Mahmud Abulfayz. Hikoyatlar va badialar

002

   Бу ёзмаларни балки биз ўрганган расмана адабиёт деб бўлмас. Лекин журналистика ё публицистика ҳам эмас бу. Дарвоқе, тайин бир жанрга мансублик шартми? Дард билан, самимият билан ёзилиб, уни ўқиган одам завқланса, қониқиш ҳосил қилса — кифоя-да…

Эркин АЪЗАМ
ТОЗА КЎНГИЛ КЕЧИНМАЛАРИ
«Инсонни армон улғайтиради» китобига
ёзилган сўзбошидан

002

   Бу ёзмаларни балки биз ўрганган расмана адабиёт деб бўлмас. Лекин журналистика ё публицистика ҳам эмас бу. Дарвоқе, тайин бир жанрга мансублик шартми? Дард билан, самимият билан ёзилиб, уни ўқиган одам завқланса, қониқиш ҳосил қилса — кифоя-да. Қолаверса, «ясама» бадиий асарлар ҳам, бирёқлама публицистика ҳам меъдага тегиб улгурди. Маҳорат даъвосидан йироқ, унча-мунча адабий қолиплар дош беролмайдиган дағал ҳаёт ҳақиқатларига ташналик бор бугун.

Ана шундай йўсиндаги асарларга шинаванда бўлсангиз — сурхонлик қаламкаш Маҳмуд Абулфайзни ўқинг. Олис тоғ қишлогининг кундалик, аммо нимаси биландир абадиятга дохил ҳаёт мароми, содда-дўлвор одамлари, лампа-чироқ шуъласидаги хотиржам оқшом гурунгларидан нақл қилган бир очеркини (очеркмиди, ҳикоямиди, нима аҳамияти бор?) ўқиб, мен бу муаллифга ихлос қўйганман. Уни ўқиб, бу ғулғула шаҳардан, эришганим озми-кўпми нарсалардан — бари-баридан воз кечиб, ўша ёқларга кетгим келган… Адиблик, ижодкорлик шу эмасми?!

Лекин Маҳмуд Абулфайз буларни даъво қилмайди. Уники бир тоза кўнгилнинг дарду кечинмалари, ҳаётда кўрган-билганларини ҳар мақом адабий олифталикларга берилмай, сидқидилдан нақл этмоқ, вассалом. Бунда у ўзи яхши кўрган, яхши билган элига, элдошларига, уларнинг содда, жайдари донишмандлигига таянади. Шулар таърифида гоҳо дард, гоҳо ифтихор билан қалам суради. Менимча, камтарин қаламкашимиз учун бу кам эмас. Манаман деган «пойтахт адиблари» ҳавас қилгулик ҳол!

МАҲМУД АБУЛФАЙЗ
ҲИКОЯТЛАР ВА БАДИАЛАР
002

017

КЎК ТЕЛПАК

… Аслида-ку бу воқеа унинг ёдидан қачонлардир қўтарилиб кетган эди. Орадан кўп йиллар ўтгач, қандайдир бир майда, лекин олисларда қолиб кетган ва баногоқ хотирасини уйғотиб юборган воқеа юз берди-ю кўнгил уйи остин-устин, ағдар-тўнтар бўлди.

Бир маромдаги ҳаёт, шовқин-сурон ёхуд бешарм гаплар, рандаланган табассумлар жонига теккач, бир куни туғилган қишлоғига қараб йўлни бурганини ўзи қам билмай Қолди. Мажбурият эмас, ички бир соғинч унинг қўлларидан етаклаб кетган эди.

Қишлоқдаги уйига боргач, одатига қўра, ярим омборхона, ярим устахона, борингки, ярим кутубхона вазифасини ўтайдиган хонага кирар, у ерда узоқ вақт тимирскиланиб, гўёки нималарнидир узоқ қидирарди. Аслида бу ердан нималарни қидирарди, буни ўзи қам билмасди. У биз айтаётган ана шу хонага кириб гўё бисот, буюм эмас, олисдаги хотираларини бирма-бир титкиларди. Эски китоблар, алмисоқдан қолиб кетган буюмлар унинг дардларини гоҳи даволаса, гоҳида эса эски яраларини очиб юборарди.

Бир сафар унинг олдидан анча путурдан кетган, жунларини куя деярли еб тугатган кўк телпак чиқиб қолди…

Кўк телпак… Тамом путурдан кетиб, териси чиқиб қолган кўк телпак унинг кўнглини буткул вайрон қилди. Кўк телпак унга валломат ва ғоятда қимматли, етти иқлимга-да алмашиб бўлмайдиган, кўнгли мискин ва лекин дарёи азим бўлган отаси раҳматлини эсига солди. Аллақачон дийдаси қотиб улгурган, унча-мунчага кўз ёшини кўрсатмайдиган бўлса-да, рўпарасида пайдо бўлган кўк телпак кўзларига ўкинч ва армон ёшларини қалқитди.

Кези келганда армон ҳар қандай дили тош одамни ҳам йиғлатади, жигархун қилади. Кўк телпак бир армон эди. Армон унинг дийдасини пахтадек юмшатди…

—… Менга бундай телпакнингкераги йўқ! — деди ўсмир отаси Деновдаги машҳур устага сур теридан тиктириб келган кўк телпакни зарда билан бурчакка улоқтириб юбораркан.
— Улим, отманг-да… — деди отаси мулойимлик билан, — бу кўп яхши телпак. Ундай- мундай одамнинг бундай телпакка иложи етмайди, улим! Сизни кийсин деб ҳавас билан тиктирган эдим…
— Ота, нима қиласиз, бошимни гаранг қилиб, — деди ўсмир яна жаҳл билан, — бундай телпак керак эмас менга! Керак эмас дедимми, тамом, керак эмас!
— Хўп, майли, киймасангиз — кийманг, лекин ҳадеб бундай уришманг-да, улим! — деди отаси бироз озорланганини сездириб, — бу телпак учун ўтган йили кўкламда чўлдаги таниш чўпонга бориб юзим сарғайди. Теридан яхши телпак тиктириш учун лезгин устани қидириб тоддим. Ҳақига пулини бердим, сизни кийсин деб ҳавас қилгандим-да, улим!…

Алқисса, шундан сўнг телпак омборхонадан жой олди. Кўп йиллар михга осилганча қолиб кетди. Ўсмир камолга етди, шекилли, қайсидир бир институтга ўқишга ҳам кирди. Оёқ тираб роса беш йил ўқиди ҳам. Қарангки, ўқиб юрган пайтларида отаси ҳавас қилиб тиктирган кўк телпакка айнан ўхшайдиган қўк телпакларнинг қанчалаб бошларда азиз эканлигини кўрди. Уни ўқитаётган катта-катта домлаларнинг, илм, ўқиш-ўрганишнинг зўридан, балки дунё ташвишлари, оламнинг ўйи оғирлик қилганидан сочлар аллақачон тарк этиб кетган неча-неча бошларда кўк телпаклар ардокда эди. Хумдек ёки чойнакдек келадиган, мағрур ёки камтарона бошларда ҳам кўк телпакдан кўрди. Ҳайбатли, не бир номдор бошлиқлар, уларнинг ўринбосарлари бошида ҳам шу кўк телпакдан бор эди.

Катта шаҳарнинг минглаб одамлар билан мавжланиб ётган, тўлиб-тошиб ётадиган кўчаларида бораётган қанча одамларнинг ҳам бошларида худди ўшандай кўк телпакдан кўрарди. Шундай пайтларда у отаси раҳматли қачонлардир ҳавас билан тиктирган кўк телпакни кийиб, минглаб одамлар орасидаги кўк телпакли йўловчилардан бири бўлиб қолишни жуда-жуда истарди. Лекин бу истак унинг учун аллақачонлардир армонга айланиб улгурган эди.

Негадир шундай пайтларда отаси, кўк телпак, шу кўк телпак сабаб бўлиб ўтган можаро ёдига тушар ва надомат билан ўзини қўярга жой тополмасдан қоларди.

Энди кўк телпакни кийиб, мақтаб-мақтаб отасини суюнтирай деса, кеч. Майли, энди ҳечдан кўра кеч, отамдан қолган эсдалик, ёдгорлик буюм, кияйин деса, кўк телпак унинг ўсмирлигидан кўпам узоқлашмасдан куяга емиш бўлган. Бўлар иш бўлибди. Шунга ҳам ғам тортиб ўтириш керакми, десада, ҳаргиз унутолмайди.

… Аслида кўк телпак… куя тушган бош кийиммиди, билмайди. Кўк телпак… қуя тушган болалиги, ўсмирлигимиди, билмайди. Кўк телпак… дилни тирнагувчи хотирамиди, билмайди. Кўк телпак… аслида армонмиди, нима эди, буни ҳам билмайди. Фақат юртга қаҳратон қиш келган чоғларда, осмондан паға-паға қорлар ёққанида отаси тиктириб келган кўк телпак ёдига тушади. Шунда кўк телпак билан боғлиқ хотиралар дилини тирнайди, тирнайверади…

КЎНГИЛ САНДИҒИДАГИ ГУРУНГ

Раҳматли муаллимимиз юриш-туришга, кийинишга алоҳида эътибор берарди. Мен уни тоза-ораста ва ярашиқли кийиниш, маданиятли юришнинг бир тимсоли эди, десам- да, бўлади. Ёғин-сочинли кунларда ҳам синфхонага кириб келган муаллимнинг туфлилари мойланган, ялтираб турар, шимининг почаларига гард ҳам юқмаган бўларди. Қишлоқнинг тиззага урадиган лой кўчаларидан муаллимимиз пойафзалларини қўлида кўтариб ўтганми, деган хаёлга ҳам борардик, гоҳида. Дарс ўтганда ҳам, гурунг бераётган чоғида ҳам ҳар бир сўзни жой-жойига қўйиб, шошилмасдан, маънили қилиб гапирарди.

Хуллас, ана шу муаллим бизнинг кўз ўнгимизда, болалик хаёлимизда ёруғ бир қиёфада қолиб кетди.

… У пайтларда қишлоғимизда шоир ёки ёзувчини, профессорни кўрган одам жуда кам эди. Балки шундай бахтга мушарраф бўлган одам йўқ эди десам ҳам тўғрироқ чиқади. Раҳматли ана шу муаллимимизнинг юрак қатида бир сирли хотира, балки нурли, ҳаётбахш гурунг сақланарди. Бу гурунгни муаллимимиз ҳамма ерда ҳам айта бермасди. Даврани ўзига ва шу жозибали гурунгга муносиб кўрсагина, кайфияти баланд нуқтага кўтарилсагина айтарди. Дейлик, баҳор адоқлайвериб тоққа саёҳатга чиққанимиздами, кўклам теварак-атрофни безаб, қирларда қизғалдоқлар алвон бўлиб очилган, юрак эса қувончнинг зўридан қўкрак қафасини ёриб чиқар даражага етган чоғлардами, мароқ билан, фавқулодда хуш кайфиятда ва завқ-шавқ билан ҳикоя қилиб берарди. Ана шу гурунги учун ҳам биз ўқувчилар муаллимимизни янада ҳурмат қилардик, унга нисбатан муносабатимиз ўзгача эди десам, гапларимга ишонарсиз деб ўйлайман.

Бизнинг сирли ва мунаввар болалик йилларимизга, ўсмирлик даврларимизга зеб берган, гўдак кўнглимизни музайян манзилларга бетиним чорлаб турган бу гурунг нима ҳақида эди? Эшитгингиз, хабардор бўлгингиз келаяптими? Орадан қанча йиллар ўтиб кетди, қанча теран дарёлар мавжланиб оқдилар. То шу кунгача ҳам бу ҳақда ҳеч кимга юрагимни очиб айтмаган эдим. Келинг, кўнгил ёрадиган замонлар қошимизда турибди. Шу гурунгни Сизга ҳам айтиб берайин. Қарасам- ки, Сиз ҳам шу ажойиб гурунгга муносиб бир одам қўринасиз. Дунё ўтаётир. Умр ўтиб бормоқда. Воҳким, ададсиз воҳким, умримиз карвони болалик ва ўсмирлик қирғоқларидан тобора шиддат билан йироқлашиб бормоқда. Қараб турсам, мени ҳам бу фоний дунёга боғлаб қўйганга ўхшамайди. Келинг, мен ғарибдан сиздек бир валломат дўстга, биродарга бир сахийлик бўлсин. Бир ёруғ гурунг эсдалик бўлиб қолсин. Нима дедингиз?!

Гурунг мана бундай эди:
— Малим, профессорни қўрганмисиз? Агар профессорни кўрган бўлсангиз, айтинг-чи, профессор деганлари қандай одам бўлар экан?

Саволимиздан муаллимимиз бир ўзгарарди, юз-кўзларига, ҳорғин қиёфасига улуғворлик қалқиб чиқар, камқон юзларига қизиллик югурарди. Бир нуқтага тикилганча неча муддат ўйга толарди. Чамаси, юз бераётган ички бир ҳузурбахшлик, сирли ҳолатдан аввал ўзи роҳатланарди. Сўнгра шошмасдан, оҳиста-оҳиста жавоб беришга ўтарди:
— Ҳа, болалар, мен профессорни кўрганман! У пайтларда Бухоро давлат педогогика институтида ўқирдик. Мен сиртдан таҳсил олардим. Қишки таҳсилга боргандик. Энди эсласам, ҳаётимдаги энг бахтли кунлардан бири экан ўша кун! Танаффус чоғида курсдошлар билан ташқарида ниманингдир устидан баҳс-мунозара қилиб турган эдик. Бир маҳал курсдошларимдан кимдир ҳаяжонланиб: «Йигитлар, ана профессор Мустақим Мирзаев келаяптилар!» деди. Ҳаммамиз беихтиёр курсдошимиз боши билан ишора қилган тарафга қарадик.

Шошилмасдан қадам ташлаб келаётган икки кишининг қайси бири грофессор эканлигини курсдошимиз айтди. Негадир шунда мен қизғин суҳбат, мунозарани ҳам унутиб, ихтиёрсиз равишда профессор келаётган томонга юра бошладим!

Гурунг шу ерга келганда муаллимимиз гапдан тўхтади. Дераза оша ташқарига қаради. Негадир бир нуқтага қараганча анча маҳал тикилиб қолди. Ташқарида эса кўклам ёмғири шивалаб ёғарди. Биз бола эдик. Кўнглимиз ғуборлардан холи эди. Дунё кўзимизга гоҳи жайрон бўлиб, гоҳида эса поёнсиз гулзор бўлиб кўринарди. Кўҳна дунё кўз олдимизда янада яшариб, ажиб бир рангларда товланиб, мавжланиб, балки жилваланиб ётарди…

Биз бола эдик. Кўнглимиз бўшаб ётган поёнсиз бир шудгор эди. Кўнглимизнинг шудгорларига, кенг қир-адирларига оби-найсон ёмғирлари майда-майда бўлиб, майин-майин бўлиб ёғарди…

— Малим, кейин-чи, кейин нима бўлди? — ҳаяжон бўғзимизга тиқилиб сўрардик, — айтинг!

Муаллим ташқаридан нигоҳини олиб, ҳаммамизга бир-бир синчковлик билан қараб чиқарди. Чиндан-да бу гурунгнинг давомини эшитишга илҳақ-мунтазир эканлигимизга қатьий ишонч ҳосил қилгач, яна шошилмасдан давом этарди:
— Кейинми? Кейин эса болалар, мен профессор келаётган томонга юра бошладим. Яқинлашган сари юрагим «гуп-гуп» урарди. Ахир, мен ҳаётимда биринчи марта тирик профессорни кўраётган эдим-да! Тушунаяпсизларми, болалар, суратини эмас, балки профессорнинг ўзини шундайгина қўриб турардим. Ҳаяжонланмасдан бўладими, болалар! Орамиз жуда яқин қолди. Ўртадаги масофа тобора қисқариб борар, юрагимнинг қинидан чиқиб кетгудек бўлиб ураётганини шундайлигини эшитиб, сезиб турардим. Азбаройи ҳаяжонланиб кетганимдан баланд овозда салом бердим: «Ассалому алайкум, домла!» Шунда… профессор менга «ялт» этиб қаради. Саломим анча баланд овозда бўлган экан, шекилли. Шунчаки қарамади, балки илиқ, самимий бир қиёфада қаради. Илиқ қаради-да: «Ваалайкум ассалом!» дея алик олди ва яна сўради ҳам: «Ўқишларингиз яхшими, ўғлим»! Шунда базўр «Раҳмат, домлажон!» дея олдим, холос. Гапнинг тўғрисини айтган яхши, болалар, қолганини тасвирлаб беришга ҳам тилим ожизлик қилади! Шу қадар вақтим хуш бўлган эканки, шунчалик ҳаяжонланган эканманки, неча кунлар ўзимни худди булутлар устида юргандек ҳис қилиб яшадим. Шундай қилиб, болалар, мен, профессор Мустақим Мирзаев билан учрашганман ва керак бўлса, у киши билан саломлашганман ҳам!

Муаллимимиздан шу гурунгни киприк қоқмай эшитаётган биз болалар ҳам бир ўзгарамиз. Профессор билан боғлиқ бир гурунг бизни ҳам тамом ўзгартиради, кутилмаганда барчамиз бошқача, катта одамларга айланиб қолгандек бўламиз. Ахир, бизни Бухорои шарифда профессорни учратган ва у киши билан ёнма-ён туриб саломлашган ажойиб муаллим ўқитаётган эди-да!

«ЎЗБЕГИМ»
Ёхуд олисдаги бир тўйнинг айрим таассуротлари

Аниқ йили эсимда қолган эмас. Шуниси ёдимдаки, қишнинг адоғи, баҳорнинг аввали эди. Олтинсойнинг тоғли бир қишлоғида Сафар Абдураимов деган тракторчи йигит икки ўғлига суннат тўйи бераётган эди.

Хуллас, хатна тўйи эди. Оқшом маҳали. Шаррос ёмғир қуярди. Челаклаб қуяётган ёмғир барчани панароқда жон сақлашга мажбур этарди. Чой-нон, ош ташиётган хизматкор йигитлар эса шошиб-шошиб қадам ташлардилар. Гарчанд ёмғирдан уст-бошлари шалаббо бўлаётган эса-да, кўнгилларидаги хурсандчилик, тўй кайфияти асло пасаймаган эдики, бу нарса уларнинг юз-кўзларидан шундоққина билиниб турарди. Айтмоқчиманки, тўйнинг шавқи, қувончи шу қадар баланд эди.

Хўш, агар билсангиз, айтинг-чи, бу тўйни мен нега айнан ҳозир эслаяпман? Нима учун бу тўй таассуротлари менинг хотирамдан то ҳануз майда тафсилотларигача ўчмасдан турибди? Келинг, яхшиси, бу ҳақда ўзим сизга бафуржа айтганим маъқулроқ бўлади.

У маҳаллар мен ҳали ўсмир эдим. Ёмғир ёға бошлади дегунча, негадир бутун аъзои баданим дир-дир титрайверар, учаверарди. Бу нарса совуқдан эмас, балки ёмғирнинг менга фавқулодда кучли таъсир этишидан эди Ёмғир ёға бошладими, тасвирлаш мушкул бўлган бир ҳаяжон, ифодалаб бўлмас шавқ ўсмир қалбимни буткул асир этиб оларди. Шундай пайтларда, гапнинг очиғи, сўз демоққа ожиз қолардим.

Қаранг-а, гурунг билан бўлиб мавзудан, айтмоқчи бўлган гапдан салгина чеккалабмиз, чоғи. Сиз-чи, гапдан чалғимадингизми, биродар? Гап тоғли қишлоқлардан бирида яшовчи тракторчи Сафар аканингўғилларига қилаётган хатна тўйи хусусида бораётган эди. Алқисса, шу тўйдан эсимда қолган бир нарса — менинг юрагим, бутун вужуди билан эрта кўклам ёмғирига чўмилиб, балки ивиб турган ўсмирлигим эди, десам тўғрироқ бўлар. Сафар тракторчининг тўйини эслатиб турадиган иккинчи бир унутилмас воқеа ҳам борлигини айтиб қўйганим яхши, Сизга айтмоқчи бўлганим — иккинчи воқеа шу эдики, биз яшайдиган тоғларнинг фарзанди Чори Эшқораев (ҳозир Термиз Давлат университети доценти) ўша пайтларда Самарқанд Давлат университетининг физика-математика факультетида таҳсил оларди. Таътил сабабидан бир талаба дўсти билан қишлоққа келган экан. Чори ака ана шу дўсти билан тўйга ҳам ташриф буюрди.

Меҳмон ўрта бўйли, қотмадан келган ва қоракўл теридан тикилган телпак кийган ҳолатида кўз ўнгимда турибди. Хуллас, шу меҳмоннинг кўшиқ айтиш ҳунари ҳам бор экан. У ёмғирдан панада, пешайвонда тик турган кўйи тор чалиб, сел бўлганча кўшиқлар айтди. Бу кўшиқларнинг маъноси, матни тўлалигича ёдимда қолган эмас. Лекин унинг «Тарихингдур минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим, Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон ўзбегим. Сўйласин Афросиёбу, сўйласин Ўрҳун хати, Кўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим…» дея айтган қўшиғи эсимда маҳкам ўрнашиб қолган. Эсимда қолган деган гап ҳам мен сизга айтмоқчи, англатмоқчи бўлган фикрни тўлиқ ифодалай олмаяпти, чоғи. Бу кўшиқнинг ўсмир қалбимга кўрсатган таъсирини сизга қандай тушунтирсам экан.

Келинг, яхшиси, шундай дея қолай: бу кўшиқнинг, яъни «Ўзбегим»нинг сўзлари, сатрлари, оҳанглари қалбим кенгликларига бамисоли эрта кўклам ёмғири каби майда-майда бўлиб, майин-майин бўлиб ёққан эди. Буни эса унутиб бўлмади, унутиб бўлмайди ҳам.

Бу — ҳамма ҳам ва ҳар ерда ҳам юрак ютиб (ўша замонларда, албатта) айтолмайдиган қўшиқ — машҳур ўзбек шоири Эркин Воҳидовнинг машҳур «Ўзбегим» қасидаси эди. Бу гапларни сал кейинроқ билдик. Қаранг- ки, меҳмон-талабанинг шу қўшиғи ўсмир қалбимга бир умрга муҳрланиб қолди. Бу дунёи дунда ўзбек деган миллат борлигини, унинг бағоят қадимий ва айни чоғда шавкатли-шуҳратли эканлигини, олис тарих давомида неча-неча тўфон ва долғалардан ўзига хослигини замонларнинг қанотида эсон-омон олиб келаётганини XX асрда «Ўзбегим» бизнинг ўсмир ва бола қалбимизга усталик билан ўрнашди.

У пайтларда ҳали бор овоз билан давраларда, гап-гаштакларда «Ўзбегим» деб гап айтиш осон бўлмагани каби, бундай баланд кайфиятда юрганлигингиз, ҳусусан, бу ҳакда ўртаниб ва ифтихор билан қўшиқлар куйлаганингиз учун сизни олқишлашмас ва кўкрагингизга нишонлар ҳам тақишмасди…

… Бу воқеага кўп замонлар бўлди. Буни эсламасам ҳам, айтмасам ҳам бўларди. Негадир эслагим, айтгим келди.

ХАЗОН БИЛМАЙДИГАН БАҲОР

Кампир саксон ёшида бева қолди. Чоли тўқсондан анча ошиб бандаликни бажо келтирди. Ўртада бир этак фарзанд камолга етди. Ўғил-қизлар ота-оналарига шу қадар қобил ва меҳрибон бўлдиларки, уларга ҳавас қилмаган одам кам эди. Ота-она раъйига ҳеч бирлари қарши турмаганлар, бундай қилиш ҳатто уларнинг хаёлига ҳам келмаган. Буни ҳаттоки тасаввур этиш ҳам мушкул эди. Зеро, ота-она уларга тўғриликдан, яхшилик ва савобдан ўзга нарсани ўргатмаган эдилар.

Хуллас, ана шу чол ақлли, меҳрибон ва аҳил фарзандларини алқай-алқай оламдан ўтиб кетди. Айтганча, чол ва кампир айрим невара-чевараларининг исмини-да унутишга улгурган эдилар. Бунинг бир томони кексаликдан бўлса, иккинчи тарафи, невара-чевараларнинг сони анчага етганида эди.

Борингки, ана шу бахтли жуфтликнинг, Худо қўш қўллаб берган одамларнинг бири — чол ажал шаробини биринчи бўлиб тотди… Жаноза, дафн маросимига жуда кўп одам келди. Чолнинг таъзияли кунлари, маросимлари бир-бир ўтди. Кўнгил сўраб келувчиларнинг оёғи камайгач, катта ҳовли кутилмаганда сокин ва маъюс тортиб қолди. Шундай қилиб, кампирнинг таъбири билан айтганда, «бақироқ чол» ҳам бу дунёнинг бир меҳмони экан, «ҳайё-ҳуйт» деб кетди-борди.

Жиловдори дунёдан кетгач, кампир тушмагур бир куни уйига келган хотин-халажга нима дебди денг:
— Худойимга шукур-е, ҳовлида бир бақироқ чол бор эди, уям кетди. Энди давру-даврон сурадиган, ўйнаб-куладиган, меҳмондорчилик, гап-гаштакларда бемалол айланиб юрадиган пайтларим ҳам келди…

Кутилмаганда айтилган бу гапдан аёлларнинг бир қисми ҳайрон-лол қолишибди, бошқа бировлари, яъни ҳангома талаблари кулишибди. Яна бирлари эса «кампирнинг мияси айнибди», деган ҳулосага боришибди. Биз у ердаги аёллар каби бирданига хулоса чиқара олмаймиз. Ким билади, балки кампир бу гапларни шунчаки йўлига, ҳазил тариқасида айтгандир, балки рост сўзлагандир. Балки қалбидаги айрилиқ дарди, оғриғини бошқалардан яширмоқ учун шундай дегандир. Ҳар қалай, момо айтган бу гапнинг тагидан турли-туман маъно ахтариб ётиш сизу бизга шарт бўлмагани каби муносиб ҳам эмас, деб ўйлайман.

… Чол ва кампир олтмиш йилдан кўпроқ вақт биргаликда ҳаёт кечириб, дунёнинг, тирикчиликнинг иссиқ-совуғини бошдан ўтказишди. Бу ерда гапнинг мағзи шунда эдики, чол раҳматли биргаликда кечган бутун умри давомида аёлини қанчалик суйган, бегона кўзлардан рашк қилган бўлса, айни чоғда шу қадар қаттиққўллик ҳам қилди. Раҳматли чол «Менга бир оғиз ҳам айтмасдан, ижозат олмасдан эртадан токи кечгача қаерларда бўлдинг», деб ёки бўлмаса «Поездга чиқиб шунча қун қаерларда қолиб кетдинг, қаерларда тунаб, қандай кун ўтказдинг?» деб ҳаттоки сўрамайдиган, сўрай олмайдиган, тежаб-терголмайдиган айрим рашки, нафсонияти, орияти фалажланган эркаксимон одамларнинг батамом тескариси эди.

Сизга яна қандай англатсам экан? Яъни чол нафсонияти, рашки, ғурури, борингки, аёлига нисбатан бўлган муҳаббати кучлилигидан ҳам унга умр бўйи қаттиқ турди. Четдан қарасангиз, бу бир адоқсиз қаҳрга, зулмга ва адолатсизликка ўхшарди. Четдан қарасангиз, холос. Аслида эса бу «зуғум», «бақироқ»ликнинг тагзаминида муҳаббатнинг хазон билмас баҳори барқ уриб гуллаб ётарди…

ОШИҚ ЧУМОЛИНИНГ САБОҒИ

Дарвоқе, ошиқлик дунёдаги энг катта ва энг оғир имтиҳондир. Бу гапни қаердан топдинг, деб менга таъна қилманг тағин. Мен бу гапни кўҳна ва варақлари сарғайиб кетган китоблардан ўқиганман. Бу гапни бизга қадар улуғларимиз айтиб кетишган. Сизга тушунтира олдимми, биродар?!

Дейдиларки, кўпдан кўп сифатлар билан бирга ошиқда ҳиммат ва ғайрат ҳам мўл бўлиши керак. Ҳимматсиз, ғайрат-шижоатсиз одам балки пулдор бўлиши мумкин, катта мансаб эгаси бўлиши мумкин. Лекин ошиқлик йўлида катта иш қила олмайди.

Айтишларича, митти, борингки, чумоли қавмидан катта бир чумоли ҳайбатли тоғнинг тош-тупроғини иккинчи бир тарафга олиб ташламоқ учун жидди-жаҳд қилиб ётган экан. Сиртдан қараганда, чумолининг бундай маҳобатли ишга қўл урмоғи турган-битгани кулгили бир ҳол эди. Лекин…

Чумоли ҳеч нарсага қарамасдан ишлаб ётган чоғида парранда-ю дарранда, жин, дев, парилар, шамолнинг подшоҳи бўлган Сулаймон алайҳиссалом қаёқдандир келиб қолибдилар. Кўрсаларки, митти вужуди, митти жони билан бир чумоли амалга ошириб бўлмайдиган кўп мушкул ишга бош уриб ётибди.

Шунда дунёнинг бу каби ишларидан ҳайрон бўлган Сулаймон алайҳиссалом чумолидан сўрадилар:
— Эй, чумоли, нима қилаяпсан? Шу митти жуссанг-жасадинг билан бундай оғир ва қийин ишга нечун қўл урдинг? Бу ишингнинг боиси нимадир? Мақсадинг нима ўзи?

Чумоли Сулаймон алайҳиссаломга қараб дебди:
— Мен билан неча пуллик ишинг бор. Сен дардимни қайдан билардинг! Мен ошиқман. Бир соҳибжамол чумолининг ишқида кўзим гирён, бағрим кабобдир. Ул соҳибжамолнинг ишқида оромимни йўқотганман. Совчи қўйдирдим. Соҳибжамол менга шундай шарт қўйди: «Агар шу тоғни таг- туги билан қўпориб ташласанг, кел, сенга тегишга розилик берайин! Агар бу иш қўлингдан келмаса, унда ҳаргиз менинг умидимда бўлмагил, йўлингдан қолма!». Мендан гап сўрасанг, шу соҳибжамолнинг висолига эришмоқ учун бу тоғни супуриб ташлашга қаттиқ аҳд қилдим. Супуриб ташлайман ҳам!

Сулаймон алайҳиссаломга шу гапларни айтаркан, чумоли яна ўзининг иши билан машғул бўлди.

Бу ажаб бир ҳолат эди. Сулаймон алайҳиссалом кўрдилар ва ишонч ҳосил қилдиларки, чумоли чин ошиқдир ва асло аҳдидан ҳам, кўзлаган мақсадидан ҳам қайтмас. Унинг ҳиммати ва жасоратига тан бердилар-да, бир оғиз фармонларига мунтазир ва шай турган девларга амр қилдилар:
— Тоғни талқон қилиб, чумоли айтган тарафга супуриб ташлангиз!

Бу кўҳна ривоятнинг якуни, бизнинг-ча бўладиган талқини қандай, деб сўраяпсизми?! Унда эшитинг: девлар ана-мана дегунча торни майдалаб, бир ёнга супуриб ташлабдилар. Ишқ дардига гирифтор бўлган ҳимматли ва жасоратли чумоли муроди мақсадига етибди…

Лекин бу ривоятдан бизнинг чиқариб оладиган ҳиссамиз, хулосамиз, борингки, фойдамиз қандай бўлади? Инсонмиз, чумолидан неча минг баробар каттамиз, ҳайбатлимиз. Минглаб чумолига етгулик луқмани бир ўтиришда паққос туширишга ҳар биримизнинг иштаҳамиз ҳам, қувватимиз ҳам етади. Агар тингласалар, неча юз минглаб чумолига ҳафталаб ақл ўргатишимиз ҳам мумкин. Яна денг, минглаб чумолини кўрсак-да, асло назар-писанд этмаймиз. Худонинг ўзи кечирсин-у ҳар куни неча юзлаб чумолини йўл юзида оёқларимиз остида бепарво эзиб ҳам кетаверамиз.

Бироқ мард туриб айтинг-чи, чумолининг буюк ҳиммати, ғайрати қай биримизда бор?

Баъзан ақл бовар қилмас, ҳайратомуз ишларни жасад эмас, балки катта ғайрат, ҳиммат ҳал этади. Қаранг, гарчанд кўнгилсиз, аччиқ, бир қадар истеҳзоли бўлса ҳамки, фикрланг, томоша қилинг: қанчадан қанча девдай эрларнинг гулдек аёллари тижорат, савдо-сотиқ, деҳқончилик, мардикорчилик, турли юмушлар… билан бозорларда, поездларда, уйдан йироқ-йироқларда сафарларда, мавҳум ва номаълум жойларда юришади. Мусофир юртларда уларнинг ҳоли не кечди? Улар кечалари қаерларда ётдилар, қандай ётдилар… ҳамроҳлари ким эди.. ким билади…

Ҳимматсизлик ва ғайратсизликка боқинг- ки, елкалари қирдек йигитлар, эркаклар чол- кампирнинг пенсия пули келадиган кунларни бармоқ санаб кутадилар. Пул тарқатувчи почтачи уларнинг кўзига бамисоли «нажот қалъаси» бўлиб кўринади. Ҳатто ота-онасига келадиган пенсия пулини эртароқ олиш умидида неча паҳлавон йигитларнинг почтачига ҳушомад қилиб, унинг томорқасида ишлаётганларини қўрдик, кўраяпмиз ҳам…

Яна неча-неча алпомиш келбатли эрлар уйларида, балки йўл бўйидаги ариқларнинг ичида, деворларнинг тагида ароқдан йиқилиб, мағлуб ҳолда ётмишлар!

Ҳимматсизлик ва ғайратсизликни қўрингки, Алпомишнинг баъзи бир авлодлари ёзда соянинг қуюғини итга бермайдилар. Қиш чилласида иссиқ жой топсалар, осонликча ётган жойларини бировга бермайдилар. Ҳимматсизлик ва орсизликни қарангки, неча навқирон ва паҳлавонсифат эркаклар осмондан чалпак ёғадиган кунларни ҳали-ҳамон кутиб, азиз умрларини беҳудага совурмоқдалар.

…Сулаймон алайҳиссалом билан юзлашган ва сўзлашган митти, ошиқ чумолининг ҳайбатли ҳолати, ғайрати ва ҳимматидан бир зарраси бизда ҳам бўлсайди, анча илгарилаб кетган бўлардик…

«БЕКТЎДА»ДАН БИР ВАКИЛ…

Даврадагиларнинг аксарияти уни ҳали яхши билмасди. Биладиган бир-икки одам ҳам шарқона одобу андиша билан сукут сақлаб ўтирарди. Бу сафар у катта ва муносиб даврага дуч келганди. Кимдир даврада миллат, насл, уруғлар, шажаралардан гап очди. Қаҳрамонимиз фурсат кутди, фурсат ҳам етди. Шунда у оғзини тўлдириб шундай деди:
— Бизнинг бобокалонлар асли насли тоза ва покиза, қаноатли одамлардан бўлишган. Агар мендан гапни сўрайберсангиз, бизнинг шажарамиз ҳазрат Соҳибқирон Темурга бориб тақалади. Энди билмайдиганлар учун айтиб қўйганим яхши, биродарлар, биз асли ўзи бектўда деган уруғдан бўламиз. Бизнинг уруғ одамлари азал-азалдан тўртов орага гап айтш, йўл кўрсатиб келишган, борар йўлидан, манзилидан адашганлар, бошига мушкул савдо тушганлар бизнинг уруғ вакилларидан гап олган, йўл-йўриқ, маслаҳат сўрашган.

Даврада бу одамнинг айтганларини ҳеч ким инкор қилмагани каби уни қўллаб-қувватловчи, рағбатлантирувчи гап айтувчилар ҳам бўлмади.

Дастурхон тўкин эди. «Бектўда»нинг вакили тинмасди. Олдида турган мева-чева, турли данак, писта-бодомларни бирма-бир ликопчалари билан тозалаб кетаверди, кетаверди. Дастурхонга палов тортилди. «Бектўда»нинг йигирма биринчи асрдаги вакили ошдан шу қадар иштаҳа билан едики, товоқда сўнгги ошам эмас, балки сўнгги дона гуруч қолгунга қадар итоаткор бошини кўтармади.

Сергўшт, серёғ паловдан сўнг ўртага анор шарбати тортилди. Баҳорнинг бошланиши эди бу кунлар. Энди Сиз кўкламнинг аввалида дастурхонга қўйилган анор шарбатининг қанчалар тансиқ ва фойдали таом эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг. Чамаси, хонадон соҳиби ҳам меҳмонлар учун эсдан чиқмайдиган сийлов қилайин деган эканда.

Анор шарбати шокосада узатилди. «Бектўда»нинг вакили қўлига шарбатли шокоса теккач, ёнида ўтирганларни ҳам бир зум унутди, негадир шу дақиқаларда унутгиси келди, шекилли, шарбатни охиригача сипқорди. Сипқорди-да сўнгра лаб-лунжини ҳузурланиб артаркан, қониқиш билан эътироф қилди:
— Анор шарбатини шунчалар яхши кўраманки, асти қўяверасиз… Хусусан, иликузилди чоғларда — баҳорда анор шарбатига тенг келадиган ичимлик бор эканми?!

— Гапини қаранг, худди бошқалар анор шарбатини ёмон кўрадигандек… — деди даврадагилардан бири истеҳзо билан ёнидаги одамга секин шивирлаб.

Агар адашмасак, анор шарбатидан сўнг дастурхонга қовун-тарвуз ҳам тортилди. Сўнгги тилимигача паққос туширишда «қаҳрамонларча» иштирок этган «бектўда»нинг йигирма биринчи асрдаги вакили, бизу сизга замондош бўлган «аслзода» бу гал ҳам қойил қолдирди.

Хуллас, катта даврадаги нуфузли одамларда «бектўда»нинг вакили, «аслзода» йигит туғилганидан бери тарбия кўрмаган ва бунинг устига кўп замонлардан бери қорни тўйиб овқат емаган одамдек қайғули таассурот уйғотди.

«Аслзода»нинг нафси бироз ором топди, шекилли, дастурхондан бошини кўтариб, чамаси, ўзи яқинда амалга оширган бир бешарм, андишасиз воқеани ҳикоя қилишга тушди. Агар «аслзода»нинг бу гурунгини айни ўринда келтирсак, шубҳасиз, сиз ҳам нафақат «бектўда» вакили — «аслзода»дан, балки биздан ҳам ранжийсиз.

«Аслзода» беҳаёликка қоришган ҳикоясини тугатди. Шунда давранинг бир четида камтарона ўтирган Устоз ёнидаги кишига оҳисталик билан, андаккина озорланган оҳангда ва андаккина истеҳзо билан шундай деди:
— Бу «аслзода»ни даврага ким таклиф қилган ўзи? Ҳаммамизни лақиллатиб ўтирган бу гумроҳнинг таг-туги суриштириб қўрилса, аслида бектўда уруғидан эмас, балки «очтўда» уруғидан, балки «гадой тўда» уруғидан бўлиб чиқади…

Чамаси, Устоз ҳақ эди.

«КИМ ЗЎР, БОЙҚОРА ХАЛФА?»

Олтинсой туманидаги Зардақул деган қишлоқда қачонлардир бўлган бир гурунгнинг кичкина тафсилоти қуйидагича:

Қишлоқда Бойқора халфа деган донишманд, тақводор одам яшаб ўтган. Айтишларича, бу одамнинг хат-саводи бўлмаган. Яъни на ўқиш ва на ёзишни билган. Бироқ ихлоси ва хотираси бутун, тиниқ бўлгани боис ҳам кўп нарсалардан воқиф эди.

Бир сафар Зардақулга эшони Ҳошимхон деган пири комил зот ташриф буюрадилар. Пир келган чоғларда катта давра қурилиб, баланд мақомлардаги суҳбатлар қилинган. Бир сафарги ана шундай гурунгда пир халфага юзланиб, савол ташлайдилар:
— Бойқора халфа, қани айтинг-чи, ким зўр?

Бойқора халфа бир зум ўйга толгандан сўнг лўнда ва ихчам жавоб қилади:
— У дунё, бу дунё катта йўл, катта йўлдан чиқмаган зўр!

Пири комил «Дарҳақиқат, тўғри» дегандек бош ирғаб, тан бердилар.

БЕМАВРИД ХАЗОН ФАСЛИ

Нима иш биландир бозорга кирдим. Ёз адоқлаб бораётган, жамики мевалар жануб офтобида маромига етиб пишган, боғ-роғлар, полизларни тўддирган ва эгаларидан ортгани бозорларни ҳам обод қилган пайтлар эди.
Расталарни оралаб ўзимга керакли у-бу нарсаларни харид қилдим. Айланиб-айланиб бир зиёли танишимга дуч келиб қолдим. Танишим кўринишдан анча навқирон йигит эди. Чамаси, унинг кўкаласоқол бўладиган дамларигача ҳали анча қовун пишиғи бор эди.

Хуллас, шу танишим мева-чева сотиб ўтирган момо билан нималарнидир гурунг қилаётган экан. Салом-алик қилдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Сўнгра тилимга гап келди:
— Қани, бу дейман, момонинг пулларини санаябсизми, биродар? — дедим ҳазил аралаш.

Шунда йигит «дув» қизаргандек бўлди, момо эса негадир безовталанди. Шундай безовталандики, берган саволим ўринсиз бўлдимикин, деган шубҳага ҳам бордим. Ҳар қалай менга шундай туюлди.
— Йўғ-е, —деди йигит бир муддатдан сўнг ўзини ўнглаб олгач, — бу… келинингиз бўла- ди… билмасмидингиз!…

Бу жавобдан сўнг ўзимни қанчалар ноқулай ҳис қилганлигимни тасаввур этишингиз ҳам қийин деб ўйлайман. «Гапни сал узоқроқдан айлантириб келмайсанми, сенинг томдан тараша тушгандек гапириш одатинг қолмади, қолмади-да! Феълинг қурсин!» деб ўзимни ўзим анча уришдим. Шундан сўнг анча маҳалгача тилимга жўялироқ гап келмади. Азбаройи ўнғайсизланганимдан нималардир деб ғудрандим ҳам, чоғи. Кошки эди шундан сўнг гап-гапга қовушган бўлса.

Шуни билганингиз ва агар лозим топсангиз, ишонганингиз яхшики, бу гапни мен атайлаб ва ёки қасддан гапирмаган эдим. Чунки навқирон танишимнинг аёли кўзимга чиндан-да, момо бўлиб кўринган эди.

… Бир вақтлар у ҳам чиройли қиз бўлгандир. Менинг шу зиёли танишим бу қизнинг фироқида неча-неча тонгларни бедор оттиргандир. Унинг васлига етмоқ учун қанчалаб ишқий мактублар битгандир. Ким билади, балки бошқа кўплаб ўсмирлар қатори у ҳам муҳаббат ҳақида шеърлар машқ қилгандир. Унинг розилиги ва муҳаббатига эришмоқ умидида қанча замонлар пинҳона ўртаниб яшагандир…

Лекин кейин билдимки, тирикчиликнинг оғир араваси уни муддатидан анча илгари қаритган эди. Таҳлика ва югур-югурда яшаган аёл ўттизга ҳам кирмасдан қариликка томон юз бурган экан. Уйдаги бир этак бола- бақранинг, бир қўра молнинг, катта бир томорқанинг оғир юки, чор-тарафдан келадиган меҳмонларнинг иззат-икромини жойига қўйиш ва бошқа кўп юмушлар нозик елкаларига тушгач, жисми жонига зўр келган. Ёшлик ҳам, гўзаллик ҳам ундан бир неча минг чақиримга, балки қўл етмас, ҳаттоки товуш ҳам етмас жойларга, энг ёмони, бошқа ҳеч қачон қайтмайдиган бўлиб кетган эди.

Фақат… фақат… фавқулодда чиройли ва маъюс кўзлари, ўнг юзидаги холи унинг қачонлардир бағоят соҳибжамол бир қиз бўлганлигини шундайгина эслатиб турарди, холос. Фақат қачонлардир… жуда олис замонларда…

АРАЗЧИНИНГ УМРИ

Аввалдан унга ўзи Худо ақл бермадими ёки фаҳми азалдан каммиди, ишқилиб, умри давомида сон-саноқсиз талофатлар кўрди. Яхшимиди, ёмонмиди, бир одати бўларди — беҳад қўрс, бетгачопар, бунинг устига аразчи эди. Бу ҳаёт, умр йўлининг шунчалар қисқалигини, араз уришга асло ва асло арзимаслигини, балки етмаслигини англамасди, шекилли. Чунки орадаги масофа жуда кам. Чунки вақт озлигидан, умр қисқалигидан ҳаттоки мириқиб араз ҳам уролмайсан.

У ёки бу баҳонада бировга гина-кудурат сақлайсан, аразлайсан. Бироқ не балоки, аразинг поёнига етмасидан, поёнига етмасдан эмас, балки ярмига ҳам бормасидан ажал қўнғироғи бонг уради… Дарвоқе, бизнинг азиз ва жабрдийда қаҳрамонимиз ҳам узоқ ва машаққатли, лекин жудаям қисқа умри мобайнида кўп марталаб араз уриб ҳамма нарсадан деярли айро тушган ҳолатда дорилбақога риҳлат қилди.

Ажал шундай нарса эканки, у на одам, на ёш ва на вақт танлайди. Худонинг ожиз бандалари бу машъум ва мусибатли куннинг қачон, қай соатда келишини асло билмайдилар, билолмайдилар. Шундай бўлдики, аразчи қаҳрамонимизнинг аразлашиб юрган тенг-тўшларидан, ҳамсояларидан баъзи бирлари сал аввалроқ чин дунё сафарига юзландилар. Бизнинг аразчимиз шу қадар қаттиқ араз ургандики, ҳаттоки уларнинг жанозасига ҳам, таъзиясига ҳам бормади. Чунки у бир гапли эди-да…

… Билаги куч-қувватга тўлган чоғларида арзимас нарсанинг устида тортишиб, меҳрибон ва икки оламга ҳам татигулик ота-онасидан араз урди. Ўғилнинг арази ёзилмасидан бурун шўрлик ота-она оламдан кўз юмишди… Дийдор қиёматга қолди.

Қаҳрамонимизнинг яқин дўсти бўларди. Шу билан ҳам мунозаралашиб, араз даштига юз бурди. Дўсти унга қанчалик меҳр билан юзланмасин, ҳаргиз юмшамади. Чунки у бир гапли эди…

Аразчи қаҳрамонимизнинг мушфиқ ва айни чоғда меҳнат учун туғилган аёли бор эди. Шу аёли билан ҳам у кун оша жанжаллашиб турарди. Хуллас, кейин нима бўлди денг: қаҳрамонимиз «мана, сенга бўлмаса», деб хотинидан ҳам боплаб араз урди. Шу арази умрининг охиригача бошқа ёзилмади. Бир неча йил илҳақликда кута-кута, охири аёли ҳам болаларини эргаштириб уйидан чиқиб кетди. Кейин эшитдикки, аёли хотини ўлган бир эркакка турмушга чиқибди.

… Бир куни узун ва лекин жудаям қисқа умр охирига етиб келди. Сон-саноқсиз гина- кудуратлар, аразлар, қаҳру ғазаб ва адоватдан хумдек шишган боши ёстиққа етди. Малак-ул мавт — ажал фариштаси аразчи қаҳрамонимизнинг бошида ҳозиру нозир бўлди. Бу сафар ҳам қаҳрамонимиз одатига кўра, араз урай деб кўрди. Аекин не ҳолат-ки, араз уролмади. Чунки тириклигида узундан узоқ бўлиб туюлган умридан бир фурсат, атиги бир фурсат араз учун етмади, Ажал фариштаси аразчи қаҳрамонимизни шу қадар қисталанг қилдики, у на араз билан кечган умридан афсус-надомат чека олди, на бировдан рози-ризолик сўрай олди…

«ҚУМТОҒ» УСТИДАГИ КИШИ

… «Қумтоғнинг устида туриб бунча катта гапирасан. Ерга тушсанг-чи! Ҳар қалай, ер ишончлироқ.
Сен қайдан биласан, қумдан бино бўлган бу «тоғ»ни тақдир шамоли қали неча марталаб, неча тарафга қаратиб тўзғитар…
Бир нафасда тўзғийдиган «қумтоғ»нинг устида туриб, неча алвонда ва неча алфозда чақчайган, такаббур, нодонлардан балки сон мингтасини қўрган бу дунё.

КАВАКДАН КБЛАЁТГАН ОВОЗ

Аниқ вақти ёдимда йўқ. Қайси бир қуни кавакда бети ялтиллаб, танаси семириб ётган бир одам аччиқ-аччиқ таъна қилди:
— Ҳамманг қўрқоқсанлар! Агар сенларнинг ўрнингда мен бўлсайдим!…
Унга жавобан ҳеч нарса демадим. Чунки кавакдаги одамнинг ташқаридаги об-ҳаводан мутлақо хабари йўқ эди…

011

Erkin A’ZAM
TOZA KO’NGIL KECHINMALARI
«Insonni armon ulg’aytiradi» kitobiga yozilgan so’zboshidan
002

Bu yozmalarni balki biz o’rgangan rasmana adabiyot deb bo’lmas. Lekin jurnalistika yo publitsistika ham emas bu. Darvoqe, tayin bir janrga mansublik shartmi? Dard bilan, samimiyat bilan yozilib, uni o’qigan odam zavqlansa, qoniqish hosil qilsa — kifoya-da. Qolaversa, «yasama» badiiy asarlar ham, biryoqlama publitsistika ham me’daga tegib ulgurdi. Mahorat da’vosidan yiroq, uncha-muncha adabiy qoliplar dosh berolmaydigan dag’al hayot haqiqatlariga tashnalik bor bugun.

Ana shunday yo’sindagi asarlarga shinavanda bo’lsangiz — surxonlik qalamkash Mahmud Abulfayzni o’qing. Olis tog’ qishlogining kundalik, ammo nimasi bilandir abadiyatga doxil hayot maromi, sodda-do’lvor odamlari, lampa-chiroq shu’lasidagi xotirjam oqshom gurunglaridan naql qilgan bir ocherkini (ocherkmidi, hikoyamidi, nima ahamiyati bor?) o’qib, men bu muallifga ixlos qo’yganman. Uni o’qib, bu g’ulg’ula shahardan, erishganim ozmi-ko’pmi narsalardan — bari-baridan voz kechib, o’sha yoqlarga ketgim kelgan… Adiblik, ijodkorlik shu emasmi?!

Lekin Mahmud Abulfayz bularni da’vo qilmaydi. Uniki bir toza ko’ngilning dardu kechinmalari, hayotda ko’rgan-bilganlarini har maqom adabiy oliftaliklarga berilmay, sidqidildan naql etmoq, vassalom. Bunda u o’zi yaxshi ko’rgan, yaxshi bilgan eliga, eldoshlariga, ularning sodda, jaydari donishmandligiga tayanadi. Shular ta’rifida goho dard, goho iftixor bilan qalam suradi. Menimcha, kamtarin qalamkashimiz uchun bu kam emas. Manaman degan «poytaxt adiblari» havas qilgulik hol!

MAHMUD ABULFAYZ
HIKOYATLAR VA BADIALAR
002

Mahmud Abulfayz 1953 yilda Surxondaryo viloyati Denov tumanida tug’ilgan. Toshkent Davlat universi-tetining jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. Viloyatdagi turli gazetalarda ishlagan. Bir necha kitoblari nashr qilingan.

002

KO’K TELPAK

… Aslida-ku bu voqea uning yodidan qachonlardir qo’tarilib ketgan edi. Oradan ko’p yillar o’tgach, qandaydir bir mayda, lekin olislarda qolib ketgan va banogoq xotirasini uyg’otib yuborgan voqea yuz berdi-yu ko’ngil uyi ostin-ustin, ag’dar-to’ntar bo’ldi.

Bir maromdagi hayot, shovqin-suron yoxud besharm gaplar, randalangan tabassumlar joniga tekkach, bir kuni tug’ilgan qishlog’iga qarab yo’lni burganini o’zi qam bilmay Qoldi. Majburiyat emas, ichki bir sog’inch uning qo’llaridan yetaklab ketgan edi.

Qishloqdagi uyiga borgach, odatiga qo’ra, yarim omborxona, yarim ustaxona, boringki, yarim kutubxona vazifasini o’taydigan xonaga kirar, u yerda uzoq vaqt timirskilanib, go’yoki nimalarnidir uzoq qidirardi. Aslida bu yerdan nimalarni qidirardi, buni o’zi qam bilmasdi. U biz aytayotgan ana shu xonaga kirib go’yo bisot, buyum emas, olisdagi xotiralarini birma-bir titkilardi. Eski kitoblar, almisoqdan qolib ketgan buyumlar uning dardlarini gohi davolasa, gohida esa eski yaralarini ochib yuborardi.

Bir safar uning oldidan ancha puturdan ketgan, junlarini kuya deyarli yeb tugatgan ko’k telpak chiqib qoldi…

Ko’k telpak… Tamom puturdan ketib, terisi chiqib qolgan ko’k telpak uning ko’nglini butkul vayron qildi. Ko’k telpak unga vallomat va g’oyatda qimmatli, yetti iqlimga-da almashib bo’lmaydigan, ko’ngli miskin va lekin daryoi azim bo’lgan otasi rahmatlini esiga soldi. Allaqachon diydasi qotib ulgurgan, uncha-munchaga ko’z yoshini ko’rsatmaydigan bo’lsa-da, ro’parasida paydo bo’lgan ko’k telpak ko’zlariga o’kinch va armon yoshlarini qalqitdi.

Kezi kelganda armon har qanday dili tosh odamni ham yig’latadi, jigarxun qiladi. Ko’k telpak bir armon edi. Armon uning diydasini paxtadek yumshatdi…

—… Menga bunday telpakningkeragi yo’q! — dedi o’smir otasi Denovdagi mashhur ustaga sur teridan tiktirib kelgan ko’k telpakni zarda bilan burchakka uloqtirib yuborarkan.
— Ulim, otmang-da… — dedi otasi muloyimlik bilan, — bu ko’p yaxshi telpak. Unday- munday odamning bunday telpakka iloji yetmaydi, ulim! Sizni kiysin deb havas bilan tiktirgan edim…
— Ota, nima qilasiz, boshimni garang qilib, — dedi o’smir yana jahl bilan, — bunday telpak kerak emas menga! Kerak emas dedimmi, tamom, kerak emas!
— Xo’p, mayli, kiymasangiz — kiymang, lekin hadeb bunday urishmang-da, ulim! — dedi otasi biroz ozorlanganini sezdirib, — bu telpak uchun o’tgan yili ko’klamda cho’ldagi tanish cho’ponga borib yuzim sarg’aydi. Teridan yaxshi telpak tiktirish uchun lezgin ustani qidirib toddim. Haqiga pulini berdim, sizni kiysin deb havas qilgandim-da, ulim!…

Alqissa, shundan so’ng telpak omborxonadan joy oldi. Ko’p yillar mixga osilgancha qolib ketdi. O’smir kamolga yetdi, shekilli, qaysidir bir institutga o’qishga ham kirdi. Oyoq tirab rosa besh yil o’qidi ham. Qarangki, o’qib yurgan paytlarida otasi havas qilib tiktirgan ko’k telpakka aynan o’xshaydigan qo’k telpaklarning qanchalab boshlarda aziz ekanligini ko’rdi. Uni o’qitayotgan katta-katta domlalarning, ilm, o’qish-o’rganishning zo’ridan, balki dunyo tashvishlari, olamning o’yi og’irlik qilganidan sochlar allaqachon tark etib ketgan necha-necha boshlarda ko’k telpaklar ardokda edi. Xumdek yoki choynakdek keladigan, mag’rur yoki kamtarona boshlarda ham ko’k telpakdan ko’rdi. Haybatli, ne bir nomdor boshliqlar, ularning o’rinbosarlari boshida ham shu ko’k telpakdan bor edi.

Katta shaharning minglab odamlar bilan mavjlanib yotgan, to’lib-toshib yotadigan ko’chalarida borayotgan qancha odamlarning ham boshlarida xuddi o’shanday ko’k telpakdan ko’rardi. Shunday paytlarda u otasi rahmatli qachonlardir havas bilan tiktirgan ko’k telpakni kiyib, minglab odamlar orasidagi ko’k telpakli yo’lovchilardan biri bo’lib qolishni juda-juda istardi. Lekin bu istak uning uchun allaqachonlardir armonga aylanib ulgurgan edi.

Negadir shunday paytlarda otasi, ko’k telpak, shu ko’k telpak sabab bo’lib o’tgan mojaro yodiga tushar va
nadomat bilan o’zini qo’yarga joy topolmasdan qolardi.

Endi ko’k telpakni kiyib, maqtab-maqtab otasini suyuntiray desa, kech. Mayli, endi hechdan ko’ra kech, otamdan qolgan esdalik, yodgorlik buyum, kiyayin desa, ko’k telpak uning o’smirligidan ko’pam uzoqlashmasdan kuyaga yemish bo’lgan. Bo’lar ish bo’libdi. Shunga ham g’am tortib o’tirish kerakmi, desada, hargiz unutolmaydi.

… Aslida ko’k telpak… kuya tushgan bosh kiyimmidi, bilmaydi. Ko’k telpak… quya tushgan bolaligi, o’smirligimidi, bilmaydi. Ko’k telpak… dilni tirnaguvchi xotiramidi, bilmaydi. Ko’k telpak… aslida armonmidi, nima edi, buni ham bilmaydi. Faqat yurtga qahraton qish kelgan chog’larda, osmondan pag’a-pag’a qorlar yoqqanida otasi tiktirib kelgan ko’k telpak yodiga tushadi. Shunda ko’k telpak bilan bog’liq xotiralar dilini tirnaydi, tirnayveradi…

KO’NGIL SANDIG’IDAGI GURUNG

Rahmatli muallimimiz yurish-turishga, kiyinishga alohida e’tibor berardi. Men uni toza-orasta va yarashiqli kiyinish, madaniyatli yurishning bir timsoli edi, desam- da, bo’ladi. Yog’in-sochinli kunlarda ham sinfxonaga kirib kelgan muallimning tuflilari moylangan, yaltirab turar, shimining pochalariga gard ham yuqmagan bo’lardi. Qishloqning tizzaga uradigan loy ko’chalaridan muallimimiz poyafzallarini qo’lida ko’tarib o’tganmi, degan xayolga ham borardik, gohida. Dars o’tganda ham, gurung berayotgan chog’ida ham har bir so’zni joy-joyiga qo’yib, shoshilmasdan, ma’nili qilib gapirardi.

Xullas, ana shu muallim bizning ko’z o’ngimizda, bolalik xayolimizda yorug’ bir qiyofada qolib ketdi.

… U paytlarda qishlog’imizda shoir yoki yozuvchini, professorni ko’rgan odam juda kam edi. Balki shunday baxtga musharraf bo’lgan odam yo’q edi desam ham to’g’riroq chiqadi. Rahmatli ana shu muallimimizning yurak qatida bir sirli xotira, balki nurli, hayotbaxsh gurung saqlanardi. Bu gurungni muallimimiz hamma yerda ham ayta bermasdi. Davrani o’ziga va shu jozibali gurungga munosib ko’rsagina, kayfiyati baland nuqtaga ko’tarilsagina aytardi. Deylik, bahor adoqlayverib toqqa sayohatga chiqqanimizdami, ko’klam tevarak-atrofni bezab, qirlarda qizg’aldoqlar alvon bo’lib ochilgan, yurak esa quvonchning zo’ridan qo’krak qafasini yorib chiqar darajaga yetgan chog’lardami, maroq bilan, favqulodda xush kayfiyatda va zavq-shavq bilan hikoya qilib berardi. Ana shu gurungi uchun ham biz o’quvchilar muallimimizni yanada hurmat qilardik, unga nisbatan munosabatimiz o’zgacha edi desam, gaplarimga ishonarsiz deb o’ylayman.

Bizning sirli va munavvar bolalik yillarimizga, o’smirlik davrlarimizga zeb bergan, go’dak ko’nglimizni muzayyan manzillarga betinim chorlab turgan bu gurung nima haqida edi? Eshitgingiz, xabardor bo’lgingiz kelayaptimi? Oradan qancha yillar o’tib ketdi, qancha teran daryolar mavjlanib oqdilar. To shu kungacha ham bu haqda hech kimga yuragimni ochib aytmagan edim. Keling, ko’ngil yoradigan zamonlar qoshimizda turibdi. Shu gurungni Sizga ham aytib berayin. Qarasam- ki, Siz ham shu ajoyib gurungga munosib bir odam qo’rinasiz. Dunyo o’tayotir. Umr o’tib bormoqda. Vohkim, adadsiz vohkim, umrimiz karvoni bolalik va o’smirlik qirg’oqlaridan tobora shiddat bilan yiroqlashib bormoqda. Qarab tursam, meni ham bu foniy dunyoga bog’lab qo’yganga o’xshamaydi. Keling, men g’aribdan sizdek bir vallomat do’stga, birodarga bir saxiylik bo’lsin. Bir yorug’ gurung esdalik bo’lib qolsin. Nima dedingiz?!

Gurung mana bunday edi:
— Malim, professorni qo’rganmisiz? Agar professorni ko’rgan bo’lsangiz, ayting-chi, professor deganlari qanday odam bo’lar ekan?

Savolimizdan muallimimiz bir o’zgarardi, yuz-ko’zlariga, horg’in qiyofasiga ulug’vorlik qalqib chiqar, kamqon yuzlariga qizillik yugurardi. Bir nuqtaga tikilgancha necha muddat o’yga tolardi. Chamasi, yuz berayotgan ichki bir huzurbaxshlik, sirli holatdan avval o’zi rohatlanardi. So’ngra shoshmasdan, ohista-ohista javob berishga o’tardi:
— Ha, bolalar, men professorni ko’rganman! U paytlarda Buxoro davlat pedogogika institutida o’qirdik. Men sirtdan tahsil olardim. Qishki tahsilga borgandik. Endi eslasam, hayotimdagi eng baxtli kunlardan biri ekan o’sha kun! Tanaffus chog’ida kursdoshlar bilan tashqarida nimaningdir ustidan bahs-munozara qilib turgan edik. Bir mahal kursdoshlarimdan kimdir hayajonlanib: «Yigitlar, ana professor Mustaqim Mirzaev kelayaptilar!» dedi. Hammamiz beixtiyor kursdoshimiz boshi bilan ishora qilgan tarafga qaradik.

Shoshilmasdan qadam tashlab kelayotgan ikki kishining qaysi biri grofessor ekanligini kursdoshimiz aytdi. Negadir shunda men qizg’in suhbat, munozarani ham unutib, ixtiyorsiz ravishda professor kelayotgan tomonga yura boshladim!

Gurung shu yerga kelganda muallimimiz gapdan to’xtadi. Deraza osha tashqariga qaradi. Negadir bir nuqtaga qaragancha ancha mahal tikilib qoldi. Tashqarida esa ko’klam yomg’iri shivalab yog’ardi. Biz bola edik. Ko’nglimiz g’uborlardan xoli edi. Dunyo ko’zimizga gohi jayron bo’lib, gohida esa poyonsiz gulzor bo’lib ko’rinardi. Ko’hna dunyo ko’z oldimizda yanada yasharib, ajib bir ranglarda tovlanib, mavjlanib, balki jilvalanib yotardi…

Biz bola edik. Ko’nglimiz bo’shab yotgan poyonsiz bir shudgor edi. Ko’nglimizning shudgorlariga, keng qir-adirlariga obi-nayson yomg’irlari mayda-mayda bo’lib, mayin-mayin bo’lib yog’ardi…

— Malim, keyin-chi, keyin nima bo’ldi? — hayajon bo’g’zimizga tiqilib so’rardik, — ayting!

Muallim tashqaridan nigohini olib, hammamizga bir-bir sinchkovlik bilan qarab chiqardi. Chindan-da bu gurungning davomini eshitishga ilhaq-muntazir ekanligimizga qat`iy ishonch hosil qilgach, yana shoshilmasdan davom etardi:
— Keyinmi? Keyin esa bolalar, men professor kelayotgan tomonga yura boshladim. Yaqinlashgan sari yuragim «gup-gup» urardi. Axir, men hayotimda birinchi marta tirik professorni ko’rayotgan edim-da! Tushunayapsizlarmi, bolalar, suratini emas, balki professorning o’zini shundaygina qo’rib turardim. Hayajonlanmasdan bo’ladimi, bolalar! Oramiz juda yaqin qoldi. O’rtadagi masofa tobora qisqarib borar, yuragimning qinidan chiqib ketgudek bo’lib urayotganini shundayligini eshitib, sezib turardim. Azbaroyi hayajonlanib ketganimdan baland ovozda salom berdim: «Assalomu alaykum, domla!» Shunda… professor menga «yalt» etib qaradi. Salomim ancha baland ovozda bo’lgan ekan, shekilli. Shunchaki qaramadi, balki iliq, samimiy bir qiyofada qaradi. Iliq qaradi-da: «Vaalaykum assalom!» deya alik oldi va yana so’radi ham: «O’qishlaringiz yaxshimi, o’g’lim»! Shunda bazo’r «Rahmat, domlajon!» deya oldim, xolos. Gapning to’g’risini aytgan yaxshi, bolalar, qolganini tasvirlab berishga ham tilim ojizlik qiladi! Shu qadar vaqtim xush bo’lgan ekanki, shunchalik hayajonlangan ekanmanki, necha kunlar o’zimni xuddi bulutlar ustida yurgandek his qilib yashadim. Shunday qilib, bolalar, men, professor Mustaqim Mirzaev bilan uchrashganman va kerak bo’lsa, u kishi bilan salomlashganman ham!

Muallimimizdan shu gurungni kiprik qoqmay eshitayotgan biz bolalar ham bir o’zgaramiz. Professor bilan bog’liq bir gurung bizni ham tamom o’zgartiradi, kutilmaganda barchamiz boshqacha, katta odamlarga aylanib qolgandek bo’lamiz. Axir, bizni Buxoroi sharifda professorni uchratgan va u kishi bilan yonma-yon turib salomlashgan ajoyib muallim o’qitayotgan edi-da!

«O’ZBEGIM»
Yoxud olisdagi bir to’yning ayrim taassurotlari

Aniq yili esimda qolgan emas. Shunisi yodimdaki, qishning adog’i, bahorning avvali edi. Oltinsoyning tog’li bir qishlog’ida Safar Abduraimov degan traktorchi yigit ikki o’g’liga sunnat to’yi berayotgan edi.

Xullas, xatna to’yi edi. Oqshom mahali. Sharros yomg’ir quyardi. Chelaklab quyayotgan yomg’ir barchani panaroqda jon saqlashga majbur etardi. Choy-non, osh tashiyotgan xizmatkor yigitlar esa shoshib-shoshib qadam tashlardilar. Garchand yomg’irdan ust-boshlari shalabbo bo’layotgan esa-da, ko’ngillaridagi xursandchilik, to’y kayfiyati aslo pasaymagan ediki, bu narsa ularning yuz-ko’zlaridan shundoqqina bilinib turardi. Aytmoqchimanki, to’yning shavqi, quvonchi shu qadar baland edi.

Xo’sh, agar bilsangiz, ayting-chi, bu to’yni men nega aynan hozir eslayapman? Nima uchun bu to’y taassurotlari mening xotiramdan to hanuz mayda tafsilotlarigacha o’chmasdan turibdi? Keling, yaxshisi, bu haqda o’zim sizga bafurja aytganim ma’qulroq bo’ladi.

U mahallar men hali o’smir edim. Yomg’ir yog’a boshladi deguncha, negadir butun a’zoi badanim dir-dir titrayverar, uchaverardi. Bu narsa sovuqdan emas, balki yomg’irning menga favqulodda kuchli ta’sir etishidan edi Yomg’ir yog’a boshladimi, tasvirlash mushkul bo’lgan bir hayajon, ifodalab bo’lmas shavq o’smir qalbimni butkul asir etib olardi. Shunday paytlarda, gapning ochig’i, so’z demoqqa ojiz qolardim.

Qarang-a, gurung bilan bo’lib mavzudan, aytmoqchi bo’lgan gapdan salgina chekkalabmiz, chog’i. Siz-chi, gapdan chalg’imadingizmi, birodar? Gap tog’li qishloqlardan birida yashovchi traktorchi Safar akaningo’g’illariga qilayotgan xatna to’yi xususida borayotgan edi. Alqissa, shu to’ydan esimda qolgan bir narsa — mening yuragim, butun vujudi bilan erta ko’klam yomg’iriga cho’milib, balki ivib turgan o’smirligim edi, desam to’g’riroq bo’lar. Safar traktorchining to’yini eslatib turadigan ikkinchi bir unutilmas voqea ham borligini aytib qo’yganim yaxshi, Sizga aytmoqchi bo’lganim — ikkinchi voqea shu ediki, biz yashaydigan tog’larning farzandi Chori Eshqoraev (hozir Termiz Davlat universiteti dotsenti) o’sha paytlarda Samarqand Davlat universitetining fizika-matematika fakul`tetida tahsil olardi. Ta’til sababidan bir talaba do’sti bilan qishloqqa kelgan ekan. Chori aka ana shu do’sti bilan to’yga ham tashrif buyurdi.

Mehmon o’rta bo’yli, qotmadan kelgan va qorako’l teridan tikilgan telpak kiygan holatida ko’z o’ngimda turibdi. Xullas, shu mehmonning ko’shiq aytish hunari ham bor ekan. U yomg’irdan panada, peshayvonda tik turgan ko’yi tor chalib, sel bo’lgancha ko’shiqlar aytdi. Bu ko’shiqlarning ma’nosi, matni to’laligicha yodimda qolgan emas. Lekin uning «Tarixingdur ming asrlar ichra pinhon o’zbegim, Senga tengdosh Pomiru oqsoch Tiyonshon o’zbegim. So’ylasin Afrosiyobu, so’ylasin O’rhun xati, Ko’hna tarix shodasida bitta marjon o’zbegim…» deya aytgan qo’shig’i esimda mahkam o’rnashib qolgan. Esimda qolgan degan gap ham men sizga aytmoqchi, anglatmoqchi bo’lgan fikrni to’liq ifodalay olmayapti, chog’i. Bu ko’shiqning o’smir qalbimga ko’rsatgan ta’sirini sizga qanday tushuntirsam ekan.

Keling, yaxshisi, shunday deya qolay: bu ko’shiqning, ya’ni «O’zbegim»ning so’zlari, satrlari, ohanglari qalbim kengliklariga bamisoli erta ko’klam yomg’iri kabi mayda-mayda bo’lib, mayin-mayin bo’lib yoqqan edi. Buni esa unutib bo’lmadi, unutib bo’lmaydi ham.

Bu — hamma ham va har yerda ham yurak yutib (o’sha zamonlarda, albatta) aytolmaydigan qo’shiq — mashhur o’zbek shoiri Erkin Vohidovning mashhur «O’zbegim» qasidasi edi. Bu gaplarni sal keyinroq bildik. Qarang- ki, mehmon-talabaning shu qo’shig’i o’smir qalbimga bir
umrga muhrlanib qoldi. Bu dunyoi dunda o’zbek degan millat borligini, uning bag’oyat qadimiy va ayni chog’da shavkatli-shuhratli ekanligini, olis tarix davomida necha-necha to’fon va dolg’alardan o’ziga xosligini zamonlarning qanotida eson-omon olib kelayotganini XX asrda «O’zbegim» bizning o’smir va bola qalbimizga ustalik bilan o’rnashdi.

U paytlarda hali bor ovoz bilan davralarda, gap-gashtaklarda «O’zbegim» deb gap aytish oson bo’lmagani kabi, bunday baland kayfiyatda yurganligingiz, hususan, bu hakda o’rtanib va iftixor bilan qo’shiqlar kuylaganingiz uchun sizni olqishlashmas va ko’kragingizga nishonlar ham taqishmasdi…

… Bu voqeaga ko’p zamonlar bo’ldi. Buni eslamasam ham, aytmasam ham bo’lardi. Negadir eslagim, aytgim keldi.

XAZON BILMAYDIGAN BAHOR

Kampir sakson yoshida beva qoldi. Choli to’qsondan ancha oshib bandalikni bajo keltirdi. O’rtada bir etak farzand kamolga yetdi. O’g’il-qizlar ota-onalariga shu qadar qobil va mehribon bo’ldilarki, ularga havas qilmagan odam kam edi. Ota-ona ra’yiga hech birlari qarshi turmaganlar, bunday qilish hatto ularning xayoliga ham kelmagan. Buni hattoki tasavvur etish ham mushkul edi. Zero, ota-ona ularga to’g’rilikdan, yaxshilik va savobdan o’zga narsani o’rgatmagan edilar.

Xullas, ana shu chol aqlli, mehribon va ahil farzandlarini alqay-alqay olamdan o’tib ketdi. Aytgancha, chol va kampir ayrim nevara-chevaralarining ismini-da unutishga ulgurgan edilar. Buning bir tomoni keksalikdan bo’lsa, ikkinchi tarafi, nevara-chevaralarning soni anchaga yetganida edi.

Boringki, ana shu baxtli juftlikning, Xudo qo’sh qo’llab bergan odamlarning biri — chol ajal sharobini birinchi bo’lib totdi… Janoza, dafn marosimiga juda ko’p odam keldi. Cholning ta’ziyali kunlari, marosimlari bir-bir o’tdi. Ko’ngil so’rab keluvchilarning oyog’i kamaygach, katta hovli kutilmaganda sokin va ma’yus tortib qoldi. Shunday qilib, kampirning ta’biri bilan aytganda, «baqiroq chol» ham bu dunyoning bir mehmoni ekan, «hayyo-huyt» deb ketdi-bordi.

Jilovdori dunyodan ketgach, kampir tushmagur bir kuni uyiga kelgan xotin-xalajga nima debdi deng:
— Xudoyimga shukur-ye, hovlida bir baqiroq chol bor edi, uyam ketdi. Endi davru-davron suradigan, o’ynab-kuladigan, mehmondorchilik, gap-gashtaklarda bemalol aylanib yuradigan paytlarim ham keldi…

Kutilmaganda aytilgan bu gapdan ayollarning bir qismi hayron-lol qolishibdi, boshqa birovlari, ya’ni hangoma talablari kulishibdi. Yana birlari esa «kampirning miyasi aynibdi», degan hulosaga borishibdi. Biz u yerdagi ayollar kabi birdaniga xulosa chiqara olmaymiz. Kim biladi, balki kampir bu gaplarni shunchaki yo’liga, hazil tariqasida aytgandir, balki rost so’zlagandir. Balki qalbidagi ayriliq dardi, og’rig’ini boshqalardan yashirmoq uchun shunday degandir. Har qalay, momo aytgan bu gapning tagidan turli-tuman ma’no axtarib yotish sizu bizga shart bo’lmagani kabi munosib ham emas, deb o’ylayman.

… Chol va kampir oltmish yildan ko’proq vaqt birgalikda hayot kechirib, dunyoning, tirikchilikning issiq-sovug’ini boshdan o’tkazishdi. Bu yerda gapning mag’zi shunda ediki, chol rahmatli birgalikda kechgan butun umri davomida ayolini qanchalik suygan, begona ko’zlardan rashk qilgan bo’lsa, ayni chog’da shu qadar qattiqqo’llik ham qildi. Rahmatli chol «Menga bir og’iz ham aytmasdan, ijozat olmasdan ertadan toki kechgacha qaerlarda bo’lding», deb yoki bo’lmasa «Poezdga chiqib shuncha qun qaerlarda qolib ketding, qaerlarda tunab, qanday kun o’tkazding?» deb hattoki so’ramaydigan, so’ray olmaydigan, tejab-tergolmaydigan ayrim rashki, nafsoniyati, oriyati falajlangan erkaksimon odamlarning batamom teskarisi edi.

Sizga yana qanday anglatsam ekan? Ya’ni chol nafsoniyati, rashki, g’ururi, boringki, ayoliga nisbatan bo’lgan muhabbati kuchliligidan ham unga umr bo’yi qattiq turdi. Chetdan qarasangiz, bu bir adoqsiz qahrga, zulmga va adolatsizlikka o’xshardi. Chetdan qarasangiz, xolos. Aslida esa bu «zug’um», «baqiroq»likning tagzaminida muhabbatning xazon bilmas bahori barq urib gullab yotardi…

OSHIQ CHUMOLINING SABOG’I

Darvoqe, oshiqlik dunyodagi eng katta va eng og’ir imtihondir. Bu gapni qaerdan topding, deb menga ta’na qilmang tag’in. Men bu gapni ko’hna va varaqlari sarg’ayib ketgan kitoblardan o’qiganman. Bu gapni bizga qadar ulug’larimiz aytib ketishgan. Sizga tushuntira oldimmi, birodar?!

Deydilarki, ko’pdan ko’p sifatlar bilan birga oshiqda himmat va g’ayrat ham mo’l bo’lishi kerak. Himmatsiz, g’ayrat-shijoatsiz odam balki puldor bo’lishi mumkin, katta mansab egasi bo’lishi mumkin. Lekin oshiqlik yo’lida katta ish qila olmaydi.

Aytishlaricha, mitti, boringki, chumoli qavmidan katta bir chumoli haybatli tog’ning tosh-tuprog’ini ikkinchi bir tarafga olib tashlamoq uchun jiddi-jahd qilib yotgan ekan. Sirtdan qaraganda, chumolining bunday mahobatli ishga qo’l urmog’i turgan-bitgani kulgili bir hol edi. Lekin…

Chumoli hech narsaga qaramasdan ishlab yotgan chog’ida parranda-yu darranda, jin, dev, parilar, shamolning podshohi bo’lgan Sulaymon alayhissalom qayoqdandir kelib qolibdilar. Ko’rsalarki, mitti vujudi, mitti joni bilan bir chumoli amalga oshirib bo’lmaydigan ko’p mushkul ishga bosh urib yotibdi.

Shunda dunyoning bu kabi ishlaridan hayron bo’lgan Sulaymon alayhissalom chumolidan so’radilar:
— Ey, chumoli, nima qilayapsan? Shu mitti jussang-jasading bilan bunday og’ir va qiyin ishga nechun qo’l urding? Bu ishingning boisi nimadir? Maqsading nima o’zi?

Chumoli Sulaymon alayhissalomga qarab debdi:
— Men bilan necha pullik ishing bor. Sen dardimni qaydan bilarding! Men oshiqman. Bir sohibjamol chumolining ishqida ko’zim giryon, bag’rim kabobdir. Ul sohibjamolning ishqida oromimni yo’qotganman. Sovchi qo’ydirdim. Sohibjamol menga shunday shart qo’ydi: «Agar shu tog’ni tag- tugi bilan qo’porib tashlasang, kel, senga tegishga rozilik berayin! Agar bu ish qo’lingdan kelmasa, unda hargiz mening umidimda bo’lmagil, yo’lingdan qolma!». Mendan gap so’rasang, shu sohibjamolning visoliga erishmoq uchun bu tog’ni supurib tashlashga qattiq ahd qildim. Supurib tashlayman ham!

Sulaymon alayhissalomga shu gaplarni aytarkan, chumoli yana o’zining ishi bilan mashg’ul bo’ldi.

Bu ajab bir holat edi. Sulaymon alayhissalom ko’rdilar va ishonch hosil qildilarki, chumoli chin oshiqdir va aslo ahdidan ham, ko’zlagan maqsadidan ham qaytmas. Uning himmati va jasoratiga tan berdilar-da, bir og’iz farmonlariga muntazir va shay turgan devlarga amr qildilar:
— Tog’ni talqon qilib, chumoli aytgan tarafga supurib tashlangiz!

Bu ko’hna rivoyatning yakuni, bizning-cha bo’ladigan talqini qanday, deb so’rayapsizmi?! Unda eshiting: devlar ana-mana deguncha torni maydalab, bir yonga supurib tashlabdilar. Ishq dardiga giriftor bo’lgan himmatli va jasoratli chumoli murodi maqsadiga yetibdi…

Lekin bu rivoyatdan bizning chiqarib oladigan hissamiz, xulosamiz, boringki, foydamiz qanday bo’ladi? Insonmiz, chumolidan necha ming barobar kattamiz, haybatlimiz. Minglab chumoliga yetgulik luqmani bir o’tirishda paqqos tushirishga har birimizning ishtahamiz ham, quvvatimiz ham yetadi. Agar tinglasalar, necha yuz minglab chumoliga haftalab aql o’rgatishimiz ham mumkin. Yana deng, minglab chumolini ko’rsak-da, aslo nazar-pisand etmaymiz. Xudoning o’zi kechirsin-u har kuni necha yuzlab chumolini yo’l yuzida oyoqlarimiz ostida beparvo ezib ham ketaveramiz.

Biroq mard turib ayting-chi, chumolining buyuk himmati, g’ayrati qay birimizda bor?

Ba’zan aql bovar qilmas, hayratomuz ishlarni jasad emas, balki katta g’ayrat, himmat hal etadi. Qarang, garchand ko’ngilsiz, achchiq, bir qadar istehzoli bo’lsa hamki, fikrlang, tomosha qiling: qanchadan qancha devday erlarning guldek ayollari tijorat, savdo-sotiq, dehqonchilik, mardikorchilik, turli yumushlar… bilan bozorlarda, poezdlarda, uydan yiroq-yiroqlarda safarlarda, mavhum va noma’lum joylarda yurishadi. Musofir yurtlarda ularning holi ne kechdi? Ular kechalari qaerlarda yotdilar, qanday yotdilar… hamrohlari kim edi.. kim biladi…

Himmatsizlik va g’ayratsizlikka boqing- ki, yelkalari qirdek yigitlar, erkaklar chol- kampirning pensiya puli keladigan kunlarni barmoq sanab kutadilar. Pul tarqatuvchi pochtachi ularning ko’ziga bamisoli «najot qal’asi» bo’lib ko’rinadi. Hatto ota-onasiga keladigan pensiya pulini ertaroq olish umidida necha pahlavon yigitlarning pochtachiga hushomad qilib, uning tomorqasida ishlayotganlarini qo’rdik, ko’rayapmiz ham…

Yana necha-necha alpomish kelbatli erlar uylarida, balki yo’l bo’yidagi ariqlarning ichida, devorlarning tagida aroqdan yiqilib, mag’lub holda yotmishlar!

Himmatsizlik va g’ayratsizlikni qo’ringki, Alpomishning ba’zi bir avlodlari yozda soyaning quyug’ini itga bermaydilar. Qish chillasida issiq joy topsalar, osonlikcha yotgan joylarini birovga bermaydilar. Himmatsizlik va orsizlikni qarangki, necha navqiron va pahlavonsifat erkaklar osmondan chalpak yog’adigan kunlarni hali-hamon kutib, aziz umrlarini behudaga sovurmoqdalar.

…Sulaymon alayhissalom bilan yuzlashgan va so’zlashgan mitti, oshiq chumolining haybatli holati, g’ayrati va himmatidan bir zarrasi bizda ham bo’lsaydi, ancha ilgarilab ketgan bo’lardik…

«BEKTO’DA»DAN BIR VAKIL…

Davradagilarning aksariyati uni hali yaxshi bilmasdi. Biladigan bir-ikki odam ham sharqona odobu andisha bilan sukut saqlab o’tirardi. Bu safar u katta va munosib davraga duch kelgandi. Kimdir davrada millat, nasl, urug’lar, shajaralardan gap ochdi. Qahramonimiz fursat kutdi, fursat ham yetdi. Shunda u og’zini to’ldirib shunday dedi:
— Bizning bobokalonlar asli nasli toza va pokiza, qanoatli odamlardan bo’lishgan. Agar mendan gapni so’raybersangiz, bizning shajaramiz hazrat Sohibqiron Temurga borib taqaladi. Endi bilmaydiganlar uchun aytib qo’yganim yaxshi, birodarlar, biz asli o’zi bekto’da degan urug’dan bo’lamiz. Bizning urug’ odamlari azal-azaldan to’rtov oraga gap aytsh, yo’l ko’rsatib kelishgan, borar yo’lidan, manzilidan adashganlar, boshiga mushkul savdo tushganlar bizning urug’ vakillaridan gap olgan, yo’l-yo’riq, maslahat so’rashgan.

Davrada bu odamning aytganlarini hech kim inkor qilmagani kabi uni qo’llab-quvvatlovchi, rag’batlantiruvchi gap aytuvchilar ham bo’lmadi.

Dasturxon to’kin edi. «Bekto’da»ning vakili tinmasdi. Oldida turgan meva-cheva, turli danak, pista-bodomlarni birma-bir likopchalari bilan tozalab ketaverdi, ketaverdi. Dasturxonga palov tortildi. «Bekto’da»ning yigirma birinchi asrdagi vakili oshdan shu qadar ishtaha bilan yediki, tovoqda so’nggi osham emas, balki so’nggi dona guruch qolgunga qadar itoatkor boshini ko’tarmadi.

Sergo’sht, seryog’ palovdan so’ng o’rtaga anor sharbati tortildi. Bahorning boshlanishi edi bu kunlar. Endi Siz ko’klamning avvalida dasturxonga qo’yilgan anor sharbatining qanchalar tansiq va foydali taom ekanligini bir tasavvur qilib ko’ring. Chamasi, xonadon sohibi ham mehmonlar uchun esdan chiqmaydigan siylov qilayin degan ekanda.

Anor sharbati shokosada uzatildi. «Bekto’da»ning vakili qo’liga sharbatli shokosa tekkach, yonida o’tirganlarni ham bir zum unutdi, negadir shu daqiqalarda unutgisi keldi, shekilli, sharbatni oxirigacha sipqordi. Sipqordi-da so’ngra lab-lunjini huzurlanib artarkan, qoniqish bilan e’tirof qildi:
— Anor sharbatini shunchalar yaxshi ko’ramanki, asti qo’yaverasiz… Xususan, ilikuzildi chog’larda — bahorda anor sharbatiga teng keladigan ichimlik bor ekanmi?!

— Gapini qarang, xuddi boshqalar anor sharbatini yomon ko’radigandek… — dedi davradagilardan biri istehzo bilan yonidagi odamga sekin shivirlab.

Agar adashmasak, anor sharbatidan so’ng dasturxonga qovun-tarvuz ham tortildi. So’nggi tilimigacha paqqos tushirishda «qahramonlarcha» ishtirok etgan «bekto’da»ning yigirma birinchi asrdagi vakili, bizu sizga zamondosh bo’lgan «aslzoda» bu gal ham qoyil qoldirdi.

Xullas, katta davradagi nufuzli odamlarda «bekto’da»ning vakili, «aslzoda» yigit tug’ilganidan beri tarbiya ko’rmagan va buning ustiga ko’p zamonlardan beri qorni to’yib ovqat yemagan odamdek qayg’uli taassurot uyg’otdi.

«Aslzoda»ning nafsi biroz orom topdi, shekilli, dasturxondan boshini ko’tarib, chamasi, o’zi yaqinda amalga oshirgan bir besharm, andishasiz voqeani hikoya qilishga tushdi. Agar «aslzoda»ning bu gurungini ayni o’rinda keltirsak, shubhasiz, siz ham nafaqat «bekto’da» vakili — «aslzoda»dan, balki bizdan ham ranjiysiz.

«Aslzoda» behayolikka qorishgan hikoyasini tugatdi. Shunda davraning bir chetida kamtarona o’tirgan Ustoz yonidagi kishiga ohistalik bilan, andakkina ozorlangan ohangda va andakkina istehzo bilan shunday dedi:
— Bu «aslzoda»ni davraga kim taklif qilgan o’zi? Hammamizni laqillatib o’tirgan bu gumrohning tag-tugi surishtirib qo’rilsa, aslida bekto’da urug’idan emas, balki «ochto’da» urug’idan, balki «gadoy to’da» urug’idan bo’lib chiqadi…

Chamasi, Ustoz haq edi.

«KIM ZO’R, BOYQORA XALFA?»

Oltinsoy tumanidagi Zardaqul degan qishloqda qachonlardir bo’lgan bir gurungning kichkina tafsiloti quyidagicha:

Qishloqda Boyqora xalfa degan donishmand, taqvodor odam yashab o’tgan. Aytishlaricha, bu odamning xat-savodi bo’lmagan. Ya’ni na o’qish va na yozishni bilgan. Biroq ixlosi va xotirasi butun, tiniq bo’lgani bois ham ko’p narsalardan voqif edi.

Bir safar Zardaqulga eshoni Hoshimxon degan piri komil zot tashrif buyuradilar. Pir kelgan chog’larda katta davra qurilib, baland maqomlardagi suhbatlar qilingan. Bir safargi ana shunday gurungda pir xalfaga yuzlanib, savol tashlaydilar:
— Boyqora xalfa, qani ayting-chi, kim zo’r?

Boyqora xalfa bir zum o’yga tolgandan so’ng lo’nda va ixcham javob qiladi:
— U dunyo, bu dunyo katta yo’l, katta yo’ldan chiqmagan zo’r!

Piri komil «Darhaqiqat, to’g’ri» degandek bosh irg’ab, tan berdilar.

BEMAVRID XAZON FASLI

Nima ish bilandir bozorga kirdim. Yoz adoqlab borayotgan, jamiki mevalar janub oftobida maromiga yetib pishgan, bog’-rog’lar, polizlarni to’ddirgan va egalaridan ortgani bozorlarni ham obod qilgan paytlar edi.
Rastalarni oralab o’zimga kerakli u-bu narsalarni xarid qildim. Aylanib-aylanib bir ziyoli tanishimga duch kelib qoldim. Tanishim ko’rinishdan ancha navqiron yigit edi. Chamasi, uning ko’kalasoqol bo’ladigan damlarigacha hali ancha qovun pishig’i bor edi.

Xullas, shu tanishim meva-cheva sotib o’tirgan momo bilan nimalarnidir gurung qilayotgan ekan. Salom-alik qildik, hol-ahvol so’rashdik. So’ngra tilimga gap keldi:
— Qani, bu deyman, momoning pullarini sanayabsizmi, birodar? — dedim hazil aralash.

Shunda yigit «duv» qizargandek bo’ldi, momo esa negadir bezovtalandi. Shunday bezovtalandiki, bergan savolim o’rinsiz bo’ldimikin, degan shubhaga ham bordim. Har qalay menga shunday tuyuldi.
— Yo’g’-ye, —dedi yigit bir muddatdan so’ng o’zini o’nglab olgach, — bu… keliningiz bo’la- di… bilmasmidingiz!…

Bu javobdan so’ng o’zimni qanchalar noqulay his qilganligimni tasavvur etishingiz ham qiyin deb o’ylayman. «Gapni sal uzoqroqdan aylantirib kelmaysanmi, sening tomdan tarasha tushgandek gapirish odating qolmadi, qolmadi-da! Fe’ling qursin!» deb o’zimni o’zim ancha urishdim. Shundan so’ng ancha mahalgacha tilimga jo’yaliroq gap kelmadi. Azbaroyi o’ng’aysizlanganimdan nimalardir deb g’udrandim ham, chog’i. Koshki edi shundan so’ng gap-gapga qovushgan bo’lsa.

Shuni bilganingiz va agar lozim topsangiz, ishonganingiz yaxshiki, bu gapni men ataylab va yoki qasddan gapirmagan edim. Chunki navqiron tanishimning ayoli ko’zimga chindan-da, momo bo’lib ko’ringan edi.

… Bir vaqtlar u ham chiroyli qiz bo’lgandir. Mening shu ziyoli tanishim bu qizning firoqida necha-necha tonglarni bedor ottirgandir. Uning vasliga yetmoq uchun qanchalab ishqiy maktublar bitgandir. Kim biladi, balki boshqa ko’plab o’smirlar qatori u ham muhabbat haqida she’rlar mashq qilgandir. Uning roziligi va muhabbatiga erishmoq umidida qancha zamonlar pinhona o’rtanib yashagandir…

Lekin keyin bildimki, tirikchilikning og’ir aravasi uni muddatidan ancha ilgari qaritgan edi. Tahlika va yugur-yugurda yashagan ayol o’ttizga ham kirmasdan qarilikka tomon yuz burgan ekan. Uydagi bir etak bola- baqraning, bir qo’ra molning, katta bir tomorqaning og’ir yuki, chor-tarafdan keladigan mehmonlarning izzat-ikromini joyiga qo’yish va boshqa ko’p yumushlar nozik yelkalariga tushgach, jismi joniga zo’r kelgan. Yoshlik ham, go’zallik ham undan bir necha ming chaqirimga, balki qo’l yetmas, hattoki tovush ham yetmas joylarga, eng yomoni, boshqa hech qachon qaytmaydigan bo’lib ketgan edi.

Faqat… faqat… favqulodda chiroyli va ma’yus ko’zlari, o’ng yuzidagi xoli uning qachonlardir bag’oyat sohibjamol bir qiz bo’lganligini shundaygina eslatib turardi, xolos. Faqat qachonlardir… juda olis zamonlarda…

ARAZCHINING UMRI

Avvaldan unga o’zi Xudo aql bermadimi yoki fahmi azaldan kammidi, ishqilib, umri davomida son-sanoqsiz talofatlar ko’rdi. Yaxshimidi, yomonmidi, bir odati bo’lardi — behad qo’rs, betgachopar, buning ustiga arazchi edi. Bu hayot, umr yo’lining shunchalar qisqaligini, araz urishga aslo va aslo arzimasligini, balki yetmasligini anglamasdi, shekilli. Chunki oradagi masofa juda kam. Chunki vaqt ozligidan, umr qisqaligidan hattoki miriqib araz ham urolmaysan.

U yoki bu bahonada birovga gina-kudurat saqlaysan, arazlaysan. Biroq ne baloki, arazing poyoniga yetmasidan, poyoniga yetmasdan emas, balki yarmiga ham bormasidan ajal qo’ng’irog’i bong uradi… Darvoqe, bizning aziz va jabrdiyda qahramonimiz ham uzoq va mashaqqatli, lekin judayam qisqa umri mobaynida ko’p martalab araz urib hamma narsadan deyarli ayro tushgan holatda dorilbaqoga rihlat qildi.

Ajal shunday narsa ekanki, u na odam, na yosh va na vaqt tanlaydi. Xudoning ojiz bandalari bu mash’um va musibatli kunning qachon, qay soatda kelishini aslo bilmaydilar, bilolmaydilar. Shunday bo’ldiki, arazchi qahramonimizning arazlashib yurgan teng-to’shlaridan, hamsoyalaridan ba’zi birlari sal avvalroq chin dunyo safariga yuzlandilar. Bizning arazchimiz shu qadar qattiq araz urgandiki, hattoki ularning janozasiga ham, ta’ziyasiga ham bormadi. Chunki u bir gapli edi-da…

… Bilagi kuch-quvvatga to’lgan chog’larida arzimas narsaning ustida tortishib, mehribon va ikki olamga ham tatigulik ota-onasidan araz urdi. O’g’ilning arazi yozilmasidan burun sho’rlik ota-ona olamdan ko’z yumishdi… Diydor qiyomatga qoldi.

Qahramonimizning yaqin do’sti bo’lardi. Shu bilan ham munozaralashib, araz dashtiga yuz burdi. Do’sti unga qanchalik mehr bilan yuzlanmasin, hargiz yumshamadi. Chunki u bir gapli edi…

Arazchi qahramonimizning mushfiq va ayni chog’da mehnat uchun tug’ilgan ayoli bor edi. Shu ayoli bilan ham u kun osha janjallashib turardi. Xullas, keyin nima bo’ldi deng: qahramonimiz «mana, senga bo’lmasa», deb xotinidan ham boplab araz urdi. Shu arazi umrining oxirigacha boshqa yozilmadi. Bir necha yil ilhaqlikda kuta-kuta, oxiri ayoli ham bolalarini ergashtirib uyidan chiqib ketdi. Keyin eshitdikki, ayoli xotini o’lgan bir erkakka turmushga chiqibdi.

… Bir kuni uzun va lekin judayam qisqa umr oxiriga yetib keldi. Son-sanoqsiz gina- kuduratlar, arazlar, qahru g’azab va adovatdan xumdek shishgan boshi yostiqqa yetdi. Malak-ul mavt — ajal farishtasi arazchi qahramonimizning boshida hoziru nozir bo’ldi. Bu safar ham qahramonimiz odatiga ko’ra, araz uray deb ko’rdi. Aekin ne holat-ki, araz urolmadi. Chunki tirikligida uzundan uzoq bo’lib tuyulgan umridan bir fursat, atigi bir fursat araz uchun yetmadi, Ajal farishtasi arazchi qahramonimizni shu qadar qistalang qildiki, u na araz bilan kechgan umridan afsus-nadomat cheka oldi, na birovdan rozi-rizolik so’ray oldi…

«QUMTOG’» USTIDAGI KISHI

… «Qumtog’ning ustida turib buncha katta gapirasan. Yerga tushsang-chi! Har qalay, yer ishonchliroq.
Sen qaydan bilasan, qumdan bino bo’lgan bu «tog’»ni taqdir shamoli qali necha martalab, necha tarafga qaratib to’zg’itar…
Bir nafasda to’zg’iydigan «qumtog’»ning ustida turib, necha alvonda va necha alfozda chaqchaygan, takabbur, nodonlardan balki son mingtasini qo’rgan bu dunyo.

KAVAKDAN KBLAYOTGAN OVOZ

Aniq vaqti yodimda yo’q. Qaysi bir quni kavakda beti yaltillab, tanasi semirib yotgan bir odam achchiq-achchiq ta’na qildi:
— Hammang qo’rqoqsanlar! Agar senlarning o’rningda men bo’lsaydim!…
Unga javoban hech narsa demadim. Chunki kavakdagi odamning tashqaridagi ob-havodan mutlaqo xabari yo’q edi…

033

(Tashriflar: umumiy 490, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring