan tashqariga yo‘naldim. Eshik oldida turgan Rahimov: “Sen battolni qo‘lga tushirish manavinaqa bo‘pti”, deya g‘arillab kuldi.
Tilimni tishlab yuraversam bo‘lardi, ammo chidamadim, ertasi kuni Rahimovni maktab hovlisida uchratib, bilagimni ko‘rsatdim-da: “Buni qarang, domla, hamma bolaning bilagida tilingan joyning izi turibdi, meniki bir kechada bitib ketdi”, dedim. Domla laqqa tushganini payqab, o‘qituvchini ermak qiladigan bo‘ldingmi hali, deya tizg‘itib quvlashga tushdi. Katta papka qo‘ltiqlab olgan adabiyot o‘qituvchimiz Tillaboyev shu tomonga kelayotganini ko‘rib, kapalaklanib borganimcha o‘zimni uning panasiga urdim, Rahimovni ushlang, meni o‘ldirib qo‘yadi, deb o‘zimni o‘takasi yorilganga soldim.
— Shunaqa qo‘rqitadimi bolani? – deya Rahimovga qo‘lini shop qildi Tillaboyev. – Qanaqa fahmsiz odamsiz?
— Nima-nima? – puffa lovulladi Rahimov. – Bu bilan, maktabda eng fahmi zo‘r o‘zimman, demoqchimilar?
Ikkovi ham urush qatnashchisi, ikkovining ham bir ko‘zi shisha, ikkovi ham ashaddiy ichuvchi edi, bir-birini azaldan yoqtirmasligini maktabda barcha bilardi. Ikki arslon o‘zaro o‘kirishni boshlagan damda men ozorsiz mushukchadek qunishib, sekingina g‘oyib bo‘ldim…
Gapdan sal chalg‘ibman. Yana ikkinchi sinfga qaytadigan bo‘lsak, do‘xtir tufayli mansabdan ayrilib qolgan esam-da, o‘rnimga yaqin oshnam Abdulla sariq saylangach, ko‘nglim tezda joyiga tushdi. Qo‘yningdan to‘kilsa – qo‘njingga, deganlari shu-da.
O‘quv yilining o‘rtalarida sinfimizga yangi o‘qituvchi kirdi, Maqsuda degan o‘sha go‘zal boshqird qiz bizga rasm chizishdan dars bera boshladi. Bunga qadar, biznikiga kelsa ham, ko‘chada uchrashib qolsak ham, u meni bag‘riga tortib achomlashar, boshimni ko‘kragiga ishqalash uchun oyog‘imning uchida bo‘ylanib suykana ketardim. O‘qituvchimga aylangach, shunchaki iljayib salomlashadigan, rasmni qoyillatibroq chizsam, yelkamga qoqib maqtashdan nariga o‘tmaydigan bo‘lib qoldi. Bundan xijilligim qo‘zirdi, etimni “chim-chim”latib quchoqlashini qo‘msardim.
Ko‘p o‘tmay, dard ustiga chipqon bo‘lib, Maqsuda opaning Tohirbek degan bir oshig‘i sholipoyadagi kurmakdek bo‘y ko‘rsatdi, ashaddiy raqobatchimga aylandi. U maktabimizga tez-tez kelib, dars vaqtida hovlida so‘ppayib o‘tirar, tanaffusda o‘qituvchimizni chetga tortib, mijikilanib gaplashishga tushardi. Rashkdan yoniqib, yigitga chetdan goh o‘qrayib boqardim. Ikkovi tobora inoqlashib boravergach, zardam tutib, o‘zimning kirchimol sinfdoshim Q. dan qolmaganim yaxshi, degan qarorga keldim.
Maktabdan javob bo‘ldi deguncha, Q. ning iziga tushardim, quvib borib ushlolsam, kuchukni qiynagandek piypalay ketardim. Uni tutolmasam, birinchi uchragan boshqa qizga yopishardim. Ustimdan arz qilishavergach, darslar tugaganidan so‘ng qizlar to uzoqqa ketib olmagunlaricha, o‘qituvchilar meni xonadan chiqarmay turadigan bo‘lishdi. Dam muallimlardan achitqi tanbehlar eshitish, dam qizlarning ota-akalaridan tarsaki yeyish jonimga tegib, oxiri boshqacha usulga o‘tdim, ya’ni tanaffusda biron-bir qizning sinfda yolg‘iz qolishini poylab, shartta quchoqlab olishni o‘rgandim. Bunaqa paytda, guvohlar yo‘qligi bois, qiz sho‘rlik birovga arz qilmay, o‘zi boplab-toblab qarg‘ash bilan kifoyalanib qolaverardi.
Agar, odamzod qizlarning qarg‘ishidan o‘ladigan bo‘lsa, men chivinto‘ra boshlang‘ich sinfdayoq uvol ketmasmidim?

GENERALCHASIGA CHO‘MILISH

Suzish qo‘lingdan kelmasa, tirik oqishni uddala.
KULKUL afandi

Opalarim Quvirboshidagi sakkiz yillik maktabda tahsil olishardi, men esam, uchinchi sinfdayam o‘sha machit-maktabda o‘qiyverdim. Bu orada baland machitga tutash pastqam bino ta’mirlanib, yana bitta o‘quv xonasi paydo bo‘lgan, birinchi, ikkinchi sinflarga tushgacha, uchinchi sinfga tushdan so‘ng dars o‘tilardi. Yangilar bizdan pastroq sinflar bo‘lgani uchun ular orasida raqiblarim ham yo‘q edi.
Hanuz o‘sha-o‘sha Anvar edim. Qimmatbaho ust-boshlarim javonda qavat-qavat taxlanib yotsa-da, odmi kiyinishga, o‘zgalardan ajralib turmaslikka urinish odatim saqlanib qolgandi.
Bir kuni dadam meni tuman markazidagi artelda ishlaydigan erkak bichiqchiga boshlab borib, bastimga o‘lchatib kiyim tiktirdi. Kostyumining tugmalari yaltiroq, shimi askarlarnikidek galifeli bu libos qanchalar ko‘rkam bo‘lmasin, kiyib chiqsam, bolalarning ko‘zi kuyib, menga yana g‘alati qarashlarini o‘ylab, ichim qorong‘ulashdi. Begona joyga mehmonga borganda yoki dadam ishxonasiga olib ketganida yasantirishsa, qarshilik qilmasdim.
Qaysarlanishga qanchalar urinmay, Navro‘z kuni bir aldab, bir tergab, baribir yangi libosimni kiydirishdi. Yarashganini ko‘r, doim shunaqa qurchoq bo‘lib yursang, o‘lasanmi, deb kuyindi ayam.
U davrda Navro‘z rasmiy bayram emasdi, aksincha ta’qib ostida edi. Shunga qaramay, ekinchilar bayramni “qo‘sh soldi” degan boshqacha nomda niqoblab, dalalarda ziyofat uyushtirishar, ko‘katdan mantiyu somsalar pishirish avj olar, ayollar mahallaning uch-to‘rt xonadoniga bo‘linib, doshqozonlarda sumalak solishar, chirmanda ovozi, o‘yin-kulgi sadolari tonggacha tinmasdi. Navro‘z haftaning qay kuniga to‘g‘ri kelishidan qat’i nazar, kattalaru bolalar ertalabdan bozor sari yo‘l olishardi, hukumat vakillari militsionerlar yordamida ularni uy-uyiga tarqatishga urinsa-da, sotuvchi va xaridorlar u yoqdan-bu yoqqa qochib yurib bo‘lsa ham saylu savdoni davom ettiraverishardi.
Dadam bergan bayramlikni cho‘ntakka tiqib, ko‘chaga chiqdim. Ariq yoqasida gaplashib o‘tirgan qo‘shnilarim Bozor Mirza bilan Dehqon Hasan meni ko‘rib, vah-vahlay boshlashdi.
— Vo-o-o! Mis tugmalarning yarqirashini qarang! – deya artislanib yoqa ushladi Dehqon tog‘a. – Askarning o‘zginasi-ya!
— Askar nima bo‘pti! – gapni battar ko‘pirtirdi Bozor tog‘a. – Ginrol bo‘pketibdi, ginrol! Bay, bay, bay!
— Ginrol degani, bu – askarlarning boshlig‘i-da, a?
— Boshlig‘i bo‘lgandayam, eng katta boshlig‘i!
— Vo-o-o! Bu Anvarvoy shunaqa zo‘r bo‘pketdimi?
Bu gaplardan popildirig‘im ho‘ppayganini sezdirmaslikka tirishib, ularning yonidan indamay o‘tdim, sal narida to‘xtab, machit yonida qaldirg‘ochlardek vijirlashib turgan katta-kichik bolalar tomonga sinchikovlik bilan nazar soldim. Borsam bo‘ldi, ular ham manavilarga o‘xshab “bay-bay”lashni, har xil pichinglar qilishni boshlaydi. Birinchi galda Mashrab aka yoki Qosim aka: “Ha millionerning tantig‘i, o‘zingni toshoynakka solib chiqyapsanmi”, deydi, kulgi ko‘tariladi.
Nima qilishimni bilmay, ortga qaytdim, ariq ustidagi ko‘prikka chiqib, bahor toshqinidan bo‘tanalashgan loyqa suvning to‘lib-ko‘pirib oqishini kuzatganimcha, garangsib turaverdim.
— Ko‘prikda arslonlanib turishini qarang! – qulog‘imga Dehqon tog‘aning dabdabali ovozi chalindi. – Cho‘milmoqchi bo‘lyapti shekilli? Yo po‘qalaslik qilib, qo‘rqyaptimikin?
Bu so‘zni eshitib, yuragim birdan g‘av-g‘avlandi, rostdan ham suvga kalla tashlab, bularga kimligimni ko‘rsatib qo‘ysammikin, deb o‘yladim. So‘ng, uyda yuzimga tarsaki tushishi mumkinligidan bezillab, ikkilandim.
— Iye, Anvar polvonni bilmasakansiz-da, mulla Dehqon? Hech nimadan qo‘rqmaydi bu bola, bunaqa botirni umrimda ko‘rmaganman. Ana, qarab turing, kiyim-piyimi bilan o‘zini suvga tashlaydi hozir.
Bu gaplarni aytgan Bozor tog‘aning ishonchini oqlab, meni nazarga ilmayotgan Dehqon tog‘ani o‘lguday izza qilish ishtiyoqi dalda bo‘ldimi, o‘zimni suvga otdim. To‘lib oqayotgan ariqning qirg‘og‘iga tirmashishga ulgurolmay, ko‘prikning ostiga kirib ketdim. Dehqon tog‘a talvasali qiyofada ariq yoqalab chopib kelib, o‘zini narigi ko‘prikning ustiga tashladi, juda tez oqayotgan suvdan meni zo‘rg‘a tortib oldi. Keyin, kutilmaganda, qahqah urishga tushdi.

– Hey, otasi, so‘kmang bekorga,
O‘g‘lingizning joyida esi.
Otilmasdi asov anhorga,
Cho‘kmaslikka yetmasa ko‘zi…
Mayli, o‘ynab-kulsin burgutcha!

– Otangga tik boqma, bolakay,
Bilaman, g‘irt qaysarsan azal.
Bilaman, hech o‘ylab o‘tirmay,
Otilgansan suvga tavakkal…
Umring uzoq bo‘lsin, burgutcha!
(1977)

Ko‘p o‘tmay, uydan odmiroq kiyimda qaytib chiqib, o‘zimni o‘rtoqlarimning ichiga urdim. Ushbu voqea esimga tushsa, sendan zo‘r shoir yo‘qligini isbotlash uchun o‘zingni tomdan tashla, desalar, necha qavatli uyning ustida turganimni o‘ylab o‘tirmay, hozir ham o‘zimni pastga otishdan toymasam kerak, deb o‘ylab qo‘yaman.
Stalinning men tug‘ilgan yili yangilangan puli amalda edi. Hayit-bayramlarda dadam ukalarimga ozroq, menga esa opalarim qatorida o‘n so‘m hayitlik berardi, boshqa yaqinlardan ham yana besh-olti so‘m undirardim. Bir so‘mga beshta xo‘rozqand yoki bir cho‘ngpiyolada sho‘rno‘xat; ikki stakan kungaboqar pistasi yoki qalamdan uzunroq va yo‘g‘onroq bo‘lgan, popukli rangdor qog‘ozchaga o‘rab sotilguchi ikkita chaynamayshiming; ikkita tuxum yoki bitta patirnon olsa bo‘lardi. Ammo, yegulikdan ko‘ra kino ko‘rib kelishga ko‘proq ishqiboz edik. Chipta ikki so‘m turardi. Guzarda bolalar yig‘ilgach, kattaroqlari ularga bosh bo‘lib bozorga boshlashdan oldin kimning qancha puli borligini surishtirishardi, puli ozlarni qatorga qo‘shmay, tashlab ketishardi. Puli kamlar mo‘ltirab qolsa, ichim achishardi, bular mening pulimga sherik bo‘ladi, deb kattalarni ko‘ndirardim.
O‘rtoqlarimdan birortasinikiga kirib borsam, ota-onalari bundan quvonib, meni o‘tqazgani joy topolmay qolar, doim shunday inoq bo‘lishimizni qayta-qayta tayinlashardi. Dasturxon yozishsa, u-bu narsadan shunchaki totib ko‘rgan bo‘lib, o‘rtog‘im bilan tomorqa tomonga o‘tardim, uy egalari tezroq biron-bir yumushga kirishmog‘ini toqatsizlanib kutardim, terlab-terlab ishlagim kelardi. Uyda bunga imkon yo‘q, Usmon tog‘am yorayotgan o‘tinni bostirma ostiga tashimoqchi bo‘lsam, tashla, qo‘lingga zirapcha kiradi, deb; sigirimga o‘t yulib bermoqchi bo‘lsam, qoch, suzib oladi, deb; shamolda tob tashlagan so‘ritok ayrisini o‘nglamoqchi bo‘lsam, qulab tushsa, boshingni yoradi, deb quvg‘in qilishadi.
Qo‘shnilarnikiga kirganda biron ishning ustidan chiqsam, suyunib, g‘ayratlanib ketardim. Birinikida kattalar yoniga cho‘nqayib olib, quritiladigan o‘riklarni poxol to‘shamalar ustiga avaylab terishni boshlardim. O‘rikning pindigini tepaga qilib ter, shunda shirasi oqib ketmaydi, deb o‘rgatishardi. Birinikida sabzi, boshqasinikida piyoz yoki kartoshka qazish hasharida qatnashardim. Hatto qishda sovuqdan dildirayotganimni sezdirmaslikka tirishib, qo‘shnilarning turupini hovuzchada yuvishga ko‘maklashardim. Ba’zan sinfdoshim Rahimlarnikida otasi Ahmadali temirchining o‘chog‘iga dam bosib berib, olqishini olardim. Qo‘shni xonadonlar men uchun boshqa bir mamlakat edi go‘yo. Dunyoda yalma, umoch, nonpalla, yovg‘onsho‘rva, piyoz va pomidorga un aralashtirilib, qaymoqda qovurilgan bulamiq singari taomlar ham borligini o‘sha “begona yurtlar”da ko‘rib bilganman. Ular go‘shtsiz bo‘lishiga qaramay, ishlashdan ishtaham ochilgan chog‘da og‘zimga shunaqayam mazali tatirdiki!
Dadamga ergashib paxta punktiga borganda ham kishilarga dastyorlik qilishga oshiqardim. Ayniqsa, mozortagilik Qo‘chqor mo‘ylov degan yoshi o‘tinqiraganroq kishi bilan ishlashni yaxshi ko‘rardim. U paxta g‘aramidan bo‘shagan keng supa sahnidagi terilma toshlarning ko‘chganlarini joyiga bolg‘alab o‘rnashtirish bilan band bo‘ladimi, supa tegrasidagi ajriqlarni ketmonlab qirtishlashga tutinadimi; shoshmasdan ishlab, qiziq-qiziq fe’l-atvorli odamlar to‘g‘risidagi voqealarni toblab-toblab so‘ylashga tushar, ola ko‘zlarini yarqiratganicha, xirillab-xirillab kulardi; orada yo‘tali tutib, “o‘ho‘-o‘ho‘”lagan asno yerga o‘tirib qolardi.
— Yoshligimda ho‘kizni urib yiqitadigan polvon edim, sigaret tamom qildi meni, — yosh bola deb o‘tirmay, tengdoshi bilan so‘zlashayotgandek arz qildi u bir kuni. – Odam bo‘laman desang, shu ketpurushga yaqinlashma, Anvarvoy. Ilonni ko‘rsang, zing‘illab qochasan, to‘g‘rimi? Sigaret deganiyam zaharli ilon, og‘ritmasdan chaqib, sekinroq o‘ldiradi xolos.
O‘shanda dadam kelib qolib, ikkovlaring juda inoqsizlar-da, deb jilmaydi va Qo‘chqor mo‘ylovni idora xodimlari uchun pishirilayotgan tushki sho‘rvaga taklif etdi. Dadam ketgach, u yelkamga qo‘l tashlab, oshnachilikda xosiyat ko‘p, sen bilan qalin bo‘lmasam, meni kim ham tekin sho‘rvaga chaqirardi, deya yana xirillab kuldi.
Gaplarini eshitib tursang – yoqimli odam, turqiga qarasang – qo‘rqinchli.
Qo‘chqor mo‘ylov bir-ikki piyola araqqa qo‘shib, sho‘rvani shosha-pisha ichdi-yu, kattakonlarning o‘zaro gaplari bo‘ladi, men xalaqit bermayin, deb turib ketdi. Shunda, o‘t o‘chiruvchilar boshlig‘i Shermatov u to‘g‘rida so‘z boshladi. Aytishicha, Qo‘chqor mo‘ylov boy kishining farzandi bo‘lgan ekan, ish qilishda ham, mushtlashishda ham hech kim unga bas kelolmas ekan. Qishloqning obro‘li xonadonlaridan biriga kuyov bo‘lib, hammaning og‘ziga tushgan o‘ta go‘zal qizga uylanibdi. Otasi o‘tganidan keyin ichkilikka, ulfatchilikka berilib ketib, bor-butini sovuribdi. Lekin, qanchalar og‘ir kunlarni ko‘rmasin, xotini baribir uni juda izzat qilarkan, yosh bolani ovqatlantirgandek, silab-siypalab taom tutarkan, kasal bo‘lib qolishidan cho‘chib, ko‘chaga o‘rab-chirmab chiqararkan, mastligida ozor bersa, ertasi yuziga solmas ekan.
— Ha, shunaqa xotinlar bor, — deb xo‘rsingan edi o‘shanda Hokimnazar omborchi. – Lekin, mingtadan bitta. Balki, milyontadan bittadir.

Ko‘p aziyat tortasan,
Mehribonim, bechoram.
Afsus, juda soddasan,
Mehribonim, bechoram.
Menga ayon tilaging:
Bo‘lmoqchisan tiragim,
Mehring o‘zi – ko‘maging,
Mehribonim, bechoram.
Tushunmaysan, qizgina,
Har qadamda kin, gina,
Gul deganing goh igna,
Mehribonim, bechoram…
Haqlik yengar o‘limni
Va yoritgay yo‘limni,
Mahkam ushla qo‘limni,
Mehribonim, bechoram.
(1976)

Biron bir narsa bilan shug‘ullanishga o‘chligim, birovlarning xizmatiga shayligimdan ba’zilar chakkiroq foydalangan paytlar ham bo‘lgan. Paxta punkti yaqinida mototsikl va velosipedlarni tuzatadigan ustaxona bo‘lardi. Bir kuni usta meni yoniga imlab:
— Sizbop bir ish topib qo‘ydim, toybola, — deya qo‘limga ignatugma tutqazdi. — Shuni valasapedning g‘ildiragiga tiqsangiz, “pis-s-s” etib dami chiqadi, yana boshqasiga tiqsangiz, tag‘in “pis-s-s” etadi. Hih-hih-hi…
Dadamdan tortib, ishchilarning talay qismi punktga velosipedda kelardi. Men payt poylab yurib, ularning g‘ildiragini teshaveribman-u, bu bilan ustaning cho‘ntagiga baraka kiritayotganimni bilmabman.
Erkatoyligim, uyda aytganim aytgan, deganim deganligi ham ayrimlarlarga unum keltirardi. Mahallamizdagi katta bolalar qishloq klubida bugun juda zo‘r kino bo‘larkan, desa, tunda yolg‘iz yurishdan qo‘rqqanim bois, uch-to‘rt kishiga yetadigan pul olib chiqib, Sotvoldi “dono”ning o‘g‘li Muhammadjon, Zokir “tulpanjon” kabi o‘smirlarni sherik qilvolardim. Kinoxonada boshqa mahallaning bolalari bilan janjallashib qolsam, kuzatuvchilarim ularni o‘sha zahoti talab tashlardi. Bora-bora, barchaga tanilib, yotlar menga pashshalashmaydigan bo‘ldi.
Fayziboy otamizning o‘g‘li O‘rinboy akam havo juda isib ketganidan nolib, pul bo‘lganda, istansaga borib bir maro‘jna yalardik, desa, uydan o‘sha zahoti undirib chiqardim. Usmon tog‘amiz Rishtondagi Mahbuba xolamni tez-tez yo‘qlagisi kelib qolar, yaqinda bordingiz-ku, deb ayam yo‘lkira berishdan qochsa, dadamdan o‘zimga deb olib, pulni sekin uning qo‘liga qistirardim. Tog‘am sevinchdan titranib, ichida nimalardir deganicha yuziga fotiha tortib qo‘yardi.
Keyinchalik pulli yurishning boshqa yo‘lini topdim. Avvaliga, dadam uxlagan chog‘da cho‘ntagiga bir qo‘l solib qo‘yadigan bo‘ldim. Keyinroq “pul ovlash”ni kunduz kuniga ko‘chirdim. Javonimizning kundalik xarajatlar uchun pul saqlanadigan g‘aladoni qulflansa-da, latta-lutta turadigan pastki qism eshiklarini negadir ochiq qoldirishardi. Bir kuni pastki eshikni ochib, tepadagi g‘aladonning yon tomonidagi kavakdan asta qo‘l tiqdim va taxlanib turgan pullardan bittasini sug‘urib oldim. Uch-to‘rt kun o‘tdiki, birov g‘ing demaydi-da. O‘shandan so‘ng, zarur bo‘lganida, ikki-uchtalab oladigan bo‘ldim. Shunda ham sezishmaganiga qaraganda, dadam bergan puli nimalarga ishlatilayotganini ortiqcha surishtirmas, ayam hisob-kitobni joyiga qo‘yib sarflashni yaxshi bilmas edi shekilli.
Odamlar nega bu qadar qashshoqligining sababini o‘shanda tushunmasdim. Vaqti-soati kelgach bildimki, sho‘rochilar hokimiyatni qo‘lda saqlab qolishda ham, davlatchiligini mustahkamlashda ham, birinchi galda qishloq ahlini talash uslublaridan keng foydalangan ekan. Fuqarolar urushi davrida Leninning qishloqlardagi ortiqcha oziqlarni musodara qilish siyosati asosida maxsus qurolli bo‘linma askarlari uylarga qaroqchilarcha bostirib kirib, qo‘lga ilingan yegulikni olib ketaverishgan; keyinchalik boyroq tabaqalarning mol-mulki “quloq”likni tugatish (kulak, ya’ni mushtumzo‘r) shiori ostida tortib olinib, o‘zlari surgun qilingan; ikkinchi jahon urushi davrida ekinchilar kolxoz dalalarida bir cho‘mich go‘shtsiz ovqat-u, yarimta kulcha evaziga o‘n besh-o‘n olti soatlab tekin ishlatilgani yetmagandek, frontga yordam degan bahonada xonadonlarga go‘sht, tuxum, sut, ko‘rpa-to‘shak solig‘i solingan.
Yil yakunidagi hisob-kitobda (uni “yillik otchyot” deyishardi) kolxozchilarning qo‘li ozgina naqd pul ko‘rib qolardi, boshqa vaqtda mehnat haqi evaziga bug‘doy, chit, paxta yog‘i, sovun kabi mahsulotlar berilardi. Kishilar biri qo‘y-mol boqib, biri tomorqasida meva-sabzavot yetishtirib sotish orqaligina naqd pulga ega bo‘lishardi. Bir qaraganda, mehnat haqi mo‘mayginadek ko‘rinsa-da, uning teng yarmi chegirib qolinib, o‘rniga qachon pulga almashtirilishi noma’lum bo‘lgan “zayom” deb ataluvchi guldor qog‘oz berilardi. Ko‘pchilikning ko‘nglini ko‘tarib turgan narsa aynan ana shu qog‘oz edi, men faloncha so‘mlik zayim yig‘ib qo‘ydim, deb bir-biriga maqtanib yurishardi. Va’daga binoan, davlat urushdan keyinoq bu qarzlarini uzishi lozim edi, ammo olmishinchi yillarga kelib, Xurushchyov zayomlarni pulga alishtirish muddatini yana yigirma yilga cho‘zdi. Shunisi qiziqki, sal o‘tib, yigirma yildan so‘ng SSSRda kommunizm quriladi, fuqarolarimizning hozirgi avlodi kommunizmda yashaydi, deb e’lon qilindi. Kommunizmda esa, taomilga ko‘ra, pul bo‘lmaydi, onggi eng yuqori darajada yuksalib bo‘lgan kishilar imkoniga yarasha ishlab, ehtiyojiga yarasha yeb-ichib yashayveradi. Yana yigirma yildan keyin pulning keragi bo‘lmas ekan, zayomning qarzini to‘lashga nima hojat qoladi, deydigan dono topilmasdi. Ba’zilar zayomlarni sandiqning tubiga joylay boshlasa, ba’zilar butunlay umidsizlanib, ularni tutantiriq qilishga tushdi. Zayombozlik xalq xo‘jaligining barcha jabhalariga yoyilgani hisobga olinsa, sovet xalqi dunyoda eng kam soliq to‘laydi, degan so‘zlarning yolg‘onligi, o‘shanda zayom nayrangi tufayli kishilarimiz ellik foizdan ziyod soliq to‘lab kelganligi haqidagi gaplarning o‘rinli ekanligi ayon bo‘ladi.
Qishloq aholisi bu mamlakatda odam hisoblanmasdi go‘yo. Boshqasini qo‘yib turaylik, yetmishinchi yillarning o‘rtalarigacha, ayrim toifalarni istisno qilganda, ularga hatto pasport berilmasdi. Yaxshiroq hayot izlab shaharga ketish tugul, o‘z tumanidagi korxonalarga kirib ishlashda ham mingta to‘siqqa duch kelishardi. Bunday korxonalarda ruschani puxtaroq biladigan, “orqasi bor”roq o‘zbeklar o‘rtacha o‘n besh-yigirma foizni tashkil etib, ko‘proq chetdan ko‘chib kelgan ruslar ishlardi. Oylikni to‘liq naqd pul bilan oluvchilar aynan shu ishchilar va davlat tashkilot-muassasalari xodimlari edi xolos. O‘qituvchilar ham shu qatorda bo‘lib, ularga alohida g‘amxo‘rlik ko‘rsatish bilan birga, bolalarning tuzumga nisbatan muhabbati va hurmatini oshirishga nechog‘li hissa qo‘shayotgani qattiq nazorat qilib borilardi.
Turmush og‘irligiga qaramay, kishilar uncha nolimasdi, aniqrog‘i – oshkora nolishdan o‘lgudek qo‘rqishardi. Boriga shukur qilishga, ortiqcha javramasdan, vahima ko‘tarmasdan yashashga ularni puxta o‘rgatib bo‘lishgan edi. Odamzotni yomon ahvolga ko‘niktirish uchun oldin bundan ham yomonroq kunlarni boshiga solish kifoya, deyishadi-ku….
O‘yinqaroqlik qilib, ba’zan qorong‘ida qaytsam, uydagilar: “Falon joylarda o‘ynama, piston ko‘chadan yurma, ajinasi bor”, deb qo‘rqitishardi. Ajinasi ko‘p zamonda yashayotganim, oldimda ajinasi bor yo‘llar turganini o‘shanda menga hech kim tushuntiribroq aytmagani qiziq. Aytsa, ajinalardan sergakroq himoyalanmoqqa, zarurat tug‘ilsa, dangal olishuvga kirishmoqqa, yengib o‘tish usullarini o‘rganmoqqa tirishib, o‘zimni hayotga puxtagina hozirlab borgan bo‘lmasmidim.
Asli, so‘zlayotgan bu gaplarining tub mohiyatida chuqurdan chuqur ma’nolar, ulkan-ulkan falsafalar yashirinib yotganini uyimizdagilarning o‘zlari ham bilmasdi. Bilsa, kengroq, batafsilroq uqtirgan bo‘lishardi albatta. Uyini – mamlakat, qishlog‘ini dunyo deb tasavvur qilganicha yashayotgan bu kimsalarning bilimi “tirikchilik nazariyasi”ni baholi qudrat o‘zlashtirib olishdan nariga o‘tgan emasdi.
Ilgarilari kitob eshitishni yoqtirgan bo‘lsam, savodim chiqqach, kitob o‘qishga tobora berilib boraverdim. Garov o‘ynab, uch kilo guruchning oshini bir o‘zi yeb tashlagan Abdukarim beshqorin degan kishi paxta punkti qarshisidagi magazinda mudir edi. U, dadamga gapimni qanchalar o‘tkaza olishimni sinab charchamas, menga goh chiroyli matoni ko‘z-ko‘z qilib, dadangni mahkam ushlagin-u, shuni ayangga oldirib berib, bir suyuntir, deb ishqov bersa; goh jun ro‘molni ko‘rsatib, manavini buvingga sovg‘a qilaylik, tezda dadangni ishga sol, deya qistovga olardi. Dadamni ko‘ndirmasdan qo‘ymasdim.
U zamonlarda aralash mollar do‘konida kitob ham sotilardi. Kitob o‘qishga ishqibozligimni bilgan Abdukarim beshqorin: “Manavining ichi g‘ij-g‘ij ertak. Manavining rasmlari ko‘pligini qara”, deb menga dam u, dam bu kitobni tiqishtirardi. Narxini orqa muqovadan ko‘rib, pulni tezda olib chiqardim. Kitob olaman desam, dadam pulni sira ayamasdi, o‘sha zahoti rozi bo‘lardi.
Bir kuni dadam bilan do‘konga kirib, bolishdek keladigan, charm muqovasida Stalinning byustsimon surati bo‘rtib turgan, dohiyning siyosiy maqolalaridan iborat kitobga suqlanib qoldim. Abdukarim beshqorin buni sezib, eng zo‘r kitob mana shu degandek boshmaldog‘ini ko‘rsatdi va qoshida dadam tomonga imlab qo‘ydi. Shu kitobni olib berasiz, deb turib oldim; dadam esa, bunaqa kitoblar maktab kutubxonalarida tiqilib yotibdi, ularni o‘ninchi sinfga borganda o‘qiysan, hozir tushunmaysan, deb tez-tez odimlaganicha tashqariga yurdi. Ortidan chiqib, olib berasiz, deb dodlashimga quloq solmay, ishxona tomonga yo‘naldi.
Abdukarim beshqorin ochiq derazadan suzilib, hali ahvol shumi, degandek labini burgani yanada alam qildi, ho‘ngraganimcha toshyo‘liga chiqib borib, uyimiz sari chopqilladim. Yuzimni yumdalagudek alfozda yig‘lab borarkanman, yo‘l chetidagi qator-qator tutlardan birining ustidan chumchuq bolasi tap etib oldimga tushdi. Kimdan o‘ch olishni bilmay turganimdanmi, tosh bilan bir urib, chumchuqchaning boshini shag‘alga chaplab qo‘ydim.Urdim-u, shu zahoti o‘zimga kelib, polaponning patini silaganimcha battardan yig‘lab yubordim. Yo‘lda ham, uyga kelib ham chumchuqchaga achinishdan to‘xtamadim.
Bu fojiani necha vaqt unutolmay yurdim. Bir kuni tush ko‘rdim – chumchuqchani qayta-qayta o‘ldirayotgan emishman, u yana tirilib qolaverarmish. Oxiri pirillaganicha havoga ko‘tarilib, tutning eng baland shoxiga qo‘nib olibdi.
Uyqudan yengil tortib uyg‘onsam-da, zum o‘tmay ichimni yana zulmat qopladi. Abdukarim beshqorinni o‘zimcha qarg‘ashga tushdim. Olako‘z! Ishmaqorin! Shu odam menga kitobni ko‘rsatmaganida, dadamga o‘chakishmagan bo‘lardim. O‘chakishmasam, chumchuqchaniyam o‘ldirmasdim.
Sho‘rlik chumchuqjon! Onasi rosa yig‘lagandir…

BIRLASHGAN QO‘SHIN

Tushingni suvga aytqonda, pokizarog‘ini ayt.
Gulmat SHOSHIY

Bolaligimda g‘alati-g‘alati tushlarni ko‘p ko‘rardim. Bari rangli edi shekilli, aksariyati to‘lig‘icha esimda qolardi. Ba’zilari oylab, yillab qayta-qayta yodimga tushaverardi.
Dadam “misilcha” (musicha) deb ataydigan Akram ukam doim bo‘ynini qisib yuruvchi, zimdan mo‘ltayib tikiluvchi yuvoshgina bola edi. Sal narsadan cho‘chinqirab, yonidagilarga jovdirab boqishi kishining rahmini qo‘zirdi. Shunga qaramay, ancha daydi edi, o‘yinga berilib ketsa, ko‘chadan kelmas, kechki ovqat mahalida uni qidirishga tushardik.
— Qorong‘i tushganda ko‘chada sang‘imagin, — deya uni qo‘rqita boshlardi ayam. – Nusa karis senga o‘xshaganlarni poylab yuradi. Ushlab olsa, o‘g‘irlab ketadi.
— Tag‘in shunaqa qilsang, o‘zimiz seni piyozfurush Nusaga sotvoramiz, — deb qo‘shimcha kiritardi opalarim.
Bu gaplardan Akram qolib, mening yuragimni ham qo‘rquv qoplardi (o‘sha davrda koreyslar asosan piyoz, sholi ekish bilan shug‘ullanar, Nyusya degani dehqonchiligini eshakaravada mahallama-mahalla sotib yurardi). Shundanmi, bir kuni tush ko‘rsam, ayam hovlimizdagi so‘ritok ostida huppa semiz Nyusya bilan so‘zlashib o‘tirganmish. Bir payt, bu karis ayol ayamga pul sanab berdi-yu, nariroqda mashinachasini o‘ynab o‘tirgan Akramning qo‘lidan ushlab, ko‘cha yoqqa yetakladi. Ortlaridan chopqillab chiqsam, rossiyachi bodringfurushlar yollab ishlatadigan, usti brezent yopinchiqli “GAZ – 51” taksi yuk mashinasi, orqa bortining o‘rtasidagi eshikchasi ochilganicha, ko‘chada turibdi. Nyusya ukam bilan birga kuzovga ko‘tarilib, eshikchani yopayotganda: “Hey, Akram, tezroq mashinadan tush, ayam seni karisga sotvordi!” – deb qichqirdim. Ukam menga kulib qaraganicha turaverdi. Mashina qo‘zg‘alganda, orqasidan jon halpimda yugurishga tutindim:
— Akra-a-m! Mashinadan sakra! Seni qiynab ishlatadi bular!
Mashina shitob bilan uzoqlasharkan, ukam bort eshikchasi ustidan bo‘ylanganicha, ko‘zlarini jovdiratib qo‘l silkita boshladi.
Uyg‘onsam, hadeb hansirayapman, ko‘zlarim jiqqa yosh. Akram yonimda uxlab yotganini ko‘rib ham, baribir anchagacha o‘zimga kelolmadim. O‘pkam bosilgach, yana ayrilib qolishdan qo‘rqqandek, uni pinjimga tortib, mahkam quchoqlab oldim.
Boshqa bir tushimda sinfdoshim Q. ga uylanayotgan emishman. Xotinlar “yor-yor” aytib, uni uyimizga olib kirayotgan emish-u, akasi kelib qolib, meni kaltaklay boshlamasmikin degan xavotirda nuqul tevarakka alanglab boqarmishman.
Tushlarimdan yana bittasini hamon qattiq hayajonga chulg‘anib, yuragim o‘zgacha to‘lqinlanib eslayman.
Yalang joyda turibman. Atrofimda – odamlar. Birdan barchasi: “Ana! Xudo! Xudo bu!” – deya xitob qilganlaricha osmonga qo‘l cho‘zishdi. Tepaga qaradim. Osmon tiniq, ko‘m-ko‘k. Bittagina oq bulut asta suzib kelyapti. Hayotda bunaqangi tovlanuvchan rangni sira ko‘rmagandim – bulut nihoyatda oq, oqdan ham oqroq, ko‘zni qamashtiradigan darajada jimirloq edi. Cho‘zinchoqroq shakldagi ushbu bulutning old tomonida boshsimon qism, ko‘z-qoshlari yaqqol ajralib ko‘rinmasa-da, kishini o‘ziga mahliyo qiluvchi jozibali bir qiyofa porlab turibdi. “Xudo! E, Xudo!” – deganimcha bir zum qotib turdim, so‘ng unga nimadir dedim. Hamma voqea, shakl va ranglar esimda, faqat, nima deb gapirganim, nechundir, yodimda yo‘q. Lekin, aniq bilaman, nimadir yoki nimalardir dedim. Ollohimning ramzi ustimdan tekis suzib o‘tarkan, o‘ta sokin harakat ila boshini ikki-uch bor qimirlatib qo‘ydi. Ma’qullab bosh qimirlatdi.
O‘shanda hali maktabga bormagandim, chamasi.
Shoirchilikka mukkadan ketgan o‘smirlik chog‘imdan boshlab tushimda goh-goh she’r to‘qib turardim. Bir kuni tushimda qaytariqlab-qaytariqlab olganim bois, uyg‘oniboq, tayyor she’rni shosha-pisha qog‘ozga tushirdim. Hanuz onda-sonda uyqumda she’r to‘qiyman, ammo endilikda uyg‘onganim hamono satrlar tizimi miyamda o‘z-o‘zidan erib keta boshlaydi, goho kichik qismi mazmunini elas-elas ilg‘ashga ulgurib qolaman.
Yoshligimda tushimda o‘lib ham ko‘rganman. O‘zimning jasadimni o‘zim bir chetdan kuzatib turibman, deng. Xuddi uxlayotgandek, miq etmasdan, ko‘rpada uzala tushib yotibman. Sochim negadir oq emish. Tevaragimda bir gala odam, barining ko‘zida yosh, lekin ularning birortasi ham menga tanish emas. Dadam qani? Ayam qayoqda qoldi?
Tush nima? Bu savolga yorug‘ dunyoning biron-bir mutafakkiri jo‘yali javob topa olgan emas, har kim o‘zicha farazlab ko‘radi xolos. Menimcha esa, tush narigi dunyoning mavjudligidan bizga muttasil darak berib turuvchi; shu bilan birga, goho o‘tmishimizni eslatib, goho orzu-o‘ylarimizga tutash bo‘lmish kelajagimiz haqida sirli ishoralar qiluvchi; xayoldan o‘tkazganlarimizni dam tasdiqlab, dam inkor etuvchi; nelargadir chorlab, nelardandir ogohlantiruvchi ilohiy bir mo‘jizadir, vaallohu a’lam.

Go‘ro‘g‘li der tushimda:
“Jangchimisan, tushunmam –
Qalqoning bor, qilich yo‘q…”

* * *

Hordiq bermay oyoqqa,
Yuguryapman qayoqqa,
Bobom yotgan joygami?
(“Uchchanoqlar”dan)

Kechmishimni yozyapman-u, bular ham hammasi tushga o‘xshab tuyulyapti. Ana, to‘rtinchi sinfga ham ko‘chdim. Eski machit bilan xayrlashib, Quvirboshidagi o‘rta maktabga qatnay boshladim. Maktab desa degudek uzun bino, devorlar oqlangan, eshik-derazalar bo‘yalgan, yettita sinf xonasi, direktor va o‘qituvchilar uchun alohida-alohida kabinetlar, hovlisi keng, bir chetida voleybol maydonchasi, bir tomonida sumka yoki kiyimlar uyumidan darvozachalar yasab, bemalol futbol o‘ynasa bo‘ladi. O‘quvchilarning bir qismi tushgacha, qolganlari tushdan keyin tahsil olishadi.
U yoqda “yakkaxo‘jayin” bo‘lib, yayrab yurgan ekanman. Bu yoqda sinflar ko‘p, har qaysi sinfning o‘z kuzuri bor. Men “B” sinfda yetakchiroq bo‘lsam, to‘rtinchi “A” sinfning mushtumzo‘ri Zokir degan bola ekan: o‘ta harakatchan, qoracharoq, tovushi o‘tkir, ko‘zi doim pildirab turadi. Tagini surishtirsam, bu bola o‘qituvchimiz Maqsuda opaga shaydolanib yurib, Tojikistonga ketib qolgan o‘sha Tohirbek degan yigitning ukasi bo‘lib chiqdi. Zokir ham mening obro‘yim to‘g‘risida u-bu so‘zlar eshitgan bo‘lsa kerak, kel, kurashib ko‘ramiz, deb qoldi bir kuni. Kurash tushib, bir zumdayoq gup etib yiqildim. Yana kurashamiz, dedim. Yana yiqildim. Uchinchi olishuvimiz juda uzoqqa cho‘zildi, oxiri yonma-yon bo‘lib yiqildik. Uning ko‘proq charchaganini payqab, tag‘in bir kurashaylik-chi, desam, tomoshachilarning ishqoviga quloq solmasdan, hansiraganicha qo‘lini siltadi-yu, indamasdan nari ketdi.
Shu bellashuv tufayli Zokir bilan inoqlashib qoldik. Bu hol, asosan quvirboshiliklardan iborat bo‘lgani uchun boshdanoq biz “kelgindi”larga tazyiq o‘tkazishga urinib yurgan barcha “A”chilarga ham ta’sir etib, “B”chilarga do‘stona muomala qila boshlashdi. Beshinchi sinfda ham qadrdonligimiz davom etdi. Lekin, goh-goh u sinfdagi biron-bir bola bu sinfdagilardan birontasi bilan yoqalashib qolar, har gal o‘zaro jipsligimiz darz ketayotgandek tuyulardi. Nimadir sabab bo‘lib, yettinchi sinfda o‘qiydigan olako‘z boladan shapaloq yedim-u, alamdan g‘ijinishim bosilmasidan, beshinchi “A” bilan “B” o‘rtasida ahillikni batamom mustahkamlashga xizmat qiluvchi bir fikr kallamda yarq etib chaqnadi.
Maydalar bilan pachakilashishni o‘zlariga ep ko‘rmagani uchunmi, yuqori sinf o‘quvchilari bizga uncha xiralik qilmasdi, ammo bir-ikki sinf balandda o‘qiydiganlar har qadamda zo‘rligini ko‘rsatishga urinardi. Bir kuni tanaffusda maktab ortidagi objuvozning to‘qmoqlari guppa-guppa sholi yanchishini Zokir bilan birgalikda tomosha qilib turib, ko‘ngliga sekin qo‘l soldim; kattaroq sinfdagilarning kichiklarga oliftachiligi ortib borayotganidan gap ochib, bundan keyin ular birontamizga tegadigan bo‘lsa, ikkala sinf birlashib ta’zirini bersak-chi, dedim. U hech o‘ylanib o‘tirmay, taklifimni tezda ma’qulladi.
Ushbu bitim ikki kun o‘tib-o‘tmayoq amalda kuchini ko‘rsatdi. Katta tanaffusda ikkala sinf bolalari aralashib futbol o‘ynayotsak, bir haftacha oldin meni tarsakilagan o‘sha olako‘z bolaga to‘polonimiz yoqmay, so‘kinganicha kelib to‘pimizni oldi-da, maktab yaqinidagi hovlining chavra devoridan oshirib tepib yubordi. Zokir ikkalamizning beixtiyor ko‘zimiz to‘qnashdi. Men sal ishora qilganimni bilaman, u: “Sol, bolalar!” – deb qichqirdi-yu, olako‘zga tashlandi, hamma futbolchi shu zahoti raqibning ustiga yopirildi. Biznikilardan ikkala Abdulla, Rahim, Abdurahim; “A” sinfdagilardan Zokir, Mutal, Isrom zo‘r mushtlashardi, qolganlar jangarilarni quvvatlab turardik. Sho‘ring qurig‘ur olako‘z nima voqea yuz berayotganini anglab ulgurguncha, bolalar uni yerga yiqitib, bir zumda po‘staksudrash qilib tashlashdi.
Jabrdiydaning peshanasi qonab, etlari momataloq bo‘lib ketgani, janjalning sababi direktorning xonasida muhokama etilgani bois, bu voqea maktab miqyosida ancha shov-shuv bo‘ldi. Shu bahonada, beshinchi sinfdagilarning “birlashgan qo‘shin”i hammaning og‘ziga tushdi, yuqori sinflardagilar bizdan qo‘rqishni balki xayolga ham keltirmagandir, ammo balodan hazar debmi, hartugur qitig‘imizga unchalik tegmay qo‘yishdi. Biz ham izzatimizni bilib, ularning jahlini chiqaravermasdik. Mabodo, oramizdan kimdir kattalar bilan janjallashib qolsa, ko‘pchilik bo‘lib borib, ish kuchaymasidanoq ajratib qo‘yardik, nega o‘zingdan kichikka yopishasan, deb zo‘ravonga “qozoq po‘pisa” qilish bilan cheklanardik. Bu kabi holatlar mayda narsadek ko‘rinsa-da, “birlashgan qo‘shin”ning safini yanada jipslashtirish, jangovarligini oshirishda ahamiyati katta edi. Endi barcha birdek tushunib borayotgandi – birlikda hamma o‘zini xavfsiz sezadi.
Zokir mendan kuchliroq ekanini his etsa-da, oramiz buziladigan darajada asabimga tegmasdi. Ochig‘ini aytsam, uning “A” sinfdagi eng tayanganlari bilan qadrdonlashib olganim uchun oramiz buzilib qolishidan endi oldingichalik tashvishlanmay qo‘ygandim. Menimcha, buni Zokir ham allaqachon payqab yetgandi.
O‘zgalarga jangaridek ko‘rinardim-u, aslida, hanuz qo‘rqoq edim, imkon qadar janjal qo‘zg‘amaslikka tirishardim; har qanday to‘qnashuvdan oldin yuragim po‘killashga tushardi, olishuvga kirishgach esa, odatdagidek, birdaniga boshqacha odamga aylanardim, kaltak ta’sir qilmay qo‘yar, oxirigacha yulishardim. Men uchun eng qulayi raqiblarga gala bo‘lib tashlanishda ishtirok etish edi: hammaning ko‘zi bitta senda bo‘lmaydi, mushtlashayotib o‘zingni juda erkin sezasan; sal bo‘sh kela boshlasang, yoningda hasharchilar ko‘p, nuqsoningni yopib tashlashadi.
Uyga kelgach, bo‘lib o‘tgan jangni kechasi o‘ylab yotib, yuragim yana orqaga tortardi. Birontasi ortimdan tashlanib, achchiq ustida kallamga tosh-posh bilan ursa, nima bo‘lardi? Yoki boshqa bir jinnirog‘i pichoqchasini ishga solsa-chi? Ana, “to‘qqizinchi”dagi To‘lqin aka Ibroy “maxorka”ning yelkasini pichoqda tilib tashladi-ku! Yana kimdir, sinfdoshi bilan urishib, ko‘ziga ruchka sanchibdi! Qo‘shnimiz To‘ravoy tog‘aning gapi esingdami – jazavasi tutganda, sichqon dadasini qanday yeb qo‘yganiniyam bilmay qolarmish.
O‘ylanib yotarkanman, xoh o‘zimiznikilardan, xoh raqiblardan bo‘lmasin, qattiqroq kaltak yegan ba’zi bolalarning xo‘rlangan alfozda turishi, iztirobli qiyofasi ko‘z oldimda jonlanib, ichim shilinardi. Hatto ko‘zim yoshlanardi.
Rahmdilligim bois qo‘rqoqmidim, qo‘rqoqligim bois rahmdilmidim?
Turli ertak-rivoyatlarda, kishilarning o‘zaro suhbatlarida kuchsizlarga, muhtojlarga nisbatan shafqatsizlik qoralanib, mehr-muruvvat ulug‘lanishi, bularning biri ko‘ngilni ezadigan, boshqasi kishiga ichki yengillik bag‘ishlaydigan tarzda bayon etilishi; tug‘ma ta’sirchanligim bois bulardan behad to‘lqinlanib yurishim, kechalari bilan qayta-qayta o‘ylayverishim qalbimda dam chandiq, dam chechak shaklida o‘chmas iz qoldirib boraverdi. Ibrohim Adhamning tamtamlik taxtidan tushib odmi bandaga do‘na borish, o‘zini dabdababozlik, yotlarga befarqlik kasalliklaridan xalos etish istagida chekkan azoblari; Mashrabning manmanlikka, harom boylikka hirs qo‘ygan, el dardidan butkul yiroq bo‘lgan ochko‘z va qallob kimsalarga qaratilgan o‘tli nafrati ostida yotgan ma’nolarni chuqurroq anglaganim sayin, halollikka, adolatga tobora shaydolanaverdim. Bor badaniga yara toshib yotgan Ayub payg‘ambar jarohatidan oziqlanayotgan qurtlardan biri pastga yumalab ketganida, sho‘rlikning rizqi qiyilmasin deya uni yana joyiga olib qo‘yganini Fayziboy otamizdan; xotinlari qiz tug‘sa, chaqaloqni tiriklayin ko‘mib tashlash darajasida vahshiylashgan qabilalarni ezguliklar sari yetaklash yo‘lida Muhammad payg‘ambar bobomiz minglab uqubatlarga dosh berganini, hatto qaysidir muttahamlarning kesak otishiga ham indamay chidab turaverganini Sarviniso buvimizdan eshitayotib, ko‘zimdan yosh quyilaverdi.
Shu kabilar natijasida beozorlikka, rahm-shafqatga talpingandan talpinaverishim qalbimda ayovchanlikni kunma-kun yuzaga keltira borib, qo‘rqoqlikka aylanavergan bo‘lsa-chi?!

SURNAYBOZLIK

Odam bolasining nodirligi shundaki, o‘lgunicha yashayveradi.
KULKUL afandi

Beshinchini bitirgach, umrimda birinchi marta “pionerlar lageri”ga bordim. Odat shunaqa edi – yozgi uch oylik ta’til chog‘ida boshlang‘ichlikdan o‘tgan o‘quvchilarni uch guruhga bo‘lib, har qaysi guruhni bir oy-bir oy oromgohda bepul dam olishga yuborar edilar. Borishni istamaganlar majburan jo‘natilardi.
Dastlabki kunlarda, yozning jaziramasidan qutulib, Qapchug‘ayqir oralig‘idagi qalin daraxtzor ichida yashash, soyda yayrab cho‘milish, sersoya joyga tikilgan brezent chodirda uxlashdan oldin ko‘pchilik bilan burningdan chiqquncha gurunglashib yotish juda yoqib tushdi. Biroq, ikki-uch kun o‘tiboq, uydagilarni sog‘inib ketdim; soatu minutlarga taqsimlab chiqilgan bir xil hayot, tinimsiz ravishda tartib-intizom talab qilinishi, erta tongda shirin uyqungni buzib uyg‘otishlari, zo‘rlab badantarbiya qildirishlari; ovqatning sifatsizligi, navbatchiligingda ifloslanib yotgan hojatxonani ham supurib, ko‘ngil ayniganidan ovqat mahali ishtahasiz o‘tirish, o‘zingni biron daqiqa erkin sezolmaslik, hatto tepangda pishib turgan o‘rikni o‘z ixtiyoring bilan qoqib yeyolmaslik kabi holatlar tobora xunobimni oshirayotgandi. Saflangancha sayl qilib kelishniyam xushlamasdim, chunki mahallamizdan to‘rt kilometrcha naridagi bu qirga olti-yetti yoshimdan boshlaboq chuchmoma terishga chiqaverib, uni tomosha qilishning men uchun hech qanday qizig‘i yo‘q edi.
Juda zerikib yurganimda, ermak topilgandek ham bo‘ldi. Taomilga ko‘ra, lagerning o‘z go‘rn (ruslar “gorn” deb ataydigan burama sopli mis surnay) chaluvchisi bo‘lishi shart ekan. Kelganimizdan buyon goh u, goh bu bola ertalabda go‘rnni bir ping‘illatib, bir ching‘illatib qo‘yayotgandek edi. Lagerning boshlig‘i pionervojatiylarga (o‘quvchilar yetakchisi) shuni uddalab chaladiganni topinglar, deb buyuribdi. Meni topishdi.
Maktabimizdagi musiqa to‘garagi xonasida shunga o‘xshash go‘rn chang bosib yotardi. Bir kuni uni lattada artib, chalishga urinib ko‘rdim; harchand zo‘r berib puflamay, nuqul vishilloq ovoz taraladi, nari borsa, orada “g‘aq, g‘uq” etib qo‘yadi. Musiqa to‘garagi rahbari Mamadali-g‘ijjak bu urinishimni ko‘rib, quruq puflashdan foyda yo‘q, xuddi virilloq tovush chiqargandek labingni pirpiratib pufla, deb o‘rgatdi. Aytganini qildim, ish ancha oson ko‘cha boshladi. Qiyomiga yetkazib o‘rganmaguncha qo‘ymayman deb, hech kimga kerak bo‘lmay yotgan go‘rnni bir kuni yashirincha uyga olib ketdim, o‘n kuncha mashq qilib yurib, oxiri piyonista qo‘shnimiz Tesha Qurbonning kesakbo‘roniga uchradim-u, sekingina joyiga eltib qo‘ydim. Mana, nihoyat, shu hunarimni to‘liq namoyish qilish imkoni tug‘ildi.
Og‘izda chalib bergan ohanglarini go‘rnda aynan o‘shanday takrorlay olganim yetakchilarni behad quvontirib yubordi. Shu damdanoq lager go‘rnchisiga aylandim. Ertalab hammadan oldin uyg‘otishadi. Boshqalarni ham oyoqqa turg‘azish uchun go‘rn chalishga tushaman – tut-tutu-tu, tut-tutu-tu. Badantarbiyadan so‘ng bolalar umumyig‘inga saflanishadi, baland yog‘och mo‘miqdan osilib tushgan ip tortilib, bayroq ko‘tarila boshlanadi – tut-tutu-tu, tut-tutu-tu. Nonushtaga, tushlikka, kechki ovqatga chaqiriladi – tut-tutu-tu, tut-tutu-tu. Yon-atrofga piyoda saylga chiqiladi – tut-tutu-tu, tut-tutu-tu. Shomda yana umumyig‘in o‘tkazilib, ertangi tadbirlar e’lon qilinadi, bayroq tushiriladi – tut-tutu-tu, tut-tutu-tu. Uyquga yotishga da’vat etiladi, bunisining ohangi boshqacha – tu-u-t, tutu-u-t! Tut-tutu, tut-tutu, tut-tu-tu tu-u-t! Tutu-u-u-t!

Chalib go‘rn, baraban,
Keldik bog‘ va daladan.
Anavi – nok, bodring – bu…
Do‘mbira-do‘m-do‘m,
Tut-tut-tu.

Yo‘lda changga botdik biz,
Qaynoq suvni keltir tez.
Qilvolaylik bir cho‘m-cho‘m…
Tut-tu, tut-tu,
Do‘mbira-do‘m.
(“Meva va sabzavotlar qo‘shig‘i”)

Bu ham jonga tegdi, yetakchilar barchaga ko‘z-quloq bo‘lib yurishlariga qaramay, qulay fursat topib, lagerdan qochib ketdim. Uyimizda bir kungina emin-erkin yashadim xolos; maktabimizning direktori Ne’matjon aka shaxsan o‘zi keldi-yu, bir po‘pisalab, bir yaxshi gapirib, meni mototsikliga mingashtirganicha yana lagerga eltib qo‘ydi. Bilsam, yuqoridan tekshiruvchilar kelishi arafasida lagerimiz go‘rnchisiz qoldi, deb muassasa rahbari direktorimizga meni tezda topib kelishni buyurgan ekan.
Lagerda meni hech kim tergamadi, aksincha shirin muomala qilib, bundan buyon tarbiyachilarga ajratilgan ko‘k chodirda yotishimni, ular bilan alohida joyda tamaddilanishimni, ovqatni istagancha yeyishim, go‘rn chalishdan bo‘sh paytlarimda o‘zim xohlagandek dam olishim mumkinligini aytishdi. Amalda shunday bo‘ldi ham.
Ko‘k chodirda karavotlar ko‘p, tarbiyachi juvonlar soni kam bo‘lgani uchun bir qismiga o‘quvchi qizlar joylashtirilgan, ularning orasida mahalladoshim, bir paytlar bir do‘ppi gilos evaziga menga “haqiqiy kelin” bo‘lgan qiz ham bor edi. Menga tarbiyachilar qatorining eng chetidan joy ajratildi. Birinchi kechadayoq haddimdan oshdim-u mahalladosh qizga tegishqoqlik qilishga urinib ko‘rdim. Qattiq turtki yeganim qoldi.
Qiz yengil-yelpiroq tarzda bo‘lsa ham arz qilgan shekilli, tarbiyachilar ortiqcha gap aytmay, qizchalarimiz sendan tortinayotganga o‘xshaydi, deya yana o‘z chodirimga qaytarishdi. Bundan arazlanib yurdim. Bog‘imizdan quyiroqda yashovchi lo‘lilar lager boshlig‘ining huzuriga kelib, shu surnaychilaring o‘lmadi, biz qutulmadik, deb arz qilishgani battar zardamni qaynatdi. Yo o‘sha hurkak qizchaning, yo lo‘lilarning qarg‘ishi tegdimi, navbatdagi sayl chog‘ida soyda cho‘milayotib, cho‘kib o‘lishimga oz qoldi.
Qapchug‘aysoy sayoz bo‘lgani uchun taxtadan to‘g‘oncha yasab, cho‘milganning ko‘ksini ko‘madigan qilishgandi. Cho‘milayotib to‘g‘onchaga yaqin borib qolibman, sho‘ng‘iganimda birdan tezkor oqimga duch keldim-u, to nima bo‘layotganini anglagunimcha, suv meni xuddi so‘rg‘ichni so‘rgandek domiga tortib, kallamni taxtaning ostiga tiqib tashladi. Avvaliga oldinga emaklashga urindim, yelkam shilinib jizillayotgandek tuyulgach, ikkala shapalog‘imni tepadagi taxtaga tiragan asno o‘zimni ortga tortdim. Boshim qisilib, endi yuzlarim shilinayotgani, burnimga qum to‘layotganini sezdim. Nafasim yetmay qolganida ko‘zlarim suv ostida o‘z-o‘zidan ochilib ketdi, mayda toshchalar boshimning ikki yonidan shaldirab oqib o‘tayotganini aniq-tiniq ko‘rdim. Toshchalarning bir qismi iyagim ostiga to‘planayotgandi.
Nafas olmaslikka chidamim qolmaganida, tamom, o‘ldim, deb o‘yladim; yaqinlarim ko‘z o‘ngimdan lipira-lip o‘taverdi, ular yanada chiroyli bo‘lib ketgandek edilar. Oldinga sudralishga urinsang yo yelkang, yo quymiching qisilib qoladi degan ichki tovush jarangladi miyamda va kallam uzilsa uzilib ketar deya jon jahdim-la ortga talpindim. Boshim nihoyat taxta ostidan sug‘urildi. Salgina nafas olishdanmi ko‘kragim qattiq achishib ketgan pallada, xayriyatki, suv ostidan qutulib chiqdim; taxtani changallab sapchiladim-u, gavdamni qoziqdagi sochiq misoli to‘g‘onchaning ikki tomoniga osiltirgan asno shalvirab turib qoldim. Og‘zimdan varaqlab suv sochildi, bir lahza hushimni chala-chulpa yo‘qotdim ham shekilli, tarbiyachilar hovliqqanlaricha meni qirg‘oqqa olib chiqishayotganini elas-elas payqadim.
Umrim o‘zim o‘ylagandan ko‘ra uzunroq bo‘ladi. Hayotda hali necha bor “bir o‘lim”dan qolaman. Bu – birinchisi edi.
Soydagi to‘g‘oncha ostidan omon chiqqach, oradan bir kun o‘tib, yana lagerdan qochdim. Bu gal hech kim meni qidirib kelmadi. Tekshiruvchilar lagerga allaqachon kelib ketishgan, endi birovga unchalar keragim qolmagandi, chamasi. Bekorchilikda badiiy kitoblarni o‘qishga, she’rlar bitishga berildim.
Shoirchilikka qachon ishqim tushganini aniq eslolmayman. Yodimda bori shuki, to‘rtinchini tugallayotganimdami, Xolis opam Manzura degan sinfdoshining o‘limiga bag‘ishlab yozgan she’rini uyimizdagilarga o‘qib berganida, dadamdan tortib hamma uni maqtashga tushgandi; bu maqtovlar menga qaratilmagani alam qilib, shoshmay tur, bu uyda baribir mendan zo‘ri yo‘q, degandek opamga nisbatan hasadim qo‘zigan, she’r to‘qishga chiranib urina boshlagan edim. Ha, shunchaki shashtni qo‘zituvchi, yotlarga ziyoni tegmaydigan hasad ijobiydir.
Bir kuni dadam bilan Farg‘ona shahriga aylanishga borganimizda o‘shanda yangi paydo bo‘lgan “G‘uncha” jurnaliga ko‘zim tushib, sotib oldim. Uyga kelgach, uni zavqlanib varaqlay ketdim, rasmlarni yayrab tomosha qildim. Lekin, undagi she’rlarning ba’zilari juda jo‘n tuyuldi, men hozirning o‘zida bundan yaxshiroq yoza olaman, degan havoyi bir ishonch chaqnadi ko‘nglimda. Shu maqtanchoqlik turtki berib, kuniga she’rlar yozaverdim, ularni issig‘ida konvertga tiqib, kun ora “G‘uncha”ga (boshqa nashrlar ham borligi sira xayolimga kelmasdi) jo‘nataverdim. Uyoqdan kelgan xatlarning mazmuni yozganlarim hali juda bo‘shligini anglatsa-da, buni tan olishni aslo-aslo istamasdim.
Orada goh ayamga, goh buvimga qo‘shilib, Oqbo‘yra, Chimyon, Rishton, Farg‘onadagi qarindoshlarnikida mehmon bo‘lib keldim. Farg‘onani kichkinaligimdan yaxshi ko‘rardim, ammam, uning eri Qosimjon opog‘dadamiz juda odamijon edilar. Ularning mendan bir-ikki oylik katta bo‘lgan Mashrab ismli o‘g‘li bilan juda qadrdon edik, ba’zan ota-onasiga ergashib kelib, biznikida haftalab qolib ketardi. Buvim ikkalamiz uni uyiga tashlagani borsak, biz ham qaytishga shoshilmasdik. Dadamning amakivachchasi, Akbar eshonning yolg‘iz o‘g‘li Muxtorjon tog‘aning xonadoniga ham borib turardik, ko‘pincha uning menga tengdoshroq qizi Halimaxon bilan o‘ynardim, hovlilarining ichidan oqib o‘tadigan ariqda cho‘milib charchamasdim. Bahrom eshon bobomizning qarindoshlaridan sanalmish Karomat eshon Andijonning Qo‘rg‘ontepasidan, O‘lmas tog‘a Toshkentdan kelib qolsa, quvonchim ichimga sig‘may ketardi. Ikkalasi ham o‘ta dindor esa-da, tavozega ortiqcha berilmas, davrada qiziq-qiziq voqealarni gapirib o‘tirishardi, ko‘p ertaklarni bilishardi, artislarga o‘xshab hikoya qilishardi.
O‘lmas tog‘a asli namangonlik edi. Bir safar gapdan gap chiqib, bizning Chaltoq (Chortoq) “choltog‘”dan kelib chiqqan, qor qalin yog‘ganida falon qirdagi (joyning nomi esimda yo‘q) tepalikdan turib qaralsa, tog‘ cho‘qqilaridan biri soch-soqoli oppoq, og‘zi, burni, ko‘zlari bor cholga o‘xshab ko‘rinarkan, iqlim o‘zgarganmi, keyinchalik ko‘zga aniq chalinmay qolibdi, deganiga ko‘ra, o‘sha tarafda o‘sib-ulg‘aygan bo‘lsa kerak.
U Toshkentdan uylanib, Shayxontohurda istiqomat qilardi, bittagina qizi bor edi. To‘rt-besh yoshlardamidim, buvim bilan ammamga qo‘shilib, paravozining mo‘risidan qop-qora tutun pag‘a-pag‘a buruqsab turuvchi poyezdda ularnikiga borganman. Uyi shinamgina ko‘rinar, hovlisi juda tor edi. Qimtiq ko‘chaga o‘zimcha chiqib, pastliq sari yura boshlaganim, qizil g‘ishtli pillapoyadan tushgach, katta yo‘lda adashib qolib yig‘laganim, O‘lmas tog‘aning jiyani meni axtarib topib, siltab-siltab tergagani, unga o‘shqirib berganim esimda. Yillar o‘tib, O‘lmas tog‘a vafot etganida, rahmatlining hamma boyligi toshkentlik xotiniga qolib ketdi, degan edi buvim. Aytishlaricha, u dindor toifalar orasida aylanib yuruvchi qandaydir sirli oltinlarni bir qo‘ldan ikkinchi qo‘lga xufiyona eltib beruvchilardan biri bo‘lgan ekan. Yana bir qarindoshimiz – Xonim enamizning otasi Hamro buva ham Toshkentda yashardi, pishiq savdogar deyishardi, ammo ularnikiga hech bormaganmiz. Yuz yoshdan narida vafot etgunga qadar o‘zi enam bilan birga biznikiga onda-sonda kelib turardi.
Necha zamon o‘tib, goh kitob chiqarish, goh universitetda tahsil olish, goh ishga joylashish umidida Toshkentga qatnab, yotoqxona topolmay sarson yurganimda; topsam ham biri shahar markazidan uzoqda, biri sharoiti og‘ir bo‘lgan xonadonlarga duch kelganimda; poytaxtdagi bu ikkala qondoshimdan loaqal bittasi tirik emasligidan, ulardan so‘ng aloqalarimiz uzilib qolganidan afsuslanib ketardim. Uzoqmi, yaqinmi, o‘z jigarini kim ham ko‘chaga tashlab qo‘yardi, deb o‘ylardim. Sulton suyagini xo‘rlamas, deyishadi-ya!
Bular – kelgusidagi gaplar. Hozircha bola edim, bunaqa “dabdabali falsafa”lar kallamdan butkul begona edi.
Bir qarasang, shunisi ma’quldek – falsafasiz yashash tinchroq, faylasuflik halovatingni buzadi.

Davomi bor

021

(Tashriflar: umumiy 1 322, bugungi 1)

Izoh qoldiring