Avrangzeb: Kamol va zavol

08   Куни кеча «Бобурий шаҳзода ҳақидаги драма нима мақсадда Лондон театрида саҳналаштирилди?» деб номланган мақоламда бобурий шаҳзодалар Доро Шукуҳ ва Аврангзеб зиддиятига қурилган асар саҳнага аслида қандай мақсадда олиб чиқилгани ҳақида ёзган эдим. Бугун сизга тақдим этилаётган мақолада ўша драма қаҳрамонларидан бири — Муҳйиддин Аврангзебнинг ҳаёти, дунёқараши ва давлатчилик фаолиятига қисқа назар ташланган .

06
Нажмиддин НИЗОМИДДИНОВ
АВРАНГЗЕБ: КАМОЛ ВА ЗАВОЛ
09

Оламгир ҳаётномаси

099Бобурийпар сулоласи фаолияти ҳақида энг ҳаққоний хабар берувчи ишончли манбалар — ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий ҳаётининг кўзгуси бўлган қўлёзма асарлардир. Муҳаммад Мустаидхон Соқийнинг “Маъосири Оламгирий» асари Аврангзебнинг салкам эллик йиллик давлатчилик фаолиятини қамраб опганидан ташқари, сарой ва бошқа маҳкамалар мутасадди ходимларининг вазифаси, номи, мавқеи, салтанатнинг иқтисодий ва ҳарбий қудратидан тортиб, то унинг ташқи алоқалари тарихигача ёритиб бергани билан қимматли.

“Маъосири Оламгирий»  Ҳиндистон ва Буюк Британия қўлёзма фондларида сақланган Аврангзеб тарихига оид бошқа тарихий манбалардан фарқли ўлароқ, бевосита сарой ҳужжатлари асосида ёзилган. Манбанинг ёзилиш сабаби, муаллиф таъкидича, қуйидаги таклиф ва тавсияга асосланган:
“…Ҳазрат Оламгирнинг хос муриди Иноятуллахон беистеъдод ва ғофил Муҳаммад Соқий Мустаидхонга сабабчи бўлиб (деди):

— Бас, жанобларининг шонли қирқ йиллик (даври) воқеалари, хабар ва ишлари, умуман, ўн йиллик даврни чиқариб ташлаганда, жаҳондорлик жаҳду жадали ва оламгирлик шуҳрати ёзиб баён қилинмаган. Сен маъни жомидан бол тотиб кўргансен, Оламгирни таърифлаш юзасидан етарлик даражадасен, сенинг салоҳиятинг буни уддасидан чиқишга тайёрдир.

Айтдимки, менингдек бошдан-оёқ камчиликлардан иборат киши учун бу хилдаги жуда оғир юмушни бажариш (фақат)… теран фикр ва билимдон бўлмиш қадрдон дўстларнинг лутф қилишига боғлиқдир. Уларнинг ёрдамисиз бу иш ёддан кўтарилган тоқига айланиб қолади.

(Асарни) ёзишдаги мушкулларни ҳал қилишни осонлаштириш учун сарой ва атроф субулардаги воқеалардан хабардор кишиларни жамлаш керак эди. Бу мафтункор муҳаббат ва ихлос олдида ҳар бир дил истаган нарсани амалга оширишдан ва давр саҳифасига ёдгорлик қўйишдан ўзга мақсад йўқ бўлгани туфайли кўнгилга (бу вазифани бажариш) дан ўзга фикр келмади. Менинг илтимосим ҳам (дўстларга) оғирлик қилмади. Камина банданинг ҳам ишонч зиммасида лутф-карам шоҳлигининг хоқони, коинот пири ва муршидининг туз ҳақини (оқлаш) зарурати бор эди, у ҳаётининг бир қанча вақтида давлат ишлари ҳалқасидан четда бўлиб, ҳар бир ўз кўзи билан кўрган ва ҳар бир ўша давр ишларига тайин қилинган арбоблардан эшитган воқеаларни аниқлаб, сўнг қоғозга туширди”.

Илк бор форс тилидан марҳум профессор И.Ғ. Низомиддинов таржима қилган ушбу асарнинг биз учун яна икки бебаҳо хусусиятини таъкидлаш ўринли.

Биринчиси, бу — мартабадаги ватандошларимиз ва уларнинг ижтимоий ҳамда маърифий фаолияти зикридир. Зеро, улар номи ёд этилган саҳифалар келгусида фанни янги маълумотлар билан бойитиши эҳтимолдан холи эмас.

Иккинчиси, Аврангзеб саройининг Ўрта Осиё давлатлари билан савдо-дипломатик муносабатларининг янги қирралари батафсил баён қилинганидир.

09

Баъзан ёмон от қолур яхши одамдан ҳатто,
Қай бир ёвуз кимсани яхши дерлар эрта кун.
Наҳот, дейман, дунёда собит нарса йўқ асло,
Наҳотки етукликнинг тимсоли йўқ бус-бутун?

Абдулла ОРИПОВ

009

Бобурийлар сулоласининг забардаст вакилларидан бири — Муҳйиддин Аврангзебнинг ҳаёти, дунёқараши ва давлатчилик фаолияти хусусида фанда ҳозиргача турли фикр-мулоҳазалар мавжуд. Айниқса, унинг ички ва ташқи сиёсати бобурийларнинг анъанавий байналмилал руҳдаги тутимига ўхшамаслиги хусусида баҳслар давом этмоқда.

Масалан, ўтган асрнинг 60-йилларида чоп этилган “Ўрта асрлар Ҳиндистон тарихи” китобида исломга асосланган давлат мафкураси Аврангзеб салтанатида ўзга диний таълимотларни сиқувга олишга йўл очгани, тахт соҳиби эса бераҳм ва шафқатсиз бўлгани қайд этилган (История Индии в средние века. М., 1968, стр. 492). Персивал Спиар қаламига мансуб “Ҳиндистоннинг мухтасар тарихи” асарида эса Аврангзеб шахсияти ва давлатчилик фаолияти нисбатан ижобий баҳоланган: “Аврангзеб давлат сарҳадларини хийла кенгайтирди. У қаттиққўл бўлганидан эмас, балки йўлбошчилик тажрибаси ва бошқарувнинг самарадорлиги туфайли муваффақият қозонди. У беҳуда қон тўкмаган, отасини ҳам тутқунликда эмас, балки тахтга кўз олайтирганлардан ҳимоялаш учун кўздан панада сақлаган. У ўзининг забардаст ҳукмдорлигини амалда исботлаб, вафотигача куч-қувватини йўқотмаган. Унда ота-боболаридаги каби магнитизм етишмас эди, холос.

Унинг турмуш тарзи ўтмишдошлариникига нисбатан дарвешона, камсуқум бўлгани билан ажралиб турарди. Ҳиндларга муносабати Акбарнинг муросасозлигидан фарқ қилса-да, унинг “муросасизлиги” ҳақидаги тасаввурлар Банорас ибодатхонаси ўрнида барпо этилган масжид воқеасига асосланган эди, холос.” (Ramila Thapper Паррег. А shorthistory of India. V-II. Реnguin bоок. London, 1966, р.55). Бироқ америкалик муаррих Аврангзеб ҳақидаги бу фикрларни қайси манбадан олганини кўрсатмаган.

“Маъосири Оламгирий” номли қўлёзмада Аврангзебнинг ҳиндлар ибодатхоналарини буздириши фақат Банорас ибодатхонаси билангина чекланмагани қайд этилган. Аммо бу ҳукмдорнинг ҳиндлар ва уларнинг эътиқодига бўлган муносабатини англатмайди. Зеро, воқеанавис Муҳаммад Мустаъидхон Соқий фикрича, фуқаролик масъулиятига бефарқ ёхуд норози ҳиндларга қўлланган жазолар муайян даражада чекланган, кези келганда, гуноҳкорлар афв этилган. Бунинг исботи сифатида икки жиҳатни инобатга олиш кифоя.

Биринчиси, наинки чекка вилоятларда, балки бевосита саройнинг ўзида ҳам ўнлаб нуфузли ҳинд мансабдорлари хизмат қилган.

Иккинчиси, исёнларга аралашиб қолган ҳинд мансабдорлари айбини тан олиб, тавба қилса, афв этилиб аввалги мавқеи тикланган. Боз устига, улар вафот этса, оила аъзолари маош ва бошқа турдаги моддий ёрдам билан таъминланган. Буни биргина Аврангзебнинг ашаддий душмани Сабанҳо зурриётлари ва укалари такдири мисолида ҳам кўриш мумкин:

“Сабанҳо қўлга туширилмасдан аввал Эътиқодхонга ёвузнинг ватани ва гўри (бўлмиш) Роҳири қалъасини босиб олишга рухсат этилган эди, ушбу зафармазмун йилнинг ўн бешинчи муҳаррамида мазкур қалъа давлат волийларининг тасарруфига киритилди. Ва у паст ҳамда беном хонадонининг барча хотин-қизлари, унинг ўғиллари ва ул лаънатининг қувилган укаси Роно асирга тушдилар.

Ғарибпарвар ва ожизнавоз хоқоннинг ҳукми чиқдики, Сабанҳонинг онаси, Сивонинг хотини ва ул жаҳаннаммаконга тегишли кишиларга хазинадан иҳтиёжларига яраша таъминот белгиланиб, ҳар бир киши йиллик маош (тайинланиши) билан эъзозланди. Сабанҳонинг тўққиз ёшли катта ўғли Соҳу етти минг суворли мансаб, рожалик хитобига сарфароз этилиши ҳамда хилъат ва олтин суви юритилган жамдҳар ва от ва фил ва нақора ва байроқ (иноят қилиниши) билан барча рожалар орасида иззат байроғини баланд кўтарди. Унинг укалари Надн Сингҳ (Бади Сингҳ) ва Удҳу Сингҳ мансаб ва илтифотлар билан эъзозланиб (уларга) навозишлар кўрсатилди. Ҳукм бўлдики, улар ўз она ва бувилари ҳузурида бўлсинлар”.

09

* * *

Кези келганда, мавзу юзасидан салкам 12 йиллик Ҳиндистон ва Покистон сафарида кўрилган илмий-оммабоп адабиётлар ва қатор муаррихлар билан бўлган суҳбатларда аён бўлган қуйидаги мулоҳазаларни ҳам баён этсам.

Юқорида зикр қилинган ҳар икки мамлакат халқлари кўп миллатли, турли эътиқод вакиллари экани сабабли уларнинг бобурийларга, жумладан, Аврангзеб ҳукмронлигига муносабати ҳам ўзига хос бўлиши табиий. Бинобарин, ҳиндуизм, ислом ва насроний динидаги олимлар айни масалада уч тоифага бўлинади: Аврангзебга давлат дини ҳимоячиси сифатида қаровчилар; унинг ҳиндуизмга бўлган муносабати асосида фикр юритувчилар; мавжуд миллий ва диний муаммолар ечими масаласига тарихий зарурият нуқтаи назаридан ёндашувчилар. Мазкур нуқтаи назарларни аниқ тасаввур қилиш учун Аврангзебнинг ички ва ташқи сиёсатидаги маҳаллий тадқиқотчилар эътиборини тортган муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:

а) маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳвандлик ўсимлиги саналмиш “бҳанга” экиш, уни истеъмол қилишнинг  тақиқлангани;

б) салтанат соҳибининг ғайридинларга муросасиз муносабатда бўлиб, уларга фил миниш, миллий ҳўлий ва дивалий байрамларини оммавий равишда нишонлашни ман этибгина қолмай, Банорас ва Матра шаҳарларидаги қатор ибодатхоналарни буздиргани;

в) бу даврда ҳунармандчилик ва ташқи савдонинг ривожлангани, Декан забт этилиб, узоқ-яқиндаги мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатилгани, хусусан, Балх, Форс, Дания, Эфиопия, Макка ҳамда Туронзамин билан элчилик алоқалари бўлгани ва ҳоказо.

Аврангзебнинг шахсияти ва давлатчилик фаолиятига холис баҳо бериш учун, бизнингча, дастлаб мозийга қайтиб, унинг тахтни эгаллаши бўсағасидаги воқеаларга назар ташлаш керак. Бунинг учун эса сўзни Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигининг сўнгги йиллари ҳамда тахтга даъвогарлар тарихидан бошлаган маъқул.

Шоҳ Жаҳон нафақат ҳиндуистлар, балки уларнинг кўҳна маданиятига нисбатан ҳам салафлари сиёсатини давом эттирган. Санскритни ўрганиш ва манбаларни форс ва араб тилларига ағдариш анъанаси унинг даврида янада ривожланди. Ушбу масалада подшоҳнинг тўнғич ўғли Доро Шукуҳнинг илмий-ижодий изланишлари жуда самарали бўлди. У илм-фанда камолга етган шаҳзода ва Ҳиндистон тахтининг расмий вориси эди. У анъанавий исломий илмлар қатори ҳинд диний фалсафаси, унинг асосий манбалари ҳамда кўҳна маданиятини чуқур ўрганди. Бироқ Доро Шукуҳнинг дунёқараши, унинг ёзган асарлари замонаси аҳлига кўп-да маъқул келмаган. Бу борада “Маъосири Оламги-рий’’да келтирилган баёнлар фикримиз далилидир: “Доро Шукуҳ …табъининг хоҳиши ҳинд урф-одатларини тарқатиш ва динсизлик ҳамда куфр йўлини ёритишдан иборат эди. Шу туфайли дин ва давлат номусини сақлаб қолишликни ўзларига вожиб билган Аврангзеб олийҳазрат ҳузурига Мурод Бахшни ҳам олиб боришга қарор қилдилар”.

Ҳинд-мусулмон диний-ижтимоий бирлиги тарафдори Дородан фарқли ўлароқ, укаси Аврангзеб бу масалада унинг акси эди. У бошқарув тизгини Шоҳ Жаҳондан норасмий равишда Доро Шукуҳ қўлига ўтгач, оға-инилари Шужо ва Мурод билан иттифоқ тузиб, акасига қарши чиқади. Уч йил давом этган биродаркушлик уруши Аврангзебнинг ҳокимиятга келиши билан ниҳоя топди. Йиллаб давом этган бу кураш тафсилоти Муҳаммад Мустаидхон Соқий томонидан бундай қаламга олинган:

“Доро Шукуҳ давр хоқонининг иқбол қудратидан хавф-хатарда бўлгани туфайли Олийҳазратнинг табъи носоғлиқ даврида бундан абадий саодатманд бўлиб қолишга уринди ва турли хил усталикларни ишга солди. Мамолик паноҳи шаҳаншоҳ жилов хизматидаги аскарларини ўз ҳузурларига чақирдилар. Ва (Доро Шукуҳ) онҳазратнинг ҳаётлик давридаёқ (уларнинг) қўллаб-қувватлаши билан Шоҳ Шужо ва Мурод Бахшлар ишни тугатиш ва хотиржамлик билан Оллоҳ танлаганнинг ишлари юзасида (лозим бўлган) тадбирларни амалга ошириш андишасида онҳазратнинг айни касаллиги кучайган вақтда Акбарободга келди ҳамда Рожа Сингҳни подшолик аскарлари билан биргаликда ўз сипоҳларини катта ўғли Сулаймон Шукуҳ сардорлигида Шоҳ Шужо устига юриш қилишга тайинланди…”
09

Доро Шукуҳнинг тахтни эгаллаш илинжида ҳатто мамлакат парчаланиб кетишига ҳам беэътибор бўлганини муаллиф надомат билан тасвирлайди:

“…Шоҳжаҳонободда (шундай) касаллик вужудга келдиким, (натижада Шоҳ) жаҳонбонлик ишларидан узоқлашдилар. Ва Олийҳазратнинг катта ўғли Доро Шукуҳ фурсатни ғанимат билиб, атроф ва чегараларга хабар бериш йўлини тўсиб қўйди ва шу сабабдан мамлакатга катта халалликлар етди…

Эртаси куни шавкатли қаҳрамоннинг байроқларни мустақирул хилофот Акбаробод томон юришга баланд кўтариш ҳақида буйруғи чиқди… Доро Шукуҳ эса шу куннинг тонгида, яъни мазкур ойнинг ўн еттисида (яна)  саф тортиб — урушга отланиб, шавкатли қўшин истиқболига чиқди ва ҳар икки томондан тўлу тўфанг жанги қизиб, қатл этиш олови алангаланди… Ва барча ҳиндлар Доро Шукуҳ билан бирга эканликларига қарамай, у ўз турган жойида ваҳимадан титраб, филдан тушиб отга мингач, унинг бу хил бевақт ҳаракатидан лашкарлари саросимага тушиб қоча бошладилар…”

Аврангзебнинг Доро Шукуҳ билан олиб борган жанглари тавсифи сўнгида унинг қатл этилгани баён қилинган:

“Ва шу вақтда Баҳодирхон Доро Шукуҳни фалакнишон остонага келтирди, уни Хизрободда сақлаб турдилар. Турли сабабларга биноан унинг вужудининг беҳосил ғубори (тупроғи) мамлакат майдони узра туришига зарурат қолмаганлиги туфайли йигирма биринчи зилҳижжа панжшанба куни кечаси унинг ҳаёт чироғи ўчди ва жаннатошён Ҳумоюн подшоҳ қабри ёнига дафн этилди».

Гарчи Доро Шукуҳ мағлуб этилган бўлса-да, аввал афв этилган Шужонинг ҳукмронликка интилишига ҳам чек қўйиш керак эди:

“Шоҳ Шужонинг исён кўтаргани ҳақида хабар етиб келди. (Аслида) пурнур (ҳазрат) кўнглида, агар мумкин бўлса, (ўтган ишларга нисбатан) билмаган киши бўлиб қўяқолиш бор эди. Бироқ Шоҳ Шужо жасорат билан то Банорас ҳудудигача яқинлашиб келиб, жангу жадал қилишга қасд этди…

Кўп ўтмай Шоҳ Шужонинг Банорас ҳудудидан йўлга чиққанлиги ҳақида устма-уст хабарлар етиб келди. Маслаҳат билан шунга қарор қилиндики, (хоқон) Сурун шикоргоҳи томон таважжуҳ этадилар ва Шоҳ Шужонинг яқинлашиши хабарини кутиб турадилар…

Ва жаҳон шаҳаншоҳи шикорчилар манзили томон йўл олиб, учинчи раббиулохирда Сурун қишлоғига етдилар ва шу ердан бошлаб Шоҳ Шужони муросаи мадорага келтиришликни поёнига етказишни хоҳладилар (ва) бир неча бор насиҳатомуз саҳифалар юбордилар, токим унинг кўнгли кайфияти равшан тортсин. Ва лекин унинг муросаи мадорадан ҳеч бир наф олмаслиги аниқ бўлиб қолди. Шунинг учун мазкур ойнинг бешида унга қаршилик кўрсатиш учун Сурундан туғларини баланд кўтардилар…”

Аврангзебнинг ўз рақиблари билан кечган тўқнашувлари Шоҳ Шужонинг қатли билан тугалланган:

“…Бангола воқеаларидан арзга етдики, Шоҳ Шужо Акбарнагардан Тонда томон кетаётганда Радихон таниб қолиб, уни ўғли Сайфулло билан биргаликда қатл қилган”.

* * *

Аврангзебнинг шахсий ҳаёти ва унинг қарийб ярим асрлик ҳукмронлиги даврида юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва айниқса, маданий ислоҳотлар борасида фанга номаълум жиҳатлар бор.

Маданий ислоҳотларнинг бобурийлар саройи анъаналарига ёт кўриниш олишига шаҳаншоҳ ҳаётига тааллуқли кўнгилсиз бир воқеа сабаб бўлгани фақат сўнгги топилган манбалардан маълум бўлди. Бироқ бу ерда биз тахт соҳибининг шахсий ҳаётида ўчмас из қолдирган ҳодисалар асосида унинг фаолиятини сарҳисоб қилиш фикридан узоқмиз.

Аврангзеб иқтисодий жиҳатдан заифлаша бошлаган салтанат қудратини тиклаш учун мусулмонпарвар хоқон сифатида маҳаллий ҳинд феодаллари қўлидаги ерларни қисқартирди, улар учун зиёрат ва жизъя солиғини қайта жорий қилди. У янги ҳарбий юришлар ҳисобига хазинани бойитиш ниятида 1686-87 йиллари Бижояпур ва Голкондани ўз тасарруфига олиб, марказий ҳокимият таъсирини бутун Ҳиндистонга ўтказишга эришди.

Аммо Аврангзеб ташқи ва ички сиёсатининг дастлабки муваффаққиятлари салтанат пойдеворини мустаҳкамлаш учун етарли эмасди. Хусусан, муқаддам бобурийлар қўллаб келган ички сиёсатдан оғиш, айниқса, мусулмон бўлмаган ер-мулк эгаларининг манфаатларига зид келиб, мавжуд қарама-қаршиликларни янада кескинлаштирди. Бинобарин, ҳинд феодалларининг аввалига ҳуқуқи, кейин эса мол-мулкига дахл қилиниши, уларнинг давлат вазифаларидан четлатилиши одатий ҳолга айланиб қолган эди.

Аврангзебнинг сиртдан равнақ топган салтанати ичдан мустаҳкам эмасди. Шунингдек, баъзи чекка вилоятлардаги тобе ҳукмдорлар подшоҳни чалғитиб бойлик орттириш билан овора эди. Натижада мамлакатда юзага келган оғир вазият, қўзғолонлар ва вилоят ҳокимларининг ўзбошимчаликлари дарғазаб подшоҳнинг янги-янги қонли юришларига сабаб бўлди. Солномачи Хафийхоннинг маълумотида ёзилишича, “Салтанатнинг ақалли бирор вилоятида на жогирдор, на фоуждор (ҳарбий саркарда) ва на заминдор юрагида ҳукуматга нисбатан қўрқув туйғуси сезилмасди” (История Индии в средные века. Стр.18).

Бунинг устига маратҳлар, сикҳлар ва ҳатто сунний мазҳабидаги афғонлар ҳам бош кўтардилар. Ўз эркига қўйиб берилган сикҳларнинг сони ортиб, йирик диний ва ҳарбий кучга айланиши хавотирли тус олди. Аврангзебнинг тўққизинчи Гуруни жазога тортиши сўнгги, ўнинчи Гуру Говинда бошчилигида кўтарилган қўзғолон билан тугади.

Ҳукмдорнинг салтанатда амалга оширган диний-ижтимоий ислоҳот ва жорий этган қонун-қоидаларидан қалам аҳлидан ташқари, санъат ва маданият соҳалари ҳам четда қолмади. Масалан, мусиқа санъати Аврангзеб ҳукмронлигининг дастлабки йиллари ўз маромида ривожланган:

“Хилофат тахти пояси хушовоз мутриб (ашулачи)лар ва дилнавоз созандалардан иборат хурсандчилик базмини ораста этувчилар, севинч-қувонч бисотини шодиёна ортдирувчиларнинг жамланган жойи бўлишига қарамай ва гарчи жулуснинг биринчи йиллари гоҳ-гоҳ хурсандчиликни оширувчи (ашула ва куйлар) эшитган бўлсалар ва бу фанда ниҳоятда баркамол ва қиқаёб (тухумнинг ички пардасини қидирувчи, яъни нозик дид ва серзавқ) бўлсалар ҳамки, камоли таваззуъ ва парҳезкорлик юзасидан ҳамма нарсадан (ўзларини) тортиб турар эдилар… Мусиқий фанининг моҳирларидан бўлмиш Мирза Мукаррамхон Сафавий Ҳазратдан қўшиқ (ва оҳанг) ҳақида нима дейсиз, деб сўради. Гавҳар сочувчи тил деди: Аҳл (авом халқ) учун мумкин…”

Иқтибосдан аён бўлдики, ҳинд халқи диний эътиқодининг муҳим қисми, хусусан, “Самаведа” тароналари — мусиқа авом учун ман этилмаган.

Хуллас, бордию ушбу хусусда ислоҳотдан олдинги ва кейинги ҳолатни аниқ тасаввур қилмоқчи бўлсак, қўлёзма матнининг қуйидаги парчалари билан танишишнинг ўзи етарли:

“Кўнгил очувчи томошалар, киши ғайратини келтирувчи мушакбозликлар авжга минди. Қандайин тўй ва тантана ва хушнудлик ва сурурлик маросими лозим бўлмасин, ҳаммаси яхшилик ва гўзаллик билан амалга оширилди. Ва муборакбод қилиш базми бошланиб кетди…

(Лекин) бора-бора (бу хил ишлар) бутунлай ман қилинди; ашула этиш нақши узоқ ва яқинлар хотирасидан қилич воситаси билан ўчириб ташланди”.

022Аврангзеб масжиди

09Аврангзеб мақбараси

* * *

Дарвоқе, Аврангзеб фаолияти тўғрисида Ҳиндистонда яшаган овруполик Бернье, Тавернье, Мануччи сингари дипломат ва савдогарлар берган маълумотларни ҳам унутмаслик керак. Уларнинг кузатувига кўра, Аврангзеб ҳукмронлиги йилларида салтанат емирила бошлаган — аҳоли қашшоқлашган, деҳқонлар, ҳунармандларнинг яшаш шароити оғирлашгани боис, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати пасайган, кўп сонли қўшиннинг жанговарлик қудратига путур етиб, оқибатда салтанат қўзғолонларга юз тутган” (История Индии в средные века. Стр.492).

Ҳинд-мусулмон маданиятининг Аврангзеб давридаги ҳолатига келсак, тўғри, қачонлардир бобурийлар саройининг кўрки бўлган мусиқа ва рақс санъати тақиқланди, мусаввирлар пойтахтни тарк этди. Лекин бу салтанатда маданий тараққиётга буткул путур етди дегани эмас эди. Жумладан, Ҳиндистондаги туркий тил тараққиёти билан боғлиқ баъзи мисолларга эътибор берайлик. Русия элчиси Семен Маленький божсиз савдо-сотиқ қилишга ҳуқуқ берувчи туркий тилда ёзилган фармон билан тақдирлангани, бир жиҳатдан, туркий тилнинг Ҳиндистон давлат маҳкамаларидаги мавқеини белгиласа, бошқа томондан, унинг ўша вақтдаги Бухоро ва Балх билан дипломатик алоқаларга боғлиқлигини ифода этади.

Шоҳ Жаҳон ҳукмронлиги даврида маълум даражада ўз мавқеини йўқота бошлаган Чиғатой туркийси Аврангзеб даврига келиб қайта тикланган. Чунки туркий тилни тадқиқ ва ташвиқ қилишда Аврангзебнинг ўзи ҳам муайян ҳисса қўшган. Яъни бевосита унинг кўрсатмасига биноан Муҳаммад Ёқуб Чангийнинг туркий тил грамматикаси масалаларига бағишланган 15 қисмдан иборат “Келурнома” ёки Касабан Барбаланинг шу анъана руҳидаги “Ҳафт ахтар” асарлари ёзилган.

Ҳинд тарихчиси Жадунатҳ Саркорнинг маълумотича, Аврангзеб араб ва форс тилларида дурустгина ёза олган. У ҳинд тилида гапирганида, ўша кезлари кенг тарқалган ҳикматли сўзлардан эркин фойдаланган. Балх ва Қандаҳордаги аксар ўртаосиёликлардан ташкил топган қўшинда хизмат қилганидан бўлса керак, у айниқса чиғатой туркийсини пухта билган.

09Аврангзеб ва севимли рафиқаси Робия Дурроний

Меъморчилик соҳасида Деҳпи ва Лоҳурда Мўтий, Бадшон масжидлари каби иншоотлар қад кўтарди. Мамлакатдаги адабий жараён борасида Мавлоно Иброҳим Ҳисорий, Мунъим Самарқандий, Мулла Муфид Балхий, Мирсаид Жалол, Носир, Шамим ва Саодатга ўхшаш мовароуннаҳрлик олим ва шоирларнинг Ҳиндистонга келганларини қайд этиш мумкин. Ҳали ҳаётлигидаёқ Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Эрон ва Озарбайжонда чуқур ҳурмат ва эътибор қозонган мутафаккир ва мутасаввиф шоир Мирзо Бедил ҳам мазкур давр адабиётининг ёрқин сиймоси эди.

Аврангзеб вафотидан сўнг бобурийлар расман яна 150 йил тахтга эгалик қилди. Ҳатто сулоланинг сўнгги вакили заиф ва танг аҳволда қолганида ҳам, инглизлар тазйиқига қарши бош кўтарган авом ўз раҳнамоси этиб тахтнинг ҳақиқий эгасини танлади (Нуритдинов М. Бобурийлар сулоласи. Т., “Фан”, 1994, 47-бет). Аммо исён бостирилгач, сўнгги бобурий ҳукмдор ўз оиласи билан Бирманинг Рангун шаҳрига бадарға қилинди.

Муаррихларнинг аксарияти бобурийлар сулоласининг таназзулга юз тутиш сабабларини, аввало, ички сиёсатнинг диний муросасозликдан юз ўгиришида кўрадилар. Агар масалага фақат ана шу жиҳатдан қаралса, тўғри, Акбар ҳукмронлиги вақтида мамлакат юксалишни бошидан кечирган. Аммо яхлит тарихий давр нуқтаи назаридан, бобурийлар салтанати, Маҳатма Ганди таърифлаганидек, “бир миллат — икки эътиқод”дан иборат янги ҳинд давлатчилиги шаклланишида етакчи омиллардан бири бўлди. Шу боис Ҳиндистонда шаклан ва мазмунан янги “на ҳиндларники ва на мусулмонларники бўлган ҳинд-мусулмон маданияти тугал қарор топди” (Тага Сhаnd. Influence of Islam on Indian culture.. Аllahabad, 1963, р.137). Чунончи, ХVI-ХVIII  асрлар мобайнида яратилган барча ноёб асарлару тарихий ёдгорликлар, аввало, турли миллат ва эътиқодга мансуб, диний адоват ва низолардан устун келган чин инсоний туйғулар ҳамда ҳамкорликка интилган ақл-заковатнинг амалий ифодаси эди.

Манба: «Тафаккур» журнали,1/2015

044

 Kuni kecha «Boburiy shahzoda haqidagi drama nima maqsadda London teatrida sahnalashtirildi?» deb nomlangan maqolamda boburiy shahzodalar Doro Shukuh va Avrangzeb ziddiyatiga qurilgan asar sahnaga aslida qanday maqsadda olib chiqilgani haqida yozgan edim. Bugun sizga taqdim etilayotgan maqolada o’sha drama qahramonlaridan biri — Muhyiddin Avrangzebning hayoti, dunyoqarashi va davlatchilik faoliyatiga qisqa nazar tashlangan .

06
Najmiddin NIZOMIDDINOV
AVRANGZEB: KAMOL VA ZAVOL
09

Olamgir hayotnomasi

Boburiypar sulolasi faoliyati haqida eng haqqoniy xabar beruvchi ishonchli manbalar — o’z davrining ijtimoiy-siyosiy, madaniy va ma’rifiy hayotining ko’zgusi bo’lgan qo’lyozma asarlardir. Muhammad Mustaidxon Soqiyning “Ma’osiri Olamgiriy» asari Avrangzebning salkam ellik yillik davlatchilik faoliyatini qamrab opganidan tashqari, saroy va boshqa mahkamalar mutasaddi xodimlarining vazifasi, nomi, mavqei, saltanatning iqtisodiy va harbiy qudratidan tortib, to uning tashqi aloqalari tarixigacha yoritib bergani bilan qimmatli.

“Ma’osiri Olamgiriy» Hindiston va Buyuk Britaniya qo’lyozma fondlarida saqlangan Avrangzeb tarixiga oid boshqa tarixiy manbalardan farqli o’laroq, bevosita saroy hujjatlari asosida yozilgan. Manbaning yozilish sababi, muallif ta’kidicha, quyidagi taklif va tavsiyaga asoslangan:
“…Hazrat Olamgirning xos muridi Inoyatullaxon beiste’dod va g’ofil Muhammad Soqiy Mustaidxonga sababchi bo’lib (dedi):

— Bas, janoblarining shonli qirq yillik (davri) voqealari, xabar va ishlari, umuman, o’n yillik davrni chiqarib tashlaganda, jahondorlik jahdu jadali va olamgirlik shuhrati yozib bayon qilinmagan. Sen ma’ni jomidan bol totib ko’rgansen, Olamgirni ta’riflash yuzasidan yetarlik darajadasen, sening salohiyating buni uddasidan chiqishga tayyordir.

Aytdimki, meningdek boshdan-oyoq kamchiliklardan iborat kishi uchun bu xildagi juda og’ir yumushni bajarish (faqat)… teran fikr va bilimdon bo’lmish qadrdon do’stlarning lutf qilishiga bog’liqdir. Ularning yordamisiz bu ish yoddan ko’tarilgan toqiga aylanib qoladi.

(Asarni) yozishdagi mushkullarni hal qilishni osonlashtirish uchun saroy va atrof subulardagi voqealardan xabardor kishilarni jamlash kerak edi. Bu maftunkor muhabbat va ixlos oldida har bir dil istagan narsani amalga oshirishdan va davr sahifasiga yodgorlik qo’yishdan o’zga maqsad yo’q bo’lgani tufayli ko’ngilga (bu vazifani bajarish) dan o’zga fikr kelmadi. Mening iltimosim ham (do’stlarga) og’irlik qilmadi. Kamina bandaning ham ishonch zimmasida lutf-karam shohligining xoqoni, koinot piri va murshidining tuz haqini (oqlash) zarurati bor edi, u hayotining bir qancha vaqtida davlat ishlari halqasidan chetda bo’lib, har bir o’z ko’zi bilan ko’rgan va har bir o’sha davr ishlariga tayin qilingan arboblardan eshitgan voqealarni aniqlab, so’ng qog’ozga tushirdi”.

Ilk bor fors tilidan marhum professor I.G’. Nizomiddinov tarjima qilgan ushbu asarning biz uchun yana ikki bebaho xususiyatini ta’kidlash o’rinli.

Birinchisi, bu — martabadagi vatandoshlarimiz va ularning ijtimoiy hamda ma’rifiy faoliyati zikridir. Zero, ular nomi yod etilgan sahifalar kelgusida fanni yangi ma’lumotlar bilan boyitishi ehtimoldan xoli emas.

Ikkinchisi, Avrangzeb saroyining O’rta Osiyo davlatlari bilan savdo-diplomatik munosabatlarining yangi qirralari batafsil bayon qilinganidir.

09

Ba’zan yomon ot qolur yaxshi odamdan hatto,
Qay bir yovuz kimsani yaxshi derlar erta kun.
Nahot, deyman, dunyoda sobit narsa yo’q aslo,
Nahotki yetuklikning timsoli yo’q bus-butun?

Abdulla ORIPOV

03Boburiylar sulolasining zabardast vakillaridan biri — Muhyiddin Avrangzebning hayoti, dunyoqarashi va davlatchilik faoliyati xususida fanda hozirgacha turli fikr-mulohazalar mavjud. Ayniqsa, uning ichki va tashqi siyosati boburiylarning an’anaviy baynalmilal ruhdagi tutimiga o’xshamasligi xususida bahslar davom etmoqda.

Masalan, o’tgan asrning 60-yillarida chop etilgan “O’rta asrlar Hindiston tarixi” kitobida islomga asoslangan davlat mafkurasi Avrangzeb saltanatida o’zga diniy ta’limotlarni siquvga olishga yo’l ochgani, taxt sohibi esa berahm va shafqatsiz bo’lgani qayd etilgan (Istoriya Indii v srednie veka. M., 1968, str. 492). Persival Spiar qalamiga mansub “Hindistonning muxtasar tarixi” asarida esa Avrangzeb shaxsiyati va davlatchilik faoliyati nisbatan ijobiy baholangan: “Avrangzeb davlat sarhadlarini xiyla kengaytirdi. U qattiqqo’l bo’lganidan emas, balki yo’lboshchilik tajribasi va boshqaruvning samaradorligi tufayli muvaffaqiyat qozondi. U behuda qon to’kmagan, otasini ham tutqunlikda emas, balki taxtga ko’z olaytirganlardan himoyalash uchun ko’zdan panada saqlagan. U o’zining zabardast hukmdorligini amalda isbotlab, vafotigacha kuch-quvvatini yo’qotmagan. Unda ota-bobolaridagi kabi magnitizm yetishmas edi, xolos.

Uning turmush tarzi o’tmishdoshlarinikiga nisbatan darveshona, kamsuqum bo’lgani bilan ajralib turardi. Hindlarga munosabati Akbarning murosasozligidan farq qilsa-da, uning “murosasizligi” haqidagi tasavvurlar Banoras ibodatxonasi o’rnida barpo etilgan masjid voqeasiga asoslangan edi, xolos.” (Ramila Thapper Parreg. A shorthistory of India. V-II. Renguin book. London, 1966, r.55). Biroq amerikalik muarrix Avrangzeb haqidagi bu fikrlarni qaysi manbadan olganini ko’rsatmagan.

“Ma’osiri Olamgiriy” nomli qo’lyozmada Avrangzebning hindlar ibodatxonalarini buzdirishi faqat Banoras ibodatxonasi bilangina cheklanmagani qayd etilgan. Ammo bu hukmdorning hindlar va ularning e’tiqodiga bo’lgan munosabatini anglatmaydi. Zero, voqeanavis Muhammad Musta’idxon Soqiy fikricha, fuqarolik mas’uliyatiga befarq yoxud norozi hindlarga qo’llangan jazolar muayyan darajada cheklangan, kezi kelganda, gunohkorlar afv etilgan. Buning isboti sifatida ikki jihatni inobatga olish kifoya.

Birinchisi, nainki chekka viloyatlarda, balki bevosita saroyning o’zida ham o’nlab nufuzli hind mansabdorlari xizmat qilgan.

Ikkinchisi, isyonlarga aralashib qolgan hind mansabdorlari aybini tan olib, tavba qilsa, afv etilib avvalgi mavqei tiklangan. Boz ustiga, ular vafot etsa, oila a’zolari maosh va boshqa turdagi moddiy yordam bilan ta’minlangan. Buni birgina Avrangzebning ashaddiy dushmani Sabanho zurriyotlari va ukalari takdiri misolida ham ko’rish mumkin:

“Sabanho qo’lga tushirilmasdan avval E’tiqodxonga yovuzning vatani va go’ri (bo’lmish) Rohiri qal’asini bosib olishga ruxsat etilgan edi, ushbu zafarmazmun yilning o’n beshinchi muharramida mazkur qal’a davlat voliylarining tasarrufiga kiritildi. Va u past hamda benom xonadonining barcha xotin-qizlari, uning o’g’illari va ul la’natining quvilgan ukasi Rono asirga tushdilar.

G’aribparvar va ojiznavoz xoqonning hukmi chiqdiki, Sabanhoning onasi, Sivoning xotini va ul jahannammakonga tegishli kishilarga xazinadan ihtiyojlariga yarasha ta’minot belgilanib, har bir kishi yillik maosh (tayinlanishi) bilan e’zozlandi. Sabanhoning to’qqiz yoshli katta o’g’li Sohu yetti ming suvorli mansab, rojalik xitobiga sarfaroz etilishi hamda xil’at va oltin suvi yuritilgan jamdhar va ot va fil va naqora va bayroq (inoyat qilinishi) bilan barcha rojalar orasida izzat bayrog’ini baland ko’tardi. Uning ukalari Nadn Singh (Badi Singh) va Udhu Singh mansab va iltifotlar bilan e’zozlanib (ularga) navozishlar ko’rsatildi. Hukm bo’ldiki, ular o’z ona va buvilari huzurida bo’lsinlar”.

* * *

Kezi kelganda, mavzu yuzasidan salkam 12 yillik Hindiston va Pokiston safarida ko’rilgan ilmiy-ommabop adabiyotlar va qator muarrixlar bilan bo’lgan suhbatlarda ayon bo’lgan quyidagi mulohazalarni ham bayon etsam.

Yuqorida zikr qilingan har ikki mamlakat xalqlari ko’p millatli, turli e’tiqod vakillari ekani sababli ularning boburiylarga, jumladan, Avrangzeb hukmronligiga munosabati ham o’ziga xos bo’lishi tabiiy. Binobarin, hinduizm, islom va nasroniy dinidagi olimlar ayni masalada uch toifaga bo’linadi: Avrangzebga davlat dini himoyachisi sifatida qarovchilar; uning hinduizmga bo’lgan munosabati asosida fikr yurituvchilar; mavjud milliy va diniy muammolar yechimi masalasiga tarixiy zaruriyat nuqtai nazaridan yondashuvchilar. Mazkur nuqtai nazarlarni aniq tasavvur qilish uchun Avrangzebning ichki va tashqi siyosatidagi mahalliy tadqiqotchilar e’tiborini tortgan muhim jihatlarga e’tibor qaratish lozim:

a) mast qiluvchi ichimliklar va giyohvandlik o’simligi sanalmish “bhanga” ekish, uni iste’mol qilishning taqiqlangani;

b) saltanat sohibining g’ayridinlarga murosasiz munosabatda bo’lib, ularga fil minish, milliy ho’liy va divaliy bayramlarini ommaviy ravishda nishonlashni man etibgina qolmay, Banoras va Matra shaharlaridagi qator ibodatxonalarni buzdirgani;

v) bu davrda hunarmandchilik va tashqi savdoning rivojlangani, Dekan zabt etilib, uzoq-yaqindagi mamlakatlar bilan diplomatik aloqalar o’rnatilgani, xususan, Balx, Fors, Daniya, Efiopiya, Makka hamda Turonzamin bilan elchilik aloqalari bo’lgani va hokazo.

Avrangzebning shaxsiyati va davlatchilik faoliyatiga xolis baho berish uchun, bizningcha, dastlab moziyga qaytib, uning taxtni egallashi bo’sag’asidagi voqealarga nazar tashlash kerak. Buning uchun esa so’zni Shoh Jahon hukmronligining so’nggi yillari hamda taxtga da’vogarlar tarixidan boshlagan ma’qul.

Shoh Jahon nafaqat hinduistlar, balki ularning ko’hna madaniyatiga nisbatan ham salaflari siyosatini davom ettirgan. Sanskritni o’rganish va manbalarni fors va arab tillariga ag’darish an’anasi uning davrida yanada rivojlandi. Ushbu masalada podshohning to’ng’ich o’g’li Doro Shukuhning ilmiy-ijodiy izlanishlari juda samarali bo’ldi. U ilm-fanda kamolga yetgan shahzoda va Hindiston taxtining rasmiy vorisi edi. U an’anaviy islomiy ilmlar qatori hind diniy falsafasi, uning asosiy manbalari hamda ko’hna madaniyatini chuqur o’rgandi. Biroq Doro Shukuhning dunyoqarashi, uning yozgan asarlari zamonasi ahliga ko’p-da ma’qul kelmagan. Bu borada “Ma’osiri Olamgi-riy’’da keltirilgan bayonlar fikrimiz dalilidir: “Doro Shukuh …tab’ining xohishi hind urf-odatlarini tarqatish va dinsizlik hamda kufr yo’lini yoritishdan iborat edi. Shu tufayli din va davlat nomusini saqlab qolishlikni o’zlariga vojib bilgan Avrangzeb oliyhazrat huzuriga Murod Baxshni ham olib borishga qaror qildilar”.

Hind-musulmon diniy-ijtimoiy birligi tarafdori Dorodan farqli o’laroq, ukasi Avrangzeb bu masalada uning aksi edi. U boshqaruv tizgini Shoh Jahondan norasmiy ravishda Doro Shukuh qo’liga o’tgach, og’a-inilari Shujo va Murod bilan ittifoq tuzib, akasiga qarshi chiqadi. Uch yil davom etgan birodarkushlik urushi Avrangzebning hokimiyatga kelishi bilan nihoya topdi. Yillab davom etgan bu kurash tafsiloti Muhammad Mustaidxon Soqiy tomonidan bunday qalamga olingan:

“Doro Shukuh davr xoqonining iqbol qudratidan xavf-xatarda bo’lgani tufayli Oliyhazratning tab’i nosog’liq davrida bundan abadiy saodatmand bo’lib qolishga urindi va turli xil ustaliklarni ishga soldi. Mamolik panohi shahanshoh jilov xizmatidagi askarlarini o’z huzurlariga chaqirdilar. Va (Doro Shukuh) onhazratning hayotlik davridayoq (ularning) qo’llab-quvvatlashi bilan Shoh Shujo va Murod Baxshlar ishni tugatish va xotirjamlik bilan Olloh tanlaganning ishlari yuzasida (lozim bo’lgan) tadbirlarni amalga oshirish andishasida onhazratning ayni kasalligi kuchaygan vaqtda Akbarobodga keldi hamda Roja Singhni podsholik askarlari bilan birgalikda o’z sipohlarini katta o’g’li Sulaymon Shukuh sardorligida Shoh Shujo ustiga yurish qilishga tayinlandi…”

Doro Shukuhning taxtni egallash ilinjida hatto mamlakat parchalanib ketishiga ham bee’tibor bo’lganini muallif nadomat bilan tasvirlaydi:

“…Shohjahonobodda (shunday) kasallik vujudga keldikim, (natijada Shoh) jahonbonlik ishlaridan uzoqlashdilar. Va Oliyhazratning katta o’g’li Doro Shukuh fursatni g’animat bilib, atrof va chegaralarga xabar berish yo’lini to’sib qo’ydi va shu sababdan mamlakatga katta xalalliklar yetdi…

Ertasi kuni shavkatli qahramonning bayroqlarni mustaqirul xilofot Akbarobod tomon yurishga baland ko’tarish haqida buyrug’i chiqdi… Doro Shukuh esa shu kunning tongida, ya’ni mazkur oyning o’n yettisida (yana) saf tortib — urushga otlanib, shavkatli qo’shin istiqboliga chiqdi va har ikki tomondan to’lu to’fang jangi qizib, qatl etish olovi alangalandi… Va barcha hindlar Doro Shukuh bilan birga ekanliklariga qaramay, u o’z turgan joyida vahimadan titrab, fildan tushib otga mingach, uning bu xil bevaqt harakatidan lashkarlari sarosimaga tushib qocha boshladilar…”

Avrangzebning Doro Shukuh bilan olib borgan janglari tavsifi so’ngida uning qatl etilgani bayon qilingan:

“Va shu vaqtda Bahodirxon Doro Shukuhni falaknishon ostonaga keltirdi, uni Xizrobodda saqlab turdilar. Turli sabablarga binoan uning vujudining behosil g’ubori (tuprog’i) mamlakat maydoni uzra turishiga zarurat qolmaganligi tufayli yigirma birinchi zilhijja panjshanba kuni kechasi uning hayot chirog’i o’chdi va jannatoshyon Humoyun podshoh qabri yoniga dafn etildi».

Garchi Doro Shukuh mag’lub etilgan bo’lsa-da, avval afv etilgan Shujoning hukmronlikka intilishiga ham chek qo’yish kerak edi:

“Shoh Shujoning isyon ko’targani haqida xabar yetib keldi. (Aslida) purnur (hazrat) ko’nglida, agar mumkin bo’lsa, (o’tgan ishlarga nisbatan) bilmagan kishi bo’lib qo’yaqolish bor edi. Biroq Shoh Shujo jasorat bilan to Banoras hududigacha yaqinlashib kelib, jangu jadal qilishga qasd etdi…

Ko’p o’tmay Shoh Shujoning Banoras hududidan yo’lga chiqqanligi haqida ustma-ust xabarlar yetib keldi. Maslahat bilan shunga qaror qilindiki, (xoqon) Surun shikorgohi tomon tavajjuh etadilar va Shoh Shujoning yaqinlashishi xabarini kutib turadilar…

Va jahon shahanshohi shikorchilar manzili tomon yo’l olib, uchinchi rabbiuloxirda Surun qishlog’iga yetdilar va shu yerdan boshlab Shoh Shujoni murosai madoraga keltirishlikni poyoniga yetkazishni xohladilar (va) bir necha bor nasihatomuz sahifalar yubordilar, tokim uning ko’ngli kayfiyati ravshan tortsin. Va lekin uning murosai madoradan hech bir naf olmasligi aniq bo’lib qoldi. Shuning uchun mazkur oyning beshida unga qarshilik ko’rsatish uchun Surundan tug’larini baland ko’tardilar…”

Avrangzebning o’z raqiblari bilan kechgan to’qnashuvlari Shoh Shujoning qatli bilan tugallangan:

“…Bangola voqealaridan arzga yetdiki, Shoh Shujo Akbarnagardan Tonda tomon ketayotganda Radixon tanib qolib, uni o’g’li Sayfullo bilan birgalikda qatl qilgan”.

* * *

Avrangzebning shaxsiy hayoti va uning qariyb yarim asrlik hukmronligi davrida yuz bergan siyosiy, iqtisodiy, ijtimoiy va ayniqsa, madaniy islohotlar borasida fanga noma’lum jihatlar bor.

Madaniy islohotlarning boburiylar saroyi an’analariga yot ko’rinish olishiga shahanshoh hayotiga taalluqli ko’ngilsiz bir voqea sabab bo’lgani faqat so’nggi topilgan manbalardan ma’lum bo’ldi. Biroq bu yerda biz taxt sohibining shaxsiy hayotida o’chmas iz qoldirgan hodisalar asosida uning faoliyatini sarhisob qilish fikridan uzoqmiz.

Avrangzeb iqtisodiy jihatdan zaiflasha boshlagan saltanat qudratini tiklash uchun musulmonparvar xoqon sifatida mahalliy hind feodallari qo’lidagi yerlarni qisqartirdi, ular uchun ziyorat va jiz’ya solig’ini qayta joriy qildi. U yangi harbiy yurishlar hisobiga xazinani boyitish niyatida 1686-87 yillari Bijoyapur va Golkondani o’z tasarrufiga olib, markaziy hokimiyat ta’sirini butun Hindistonga o’tkazishga erishdi.

Ammo Avrangzeb tashqi va ichki siyosatining dastlabki muvaffaqqiyatlari saltanat poydevorini mustahkamlash uchun yetarli emasdi. Xususan, muqaddam boburiylar qo’llab kelgan ichki siyosatdan og’ish, ayniqsa, musulmon bo’lmagan yer-mulk egalarining manfaatlariga zid kelib, mavjud qarama-qarshiliklarni yanada keskinlashtirdi. Binobarin, hind feodallarining avvaliga huquqi, keyin esa mol-mulkiga daxl qilinishi, ularning davlat vazifalaridan chetlatilishi odatiy holga aylanib qolgan edi.

Avrangzebning sirtdan ravnaq topgan saltanati ichdan mustahkam emasdi. Shuningdek, ba’zi chekka viloyatlardagi tobe hukmdorlar podshohni chalg’itib boylik orttirish bilan ovora edi. Natijada mamlakatda yuzaga kelgan og’ir vaziyat, qo’zg’olonlar va viloyat hokimlarining o’zboshimchaliklari darg’azab podshohning yangi-yangi qonli yurishlariga sabab bo’ldi. Solnomachi Xafiyxonning ma’lumotida yozilishicha, “Saltanatning aqalli biror viloyatida na jogirdor, na foujdor (harbiy sarkarda) va na zamindor yuragida hukumatga nisbatan qo’rquv tuyg’usi sezilmasdi” (Istoriya Indii v srednie veka. Str.18).

Buning ustiga marathlar, sikhlar va hatto sunniy mazhabidagi afg’onlar ham bosh ko’tardilar. O’z erkiga qo’yib berilgan sikhlarning soni ortib, yirik diniy va harbiy kuchga aylanishi xavotirli tus oldi. Avrangzebning to’qqizinchi Guruni jazoga tortishi so’nggi, o’ninchi Guru Govinda boshchiligida ko’tarilgan qo’zg’olon bilan tugadi.

Hukmdorning saltanatda amalga oshirgan diniy-ijtimoiy islohot va joriy etgan qonun-qoidalaridan qalam ahlidan tashqari, san’at va madaniyat sohalari ham chetda qolmadi. Masalan, musiqa san’ati Avrangzeb hukmronligining dastlabki yillari o’z maromida rivojlangan:

“Xilofat taxti poyasi xushovoz mutrib (ashulachi)lar va dilnavoz sozandalardan iborat xursandchilik bazmini orasta etuvchilar, sevinch-quvonch bisotini shodiyona ortdiruvchilarning jamlangan joyi bo’lishiga qaramay va garchi julusning birinchi yillari goh-goh xursandchilikni oshiruvchi (ashula va kuylar) eshitgan bo’lsalar va bu fanda nihoyatda barkamol va qiqayob (tuxumning ichki pardasini qidiruvchi, ya’ni nozik did va serzavq) bo’lsalar hamki, kamoli tavazzu’ va parhezkorlik yuzasidan hamma narsadan (o’zlarini) tortib turar edilar… Musiqiy fanining mohirlaridan bo’lmish Mirza Mukarramxon Safaviy Hazratdan qo’shiq (va ohang) haqida nima deysiz, deb so’radi. Gavhar sochuvchi til dedi: Ahl (avom xalq) uchun mumkin…”

Iqtibosdan ayon bo’ldiki, hind xalqi diniy e’tiqodining muhim qismi, xususan, “Samaveda” taronalari — musiqa avom uchun man etilmagan.

Xullas, bordiyu ushbu xususda islohotdan oldingi va keyingi holatni aniq tasavvur qilmoqchi bo’lsak, qo’lyozma matnining quyidagi parchalari bilan tanishishning o’zi yetarli:

“Ko’ngil ochuvchi tomoshalar, kishi g’ayratini keltiruvchi mushakbozliklar avjga mindi. Qandayin to’y va tantana va xushnudlik va sururlik marosimi lozim bo’lmasin, hammasi yaxshilik va go’zallik bilan amalga oshirildi. Va muborakbod qilish bazmi boshlanib ketdi…

(Lekin) bora-bora (bu xil ishlar) butunlay man qilindi; ashula etish naqshi uzoq va yaqinlar xotirasidan qilich vositasi bilan o’chirib tashlandi”.

06

* * *

Darvoqe, Avrangzeb faoliyati to’g’risida Hindistonda yashagan ovrupolik Bern`e, Tavern`e, Manuchchi singari diplomat va savdogarlar bergan ma’lumotlarni ham unutmaslik kerak. Ularning kuzatuviga ko’ra, Avrangzeb hukmronligi yillarida saltanat yemirila boshlagan — aholi qashshoqlashgan, dehqonlar, hunarmandlarning yashash sharoiti og’irlashgani bois, ishlab chiqarilgan mahsulotlar sifati pasaygan, ko’p sonli qo’shinning jangovarlik qudratiga putur yetib, oqibatda saltanat qo’zg’olonlarga yuz tutgan” (Istoriya Indii v srednie veka. Str.492).

Hind-musulmon madaniyatining Avrangzeb davridagi holatiga kelsak, to’g’ri, qachonlardir boburiylar saroyining ko’rki bo’lgan musiqa va raqs san’ati taqiqlandi, musavvirlar poytaxtni tark etdi. Lekin bu saltanatda madaniy taraqqiyotga butkul putur yetdi degani emas edi. Jumladan, Hindistondagi turkiy til taraqqiyoti bilan bog’liq ba’zi misollarga e’tibor beraylik. Rusiya elchisi Semen Malen`kiy bojsiz savdo-sotiq qilishga huquq beruvchi turkiy tilda yozilgan farmon bilan taqdirlangani, bir jihatdan, turkiy tilning Hindiston davlat mahkamalaridagi mavqeini belgilasa, boshqa tomondan, uning o’sha vaqtdagi Buxoro va Balx bilan diplomatik aloqalarga bog’liqligini ifoda etadi.

Shoh Jahon hukmronligi davrida ma’lum darajada o’z mavqeini yo’qota boshlagan Chig’atoy turkiysi Avrangzeb davriga kelib qayta tiklangan. Chunki turkiy tilni tadqiq va tashviq qilishda Avrangzebning o’zi ham muayyan hissa qo’shgan. Ya’ni bevosita uning ko’rsatmasiga binoan Muhammad Yoqub Changiyning turkiy til grammatikasi masalalariga bag’ishlangan 15 qismdan iborat “Kelurnoma” yoki Kasaban Barbalaning shu an’ana ruhidagi “Haft axtar” asarlari yozilgan.

Hind tarixchisi Jadunath Sarkorning ma’lumoticha, Avrangzeb arab va fors tillarida durustgina yoza olgan. U hind tilida gapirganida, o’sha kezlari keng tarqalgan hikmatli so’zlardan erkin foydalangan. Balx va Qandahordagi aksar o’rtaosiyoliklardan tashkil topgan qo’shinda xizmat qilganidan bo’lsa kerak, u ayniqsa chig’atoy turkiysini puxta bilgan.

Me’morchilik sohasida Dehpi va Lohurda Mo’tiy, Badshon masjidlari kabi inshootlar qad ko’tardi. Mamlakatdagi adabiy jarayon borasida Mavlono Ibrohim Hisoriy, Mun’im Samarqandiy, Mulla Mufid Balxiy, Mirsaid Jalol, Nosir, Shamim va Saodatga o’xshash movarounnahrlik olim va shoirlarning Hindistonga kelganlarini qayd etish mumkin. Hali hayotligidayoq O’rta Osiyo, Hindiston, Eron va Ozarbayjonda chuqur hurmat va e’tibor qozongan mutafakkir va mutasavvif shoir Mirzo Bedil ham mazkur davr adabiyotining yorqin siymosi edi.

Avrangzeb vafotidan so’ng boburiylar rasman yana 150 yil taxtga egalik qildi. Hatto sulolaning so’nggi vakili zaif va tang ahvolda qolganida ham, inglizlar tazyiqiga qarshi bosh ko’targan avom o’z rahnamosi etib taxtning haqiqiy egasini tanladi (Nuritdinov M. Boburiylar sulolasi. T., “Fan”, 1994, 47-bet). Ammo isyon bostirilgach, so’nggi boburiy hukmdor o’z oilasi bilan Birmaning Rangun shahriga badarg’a qilindi.

Muarrixlarning aksariyati boburiylar sulolasining tanazzulga yuz tutish sabablarini, avvalo, ichki siyosatning diniy murosasozlikdan yuz o’girishida ko’radilar. Agar masalaga faqat ana shu jihatdan qaralsa, to’g’ri, Akbar hukmronligi vaqtida mamlakat yuksalishni boshidan kechirgan. Ammo yaxlit tarixiy davr nuqtai nazaridan, boburiylar saltanati, Mahatma Gandi ta’riflaganidek, “bir millat — ikki e’tiqod”dan iborat yangi hind davlatchiligi shakllanishida yetakchi omillardan biri bo’ldi. Shu bois Hindistonda shaklan va mazmunan yangi “na hindlarniki va na musulmonlarniki bo’lgan hind-musulmon madaniyati tugal qaror topdi” (Taga Shand. Influence of Islam on Indian culture.. Allahabad, 1963, r.137). Chunonchi, XVI-XVIII asrlar mobaynida yaratilgan barcha noyob asarlaru tarixiy yodgorliklar, avvalo, turli millat va e’tiqodga mansub, diniy adovat va nizolardan ustun kelgan chin insoniy tuyg’ular hamda hamkorlikka intilgan aql-zakovatning amaliy ifodasi edi.

Manba: «Tafakkur» jurnali,1/2015

044

(Tashriflar: umumiy 1 467, bugungi 1)

Izoh qoldiring