Шуҳрат Ризо. Усмон Азим ижодий портретига чизгилар

085
Назаримда, Усмон Азимда доим ёшлик уфуриб туради. Бинобарин, мен таниган чамаси ўттиз йиллардан бери Усмон Азимни ҳамиша навқирон бир алпозда тасаввур этаман. Гарчи бир оз сергаплиги ошиб бораётган бўлса-да, қилиқлари ўша-ўша, ёниб-куйиши ўша, эҳтирослари ўша, сабрсизлиги, «мақтанчоқ»лиги, ёқимтой «жинни»ликлари ўша. Шу санаганим ва яна санамаганим хислатлари ичра Усмон Азим ҳамиша шоир, файласуф шоир, катта шоир. У ҳамма нарсани шеър қила олади, ҳамма нарсадан шеър ясай олади. Йўқ, шеър деганда, туроғу қофиянигина назарда тутаётганим йўқ. Бу-ку ўз-ўзидан. Унинг шеър дегани ҳамиша фикр, одам, тийнат ва табиат…

Шуҳрат Ризаев
«ҚИЙНОҚ, СЕНГА БЎЛСИН ШАРАФ!»

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг шеъриятида ўктамлик ва тетик руҳ мавжуд. Шоирнинг жўшқин эҳтиросларга йўғрилган:

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Замин – тилсим, осмон – тилсим… шеър – бешафқат –

сатрлари билан бошланувчи салгина рус «шестидесятник»ларига эргашиб, аммо тамомила ўзига хос бир шиддатда ёзилган шеъри уни, шубҳасиз, долғали шоир сифатида эътироф топдирди. Ўша шеърдаги: “Қийноқ, сенга бўлсин шараф!” сатри ва энг сўнгги: “Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак, Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!” мисралари унинг ҳаёт аъмоли, шеъриятининг бош маёғидек тасаввурни барқарор қилди.
Ҳақиқатан ҳам, кеч кузак – кўҳна адабиётимиз, шеъриятимиз бағрида отаётган тонг мисол ўнгу сўлга аланглаб янги, навқирон шеърий нафас пайдо бўлаётган эди. Табиатда кўрилганидек чароғон юлдуз, яъни, шеър устозлари фонусларидан ёруғроқ, уларни ўчирмоққа, ўзиникини тасдиқ этмоққа қодир саркаш руҳ ял-ял ёниб пайдо бўлаётган шафақ каби қизғин, оташ нафаси ила кириб келаётган эди. Унинг шиори қийноқ, яъни, ўзни излаш, “қалбга пичоқ санчиб” – уни беаёв титиб, ўзликни ифода этмоқ, муттасил ҳайратлар уйғотиб, дунёни сиру синоатга кўмиб яшамоқ эди.
Шунданмикан, назаримда, Усмон Азимда доим ёшлик уфуриб туради. Бинобарин, мен таниган чамаси ўттиз йиллардан бери Усмон Азимни ҳамиша навқирон бир алпозда тасаввур этаман. Гарчи бир оз сергаплиги ошиб бораётган бўлса-да, қилиқлари ўша-ўша, ёниб-куйиши ўша, эҳтирослари ўша, сабрсизлиги, «мақтанчоқ»лиги, ёқимтой «жинни»ликлари ўша. Шу санаганим ва яна санамаганим хислатлари ичра Усмон Азим ҳамиша шоир, файласуф шоир, катта шоир. У ҳамма нарсани шеър қила олади, ҳамма нарсадан шеър ясай олади. Йўқ, шеър деганда, туроғу қофиянигина назарда тутаётганим йўқ. Бу-ку ўз-ўзидан. Унинг шеър дегани ҳамиша фикр, одам, тийнат ва табиат…
Усмон Азим гарчи шеър дунёсидаги бепоён кенгликларда руҳий парвознинг авж даражаларига кўтарила олган эса-да, у ёйилиброқ сўз айтишга, очиқроқ фикр, муносабат билдиришга мойил бўла бошлади. Шу тариқа унинг прозаси ва драмалари яралди.
Усмон Азимнинг драматургиядаги илк тажрибаси «Бир қадам йўл» бўлди. Олдинга кетиб айтай (бунинг учун Усмон Азим мендан ранжимас) унинг шу кунгача ёзган ўндан ортиқ пьесалари шоирлигичалик эмас. Аммо, яна бир ҳақиқат шуки, улар ҳам истеъдодли ижодкор қаламидан тўкилган битиклар.

I

Бир қадам йўл – умр йўли, туғилмоқ ва ўлмоқ ораси. Инсоннинг ҳам қавми қалбидан жой олмоғи учун ҳам унинг истиқболига ташланган бир қадам кифоя. Ана шу бир қадам йўлни босиб, умр поёнига етиб қолган чол, кўрингки, бир қадам наридаги Самарқандни кўрмабди. Умр бўйи орзу қилибди, интилибди-ю, аммо сира фурсат топмабди. Мана, энди ниятини амалга оширмоқ илинжида. Шаҳардан келган бойвачча ўғил Шокир отасини муаззам шаҳар томошасига олиб бормоқчи. Лекин ният амалга ошгунча ўтадиган икки-уч кунлик фурсат шунчалар тиғиз, шунчалар серташвишки, охир-оқибат яна сафарни кейинроққа суришга тўғри келиб қолади. Шу кунлар адоғида эса паймонаси тўлиб юрган чолнинг армони ушалмай, умри ҳам адоғига етади…

Усмон Азимнинг тўқсонинчи йилларда ёзилган «Бир қадам йўл» номли илк пьесасининг фабуласи ана шундан иборат. Аммо шу бир неча сатрда баёнини топган фабула таркиби зиддиятларга, эҳтиросларга, поэтик монолог ва диалогларга ниҳоятда бой. Муҳими, драматургнинг айни ўзи ҳаво олиб турган муҳит ҳақидаги фикрлари, мушоҳадалари, айтадиган дарду изтироблари кўп. Шунчалар кўпки, гоҳи уларнинг орасида қолиб, бош мақсаддан чалғиб ҳам кетишингиз мумкин. Булар чолнинг кенжа ўғли Қосим тақдирига аянчли муҳр босган Афғонистон воқеалари, катта ўғил Жўра билан хотини Саодатнинг ишу юмушлар гирдобига ғарқ бўлаёзган меҳру муҳаббати, ўртанча ўғил Шокирнинг наркомафия дунёсидаги хатарли ҳаётию хотини Беғамнинг адоқсиз ғамга кўмилган азобли турмуши, хорижлик Муҳаммад Чагананинг Ватан соғинчи, Салиманинг Қосимга боғланган армонли севги изҳорлари… ва ҳоказо, ва ҳоказо. Бу чалкаш, мураккаб тақдирлар аро яна воқе турмуш, жамият ҳаёти ва инсон табиати билан боғлиқ қанчадан-қанча дардлар, муаммолар, ишоралар. Пьесанинг бош қаҳрамони – чолнинг «ичдаги дард сўзга айланавермас экан» деган фикрини ҳам эътиборга оладиган бўлсак, асарни бошдан-охир инсон дардлари, армонлари ҳақида дея таърифлаш мумкин.

Дард – ҳар қандай бадиий ижоднинг қони. Инсон танасида қон айланмас экан, у яшамайди. Бадиий асар таркибида ҳам қон янглиғ дард бўлмаса, бундай асар жондан, жонлиликдан маҳрум. Демак, ҳақиқий бадиий асар дардсиз бўлмайди. Аммо унинг намоён бўлиши ҳар хил. Бинобарин, салмоғи, даражаси ҳам турфа хилдир. Туси, табиати, аҳамияти ҳам турлича. Бадиий ижодда дард гарчи хусусий ҳолатда, индивидуаллашган воқеа-ҳодисалар, образлар тасвири орқали намоён бўлса-да, у ҳамиша ижтимоий аҳамият касб этади. Чунки бадиий асар оммалаштирилар экан, демак, ундаги дард ҳам кўпчиликнинг қалбида акс-садо бермоғи керак бўлади. Айни чоғда, қайд этиш жоизки, дард намоён бўлишидан қатъи назар, хусусий ҳолатга тааллуқли бўлиши ёки ижтимоий воқелик билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Усмон Азим драмаларида ижтимоий дард салмоғи ниҳоятда кучли. Хусусан, юқорида зикр этилган илк пьеса – «Бир қадам йўл»дан бошлаб худди шундай замонавий мавзулардаги «Бозор», «Жазава» асарларида ёки, айниқса, «Кундузсиз кечалар», «Адибнинг умри», «Абдулла Қаҳҳор» ижтимоий-тарихий драмаларида ва ҳатто енгилроқ ҳазмдаги «Ўтган замон ҳангомалари», «Бахт қуши» комедияларида ҳам дард даражаси залворли, дардмандлик миқёслари кенг. Булар қаторига драматургнинг ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари асосидаги «Алпомишнинг қайтиши», «Тоҳир ва Зуҳра» асарларини ҳам қўйиш мумкин. Албатта, уларда ижодкорнинг дарди турли воқеа-ҳодисалар, турфа образлар мисолида турлича намоён бўлади. Аммо барча асарлар негизидаги дард, тасвирдаги замону маконидан қатъи назар, бугунги ижтимоий воқеликка муносабат бўлиб, айнан шу давр жамият тараққиётига хизмат қиладиган ҳодиса ўлароқ жаранглайди, моҳият касб этади.

«Бозор» пьесаси яқин ўн йиллар аввал воқе бўлган ижтимоий кайфият маҳсули.
Асардаги воқеалар бир кунда, бир ерда бўлиб ўтади. Бир вақтлар обком (област партия комитети)нинг катталаридан бўлиб, замон ўзгаргач, «янги ўзбек»ка айланган Абдураҳмон Қосимов таниқли адиб, ростгўй, ҳамиятли инсон Эркин Равшаннинг иқтисодий ночорлигидан фойдаланиб, ўзи ҳақида китоб ёзишга кўндирган, уни ҳашаматли далаҳовлисига олиб келиб, бўлган-бўлмаган «саргузаштлар»ини ўз фойдасига мослаб ҳикоя қилиб беради. Шу жараёнда баҳс қўзғалиб, кун давоми кечган воқеалар, саҳнада пайдо бўладиган персонажлар ўша бир-бири билан табиатан мутлақо чоғишолмайдиган икки хил тушунча ва дунёқарашдаги шахснинг тўқнашувлари моҳиятини намоён этишга хизмат қилади. Бу моҳият шуки, буқаламунсифат мослашувчан одамлар қўли баланд келган жамиятда ҳар қандай олий тилаклар, юксак маслак, ҳақиқат, ҳалоллик ғорат этилади, кераксиз нарсадек четга улоқтирилади. Нафс, таъма, манфаат, риё сираси томир отади.
Ана шу сирасига суяниб Абдураҳмон Қосимов ўзини чексиз имконият эгаси деб билади. Пул, давлат бўлса дунёда сотилмайдиган нарса йўқ деб ҳисоблайди. Ва, шу йўл билан барча ўзига керак одамларни бўйсундиришга интилади. Қарангки, машҳур кинорежиссёр, таниқли ҳофиз унинг измига юрибди-ю, ёзувчи Эркин Равшан гоҳ у, гоҳ бу бўлиб турибди. Абдураҳмон Қосимов билан Эркин Равшан диалоглари, Мавлон ва Мустафо ҳақиқатчи саҳналаридаги фикрлар ёзувчини «бозордаги мол» бўлиб қолишдан асранишга, ёлланиб, ўзи истамаган «китобни ёзиш» ниятидан қайтишга даъват қилса, хотини Сайёра яна ўша мардикорликка мажбурлайверади. Йўқ, унинг мақсади ёмонлик ёки эри билан ёқимсиз кечган турмуши учун аламзадалигини қондириш эмас, балки чорасизлик, азбаройи фарзанди бахти учун куйиниш, оналик ҳаққи… Эркин Равшан аёлини тушунади, фарзанди учун ўз ақидаларидан бир оз чекинишга ҳам рози. Аммо Мавлон мисолида тўғрилик, ҳалолликка содиқ инсоннинг самимиятини туйгач, чекиниш бутун умр сиғинган эътиқодига хиёнат эканини англайди. Муросасиз туйғулар исканжасида ўлимни ягона чора деб топади. Бу ўртада уни севган гўзал санъаткор қиз Ойдиннинг аламли эътирофлари ҳам асосий қаҳрамоннинг фожеий йўл тутишига туртки беради.

…Саҳна, албатта, томошавийликни, ҳаракатни тақозо этади. «Бозор» пьесасида бу талаблар тўла сақланган дейиш қийин. Аммо ижтимоий драманинг жанр табиати шундайки, бунда интеллектуалликка, мушоҳадага ундайдиган жиҳатлар устуворлик қилади. Характерлардан кўра қарашлар зиддияти, фикрлар қарама-қаршилиги, кескин баҳс-мунозара конфликтни белгилайди. Ўқувчи қарама-қарши дунёқарашлар курашида ўша қарашлар тажассумига айланган образларнинг фикрлар силсиласига эргашади. Муҳими, фикр динамикасини сақлай билишда. Ижтимоий драманинг томошавийлигини таъминлайдиган мазкур омил жаҳон драматургиясининг Кристофер Марлодан то маърифатпарварлик адабиёти намуналарида, ХХ асрда эса Л.Леонов, М.Шатров, А.Гельман каби рус драматурглари ижодида яққол мисолларини берди. Ўзбек драматургиясида Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Комил Яшин, Асқад Мухтор, Машраб Бобоевнинг айрим пьесаларида қарашлар тўқнашувининг силсилавийлиги, динамикаси кузатилади.

«Бозор» драмасида муаллиф асосан Абдураҳмон Қосимов ва Эркин Равшан диалогларида муросасиз, қарама-қарши фикрлар давомийлигини сақлашга интилади. Айни чоғда, бу давомийлик шунчаки бир хил салмоқ ва залвордаги фикрлар кетма-кетлиги эмас, балки айнан ривожланишдаги, ўзига хос динамикадаги жараён бўлиб, ўқувчи диққатини ушлаб туради. Асар сўнггидаги фожий якун дунёқарашлар зидлигидаги мунозаранинг давомийлиги, динамикасидир. Усмон Азимнинг истеъдод қирраси яққолроқ кўринган асосий нуқта ҳам ана шу ердадир…

II

Усмон Азимнинг умр кузагидаги барча асарларига, назаримда, шеърий эскизлар бордек туюлади. Вақт жиҳатидан энг сўнгги «Фонус» шеърлар тўплами ана шу охирги ўн йилликда яралган шеърлардан тартибланган.
Шоир Усмон Азим савол қўймоқни яхши кўради. Аммо кўп салафу сафдошларидан фарқли у ўз саволларига ўзи жавоб қилмоқни ҳам хуш кўради. Чунки айрим шоирларда савол жавоб билан бирга туғилади. Шоирлар, одатда, кўпроқ жавоб топганларида хаприқадилар, ўзларига сиғмай қоладилар. Тезроқ уни айтиб-ифодалаб, кўнгилни, тафаккурни бўшатиб оладилар. Усмон Азим худди шундай, саволларни жавоби билан яратадиган шоир. Шунинг учун ўзига ишониб, гоҳи ҳаволаниб айтаётгандек туюлса-да, уни қабул қиласан:

Ёлғизлигимнинг
юксаклиги бор –
чиқолмайсан.

Ёлғизлигимнинг
теранлиги бор –
тушолмайсан.

Ёлғизлигимнинг
кенглиги бор –
фақат сенга
тордир.

Ёлғизлигимнинг
ҳеч кими йўқ –
фақат парвардигори бордир.

Истеъдоднинг даражаю миқёслари бўлгани каби, савол қўя биладиган шоирларнинг ҳам сўроғу жавоб миқёслари ҳар хил, теранлиги, қамровлари турлича, ифодаси, бадиияти ўзига ярашадир. Шу маънода Усмон Азим миқёсли саволлар қўя биладиган ва миқёсли жавоблар топиб, айта биладиган нуктабин ҳассос шоир. Унинг саволу жавоблари ҳеч қачон сийқа бўлмайди. Содда бўлар-у, аммо сира майда бўлмайди – қалбдаги сувайдодан, онгдаги, онг остидаги гоҳи ғалат зидликлардан то курраи заминдаги, Арши муаллодаги тилсиму мўъжизотларгача, кўнгил эпкинларидан то ўлиму абадият нисбатларигача, Бойсун тоғларидан Ватан – Ўзбекистон кенгликлари, ўтмишию бугуни, дарду армонларигача – бари унинг саволлари ва жавоблари:

Албатта,
шаҳзода, сенга
Ҳамлетни ҳикоя қиламан.
Фақат жавоб бер:
«Дониё…» – нима эди?
Энг муҳими шу:
Дониёнинг нима эканлигини билиш.
Қолгани – кураш, интиқом, «ўлиш ва қолиш»,
ақлдан озиш ва ақлдан тошишлар, –

Дониёнинг нималигини англаганидан сўнг рўй беражак.

Бадиий ижод дунёсида инсонга беадад тилсим, гўзаллик ва жозиба бағишлайдиган илоҳий неъмат – мажоз дунёси бор. Бу дунёдан баҳраварлик – қалби уйғоқ, фикри югуриқ, тасаввур олами бепоён зотларга насиб. Шулар мажозий маъноларни уқгувчилардир. Уқиб, сўнгра уни оддий кўзларга аён этгувчилар ҳам шулар. «Мажоз тариқида» не-не дунё – хилқатларни дараклаган Навоий:

Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдур дема,
Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдур мажоз, –

деганида пок ният ва назар билан оламу одамни идрок этган инсон буларда илоҳий жилваларни кўраркан, заррада, унинг тўкис моҳиятида аллоҳнинг ўзини ҳис этади, унинг яратгувчилигига, мукаммаллигига имон келтиради.
Гап шундаки, Усмон Азим бераётган савол ҳам мажоз тариқида айтилган. Дониё, Ҳамлет, «ўлиш ва қолиш», ақлдан озиш – барчаси метафора, шоирнинг ўз юрти ва унда кечаётган воқелик ҳақидаги ўйларига ишора. Жавоб ҳам худди шундай метафора:

Демак, гап – Дониёда.
Хуллас,
Шаҳзода, ҳикояни бошладим:
«…Ҳамлетлигимда
мен учун
ўзга фожиа йўқ эди асли –
Дониёнинг зиндонлигидан бошқа…»

Асли бу жавобнинг ўзи ҳам мантиқан англашиладиган савол: Ҳамлетлик нима? Дониё-чи, зиндонга айланиб, асл ўғлонларини фожиага маҳкум этган қай бир замон, қай макон эди?! Шеърнинг барча саволу жавобларидан кейин келган якуний хулоса:

Бахт эса Ҳамлетликда
мангу қолишдир, –

сатрлари қатидаги мажоз нима?
Ҳарқалай, Шекспирнинг «Ҳамлет»ини ўқиган одам бу саволларга айнан ўша асарнинг ўзидан келиб чиқиб жавоб бера олар:

Ҳаммамизни қўрқоқ қилиб қўяр тафаккур.
Ноқис ақл сочган ўша хира шуъладан
Азму қарор ранги ўчиб, бўзрайиб қолур.
Кўлами ва залвори зўр ниятлар ҳам то
Тўғри йўлдан чиқиб мақсад остонасида

Тўзон бўлиб кетар, тамом топар таназзул. (Бу ва бошқа ўринлардаги мисоллар “Ҳамлет”нинг шоир Жамол Камол томонидан амалга оширилган таржималаридан олинди. Шекспир. Сайланма. Уч жилдлик. Т. Фан. 2007. 1-жилд. 282-бет).
Ҳа, Дониё шаҳзодаси барча қўрқоқ, тубан, бадкирдор замондошларини лаънатлаб, само чорлаб турган интиқом ҳисси билан: «Уйғон, менинг идроким, уйғон!» дея ҳайқирганида, бир оз ўтиб шундай шафқатсиз ҳақиқатни идрок этишга мажбур бўлишини билмагандир:

Кун ўтаркан, ёлғиз ишинг, ёлғиз хоҳишинг –
Уйқу билан овқат эса, баҳойинг нима?
Баҳойинг шу: ҳайвондирсан, одам эмассан.
Зеро, бизга ақл ато этган худованд,
Ўтмиш билан истиқболдан тушунча бериб,
Бизнинг шуур, шу нодиру ноёб тафаккур
Беҳудага чирисин, деб ато этмаган.
Бас, асосий айб нимадир, иллат қаёнда?
Ҳайвон фаромушлигими ёки инсоннинг
Икир-чикиргача бўлган майдакашлиги?
Ҳар нарсани майда таҳлил этиб қараши –
Бунинг чорак қисми – фикр, қолгани қўрқув. (327-328 бетлар).

Жамиятнинг, одамларнинг бу қадар мавжудлик ботқоғига кўмилиб яшаётганини кузатаркан, туйқус, исён тўфонларига юз тутади Ҳамлет:

О, идроким, қонларга тўл, қонга тўл чанқоқ,
Даҳшат солиб яша ёки яшама мутлоқ! (328-бет).

Усмон Азим қаҳрамонининг Ҳамлетликда мангу қолишни бахт деб билиши шу эмасмикан, асли?!
Драма, хусусан, шоир драматургиясини таҳлил этишга чоғланган одам шеър дунёсига кириб, саркаш бир руҳ ҳақидаги манзум чизгиларга берилиб кетар экан, бу асло чалғиш ё кўнгил эпкинларига мойиллик эмас. Албатта, муносабат, робита бўлмоғи тайин. Жиллақурса, тасаввурда, фикратда…
Усмон Азим Миллий академик драма театрининг адабий эмакдоши сифатида шу труппа учун ва, албатта, воқелик талаби, эҳтиёжи билан қай бир маънода «адабий учлик» – «трилогия» деб атаса бўладиган уч пьеса ёзди: Чўлпон ҳақида «Кундузсиз кечалар», Ойбекка бағишлаб «Адибнинг умри» ва «Абдулла Қаҳҳор» номли ижтимоий-тарихий-биографик асар. Уларни асосий қаҳрамонлари ҳаётига оид воқеабандлик жиҳатидан изчил бир-бирини давом эттирувчи трилогия деб бўлмайди, аммо бошқа талай хусусиятларига кўра, бу уч асар бир-бирини тўлдиради. Аввало, давр, пьесаларда акс этган ижтимоий воқелик бир – Ўзбекистонда шўролар салтанати қурилиб, ҳукмронлик қилган йиллардан қарийб эллик йили оралиғида кечган воқеалар акс этади уч асарда. Табиийки, давр бир экан, ижтимоий муҳит, муносабатлар, турмуш манзараларида ҳам муштараклик бўлиши аниқ. Иккинчидан, пьесаларнинг адабий-жанрий мансублиги ҳам бир хил – ижтимоий-тарихий-биографик драмалар. Учинчидан, ҳар учала пьесанинг қаҳрамонлари ҳам реал тарихий шахслар, қаламга олинган ҳодисалар ҳам айни тарихий воқелик. Тўртинчидан, пьесалар бош қаҳрамонларининг касб-коридан ташқари, муаллиф тасвирлаганидек, уларнинг кечмишлари, дунёқараши, тақдирлари ҳам ўхшаш. Чўлпон ҳам, Ойбек ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам даврига сиғмаган, ҳурфикрлилиги, миллатпарварлиги, ҳақпарварлиги, муросасизлиги учун жабр кўрган, таъқиб ва тазйиқларга учраган. Истеъдоди, обрў-эътибори боис ҳасадгўйларнинг туҳматларига дучор бўлган. Шуларга қарамай, иродаси букилмаган, жисмоний азобларга дош бериб, руҳан синмаган. Бошқа катта-кичик ҳолатлар, деталлардаги умумийликни санамаганда ҳам, қайд этилган муштаракликларга суяниб уч пьесани ижтимоий-тарихий-биографик трилогия деб дадил айтишга асос етарли. Дарвоқе, гарчи жуда муҳим бўлмаса-да, муштаракликка оид оддийгина бир фактни ҳам эслатиб кетиш ўринли. Ҳар уч пьеса бош тарихий қаҳрамонлар – уч адибнинг истиқлол шарофати билан юртимизда нишонланган 100 йиллик таваллуд саналари муносабати билан ижтимоий буюртма сифатида ёзилган.

Учликнинг биринчиси – Чўлпон қисмати ҳақидаги “Кундузсиз кечалар”нинг илк саҳифалари Чўлпоннинг ўз уйида бир қанча дўстлари билан давра қуриб, суҳбатлашаётганидан бошланади. Даврига хос оддийгина маърифий суҳбат асносида Чўлпон ўз олий ниятларини изҳор этади. «Ўзлигимиз бойиши ва улканлашмоғи учун, албатта, жаҳон маданияти ҳамиша кўз олдимизда турмоғи керак. Ўзбекнинг руҳи дунё маданиятининг энг юксаклардаги оҳангларига жўр бўлмоғи лозим». Англаняптики, Чўлпон келажак фаолияти учун ўзига катта режалар мўлжаллаб ўлтирибди. Ўзбек адабиёти ва санъатини жаҳон миқёсига олиб чиқиш, умуминсоний қадриятларга қўшилиб кетадиган миллий руҳдаги асарлар яратиш орзуси билан ёнмоқда. Демак, шундай фикрдаги одам жаҳон адабиёти, маданияти нима эканини яхши билади, унинг маънавий бойликларидан баҳраманд, айни чоғда, дунё маданияти юксакликларига жўр бўла оладиган асарлар яратмоққа ҳам юрак қўри, ақлий салоҳияти етади. Ҳақиқатан ҳам, адабий қаҳрамон эмас, реал ҳаётдаги Абдулҳамид Чўлпон Шарқу Ғарб маданиятини ўз замондошларига нисбатан анчагина тугал ўрганган, билган ва ижодий ўзлаштира олган эди. Чўлпон ўз билими, ижоди билан бедодликларга қарши тура олиши, элу юрти кўзини очиши мумкин эди. Халқини жаҳолатга, истибдодга қарши оёқлантира олиши, ўзликка қайтариб, онгу қалбларга ғурур, исён руҳини сингдириши мумкин эди. Шунинг учун уни жамиятдан иҳота этмоққа, ёлғизлантирмоққа уринадилар. Чўлпоннинг ўзи ҳам пьесанинг бешинчи кўринишида барча қўлёзмаларини гулханга ёқаётган бир алпозда намоён бўлади. Чунки у билади: ёвузлик салтанати ҳукмрон экан, унинг асарлари бекор, яъни, чоп этилмайди, тарқатилмайди, ўзи каби улар-да фаолиятсизликка маҳкум. «Қўлёзмалар ёнади! Шундай ёнадики!.. Бу дунёнинг ададсиз ёнғинлари қанчадан-қанча қўлёзмаларни ямлаб юборган… Бу Туркистон тупроғида қандай буюк даҳолар юрагию ақл қўри қоришган қўлёзмаларнинг куллари соврилиб ётибди… Ёвуз куч борки, биринчи галда, ақлли ва юракли одамларга ҳужум қилади. Чунки ақл топган мантиқ юрак қўри билан тобланса, уни енгиб бўлмаслигини ёвузлик яхши тушунади… Китобларнинг бахтиқаролиги шу сабабдан…» Хўп, Чўлпон-ку билимлари, тафаккури фаолиятсизликка маҳкумлигини билиб, қўлёзмаларини ёқибди, Ойбек ва Абдулла Қаҳҳорнинг шахс ва ижодкор сифатидаги фожеалари қандай кечди?

Ойбек ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам зоҳиран қарашда ўз даврининг адиблари ўлароқ, шу давр ғояларини қабул қилдилар. Шўро тузумига дилдан ишониб, унга хизмат қилдилар. Ўша адибларнинг ҳаёти ва ижодидан бохабар китобхон Усмон Азим пьесаларини ўқигач, шубҳага бориши ва саволлар бериши аниқ. Драматургни бирёқламаликда, тарих ҳақиқатини бузганликда айблаши ҳам мумкин. Ҳамонки, мақсад ўзбекнинг ХХ асрдаги буюклари ҳақида маърифий асар яратиб, бугунги авлодларни шундай зотлар ўтганидан ва уларнинг ҳаёти осон кечмаганидан, сабр, матонат, эзгуликка ишонч, интилиш туфайли халқнинг ёруғ хотирасига муносиб эканликларидан нақл қилиш экан, айрим нокерак тафсилотлардан кўз юмиш, улуғларимиз ҳақида ойдин тасаввур уйғотадиган тарихий далилларнигина бадиийлаштиришга уриниш нотўғри йўл эмас. Айниқса, халқимизда Ойбек ҳақидаги нурли таассуротни мустаҳкамлаш, ҳақиқатан ҳам фариштамисол пок, боладай содда, беғубор ва, айни чоғда, тафаккур-ҳофизаси, билим дунёси ниҳоятда чўнг, туйғулари инжа бир зотни «ҳеч кимдан кам эмасмиз» деган ақида билан улғаяётган ёшлар дунёсида шундай акслантириш эътирофга муносиб. Шу боис драматург «Адибнинг умри»да ҳам, «Абдулла Қаҳҳор» пьесасида ҳам ҳар икки шахсни қарийб қирқ йиллик вақт силсилаларида, қатағон мошинаси авжи ишга тушган машъум паллаларда синовлардан ўтказиш орқали ўша эзгу ижодий мақсадни амалга оширишга уринади. Мақсадига қай бир даражада эришади ҳам. Ўқувчи Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор ҳақида айнан муаллифнинг ижодий ниятига ва юз йиллик таваллуд тантаналарига мувофиқ идеаллаштирилган таассуротни олади. Маърифати ошади, тасаввурлари кенгаяди, албатта. Бироқ бундай маърифий-тафсилий йўл чинакам драматургик миқёслар нуқтаи назаридан олиб қараганда, катта шоир номига бир оз соя солиб қўймасмикан деб, иккиланиб қолади киши. Қолаверса, муаллиф қўл остида замонасининг Ҳамлетлигига даъвогар бўла оладиган мавзу-материал бор эди. Бунда бўйсунмаган руҳ, риёкор жамият, хиёнаткор оломон бор эди. Клавдийдек муқаддас туйғулардан маҳрум зўравон, Полонийдек иккиюзламачи, Розенкранц, Гильденстерндек сотқин «дўстлар» салтанати ҳукм сурган яқин ўтмиш тажрибаси бор эди. Юқорироқда келтирилган шеърдаги каби, «Дониёнинг нималигини англаш «гап — Дониёда» эканини билиб, замона «Ҳамлетини ҳикоя қилмоққа» интилиш зарур эди. Шундагина, ўқувчи-китобхон ҳам «Ҳамлетликда мангу қолиш – бахт» эканини ҳис этарди, англарди, гўзал ва жозиб мажозни тушунарди.

Орий рост, барининг ибтидою интиҳоси сўз бўлгани билан шеър бошқа, драма бўлак экан.
Усмон Азимнинг драматик трилогияси шу усул ва йўлдаги дастлабки қадам эмас, албатта. Ўзбек миллий драматургиясида ижтимоий-тарихий драманинг эталони бор, бу – Мақсуд Шайхзоданинг то ҳануз беназир «Мирзо Улуғбек» трагедияси. Озод домла мазкур асарни шекспирона ўлчовларда таҳлил ва таъриф этишни васият қилган эди. Камина бу фикрни янада аниқлаштириб, «Мирзо Улуғбек»ни асосан «Ҳамлет» билан қиёсий-типологик йўсинда ўрганиш тарафдориман. Гап шундаки, трагедияда – хоҳ у қаҳрамонлар феъли-атвори, хоҳ тасвирланаётган воқелик, аниқ вазият, диалог ва монологлардаги муносабат, юксак эркин поэтик тилда ифодасини топган кучли мантиқ ҳамда ҳаракатдаги фикр-тафаккур оқими каби адабий-ғоявий унсурларда мужассам бўладиган трагик пафос бўлмоғи шарт. Фожеийлик залворини китобхон ё томошабинга ҳис қилдирадиган энг муҳим унсур ана шу – фожеий пафосдир.

«Адибнинг умри»да ҳам, «Абдулла Қаҳҳор» пьесасида ҳам фожеий пафос учун хамиртуруш бор. Бу, аввало, ҳар икки асар бош қаҳрамонларининг оддий андозаларга сиғавермайдиган «мен»и ва ҳаётида юз берган ларзалар, ларзали вазиятлар, ҳақсизликлар, чеклашлар, беаёв ҳаётий ва хаёлий зиддиятлар, тўқнашувлар. Хусусан, Ойбекни дор остига олиб келаётган ҳолатлар якуни унинг тузалмас хасталикка йўлиқиб, сўзлаш, ёзиш имкониятидан маҳрум бўлиши билан ечим топади. Абдулла Қаҳҳор эса, муросасизлиги учун Московнинг оддийгина касалхонасида, машъум олтинчи палатада таҳқиру хўрликлар ичра жисмоний ва руҳий азобларда ўлимга дучор этилади. Билгич –огоҳларни фаолиятсизликка маҳкум этиш шўро тузуми сиёсати ўлароқ, умумжамият миқёсидаги фожеа эди. Буқаламунликнинг илдиз отиши ва оммавий ҳодисага – меъёрга айланиши жамият таназзулининг яна бир фожеий кўриниши эди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби ўзини таниган шахслар учун ҳақиқатни айтмаслик, адолатсизликларга бепарво бўлиш, инсонийликка, ахлоқий ақидаларга зид иш тутиш ва, ҳатто, бундан-да ўтиб, сотқинлик қилиш янада оғирроқ фожеа эди. Ана шундай кўламли фоже вазият ва ҳолатлар, фожеий қаҳрамонлар бўлгани ҳолда фожеавийлик пафосининг авж пардаларга кўтарила олмаслиги ажабланарли, албатта.

Ҳамлет «Дониё – қамоқ» дея ҳайқирганида, ҳеч ким нима учун “Бу йигит отасининг ўлими, онасининг хиёнатидан алам-оташда, Алининг аламини Валидан оляпти ёки «Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдиряпти?» дея савол қўймайди «Хамлет қалбининг ларзага келиши унинг тафаккурини ёритади. Шахсий изтироблар даврнинг талотўпларини англаш йўлидаги дастлабки босқичдир» (Г.Н.Бояджиев. “Вечно прекрасный театр эпохи Возрождения”. М.Искусства. 1973г. 424-стр). Таҳлилга тортилган пьесаларда ва, ҳатто, айтиш мумкинки, маълум даражада бутун трилогияда пафос хусусий доирадан чиқолмайди, умумижтимоий орбитага кўтарилмайди. Фожеа қаҳрамоннинг ёки унинг оиласи кўргуликларининг драмасидек таассурот қолдиради.

Тўғри, эътироз туғилиши мумкин: «Кундузсиз кечалар»да Фитрат, Файзулла Хўжаев, Боту ва бошқаларнинг ёки «Адибнинг умри»да Абдулла Қодирий, Саидносир Миржалилов, Чўлпон, «Абдулла Қаҳҳор»да Миркарим Осим, Шуҳрат, Саид Аҳмад ва бошқа реал тарихий шахслар орқали ҳамда талайгина тўқима персонажлар (айниқса, «Абдулла Қаҳҳор»да палатадошлар)нинг қатағон қилиниши, ўлдирилиши, таъқибу тазйиқларга учраши айтилади, гоҳо кўрсатилади ҳам. Аммо бу ҳали хусусий воқеа-тафсилотларни умумижтимоий ҳодиса даражасида қабул қилиш, ижтимоий оғриқ туюш учун етарли эмас. Бу фаҳмли ижодкорнинг зоҳиран адабий схемага мослашиши, тафаккурдаги андозаларга эргашиши натижасидир. Рост-да, Чўлпон ҳам, Ойбегу Абдулла Қаҳҳор ва бошқа қатағону тазйиққа учраган ижодкорлар ҳам тоталитар давр туфайли шу аҳволга тушдилар. Бу барчага аён ҳақиқат. Бироқ шу ҳақиқатни қандайдир воқеий тафсилот, эслатма ва ё бирор персонажнинг китобий сўзлари, монолог-диалоглари орасига қистириб, ифодалаб қўйиш мумкин, деб ёндашадиган бўлсак, ўша ерда схема, саёзлик, бетаъсирлик бўй кўрсатаверади. Хўш, нима қилмоқ керак? Назаримда, бу тахлит асарларда умумназарий йўл битта – шекспирона, аниқроғи, ҳамлетона йўл. Шахсий кечинмалар туфайли тафаккурнинг уйғониши, уйғоқ тафаккур эса оддийдан мураккабга (агар шунга асос берса, зеро, қатағонлар даври ва шахслари бунга тўла имкон берар эди) босқичма-босқич англаш, бадиий идрок этиш орқали ўсиб бориши, пировардида, умумижтимоий бадиий-фалсафий умумлашма даражасига кўтарилмоғидир. Воқелик, шахс ва жамият муносабатлари чиройли, образли ибораларга ўралган қайдларга айланиб қолмаслиги, қалбда, онгда ва атроф муҳитда кечаётган жараёнлар тафаккур элакларидан ўтиб, бадиий тадқиқот даражасидаги таҳлил, ифода ва динамикасини кашф этиши лозим. Бунда бирор лавҳа, тафсилот, детал, персонаж, шартли-шартсиз унсур асар таркибига аниқ идрок этилмасдан киритилмаслиги керак. Ва, уларнинг барчаси вазифадор бўлиши ҳамда асосий ғояга йўналтирилиши шарт, албатта. Бу, энг аввало, айнан мумтоз драма – классик трагедиянинг талаби. Буюк Шайхзода «Мирзо Улуғбек» мисолида бунинг уддасидан чиқа олган эди. Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби шахслар эса, муболағасиз, шундай асарларнинг қаҳрамонлари бўлишга лойиқдирлар. Ижодий қийноқни шараф деб билган шоиримиз Усмон Азим ҳам бунга шубҳа қилмаса керак.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йил 6-сонидан олинди

(Tashriflar: umumiy 690, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шуҳрат,курсдошим. Усмон Азимга бағишлган тақризингизни диққат билан ўқиб чиқиб, 100 фоиз фикрингизга қўшилган ҳолда сизни табриклагим келди. Озод Шарафиддинов ва Умарали ака Норметовларнинг шогирди эканлигингизни оқлаб, устоздан ўзган шогирд даражасида таҳлил этганингиз билан фахрландим. Уларнинг бизга берган шунча билимлари зое кетмабди.От изини тойлар босади ,-деганларидек ижодий ишларингизга омад. Сайтимга киринг.Сиз тан олган ўша кучли тилчи сайрамлик Озода ҳозирда ижодкорман Муаллималикдан Олий тоифа билан бу йил 20 январда нафақага чиқдим.

Izoh qoldiring