Abdug’afur Rasulov. Jasur qalam sohibi

erkin-azam

Маълумки, ижодкор шахси, асарлари борасида фикр юритиш асносида, адабий портрет яратишнинг йўсинлари кўп. Биз Эркин Аъзам ижодини ёзган асарларига тақриз битиш йўлидан бориб ёритишни маъқул кўрдик.

012
Абдуғафур Расулов
ЖАСУР ҚАЛАМ СОҲИБИ

001

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиётимизга янги авлод кириб келди. Истеъдодли ёзувчи Эркин Аъзам ана шу авлоднинг пешқадамларидан бири сифатида фаол ижод қилиб келмоқда.
Адиб ижоди билан танишган китобхон кўнглидан камида икки савол-жумбоқ ўтади.
Биринчиси: нега ёзувчи шу пайтгача роман ёзмаган?
Иккинчиси: ёзувчи қамровни кенг олиб, теранликни бой бермаганми?
Маълумки, ижодкор шахси, асарлари борасида фикр юритиш асносида, адабий портрет яратишнинг йўсинлари кўп. Биз Эркин Аъзам ижодини ёзган асарларига тақриз битиш йўлидан бориб ёритишни маъқул кўрдик.
I. 1977 йилда ёш ёзувчи Эркин Аъзамнинг тўрт ҳикоядан иборат “Чироқлар ўчмаган кеча” тўплами нашр этилди. Бошловчи ижодкор одатда маълум ҳаёт малакасига, ёзиш тажрибасига эга бўлгач, тўплам тайёрлашга киришади.
Биринчи тўплам – рағбат, ижод оламига йўлланма, ёш ёзувчи ҳаётининг унутилмас воқеаси. Эркин Аъзамнинг биринчи тўпламидаги ҳикояларида қишлоқ ва шаҳар ҳаёти, ёшлик жўшқинлиги ва изланишлари, янгича қарашлару миллий удумлар акс этган.
“Сой бўйи, чимзор…” ҳикоясининг қаҳрамони Жалил Норбоев – ёш мутахассис. У янги жамоага ишга келган. Иш бор жойда баҳс, тортишув, гоҳо асаббозлик бўлади. Норбоев ишидан, касбидан нолимайди, лекин, ажаб, қачон қисинса, дунё кўзига тор кўринса, қишлоғи, сой бўйи эсига тушаверади.
“Теракзор сой бурилган жойдаги жарликка келиб тугайди. Жарлик қиррасида илдизлари очилиб сойгача тушган бир туп туғдона сувга эгилиб турибди. Пастда булоқ, тубида патак илдиз босган майда чағир тош. Булоқ теграсини силлиқ кўкиш харсанглар қуршаган.
Чашма суви доим муздай, харсанглар эса илиқ бўларди. У шошилмай ечиниб, булоқ сувига тикилганича харсанг устида узоқ ўтирарди”.
Булоқ бўйи… Норбоев қаерда бўлмасин, қандай кайфиятда юрмасин, булоқ бўйи, майда чағир тошлар, кўкиш харсанглар ёдига тушади, уларни қўмсайди.

“Чироқлар ўчмаган кеча” ҳикоясида янги йилни кутиб олиш тасвирланади. Ижарада турган талаба ёшлар Вали ота хонадонида янги йилни кутадилар. Янги йил – барчанинг байрами: ҳамма хонадонга, ҳар бир инсон қалбига ташриф буюради. Ёшлар янги йилни ижара хонадонда кутиб олаётганларини унутадилар: аъло кайфият, ўйин-кулги, ёшлик шижоати уларни бутунлай ром этади. Хонадон эгаси Вали ота – ёлғиз. Унинг кампири вафот этган, болалари, неваралари негадир келишмади. Отанинг дард-дунёси қоронғу. Аммо, у ёшлар кайфиятини бузишни истамайди: ўзини мажбурлаб янги йилни ёшлар даврасида қаршилайди. Янги йилда ёққан қор ҳамманинг кайфиятини кўтаради. Ҳикоянинг “Чироқлар ўчмаган кеча” деб номланишида рамзий маъно бор.

Дастлабки ҳикояларидаёқ Эркин Аъзам ҳаётни, кишиларни сиртдан эмас, ич-ичидан тасвирлаш, кўрсатишга интилади. Ёш ёзувчи асарларида матннинг қурчлиги диққатни тортади.

II. “Отойининг туғилган йили” қиссаси Эркин Аъзамни кенг китобхонлар даврасига ўзига хос ёзувчи сифатида олиб кирди. Қисса лирик руҳи, изчил реализми, пишиқ-пухта характерлари билангина эмас, ҳаётга, кишиларга, воқеа-ҳодисаларга танқидий нигоҳи билан диққатни жалб этди. Қисса қаҳрамони – Барно, Раъно, Назира, Вазира, Жовли, Раҳматилла, Муҳиддинларнинг курсдоши; Зиёхон Аҳмадхонов, Дилора Жўраева, Махсумов, Убайдуллаев сингари домлаларнинг талабаси; Бешоғочдаги безори болалар билан муштлашиб, юз-кўзи ёрилган бола. Хуллас, Асқар Шодибеков Тошкентга келдию ҳаммага отнинг қашқасидай танилди-қолди. У ўзига хос йигит: ғирромлик, сохталик, мақтанчоқлик, тантиқлик билан чиқиша олмайди.

Асқар Шодибеков – ёнғоқ. Аммо шалдир-шулдур қилаверадиган пуч эмас, мағзи тўқ, мазали ёнғоқ. Аҳмадхонов, масалан, талабаларга “Машрабнинг оти нега Машраб?” деган саволни беради. Гуля, Зуля, Диля, Жовлибой, Раҳматуллалар жавоб излайдилар. Асқар Шодибековгина савол бемаънилигини англайди. Аввало, Машраб – шоирнинг исмимас, тахаллуси. Иккинчидан, шоир Машраб бўлгани билан бирон нарса ўзгариб қоладими? Асқар Шодибеков масала сиртида сирғалмайди, илдизига боқади. Аҳмадхоновнинг бебурд саволи сабаб бўлиб, у ўзбек мумтоз адабиётини синчиклаб ўрганади. Масалалар моҳиятига киради.

Асқар Шодибеков – муҳаббат ёшидаги йигит. Аммо унга Барно, Раъно, Вазира, Назиралар ёқмайди. Улар жиддий фикр юритишдан йироқ . Қизлар ялтир-юлтир кийимлари, антиқа талаффузлари билангина диққатни жалб этадилар. Жовлибойлар ҳам ўзига хос одамчалар. Улар зудлик билан кечаги кунларини унутишга, асл моҳиятларини яширишга интиладилар.

Асқар Шодибеков Бешоғочнинг зўрлари моҳиятини ҳам бир муштлашувдан кейин билиб олади. У акаси, янгаси, Убайдуллаев домла, француз тили ўқитувчиси Дилора Жўраевагагина ихлос қилади. Улар билан самимий гаплашади. Асқар Шодибеков тасодифан Рахшона исмли қўшнисига меҳр қўяди. Сиртдан Рахшона оддийгина, паришонхотиргина, чиройи ҳам ўртачагина қиз. Аммо унинг қалбида бир олам гўзаллик бор. Асқар Шодибеков қизни бир кўради – эътибор беради. Икки бор кўради – қизиқиши ортади. Учинчи бор кўради – севиб қолади. Шу қизга уйланмоқчилигини акасига ишонч, қатъият билан айтади.

Эркин Аъзам услубида кесатиқ, пичинг сезилади. Унинг кесатиқлари ўзига хос. Адиб бу услубни асардан-асарга қурчлатиб бормоқда.

III. “Жавоб” – Эркин Аъзамнинг 1986 йилда чоп этилган қиссалар ва ҳикоялардан ташкил топган тўплами. Тўпламга “Отойининг туғилган йили”, “Жавоб” қиссалари ҳамда “Шайтончалар кўчаси”, “Пиёда” ва “Манана” ҳикоялари киритилган.

“Жавоб” – ўзига хос қисса. Асар қаҳрамонлари – Элчиев ва Мастура кўп йиллар бурун “Отойининг туғилган йили” қиссасида хайрлашганимиз Асқар Шодибеков ва Рахшона бўлиб туюлаверади менга. Элчиев Асқарга ўхшаган қишлоқлик. Тошкентда ўқиган, уйланган, бола-чақали бўлган. Элчиев “синган” қаҳрамон – жўшиб курашмайди, мартабага қизиқмайди, “фақир киши панада” деган нақлга амал қилиб яшайди. Лекин у ожиз, нотавон эмас. Асқардаги ўжарлик, қайсарлик, айтганидан тоймаслик унинг ҳам табиатида бор. Аммо у ўзини ҳамиша жиловлаб яшайди.

Аяган кўзга чўп кирар, деган гап бор. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, арзимаган сабаб билан тўрт маст барзанги Элчиевни ўласи қилиб дўппослайди. Элчиевнинг хўрлиги келади: бошини қаерга уришни билмай қолади. Одамни эзиб юборадигани шундаки, катта-катта одамлар анови бойвачча барзангиларни рўй-рост ҳимоя қила бошлайди. Ўзбекчиликнинг нозик томонлари ишга солинади.

Элчиев умрини оиласига – хотини, қизи Жасура, ўғли Камолиддинга бағишлаган эди. Болалигида ўғли ва қизи ниҳоятда ширин, меҳрибон бўлишган. Айниқса, ўғли Камолиддин жуда ювош эди. У вояга етди. Олий ўқув юртига кира олмади. Армияда хизмат қилди. Сўнг ишлай бошлади. Камолиддин ҳам жисман, ҳам руҳан ўзгарди. Кўчадан бери келмай қолди. Ичадиган бўлди. Чатоғи, опасидан ҳам ёши улуғ, эр кўрган Динага айланишиб қолади. Унга уйланмоқчилигини айтади. Элчиев жонига қасд қилади. Тасодифан тирик қолади. Қиссадаги асосий воқеа – шу.

Шўро адабиётшунослигида сюжетнинг тугун, воқеалар ривожи, кульминацион нуқта, ечим сингари қисмлари бўларди. Шу нуқтаи назардан, Эркин Аъзамнинг “Жавоб”и, Асқад Мухтор мазкур китобга ёзган “Бош ташвиш” номли сўнгсўзида айтганидай: “Элчиевнинг қалбида энди кураш руҳи етилганда асар тугаб қолади, афсуски, унинг курашга киргани ва кураш жараёни кўрсатилмаган”. Аслида ҳам шундайми? Менимча, қиссага икки ёзувчи турлича эстетик принцип нуқтаи назаридан ёндашган. Асқад Мухтор социалистик реализмдаги кураш, зиддиятлар тўқнашувини мукаммал ўзлаштирган адиб. Эркин Аъзам ижодида эса коллизиялар тасвирида биз учун янгилик бўлган томонлар учрайди.

“Отойининг туғилган йилида”ёқ адиб воқеаларни ич-ичидан, моҳиятидан туриб тасвирлаш йўсинини тутгани кўринган эди. “Жавоб”да кураш Элчиев онгида, руҳида узлуксиз оқим тарзида давом этади. Қисса сюжети ретрога асосланган. Қаҳрамон ўйлайди, хотирлайди, хаёлан минг кўчага кириб чиқади. Элчиев ўйларида руҳиятидаги ҳолатлар намоён бўлади.

Чуқурроқ қаралса, Элчиев қўрқиб, чўчиб, ўта огоҳ бўлиб яшайди. У олға интилишдан кўра, эришганини асраш-авайлашга кўпроқ эътибор беради. Уни – билимдон мутахассисни юқори лавозимга кўтармоқчи бўлишади. Қаҳрамонимиз ўзини камтару камсуқум тутиб, четда қолаверади. Ваҳоланки, ҳамқишлоқ дўсти Ҳайдар билимда ҳам, ақл бобида ҳам анча тўпори эди. Лекин елди, югурди, бировни “ака”, бировни “ука” деди, ўзини фан соҳасига урди, номзод, доктор, профессор бўлди. Кечаги тўпори Ҳайдар – бугун “Ҳайдар Самадович”, Элчиевни менсимайди.

Элчиев сира таваккалчиликни ёқтирмайди, қисматга ишонмайди. У ўғли, қизини қоғозга ўралган қанддай асрайди. Лекин болаларни ҳаёт ўз домига тортди. Жасура ҳам, Камолиддин ҳам тамоман бошқача одам бўлиб етишди. Элчиев ҳамиша қисиниб-қимтиниб, ғилофда яшаб ўтаётганини англади. Тарки одат амримаҳоллигини чуқурроқ ҳис эта бошлади. Ҳаётдан кетишни тўғри йўл деб билди. Ўз жонига қасд қилиш мусулмончиликка, умуман, инсонийликка тўғри келмаслигини у ўйлаб кўрмади. Шу жиҳатдан, Элчиев – коммунистик мафкура, қўрқоқлик фалсафасининг қурбонига айланди. Мастура, Жасура, Камолиддин, ҳатто қалби тоза, хайрихоҳ Дина ҳам Элчиевга ачинади.

“Жавоб” қиссасини ўқиб, битта одамнинг юрагида шунча гап бор эканми, муаллиф уларни қаердан билди, қандай юзага чиқарди, дея ўйланиб қолади киши. “Жавоб”– Эркин Аъзам ижодидаги муҳим асарлардан бири.

“Пиёда” ҳикояси ҳам алоҳида диққатга молик. Ҳикоя қаҳрамони Бердибой – Парда Қурбоннинг тўнғичи; Музаффар, Гулчеҳра, Гулсанам ва Самандарнинг оғаси. Бердибой – тажанг, ўжар. У қиз боланинг пойтахтга бориб ўқишини истамайди. Унинг дастидан онаси, хотини Ойрўзи, сингилларига кун йўқ: ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ, дейди. Санам Тошкентга кетмоқчи, модельер-бичиқчиликка ўқимоқчи бўлдию Парда Қурбон хонадони тинчини йўқотди. Бердибой отасиникига келдими, албатта, жанжал чиқаради: ота-она асабийлашган, Санам йиғлаган… Охири, она ўғлини қувиб солади. Бердибой бир-икки кундан кейин яна келаверади. У электр чироққа, телевизорга ҳам қарши эди. Бора-бора кўникди. Укаси Музаффарнинг яшаш тарзини ёқтирмайди. Музаффар биринчи хотинидан ажралиб, яна уйланган. Янги келинни кўргач, Бердибойнинг жини қўзийди: кўйлаги – калта, пиёз пўстидан-да юпқа. Энди синглиси Санам шаҳарга кетиб, шу келин билан бир хонадонда яшамоқчи…

Ҳикоядаги Бердибой ўтмишнинг қолоқ кишиси қилиб тасвирланган. Муаллиф кейинроқ шу ҳикоя асосида киноқисса ёзди. Кино санъати деталларнинг аниқ, тиниқ бўлишини тақозо қилади. Ҳикояда Бердибойнинг зооветеринар экани айтиб ўтилган эди. Киноқисса эмланаётган қорамоллардан бири баданига суқулган шприц билан қочиб бораётгани тасвиридан бошланади. Бердибойнинг фаросатсизлиги ўйламай-нетмай гапириб юбораверишида, рўзғор тутишида, хотинини қийнашида кўринади. Ойрўзи ақлли-ҳушли, гап-сўзлари маънили аёл. Аммо у эрининг соясига айланиб қолган, ҳамиша унинг ортидан индамай кетаверади. Ҳолбуки, у қайнонаси, овсин, қайинсингиллари билан очилиб-сочилиб гаплашади. Бердибой ҳамма нарсадан камчилик топишга, ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилади. Лекин, қизиғи, у табиатан кесак, зерикарли одам эмас. Мана, куй янграяпти. Бердибой завқ билан рақс тушяпти. Ҳамма унинг ўйинига қойил қоляпти. Рақс манзараси қаҳрамон ҳақидаги қарашларни остин-устун қилиб юборади. Лекин Бердибойнинг юрагида армон, ота-онасидан гина бор. Бир вақтлар Парда Қурбонни туман марказига ишга чақирганларида у онасини ёлғиз ташлаб кетолмай, Бердибой билан Музаффарни қишлоқда қолдириб кетган эди. Она болаларни ўзи билганича “тарбиялади”. Бердибой инс-жинсга, ажиналарга ишонадиган, янги удумларга душманлик билан қарайдиган бўлди. Бора-бора у қолоқ, ўжар, тажанг бир одамга айланди.

Киноқиссада ранглар гармонияси, товушлар симфонияси, деталларнинг тиниқ ва сероблиги, ҳаётдаги янги қирралар яққол кўзга ташланади. Одамлар руҳидаги ўзгаришлар аниқ сезилади. Янги замонга хос савдо-сотиқ, тадбиркорлик, ишбилармонлик, мақсад сари интилишни кўриш мумкин. Хусусан, асар қаҳрамонларидан бири – Ражаб боди Тошкентда туп қўйиб, палак ёза бошлаган Музаффар билан алоқани яхшилашга интилади.

Эркин Аъзам “Пиёда” ҳикоясини киноқиссага, “Пакананинг ошиқ кўнгли”ни ҳам “Пакана” киноасарига айлантирди. Бадиий асарни киносанъатга айлантириш – ўзига хос, махсус жараён. Бунда ютуқлар қатори йўқотишлар ҳам бўлади. Бадиий асар – арқоғи пишиқ матн демак. Пьеса спектаклга, бадиий асар киносценарийга айланганда, барибир, матнга путур етади. “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссаси билан “Пакана” киноқиссаси қиёсланганда, фарқ кўзга яққол ташланади. Киноқиссада Пакана Шамшодбек номини олган. Асарга яна бир пакана – Дадилбек киритилган. Бирининг бўйи 151, иккинчисининг “адл” гавдаси 149. Шамшодбек уч қиз, Дадилбек шунча ўғил отаси. Шамшод фикрчан санъаткор, юрагида дарди бор одам. Дадилбек – бир қоп ёнғоқ, у билмаган гап йўқ. Унингча, паканалик – ғаройиб неъмат. Ҳамма кашфиёт, не-не муҳим ишларни паканалар амалга оширган. Дадилбек образи “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссасини кинокомедияга айлантириб юбораёзган. Қисса инсон руҳини, санъаткор қарашларини ёритиб берган теран асар, унда юксак эстетик даража бор эди…

IV. Ёзувчи ижодида 1988 йилда нашр этилган “Байрамдан бошқа кунлар” номли қисса ва ҳикоялардан жамланган китоби алоҳида қимматга эга. Китоб ижодкорнинг аввалги асарларидан ҳажман катта, мазмунан теран.

Адибнинг “Байрамдан бошқа кунлар” асарида маълум маънода романга хос концепция сезилади. Муаллиф шаҳарликларни ижтимоий табақаларга ажратишга уста. Услубида фош қилиш, кесатиқ, пичинг етакчи бўлган адиб диққатини кўпроқ енгилтак қиз-жувонлар – капалаклар (учиб-қўниб, гулзорда нозланиб, ороланиб сайр этувчилар) ҳаёти жалб қилади. Қиссада, асосан, уч оила вакиллари ҳаёти тасвирланган. Барно, Баргида, Басира – Афрўза Камоловнанинг эмин-эркин ўсган қизлари. Уларнинг отаси – қариб қуюлмаган чол – Мимо.

Барно замонабоп Чиннибек Қосимовга тегиб олган. Баргида севмади, ўртанмади, зиддиятларга киришмади, лекин Бакирга эга бўлди. Бу аёлда рашк, уйим-жойим деган туйғу, чин ҳузурни ҳис қилиш йўқ. Қандай хоҳласа, шундай яшайди. Ҳеч кимга айтмасдан онасиникига кетиб қолиши, ҳафталаб эрини кўрмаслиги, у ҳақда ўйламаслиги мумкин. Бакир қўнғироқ қилса, гина-кудуратсиз: “Қаёқларда қолиб кетдингиз? Нега келмайсиз? Бугун, албатта, келинг, тадбир бор”, дейиши мумкин. Эри тергагудек бўлса: “Нима бўпти?” деб қўя қолади. Унинг асаби йўқми, деб ҳам ўйлайсан киши. Опа-сингиллар йиғилиб қолишса, оғизлари гапдан бўшамайди. Улар ҳеч нарсани кўнгилларига қаттиқ олмайдилар. Лекин… лозим бўлиб қолса, ҳар қандай тубанликка, аёллик макрига эрк беришлари мумкин. Басира жазманига аччиқ қилибми, кўп миқдорда дори ичиб қўяди. Уни ҳушига келтириш учун она, опа-сингиллари ўлиб-тириладилар.

Мимо – собиқ хонанда, енгилтак одам, қизларнинг отаси. Аммо оилада унинг ота сифатида ўрни, мавқеи йўқ. Бакир Баргида билан яшар экан, бу хонадоннинг чириб, манқуртлашиб бораётганини аниқ кузатади. У қандай осонлик билан уйланган бўлса, шундай осонлик билан Баргидадан воз кечиб кетиши мумкин, аммо…

Қиссадаги асосий қаҳрамонлардан бири – Сафура. У Баргида, Барно, Чиннибек, Басираларнинг дўсти. Асарда хатти-ҳаракатлар, зиддиятлар, мураккабликлар, зиёфатлар марказида Сафура туради.

Сафура – доимий навқиронлик рамзи: унинг ёши ҳечам йигирма олтидан ошмайди. Нима демасин, “браво”, “генацвали”, “о’кей”, “салют”, “мерси”, “чи гап”, “ойбай”, “се ля ви”, “гудбай”, “чао”, “рафтем”, деган сўзларни қўшиб айтади. Сафура бирон жойда ёлчитиб ишламаган. Бир-икки кўрсатувда режиссёрга ёрдамчилик қилган. “Ижоди”нинг юлдузли они шу, холос. Аммо бахил эмас. Икки хонали безатилган уйини Баргидага бериб қўйган. Миша тоға (Муфтилла), Жордес, яна аллакимлар Сафура туфайли Баргидалар тўдасига қўшилиб қолган. Маишатбоз, ўйин-кулгига ишқибоз, шаҳвоний ҳаётга муккасидан кетган одам борки, Сафура уюштирадиган базмларга шамга интилган парвонадек ёпишиб келаверади. Сафурада тўпори Муфтилладан, икки дунёси куйган Мимодан, лўттибоз Чиннибекдан, байрампараст Барною Баргидалардан, ҳатто бўш-баёв, енгилтаккина Бакирдан фарқ қилароқ, ўртанадиган қалб бор, муқаддас олов бор. У ўйнайди, кулади, бировларга яхшилик қилади, бироқ алданаётганини теран англайди. Муҳими, вақти-вақти билан муҳитига сиғмай қолади, “байрам” тўла кунларини дил-дилидан лаънатлайди. Бакир билан суҳбатда Сафура “ёрилади”: “Бояги жойни кўрдингми? У ердагиларнинг бари Сафуранинг болалари, Сафуранинг гуноҳлари. Сафураларни ер ютсин! – У туйқусдан тагидаги тошни муштлаб ҳиқиллай бошлади. – Мен тошман, мана шу тошман! Қани, биратўла тошга айланиб қолсам!”.

Сафура капалаклар ҳаётини, байрамли кунларни, баргидаларни, ўзини фош этади. Мимо, Миша тоға, Жордес, Анвар хўрозлар кўнгилочар кечаларга, кайф-сафога ишқибоз. Сафура иқрорича: “Бошида ҳаммаси яхши кўради, ҳаммасига ёқасан. Биламиз – нима учун! Кейин эса… Эй, ҳамманг бир гўрсан!” .

Баргидалар тўдасини Сафура тарк этиб кетади. Бакир Сафурани соғина бошлайди.

Қиссадаги ўгай бува, Зиёвиддин сингари ҳаётнинг таянчи бўлган кишилар тимсоли китобхонни ром этади. Автобусчи Бакирнинг шаҳар бўйлаб кезиши, бекатлар номини бурро-бурро айтиши ҳам мароқли. Бекатлар Бакирнинг қадрдонлари, бамисоли тирик одамлар. Уларнинг тақдири, атвори, ёқимли-ёқимсиз томонлари бор. Бакир, бир қарасангиз, Марина, Баргидалар тоифасидаги одам, бир қарасангиз – беғубор, болатабиат йигит. Ҳар куни эрта билан касалхонага иссиқ овқат кўтариб борадиган қизча, “Тошкентнинг машҳур туғуруқхона”сида туғилган, ҳали ўзини танимасдан етим бўлиб қолган гўдак тақдири Бакирни эзиб юборади. Насимнинг отаси жасадни узоқ Деҳқонободга олиб кетаркан, Бакир: “йўл бўйи мусибатдорларга қўшилиб баббаробар унсиз йиғлаб, изтироб чекиб борган”. Бу йигит опаси, синглиси, ўгай бувасига меҳрибон. Ўзбекча урф-одатларни ўрнига қўяди. Айни вақтда, у бирмунча енгилтак, байрамона ҳаётга ўч Маринаю Баргидалар шайдоси. Хуллас, Бакир –қиссадаги мураккаб характерлардан бири.

“Байрамдан бошқа кунлар” тўпламига саккиз ҳикоя киритилган. Уларнинг ҳаммаси жонли, тирик тимсолларга эга. Аммо “Анойининг жайдари олмаси” ҳикояси – Эркин Аъзам ижодининг нурли чўққиларидан бири. Рамазон – ҳикоячининг дўсти, кўнгли булоқ сувидай топ-тоза, беғубор йигит. Рамазон – одамохун, фидойи дўст, ҳаётсевар, гўл-ишонувчан, серғайрат, иззат-нафсли. У қаерда пайдо бўлса, ўша ерда хуш кайфият, ишонч руҳи кеза бошлайди. Бошқаларни қўятурайлик, муттаҳам олибсотар ҳам, Рамазонни суд қилаётган юрист аёлу Бешоғочни ётқизиб турғизадиган Тош безори ҳам уни ёқтириб қолади. Рамазон тимсоли – Эркин Аъзам ижодидаги порлоқ машъала, инсонийлик туғи. “Байрамдан бошқа кунлар” тўплами ҳақидаги мулоҳазаларни шу ерда тўхтатмоқчи эдим. Аммо “Боғбололик Кўкалдош” ҳикояси, ундаги Кўкал, ёзувчи, тингловчи Нажмиддин, Майрам тоғчи, мансабдор ўтган Дониёров тўғрисида сўзламоқ лозимдай туюлаверди. Кўклам – Кўкал – Кўкалдош гавдали, содда, меҳнаткаш, дунёга тасодифан келиб қолган бепадар… У меҳр кўрмаган. Майрам тоғчи уни қарғагани-қарғаган: она ҳам боласини шунчалар титраб-қақшаб дуоибад қиладими? Кўкал – бепарво: отасизлиги, онасининг қаҳр-ғазаби, ўзидан анча кичик болалар билан синфдош бўлиб қолгани унга гўё аҳамиятсиз. У тинимсиз меҳнат қилади, катталар изнидан чиқмайди, лекин гап эшитаверади, калтакланаверади. Кўкал – боғбололиклар жумбоғи… Нажмиддин бот-бот ёзувчи оғасидан Кўкал ҳақида ёзишни илтимос қилади. Ниҳоят, ёзувчи Кўкал ҳақида ҳикоя битади. Асар ўзига хос, жозибали, тез, завқ билан ўқилади.

Эркин Аъзамнинг “Гули-гули” қиссасини ўқиган китобхон Мўмин – Маймунда Кўкални таниб қолади. Ҳа, Кўкал “Гули-гули”даги Маймун… Бироқ, “Боғбололик Кўкалдош”да муаллиф итоаткор, меҳнаткаш, инсофли қаҳрамон тимсолини яратган. Маймун – довдиргина, бетсизгина, шаҳвоний ҳирсга ружу қилган ҳайвонсифат кимса. Қиссада унинг онаси ҳақида айтарли гап йўқ, отаси инсофсиз, жоҳил одам бўлгани айтилади, холос. Ҳикояда Кўкални муаллим бекордан-бекор уриб кетади. “Бепадар ҳароми!” дейди. Нега? Муаллим – Дониёровнинг укаси, оғасининг қилмишларини яхши билади. “…Мана шу Кўкалнинг онасини – сабил қолган етимча қизни тоғдан Дониёров олиб келган, бирмунча муддат хонадонидан жой ҳам берган…” Дониёров вафот этганида дафнга ҳамма қатнашди, “ёлғиз Майрам тоғчи келмади азага. Темирчи эрининг кўзи олдида, ундан орттирган беш боласининг кўзи ўнгида сочларини ёйганча ҳовли айланиб, танҳо ўзи садр тушганмиш у…”

Кўкал ҳам Ойтуманни “хилват ёнғоқзорга бошлаб кириб” ўзиники қилиб олган. Аммо бу бошқа ҳол, бошқа манзара.

“Гули-гули” қиссасида Маймуннинг маймунликлари, Олма келин, Мусаллам кокилдорнинг хиёнати ҳақида ёзилган. Шарм-ҳаё, инсоф-иймон кўтарилган жойда файз-футур, қут-барака бўлмайди. Инсонларнинг қорнини тўйдириш, билимли қилиш яхши, лекин маънавиятли, дин-диёнатли, ҳаромдан жирканадиган этиб тарбиялаш – энг асосий масала. Эркин Аъзам асарларида Ёзувчи (“Ёзувчи”), Болта Мардон (“Сув ёқалаб”), Элчиев (“Жавоб”), Баҳром (“Қарздор”), Жонибек (“Фаришта”), Рамазон (“Анойининг жайдари олмаси”) сингари нурли қаҳрамонлар кўп.

“Боғбололик Кўкалдош” ҳикояси ва “Гули-гули” қиссасининг қиёси ёзувчи лабораториясининг сир-синоатини англашда муҳим омилдир.

V. Эркин Аъзамнинг 2001 йилда чоп этилган уч қисса, уч ҳикоядан иборат “Пакананинг ошиқ кўнгли” тўплами – катта муаммолар, ёрқин характерлар китоби. “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссаси илк бор шу китобда босилган. Кейинчалик у бошқа тўпламларга киритилди, киноқисса қилинди. Бу – ўзига хос, ички зиддият, мураккаблик, қизиқарли тафсилотларга бой асар. Пакананинг сирти, ташқи кўриниши ҳазил-мутойибага тортади, ҳангомабоп. Бўйинг калталиги ҳақидагина шунча кўп гапни ўзига хос услубда гапириб бериш мумкин экан-да. Пакананинг уйланиши, ота бўлиши – алоҳида ҳангома. Пакана ва рассомлик. Бу жабҳадаги интилишлар… Ниҳоят, Пакананинг ошиқ кўнгли тасвири: сержилолик, сертуйғулик… Пакананинг ширин орзулари… Хаёлдаги малаклару ҳаётдаги жўн, ташвишбанд аёллар… Хуллас, ёзувчи Пакана ҳақида пишиқ-пухта асар яратган.

“Шоирнинг тўйи”, “Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати” қиссаларида ҳам – Эркин Аъзам ижодининг ўзига хос қирралари намоён бўлган. Адиб “Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати” қиссасида памфлет руҳ – моҳиятидан унумли фойдаланган. Қиссада бамисоли вакуумдаги ҳаёт тасвирланган.

“Шоирнинг тўйи” қиссаси “Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати” билан гўёки Ҳасан-Ҳусан, ялакатмағиз. “Шоирнинг тўйи” қиссасидаги воқеалар социализмнинг сўнгги йилларида рўй беради. Асар имо-ишора, рамз, умумлашмаларга бой. Қатағон қилиниб, кейинчалик оқланган Оташқалб шоирнинг таваллуд тўйи ҳарбий асирлар томонидан қурилган машҳур кошонада ўтяпти. Катта залда ҳамма жамулжам: Оташқалбни қаматишга “муносиб” ҳисса қўшган Оқсоқол шоир, Ажойиб домла, Маъшуқахоним; мавжуд мафкура тизгинини маҳкам тутиб турган Мафкурахоним; Тепакал, Темирйўлчи, Жиянбека, Заҳматкаш олим, Жасур шоир, Дарбон, Таъқибкор, Оташқалб шоир (руҳи). Қиссадаги ҳар бир образ умумлашма хусусиятга эга. Муаллиф Оташқалбни йўқ қилган Оқсоқол шоир дегандек эса-да, аслида, Оташқалбни маҳв этганлар кўп бўлган. Эркин Аъзам Оқсоқол шоир образини чизар экан, Оташқалбнинг қамалишига ҳисса қўшганларнинг қилмишини ўрни-ўрни билан кўрсатиб боради. Ажойиб домла ҳам умумлашма тимсол. Ўтган асрнинг ўттиз-қирқинчи йилларидаги қатағонларга шоиру адиблар қатори ана шундай домлалар, амалдорлар, санъаткорлар ҳисса қўшгани маълум.

Қиссадаги ўзига хос образлардан бири Мафкурахонимдир. Шўро даврида, айниқса, миллий республикаларда мафкуравий ишларга алоҳида эътибор берилган. Коммунистик мафкурани мустаҳкамлаш учун миллий қадриятлар атайин оёқости қилинган. Мафкура масалалари билан енгилтак, миллий илдиздан узилиб қолган кишилар шуғулланган. Мана, қатағон қилинган, халқ талаби билан номи, асарлари оқланган Оташқалб шоир тўйи ўтказиляпти. Ҳукумат номидан тўйбошчилик қилаётган Мафкурахоним: “Қани, домланинг ўзлари келдиларми?”, деб қолса бўладими?! Ҳамма бир-бирига қараган, ҳамма хижолат”.

Шоирнинг тўйида ҳамма тўлиб-тошиб ўтирибди, айтилаётган ҳар бир гап қалбларда акс-садо беряпти. Биргина Мафкурахоним бепарво, хаёли бошқа ёқда. У залда ўтирганлар орасида Тепакални – собиқ жазманини кўриб қолади. Хаёл қурғур уни бошқа ёқларга, шаҳвоний хотиралар бағрига олиб кетади. Жасур шоир, Темирйўлчи куйиб-ёниб ҳақиқатни тиклаяптилар; Оқсоқол шоир, Ажойиб домлалар зўр бериб кечаги айбларини хаспўшлашга уринмоқдалар; Мафкурахоним эса бутунлай бошқа нарсаларни ўйлаб ўтирибди.

Қиссада Жиянбека, Оташқалб шоирнинг ёшликдаги дўсти образлари бор. Жиянбека Оташқалбни кўрмаган, шеърларининг ашаддий мухлиси ҳам эмас. Ҳозир шундай вазият пайдо бўлдики, Жиянбека катта амалга миниб қолиши мумкин. У имкониятни бой бермайди. Оташқалбнинг сўнган юлдузи қайта порлай бошлагач, унинг дўстлари, жабр чекканлар сони ортиб қолади. Анжуманда ногирон, абгор Оташқалб шоир тимсоли пайдо бўлади. Аслида, йиғилганларга Оташқалбнинг кераги йўқ. Улар Оташқалбга бағишланган тадбирни ўтказиш учунгина келган, холос.

Тантанали тадбир чоғи Жасур шоир ва Оқсоқол шоир авлодлари аро кураш кетади. Мана шу ҳодиса ҳаётда рўй берган. Улуғ шоир номидаги театрда кечаги авлод билан бугунги ёшлар ўртасида рўй-рост кураш бўлиб ўтган. Анжуманни Мафкурахониму бошқа хонимчалар бошқарган. Ўша йиғилишда шаклланаётган авлод ўз имкониятларини бус-бутун намоён этган эди.

“Пакананинг ошиқ кўнгли” тўпламига “Навоийни ўқиган болалар”, “Бизнинг тоға”, “Таъзия” ҳикоялари ҳам киритилган. Уларнинг қаҳрамонлари ҳар хил тоифа, феъл-атвордаги кишилар. “Навоийни ўқиган болалар” ҳикоясида уч курсдош – икки ошиқ ва Малика образи яратилган. Қиш. Совуқ. Уч курсдош янги йилни кутиб олгач, кўчага чиқишади. Маликани уйигача кузатишмоқчи. Йўловчи машиналар катта пул сўрайди. Икки дўстда эса пул йўқ ҳисоби. Хуллас, бир машина уларни олиб кетади. Бора-боргунча ёшлар Навоий шеърларини ўқишади. Машина эгаси шинаванда одам экан, ўқилаётган ғазалларга маҳлиё бўлади. Манзилга етгач, пул олмайди. Икки дўст-курсдош Маликани севади. Қиз ҳикоячи – ровийни яхши кўради. Жаноб – Жанобиддин Сайфиддинов дўстлари йўлига ғов бўлмайди. Умрини Навоий ижодини ўрганишга бағишлайди. Фан номзоди бўлади. Лекин Жаноб табиатига чин ошиқлар фазилати сингиб кетган. ХХI аср бўсағасидаги жўшқин, тезкор ҳаёт Жанобни четга суриб чиқара бошлайди. Тасодифан у руҳий хасталиклар шифохонасига келтирилади, шу ерда вафот этади.

“Бизнинг тоға” ҳикоясида кесатиқ, пичинг кучли. Ҳаётда Муҳаммад Ғазанфарга ўхшаш “диғоним диғон” тоифасидаги кишилар кўп. Бу ҳикоядан “Санъаткор”, “Майиз емаган хотин” (Абдулла Қаҳҳор) сингари асарларнинг нафаси келиб туради.

Эркин Аъзамнинг асарларида ўзига тортувчи оҳанрабо бор. Муҳими шуки, ёзувчи асарлари орасида эскириб, замонга мос келмай қолганлари кам. Инсонни тасвирлаган, унинг қалбига йўл топган асар ҳеч қачон завол кўрмайди.

VI. Эркин Аъзамнинг 2002 йилда нашр қилинган “Кечикаётган одам” номли тўплами ҳажман катта ва салобатли. Унга адибнинг “Отойининг туғилган йили”, “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Шоирнинг тўйи” қиссалари, “Пиёда”, “Пакана” киноқиссалари жамланган. Бошқача айтсак, адиб шўро даврида ёзган асарларини мустақиллик йиллари ўзбек адабиёти рўйхатидан ўтказган. Эркин Аъзам ҳамиша инсон руҳини, тийнатини асос деб билгани боис, асарлари эскирмади, замон танловидан тушиб қолмади.

Ўтган асрнинг охири – жорий асрнинг аввалида бадиий асарни экран ё саҳнада кўрсатиш, эшиттириш имконияти кенгайди. Бу жиҳат Эркин Аъзамовга ҳам тааллуқли. Адиб “Пиёда” ҳикоясини, “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссасини экран асарига айлантирди. Унинг “Сув ёқалаб”, “Забаржад”, “Қарздор”, “Фаришта” асарлари киноқисса шаклида пайдо бўлди: китоб ҳолида ўқилди, кино сифатида намойиш этилди.
Бадиий асарни саҳнада кўрсатишнинг хос сир-синоатлари бор. Эркин Аъзам “Жаннат ўзи қайдадир”, “Шажара” драмаларини ёзди. Бу асарлар ҳали танқидчиликда ўз баҳосини олгани йўқ.
Хуллас, Эркин Аъзам – ҳозирги ўзбек адабиётида ҳикоянавис, қиссанавис, киносценарист, драматург сифатида ўз ўрни ва мавқеига эга ижодкор.
003

(Tashriflar: umumiy 415, bugungi 1)

Izoh qoldiring