Muhiddin Rahim. Osmonlar aylanib, armon bo’ldilar

06519 апрел — адабиётшунос ва шоир Баҳодир Содиқов таваллуд топган кун

Баҳодирда ўзига мустаҳкам бир ишонч бор эдики, бу унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида яққол кўзга ташланиб турарди. Мен эса ўз имкониятларимга шубҳа билан қарардим ва шу жиҳатдан Баҳодирнинг тамом акси эдим. Ҳозир ҳам 17-18 яшар бир йигит бундай мустаҳ-кам ишончни қаердан олган эди экан-а, деб ҳайрон бўлиб юраман.

Муҳиддин РАҲИМ
ОСМОНЛАР АЙЛАНИБ, АРМОН БЎЛДИЛАР…
055

Австриялик машҳур шоир Райнер Мария Рильке файласуфона тарзда Гулчи ва Тақдирни ўзаро муқояса этиб, гўзал ташбеҳ яратган эди. Бири турфа гулларни ёнма-ён қўйиб, ажойиб гулдаста ясаса, – дейди шоир, – бошқаси турфа инсонларни тўқнаштириб, ҳаётни ўзанга солади. Тақдир 1976 йили биз – нафақат ўзбекистонлик, балки қирғизистонлигу тожикистонлик ҳам бўлган 26 нафар йигит-қизни ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУнинг) мўъжаз аудиториясига жамлади. Биз кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, журналистика факультети 1-курс талабаси бўлган эдик. 26 нафар бу йигит-қизни, бешак, гулдастага қиёслаш мумкин эди. Чунки биз ёш эдик, соф ва пок эдик…

Биз бугун бу дунёда инсондек яшаб ўтишнинг ўзи катта жасорат эканини теран англаймиз. Бироқ ўша вақтда – 17-18 яшар пайтимизда фақат буюк ишлар ҳақида орзу қилардик. Чунончи, ўзим илк машғулотларданоқ, қани кимнинг чоғи нимага етаркан, деб ҳамкурсларимга тафтиш назари билан боққанимни тан оламан.

Ҳали 1-курс тугар-тугамас икки талаба фавқулодда истеъдоди билан бошқалардан ажралиб қолди. Улардан дастлабкиси Фароғат Камол эди. У шоира сифатида жуда тез машҳур бўлиб кетди.Фароғатнинг шеърий туркумлари Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган “Гулистон”дек “таъби нозик” журналда ҳам чоп этиларди. У ҳатто СССР пойтахти – Москвадаги бир адабий машваратга юртимизнинг энг сара ёш шоир, носир ва мунаққидлари сафида ҳам бориб келди. Ваҳоланки, 70-йиллар ўрталарида миллий адабиётимизга кириб келган бир-биридан истеъдодли ёш қаламкашлар орасидан ўз ўрнини топиш осон иш эмас эди. Фароғат биз билан бир аудиторияда таҳсил оларди-ю, аммо аслида ўзга оламларга мансубдек эди. Бу кайфият ҳатто домлаларга-да кўчган, улар ҳам Фароғатга ўзгача илтифот билан муносабатда бўларди.

Сўнгроқ англаб етдимки, шоирлик истеъдодининг эрта гуллаб-яшнаши одатий ҳол экан. ХIX аср машҳур француз шоири Артюр Рембонинг 15 ёшида ёзган шеърлари нақадар ҳайратланарли! Дарвоқе, у 19 ёшга киргунча барча ўлмас асарларини яратиб бўлган эди. Аммо олимлик истеъдоди эрта бўй кўрсатиши – онда-сонда учровчи ноёб ҳодиса. Чунки бирон бир фан соҳаси, дейлик, адабиётшуносликни эгаллашга 17-18 ёш камлик қилади. Ажабки, бошқа бир курсдошимиз – Баҳодир Содиқ барчамизни лол қолдирганча, ана шу соҳада жуда барвақт тилга тушиб кетди.

02Мен Баҳодирнинг истеъдодини, ҳали у билан яқиндан танишмай туриб, илк машғулотлардаёқ пайқаган эдим. Эсимда, устоз Мухтор Худойқулов “Журналистикага кириш” фанидан сабоқ берарди. Домла илк машғулотда бизга “Нега журналистлик касбини танладим?” деганга ўхшаш бир мавзуда иншо ёздирди. Кейинги машғулотда эса ана шу иншо якунларини эълон қилди. Ўшанда устоз энг яхши уч-тўрт иншо қатори Баҳодирнинг ёзма ишини ҳам тилга олган, ҳатто ундаги бир таъсирчан эпизодни ўқиб эшиттирган ҳам эди. Мазкур эпизодда курсдошимизнинг туман газетасида илк мақоласи чоп этилган пайтдаги ҳаяжонлиқалб кечинмалари ўз аксини топганди. Қўлида газетани азод кўтарганча, нафаси ичига тиқилиб, мақола қаҳрамони – кекса темирчи ҳузурига чопиб бораётган ёш мухбир теграсида ҳаво… ҳалқа ясайди. Менга айнан шу ҳалқа ясашш тафсили жуда ёқиб тушган, чунки кўз билан кўриб бўлмас жараён кўз билан кўриб бўлар жараёнга айланган эди-да! Мен санъаткор худди шундай нуқтадан бошланишини элас-элас ҳис қилиб турардим.

Баҳодирда ўзига мустаҳкам бир ишонч бор эдики, бу унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида яққол кўзга ташланиб турарди. Мен эса ўз имкониятларимга шубҳа билан қарардим ва шу жиҳатдан Баҳодирнинг тамом акси эдим. Ҳозир ҳам 17-18 яшар бир йигит бундай мустаҳ-кам ишончни қаердан олган эди экан-а, деб ҳайрон бўлиб юраман. Ўзига ишонган одамнинг эса қадами шаҳдам, сўзи кескир бўлади – Баҳодирда олимлик истеъдоди эрта бўй кўрсатганига ана шу омил сабабдек, назаримда.
Баҳодир ҳалитданоқ курашга чоғланарди-ю, аммо ҳали майдон ҳозирланмаган эди. У дастлаб сиёсий шарҳлар ёзиб, газетама-газета қатнаб юргани ёдимда. Қайси таҳририятга бормасин, барчасида шарҳлари маъқулланар, аммо… чоп этилмас эди. Нега бундай бўлганига ҳозир ақлим балодек етади. Ахир, сиёсат дегани нозик соҳа, демак, сиёсий шарҳ ёзишга ҳам барчага йўл очиқ эмас! Айниқса, 17-18 яшар ғўр бир талабага! Аммо Баҳодир шу соҳага ихтисослашганда ҳам, ундан, барибир, зўр сиёсий шарҳловчи чиқишига асло шубҳа қилмайман.

Шундан сўнг у адабий-танқидий мақолалар ёза бошлади. Назаримда, 70-йилларнинг иккинчи ярмида адабиётимизга кириб келган авлодни китобхон оммага англатишда Баҳодир ёзган тақризларнинг хизмати озмунча эмас. Ҳозир бундоқ эслаб боқсам, унинг тақризлари, асосан, шеърий тўпламларга бағишланган экан. Баҳодирнинг ўша мақолалари академик адабиётшунослик қолипларига кўпам мос тушавермасди. Ҳозир устоз Иброҳим Ғафуровдан, адабий танқидчилик эссе услубида бўлиши керак, деган фикрни кўп эшитиб юраман. Баҳодирнинг мақолалари, назаримда,худди шу услубда эди. У бирон бир шеърий мажмуа баҳона нафақат шоир қалбини англар, балки ўз кўнглини ҳам тўкиб соларди. Буни шоир ва танқидчининг қизғин суҳбати, гоҳо эса ҳатто жўшқин баҳси дейиш мумкин эди.

Баҳодирнинг таҳлилини ҳам соф ақлий таҳлил деб бўлмасди. Буни, назаримда, ҳиссий таҳлил дейилса, кўпроқ тўғри бўлади. У шеърга, асосан, қалби билан ёндашар ва бу аксар ўзини оқларди. Ахир, шеърнинг ўзи кўпинча қалб меваси-ку! Хуллас, Баҳодирнинг қаламини, одатда, қалб етаклар, ақл эса зарур ўринлардагина кўмакка келарди. Ушбу ҳолни, эҳтимол, ботиний сезим – “интуиция” атамаси аниқроқ ифолалаб берар. Чамаси, Баҳодир ақлдан кўра интуицияда кўпроқ куч-қувват яшириниб ётганини ғайришуурий тарзда фаҳмлаб етганди. Яна унинг тақризларида ҳар бир фикр афоризм – ҳикматга қараб интилаётгани ва бунда ҳеч қандай чираниш кўзга ташланмаётганидан лол қолардим. Бу фикрлар гўё унинг зеҳнида қўққис пайдо бўлган-у, бармоқлари эса атиги қоғозга битиб қўйган, холос.

Баҳодирнинг истеъдоди дастлаб 70-йилларнинг иккинчи ярми адабий авлоди эътирофига сазовор бўлди, сўнг эса каттароқ авлод вакиллари ҳам уни ўз ҳузурларига чорлай бошлади. Устоз адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов, машҳур шоир Омон Матжон ва бошқалар, шу йигит ҳақида эшитиб юраман, бирор кун вақт топиб, ёнимга келсин, дегани ҳақида ижобий маънодаги миш-мишлар оралаганди.

Одатда, одам қанча билимга эгалигини ўзи кўпам билавермайди. Буни у бошқа билимдон киши билан суҳбатлашибгина аниқлаши мумкин. Бир куни истеъдодли шоир Муҳамммад Раҳмон Баҳодир билан ҳамсуҳбат бўлиб қолибди. Иккиси ҳам бир-бирини тарк этгиси келмай, ярим кечагача суҳбатлашиб ўтирибди. Ўшанда Муҳаммад Раҳмон “Шунча нарса билишимдан ўзим бехабар эканман”, деган экан. Бу гапни у, менимча, ўзини мақташ учун эмас, Баҳодирни алқаш учун айтган. Ахир, “маъданни ер юзига олиб чиққан кончи” Баҳодир бўлган-да!

Менинг ҳам Баҳодир билан дўстлигим фикр дўстлиги эди. Биз гарчи бир аудиторияда ўқисак ҳам, ҳар куни суҳбат қуравермасдик. Ўн беш кундами-бир ойдами бир-биримизнинг гурунгимизни соғиниб қолардик. Ҳар куни 60-70 бетдан кам китоб ўқимаймиз, деб онт ичиб қўйгандик, чунки бусиз ақлий-ҳиссий ўсишимизни тасаввур этолмасдик. Хуллас, иккови-миз ҳам ўқиш ва фикрлаш асносидаобдон тўлгачгина бир-биримизга тўкилардик. Сўнгра шу кайфият яна қайтиб келмагунча, ўз-ўзимиз билан бўлиб юраверардик.

Баҳодирни мумтоз адабиёт ҳам ўзига жалб эта бошлади.У бир неча ой Машраб девонини қўлдан қўймай ўқиб юрди. Баҳодир Машрабнинг ўзини ҳам, сўзини ҳам Чақмоқ тимсоли орқали идрок этарди. “Чақмоқ” лафзини шу улуғ шоирга бағишланган мақоласи сарлавҳасига ҳам олиб чиққан эди. Баҳодирнинг Машрабга қизиқиши, аслида, тасаввуф адабиётига иштиёқининг дебочаси эди. Биз унинг устоз адабиётшунос Азиз Қаюмов ҳузурига бориб, менга Аҳмад Яссавийни мавзу қилиб боринг, деб мурожаат этганини эшитгандик. Сир эмас, Аҳмад Яссавий ижоди – туркий тасаввуф адабиёти сарчашмаси. Зотан, Баҳодир туркий тасаввуф адабиётини сарчашмасидан бошлаб ўрганишга бел боғлаган эди. Жамият эндигина 80-йилларга қадам қўяётган бир паллада Аҳмад Яссавий шеърияти тақиқ остида эди. Бу мавзуга қўл урган одамга бир зиён етади, деган ҳадик бор эди кўнгилларда. Жиллақурса, дасти дароз шўро мафкураси шундай ҳамлага шай турарди. Ким билади, балки Баҳодир бу мавзудан ҳам ҳали тақиқ олиб ташланишини олдиндан фаҳмлагандир. У ўзи туғилиб ўсган юрт – Хоразмни кезиб, одамлардан эски қўлёзмаларни тўплаб юргани ҳақида хабарлар келиб турарди. Тасаввуф адабиётига доир келгуси тадқиқотлари учун шу йўл билан манба тўплаганмикан ўшанда у?

Баҳодир, мен 25 ёшимда фан номзоди, 30 ёшимда фан доктори бўламан, дер эди. Бу гапни у иккита диссертацияни аллақачон ёзиб, ғаладонга қулфлаб қўйган одамдек бамайлихотир айтарди. Баҳодир бу гапни мақтанчоқлик қилиб айтмасди, чунки унинг юз ифодаси, сўз оҳангида кибрдан асар ҳам йўқ эди. Ушбу иддао замирида, боя ҳам тилга олганимиздек, ўзига бўлган мустаҳкам ишонч турарди. Мен, тўғриси, унинг айнан шу ёшларда бўлмаса ҳам, шу ёшлар атрофида фан номзодию фан доктори бўлишига шубҳа қилмасдим. Баҳодирдек сербарака инсонлар сиз атрофдан ўнта тош териб, бир ерга тўплагунча, шундай тошларданбутун бошли тепа ясаб улгуради.

Баҳодир бирдан соқол-мўйловқўйиб юборди. Талабалар учун бу фавқулодда ҳолат эди. Унинг соқол-мўйлов қўйиб юборишини ўзимча икки сабабга йўйдим. Биринчи – Ислом дини бағрида яралган тасаввуф таълимоти ва адабиётига муҳиблик бўлса, иккинчиси – у ўзини энди янада эркинроқ, озодроқ ҳис эта бошлаганди. Ахир, ботиндаги ўзгаришлар бир куни зоҳирга ҳам кўчиши аниқ-ку! Аммо Баҳодир менинг хотирамда негадир аввалги – соқол-муйловсиз қиёфасида муҳрланиб қолган, ўша сиймо менга азизроқ, қадрлироқ…

1980-81 ўқув йили бошланди. Биз энди 5-, битирувчи курс талабалари эдик. Бир-икки кун ўқидик ҳамки, Баҳодирдан дарак йўқ. Бир кун кечаси туш кўрибман-у, унга Баҳодир кирибди. Ҳойнаҳой, бугун дарсга келади, деган фикр ўтди хаёлимдан уйғонганимда. Лекин Баҳодирнинг ўзи келмади, у ҳақда хабар келди. Шум хабар, машъум хабар… Баҳодир Шовот каналига чўкиб, ҳалок бўлибди!

Бу хабарни эшитганда хаёлимга Сирдарё далаларида пахта териб юрган чоғларимиз келди. Бу ердаги канал кеч кузда саёзлашиб қолар, Баҳодир шимини тиззадан юқори шималаб олиб, сувни шалоплатиб югурганча, қўлда балиқ тутарди. Сув дегани муздек бўлар, биз каналга тушишга жазм этолмасдик. Унинг эса парвойи фалак, яна ҳаракатлари… шунақаям чаққон эдики!.. Таъзия билдиргани Хоразмга борганимизда, Шовот каналини ҳам кўриб қайтдик. Одамни ютиб юборадиган унақа катта канал эмас экан.Бироқ, афсуски, оёқ томири илкис тортишиб қолган…

Баҳодирнинг фожиасидан мусибат чеккан фақат курсдошларгина бўлмай, уни биздан-да азиз кўрган бошқа қалблар ҳам бор экан. Баҳодирнинг ўлимидан сўнг яна бир фожиа юз берди. Қуйи курсда ўқийдиган бир қиз ўз жонига қасд қилиб қўйди. Ўша фожиали муҳаббат ҳақида таниқли шоир Усмон Азим “Баҳодир ва Малика” деган шеър ёзди…

Шу дамгача мен, ўлим биздан жуда узоқда, ҳаргиз човут сололмайди, деб юрардим. Лекин икки ногаҳоний ўлим бу қаноатимни ер билан яксон қилди. Ўлим ҳар қачон шундоқ ёнимизда юрар ва ўзи хоҳлаган дамда кўксимизга чангал солар экан. Эй Роббим, шунчалар омонатми бу жон дегани?!

Баҳодир у дунё сафарига кетди, мен эса бу дунёда қолдим. Ҳаёт шундай қурилган эканки, сенга баъзан тириклардан кўра ўликлар кучлироқ таъсир кўрсатар экан. Мен ҳар гал Баҳодирни эслаганимда, бирдан кўксимда виждон тилга киради. У Баҳодир қиёфасига дўнади-да, “Менга насиб этмаган умр сизга насиб этди. Уни қандай яшаяпсиз ўзи, муносибми ёки номуносибми?” дея тергов қилишни бошлайди.

Сиз ҳақингизда бир кун албатта ёзаман, деб юрардим, Баҳодир! Лекин уни бир хонага биқиниб, ширин-аччиқ хотираларим билан ёлғиз қолиб, кўнглим тўлиб кетса, йиғлаб-йиғлаб ёзишни истагандим. Лекин бу сатрларни бутунлай ўзга шароитда, “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятининг кимлардир бетиним кириб-чиқиб турган, телефон ҳам бетўхтов жиринглаб ётган бир хонасида хаёлим минг бор бўлиниб ёздим. Бундоқ ўйлаб қарасам, бутун умрим ана шу тахлитда ўтибди: пароканда… пароканда! Лахтак-лахтак умр бор-у, яхлит, бутун умр йўқ!Ишонаман, сиз бундай яшамаган бўлардингиз, Баҳодир!

Университетни тамомлаганимиздан 30 йилдан зиёдроқ вақт ўтиб, Баҳодирнинг энг яқин дўсти Фарҳод Ибодуллаев яна курсдошларни бирлаштирди. Ҳар йили баҳор фаслида бирон бир курсдошимизникида дийдорлашадиган бўлдик. Бир гал Сурхондарёда, бир гал Қорақалпоғистонда, яна бир гал Фарғонада… Дийдорлашув мудом Баҳодирнинг руҳига Қуръон тиловат қилиш билан бошланади. Унинг ортидан бу дунёни тарк этган икки ҳамкурсимиз – Ботир Мадумаров, Мунаввара Мавлоновалар руҳига ҳам Оллоҳдан мағфират сўраб, юзимизга фотиҳа тортамиз. Олтмишни қоралаб бораётган курсдошларимга бирма-бир кўз ташлаб, уларнинг юзида яшаб ўтилган паст-баланд умрнинг чуқур изларини кўраман. Ҳаётининг гул йиллари бир тузум ҳаробалари устида бошқа бир тузумни қуриш даврига тўғри келган курсдошларимдан бирортасининг ҳам ҳаёти осон кечган эмас.

Дийдор онларида бир ўкинч қалбимни ғижимлайверади. Бизнинг умидларимиз Баҳодир ва Фароғат эди. Баҳодирни 21 ёшида ёвуз ажал орамиздан юлиб кетди. Унинг истеъдоди эндигина илк мевалар бера бошлаган эди. Фароғат эса оила ташвишию фарзандлар тарбияси билан андармон бўлиб қолди. У ҳам, афсуски, ўз истеъдодини тўлиқ юзага чиқаролмади. Ваҳоланки, биз Баҳодир ва Фароғат тимсолида осмонларни кўзлаган эдик. Нетонгки, “Осмонлар айланиб, армон бўлдилар” (Баҳодир Содиқ сатри).

Тақдир биз – 26 нафар йигит-қизни бир аудиторияга жамлаган ўша 1976 йилни қайта-қайта қўмсайман. Ахир, бизнинг сафимизда хато йўқ эди ўшанда. Биз ёш эдик, соф ва пок эдик. Бир даста гул эдик ўшанда…

2019 йил 6-7 март

034  Bahodirda oʻziga mustahkam bir ishonch bor ediki, bu uning har bir xatti-harakatida yaqqol koʻzga tashlanib turardi. Men esa oʻz imkoniyatlarimga shubha bilan qarardim va shu jihatdan Bahodirning tamom aksi edim. Hozir ham 17-18 yashar bir yigit bunday mustah-kam ishonchni qayerdan olgan edi ekan-a, deb hayron boʻlib yuraman.

Muhiddin RAHIM
OSMONLAR AYLANIB, ARMON BOʻLDILAR…
055

Avstriyalik mashhur shoir Rayner Mariya Rilke faylasufona tarzda Gulchi va Taqdirni oʻzaro muqoyasa etib, goʻzal tashbeh yaratgan edi. Biri turfa gullarni yonma-yon qoʻyib, ajoyib guldasta yasasa, – deydi shoir, – boshqasi turfa insonlarni toʻqnashtirib, hayotni oʻzanga soladi. Taqdir 1976 yili biz – nafaqat oʻzbekistonlik, balki qirgʻizistonligu tojikistonlik ham boʻlgan 26 nafar yigit-qizni ToshDUning (hozirgi OʻzMUning) moʻjaz auditoriyasiga jamladi. Biz kirish imtihonlarini muvaffaqiyatli topshirib, jurnalistika fakulteti 1-kurs talabasi boʻlgan edik. 26 nafar bu yigit-qizni, beshak, guldastaga qiyoslash mumkin edi. Chunki biz yosh edik, sof va pok edik…

Biz bugun bu dunyoda insondek yashab oʻtishning oʻzi katta jasorat ekanini teran anglaymiz. Biroq oʻsha vaqtda – 17-18 yashar paytimizda faqat buyuk ishlar haqida orzu qilardik. Chunonchi, oʻzim ilk mashgʻulotlardanoq, qani kimning chogʻi nimaga yetarkan, deb hamkurslarimga taftish nazari bilan boqqanimni tan olaman.

Hali 1-kurs tugar-tugamas ikki talaba favqulodda isteʼdodi bilan boshqalardan ajralib qoldi. Ulardan dastlabkisi Farogʻat Kamol edi. U shoira sifatida juda tez mashhur boʻlib ketdi.Farogʻatning sheʼriy turkumlari Asqad Muxtor bosh muharrir boʻlgan “Guliston”dek “taʼbi nozik” jurnalda ham chop etilardi. U hatto SSSR poytaxti – Moskvadagi bir adabiy mashvaratga yurtimizning eng sara yosh shoir, nosir va munaqqidlari safida ham borib keldi. Vaholanki, 70-yillar oʻrtalarida milliy adabiyotimizga kirib kelgan bir-biridan isteʼdodli yosh qalamkashlar orasidan oʻz oʻrnini topish oson ish emas edi. Farogʻat biz bilan bir auditoriyada tahsil olardi-yu, ammo aslida oʻzga olamlarga mansubdek edi. Bu kayfiyat hatto domlalarga-da koʻchgan, ular ham Farogʻatga oʻzgacha iltifot bilan munosabatda boʻlardi.

Soʻngroq anglab yetdimki, shoirlik isteʼdodining erta gullab-yashnashi odatiy hol ekan. XIX asr mashhur fransuz shoiri Artyur Remboning 15 yoshida yozgan sheʼrlari naqadar hayratlanarli! Darvoqe, u 19 yoshga kirguncha barcha oʻlmas asarlarini yaratib boʻlgan edi. Ammo olimlik isteʼdodi erta boʻy koʻrsatishi – onda-sonda uchrovchi noyob hodisa. Chunki biron bir fan sohasi, deylik, adabiyotshunoslikni egallashga 17-18 yosh kamlik qiladi. Ajabki, boshqa bir kursdoshimiz – Bahodir Sodiq barchamizni lol qoldirgancha, ana shu sohada juda barvaqt tilga tushib ketdi.

01Men Bahodirning isteʼdodini, hali u bilan yaqindan tanishmay turib, ilk mashgʻulotlardayoq payqagan edim. Esimda, ustoz Muxtor Xudoyqulov “Jurnalistikaga kirish” fanidan saboq berardi. Domla ilk mashgʻulotda bizga “Nega jurnalistlik kasbini tanladim?” deganga oʻxshash bir mavzuda insho yozdirdi. Keyingi mashgʻulotda esa ana shu insho yakunlarini eʼlon qildi. Oʻshanda ustoz eng yaxshi uch-toʻrt insho qatori Bahodirning yozma ishini ham tilga olgan, hatto undagi bir taʼsirchan epizodni oʻqib eshittirgan ham edi. Mazkur epizodda kursdoshimizning tuman gazetasida ilk maqolasi chop etilgan paytdagi hayajonliqalb kechinmalari oʻz aksini topgandi. Qoʻlida gazetani azod koʻtargancha, nafasi ichiga tiqilib, maqola qahramoni – keksa temirchi huzuriga chopib borayotgan yosh muxbir tegrasida havo… halqa yasaydi. Menga aynan shu halqa yasashsh tafsili juda yoqib tushgan, chunki koʻz bilan koʻrib boʻlmas jarayon koʻz bilan koʻrib boʻlar jarayonga aylangan edi-da! Men sanʼatkor xuddi shunday nuqtadan boshlanishini elas-elas his qilib turardim.

Bahodirda oʻziga mustahkam bir ishonch bor ediki, bu uning har bir xatti-harakatida yaqqol koʻzga tashlanib turardi. Men esa oʻz imkoniyatlarimga shubha bilan qarardim va shu jihatdan Bahodirning tamom aksi edim. Hozir ham 17-18 yashar bir yigit bunday mustah-kam ishonchni qayerdan olgan edi ekan-a, deb hayron boʻlib yuraman. Oʻziga ishongan odamning esa qadami shahdam, soʻzi keskir boʻladi – Bahodirda olimlik isteʼdodi erta boʻy koʻrsatganiga ana shu omil sababdek, nazarimda.
Bahodir halitdanoq kurashga chogʻlanardi-yu, ammo hali maydon hozirlanmagan edi. U dastlab siyosiy sharhlar yozib, gazetama-gazeta qatnab yurgani yodimda. Qaysi tahririyatga bormasin, barchasida sharhlari maʼqullanar, ammo… chop etilmas edi. Nega bunday boʻlganiga hozir aqlim balodek yetadi. Axir, siyosat degani nozik soha, demak, siyosiy sharh yozishga ham barchaga yoʻl ochiq emas! Ayniqsa, 17-18 yashar gʻoʻr bir talabaga! Ammo Bahodir shu sohaga ixtisoslashganda ham, undan, baribir, zoʻr siyosiy sharhlovchi chiqishiga aslo shubha qilmayman.

Shundan soʻng u adabiy-tanqidiy maqolalar yoza boshladi. Nazarimda, 70-yillarning ikkinchi yarmida adabiyotimizga kirib kelgan avlodni kitobxon ommaga anglatishda Bahodir yozgan taqrizlarning xizmati ozmuncha emas. Hozir bundoq eslab boqsam, uning taqrizlari, asosan, sheʼriy toʻplamlarga bagʻishlangan ekan. Bahodirning oʻsha maqolalari akademik adabiyotshunoslik qoliplariga koʻpam mos tushavermasdi. Hozir ustoz Ibrohim Gʻafurovdan, adabiy tanqidchilik esse uslubida boʻlishi kerak, degan fikrni koʻp eshitib yuraman. Bahodirning maqolalari, nazarimda,xuddi shu uslubda edi. U biron bir sheʼriy majmua bahona nafaqat shoir qalbini anglar, balki oʻz koʻnglini ham toʻkib solardi. Buni shoir va tanqidchining qizgʻin suhbati, goho esa hatto joʻshqin bahsi deyish mumkin edi.

Bahodirning tahlilini ham sof aqliy tahlil deb boʻlmasdi. Buni, nazarimda, hissiy tahlil deyilsa, koʻproq toʻgʻri boʻladi. U sheʼrga, asosan, qalbi bilan yondashar va bu aksar oʻzini oqlardi. Axir, sheʼrning oʻzi koʻpincha qalb mevasi-ku! Xullas, Bahodirning qalamini, odatda, qalb yetaklar, aql esa zarur oʻrinlardagina koʻmakka kelardi. Ushbu holni, ehtimol, botiniy sezim – “intuitsiya” atamasi aniqroq ifolalab berar. Chamasi, Bahodir aqldan koʻra intuitsiyada koʻproq kuch-quvvat yashirinib yotganini gʻayrishuuriy tarzda fahmlab yetgandi. Yana uning taqrizlarida har bir fikr aforizm – hikmatga qarab intilayotgani va bunda hech qanday chiranish koʻzga tashlanmayotganidan lol qolardim. Bu fikrlar goʻyo uning zehnida qoʻqqis paydo boʻlgan-u, barmoqlari esa atigi qogʻozga bitib qoʻygan, xolos.

Bahodirning isteʼdodi dastlab 70-yillarning ikkinchi yarmi adabiy avlodi eʼtirofiga sazovor boʻldi, soʻng esa kattaroq avlod vakillari ham uni oʻz huzurlariga chorlay boshladi. Ustoz adabiyotshunos Matyoqub Qoʻshjonov, mashhur shoir Omon Matjon va boshqalar, shu yigit haqida eshitib yuraman, biror kun vaqt topib, yonimga kelsin, degani haqida ijobiy maʼnodagi mish-mishlar oralagandi.

Odatda, odam qancha bilimga egaligini oʻzi koʻpam bilavermaydi. Buni u boshqa bilimdon kishi bilan suhbatlashibgina aniqlashi mumkin. Bir kuni isteʼdodli shoir Muhammmad Rahmon Bahodir bilan hamsuhbat boʻlib qolibdi. Ikkisi ham bir-birini tark etgisi kelmay, yarim kechagacha suhbatlashib oʻtiribdi. Oʻshanda Muhammad Rahmon “Shuncha narsa bilishimdan oʻzim bexabar ekanman”, degan ekan. Bu gapni u, menimcha, oʻzini maqtash uchun emas, Bahodirni alqash uchun aytgan. Axir, “maʼdanni yer yuziga olib chiqqan konchi” Bahodir boʻlgan-da!

Mening ham Bahodir bilan doʻstligim fikr doʻstligi edi. Biz garchi bir auditoriyada oʻqisak ham, har kuni suhbat quravermasdik. Oʻn besh kundami-bir oydami bir-birimizning gurungimizni sogʻinib qolardik. Har kuni 60-70 betdan kam kitob oʻqimaymiz, deb ont ichib qoʻygandik, chunki busiz aqliy-hissiy oʻsishimizni tasavvur etolmasdik. Xullas, ikkovi-miz ham oʻqish va fikrlash asnosidaobdon toʻlgachgina bir-birimizga toʻkilardik. Soʻngra shu kayfiyat yana qaytib kelmaguncha, oʻz-oʻzimiz bilan boʻlib yuraverardik.

Bahodirni mumtoz adabiyot ham oʻziga jalb eta boshladi.U bir necha oy Mashrab devonini qoʻldan qoʻymay oʻqib yurdi. Bahodir Mashrabning oʻzini ham, soʻzini ham Chaqmoq timsoli orqali idrok etardi. “Chaqmoq” lafzini shu ulugʻ shoirga bagʻishlangan maqolasi sarlavhasiga ham olib chiqqan edi. Bahodirning Mashrabga qiziqishi, aslida, tasavvuf adabiyotiga ishtiyoqining debochasi edi. Biz uning ustoz adabiyotshunos Aziz Qayumov huzuriga borib, menga Ahmad Yassaviyni mavzu qilib boring, deb murojaat etganini eshitgandik. Sir emas, Ahmad Yassaviy ijodi – turkiy tasavvuf adabiyoti sarchashmasi. Zotan, Bahodir turkiy tasavvuf adabiyotini sarchashmasidan boshlab oʻrganishga bel bogʻlagan edi. Jamiyat endigina 80-yillarga qadam qoʻyayotgan bir pallada Ahmad Yassaviy sheʼriyati taqiq ostida edi. Bu mavzuga qoʻl urgan odamga bir ziyon yetadi, degan hadik bor edi koʻngillarda. Jillaqursa, dasti daroz shoʻro mafkurasi shunday hamlaga shay turardi. Kim biladi, balki Bahodir bu mavzudan ham hali taqiq olib tashlanishini oldindan fahmlagandir. U oʻzi tugʻilib oʻsgan yurt – Xorazmni kezib, odamlardan eski qoʻlyozmalarni toʻplab yurgani haqida xabarlar kelib turardi. Tasavvuf adabiyotiga doir kelgusi tadqiqotlari uchun shu yoʻl bilan manba toʻplaganmikan oʻshanda u?

Bahodir, men 25 yoshimda fan nomzodi, 30 yoshimda fan doktori boʻlaman, der edi. Bu gapni u ikkita dissertatsiyani allaqachon yozib, gʻaladonga qulflab qoʻygan odamdek bamaylixotir aytardi. Bahodir bu gapni maqtanchoqlik qilib aytmasdi, chunki uning yuz ifodasi, soʻz ohangida kibrdan asar ham yoʻq edi. Ushbu iddao zamirida, boya ham tilga olganimizdek, oʻziga boʻlgan mustahkam ishonch turardi. Men, toʻgʻrisi, uning aynan shu yoshlarda boʻlmasa ham, shu yoshlar atrofida fan nomzodiyu fan doktori boʻlishiga shubha qilmasdim. Bahodirdek serbaraka insonlar siz atrofdan oʻnta tosh terib, bir yerga toʻplaguncha, shunday toshlardanbutun boshli tepa yasab ulguradi.

Bahodir birdan soqol-moʻylovqoʻyib yubordi. Talabalar uchun bu favqulodda holat edi. Uning soqol-moʻylov qoʻyib yuborishini oʻzimcha ikki sababga yoʻydim. Birinchi – Islom dini bagʻrida yaralgan tasavvuf taʼlimoti va adabiyotiga muhiblik boʻlsa, ikkinchisi – u oʻzini endi yanada erkinroq, ozodroq his eta boshlagandi. Axir, botindagi oʻzgarishlar bir kuni zohirga ham koʻchishi aniq-ku! Ammo Bahodir mening xotiramda negadir avvalgi – soqol-muylovsiz qiyofasida muhrlanib qolgan, oʻsha siymo menga azizroq, qadrliroq…

1980-81 oʻquv yili boshlandi. Biz endi 5-, bitiruvchi kurs talabalari edik. Bir-ikki kun oʻqidik hamki, Bahodirdan darak yoʻq. Bir kun kechasi tush koʻribman-u, unga Bahodir kiribdi. Hoynahoy, bugun darsga keladi, degan fikr oʻtdi xayolimdan uygʻonganimda. Lekin Bahodirning oʻzi kelmadi, u haqda xabar keldi. Shum xabar, mashʼum xabar… Bahodir Shovot kanaliga choʻkib, halok boʻlibdi!

Bu xabarni eshitganda xayolimga Sirdaryo dalalarida paxta terib yurgan chogʻlarimiz keldi. Bu yerdagi kanal kech kuzda sayozlashib qolar, Bahodir shimini tizzadan yuqori shimalab olib, suvni shaloplatib yugurgancha, qoʻlda baliq tutardi. Suv degani muzdek boʻlar, biz kanalga tushishga jazm etolmasdik. Uning esa parvoyi falak, yana harakatlari… shunaqayam chaqqon ediki!.. Taʼziya bildirgani Xorazmga borganimizda, Shovot kanalini ham koʻrib qaytdik. Odamni yutib yuboradigan unaqa katta kanal emas ekan.Biroq, afsuski, oyoq tomiri ilkis tortishib qolgan…

Bahodirning fojiasidan musibat chekkan faqat kursdoshlargina boʻlmay, uni bizdan-da aziz koʻrgan boshqa qalblar ham bor ekan. Bahodirning oʻlimidan soʻng yana bir fojia yuz berdi. Quyi kursda oʻqiydigan bir qiz oʻz joniga qasd qilib qoʻydi. Oʻsha fojiali muhabbat haqida taniqli shoir Usmon Azim “Bahodir va Malika” degan sheʼr yozdi…

Shu damgacha men, oʻlim bizdan juda uzoqda, hargiz chovut sololmaydi, deb yurardim. Lekin ikki nogahoniy oʻlim bu qanoatimni yer bilan yakson qildi. Oʻlim har qachon shundoq yonimizda yurar va oʻzi xohlagan damda koʻksimizga changal solar ekan. Ey Robbim, shunchalar omonatmi bu jon degani?!

Bahodir u dunyo safariga ketdi, men esa bu dunyoda qoldim. Hayot shunday qurilgan ekanki, senga baʼzan tiriklardan koʻra oʻliklar kuchliroq taʼsir koʻrsatar ekan. Men har gal Bahodirni eslaganimda, birdan koʻksimda vijdon tilga kiradi. U Bahodir qiyofasiga doʻnadi-da, “Menga nasib etmagan umr sizga nasib etdi. Uni qanday yashayapsiz oʻzi, munosibmi yoki nomunosibmi?” deya tergov qilishni boshlaydi.

Siz haqingizda bir kun albatta yozaman, deb yurardim, Bahodir! Lekin uni bir xonaga biqinib, shirin-achchiq xotiralarim bilan yolgʻiz qolib, koʻnglim toʻlib ketsa, yigʻlab-yigʻlab yozishni istagandim. Lekin bu satrlarni butunlay oʻzga sharoitda, “Jahon adabiyoti” jurnali tahririyatining kimlardir betinim kirib-chiqib turgan, telefon ham betoʻxtov jiringlab yotgan bir xonasida xayolim ming bor boʻlinib yozdim. Bundoq oʻylab qarasam, butun umrim ana shu taxlitda oʻtibdi: parokanda… parokanda! Laxtak-laxtak umr bor-u, yaxlit, butun umr yoʻq!Ishonaman, siz bunday yashamagan boʻlardingiz, Bahodir!

Universitetni tamomlaganimizdan 30 yildan ziyodroq vaqt oʻtib, Bahodirning eng yaqin doʻsti Farhod Ibodullayev yana kursdoshlarni birlashtirdi. Har yili bahor faslida biron bir kursdoshimiznikida diydorlashadigan boʻldik. Bir gal Surxondaryoda, bir gal Qoraqalpogʻistonda, yana bir gal Fargʻonada… Diydorlashuv mudom Bahodirning ruhiga Qurʼon tilovat qilish bilan boshlanadi. Uning ortidan bu dunyoni tark etgan ikki hamkursimiz – Botir Madumarov, Munavvara Mavlonovalar ruhiga ham Ollohdan magʻfirat soʻrab, yuzimizga fotiha tortamiz. Oltmishni qoralab borayotgan kursdoshlarimga birma-bir koʻz tashlab, ularning yuzida yashab oʻtilgan past-baland umrning chuqur izlarini koʻraman. Hayotining gul yillari bir tuzum harobalari ustida boshqa bir tuzumni qurish davriga toʻgʻri kelgan kursdoshlarimdan birortasining ham hayoti oson kechgan emas.

Diydor onlarida bir oʻkinch qalbimni gʻijimlayveradi. Bizning umidlarimiz Bahodir va Farogʻat edi. Bahodirni 21 yoshida yovuz ajal oramizdan yulib ketdi. Uning isteʼdodi endigina ilk mevalar bera boshlagan edi. Farogʻat esa oila tashvishiyu farzandlar tarbiyasi bilan andarmon boʻlib qoldi. U ham, afsuski, oʻz isteʼdodini toʻliq yuzaga chiqarolmadi. Vaholanki, biz Bahodir va Farogʻat timsolida osmonlarni koʻzlagan edik. Netongki, “Osmonlar aylanib, armon boʻldilar” (Bahodir Sodiq satri).

Taqdir biz – 26 nafar yigit-qizni bir auditoriyaga jamlagan oʻsha 1976 yilni qayta-qayta qoʻmsayman. Axir, bizning safimizda xato yoʻq edi oʻshanda. Biz yosh edik, sof va pok edik. Bir dasta gul edik oʻshanda…

2019 yil 6-7 mart

03

(Tashriflar: umumiy 1 221, bugungi 1)

1 izoh

  1. Жуда ичкин самимий… Хотира дегани шундай ёзилса экан! Ўзинггаям, бошқаларгаям, дунёгаям ёлғонсиз, рост ичинг билан қарашга чорласа экан. Юрак ўртаниб кетди.

Izoh qoldiring