Madrahim Mahmudov. Buyuk Pyotr va Bekovich Cherkasskiyning armoni…

077
Фаннинг бир қолипга тушиб қолмаслиги учун куюнчаклик қиладиган олим, бадиий адабиётларда ҳам айрим фактларнинг, образларнинг нотўғри шарҳланиши, изоҳланиши, бадиий бўёқ берилишига ўз муносабатини билдириб туради. Бир куни ҳатто юртдоши бўлмиш каттакон бир шоир, ёзувчи ва драматургнинг юбилейида асаридаги хатони айтиб балога ҳам қолганди. Ўшанда домла билан бир даргоҳда ишловчи юбилеярнинг фарзанди домлага дашном берган экан.

09
Умид Бекмуҳаммад
ТОШСОҚАЛИК ТАРИХЧИНИНГ ТАШВИШЛАРИ
08

ИНСОННИНГ касб танлашида у яшаган ҳудуд, муҳит, атрофидаги одамларнинг ҳам роли катта. Хоразмнинг Ҳазорасп тумани Тошсоқа посёлкасида туғилиб ўсган, бугунги кунга келиб тарих фанлари доктори, профессор даражасига етишган Мадраҳим Маҳмудовнинг ҳам муаррихликга ихлос қўйишида Тошсоқадек ҳудуднинг таъсири бор. Ўттизга яқин китоблар, қарийиб 1000 саҳифалик “Хоразм қомуси”ни яратган, аммо ана шу китобларининг бор-йўғи 6-7 тасини нашр этдира олган 65 ёшли Мадраҳим аканинг энг катта ўй-хаёли, ташвиши ёзганларини чоп қилдиришга эришишдир.

1950 йилда жўшқин Жайҳун соҳилидаги Тошсоқа посёлкасида таваллуд топган Мадраҳим болаликдан теварак атрофга эътиборли, илмга иштиёқ руҳида вояга етди.

-Мен болалик вақтларда Тошсоқаликларнинг аксарияти Ҳазорасп тумани маркази ва яқиндаги қишлоқларга кўчиб кетган, қолган 10-12 оила Тошсоқанинг бош тўғони ва унинг пастидаги канални техник таъминлашга мўлжалланган ТошМЭС га қарашли нефтебаза, “Илғотир” ( “Ирригатор”), “ВНИИигим” “Систем” (“Система”) каби махсус мосламаларга хизмат кўрсатарди. Аммо тирикчиликнинг асосий манбаи-Амударё ҳисобланиб, унинг ўзани, ўнг ва сўл қирғоқларида пайдо бўлиб, вақти-вақти билан йўқолиб турадиган қайирлардан олинадиган полиз маҳсулотлари ва албатта балиқчилик ҳисобланарди.

Кеча-ю кундуз ҳаракатдаги кемаларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юкланган махсус бўлимларда ишлаётганлар ( уларни “аламчи” дейишарди) дарёнинг ўзани ўзгариши, сувнинг тезлиги, ҳаракат йўналишларини доимий равишда текшириб, кечалари баланд қирғоқларда ва махсус мосламаларда чироқ ёқиб, кема капитанлари ва ботсманларига йўл кўрсатардилар.

Посёлкада биргина кичик дўконча, нонвойхона, бошланғич мактаб бўлиб, қишлоқдан келадиган ўқитувчи-Сотимбой Собиров битта хонада ўтирган ва ёши ҳар хил бўлган 1-4 синф ўқувчиларига аралаш дарс берар, машғулотлар эса пароходларнинг гудоклари билан тез-тез узилиб турарди. Чунки, бир неча дақиқа тинч ўтираолмайдиган зумрашалар ана “Куйбишев”, “ Фрунзе”, “Киров” келди деб, ўқитувчига ҳам қулоқ осмасдан, қичқирганча дарё бўйига чопишарди. Мўриларидан қора тутун чиқариб, орқасидан 1-2 та баржани шатакка олиб, дарёнинг юқорисига қараб, чираниб сузаётган пароходлар ва Чоржўй тарафдан эркин ҳаракат қилиб, бир-бирини олқишлаб ўтаётган кемаларни томоша қилиш жуда мароқли эди.

Кемаларнинг айримлари йўловчиларни ташишга мослаштирилган бўлиб, уларнинг буфет ва дўкончалари бор эди.Савдо ходимлари эса Амударё флотилияси кемалар ҳаракатини таъминлаётган давлат идоралари ишчиларининг оилаларига саноат молларини нисбатан арзон нархларда етказиб берарди.Албатта, болалар учун ширинликлар ва ўйинчоқлар, ўқув қуроллари ҳам ана шу кемаларда келтириларди.

Профессор Маҳмудовнинг болаликдан дарё, сув билан боғлиқ хотираларини тилга олганича бор.Чунки, Мадраҳим аканинг “Хоразмнинг сув хўжалиги тарихи” асарида воҳадаги энг қадимий даврдан то ҳозиргача бўлган суғорилиш тизими, мироблар меҳнати, сув тизими соҳасининг тарихи тадқиқ этилган. Албатта, бу асар Я.Ғуломовнинг “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” асаридаги айрим жойларни тўлдирувчи, аммо уни мутлақо такрорламайдиган монографиядир.Афсуски, ушбу асар ҳам ҳомий йўқлиги боис нашр этилишини кутиб домланинг шахсий архивида турибди.

Албатта шу ва шу сингари асарларни ёзгунча Мадраҳим ака ҳаётнинг не бир қийинчиликларини босиб ўтмади. Бошланғич таълимни Янгибозор қишлоғидаги мактабга қатнаб тугатди.Тарихчи бўлиш истагидаги 11 синфни тугаллаган Маҳмудов 1966 йили ҳужжатларини ТОШДУга топширди.Маълумки, айнан зилзила рўй берган машъум йилда, таълим тизимидаги ўзгаришлар боис 10, 11 синфларни тугатган барча ёшларни ОЎЮ қабул қилиш имкониятига эга эмасди. Натижада кундузги бўлимга танлов бали етмагач Маҳмудовга сиртдан ўқиш таклиф этилди. Шу тариқа у қишлоққа қайтиб мактабда ёшлар етакчиси , “Туямўйинқурилиш”да электрик, Тошкент авиация заводида тракторчи, ишчи, мастер ёрдамчиси бўлиб ишлади.Шу билан бирга тарихга оид кўплаб китоблар, ҳужжатлар тўплади, қунт билан уларни ўқиб ўрганди.

1972 йилда ТОШДУни тугатгач, бир йиллик ҳарбий хизматни Тинч океани флотида ўтади. Шундан сўнг Тошкентга қайтиб 156-мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлади.

Аммо мозий сирларини тадқиқ қилишга аҳд қилган муаррихни илмий тадқиқот ишларини олиб боришдек завқли, шу билан бирга машаққатли меҳнат ўзига тортарди.Шу боис Лев Владимирович Гентшке, Маҳмуд Мусаев, Отабой Содиқов, Анатолий Феодессевич Водолазский, Мавлон Назаровларнинг маслаҳати, қўллаб қувватлашлари билан 1982 йилда номзодлик, 1992 йилда докторлик ишларини муваффақиятли ёқлади.

Бу орада Тошкентдаги тиббиёт , политехника институтларида , Ўзкомпартия МК ҳузуридаги партия тарихи ,ЎЗФА тарих институтларида фаолият кўрсатди.1992 йилдан 1-Тошкент тиббиёт институтининг Урганч филиалида , УРДУда кафедра мудири,Урганч Банк коллежида директор ўринбосари сифатида талабаларга сабоқ берди.Айни пайтда ҳам Тошкент Тиббиёт Академиясининг Урганч филиалида кафедра мудири.

Маҳмудов диссертацияларни ёқлаш жараёнида, қолаверса тарихнинг тадқиқ этилмаган даврларини илмий ёритиш, фанда янгилик яратиш умидида кўп йиллар турли архивларда ишлади.Ўзмардавархив, тиббиёт ва техника ҳужжатлари марказий архиви, кино-фото ҳужжатлар архиви, соғлиқни сақлаш вазирлиги архивларида, шунингдек Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Ростов-Дон, Иваново вилоятлари архивида, кутубхоналарда изланиш олиб борди.

-Агарки, ҳозирда имкониятим бўлиб, уларни яна бир марта варақлаб чиқганимда, янги илмий ишларни бошқача бир дунёқараш билан яратган бўлардим. Юқоридаги ва бошқа архивларда изланишларда бўлиб кўплаб ҳужжатлар тўпладим.Шулар асосида кўплаб китоблар яратдим,-дейди олим.

“Барҳаёт сиймолар “(Қатағон қурбонлари), “Туркистон, Бухоро ва Хоразмдаги тиббиётнинг тарихи”, “Хоразм: тарих, одамлар, воқеалар” асарлари ана мисқоллаб йиғилган ҳужжатлар, архив чангларини ютиб яратилган. Шу каби ёзилган, аммо нашр этилмаган асарлари анча домланинг.

Тарихчи Маҳмудов айнан қатағон қурбонлари ҳаётини, фаолиятини, уларнинг ижодий, илмий меросларини ўрганишга республикада биринчилардан бўлиб киришганди. В.Иванов, Ф.Хўжаев, А.Икромов, Тожихон Шодиева каби республика раҳбариятида ишлаган, қатағон қурбони бўлган, шу давр жабрини чеккан заҳматкашлар ҳаётини айнан архив ҳужжатлари асосида ёритди, китоб қилиб 1991 йилда (“Барҳаёт сиймолар”) нашр этдирди.

65 ёшга кирган Маҳмудовнинг интернет, ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиши, ишдаям, уйдаям доимо ниманидир изланиб, яратишга ҳаракат қилиб яшаётганлиги , фақат педагогик, репититорлик, кундалик ташвишлари билан банд ёш тарихчилар учун ўрнакдир албатта.

Профессорнинг яна бир хислати шуки, у савиясиз, сифатсиз , шошма-шошарлик билан чиқарилаётган китобларга бефарқ эмас. Ҳар гал домла ёнига борганимда қайсидир олимнинг фикри, қарашларига эътироз билдиради, қайсидир китобнинг хатосини тўғирлаб ўтирган бўлади.Гоҳо ўзимнинг ҳам бир нечта китобларимга ручка текизилганини кўриб , профессор Маҳмудовнинг танбеҳ берганини эшитиб уяламан, ҳовлиқмалиқ қилганимдан афсус чекаман.Шу билан бирга хатоларни қайтармасликка интиламан.

— Шу ва бошқа фикрларингизни матбуотда ёритсангиз мендек эътиборсиз бошқа тарихчилар учун сабоқ бўларди. Қолаверса, кўплаб илмий таҳлилли мақолаларингиз борки, уларни комьютерингизда сақламай нашрларда ёритинг,уларни одамларнинг ўқигани фойдали-ку?!-дея домлани ундаб тураман.

Мадраҳим аканинг китобга меҳри, эътиборлилиги ёшликдан мерос.Профессорнинг ҳозирдаям қўлдан қўймай, такрор-такрор ўқийдиган китоблари анча бўлиб, шулардан бири Мак Гаханнинг Окус соҳилидаги жанглар ёхуд Хиванинг қулаши” асаридир.

-Мак Гаханнинг иқтидоридан хабардор бўлган инглиз нашриётчиларидан бири, унинг асарини қисқа муддатда 1874 йилда босмадан чиқарди.1875 йилда Москвадаги “Русский вестник” уюшмаси китобни таржима этди ва кўп сонли қилиб нашр қилди.Китобга Хива юришида қатнашган таниқли рус рассоми В.В.Верешагин ва поручик Фёдоров томонидан қалам билан чизилган суратларнинг киритилиши асарнинг анчагина таъсирчанлигини оширди. Мак Гаханнинг китоби сиёсий мунозаларга ҳам сабаб бўлди ва ундан айрим рақиб арбоблар фойдланишга интилдилар. Хусусан, навбатдаги парламент сайловларида мағлуб бўлган Уильям Гладстон ўз рақиби Бенжамин Дизраэлининг сиёсий курашда жуда кўп ёлғон маълумотларга таяниши, хусусан америкалик Мак Гаханга пул бериб тўқима асар ёздиргани ва унинг ҳукумати обрўсини туширишга интилганини қайд қилган. Мак Гаханнинг китоби ҳақида бақироқ Дизраэли билганми-йўқми?-бизга қоронғу.Аммо унинг ишонарли даражада жавоб қайтара олмаганлиги парламент мажлиси баённомасида ўз аксини топган.

Орадан бир асрча вақт ўтганлигига қарамасдан инглиз сиёсатчиларининг баҳс мунозаралари жуда кўплаб тажрибали тарихчиларни ҳам чалғитиб, нотўғри хулосаларга олиб келган. Жумладан, 1976 йил декабрида ТОШДУ қошидаги “ижтимоий фанлар” кафедралари ўқитувчилари малакасини ошириш курси тинловчилари олдида маъруза қилган профессор Гога Ҳидоятов лорд Гладстоннинг айбларини ҳақиқат деб исботлашга ҳаракат қилди ва Мак Гаханни тарихни сохталаштирувчилар қаторига қўшиб қўйди. Олимнинг бу фикри нотўғри эканлиги ҳақидаги меним эътирозларимга у қулоқ ҳам солмади ва ўз вақтида Англия давлат архивларидан олган маълумотларни рўкач қилди.

Тарихни сохталаштирувчиларни фош қилиш борасида мутахассис ва Ўрта Осиё масаласида Россия-Британия муносабатларидан бир неча монографиялар ёзган олим Гога Ҳидоятовнинг ўзиям ёлғоннинг чоҳига тушиб қолганини сезмай қолди. Чунки Мак Гахан Хива ҳарбий компанияси қатнашчилари хотиралари асосида тўқилганмас, балки ўзи шахсан кўрган воқеалар ҳақида асар ёзганди. Албатта унинг китобида бадиийлик, айрим ҳолларда ўзгалар маълумотларидан фойдаланиш бор. Аммо у тўла ҳолда уйдирма асар эмас. Келажакда бу таниқли журналист ва тадқиқотчи ҳаёти ва фаолиятини янада чуқурроқ ўрганиш , унинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни амалга ошириш керак. Хусусан, бир умр саргузашт излаган ва тиниб тинчимас инсон сифатида унинг ҳақида ажойиб кинофильм яратиш мумкин,-дея севимли муаллифи, унинг китоби тўғрисидаги фикрларини билдиради Маҳмудов.

Шунингдек, профессор Маҳмудов Хоразм тарихининг теран тадқиқотчиси, ўз юртининг ўтмишини қадрловчи фарзанди сифатида, матбуотда бирон фактлар нотўғри келтирилган, изоҳланган мақоласини ўқиса, унга дарров жавоб ёзади.

— Мана бу мақола фалон нашрда чоп этилган экан.Мақолада баъзи хатолар бор.Унга жавоб ёзгандим. Афсуски, чоп этишмади,-дея куюнади олим.

Ҳа, фаннинг бир қолипга тушиб қолмаслиги учун куюнчаклик қиладиган олим, бадиий адабиётларда ҳам айрим фактларнинг, образларнинг нотўғри шарҳланиши, изоҳланиши, бадиий бўёқ берилишига ўз муносабатини билдириб туради. Бир куни ҳатто юртдоши бўлмиш каттакон бир шоир, ёзувчи ва драматургнинг юбилейида асаридаги хатони айтиб балога ҳам қолганди. Ўшанда домла билан бир даргоҳда ишловчи юбилеярнинг фарзанди домлага дашном берган экан.

Домла ҳаётида кўплаб учровчи, аммо ҳаётий бир кичик воқеани эшитиб ўйлаб қоласан: ” Ҳақиқатни орқасидан эмас, ўзига айтган яхши эмасми? Агарки, бадиий асардаги қайсидир образ нотўғри талқин қилинган бўлса, бу айтилган танбеҳ, эндиги яратиладиган асарга эътиборлироқ бўлишга ундамайдими? “.
-Меним феълим шундақа,-дейди домла ўзи ҳақида,- ҳар бир воқеага, асарга фикримни билдириб тилим қурсин, деб қўяман гоҳида…

Шунақа пайтларда домла шоир Матназар Абдулҳакимни эсга олади:
-Матназар ака СЎЗни муқаддас билгувчи, ҳар қандай эътироз, танқид, танбеҳни тўғри қабул қиловчи ИНСОН эди.Гарчи унинг асарларидан бирон камчиликни топа билмасакда, феълида сохталик йўқ эди.Румий айтганидек АСЛи тоза инсон бўлганидан, қалбиям, кўрингани ҳам бир хил бўларди мудом.Раҳматликни вақтида қадрига етмадик…-дея шоирни эслаб унинг дастхат ёзиб берган китобларини варақлайди.

Маълумки, кўпчилик тадқиқотчилар илмий даража, унвон олиб бўлгач, у ёғига ҳаммасига қўл силтаб, дўсту ёронлари билан отамлашиб юраверади.Бўлмаса, иморату-машина, ҳаммаси бор. Яна баъзилари илмни ёқланган , қўлга киритилган диплом дея тушунишади.Баъзилари мақола ёзиб қолгудек бўлса, “ВАК нинг журналида нашр этдириш керак”, дейишади. Унинг учун мақола ёзиш ҳам диплом учун керак. Фандаги янгиликлар, жамиятдаги жараёнларга мутлақо бефарқ.

Буни айтаётганимнинг сабаби, Мадраҳим Маҳмудов 1992 йилда докторлик диссертациясини ёқлаб, профессор унвонига эга бўлганди.Хоразмга ишини ўзгартиргач воҳадаги саноқли, ҳозирда эса яккаю ягона тарих фанлари доктори. Бундай қараганда у ҳам баъзи ҳамкасбларига ўхшаб тараллабедод қилиб юрса бўлаверарди.Архив ҳужжатларини титкилаб, соатлаб компьютер қаршисида ўтириб, соғлиғини йўқотиб, кўзини қайта-қайта даволатишга зарурат ҳам бўлмасди.Аммо ўрганган кўнгил, ИЛМга иштиёқ борлигидан чанг босган архив ҳужжатларини титкиламаса, бирон мақола ёзмаса, ниманидир топиб ўқимаса ороми бўлмайди.Шу боисдан бугун кўплаб нашр этилишини кутиб ётган китоблар ёзиб қўйибди.Ҳар гал қомусни вилоят раҳбарларига эринмай тақдим қилаверади…

Баъзида ёшгина бўлатуриб, соғлиги жойида тадқиқотчиларнинг йиллаб мақола ёзмай юрганини кўрганимда, уларни кекса, бироқ ҳаракатчан Маҳмудовга таққослаб, ўкинаман.Ахир, фаннинг, тарихчиларнинг истиқболи айнан ёшларга боғлиқ-ку?.

2014 йилнинг декабр ойи сўнггида Қозоғистонда “Санжар Асфандиёров ва миллий тарих” мавзусида халқаро конференция бўлиб, унга Ўзбекистондан профессор Маҳмудовга таклифнома юборишганди.Чунки, айнан Асфандиёровлар сулоласи, уларнинг тарихда тутган роли борасида профессор Маҳмудов қатор мақолалар ёзган, китобни нашрга тайёрлаб қўйганди.

Сафар яқинлашганда шукрки, домла паспортини янгилашга улгурди.Бироқ..
-Уйдагилар қандли диабетингиз бор, қийналиб қоласиз, дея хавотирланишаяпти,-деди домла.
Бундай пайтда гарчи мен Маҳмудовнинг Қозоғистонга боришини истасамда бирон нарса дейишга қийналдим.Аммо таклиф айтдим:
— Янгамни олиб кетинг!
— Икки кишига пул қаёқда.Ҳатто ҳозир ҳам Қозоғистонликлар йўл харажати, меҳмонхона хизматларини ўзлари зиммасига олгач, боришга кўндим,-деди Мадраҳим ака.

…2015 йилнинг 5 январида домла ёнига боргач янгиликни айтди:
— Бориб келдим.Ўзим билан уколларимни олиб кетгандим. Қийналмадим,- хурсанд бўлди Маҳмудов.Домланинг айтишича, яқин ойларда Қозоғистонда китоби нашрдан чиқаркан. Мен Мадраҳим акани қутладим.Ҳаётида бундай хорижга ташриф, китоблари чиқиши тез-тез бўлиб туришини , хурсандчилик ҳамиша ҳамроҳ бўлишини билдирдим.

Ҳа, ҳаммамизнинг ҳам ҳаётимизда ҳамиша хурсандчилик бўлсин, шундай паллаларда эса Маҳмудов ва бошқа фидойи олимларнинг янги нашрдан чиққан асарларини ўқиб юрайлик.

09
Мадраҳим Маҳмудов
БУЮК ПЁТР ВА БЕКОВИЧ-ЧЕРКАССКИЙНИНГ АРМОНИ
08

061672-1725 йиллар оралиғида яшаб ўтган ва Буюк деб олқишланган Пётр Россия подшоси Алексей Михайловичнинг кичик фарзанди эди. У 10 ёшида ворис сифатида тахтга чиққан бўлса-да, 1689 йилдан давлатни бошқаришни қўлга олган. Кейинги 36 йил давомида Пётр Россияни дунёга танитиш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилган.

Пётрнинг 23 ёшидан бошлаб Хива хонлигини эгаллаш мақсадида бўлган деган фикрда бироз ноаниқлик бор. 1700 йилда Бухоро ноиби бўлмиш Хива ҳукмдори Шоҳниёз қарамликдан қутулиш ва Эрон тажовузларидан хавфсираб, Москвадан нажот сўраган. Натижада Пётр Хивани ўз тасарруфидаги ҳудуд деган мазмунда ёрлиқ берган. Аммо элчилар қайтиб келгунча, Шоҳниёз вафот этиб, янги хон Араб Муҳаммад номига ҳам 1703 йилда рус подшосидан янги ёрлиқ олиб келинган.

Орадан ўн йил ўтиб, Пётрга Хива ҳақида яна бир бор эслатишади. 1713 йили Астраханга келган туркман савдогари Хўжа Нафас Амударёнинг Каспий томон оққан ирмоғи — Ўзбойни қайта тиклаш мақсадида Қорақумдаги Эркет деган жойда қум-олтин бор деган маълумотни беради. Ушбу хабар зудлик билан подшога етказилади.
Ўрта Осиёда олтин ва кумуш заҳиралари борлиги ҳақидаги маълумот 1714 йилда Хива хони Ҳожимуҳаммад Баҳодирхоннинг тахтга ўтирганлиги ҳақидаги хабарни Москвага олиб келган элчи Ашурбек, Сибирь губернатори М.Я.Гагарин ва кемалар сотиб олиш учун Англияга юборилган амалдор Ф.С.Салтиковдан ҳам олинганди.
Швеция билан узоқ йиллар уруш олиб бораётган ва ҳарбий соҳага катта харажатлар сарфлаётган Пётрга тилло жуда зарур эди. Унинг 1714 йил 22 майдаги буйруғига биноан И.Д.Бухгольц ва 29 майдаги буйруғи асосида А.П.Бекович-Черкасский бошчилигида ҳарбий экспедициялар ташкил этилди. Уларнинг биринчиси Сибирь губернаторлиги маркази Тобольскдан чиқиб, Ёркандгача (Қашғар), иккинчиси эса Астрахандан Хивагача бўлган ҳудудларни ўрганиши керак эди.

05Хива отрядига қўмондонлик қилган Александр Пётрович Бекович–Черкасскийнинг асли исми Жансох Давлат-Кизден Мирза бўлиб, лейб-гвардия Преображенский полки капитан-поручиги унвонида эди. Унинг қачон туғилгани ҳақида маълумотни учратмадик. Аммо, ёшлигида кубанлик нўғайлар томонидан асирликка олиб кетилган. Кейинчалик Пётрнинг Азов денгизига юриши даврида Россияга олиб келинган. Подшо томонидан шахсан насронийликка чўқинтирилган ва Александр исми берилган княз-зода тез орада Россиянинг нуфузли амалдорлари қаторидан жой олди. У 1707-1709 йилларда Пётрнинг топшириғи билан рус ёшлари қаторида тил, арифметика, геометрия, денгиз илмини ўрганиш мақсадида Голландия ва Францияда ўқиб келди. 1710 йилда дипломатлар қаторида Кабарда князларининг Россия билан муносабатларини мустаҳкамлашга эришди (Ўнг томонда рус рассоми Ф. А. Васильев томонидан чизилган  Бекович–Черкасский портрети).
1711 йилда эса Кабарда ва Доғистонда бўлиб¸ Кавказлик тоғлиқларни рус армиясида хизмат қилишга даъват қилди. Орадан бироз ўтгач, 30 августда Кубанда А.П.Бекович-Черкасский бошлиқ рус қўшинлари Крим хони қўшинлари устидан ғалаба қилди. Турклар билан Прут яқинидаги жангда енгилган Пётр учун бу ғалаба жуда қувонарли эди.

Урушдан қайтиб келгач, Александр подшонинг топшириғи билан, унинг тоғаси ва тарбиячиси ― боярин Борис Алексеевич Голициннинг қизи — Мария (Марфа) га уйланди.

1714 йилда А.П.Бекович-Черкасский Шимолий Кавказ халқларини Россия билан бирлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқди. Бундан мамнун бўлган Пётр таклифни кўриб чиқиш учун Сенатга топширди. Аммо, Швеция билан бошланиб кетган Шимол уруши князнинг ғояларини бироз орқага суриб қўйди. Шу орада кўпчиликнинг эътиборини Ўрта Осиёга экспедиция юбориш тўғрисидаги ташаббус ўзига тортган эди…

Пётрнинг 1714 йил 29 майдаги Хива экспедицияси раҳбари — А.П.Бекович-Черкасскийга берган топшириғида қисман шундай сўзлар бор эди: “Эҳтиёткорлик билан дарёнинг (Амударё) оқими ҳамда тўғонларни кўриб чиқиш, имкони бўлса, дарё сувини илгариги оқимига йўналтириш, Орол денгизи томон оқаётган ирмоқларни беркитиш лозим. Амударё орқали савдогарларни Ҳиндистонга, кемалар сузиш мумкин бўлган жойгача, юбориш керак”.

1714 йил 7 ноябрда Астрахандан Гурьевга қараб йўлга чиққан қўшин таркибида 10 офицер ва 1744 нафар пиёда аскар, 100 денгизчи ва 27 та кема, 19 тўп ва 33 тўпчи бор эди. Об-ҳавонинг ноқулайлиги сабабли 3 декабрда рус қўшинлари орқага қайтиб кетади. Тўпланган маълумотларга жуда қизиққан Пётр I изланишларни давом эттириш ҳақида кўрсатма беради. 1715 йил 25 апрелда Бекович Черкасский 20 та кемаларга ортилган аскарлари ва қурол–аслаҳаси билан Манғишлоқ ярим оролига келади. Кейинчалик у Челекен ярим ороли, Қорабуғозкўл ва Қизилсув (Красноводск) қўрфазларидан ўтиб, Журжон (Астрабод) қўрфазигача бўлган денгиз қирғоқларини текшириб чиқади.

Амударёнинг ўзани ҳисобланган Ўзбой орқали Сариқамиш кўлигача борган экспедиция аъзолари октябрь ойи охирларида Астраханга қайтиб келдилар. Пётрга юборилган ахборотномада биронта одам ҳам йўқотилмаганлиги, Каспийнинг ҳар иккала қирғоқлари туширилган чизмаси ва унинг тахминий харитада кўриниши юборилган эди. Бунга жавобан¸ Пётрнинг 1716 йил 14 февралдаги Сенатга юборган топшириғида Бековичдан келаётган барча талабномаларнинг ўз вақтида ва кечиктирилмасдан бажарилиши зарурлиги уқтирганди.

1716 йил 31 мартда пойтахтга чақириб олинган А.П.Бекович-Черкасский подшонинг Ригадаги қароргоҳида ўзига топширилган ишнинг натижалари ҳақида ахборот берди. Мамнун бўлган подшо унга гвардия капитани унвонини берди. Сенатга эса зарур маблағларни ажратиш, 4 минг пиёда, 1500 ўрол ва 500 гребен казаклари, 100 нафар драгун отлиқларини князь ихтиёрига беришни топширди.

1716 йил 15 сентябрда Астрахандан янги ясалган 100 тача кемада йўлга чиққан А.П.Бекович-Черкасский 9 октябрда Туб Қараған (Манғишлоқ) кўрфазига етиб келади. Шу ерда Авлиё Пётр номига қалъа қурилиши бошланади. Красноводск яқинида шаҳзода Алексей номидаги истеҳкомга асос солинади. Кейинчалик Ўзбойнинг Каспийга қуйган эски ўзани — Асаф яқинида учинчи қалъа қурилади. Ичимлик суви етишмаслигидан қийналган ва 1717 йил 20 февралда Астраханга қайтган А.П.Бекович-Черкасский Хива хони 3 нафар рус элчиларини ушлаб қолгани ва қўшин тўплаётганлиги ҳақида маълумотни олади. Энди у Гурьев (Яйиқ–Урал дарёси яқинида) орқали Хивага юришга тайёргарлик кўра бошлайди.

Аммо бунгача бир қатор воқеалар содир бўлиб ўтди. 1717 йил баҳорида 11 та тўп ва 1877 аскар билан Хивага қараб юриш бошлаган русларнинг Қайрағоч дарёсига балиқ овлашга юборилган 60 га яқин казаклари хиваликлар томонидан асир олинади. Хива хони Шерғози Эшимхўжа исмли амалдорни юбориб, асир олинган казакларни қайтариб юборишга тайёр эканлиги ҳамда князь Хивага келса, дўстона равишда кутиб олишини маълум қилади. Бунгача руслар Устюртдаги Эмба дарёсидан ўтиб, ёзнинг 40 даражалик жазирама иссиғида, сувсиз қирдан юриб, Айбуғир қўлига етиб келишганди.

Вазият кун–сайин қалтис тус олади. Шерғозихон Кретов бошлиқ рус элчиларини ушлаб қолади. Шу орада, 17-20 август кунлари, хон қўшинлари Карач мавзусида руслар билан тўқнашадилар ва енгилиб қайтадилар. Вазиятни ҳисобга олган хон ҳийла ишлатишга қарор қилади. У сарбозларининг ҳаракатидан бехабарлиги ва сулҳ музокалари олиб боришга тайёр эканлигини билдиради. Музокаралар дастлаб 700 нафар аскарлар билан келган Бекович-Черкасский ва Шерғози ўртасида Порсунгул ариғи бўйидаги қароргоҳда ўтказилади.

Хивадан 108 чақирим масофадаги Порсу қалъасида (ҳозирда Тошҳовуз вилоятида) иккинчи учрашув вақтида, князга Астраханга келган оиласи (хотини ва 2 та фарзанди) аъзолари Волга дарёсига чўкиб кетганлиги ҳақида нохуш хабар келтирилади. Ғам-алам юки босган Бековичнинг танг аҳволидан фойдаланган, хон русларни озиқ-овқат ва ем-хашак билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш баҳонасида пойтахт Хивадан ташқари бошқа шаҳарларга жойлаштириш режасини таклиф қилади. Қуръонни ўртага қўйиб ичилган қасам ва таклифга кўнган А.П.Бекович-Черкасский қўшинларини 5 қисмга бўлади ва ўзига фақат 200 нафар соқчи-аскарлар қолдиради, холос.

Муаррихлар Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс-ул иқбол” асарида (99-бет) қуйидагиларни ўқиш мумкин. “Товуқ йили ўрус тўраларидин Давлат Гирей ва Андрей губернот ўттиз минг ўрус била Шайҳ Жалил тоғиким, олтин ва кумуш маъданидур, анинг орзуси, балки, Хоразм фатҳининг таманноси билан Орол ҳудудиға нузул қилди. Хон қўнғирот Қулмуҳаммад оталиқ ва найман амир Аваз иноқни жунуди номаъдуд била мудофаага номзад этти. Алар Давлат Гирей била гурунг оштий қилиб, зиёфат баҳонаси била аъдои миллати байзони меҳмонхонаи асфал ас-софилинға еткурдилар”.

Хийла билан кичик қисмларга ажратилган рус аскарларини қиличдан ўтказиш бошланади. 1717 йил 29 августда А.П.Бекович-Черкасскийнинг боши танасидан узилиб, Бухоро хони Абулфайзга жўнатилади. Аммо хон “совғани” қабул қилмай, Хивага қайтариб юборади. Омон қолган русларни қулликка сотиш бошланади.

Экспедиция ҳалокати ҳақидаги хабар чет эл сафарида бўлган Пётрга бироз кечикиб етказилади. У 1717 йил 10 октябрда Петербургга қайтиб келади ва Тўп Қараған (Манғишлоқда) ҳамда Красноводскдаги истеҳкомларни мустаҳкамлашни буюради. Аммо императорнинг топшириғи қўшинларга бироз кечикиброқ етказилганлиги сабабли, касалликлар ҳуружи ва туркманлар орқали келаётган нохуш хабарлар таъсирида ҳамда ўз жонларини сақлаб қолиш мақсадида русларнинг бир қисми 1718 йил баҳорида Астраханга қайтиб кетадилар.

А.П.Бекович-Черкасский Каспий денгизи атрофларини ўрганди ва дастлабки харитага туширди. Князь тўплаган маълумотлар — минераллар, ўсимлик намуналари, ҳайвонлар ва қушларнинг, ҳаттоки тириклари, Кунсткамера музейига топширилди. Экспедиция ҳақидаги маълумоларни Францияга борган вақтида европа олимлари диққатига ҳавола этган Пётр Париж фанлар академияси аъзолигига қабул қилинди. Каспийнинг харитаси эса илк бор 1723 йилда француз олими Делилнинг альбомида эълон қилинди.

Экспедициянинг туб мақсадлари ва унинг учун ажратилган рус аскарлари сони ҳақида қарама-қарши маълумотлар учрайди. Хусусан, “Рус сайёҳлари ва денгизчилари” сайтида 1714 йилда экспедицияга 1,5 минг аскар ажратилган деб кўрсатилади. Хива хонлиги муаррихлари Мунис ва Огаҳий уларни 30 мингдан ортиқ деб ёзишган. 1877 йилда профессор Н.И.Веселовский аскарлар сони 6655 бўлган деб ёзганди. Шу билан бир қаторда, Шерғозининг қисқа муддатда 24 минг кишилик қўшин тўплаб, русларга қарши чиққанлиги ҳам бироз шубҳалироқдир.

Рус экспедицияси тақдири Оренбургга келган ва “Пётр тарихи” асари учун маълумотлар тўплаётган А.С.Пушкиннинг эътиборини тортган. Шоир қўлёзмасининг “1717 йил” бобида қуйидаги сўзлар бор: “Бекович Хивага етиб борди. Уни Хива хони Шерғози бошлиқ 24 минг аскарлар қуршаб олди. Уларнинг натижасиз ҳужумлари уч кун давом этди. Бекович олдингга қараб юришни давом эттирди. Хиванинг аҳолиси шаҳардан қоча бошлади…”. Аммо, кейинчалик рўй берган фожиалар ҳақида фикр юритган А.С.Пушкин ёзганди: “Бахтга қарши, Бекович ҳар нарсага ишонувчан, ўжар ва билимсиз одам эди ва буюк ишни ўзи билан бирга олиб кетди”.

А.С.Пушкиннинг асари, шоирнинг 1837 йилда фожиали ҳалок бўлиши натижасида, тугатилмасдан қолди. Аммо унда яна шундай сўзлар бор эди: “Ривоятларга қараганда, ўлим тўшагида ётган Пётр икки нарсадан армон қилган экан: Туркиядан Прутдаги омадсизлик ва Хивадан Бековичнинг ўлими учун қасос ололмаганига”.
Бекович Черкасский экспедицияси Россия ва Оврўпа учун Ўрта Осиёни янада чуқурроқ ўрганиш учун имконият яратди. Аммо унинг ҳалокати Россия ва Хива хонлиги ўртасидаги муносабатларнинг маълум вақтгача мураккаб ҳолда сақланиб туришига сабаб бўлади. Шу билан бир қаторда Пётрнинг Ҳиндистон ва Хитой билан қуруқлик орқали алоқаларни ўрнатишга интилиши, Хива ва Бухоро ҳудудидаги олтин конларини топиш каби орзулари — армон бўлиб қолади.

Адабиётлар

Блюмин Г.P. Витязи Кабарды. О князьях Черкасских // WWW. Adygaabaza.ru.
Блюмин Г.З. Царская дорога. – Москва, 2005. – 464 с
Везгин И.Г. Князь Бековича-Черкасского экспедиция в Хиву. ― СПб., 1841.
Веселовский Н.И. Очерк историко-географических сведений о Хивинском ханстве. — СПб., 1877.
Голосов Д. Поход в Хиву 1717 г. отряда под начальством лейб-гвардии Преображенского полка, капитана, князя Александра Бековича Черкасского // «Военный сборник». — М., 1861. – Т. XXI. – С. 303-364.
Дело 1714–1718 гг. об отправлении лейб-гвардии Преображенского полка капитана-поручика князя Александра Бековича Черкасского на Каспийское море и в Хиву. Документы и материалы Военно-ученого архива Главного штаба. – Т. 1. — СПб., 1871. – С. 197-506.
Иллерицкий В. Экспедиция князя Черкасского в Хиву (1716–1717 гг.) // «Исторический журнал». — М., 1940. – № 7.
Мунис ва Огаҳий. Фирдавс ул-иқбол. — Т.: “Янги аср авлоди”, 2010. – 99-бет.
Норқулов Н. Бекович-Черкасский ҳарбий юриши // ЎзМЭ, 1-жилд, 684-бет.
Павленко Н.И. Пётр Великий. ― М.: Мысль, 1990. – С. 427-42.
Пушкин А.С. Собрание сочинений. — М., 1977. – Т. 8. – С. 264,289.
Тоиров М. Пётр биринчининг Хивада алами қолган… // “Маърифат гулшани”. — Наманган, 2010, 12-сон, 5-саҳифа.
Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. ― Тошкент: Шарқ, 2000.
Умид Бекмуҳаммад. Хоразмга талпинган Пушкин // “Хоразм тарихидан саҳифалар” китобида. ― Т.: “Янги аср авлоди”, 2009. – 29-55-бетлар.
Черкасский Б.М. О роде князей Черкасских // Генеалогия Северного Кавказа. — Нальчик: “Эль-Фа”, 2003. – C. 46-90.
Шерипов У. Русско–хивинские отношения при Пётре Великом // В сб.: Проблемы гуманитарных наук. -– Т. 3. ― М.: Спутник, 2007. ― С. 64-69.

Мадраҳим Маҳмудовнинг рус тилидаги мақолаларини сайтимизнинг рус тилидаги бўлими  саҳифаларда ўқишингиз мумкин:
Деятельность С.Д. Асфендиарова на посту Наркома здравоохранения Туркестанской республики
Сейитджапар Асфендиаров и его роль в исторических связях народов Туркестана, Бухары и Хорезма

033

(Tashriflar: umumiy 645, bugungi 1)

Izoh qoldiring