Xurshid Do’stmuhammad: Eng o’zbekona tuyg’u — sog’inch

011

Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1969—1973 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиди. «Фан» нашриётида, «Фан ва турмуш» журналида, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ишлади. 1986 йилдан «Ёш куч» журналида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди.
Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йили «Гулистон» журналида, «Нигоҳ» номли биринчи қиссаси эса 1987 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби 1989 йили нашр этилган. Шундан буён унинг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Ҳижроним мингдир менинг» қиссалари, «Бозор» романи ва ўнлаб қикоялари чоп этилди. Адибнинг «Жажман» (1995) китобидан бир неча қиссалари қатори «Маҳзуна», «Жажман», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — сиз», «Кўз қорачиғидаги уй» сингари ҳикоялар ҳам жой олган. Адиб «Бозор» романи, «Ҳижроним мингдир менинг» ва «Озод изтироб қувончлари» китоблари учун 2000 йилги «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.
Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбекчалаштирган.
Сценарий муаллифи сифатида яратилган «Чаёнгул» телевизион бадиий филми (2000) кенг томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. «Жимжитхонага йўл», «Нусхакашнинг меросхўри», «Беозор қушнинг қарғиши» ва «Жим ўтирган одам» ҳикоялари нафақат адибнинг ижодида,балки янгиланаётган ўзбек адабиётида ҳам янги саҳифа очди.

067

Хуршид Дўстмуҳаммад:
ЭНГ ЎЗБЕКОНА ТУЙҒУ – СОҒИНЧ

“Jannat Makon” журналида 2007 йил апрель ойи сонида) босилган суҳбат.

JM: Болалигингиз ҳақида сўзлаб берсангиз…

Хуршид Дўстмуҳаммад: Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Чорсу бозоридан Сағбон кўчаси бўйлаб кетаверсангиз Қўштут даҳасидан ўтасиз, шунда чапга – Чиғатой дарвозасига олиб чиқадиган Ҳуррият тор кўчаси келади. Ўша кўчадаги хонадонда туғилиб, ўша кўчаларни чангитиб ўсганмиз. Ҳарф таниган пайтларимдан кўчамизнинг номи менга жуда ёқар, негадир «ҳуррият» деганда юзларимни майин шабада сийпаб ўтгандек бўлар, ҳатто 60-йилларнинг бошларида Чимбой маҳалласидаги янги қурилаётган уйимизга кўчганимизда биринчи навбатда, янги кўчамизнинг номи қандай бўларкин, деган хавотир кўнглимдан кечган.

Оиладаги тўққиз фарзанднинг кенжаси – уч ака, беш опанинг укаси бўлиш тенги йўқ бахт албатта, қачон шундан гап очилса, суҳбатдошларим, роса эркатой бўлган экансизда, деб ҳаваслари келади. Аслида, кенжатойлик имтиёзлари менга кўпда насиб этмаган, чунки тўнғич опамизнинг тўнғич фарзанди мендан бор-йўғи бир ёш кичик бўлганидан бизнинг оиладаги кенжалик «ҳуқуқ ва имтиёзлари» тўнғич неварага ўтиб кетган. Қолаверса, яқин-яқинга келиб бошқа бир хаёллар олиб қочадиган бўлиб қолмоқда: серфарзанд оилалардаги кенжанинг масъулияти кейинроқ, йил сайин ошгандан-ошиб бораверар экан…

Ҳу-у, болалик кўчаларини, тор ва тупроқ кўчаларни унутиб бўларканми?! Уйдек-уйдек сомон ё саксовул ортилган туялар карвон тортиб ўтиб қолар, тенгқур ўртоқларимиз билан қалдирғочлар янглиғ терилиб туриб олар, «Оғзингни беркит, туя тишингни санаб олса, тўкилиб кетади!» деб бир-биримизни қўрқитар эдик. Кун бўйи ёнғоқ, чиллак, ланка, футбол, қувламачоқ, яширинмачоқ, қутқармачоқ ўйинларидан чарчаган эмасмиз. Қўш отли аравада керосин сотувчи амаки ўтиб қолса албатта унинг ортидан бориб тармашар, аравакаш амаки сўкиниб ё эркалаб узу-ун қамчисини шарақлатиб сермаб қолар, шунда тум-тарақай тўзиб қочиб қолардик. Абдураззоқ амаки деган қўшнимиз бўлар эди. Қотмадан келган, оппоқ соқоли, мўйлаби доим дарғазаблигидан титраб турар, ҳамиша биз болаларни қувиб солиб кўчадан тош, кесак, темир-терсак, қоғоз парчаси – қўлига илинган нарсани териб-термачлаб юрар эди. Яна бир қўшнимиз Ҳусан отанинг ниҳоятда ширинсўз, мулойим, меҳрибон келинининг чиройли кўз қарашлари болалик хотирамдан ўчмаган. Кўп болали эканига қарамай, ҳовлисига кирсангиз ёғ тушса ялагудай топ-тоза бўлар эди, янглишмасам, саккизинчи боласини туғиш чоғида нобуд бўлди. Нобуд бўлди-ю, катта оиладан файз-барака кўтарилди. Эр ичкиликка муккасидан кетди, саккиз норасида ўғил-қизнинг куни қариб-чуриган Ҳусан отага қолди. Кириб, бир чеккада чўк тушиб ўтирганча, узоқ кузатиб ўтирардим – ота ўша ҳолига косибчилик қилар, ўтирган курсисидан базўр қаддини узиб ёнгинасидаги кўрпачага чўзилиб қолар, пича ҳордиқ чиқаргач, яна амаллаб, инқиллаб-синқиллаб базўр курсичани эгаллар, увоққина кампири, алкаш ўғли билан қўшиб ҳисоблаганда ўн бир жоннинг оғзи мункиллаган чолнинг қўлига термилган эди… Ҳазилвон Маҳкам отани эслайми, Жўрабой отани, Қутби холани, тиниб-тинчимас Абдулатиф маҳалла оқсоқолини, пак-пакана ва ўрдакюриш қилиб, қадам олишини кўрганда ортидан болалар билан масхара қиладиганимиз Фотима кинначини, Минов девонани унутиб бўладими?.. Уларнинг ҳар бири ўзича бир тип, ўзича бир образ, ўзича бир асар қаҳрамони… қачон уларни ёзаман, болаликда шўхлик қилиб, тушуниб-тушунмай уларни ранжитиб, дилига озор етказиб қўйганларим менинг бўйнимдаги қарз ахир!..

Жонимиз ичимизга сиғмасди, шўх эдик, ўт-олов эдик. Тенгқур оғайнилар билан бир кун муштлашсак, эртасига соғинишиб қолардик!

Сира эсимдан чиқмайди – ёз, саратон, тор кўчамизни бошимизга кўтариб нимадир ўйин билан оворамиз, кўча бошида онам кўриндилар. Икки қўлларида халта-хулта, ҳаммаси лиқ тўла. Одатда, онам тонг саҳарда Ҳастимомдаги бозорга кетадилар, кун тиккага келганда уйга қайтадилар, табиийки, катта рўзғор, бозордан қуруқ қайтмайдилар. Хуллас, «Ойи! Ойим кевоттила-а!» деганча югуриб бордим-да, на салом, на алик бор, онамнинг қўлларидаги халтага ёпишдим. Нима опкевоссиз? Нима бор?! Шундай деб қўлимга илинган нарсани олдим-у, оғзимга тиқиб, ғизиллаганча изимга қайтиб, ўйинга қўшилдим. Орадан пича ўтиб, оғзимни ширин қилган егуликдан яна олиш илинжида ҳовлимизга югуриб кирсам, ойим ҳовлимиз чеккасидаги ер супанинг лабига тўшалган кўрпачада омонатгина ёнбошлаб ётибдилар. Бозордан келтирган халта-хулталари шундоққина оёқ остида, қўл урилмай турибди.

– Бир қултум сув опке, – дедилар ойим.

Чопқиллаб бориб пиёлада сув келтирдим. Ойим қақраб кетган лабларини намладилар. Базўр туриб, оёқларини осилтарганча супа қирғоғига ўтирдилар.

– Манавиларни кўтариб кегунча қўлларим узилиб тушай деди, болам, – деб беҳол шивирладилар…

Тўққиз фарзанд отамизнинг қўлидаги сўзан-бигиз, онамизнинг қўлидан тушмаган игна учидан топилган ризқ-рўз билан оёққа турганмиз, катта ҳаётга йўл топганмиз… Қиблагоҳимиз билан волидамиз ҳаётларининг сўнгги дамларигача ўзлари меҳнатдан тиним билмадилар, лекин биз фарзандларни фақат ва фақат ўқишга, илм олишга даъват этиб ўтдилар…

– Шу-унча бола туғиб нима қилардингиз, – дедим ўша ғўрлик кезларим бир куни ойимга, – мана энди бизани боқишга қийналяпсизлар, ман ўзим ҳам сизга ҳеч нарса қилиб беролмайман, ман катта бўлгунча…

Шу ерга келганда гапимнинг давомини ўйлаб қолдим, тилимни тишладим, лекин ойим жуда зийрак, китоб кўрган саводли аёл эдилар, мириқиб, яйраб кулдилар. Рўмолнинг учи билан оғизни паналаб, товуш чиқармай кулганларида кўпинча кўзларидан ёш чиқиб кетарди…

Ҳақиқатан, мен онамга ҳеч нарса қилиб беролмадим…

14-15 ёшимда отам билан ёнма-ён ўтириб махсидўзлик қилардик. Оилада отамизнинг сўзлари икки бўлмас, у киши ўта мулойим, камгап бўлсалар-да, бир нигоҳ ташлашларининг ўзи ҳар қандай шўхликнинг ўтини ўчириб кўяр эди. Раҳматли, махсининг чокини текис тикишдан тортиб, чумагини, дастагини оби-тобига етказмагунча кўнгиллари жойига тушмас эди. Бир куни хуноб бўлиб, «Э, дода, бозордаги харидорнинг биттасиям махсининг сифатини, кам-кўстини фарқламайди, билмайди-ку, намунча уни пайпаслайверасиз!» – деб юборибман. Қиблагоҳимиз узоқ жим ўтирдилар ва ниҳоят, бир маҳал: «Бозордаги харидорлар билмаса, сен ўзинг биласан-ку», – дедилар секингина…

Ўша тор кўчамиздаги хонадонлардан биринчи бўлиб бизникига телевизор кирган. Оқшом тушиб, экранда ё Насиба Қамбарова, ё Насиба Иброҳимова кўринди дегунча икки-учталаб қўшнилар бизникига чиқишар, ўз даврининг соҳибжамол дикторларининг қош-кўзидан соч тарашигача адоқсиз гурунглар мавзусига айланар эди…

1969 йили ҳаётимда иккита улуғ ва савобли иш қилгандекман: додам билан ойимни етаклаб аввал Санъат саройида намойиш этилаётган «Ўткан кунлар» фильмини, сўнг Ҳамза театрида шов-шувга сабаб бўлган «Шоҳ Эдип»ни томоша қилишга олиб борганман…

JM: Талабалик йиллари. Дорилфунун, устозлар, курсдошлар, орзулар, адабиётда сиз эргашган, интилган йўналишлар…

Х.Д.: Талабалик йилларини олтин давр дея таърифлаган одамнинг отасига тасанно! Жуда топиб айтган. Менинг бу олтин даврим ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида ўтган.

Одатда, қайси олий ўқув юртига кириш ҳар кимнинг ёшликда касб танлашидан бошланади. Қизиқ, ҳозир ўйлаб кўрсам, мен қайси касбни танласам экан деган савол устида бош қотирмаган эканман. Эсимда, еттинчи синфни битириб ёзги таътилга чиққан кунларимиз, Шуҳрат акам билан кўчада кетаётган эдик.

–Таътилга чиқдингми? – деб сўрадилар.

–Ҳа, — дедим.

– Уч ойми?

– Ҳм.

– Уч ой нима қиласан? Кўча чангитиб юраверасанми?

– Билмадим, – дедим ҳайрон бўлиб. – Нима қилишни билмайман-да.

– Бекор юрмай, мақола ёз.

Кулиб юбордим.

– Вой, мен қандайига мақол ёзаман, мақолни халқ ёзади-ку! – дедим хайрон бўлиб.

Акам кулдилар-да, сўнг тушунтирдилар:

–Мақол эмас, мақола ёзгин, деяпман. Мана, футбол мусобақаси бўлади-а, шу мусабақа қандай ўтгани ҳақида ёзсанг, газетага чиқаради, ўша мақола бўлади.

Ўша йили кузда биринчи ахборотим “Ёш лелинчи” (ҳозирги “Туркистон”) газетасида босилди. “Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») таҳририятидаги Файзи Шоҳисмоил раҳбарлигидаги, «Ёш ленинчи»даги Муҳаммаджон Қўшоқов раҳбарлигидаги «Ёш мухбирлар» тўгарагига қатнаганман.

Журналистика факультетида Тўғон Эрназаров, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Очил Тоғаев, Бегали Қосимов, Лазиз Қаюмов, Сайди Умиров, Абдулла Сайфиддинов… сингари домлаларнинг дарсларида кўп фойдали йўл-йўриқлар олганмиз. Ғайбулла Саломовни биз талабалар шунчалик ҳурмат қилардикки, азбаройи таржимашунослик фанининг қийинчиликлари ҳам кўзимизга кўринмас эди. Устозга бўлган ҳурмат туфайли бадиий таржима муаммоларига доир тадқиқотлар билан шуғулланганман.

Курсимиздаги, қўшни курслардаги сабоқдошлар орасидан таниқли журналистлар, адибу шоир-шоиралар етишиб чиқишди. Уларни мен олтин даврнинг олтинларидан тўғри фойдаланганлар деб атаган бўлур эдим.

JM: Қачон ёза бошлагансиз? Нима сабаб бўлган? Биринчи асарингиз? Кимларга кўпроқ ҳавас қилгансиз ўша пайтлар?

Х.Д.: Ўқувчилик пайтларим битта-яримта шеър машқ қилганман, ҳикоя ва эртакчалар қоралаганман. 70-йилларнинг охирларида Ажажа деган бир олимнинг ўзга сайёралик келгиндилар мавжудлиги ҳақидаги суҳбати матбуотда эълон қилинмади-ю, қўлёзмаси қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўша суҳбат таъсирида ёзган фантастик ҳикоям 1979 йили «Фан ва турмуш» журналида эълон қилинган. Йил ўтиб «Гулистон»да босилган «Киова қуёши» номли иккинчи ҳикоям бирмунча баҳсларга сабаб бўлган.

Ёзишга нима, қандай куч ундаган? Мен билган, мен тасаввур қилган, мен тасвирлаган, ўзимгагина хос бўлган нуқтаи назар… хуллас, мендаги «мен»нинг ўзига хосликлари ёзишга, ижодга ундаган бўлса керак. Мана шу «мен» бўлмаса, ижоднинг нима кераги бор?! Ишонинг, ҳеч қачон менда бошқалардан зўр ёзиш даъвоси бўлмаган, лекин БОШҚАЧА ёзиш мумкин, БОШҚАЧА ёзиш керак деган туйғу, истак кўнгилга сира тинчлик бермаган. Одам ўз-ўзидан бошқача ёза бошламайди, бундай интилиш бошқача қарашлардан, адабиётшунослик илми тили билан айтсам, бошқача ҳаётий концепциянинг шаклланишидан келиб чиқади.

Ўзбек адабиётига мансуб барча асарларни битта қўймай ўқир эдим, Москвада, шунингдек, Болтиқбўйи Республикалари, Грузия, Озарбайжонда нашр этиладиган адабий-бадиий газета-журналларни гоҳ обуна бўлиб, гоҳ кутубхоналардан топиб ўқир, маъқул мақолаларни эринмай дафтарга кўчириб ёзиб юрардим.

Фалсафага, психологияга доир адабиётларга, мақолаларга айниқса қаттиқ қизиққанман. Шу аснода, очиғини айтсам, ўзимизнинг адабиётдан (мен замонавий ўзбек насрини назарда тутаяпман) қониқмаслик туйғуси кўз оча бошлади, миллий адабиётдан кўнгил совуши баъзан хиёнатдек туюлган дамлар бўлган, бундай хаёлларни қувиб солишга уринган пайтларим бўлган, аммо-лекин жаҳон адабиёти намуналарини ўқиганим сайин беихтиёр қиёслашлар, юқорида айтганимдек, БОШҚАЧАРОҚ бадиий талқин истаги кейин-кейин устун кела бошлаган ва каминани буткул «йўлдан урган».

JM: Сизни «йўлдан урган» ўша асарларни ҳозир эслайсизми?

Х.Д.: Эслаганда-чи! Бошланишига Гаршин, Л.Андреев, Засодимский ҳикоялари, кейинроқ Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба» романлари хақиқий маънода ақлдан оздирган. Бу икки романни ўзбек тилида ўқигач, буюк адибнинг «Бечора кишилар», «Ўлик уйдан мактублар» романлари, «Кулгили одамнинг туши» ҳикояси чинакам бадиий асар ҳақидаги тушунчаларимни вайрон қилиб ташлаган десам муболаға бўлмайди. Сўнг япон Рюноскэ Акутагава, Кобэ Абэ, Кэндзабуро Оэ, кейинроқ Ясунари Кавабата асарлари… Андрей Платоновнинг қиссалари… Франц Кафканинг «Эврилиш» ҳикоясини бир кечага олиб, тонгга қадар ўқиганман-у, ўзимизнинг адабиёт ўзгача руҳ, ўзгача қарашлар, ўзгача концепцияларга жуда-жуда муҳтож деган қатъий хулосага келганман. Бадиий тафаккур адабий-бадиий анъанага қанчалик садоқатли бўлмасин, қўл-оёғи билан анъанага боғланиб қолиши ҳам яхши эмас.

Мана, сизга бошқотирма: катта адабиёт анъаналардан воз кечилган жойда яратилади! Энг буюк асарлар ўзларигача ҳукм сурган анъананинг инкори ҳисобланади!

Аччиқ бўлса ҳам айтай, бутун бир миллий адабиёт битта Қодирий ё битта Чўлпон даҳоси соясида қачонгача ялпайиб ётади? Ахир, замон ўзгарди, дунёнинг ранглари ўзгарди, адабиётчи?.. Келинг, яна бир бошқотирмани ўртага ташлайлик: адабиёт ўзгармагунича халқ ўзгармайди, ёки бўлмаса, халқ ўзгармагунича адабиёт ҳам ўзгармайди!..

Нима бўлди-ю, ўзимизда Темур Пўлатов исмли ёзувчи борлигидан хабар топдим, адибнинг роман, қисса, ҳикояларини пешма-пеш хатм қилдим-у, хайрият-э, деб юбордим! Бор экан-ку!.. Доғистонликларнинг Расул Ҳамзатови, қирғизларнинг Чингиз Айтматови, озарларнинг Анори, арманларнинг Грант Матевоясани, гуржиларнинг Нодар Думбадзеси сафида қаддини ғоз тутиб турадиган адибимиз бор эканлиги мен учун унутилмас шодиёна бўлган!

JM: Адабиёт ҳақидаги ўша пайтдаги тасаввурингиз қандай эди? Ҳозир-чи? Кимларни тан олиб, эътироф қиласиз? Уларнинг нимаси кучли?

Х.Д.: Бадиий ижод – Аллоҳ таоло бандаларига ато этган бемисл сеҳр, бетакрор жозиба, туганмас мўъжиза! Бадиий ҳақиқатсиз ҳаёт ҳақиқати жуда ғариб, ўта зерикарли бўлиб қолар эди. Бадиий реаллик ҳаёт реаллигидан бойроқ, шунинг учун ҳам, дейлик, бадиий адабиёт ҳақида сўз борар экан, уни ҳаёт ҳақиқатларининг исталган пучмоғига тортиб кетиш мумкин. Шу боисдан ҳам муайян бадиий асарни истаган киши истаганича талқин қилади. Бизда шўро давридан мерос қолган мезонлардан бири – бадиий асарни асосан теварак-атрофда бўй кўрсатиб турган воқелик қиёсида талқин қилиш, ундан ижтимоий ёки тарбиявий аҳамият излаш касаллигидан воз кечиш, айрим уринишларни истисно этганда, қийин кечмоқда. Бадиий асарда ҳаёт ҳақиқатини кўриш энг юксак чўққи ҳисобланади. «Вой, худди ҳаётдагидек тасвирлапти-я!» – дея ҳайратларга тушиш оддий китобхон учун узрли бўлиши мумкин, лекин бутун адабий жамоатчилик шу мезондан нарини, бошқа ўлчамларни билмаслиги ёки билишни истамаслиги маънавий фожиа! Адабий дидсизлик!

Адабиёт – инсонни тушунишга уринишдир. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир асар инсонни қайтадан, янгитдан, мутлақо ўзгача нуқтаи назарлардан тушунишга ҳаракатдир. Бунинг учун ижодкор мумкин қадар дахлдорлик ришталаридан холи қолмоғи зарур. Ундаги бетакрор бадиий лаёқат бошқа ҳар қандай қадриятлардан устун ҳисобланади.

Истеъдод манфаати халқ, миллат, ватан манфаатларидан устун ҳисобланади. «Сиз Ирландия учун жонингизни берасизми?» деб сўрашган Жеймс Жойсдан. «Ирландия мен учун жонини берсин!» деб жавоб қайтарган адиб тап тортмай. Бу гапни эшитган заҳоти шўрлик ёзувчини сазойи қилишга ошиқмаслигимиз керак, зеро, Жойс исмли буюк ИСТЕЪДОД қолдирган ўлмас адабий мерос абадулабад ер юзида Ирландия деган давлат, ирланд деган миллат, халқ борлигини дунё аҳлига танитиб, эслатиб туради. Бу кичкина хизматми?!

Бадиий ижод – мубталолик!

Қизиқ-да, бир нарсага мубтало одамнинг бошқа ҳар қандай нарсага кўзи кўр, қулоғи кар бўлади. Унинг учун ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмайди. Шу боис мубтало одамни тушуниш, унинг қадрига етиш қийин кечади. Мубтало одамнинг замондошлари томонидан бадарға қилинганига, маҳв этилганига мисоллар инсоният тарихида истаганча топилади.

Мубтало ижод, мубтало ижодкор учун йўл очадиган, имкон берадиган битта қудратли куч бор, бу – саводли бағрикенглик!

Бутун дунёни сармаст қилаётган, не-не давлатлар ва халқларнинг тақдирини ҳал қилаётган демократия тушунчасининг барча ҳикматию нағмалари ўзбекона биргина бағрикенглик сўзига жо бўлиб кетади! Бағрикенглик умумқадриятга айланган жамиятнинг афзалликларини қўя турайлик, бундай саодат ҳатто МУБТАЛО ёзувчию шоирнинг эмин-эркин ижоди учун ҳам чексиз имкониятлар яратади…

Ёзмаслик мумкинми?.. Яхшиям, ижод бор, Ницше айтмоқчи, ҳаёт ҳақиқатидан бош олиб қочиб, жон сақлаш мумкин бўлган бирдан-бир бошпана – ижод, акс ҳолда кундалик ҳаёт ҳақиқатларидан бўғилиб кетади, инсон!

JM: Сир бўлмаса, қандай мавзуга бағишланадиган асар ёзиш ниятингиз бор?

Х.Д.: Соғинчга!

JM: Соғинчга?! Сабаб? Нима учун айнан соғинч?

Х.Д.: Инсоннинг энг изтиробли туйғуси – соғинч! Менинг назаримда, энг ўзбекона туйғу ҳам – соғинч…

JM: Таржималарингиз ҳақида… Таржима қиляпсизми? Кимларни, нималарни? Ўзбеклар учун нималарни таржима қилиш жуда зарур?

Х.Д.: В.Гаршин, А.Рюноскэ, Т.Сухотина-Толстая, А.Якубовский, Г.Гулиа, Юсуф ас-Шаббий, А.Жук, А.Риук, М.Хошур, В.Череванский, К.Кальваро, Хосе Варас, А. Ал-Манфалутий, Ботир Зокиров, Шавкат Абдусаломов сингари ёзувчи, тарихчи, адабиётчиларнинг қисса ва ҳикояларини, эссе, эсдалик ва кундаликларини ўзбекчалаштирганман. Ҳе-е, бир пайтлар С.Цвейг новеллаларини бир бошдан таржима қилишга киришиб кетганман. Темур Пўлатовнинг бир неча ҳикояси ҳамда «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилдим-у, бу хил ижодий меҳнатнинг машаққату уқубатига ортиқ дош беролмаслигимга иқрор бўлдим. Қайтиб таржимага қўл урмасликка онт ичдим. Бир суҳбат асносида устозимиз Озод Шарафиддиновга (аллоҳ раҳматига олсин) Достоевскийнинг аёли Анна Григорьевна билан ёзишмалари ҳақида гапириб қолдим. Уларнинг ёзишмалари бетакрор адабий ёдгорлик эканини, неча қайта ўқисангиз, шунча ўқигингиз келишини, ўша ёзишмалар япон тилида бир неча бор китоб ҳолида чоп этилганини айтдим. Домла, зудлик билан таржима килинг, «Жаҳон адабиёти»да берамиз, дедилар. Устознинг сазаси ўлмасин деган ниятда, қолаверса, ўзим неча ўнлаб марта ўқиб юрадиган мактубларни ўзбек китобхонлари ҳам ўқишар деган хаёлда таржима қилишга киришди-му… ният амалга ошмай қолиб кетди.

«Жаҳон адабиёти» журнали кўплаб яхши асарларни ўзбек адабиёт мухлисларига тортиқ этмоқда, афсуски, бизда таржима асарлар тарғиботи жуда-жуда суст. Таржима масаласида қарашларим ўзгачароқ. Келинг, мулоҳазаларни чуқурлаштирмайлик-да, навбатдаги бошқотирма мавзусини айтай: жаҳон адабиётининг энг нодир асарлари ўзбек тилига таржима қилинишининг аҳамияти беқиёс, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Лекин, энг мумтоз асарларга ихлоси баланд китобхонларимиз уларни аллақачон рус тилида ўқиб бўладилар. Енгил адабиёт мутолаасига кўниккан шинавандаларимиз эса ундай асарларни на рус тилида, на ўзбек тилида ўқийдилар! Қандай йўл тутган маъқул?..

JM: Ижод баробарида сиёсат билан ҳам машғулсиз. Балки, бир буюк асарга сарфланадиган вақт бошқа ёққа сарфланаётгандир. Депутатлик, сиёсатчилик ижодкорга керакми? Ёки сиёсат ижодкорлик тафаккурига эҳтиёжмандми?

Х.Д.: Болалигимдан касб танлаш мен учун муаммо бўлмаганини айтдим. Ишонсангиз, қаерда, қандай вазифа ёки лавозимда ишлашим ҳам ўз-ўзидан амалга ошаверган. Ҳеч бир остонага иш, мартаба сўраб бормаганман. Мен қаерда, қандай вазифа билан машғул бўлсам, зиммамдаги вазифага астойдил киришиб, дилдан чиқариб меҳнат қилиш – одатим. Бошқачасига ишлашни тасаввур қилолмайман. Сиёсат дунёсига ҳам қарийб шу тариқа кириб келганман. Ўрта мактабимизнинг битирувчи бешта синф ўқувчилари (150 нафар) орасида битта мен комсомол сафига ўтмаганим директорнинг қулоғига етиб қолибдими, ёнимга бир ўқитувчини қўшиб райкомкомсомолга жўнатди. Бордик. Қарасам, тумонат одам – даста-даста қилиб комсомолга қабул кетяпти. Менга пойлоқчилик қилиб борган ўқитувчининг кўзини шамғалат қилиб турдимда, қочиб қолдим. Комсомолга ўтмай мактабни битирдим. Ишлаб юрган кезларим худди шундай ҳолат комфирқага қабул қилиш билан юз берди. Нашриётимиз раҳбарларидан бири ҳузурига чорлаб, зимдан шипшиб партияга ўтишим учун битта ўрин борлигини айтди. Мен бош тебратдим. Раҳбарнинг ранги ўчиб кетди. Кўзининг ола-куласи чиқиб, қулоғига ишонмай қайта айтди таклифини. Мен ҳам рад жавобимни такрорладим.

Айтмоқчиманки, сиёсатвозликдан узоқ юрган одам 1996 йили «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкил топди-ю, ҳе йўқ-бе йўқ унинг сафига кирдим. Назаримда, партия Уставида белгилаб кўйилган мақсад-вазифалар мени кўпдан буён ўйлантириб, ташвишлантириб келаётган орзу-ниятларимнинг айнан ўзгинаси эди. Қолаверса, партия етакчилари орасида таниқли адиб-шоирларимизнинг борлиги ҳам мени мафтун этган бўлса ажабмас.

Йиллар ўтиб, партия ишининг қанчалик қизиқарли эканини кўриб, билиб, киришиб кетдим. Замонавий тараққиёт йўлини тутган ҳар қандай жамиятдаги тараққиёт босқичларида сиёсий партиялар ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўзбекистон ҳам шунга бормоқда. Айниқса, сўнгги икки йиллик жараёнлар сиёсий партияларнинг ҳақиқий маънода оёққа туриши сари илгариламоқда.

Ҳар қалай, тақдирда шундай вазифалар бор экан, афсус чекмайман. Сиёсат алоҳида бир ҳаёт реаллиги. Бу реалликдан ташқарида, чеккада туриб унинг ичида кечаётган жараёнлар устидан тўғри ва адолатли ҳукм-хулоса чиқариш қийин. Давлат арбоблари ёки сиёсий арбоблар ҳаётдан йироқ деган таъналар қулоққа чалинади. Бўлиши мумкин. Мен бундай таънани давом эттириб, сиёсатдан йироқ жуда кўп одамлар ҳам сиёсатни тўғри тушунишмайди деган бўлур эдим. Аслида бундай тушунмовчиликдан жудаям ажабланмаслик керак. Чунки, айтдим-ку, сиёсат ниҳоятда алоҳида бир реаллик, ўзига хос воқелик. Мана шундай – ҳаёт ва сиёсат воқелиги орасидаги тушунмовчилик вазиятларида ижодкор-сиёсатчи боғловчилик вазифасини, миссиясини адо этиш учун ҳам сиёсатга асқотади. Ижодкор сифатида айтсам, сиёсат дунёсидаги ўта расмиятчилик, ташқаридан қараганда димоғдорликдан фарқлаш қийин бўлган сиёсий маданият кўпда ёқавермайди. Шунда сиёсий расмиятчиликни оддий инсоний самимийлик даражасига олиб тушиш (эҳтимол, кўтариш!) йўлларини ўзимча излашга киришаман. Ўта жиддий сиёсий жараёнлар замирида ҳам, охир-оқибат жуда оддий, ҳатто жўн ҳаётий муаммолар ётади-ку, ахир. Сиёсатнинг, сиёсатчининг ҳам бирламчи бурчи, вазифаси ҳаёт учун хизмат қилиш-ку.

Энди «бир буюк асар» яратишга арзирли вақтнинг бой берилаётгани мутлақо бўлак муаммо. Гап буюк асар яратишда эмас, умрнинг саноқли фурсатларини қандай яшашда. Эрталаб ишга отланиб, уйдан чиқаётганимда Марсел Прустнинг «Бой берилган фурсатларни излаб» туркум романлари ортимдан, «Ҳой, биродар!» деб чақираётганга ўхшайверади. Кун бўйи сиёсат «ҳудуди»да жавлон уриб, оқшом уйга қайтгач, энди эртанги кун тадбирлари устида бош қотириб ўтирганингда шартта қўшни курсига кўчиб ўтиб Томас Манн жилдларини қўлга олгинг, Лосевнинг Уйғониш фалсафасига доир китобларини, Бердяев трактатларини варақлагинг келади. Роберт Музилнинг икки жилдли «Қиёфасиз одам»ини хаёлларингни бўлмай-бузмай мутолаа қилсанг, Чўлпоннинг, Ойбекнинг дилбар шеърларини ўқишни тусайди, кўнгил…

Лекин яна бир ҳақиқатни айтай: сиёсат олами ёзувчига шу қадар кўп ижодий мавзу берадики, башарти мен, дейлик, шу оламни кўрмай-нетмай ижод билан машғул бўлиб юрганимда жуда-жуда кўп ҳақиқатларни билмай-нетмай яшаган, ёзсам – билмай-нетмай ёзган бўлар эканман… Бу борада, сиёсат ижодкор учун кони фойда…

Умрнинг олтинга топилмас дамларидан унумли фойдаланиш бўлак муаммо. Ким, қаерда, қандай вазифада фаолият юритаётганидан қатъи назар бизда профессионал мақомда ижод билан машғул шоир-ёзувчи йўқ ҳисоби. Ижод жараёнини профессионал даражада ташкил этиш, афсуски, бизнинг шароитда анча мушкул…

JM: Адабиётнинг, насрнинг бугунги тақдири ҳақида фикрингиз? Аввалги катта аудиториялар тўплаш йўқ, дастхат сўраб, кўзи ёниб турган мухлис ва мухлисалар ҳам деярли қолмади. Улар «реппер» хонандаларнинг изида изиллаб юрибди. Энди адабиёт бўладими ва у истиқболда қандай бўлади?

Х.Д.: Адабиёт ўлмайди, у яшайверади. Мухлислар доираси камайиши, сийраклашиши мумкин, лекин бутунлай йўқолиб кетмайди. Фикримча, ҳозирги даврни яқин ўтмишдаги вазиятга қиёслайвериш тўғри эмас. Кенг китобхонлар армияси сийраклашаётган экан, демак, ҳаёт ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Энди каттаю кичикни унча-бунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди. Ахборот оқими шу қадар шиддатли тус олдики, бирорта янги топилма гапни наср ё назмга сингдириб улгурмасингиздан ахборот тўлқини унча-мунча ҳайратларни сўндириб улгурмоқда.

Ахборотлашган жамият – хилма-хил ахборот муттасил алмашиб турадиган майдон. Ахборотнинг хилма-хиллиги одамларни ҳам хилма-хиллаштириб юбормоқда. Бу борадаги вазият бундан 15-20 йил бурунги аҳволдан буткул фарқланади, чунки у пайтлардаги ахборот майдони ҳозиргидан кўра анча-мунча ғариб эди. Шу боис илгари айтарли қийинчиликсиз эътибори бир нарсага жалб этилган 100 000 кишининг бугунги қизиқиш доираси шу қадар кенгайиб, хилма-хиллашиб, парчаланиб кетдики, энди ўша 100 000 киши ўн, эҳтимол йигирма хил нарсага қизиқмоқда. Яъни, кимдир роман, шеър ўқишга қизиқишини сақлаб қолса, кимдир енгил-елпи фильмлардан қаноат ҳосил қилмоқда, яна бир тоифа кишилар «реппер»дан завқ туймоқда.

Шуларга қарамай, ишончим комилки, жиддий адабиёт яратилаверади, у – яшайди!

JM: Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Х.Д.: Оиламиз ихчамгина: бир қиз, бир ўғил. Радиотелевидение техникаси билимдони, кичик корхона раҳбари куёвимиз Баҳодиржон, доришунос қизимиз Ҳилолахон, шарқшунос ўғлимиз Жамшидбек, қўли енгил ҳамшира келинимиз Шахлоой, беш нафар шириндан-шакар неваралар жам бўлиши инглиз тили ўқитувчиси бўлмиш Ферузахоним билан мен учун оиладаги энг завқли дамлар ҳисобланади.

Оилавий гурунгларни четдан кузатиб ўтириб бир нарсадан қувонаман – ёшларимиз кўп жиҳатларда биз катталарга ўхшамайдилар. Улар янги замоннинг одамлари эканликлари боис ҳам, дунёга, одамларга, ҳаётий воқеа-ҳодисаларга мутлақо ўзгача назар билан қарашади. Авлодлар ўртасида шундай соғлом тафовут бор экан, демак, тараққиёт кечяпти, менталитет яхши томонга ўзгармоқда!..

Абдулкарим Баҳриддин суҳбатлашди.

“Jannat Makon” журналида 2007 йил апрель ойи сонида) босилган суҳбат.

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

Izoh qoldiring