Rauf Parfi. 1963 yil she’rlari & Bahodir Sodiqov. Ko’zlardagi dunyo

00228 мартУстоз Рауф Парфи хотираси куни 

    Муҳаббат жасорати ўзининг ғамгину шўх, ожизу қудратли, беқарору сокин, ҳорғин сифатларига соҳиблик қилади. Кундалик маъно доирасида жасоратнинг ожизлигига , ғамгинлигига ва сокинлиги-ю ҳорғинлигига кўникиш қийиндай туюлади. Ахир, гўзаллик нимаси биландир янги бўлиши керак-ку. Янгилик гўзалликда доя ва эгизак ҳам, у гўзалликни туғдирар экан, қўшилиб ўзида туғилади. Шунга кўра, жасорат янгими, демак, у гўзал ҳамдир. Ана шу ҳолатни ўзбек шеъриятининг туйғулар рассоми Рауф Парфи ижодида кўрамиз ва ундаги овоз тасвирини тинглаймиз.

Баҳодир Содиқов
КЎЗЛАРДАГИ ДУНЁ
0022

051Муҳаббатни ўрганиш билан яратиб бўлмайди, унинг ўзи келади. Муҳаббат насиб этган қалб эгасининг вазифаси эса уни сақлаб қолишдир. Муҳаббатнинг қонуний давоми ва доимий йўлдоши бўлган жасорат ҳар қандай жасорату қаҳрамонликлардан улуғвор ҳамда гўзалроқ. Негаки, жасорат жасорат илинжида қилинса муваффақиятли чиққан чиранишдан бошқа нарса бўлолмайди.

Муҳаббат жасорати ўзининг ғамгину шўх, ожизу қудратли, беқарору сокин, ҳорғин сифатларига соҳиблик қилади. Кундалик маъно доирасида жасоратнинг ожизлигига , ғамгинлигига ва сокинлиги-ю ҳорғинлигига кўникиш қийиндай туюлади. Ахир, гўзаллик нимаси биландир янги бўлиши керак-ку. Янгилик гўзалликда доя ва эгизак ҳам, у гўзалликни туғдирар экан, қўшилиб ўзида туғилади. Шунга кўра, жасорат янгими, демак, у гўзал ҳамдир.

Ана шу ҳолатни ўзбек шеъриятининг туйғулар рассоми Рауф Парфи ижодида кўрамиз ва ундаги овоз тасвирини тинглаймиз.

Санъатга таҳлил эмас, қанот керак деган гап бор. Шу гапга амал қилиб, таҳлилий ташналигимизни қондиришдан бироз тийилган ҳолда шоирнинг «Кўзлар»ига тикиламиз. Булар осмон билан ер, армон билан шеър ўртасида муаллиқ кўзлардирки, уларга шоирнинг ўзи ҳам сиға олади! Кўзлар — бир юракнинг икки мутаносиб осмонлари, уларда дунё қадар кенглик бор. Кўзлар — энг мўжаз дунё, дунё — энг улкан кўз…

Дунё тобора эгаси ташлаб кетган садоларга ўралиб боради, садо кенгликлари Нозим Ҳикмат кўзлари билан шоирга теран назар солади. Ватан садоларга ўралган, кўзлар эса садоларни ўз бағрига олади.

Шоир ўлими табиатнинг ўзи ҳис қила оладиган митти жанозасидир. Бу жанозада беғубор ҳасратлар, бегуноҳ армонлар бешикка солиб кўмилади. Шоирнинг сўнгги ижоди ҳам бешикка солинади.

Осмон тошиб кирар кўзга,
Сиғмас кўзга, Пабло.
Бу буюк ҳасратнинг
Мазмуни ўзга, Пабло.

Наҳотки шоирни ўлдирдилар, ўликлар-а?! Бунга жавоб ўрнида Пабло Неруданинг сўнгсиз тирик осмони ҳайқиради.

Инсоннинг вазифаси фақатгина бахтиёр бўлишдан иборат эмас. Баъзан шодмонлик ҳам вазифа ўрнида келади. Бахтнинг парчаси — шодлик ранг танламайди. Унинг қиёфаси фақат шодликда. Ҳар бир рангнинг ўз шодлиги бор. Шу қувончларни ўйлаб ғамга ботиш шарафли хаёлкашлик. Шодлик миллион ҳодисаларнинг хусусийси, ёлғизининг эса умумийсидир («Шодлик»).

Севгилининг сўзларини энтикиб-энтикиб тинглаётган ошиқ улардан таралаётган синиқ бир нола ёки қафас ичра уйғонган думалоқ наво симиради. Ана шу «ҳавоси сўриб олинган ҳаво» мисоли кўзларда чўкмоқ, ёниб битмоқ ёқимли бир нарса. Лаззатда ёниш ва ёниш лаззати уйғунлашган кўзлар осмонидан беомон бир куни юлдузлар учсалар қайга йиқиладилар. Юлдузларга қабр қаерда…

Кўзингнинг қаърида
юкинар излар…

Бу кўзлар мангуликнинг жисмоний дунёси, соҳилларига гуллар сочилган мангулик осмони («Дилоромниннг кўзлари»).

Севгига, севгилисига ишониш одамзотга бўлган ишончнинг энг содиқ ибтидоси. Сегига хиёнат бўладими, унинг етими бўлиб алданган ишонч қолади. Етим ишончнинг номи кўп. Севгимиз кимдандир сирғалиб ўтади, кимнингдир қалбига бизни етаклаб боради. Ахир, севги табиатнинг мангулик неъмати («Муҳаббат»).

Буюк севгига ранг изловчи , мовийликка рангин қасида ёзувчи руҳтасвир шоирнинг юраги яхшилик билан ёмонлик чегарасида ҳайратлардан қалқийди. У мангуликнинг сирли буёғини ахтаради. Унинг шу ахтаришида топиш бор эди. Уни тушунмадилар, юрагини англамадилар. Тушунилмаган юрагининг ўзи учун ҳам қандайдир нотанишроқ рангли сирини кўрмоқчи шекилли , лекин қулоқ юрак эмас эди. Ҳар ким тушунганинигина кўради(«Ван Гог»).

Сўзимиз аввалида Рауф Парфини поэтик туйғулар рассоми деган эдик. Унда ҳар бир фикрнинг ўз ранги бор, оҳанг, бўёғи бор. Фикр пластикаси ранг ва ҳаракат пластикаси билан қўшилиб кетади.

Омон Азизнинг «Кандакорлар» картинаси шеърий нусхаси гўзал чиққан. Бу ерда картинани эшитиш мумкин! Лаҳзалик оловнинг мангу ёниши, музлаган оташнинг келажакка савол ёғдириши сўзлар руҳтасвирининг муваффақияти.

Рауф Парфи шеърияти ўз шаклларини сезилмас даражада кўтарган. Айниқса, унинг сонетлари маҳзун ва гўзал сифатга эга.

Қандайдир қудратли сокинлик улардаги формани яширган, шеъриятнинг ўзигина бор. Бу шеърият шаклларни қанотларга алмаштирган!

Мақола  муаллифи ҳақида
——————-

002Баҳодир Содиқов (1959-1980) Хоразм вилояти, Шовот туманида туғулган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган.
Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби (нашрга тайёрловчи: Берди Раҳмат) ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.

РАУФ ПАРФИ
1963 ЙИЛ ШЕЪРЛАРИДАН
Олим Тўлабоев нашрга тайёрлаган
002

***
004
Нима қилиб қўйдинг, қуёш,
Нима қилиб қўйдинг,
Эритиб юбординг-қу сув қилиб, қурмағур,
Такрорланмас мўъжизани
Дарчамда.

***

Ёз кечаси. Осмон — фалакда
Кундузнинг китоби ўқилди.
Тарс ёрилди қовун палакда,
Олтин шафтолилар тўкилди.

Далаларда мудрайди уйқу,
Дала ётар кутиб қуёшни.
Ариқларда доим уйғоқ сув,
Полизларга кетади шошиб.

Ёз шаънига қўшиқ тўқилар,
Чигирткалар чириллар чунон.
Ёмғир ёғар, гўё ёғилар,
Иссиқ тупроқ устига маржон.

Ёз ёмғири илиқдир бирам,
Шитир-шитир унинг қўшиғи.
Бир ширин ҳид таралар ердан,
Ва юракка кетар қўшилиб.

***

Япроқларда шамол ўйнар,
Сув мавжида ўйнар шамол.
Сарин шамол нима сўйлар,
Юрагида қандай хаёл?

Деразамни чертади у,
Тиқирлатар эшигимни.
Ором билмас, билмас уйқу,
Уйғотади келиб мени.

Сочларимга қўнар шамол,
Шамол қўнар кўзларимга.
Қўшиқ, эртак айтиб хушҳол
Сўнгра қайтар изларига.

Хайр, шамол, хайр, шамол,
Ўйнаб-ўйнаб келгин яна.
Менга атаб бир қўшиқ ол,
Олгин яна бир афсона.

***

Ҳаётга тўймаган кўзларим
Валломат тоғлардан юксакда.
Юрақда қайнаган сўзларим,
Ҳисларим ёнғини юрақда.

***

Нимадир у кўзингга келган,
Хаёлингга, она, не келди.
Йиғлаб туриб ҳаттоки кулдинг,
Нимадир у, кўзингга келган?

Менга жуда ўхшайди, она,
Кўзларингда ялтираган ёш,
Менда ўша кўзу ўша қош,
Менга жуда ўхшайди, она.

Она, уни тўкма, илтимос?!
Кўзларингдан тўкилай, агар
Севинчингдан бермасам хабар.
Она, уни тўкма, илтимос…

***

Қандай гўзал, қандай ложувард,
Хаёл каби кўринар жаҳон…
Лекин менинг юрагимда дард,
Мендан хафа бўлманг, онажон.

Ухламасман тонггача, она,
Тонгда чиқар ёрим бегумон.
Кўзингизга уйқу бегона,
Мендан хафа бўлманг, онажон.

Севганимнинг ёнига борай,
Юрагимда қолмасин армон.
Унга йиғлай, унга ёлборай,
Мендан хафа бўлманг, онажон.

Ишқ ёр бўлди мунис кўнглимга,
Мени адо этди ул жонон.
Кўз тутмангиз энди йўлимга,
Мендан хафа бўлманг, онажон.

***

Деразамдан урилади қор,
Жаранглайди жарангсиз кумуш.
Деразамга урилади қор,
Қор сингари оппоқ бўлди туш.

Бир ажойиб қор ёғар бу кеч,
Учиб тушар менинг ёнимга…
Мен-ку сени ўйламасман ҳеч,
Сен тушасан аммо ёдимга…

***

Дафтардан бир варақ боқади кулиб,
Бевафо, келдингми яна бу фурсат.
Соат ҳам уринар қаҳрга тўлиб,
Йўқсан-ку, не учун келдинг, эй сурат?

Қаттиқроқ уринар яна-да соат,
Яна-да буруқсаб ёнмоқда чироқ.
Тун қуши ўкириб қилар ибодат,
Деразам ортидан эгилиб шу чоқ.

Қорайиб ёнарсен зулмат йўлинда,
Юрагимда ёниб битган севгилим.
Ўтган хотиралар ўнгу сўлимда.
Дафтардан расмингни олганман юлиб,
Суратсиз шу варақ менинг қўлимда,
Суратсиз варақда сен борсан, гулим.

***

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,
Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.
Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,
Бир лаҳза оҳ тортиб қўяди офтоб.

Қамишлар шивирлар дарё томонда,
Кўқда оқ булутлар кезар бемажол.
Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,
Кимгадир эгилар, қилар илтижо.

Бу қадар гўзаллик қайси очунда,
Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,
Кимнинг аламидир қилич учинда?

Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,
Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,
Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

***

Қор ҳиди димоққа урилди…
Ухлайди шамолнинг қўйнида
Баргларини тўкмаган райҳон.

***

Бу кун бир туш кўрдим. Тушимда
Бухорода юрган эмишман.
Юксак миноралар бошимда,
Оёқларим остида гулшан.

Бухорода юрган эмишман,
Мен-ла бирга юрармиш қуёш.
Эрир эмиш, оқар паришон
Муз асридан омон қолган тош.

Юксак миноралар бошимда
Менга ҳасад билан боқармиш.
Асрлар бир дамдай қаршимда
Зангор олов бўлиб оқармиш.

Оёқларим остида гулшан —
Қайноқ оловларнинг давоми…
Бухоро зангори гул ушлаб
Мени асир этди тамоман.

Ул айирди мени ҳушимдан —
Юрагимни курган эмишман…
Букун бир туш кўрдим. Тушимда
Бухорода юрган эмишман.

***

Кўлранг булут кезинади жим,
Кулранг булут ўхшар уйқуга.
Кулранг булут бошлайди ҳужум,
Бақириб шивирлар руҳимга.

Нафаслари қисилиб гўё
Қалдирғочлар учар ер бўйлаб.
Ғамгин-ғамгин кўринар дунё —
Ўйларини қийнайди ўйлаб.

Кулранг булут қулади охир,
Парчаланди шу муаллақ кўл.
Ғир-ғир шамол, ғир-ғир ёмғир,
Суратимни чизиб берар йўл.

Қалқиб-қалқиб қўяди қараб
Табассумлар ёзилган тупроқ.
Чапак чалиб, сочини тараб
Бош ювади бир ҳовуч япроқ.

Яна булут кезмоқда сарсон
Таъқиб этиб борар изимдан,
Нафасларга тўла бу осмон
Узилмайдир асло кўзимдан…

***

Саболарда ўйнайди наво,
Ариқларда сув оқади шан.
Оҳангларга тўлибдир ҳаво,
Бенавосан нечун ёлғиз сан?

Кузги боғлар шивирлашар жим,
Кузги боғлар куйчи заъфарон.
Куйлармикан шундай юрагим,
Қўлларингни қўйгил, меҳрибон?

Бенавосан нечун, дилбарим,
Ҳаёт сени этмасми мафтун?
Мафтун этмайдими гул барги,
Мафтун этмайдими шеърий тун?

Қара, қандай порлоқ эрур кўк,
Тингла, қўшиқ айтар юлдузлар.
Бу — ой тўккан шуъла эмас, йўқ,
Бу — навога айланган сўзлар.

Уфқларда ёниқ афсона —
Олгин Эркин Воҳид шеърларин.
Ойдин йўллар қўшиғин, мана,
Йўллар ўзи айтар, дилбарим.

Саболарда ўйнайди наво,
Ариқларда сув оқади шан.
Оҳангларга тўлибдир ҳаво,
Бенавосан нечун ёлғиз сан?

***

Оғир тун, қурир тинка…
Қандай изғирин кеча,
Бу ёмғир тинар қачон?
Ерга ботади товон,
Лой ёпишар этикка.

Лекин кутасан ҳамон
У таниш тол остида,
Аразинг бўлар тамом,
Қари тўнка устида
Ўлтирамиз ёнма-ён.

Ҳис ва хаёл кечаси
Ҳароратли бир совуқ
Гулхан ёқаман ва сен.
Оббо, тамаки ҳам йўқ,
Мени аста қучасан.

Ёмғир қорга айланар,
Кўзингда кулар алам,
Оҳиста бош айланар.
Қайга қочиб борар ғам?
Қандай гўзал бу олам!..

***

Мудраб ётар бунда дарахтзор,
Ухлар юпқа муз остида сув…
Қуёш ойни тополмасдан зор
Ботиб кетди, булут оқ парқув.

Зулмат отли шоҳ киймоқда тож.
Ўз ҳукмига олганда уйқу
Ухлаб олар олам ноилож.
Бечора тонг — ухламайди у.

***

Айланиб тушар қор
йўлимга,
Қўлингни қўйгил, ёр,
қўлимга.

Сен қолдинг муҳр каби
лабимда,
Сен — бир дард асабий
қалбимда.

Кўзимга беркитай
ва лекин
Ёшдай оқиб кетма,
севиклим.

***

Оғушига олар кундузни
Кундуз каби бу ёруғ кеча…
Кечаларнинг кечалик ёди
Аста тонгнинг майидан ичар.
Кузатиб қўй тунлар ёдини…

***

Бир сўз бор
Беғубор тонг каби гўзал,
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо.
Ширин туйғуларнинг
Ширин фарзанди,
Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ
Бир сўз бор.

Бир сўз бор.
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак,
Бир сўз бор…

***

Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни,
Ширин хаёлингни буздимми?

Сени ўйлаб келмайдир уйқу —
Қора туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў,
Мен ухларман мангу, эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло…

Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?..

ШАБНАМ

Умринг жуда қисқа бўлса ҳам,
Дунёга шаффофлик бўлиб тўласан.
Сен жамики кўзларга малҳам,
Илиқ табассуминг билан ўласан.

ВАҚТ

Вақт ўтмоқда,
нонуштаси йўқ,
тушлиги йўқдир унинг.
У давомли ҳаракат уйқусида.
Вақт ўтмоқда.
Сочларини юлар Вақт,
совуққон ўрнимиз устида.
Деразани очинг!
Шамоллар кирсин,
хонангиз нафасга тўлсин,
мусаффо нафасга.
Ўтган вақтлар,
бекор вақтлар кўриниб турсин
кўкрак қафасдан.
Ватанликда ва Куёшликда
Қурайлик!
Қурайлик иморат оловли,
навқирон ёшликдан!
Қани эй, югуринг,
Югурайлик!
Эшиклардан бошларни ҳайданг!
Тупроқ — Онамизни кўзимизга олайлик.
Томирларга Вақтни бойланг —
темирларга бойлайлик!
Вақт ўтмоқда.

НОЗИМНИНГ САДОСИ

Кетди Нозим.
Келар Нозим овози.
Киприкларим соқчилигида
менинг кўзим – менинг дунём.
Ҳасрат янглиғ менинг дунём,
фикрларим соқчилигида.
Атрофимда айланар энг дардли,
энг бахтли тириклик сайёраси.
Мен унинг ўртасида
жаҳон каби катта ва норасида.
Кўз ёшларим қалбимни овутмади,
кўзларим йиғласа,
қалбим йиғлар чорасиз.
Қалбим йиғлаганда
кўзларим тўкади аччиқ ёш.
Қуёш — бир бош!
Кўзларимни
қалбимдан айри тутмадим.
Бир садо –
Нозимнинг садоси
сочилар миллионларнинг
сон минг кўчаларига,
дунёнинг энг ёруғ,
Дунёнинг энг қора кечаларига.
Нозим…
Нозим…
Кетди Нозим.
Қолди Нозим садоси.
Садонинг акс садоси,
Акс садонинг акс садоси.
Садога ўралашиб борар тобора дунё.
Садо кенгликлари
теран бокар менга
Нозим Ҳикмат кўзлари ила.

ЁШЛИК

Юрагингда, сенинг қўлингда
Тоза чечак каби ўйнадим.
Ёшлигим, мен сенинг йўлингда,
Севинтирдим. Сени қийнадим.

Наҳот хафа кунларинг ўтган,
Ўзинг бердингми бебошликни?
Лекин мени отмадинг ўтга,
Нақадар яхшисан, ёшлигим!

Бир дард бўлиб, бир севинч бўлиб,
Ва бир донишманд бўлиб гоҳ,
Кўзларингга қараб юргин, деб
Этганинг бор, ёшлигим, огоҳ.

Фақат сен учгил нафасимдан,
Сендан баҳра топсин бу олам.
Айтилмаган сўзларим сендан,
Қилинмаган заҳматларим ҳам.

Мен билан бўл доимо бирга,
Айри тутма мени, ёшлигим.
Тоза сақлай бутун умрга,
Бутун умрим, қора қошлигим.

Юрагингда, сенинг қўлингда
Тоза чечак каби ўйнадим.
Ёшлигим, мен сенинг йўлингда,
Севинтирдим, сени қийнадим.

***

Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.
Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Ёлғиз мени ўйла интизор,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.

Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ,
Ҳолбуки, бир қадам ўртада.
Орамизни ким бузди ўзи,
Инонким, беҳуда ўртади,
Ҳижрон мунча бўлмаса узоқ.

Мени ўйла, соғиниб ўйла,
Айтсалар-да севги узилган.
Ишончсизлик ҳукми туфайли,
Хафа бўлма мендан, ўзингдан,
Мени ўйла, соғиниб ўйла.

Ёлғиз мени ўйла интизор,
Ўйларингда мен яшай якка,
Чунки севги аталган азоб
Қодир эмас ҳеч яшамакка —
Ёлгиз мени ўйла интизор.

Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар,
Қасди борми менда, билмадим,
Ҳар бир олган нафас ҳам йиғлар,
Сен оғир нафассан, дилбарим,
Мунча ғамгин бўлмаса ўйлар.

***

Ҳой, бола-бола, ҳой, бола,
Бас қил, шодлик рубобин.
Манна Дунё бир пиёла
Тутар сенга шаробин.

Ҳой, бола-бола, ҳой бола,
Ҳеч қўрқмасдан уни ол.
Бир пиёла, бир пиёла,
Дунё ғами ича қол…

СЎЗЛАР

Дарак гап — Инсон.
Ундов гап — Инсон!
Сўроқ гап — Инсон?
Яшамакни ўргатар сўзлар.
Баъзан кўксимизда ташиган жонни
ташламакни ўргатар сўзлар.
Сўзлар керак, Бош ҳарфларда яралган.
Бош Ҳарфлардан яралган сўзлар.
Болари сўздони бир ажиб,
сўзлардир пешонада тўпланган ажин,
қўлларимиз фикрчан сўзлардир.
Ҳаддан зиёд гўзал сўздир — Турон.
— «Ассалому алайкум» — бу тонглар отиши.
«Ва алайкум ассалом», «Яхшимисиз» — бу йўл.
«Хайрли тун» — бу Қуёшнинг ботиши.
Йўлдаги киши, жуда ажойиб жумлага ўхшайди.
Олижаноб сўзларга ўхшайди — Ер шари.
Яшамакни ўргатар сўзлар.

ОҲАНГ

Сени, оҳанг, эй ғамли оҳанг,
Танимасдим, билмасдим олдин.
Томиримда хун талашур жанг,
Шунча ғамни қаердан олдинг?

Билмасмидим, ёруғ дунёда
Шунча алам, шунча изтироб.
Қайғуларда туйғулар ёнди,
Заҳарми симирди хотирот?!

Ёмғир гўё дийда ёшидан,
Нечун яраланди тушунча?
Аламларга тимсол ўхшайди
Тонг чоғида очилган ғунча.

Дилгир-дилгир юлдузлар ёнар,
Ой ўзини отади ҳозир.
Менинг ўйчан, меҳрибон онам —
Ер шаридан олинган тасвир.

Йўқ, сен оҳанг эмассан. Ёлғон.
Сен қалбимда эшилган нидо.
Сен ҳам менга ўхшаган Инсон,
Сен ҳам дунё, шу Туркий Дунё.

***

Дилгир мусиқа оқарди,
У пайт сўзсиз ва паришон
Бир-биримизга боқардик.
Сени алдамайман… Ишон…

Дилгир мусиқа оқарди.
У пайт кўзинг эди — маъно,
Сохта туюларди сўзлар.
Орзуларим каби наво —

Сенинг каби мислсиз гўзал.
У пайт кўзинг эди — маъно.
Оқшом. Туркистон ва ёмғир,

Сен ёнимда. Сен… ёнимда…
Аста тўхтар бу куй оғир.
Куй бўлиб қолдинг ёдимда.
Оқшом. Туркистон ва ёмғир.

АЛИФБЕ

А, Бе, Те,
Она, мана нон.
Бу нима?
Бола бийрон.

А, Бе, Те,
Уруш, қирғин, қон.
Бу нима?
Бола ҳайрон.

А, Бе, Те…

***

Бир қушча деразам ёнида
Ўтирар паришон ва ғариб.
Йиғлайди, кўзлари ёнади,
Кўзлари иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,
Шоирга ўхшайди бир ҳассос,
Мискин соз чалмоққа у шайдир,
Дардига бордир-ку бир асос.

Мен унга қарайман оҳиста,
Мен қушча ҳолига йиғлайман.
Ва лекин билмайман не истар,
Билмайман, ҳеч қачон билмайман…

ХОККУЛАР

1.
Ўтмишларнинг ёди қолсин,
Келажакнинг орзуси –
Иккиси ҳам бўлмаса ёлғон.

2.
Сокин турар бир дарахт салобат тўкиб,
Бир сўз демас… ҳеч қачон.
Ақлли кўринар балки шунинг-чун.

3.
Дилимда бир сўз бор эди,
Бу сўз меники эди. Айтдим-у,
Мен сўзники бўлдим ортиқ.

4.
Мен ўзимдан ўзим куламан,
Бахтиёрман гўдак сингари
Кула билганимдан.

5.
Умримни совурдинг деб,
Ғазабигни сочма менга.
Ғазаб сочган умрин сочмасми?!.

ТАНКА

Айт-чи, мени унутдингми –
Гулларим қонлар ютдими?!
Унутдингми, эҳ, бир йўла:
Ёруғ дунёдан ўтдими
Муҳаббатим эккан гуллар?!.

***

Севар эдим беишонч, бедод,
Олис дўстим – бераҳм ҳамдам.
Ҳадя этдинг бир латиф ханда,
Шундай алдаб қўйди хаёлот.

Қолдинг исминг билан умрбод,
Ҳузуримда яшнаб очилдинг,
Ўксик кўксим узра отилдинг,
Шундай алдаб қўйди хаёлот…

***

Қораловчи
Ва олти қитъа бўйлаб
Мўътабар из ташлаб ораловчи,
Муҳаббатинг – эркингдир.
Дунё саҳнасида суҳбатинг эркиндир.
Шодликдан ҳайқирасан –
Қайдадир, кимдир туғилган дам.
Қайғурасан –
Қайдадир, кимнингдир умри тинса.
Нечоғликсан,
Кишиликка боғлиқсан,
Шундай чин юракдан боғлиқлигингдан
Эркинсан,
Эй, қутлуғ одам!

***

Гавжум эди одам,
бари жиддий.
Барин
миясига жойланган бу олам.
Булар олдин шундай самимий эдилар
Салом бергинг келар эди танимасанг ҳам.
Ғаш ила юксакка чиқарлар,
Ғаш ила тушарлар,
Ҳар ким ўз йўлига одимлар,
Бари борар манзили томон.
Узун йўлда тушиб қолар бир-бир
одимлар,
юзларида, кўзларида қотган бир савол:
“А?!” демоқчига ўхшарлар.

***

Ғунча қалби менинг қўлимда
Гўё эслар:
Портлашлар, ўқ ва порох иси
Қолганини минг бор ўлимдан.
Эссиз, қон қусиб
Кечган дамлар;
Гўё сўзлар сўзсиз:
Ҳушёр бўлинглар!
Фақат гуллар иси анқисин,
Одамлар!
Ғунча қалби менинг қўлимда.

***

Эй Дунё,
орзуларинг менинг орзумдир,
ташвишларинг менинг ташвишим.
Сўзларинг менинг сўзимдир,
кўзларинг кўзларимдан олган тўтиё.
Кел, юммаймиз кўзларни
абадий иккимиз, эй дунё.

***

Ёмон тушлар кўраман баъзан,
Ёмон тушлар кўрар бутун иқлимда.
Одамзод,
кўрмишим терилар ақлимда,
кўрмишим узоқ.
Жаҳаннам саргузашти
юмилган кўзларимда яширинган,
оёқлар бош узра оширилган,
бошлар ётур оёқ остида.
Юлинган қўлларимдан қон отаман,
мурдаларни уйғотаман.
Ёмон тушлар кўрамиз баъзан,
қайдандир қўланса ҳидлар,
айниқса,
истаса жаҳонни булғамоқ,
алқисса,
бўлурми тинч ором уйқуда ухласа?!.

***

Ҳаёт асари йўқ уларда:
ғанимлар,
мистерлар,
жаноблар,
қўшмачи жаллоблар,
шоҳона саройларда,
шоҳи кўрпаларда
қон ялаган хонимлар,
ўз ўтига ўзи қоврилғувчи хўжалар,
мурда каби, ўлим каби хотиржамлар –
ҳаёт асари йўқ уларда.

***

Қуёш юзин тўсгудай
юксакларга ўрмалар,
ҳайқирар вулқон,
кўм-кўк ўрмонлар,
океанлар кўзгудай
чил, чилпарчин,
қон, қон, қон
вайрона жаҳон узра
йўқлик тўкар аччиқ ёш.
Йўқ! Шунинг учун
сен бунёд бўлмадинг, эй қуёш!

***

Эҳтиёт боқ ҳис ва туйғуга,
Туйғулар алдовчи бўлмасин.
Шерик бўлма менинг қайғумга,
Ҳасратимга шерик бўлма сен.

Хафа кезларимни ёдлама,
Сени ҳафа кўрмасин кўзим.
Кулгани кел шодлана-шодлана,
Қувонгани келгин, азизим.

***

Гўё осмон дурлар узатди,
Ёмғир ёғди, чаманлар кулди.
Доғларини ювди гулларнинг
Табиатнинг гўзал ижоди.

Пушаймонлар қуршади дилни,
Яна дардлар қўпди кўп оғир.
Яшнатгани каби ул гулни
Қалб доғини ювсайди ёмғир.

***

Севмаслигинг мумкин-у, аммо
Гоҳо тушда, гоҳо бир рўё,
Гоҳо қоғоз юзида пайдо
Бўлиб, ғашларингга тегарман –
Сира ўлмасман.

Кўзларингни пардадай тўсгум,
Аччиқ чақир тиканак каби
Сенинг юрар йўлингда ўсгум,
Унутмассан мени абадий –
Унитолмассан.

Ҳ.га

Сўйлемекде ўлмез, сўйлемемекде.
А. Курчайли

Узоқ йиллар сўнгида қалбим
Сизни топган эди, эҳтимол.
Мен ўзимни тушунмай қолдим,
Хижолатлар чекиб ва лол.

Тушунмайман, бўламан ҳайрон,
Қайдан келди бу озурда ғам.
Сўзлаш мумкин эмас бу замон,
Мумкин эмас сўзламаслик ҳам.

А. А. га

Смеялись люди за стеной,
Смеялись, все таки смеялись.
Евг. Евтушенко

Биз кулдик. Куламиз ҳали ҳам,
Балки мазах каби эшитилган.
Биз кулдик, куламиз ҳали ҳам –
Кимнингдир юрагини тилган.

Бахтли кунларимиз жуда кўп,
Хафа ўтган кунлардан кўра.
Асли бахтни кимлардандир-ку
Ё тортиб оламиз, ё сўраб.

Биз яратган бахт жуда кичик,
Инсон деган номимиз учун,
Бир замонда кетади учиб –
Ўзимиздан рози бўлган кун…

Биз бахтли ё бадбахт бўлсак-да,
Шодликни ҳис эта оламиз.
Ҳисларни сақлолмай юракда
Биз куламиз, лекин куламиз…

***

Талпинади, шундай кулади
Кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарё,
Дарё узра ой ҳам қулади
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.

Талпинади яшил далалар,
Елкасида тутиб отини –
Қуёш ширин ўйларга тўлар,
Бугун ёзар гул ижодини.

Чарчаш билмай, мажжа қоқмасдан,
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мағрур меҳнат қўшиғи билан
Талпинади ўлкада баҳор.

***

Кулган пайтларимиз жуда кўп,
Ғамгин ўтган кунлардан кўра.
Асли бахтни кимлардандир-ку,
Ё тортиб олганмиз, ё сўраб.

Биз яратган бахт жуда кичик
Инсон деган исмимиз учун,
Бир замонда кетади учиб
Ўзимиздан рози бўлган кун.

***

Бузма ширин уйқунгни ҳеч сен,
Ухлама десам ҳам нечалаб,
Майли узун кечалар кечсин,
Майли, маҳзун кечсин кечалар.

Лекин тонглар ухлама сира,
Кечаларнинг ҳаққи жуда кўп.
Кечалардан қолган хотира
Юрагимни ёритганча йўқ.

***

Осмон марваридлар узатди,
Ёмғир ёғди, чаманлар кулди,
Доғларини ювди гулнинг
Табиат ижоди.

Эски дардлар эзар кўп оғир,
Пушаймонлар қуршайди дилни.
Яшнатгани каби гулни
Қалб доғини ҳам
Қани энди ювса ёмғир.
Қаёқда!
Қандай даҳшат оёқ излари
Қолиб кетган бўлса юракда.

***

Изтиробим, ёниқ ўйларим,
Менинг учун фақат ҳавасми?
Сенга бўлган ишқим ва меҳрим,
Ҳаётга муҳаббатим эмасми?

Ташвишлар йўқ деб ким айтди,
Қайғу йўқ деб ким айтди, эркам?
Шодликларинг агар қанчадир,
Шунча бўлар ташвишларинг ҳам.

Узун кунлар порлайди ёдда,
Менинг жондан ортиқ севганим.
Қанча бахтли бўлсам ҳаётда –
Шунча қайғу бошимда маним.

***

Айт-чи, мени унутдингми,
Мени унутдингми, наҳот?
Гулларим қонлар ютдими,
Сўлдими беқадр, бебақо?

Айт-чи мени унутдингми,
Унутдингми, эҳ, бир йўла?
Ёруғ дунёдан ўтдими
Муҳаббатим эккан гуллар?

***

Куз еллари йўлимда тўзғир,
Ўрар олтин баргларни қуюн.
Изтироби нақадар оғир,
Ҳасратлари унинг кўп қийин.

Куз еллари йўлимда тўзғир,
Ер тишлаб ётади япроқлар.
Шохларда яшнаган ва мағрур,
Қани абадий ёшлик чоқлар.

***

Мағрурларга мен ҳам мағрурман.
Р. Г(амзатов)

Мағрур бўлсанг мен ҳам кўп мағрур,
Тоғдан келсанг кўкдан келурман.
Бўлсанг ғурур майидан масрур,
Елдай кайфинг бўлиб елурман.

Камтар бўлсанг ва камтарона
Ишончимдан айира билсанг –
Ўз умримга ўзим ишонмам,
Мен умр деб атаган бўлсам.

***

Жигарбандим, кўзим йўлингда,
Сен руҳимда очила қолдинг.
Бир ҳид каби сочила қолдинг,
Жигарбандим, кўзим йўлингда.

Гўзалларнинг гўзали онанг
Севимлидир ҳамда меҳрибон.
Уни сендек севаман, инон,
Гўзалларнинг гўзали онанг.

Бир дунёча меҳрим бор сенга,
Ҳисларимнинг жавҳар ушоғи,
Туғил, эркам, очай қучоғим,
Бир дунёча меҳрим бор сенга.

АЛЛА

Меҳрим бир дунё ўзи,
Унда қанот қоқай мен.
Қуёшинг бўлай, қўзим,
Дарё бўлиб оқай мен,
Алла-ё, алла.

Сени асрадим ойлар,
Юрагим – қафасимда,
Кўкда юлдузлар, ойлар,
Сен менинг нафасимда,
Алла-ё, алла.

Кутар сенинг фармонинг
Оёқ тегмаган йўллар.
Бошингга ол дунёни
Гуллар қўллар, соф гуллар,
Алла-ё, алла…

Bahodir Sodiqov
KO’ZLARDAGI DUNYO
0022

051Muhabbatni o’rganish bilan yaratib bo’lmaydi, uning o’zi keladi. Muhabbat nasib etgan qalb egasining vazifasi esa uni saqlab qolishdir. Muhabbatning qonuniy davomi va doimiy yo’ldoshi bo’lgan jasorat har qanday jasoratu qahramonliklardan ulug’vor hamda go’zalroq. Negaki, jasorat jasorat ilinjida qilinsa muvaffaqiyatli chiqqan chiranishdan boshqa narsa bo’lolmaydi.

Muhabbat jasorati o’zining g’amginu sho’x, ojizu qudratli, beqaroru sokin, horg’in sifatlariga sohiblik qiladi. Kundalik ma’no doirasida jasoratning ojizligiga , g’amginligiga va sokinligi-yu horg’inligiga ko’nikish qiyinday tuyuladi. Axir, go’zallik nimasi bilandir yangi bo’lishi kerak-ku. Yangilik go’zallikda doya va egizak ham, u go’zallikni tug’dirar ekan, qo’shilib o’zida tug’iladi. Shunga ko’ra, jasorat yangimi, demak, u go’zal hamdir.

Ana shu holatni o’zbek she’riyatining tuyg’ular rassomi Rauf Parfi ijodida ko’ramiz va undagi ovoz tasvirini tinglaymiz.

San’atga tahlil emas, qanot kerak degan gap bor. Shu gapga amal qilib, tahliliy tashnaligimizni qondirishdan biroz tiyilgan holda shoirning «Ko’zlar»iga tikilamiz. Bular osmon bilan yer, armon bilan she’r o’rtasida mualliq ko’zlardirki, ularga shoirning o’zi ham sig’a oladi! Ko’zlar — bir yurakning ikki mutanosib osmonlari, ularda dunyo qadar kenglik bor. Ko’zlar — eng mo’jaz dunyo, dunyo — eng ulkan ko’z…

Dunyo tobora egasi tashlab ketgan sadolarga o’ralib boradi, sado kengliklari Nozim Hikmat ko’zlari bilan shoirga teran nazar soladi. Vatan sadolarga o’ralgan, ko’zlar esa sadolarni o’z bag’riga oladi.

Shoir o’limi tabiatning o’zi his qila oladigan mitti janozasidir. Bu janozada beg’ubor hasratlar, begunoh armonlar beshikka solib ko’miladi. Shoirning so’nggi ijodi ham beshikka solinadi.

Osmon toshib kirar ko’zga,
Sig’mas ko’zga, Pablo.
Bu buyuk hasratning
Mazmuni o’zga, Pablo.

Nahotki shoirni o’ldirdilar, o’liklar-a?! Bunga javob o’rnida Pablo Nerudaning so’ngsiz tirik osmoni hayqiradi.

Insonning vazifasi faqatgina baxtiyor bo’lishdan iborat emas. Ba’zan shodmonlik ham vazifa o’rnida keladi. Baxtning parchasi — shodlik rang tanlamaydi. Uning qiyofasi faqat shodlikda. Har bir rangning o’z shodligi bor. Shu quvonchlarni o’ylab g’amga botish sharafli xayolkashlik. Shodlik million hodisalarning xususiysi, yolg’izining esa umumiysidir («Shodlik»).

Sevgilining so’zlarini entikib-entikib tinglayotgan oshiq ulardan taralayotgan siniq bir nola yoki qafas ichra uyg’ongan dumaloq navo simiradi. Ana shu «havosi so’rib olingan havo» misoli ko’zlarda cho’kmoq, yonib bitmoq yoqimli bir narsa. Lazzatda yonish va yonish lazzati uyg’unlashgan ko’zlar osmonidan beomon bir kuni yulduzlar uchsalar qayga yiqiladilar. Yulduzlarga qabr qaerda…

Ko’zingning qa’rida
yukinar izlar…

Bu ko’zlar mangulikning jismoniy dunyosi, sohillariga gullar sochilgan mangulik osmoni («Diloromninng ko’zlari»).

Sevgiga, sevgilisiga ishonish odamzotga bo’lgan ishonchning eng sodiq ibtidosi. Segiga xiyonat bo’ladimi, uning yetimi bo’lib aldangan ishonch qoladi. Yetim ishonchning nomi ko’p. Sevgimiz kimdandir sirg’alib o’tadi, kimningdir qalbiga bizni yetaklab boradi. Axir, sevgi tabiatning mangulik ne’mati («Muhabbat»).

Buyuk sevgiga rang izlovchi , moviylikka rangin qasida yozuvchi ruhtasvir shoirning yuragi yaxshilik bilan yomonlik chegarasida hayratlardan qalqiydi. U mangulikning sirli buyog’ini axtaradi. Uning shu axtarishida topish bor edi. Uni tushunmadilar, yuragini anglamadilar. Tushunilmagan yuragining o’zi uchun ham qandaydir notanishroq rangli sirini ko’rmoqchi shekilli , lekin quloq yurak emas edi. Har kim tushunganinigina ko’radi(«Van Gog»).

So’zimiz avvalida Rauf Parfini poetik tuyg’ular rassomi degan edik. Unda har bir fikrning o’z rangi bor, ohang, bo’yog’i bor. Fikr plastikasi rang va harakat plastikasi bilan qo’shilib ketadi.

Omon Azizning «Kandakorlar» kartinasi she’riy nusxasi go’zal chiqqan. Bu yerda kartinani eshitish mumkin! Lahzalik olovning mangu yonishi, muzlagan otashning kelajakka savol yog’dirishi so’zlar ruhtasvirining muvaffaqiyati.

Rauf Parfi she’riyati o’z shakllarini sezilmas darajada ko’targan. Ayniqsa, uning sonetlari mahzun va go’zal sifatga ega.

Qandaydir qudratli sokinlik ulardagi formani yashirgan, she’riyatning o’zigina bor. Bu she’riyat shakllarni qanotlarga almashtirgan!

Maqola muallifi haqida
——————-

Bahodir Sodiqov (1959-1980) Xorazm viloyati, Shovot tumanida tug’ulgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakultetida o’qib yurgan kezlaridayoq o’zbek zamonaviy she’riyati xususidagi adabiy — tanqidiy maqolalari matbuotda e’lon qilingan. Hayotlik chog’larida so’fiy shoirlar ijodiga doir tadqiqotlarining matbuotda yoritilishiga hukmron mafkura monelik qildi. Vafotida so’ng «Insonni sevmoq kerak» kitobi (nashrga tayyorlovchi: Berdi Rahmat) yorug’lik yuzini ko’rdi. Tadqiqotlari «Sharq yulduzi». «Yoshlik» jurnallarida, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligida, «Kamalak», «Shovot mavjlari» almanaxlarida bosildi. Shuningdek, she’rlari ham bayozda yoritilgan.

004

RAUF PARFI
1963 YIL SHE’RLARIDAN
Olim To’laboev nashrga tayyorlagan
002

***

Nima qilib qo’yding, quyosh,
Nima qilib qo’yding,
Eritib yubording-qu suv qilib, qurmag’ur,
Takrorlanmas mo»jizani
Darchamda.

***

Yoz kechasi. Osmon — falakda
Kunduzning kitobi o’qildi.
Tars yorildi qovun palakda,
Oltin shaftolilar to’kildi.

Dalalarda mudraydi uyqu,
Dala yotar kutib quyoshni.
Ariqlarda doim uyg’oq suv,
Polizlarga ketadi shoshib.

Yoz sha’niga qo’shiq to’qilar,
Chigirtkalar chirillar chunon.
Yomg’ir yog’ar, go’yo yog’ilar,
Issiq tuproq ustiga marjon.

Yoz yomg’iri iliqdir biram,
Shitir-shitir uning qo’shig’i.
Bir shirin hid taralar yerdan,
Va yurakka ketar qo’shilib.

***

Yaproqlarda shamol o’ynar,
Suv mavjida o’ynar shamol.
Sarin shamol nima so’ylar,
Yuragida qanday xayol?

Derazamni chertadi u,
Tiqirlatar eshigimni.
Orom bilmas, bilmas uyqu,
Uyg’otadi kelib meni.

Sochlarimga qo’nar shamol,
Shamol qo’nar ko’zlarimga.
Qo’shiq, ertak aytib xushhol
So’ngra qaytar izlariga.

Xayr, shamol, xayr, shamol,
O’ynab-o’ynab kelgin yana.
Menga atab bir qo’shiq ol,
Olgin yana bir afsona.

***

Hayotga to’ymagan ko’zlarim
Vallomat tog’lardan yuksakda.
Yuraqda qaynagan so’zlarim,
Hislarim yong’ini yuraqda.

***

Nimadir u ko’zingga kelgan,
Xayolingga, ona, ne keldi.
Yig’lab turib hattoki kulding,
Nimadir u, ko’zingga kelgan?

Menga juda o’xshaydi, ona,
Ko’zlaringda yaltiragan yosh,
Menda o’sha ko’zu o’sha qosh,
Menga juda o’xshaydi, ona.

Ona, uni to’kma, iltimos?!
Ko’zlaringdan to’kilay, agar
Sevinchingdan bermasam xabar.
Ona, uni to’kma, iltimos…

***

Qanday go’zal, qanday lojuvard,
Xayol kabi ko’rinar jahon…
Lekin mening yuragimda dard,
Mendan xafa bo’lmang, onajon.

Uxlamasman tonggacha, ona,
Tongda chiqar yorim begumon.
Ko’zingizga uyqu begona,
Mendan xafa bo’lmang, onajon.

Sevganimning yoniga boray,
Yuragimda qolmasin armon.
Unga yig’lay, unga yolboray,
Mendan xafa bo’lmang, onajon.

Ishq yor bo’ldi munis ko’nglimga,
Meni ado etdi ul jonon.
Ko’z tutmangiz endi yo’limga,
Mendan xafa bo’lmang, onajon.

***

Derazamdan uriladi qor,
Jaranglaydi jarangsiz kumush.
Derazamga uriladi qor,
Qor singari oppoq bo’ldi tush.

Bir ajoyib qor yog’ar bu kech,
Uchib tushar mening yonimga…
Men-ku seni o’ylamasman hech,
Sen tushasan ammo yodimga…

***

Daftardan bir varaq boqadi kulib,
Bevafo, keldingmi yana bu fursat.
Soat ham urinar qahrga to’lib,
Yo’qsan-ku, ne uchun kelding, ey surat?

Qattiqroq urinar yana-da soat,
Yana-da buruqsab yonmoqda chiroq.
Tun qushi o’kirib qilar ibodat,
Derazam ortidan egilib shu choq.

Qorayib yonarsen zulmat yo’linda,
Yuragimda yonib bitgan sevgilim.
O’tgan xotiralar o’ngu so’limda.
Daftardan rasmingni olganman yulib,
Suratsiz shu varaq mening qo’limda,
Suratsiz varaqda sen borsan, gulim.

***

Daryo mavjlariga yozilmish g’azal,
Maysalar egilib o’qiydir kitob.
Shodlanib xandalar otar bir lahza,
Bir lahza oh tortib qo’yadi oftob.

Qamishlar shivirlar daryo tomonda,
Ko’qda oq bulutlar kezar bemajol.
Bir tirik nafosat borliq, jahonda,
Kimgadir egilar, qilar iltijo.

Bu qadar go’zallik qaysi ochunda,
Bu qaysi kitobdir, kimning daftari,
Kimning alamidir qilich uchinda?

Qaltirab porlaydir bir chiroq g’arib,
Bir qushcha sayraydir ruhim ichinda,
Bir qushcha yig’laydir meni axtarib.

***

Qor hidi dimoqqa urildi…
Uxlaydi shamolning qo’ynida
Barglarini to’kmagan rayhon.

***

Bu kun bir tush ko’rdim. Tushimda
Buxoroda yurgan emishman.
Yuksak minoralar boshimda,
Oyoqlarim ostida gulshan.

Buxoroda yurgan emishman,
Men-la birga yurarmish quyosh.
Erir emish, oqar parishon
Muz asridan omon qolgan tosh.

Yuksak minoralar boshimda
Menga hasad bilan boqarmish.
Asrlar bir damday qarshimda
Zangor olov bo’lib oqarmish.

Oyoqlarim ostida gulshan —
Qaynoq olovlarning davomi…
Buxoro zangori gul ushlab
Meni asir etdi tamoman.

Ul ayirdi meni hushimdan —
Yuragimni kurgan emishman…
Bukun bir tush ko’rdim. Tushimda
Buxoroda yurgan emishman.

***

Ko’lrang bulut kezinadi jim,
Kulrang bulut o’xshar uyquga.
Kulrang bulut boshlaydi hujum,
Baqirib shivirlar ruhimga.

Nafaslari qisilib go’yo
Qaldirg’ochlar uchar yer bo’ylab.
G’amgin-g’amgin ko’rinar dunyo —
O’ylarini qiynaydi o’ylab.

Kulrang bulut quladi oxir,
Parchalandi shu muallaq ko’l.
G’ir-g’ir shamol, g’ir-g’ir yomg’ir,
Suratimni chizib berar yo’l.

Qalqib-qalqib qo’yadi qarab
Tabassumlar yozilgan tuproq.
Chapak chalib, sochini tarab
Bosh yuvadi bir hovuch yaproq.

Yana bulut kezmoqda sarson
Ta’qib etib borar izimdan,
Nafaslarga to’la bu osmon
Uzilmaydir aslo ko’zimdan…

***

Sabolarda o’ynaydi navo,
Ariqlarda suv oqadi shan.
Ohanglarga to’libdir havo,
Benavosan nechun yolg’iz san?

Kuzgi bog’lar shivirlashar jim,
Kuzgi bog’lar kuychi za’faron.
Kuylarmikan shunday yuragim,
Qo’llaringni qo’ygil, mehribon?

Benavosan nechun, dilbarim,
Hayot seni etmasmi maftun?
Maftun etmaydimi gul bargi,
Maftun etmaydimi she’riy tun?

Qara, qanday porloq erur ko’k,
Tingla, qo’shiq aytar yulduzlar.
Bu — oy to’kkan shu’la emas, yo’q,
Bu — navoga aylangan so’zlar.

Ufqlarda yoniq afsona —
Olgin Erkin Vohid she’rlarin.
Oydin yo’llar qo’shig’in, mana,
Yo’llar o’zi aytar, dilbarim.

Sabolarda o’ynaydi navo,
Ariqlarda suv oqadi shan.
Ohanglarga to’libdir havo,
Benavosan nechun yolg’iz san?

***

Og’ir tun, qurir tinka…
Qanday izg’irin kecha,
Bu yomg’ir tinar qachon?
Yerga botadi tovon,
Loy yopishar etikka.

Lekin kutasan hamon
U tanish tol ostida,
Arazing bo’lar tamom,
Qari to’nka ustida
O’ltiramiz yonma-yon.

His va xayol kechasi
Haroratli bir sovuq
Gulxan yoqaman va sen.
Obbo, tamaki ham yo’q,
Meni asta quchasan.

Yomg’ir qorga aylanar,
Ko’zingda kular alam,
Ohista bosh aylanar.
Qayga qochib borar g’am?
Qanday go’zal bu olam!..

***

Mudrab yotar bunda daraxtzor,
Uxlar yupqa muz ostida suv…
Quyosh oyni topolmasdan zor
Botib ketdi, bulut oq parquv.

Zulmat otli shoh kiymoqda toj.
O’z hukmiga olganda uyqu
Uxlab olar olam noiloj.
Bechora tong — uxlamaydi u.

***

Aylanib tushar qor
yo’limga,
Qo’lingni qo’ygil, yor,
qo’limga.

Sen qolding muhr kabi
labimda,
Sen — bir dard asabiy
qalbimda.

Ko’zimga berkitay
va lekin
Yoshday oqib ketma,
seviklim.

***

Og’ushiga olar kunduzni
Kunduz kabi bu yorug’ kecha…
Kechalarning kechalik yodi
Asta tongning mayidan ichar.
Kuzatib qo’y tunlar yodini…

***

Bir so’z bor
Beg’ubor tong kabi go’zal,
Tong chog’i ochilgan g’uncha kabi,
G’unchada shabnam kabi musaffo.
Shirin tuyg’ularning
Shirin farzandi,
Osmon kabi bepoyon ko’zlar sevinchi yanglig’
Bir so’z bor.

Bir so’z bor.
Haqiqat so’zidan ham yuksak
Haqiqatning o’zidan ham yuksak,
Bir so’z bor…

***

Balki o’chgan edim yodingdan,
Shirin xayolingni buzdimmi?
Laylo, Laylo, sening yoningda
Yaproq kabi ko’rdim o’zimni,
Shirin xayolingni buzdimmi?

Seni o’ylab kelmaydir uyqu —
Qora tunning o’zga sehri bor.
Tushlarimda topay deb gulro’,
Men uxlarman mangu, ehtimol.
Go’zal tushlar tilayman, Laylo…

Yana paydo bo’lding yo’limda,
Yana yo’llaringda bo’zladim.
Bechora qalb sening qo’lingda,
Ko’zlaringda mening ko’zlarim.
Nechun paydo bo’lding yo’limda?..

SHABNAM

Umring juda qisqa bo’lsa ham,
Dunyoga shaffoflik bo’lib to’lasan.
Sen jamiki ko’zlarga malham,
Iliq tabassuming bilan o’lasan.

VAQT

Vaqt o’tmoqda,
nonushtasi yo’q,
tushligi yo’qdir uning.
U davomli harakat uyqusida.
Vaqt o’tmoqda.
Sochlarini yular Vaqt,
sovuqqon o’rnimiz ustida.
Derazani oching!
Shamollar kirsin,
xonangiz nafasga to’lsin,
musaffo nafasga.
O’tgan vaqtlar,
bekor vaqtlar ko’rinib tursin
ko’krak qafasdan.
Vatanlikda va Kuyoshlikda
Quraylik!
Quraylik imorat olovli,
navqiron yoshlikdan!
Qani ey, yuguring,
Yuguraylik!
Eshiklardan boshlarni haydang!
Tuproq — Onamizni ko’zimizga olaylik.
Tomirlarga Vaqtni boylang —
temirlarga boylaylik!
Vaqt o’tmoqda.

NOZIMNING SADOSI

Ketdi Nozim.
Kelar Nozim ovozi.
Kipriklarim soqchiligida
mening ko’zim – mening dunyom.
Hasrat yanglig’ mening dunyom,
fikrlarim soqchiligida.
Atrofimda aylanar eng dardli,
eng baxtli tiriklik sayyorasi.
Men uning o’rtasida
jahon kabi katta va norasida.
Ko’z yoshlarim qalbimni ovutmadi,
ko’zlarim yig’lasa,
qalbim yig’lar chorasiz.
Qalbim yig’laganda
ko’zlarim to’kadi achchiq yosh.
Quyosh — bir bosh!
Ko’zlarimni
qalbimdan ayri tutmadim.
Bir sado –
Nozimning sadosi
sochilar millionlarning
son ming ko’chalariga,
dunyoning eng yorug’,
Dunyoning eng qora kechalariga.
Nozim…
Nozim…
Ketdi Nozim.
Qoldi Nozim sadosi.
Sadoning aks sadosi,
Aks sadoning aks sadosi.
Sadoga o’ralashib borar tobora dunyo.
Sado kengliklari
teran bokar menga
Nozim Hikmat ko’zlari ila.

YOSHLIK

Yuragingda, sening qo’lingda
Toza chechak kabi o’ynadim.
Yoshligim, men sening yo’lingda,
Sevintirdim. Seni qiynadim.

Nahot xafa kunlaring o’tgan,
O’zing berdingmi beboshlikni?
Lekin meni otmading o’tga,
Naqadar yaxshisan, yoshligim!

Bir dard bo’lib, bir sevinch bo’lib,
Va bir donishmand bo’lib goh,
Ko’zlaringga qarab yurgin, deb
Etganing bor, yoshligim, ogoh.

Faqat sen uchgil nafasimdan,
Sendan bahra topsin bu olam.
Aytilmagan so’zlarim sendan,
Qilinmagan zahmatlarim ham.

Men bilan bo’l doimo birga,
Ayri tutma meni, yoshligim.
Toza saqlay butun umrga,
Butun umrim, qora qoshligim.

Yuragingda, sening qo’lingda
Toza chechak kabi o’ynadim.
Yoshligim, men sening yo’lingda,
Sevintirdim, seni qiynadim.

***

Muncha g’amgin bo’lmasa o’ylar,
Hijron muncha bo’lmasa uzoq.
Meni o’yla, sog’inib o’yla,
Yolg’iz meni o’yla intizor,
Muncha g’amgin bo’lmasa o’ylar.

Hijron muncha bo’lmasa uzoq,
Holbuki, bir qadam o’rtada.
Oramizni kim buzdi o’zi,
Inonkim, behuda o’rtadi,
Hijron muncha bo’lmasa uzoq.

Meni o’yla, sog’inib o’yla,
Aytsalar-da sevgi uzilgan.
Ishonchsizlik hukmi tufayli,
Xafa bo’lma mendan, o’zingdan,
Meni o’yla, sog’inib o’yla.

Yolg’iz meni o’yla intizor,
O’ylaringda men yashay yakka,
Chunki sevgi atalgan azob
Qodir emas hech yashamakka —
Yolgiz meni o’yla intizor.

Muncha g’amgin bo’lmasa o’ylar,
Qasdi bormi menda, bilmadim,
Har bir olgan nafas ham yig’lar,
Sen og’ir nafassan, dilbarim,
Muncha g’amgin bo’lmasa o’ylar.

***

Hoy, bola-bola, hoy, bola,
Bas qil, shodlik rubobin.
Manna Dunyo bir piyola
Tutar senga sharobin.

Hoy, bola-bola, hoy bola,
Hech qo’rqmasdan uni ol.
Bir piyola, bir piyola,
Dunyo g’ami icha qol…

SO’ZLAR

Darak gap — Inson.
Undov gap — Inson!
So’roq gap — Inson?
Yashamakni o’rgatar so’zlar.
Ba’zan ko’ksimizda tashigan jonni
tashlamakni o’rgatar so’zlar.
So’zlar kerak, Bosh harflarda yaralgan.
Bosh Harflardan yaralgan so’zlar.
Bolari so’zdoni bir ajib,
so’zlardir peshonada to’plangan ajin,
qo’llarimiz fikrchan so’zlardir.
Haddan ziyod go’zal so’zdir — Turon.
— «Assalomu alaykum» — bu tonglar otishi.
«Va alaykum assalom», «Yaxshimisiz» — bu yo’l.
«Xayrli tun» — bu Quyoshning botishi.
Yo’ldagi kishi, juda ajoyib jumlaga o’xshaydi.
Olijanob so’zlarga o’xshaydi — Yer shari.
Yashamakni o’rgatar so’zlar.

OHANG

Seni, ohang, ey g’amli ohang,
Tanimasdim, bilmasdim oldin.
Tomirimda xun talashur jang,
Shuncha g’amni qaerdan olding?

Bilmasmidim, yorug’ dunyoda
Shuncha alam, shuncha iztirob.
Qayg’ularda tuyg’ular yondi,
Zaharmi simirdi xotirot?!

Yomg’ir go’yo diyda yoshidan,
Nechun yaralandi tushuncha?
Alamlarga timsol o’xshaydi
Tong chog’ida ochilgan g’uncha.

Dilgir-dilgir yulduzlar yonar,
Oy o’zini otadi hozir.
Mening o’ychan, mehribon onam —
Yer sharidan olingan tasvir.

Yo’q, sen ohang emassan. Yolg’on.
Sen qalbimda eshilgan nido.
Sen ham menga o’xshagan Inson,
Sen ham dunyo, shu Turkiy Dunyo.

***

Dilgir musiqa oqardi,
U payt so’zsiz va parishon
Bir-birimizga boqardik.
Seni aldamayman… Ishon…

Dilgir musiqa oqardi.
U payt ko’zing edi — ma’no,
Soxta tuyulardi so’zlar.
Orzularim kabi navo —

Sening kabi mislsiz go’zal.
U payt ko’zing edi — ma’no.
Oqshom. Turkiston va yomg’ir,

Sen yonimda. Sen… yonimda…
Asta to’xtar bu kuy og’ir.
Kuy bo’lib qolding yodimda.
Oqshom. Turkiston va yomg’ir.

ALIFBE

A, Be, Te,
Ona, mana non.
Bu nima?
Bola biyron.

A, Be, Te,
Urush, qirg’in, qon.
Bu nima?
Bola hayron.

A, Be, Te…

***

Bir qushcha derazam yonida
O’tirar parishon va g’arib.
Yig’laydi, ko’zlari yonadi,
Ko’zlari ikkita marvarid.

Bir ajib navoga o’xshaydi,
Shoirga o’xshaydi bir hassos,
Miskin soz chalmoqqa u shaydir,
Dardiga bordir-ku bir asos.

Men unga qarayman ohista,
Men qushcha holiga yig’layman.
Va lekin bilmayman ne istar,
Bilmayman, hech qachon bilmayman…

XOKKULAR

1.
O’tmishlarning yodi qolsin,
Kelajakning orzusi –
Ikkisi ham bo’lmasa yolg’on.

2.
Sokin turar bir daraxt salobat to’kib,
Bir so’z demas… hech qachon.
Aqlli ko’rinar balki shuning-chun.

3.
Dilimda bir so’z bor edi,
Bu so’z meniki edi. Aytdim-u,
Men so’zniki bo’ldim ortiq.

4.
Men o’zimdan o’zim kulaman,
Baxtiyorman go’dak singari
Kula bilganimdan.

5.
Umrimni sovurding deb,
G’azabigni sochma menga.
G’azab sochgan umrin sochmasmi?!.

TANKA

Ayt-chi, meni unutdingmi –
Gullarim qonlar yutdimi?!
Unutdingmi, eh, bir yo’la:
Yorug’ dunyodan o’tdimi
Muhabbatim ekkan gullar?!.

***

Sevar edim beishonch, bedod,
Olis do’stim – berahm hamdam.
Hadya etding bir latif xanda,
Shunday aldab qo’ydi xayolot.

Qolding isming bilan umrbod,
Huzurimda yashnab ochilding,
O’ksik ko’ksim uzra otilding,
Shunday aldab qo’ydi xayolot…

***

Qoralovchi
Va olti qit’a bo’ylab
Mo»tabar iz tashlab oralovchi,
Muhabbating – erkingdir.
Dunyo sahnasida suhbating erkindir.
Shodlikdan hayqirasan –
Qaydadir, kimdir tug’ilgan dam.
Qayg’urasan –
Qaydadir, kimningdir umri tinsa.
Nechog’liksan,
Kishilikka bog’liqsan,
Shunday chin yurakdan bog’liqligingdan
Erkinsan,
Ey, qutlug’ odam!

***

Gavjum edi odam,
bari jiddiy.
Barin
miyasiga joylangan bu olam.
Bular oldin shunday samimiy edilar
Salom berging kelar edi tanimasang ham.
G’ash ila yuksakka chiqarlar,
G’ash ila tusharlar,
Har kim o’z yo’liga odimlar,
Bari borar manzili tomon.
Uzun yo’lda tushib qolar bir-bir
odimlar,
yuzlarida, ko’zlarida qotgan bir savol:
“A?!” demoqchiga o’xsharlar.

***

G’uncha qalbi mening qo’limda
Go’yo eslar:
Portlashlar, o’q va porox isi
Qolganini ming bor o’limdan.
Essiz, qon qusib
Kechgan damlar;
Go’yo so’zlar so’zsiz:
Hushyor bo’linglar!
Faqat gullar isi anqisin,
Odamlar!
G’uncha qalbi mening qo’limda.

***

Ey Dunyo,
orzularing mening orzumdir,
tashvishlaring mening tashvishim.
So’zlaring mening so’zimdir,
ko’zlaring ko’zlarimdan olgan to’tiyo.
Kel, yummaymiz ko’zlarni
abadiy ikkimiz, ey dunyo.

***

Yomon tushlar ko’raman ba’zan,
Yomon tushlar ko’rar butun iqlimda.
Odamzod,
ko’rmishim terilar aqlimda,
ko’rmishim uzoq.
Jahannam sarguzashti
yumilgan ko’zlarimda yashiringan,
oyoqlar bosh uzra oshirilgan,
boshlar yotur oyoq ostida.
Yulingan qo’llarimdan qon otaman,
murdalarni uyg’otaman.
Yomon tushlar ko’ramiz ba’zan,
qaydandir qo’lansa hidlar,
ayniqsa,
istasa jahonni bulg’amoq,
alqissa,
bo’lurmi tinch orom uyquda uxlasa?!.

***

Hayot asari yo’q ularda:
g’animlar,
misterlar,
janoblar,
qo’shmachi jalloblar,
shohona saroylarda,
shohi ko’rpalarda
qon yalagan xonimlar,
o’z o’tiga o’zi qovrilg’uvchi xo’jalar,
murda kabi, o’lim kabi xotirjamlar –
hayot asari yo’q ularda.

***

Quyosh yuzin to’sguday
yuksaklarga o’rmalar,
hayqirar vulqon,
ko’m-ko’k o’rmonlar,
okeanlar ko’zguday
chil, chilparchin,
qon, qon, qon
vayrona jahon uzra
yo’qlik to’kar achchiq yosh.
Yo’q! Shuning uchun
sen bunyod bo’lmading, ey quyosh!

***

Ehtiyot boq his va tuyg’uga,
Tuyg’ular aldovchi bo’lmasin.
Sherik bo’lma mening qayg’umga,
Hasratimga sherik bo’lma sen.

Xafa kezlarimni yodlama,
Seni hafa ko’rmasin ko’zim.
Kulgani kel shodlana-shodlana,
Quvongani kelgin, azizim.

***

Go’yo osmon durlar uzatdi,
Yomg’ir yog’di, chamanlar kuldi.
Dog’larini yuvdi gullarning
Tabiatning go’zal ijodi.

Pushaymonlar qurshadi dilni,
Yana dardlar qo’pdi ko’p og’ir.
Yashnatgani kabi ul gulni
Qalb dog’ini yuvsaydi yomg’ir.

***

Sevmasliging mumkin-u, ammo
Goho tushda, goho bir ro’yo,
Goho qog’oz yuzida paydo
Bo’lib, g’ashlaringga tegarman –
Sira o’lmasman.

Ko’zlaringni pardaday to’sgum,
Achchiq chaqir tikanak kabi
Sening yurar yo’lingda o’sgum,
Unutmassan meni abadiy –
Unitolmassan.

H.ga

So’ylemekde o’lmez, so’ylememekde.
A. Kurchayli

Uzoq yillar so’ngida qalbim
Sizni topgan edi, ehtimol.
Men o’zimni tushunmay qoldim,
Xijolatlar chekib va lol.

Tushunmayman, bo’laman hayron,
Qaydan keldi bu ozurda g’am.
So’zlash mumkin emas bu zamon,
Mumkin emas so’zlamaslik ham.

A. A.ga

Smeyalis` lyudi za steney,
Smeyalis`, vse taki smeyalis`.
Yevg. Yevtushenko

Biz kuldik. Kulamiz hali ham,
Balki mazax kabi eshitilgan.
Biz kuldik, kulamiz hali ham –
Kimningdir yuragini tilgan.

Baxtli kunlarimiz juda ko’p,
Xafa o’tgan kunlardan ko’ra.
Asli baxtni kimlardandir-ku
YO tortib olamiz, yo so’rab.

Biz yaratgan baxt juda kichik,
Inson degan nomimiz uchun,
Bir zamonda ketadi uchib –
O’zimizdan rozi bo’lgan kun…

Biz baxtli yo badbaxt bo’lsak-da,
Shodlikni his eta olamiz.
Hislarni saqlolmay yurakda
Biz kulamiz, lekin kulamiz…

***

Talpinadi, shunday kuladi
Ko’m-ko’k o’rmon va tiniq daryo,
Daryo uzra oy ham quladi
Yer husniga bo’lib mahliyo.

Talpinadi yashil dalalar,
Yelkasida tutib otini –
Quyosh shirin o’ylarga to’lar,
Bugun yozar gul ijodini.

Charchash bilmay, majja qoqmasdan,
O’zi berib o’ziga baho,
Mag’rur mehnat qo’shig’i bilan
Talpinadi o’lkada bahor.

***

Kulgan paytlarimiz juda ko’p,
G’amgin o’tgan kunlardan ko’ra.
Asli baxtni kimlardandir-ku,
YO tortib olganmiz, yo so’rab.

Biz yaratgan baxt juda kichik
Inson degan ismimiz uchun,
Bir zamonda ketadi uchib
O’zimizdan rozi bo’lgan kun.

***

Buzma shirin uyqungni hech sen,
Uxlama desam ham nechalab,
Mayli uzun kechalar kechsin,
Mayli, mahzun kechsin kechalar.

Lekin tonglar uxlama sira,
Kechalarning haqqi juda ko’p.
Kechalardan qolgan xotira
Yuragimni yoritgancha yo’q.

***

Osmon marvaridlar uzatdi,
Yomg’ir yog’di, chamanlar kuldi,
Dog’larini yuvdi gulning
Tabiat ijodi.

Eski dardlar ezar ko’p og’ir,
Pushaymonlar qurshaydi dilni.
Yashnatgani kabi gulni
Qalb dog’ini ham
Qani endi yuvsa yomg’ir.
Qayoqda!
Qanday dahshat oyoq izlari
Qolib ketgan bo’lsa yurakda.

***

Iztirobim, yoniq o’ylarim,
Mening uchun faqat havasmi?
Senga bo’lgan ishqim va mehrim,
Hayotga muhabbatim emasmi?

Tashvishlar yo’q deb kim aytdi,
Qayg’u yo’q deb kim aytdi, erkam?
Shodliklaring agar qanchadir,
Shuncha bo’lar tashvishlaring ham.

Uzun kunlar porlaydi yodda,
Mening jondan ortiq sevganim.
Qancha baxtli bo’lsam hayotda –
Shuncha qayg’u boshimda manim.

***

Ayt-chi, meni unutdingmi,
Meni unutdingmi, nahot?
Gullarim qonlar yutdimi,
So’ldimi beqadr, bebaqo?

Ayt-chi meni unutdingmi,
Unutdingmi, eh, bir yo’la?
Yorug’ dunyodan o’tdimi
Muhabbatim ekkan gullar?

***

Kuz yellari yo’limda to’zg’ir,
O’rar oltin barglarni quyun.
Iztirobi naqadar og’ir,
Hasratlari uning ko’p qiyin.

Kuz yellari yo’limda to’zg’ir,
Yer tishlab yotadi yaproqlar.
Shoxlarda yashnagan va mag’rur,
Qani abadiy yoshlik choqlar.

***

Mag’rurlarga men ham mag’rurman.
R. G(amzatov)

Mag’rur bo’lsang men ham ko’p mag’rur,
Tog’dan kelsang ko’kdan kelurman.
Bo’lsang g’urur mayidan masrur,
Yelday kayfing bo’lib yelurman.

Kamtar bo’lsang va kamtarona
Ishonchimdan ayira bilsang –
O’z umrimga o’zim ishonmam,
Men umr deb atagan bo’lsam.

***

Jigarbandim, ko’zim yo’lingda,
Sen ruhimda ochila qolding.
Bir hid kabi sochila qolding,
Jigarbandim, ko’zim yo’lingda.

Go’zallarning go’zali onang
Sevimlidir hamda mehribon.
Uni sendek sevaman, inon,
Go’zallarning go’zali onang.

Bir dunyocha mehrim bor senga,
Hislarimning javhar ushog’i,
Tug’il, erkam, ochay quchog’im,
Bir dunyocha mehrim bor senga.

ALLA

Mehrim bir dunyo o’zi,
Unda qanot qoqay men.
Quyoshing bo’lay, qo’zim,
Daryo bo’lib oqay men,
Alla-yo, alla.

Seni asradim oylar,
Yuragim – qafasimda,
Ko’kda yulduzlar, oylar,
Sen mening nafasimda,
Alla-yo, alla.

Kutar sening farmoning
Oyoq tegmagan yo’llar.
Boshingga ol dunyoni
Gullar qo’llar, sof gullar,
Alla-yo, alla…

Rauf Parfi. Ko’zlar

Rauf Parfi. Ko’zlar by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 2 644, bugungi 1)

Izoh qoldiring