Madrahim Mahmudov. Ibn Sino va xorazmlik olimlar

012   Кўп йиллардан буён бахс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган муаммолардан бири ― Ибн Синонинг Хоразмга келиши ва фаолияти билан боғлиқдир. Аксарият олимлар Ибн Сино Хоразмга тахминан 1000 йилда, яъни 20 ёшида, келган деган фикрни ёқлашади. Бунинг асосий далили сифатида 999 йилда Бухоронинг қорахонийлар томонидан вайрон этилиши кўрсатилади. Профессор А.А.Қодиров ва тиббиёт фанлари номзоди У.Т.Соипов қораҳонийлар таъқибидан қутилиш учун сарсон-саргардон бўлган Ибн Сино 1002 йилда Хоразмнинг пойтахти — Урганчга келади, деб ёзадилар.

08
ИБН СИНО ВА ХОРАЗМЛИК ОЛИМЛАР
Мадраҳим МАҲМУДОВ
профессор
06

Дунё илм-фани тараққиётида сўнмас из қолдирган буюк қомусий олим, йирик табиб, файласуф, астроном, математик, мусикашунос, ҳуқуқшунос, шоир Абу Али ибн Сино 980 йил 16 августда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида таваллуд топганди. Унинг асли исми ― Абу Али ал-Хусайн ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Сино бўлиб, ёшлик даврида кўплаб мутафаккирлардан сабоқ олган. Улар қаторида математик Ҳусайн Маҳмуди Массоҳ, қонуншунос Ҳусайн Исмоил аз-Зоҳидий, Бағдодда таълим олган ва Педаний Диоскорид деган олимнинг доришуносликка оид асарини араб тилига таржима қилиб танилган ҳаким Абу Абдуллоҳ ан-Нотилий туради.

Ибн Сино ўз таржимаи ҳолида ёзади: «Кейин Бухорога Нотилий келиб қолди. Уни файласуф деб аташар эдилар. Ундан менинг таълим олишим умидида отам уни уйимизга жойлаштирди. Унинг келишидан олдин ҳам фиқҳ билан шуғулланиб, бу хусусда Исмоил Зохидга қатнаб юрар эдим. Кейин Нотилийдан «Исоғучи» китобини ўргана бошладим» . «Нотилий қайси масалаларни мендан сўрмасин, мен у масалани ундан кўра дурустроқ тасаввур қилардим. Ниҳоят ундан мантиқнинг юзаки масалаларини ўқидим, лекин унинг нозик томонлари унга номаълум эди» .

Ибн Сино мустақил равишда мантиққа оид китоблардан кейин Эвклиднинг математика ва геометрия¸ Птолемейнинг юлдузшунослик, оптикага доир “Алмагеста” каби асарларини ўрганади. «Кейин тиб илми билан шуғулланишни истаб қолдим ва унга бағишланган китобларни ўқишга тушдим,― деб ёзади Ибн Сино таржимаи ҳолида. ― Тиб аслида қийин илмлардан эмас, шу сабабдан мен қисқа муддат ичида бу соҳада шундай ютуққа эриша олдимки, ҳатто фозил табиблар ҳам менга келиб, мендан тиб илмини ўқийдиган бўлдилар. Беморларга ҳам қатнар эдим. Эришган тажрибаларим натижасида менга даволаш эшиклари шундай кенг очилдики, уни таърифлаб бўлмайди» . Ибн Синонинг табиб сифатида шаклланишида Нотилий билан бир қаторда Абу Мансур ал-Хасан ибн Нуҳ ал-Қумрий, Абу Бакр Робий ибн Аҳмад ал-Аҳавоний ал-Бухорий каби олимларнинг кучли таъсири бўлганди.

996-997 йилларда билимли ва тажрибали табиб сифатида танила бошлаган Ибн Синони бетоб амир Нух ибн Мансурни даволашга таклиф этадилар. Натижада унга ҳукмдор вазирининг “Донолик хазинаси”даги ноёб китоблар билан танишишга рухсат берилади. Улар орасида Аристотель Эвклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирий каби ғарб алломаларининг асарлари ҳам бор эди.

Кутубхонага табиб Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Хоразмий мудирлик қиларди. Мазкур олим қаламига мансуб “Билимлар калити” номли катта асар бўлиб, у билан Ибн Сино бевосита танишганлигига шубҳа йўқ . Юсуф Хоразмийнинг тавсияси билан Ибн Сино юнон файласуфи Аристотелнинг «Метафизика» асари билан таниша бошлайди. «Бу китобни ёзган кишининг мақсади менга бекик эди. Ҳатто уни қирқ бор қайта ўқидим, мен уни ва унинг мақсадларини тушуна олмасдим. Ундан умидимни узиб, бу тушуниб бўлмайдиган китоб экан, деган хулосага келган эдим»,― деб хотирлаганди олим.

Аммо тасодифан бир куни Ибн Синоунинг қўлига «Муаллими ас-соний» деб тан олдинган машҳур файласуф Абу Наср Форобийнинг «Метафизика»га ёзган шархи қўлёзмаси тушиб қолади. “Уйимга қайтдим-у, дарров уни ўқишга тушдим. «Метафизика» дилимда ёд бўлиб қолгани сабабли ўша пайтдаёқ бу китобнинг мақсадлари менга очилаверди. Бундан жуда хурсанд бўлиб кетдим, ўша кунининг эртасигаёқ камбағалларга анча нарса садақа қилдим» .

«Абу Бакр ал-Барқий деган Хоразмда туғилган бир қўшним бор эди,― деб ёзади Ибн Сино. ― Ўз табиати билан у киши фақиҳ, тафсир ва порсо — зуҳдликда ягона зди. Бу илмларга ўзи ҳам мойил эди. Бу киши мендан китобларга шарҳ ёзиб беришимни сўради. Мен унга йигирма жилдча келадиган «Ал-ҳосил ва ал-маҳсул» (“Олинадиган ва эришиладиган”) деган китоб ёзиб бердим. Бундан ташқари, унга ахлоққа тегашли яна бир китоб ёзиб бердим. Китоб номини «Китоб ал-бирр вал-исм» («Яхшилик ва ёмонлик китоби») деб қўйдим. Бу икки китоб ундан бошқада йўқ, у киши икковидан нусха олиш учун ҳеч кимга бериб турмаган ҳам» . Шу боис Ибн Синонинг юқоридаги асарлари вақт ўтиб, ном-нишонсиз кетган.

Кўп йиллардан буён бахс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган муаммолардан бири ― Ибн Синонинг Хоразмга келиши ва фаолияти билан боғлиқдир. Аксарият олимлар (Муҳаммад Завзоний, Абдулғаффор Қавзвиний, В.В.Бартольд, И.Ю.Крачковский, С.П.Толстов, Б.Д.Петров, П.Г.Булгаков, А.А.Асқаров, А.П.Қаюмов, М.Жуманиёзов ва б.) Ибн Сино Хоразмга тахминан 1000 йилда, яъни 20 ёшида, келган деган фикрни ёқлашади. Бунинг асосий далили сифатида 999 йилда Бухоронинг қорахонийлар томонидан вайрон этилиши кўрсатилади. Профессор А.А.Қодиров ва тиббиёт фанлари номзоди У.Т.Соипов қораҳонийлар таъқибидан қутилиш учун сарсон-саргардон бўлган Ибн Сино 1002 йилда Хоразмнинг пойтахти — Урганчга келади, деб ёзадилар. Баъзида бунинг сабаблари қаторида Ибн Сино отасининг шу йилги вафоти ҳам кўрсатилади.

Бизнинг назаримида, 1005 йилда сомонийларнинг охирги ҳукмдори Абу Иброҳим Исмоил (лақаби Мунтасир) қатл қилиниб, ҳокимият бутунлай қорахонийлар қўлига ўтган бир муракаб шароитда Ибн Сино Бухорони тарк этиб, ўзидан 5 яшар кичик укаси Маҳмуд билан бирга Гурганжга кетади. Бу ҳақда Муҳаммад Тоҳир ибн Абул Қосимнинг “Ажойиб ат–табоқат” қўлёзмасида қуйидаги сатрлар бор: “Абу Али ибн Абдуллоҳ ибн Сино йигирма тўрт ёшида ақлий, нақлий ва риёзиёт илмларининг ҳаммасидан хабардор бўлиб, Бухорода олимлар билан тортишиб, уларни мот қилган. Кейин Хоразмга бориб, етти йил давомида у ерда дарс ўқийди. Кейин эса у ердан Журжонга боради” . Ибн Синонинг 7 йил давомида Хоразмда бўлганлиги ҳақида Шарифжон Маҳдум Садри Зиё ҳам ўзиниг “Тазкираи шуаро мутаққадимин ва салотин” (“Аввал ўтган шоирлар ва султонлар ҳақида тазкира–мажмуа”) асарида қайд қилганди.

Гурганжга келгач, Ибн Сино даставвал сомонийлар салтанатига қарам бўлган Хоразмнинг мустақиллигини тиклаган Маъмун ибн Муҳаммаднинг вориси ― амир Али ибн Маъмун ҳузурига боради. “Мен фиқҳлар кийимида эдим. Қўлимда тасбеҳ, эгнимда кенг чапон ва бошимда энгагимга боғланган катта салла эди. Мен учун менга ўхшаганларга етадиган миқдорда ойлик тайин қилинди” ,― деб эслайди Ибн Сино ўзи айтиб ёздирган таржимаи ҳолида.

Ибн Синога Хоразмда илтифот кўрсатган амалдорлар орасида вазир Абул Хасан Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Саҳлий алоҳида ҳурматга сазовор бўлганди. Доно ва айёр вазир дастлаб ўзини Ибн Сино ҳақида эшитмаган, бехабар одамдай тутади. Аммо у тарк этган Бухоро ва сомоний ҳукмдорлар тақдири ҳақида бироз суҳбатдан кейин Ибн Синони уламолар йиғилишига таклиф қилади. Келгусида Ибн Сино ўз навбатида нозик табиатли ва билимдон вазирга бағишлаб “Ернинг осмон ўртасида туриши ҳақида китоб”, “Ҳато даволаш оқибатида инсон аъзоларида пайдо бўладиган зарарли таъсиротларни йўқотиш” номли асарларини ёзади.

Ибн Сино ўзининг “Аш–Шифо” китобининг “Ал–Ҳайвон” деб номланган қисмида 1006 йилда Хоразмда бир филни кўрганлиги ҳақида ёзган. Хоразмда бўлган вақтида олим метеоритни эритиш учун ҳаракат қилган, аммо уддасидан чиқа олмаган. Шу даврда у сил касаллиги билан оғриган аёлни даволагани учун жуда катта обрў орттирган.

”Дорул ҳикма”га қабул қилинган Ибн Сино ўз даврининг машҳур ҳакимларидан Абулҳайр ибн Ҳаммор (942-1018), Абу Абдуллоҳ Илоқий (вафоти 1068), Абу Саҳл Масиҳий (970-1012), Абу Мансур Қамарийлар билан ҳамкорликда ишлайди. Олим Хоразмда “Ал-қонун фит-тибб” (“Тибб қонунлари”) номли қомусий асарининг дастлабки қисмини ёза бошлайди. Кейинчалик ушбу асар устида тинимсиз меҳнат қилиш билан бир қаторда 22 китобдан иборат “Аш–Шифо” номли катта асар ёзади.

Илмий асар яратиш ўта масъулиятли ва мураккаб машғулот эканлигини яхши тушунган Ибн Сино улуғ устозлари маслаҳати ва ўгитларига қулоқ тутишга мажбур эди. Бу борада айниқса машхур табиб Абулҳайр Сивор ибн Баҳром ал-Ҳаммор билан дастлабки учрашуви бир умрга сабоқ бўлиб қолганди. Ибн Синодан анчагина олдин Хоразмга келган ал-Ҳаммор 942 йилда Бағдодда таваллуд топган бўлиб, дунёвий билимларнинг кўпларини эгаллаган машҳур олим эди. У Эронлик улуғ ҳаким Абу Бакр ар-Розий (865-925) каби «Мақола фи-имтихон ил ат-тибб» («Табиблар билимини синаш») номли китоб ёзган ва Ибн Синони имтиҳондан ўтказган. Бунда кекса олим ёш даҳонинг жуда кучли билими борлиги билан бир қаторда, ўта димоғдор эканлиги, кибр-ҳаво эса олим одамга наф келтирмаслигини кўрсатган. Келгусида «Инсоннинг яратилиши ва аъзоларининг тузилиши», «Тутқаноқ касаллиги ҳақида», «Қарриликда соғлом яшаш ҳақида» каби китоблар ёзган ал-Ҳамморга ўзининг ёш дўсти Ибн Синога берган маслаҳатлари қанчалик тарбиявий аҳамиятга эга бўлганлигини кўриш насиб этган. Машҳур табиб Абулҳайр ал-Ҳаммор 88 ёшида Ғазна шаҳрида дунёдан ўтган.

Ибн Сино Хоразмда танишган ва дўст тутинган олимлар орасида Абу Райҳон Беруний алоҳида ажралиб турарди. Бу иккала даҳо 998–999 йиллар оралиғида дунёларнинг кўплиги, бўшлиқ, оғирлик ва енгиллик масалалари, жисмларнинг иссиқликдан кенгайиши, нурнинг аксланиши ва синиши каби кўплаб муаммолар юзасидан ўзаро ёзишмалар қилиб турсалар-да, бир–бири билан учрашмаган эдилар. Эндиликда улар орасидаги суҳбат ва мунозаралар янада мароқли ўтадиган бўлди.

Ибн Сино билан Гурганжда яқин ҳамкорлик қилган ва устоз сифатида тан олинган олимлардан яна бири — Абу Саҳл Исо Масиҳий (970-1011) эди. Асли Журжонлик бўлган мазкур олим «Дорул–ҳикма» аъзолари сафига қабул қилинади. У математика, астрономия, иқлимшуносликга оид китобларидан ташқари, тиббиётга оид 8 та асар ёзганди. Улар орасида «Тиббиётга доир юз масала», «Тиббиёт асослари», «Умумий тиббиёт ҳақида», «Чечак ҳақида», «Вабо ҳақида» каби китоблар бор эди.

Ибн Синонинг Хоразмдаги фаолияти 1011 йилда тугайди. Ғазнавийлар ҳукмдори Султон Маҳмуднинг хоразмшоҳ саройидаги олимларни ўз пойтахтига юбориш ҳақидаги талабидан норози бўлган Ибн Сино Гурганжни тарк этишга қарор қилади. “Зарурат Нисога кўчишимга мажбур қилди,― деб ёзади у ўз таржимаи холида. ― Сўнг ундан Абивардга, ундан Тусга, ундан Шиққонга, ундан Синиқолга, ундан Хуросон чегараси ― Жожурмга, ундан Журжонга кўчиб юришга мажбур бўлдим” . Қорақумдан ўтиш вақтида йўлдан адашган муҳожирлар жуда хавфли вазиятга тушиб қоладилар. Масиҳийнинг ҳалок бўлиши эса Ибн Синога жуда катта маънавий таъсир қилади.

Ибн Сино Журжондан кейин, Нишопур, Рай ва Қазвин, Ҳамадонда мусофирлик ва муҳтожликда яшаган вақтларида Хоразмда ҳамкорлик қилган олимлар билан яқин мулоқотда бўлганлиги ҳақида маълумотлар кам сақланган. Чунки, 1017 йилда Хоразмни эгаллаган Султон Маҳмуд “Дорул ҳикма” аъзоларининг аксариятини Ғазнага олиб кетганди. Ҳусусан, Абу Райҳон Беруний 30 йиллик умрини ғазнавийлар ҳизматида ўтказди ва унинг Ибн Сино билан яна учрашганини тасаввур қилиш қийин.

Исфахонда расадхона қурдирган Ибн Сино феодал ҳукмдорлар ўртасидаги мажоралар оқибатида Исфахон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида кўчиб юрган. Жисмонан жуда бақувват инсон бўлса-да, муҳожирликдаги кўнимсиз ҳаёти ва тинимсиз машаққатли меҳнати оқибатида ўз саломатлигига етарли даражада эътибор беролмаган. Натижада у куланж касаллиги билан оғриб, 1037 йил 18 июнда Ҳамадонда дунёдан ўтган.

Аз қаъри гили то авжи Зуҳал
Кардам Ҳама мушкилоти гешро ҳал.
Берун жастам зи қайди хар макру хиял,
Ҳар банд кушуда шуд магар банди ажал.

Яъни:

Шул ҳоки сиёҳдин ― то авжи Зуҳал,
Ҳар нечаки мушкулот эрур, этдим ҳал.
Очдим неча занжири мақри ҳиял,
Ечдим неча бор тугун, магар қолди ажал…
(Жамол Камол таржимаси).

«Шайҳ ул-раис» унвонига сазовор бўлган қомусий билим соҳиби Абу Али ибн Синонинг илмий мероси 29 та фандан 450 асардан ортиқ бўлиб, ҳозиргача аниқлангани 274 та ва топилгани 160 та, холос. Уларнинг 185 таси фалсафа, мантиқ (19 та), психология (26), астрономия (7 та), кимё (2 та), этика (9 та), адабиёт (3 та), мусиқа (3 та), 43 таси тиббиёт, қолганлари ижтимоий-сиёсий масалаларга бағишланган. Олимнинг ахлоққа оид — «Китоб ул-инсоф» (20 жилд), тилшуносликга доир — «Китоб лисон ул-араб» («Араб тили китоби», 10 жилд), мантиқ илмига бағишланган «Донишнома» (4 жилд) каби асарлар ва «Ҳайй ибн Якзон» номли фалсафий қиссалари жаҳон олимлари томонидан ўрганилмоқда.

Тиббиёт ва табобат муаммолари ёритилган асарлари орасида: «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб уш-шифо» (18 жилд), «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-куланж» («Ичак санчиқлари»), «Китоб ун-набз» («Томир кўриш ҳақида китоб»), «Фуж ул-тиббийа жориа фи-мажлиси» («Тибб ҳақида ҳикматли сўзлар»), «Тадбир ул-манзил» («Турар жойнинг тузилиши»), я»Фил-ҳиндубо» («Сачратки ўсимлиги ҳақида»), «Рисола фидастур ит-тиббий» («Тиббий кўрсатмалар ҳақида»), «Рисола фи-сиканжубин» («Сирка-муроббо ҳақида рисола»), «Рисола фи хивз ис-сихха» («Саломатликни сақлаш ҳақида рисола»), «Дорилар қоидаси», «Иситмалар ва шишлар», «Асаб касалликлари ва фалажлар» кабилари бор.

Ибн Синонинг «Тибб қонунлари» китобининг аҳамияти тўғрисида академик В.Н.Терновский: «Уни инсоний тафаккурининг гениал асари, ўз аҳамияти ва мазмуни жиҳатидан инсоният маданиятининг тимсоли деса бўлади»,— деб ёзганди. 1956–1961 йилларда «Китоб ал-қонун фит-тибб» («Тибб қонунлари», 5 жилд) рус ва 1996-1997 йилларда ўзбек тилида (10 жилд) Тошкентда нашр қилинган. 1981 йилда Москвадаги «Новости» матбуот агентлиги томонидан «Ибн Сино” халқаро мукофоти таъсис этилган.

Жаҳон фани ва маданияти хазинасини ўзининг буюк мероси билан бойитган Абу Али ибн Синонинг асарларини янада чуқурроқ ўрганиш ва амалиётга тадбиқ қилиш инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, дунёқарашини кенгайтириш, мураккаб ва муамоли масалаларнинг ечимини топишга ёрдам беради.

Адабиётлар

Воскобойников В. Великий врачеватель. — М., 1980.
Зоҳидов В. Уч дахо (Форобий, Беруний, Ибн Сино). — Тошкент: Фан, 1987.
Ирисов А. Ҳаким ибн Сино. Ҳаёти ва ижоди. — Тошкент: Ўзбекистон, 1992.
Маҳмудов М.М. Ибн Синонинг хоразмлик устозлари  — “Хоразм ҳақиқати”, 1994, 2 авг.
Ошанин Л. Ибн Сино тумори. — Тошкент, 1980.
Терновский В.Н. Ибн Сина (Авиценна). — М., 1969.
Қаюмов А.П. Абу Райҳон Беруний. Абу Али ибн Сино. ―Тошкент: Ёш гвардия¸1987.
Қориев М. Ибн Сино. — Тошкент: Fафур Fулом, 1995.

02

08
IBN SINO VA XORAZMLIK OLIMLAR
Madrahim MAHMUDOV
professor
06

Dunyo ilm-fani taraqqiyotida so’nmas iz qoldirgan buyuk qomusiy olim, yirik tabib, faylasuf, astronom, matematik, musikashunos, huquqshunos, shoir Abu Ali ibn Sino 980 yil 16 avgustda Buxoro yaqinidagi Afshona qishlog’ida tavallud topgandi. Uning asli ismi ? Abu Ali al-Xusayn ibn Abdulloh ibn Hasan ibn Sino bo’lib, yoshlik davrida ko’plab mutafakkirlardan saboq olgan. Ular qatorida matematik Husayn Mahmudi Massoh, qonunshunos Husayn Ismoil az-Zohidiy, Bag’dodda ta’lim olgan va Pedaniy Dioskorid degan olimning dorishunoslikka oid asarini arab tiliga tarjima qilib tanilgan hakim Abu Abdulloh an-Notiliy turadi.

Ibn Sino o’z tarjimai holida yozadi: «Keyin Buxoroga Notiliy kelib qoldi. Uni faylasuf deb atashar edilar. Undan mening ta’lim olishim umidida otam uni uyimizga joylashtirdi. Uning kelishidan oldin ham fiqh bilan shug’ullanib, bu xususda Ismoil Zoxidga qatnab yurar edim. Keyin Notiliydan «Isog’uchi» kitobini o’rgana boshladim» . «Notiliy qaysi masalalarni mendan so’rmasin, men u masalani undan ko’ra durustroq tasavvur qilardim. Nihoyat undan mantiqning yuzaki masalalarini o’qidim, lekin uning nozik tomonlari unga noma’lum edi» .

Ibn Sino mustaqil ravishda mantiqqa oid kitoblardan keyin Evklidning matematika va geometriya? Ptolemeyning yulduzshunoslik, optikaga doir “Almagesta” kabi asarlarini o’rganadi. «Keyin tib ilmi bilan shug’ullanishni istab qoldim va unga bag’ishlangan kitoblarni o’qishga tushdim,? deb yozadi Ibn Sino tarjimai holida. ? Tib aslida qiyin ilmlardan emas, shu sababdan men qisqa muddat ichida bu sohada shunday yutuqqa erisha oldimki, hatto fozil tabiblar ham menga kelib, mendan tib ilmini o’qiydigan bo’ldilar. Bemorlarga ham qatnar edim. Erishgan tajribalarim natijasida menga davolash eshiklari shunday keng ochildiki, uni ta’riflab bo’lmaydi» . Ibn Sinoning tabib sifatida shakllanishida Notiliy bilan bir qatorda Abu Mansur al-Xasan ibn Nuh al-Qumriy, Abu Bakr Robiy ibn Ahmad al-Ahavoniy al-Buxoriy kabi olimlarning kuchli ta’siri bo’lgandi.

996-997 yillarda bilimli va tajribali tabib sifatida tanila boshlagan Ibn Sinoni betob amir Nux ibn Mansurni davolashga taklif etadilar. Natijada unga hukmdor vazirining “Donolik xazinasi”dagi noyob kitoblar bilan tanishishga ruxsat beriladi. Ular orasida Aristotel` Evklid, Ptolemey, Galen, Gippokrat, Pifagor, Porfiriy kabi g’arb allomalarining asarlari ham bor edi.

Kutubxonaga tabib Abu Abdulloh Muhammad ibn Yusuf Xorazmiy mudirlik qilardi. Mazkur olim qalamiga mansub “Bilimlar kaliti” nomli katta asar bo’lib, u bilan Ibn Sino bevosita tanishganligiga shubha yo’q . Yusuf Xorazmiyning tavsiyasi bilan Ibn Sino yunon faylasufi Aristotelning «Metafizika» asari bilan tanisha boshlaydi. «Bu kitobni yozgan kishining maqsadi menga bekik edi. Hatto uni qirq bor qayta o’qidim, men uni va uning maqsadlarini tushuna olmasdim. Undan umidimni uzib, bu tushunib bo’lmaydigan kitob ekan, degan xulosaga kelgan edim»,? deb xotirlagandi olim.

Ammo tasodifan bir kuni Ibn Sinouning qo’liga «Muallimi as-soniy» deb tan oldingan mashhur faylasuf Abu Nasr Forobiyning «Metafizika»ga yozgan sharxi qo’lyozmasi tushib qoladi. “Uyimga qaytdim-u, darrov uni o’qishga tushdim. «Metafizika» dilimda yod bo’lib qolgani sababli o’sha paytdayoq bu kitobning maqsadlari menga ochilaverdi. Bundan juda xursand bo’lib ketdim, o’sha kunining ertasigayoq kambag’allarga ancha narsa sadaqa qildim» .

«Abu Bakr al-Barqiy degan Xorazmda tug’ilgan bir qo’shnim bor edi,? deb yozadi Ibn Sino. ? O’z tabiati bilan u kishi faqih, tafsir va porso — zuhdlikda yagona zdi. Bu ilmlarga o’zi ham moyil edi. Bu kishi mendan kitoblarga sharh yozib berishimni so’radi. Men unga yigirma jildcha keladigan «Al-hosil va al-mahsul» (“Olinadigan va erishiladigan”) degan kitob yozib berdim. Bundan tashqari, unga axloqqa tegashli yana bir kitob yozib berdim. Kitob nomini «Kitob al-birr val-ism» («Yaxshilik va yomonlik kitobi») deb qo’ydim. Bu ikki kitob undan boshqada yo’q, u kishi ikkovidan nusxa olish uchun hech kimga berib turmagan ham» . Shu bois Ibn Sinoning yuqoridagi asarlari vaqt o’tib, nom-nishonsiz ketgan.

Ko’p yillardan buyon baxs-munozaralarga sabab bo’lib kelayotgan muammolardan biri ? Ibn Sinoning Xorazmga kelishi va faoliyati bilan bog’liqdir. Aksariyat olimlar (Muhammad Zavzoniy, Abdulg’affor Qavzviniy, V.V.Bartol`d, I.YU.Krachkovskiy, S.P.Tolstov, B.D.Petrov, P.G.Bulgakov, A.A.Asqarov, A.P.Qayumov, M.Jumaniyozov va b.) Ibn Sino Xorazmga taxminan 1000 yilda, ya’ni 20 yoshida, kelgan degan fikrni yoqlashadi. Buning asosiy dalili sifatida 999 yilda Buxoroning qoraxoniylar tomonidan vayron etilishi ko’rsatiladi. Professor A.A.Qodirov va tibbiyot fanlari nomzodi U.T.Soipov qorahoniylar ta’qibidan qutilish uchun sarson-sargardon bo’lgan Ibn Sino 1002 yilda Xorazmning poytaxti — Urganchga keladi, deb yozadilar. Ba’zida buning sabablari qatorida Ibn Sino otasining shu yilgi vafoti ham ko’rsatiladi.

Bizning nazarimida, 1005 yilda somoniylarning oxirgi hukmdori Abu Ibrohim Ismoil (laqabi Muntasir) qatl qilinib, hokimiyat butunlay qoraxoniylar qo’liga o’tgan bir murakab sharoitda Ibn Sino Buxoroni tark etib, o’zidan 5 yashar kichik ukasi Mahmud bilan birga Gurganjga ketadi. Bu haqda Muhammad Tohir ibn Abul Qosimning “Ajoyib at–taboqat” qo’lyozmasida quyidagi satrlar bor: “Abu Ali ibn Abdulloh ibn Sino yigirma to’rt yoshida aqliy, naqliy va riyoziyot ilmlarining hammasidan xabardor bo’lib, Buxoroda olimlar bilan tortishib, ularni mot qilgan. Keyin Xorazmga borib, yetti yil davomida u yerda dars o’qiydi. Keyin esa u yerdan Jurjonga boradi” . Ibn Sinoning 7 yil davomida Xorazmda bo’lganligi haqida Sharifjon Mahdum Sadri Ziyo ham o’zinig “Tazkirai shuaro mutaqqadimin va salotin” (“Avval o’tgan shoirlar va sultonlar haqida tazkira–majmua”) asarida qayd qilgandi.

Gurganjga kelgach, Ibn Sino dastavval somoniylar saltanatiga qaram bo’lgan Xorazmning mustaqilligini tiklagan Ma’mun ibn Muhammadning vorisi ? amir Ali ibn Ma’mun huzuriga boradi. “Men fiqhlar kiyimida edim. Qo’limda tasbeh, egnimda keng chapon va boshimda engagimga bog’langan katta salla edi. Men uchun menga o’xshaganlarga yetadigan miqdorda oylik tayin qilindi” ,? deb eslaydi Ibn Sino o’zi aytib yozdirgan tarjimai holida.

Ibn Sinoga Xorazmda iltifot ko’rsatgan amaldorlar orasida vazir Abul Xasan Ahmad ibn Muhammad as-Sahliy alohida hurmatga sazovor bo’lgandi. Dono va ayyor vazir dastlab o’zini Ibn Sino haqida eshitmagan, bexabar odamday tutadi. Ammo u tark etgan Buxoro va somoniy hukmdorlar taqdiri haqida biroz suhbatdan keyin Ibn Sinoni ulamolar yig’ilishiga taklif qiladi. Kelgusida Ibn Sino o’z navbatida nozik tabiatli va bilimdon vazirga bag’ishlab “Erning osmon o’rtasida turishi haqida kitob”, “Hato davolash oqibatida inson a’zolarida paydo bo’ladigan zararli ta’sirotlarni yo’qotish” nomli asarlarini yozadi.

Ibn Sino o’zining “Ash–Shifo” kitobining “Al–Hayvon” deb nomlangan qismida 1006 yilda Xorazmda bir filni ko’rganligi haqida yozgan. Xorazmda bo’lgan vaqtida olim meteoritni eritish uchun harakat qilgan, ammo uddasidan chiqa olmagan. Shu davrda u sil kasalligi bilan og’rigan ayolni davolagani uchun juda katta obro’ orttirgan.

”Dorul hikma”ga qabul qilingan Ibn Sino o’z davrining mashhur hakimlaridan Abulhayr ibn Hammor (942-1018), Abu Abdulloh Iloqiy (vafoti 1068), Abu Sahl Masihiy (970-1012), Abu Mansur Qamariylar bilan hamkorlikda ishlaydi. Olim Xorazmda “Al-qonun fit-tibb” (“Tibb qonunlari”) nomli qomusiy asarining dastlabki qismini yoza boshlaydi. Keyinchalik ushbu asar ustida tinimsiz mehnat qilish bilan bir qatorda 22 kitobdan iborat “Ash–Shifo” nomli katta asar yozadi.

Ilmiy asar yaratish o’ta mas’uliyatli va murakkab mashg’ulot ekanligini yaxshi tushungan Ibn Sino ulug’ ustozlari maslahati va o’gitlariga quloq tutishga majbur edi. Bu borada ayniqsa mashxur tabib Abulhayr Sivor ibn Bahrom al-Hammor bilan dastlabki uchrashuvi bir umrga saboq bo’lib qolgandi. Ibn Sinodan anchagina oldin Xorazmga kelgan al-Hammor 942 yilda Bag’dodda tavallud topgan bo’lib, dunyoviy bilimlarning ko’plarini egallagan mashhur olim edi. U Eronlik ulug’ hakim Abu Bakr ar-Roziy (865-925) kabi «Maqola fi-imtixon il at-tibb» («Tabiblar bilimini sinash») nomli kitob yozgan va Ibn Sinoni imtihondan o’tkazgan. Bunda keksa olim yosh dahoning juda kuchli bilimi borligi bilan bir qatorda, o’ta dimog’dor ekanligi, kibr-havo esa olim odamga naf keltirmasligini ko’rsatgan. Kelgusida «Insonning yaratilishi va a’zolarining tuzilishi», «Tutqanoq kasalligi haqida», «Qarrilikda sog’lom yashash haqida» kabi kitoblar yozgan al-Hammorga o’zining yosh do’sti Ibn Sinoga bergan maslahatlari qanchalik tarbiyaviy ahamiyatga ega bo’lganligini ko’rish nasib etgan. Mashhur tabib Abulhayr al-Hammor 88 yoshida G’azna shahrida dunyodan o’tgan.

Ibn Sino Xorazmda tanishgan va do’st tutingan olimlar orasida Abu Rayhon Beruniy alohida ajralib turardi. Bu ikkala daho 998–999 yillar oralig’ida dunyolarning ko’pligi, bo’shliq, og’irlik va yengillik masalalari, jismlarning issiqlikdan kengayishi, nurning akslanishi va sinishi kabi ko’plab muammolar yuzasidan o’zaro yozishmalar qilib tursalar-da, bir–biri bilan uchrashmagan edilar. Endilikda ular orasidagi suhbat va munozaralar yanada maroqli o’tadigan bo’ldi.

Ibn Sino bilan Gurganjda yaqin hamkorlik qilgan va ustoz sifatida tan olingan olimlardan yana biri — Abu Sahl Iso Masihiy (970-1011) edi. Asli Jurjonlik bo’lgan mazkur olim «Dorul–hikma» a’zolari safiga qabul qilinadi. U matematika, astronomiya, iqlimshunoslikga oid kitoblaridan tashqari, tibbiyotga oid 8 ta asar yozgandi. Ular orasida «Tibbiyotga doir yuz masala», «Tibbiyot asoslari», «Umumiy tibbiyot haqida», «Chechak haqida», «Vabo haqida» kabi kitoblar bor edi.

Ibn Sinoning Xorazmdagi faoliyati 1011 yilda tugaydi. G’aznaviylar hukmdori Sulton Mahmudning xorazmshoh saroyidagi olimlarni o’z poytaxtiga yuborish haqidagi talabidan norozi bo’lgan Ibn Sino Gurganjni tark etishga qaror qiladi. “Zarurat Nisoga ko’chishimga majbur qildi,? deb yozadi u o’z tarjimai xolida. ? So’ng undan Abivardga, undan Tusga, undan Shiqqonga, undan Siniqolga, undan Xuroson chegarasi ? Jojurmga, undan Jurjonga ko’chib yurishga majbur bo’ldim” . Qoraqumdan o’tish vaqtida yo’ldan adashgan muhojirlar juda xavfli vaziyatga tushib qoladilar. Masihiyning halok bo’lishi esa Ibn Sinoga juda katta ma’naviy ta’sir qiladi.

Ibn Sino Jurjondan keyin, Nishopur, Ray va Qazvin, Hamadonda musofirlik va muhtojlikda yashagan vaqtlarida Xorazmda hamkorlik qilgan olimlar bilan yaqin muloqotda bo’lganligi haqida ma’lumotlar kam saqlangan. Chunki, 1017 yilda Xorazmni egallagan Sulton Mahmud “Dorul hikma” a’zolarining aksariyatini G’aznaga olib ketgandi. Hususan, Abu Rayhon Beruniy 30 yillik umrini g’aznaviylar hizmatida o’tkazdi va uning Ibn Sino bilan yana uchrashganini tasavvur qilish qiyin.

Isfaxonda rasadxona qurdirgan Ibn Sino feodal hukmdorlar o’rtasidagi majoralar oqibatida Isfaxon, Ray, Hamadon shaharlari orasida ko’chib yurgan. Jismonan juda baquvvat inson bo’lsa-da, muhojirlikdagi ko’nimsiz hayoti va tinimsiz mashaqqatli mehnati oqibatida o’z salomatligiga yetarli darajada e’tibor berolmagan. Natijada u kulanj kasalligi bilan og’rib, 1037 yil 18 iyunda Hamadonda dunyodan o’tgan.

Az qa’ri gili to avji Zuhal
Kardam Hama mushkiloti geshro hal.
Berun jastam zi qaydi xar makru xiyal,
Har band kushuda shud magar bandi ajal.

Ya’ni:

Shul hoki siyohdin ? to avji Zuhal,
Har nechaki mushkulot erur, etdim hal.
Ochdim necha zanjiri maqri hiyal,
Yechdim necha bor tugun, magar qoldi ajal…
(Jamol Kamol tarjimasi).

«Shayh ul-rais» unvoniga sazovor bo’lgan qomusiy bilim sohibi Abu Ali ibn Sinoning ilmiy merosi 29 ta fandan 450 asardan ortiq bo’lib, hozirgacha aniqlangani 274 ta va topilgani 160 ta, xolos. Ularning 185 tasi falsafa, mantiq (19 ta), psixologiya (26), astronomiya (7 ta), kimyo (2 ta), etika (9 ta), adabiyot (3 ta), musiqa (3 ta), 43 tasi tibbiyot, qolganlari ijtimoiy-siyosiy masalalarga bag’ishlangan. Olimning axloqqa oid — «Kitob ul-insof» (20 jild), tilshunoslikga doir — «Kitob lison ul-arab» («Arab tili kitobi», 10 jild), mantiq ilmiga bag’ishlangan «Donishnoma» (4 jild) kabi asarlar va «Hayy ibn Yakzon» nomli falsafiy qissalari jahon olimlari tomonidan o’rganilmoqda.

Tibbiyot va tabobat muammolari yoritilgan asarlari orasida: «Kitob al-qonun fit-tibb», «Kitob ush-shifo» (18 jild), «Kitob un-najot», «Kitob ul-kulanj» («Ichak sanchiqlari»), «Kitob un-nabz» («Tomir ko’rish haqida kitob»), «Fuj ul-tibbiya joria fi-majlisi» («Tibb haqida hikmatli so’zlar»), «Tadbir ul-manzil» («Turar joyning tuzilishi»), ya»Fil-hindubo» («Sachratki o’simligi haqida»), «Risola fidastur it-tibbiy» («Tibbiy ko’rsatmalar haqida»), «Risola fi-sikanjubin» («Sirka-murobbo haqida risola»), «Risola fi xivz is-sixxa» («Salomatlikni saqlash haqida risola»), «Dorilar qoidasi», «Isitmalar va shishlar», «Asab kasalliklari va falajlar» kabilari bor.

Ibn Sinoning «Tibb qonunlari» kitobining ahamiyati to’g’risida akademik V.N.Ternovskiy: «Uni insoniy tafakkurining genial asari, o’z ahamiyati va mazmuni jihatidan insoniyat madaniyatining timsoli desa bo’ladi»,— deb yozgandi. 1956–1961 yillarda «Kitob al-qonun fit-tibb» («Tibb qonunlari», 5 jild) rus va 1996-1997 yillarda o’zbek tilida (10 jild) Toshkentda nashr qilingan. 1981 yilda Moskvadagi «Novosti» matbuot agentligi tomonidan «Ibn Sino” xalqaro mukofoti ta’sis etilgan.

Jahon fani va madaniyati xazinasini o’zining buyuk merosi bilan boyitgan Abu Ali ibn Sinoning asarlarini yanada chuqurroq o’rganish va amaliyotga tadbiq qilish insonlar salomatligini mustahkamlash, dunyoqarashini kengaytirish, murakkab va muamoli masalalarning yechimini topishga yordam beradi.

Adabiyotlar

Voskoboynikov V. Velikiy vrachevatel`. — M., 1980.
Zohidov V. Uch daxo (Forobiy, Beruniy, Ibn Sino). — Toshkent: Fan, 1987.
Irisov A. Hakim ibn Sino. Hayoti va ijodi. — Toshkent: O’zbekiston, 1992.
Mahmudov M.M. Ibn Sinoning xorazmlik ustozlari — “Xorazm haqiqati”, 1994, 2 avg.
Oshanin L. Ibn Sino tumori. — Toshkent, 1980.
Ternovskiy V.N. Ibn Sina (Avitsenna). — M., 1969.
Qayumov A.P. Abu Rayhon Beruniy. Abu Ali ibn Sino. ?Toshkent: Yosh gvardiya?1987.
Qoriev M. Ibn Sino. — Toshkent: Fafur Fulom, 1995.

02

(Tashriflar: umumiy 1 393, bugungi 1)

Izoh qoldiring