Boburiy shahzoda haqidagi drama nima maqsadda London teatrida sahnalashtirildi?

077

BBC ўзбек хизмати хабарида ёзилишича, бобурий шаҳзода, Шоҳ Жаҳоннинг вориси Дору Шукуҳ ҳаёти акс этган драма Лондоннинг Миллий театри саҳнасида намойиш этилмоқда экан. Тарихий драмада XVII асрда Ҳиндистонда Бобурийлар ўртасида тахт учун кечган шафқатсиз кураш тасвирланган экан . Хабарни диққат билан ўқиб, бугунги сиёсатлашган замонда, ғораткор Ғарб мусулмон Шарқ оламига қарши қақшатқич қирғин ўтказаётган муҳитда ушбу драмани саҳналаштириш замирида Исломни қоралаш мақсади ётганини англадим. Сиз ҳам BBC ўзбек хизмати хабарини ўқиб кўринг ва кейин бу хусусда ёзилган менинг мақолам билан танишинг.

045

Бобурий шаҳзода, Ислом ва диний бағрикенглик

08

Мумтоз юнон трагедиялари каби бош қаҳрамонларнинг ёшлигида қилинган башоратлар бир оиланинг парчаланиб кетишига ҳамда нафрат ва ишончсизлик юзага чиқишига олиб келади. Бобурийлар сулоласидан бўлмиш Шоҳжаҳон ўзининг барча қариндошлари даврасида бир сўфий дарвишдан “қайси бир фарзандим менга хоинлик қилади“ деб сўраганда, дарвиш Шоҳжаҳоннинг иккинчи ўғли Аврангзебга ишора қилади.

«Шаҳзода Доро» драмасининг негизида Аврангзеб ворис Доро Шукуҳ қўлидан тахтни тортиб олиб, ўзини подшоҳ деб эълон қилгани ҳақидаги тарихий ҳодиса ётади. Бироқ бу ҳикоя ҳозирги замонга ҳам жуда тааллуқли деб айтиш мумкин.

Дин — ҳокимиятга эришиш учун восита 07

Дорони тахтдан ағдариш мақсадида Аврангзеб диндан фойдаланади. Бугунги кунда томошабинлар худди ҳар қандай аср томошабинлари каби турли хил диний қоидаларни ўз шахсий мақсади йўлида ишга солиш орқали сиёсий манфаатларга эришиш мумкинлигига гувоҳ бўлишади. Доро шариат маҳкамасига юз тутади. Уни шеър ёзиш, диний тотувликни рағбатлантириш ва ижтимоий бўлинишларни бартараф этишга ҳаракат қилишда айблашади.

Мушкул аҳволга тушган Доро муллалар томонидан ўзига айб сифатида илгари сурилган гуноҳларни инкор этишга уринади. Бу ерда кураш Доро билан дин ўртасида эмас, балки Доро ва Исломнинг муайян бир талқини ўртасида кетади. Доро ўз-ўзини ҳимоя қилишга қарор қилади ва бу XVII асрда яшаган бир мусулмоннинг ҳимояси бўлмай, балки бугунги кунда Исломнинг сулҳ ва севги пайғомларини ёймоқчи бўлган замонавий бир мусулмоннинг ҳимояси билан ҳамоҳангдир. У муллаларга қараб “сизларга ўзларингизнинг динингиз, бизга ўзимизнинг динимиз“ деб Қуръон оятини эслатади. Улар эса уни шаккокликда айблайдилар.

Бугунги кунда Толибон ва “Исломий Давлат” экстремистлари ўзига хос шариат маҳкамаларини ўрнатишган. Улар Қуръонни ўзларича талқин қилиб, одамларни Ислом динига бўйсунмаганлари учун ўлимга маҳкум қиладилар. Улар худди Аврангзеб саройидаги муллаларга ўхшайдилар. Дорога у ҳинд ва сикхларнинг муқаддас китобларини ўқигани учун қораловчи томонидан “кофир” деган тамға қўйилади. Бунга жавобан Доро қораловчидан, у ўша асарларни ўқиганми, деб сўрайди. Савол жавобсиз қолади.

022Доро Шукуҳ қатл этилганидан сўнг Бобурийларнинг Деҳлидаги Ҳумоюн мақбарасида дафн этилган.

Ишқ-муҳаббат

09

«Доро» драматик асарида муҳаббатнинг турли шакллари намойиш этилади. Баъзилари жамиятда маън этилган, бошқалари эса турли динлар ва касталарни бирлаштиришга қодир бўлади.

XVII асрда Ҳиндистон субконтинентида озчиликни ташкил қилган мусулмон Бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган. Ушбу йирик империянинг мағлуб бўлиши — драма асарининг марказидадир. Аврангзеб нафақат ўз акаси ва тахт ворисини ҳалок этади, балки унинг динга бўлган иштиёқи Ҳиндистоннинг бўлинган жамиятини ундан бадтар бўлинишига етаклайди.

Доро илоҳий куч барча динларга асос солганига ишонади. Аврангзеб эса бу фақат Исломга хос деб ишонади. Сўфийлик ҳамда ҳинд ва сикх муқаддас китобларини тадқиқ қилиб англаб олган Доро бутун башарият учун муҳаббатни тарғиб қилади. У барча маданиятларнинг ҳамоҳанглигини ҳимоя килиб, диний мулоқотларга эҳтиёж пайдо бўлаётганини англаб олган инсон бўлган. Раҳм-шафқатни билмайдиган Аврангзеб диний экстремизм ғоялари билан қоришиқ олиб борган сиёсати натижасида, халқ орасида нафратга сазовор бўлади.

Асарда Аврангзеб Хира Бай исмли ҳинд қизига ошиқ бўлади. Тақдир тақозоси билан у оламдан ўтади ва Аврангзеб чуқур қайғуга тушади. Шунингдек, асарда диний ақидалар ҳукм сўрган жамиятда ҳақиқий кучли ишқ-муҳаббатга ўрин йўқлиги намойиш этилади. Драма давомида Аврангзебнинг хаёлидан Хиранинг сиймоси такрор-такрор ўтади ва томошабинлар, агар у Хирани йуқотмаганида, эҳтимол бошқа инсон бўлиши мумкин эди, деб ўйланиб қоладилар.

Саҳнада Шоҳжаҳон ва унинг севикли аёли Мумтаз Маҳалнинг сўнмас муҳаббати ҳам намоён бўлади. Уларнинг севгисининг кучли рамзи Тож Маҳал мақбарасидир. Бироқ ота-онанинг бир-бирига шу даражада бўлган севгиси куч–қудрати келажакда авлодлари ўртасида нафрат қўзғатиб, охир-оқибат фожеага олиб келади…

07Тож Маҳал мақбараси — сўнмас севгининг кучли рамзи.

Аёллар ўрни

09

XVII аср Ҳиндистонида сарой аёлларининг роли одатда ичкарида бўлиш билан чекланганди. Улардан давлат ишларига аралашмасликлари кутилган. Бироқ Бобурийлар оиласида бу тартиб ўзгача бўлган. Бобурийлар саройларида аёллар нафақат ҳокимият учун курашганлар, улар катта таъсир кўрсатишга қодир бўлиб, ҳаттоки уларнинг маслаҳату-машваратларига, буйруқ–фармон бериш ишларида қулоқ солинган.

Биз Шоҳжаҳоннинг тўнғич қизи Жаҳонарони «Муҳтарама момо», яъни ҳурматга сазовор оила бошлиғи ролини бажараётганини кўрамиз. У ўз отасини ҳимоя қилиб, ака-ука ўртасидаги низони бартараф этиш ва уларни яраштиришга ҳаракат қилади. Томошабинлар Равшанаро исмли бошқа сингилни ҳам кўрадилар. У Доро билан Аврангзеб ўртасидаги низога олов қўшиб, қайтадан Аврангзебни Дорони адолатсиз шариат маҳкамасига тортишга ундайди.

Доро маҳкамада ўз ҳимоясини намоён этаётганида, у бугунги кунда ҳам турли баҳсларга сабаб бўлган аёлларнинг ҳижоби борасида тўхталиб ўтади. У ўзининг мўътадил қарашларини муҳофаза қилаётганида, бир маҳал кўзи айвонда панжара ортида маҳкама жараёнини кузатган Аврангзеб билан Равшанарога тушади. Шу пайтда қораловчи унинг синглиси маҳкамада ҳозир бўлиши борасидаги мурожаатларини «бу амал аёл учун номуносиб» дея рад этишга уринади. Бироқ Доро бу ерда «ҳижоб барча мусулмон аёллар учун эмас, фақат Расулуллоҳ Пайғамбарнинг аёлларига мўлжаллангани» ҳақида нутқ сўзлайди. XVII асрдаги ҳижоб билан боғлиқ баҳслар бугун ҳам мунозарали масала бўлиб қолмоқда.

Драма давомида аёллар доимо ҳозирдирлар. Хоҳ Мумтоз Маҳални хотирлаётганларида бўлсин, хоҳ рақсга тушаётган Хира, ё-да нафрат алангасини қўзғатаётган Равшанаро, ё Дорони қўллаб-қуватлагани сабаб қамоққа юз тутган Жаҳонаро рамзларида.

Бу драманинг бугунги кун билан ўхшаш ва ҳамоҳанг жиҳатларидан бири – бу минтақада қарама-қаршиликлар ҳамон ҳам мавжудлигидадир. Айниқса, Доро Шукуҳ борасидаги фикр-мулоҳазалар тиниб-тинчимаган ғалва бўлиб қолаётир. Айримлар уни жамиятни бирлаштиришга уринган замонавий мутафаккир деб олқишласа, баъзилар эса динга катта зиён етказган кофир дея қоралайдилар.

Худди ҳозирда ҳам қалбида ишонч ўти сўнмаган, иродаси мустаҳкам маҳкамага тортилган шаҳзода Доро ўз тақдири ва эътиқодлари учун ҳукм чиқарилишини кутаётгандек.

041

(Tashriflar: umumiy 249, bugungi 1)

Izoh qoldiring