Bahodir Sodiqov. Hayratning ikkinchi umri & O’roz Haydar. To’lqinlarga to’sh urgan do’stim

0_1652a8_6a833060_orig.png  …Баҳодирнинг шивирлаб айтганлари бугун баланд овозда янграмоқда. Афсуски, дўстимнинг биздан узилиб, йигит ёшида орамиздан кетганлиги чуқур армонга айланди. У ҳаёт бўлганида адабиётдаги бўшлиқларни ўз ижоди билан тўлдириши мумкин эди…

Ўроз ҲАЙДАР
ТЎЛҚИНЛАРГА ТЎШ УРГАН ДЎСТИМ
001

Ёшинг улғайган сари йўқотишлар қурбонига айланиб боравераркансан. Отам, энам, акам, қизимнинг ўлими юрагимни тутдай тўкди. Отам 80, энам 70 ёш умр кўрди. Бунга чидаса бўлади. Акам раҳматли Назар Шукур 31, қизим Бахтигул 28 ёшда ҳаётни тарк этди. Қизимнинг ҳаёти учун бошимни не-не деворларга урмадим. Тошкентдаги 16-сонли касалхона йўлакларида айланавериб товоним асфальтга ботди. Альбуминнинг бир донаси 800 минг сўм. Дўхтирларга ялинаман: “акалар, қизимни асраб қолинг. Қандай дори айтсангиз етказаман”. Нолаларим ҳавода қолди. Аллоҳдан ҳаёт сўраб танглайим қотди, лабларим қовжиради, кўзларим хиралашди. Одамни одам ейди дегани шу экан.

Акам автоҳалокатга учраганда ўзимни жарлик лабида кўрдим. Чор тарафимни жарлик қуршаб олгандай эди. Ўлими олди хайрлашишга унамадим. Хотирамда у тирик сиймо бўлиб гавдаланаверсин деб ўйладим. Наздимда ҳамон у тирик. 25 та хатжилдга шеърий қўлёзмаларини жамладим. Укам қоғозларни титиб ўтирганим устидан чиқиб: “Ака, ўқиганингизга бордингиз. Менга қолса, эгасига буюрмаган дея ўчоққа тутандириқ қилиб ёқиб юборайдим.”, – деб енгил уҳ тортди. Кейинчалик компьютерда териб чиқиб, жамладим. Вафотидан сўнг “Мени кечир, муҳаббат”, “Видо” тўпламлари, “Сен қайтмасанг” номда Сайланмасини пул ўтказиш йўли билан чоп эттирдим. Бу ёқда ўзимнинг қўлёзмаларимга тартиб берилмаган.

2016 йили Назар Шукурнинг янги Сайланмаси – “Осмон ташбеҳлари”ни “Ўзбекистон” нашриётида 2000 нусхада нашр этилди. Бироз енгил тин олдим. Китобнинг чоп этилишида Ашурали Жўраев, Баҳром Акбаровларнинг хизмати беқиёс бўлди.

Бир куни акамнинг Сайланмасини ўқиб туриб, миямда ялт этган чақин вужудимга ўт тутди. Баҳодир!!!

Ҳа, Содиқов эди фамиляси. Шу ўйлар қуюнида хаёлларим тўзиб кетди…

1980 йили уч ойлик ҳарбий хизматдан қайтиб, Тошкентга келдим. Сентябрь ойининг охирлари эди. Туркманистоннинг Қорақум саҳросида ўтказилган ҳарбий машқлардан бир сиқим бўлиб қолгандик, ғозимиз енгил. Тошкентни соғинибман…

Берди Раҳмат университетдан излаб топдим. Мени кўрди-ю, қувониш ўрнига маҳзун тортди ва кўзида ёш қалқиб: “Ўроз, жўра, Баҳодирдан ажралиб қолдик” дея инграб юборди. Манглайимга мушт тушгандек кўзим олди қоронғулашди. Анча фурсат серрайиб қотиб қолган бўлсам керак, Берди Раҳмат елкамга бош қўйгандан сўнг ҳушёр тортдим.

– Нима бўлди? – овозим бўғилиб савол бердим.

– Шовот каналига чўкиб…
– У сузағон эди-ку?

– Бир болани қутқазаман деб, томирлари тортишиб чўкиб кетибди.

– Оббо, чатоқ бўлибди. Шу кўргилик бормиди энди.

– Бордингми?
– Курсдошлар билан бордик.

– Яхши қилибсанлар.
– Ота-онаси қоврилиб қолган.

Боягина қушдек учиб юргандим, дарров тош боғлаб қўйилгандек оғирлашдим. Ҳаводан нафас олаётганимниям унутдим. Иккаламиз ёнма-ён судралишиб кўчага чиқдик. Чурқ этмаймиз. Соғинчларим тупроққа қорилганди. Кўз ўнгимда пишқириб оқаётган дарё гавдаланар, Баҳодир болани елкасига олиб сув остида питирларди. Чуқур хўрсиндим…

Берди Раҳматнинг ижара уйига етиб келгунча йўлда дўконга кириб егулик олдик. Чўнтакка қўл тиқсанг куйдирарди. Пул ўзига яраша. Адоқсиз ўйлардим. Жиққа терга ботгандим. Берди Раҳмат қозонга уннаб, егулик пиширди.

Мен ваннада чўмилиб бироз енгил тортдим. Иккимиз хонтахта ёнига чўккалаб тамадди қила бошладик. Хаёлим Ashampoo_Snap_2017.03.04_17h05m32s_001_.pngучиб, уйга унча разм солмабман. Уй бурчагидаги стол устида Баҳодирнинг суратига кўзим тушиб, гунгландим. Қора сочу қора қош, қоп-қора соқоли ҳам ўзига ярашиб турибди. Анча пайт термилиб қолдим, шекилли, Берди Раҳмат жимликни бузди: 

–Кейинги кунларда Баҳодирни эслайвериб эсим оғди, Ўроз…

Кўзимдан оққан иссиқ ёш ёноқларимни куйдириб юборди. У мени чалғитишга уриниб: – Бу оллоҳнинг иши. Энди унинг қўлёзмаларини жамлашимиз керак, – дея маъюс тортди.

– Мен Қашқадарёга кетаяпман, йўлланмам Тожикистонга ёзилган. Сен Тошкентда қолаяпсан, кўмагингни аяма.

– Эсингдами, – деди у бироз юмшаб – танишганимиз…

– Ҳа,  – дедим бош билан тасдиқлаб.

… Саксонинчи йилнинг эрта баҳори. Осмонда булутлар ола-қуроқ. Берди Раҳмат иккаламиз “Ғунча” кинотеатри рўпарасида – кўчанинг кунгай бетидаги ғарибгина пивохонада пивохўрлик қилаяпмиз. Гоҳо қурут чайнаб бир-биримизга гап отамиз. Уч-тўрт сархумдан сўнг чалакайф бўлиб кўчага чиқдик. Йўлак бўйлаб судралишиб қадам ташлаймиз.

– Ўроз, шеър айтиш қиламиз.
– Қайси шоирдан?

– Кеча айтувдингку, ҳалиги…
–Ҳа, Хуршид Давроннинг “Раъножоним”иними?

Иккаламиз шеърхонликни авжига олаяпмиз. Гоҳида тутилиб қолсак, бир-биримизни койишга тушамиз.

–Сен номарднинг дастидан пиво ичиб…

–Ўзинг айтувдингку, шоирлар ичиб ёзади деб. Жўра, айнияпсан-а?

–Ўзинг айтиб, менга тўнкаяпсана, аблаҳ!

Бизлар тенгқур эдик. Бир-биримизга қаттиқ ҳазил қилардик. У овозини бироз баландлаган эдики, ёнимиздан ўтаётган одамлар бизга бироз ажабсиниб қараб ўтарди. Парво қилмай шеър ўқиймиз:

Оқар дарё…

–Бу ер Кўктошни дала-дашти эмас, шаҳар, биродар. Овозингга зўр берма.

–Айтгандай Баҳодирни сенга таништириб қўяй.
–Қайси Баҳодир?

–Курсдошим. Мунаққид ва шоир.
– Бир марта сенгаям эс битибди.
– Ўргилдим сендан.

“Аспирантлар уйи”га етиб келгунимизча кайфимиз анча тарқаган, бироз ҳушёр тортдик. Уйнинг чап ёнида туриб рўпарадаги деразага қараб Берди Раҳмат қичқиришга уриниб:
– Баҳодир, ҳо, Баҳодир, – дея овоз берди.

Дераза шарақлаб очилди. Баҳодир бош чиқариб салом берди.

– Мановини сизга таништиришмоқчи эдим.

– Ҳов, Ўроз деб айт, нодон. Мановингга бало борми? – танбеҳ бердим унга.

– Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”ини ўқиётувдим, ҳозир тушаман.

У ўзини тарозига солмади. Ҳамроҳим билан иккимиз шолча ўрнича ўтлоқ устига ёнбошладик. Баҳодир хиёл вақтдан сўнг қаршимизда пайдо бўлди. Иккимиз ўрнимиздан қўзғалиб унга пешвоз чиқдик ва яшил “шолча”га ўтиришга уннадик. Мен пиво ичганимиздан хижолат чекардим.

– Бу – Ўроз Ҳайдар. Тенгқурмиз. Назар Шукурнинг укаси. Географияда ўқийди. Аммо шеърлар машқ қилади. – Берди Раҳмат таништира туриб менга юзланди. – Баҳодир Содиқов. Шоир ва мунаққид. Хоразмдан.

Танишув қисқа кечди. Нимадан гап очишни билмай Берди Раҳматга қарадим. У шуни кутиб тургандай замоновий адабиёт ҳақида гап бошлади. Баҳодир илк китобиданоқ шеърият мухлислари эътиборига тушган Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон каби ёш шоирлар ижоди ҳақида сўзлаб, мендан қандай асарларни ўқиётганимни сўради.

– Белинскийнинг “Танланган асарлар”ини ўқияпман. Букинист дўконидан сотиб олдим. Лермонтовнинг 1955 йилда нашр этилган икки жилдлигиям бор экан. Пулим етди. Зўр бўлди.

– Яхши-ку, – ялт этиб қаради у. – Умуман ХIХ аср рус адабиёти теранликка қурилган. Журфакда ўқийсизми?

– Жўғрофиянинг қуруқлик гидрологияси бўлимида.

– Ҳа, шундай денг. Чингиз Айтматов зооветеринар бўлган.

– Ўлжас Сулаймонов – гидрогеолог.

Баҳодир чеҳраси ёришиб жилмайди. Ўзимни саводхондек тутганимдан қизариндим. У “Уруш ва  тинчлик” романи ҳақида гапираркан, Толстойнинг романда 500 дан ортиқ персонажга тўлиқ характер бераолганлигини завқ билан шарҳлади. Ичимда романни у қадар синчлик билан ўқимаганлигимни тан олдим. Воқеалар жинниси бўлганимдан ўкиндим. Ботиний қараш инсон тафаккури, ақл-заковатининг қайроқтоши эканлигини тушунган сайин, музтар тортардим.

Бизлар кун ботиш олдидан хайрлашдек. Уфқ шафақнинг совуқ қўридан чўғдек яллиғланарди. Вужудимда кечган қувноқликдан қўлимни кўкка ўқталиб сакраб қўйдим. Яхши ижодкорларга ёндашишни хуш кўрардим. Улардан ўрганиш кераклигини англардим.

Иккинчи галдаги суҳбатимиз Бобораҳим Машраб ҳақида кечди. Мен туйқусдан “қаландар” радифли ғазалини ёдаки айтдим. Баҳодир ярим жилмайди-да:

Бу тақводин кечай десанг, хонақоҳдин қочай десанг,
Ҳақиқатни очай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,

байтини секин шивирлаб такрорлади. Қаландар сўзини оддий дарвеш маъносида қабул қилиб юргандим.

– Қаландар тасаввуфда Ҳақ ошиғи истилосида қўлланилади. Ўзлигини топган кишигина қалб уйини Ҳақ нури билан мунаввар этади, – шарҳлашга тушди Баҳодир. – “Қуръони карим” сура-ю оятларини уқмаган шоир ботин кўзгусида жилваланаётган фикрлар тажассумини кўра билмайди.

– Машраб пантест шоирмасми?

Ўз саволимдан ўзим уялиб, терчилладим. Ҳозир Баҳодир устимдан роса кулса керак деган ўйда ожиз тўлғандим. У янада ҳалимланди:

–Сизни тушунаман, дарсликлардан келиб чиқиб фикр айтаяпсиз? Бунда сизнинг айбингиз йўқ. Ўзга факультетда ўқиганингиз янаям яхши. Бир қолипдаги шеърият гирдобига тушиб қолармидингиз. Халқ достонлари, эртаклар тимсоллар, муболаға-ю истиора ва бошқа санъат турлари билан “қурол”ланган. Шеъриятимиз бир хиллик қаловидан қутулаётганлиги рост бўлсин. Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва кейинги авлод вакиллари ижоди ранг-баранглиги қувончли ҳол.

Шу орада у жим қолди. Шунда энам айтган термалардан бирини секин ёд айтдим.

Тепдим сандиқ очилди,
Тўрга бодом сочилди.

Бодомларни тергунча,
Қанотларим қайрилди.

Қанот беринг учайлик,
Оқсаройга тушайлик.

Оқсарой оқ тоқ тоши,
Янгамнинг қалам қоши.

Янгамсан-о, янгамсан,
Кўйлак бичиш билмайсан.

Қирқ игнани синдириб,
Ҳалиям хотин билмайсан.

Баҳодир яйраб кулди. “Саводсиз”лигимни шу тариқа “оқлаган” бўлдим. Учинчи бор учрашганимда у Навоийдан сабоқ ўқиди. “Сода шайх” ғазалини тасаввуф истилолари билан шундай шарҳладики, мен ўзимни толиб деб ҳис этдим. Ўша давр “Ватан адабиёти” дарслигини тузган адабиётшунослардан нафратланганимни ҳам яширмайман. Минг таассуфки, давр шабкўрлиги қалбимиз ойнасиниям хиралаштиришга хизмат қилганини кейинчалик ҳис этдим. Биламан, бу дарсликка қарши чиқиб бўлмасди. Қарши чиққанлар ватан душмани саналарди. Эзгулик, адаолат ҳамиша шундай топталиб келинган.

Бу Баҳодир билан  сўнгги учрашувимиз эди. Унинг сабоқлари ҳозирга қадар ёдим меҳварининг туғи бўлиб ёниб туради. Кейинчалик адабиётдаги маддоҳлардан доимо нафратланиб келдим. Баҳодирнинг тили билан айтганда чин адабиёт девор ортидан ўқитилишини англагандим.

Мустақиллик туфайли давр адабиёти ўзгарди. Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон адабиётимизнинг кўзгуси бўлиб бугунги авлодга юзланди. Баҳодирнинг шивирлаб айтганлари бугун баланд овозда янграмоқда. Афсуски, дўстимнинг биздан узилиб, йигит ёшида орамиздан кетганлиги чуқур армонга айланди. У ҳаёт бўлганида адабиётдаги бўшлиқларни ўз ижоди билан тўлдириши мумкин эди. Айниқса, адабий- танқидчилик соҳасида мен севган мунаққид В. Белинскийнинг “қўл”ини олган ва ўз овози, ўз сози билан янги яратиқлар яратган бўларди.

Эслашларим сўнгида Дўстимнинг хотирасига бағишлаган шеъримни сизга ҳавола этдим, юртдошларим.

Нурни узиб бўлмаган каби,0_1638df_bc6cf902_orig.jpg
Узиш қийин соғинч риштасин.
Чироқ ёқиб турса тушингда,
Ухламасдан тун фариштаси.

Бу чироқнинг нуридан, қара,
Соянгни ҳам қўйгунг йўқотиб.
Юлдузларнинг асаби таранг,
Ғудранади тинмай ўқ отиб.

Хотиротнинг аччиқ зардоби,
Тўлдирганда сабр косангни.
Чўғланади кўзинг селоби,
Ва учирар қўлдан асонгни.

Қаноатнинг ёрғучоғида
Эзилмаган дондайин ҳурсан.
Тушларимга соя солмаган,
Тутиб бўлмас самовий нурсан!

2017, ноябр

Баҳодир Содиқов
ҲАЙРАТНИНГ ИККИНЧИ УМРИ*
001

Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилояти, Шовот туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган. 1980 йилда фожиали ҳалок бўлди.
Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.

009

Mubarak-YUldashev.-Kunya-Urgench-Pravaya-storona-Buhary.-1994a.jpg…Кўҳна Урганчда бир дарвоза бор:  ёши мингдан ошган. У ўзбекнинг энг қадимги дарвозасидир. Мен унинг сақланиб қолганлигини назарда тутаяпман. Ярим белидан кўмилиб, қўлларидан-деворларидан нишон ҳам қолмаган елкаларини маҳзун қисганича манлайини қумларга тираб тушлар кўради.Тушларига карвонлар армонлар бўлиб киради.Юраги саккиз аср бурун отилиб кетганича ярим чақирим орқада “Қирқ мулла” зиёратгоҳи бўлиб ётибди. Юрагини зиёрат қилишади, юрагига сиғинишади, унинг билан эса ҳеч ким қизиқмайди.

У бутун-бутун туриши билан ер юзидаги барча дарвозаларга, барча шаҳарларга қарши тушларида яшаб келаётган энг ҳазин пародиядир ( масхарадир).У дунёдаги барча дарвозали ва дарвозасиз шаҳарларга қарши яшаётган шаҳарсиз дарвозадир.Дарвоза ичкарига ( ичкари уйдир, қаъладир, шаҳардир) кириш учун қурилади.Бу шўрлик дарвозанинг ичкариси йўқ.Бор бўлганида ҳам фақат-фақат шу дарвозадан бошқа ҳамма-ҳамма жойларидан кирилади.Фақат шу дарвозадан киришмайди.У ҳар лаҳзада кирувчининг устига қулаши мумкин.Гўё тарих дарвозани синаш учун шаҳарсиз қолдирган.Бу дарвозани гоҳ қутлуғ ўт билан, гоҳ “бисмилло” билан, гоҳ қилич билан, гоҳ сўз билан очдилар.Ана шулар билан ташлаб ҳам кетдилар.

Бу дарвозани қурганларнинг авлоди учун-биз учун бутун дунёга: барча шаҳарлар, халқлар, мамлакатлар, қитъаларга шу дарвозадан кириш ярашади.Бу дарвозадан ўтмиш ва келажакка ҳам кирилади, чиқилади.Лекин у бизнинг бўй-бастимизни сиғдираолармикан, ёки ўтаётиб унинг ҳайбатидан қўрқиб кетмаймизми…

…Ана шу дарвозани Сўз билан очиб, ёки ўзларининг ана шундай дарвозаларини очиб шоирлар ҳам ўтадилар, қайтадилар.Ҳазрати Навоий Лайлию Ширин, Фарҳоду Мажнунни етаклаб ўтган бу дарвозадан; девонаи ҳақ-Машраб оҳу фарёдини байроқ қилиб ўтган бу дарвозадан ёш шоирларимиз қандай кечаяптилар.Дарвозани йиққудек ҳайбатлари биланми, қўрқувга тушадиган нозик, қўғирчоқдек баданчалари биланми…

Мен ёш шоирларимиз ўзбек ва жаҳон Шеъри ютуқларини қай даражада ўзлаштираётганликлари, шу руҳий ўлкага қаердан ва қандай кириб келаётганликларини гапираяпман.

Улар 70-йилларда дадиллик билан газета-журналлар, тўпламлар ва биринчи, иккинчи китобларига имзо чека бошлашди. Танқидчи  улар  Муҳаммад Раҳмон, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мақсуда Эгамбердиева, Шукур Қурбон, Азим Суюн, Садриддин Салим ва бошқа рўйхати узун номлар эканлигини мароқ билан санаб ўтди.Мунаққид ном санаш роҳатидан аввалроқ уларнинг шеърларидан лаззатланган эди.Барча шеърхонлар ҳам лаззат топган эдилар.

Лаззатланганлардан баъзилари лабларини ялаб қўйишди, бировлари ҳайратга тушди, яна бир тоифаси “мен ҳақиқатда ҳам роҳатландими ё шундай туюлаяптими” қабилида ўйлай ва “ уюштириб” азоблана бошлади.Жинсидан тикилган паранжи жинси ҳам, паранжи ҳам эмас, деб; Ўзбекистонда яшаётган оқ айиқларни,Европада ўтлаб юрган Бухоро буғуларини ҳаммасини хунаса деб айтиш учун озмунча қайсарлик керакми.

Шеър эса, доимо ҳар қандай қайсарликдан устун келаверади.Юқорида номлари хушнудлик билан саналган шоирларимизга ҳам баъзан ана шу ҳақиқатни ўз истеъдодлари билан тасдиқлаб туришларига тўғри келади.

Улар шеъримиз қандайдир ҳайқириқлар ва “яшасин”лардан чарчаган ва бунга ўзи ажабланаётган,ТИЛи ўз-ўзидан бошқачароқ руҳига ва ўйларига айнан ўхшаб кетадиган Сўзларни кашф этаётган айёмда ижодларини бошлашди.Уларнинг шеър “мен”и янада мукаммалроқ, ички ва ташқи, муҳаббат ва матбуот “мен”ларига бўлинмаган, бутунроқ, дилдаги “мен”идан кам фарқланиши билан эътиборли.Улар истеъдод билан ҳақиқатни никоҳга киритдилар, камроқ “қойил қолиб” кўпроқ ҳайратлана бошладилар ва ўқувчини ҳам “қойил қолдириш”дан кечиб, ҳайратлантира бошладилар.

Ахир,ҳайрат — Шеърнинг дарвозаси, табиат инсонга бахш этган энг ноёб туҳфа бўлмиш кўриш ва эшитиш қувончининг гўзал ва сокин исёни.Шеър ҳайрат билан очилади.Ҳайрат тили-Шеърнинг она тилидир! Шеър-ҳайратнинг иккинчи умри, мангу Ватани,Энди шоирлар-тирик ҳайратлар,десак нега янгилик бўлиб эшитилмайди…Шоирнинг иккинчи умри ҳам ўз шеърида-ку, ахир…

* Мақоладан парча

ye16a.jpg…Bahodirning shivirlab aytganlari bugun baland ovozda yangramoqda. Afsuski, do‘stimning bizdan uzilib, yigit yoshida oramizdan ketganligi chuqur armonga aylandi. U hayot bo‘lganida adabiyotdagi bo‘shliqlarni o‘z ijodi bilan to‘ldirishi mumkin edi…

O‘roz HAYDAR
TO‘LQINLARGA TO‘Sh URGAN DO‘STIM
001

Yoshing ulg‘aygan sari yo‘qotishlar qurboniga aylanib boraverarkansan. Otam, enam, akam, qizimning o‘limi yuragimni tutday to‘kdi. Otam 80, enam 70 yosh umr ko‘rdi. Bunga chidasa bo‘ladi. Akam rahmatli Nazar Shukur 31, qizim Baxtigul 28 yoshda hayotni tark etdi. Qizimning hayoti uchun boshimni ne-ne devorlarga urmadim. Toshkentdagi 16-sonli kasalxona yo‘laklarida aylanaverib tovonim asfaltga botdi. Albuminning bir donasi 800 ming so‘m. Do‘xtirlarga yalinaman: “akalar, qizimni asrab qoling. Qanday dori aytsangiz yetkazaman”. Nolalarim havoda qoldi. Allohdan hayot so‘rab tanglayim qotdi, lablarim qovjiradi, ko‘zlarim xiralashdi. Odamni odam yeydi degani shu ekan.

Akam avtohalokatga uchraganda o‘zimni jarlik labida ko‘rdim. Chor tarafimni jarlik qurshab olganday edi. O‘limi oldi xayrlashishga unamadim. Xotiramda u tirik siymo bo‘lib gavdalanaversin deb o‘yladim. Nazdimda hamon u tirik. 25 ta xatjildga she’riy qo‘lyozmalarini jamladim. Ukam qog‘ozlarni titib o‘tirganim ustidan chiqib: “Aka, o‘qiganingizga bordingiz. Menga qolsa, egasiga buyurmagan deya o‘choqqa tutandiriq qilib yoqib yuboraydim.”, – deb yengil uh tortdi. Keyinchalik kompyuterda terib chiqib, jamladim. Vafotidan so‘ng “Meni kechir, muhabbat”, “Vido” to‘plamlari, “Sen qaytmasang” nomda Saylanmasini pul o‘tkazish yo‘li bilan chop ettirdim. Bu yoqda o‘zimning qo‘lyozmalarimga tartib berilmagan.

2016 yili Nazar Shukurning yangi Saylanmasi – “Osmon tashbehlari”ni “O‘zbekiston” nashriyotida 2000 nusxada nashr etildi. Biroz yengil tin oldim. Kitobning chop etilishida Ashurali Jo‘rayev, Bahrom Akbarovlarning xizmati beqiyos bo‘ldi.

Bir kuni akamning Saylanmasini o‘qib turib, miyamda yalt etgan chaqin vujudimga o‘t tutdi. Bahodir!!!

Ha, Sodiqov edi familyasi. Shu o‘ylar quyunida xayollarim to‘zib ketdi…

1980 yili uch oylik harbiy xizmatdan qaytib, Toshkentga keldim. Sentyabr oyining oxirlari edi. Turkmanistonning Qoraqum sahrosida o‘tkazilgan harbiy mashqlardan bir siqim bo‘lib qolgandik, g‘ozimiz yengil. Toshkentni sog‘inibman…

Berdi Rahmat universitetdan izlab topdim. Meni ko‘rdi-yu, quvonish o‘rniga mahzun tortdi va ko‘zida yosh qalqib: “O‘roz, jo‘ra, Bahodirdan ajralib qoldik” deya ingrab yubordi. Manglayimga musht tushgandek ko‘zim oldi qorong‘ulashdi. Ancha fursat serrayib qotib qolgan bo‘lsam kerak, Berdi Rahmat yelkamga bosh qo‘ygandan so‘ng hushyor tortdim.

– Nima bo‘ldi? – ovozim bo‘g‘ilib savol berdim.

– Shovot kanaliga cho‘kib…
– U suzag‘on edi-ku?

– Bir bolani qutqazaman deb, tomirlari tortishib cho‘kib ketibdi.

– Obbo, chatoq bo‘libdi. Shu ko‘rgilik bormidi endi.

– Bordingmi?
– Kursdoshlar bilan bordik.

– Yaxshi qilibsanlar.
– Ota-onasi qovrilib qolgan.

04Boyagina qushdek uchib yurgandim, darrov tosh bog‘lab qo‘yilgandek og‘irlashdim. Havodan nafas olayotganimniyam unutdim. Ikkalamiz yonma-yon sudralishib ko‘chaga chiqdik. Churq etmaymiz. Sog‘inchlarim tuproqqa qorilgandi. Ko‘z o‘ngimda pishqirib oqayotgan daryo gavdalanar, Bahodir bolani yelkasiga olib suv ostida pitirlardi. Chuqur xo‘rsindim…

Berdi Rahmatning ijara uyiga yetib kelguncha yo‘lda do‘konga kirib yegulik oldik. Cho‘ntakka qo‘l tiqsang kuydirardi. Pul o‘ziga yarasha. Adoqsiz o‘ylardim. Jiqqa terga botgandim. Berdi Rahmat qozonga unnab, yegulik pishirdi.

Men vannada cho‘milib biroz yengil tortdim. Ikkimiz xontaxta yoniga cho‘kkalab tamaddi qila boshladik. Xayolim uchib, uyga uncha razm solmabman. Uy burchagidagi stol ustida Bahodirning suratiga ko‘zim tushib, gunglandim. Qora sochu qora qosh, qop-qora soqoli ham o‘ziga yarashib turibdi. Ancha payt termilib qoldim, shekilli, Berdi Rahmat jimlikni buzdi:

–Keyingi kunlarda Bahodirni eslayverib esim og‘di, O‘roz…

Ko‘zimdan oqqan issiq yosh yonoqlarimni kuydirib yubordi. U meni chalg‘itishga urinib: – Bu ollohning ishi. Endi uning qo‘lyozmalarini jamlashimiz kerak, – deya ma’yus tortdi.

– Men Qashqadaryoga ketayapman, yo‘llanmam Tojikistonga yozilgan. Sen Toshkentda qolayapsan, ko‘magingni ayama.

– Esingdami, – dedi u biroz yumshab – tanishganimiz…

– Ha, – dedim bosh bilan tasdiqlab.

… Saksoninchi yilning erta bahori. Osmonda bulutlar ola-quroq. Berdi Rahmat ikkalamiz “G‘uncha” kinoteatri ro‘parasida – ko‘chaning kungay betidagi g‘aribgina pivoxonada pivoxo‘rlik qilayapmiz. Goho qurut chaynab bir-birimizga gap otamiz. Uch-to‘rt sarxumdan so‘ng chalakayf bo‘lib ko‘chaga chiqdik. Yo‘lak bo‘ylab sudralishib qadam tashlaymiz.

– O‘roz, she’r aytish qilamiz.
– Qaysi shoirdan?

– Kecha aytuvdingku, haligi…
–Ha, Xurshid Davronning “Ra’nojonim”inimi?

Ikkalamiz she’rxonlikni avjiga olayapmiz. Gohida tutilib qolsak, bir-birimizni koyishga tushamiz.

–Sen nomardning dastidan pivo ichib…

–O‘zing aytuvdingku, shoirlar ichib yozadi deb. Jo‘ra, ayniyapsan-a?

–O‘zing aytib, menga to‘nkayapsana, ablah!

Bizlar tengqur edik. Bir-birimizga qattiq hazil qilardik. U ovozini biroz balandlagan ediki, yonimizdan o‘tayotgan odamlar bizga biroz ajabsinib qarab o‘tardi. Parvo qilmay she’r o‘qiymiz:

Oqar daryo…

–Bu yer Ko‘ktoshni dala-dashti emas, shahar, birodar. Ovozingga zo‘r berma.

–Aytganday Bahodirni senga tanishtirib qo‘yay.
–Qaysi Bahodir?

–Kursdoshim. Munaqqid va shoir.
– Bir marta sengayam es bitibdi.
– O‘rgildim sendan.

“Aspirantlar uyi”ga yetib kelgunimizcha kayfimiz ancha tarqagan, biroz hushyor tortdik. Uyning chap yonida turib ro‘paradagi derazaga qarab Berdi Rahmat qichqirishga urinib:
– Bahodir, ho, Bahodir, – deya ovoz berdi.

Deraza sharaqlab ochildi. Bahodir bosh chiqarib salom berdi.

– Manovini sizga tanishtirishmoqchi edim.

– Hov, O‘roz deb ayt, nodon. Manovingga balo bormi? – tanbeh berdim unga.

– Tolstoyning “Urush va tinchlik”ini o‘qiyotuvdim, hozir tushaman.

U o‘zini taroziga solmadi. Hamrohim bilan ikkimiz sholcha o‘rnicha o‘tloq ustiga yonboshladik. Bahodir xiyol vaqtdan so‘ng qarshimizda paydo bo‘ldi. Ikkimiz o‘rnimizdan qo‘zg‘alib unga peshvoz chiqdik va yashil “sholcha”ga o‘tirishga unnadik. Men pivo ichganimizdan xijolat chekardim.

– Bu – O‘roz Haydar. Tengqurmiz. Nazar Shukurning ukasi. Geografiyada o‘qiydi. Ammo she’rlar mashq qiladi. – Berdi Rahmat tanishtira turib menga yuzlandi. – Bahodir Sodiqov. Shoir va munaqqid. Xorazmdan.

Tanishuv qisqa kechdi. Nimadan gap ochishni bilmay Berdi Rahmatga qaradim. U shuni kutib turganday zamonoviy adabiyot haqida gap boshladi. Bahodir ilk kitobidanoq she’riyat muxlislari e’tiboriga tushgan Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Muhammad Rahmon, Xurshid Davron kabi yosh shoirlar ijodi haqida so‘zlab, mendan qanday asarlarni o‘qiyotganimni so‘radi.

– Belinskiyning “Tanlangan asarlar”ini o‘qiyapman. Bukinist do‘konidan sotib oldim. Lermontovning 1955 yilda nashr etilgan ikki jildligiyam bor ekan. Pulim yetdi. Zo‘r bo‘ldi.

– Yaxshi-ku, – yalt etib qaradi u. – Umuman XIX asr rus adabiyoti teranlikka qurilgan. Jurfakda o‘qiysizmi?

– Jo‘g‘rofiyaning quruqlik gidrologiyasi bo‘limida.

– Ha, shunday deng. Chingiz Aytmatov zooveterinar bo‘lgan.

– O‘ljas Sulaymonov – gidrogeolog.

Bahodir chehrasi yorishib jilmaydi. O‘zimni savodxondek tutganimdan qizarindim. U “Urush va tinchlik” romani haqida gapirarkan, Tolstoyning romanda 500 dan ortiq personajga to‘liq xarakter beraolganligini zavq bilan sharhladi. Ichimda romanni u qadar sinchlik bilan o‘qimaganligimni tan oldim. Voqealar jinnisi bo‘lganimdan o‘kindim. Botiniy qarash inson tafakkuri, aql-zakovatining qayroqtoshi ekanligini tushungan sayin, muztar tortardim.

Bizlar kun botish oldidan xayrlashdek. Ufq shafaqning sovuq qo‘ridan cho‘g‘dek yallig‘lanardi. Vujudimda kechgan quvnoqlikdan qo‘limni ko‘kka o‘qtalib sakrab qo‘ydim. Yaxshi ijodkorlarga yondashishni xush ko‘rardim. Ulardan o‘rganish kerakligini anglardim.

Ikkinchi galdagi suhbatimiz Boborahim Mashrab haqida kechdi. Men tuyqusdan “qalandar” radifli g‘azalini yodaki aytdim. Bahodir yarim jilmaydi-da:

Bu taqvodin kechay desang, xonaqohdin qochay desang,
Haqiqatni ochay desang, qalandar bo‘l, qalandar bo‘l,

baytini sekin shivirlab takrorladi. Qalandar so‘zini oddiy darvesh ma’nosida qabul qilib yurgandim.

– Qalandar tasavvufda Haq oshig‘i istilosida qo‘llaniladi. O‘zligini topgan kishigina qalb uyini Haq nuri bilan munavvar etadi, – sharhlashga tushdi Bahodir. – “Qur’oni karim” sura-yu oyatlarini uqmagan shoir botin ko‘zgusida jilvalanayotgan fikrlar tajassumini ko‘ra bilmaydi.

– Mashrab pantest shoirmasmi?

O‘z savolimdan o‘zim uyalib, terchilladim. Hozir Bahodir ustimdan rosa kulsa kerak degan o‘yda ojiz to‘lg‘andim. U yanada halimlandi:

–Sizni tushunaman, darsliklardan kelib chiqib fikr aytayapsiz? Bunda sizning aybingiz yo‘q. O‘zga fakultetda o‘qiganingiz yanayam yaxshi. Bir qolipdagi she’riyat girdobiga tushib qolarmidingiz. Xalq dostonlari, ertaklar timsollar, mubolag‘a-yu istiora va boshqa san’at turlari bilan “qurol”langan. She’riyatimiz bir xillik qalovidan qutulayotganligi rost bo‘lsin. Abdulla Oripov, Rauf Parfi va keyingi avlod vakillari ijodi rang-barangligi quvonchli hol.

Shu orada u jim qoldi. Shunda enam aytgan termalardan birini sekin yod aytdim.

Tepdim sandiq ochildi,
To‘rga bodom sochildi.

Bodomlarni terguncha,
Qanotlarim qayrildi.

Qanot bering uchaylik,
Oqsaroyga tushaylik.

Oqsaroy oq toq toshi,
Yangamning qalam qoshi.

Yangamsan-o, yangamsan,
Ko‘ylak bichish bilmaysan.

Qirq ignani sindirib,
Haliyam xotin bilmaysan.

Bahodir yayrab kuldi. “Savodsiz”ligimni shu tariqa “oqlagan” bo‘ldim. Uchinchi bor uchrashganimda u Navoiydan saboq o‘qidi. “Soda shayx” g‘azalini tasavvuf istilolari bilan shunday sharhladiki, men o‘zimni tolib deb his etdim. O‘sha davr “Vatan adabiyoti” darsligini tuzgan adabiyotshunoslardan nafratlanganimni ham yashirmayman. Ming taassufki, davr shabko‘rligi qalbimiz oynasiniyam xiralashtirishga xizmat qilganini keyinchalik his etdim. Bilaman, bu darslikka qarshi chiqib bo‘lmasdi. Qarshi chiqqanlar vatan dushmani sanalardi. Ezgulik, adaolat hamisha shunday toptalib kelingan.

Bu Bahodir bilan so‘nggi uchrashuvimiz edi. Uning saboqlari hozirga qadar yodim mehvarining tug‘i bo‘lib yonib turadi. Keyinchalik adabiyotdagi maddohlardan doimo nafratlanib keldim. Bahodirning tili bilan aytganda chin adabiyot devor ortidan o‘qitilishini anglagandim.

Mustaqillik tufayli davr adabiyoti o‘zgardi. Navoiy, Bobur, Mashrab, Ogahiy, Abdulla Qodiriy, Cho‘lpon adabiyotimizning ko‘zgusi bo‘lib bugungi avlodga yuzlandi. Bahodirning shivirlab aytganlari bugun baland ovozda yangramoqda. Afsuski, do‘stimning bizdan uzilib, yigit yoshida oramizdan ketganligi chuqur armonga aylandi. U hayot bo‘lganida adabiyotdagi bo‘shliqlarni o‘z ijodi bilan to‘ldirishi mumkin edi. Ayniqsa, adabiy- tanqidchilik sohasida men sevgan munaqqid V. Belinskiyning “qo‘l”ini olgan va o‘z ovozi, o‘z sozi bilan yangi yaratiqlar yaratgan bo‘lardi.

Eslashlarim so‘ngida Do‘stimning xotirasiga bag‘ishlagan she’rimni sizga havola etdim, yurtdoshlarim.

Nurni uzib bo‘lmagan kabi,220px-Khiva_Itchan_Kala_Islam_Khodja_minaret.JPG
Uzish qiyin sog‘inch rishtasin.
Chiroq yoqib tursa tushingda,
Uxlamasdan tun farishtasi.

Bu chiroqning nuridan, qara,
Soyangni ham qo‘ygung yo‘qotib.
Yulduzlarning asabi tarang,
G‘udranadi tinmay o‘q otib.

Xotirotning achchiq zardobi,
To‘ldirganda sabr kosangni.
Cho‘g‘lanadi ko‘zing selobi,
Va uchirar qo‘ldan asongni.

Qanoatning yorg‘uchog‘ida
Ezilmagan dondayin hursan.
Tushlarimga soya solmagan,
Tutib bo‘lmas samoviy nursan!

2017, noyabr

Bahodir Sodiqov
HAYRATNING IKKINCHI UMRI*
009

Bahodir Sodiqov 1959 yilning 19 aprelida Xorazm viloyati, Shovot tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakultetida o’qib yurgan kezlaridayoq o’zbek zamonaviy she’riyati xususidagi adabiy — tanqidiy maqolalari matbuotda e’lon qilingan. 1980 yilda fojiali halok bo’ldi.
Hayotlik chog’larida so’fiy shoirlar ijodiga doir tadqiqotlarining matbuotda yoritilishiga hukmron mafkura monelik qildi. Vafotida so’ng «Insonni sevmoq kerak» kitobi yorug’lik yuzini ko’rdi. Tadqiqotlari «Sharq yulduzi». «Yoshlik» jurnallarida, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligida, «Kamalak», «Shovot mavjlari» almanaxlarida bosildi. Shuningdek, she’rlari ham bayozda yoritilgan.

009

Mubarak-YUldashev.-Kunya-Urgench-Pravaya-storona-Buhary.-1994.jpg…Ko’hna Urganchda bir darvoza bor: yoshi mingdan oshgan.U o’zbekning eng qadimgi darvozasidir.Men uning saqlanib qolganligini nazarda tutayapman.Yarim belidan
ko’milib, qo’llaridan-devorlaridan nishon ham qolmagan yelkalarini mahzun qisganicha manlayini qumlarga tirab tushlar ko’radi.Tushlariga karvonlar armonlar bo’lib kiradi.Yuragi sakkiz asr burun otilib ketganicha yarim chaqirim orqada “Qirq mulla” ziyoratgohi bo’lib yotibdi. Yuragini ziyorat qilishadi, yuragiga sig’inishadi, uning bilan esa hech kim qiziqmaydi.

U butun-butun turishi bilan yer yuzidagi barcha darvozalarga, barcha shaharlarga qarshi tushlarida yashab kelayotgan eng hazin parodiyadir ( masxaradir).U dunyodagi
barcha darvozali va darvozasiz shaharlarga qarshi yashayotgan shaharsiz darvozadir.Darvoza ichkariga ( ichkari uydir, qa’ladir, shahardir) kirish uchun quriladi.Bu sho’rlik darvozaning ichkarisi yo’q.Bor bo’lganida ham faqat-faqat shu darvozadan boshqa hamma-hamma joylaridan kiriladi.Faqat shu darvozadan kirishmaydi.U har lahzada kiruvchining ustiga qulashi mumkin.Go’yo tarix darvozani sinash uchun shaharsiz qoldirgan.Bu darvozani goh qutlug’ o’t bilan, goh “bismillo” bilan, goh qilich bilan, goh so’z bilan ochdilar.Ana shular bilan tashlab ham ketdilar.

Bu darvozani qurganlarning avlodi uchun-biz uchun butun dunyoga: barcha shaharlar, xalqlar, mamlakatlar, qit’alarga shu darvozadan kirish yarashadi.Bu darvozadan o’tmish va kelajakka ham kiriladi, chiqiladi.Lekin u bizning bo’y-bastimizni sig’diraolarmikan, yoki o’tayotib uning haybatidan qo’rqib ketmaymizmi…

…Ana shu darvozani So’z bilan ochib, yoki o’zlarining ana shunday darvozalarini ochib shoirlar ham o’tadilar, qaytadilar.Hazrati Navoiy Layliyu Shirin, Farhodu Majnunni yetaklab o’tgan bu darvozadan; devonai haq-Mashrab ohu faryodini bayroq qilib o’tgan bu darvozadan yosh shoirlarimiz qanday kechayaptilar.Darvozani yiqqudek haybatlari bilanmi, qo’rquvga tushadigan nozik, qo’g’irchoqdek badanchalari bilanmi…

Men yosh shoirlarimiz o’zbek va jahon She’ri yutuqlarini qay darajada o’zlashtirayotganliklari, shu ruhiy o’lkaga qaerdan va qanday kirib kelayotganliklarini gapirayapman.

Ular 70-yillarda dadillik bilan gazeta-jurnallar, to’plamlar va birinchi, ikkinchi kitoblariga imzo cheka boshlashdi.Tanqidchi ular Muhammad Rahmon, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Maqsuda Egamberdieva, Shukur Qurbon, Azim Suyun, Sadriddin Salim va boshqa ro’yxati uzun nomlar ekanligini maroq bilan sanab o’tdi.Munaqqid nom sanash rohatidan avvalroq ularning she’rlaridan lazzatlangan edi.Barcha she’rxonlar ham lazzat topgan edilar.

Lazzatlanganlardan ba’zilari lablarini yalab qo’yishdi, birovlari hayratga tushdi, yana bir toifasi “men haqiqatda ham rohatlandimi yo shunday tuyulayaptimi” qabilida o’ylay va “ uyushtirib” azoblana boshladi.Jinsidan tikilgan paranji jinsi ham, paranji ham emas, deb; O’zbekistonda yashayotgan oq ayiqlarni,Yevropada o’tlab yurgan Buxoro bug’ularini hammasini xunasa deb aytish uchun ozmuncha qaysarlik kerakmi.

She’r esa, doimo har qanday qaysarlikdan ustun kelaveradi.Yuqorida nomlari xushnudlik bilan sanalgan shoirlarimizga ham ba’zan ana shu haqiqatni o’z iste’dodlari bilan tasdiqlab turishlariga to’g’ri keladi.

Ular she’rimiz qandaydir hayqiriqlar va “yashasin”lardan charchagan va bunga o’zi ajablanayotgan,TILi o’z-o’zidan boshqacharoq ruhiga va o’ylariga aynan o’xshab ketadigan So’zlarni kashf etayotgan ayyomda ijodlarini boshlashdi.Ularning she’r “men”i yanada mukammalroq, ichki va tashqi, muhabbat va matbuot “men”lariga bo’linmagan, butunroq, dildagi “men”idan kam farqlanishi bilan e’tiborli.Ular iste’dod bilan haqiqatni nikohga kiritdilar, kamroq “qoyil qolib” ko’proq hayratlana boshladilar va o’quvchini ham “qoyil qoldirish”dan kechib, hayratlantira boshladilar.

Axir,hayrat-She’rning darvozasi, tabiat insonga baxsh etgan eng noyob tuhfa bo’lmish ko’rish va eshitish quvonchining go’zal va sokin isyoni.She’r hayrat bilan ochiladi.Hayrat tili-She’rning ona tilidir! She’r-hayratning ikkinchi umri, mangu Vatani,Endi shoirlar-tirik hayratlar,desak nega yangilik bo’lib eshitilmaydi…Shoirning ikkinchi umri ham o’z she’rida-ku, axir…

* Maqoladan parcha

031

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

1 izoh

  1. Pingback: Umida

Izoh qoldiring