Zulfiya. She’rlar & Qutlibeka. Sakson yil lovullab so’nmagan o’t

Ashampoo_Snap_2017.03.04_19h09m45s_005_a.pngЎзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги олдидан

   Дунёда ҳеч нарса мангу эмас. Даврлар ўтади, кўп нарса унутилади, ҳатто, ўз даврида яхшигина вазифа бажарган асарлар ҳам қачондир оҳорини йўқотиши мумкин. Лекин халқ, миллат оғриғига, қувончига дахлдор асарлар халқ ва миллат билан бирга яшаб қолади. Устоз Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достони ана шундай ўлмас асарлардан бири сифатида халқимиз, келажак авлодлар учун ҳам қадрлидир.

07Қутлибека Раҳимбоева
САКСОН ЙИЛ ЛОВУЛЛАБ СЎНМАГАН ЎТ…
05

Қутлибека Раҳимбоева 1952 йили Тошҳовуз шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Фаргона педагогика институти- нинг филология факультетини тамомлаган. «Узун кундузлар», «Уйгониш фасли», «Озод- лик», «Кўксимдаги Тангритоғ» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Л. Украинка, М. Қветаева каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

05

Жаннатмакон устозимиз Зулфияхоним, том маънода, улкан шахс эди. Биз- шогирдлари учун ҳеч қачон одатий, оддий одамга айланиб қолмасдилар. Ҳар сафар ҳузурларига борганимизда (гарчанд баъзан ҳар кун дийдорлашиш насиб этса-да) худди имтиҳонга, синовга бораётгандек ҳаяжон билан борардик. Чимкент кўчасидаги хонадонларига борганимизда (кўпинча дугонам Муҳтарама билан борардик) учинчи қаватга кўтарилгач, эшиклари олдида бирпас туриб, бир-биримизга:
— Тўхтанг, қўнғироқни босмай туринг, сал ҳаяжонимизни босиб олайлик, — деган пайтларимиз бўларди.

Ҳолбуки, Зулфия опам билан суҳбатлашиш жуда мароқли эди. Шахсан мен опанинг суҳбатларидан сўнг ижодга иштиёқ билан чиқардим. Чунки у киши баъзи аёллар даврасига хос майда гаплардан гапирмас, адабиёт майдонида нима гаплар, ёшлар нима ёзяпти — шу мавзулар атрофидаги гап-сўзларга қизиқар эдилар.

Бир гал айнан ёшлар шеърияти ҳақида гап кетганда Хуршид Давроннинг янги китоблари, Гуландом Тоғаеванинг “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган туркуми ҳақида илиқ фикрлар айтгандилар.

— Ижодкорларнинг тасаввурлари кенг бўлади. Лекин бу қизнинг шеърлари бизнинг тасаввур доирамиздан ҳам чиқиб кетганга ўхшайди. Охиригача ҳамма маъносини англаб етолмайсан-у, англаганинг ўзингга ёқади, — деган эдилар Гуландомни ўқиганда.

Устоз ҳамиша яхши ижодкорлар ҳақида меҳр ва ҳавас билан гапирардилар. Бундай дейишимга сабаб бор. 80-йиллар арафаси эди, адашмасам. Арман шоираси Сильва Капутикянқнинг Москвада бир неча томдан иборат сайланмалари чоп этилган эди. Шоиранинг ўзлари (улар қадрдон эдилар) Зулфияхонимга ўша китобларни юборган эканлар. Опа уларни варақлаб ўтириб:
— Қаранг, қанақа чиройли китоблар бўлибди. Фақат шеърият, ижод дарду қувончи билан яшаганда, бунақа ҳаёт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди, — деган эдилар. Опанинг бу сўзларида даврдош шоира ижодига эҳтиром билан бирга ҳар доим ҳам шеърият дарду қувончи билан яшай олмаган онлари учун армон ҳам бор эди, албатта.

07Зулфия опа, одатда, саҳар туриб, бир финжон қаҳва ичиб ижод столига ўтирардилар. Бирор шеърни кўнгилдагидек якунласалар, ўқиб берардилар. Опанинг шеър ўқиган онларини жуда яхши кўрардим. Кўзлари чарақлаб кетарди.

Мен опанинг ижодий жараёнларига, айниқса, ижодларининг гултожи бўлган “Хотирам синиқлари” достонининг ёзилиш тарихига гувоҳ бўлганимдан ниҳоятда фахрланиб юраман.

Устоз таваллудининг 80 йиллик тантаналарига тайёргарлик бошланган кунлар эди. Газета, журналлар материаллар сўрашар, опа ҳар куни хазинасини варақларди.

Галдаги шундай жараёнларнинг бирида:
— Қизимжон, (опа мени кўпинча шундай чақирардилар) давр янгиланди. Бутунлай бошқача руҳдаги замон келяпти. Мен ҳам бошқача бир нарса ёзишга бурчлиман, — дедилар. (Эҳтимол, устоз айнан шундай демагандирлар, лекин суҳбатимиз шундай мавзуда бошлангани аниқ).

— Бир нарсам бор-у, лекин сочилиб ётибди, йиға олмаяпман. Ҳар гал қўлимга олганда юрагим тугатиб ташлайдиганга ўхшайди-ю, бошим чарчаб қолади, — дедилар.
— Қани ўша ёзганларингиз? — дедим.

Опа оддий иш дафтарига эски ёзувда (устоз одатда қораламаларини шу ёзувда ёзиб, сўнг кирилчага кўчирардилар, “Менга шуниси қулай”, дердилар) ёзилган қораламаларини ўқий бошладилар. Охиригача “қилт” этмай ўтириб эшитдим.

— Ахир, бу бир нарса эмас-ку, Зулфия опа, бу зўр достон бўлади, — дедим. — Фақат бандларни жой-жойига қўйиб чиқиш керак.

Шоир ёзганларининг баҳосини яхши билади, лекин кимдир фикрдош бўлса, барибир бошқача кайфиятда бўпади. Ҳатто, ўша кимдир мендай ҳаваскор шогирд бўлса-да…

— Сен шундай ўйлаяпсанми? — дедилар. Овозлари бошқача жаранглаб, кўзлари бошқача чақнади.
— Албатта! Сиз айтиб туринг, мен кирилчада ёзаман, — дедим.
Устоз диванга бемалол ўтириб олиб қораламаларини ўқий бошладилар. Кўчириб бўлгач, мен баланд овозда ҳаяжон билан ўқиб бердим. Опа:
— Эшитганда аниқ билинар зкан, мана бу бандни олдинга олиш керак, бунисини орқага, — дея баъзи бандларнинг ўрнини алмаштирдилар.

— Мен эртага саҳар туриб яна бир қараб чиқаман, кейин яна бир ўқиймиз, — дедилар…

Эрталаб ишга кетаётиб, Чимкент кўчасидаги уйларига кирдим. Устоз ҳорғин, лекин жуда бахтиёр эдилар. Кеча ўқиган достонга бир неча бандпар қўшилган эди. Жумладан, биринчи ўқиганимизда мана бу бандлар йўқ эди. Бу бетакрор сатрлар бугунги саҳарнинг — истиқлол саҳарининг берган имкони туфайли дунёга келган эди.

Ҳуррият, келдингми — наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона куйдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек —
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.

…Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай,
Қалқди, юрагим, чида, бер бардош,
Қарагин титроқда — ҳаммаси жонли,
Қара, ҳаммасининг юзи қонталаш…

Мен бор овозим билан ҳаяжондан титраб, кўзимда ёш билан достонни ўқир эканман, устознинг йиллар давомида хотираларига чўкиб ётган, замон тўлқинларида қалқиб чиққан армонларининг сувратини кўрардим.

…Ака, жоним акам — жондошим акам,
Олтмиш йил изимга қайтиб, йиғлайин.
Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни
“Оҳ”ларим эритар — айтиб йиғлайин.

каби сатрларни такрор ва такрор ўқирдим. Анча пайт достон таъсирида ўтирдим.

— Бу достонни нима деб атаймиз энди? — дедилар ва ўзлари:
— Хотирам парчалари… — дедилар. Индамай қараб тургандим:
— Йўқ. Хотирам синиқлари… — дедилар…

Сарлавҳадаги “синиқ” сўзида жароҳат ҳам бор, сўз жуда жойига тушган эди.

“Хотирам синиқлари” кўп ўтмай матбуотда чоп этилди. Достон самимияти, инсоний дарднинг чин инъикоси сифатида адабий жамоатчилик, шеърият мухлислари томонидан жуда илиқ қарши олинди. Ва бу асар истиқлол туфайли ҳайрати, жасорати яна бир бош баландлаган Зулфияхонимнинг гўзал имкониятларини намоён этди. Устознинг таваллуд кунлари пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида нишонланди.

Опа тантана якунида миннатдорчилик сўзларини шеърга уладилар.
Шеърдаги:

Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман…
…Бахтим шул, ўзбекнинг Зулфиясиман…

сатрлари у киши ҳаётлигида ҳам, кейин ҳам қанча чиройли давраларга бош сўз бўлди.

Дунёда ҳеч нарса мангу эмас. Даврлар ўтади, кўп нарса унутилади, ҳатто, ўз даврида яхшигина вазифа бажарган асарлар ҳам қачондир оҳорини йўқотиши мумкин. Лекин халқ, миллат оғриғига, қувончига дахлдор асарлар халқ ва миллат билан бирга яшаб қолади. Устоз Зулфияхонимнинг “Хотирам синиқлари” достони ана шундай ўлмас асарлардан бири сифатида халқимиз, келажак авлодлар учун ҳам қадрлидир.

ЗУЛФИЯ
МАЙИН ҚЎШИҚ ЁЙИЛАР ҲАР ЁН
05

МЕН ЎТГАН УМРГА АЧИНМАЙ ҚЎЙДИМ…

Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб,
Суйиш керак бўлса — телбача суйдим.

Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоҳ.

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима — билдим.
Шу-да бир яшаш!..

СЕН ҚАЙДАСАН,ЮРАГИМ
02
Қалб бўлганда йироқда
Ирода экан ожиз.
Дўстлар ҳам кўп атрофда,
Аммо мен якка-ёлғиз…

Бирдан қалбим кексариб,
Қон ҳам қочди юзимдан.
Сен, сирдошни ахтариб,
Хаёл кетар изингдан.

Қайга кетдинг, юрагим,
Битди бардош ва тоқат.
Суҳбатингдир тилагим,
Тилда ҳасратим қат-қат.

Кўпдир айтажак сўзим,
Ўгитларингга зормен,
Йиғлайсан деб дўстларим
Таъна қилар. Нетай мен?

Совуш бермайди менга
Ёқиб кетганинг олов.
Нетай, етмайман сенга,
Ўртага ташланган ғов.

Ишққа маскан юрагим,
Топиб бер деб қистайди.
Нима қилай, бераҳм
Руҳим сени истайди.

ТУН

Тог ортига ўтиб кетди кун,
Сокин чўкди тоза, салқин тун…

Мен дераза очганим чорбоғ
Сокин ухлар тун кўрпасида.
Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён,
Эсиб ўтган ел шарпасида.

Сув оқади аллалаб тунни,
Ҳамма ухлар, уйда мен уйғоқ,
Парча қоғоз, кичик бир қалам
Бошим узра порлайди чироқ.

Тунда қанча хаёл, қанча куй,
Мен берилиб қулоқ соламан.
Сўз тополмай ифодасига,
Ранг ахтариб шошиб қоламан.

Соф ел эсар… Парвона учар,
Чироқ атрофида ўргилиб,
Ўзин уриб парт бўлади-ю,
Столимга тушади келиб.

Мен ёзаман, юлдузлар ўтар,
Ҳар бириси сўйлар бир эртак.
Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар,
Ёрқин тонгдан келтириб дарак.

Тун ўтади, яна чорбоғдан
Кўтарилар саҳарги туман.
Мен-чи, аста чироқ сўндириб,
Отаётган тонгни кутаман.

Кўзларимда эриб кетди тун,
Ёйилмоқда ёрқин жувон кун…

КЎРГАНМИДИНГ КЎЗЛАРИМДА ЁШ

Соғинганда излаб бир нишон,
Қабринг томон олар эдим йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.

Келдим. Узоқ қолдим мен сокин,
Сенинг азиз бошингда ёлғиз,
Осмон тиниқ эди ва локин,
Парча булут етиб келди тез.

Кўкда менинг бошимда туриб,
Гўё юрагимда қалқди у.
Кўзимдаги ёшимни кўриб
У ҳам тўкди ёшини дув-дув.

Биз йиғладик тепангда шу кун,
Келдингми деб кўтармадинг бош.
Айт-чи, сен-ла бахтиёр онлар
Кўрганмидинг кўзларимда ёш?

НЕ БАЛОГА ЭТДИНГ МУБТАЛО

Ўтди ойлар ғам билан оқиб,
Дил топмади зарра тасалло.
Фироқингда қолдим тутоқиб,
Не балога этдинг мубтало!

Кўз очгани қўймайди алам,
Бошим қўйсам куйдирар болиш.
Юпатолмас китоб ва қалам,
Мисраларим кўтарар нолиш.

Наҳот шунча маъсум, шунча пок
Севишмоқда алам бор шунча?
Бардош бермас ирода, идрок,
Тамоман лол ақл, тушунча.

Тоғдай бор деб билган юрагим
Қуш бошича қолмади чоғи?
Ғамни енгарман деган сарим
Яна ортар алами, доғи.

Эриб кетмагандим севгингдан,
Бўлмаслик-чун бахтингдан жудо,
Бирга қолиш учун сен билан
Куяман-у бўлмайман адо.

Манба: «Ёшлик» журнали, 11/2014

06.jpg Qutlibeka Rahimboeva
SAKSON YIL LOVULLAB SO’NMAGAN O’T…
05

Qutlibeka Rahimboeva 1952 yili Toshhovuz shahrida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi. Fargona pedagogika instituti- ning filologiya fakul`tetini tamomlagan. «Uzun kunduzlar», «Uygonish fasli», «Ozod- lik», «Ko’ksimdagi Tangritog’» kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. L. Ukrainka, M. Qvetaeva kabi shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

05

Jannatmakon ustozimiz Zulfiyaxonim, tom ma’noda, ulkan shaxs edi. Biz- shogirdlari uchun hech qachon odatiy, oddiy odamga aylanib qolmasdilar. Har safar huzurlariga borganimizda (garchand ba’zan har kun diydorlashish nasib etsa-da) xuddi imtihonga, sinovga borayotgandek hayajon bilan borardik. Chimkent ko’chasidagi xonadonlariga borganimizda (ko’pincha dugonam Muhtarama bilan borardik) uchinchi qavatga ko’tarilgach, eshiklari oldida birpas turib, bir-birimizga:
— To’xtang, qo’ng’iroqni bosmay turing, sal hayajonimizni bosib olaylik, — degan paytlarimiz bo’lardi.

Holbuki, Zulfiya opam bilan suhbatlashish juda maroqli edi. Shaxsan men opaning suhbatlaridan so’ng ijodga ishtiyoq bilan chiqardim. Chunki u kishi ba’zi ayollar davrasiga xos mayda gaplardan gapirmas, adabiyot maydonida nima gaplar, yoshlar nima yozyapti — shu mavzular atrofidagi gap-so’zlarga qiziqar edilar.

Bir gal aynan yoshlar she’riyati haqida gap ketganda Xurshid Davronning yangi kitoblari, Gulandom Tog’aevaning “Sharq yulduzi” jurnalida chop etilgan turkumi haqida iliq fikrlar aytgandilar.

— Ijodkorlarning tasavvurlari keng bo’ladi. Lekin bu qizning she’rlari bizning tasavvur doiramizdan ham chiqib ketganga o’xshaydi. Oxirigacha hamma ma’nosini anglab yetolmaysan-u, anglaganing o’zingga yoqadi, — degan edilar Gulandomni o’qiganda.

Ustoz hamisha yaxshi ijodkorlar haqida mehr va havas bilan gapirardilar. Bunday deyishimga sabab bor. 80-yillar arafasi edi, adashmasam. Arman shoirasi Sil`va Kaputikyanqning Moskvada bir necha tomdan iborat saylanmalari chop etilgan edi. Shoiraning o’zlari (ular qadrdon edilar) Zulfiyaxonimga o’sha kitoblarni yuborgan ekanlar. Opa ularni varaqlab o’tirib:
— Qarang, qanaqa chiroyli kitoblar bo’libdi. Faqat she’riyat, ijod dardu quvonchi bilan yashaganda, bunaqa hayot har kimga ham nasib qilavermaydi, — degan edilar. Opaning bu so’zlarida davrdosh shoira ijodiga ehtirom bilan birga har doim ham she’riyat dardu quvonchi bilan yashay olmagan onlari uchun armon ham bor edi, albatta.

Zulfiya opa, odatda, sahar turib, bir finjon qahva ichib ijod stoliga o’tirardilar. Biror she’rni ko’ngildagidek yakunlasalar, o’qib berardilar. Opaning she’r o’qigan onlarini juda yaxshi ko’rardim. Ko’zlari charaqlab ketardi.

Men opaning ijodiy jarayonlariga, ayniqsa, ijodlarining gultoji bo’lgan “Xotiram siniqlari” dostonining yozilish tarixiga guvoh bo’lganimdan nihoyatda faxrlanib yuraman.

Ustoz tavalludining 80 yillik tantanalariga tayyorgarlik boshlangan kunlar edi. Gazeta, jurnallar materiallar so’rashar, opa har kuni xazinasini varaqlardi.

Galdagi shunday jarayonlarning birida:
— Qizimjon, (opa meni ko’pincha shunday chaqirardilar) davr yangilandi. Butunlay boshqacha ruhdagi zamon kelyapti. Men ham boshqacha bir narsa yozishga burchliman, — dedilar. (Ehtimol, ustoz aynan shunday demagandirlar, lekin suhbatimiz shunday mavzuda boshlangani aniq).

— Bir narsam bor-u, lekin sochilib yotibdi, yig’a olmayapman. Har gal qo’limga olganda yuragim tugatib
tashlaydiganga o’xshaydi-yu, boshim charchab qoladi, — dedilar.

— Qani o’sha yozganlaringiz? — dedim.

Opa oddiy ish daftariga eski yozuvda (ustoz odatda qoralamalarini shu yozuvda yozib, so’ng kirilchaga ko’chirardilar, “Menga shunisi qulay”, derdilar) yozilgan qoralamalarini o’qiy boshladilar. Oxirigacha “qilt” etmay o’tirib eshitdim.

— Axir, bu bir narsa emas-ku, Zulfiya opa, bu zo’r doston bo’ladi, — dedim. — Faqat bandlarni joy-joyiga qo’yib chiqish kerak.

Shoir yozganlarining bahosini yaxshi biladi, lekin kimdir fikrdosh bo’lsa, baribir boshqacha kayfiyatda bo’padi. Hatto, o’sha kimdir menday havaskor shogird bo’lsa-da…

— Sen shunday o’ylayapsanmi? — dedilar. Ovozlari boshqacha jaranglab, ko’zlari boshqacha chaqnadi.
— Albatta! Siz aytib turing, men kirilchada yozaman, — dedim.
Ustoz divanga bemalol o’tirib olib qoralamalarini o’qiy boshladilar. Ko’chirib bo’lgach, men baland ovozda hayajon bilan o’qib berdim. Opa:
— Eshitganda aniq bilinar zkan, mana bu bandni oldinga olish kerak, bunisini orqaga, — deya ba’zi bandlarning o’rnini almashtirdilar.

— Men ertaga sahar turib yana bir qarab chiqaman, keyin yana bir o’qiymiz, — dedilar…

Ertalab ishga ketayotib, Chimkent ko’chasidagi uylariga kirdim. Ustoz horg’in, lekin juda baxtiyor edilar. Kecha o’qigan dostonga bir necha bandpar qo’shilgan edi. Jumladan, birinchi o’qiganimizda mana bu bandlar yo’q edi. Bu betakror satrlar bugungi saharning — istiqlol saharining bergan imkoni tufayli dunyoga kelgan edi.

Hurriyat, keldingmi — nahotki kelding,
Pinhona sog’indim, pinhona kuydim.
Yomg’irga bag’rini tutgan sahrodek —
Sening nasimingga qalbimni tutdim.

…Yodim siniqlari, qalq, ovoz beray,
Qalqdi, yuragim, chida, ber bardosh,
Qaragin titroqda — hammasi jonli,
Qara, hammasining yuzi qontalash…

Men bor ovozim bilan hayajondan titrab, ko’zimda yosh bilan dostonni o’qir ekanman, ustozning yillar davomida xotiralariga cho’kib yotgan, zamon to’lqinlarida qalqib chiqqan armonlarining suvratini ko’rardim.

…Aka, jonim akam — jondoshim akam,
Oltmish yil izimga qaytib, yig’layin.
Bo’g’zimda tosh bo’lgan yo’qlovlarimni
“Oh”larim eritar — aytib yig’layin.

kabi satrlarni takror va takror o’qirdim. Ancha payt doston ta’sirida o’tirdim.

— Bu dostonni nima deb ataymiz endi? — dedilar va o’zlari:
— Xotiram parchalari… — dedilar. Indamay qarab turgandim:
— Yo’q. Xotiram siniqlari… — dedilar…

Sarlavhadagi “siniq” so’zida jarohat ham bor, so’z juda joyiga tushgan edi.

“Xotiram siniqlari” ko’p o’tmay matbuotda chop etildi. Doston samimiyati, insoniy dardning chin in’ikosi sifatida adabiy jamoatchilik, she’riyat muxlislari tomonidan juda iliq qarshi olindi. Va bu asar istiqlol tufayli hayrati, jasorati yana bir bosh balandlagan Zulfiyaxonimning go’zal imkoniyatlarini namoyon etdi. Ustozning tavallud kunlari poytaxtimizning “Turkiston” saroyida nishonlandi.

Opa tantana yakunida minnatdorchilik so’zlarini she’rga uladilar.
She’rdagi:

Sakson yil lovullab so’nmagan o’tman…
…Baxtim shul, o’zbekning Zulfiyasiman…

satrlari u kishi hayotligida ham, keyin ham qancha chiroyli davralarga bosh so’z bo’ldi.

Dunyoda hech narsa mangu emas. Davrlar o’tadi, ko’p narsa unutiladi, hatto, o’z davrida yaxshigina vazifa bajargan asarlar ham qachondir ohorini yo’qotishi mumkin. Lekin xalq, millat og’rig’iga, quvonchiga daxldor asarlar xalq va millat bilan birga yashab qoladi. Ustoz Zulfiyaxonimning “Xotiram siniqlari” dostoni ana shunday o’lmas asarlardan biri sifatida xalqimiz, kelajak avlodlar uchun ham qadrlidir.

ZULFIYA
MAYIN QO’SHIQ YOYILAR HAR YON
05

MEN O’TGAN UMRGA ACHINMAY QO’YDIM…

Hayot kitobimni bexos varaqlab,
Men o’tgan umrga achinmay qo’ydim.
Tabassum o’rnida kuldim charaqlab,
Suyish kerak bo’lsa — telbacha suydim.

Kiyganim ipakmi, chitmi yo kimxob,
Yurak boyligidan qilmabman parvo.
Meni og’ushlagan hayot naq oftob,
Yangi qo’shiq talab unda har saboh.

Men o’tgan umrga achinmay qo’ydim,
Hech kimda ko’rmayin umrimga o’xshash:
Suydim,
Erkalandim,
Ayrildim,
Kuydim,
Izzat nima — bildim.
Shu-da bir yashash!..

SEN QAYDASAN,YURAGIM
02
Qalb bo’lganda yiroqda
Iroda ekan ojiz.
Do’stlar ham ko’p atrofda,
Ammo men yakka-yolg’iz…

Birdan qalbim keksarib,
Qon ham qochdi yuzimdan.
Sen, sirdoshni axtarib,
Xayol ketar izingdan.

Qayga ketding, yuragim,
Bitdi bardosh va toqat.
Suhbatingdir tilagim,
Tilda hasratim qat-qat.

Ko’pdir aytajak so’zim,
O’gitlaringga zormen,
Yig’laysan deb do’stlarim
Ta’na qilar. Netay men?

Sovush bermaydi menga
Yoqib ketganing olov.
Netay, yetmayman senga,
O’rtaga tashlangan g’ov.

Ishqqa maskan yuragim,
Topib ber deb qistaydi.
Nima qilay, berahm
Ruhim seni istaydi.

TUN

Tog ortiga o’tib ketdi kun,
Sokin cho’kdi toza, salqin tun…

Men deraza ochganim chorbog’
Sokin uxlar tun ko’rpasida.
Mayin qo’shiq yoyilar har yon,
Esib o’tgan yel sharpasida.

Suv oqadi allalab tunni,
Hamma uxlar, uyda men uyg’oq,
Parcha qog’oz, kichik bir qalam
Boshim uzra porlaydi chiroq.

Tunda qancha xayol, qancha kuy,
Men berilib quloq solaman.
So’z topolmay ifodasiga,
Rang axtarib shoshib qolaman.

Sof yel esar… Parvona uchar,
Chiroq atrofida o’rgilib,
O’zin urib part bo’ladi-yu,
Stolimga tushadi kelib.

Men yozaman, yulduzlar o’tar,
Har birisi so’ylar bir ertak.
Mana, Hulkar qarshimda chaqnar,
Yorqin tongdan keltirib darak.

Tun o’tadi, yana chorbog’dan
Ko’tarilar sahargi tuman.
Men-chi, asta chiroq so’ndirib,
Otayotgan tongni kutaman.

Ko’zlarimda erib ketdi tun,
Yoyilmoqda yorqin juvon kun…

KO’RGANMIDING KO’ZLARIMDA YOSH

Sog’inganda izlab bir nishon,
Qabring tomon olar edim yo’l.
Keltirarding menga bir zamon,
Endi har chog’ men eltaman gul.

Keldim. Uzoq qoldim men sokin,
Sening aziz boshingda yolg’iz,
Osmon tiniq edi va lokin,
Parcha bulut yetib keldi tez.

Ko’kda mening boshimda turib,
Go’yo yuragimda qalqdi u.
Ko’zimdagi yoshimni ko’rib
U ham to’kdi yoshini duv-duv.

Biz yig’ladik tepangda shu kun,
Keldingmi deb ko’tarmading bosh.
Ayt-chi, sen-la baxtiyor onlar
Ko’rganmiding ko’zlarimda yosh?

NE BALOGA ETDING MUBTALO

O’tdi oylar g’am bilan oqib,
Dil topmadi zarra tasallo.
Firoqingda qoldim tutoqib,
Ne baloga etding mubtalo!

Ko’z ochgani qo’ymaydi alam,
Boshim qo’ysam kuydirar bolish.
Yupatolmas kitob va qalam,
Misralarim ko’tarar nolish.

Nahot shuncha ma’sum, shuncha pok
Sevishmoqda alam bor shuncha?
Bardosh bermas iroda, idrok,
Tamoman lol aql, tushuncha.

Tog’day bor deb bilgan yuragim
Qush boshicha qolmadi chog’i?
G’amni yengarman degan sarim
Yana ortar alami, dog’i.

Erib ketmagandim sevgingdan,
Bo’lmaslik-chun baxtingdan judo,
Birga qolish uchun sen bilan
Kuyaman-u bo’lmayman ado.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 11/2014

065

(Tashriflar: umumiy 6 609, bugungi 1)

Izoh qoldiring