Jabbor Eshonqul. Folklorda tush ta’biri

туш

Инсон руҳияти жуда кенг олам бўлиб, ундаги ҳиссиёт ва туйғулар икки хил шаклда ўзини намоён этади: биринчиси англанган, маълум мантиққа бўйсунган, ташқи дунёга нисбатан ўзининг қатъий хулоса ва йўналишига эга туйғулар. Бу туйғу инсоннинг жамиятга, одамларга, атроф-муҳитга муносабати ва булар ҳақидаги маълум тушунчага эга бўлган қарашларни ифодалайди; буларнинг барчасини онг синтез қилиб беради, яъни онг бевосита иштирок этади. Иккинчиси, онг ости ҳислари, онгга қалқиб чиқмаган, лекин инсон руҳиятида доимо мавжуд, ташқи дунё билан тинимсиз алоқа қилиб турувчи ҳислар. Бу ҳислар инсон ҳаракати, руҳиятининг асосини ташкил этади. Гарчи гапираётган гапларимиз, фикрларимиз, ўзимизни тутиш ва ҳолатларимиз бизга англанган, маълум бир мантиққа бўйсунгандай туюлса-да, аммо шу ҳисларни юзага чиқарувчи, ушбу тушунчаларга туртки берувчи асосий нарса онг ости ҳисларидир.

Жаббор Эшонқул
ФОЛЬКЛОРДА ТУШ ТАЛҚИНИ
001

2.1. ТУШ ВА МИФ МУНОСАБАТИ

Жаҳон фольклоршунослигида халқ оғзаки ижодини ўрганувчи кўплаб мактаблар мавжуд бўлиб, улар фольклоршуносликнинг у ёки бу томонини қамраб олади. Сўнгги икки асрда «Ритуализм ва функционализм», «Француз социологик мактаби», «Структурализм», «Символик назария», «Рус мифшунослик мактаби» каби мактаблар пайдо бўлди ва бу оқимларнинг ҳар бири фольклорга ўзига хос ёндашиши, олдига қўйган мақсадлари билан бир-биридан фарқланиб туради. Бироқ ҳеч қайси мактаб ХIХ аср охирида юзага кела бошлаган ва ХХ асрда ўзининг қиёмига етган психоаналитик мактабчалик шов-шувларга сабаб бўлган эмас. Психоаналитик мактаб немис олими И.Бахофеннинг 1861 йилда эълон қилинган «Оналик ҳуқуқи» тадқиқотидан сўнг маълум бир назария сифатида шакллана бошлади ва немис олимлари – В.Вундтнинг «Халқлар руҳияти», «Миф ва дин», З.Фрейднинг «Тотем ва табу», «Туш таъбири» каби асарлари ҳамда К.Юнгнинг тадқиқотларидан сўнг ХХ аср илмида йирик мактаб сифатида шаклланиб бўлди. Асримизнинг йирик файласуфлари – К.Юнг, Э.Фромм, Ж.Кемпбелл, М.Элиаде, В.Одайник, Ж.Хоббек, Э.Сэмоэлс, М.Фордахмлар психоаналитик методнинг турли қирраларини, унинг мифшуносликдаги беқиёс имкониятини кўрсатиб бердилар, натижада аср бошида бу оқимга шунчаки вақтинчалик модернистик оқим сифатида менсимай қараганлар психоаналитиканинг мифшуносликдаги, нафақат мифшунослик, балки фалсафа, эстетика, адабиётшунослик, социолигия, сиёсатшунослик, этика, психология ва санъатдаги ўрнини тан олдилар.

Хўш, шунчалик шов-шувга сабаб бўлган ва мифшуносликда янги оқим сифатида баҳо олган ҳамда миф ҳақидаги антик даврдан бери ҳукм суриб келаётган қарашларни янги йўналишга буриб юборган бу оқим қанақа оқим ва қанақа назария? Унинг моҳиятида нима ётади ва унинг жаҳон фольклоршунослигидаги ўрни қандай? Бу назария миф тадқиқотида нимага суянади?

З.Фрейд, К.Юнг, Э.Фромм тадқиқотларида, энг аввало, миф инсон руҳиятининг ифодаси, деган ягона қараш ётади. Тўғри, бу олимлар мифни инсон руҳиятининг турли ҳолатлари билан боғлашади: хусусан, З.Фрейд мифда шаҳвоний майл, К.Юнг оммавий онг ости ҳиссиётлари, Э.Фромм ташқи дунёни рамзлар орқали қабул қилган, бироқ онг даражасига ўсиб чиқмаган, инсон кўнглига ташқи дунёнинг рамзи бўлиб қолган кечинмалар устуворлик қилади, деган фикрни ўртага ташлашади. Бир қарашда бу олимлар бир-бирига қарама-қарши фикр айтаётгандай туюлади, аммо гап шундаки, ҳар учала олимда ҳам бир нарса – миф инсон руҳиятининг инъикоси, деган қараш мавжуд. Бу психоаналитик методнинг асосини ташкил қилади.

Инсон руҳияти жуда кенг олам бўлиб, ундаги ҳиссиёт ва туйғулар икки хил шаклда ўзини намоён этади: биринчиси англанган, маълум мантиққа бўйсунган, ташқи дунёга нисбатан ўзининг қатъий хулоса ва йўналишига эга туйғулар. Бу туйғу инсоннинг жамиятга, одамларга, атроф-муҳитга муносабати ва булар ҳақидаги маълум тушунчага эга бўлган қарашларни ифодалайди; буларнинг барчасини онг синтез қилиб беради, яъни онг бевосита иштирок этади. Иккинчиси, онг ости ҳислари, онгга қалқиб чиқмаган, лекин инсон руҳиятида доимо мавжуд, ташқи дунё билан тинимсиз алоқа қилиб турувчи ҳислар. Бу ҳислар инсон ҳаракати, руҳиятининг асосини ташкил этади. Гарчи гапираётган гапларимиз, фикрларимиз, ўзимизни тутиш ва ҳолатларимиз бизга англанган, маълум бир мантиққа бўйсунгандай туюлса-да, аммо шу ҳисларни юзага чиқарувчи, ушбу тушунчаларга туртки берувчи асосий нарса онг ости ҳисларидир. Инсон руҳиятида онгли фаолият ва онгли ҳислардан кўра англанмаган ҳислар кўлам жиҳатдан чексиздир. Гарчи биз кўчада кетаётиб олдимиздан ўтган мушукни англамай қолсак-да, онг ости ҳислари уни ўзига қабул қилади ва маълум муддатдан сўнг ўзи қабул қилган рамзда тушимизга узатади. Шу сабабли тушимиз бизга ҳамиша ғайритабиий туюлади. Улардаги воқеа ва образларни онгимиз қабул қилолмайди. Бироқ тушдаги воқеа, ҳодиса, ҳолат ёки образ айнан онг ости ҳисларининг ташқи дунёни қабул қилиш рамзлари бўлиб, одам онгли фаолиятдан тўхтаган, яъни уйқу пайтида бу ҳислар инсон миясига ўзи қабул қилган рамзларни тарқата бошлайди. Миф ва эртаклар ҳам ҳали инсон онгли фаолият даражасига кўтарилмасдан ёки дастлабки онгли фаолият босқичларида яратилган бўлиб, у пайтлар инсон руҳиятида онгли фаолият онг ости ҳислари даражасида эди. Мифлар қуруқ тушунча ёки аждодларимизнинг дунёқараши рамзи эмас, балки онг ости ҳисларининг дунёни қабул қилиш пайтдаги рамзларидир. Бугунги тушунчада юксак тараққий этмаган у пайтларда онг ости ҳислари инсон фаолияти ва қарашини ўзида акс эттирган. К.Юнг айнан шу ҳолат мифларни яратди, айнан шу ҳолат бугунги онгли инсонни катта кашфиётлар қилишга мажбур қилди, деган фикрни ўртага ташлайди. Онгли фаолият инсонни ўзи яшаб турган олам қонун-қоидалари, ахлоқи билан чегаралаб қўяди. Онг ости ҳислари инсонни ҳамиша поэзия билан, табиат билан яқинлаштириб туради, унда ижодий ҳиссиёт туғдиради. К.Юнг: «Ҳозирги одам фан ва техникага сарфлаётган ижодий қудратини қадимда аждодларимиз мифларни яратишга сарфлаган эди», дейди. Инсондаги ижод қилиш ҳисси, ижодий руҳ онг ости туйғуларига хос. Шу сабабли фольклорда, у қанчалак қадим бўлмасин, инсон руҳияти рамзлари ётади. Туш каби мифда ҳам мантиқий тафаккур изчиллиги бузилади. К.Юнг туш бу асли аждодларимиздан генлар орқали бизга мерос қолган мифик тасаввурлардир, деб таъкидлайди. Тўғри, файласуф бу ерда туш фақат аждодлардан мерос қолган тасаввурлар оқимидан иборат, демайди, балки замонавий одамнинг ўз туши, яъни ўзи яратган мифи ҳам бор. Туш – бу замонавий одамнинг мифидир. Гарчи юксак цивилизация даврида яшаётган бўлсак-да, ҳар бир одам ё англамай миф яратади, яъни онг ости ҳислари онг тараққиёти, мантиқий тафаккур ривожидан қатъи назар, ўз мифларини яратаверади ва бу мифлар тушда мантиқий тафаккурга кўниккан, табиат олдида ҳайратга ҳам, қўрқувга ҳам тушмай қўйган бугунги одамнинг тушларида акс этади. Замонавий одамда мантиқий тафаккур билан онг ости ҳислари ораси минг йиллик онг тараққиёти натижасида узилиб қолганлиги сабабли ҳам бизга бугун тушлардаги ва мифлардаги кечинмалар, воқеалар ғайритабиий туюлади. Мифлар яратилган даврда бу узилиш деярли сезилмасди. Ҳатто бугун онгли фаолият бирламчи бўлган тафаккур даврида ҳам баъзан онг бирон муаммони ечишга ожиз бўлиб қолганда инсон фаолиятини онг ости ҳислари қўлга олади, яъни у бошқаришга ўтади. Баъзан «интуиция билан сезди», «интуицияси ёрдам берди» деган фикрларни эшитамиз-у, лекин айнан интуиция онг ости ҳислари эканига эътибор бермаймиз. Онг ости ҳислари инсоннинг ижодий қувватини белгиловчи ҳислар бўлиб, шеър ёки санъат асари яратаётганда, гўзаллик инсонни тўлиқ қамраб олганда, ё муҳаббат, ё нафрат кишида ҳайрат уйғотганда онг ости ҳислари юзага қалқиб, инсон тафаккурига бевосита ўз маҳсулини беради. Санъатдаги поэтик мушоҳада билан мифдаги рамзий мушоҳада айнан бир нарса.

Санъат ва мифнинг тили битта – рамзларга асосланади. Ҳар иккаласини ҳам рамзларни шарҳлаб ўрганиш мумкин. К.Юнг мифларни таҳлил қилишда кўпроқ оммавий онг ости ҳисларига (коллективный безсознательность) катта эътибор беради. Унинг фикрича, оммавий онг ости ҳислари мифлар яратилаётганда асосий ўринни эгаллаган. Бу онг ости ҳислари мифларга рамз, тимсол, сурат сифатида кўчиб ўтади, тўғрироғи, ташқи дунёни рамзлари билан қабул қилади. Момоқалдироқни найза дея тушуниш бу мифларни яратган ибтидоий аждодларимиз учун ташбеҳ эмас, шундай тушунилган, қабул қилинган. Психоаналитика мактабининг катта хизмати шунда бўлдики, улар мифларни, халқ оғзаки ижодини рамзларни шарҳлаш ва инсон психологиясини тадқиқ қилиш билан уйғунлаштира олди. Гарчи метод ягона бўлса-да, мифлардаги рамзларни шарҳлашда ҳар хил қарашлар дунёга келди. Ана шу қарашлар ҳар хиллигидан З.Фрейд ва К.Юнг бир мактаб вакили бўла туриб, К.Юнг мифлар асосида оммавий онгсизлик рамзлари ётади, деган қарашни ўртага ташлагач, рақобатчи файласуфларга айландилар.

Психоаналитика назарияси «Шоҳ Эдип» трагедиясини шарҳлашда ўзининг мукаммал даражасига етди. Шуни айтиш керакки, биргина шу асарни психоаналитика назарияси намояндаларининг деярли барчаси шарҳлаган, аммо бу шарҳ турличалиги билан диққатга сазовордир. «Шоҳ Эдип» З.Фрейд назарида она ва бола ўртасидаги англашилмаган майлни, К.Юнг фикрича, оммавий онгсизликни рамзлаштиради. Э.Фромм фикрича эса асар патриархал ва матриархал тузумларни ва шу даврга хос ота, она, боланинг ички кечинмаларини – табиийки, англанмаган, бироқ мияга рамз ҳолатида чўккан ҳиссиёт, кайфиятлар курашини акс эттиради. Психоаналитик мактаб намояндалари шу уч хил қараш таъсирида кейинчалик уч оқимга асос солдилар.
Шуни айтиш керакки, психоаналитика методи ХХ аср бошидан буён жаҳон мифшуносларининг қизғин баҳсига айланган. Бу методни ўрганиш фольклоршунослигимизни жаҳон фольклоршунослигининг илғор оқимлари билан таништирибгина қолмай, миф, асотир, эртак ва достонларимизни ўрганишда, улардаги рамзларни шарҳлашда жуда зарур. Зеро, миф ва эртаклардаги рамзларни таҳлил қилиш бизнинг фольклоршунослигимизга ҳам бой материал беради.
«Шоҳ Эдип» трагедияси шарҳидаги З.Фрейд назарияси маълум манода тушунарли. К.Юнг «Оммавий онгсизлиги»ни изоҳлаб ўтишга тўғри келади. Шахсга хос хусусият шаклланмаган, онг ҳали шахс бўла олиш даражасида ривож топмаган, кўп нарса оломонга хос кайфият ва тушунчалар билан аталадиган ҳолатни Юнг оммавий онгсизлик, деб номлайди. Оммавий онгсизликнинг қуйи даражаси оломончиликдир. Ҳар бир киши каби маълум гуруҳ, оломонда ҳам уларнинг ҳолати, кайфияти, ички дунёсини ифодаловчи бир хил онг ости ҳислари мавжуд.
Тафаккур тараққиётида шахс хусусиятлари намоён бўлмаган барча нарса омма нуқтаи назари ва омма тушунчаси ҳамда савиясидан келиб чиқиб баҳоланган, бошқача айтганда, тасаввур қилинган руҳий ҳолат оммавий онгсизлик, деб аталади. Оммавий онгсизлик оломон кайфиятини ифодалайди. У бошқарилиши ва йўналишига қараб ёвуз ёки эзгу куч касб этиши мумкин. Одам руҳияти шундай мураккаб системаки, унда ёвуз кучни уйғотиш жуда осон. Оломон кайфиятини текширган Э.Фромм унинг кўр-кўрона сиғинишини ва ҳамиша раҳнамога, йўлбошчига ташна туришини, натижада раҳнамо, маъбуд ёки йўлбошчига ишончи мифик тарзда тушунилишини таъкидлайди. Бунда онг ости ҳислари иштирок этади. Илк космогоник қарашлар оммага, оломонга хос қарашлардан ташкил топган. Уруғчилик тузуми оломон кайфияти ва инон-ихтиёри ҳукмрон давр эди, яъни ҳамма нарса «биз» ёки «бизники» тарзида ифода этиларди. Бу даврда табиат ҳаммага бир хил иқтидор, салоҳият ато этганди. Кейинчалик жисмонан кучли ёки турмушда бошқаларга қараганда кўпроқ тажриба тўплаганлар шахс сифатида ўзини намойиш қила бошладилар, уларда «Мен» пайдо бўлди. Шу тарзда мантиқий тафаккур билан онг ости ҳислари ўртасида бўлиниш бошланди. Мантиқий тафаккурнинг бугунги тараққиёти даврида ҳам онг ости ҳислари йўқолиб кетгани йўқ, у ҳамон инсон руҳиятининг асосини ташкил қилади. Психоанилитик мактаб руҳиятнинг шу қисмини ва мифлардаги руҳий ҳолатларнинг рамзларини ўрганади.
Ушбу мактаб вакиллари биринчи марта мифни замонавий одам билан бирга қўйишни ўргана бошлади. Бу метод асосчиларининг фикрича, миф – инсоннинг фақат ўтмиши, аждодларнинг хаёлпарастлиги эмас, балки уларнинг кайфияти ва ўзи англаб етмаган, бироқ мияда сингиб ётган ҳолат, кечинма ва таассуротларидир. Мифга аждодларнинг жўн хомхаёллари ёки чўпчаклари сифатида эмас, инсон руҳиятининг инъикоси сифатида қараш зарур, шу сабабли ҳам миф ўтмиш садоси эмас, у кеча, бугун ва эртанинг мужассами, инсон руҳиятининг манзарасидир. Миф одам билан бирга яшайди, одам яшар экан, у ўзича миф яратади. Бироқ ҳамма ҳам ўз мияси яратган мифни «ўқийвермайди».
Мия яратган мифни, яъни инсон ҳаёти давомида бошидан кечирган кечинмалар, ҳиссиётлар, кайфиятлар, таассуротларни бугунги цивилизация ахборотлари билан тўлган онгимиз бирдан юзага чиқара олмайди: бу таассуротлар, кўпинча, онг ости қатламларида ётади ва одам ахборот олишдан, кундалик онгли кечинмалардан тўхтаган пайти, яъни уйқу ҳолатида туш сифатида юзага чиқади. Агар тушларимизга кирадиган «даҳшат»лар, ғайритабиий воқеаларни миф билан солиштирсак, кўп жиҳатдан ўхшаш эканлигига гувоҳ бўламиз. Тушларимиздан, шу жумладан, мифлардан ҳам воқеалар ёки махлуқлар «даҳшатли» бўлгани учун эмас, биз бу воқеа ва «даҳшат»нинг тилини билмаганимиз, уни шарҳлашга бугунги «юксалган» онгимиз қодир бўлмаганлиги учун даҳшатга тушамиз. Психоаналитик методнинг вакиллари ана шу ўхшашликдан келиб чиқиб, туш ва мифнинг айни бир нарса, яъни ҳар иккаласи ҳам инсон онгига рамзлар билан қабул қилинадиган ва рамзлар билан шарҳланадиган ҳолатлар, деб баҳо берганларида мифни ўрганишда янги метод юзага келганини бутун дунё эътироф этганди. Туш ва мифни ўрганувчи, шарҳловчи тилни Э.Фромм «рамзлар тили» деб атайди ва бу атама ҳозир жаҳон фалсафа ва фольклоршунослигида кўп такрорланадиган атамага айланди.
«Рамзлар тили» мифларни ва тушни шарҳлашда энг зарур ва ягона восита эканлигини айтиб ўтдик. Аждодларимиз бугун ибтидоий давр деб баҳо бериладиган пайтларда бизга қараганда юз карра шоирроқ эдилар. Улар, албатта, поэзияни тушунмасдилар, бироқ, бугунги тил билан айтганда, ўша минглаб йиллар аввал уларнинг тафаккур тарзи «поэтик мушоҳада» тарзида эди: улар ҳаётлари ва табиатдаги ҳар бир нарсани тасаввур қилган тушунчаларнинг рамзи сифатида қабул қилардилар. У пайтлар осмон, сув, кўкат, қуёш, ой, ёруғлик ва зулмат – тангрилар эди; қуёш ўрнини тун эгалларкан, эзгулик ва ёвузлик кураши кетаяпти, деб ўйлашарди. Ҳайвонлар ҳам муқаддас саналар, уларнинг ичида ҳам ёвуз ва эзгу ниятлилари бор, деб тушуниларди. Эзгулик маъбудлари осмонда, ер юзида ёруғлик билан бирга, ёвузлик тангрилари ер остида, зулмат билан бирга яшашади, деб ўйлардилар. Олтой мифларидан бирида ҳатто дарахт тангри – ҳаёт дарахти ҳақида ҳам афсона бор. Атроф ва табиатда кўп нарса ҳали исмсиз эди; аждодларимиз ҳар бир нарсага исм бераркан, бу исм ўз тасаввур ва тушунчаларининг рамзи эди. «Аждарҳо» деган сўз товуш ва лингвистик жиҳатдан улкан илонга ҳеч алоқаси йўқ эди, бироқ «аждарҳо» сўзи аждодларимизнинг назарида олов пурковчи, учиб юрувчи улкан илонга ўхшаш махлуқни рамзлаштиради: бу тушунча энг қадим тушунча бўлиб, ўзида динозаврлардан тортиб, улкан қушлар ва ёвуз одамларнинг феъл-атворигача бўлган тушунчани рамзлаштирар, аждарҳо гапирар, учиб юрар, улканлиги билан бутун бир қишлоқни ҳаплаб ютарди. Аслида, буларнинг бари маълум тушунчаларнинг рамзи эди; бу рамзлар аждодларимизнинг ҳиссиёти, тасаввури, онг босқичи, ички кечинмалари ва кайфияти билан боғлиқ эди. Ёвузлик белгиси бўлган аждарҳо ёвузликка хос барча нарсани ўзида мужассам этарди: исмсиз ва номсиз, улкан ва офатгўй стихияларга бой табиат олдидаги оммавий қўрқув ўша давр мифларига бутунлай сингиб кетган. Одам табиат олдида ожиз эди, бироқ борлиқ, жисмлар, коинот, наботот ҳақида шундай тасаввурлар қилардики, бу тасаввурлар тўлиқ рамзлар тили билан баён этиларди. Эртакларда учрайдиган кўпдан-кўп образлар қатори дев ҳам ҳар хил эди. Биз эртакларда Япроқ дев, Қўнғир дев, Оқ дев, Сариқ дев каби рангларга боғлиқ девларни учратганимизда уларга зарб этилган рангларга унчалик эътибор бермаймиз, ваҳоланки, Япроқ дев – ўсимлик культининг, Сариқ дев – олов культининг, Қўнғир дев – тоғ ва ғорлар, тошлар культининг, Оқ дев – осмон ва ёмғир культининг рамзлари сифатида эртакларда кезиб юради. Бундан ташқари, девлар ўзларида яна хилма-хил рамзлар ташийдики, бу рамзларни шарҳлаш бизга аждодларимизнинг поэтик мушоҳадаси ғоят кенг ва чуқур бўлганидан дарак беради. Мифлардаги рамзларга мурожаат қилиш бизга ғоят кенг бадиий олам эшигини очади. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, мифлардаги ҳар қандай рамз ушбу рамзни яратган аждодларимизнинг маълум бир кайфиятини, ички дунёсини акс эттиради. Шундай миф, эртак, достонлар борки, улардаги маълум эпизодлардаги рамзларни психоаналитик метод ёрдамида шарҳлаш бизни аждодларимизнинг тафаккур босқичлари, онг жараёнлари, интилиш ва кечинмалари билан таништиради.
«Рустамхон» достонида деярли эътибор берилмайдиган, барча эртакларга ўхшаб кетадиган шундай эпизод бор: онасини излаб юрган Рустамхон шоҳ қизини ейиш учун келаётган аждарҳони ўлдиради ва сал вақтдан сўнг шу достоннинг ўзида Рустамхон зиндондан бўшаган девга дуч келади: девни мастон кампир Рустамни ўлдириш учун зиндондан бўшатган эди, бироқ дев Рустамни ўлдирмай, мастон кампирнинг ўзини ўлдиради. Бу эпизод деярли барча эртак ёки достонларда учрайди, лекин бу хил психологик эпизодлар ўзбек фольклоршунослигида ё тарихий, ёки маросим нуқтаи назаридан ўрганилган. Бу ерда, бизнингча, психоаналитик метод бўйича ёндашиш зарур бўлади.
Аввало, шуни айтиш керакки, энг қадим эртакларда, инсоният онгли ҳаётининг илк босқичида тангрилар ҳайвон қиёфасида тасаввур қилинар эди. Биз ҳайвон, қуш қиёфали тангриларни: Тиамат, Опсу, Улген, Эрликхон ва ҳоказоларни туркий халқлар қадим мифологиясидан хоҳлаганча топишимиз мумкин. Худди шунингдек, ёвузлик тангриларининг кучлари ҳам ҳайвон шаклида тасаввур қилинган. Аждарҳо шундай ёвузлик кучи бўлиб, кейинчалик, онг маданийлашгани сайин аждарҳо қиёфаси ҳам маданийлашиб борган. В.Пропп шаҳарлар пайдо бўлиши билан худолар ҳам ҳайвоний қиёфасини йўқотиб, одам қиёфасини олдилар, дейди. Ёвузлик кучи аждарҳо ҳам онг маданийлашгани, инсон табиат сирлари ва кучларини англагани сайин одам қиёфасини олди: у энди одам каби юрадиган, қўлли-оёқли девга айланди. Бироқ у одам қиёфасини олгандан сўнг ҳам аждарга хос олов пуркаш, учиб юриш, ямлаб-ютиш, ғорларни макон қилиш каби белгиларни сақлаб қолди, яъни ёвузлик тангриси ва ёвузлик кучлари қиёфаси ўзгарди-ю, бироқ вазифалари ўша-ўша ёвузлик бўлиб қолди. Юқоридаги «Рустамхон» достонида худди ана шу жараён ўз ифодасини топган.
Ушбу шарҳдан кўриниб турибдики, достондаги воқеа эмас, балки унда сақланиб қолган қадим эпизодларнинг тарихий ва ижтимоий маъноси ҳатто достондаги кейинчалик бахшилар томонидан киритилган воқеадан ҳам кенгроқдир. Бу эпизод тўқима бўлмай, айтувчининг онг ости қатламларида англашилмаган тарзда мавжуд бўлган. Англашилмаган ёки онгга тўлиқ қалқиб чиқмаган ҳиссиётлар мифларнинг туб моҳиятини ифода этганлиги К.Юнг ва З.Фрейд томонидан исботланган ҳамда бу онг ости ҳиссиётлари психоаналитик методнинг асосини ташкил қилади.
«Рустамхон» достонидаги эпизод ҳам ана шу онг ости ҳиссиётлари маҳсулидир. Чунки тангриларнинг ҳайвон қиёфасидан одам қиёфасига ўтишини бир миф қилиб қўяй, деб ҳеч ким уринмаган, ижод қилиш ва достон тузилиши жараёнида бу эпизод ўз-ўзидан онг ва шуур оқими сифатида достонга сингиб кетган. Онг ости ҳиссиётлари воқеликнинг рамзий кўриниши бўлиб, шу пайтгача ўзбек фольклоршунослигида бунга жуда кам эътибор берилган.
Достондаги Рустам ва аждарҳо жангги унчалик паҳлавонлар жангига ўхшамайди: Рустамнинг наърасини эшитиб, аждарҳо ҳушдан кетади ва Рустамга бор-йўғи беҳуш аждарҳони чопиб ташлаш қолади. Кўриниб турибдики, наъра тортиш ва беҳуш аждарҳони ўлдириш унчалик ҳам катта ботирлик талаб қилмайди. Биз бу эпизодда жангни эмас, қадим тангрилар ўлиб, янгилари пайдо бўлиш жараёнини кўрамиз ва Рустам бу ерда ана шу янги майл рамзи сифатида иштирок этаяпти.
Бу хил мисолларни халқ оғзаки ижодидан кўплаб келтиришимиз мумкин. Психоаналитик метод фольклоршунослигимизни бойитса бойитади-ки, унга зарар етказмайди. Шу сабабли фольклоршунослигимизни дунё мактаблари билан муқояса қилиб ўрганиш тадқиқот методини ранг-баранглаштиради.
Зеро, адабиётда мифологик тасвирга эҳтиёж ҳеч қайси замонда пасаймаган. Алишер Навоий асарларининг асоси мифга қурилган. Буюк шоир мифга ўз ғояларини, инсон ҳақидаги тадқиқот ва таълимотини сингдирди. Фольклоршуносликда миф ва ёзма адабиёт, Алишер Навоий ижодида мифларнинг тутган ўрни масаласига доир қатор тадқиқотлар мавжуд.

Европада эса ХIХ асрда бунёдга келган мифологик назариялар адабиётнинг яна мифга юз буришини бошлаб берди. Ницще биринчи марта миф ва инсонни яхлит ҳолда тадқиқ этди. З.Фрейд, К.Юнг, А.Адлер мифшуносликнинг, мифга бўлган муносабатнинг янги назариясига асос солдилар. Бу назария миф билан адабиёт алоқасини мустаҳкам боғлаб берди: бу назарияга кўра, миф аждодларимизнинг тимсоллар тилига асосланган онг ости ҳис-кечинмалари инъикосидир. З.Фрейд мифга «онг ости шаҳвоний майлларнинг», К.Юнг «оммавий онг ости ҳисларининг», Э.Фромм «ақлий фаолиятгача бўлган онг ости ҳисларининг» намоён бўлиши, деб баҳо бердилар. Шу жиҳатдан миф билан тушнинг фарқи йўқ эди ва бу баҳо мифни адабиётга мутлоқ яқинлаштирди. Адабиётни услубий янгилашни мақсад қилган модернистлар мифга мурожаат қилдилар; тушга асосланган услуб –сюрреализм шу назария асосида пайдо бўлди. З.Фрейд, К.Юнг, А.Адлер мифнинг тимсолий тилини шарҳлаб бериши оқибатида мифга бўлган талаб кучайишига олиб келдики, инсондаги бадиий мушоҳада тимсолий тилга асосланар экан, миф ва адабиёт поэтик тасаввур маҳсули сифатида бир-бирини тўлдириши мумкин, деган қарашни ўртага ташлаган модернистлар мифик сюжет, рамз, тимсолларни адабиётга олиб кира бошладилар. Лекин бу «олиб кириш» шунчаки сюжетни қайтариш эмас, балки ХХ аср инсон руҳий дунёсини мифологик мушоҳада билан тадқиқ қилиш шаклида бўлмоғи керак эди.
Аслида, миф ва адабиёт мавзуси ёзма ижод пайдо бўлгандан буён файласуфлар, олимлар, шоирларнинг энг қизғин мунозара майдони бўлиб келган. Мифнинг адабиётга таъсирини аниқловчи, таҳлил қилувчи турли-туман оқимлар пайдо бўлди; бу оқимларнинг бир қисми адабиётни реал ҳаётга, реал тасаввурларга яқинлаштириш, ундан мифологик тасаввурларни суриб чиқариш тарафдори бўлса, бир қисми адабиётни мифга яқинлаштириш масаласини кўтардилар. Инсоният ақли мифдан, мифологик оламдан, аждодларнинг илк хаёлий дунёсидан қанчалик узоқлашиб ва тараққиёт зиналаридан кўтарилган сайин бу мавзу яна ҳам қизғинроқ тус олди. Атом, космик кема асри бўлган ХХ асрда ҳам физика ва кимёнинг ютуқларига қарамай, мифология яна адабиётнинг асосий мавзусига айландики, оқибатда «неомифологизм» деган оқим пайдо бўлиб, миф ва адабиёт алоқаларини биринчи марта илмий ўрганишга киришди. ХХ аср илғор адабиётининг йирик намуналари бўлмиш «Улисс», «Сеҳрли тоғ», «Доктор Фаустос», «Қўрғон», «Жараён», «Вабо», «Педро Парома», «Ёлғизликнинг юз йили», «Сарторис», «Ғазаб ва шовқин» каби асарлар адабиётдаги янгиланиш, унинг имкониятларини кенгайтириш, юксак поғонага кўтариш мифсиз содир бўлмаслигини кўрсатиб бергач, миф ва адабиёт алоқаларини энди қуруқ сюжетлардан эмас, инсон психологиясидан излайдиган фан – психоаналитика юзага келди. Бу фан миф – аждодлар дунёсининг яралиши, олам ва маъбудлар ҳақидаги жўн ва чўпчакона онгсиз тасаввурларнинг йиғиндиси эмас, балки инсон психологиясининг бир қисми, инсон руҳиятининг ажралмас бўлаги эканлигини исботлаб бера бошлади. Қизиғи шундаки, ХVIII – ХIХ асрлардаги танқидий, романтик реализмларни ўзлаштирган, инсонни ўрганишда ўзигача бўлган бой тажрибадан унумли фойдаланган ХХ аср адабиёти инсон дунёси ва руҳиятини таҳлил қилар, ўзигача бўлган адабиётлардан ҳам кўра инсон руҳияти ва қалбига кўпроқ яқинлашар, уни тадқиқ этар экан, ана шу руҳият ва қалбда илк инсонлар дунёси каби мифологик тимсолларга дуч келди. Шундагина мифни фақат ифода усули, бадиийлаштириш воситаси сифатида эмас, балки инсонни таҳлил ва тадқиқ қилувчи поэтик тил сифатида қабул қилиш бошланди. Шу сабабли миф ва адабиёт алоқаси ҳақида гап кетганда бу алоқани фақат сюжетлаштириш ва тасвир усули, бадиийлик воситаси сифатида эмас, инсон руҳиятини акс эттирувчи поэтик тил сифатидаги ўрнига катта аҳамият бериш керак, зеро, Франц Кафка асарларида «Улисс», «Доктор Фаустос» каби параллел мифик сюжетлар эмас, балки ички ва ташқи оламдаги мифологик жараён моделининг яратилиши муҳимдир. Чунки инсоннинг ўз-ўзига ва ташқи оламга ётлашуви ва муносабати жараёни илк инсоннинг табиат ва илоҳларни культлаштириш жараёни ҳамда муносабатидан кам фарқ қилади. Инсон илк аждоди табиат, «илоҳ»лар олдидаги ожиз бўлгани каби бу ерда ҳам ўз тақдирини ўзгартиришга ожизлик қилади, ташқи ва ички олам жараёни мифологик модел устига қурилади. Шу сабабли ўз ихтиёридан ёт, олдиндан жараёнга маҳкум этилган ҳамда қўрғонни излаб йўлга чиққан ва уни тополмаган ХХ аср одамининг руҳияти, тақдири маъбудлар қўлида бўлган, тақдир тақозосига қарши қанчалик курашмасин, бари бир унинг қулига айланган, қанчалик истамасин, ҳеч бир воқеа ўз ихтиёри билан содир бўлмаган Эдипдан кам фарқ қилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам одам ихтиёрсизлик қурбонидир ва ҳар иккала ҳолатда ҳам инсон ўз-ўзига ҳамда ташқи оламга бегонадир, демак, турли даврларда яратилган асар ва қаҳрамонлар муҳити мифик муҳитдир. Мифнинг бундай кенг имконияти ва инсонни таҳлил қилишдаги ролининг беқиёслиги унинг адабиётнинг ажралмас қисми сифатида яшаб қолишини кўрсатдики, ХХ асрда эмас, умуман, инсоният шу  пайтгача яратган ёзма адабиётнинг бирон улкан намунасини мифсиз, миф иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Хўш, бу нимадан дарак беради? Адабиётга нега миф шунчалар «ёпишиб» олган? Адабиёт ва миф таъсирини қандай илмий асослаш мумкин? Умуман, нега адабиёт мифсиз яшолмайди? Нега мифсиз адабиётнинг умри қисқа? Бу саволга жавобни, бизнингча, икки нарсадан излаш зарур бўлади. Булардан биринчиси, инсоннинг ташқи олам билан муносабати ва уни қабул қилиш жараёнидир. Илк аждодларимиз ҳам худди шу ҳолатда мифларни яратган, яъни мифлар аждодларимизнинг ташқи оламга муносабати, уни жонли, ҳаракатда, дея тасаввур қилишлари, ана шу муносабатда инсоннинг тутган ўрнини белгилашлари, макон ва замин ҳақидаги тушунчалари оқибатида юзага келади. Э.Тайлорнинг аниқлашича, Африкадаги ҳанузгача қабила сифатида яшаётган ибтидоий қавмларнинг ер, осмон, фалак, табиат кучлари, олам ҳақидаги қарашлари ҳамон ўша олис замонлардаги каби ўзгармай қолган, яъни уларнинг бутун тасаввурлари ҳам мифологик тасаввурлардан иборат. Ташқи олам билан муносабат масаласи ва ундан туғиладиган тушунча ва тасаввурлар, бошқача айтганда, инсоннинг ташқи олам олдидаги ожизлиги оқибатида туғиладиган тасаввурлар йиғиндисидан миф яралади. Инсон беҳад кучли ва сирли ташқи олам олдида кичкина бир жонзотдир, унинг барча хатти-ҳаракати, ҳаёти, қисмати ана шу ташқи оламдаги кучлар қўлида ва у ана шу кучларнинг инон-ихтиёрини ифода этиб ҳаёт кечиради. Ана шу жойда эзгулик ва ёвузлик бўлинади, ташқи оламдаги қудратли кучлар эзгу ва ёвуз илоҳларга ажралади. Олам ана шу эзгу ва ёвуз маъбудларнинг мувозанатидан, курашидан иборат. Бу кураш инсон ичкариси – руҳиятида ҳам акс этади. Агар одам руҳиятида ёмонлик пайдо бўлса, ёвузлик тангриси унинг ичкарисига кириб олиб, инсонни фақат ёмон ишлар қилишга ундайди. Ёки аксинча бўлиши мумкин. Бизнингча, ХХ аср адабиётида инсоннинг ана шу ожизлиги, ихтиёрсизлиги мавзуси асосий ўрин тутади. Шу сабабли «Улисс», «Сеҳрли тоғ», «Қўрғон», «Жараён» ёки бошқа асарларда инсон ихтиёрсизлиги бўрттириб тасвирланган. Хусусан, бу асарларнинг ҳар бирида ўзига хос мифик олам яратилган. Бу оламда инсон ихтиёрсиз, ожиз қилиб тасвирланади, яъни шу мифик оламдаги ташқи, сирли кучлар инон-ихтиёрининг оддий ижрочилари, улар ихтиёрсизлик ва ана шу ихтиёрсизликдан туғиладиган маънисизлик қурбонларидир. Бу қурбонлик жараёни Ф.Кафка асарларида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Шуни айтиш зарурки, Кафка асарларида биронта миф эслатилмайди, мифлар келтирилмайди, бироқ асарлардаги образлар ўз ҳолати, ташқи оламга ёки ташқи оламнинг уларга муносабатига кўра мифологик образлардир. Кафкашунос М.Брод бу образларни маъбудлардан адолат ва шафқат ҳамда эътироф сўраётган мифологик образларга ўхшатади. Бошқа тадқиқотчилар эса асар Фрейд – Юнг назарияси асосида қайта талқин қилинган Нуҳ пайғамбар ҳақидаги мифнинг таъсирида юзага келган, дейишади. Хусусан, Нуҳ отасининг мустабидлиги остида яшаган айбсиз айбдор ситамгар сифатида асар руҳига сингиб кетган. Бироқ бу талқин «Жараён»дан кўра «Ҳукм» новелласига кўпроқ мос тушади. Новеллада отанинг ўғлига муносабати ҳамда «Жараён»да ҳам қонуннинг Йозеф К.га муносабати ана шу мифни эсга солади, бироқ Кафка асаридаги мифологик талқин бевосита эмас, билвосита, яъни асарда яратилган тасаввур ва тушунчалар моделига сингдирилгандир. Шу сабабли бу асарларни хоҳлаган мифологик нуқтаи назардан талқин қилиш мумкин бўлади. Бадиий олам мифни қайтариш эвазига эмас, балки ўша мифдаги олам моделини яратиш эвазига бунёдга келади ва асар қаҳрамони бутун инсониятни ўзида тимсоллаштиради. Мифик олам моделида ҳаракат қилаётган қаҳрамон мифдаги қаҳрамонлар каби ҳаракат қилади ва айбсиз айбдорга, илоҳларнинг қурбонига айланади. Йозеф К. ўзини нима учун суд қилишаётганини билмайди, бироқ унга тинимсиз қонуннинг адолатли томонларини (илоҳларнинг адолати каби) уқтиришади, уни суд қилишади, бироқ айбининг нималигини айтишмайди, судьялар суд пайти турли суратлар чизиб ўтиришади, суд ҳам одатий бинода эмас, эски бир уйнинг томида, исқирт ва ташландиқ жойда бўлиб ўтади; турма руҳонийси Йозеф К.га ўз тақдирига кўниши кераклигини, агар гуноҳи бўлмаганда, иш қўзғатилмаслигини айтиб, уни ўзини қурбон қилишга кўндиради ва шу хизмати билан мифдаги коҳин вазифасини ўтайди; асар охирида Йозеф К.ни ташландиқ, тор, исқирт, қоп-қоронғу кўчада қатл этишади – бу қатлдан кўра оддий каллакесарликка ўхшайди: Йозеф К. асар давомида адолат излаб тополмайди ва унинг қандай бўлишини тасаввур ҳам қилолмайди, оқибатда у ўзини қурбон қилишларига кўникади. Унинг қурбон бўлиши маъбудларга қилинган қурбонликни эслатади.

Тайлор қадим замонларда одамларни ҳар хил худоларга қурбонлик қилишларини ва буни қурбонлик қилувчи худоларнинг марҳамати сифатида қабул қилгани тўғрисида гувоҳлик беради. «Қўрғон»да қаҳрамон қўрғондан ўзини ер қазувчи сифатида эътироф этишларини истайди. Қўрғоннинг энг паст амалдорлари ҳам ўзини маъбудлардай тутади. «Қўрғон» юнон мифологиясидаги Зевс макони Олимпни, амалдорлар эса унинг атрофидаги илоҳларни эсга солади. Мифик олам модели асардаги ғайриоддий ҳодисаларга кенг имкон беради: К. қишлоққа келгач, меҳмонхона хўжайининикидан қўрғонга телефон қилиб, ер қазувчи чақирилган-чақирилмаганини аниқлашади. Қишлоқдагилар қўрғон билан шу телефон орқали гаплашиб туришади ва ҳар хил кўрсатмалар олинади. Бироқ асар давомида маълум бўладики, Қўрғон билан меҳмонхона ўртасида ҳеч қандай сим йўқ, алоқа ўрнатилмаган. Асарнинг мифологик модели уни хоҳлаган мифга нисбатан талқин қилиш имконини беради, шу сабабли тадқиқотчилар Ф.Кафка асарларини насроний, яҳудий мифларидан ташқари, шумер мифларига, хусусан, Билгамеш (Гилгамеш)нинг «мангу ҳаёт суви»ни излаб, унга эришолмай ҳалок бўлгани ҳақидаги мифга ҳам қиёслайдилар. Ф.Кафканинг бевосита бирон мифни эмас, балки мифик олам моделини асарига сингдириши, асарни ана шу модел асосига қуриши бевосита бирон параллел мифга асосланган, «Улисс» ёки «Сеҳрли тоғ» асарлари «Жараён» ва «Қўрғон»га нисбатан ўзининг қурилмасини тезроқ фош қилиб қўяди. Ж.Жойс мифга инсоният ҳаётининг давомийлиги сифатида ёндашади, Т.Манн ХХ аср ҳаётини тимсоллаштиришда мифдан фойдаланади, Ф.Кафка эса мифнинг асл моҳиятини очиб беради; бизга мифни келтирмайди, балки шу мифологик олам моделига олиб киради.

«Эврилиш»да биз бевосита мифологик маросимга – бир мақомдан иккинчи мақомга ўтишга, яъни одамни ҳайвонга айлантирган сеҳргарликка дуч келамиз ва бу «сеҳргарлик»ни энди жамият амалга оширади, инсонни ҳашаротга айлантириб ташлайди: мифология қадамма-қадам ҳайвон қиёфасидаги маъбудларни одам қиёфасига айлантирган бўлса, «Эврилиш»да биз одамнинг ҳайвонга эврилиш жараёнини кўрамиз. Умуман, ХХ аср адабиёти мифологияга янги муносабатни шакллантирди. Мифологияни тушунишда, уни талқин қилишда янги назарияни яратган психоаналитикларнинг инсон ва ижод жараёнлари ҳақидаги қарашларининг ўзиёқ мифологияни адабиётга, санъатга яқинлаштиради.

Психоаналитиклар ижодга онгсиз ҳисларнинг онг қатламига қалқиб чиқиши, деб баҳо берадилар. Илҳом ақл бўғиб қўйган, ақлий фаолият тўхтатиб қўйган онг ости ҳисларининг бирдан юзага қалқиб чиқишидир. Буюк ижодкорлар онг ости ҳис-кечинмаларининг юзага қалқиб чиқишини оддий кўникмага айлантирган, онгли фаолият ва онг ости кечинмалари мувозанатини сақлай олган кишилардир. Психоаналитика фани инсон ичидаги «Мен»ни излар экан, у руҳий дунёдаги шу руҳиятга хос бўлган «миф»ларга дуч келди. Бу «миф»лар ўзининг инсон руҳий дунёсига таъсири жиҳатидан илк аждодларнинг мифларидан деярли фарқ қилмайди.

Руҳий дунёда «мен» шаклланмаган экан, у ерда культлар мавжуд бўлади ва улар инсонни маънан мутеликда ушлаб туради. Мифлардаги қаҳрамон мақсадга эришишда илоҳлар, ёвуз руҳлар, деву жинлар тўсиқ бўлгани каби, унинг «Мен»га интилишини ҳар хил жимжима, сароб, умидсизликлар билан тўсиб туради, ўз кучига бўлган ишончни емириб ташлайди. Инсон ичидаги «культ» ўзларига маъбуд ясаб олган илк аждодларнинг руҳий дунёсидан кам фарқ қилади. Гарчи унинг ақли, онгги илк аждодига нисбатан кескин фарқ қилса-да, уларни қиёслаб бўлмас даражада эса-да, Йозеф К. ичидаги культнинг илк аждодининг ичидаги культдан фарқи йўқ. Инсоннинг маънавий тараққиёти ва юксалиши фақат онг ва ақлнинг яшин худонинг найзаси эмаслигини ёки ерни ҳўкиз кўтариб турмаслигини билиши билан ўзгармайди, балки руҳий дунёдаги культларни енгиб, комил «Мен»ни қай даражада ярата олганлиги билан ўлчанади. Маданий қаҳрамон одамхўр дев ёки циклоп йўқлигини жуда яхши англайди ва бундай чўпчакка ишонмайди, бироқ унинг руҳий дунёсидаги культлар олдида ожизлиги, заифлиги, ички мутелиги ва қўрқуви соясидан, ўзига тушиб турган аксидан ваҳимага тушиб, қул бўлиб яшашга мажбур қиладики, бу икки ҳолат ҳам фан нуқтаи назаридан миф деб аталади. Атоқли адиб У.Фолькнер асарларида «полковник»ларнинг шарпаси (арвоҳи эмас – Ж.Э.) кезиб юради ва шу шарпа қаҳрамонларни бошқаради. Ф.Кафка асарларида инсоннинг ожизлиги ва мутелиги, унинг ўз «Мен»идан ётлашуви, ихтиёрсизлиги қаршисида турган Жараён ва Қўрғон культларининг охирига етиб, ўз йўриғига юрдириб бўлмаслиги ҳақидаги маҳкумлик хулосаси туради; Т.Маннинг асарларида инсон руҳининг алдамчи эгизаги – ёвузлик ва мубталолик культи ҳукмронлик қиладики, инсон нимани яратмасин, ҳатто эзгулик номидан қилган ишлари ҳам охир-оқибат шу культга қилинган қурбонлик бўлиб чиқаверади. С.Беккет ёки театр абсурднинг бошқа намояндалари мантиқсизликка асосланган ҳаётларини культ қилиб, шунга сиғиниб яшашади. А.Камю асарларида инсоннинг ҳаёти охир-оқибат бари бир бемаъниликдан, маъносизликдан иборатдир, деган ақл культининг соялари ётади. М.Пруст асарларида сония, лаҳзани культ қилиб олиб, шундан маъни ва гўзаллик излаётган қаҳрамонлар кезиб юради. Биз «неомифологизм» оқимига мансуб хоҳлаган ёзувчининг асарида инсон ҳақидаги қайси даражададир «миф»ни учратамиз. Бу миф антик даврдаги мифларга параллел мифлар эмас, балки ўша мифларнинг такрори бўлмиш ХХ аср одами руҳиятидаги мифлардир. Шу сабабли ҳам бизнинг асримизда адабиётда мифлар маълум маънода янгиланди ва инсон руҳиятига кириб борилган, унинг онг қатламлари кашф этилган, адабиёт ҳақиқий инсоншуносликка айланган сайин цивилизация янги бир чўпчак, деб қараган мифга эҳтиёж шунчалик кучайди. Ч.Айтматовнинг «Оқ кема», «Асрга татигулик кун», «Кунда» асарларида параллел мифлар шу бугунги инсон руҳиятида миф билан қиёсланиб, ҳар иккала мифдаги ўхшаш жиҳатлар кўрсатиладики, ёзувчи мифлар яратган аждодларидан кам фарқ қилади. ХХ аср адабиётини кузатар эканмиз, Ф.Достоевскийнинг «Одам жумбоқдир», деган фикрига яқинроқ тарзда шартли қилиб айтиш мумкинки, «Инсон – бу миф». Бугунги адабиётимизда пайдо бўлаётган «Жажман», «Қора кун», «Кўк кўл», «Қора китоб», «Тун панжаралари», «Қадимдан бўлган экан» каби асарларда биз ана шу инсон ҳақидаги мифга яқинлашувни кўрамиз. Бу асарлардаги ўзларидан илгариги ҳикоялардан, А.Қаҳҳор мактабидан фарқли жиҳатлар, ғайриоддийликлар, ақл мантиғига зид, бироқ идрок ва руҳият мантиғини тўлдирувчи ҳолат ва фантасмагориялар ана шу мифологик тасвирга бўлган интилиш натижасидир. Бироқ бу инсонни миф шаклида таҳлил қилиш масаласининг бир жиҳати. Унинг бошқа бир томони ҳам борки, бу услубга доир жиҳат. Мифологик тасаввур ёки мифологик ижод инсонни макон, замон, илоҳиёт тушунчаларига яхлитлаштиради, уни қайсидир макон, замонга тегишли ғоянинг ёки мафкуранинг маҳсули эмас, макон, замон, илоҳиёт тушунчаларидаги яхлит бир умумийлик маҳсулига айлантиради. Кези келганда шуни айтиш керакки, социалистик реализм шу маънода инсонни сохталаштиришга, унга маълум бир ғоянинг маҳсули сифатида баҳо беришга уринди, бу эса инсонда мужассам бўлувчи яхлит тушунчани юзакилаштирди, уни ишлаб чиқариш воситалари каби бир ускунага айлантирди. Инсон ғоя инъикоси эмас, у ўзликнинг, ички «Мен»нинг, ички культнинг инъикосидир.

Миф, айтиш мумкинки, услуб имкониятларини кенгайтирди, поэтик мушоҳадага эркинлик берди, уни фалсафий кўлам билан тўлдирди. Маълумки, миф оламнинг яралиши, илоҳлар, уларнинг ўрни, вазифаси, умуман, дунёнинг ва инсоннинг яралиши ҳақидаги тасаввурлар йиғиндисидир. Хўш, бу тасаввурларнинг поэтик тасаввурга, асар поэтикасига қандай алоқаси бор?! Бу шу билан ифодаланадики, асарда ҳам мифдаги дунё каби ёзувчи дунёси яралади; яъни кенг олам ҳақида асарда фақат шу ёзувчига хос маълум ғоя сингдирилган ва маълум ғоясини ифода этган дунё яралади. Ана шу кичик олам ёзувчининг катта олам ҳақидаги мифологик мушоҳадасининг маҳсули ўлароқ пайдо бўлади; асарда ўз оламини яратаётган ёзувчи билан олам ҳақида миф яратаётган аждоди ўртасида фарқ йўқ. Ч.Айтматовнинг «Оқ кема» асаридаги мифология Она буғу ҳақидаги афсонада эмас, балки ёзувчи бола қалбида яратган олам – Она буғуга ишонч культида ўз аксини топади. Мифни шунчаки қайтариш, баён қилиш – бу ҳали ижод эмас. Европада ҳам, Америка қитъасида ҳам илғор адабиёт туғилишидан илгари мифларни шунчаки қайтариб ёки озгина ўзгартиришлар киритиб, мифологик руҳдаги асарлар эълон қилган ёзувчилар кўп, бироқ бу мифологик адабиётнинг илк босқичидир. Унинг юқори босқичи ёзувчи асарида у яратган дунё модели акс этади. Қадимги одамнинг дунёнинг яралиши, илоҳиёт, атрофни ўраб турган кучларнинг таъсирида туғилган тасаввури билан ёзувчи яратган дунё тасаввури ўртасидаги мантиқий боғлиқлик мифологияни поэтикага айлантиришдаги энг муҳим жиҳатдир.

2.2. ТУШ, МАРОСИМ ВА ЭПОС

Туш ва маросим ҳақида сўз юритганда масаланинг икки муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим бўлади. Биринчи жиҳат – тушларнинг бевосита маросимдаги ўрни. Бундай қадим маросимларнинг рудиментларини тушни таъбирлаш билан боғлиқ урф-одат, ирим-сиримларда ҳам кўришимиз мумкин. Тушни таъбир қилувчининг шахси, жамиятда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилишининг илдизлари ана шундан.
Халқ орасида «Яхши тушга ҳам, ёмонга тушга ҳам садақа бериш керак», «Туш йўрилганидек бўлади» каби мақоллар бу маросим билан боғлиқ тасаввурлар ҳанузгача яшаб келаётганидан дарак беради. Қадимда эса бирор бир тушни таъбир қилиш учун махсус маросим уюштирилган. Буқа, қўйлар сўйиб, зиёфат берилган. Атрофдаги энг яхши таъбирчилар таклиф этилиб, мусобоқалар ташкил қилишган.

Кўпгина эртакларимиз, достонларимизда ана шу маросим билан боғлиқ тасаввурлар изи яхши сақланиб қолган. Мисол учун, «Алпомиш» достонида Бойбўри ва Бойсарига фарзандли бўлишлари тушда аён бўлади. Шундай хосиятли тушдан хурсанд бўлган ака-ука юртга зиёфат беради: «Бу сўзни эшитиб, бийларнинг жуда вақти хуш бўлиб, «тилаганимиз қабул бўлди», – деб кўнгли тўлиб, минди бедов отди, қистаб мазгилга қараб йўл тортди. Вақти хушлиги билан уч кеча-кундуз йўл юриб, Бойсун-Қўнғирот элатига етди. Вақти хушлигига халойиқни, элни йиғиб, қирқ кечаю қирқ кундуз тўй-томошо бериб ётди».

Гарчанд бу парчада зиёфат сабаби хурчандчилиги учун дейилаётган бўлса-да, аслида, олдинги сатрларда бунга сабаб хосиятли туш эканлиги айтилган.
Пўлкан шоирнинг «Гўрўғлининг туғилиши» достонида Шохдорган кўрган тушини таъбирлаш учун таъбирчиларни йиғдириб, катта машварат ўтказади.

«Ана энди Шохдорхон подшодан эшитинг. Шохдорхон подшо бир куни ёмон туш кўрди, тушида бир ажойиб иш кўрди. Шунда қуръаандоз мунажжимларини, ҳукамо таъбирчиларини йиғди. Йиғилганларга қараб Шоҳдорхон подшо бир сўз айтди».

Худди шунга ўхшаш ҳолат «Юсуф ва Аҳмад», «Гулихиромон» достонларида ҳам айнан такрорланади. «Юсуф ва Аҳмад»да Миср подшоси Гўзалшоҳ, «Гулихиромон»да шоҳи Гардон ўз тушларини таъбир қилдириш учун қуръаандозларни тўплаб, катта йиғин ўтказади.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Бошқа туркий халқлар достонларида ҳам туш таъбирига бағишланган маросимлар муҳим ўрин тутганини кўрамиз.
«Манас» достонида бутун бошли бир бўлим «Манас баатыр туш коруп, той берип жорутканы» деб номланади ва бошдан-охир туш таъбир маросимига бағишланган. Манас тушида олтин қилич топиб олади:

Жатып баатыр туш коруп,
Далай сонун иш коруп…
Жолго баатыр салыптыр,
Келе жатса, кезигип,
Жолунан чыгып калыптыр.
Байнеги алтин, сабы жез,
Узундугу уч-торт кез,
Сырты калын, мизи курч,
Алкымы туз, кайкан уч,
Кандай болду бул кылыч?

Қаҳрамон бунинг оддий туш эмаслигини билиб, юртга чопар юбориб, катта тўй-томошо уюштиради:

Ойгонуп Манас калыптыр,
Ою терен бу баатыр,
Оной эмес бу туш деп,
Оюна кыйланы алыптыр…
Окторулуп эр Манас,
Орчун кыргыз журтина
Ой-тоого кабар салыптыр:
Угузду журтка кабарын,
Кырк кундуз тойго келсин деп
Ар тарапка чаптырды
Алтымыш бир чабарын…

Йиғилганлардан ҳеч бир таъбирчи унинг тушини таъбир қилолмайди. Фақат Ажибай (Ажыбай)гина бунга журъат этади. Манаснинг кўрган туши хосиятли туш эканини, тез орада ниятлари амалга ошишини айтади.
Туркиялик олим Баҳоуддин Угал «Манас» достонининг бошқа вариантларида ҳам ушбу маросим муҳим ўрин тутганлигини қайд этади.

«Бу хосиятли туш учун (Манас – Ж.Э.) тўй беришни, кенгаш чақирилишини истади. Бу тушни тўғри таъбир қилганларга кўп молу дунё берайлик, деди».
Бундай маросим изларини биз «Илиада» достонида ҳам учратамиз. «Илиада»да туш энг кўп такрорланадиган мотивлардан бири бўлиб, достонда туш таянч мотив сифатида келади, десак хато қилмаган бўламиз.
Достонда Париснинг онаси Ҳекуба унга ҳомиладор бўлиб, ой куни яқинлашиб қолганда бир туш кўради. Тушида мудҳиш ёнғин бутун Трояни қамраб олади. Бу тушини у эрига айтади. Эри бу хосиятсиз тушни коҳинга таъбир қилдиради. Коҳин тез орада Ҳекуба ўғил туғишини ва у Троянинг бошига улкан фалокатлар олиб келишини башорат қилади. Башоратга қарши ўзича чора кўрган Ҳекуба ва унинг эри бола туғилиши билан уни Ида тоғига олиб бориб, хилват ўрмонга ташлашни буюришади. Чақалоқ ўрмондаги айиқ сутини эмиб катта бўлади. Бир ёшга етганда уни ўрмондан топиб олган Агелей ўзига ўғил қилиб олади.

Париснинг олдига келган маъбудлар унинг қўлига олма тутқазиб, қай биримиз чиройлимиз, шуни аниқлаб бер, деб шарт қўяди. Афродита Еленани унга хотин қилиб олиб беришга ваъда бергани учун у Афродитани танлайди. Сўнгра у Трояга қайтиб келиб, ўзининг ота-онаси билан топишади. Ота-онаси тушдаги башоратни унутишади. Парис Еленани излаб Спартага йўл олади. У ердан Менелайнинг меҳмондўстлигидан фойдаланиб, гўзал Еленани ўғирлаб келади. Бу ҳақоратларга чидай олмаган Менелай Трояга уруш очади. Шу тахлит Парис Троянинг бутунлай ёниб кул бўлишига сабабчи бўлади.

Лекин, дўстлар, аввал бирон коҳин ёки соҳибкаромат
Ё тушларни таъбирловчи сўзлаб берса (Туш ҳам Зевсданку)
Не боисдан экан Фебнинг бизга қаҳри? Ё қурбонликка
Юзта тана атаб, кейин унутдикми? Ё мудҳиш ўлат,
Чангалидан бизни халос этмоқ учун тангри Аполон
Истармикан қўй, эчкилар хушбўй ёғин ёндирмоғимиз.

Яна:

Қушлаб билан фол очишда тенги йўқ зот донишманд Калхас,
Воқиф этди у ўтмишдан, мавжуд кундан ва келажакдан.
Юнонларни Аполоннинг паноҳида денгизлар оша
Иллионга бошлаб келган ҳам шу соҳибкаромат эди.

Достоннинг иккинчи боби «Туш. Беотия ёки кемалар саноғи» деб номланади. Зевснинг кўзига уйқу келмай, у ҳузурига Тушни чақиртиради:

Қалбаки Туш деган ғоят мақбул фикр келди бошига.
Сўнг у Тушни чақиртириб, айтди унга ҳикматли сўзлар:
«Қалбаки Туш, ғизиллаб уч, юнонларнинг бандаргоҳига
Ва сездирмай оҳиста кир Атрей ўғлин қароргоҳига.
Ҳозир сенга нелар десам, қулоғига қуй ҳаммасини:
Жингалаксоч юнонларни ўзинг жангга бошлармишсан де,
Жами лашкар қўзғолсин, де: ниҳоят сен гавжум Илион
Шаҳрини заб этарсан, де: Олипм тоғида маскан қурганлар
Орасида мухолифат қолмади, де. Маъбуда Ҳера
Ўз фикрини ўтказди, де, самодаги илоҳийларга,
Приам элин бошига Зевс зўр фалокат ёғдирмоқчи, де.

Туш бу ерда жонли бир персонаж сифатида тасвирланган.

Туш фармонга қулоқ солиб, парвоз этди мисли шамолдек.
… Илоҳий Туш гап бошлади Нелей ўғли қиёфасида.

Демак, у ўз қиёфасини ўзгартира олади. Энг муҳими, биз юқорида таъкидлагандек, тушни таъбирлаш учун махсус маросим уюштиради:

Агаменнон шунда ахей лашкарини зўр маъракага
Йиғинглар, деб фармон берди жарчиларга. Улар чор ёққа
Тарқалдилар жар солишиб. Одамлар ҳам тўпланди дарҳол.
Вале бундан хиёл олдин Агаменнон Нестор кемаси
Турган ерга улуғларни чақиртириб, маслаҳат солди:
«Бугун, дўстлар, мен муаттар тун қўйнида кўрдим ажиб туш,
Тушнинг бўйи, ҳаракати ўхшар эди Несторга ғоят.
Илоҳий Туш бошим узра туриб, шундай деди рўй-рост.

Йиғинда унинг тушини қумлоқ Пилос шоҳи Нестор хосиятли туш эканини айтиб, жанг қилишга чорлайди.

Шундан кейин қумлоқ Пилос шоҳи Нестор чиқди даврага
Ва хушният билан шундай калом айтди оқсоқолларга:
… Модомики, Тушни ахей лашкарининг бош саркардаси
Кўрибдийкан – ори ростдир: йигитларни, бас, шундай экан,
Дам ғанимат, жанг майдонга даъват этмоқ йўлин ўйлайлик.

Албатта, Нестор бунинг ёлғон туш эканини билмайди. Бироқ бу ерда бир нарса, тушга у ниҳоятда жиддий муносабатда бўлиб, тушдаги кўрсатмага амал қилиш зарурлигини уқтиради.
Бу мисоллардан кўриниб турибдики, туш инсон ҳаётида қанчалик ўрин тутса, оилавий маиший маросимларда ҳам шунчалик муҳим аҳамият касб этиб келган. Юқоридагиларга қўшимча қилиб республикамизнинг жанубий вилоятларида бугунги кунгача сақланиб қолган никоҳ тўйи узвидаги туш билан боғлиқ маросимни мисол келтиришимиз мумкин. Никоҳ тўйидаги «Кампир ўлди маросими»да кампир ўзини ўлганга (ухлаганга) солиб ётади-да, кейин тирилиб (уйғониб), кўрган тушини таъбир қилиб беради. Бу маросим «Алпомиш» эпосида ҳам тўлалигача ўз бадиий ифодасини топган. Шу ўринда туш ва маросим моҳиятини тўлароқ англаб етиш учун, аввало, эпик ижод ва маросим масаласига кенгроқ тўхталиб ўтиш зарур бўлади.
Мутахассислар эпос ва маросимни бир-бирига боғлаб турувчи энг муҳим жиҳат – халқ ижодининг специфик намунаси сифатида достонлар маросим ва маросим фольклори билан бевосита алоқадорликда эканлигини урғулашади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, эпоснинг, айниқса, қаҳрамонлик достонларининг бевосита маросим билан боғлиқ жиҳатлари ҳали етарли даражада ўрганилган эмас. Архаик эпосда, жумладан, «Алпомиш» достонида ҳам маросимларнинг муҳим ўрин тутиши ва устувор қонуният кашф этиши кузатилади. Бироқ қаҳрамонлик эпоси биргина маросимлардан келиб чиқади ёки туғилади, деб хулосалаш масалани ўта жўн ҳал этиш бўлади. Эпос эпик формаларнинг трансформацияси орқали юзага чиқади. Ушбу архаик эпик форманинг бевосита маросим билан алоқадорлик томонларини тадқиқ этиш эпоснинг туб асосларини ёритишда ўта муҳимдир. Бу ўринда икки жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш зарур:
– Биринчидан, эпоснинг маросимлардаги ўрни ва функцияси. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида давом этаётган қадимий анъана – тўйу томошо ва бошқа маросимларнинг бахшилар иштирокида ўтказилиши;
– Иккинчидан, маросимларнинг эпосда акс этиши, яъни маросимларнинг эпос сюжетида тутган ўрни.
«Алпомиш» достонини, таъбир жоиз бўлса, халқимизнинг кўҳна маросимлар, урф-одатлар, ирим-сирим, табуларнинг «қомуси» деб аташ мумкин. Чунки ҳеч бир эпосда халқимизнинг маиший ҳаёти бунчалик кенг кўламда ўзининг бадиий ифодасини топмаган. Фарзанднинг туғилишидан олдин овга чиқмоқ, суюнчи олмоқ, фарзанднинг туғилиши, фарзандга исм қўймоқ, этагига солмоқ, бешик тўй, масалаҳат, жарчи қўймоқ, чуфуррон тўй, тўёна бермоқ, аташтириб бешиккерти қилмоқ, иккинчи исм қўймоқ, аташтириб рўмол ўрамоқ, қаллиққа бормоқ, совчи қўймоқ, шартлашиш (кураш, кўпкари, пойга), куёв навкар, тўққиз товоқ, куёв товоқ, ўтни айланмоқ, қиз яширди, вакил ота, вакилини бермоқ, чимилдиқ тутмоқ, ит ириллар, ойна кўрсатар, соч сийпатар, қўл ушлатар, куёв улоқ, юз очди, бақан (таёқ) ташламоқ, солим бермоқ, ўлан айтмоқ каби турли-туман одат ва маросимларнинг «Алпомиш» эпосидан жой олиши муҳим аҳамиятга эга ва у махсус тадқиқотни талаб этади.
Эпос ва маросимни ўрганишда, биринчи навбатда, қиёсий-типологик методнинг устуворлигини инкор этмаган ҳолда, структурал, лингвопоэтик ва руҳий таҳлил каби кўплаб методларга ҳам суяниш лозим бўлади. Қиёсий типологик таҳлилда, биринчидан, маросимларни ўзаро қиёсий ўрганиш мумкин бўлса, иккинчи томондан, уни эпос ва эпосдаги мотивлар билан муқоясалаш имконияти туғилади. Лингвопоэтик ва руҳий таҳлил методлари эпос ва маросим семантикасини чуқурроқ ёритиб беришда асосий омил бўлади. Структурал метод эса эпос ва маросим тизимини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки архаик эпос билан маросим структураси ўзаро уйғун келишини кўрамиз.

Шомоннинг шажараси, унинг танланиши, ҳомий руҳлар кўмагида бўлиши, ўзга дунёга сафар, ёвуз руҳлар билан жанги, ўзга қиёфага эга бўлиши бу шомонлик маросимига хос хусусиятдир. Архаик, жумладан, «Алпомиш» эпосида ҳам шажарага алоҳида урғу берилиши, Ҳакимбекнинг туғилиши ва доимо пирлар кўмагида бўлиши, қаҳрамонликлар намойиш этиши, сафарга отланиши, ёвузликка (ёвуз руҳларга) қарши кураши, етти йиллик зиндон, яъни рамзий ўликлик ҳолатидан сўнг қайта тирилиб чиқиб, Қултой қиёфасига кириши структурал жиҳатдан шомонлик маросими билан айнан бир хил  эканлигини кўрамиз. Қолаверса, эпоснинг генетик хусусияти унинг жанр структурасини ўрганиш орқали очилади.

Маросимнинг эпосда акс этиши ҳақида сўз кетар экан, унинг, асосан, икки: а) маиший турмушда ўз ижро ўрнига эга бўлиб, эпосда ҳам бадиий акс этган (бефарзандлик, илоҳий кучларга сиғиниш, туш ва уни таъбир қилиш, фарзанднинг туғилиши, исм қўйиш, бешиккерти қилмоқ, аташтириб рўмол ўрамоқ, совчи қўймоқ, қаллиқ ўйнамоқ ва ҳоказо); б) маиший турмушда ижро ўрни унутилиб, бадиий ҳолатга кўчган (фарзанд туғулишидан олдин овга чиқиш, куёвга келин томонидан шартлар қўйилиши ва ҳ.к.) жиҳатларини тадқиқ этиш лозим бўлади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда унутилган жуда кўп маросим элементлари, удумлари, табу, иримларнинг бадиий ифодалари фольклор асарларида сақланиб қолган.

«Алпомиш» достонида фарзанднинг туғилиши, яъни илоҳий туғилиш фольклорда етакчи мотивлардан бири бўлиб, у бир неча босқичлардан иборат. Биринчиси, ота-онанинг фарзандсизлик ҳолати. Бу, бир томондан, она уруғчилиги билан боғлиқ тасаввурларнинг маросим ва достонларимиз қатламида сақланиб қолганлигидан далолат берса, иккинчи томондан, достонда рамзий маъно кашф этиб, пароканда элни бирлаштирадиган, ҳокимиятни мустаҳкамлайдиган янги авлод, янги алпнинг туғилишини англатади.
Қаҳрамонга исм берилиши билан боғлиқ ўринлар қисқа сатрларда айтилиб кетган бўлса-да, у достон сюжетида муҳим аҳамиятга эга. Достон қаҳрамони Ҳакимбек етти ёшга тўлганда Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмон парли ёйни отгани учун «Алпомиш» деб аталади:

«Шунда барча халойиқлар йиғилиб келиб айтди: …Бу Алпомиш алп бўлсин. Тўқсон алпнинг бири бўлиб санага ўтди».

Қадим маросимларда, хусусан, шомонликда маросимдан сўнг қаҳрамонга иккинчи исм берилган. Бу, биринчидан, шомоннинг эранлар томонидан танланганлигини ва руҳий камолотга етганлигини билдирса, иккинчи томондан, унинг бошқа қиёфага кирганлигини, магик қудратга эга бўлганлигини ҳам кўрсатган. Бугунги кунда ҳам республикамизнинг жанубий вилоятларида баъзан оилада ўғил фарзанд туғилса, уни «орқалиқ» экан деб ҳамда инсу жинс, ҳар хил ёмон руҳлардан асраш мақсадида болага дастлаб ёлғон исм берилади. Агар шундай қилинмаса, у хасталикка чалиниши мумкин, деган қараш мавжуд. Маълум бир муддатдан сўнг кичик бир маросим ўтказилиб, болага ҳақиқий исм қўйилган.
Эпосда маросим ҳеч қачон батафсил тасвирланмайди, балки унинг муҳим нуқталари ўз аксини топган бўлади. Энг эътиборли жиҳати, маросим эпос тизимида сюжетни юзага келтириб, эпик характер касб этади. «Алпомиш» достонидаги Ҳакимбекка иккинчи исм берилиши билан боғлиқ ҳалқа олиб ташланса, достон мазмунига жиддий путур етади. Демак, маросим маълум маънода эпос сюжет ҳалқасининг юзага келишига замин бўлиши билан бирга, бевосита эстетик функция бажаради.
Достонда Сурхайил кампир Барчиннинг онасига қарата шундай дейди:

Қозонда қайнаган ширбоз гўштмиди,
Шул қизингнинг агар боши бўшмиди.
Боши бўшми дейин, сендан сўрайман,
Келин қилиб бирор рўмол ўрайин.

«Бошнинг бўшлиги» ҳали қизнинг бировга аталмаганлиги, ҳеч ким билан аҳду паймон қилмаганлиги ва ота-онасининг рози-ризолиги олинмаганлигини англатади. Барчин эса туғилгандаёқ «бешиккерти» қилинган эди. «Ана шунда Шоҳимардон пир Ҳакимбекка ой Барчинни аташтириб, бешиккерти қилиб: Бу иккови эр-хотин бўлсин, Ҳакимбек билан ҳеч ким баробар бўлмасин, омин оллоҳу акбар», – деб фотиҳани бетига тортди». Бешиккерти қилиш одати ва у билан боғлиқ маросимлар бугунги кунгача ҳам халқимиз ҳаётида сақланиб қолган. Бешиккертида, албатта, бўлғуси келиннинг бошига рўмол ўралиб, бирор бир тилло тақинчоқ тақилган.
Бош кийим эса ҳамиша муқаддас саналган. О.Сухарева Ўрта Осиё халқлари бош кийимга алоҳида эътибор беришларини, ёшига қараб бош кийимлари ҳам ўзгариб борганлиги ва ҳар бир маросимда бош кийим муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлайди.
Қадимда эса бош ва бош кийим кўк билан боғланган. Шунинг учун бойбичанинг Сурхайил кампирга берган кескин жавобида ҳам, бир томондан, қизининг ёшлигида Ҳакимбек билан «бешиккерти» қилинганлиги таъкидланаётган бўлса, иккинчи томондан, улар икки дунё, икки олам вакили эканлигига ҳам ишорадир.
Барчиннинг элдан ажратилиб, баланд бир тепаликка ўтов тикиши достонда шундай тасвирланади: «Ўн минг уйли қўнғиротдан чиқариб, Барчиннинг ўтовини кўтариб, ҳу, анадай овлоқ тепанинг бошига тикиб қўйди. Бул ўтовда қирқин канизлари билан Барчин ўтирди». Бу ерда диққатимизни тортадиган икки жиҳатга тўхталиб ўтиш зарур. Биринчиси, Барчин ўтовининг тепаликка тикилиши. Тепалик, тоғ бу қадимда маросимлар ўтказиладиган муқаддас аждодлар руҳи яшайдиган жой ҳисобланган. Иккинчиси, ўтовнинг оқ ва бахмал эканлиги. Оқ ва қизил (бахмал) ранг, биринчи навбатда, икки олам (эркак ва аёл бирлигининг макони) ҳақидаги қадим тушунчаларни ўзида ифода этган. Шунинг учун ҳам бу икки ранг эпосда ҳам, маросимларда ҳам аниқ рамзий маънога эга.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида узатилаётган қиз тўй куни бирор бир қариндоши ёхуд қўшниларидан бириникида, яъни ўз уйидан узоқроқда бўлади. Қизнинг дугоналари узатилаётган қизни яширишиб, «қиз яширди» маросимини ўтказади. Куёв томондан танланган вакил бўлғуси келинни топиб олиши керак. Ана шу «қиз яширди» маросимидан сўнггина бўлғуси келиндан вакиллар рози-ризолик олишади. Достонда ҳам айни маросим ўз аксини топган: «Қадимги расими шундай бўлади, Барчинойни қиз опқочди қилади. …Бир ерда буларни топиб олади». Ана шу каби маросимлардан яхши хабардор бўлмасак, Барчиннинг ўтов тикиб, ўз элидан ажралиб чиқишини жуда жўн талқин қилишимиз табиий, албатта. Аслида эса «Алпомиш» каби классик эпосда, бирор бир детал ноўрин келмайди ва уларнинг ҳар бири ўзининг чуқур маъносига эга.
Барчиннинг алоҳида ўтов тикиб, ўз элидан ажралиб чиқиши, бу бир томондан, қизнинг балоғатга етганидан далолат берса, иккинчи томондан, унинг иҳота қилинишини англатади.
«Қиз яшириш», яъни турмушга чиқаётган қизнинг жамоадан ажратилиши, унинг иҳота қилиниши, яъни ҳар хил нохушликлардан, ёмон кўзлардан сақлаш учун қилинган амалий ҳаракат бўлиб, Барчиннинг тепаликка ўтов тикиши ана шу қадим маросимнинг достондаги бадиий ифодасидир.
Сочнинг маросим ва фольклордаги ўрни, функцияси ва поэтик кўлами шу даражада улканки, буни биргина мақола ёки тадқиқот доирасида ҳал этиш анчайин мушкул масала.
Маросимда магик ҳаракатлар ритуал аҳамият касб этса, эпосда у бадиий кўринишга эга. Буни «Алпомиш» достонидаги «соч сийпатар» ва шу каби маросимларда кўришимиз мумкин.
Соч, ёл бу руҳга тегишли, бировнинг сочи ёхуд ёлига эгалик қилиш, унинг руҳига эгалик қилиш, уни ўзига тобе этиш билан баробар ҳисобланган. Ж.Фрэзер соч қадим маросимларда энг юксак мавқеда бўлганлигини, ибтидоий инсон сочни тараш, олдириш, куйдириш орқали табиатга ва руҳга таъсир қилиш мумкин, деб ҳисоблаганлигини таъкидлайди.
Фольклошунос олим Асқар Мусақулов жаҳондаги кўпгина халқларнинг туғилиш, никоҳ, ўлим маросимлари билан бир қаторда соч олиниши ҳам инсон ҳаётида энг муҳим бўлиб, у осмон ғояси билан боғлиқ бўлганлигини ёзади.
«Соч сийпатар», умуман, сочнинг ўрилиши бу қиз боланинг балоғатга етганлигини англатувчи унсурлардан бири бўлиб, у қадимий соч магияси билан боғлиқ маросимнинг трансформацияга учраган бир кўринишидир. Соч магияси, биринчи навбатда, ҳосилдорлик культига бўлган эътиқоддан келиб чиққан. «Алпомиш» достонидаги «соч сийпатар» маросимида ҳам ана шундай қадим тасаввурлар ўз ифодасини топган.
Арқон, таёқ, ойна маросимларда энг кўп ишлатиладиган предметлардир. Уларни бирлаштириб турувчи жиҳат эса бу учала жисм қадим тасаввурларга кўра икки дунё ўртасидаги чегара, белгини ифодалашидир. Шунинг учун куёв-келин йўлига ташланадиган арқон, таёқ (бақан) уларнинг бир дунёдан иккинчи бир дунёга қадам қўйганлигини англатган. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёл таёқ ёки арқондан ҳатламайди, оқар сувда чўмилмайди, тунда кўзгуга қарамайди, сочини кесмайди, деган қарашлар бугунги кунгача сақланиб қолган.
Ойна, аслида, сувнинг атрибути ҳисобланади, сув табиий хусусияти билан кўзгуга тенглаштирилган. Сув эса икки дунё ўртасидаги чегара. Шунинг учун ҳам сувнинг барча дин ва турли хил маросимлардаги ўрни жуда баланд.
«Кампир ўлди» маросими никоҳ тўйининг бир қисми ҳисобланади. Бу маросим баъзи жойларда келиннинг уйида, айрим ҳудудларда келин куёвникига олиб келингандан кейин амалга оширилган.
«Алпомиш» достонида у келин, яъни Барчиннинг уйида амалга оширилади: «Бахмал ўтовда чимилдиқ тутиб, куёв навкарлари билан куёвни киргизмоқчи бўлиб, бир неча хотинлар «кампир ўлди» бўлиб, ўлганига бир нима олиб, «ит ириллар» деган расмини қилиб, бунга ҳам бир нарса бериб, ҳар замон салом солиб, уйдан ичкари кириб, чимилдиққа ўтириб, олдига дастурхон солиб, қўйларнинг тўшини пишириб олиб келиб, буларнинг олдига қўйиб, хўп еб тўйиб, куёв навкарларга тўппи, рўмол, сармой бериб, ҳаммаси ўз расми-қаъдасини қилиб, куёв навкарлар чиқиб кетди, булар ҳам мазгилиги, жой-жойига қараб кетди».
Н.П.Лобачева бу маросим ўтган асрнинг ўрталарида Ўрта Осиёда яшовчи туркий халқларнинг барчасида учрашини таъкидлайди. Бу маросим бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида худди достонда айнан келтирилгани каби келин томонда амалга оширилади. Чимилдиқ тутилган уйга кирмоқчи бўлаётган куёв навкарларининг йўли тўсилиб, остонада турган бир кампир ит бўлиб «ириллайди». Одатда, ит бўлиб ириллайдиган кампир кайвони, ували-жували ва обрў-эътиборли, энг муҳими, келин томоннинг энг яқинларидан бири бўлиши керак.
Кампирнинг «улуши» берилгач, куёв ичкарига киритилади. Шундан сўнг «кампир ўлди» маросими бошланади. Унда яна ували-жували бир кампир келин-куёвга солинган ўринга ёш болани қучоқлаб ётиб олади. Атрофда турганлар «кампир ўлиб қолди», «кампир ўлиб қолди», дейишади. Сўнг кампир туш кўрганини айтади:

Туш кўрибман,
Икки ёшни хуш кўрибман,
Олтин бешик бу жонда,
Олтин бешик у жонда,
Тоқ эмас, жуфт кўрибман.
Қўчқордай ул бир жонда,
Басолқи қиз бир жонда,
Кўркам савлатли,
Молу давлатли,
Фарзандли, неварали, чеварали кўрибман.

Баъзи жойларда «ўлган» кампирнинг тушини иккинчи бир кампир таъбири қилиб, тушдаги рамзларнинг нима маъно ифодалашини айтиб туради.
Бу ўринда кузатилганидек, туш кўпчилик маросимларда, умуман, инсон ҳаётининг барча нуқталарида алоҳида аҳамият касб этган. Ибтидоий инсон ўзининг ўтмиши, бугуни ва келажагини ҳам тушсиз тасаввур эта олмаган. Бирор бир инсоннинг дунёга келиши, камол топиши, бахтли бўлиши ёки фалокатларга йўлиқиши тушларда аён бўлган.
Никоҳ эса ҳамма вақт ўлим ва туғилиш орасидаги муҳим бир восита, ҳаёт – ўлим – ҳаёт давомийлик циклининг бошланиши ҳисобланган.
Ўлиб тирилувчи маъбудлар ҳақидаги қадим тасаввурларга кўра, кекса қиш ер юзини тарк этгандан сўнг, у янги – баҳор қиёфасида дунёга келади. Ўлим йўқ экан, туғилиш ҳам бўлмайди; қиш ўлмаса, баҳор туғилмайди. Аслида, ўлим ва туғилиш бир моҳиятнинг икки қутби, холос.
Достондаги «кампир ўлди» маросимида ҳам худди ана шу нарса, яъни бир фасл (цикл) ўрнини иккинчи бир фасл олганлиги, «кампир» ўлиб, янги оила дунёга келаётганлиги мангу давомийлик циклининг рамзий ифодасидир.
Табиат фаслини кекса кампир қиёфасида тасаввур қилиш «Чой момо», «Суст хотин» маросимларида ўзининг янада ёрқинроқ ифодасини топган.
Маълумки, ўлиб тирилувчи маъбудлар ҳақидаги кўплаб мифлар мавжуд. Бундай мифларга хос бўлган энг муҳим хусусият – уларнинг табиат ва ҳосилдорлик культини ўзида мужассам этгани ва уларнинг кўпчилиги албатта аёл қиёфасида бўлганидир. Ҳар фасл алмашганда эса уларга қурбонликлар қилиниб, махсус маросимлар ўтказилган. Қадим Мисрда Осириснинг ўлиб тирилиши баҳор маросимларида томоша сифатида кўрсатилган.
Германияда янги никоҳ қурган келинчакларга ўлимни ифодаловчи сомондан қилинган қўғирчоқ кўрсатилган. Қари кампир кўринишидаги «Ўлим» келинчакнинг кўп фарзандли бўлишига ёрдам беради, деган тасаввур бўлган.
Кўпгина тадқиқотчилар Ўлимнинг ҳосилдорлик ва серфарзандликка кўрсатадиган таъсири ҳақида тасаввурлар никоҳ маросимларида жуда барқарор эканлигини таъкидлашади.
Шунинг учун ҳам оила ва мавсум маросимлари бир-бири билан узвий боғлиқ равишда ўрганилиши зарур. Зеро, оила маросимларининг барча қирралари мавсумий маросимларни ўрганиш орқали очилади.
Худди эпос каби туш ва маросим ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ жараён. Бундай маросимларнинг тарихий илдизларини ёритишда эпосга мурожаат этишимиз табиий. Эпосдаги мотивларни эса ҳаётдаги мавжуд маросимлар билан қиёсий ўрганганимиздагина уларнинг мазмун- моҳияти янада тўлароқ очилиши мумкин.

2.3. ТУШ ВА ҚЎШИҚ

Туш ва қўшиқ муносабатлари, аниқроғи, тушларнинг халқ қўшиқлари яратилиши, мазмуни ва бадииятига таъсири ҳақида сўзлашдан аввал шуни айтиш лозимки, уларнинг ҳар иккиси умуминсоният учун хос тарихий-типологик, ҳаётий ва давомий ҳодисадир. Яъни жаҳонда бирорта туш кўрмаган киши бўлмаганидек, куйлаш қобилияти бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда қўшиқ хиргойи қилиб юрмайдиган одам ҳам йўқ. Бироқ олиб борган тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, ўзбек халқ лирик қўшиқлари ҳажман қанчалик кўп, ижод ва ижросига кўра қанчалик оммавий бўлмасин, улар орасида бевосита туш тилга олинган намуналар кам учрайди.
Масалан, олима Музайяна Алавия тўплаб нашр эттирган «Оқ олма, қизил олма» номли қўшиқлар тўпламида туш бирор марта тилга олинмайди. Истисно тарзида қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин:

Синглим саҳар-саҳарда
Туш кўрибди, ёр-ёр.
Тушида бир қарчиғай
Хуш кўрибди, ёр-ёр.

Бу тушнинг таъбири қўшиқ тингловчилари учун изоҳсиз ҳам тушунарли. Чунки ўзбек халқида турмушга чиқмаган қиз тушида қуш кўрса, одатда, унинг тезда узатилиб кетиши таъбир қилинади. Шундай бўлса-да, қўшиқ давомида туш таъбир ҳам қилинган:

Тушидаги қарчиғай
Биров бўлгай, ёр-ёр.
Биров-биров деманглар,
Куёв бўлгай, ёр-ёр.

Туш бевосита тилга олинган қўшиқлар профессионал халқ бахшилари, халфаларнинг бой репуртуарида ҳам жуда кам учрайди. Хоразмда машҳур профессионал халфалар репертуаридаги қўшиқларда туш билан бевосита боғлиқ қуйидаги мисралар бор:

Кундуз бўлса, ишлаганда ишингман,
Кеча бўлса, ухлаганда тушингман,
Ширин жондан кечиб юрган кишингман,
Ёқма бола, ўз ёнганим оз эмас…
Оқшом тушимда бир гули раънони кўрибман,
Мен ул гули раъно бирлан бирга юрибман…
Жума кеча кўрган туш ҳикматлидир, ёр-ёр,
Ёмон иши доимо миннатлидир, ёр- ёр.
Хуш уйқуда ётсам кирар тушима,
Сесканиб уйғонсам тушар ёдима,
Оҳ деганда ёш айланар кўзима,
Келмади, келмади, нечун келмади?

Туш бевосита тилга олинган намуналар, бу каби мисралар улкан қўшиқлар денгизидан бир томчи бўлса-да, туш ва қўшиқ муносабати ҳақида маълум бир хулосага келиш, илмий фараз қилиш имконини беради.
Биринчидан, бу мисоллардан бирида жума куни кўрилган туш ҳикматли бўлади дейилган-ки, бу ишонч бутун ўзбек халқининг тушга муносабати учун хосдир. Иккинчидан, уларда туш орқали севган кишининг истаги, кечинмалари ифода этилган.
Севиб қолган кишилар, айниқса, ёшларнинг севгилиси, муҳаббат билан боғлиқ тушлар кўриши исбот талаб қилмайди. Қолаверса, улар орасида қўшиқ муҳитида ўсган, халқ қўшиқлари усулида ўзи ҳам янги намуналар яратиш салоҳиятига эга бўлганлари жуда кўп бўлган. Тахмин қилиш мумкинки, туш кўриб уйғонган бундай ошиқ-маъшуқлар ўша туши таъсиридаги ўз кечинмаларини қўшиқларга солган.
Бутун илмий-ижодий фаолиятини халқ қўшиқларини тўплаш, нашр этиш, ўрганишга бағишлаган М.Алавия барча ишларида халқ қўшиқларида ишқ-муҳаббат мавзуси устувор бўлиб келганини кўп такрорлайди.
Агар достон ва эртакларда туш мотиви фаол учраб, кўпгина ҳолларда сюжетни бошлаб берувчи, баъзан қаҳрамонларнинг келгуси тақдирини рамзий тарзда белгилаб берса, халқ лирик поэзиясида бутунлай бошқа манзарани кўрамиз.
Айтиш мумкинки, агар тадқиқотчи халқ қўшиқларига туш ҳодисасининг таъсирини бевосита ўрганмоқчи бўлса, яъни туш сўзини ахтарса, унинг изланишлари аввалдан самарасиз бўлиб, боши берк кўчага кириб қолади.Ҳолбуки, тушлар рамзлар олами бўлса, халқ қўшиқлари ҳам шунчалар рамзларга бойдир. Кузатишларимиз халқ қўшиқларида туш таъсири, одатда, «тагматн»да бўлишини кўрсатади. Шу боис уларда туш бевосита тилга олинмаса ҳам, уларнинг кўпчилиги моҳиятида бевосита тушлар ва уларнинг таъбирлари ётганини кўрамиз. Муҳими шундаки, халқ достонлари ва эртакларидаги тушлар бевосита англатган, яъни тушга урғу берилган рамзлар илк асосда мифологик тафаккурга асослангани учун уларнинг қўшиқлардаги билвосита, яъни қайд этилмаган ифодаси ўртасида моҳиятан жиддий фарқ кўрмаймиз. Фикримиз исботи учун «Алпомиш» ва «Кунтуғмиш» достонларида тушлар англатган рамзларни халқ қўшиқларидаги рамзларга қиёслаб кўрсак.
Алпомиш даставвал қабристонда ухлаб қолганда чилтонлар унинг руҳи билан Барчин руҳини учраштиради. Барчин руҳига бир коса шароби антаҳур тегади. Барчин шаробни қўлига олиб, ўзи ичгани кўнгли бўлмай, Алпомишга тутиб, сўз айтади. Жумладан, шундай дейди:

Хон тўрам, сизга не бўлди,
Олинг, аллаёр-аллаёр.
Шундай бўлди Барчин сўзи,
Кийганим гулгун қирмизи,
Ақлингдолар жоду кўзи,
Қаватида йўқ канизи,
Коса берар бийнинг қизи…

Моҳиятига кўра Барчин тутган коса, ундаги шароби антаҳур ҳозиргача никоҳ тўйларида келин-куёвга тутиладиган коса ё пиёла ва ундаги никоҳ сувидир. Достондаги шароб магик кучга эга бўлганидек, дуо ўқилган никоҳ суви ҳам магик кучга эга, деб тушунилади. Шу боис Алпомиш ҳали никоҳ ўқилмагани учун Барчин тутган шаробни ичишни кейинга қолдиради. Унинг бу шаробни, албатта, бир кун ичиши шарт.
«Халқ қўшиқларининг тарихий асосларига кўра, сув культларининг изларига диққат қилсак, – деб ёзади А.Мусақулов, – халқ лирикасидаги сув ва унинг атрибутлари – шабнам, томчи, булоқ, қудуқ, ариқ, сой, дарё, муз, ҳовуз, қор, ёмғир, сув ўсимликлари – қамиш, ялпиз, сув бўйидаги дарахтлар, сув жониворлари – балиқ, илон, сув идишлари – кўза, коса, пиёла – барча-барчаси бирор жиҳати билан севги, оила, фарзанд ғоялари ва кечинмалари билан боғланади».
Халқ лирикасида севишганларнинг бирга чой (достонларда шароб) ичиши – висол, ича олмаслик – айрилиқ, ичиш истаги – севги майли, чой идишларининг нозиклиги – бахт, синиши – бахтсизлик рамзи бўлиб келади:

Наманганнинг йўллари,
Пиёланинг гуллари.
Чой ичганда ярашган
Бизнинг ёрнинг қўллари.

Айрилиқ тугамагани боис Алпомиш Барчин тутган шаробни ича олмайди. Қаҳрамоннинг келгуси тақдири бирмунча мавҳум бўлгани учун унинг тушлари орасида унча узоқ муддат ўтмайди. У чўпонлар қўшхонасида ётганда саҳар вақти иккинчи тушини кўради. Тушига пири кириб, уни овутади. Айни шу пайтда Барчин кўрган туш уларнинг келгуси тақдирини ойдинлаштиради. Суқсурой канизи баён қилган Барчин туши таъбиридан:

Қибла бетдан бир ой туғиб келсалар,
Ой эмасдир, ул ҳам Расул пайғамбар.
Ой гирдинда тўртта ёруғ юлдуз бор,
Юлдуз эмас, тўрт чориёр муқаррар…
Кўтарган бургути бобонг Чибори,
Устида қарчиғай Ҳаким шунқори…
Бойчибори ем емайми қўлингнан,
Вакиллари савол сўрар тилингнан,
Қочсанг сени нега қўйсин Алпомиш,
Бахмал уйда маҳкам қисар белингнан…

Ушбу парча таҳлилидан аввал бир халқ қўшиғини келтирсак:

Ўзим қарчиғай бўлсам,
Илинтирсам ўзингга.
Билагингга талпинсам,
Мени олсанг қўйнингга.

Парчада пайғамбар – ой, чорёрлар – тўрт юлдуз рамзлари билан берилади. Бу достондаги исломий қатлам таъсири бўлиб, бизнингча, исломгача ой рамзи ҳомий илоҳани англатган. Кейинчалик ой тўлиқ поэтик рамзга айланиб, севгилини ифодалаган. Аммо айрим намуналарда аввалги изларини сақлаб қолган. Халқ қўшиқлари хазинасида, айниқса, ёр-ёрларда «Ой олдида бир юлдуз» анъанавий мисраси билан бошланувчи намуналар жуда кўп. Масалан:

Ой олдида бир юлдуз,
Ой боласи, ёр-ёр.
Келинчакни сўрасанг,
Бой боласи, ёр-ёр.

Қўшиқда ота ёки она ойга, фарзанд юлдузга қиёсланмоқда. Ота-она ҳам фарзанд учун ҳомийдир. Бу қўшиқ тарихий асосига кўра мифология билан боғлиқ семантик параллелизмнинг ажойиб намунасидир.
Биз келтирган парчада Бойчибор от бургут рамзи билан берилмоқда. Бунинг ҳам маълум сабаблари бор. Бойчибор – тулпор от, қушдай уча олади. Иккинчидан, у бош қаҳрамоннинг аниқловчиси, баъзан, масалан, пойгада Алпомиш иккинчи ўринда қолиб, биринчи планга чиқади.
Фольклоршунос Ш.Турдимов халқ лирик қўшиқларида қушлар – қарға, ғоз, ўрдак, турна, қалдирғочлар хабарчи рамзлардир, дейди ва буни таҳлиллар билан асослаб беради. Барчиннинг тушига кирган бургут ва қарчиғай рамзий хабарчилардир. Шу боис Барчин тушида бирор қушга эврилмай, инсон қиёфасида қолади. Барчиннинг тушида Бойчибор билан боғлиқ яна бир жиҳат бор. Тушда қайси рамзда келмасин, Бойчиборнинг асли тулпор отдир.
Олима М.Алавия агар тушда от кўрилса, мурод ҳосил бўлади, деб таъбир қилинишини ёзади. Шуниси характерлики, халқ қўшиқларида ҳам от мурод, севгилининг поэтик жуфти сифатида талқин қилинади:

Сарҳовуз бўйида сариқ от кўрдим,
Соллониб чиққаним бир мурод кўрдим.
Бедов отни суғормоққа чиққанда
Ёргинамни машъал чироқдай кўрдим.

«Алпомиш» достонидагидек «Кунтуғмиш»да ҳам чилтонлар бош қаҳрамонларни ухлатиб, тушларида руҳларини учратишиб, тўй қилишади.
«Иккови бир-бирови билан ўйнашиб, тўрасининг узугини Холбека олиб қўлига солди (Шу кеча Кунтуғмиш ҳам шундай бир туш кўрди). Шу ишда иккови ҳам уйғонди.
Тўра бир оҳ тортиб, бу дардини ҳеч кимга айтолмай, нигинига қараса, бошқа нигин; қоғозга муҳр қилиб босса, Холбеканинг оти чиқади».
Ушбу мисолимизда бизнинг кузатувимиз учун муҳими тушдаги узук деталидир. Мифологик тафаккурда узук англатган маънолар, унинг магик хосияти ҳақидаги қарашларга кенг тўхталмасак-да, ушбу кўчирмамизда узукнинг магик хислатга эгалиги кўриниб турибди. Достон мазмунига кўра, узук севги, оила рамзи бўлиб, қаҳрамонлар никоҳини чилтонлар қийгани (ўқигани)ни тасдиқловчи поэтик детал бўлиб келмоқда. Яъни достондаги туш ҳам, узук ва унинг хосияти ҳам мифо-поэтик тафаккур ҳосиласидир.
Ахборотчимиз, қашқадарёлик Момохол Норованинг айтишича, тушда узук кўришнинг қуйидаги таъбирлари бор: Агар уйланмаган йигит тушида узук кўрса, тезда уйланади. Уйланган бўлса, фарзанд кўради. Агар турмушга чиқмаган қиз тушида узук кўрса, унга совчилар келиб, тезда тўйи бўлади. Турмушга чиққан бўлса, фарзанд кўради. Фарзанднинг қиз ёки ўғил бўлиши туш кўрувчининг мучалига боғлиқ бўлади, яъни унинг мучали ҳалол жониворлар: от, қўй, қуён, товуқ бўлса, ўғил, сичқон, илон, маймун кабилар бўлса, қиз туғилади.
Энди халқ қўшиқларидаги узук поэтик рамзи англатган баъзи маъноларни кўриб чиқсак:

Куёв поччам қўлида
Талпинар қуш, ёр-ёр.
Келинойим узуги
Тоза кумуш, ёр-ёр.

Қўлидаги кумуши
Давлат бўлсин, ёр-ёр.
Қўндирилган қушлари
Фарзанд бўлсин, ёр-ёр.

Албатта, халқ қўшиғини ижро этувчига бундай-ундай айт, дейиш мумкин эмас. Бироқ ушбу мисолимизнинг иккинчи банди:

Қўлидаги кумуши
Фарзанд бўлсин, ёр-ёр.
Қўндирилган қушлари
Давлат бўлсин, ёр-ёр, –

деб айтилганда бизнинг ахборотчимиз таъбирига ҳам, эпик анъанага ҳам тўғри бўлар эди. Маълумки, кўпгина ўзбек эртаклари ва достонларида бирор мамлакат подшоси ўлса, давлатқуш учириб, янги подшо сайлашади. Мисол учун, юқорида тилга олинган «Кунтуғмиш» достонига мурожаат қилсак: «…Буврахон подшо ўлди. У вақтда подшоларга расм шу эди: давлатқуш деган қушни учирар эди, кимнинг бошига қўнса, подшо қилар эди». Достонда Кунтуғмиш давлат қуш туфайли Шаҳри Зангарга подшо бўлиб қолади. Қўшиқларда узук рамзи англатган маънолар ҳақидаги фикрларимиз тўғрилигини мана бу мисоллар ҳам тасдиқлайди:

Чимилдиқнинг тагидан
Топдик узук, ёр-ёр.
Қайси бойнинг қизисан,
Кўзи сузук, ёр-ёр.

Қўлимдаги қўш узук, қўлим узук,
Кўзим сенга тушибдир, кўзи сузук…

Халқ қўшиғи эртак, достон каби сюжетли эмас, тафсилотларга берилмайди. Ундаги рамзларнинг тушлар билан муносабатини англаш кўп жиҳатдан тингловчининг тасаввурига, билим ва савиясига боғлиқ бўлади.
Достонлар ва қўшиқлардаги биз кўриб чиққан рамзлар қиёси туш ҳодисасининг халқ лирикасига ҳам бевосита ёки билвосита таъсир этганини янада чуқурроқ, махсус тадқиқ этиш зарурлигини кўрсатади.
Албатта, биз халқ қўшиқларидаги барча рамзлар тушлар таъсирида пайдо бўлган, дейиш фикридан йироқмиз. Бироқ уларнинг бу борада муҳим тарихий, ижодий асос бўлганини инкор этиб бўлмайди.
Хулосамизни янада асослаш учун туш таъбирлари ва қўшиқлардаги яна бир нечта рамзлар ифодалаган умумийликларга тўхталиб ўтсак.
Одатда, тушда кўрилган чўлу биёбон айрилиққа таъбир қилинади. Қўшиқларда ҳам улар ана шу рамзни англатади:

Қизил гулим, қизил гулим,
Ажаб бевақт хазон бўлдинг.
Мени чўллар аро ташлаб,
Ўзинг йўлга равон бўлдинг.

Тушда кўрилган сандиқ никоҳ тўйига таъбир этилса, қўшиқларда у бевосита никоҳ асос соладиган оила рамзи бўлади:

Икки сандиқ рўбарў рўй беради, ёр-ёр.
Икки қуда тенг туриб, қўй беради, ёр-ёр.

Ўзбек халқ лирик қўшиқлари хазинасида «Дарёларнинг нарёғида…» сўз бирикмаси билан бошланувчи намуналар жуда кўп учрайди. Тушда ҳам, қўшиқларда ҳам дарё, сувларнинг нарёғи айрилиқни, кўприк висолни билдиради.
Сув (дарё, денгиз, ариқ)дан ўтиш халқ ижодида никоҳ рамзи эканини рус фольклоршуноси В.И.Ерёмина ҳам келтириб ўтади. Кўприк  бўлса, у қирғоқдан бу қирғоққа ўтишнинг энг қулай воситасидир:

Тахта-тахта кўприкдай
Тахтинг бўлсин, ёр-ёр.
Пайғамбарнинг қизидай
Бахтинг бўлсин, ёр-ёр.

Туш ва қўшиқнинг бирлиги, аввало, рамзлар уйғунлигида намоён бўлар экан, яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш зарур. Бу уларнинг реал ҳаётдан тасаввурий ва бадиий-эстетик мушоҳадага кўра фарқи масаласидир. Масалан, реал ҳаётда одамлар ҳар куни чой ичадилар ёки кимлардир дарё бўйида яшаб, ҳар куни дарёнинг у томонини кўрадилар. Таъкидлаш лозимки, чой, дарё, кўприк, узук, қуш ва ҳоказолар фақат туш ҳамда халқ қўшиғида, умуман, фольклорда рамзий маъно касб этади. Оддий турмушда уларнинг тирикчиликка зарурлигидан бошқа маъноси йўқ.
Ч.Валихонов ёзиб олган бир афсонада айтилишича, қадим замонларда қўшиқ ер узра учиб, одамларни куйлашга ўргатган. У аёлдай нозик ва гўзал бўлган. Қўшиқ қайси жойда кўпроқ тўхтаб, қувонса, у ерда одамлар серфарзанд ва фаровон яшашган.
Туш ва қўшиққа хос бўлган умумий хусусиятлардан яна бири – уларнинг қадим даврлардан буён соғлом ақл меваси ҳисобланган оддий мантиқ қонунларига бўйсунмаслигидир. Поэтика нуқтаи назаридан халқ қўшиқларидаги мантиқ қонунларига бўйсунмайдиган жиҳатларни биз ҳозир поэтик кўчимлар, тасаввур меваси, деб тушунишимиз мумкин. Аммо, қизиғи шундаки, мифологик тафаккур ҳам тасаввур ҳукмрон бўлган тафаккурдир. Бу тафаккурнинг муҳим хусусиятларидан бири истак учун чегара ва мумкин бўлмаган нарсаларнинг йўқлигидир. Тушлар бизнинг ихтиёримиздан ташқарида рўй беради. Халқ қўшиқлари, айниқса, мифологик тафаккур излари сезилиб турган анъанавий намуналари ҳам бизнинг ихтиёримизда эмас. Ҳар иккиси учун ҳам худди мифдагидек бўлиши мумкин: Бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ.
Туш ва халқ қўшиқлари, умуман, халқ оғзаки ижодидаги рамзларни тушуниш учун фақат фактлар, илмий кузатишлар эмас, теран поэтик ҳиссиёт, одамга тоабад йўлдош бўладиган эзгу хаёлот ҳам керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек халқ қўшиқларидаги жуда кўплаб поэтик рамзларнинг тарихий асосида туш ва у ҳақдаги мифологик тафаккур таъсири ётади.

2.4. ТУШ ВА ТОПИШМОҚ

Топишмоқлар дунё халқлари фольклоридаги энг қадимий кичик жанрлардан бири ҳисобланади. Бу ўзбек топишмоқларига ҳам хос хусусиятдир. Бироқ «кичик» атамасини нисбий маънода қабул қилиш зарур. Зеро, халқ оғзаки ижодида шундай топишмоқлар борки, уларнинг мазмунини бутун бошли эртак ёхуд достонга тенг деб қарашимиз мумкин.

Топишмоқларимиз борасида қатор изланишлар мавжуд. Бироқ буларнинг орасида Зубайда Ҳусаинованинг тадқиқоти алоҳида ажралиб туради. Олима илк бор ўзбек топишмоқларини монографик планда ўрганиб, мазкур жанрнинг ўзига хос хусусиятлари, таснифий белгилари ва бошқа жанрлар билан муносабатини яхши очиб берган.

«Топишмоқ, – деб ёзади Зубайда Ҳусаинова, – халқ оғзаки ижодининг бошқа жанрлари: достон, эртак, қўшиқ, мақол каби халқнинг маънавий бойлиги ва коллектив ижоди маҳсулидир. У инсон ижтимоий ҳаёт, табиат ҳодисаларининг мавжуд томонлари билан кенг боғланган бўлиб, ҳамма вақт реал заминга асосланади. Унда атрофимизни қуршаб турган реал, моддий дунёдаги турли объектлар акс этади. Ҳар бир топишмоқ ўзига хос шакл ва мазмунга эга бўлган мустақил бир бутун бадиий асардир. Унда фалсафий, тарихий, этнографик белгилар, тушунчалар, ҳодисаларнинг моҳияти гўзал образли ифодаларда акс этади».

Ўзбек топишмоқларининг тадқиқи олиманинг бу фикрларини тўла тасдиқлайди.

Ушбу тадқиқотдан мақсадимиз топишмоқ ҳамда эртак ва достонларимизда келадиган туш ҳодисасини ўзаро қиёслашдан иборат. Дунёда туш кўрмайдиган одам бўлмаганидек, топишмоқлари бўлмаган халқ ҳам мавжуд эмас. Туш қанчалик умуминсоний ҳодиса бўлса, топишмоқлар ҳам дунёнинг барча халқларига хос бўлган халқаро жанрдир. Ҳар иккаласининг тарихий асослари ибтидоий аждодларимизнинг мифологик тафаккури билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, тушларнинг ҳам, топишмоқларнинг ҳам юзага келишида ўхшаш қонуният мавжуд. Хўш, бу ўхшашлик нималарда кўринади? Бизнинг назаримизда, у ҳар икки манбанинг қадим тасаввурлар ва метафорага асосланганлигидадир.
Топишмоқларда бирор бир жисм (ҳаракат ёки ҳолат) иккинчи бир жисмга мажозий қиёсланиб, «бу нима», деган савол қўйилади ва якунида унинг жавоби берилади. Бу жанрнинг зарурий шарти, муҳим специфик хусусияти, ўзгармас қонунияти ҳисобланади. Мисол:

197. Қатор, қатор қора нор,
У не бўлди болқантўз?
Уй ортида қўш терак,
У не бўлди болқантўз. (Соч ўрими).

Ёхуд:

1602. Қизнинг чечасига айтиб тургани:

Оч газадан чанг чиқди,
У нимадир, чечажон?
Жўра отли бир чиқди,
У нимадир, чечажон?
Ёлғиз отли бир чиқди,
У нимадир, чечажон?
Адир ўти чангиди,
У нимадир, чечажон?
Тўрт оёғи боврига,
У нимадир, чечажон?..

Чечасининг қизга жавоби:

Оч газадан чанг чиқса,
Совчи келар, она қиз.
Жўра отли бир чиқса,
Қуда келар, она қиз.
Ёлғиз отли бир чиқса,
Куёв келар, она қиз.
Адир ўти чангиса,
Қўй келади, она қиз.
Тўрт оёғи боврига,
Туя келар, она қиз.

Демак, топишмоқлар ўз қурилишига кўра икки қисмдан иборат: савол ва жавоб. Савол қисмида гўё бир-бирига алоқасиз, мантиқан узоқ бўлган бирор бир ҳаракат ёки ҳолат (жисм, нарса) иккинчи бир нарсага ўхшатилади, қиёсланади. Бир парча патир, оламга татир (ой), Кичкина кучукча уй қўриқлар (қулф), Тоғ устида ўрмон (соч). Юзаки қараганда, патирнинг ойга, кучукнинг қулфга, сочнинг ўрмонга ўхшатилиши ғалати туюлмаса-да, бироқ кучукнинг вазифаси уй қўриқлаш бўлганидек, қулф осилган уйга бегоналарнинг киролмаслиги, патир (нон)нинг кўриниши ойга ўхшаш эканлиги, қуюқ ўсган соч ўрмондаги дарахтларни эслатиши ҳам табиийдек туюлади.

Топишмоқлардаги бундай ўхшатиш, метафоралар эртак ва достонларимиздаги туш мотивида келадиган рамзларни ёдимизга солади.
Эртак ва достонларимиздаги туш билан боғлиқ парчалар ҳам, асосан, худди топишмоқдагидек икки қисм: бирор бир қаҳрамоннинг тушдаги ҳолати ва унинг таъбиридан иборат бўлади. Ҳатто бу тушдаги ҳолатлар, кўпинча, худди топишмоқлардагидек савол тарзида келади. «Рустамхон» достонида келган туш баёни бунинг исботидир:

Уч юз олтмиш жаллод келди қошима,
Қор ёмғирдай қамчи урди бошима.
Арзи ҳол айтолмай дени тўшима,
Тушимнинг табгири, Химча, не бўлди?
Ёмон дема яхши жўра сабилди,
Оқ юзима қирмиз қонлар қуйилди.
Қора сочим ҳар тарафга ёйилди,
Жаллодлар ҳайдайди мендай ойимни,
Бу тушимнинг табгири не бўлди?..

Химчаойим бу сўзларни эшитиб, кўнгли бузилиб, бағри эзилиб, Ҳуройимга қараб бир сўз айтиб турган экан:

Тушингди айтинг, опа, кўнглим бузилди,
Оқтошнинг шаҳридан ризқинг узилди.
Кўролмайсан, билдим, ёлғиз қўзингди,
Келгин сарсон опа, энди бирга йиғлайик!
Шундай гаплар кириб сенинг тушингга,
Кун ўтмайди, жаллод келар қошингга.
Бу тушинг хабари шундай бўлади:
Ҳаялламай, опа, жаллод келади…

Худди шунга ўхшаш мисолни «Якка Аҳмад» достонида ҳам кўришимиз мумкин. Бошқа достонларимизда, кўпинча, тушлар ва унинг таъбири топишмоқ шаклида келади.
Тушни таъбир қилиш кўп асрлик тарихга эга ва унинг бой рамзлар тизими мавжуд, таъбирчилар уни жуда яхши билишади. Бу рамзлар тизими авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Топишмоқ бадиий-эстетик ҳодиса, унинг тарихий асосида худди достонларимиздаги каби қадим мифологик тафаккур изларини кўришимиз мумкин. Баъзи тушларнинг топишмоққа айланган ҳолатлари ҳам мавжуд. Биргина мисол:

Тушда кўрсанг ганж,
Ўнгда кўрсанг янч.

Бу мисолимизда топишмоқ элементи ҳам, мақол элементи ҳам бор. Ўзбек халқи тасаввурида тушда кўрилган илон бойлик рамзига айланиб кетган. Иккинчи мисрада эса реал ҳаётий нарса назарда тутилган. Топишмоқ ҳам, туш ҳам метафора, кўчимларга бой. Бадиий ижод ҳодисаси сифатида тушлардаги рамзлар турли поэтик кўчимларга айланган. Туш рамзлари эса топишмоққа нисбатан ўзларининг мифологик хусусиятларини кучлироқ сақлаб қолган.
«Метафора – топишмоқнинг юрагидир, – дейди рус фольклоршунос олими Лазутин. – Метафорани тушуниш, топишмоқни тушуниш демакдир».
Метафора асосида икки нарса (ҳолат)нинг қиёси ётади. Бироқ бундай қиёс ўхшатмалардан фарқланиб туради. Ўхшатмаларда «худди», «дай», «гўё», «мисли» каби сўзлар ёрдамида ўхшатилма билан боғлиқлик юзага келади. Мисол учун: Турса туядай, жатса жабадай.
Метафоранинг ўхшатишдан фарқли жиҳати ўхшатилма билан ўхшатма ўртасидаги боғлиқлик ошкор этилмай, сир тутилади. Икки ўртадаги боғлиқликни топиш учун кишидан катта билим, савия ва зеҳн талаб этилади.

Отаси эгри-бугри,
Онаси силлиқ жувон,
Ўғли қўшиқчи,
Қизи ўйинчи (Ариқ, сув, бақа, балиқ).

Топишмоқнинг жавобини топиш учун «коса» тагидаги «нимкоса», яъни метафорани тўғри англай олиш керак. Топишмоқлардаги метафора нарса ва предметларни ўзаро қиёлаш асосида пайдо бўлади. Бу қиёслашда, албатта, ташқи ва ички ўхшашликлар ҳисобга олинади. Кундалик ҳаётда истеъмол қиладиган метафоралар, асосан, номенатив характерга эга бўлади. Бадиият намунасига айланган стилистик-поэтик метафоралар эса образлиликни юзага келтириб, бадиий тил имкониятларини кенгайтиради. Ҳар бир бахши тилдаги мавжуд метафоралардан, эпик формуладан имконият даражасида фойдаланишга ҳаракат қилади. Тилга, формулаларга бахшининг ижодий ёндашуви жараёнида янгидан-янги метафоралар юзага келади. Бундай метафоралар тилнинг луғат қатламини бойитади, образлар тизимини мустаҳкамлайди.
Достонларимиздаги туш мотиви билан боғлиқ рамзлар метафораларга бойлиги билан ажралиб туради.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бевосита туш ҳақидаги топишмоқлар оз бўлса-да, халқ оғзаки ижоди намуналарида учрайди.

Саман от миндим, сой кечдим,
Соясини кўрмадим.
Қизил бахмалдан тўн бичдим,
Қийиғини кўрмадим.

Саман от, сой, қизил бахмал тўннинг тушга қандай боғлиқлиги бор, деган савол туғилади. Юзаки қараганда, ҳеч қандай. Бу оддий топишмоқнинг жавоби туш эканлигини топиш анчайин мушкул. Бу топишмоққа «калит» топиш учун эса маросимларга мурожаат қилишимизга тўғри келади.

Мотам маросимида «От турлади» ва «Тўн кийдирар» деган узвлар мавжуд. Қадимда бирор бир хонадонда эркак киши вафот этганда «От турлади» маросими уюштирилган. Удумга кўра, вафот этган одамнинг оти эгарланиб, давра тушилган. Бу маросимни уюштиришдан мақсад марҳумни оти билан нариги дунёга кузатишдан иборат бўлган.

Олимлар қадимда қаҳрамон вафот этганда унинг оти билан бирга қўшиб кўмилганлиги тўғрисида кўплаб маълумотлар беришади. Жумладан Э.Тайлор кундалик маиший ҳаётда ҳам, мотам маросимида ҳам отлар муҳим ўрин тутганлигини, бирор киши вафот этганда оти ҳам унга қўшиб кўмилганини урғулайди.
В.П.Дьяконова бу удум туваликларда кейинги даврларгача ҳам яхши сақланиб қолганлигини таъкидлаб ўтади. Туваликларнинг марҳумни отга миндириб қабристонга олиб бориши кишининг эътиборини тортади.
Фольклоршунос олима Дармоной Ўраева «От турлади» удумининг Бухорада «жар» деб юритилишини, унда вафот этган йигитга мотам ёр-ёри айтиб бўлингач, марҳумнинг ошна-оғайнилари от атрофини айланиб, садр тушганлигини қайд этган.

Халқимиз орасида тобутни бекорга «тўрт оёқли чўбин от», дейишмайди. Бу қанчалик бадиий метафора бўлмасин, унда аждодларимизнинг қадимий инонч-эътиқодлари изларини кўрамиз.
Отни муқаддас билган аждодларимизнинг қадимга тасаввурига кўра, инсон қаерга сафар қилмасин, унга албатта от зарур бўлган. Уйқу ҳам бир «ўлим», яъни у дунёга сафар, деб қабул қилинган. Отни ўзига тотем деб билган инсон учун бундай сафар отсиз бўлмаслиги табиий. Шунинг учун ҳам юқоридаги топишмоқда бекорга «Саман отга миндим, сой кечдим», дейилмаяпти. Саман от биз учун тушунарли. Саман от бу ўринда туш кўрувчининг уйқуга кетганлигига, «Сой кечдим» эса туш кўрганлигига, икки дунё ўртасидаги «чегара» – сувдан ўтганлигига ишора қилмоқда. Нариги дунёда эса ҳеч бир нарса ҳаётдагига ўхшамайди. Кўп ўринларда эса бутунлай тескари ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам ҳеч бир киши у ерда ўз «соясини кўрмайди». Энди топишмоқнинг қолган икки мисрасини таҳлил қилишимиз лозим. Бунинг учун биз яна маросимларга мурожаат қиламиз.

Маълумки, бугун ҳам тўй-томошаларимиз, тадбирларимиз тўнсиз, сарпосиз ўтмайди. Тўн кундалик маиший ҳаётимиздан шунчалик мустаҳкам ўрин эгаллаганки, буни сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Тўннинг мотам маросимида ҳам алоҳида ўрни бор. Бирор бир хонадонда таъзияли ҳолат бўлганда, албатта, марҳумнинг оила аъзолари «махсус», яъни мотам маросими кийимини кийишган. Одатда, эркаклар тўн кийишади.

Дармоной Ўраева ўзининг «Ўзбек мотам морасими фольклори» номли китобида қизиқ бир фактни келтиради. «Жар» маросимидан сўнг марҳум йигитга «Тўн кийдириш» («Жоманпўшон») бўлиб ўтади. Унда марҳум йигитга кекса чол янги дўппи ва янги чопон (тўн) кийдиради…»

Бундай мисолларни бошқа жойдаги мотам маросими билан боғлиқ намуналарда ҳам кўришимиз мумкин.
Топишмоқдаги «Қизил бахмалдан тўн бичдим, қийиғини кўрмадим» мисрасидаги маъно биз учун энди тушунарли. Юқоридаги топишмоқни тахминан қуйидагича ифодалаш мумкин:

Уйқуга кетиб туш кўрдим,
У дунёда ҳаммаси бошқача эди.
Ўлиб, яна қайта тирилдим.
Кўрганларим, уйғонгач, ғойиб бўлди.

Яна бир ҳолат, топишмоқда келган кўпгина метафораларни туш мотивида келган рамзларга қиёсласак, улар ўртасидаги ўхшашлик янада ойдинлашади.
«Узун-узун қизгина, узун бўйли қизгина» (Туя), «Момом кетиб бораётир, кулчаси қолиб бораётир» (Туянинг изи), Қатордаги қора нор, жетакдаги жир моя, Қарағай новда бутоқсиз, боғлон қўзи суяксиз» (Ота, она, соч, кўкрак), «Пастаккина бўйли, иссиққина пўстинли» (Қўй), «Ола-була тўни бор, қуйруғида холи бор» (Йўлбарс), «Кундуз кўрпа ёпар, кечаси очиқ ётар» (Юлдуз), «Аввал бошдан ишим бор, устасида кумушим бор. Очилмаган сандиқда кўзи боғли қушим бор» (Она, туғилмаган бола) ва ҳоказо.
Ушбу мисолларда қиз, момо – туяга, ота – норга, она – мояга, кўкрак – қўзига, қўй, йўлбарс, юлдуз – одамга, қуш – болага ўхшатилмоқда.
Бу ердаги метафоралар эртак ва достонларимизда туш мотивидаги рамзлар билан уйғун ва айни пайтда, ифода усулида тескари ҳолатда келганлигини кўрамиз.

Қибла бетдан бир ой туғиб кўринди,
Ой ёнида икки юлдуз кўринди…

Олтмиш бешта боққан қўйим бор экан,
Қолган экан қўйим жуда семириб…
Бир оч бўри чиқиб келди остимдан,
Қира берди қўйларимни бир бошдан…

Бир тарлон талпиниб Қўнғиротдан учди,
Яхшиликка юри, опа, бу тушди….
Кўк йўл бўри келиб, қирди қўйимди…

Ётиб эдим, валламатим, туш кўрдим,
Мен тушимда бир ажойиб иш кўрдим.
Мабодо кўнглингга оғир олмасанг,
Эк қаноти майиб бўлган қуш кўрдим.

Бу ўринда қўй, бўри, қуш – одам, ой – ёр, юлдуз – фарзанд маъносида келмоқда. Топишмоқда одам бирор бир жисм ёхуд ҳайвон ҳақида топишмоқ учун метафора вазифасини ўтаб келаётган бўлса, достонларда бунинг акси: қуш, қўй, бўри, ой, юлдуз рамзлари қаҳрамоннинг, унинг ҳолати ва кечинмаларининг бадиий ифодаси сифатида келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, туш ва топишмоқлар структурал, ифода усули, мазмун-моҳиятига кўра ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларга эга. Улардаги ўхшашлик ҳар иккаласи ҳам мифолик тасаввур маҳсули эканлигини кўрсатади. Бу тасаввурлар аждодларимизнинг қадим дунёқараши билан боғлиқ бўлиб, тарихий тараққиёт жараёнида улар билан боғлиқ тушунчалар ҳам ўзгариб борган. Туш ва топишмоқлар ўртасидаги фарқли жиҳатлар уларнинг ўз табиатидан келиб чиққан.

Топишмоқ ва туш мотивида акс этган метафора ва рамзлар халқ оғзаки ижоди бадииятини кучайтириб, эстетик аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Ушбу боб сўнггида унга якун сифатида қуйидаги хулосаларни айтишни лозим топдик:
1. Ҳар бир фанда бўлганидек, жаҳон фольклоршунослигининг ҳам ўз тадқиқ методлари бор. Уларни мифологик, антропологик, тарихий, қиёсий-типологик, қиёсий-тарихий каби мактаб вакиллари ишлаб чиққанлар. Бу мактаб вакиллари баъзан бир-бирларининг қарашларини тўла инкор қилиш даражасигача етган бўлсалар-да, улар кашф этган методлар бир-бирини тўлдириб, фольклор тарихи, поэтикаси, аҳамияти ҳақидаги улкан ишлар юзага келишига сабаб бўлди. Улар орасида ХХ асрда шаклланган психоаналитик мактаб вакиллари яратган руҳий-таҳлил методи ўзига хос ўрин тутади. Бу мактаб таълимотининг мавзумиз учун бевосита аҳамияти ва назарий асослардан бири бўлишига сабаб шундаки, унинг вакиллари қарашларида туш ҳодисаси марказий масалалардан биридир.

2. Психоаналитик метод асосчилари ва вакиллари мифларни янгича ўрганишга асос солдилар. Улар классик мифларни ва тушни инсоннинг англанмаган онг ости ҳислари, руҳияти ифодаси сифатида рамзлар тилига асосланган моҳиятига кўра бир нарса, деб баҳоладилар. Уларнинг талқинича мифлар ҳам, санъат ҳам рамзлар тилига асосланади. Фақат биз поэтик мушоҳададаги рамзларни кўчимлар, деб қабул қилсак, ибтидоий одам миф рамзларини ҳақиқат сифатида тушунган. Шу сабабли, масалан, мифда бирор ҳайвоннинг инсонга эврилиши реал воқелик, деб қаралган.

3. Психоаналитик мактаб вакиллари биринчи марта мифни замонавий одам билан биргаликда ўргана бошладилар. Уларнинг талқинича, туш замонавий одамнинг мифидир. Бу мактабнинг улкан кашфиётларидан бири шундаки, унда инсон руҳиятида ибтидоий даврда ҳам, бугун ҳам мавжуд бўлган эзгулик ва ёвузлик ҳислари миф ва тушларда турли рамзлар, руҳлар сифатида намоён бўлишини илмий асослаб бердилар. Ўзбек фольклорининг тарихий асослари ҳам, энг аввало, мифология билан боғлиқ бўлгани, туш мотиви фольклоримизнинг истисносиз барча жанри намуналарида иштирок этиб, турли бадиий-эстетик вазифалар бажариб келиши, псхиоаналитик методни ўзбек фольклорини ўрганишга тадқиқ қилиш фанимизни янада юксак даражага кўтаришга асос бўла олади.

4. Тадқиқотимизнинг аввалги саҳифаларида айтилганидек, туш ўзбек фольклорининг барча жанри намуналари, жумладан, халқ қўшиқларида ҳам алоҳида ўрин тутади. Туш ва қўшиқ умуминсоният учун хос, тарихий типологик, ҳаётий ва давомий ҳодисалардир. Ўзбек халқ лирик қўшиқлари узоқ тарихий асосларга, ҳажман нақадар кўплигига, оммавий ижод ва ижро этилишига қарамай, уларда туш бадиий детали жуда кам учрайди. Бироқ туш мотиви мавжуд намуналарда ўзига хос рамзлар, халқнинг туш ҳақидаги қарашлари, таъбирлари маълум даражада ўз бадиий ифодасини топган. Жумладан, уларда тушда кўрилган қуш – хабар, чой ичиш – висол, ича олмаслик – айрилиқ, сув ва унинг атрибутлари – севги, от – мурод, узук – никоҳ, фарзанд рамзлари бўлиб келади.

5. Халқ лирик қўшиқларида туш таъсири, одатда, «тагматн»да бўлади. Тушлар рамзлар олами, қўшиқлар рамзларга бой бўлгани учун тушлардаги рамзлар лирик қўшиқлардаги рамзларга мос бўлади. Қиёсий таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, қўшиқлар ҳам, кўпинча, анъанавий зачин мисра, рамзлар, лирик хулосага эга бўлсалар-да, эртак, достонлар каби ёйиқ сюжетли эмас, тафсилотларга берилмайди.

6. Миф, туш ва қўшиққа хос умумий хусусиятлардан бири – уларнинг оддий мантиқ қонунларига бўйсунмаслигидир. Шу боис қўшиқларда дарёларнинг ўртасидан йўл солиш, илонлар ўрдасини қуриш мумкин. Фарқ шундаки, мифлар ва тушларда бундай рамзлар ҳақиқат, деб тушунилса, лирик қўшиқларда улар поэтик кўчимлар, деб қабул қилинади. Умуман олганда, ўзбек халқ қўшиқларидаги кўплаб поэтик рамзларнинг тарихий асосида туш ва у ҳақдаги мифологик тасаввурлар ётади.

7. Туш қадимий, доимий, умуминсоний физиологик-руҳий, сеҳрли-илоҳий ҳодиса, топишмоқ тарихий асослари ибтидоий даврлар билан боғлиқ жаҳон фольклорига хос жанр бўлгани учун улар ўртасида генетик алоқадорлик, умумий ва фарқли жиҳатлар бўлиши табиий. Улар, асосан, қуйидагилардан иборат:
а) Туш – доимий ҳодиса, топишмоқ – тарихий-фольклорий жараён натижасида мифологик тафаккур мевасидан поэтик тафаккур ҳосиласига айланган, аммо намуналарида қадимий тассавур рудиментлари сақланиб қолган фольклор жанри;
б) дунё ибтидоий одам учун улкан жумбоқ, топишмоқ эди. Бунга у мифлар билан жавоб берди. Топишмоқ ҳам қандайдир жавобни талаб қилади. Туш ва унинг таъбирлари асосида, улар ҳақида ҳам кўплаб топишмоқлар яратилган. Худди тушни таъбир қилиш каби топишмоқ айтиш, унинг жавобини топишнинг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Худди миф ва туш каби моҳиятига кўра туш таъбири ва топишмоқ жавоби бир нарсалардир;
в) қадимда туш ҳам, топишмоқ ҳам магик-маросимий аҳамиятга эга бўлиб, нотўғри таъбир қилганлар жазолангани, бирор кўнгилсизликка учрагани каби топишмоқ қоидаларида ҳам жавоб топа олмаганлар жазоланган;
г) топишмоқларнинг туш шаклидаги ифодалари халқ достонлари сюжети таркибида кўп учрайди ва муҳим бадиий-эстетик вазифалар бажариб келади. Туш рамзлар олами бўлганидек, топишмоқларнинг кўпгина намуналари рамзлар, турли поэтик кўчимлар асосига қурилади.

Ушбу матн Жаббор Эшонқулнинг «Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини» монографиясининг 2 бобидан иборатдир

012

(Tashriflar: umumiy 5 268, bugungi 1)

Izoh qoldiring