Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидагина эмас, ҳатто тушган сувратларида, юз тузилишида, кўз қарашларида, умуман, бутун қиёфасида маъюс бир оҳанг яшардики, шоир шеърияти ана шу билан қоим эди гўё. Ҳатто бу шеъриятнинг беҳад халқчиллиги, Қодирий романлари сингари миллийлиги айни оҳанг билан изоҳланар, балки…
Улуғбек Ҳамдам
ХХ АСР МАШРАБИ
1
Халқона ифода, халқона йўл бир қарашда жуда осондек. Аслида-чи? Аслида бу йўлда элга манзур қиладиган тўрт қатор шеър ёзиш учун шоирнинг руҳи кўпнинг руҳига- умумруҳга ғарқ бўлган ёки унга ҳамоҳанг бўлмоғи шарт. Бу дегани шуки, маълум бир ижтимоий-психологик даврда шаклланган шоир дунёқараши нафақат шу палладаги халқ кайфиятини, балки, умуман, у ёки бу халқ кайфиятидаги доминант хусусиятларни ўзида жамлаган бўлиши зарур. Бу ҳол, аввало, туғма равишда шоир руҳига кўчган, қолаверса, тарбия уни ривожлантирган бўлмоғи зарур. Муҳаммад Юсуф шу жиҳатдан рисоладаги шоирдир.
Шоир шеъриятида бир образ бор. У андак тўпори, андак думбул, бироқ ўта самимий, юраги тоза. Айнан шу образ нигоҳи билан дунёга назар солар экансиз, бошқа вақтда cизга ғалати бўлиб кўринадиган гаплар, ҳолатлар ҳам энди эриш туюлмайди. Чунончи «Озода» деган шеърни олинг. Лирик қаҳрамон Озодани севган, ҳануз севади… Бироқ унинг ёши ҳам, ёрнинг ёши ҳам, ўн саккизда ё йигирма бирда эмас, балки аллақачон қирқни қоралаб қолган.
Йигит қирқда қирчиллаб ғарқ пишади,
Эрта-индин сочларимга оқ тушади,
Чин ошиқлар қирқ йилда топишади!
Озодани севаман мен, Озодани.
Айнан шунинг учун ҳам одамлар ошиқни кўрсатиб куладилар:
Тушунмаслар кулади: эсиз-эсиз,
Кимлар эрмак қилади: эсиз-эсиз…
Лекин ошиқнинг булар билан иши йўқ, тўғрироғи, у бундайлардан қўрқмайди, ҳатто дўлвор характери боис «тушунмасларга» дўқ-пўписа қилади: «Хотиним ҳам билади, нима дейсиз?» Эҳтимол, шеърни шеър этиб турган унсур айнан шу ўриндаги «пўписада»дир – «Нима дейсиз?». Келинг, болаликка, болалар ҳаётига бир қайтайлик. Улар ўртасидаги ўзаро муомалани, айниқса, икки ўғил бола тортишиб қолиб бир-бирига жўжахўроздек ташланиш олдидан айтадиган сўнгги жумлани эслайлик: «Нима дейсан?» Юқоридаги шеърда ҳам лирик қахрамон ўз туйғуларини бир текисда баён этиб келаркан, бир ўринда «шоп» этиб болалик баҳрига тушиб кетади ва болага ўхшаб,йўқ, бола бўлиб дўқ уради: «Нима дейсиз?»…
Чинакам шеърият болалик билан боғлиқ эканлиги тўғрисидаги иқрорларга сизнинг ҳам кўзингиз тушган бўлса ва сиз ушбуни қабул қилишга мойил эсангиз, мени тезроқ ва теранроқ тушунасиз. Яна-да тўғриси, шоир Муҳаммад Юсуфни. Чунки, фикри ожизимча, М.Юсуф деб аталмиш ижодкор шеъриятини кўтариб турган унсурлардан бири, шубҳасиз, шоирни бот-бот ана шу болалик денгизига «тушиб кетиши» ва у ердан ҳаммамизга дахлдор марваридни – кўнгил асрорини кўтариб чиқишидир. Жумлани андак умимийлаштириб, илмийроқ тус берсак, қуйидаги кўринишга келади: «Болаликка қайтиш йўлларини йўқотган, инчунун, болалик хотиралари билан тиллашишдан маҳрум ижодкордан, — хоҳ у рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, қатъи назар,- пичоққа илингулик бирон асарнинг қолиши маҳол…
2
Ўзбек халқининг руҳиятида азалдан мусиқа яшаб келгандек. Бу халқ оҳангни, мусиқийликни жудаям яхши кўради. Шунинг учун бўлса керак, 20 -йилларда Чўлпон, 30 – йилларда Усмон Носир,Ҳамид Олимжон, 60 – йилларгача Ғафур Ғулом, 60-70 – йилларда Абдулла Орипов, 80- йилларда Усмон Азим,90 – йилларда Муҳаммад Юсуф каби шоирлар шеърияти, қайсики, мусиқийликка асосланган, қуйма мисралари халқимизга энг кўп манзур бўлди.
Оҳанг… Берилиброқ тингланса ҳамда чуқурроқ мушоҳада этилса, дунё бошдан оёқ оҳангларга йўғрилгандир. Фақат инсон боласи сўнгги бир аср давомида цивилизациянинг шовқини орасидан ўша табиий оҳангни тополмай қийналаётир. Тўғрироғи, шовқинга кўникиб бораётир. Шунга қарамай, шукрки, ўша оҳанг гоҳи-гоҳида қулоқларимизга чалиниб қолади ва биз ўзимизни асл ҳолимизга бир муддат бўлсин қайтгандек ҳис қиламиз. М.Юсуфнинг шеърларидагина эмас, ҳатто тушган сувратларида, юз тузилишида, кўз қарашларида, умуман, бутун қиёфасида маъюс бир оҳанг яшардики, шоир шеърияти ана шу билан қоим эди гўё. Ҳатто бу шеъриятнинг беҳад халқчиллиги, Қодирий романлари сингари миллийлиги айни оҳанг билан изоҳланар, балки…
Мунаққид Раҳимжон Раҳмат “Жаннат соғинчи” деб номланган мақоласида ички, ботиний оҳанг ҳақида ёзади: “Шеър оҳангидан маъно уқа оладиган ўқувчи анча кам. Ҳолбуки, шеър оҳангини илғаш орқали унинг мазмунини чуқур ҳис этамиз. Лекин оҳанг деганда фақат сўзлар жарангини тушуниш ҳам нотўғри. Сўзнинг энг жозибали сифати мусиқа оҳангларида ифодаланади. Мусиқанинг ҳар бир нозик тебраниши қайсидир алоҳида сўзнинг маъносидир. Яъни мусиқада сўз ўз маъно оламини оҳанг тарзида намоён этади.”
Муҳаммад Юсуф шеърларининг қудрати ҳам айнан оҳанг ёрдамида ҳис қилинади. Фақат айтилганидек, оҳанг сўз қобиғидагина эмас(бу ҳам бор албатта),балки, аввало, шеърни вужудга келтирган кечинма бағрида тебраниб яшайди. Шеърни тушуниш, аслида шу оҳангни қалб қулоқларимиз билан тинглашдир. М.Юсуфнинг шоирлигига шубҳа кўзи билан қарайдиган беписанд кишилар, назаримда, айнан шундай қулоқдан — қалб мўъжизасидан маҳрумдирлар. Эҳтмол, қўполлашгандирман. Эҳтимол, бундай хулоса учун “беписанд”лардан узр сўрашим кераклигини айтарсиз. Йўқ, яна бир бор йўқ, дейман. Чунки шоир ҳақида “у шоир эмас, гапни қофияга соладиган, бахшига ўхшаган бир сўзбоз” дейишга ботинувчи кишилардан узр сўрашга тил айланмайди.
М. Юсуф дунёга шоир бўлиб келди, шоирлигича кетди. У тақдирнинг қайси бир найрангларига учиб, шоирликни бой бериб қўймади. Ёхуд шахсий, оилавий ҳузур ҳаловати йўлида ёғли ваъдаларга “бартер” қилиб юбормади. Аксинча, қаерда ишламасин, халқнинг қандай эътибори-ю муҳаббатига сазовор бўлмасин,барибир, умрининг сўнгигача бир инсон сифатида чинаккамига изтироб чека билди. Шоирлик эса айнан шу ердан бошланади. Ха, у туғилганда Худо унинг юрагига бир оҳанг солиб қўйганди. Муҳаммад Юсуф умрининг охиригача ҳам шу оҳангни йўқотиб қўймади,унга хиёнат қилмади. Шунинг учун ҳам, чинакам шоир ўз оҳангига эга бўлган шоирдир. У анъанавий йўлда ёзадими, халқонадами ва ёҳуд бугун урф бўлаётган модернистик услубдами, фарқи йўқ, шеърияти замирида шоир умрининг, қалбининг оҳанги жимирлаб оқиб турмаса, у қайси олифта услубда ёзмасин, ўзини қайси бир илғор шеърият вакилларидан санамасин, бекор, беҳуда… М. Юсуф қўшиқлари қоғозга халқнинг дили ва тилига ҳамоҳанг бўлиб тушди. Бироқ асосий гап бундамас, балки шоирнинг таниш оҳангга нотанишу, танилишга юз бор арзигулик ўзлигини олиб кира билганидадир. Ҳа, у ўз руҳини, гўзал руҳини бизга таништирди. Ҳар қандай шеъриятнинг бирламчи унсури шундай руҳиятдир аслида. Шу маънода шеър шаклида фақат янгилик ортидан қуваётган ёш шоир дўстларимизга қуйидагиларни айтгим келади: «Сиз шакл ортидан эмас, балки руҳ ортидан қувинг. Сиз руҳни кутинг, руҳни топинг-да парвариш айлаб, «шеър» деб аталмиш қаср тархини чизишга таклиф қилинг. Сўнг уни ўз ҳолига қўйинг, токи, руҳ «қаср» тархини ўзига кўра «чизсин», ўз шаклини ўзи вужудга келтирсин. Эътибор беринг, аввалдан қуриб қўйилган «қаср» руҳга тўғри келмаслиги, унга ёқмаслиги мумкин. Аслида кўпинча шундай бўлади ҳам. Натижада шеър шакли, ифода йўсини қанчалик янгича, модернистик жарангламасин, унинг ботини «ярқ» этиб кўзга ташланмайди. Фикри ожизимча, бугунги ўзбек модернистик шеъриятининг ҳеч қурса нозик дидли, зиёли шеърхон ўртасида ҳам оммавийлашиб кетолмаётганининг сабабларидан бири шоир шахси муаммоси бўлса, иккинчиси шудир. Ҳар қандай шеър руҳи, пафоси ўз қиёфасию ўз оҳангига эга бўлади. Туғилиб келаётган руҳга ўз шаклини таклиф этмас эканмиз, у бизга ўзлигини танитмайди. Ўртадаги самимиятга путур етади. Бадиий асарда, -хоҳ у шеър, хоҳ роман бўлсин, — самимият бўлмаса, қолгани – бадиий приёмлару ташбеҳлар, кутилмаган топилмалару олифта бирикмалар… барча-барчаси бекор деган гап. Ижодкор юқорида таъкидлаганимиз қалб қулоғи ёрдамида ботинда пайдо бўлган шеърий руҳнинг ўз, асл оҳангини тинглай билиши жудаям зарур. Ҳатто шундай деса бўлади: шеърнинг мағзи, қудрати айни шу оҳангда яширин. Дард, фикр қанчалар салмоқдор ва гўзал бўлмасин, бадиий асарнинг умимий ҳолатига зиён етади, шеър таъсириям сусаяди… «Ҳақиқий шеърият ҳамиша оёқ остида. Мисралар қулунлар каби тупроққа ағанаб ётишибди. Тур, тойчоқ, чопамиз, десанг бас. Биз ҳар замон бир оёқ остига боқиб шеър топамиз. Кейин унинг чангини қоқамиз ва қанча кўп қоқсак – шунча шеър йўқотамиз»… – деб ёзади М. Юсуф «Осмоннинг охири» деб номланган мансурасида. Шоирнинг иқрори юқорида андак олимона тус берилган фикрнинг соддароқ, лекин образли қилиб айтилган бошқа шакли, холос.
Шеърият бу қадим буюк
Сўқмоқ экан.
Кийиксўқмоқ экан, кийик
Сўқмоқ экан.
Ширин азоб экан, жонни
Ёқмоқ экан.
Бир қўлда гул, бир қўлингда
Чақмоқ экан…
Ушбу шеър оҳангини “таржима” этишга уриниб кўрамиз. Шоир шеъриятнинг “ қадим буюк сўқмоқ экан”лигидан баҳс этяпти. Бу эътироф шеърнинг ташқи маъноси, холос. Асосий шеърий маъни ўзга бир ҳолат зиммасига юклатилмоқда. Яъники, маълум бир йўлни босиб ўтган шоир андак тин олиб, орқасига бир қайрилиб боқмоқда ва ўтилган йўл қайсидир маънода мушоҳада, қайсидир маънода сарҳисоб этилмоқда. Ниҳоят, шоирнинг самимий иқрори туғилмоқда. Айни иқрор сўзлар оқимидан вужудга келаётган оҳангга сингдирилган. Ўтмишни ифодаловчи “экан” ёрдамчи сўзи эса ўқувчига иқрорнинг таъсир қувватини кучайтириб бераётир.
Юрагим-ей бошлаб келдинг
мени қайга?
Бағрим ўхшар пора-пора
бўлган найга…
Табиийки, шеърнинг бошқа компонентлари, хусусан, гўзал ўхшатишлар, қаршилантиришлар шеър бадииятини, жозибадорлигини оширган, лирик қахрамон иқрорининг баланд парвозини таъминлаган. Чунончи, «бир қўлда гул, бир қўлингда чақмоқ экан» деганга ўхшаш инсон ҳаёти мангу зиддиятини биргина мисрага образли қилиб муҳрланганлиги назарда тутаётганимиз оҳанг маъносини кучайтираётир. Бундай мисолларни шоир шеъриятидан истаганча топиш мумкин. Эсланг: «Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр».
3
М. Юсуф бир қарашда кўринганидек силлиқ шоир эмас. У ўз анъанавийлиги доирасида исёнкордир, лекин исёнини ҳам пардозлаб, оҳанг ортига яшириб кетувчи шоирдир.
Гулим, меҳр кўзда дегани ёлғон,
Менинг дилимда ҳеч ўчмас ёлқинсиз,
Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз.
Халқда «меҳр кўзда» деган ибора бор. Шоир эса доимо шундай бўлавермаслигини айтаётир, меҳр дилда ҳам бўлар экан. Бўлганда қандоқ. Кўз кўриб турмаса ҳам дилдаги ишқ ортгандан ортиб бораётир:
Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз…
Шу ўринда қуйидагиларни айтиш жоиз келар, балки: Меҳрнинг кўзда эканлиги авомга тегишлидир. Авомгина фақат кўз билан севар, эҳтимол… Дунё ва ўзликни мушоҳада этиб, борлиқни тинглаш ва идрок этиш йўлида бўлган ошиқ дил кўзгагина қул бўлиб қолмас, эҳтимол…
М. Юсуф дунёни шеър орқали кўрди, ўзини ҳам дунёга шеър воситасида танитди. Шоир ва дунё, шоир ва инсон, шоир ва жамият, шоир ва Оллоҳ ўртасида воситачи шеър бўлди. У шеър орқали ҳис қилди, шеър орқали фикрлади, шеър орқали яшади. Шеър шоирнинг яшаш, одамлар ва дунё билан мулоқот қилиш, тиллашиш тарзига айланди. Шунга қарамай, М. Юсуф кўп ўринларда ўзининг шоирлигига, тўғрироғи шоирлик даражасига тепадан қарайди. «Булбулзабонларинг хазон ёптими, Дунё уларнинг ҳеч тенгин топдими. Муҳаммад Юсуфинг шоир бўптими?.. Нега йиғламайсан, аҳли Андижон?» деб ёзади шоир «Андижон» номли шеърида.
М. Юсуф шеъриятини кузатиб келар эканман, ундаги бир жиҳат мени ҳамиша ҳайратлантирган десам, муболаға бўлмас. Яъники шоир шеърларида «ўчмас ёлқин» – ишқ бир неча ўн йиллар давомида юксак самимият билан тараннум этилди. Ҳа-ҳа, ҳамма гап шу ўриндаги «давомийлик»да. Наҳот инсон шунчалар азим ишққа қодир бўлса?! Таъбир жоиз эса, гўё шоир ўн етти ёшида ёрига қандай оташин ва беғубор муҳаббат билан ёндошган бўлса, элликни қоралаб қолган дамларида ҳам шундай самимий ишқ оловида ўртанади. Назаримда М. Юсуф бутун умр ўспириндек севди, сева олди. Унинг ёши улғайди, бироқ қаримади. Шоирнинг кўнглига турмушнинг совуқ ҳисоб-китоблари кирган бўлса киргандир, бироқ айримларни қул қилиб қайириб олганидек асир этолмади. Унинг давомли ишқида машрабона руҳни кўраман. Ҳа-ҳа, бу шоир қайсидир қиёсларда Улуғ Машрабга ўхшаб кетади. Ҳатто кўплаб шеърларида у ёки бу сабаб билан Машрабни тилга олади. Энг реал ўхшашлик эса ҳар икки шоир руҳларининг халқ руҳига бағоят яқинлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам масалан, М. Юсуфни шоир сифатида реклама қилишнинг ҳожати бўлмаган. У ўзининг халқчил руҳи билан юракларга йўл топа олган. Назаримда айни ҳодиса алоҳида, теран тадқиқотлар ҳадафи бўла олади. Яъники, шоирлар бор, туғилишдан, фитратан ўзини халққа яқин олади. Чунки у шундай яралган. Балиқ сувдан ўзга ерда яшай олмаганидек, бундай шоирларнинг ҳам қароргоҳи халқ руҳиятидир. Шоирлар бор, табиатан ёлғизликка интилади, куйлаганда ҳам якка шахс дардини куйлайди. Бироқ бу икки хил шоирларни бир – бирига қарши қўйиш, уларнинг биридан иккинчисини устун эканлигини изоҳлашга, тасдиқлашга уриниш, назаримда, ҳеч қачон муваффақиятга олиб келмайди. Чунки одамзод турфа табиатли бўлиб дунёга келади. «Бу оламда фақат халқчил шеър ёзган шоиргина шоирдир», дейиш хос шеърият яратувчи шоир табиатини инкор этишдир. Ёхуд аксинча: «Анъанавий шеърият, халқчил шеърият аллақачон эскирди. Замонавий шеър бу модернистик шеърдир» дея ноғора қоқиш ҳам инсон табиатига зид боришдир. Муҳими ҳам шу – ўз табиатингга қарши қўл кўтармаслик. Агар сен шоир эсанг ва руҳингда қадим боболарнинг наволари чалиниб турган эса, шуни куйла! Худди Муҳаммад Юсуфга ўхшаб. Агар турланиб бораётган давр руҳи руҳингга сингишиб кетган бўлса, унда излан, янги шакллар топ, модерн шеърият сарҳадларини яна-да кенгайтир… Аксинча бўлса, яъни сен табиатан қадим наволар куйчиси бўлсангу «мода»нинг ортидан кетиб, «бурама» шеърлар ёзишга ружу қўйсанг, бундан наф йўқ: сенга ҳам, ўқувчига ҳам. Назаримда ёш шоир ишни, аввало, шу нарсанинг ажримига боришдан бошламоғи лозим. Акс ҳолда «мен нима дейману қўбизим нима дейди» дегувчининг ҳолига тушмоғи ҳеч гапмас. Муҳаммад Юсуф шеъриятга кириб келаётган йилларда ўзбек шеъриятида 70 – йиллар авлодининг ўзига хос овози, жиддий шеърияти тан олинган эди. Шеърият энди мана шундай мураккаб йўлдан боради, деганга ўхшаган адабий нуқтаи назарларнинг туғилишига етарли асослар пайдо бўлган эди. Бироқ М. Юсуф ана шу «мода»нинг кетидан қувмади, аксинча ўз кўнглига қулоқ солди… ва у ерда борини ёзишга бел боғлади. Бугун эса биз шоирнинг янглишмаганига шоҳид бўлиб турибмиз. М. Юсуф ўз ижоди билан шоир агар чинданам истеъдодли бўлса, ҳар қанча анъанавий йўллардан юрмасин, барибир, ўз «мен»и орқали оригинал шеърият яратиши мумкинлигини исбот қилди. Муҳими ҳам шу эмасми?..