Abduvali Qutbiddin. She’rlar

007

Абдували Қутбиддин иқтидорли, нозиктаъб ва юксак дидли ижодкор. Унинг тўпламларига кирган шеърларида бир томондан янгича ифода ва оҳанглар намоён бўлса,иккинчи томондан миллий руҳ асосига қурилганлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг шеърларида дунё ўткинчи, ҳамма вақт ҳамма нарса ўтади-кетади, аммо поклик, муҳаббат, яхшилик, меҳр каби буюк туйғулар қолади, деган хулоса балқиб туради.

088
Абдували Қутбиддин
ШЕЪРЛАР
02

03   Иқтидорли, нозиктаъб ва юксак дидли шоир Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). Самарқанд вилояти газетасида хизмат қилган. 1985 йилдан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлайди. 1990 йилда «Ёзувчи» нашриёти ташкил бўлгач, аввал етакчи муҳаррир, сўнг бош муҳаррир бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик «Ўзтелерадио»компаниясида ишлади. Бугунги кунда «Халқ сўзи» газетасида фаолият юритмоқда.
Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007) ва бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган.

07

* * *

Тахайюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда тиз чўкиб, мўлтирар маъюс
Кийиклар.
Бошингда гулбаргак, қароғингда ой,
Севдим, дедим, сени, манглайи ялпиз.
Қўй, деди, этагинг тишлаб ётган той —
Она қиз бу,
Она қиз.
Қалдироқ бургутдай ерга ташланди,
Оёғимдан тортди. боғлади йўлга.
Йўл чопди,
Жуда кўп чопди,
Ташлади
Малаклар чўмилган кўлга.
Сев, сев. севв!
Тепамдан бақириб ўтди қалдироқ,
Устимдан қичқириб ўтди шамоллар.
Ёнимга келдилар гўзал яланғоч.
Сев мени, дегунча, соҳибжамоллар.
Кўзимга мил тортдим,
сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар…

ШЕЪРИЯТ БЎЛИМИ. 1987 ЙИЛ

Кираверишингизда, чап томонингизда илгич.
(Қишда пальтолар илинади.)
Ўнг тарафда диван. Ўтиришингиз мумкин.
(Хоҳласангиз ухланг.)
Диваннинг ёнида Муҳаммад Юсуф.
Тиришар: — Бунча шоир кўп.
Кетаман…
Сал нари Шавкат Раҳмон ўтирар қошларини чимириб.
Чойнакка қарайди, чойнак бўш.
— Эҳ, деҳқон бўлсайдим, дейди ичида.
Хўрсинар.
Шундоқ деразанинг ёнида ўзим — Абдували.
Оғзимда толқон.
Ўйлайман, елвизак урар бир куни…
Орқасида қаппайган шкаф,
Кўзларида жилва, лабларида ханда,
Маъруза ўқийди Минҳожиддин Ҳайдар
Қандайдир ғалати касаллик ҳақда.
Сал нарироқда Ҳалима Аҳмад
Қарсилатиб ёпар эшикни,
Негадир ўксинади…
Шоирлар келишади, кетишади,
Сўкинишади, кулишади, пичирлашади.
Ҳар қалай кетишади ташқарига.
Атиги ягона дераза мавжуд.
Ҳар замон пастга қарайди беш киши:
Кўринмайди бирор гул, асалари.
Ташқарида пачоғи чиқиб кетган фасллар.
Уларга тааллуқли бўлмаган ташқари…

* * *

Қишдан ўтиб олсак…
Лолалар юртига қараб кетармиз.
Қишдан ўтиб олсак…
Дунёдан
Гулу райҳон бўлиб ўтармиз.
Санувбар баҳорга етолсак агар
Ярамизга қўнар болари.
Етти аъзомиздан муаттар
Бўй чиқиб ётамиз кўкариб.
Наштарли кунларнинг азобин
Насиб этса агар унутармиз.
Гулу райҳон бўлиб бирга
Висол оғушида ётармиз.
Қишдан ўтиб олсак…

* * *

Бу кеча
Тонгнинг иси келган лабларингда
Лайлаклар фарёдин тингламоқ насиб.
Бу кеча
Хизр таёғи теккан
Осмоннинг парчаси бизларга нилий.
Бу кеча
Сўқир гадонинг кафтида
Ойдин саҳро топган бизлар бадавий.
Бу кеча
Ҳеч нарсани яширолмаймиз,
Бизни очиб ташлар ёввойи ҳилқат.
Бу кеча
Биздан сир олади малойикалар.
Бу кеча
Ўтлиғ томирларда кўпирган ором
Оҳиста чертади дил эшигини.
Тўлишган тўлиннинг сояси ваҳший,
Беркитар лайлаклар айтган қўшиқни.
Бу кеча
Қўлларим одамхўр ботқоқдай бераҳим.
Бу кеча
Сен ботиб кетмаган гўзал нилуфар…

ТАСАВВУР ЛАҲЗАЛАРИ

* * *

Руҳ сичқон ила ҳамтанлик қилса…
Руҳ ҳамсафар бўлса илон-ла…
Сичқон ер остидаги шафаққача борарди…
Илон кўк тоқидаги инсонларга етказарди хабар…

* * *

Аввал косибга учра дилингни чегаласин…
Аввал кулолга бор янги бир кўза берсин…
Аввал темир ковуш топ…
Аввал пўлат кўйлак кий…
Кейин…
Тошга ёлвор бошингни тош қилсин…
Дастурхонга ёлвор еганинг ош қилсин…
Кейин…
Жўна Чархпалакчининг олдига…
Бахтингни очиб берсин…
Очиб берса…
Аввал…
Аввал…
Авввал…

* * *

Қабристон…
Бобом қабри…
Салом, сукутга чўмганлар…
Сув пуфаклар ёрилаётган булоқ…
Иллатлардан ҳоли балиқлар…
Вақт эккан чинор…
Бобом тинчмикин…

* * *

Ўсимликлар дунёси…
Ҳайвонот дунёси…
Бани одам дунёси…
Учта дўнг…
Уч талотўм…
Уч латофат…
Уч қойим қиёмат…
Уч ғариб мозорат…

* * *

Самандарлар яшаган Аланга салтанати…
Шаршараларда туғилган фаришталар…
Имконсиз муродлар…
Чивинхаробда чақчайма палидлар…
Балчиққа катак қурган маҳлуқ аёллар…
Имконли хоҳишлар…
Имкондан кўпайган манфурлик…
Манфурликдан кўпайган…

* * *

Мен эскирдим,
шалтоғим чиққан,
Шаҳдим учган, қабоғим сўлган,
Бир зўр йигит ичимда ўлган…
Кулбамга ҳам сиғаман зўрға,
Хира тортдим,
Қулоғим оғир.
Ҳар кечқурун ютади тўрва,
Ҳар кундузи сўдрайди тақдир.
Ўйланмасдан қолганман. Бошим
Ғувуллайди.
Тўғриси бўм-бўш.
Гоҳи-гоҳи индамай титрар,
Тумшуқчаси синиб кетган қуш.
Мен эскирдим,
Шалтоғим чиққан.
Фойдам тегмас. Мум қотган энсам.
Кетай десам, товонда қурб йўқ,
Овозим йўқ бақирай десам.

БАХТЛИ ЙИЛ

Лайлатулқадрлар ерга қўнгайдир,
Ҳар қарич тупроқда анқо унгайдир,
Ҳар лаҳза кўриниб шамол янграйдир,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Тангри бор бўлса жамолин очар,
Қуёш абадият нурларин сочар,
Фано тугунланган сеҳрини очар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Еру осмон аро ойна қопланар,
Ёмғирлар ўрнига ёғар шароблар,
Бани одам балким қўрқмай шодланар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Мендек аҳли ҳоллар тўпланиб йиғлар,
Сандувоч бағрида ўртаниб йиғлар,
Ўртада ўлимлар тебраниб йиғлар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил…

ҒАЙРИЙ ДАРАХТ

Наҳр соҳилида дарахт кўрингай,
Япроғи чиғалай,
Илдизи балиқ.
Ғадир-будирида тўфон кўрингай,
Чайир шохларига илинган қайиқ.
Шу қайиқ ичида севги ўтиргай,
Тиззасида довул,
Бўйнида илон.
Суяклар беранг қаҳр кўрингай,
Кўрингай булбулга ўхшаган қоплон.
Наҳр соҳилида
Ғайрий дарахтга
Интилган тошқиннинг бариси қоя.
Дарахт атрофида юрак кўрингай,
Кўрингай одамлар қолдирган соя…

* * *

Алҳол термуламан узоқ-узоққа,
Саломлар йўллайман йўқлаб хайрлар.
Салом, кеча!
Салом, кундуз!
Тўқайлар шоғолдай йиғлаган чоғи,
Ўлакса қидириб юрганда ҳасрат.
Чаёнлар ерида мангу фидойи.
Бола туғиб ўстирганда муҳаббат.
Боғчаларнинг дарчасидан ярим тун,
Тўлқинланиб оқиб кетса бўйлар ҳам.
Ачиб кетган тўзонларнинг бўёғи
Сачраётган чоғи туманлар билан.
Салом, туман,
Ажриқ босган дала каби суюкли.
Салом, чанглар,
Ачиб кетган тутун янглиғ куюкли.
Салом, тўқай!
Салом, ҳасрат!
Салом…
Жавоб йўқлаб термуламан узоққа,
Тўқайларда шоғоллар сақлар сукут.
Ялтираган шабнамлардан тўкилар
Самандарлар даласидан қолган ўт.
Салом!
Дарёлар тўкади сувин бетоқат,
Аёзлар ташлайди совуқ ўтинни.
Илонлар ичида ухлар саодат,
Кийиб типратикан ечган пўстинни…
Салом, бахт!..

ҚАСИДА

Эй, ҳазратим Сулаймон,
Мушкулимни қил осон,
Найсоннинг лой-гилидан
Пайдо қилиб бер жаҳон
Ки унда пари пайкар,
Берсин жаннатдан хабар.
Ўтган девоналардин
Олиб келсин муждалар.

Эй, ҳазратим Сулаймон,
Дардима топгил дармон.
Чумолининг тилидан,
Дилидан бергин макон.
Олиб бир дона буғдой,
Тайин этгил ризқу жой.
Ўртасидан кесгилу
Тақдим этгил янги ой.

Қумри сайла гулруҳим,
Равза айла шукуҳим.
Сайроғимдан сайрона,
Қўшиқ тўқий ғайрона:
Абдувалиман, ҳай-ҳай,
Лақа-там-там, лай-лай.
Абдувалиман, ҳай-ҳай,
Лақа-там-там, лай-лай.

БАҲОУДДИН НАҚШБАНДГА АРЗ
1333 йил. Шаввол. 19.

Манглайим хилватда очмади дарвоза,
Сиримдан ит чиқмас, доимо овоза.

Кўзим ҳарф бўлиб тушмади қоғозга,
Шайлансам, қурбим йўқ, энг баланд парвозга,

Хожаму ҳазратим Балогардоним.
Балодан иборат бўлди жаҳоним.

Кибрим кўп, Аъжуздай соямга шерик,
Нафсим қафас солган, тўплаган черик.

Қандоқ касофатдир бўғзимда кўпик,
У ёғимда хўтик, бу ёғимда хўтик.

Хожаму ҳазратим Балогардоним,
Балодан иборат бўлди жаҳоним.

Тўтиқуш хирманин тўфонга қўшадир,
Туфроқнинг остини осмонга қўшадир.

Мозорнинг устини бозорга қўшадир,
Андоқким зорники зор-зорга қўшадир.

Чироғим пиликсиз, ҳазрати эшоним,
Анда йўқ жаҳоним, бунда йўқ жаҳоним.

Ойнаки доғида юзим бор — хирадир,
Пачоғлаб, эзғилаб оёқлар кирадир.

Кафтимни паполаб турганим — мўридир,
Пуфласам тутайди, чинқираб турадир.

Ҳазратим, эшоним, қандоғ бу тасвирдир,
Ўгрилсам — бўридир, қайрилсам — бўридир.

Қочайму қочмайму, билмадим, донг қотдим,
Кечанинг кафтига адашиб тонг ботди.

Қаҳримни сандиққа солдиму ирғитдим,
Бир коса сув ичдим, юракда қон қотди.

Қонимда ҳавас кўп, ҳазрати эшоним,
Чапда йўқ уммоним, ўнгда йўқ уммоним.

Тизларим шалвирар. қўлларим шалвирар,
Манглайим тешгали ўқланар ғалвирлар.

Бунчалар сиз мени севасиз чилвирларим,
Ёлғондан чарчадим, Найрангдан чарчадим,

Дилимнинг тождори — ҳазрати эшоним,
Балодан иборат бўлди жаҳоним.

Қўрқмасмен, кўп кўрдим шармсор дунёни,
Кўрмадим оққувчи, ёққувчи зиёни.

Умр-ку шаъмадир, ярмиси таъмадир,
Шаъмадан қутултир, таъмадан қутултир,

Пиримнинг пирлари ҳазрати Кулолим,
Бир лаҳза, бир лаҳза порлатинг хаёлим.

Чароғон очунда тиззамни қучоқлаб,
Мастона тебраниб қарайин ўчоққа.

Ёнғинлар бошимда дуолар ўқисин,
Ҳазратим, бир суф денг, балолар йўқ бўлсин,

Биз сизсиз эшоним, бир сиз эшоним,
Балодан иборат бўлди жаҳоним…

05

Abduvali Qutbiddin
SHE’RLAR
02

07Abduvali Qutbiddin iqtidorli, nozikta’b va yuksak didli ijodkor. Uning to’plamlariga kirgan she’rlarida bir tomondan yangicha ifoda va ohanglar namoyon bo’lsa,ikkinchi tomondan milliy ruh asosiga qurilganligi bilan ajralib turadi. Shoirning she’rlarida dunyo o’tkinchi, hamma vaqt hamma narsa o’tadi-ketadi, ammo poklik, muhabbat, yaxshilik, mehr kabi buyuk tuyg’ular qoladi, degan xulosa balqib turadi.   Shoir Abduvali Qutbiddin 1960 yil 20 iyunda tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1983). Samarqand viloyati gazetasida xizmat qilgan. 1985 yildan G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida muharrir bo’lib ishlaydi. 1990 yilda «Yozuvchi» nashriyoti tashkil bo’lgach, avval yetakchi muharrir, so’ng bosh muharrir bo’lib xizmat qiladi. Keyinchalik «O’zteleradio»kompaniyasida ishladi. Bugungi kunda «Xalq so’zi» gazetasida faoliyat yuritmoqda. Dastlabki she’riy to’plami — «Nayson» (1988). Shundan so’ng shoirning «Humo» (1989), «Baxtli yil» (1991), «Xayol kechasi» (1994), «Sen va sen uchun» (1996), «Uzoqdan olisga» (2007) va bir necha she’riy to’plamlari nashr etilgan.

07

* * *

Taxayyul tunida seni esladim,
Kaftingda baxt qushi, yelkangda kaftar.
Poyingda tiz cho’kib, mo’ltirar ma’yus
Kiyiklar.
Boshingda gulbargak, qarog’ingda oy,
Sevdim, dedim, seni, manglayi yalpiz.
Qo’y, dedi, etaging tishlab yotgan toy —
Ona qiz bu,
Ona qiz.
Qaldiroq burgutday yerga tashlandi,
Oyog’imdan tortdi. bog’ladi yo’lga.
Yo’l chopdi,
Juda ko’p chopdi,
Tashladi
Malaklar cho’milgan ko’lga.
Sev, sev. sevv!
Tepamdan baqirib o’tdi qaldiroq,
Ustimdan qichqirib o’tdi shamollar.
Yonimga keldilar go’zal yalang’och.
Sev meni, deguncha, sohibjamollar.
Ko’zimga mil tortdim,
seni esladim,
Kaftingda baxt qushi, yelkangda kaftar.
Osmon markaziga botayotirsan,
Osmon markaziga botar
Kiyiklar…

SHE’RIYAT BO’LIMI. 1987 YIL

Kiraverishingizda, chap tomoningizda ilgich.
(Qishda pal`tolar ilinadi.)
O’ng tarafda divan. O’tirishingiz mumkin.
(Xohlasangiz uxlang.)
Divanning yonida Muhammad Yusuf.
Tirishar: — Buncha shoir ko’p.
Ketaman…
Sal nari Shavkat Rahmon o’tirar qoshlarini chimirib.
Choynakka qaraydi, choynak bo’sh.
— Eh, dehqon bo’lsaydim, deydi ichida.
Xo’rsinar.
Shundoq derazaning yonida o’zim — Abduvali.
Og’zimda tolqon.
O’ylayman, yelvizak urar bir kuni…
Orqasida qappaygan shkaf,
Ko’zlarida jilva, lablarida xanda,
Ma’ruza o’qiydi Minhojiddin Haydar
Qandaydir g’alati kasallik haqda.
Sal nariroqda Halima Ahmad
Qarsilatib yopar eshikni,
Negadir o’ksinadi…
Shoirlar kelishadi, ketishadi,
So’kinishadi, kulishadi, pichirlashadi.
Har qalay ketishadi tashqariga.
Atigi yagona deraza mavjud.
Har zamon pastga qaraydi besh kishi:
Ko’rinmaydi biror gul, asalari.
Tashqarida pachog’i chiqib ketgan fasllar.
Ularga taalluqli bo’lmagan tashqari…

* * *

Qishdan o’tib olsak…
Lolalar yurtiga qarab ketarmiz.
Qishdan o’tib olsak…
Dunyodan
Gulu rayhon bo’lib o’tarmiz.
Sanuvbar bahorga yetolsak agar
Yaramizga qo’nar bolari.
Yetti a’zomizdan muattar
Bo’y chiqib yotamiz ko’karib.
Nashtarli kunlarning azobin
Nasib etsa agar unutarmiz.
Gulu rayhon bo’lib birga
Visol og’ushida yotarmiz.
Qishdan o’tib olsak…

* * *

Bu kecha
Tongning isi kelgan lablaringda
Laylaklar faryodin tinglamoq nasib.
Bu kecha
Xizr tayog’i tekkan
Osmonning parchasi bizlarga niliy.
Bu kecha
So’qir gadoning kaftida
Oydin sahro topgan bizlar badaviy.
Bu kecha
Hech narsani yashirolmaymiz,
Bizni ochib tashlar yovvoyi hilqat.
Bu kecha
Bizdan sir oladi maloyikalar.
Bu kecha
O’tlig’ tomirlarda ko’pirgan orom
Ohista chertadi dil eshigini.
To’lishgan to’linning soyasi vahshiy,
Berkitar laylaklar aytgan qo’shiqni.
Bu kecha
Qo’llarim odamxo’r botqoqday berahim.
Bu kecha
Sen botib ketmagan go’zal nilufar…

TASAVVUR LAHZALARI

* * *

Ruh sichqon ila hamtanlik qilsa…
Ruh hamsafar bo’lsa ilon-la…
Sichqon yer ostidagi shafaqqacha borardi…
Ilon ko’k toqidagi insonlarga yetkazardi xabar…

* * *

Avval kosibga uchra dilingni chegalasin…
Avval kulolga bor yangi bir ko’za bersin…
Avval temir kovush top…
Avval po’lat ko’ylak kiy…
Keyin…
Toshga yolvor boshingni tosh qilsin…
Dasturxonga yolvor yeganing osh qilsin…
Keyin…
Jo’na Charxpalakchining oldiga…
Baxtingni ochib bersin…
Ochib bersa…
Avval…
Avval…
Avvval…

* * *

Qabriston…
Bobom qabri…
Salom, sukutga cho’mganlar…
Suv pufaklar yorilayotgan buloq…
Illatlardan holi baliqlar…
Vaqt ekkan chinor…
Bobom tinchmikin…

* * *

O’simliklar dunyosi…
Hayvonot dunyosi…
Bani odam dunyosi…
Uchta do’ng…
Uch taloto’m…
Uch latofat…
Uch qoyim qiyomat…
Uch g’arib mozorat…

* * *

Samandarlar yashagan Alanga saltanati…
Sharsharalarda tug’ilgan farishtalar…
Imkonsiz murodlar…
Chivinxarobda chaqchayma palidlar…
Balchiqqa katak qurgan mahluq ayollar…
Imkonli xohishlar…
Imkondan ko’paygan manfurlik…
Manfurlikdan ko’paygan…

* * *

Men eskirdim,
shaltog’im chiqqan,
Shahdim uchgan, qabog’im so’lgan,
Bir zo’r yigit ichimda o’lgan…
Kulbamga ham sig’aman zo’rg’a,
Xira tortdim,
Qulog’im og’ir.
Har kechqurun yutadi to’rva,
Har kunduzi so’draydi taqdir.
O’ylanmasdan qolganman. Boshim
G’uvullaydi.
To’g’risi bo’m-bo’sh.
Gohi-gohi indamay titrar,
Tumshuqchasi sinib ketgan qush.
Men eskirdim,
Shaltog’im chiqqan.
Foydam tegmas. Mum qotgan ensam.
Ketay desam, tovonda qurb yo’q,
Ovozim yo’q baqiray desam.

BAXTLI YIL

Laylatulqadrlar yerga qo’ngaydir,
Har qarich tuproqda anqo ungaydir,
Har lahza ko’rinib shamol yangraydir,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Tangri bor bo’lsa jamolin ochar,
Quyosh abadiyat nurlarin sochar,
Fano tugunlangan sehrini ochar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Yeru osmon aro oyna qoplanar,
Yomg’irlar o’rniga yog’ar sharoblar,
Bani odam balkim qo’rqmay shodlanar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Mendek ahli hollar to’planib yig’lar,
Sanduvoch bag’rida o’rtanib yig’lar,
O’rtada o’limlar tebranib yig’lar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil…

G’AYRIY DARAXT

Nahr sohilida daraxt ko’ringay,
Yaprog’i chig’alay,
Ildizi baliq.
G’adir-budirida to’fon ko’ringay,
Chayir shoxlariga ilingan qayiq.
Shu qayiq ichida sevgi o’tirgay,
Tizzasida dovul,
Bo’ynida ilon.
Suyaklar berang qahr ko’ringay,
Ko’ringay bulbulga o’xshagan qoplon.
Nahr sohilida
G’ayriy daraxtga
Intilgan toshqinning barisi qoya.
Daraxt atrofida yurak ko’ringay,
Ko’ringay odamlar qoldirgan soya…

* * *

Alhol termulaman uzoq-uzoqqa,
Salomlar yo’llayman yo’qlab xayrlar.
Salom, kecha!
Salom, kunduz!
To’qaylar shog’olday yig’lagan chog’i,
O’laksa qidirib yurganda hasrat.
Chayonlar yerida mangu fidoyi.
Bola tug’ib o’stirganda muhabbat.
Bog’chalarning darchasidan yarim tun,
To’lqinlanib oqib ketsa bo’ylar ham.
Achib ketgan to’zonlarning bo’yog’i
Sachrayotgan chog’i tumanlar bilan.
Salom, tuman,
Ajriq bosgan dala kabi suyukli.
Salom, changlar,
Achib ketgan tutun yanglig’ kuyukli.
Salom, to’qay!
Salom, hasrat!
Salom…
Javob yo’qlab termulaman uzoqqa,
To’qaylarda shog’ollar saqlar sukut.
Yaltiragan shabnamlardan to’kilar
Samandarlar dalasidan qolgan o’t.
Salom!
Daryolar to’kadi suvin betoqat,
Ayozlar tashlaydi sovuq o’tinni.
Ilonlar ichida uxlar saodat,
Kiyib tipratikan yechgan po’stinni…
Salom, baxt!..

QASIDA

Ey, hazratim Sulaymon,
Mushkulimni qil oson,
Naysonning loy-gilidan
Paydo qilib ber jahon
Ki unda pari paykar,
Bersin jannatdan xabar.
O’tgan devonalardin
Olib kelsin mujdalar.

Ey, hazratim Sulaymon,
Dardima topgil darmon.
Chumolining tilidan,
Dilidan bergin makon.
Olib bir dona bug’doy,
Tayin etgil rizqu joy.
O’rtasidan kesgilu
Taqdim etgil yangi oy.

Qumri sayla gulruhim,
Ravza ayla shukuhim.
Sayrog’imdan sayrona,
Qo’shiq to’qiy g’ayrona:
Abduvaliman, hay-hay,
Laqa-tam-tam, lay-lay.
Abduvaliman, hay-hay,
Laqa-tam-tam, lay-lay.

BAHOUDDIN NAQSHBANDGA ARZ
1333 yil. Shavvol. 19.

Manglayim xilvatda ochmadi darvoza,
Sirimdan it chiqmas, doimo ovoza.

Ko’zim harf bo’lib tushmadi qog’ozga,
Shaylansam, qurbim yo’q, eng baland parvozga,

Xojamu hazratim Balogardonim.
Balodan iborat bo’ldi jahonim.

Kibrim ko’p, A’juzday soyamga sherik,
Nafsim qafas solgan, to’plagan cherik.

Qandoq kasofatdir bo’g’zimda ko’pik,
U yog’imda xo’tik, bu yog’imda xo’tik.

Xojamu hazratim Balogardonim,
Balodan iborat bo’ldi jahonim.

To’tiqush xirmanin to’fonga qo’shadir,
Tufroqning ostini osmonga qo’shadir.

Mozorning ustini bozorga qo’shadir,
Andoqkim zorniki zor-zorga qo’shadir.

Chirog’im piliksiz, hazrati eshonim,
Anda yo’q jahonim, bunda yo’q jahonim.

Oynaki dog’ida yuzim bor — xiradir,
Pachog’lab, ezg’ilab oyoqlar kiradir.

Kaftimni papolab turganim — mo’ridir,
Puflasam tutaydi, chinqirab turadir.

Hazratim, eshonim, qandog’ bu tasvirdir,
O’grilsam — bo’ridir, qayrilsam — bo’ridir.

Qochaymu qochmaymu, bilmadim, dong qotdim,
Kechaning kaftiga adashib tong botdi.

Qahrimni sandiqqa soldimu irg’itdim,
Bir kosa suv ichdim, yurakda qon qotdi.

Qonimda havas ko’p, hazrati eshonim,
Chapda yo’q ummonim, o’ngda yo’q ummonim.

Tizlarim shalvirar. qo’llarim shalvirar,
Manglayim teshgali o’qlanar g’alvirlar.

Bunchalar siz meni sevasiz chilvirlarim,
Yolg’ondan charchadim, Nayrangdan charchadim,

Dilimning tojdori — hazrati eshonim,
Balodan iborat bo’ldi jahonim.

Qo’rqmasmen, ko’p ko’rdim sharmsor dunyoni,
Ko’rmadim oqquvchi, yoqquvchi ziyoni.

Umr-ku sha’madir, yarmisi ta’madir,
Sha’madan qutultir, ta’madan qutultir,

Pirimning pirlari hazrati Kulolim,
Bir lahza, bir lahza porlating xayolim.

Charog’on ochunda tizzamni quchoqlab,
Mastona tebranib qarayin o’choqqa.

Yong’inlar boshimda duolar o’qisin,
Hazratim, bir suf deng, balolar yo’q bo’lsin,

Biz sizsiz eshonim, bir siz eshonim,
Balodan iborat bo’ldi jahonim…

05

(Tashriflar: umumiy 4 941, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring