Xurshid Do’stmuhammad. Uyg’onish yo’llariga yoqilgan chiroq

022   Профессор Нажмиддин Комиловнинг кўпчилик тадқиқотларида олий маданий тарихнинг шиддатли, суронли, айни пайтда ғоят муҳим ва қимматли саҳифалари қаламга олинади. Муаллиф бизнинг аслимизни танитишга, у орқали эса ўзлигимизни англашга ёрдам беради”, деб ёзади профессор Бегали Қосимов. Аслимизни билиш, аслимизга қайтиш ҳам Уйғониш даври бошланаётганидан дарак беради.

Хуршид Дўстмуҳаммад
УЙҒОНИШ ЙЎЛЛАРИГА ЁҚИЛГАН ЧИРОҚ

011

08аҳар уйқудан уйғонган одам кундалик юмушларини режалаштиришдан бурун кечаги кунни хаёлдан ўгказади: ундан бугунги кун учун асқотадиган нарсаларни олади. Лекин кечаги ёки аввалги ёруғ кун тажрибаларига қайтиш учун тунги зулматни енга билиш керак бўлади. Зеро, тунги уйқу ҳолатини енгмай туриб, ортда қолган ёруғ кунларга қайтиш амримаҳол.

Уйғониш даврининг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳам шу, яъни ҳар қандай уйғониш даври қадимий ва кўҳна ёруғликдан руҳий мадад, куч-қувват олмоқлиги учун яқин ўтган асрлар ва замонлар зулматини орадан итқитиб ташламоғи шарт. Зулмат пардаси ақл-идрок, тафаккур қудрати билан кўтариб ташланади. Шунга қодир салоҳият эгаларини етиштира олган халқ ва миллатгагина бундайин рўшнолик насиб этади.

Инсоният тарихида кўплаб замонлар, тузумлар, жамиятлар рўшнолик эҳгиёжидан кўз юмган: ё сезмаган, ё сезмасликка уринган. Сезишга қодир шахслар эса ана шу сезмаслик ва сезмасликка уринишдан вужудга келган талотумлар орасида йўқлик сари юз тутган.

Ватанимиз мустақиллигининг мислсиз аҳамияти Уйғониш эҳгиёжини ҳис этишда намоён бўлди. Олис мозий қатламларидаги маънавий баркамол меросни тадқиқ этиш ва уларни бугунги кун манфаатига сафарбар қила олиш салоҳиятига эга зотларга имкон яратиш истиқлол даврининг неъматига айланди. Фундаментал тадқиқотчиларнинг куни туғди.

“Профессор Нажмиддин Комиловнинг кўпчилик тадқиқотларида олий маданий тарихнинг шиддатли, суронли, айни пайтда ғоят муҳим ва қимматли саҳифалари қаламга олинади. Муаллиф бизнинг аслимизни танитишга, у орқали эса ўзлигимизни англашга ёрдам беради”, деб ёзади профессор Бегали Қосимов. Аслимизни билиш, аслимизга қайтиш ҳам Уйғониш даври бошланаётганидан дарак беради.

Ўз қадр-қимматини англаб етган халқларда аслини бипишга уриниш сира тўхтамаган, бинобарин, шунга қодир улкан алломалар узлуксиз етишиб чиқаверган. Ва бу тоифа алломалар салоҳиятига кўра мозийга қайтиш мактабларини яратганлар.

Нажмиддин Комилов буюк аждоддаримиз меросини ўрганиш ва уни бугунги кун манфаатига қўшиш борасида ўзига хос мактаб яратган ана шундай устоз олимлардан.

Жаҳон адабиёти ва маданиятининг энг нуфузли мутахассислари ҳам дунёни асосан Ғарб ва Шарққа бўлиб тадқиқ этганлар. Ажабланарли жойи шундаки, аксарият забардаст алломалар ҳам ўзларининг “ғарбчи”лиги билан бирёқламаликка йўл қўйганлар. Нажмиддин Комилов айтмоқчи, уларнинг кўпчилиги Уйғониш даври деганда, асосан, Оврўпа, янаям аниқроғи, Ғарбий Оврўпа маданиятини назарда тутганлар. Қиёсий адабиётшунослик алоҳида фан сифатида ўтган асрнинг ўрталаридан тараққий эта бошлаган бўлса, бу соҳа вакиллари орасида Шарқ халкдари маданиятига паст назар билан қараш эпидемияси узоқ сақланиб қолди. Ва бунинг натижасида дунё халқлари кўз ўнгида Ғарб тамаддуни устувор мавқени эгаллади.

Аксарият мутахассислар Оврўпа Уйғониш даврини XIII- XIV асрлардан бошланганини таъкидлаб, бунда асосан Италия Уйғониш даврини назарда тутсалар, баъзилари Уйғонишни мумкин қадар яна бир аср олдинга — XII асрга “жилдириш”га уриндилар. Академик А. Лосев эса “Уйғониш” атамаси том маънода фақат XV ва XVI аср Италиясигагина тўғри келади”, деб хулоса чиқаради ва фақат Оврўпа, фақат Ғарб билан чекланиб қолмаслик нуқтаи назаридан қисқача бўлса-да (“в кратчайшей форме”), Хитой Уйғониш даври ҳақидаги мунозараларга тўхталади. Хитойда Уйғониш Маданияти даври кузатилмаган, деган мулоҳазалар борлигини ёзади. Бошқа бир тадқиқотчи Шарқ Уйғониш даврини буткул инкор этса, учинчи бири Шарқ Уйғонишини ўта мулоҳазакорликда, оғиркарвонликда “айблайди”. Барча Уйғонишлар замирида арман, грузин Уйғониш даврлари таъсири ётади, деган даъволар ҳам илгари сурилган. Бундай қарашлар ва уринишларни “миллий ғурур”, “миллий нафсоният” дея баҳоловчилар ҳам бор, ундай тушунчаларда очиқдан-очиқ атайинлик ҳам сезилади, аммо ҳаммасини бир қилганда ниҳоятда жўн инсоний чекланганлик ётганлигини фаҳмлаш ҳам қийин эмас. Улкан салоҳият соҳибларининг бундайин чекланганлик феномени алоҳида тадқиқот мавзуи бўла олади…

Нажмиддин Комилов ҳеч бир Уйғониш даврини инкор этмайди, йўққа чиқармайди, балки беҳад катта бағрикенглик билан уларнинг барини бутун бойлиги, мураккаблиги билан қамраб олишга ҳаракат қилади ва табиий инсониятнинг бу бойлиги таркибида Шарқ Уйғониш маданияти дурдоналарининг ҳам ҳақ-ҳуқуқли ўрнини топади. Домла Шарқни тан олар экан Ғарбнинг “кўкси”дан итармайди: “Тараққиёт тарихига Шарқ ва Ғарб халқлари навбатма-навбат ҳисса қўшиб келганлар” дея эътироф этади.

Олим ўз хулосаларини аниқ мисоллар, теран қиёсий таҳлиллар воситаси-ла ифодалайди. “Гомердан Берунийгача” деб номланган ҳажман ихчам тадқиқотида Нажмиддин Комиловга хос хусусиятлар — қамровнинг кенглиги, мисолларнинг бойлиги, далилларнинг ишончлилиги, хулосаларнинг фавқулодда топилганлиги яққол кўзга ташланади.

Фаннинг ўнлаб соҳалари бўйича юз элликка яқин асар яратган Абу Райҳон Беруний инсоният тафаккур тараққиётини бир неча поғонага кўтарди. Унинг аллома олимлиги, араб тилида шеърлар битгани, айниқса, адабиётшунос-шеършунос сифатидаги тадқиқотлари кўламининг кенглиги билан кишини ҳайратга солади. “Беруний асарларида келтирилган шеърлар араб тилида бўлса-да, бу шеър муаллифлари ҳаммаси ҳам араб шоирлари эмас. Улар орасида Эрон, Ўрта Осиё, Хуросон ва ҳатто Византия, Испанияда етишиб чиққан шоирлар анчагина”. Беруний Гомер асарларига ҳам кўп мурожаат қилган. “Юнонларнинг китобларидан тушунишимга кўра”, деб ёзган Беруний. У “адабиётдан илмий манба сифатида фойдалана” билган.

Аллома ҳинд вазни — шлокани, арабий арузни, унинг форсийдаги ўзига хослигини, форслар арузи ва шлоканинг юнон шеърий вазни хусусиятлари билан ўхшаш жиҳатларини аниқлайди… Назаримда, устоз Нажмиддин Комиловдаги ҳудудсиз бепоёнлик, бағрикенглик, хассослик ва холислик аллома Берунийдан кўчганга ўхшайди… Бу хусусият “Ибн Сино ва Данте”, “Бокаччонинг илҳом париси”, “Хайёмнома”, “Чернишевский ва Шарқ” асарларида ҳам марказий ўқ бўлиб ўтади. У кишини бутун инсоният бадиий тафаккури тадрижи қизиқтиради, бунинг учун ер юзи кишиларининг неча минг йиллик тарихини яхлитликда қабул қилади, Ғарб ё Шарқ дея “маҳаллийчилик”ни ўзига эп билмайди.

Шу ўринда сўнгги ўн йилликда “глобаллашув” атамаси кенг оммалашаётгани хусусида тўхталишга тўғри келади. Иқтисод фанида вужудга келган бу атама эндиликда бошқа соҳаларда ҳам қўлланила бошланди. Бир сўз билан айтганда, глобаллашув — бутун дунё маданияти, фани ва тараққиёти муаммоларини дунёнинг ўзи қадар яхлитликда кўра билиш, фикрлай ва баҳолай олиш демақдир. Миллий, минтақавий ўзига хос муаммоларни умуминсоний мезонлар ёрдамида ҳал этиш йўлларини излашдир. Бордию, ушбу атамани Нажмиддин Комилов ижодига татбиқ этилса, устознинг 80-йилларнинг бошларида эълон қила бошлаган Шарқу Ғарб адабий-маданий алоқаларига, ўзаро таъсир масалаларига бағшлланган мақолаларида мавзуга глобал нуқтаи назардан, глобал юксаклиқдан ёндашишга мойиллик яққол сезилади. Хусусан, 1983 йили нашр қилинган “Ибн Сино ва Данте” китоби фавқулодда кашфиёт эди. Кези келганда айтиш лозимки, мазкур кашфиёт ўз даврида айрим тақризларни истисно қилганда, муносиб баҳосини олмади. Унинг моҳиятидаги ҳақиқий мақсад-маъно чекка-чеккадаги зиёлиларнинг шивир-шивирида акс-садо берганича қолди, холос. Нажмиддин Комилов эса танлаган йўлидан қайтмади. Устоз олимнинг “Тафаккур карвонлари” камида йигирма йиллик муттасил ва изчил изланишлар самараси ўлароқ дунёга келди.

Домладаги ҳавас қилса арзигулик бу кўламдорлик, бу қадар гуманизм, таъбир жоиз бўлса, глобаллик илдизлари қандай шаклланди, деган саволга беихтиёр жавоб топгинг келади. Янглишмасам, ўн йил муқаддам нашриётлардан бирида дунё юзини кўриш имкониятини тоқат ила кутиб ётган қўлёзмалар тахламини титкилаётиб “Тасаввуф” деб номланган қўлёзмани кўриб қолдим. Муаллиф — Нажмиддин Комилов. Қўлёзмани олиб ўқидим. Тасаввуримдаги дунё тамомила ўзгарди, ўша даврга қадар шаклланган тушунчалар остин-устун бўлди, кўз очилди ва яна алланималар юз берди. Қайтадан дунёга келиш, қайтадан ҳарф таниш, қайтадан китоб ўқиш, комиллик сирларини ўрганиш орзуси ушалмас армонга айланди. Ва ўша қўлёзма орадан бир неча йил ўтиб, мустақиллик шарофати билангина китоб ҳолида қўлга етиб келгач, уни такрор мутолаа қилгачгина хулосага келдимки, ҳозир фавқулодда кашфиёт сифатида дунё олимлари, мутахассислари томонидан баҳсу мунозараларга, мубоҳасаларга сабаб бўлаётган глобаллашув чўққисини Нажмиддин Комилов ва у киши сингари олимлар буюк ва илоҳий тасаввуф таълимоти туфайли забт этганлар! Зеро, тасаввуф таълимоти ўз юксаклигида туриб борлиқ инсониятни, бутун инсоният тафаккурини илоҳий неъмат сифатида бир нуқтада жамлайди. Уни ўрганади, тарбиялайди, поклайди, камолга еташтиради. Инсон қавмини заминий зулматлардан халос этиб, мудом илоҳий Уйғониш чўқкиларига етаклайди…

Чин уйғониш саодати шундагина насиб этади, чин уйғониш орзуси орамизда Нажмиддин Комиловлар сафининг тўхтовсиз кўпайиши заруриятини кўндаланг қўяди, домланинг Уйғониш йўлларига ёққан чироклари издошлару шогирдларни катта илмий кашфиётлар сари даъват этади.

Дарвоқе, мақсад Устозни қутлуғ 60 ёш билан табриклаш эди. Устоз ва у кишининг асарлари баҳонасида туғилган (ва ҳар сафарги мутолаадан сўнг туғилажак) адоқсиз фикрларнинг бир қисми қоғозга тушди, холос. Аслида фозил инсонларнинг буюк каромати ҳам шу — ўзгаларни мудом фикрлашга ва фикрлашга ундайди. Чинакам Уйғониш фикрлашдан, маърифатдан, маданиятдан бошланади.

Айтмоқчи: Домла Нажмиддин Комиловнинг фундаментал қамровли “Тасаввуф” асари истиқлол йилларидагина қайта-қайта чоп этилди ва кенг китобхонларнинг ардоқли маънавий мулкига айланди.

1999

011

Xurshid Do’stmuhammad
UYG’ONISH YO’LLARIGA YOQILGAN CHIROQ
011

08ahar uyqudan uyg’ongan odam kundalik yumushlarini rejalashtirishdan burun kechagi kunni xayoldan o’gkazadi: undan bugungi kun uchun asqotadigan narsalarni oladi. Lekin kechagi yoki avvalgi yorug’ kun tajribalariga qaytish uchun tungi zulmatni yenga bilish kerak bo’ladi. Zero, tungi uyqu holatini yengmay turib, ortda qolgan yorug’ kunlarga qaytish amrimahol.

Uyg’onish davrining o’ziga xos xususiyatlaridan biri ham shu, ya’ni har qanday uyg’onish davri qadimiy va ko’hna yorug’likdan ruhiy madad, kuch-quvvat olmoqligi uchun yaqin o’tgan asrlar va zamonlar zulmatini oradan itqitib tashlamog’i shart. Zulmat pardasi aql-idrok, tafakkur qudrati bilan ko’tarib tashlanadi. Shunga qodir salohiyat egalarini yetishtira olgan xalq va millatgagina bundayin ro’shnolik nasib etadi.

Insoniyat tarixida ko’plab zamonlar, tuzumlar, jamiyatlar ro’shnolik ehgiyojidan ko’z yumgan: yo sezmagan, yo sezmaslikka uringan. Sezishga qodir shaxslar esa ana shu sezmaslik va sezmaslikka urinishdan vujudga kelgan talotumlar orasida yo’qlik sari yuz tutgan.

Vatanimiz mustaqilligining mislsiz ahamiyati Uyg’onish ehgiyojini his etishda namoyon bo’ldi. Olis moziy qatlamlaridagi ma’naviy barkamol merosni tadqiq etish va ularni bugungi kun manfaatiga safarbar qila olish salohiyatiga ega zotlarga imkon yaratish istiqlol davrining ne’matiga aylandi. Fundamental tadqiqotchilarning kuni tug’di.

“Professor Najmiddin Komilovning ko’pchilik tadqiqotlarida oliy madaniy tarixning shiddatli, suronli, aynipaytda g’oyat muhim va qimmatli sahifalari qalamga olinadi. Muallif bizning aslimizni tanitishga, u orqali esa o’zligimizni anglashga yordam beradi”, deb yozadi professor Begali Qosimov. Aslimizni bilish, aslimizga qaytish ham Uyg’onish davri boshlanayotganidan darak beradi.

O’z qadr-qimmatini anglab yetgan xalqlarda aslini bipishga urinish sira to’xtamagan, binobarin, shunga qodir ulkan allomalar uzluksiz yetishib chiqavergan. Va bu toifa allomalar salohiyatiga ko’ra moziyga qaytish maktablarini yaratganlar.

Najmiddin Komilov buyuk ajdoddarimiz merosini o’rganish va uni bugungi kun manfaatiga qo’shish borasida o’ziga xos maktab yaratgan ana shunday ustoz olimlardan.

Jahon adabiyoti va madaniyatining eng nufuzli mutaxassislari ham dunyoni asosan G’arb va Sharqqa bo’lib tadqiq etganlar. Ajablanarli joyi shundaki, aksariyat zabardast allomalar ham o’zlarining “g’arbchi”ligi bilan biryoqlamalikka yo’l qo’yganlar. Najmiddin Komilov aytmoqchi, ularning ko’pchiligi Uyg’onish davri deganda, asosan, Ovro’pa, yanayam aniqrog’i, G’arbiy Ovro’pa madaniyatini nazarda tutganlar. Qiyosiy adabiyotshunoslik alohida fan sifatida o’tgan asrning o’rtalaridan taraqqiy eta boshlagan bo’lsa, bu soha vakillari orasida Sharq xalkdari madaniyatiga past nazar bilan qarash epidemiyasi uzoq saqlanib qoldi. Va buning natijasida dunyo xalqlari ko’z o’ngida G’arb tamadduni ustuvor mavqeni egalladi.

Aksariyat mutaxassislar Ovro’pa Uyg’onish davrini XIII- XIV asrlardan boshlanganini ta’kidlab, bunda asosan Italiya Uyg’onish davrini nazarda tutsalar, ba’zilari Uyg’onishni mumkin qadar yana bir asr oldinga — XII asrga “jildirish”ga urindilar. Akademik A. Losev esa “Uyg’onish” atamasi tom ma’noda faqat XV va XVI asr Italiyasigagina to’g’ri keladi”, deb xulosa chiqaradi va faqat Ovro’pa, faqat G’arb bilan cheklanib qolmaslik nuqtai nazaridan qisqacha bo’lsa-da (“v kratchayshey forme”), Xitoy Uyg’onish davri haqidagi munozaralarga to’xtaladi. Xitoyda Uyg’onish Madaniyati davri kuzatilmagan, degan mulohazalar borligini yozadi. Boshqa bir tadqiqotchi Sharq Uyg’onish davrini butkul inkor etsa, uchinchi biri Sharq Uyg’onishini o’ta mulohazakorlikda, og’irkarvonlikda “ayblaydi”. Barcha Uyg’onishlar zamirida arman, gruzin Uyg’onish davrlari ta’siri yotadi, degan da’volar ham ilgari surilgan. Bunday qarashlar va urinishlarni “milliy g’urur”, “milliy nafsoniyat” deya baholovchilar ham bor, unday tushunchalarda ochiqdan-ochiq atayinlik ham seziladi, ammo hammasini bir qilganda nihoyatda jo’n insoniy cheklanganlik yotganligini fahmlash ham qiyin emas. Ulkan salohiyat sohiblarining bundayin cheklanganlik fenomeni alohida tadqiqot mavzui bo’la oladi…

Najmiddin Komilov hech bir Uyg’onish davrini inkor etmaydi, yo’qqa chiqarmaydi, balki behad katta bag’rikenglik bilan ularning barini butun boyligi, murakkabligi bilan qamrab olishga harakat qiladi va tabiiy insoniyatning bu boyligi tarkibida Sharq Uyg’onish madaniyati durdonalarining ham haq-huquqli o’rnini topadi. Domla Sharqni tan olar ekan G’arbning “ko’ksi”dan itarmaydi: “Taraqqiyot tarixiga Sharq va G’arb xalqlari navbatma-navbat hissa qo’shib kelganlar” deya e’tirof etadi.

Olim o’z xulosalarini aniq misollar, teran qiyosiy tahlillar vositasi-la ifodalaydi. “Gomerdan Beruniygacha” deb nomlangan hajman ixcham tadqiqotida Najmiddin Komilovga xos xususiyatlar — qamrovning kengligi, misollarning boyligi, dalillarning ishonchliligi, xulosalarning favqulodda topilganligi yaqqol ko’zga tashlanadi.

Fanning o’nlab sohalari bo’yicha yuz ellikka yaqin asar yaratgan Abu Rayhon Beruniy insoniyat tafakkur taraqqiyotini bir necha pog’onaga ko’tardi. Uning alloma olimligi, arab tilida she’rlar bitgani, ayniqsa, adabiyotshunos-she’rshunos sifatidagi tadqiqotlari ko’lamining kengligi bilan kishini hayratga soladi. “Beruniy asarlarida keltirilgan she’rlar arab tilida bo’lsa-da, bu she’r mualliflari hammasi ham arab shoirlari emas. Ular orasida Eron, O’rta Osiyo, Xuroson va hatto Vizantiya, Ispaniyada yetishib chiqqan shoirlar anchagina”. Beruniy Gomer asarlariga ham ko’p murojaat qilgan. “Yunonlarning kitoblaridan tushunishimga ko’ra”, deb yozgan Beruniy. U “adabiyotdan ilmiy manba sifatida foydalana” bilgan.

Alloma hind vazni — shlokani, arabiy aruzni, uning forsiydagi o’ziga xosligini, forslar aruzi va shlokaning yunon she’riy vazni xususiyatlari bilan o’xshash jihatlarini aniqlaydi… Nazarimda, ustoz Najmiddin Komilovdagi hududsiz bepoyonlik, bag’rikenglik, xassoslik va xolislik alloma Beruniydan ko’chganga o’xshaydi… Bu xususiyat “Ibn Sino va Dante”, “Bokachchoning ilhom parisi”, “Xayyomnoma”, “Chernishevskiy va Sharq” asarlarida ham markaziy o’q bo’lib o’tadi. U kishini butun insoniyat badiiy tafakkuri tadriji qiziqtiradi, buning uchun yer yuzi kishilarining necha ming yillik tarixini yaxlitlikda qabul qiladi, G’arb yo Sharq deya “mahalliychilik”ni o’ziga ep bilmaydi.

Shu o’rinda so’nggi o’n yillikda “globallashuv” atamasi keng ommalashayotgani xususida to’xtalishga to’g’ri keladi. Iqtisod fanida vujudga kelgan bu atama endilikda boshqa sohalarda ham qo’llanila boshlandi. Bir so’z bilan aytganda, globallashuv — butun dunyo madaniyati, fani va taraqqiyoti muammolarini dunyoning o’zi qadar yaxlitlikda ko’ra bilish, fikrlay va baholay olish demaqdir. Milliy, mintaqaviy o’ziga xos muammolarni umuminsoniy mezonlar yordamida hal etish yo’llarini izlashdir. Bordiyu, ushbu atamani Najmiddin Komilov ijodiga tatbiq etilsa, ustozning 80-yillarning boshlarida e’lon qila boshlagan Sharqu G’arb adabiy-madaniy aloqalariga, o’zaro ta’sir masalalariga bag’shllangan maqolalarida mavzuga global nuqtai nazardan, global yuksakliqdan yondashishga moyillik yaqqol seziladi. Xususan, 1983 yili nashr qilingan “Ibn Sino va Dante” kitobi favqulodda kashfiyot edi. Kezi kelganda aytish lozimki, mazkur kashfiyot o’z davrida ayrim taqrizlarni istisno qilganda, munosib bahosini olmadi. Uning mohiyatidagi haqiqiy maqsad-ma’no chekka-chekkadagi ziyolilarning shivir-shivirida aks-sado berganicha qoldi, xolos. Najmiddin Komilov esa tanlagan yo’lidan qaytmadi. Ustoz olimning “Tafakkur karvonlari” kamida yigirma yillik muttasil va izchil izlanishlar samarasi o’laroq dunyoga keldi.

Domladagi havas qilsa arzigulik bu ko’lamdorlik, bu qadar gumanizm, ta’bir joiz bo’lsa, globallik ildizlari qanday shakllandi, degan savolga beixtiyor javob topging keladi. Yanglishmasam, o’n yil muqaddam nashriyotlardan birida dunyo yuzini ko’rish imkoniyatini toqat ila kutib yotgan qo’lyozmalar taxlamini titkilayotib “Tasavvuf” deb nomlangan qo’lyozmani ko’rib qoldim. Muallif — Najmiddin Komilov. Qo’lyozmani olib o’qidim. Tasavvurimdagi dunyo tamomila o’zgardi, o’sha davrga qadar shakllangan tushunchalar ostin-ustun bo’ldi, ko’z ochildi va yana allanimalar yuz berdi. Qaytadan dunyoga kelish, qaytadan harf tanish, qaytadan kitob o’qish, komillik sirlarini o’rganish orzusi ushalmas armonga aylandi. Va o’sha qo’lyozma oradan
bir necha yil o’tib, mustaqillik sharofati bilangina kitob holida qo’lga yetib kelgach, uni takror mutolaa qilgachgina xulosaga keldimki, hozir favqulodda kashfiyot sifatida dunyo olimlari, mutaxassislari tomonidan bahsu munozaralarga, mubohasalarga sabab bo’layotgan globallashuv cho’qqisini Najmiddin Komilov va u kishi singari olimlar buyuk va ilohiy tasavvuf ta’limoti tufayli zabt etganlar! Zero, tasavvuf ta’limoti o’z yuksakligida turib borliq insoniyatni, butun insoniyat tafakkurini ilohiy ne’mat sifatida bir nuqtada jamlaydi. Uni o’rganadi, tarbiyalaydi, poklaydi, kamolga yetashtiradi. Inson qavmini zaminiy zulmatlardan xalos etib, mudom ilohiy Uyg’onish cho’qkilariga yetaklaydi…

Chin uyg’onish saodati shundagina nasib etadi, chin uyg’onish orzusi oramizda Najmiddin Komilovlar safining to’xtovsiz ko’payishi zaruriyatini ko’ndalang qo’yadi, domlaning Uyg’onish yo’llariga yoqqan chiroklari izdoshlaru shogirdlarni katta ilmiy kashfiyotlar sari da’vat etadi.

Darvoqe, maqsad Ustozni qutlug’ 60 yosh bilan tabriklash edi. Ustoz va u kishining asarlari bahonasida tug’ilgan (va har safargi mutolaadan so’ng tug’ilajak) adoqsiz fikrlarning bir qismi qog’ozga tushdi, xolos. Aslida fozil insonlarning buyuk karomati ham shu — o’zgalarni mudom fikrlashga va fikrlashga undaydi. Chinakam Uyg’onish fikrlashdan, ma’rifatdan, madaniyatdan boshlanadi.

Aytmoqchi: Domla Najmiddin Komilovning fundamental qamrovli “Tasavvuf” asari istiqlol yillaridagina qayta-qayta chop etildi va keng kitobxonlarning ardoqli ma’naviy mulkiga aylandi.

1999

033

(Tashriflar: umumiy 307, bugungi 1)

Izoh qoldiring