Iqbol Qo’shshaeva. Darvozasiz qolgan dunyo

011

  Биз “ички дунё”, “руҳий олам”, “руҳият манзаралари”, “кўнгил мулки” каби ибораларни ишлатишни хуш кўрамиз. Шу жумлаларни ишлатмасак, гўё, нутқимиз рангсиз, жонсиз, “ўзига хос” чиқмаётгандек.  Ўзимча ўйлаб қоламан… Чиндан ҳам нима у “ички дунё”?

013
ДАРВОЗАСИЗ ҚОЛГАН ДУНЁ
Иқбол Қўшшаева
022

Биз “ички дунё”, “руҳий олам”, “руҳият манзаралари”, “кўнгил мулки” каби ибораларни ишлатишни хуш кўрамиз. Шу жумлаларни ишлатмасак, гўё, нутқимиз рангсиз, жонсиз, “ўзига хос” чиқмаётгандек.

Ўзимча ўйлаб қоламан… Чиндан ҳам нима у “ички дунё”?

Яхшиси келинг, “руҳият минтақалари”ни бир кезайлик-чи, неларга йўлиқарканмиз:
“Худога шукр, лўлининг аравасига чиқсам-чиқмасам, ашуласини айтавераман, шукр мени фаросатдан қисмаган… Ҳа, айтмоқчи, Чаманхон ўн кун концерт берибдими? Унда, ўн тўрт кун концерт берганим бўлсин… Нима қилиб бўлса ҳам рейтингни ушлаб туриш керак. Биламан, залнинг ярмидан кўпи хотин-халажла. Кеча шоирим Севдиёр билан гаплашгандим “Онажоним товони…” деган айни менбоп шеър ёзаётган экан… Аммо-лекин шоир болача роса топибди-да, ўзиям! Она ҳақидаги тўққизинчи қўшиғим. Матбуот котибам Баҳорага ҳам эслатиб қўяман, концертолди интервьюни “Она ҳақида ҳар қанча куйласанг оз…” сарлавҳасида чиқарса яхши бўларди, олдингиси “Машҳурликдан чарчадим…” эди. Концертларимни ўтказиб олай, яна бир мақола уюштирамиз: “Ноҳақликка чидай олмайман!”… айрим ғаламисларни бир боплайин-да!”. “Режиссёр учта котта янгиликка журъат этган: биринчиси, Фалончихон ва Фалончибой жуфтлиги, иккинчиси, қаҳрамонлар адабий тилда гапирадилар, учинчиси, қаҳрамоннинг касби журналист!”. “Кино жуда ҳаётий чиққан, ишонасизми, унда ўзимни кўрдим. Онагинам мени ҳам “орқачам”дан худди шундай шапатилардилар. Ўзим ҳеч ўйламагандим яратган бу образимдан кейин юлдуз бўлиб кетаман деб. Фестиваллардаям мени мақташвотти…”, “Лоқайдлик шоир учун ёмон иллат!Иқрорман,бу қусур ўзимда ҳам бор. Мана, бир ҳафтадирки, тувакдаги гулларга сув қўя олганим йўқ…”, “Махтанчоқлик, ман-манликни ёқтирмайман. Бизга устозларимиз актёр камтар бўлиши керак, деб таъкидлардилар. Қаранг, қанчалар доно бўлган улар! Етказганига шукр, ўгитларига кириб кам бўлмадим. Қаерга борсам, меҳмондўст халқимиз қўлини кўксига қўйиб кутиб олади. Шахсан мени театрга Шукр аканинг шахсан ўзлари олиб келганлар. Мен ижро этган ролларни фақат сен ўйнай оласан, қиёфанг ҳам, салобатинг ҳам Улуғбекка ўхшаб кетади, деб…”, “Шарофатингдан ўргилай истиқлолгинам, бизга компьютер-интернет, уяли телефонлардан фойдаланиш имкониятини яратди, тилимизда “диск”, “флэшка”, “DVD”, “I pod” каби атамалар пайдо бўлди. Бу неъматлардан унумли фойдаланаётган неварамнинг завқ-шавққа тўла шодон қийқириғида порлоқ келажакни кўраман…”

Хуллас, “руҳий олам”нинг қўлга илинадиган бор-йўқ шақар-шуқури шу! Кўпчилигимиз чиқиндилардан тўлиб бораётган ана шу “идиш”ни дабдабаю асъаса билан “ички олам” деб атаймиз. Ахир, нари борса “ташқари”нинг хира нуқси эмасми? Ана энди Муҳаббат, Эътиқод, Ватан ҳақидаги салламноларни ана шу даҳлиздан излайверинг… Яна шоир Эшқобил Шукур: “Санъат, санъаткорлар, хуллас, ижодкорлар ҳақида ёзилаётган мақола-суҳбатларда қалб тадқиқи етишмайди, уларнинг руҳияти очиб берилмайди”, деб ўкинади. Кечирасиз-у, шоир акам, бор нарса тадқиқ қилинади-да, ўзи умуман йўқ, бўлмаган нарсани очиб, қумдан уй қуриб беролмайсиз-ку! Ёки “зиёлилар минбари” деб аталадиган газетада “журналистлар “хонанда компьютерда ўйин ўйнаб ўтирган экан”, демасдан, китоб мутолааси билан банд экан, деб ёзса бўлади-ку, яхшилик йўлида, ёлғон ишлатишнинг айби йўқ”(?), деб ўзини фош этган “эл ардоғидаги” Халқ артистининг ўгитига қулоқ солиш керакми? Эҳтимол, ўз хониши билан тўйларга “файз” киритиб қиздирар, “кўнгил самосида наволар қилиб” “ашъор” битар ёки маржон-маржон кўз ёшлари билан чиройли юзини юва оладиган, она ҳақида монолог ўқиса ҳам ўзи, ҳам томошабинларни йиғлатмагунча қўйвормайдиган талантдир… Бироқ, не бўлганда ҳам, сиз излаётган маъно машҳурми, машҳур эмасми, ижодкорми, ижодкор эмасми — ҳамма бандага ҳам хос эмас экан.

Тушунишимча, “ички олам” ташқи дунё билан ёнма-ён яшайдиган (афсус ҳамоҳанг эмас), ҳаётнинг ҳукмларидан бир қадар озорланадиган, дунё даккиларини назарига илавермайдиган муросасиз борлиқ. Бегонани яқинига йўлатмайдиган ўй-хаёллар, тавба-тазаррулар, қувончлар ҳамда Яратган ташриф буюриши мумкин бўлган орзуманд маскан. “Бегона”нинг эса насл-насаби йўқ. Ҳатто отанг, онанг, фарзандингу умр йўлдошинг бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун изтироб қаршисида ўзимизни ёлғиз сезамиз. Бу ҳудудга мўралаш учун фақат муҳаббатгагина изн берилади. Шоҳга дарвешнинг кулоҳини, дарвешга шоҳ тожини кийдирадиган ягона мамлакат ҳам шу ер. Мана шу сирли “дунё”га гоҳ-гоҳида куй-қўшиқ, шеърият, хуллас, санъатнинг мўъжизавий қудрати ёрдамида назар ташлашинг мумкин. Ўз дарду дунёси орқали бизга ўнлаб тилсимларни очиб берган инсон, шубҳасиз, санъаткордир.

Бир аёл кундалигидан: “…Одамлар орасида ҳеч шеър ўқий олмайман… на яхши кўрган фильмим, на мутолаа қилаётган асарим ва на севган қўшиғим ҳақида гапиргим келади. Назаримда, улар менинг сирларимни фош қилиб қўядигандек… Ҳар бирида менинг дардларим сочилиб ётибди…”.

Ички олам йўл-йўлакай ўқиган, кўрган, эшитганларнинг фақат ўзидангина эмас, таъсирлантирган ҳодисалардан бойиб бораркан. Таассуротлар хаёлларни гўзаллаштиради, хаёллар эса инсонни… Ўзингиз бир ўйлаб кўринг-чи, мавлоно Румийнинг машҳур ҳикматларини тилга олаверадиган ҳар бир олим “донишманд”, Толстойдан бир-икки фикр айтган нотиқ “файласуф”, Достоевскийни варақлаган китобхонлар “руҳшунос” бўлиб қолармиди? Кимдир гарчи бутун умрини бағишлаган бўлса-да, ўша шоҳ асарлардан ҳам ҳеч нарса тополмай “Анна Каренина” енгилоёқ хотиннинг саргузаштлари ҳақида, ёзувчи эрига хиёнат қилган аёл охири ана шунақа хунук ўлим топади, демоқчи бўлган, деб ҳисоблар. Ёки “Тамара Демон-Иблисга бўса бериб тўғри қилдими, нотўғри қилдими? Нега энди жаннатга кетаркан?”, “Шайх Санъон”ми, ҳа, белига зуннор боғлаган…” деб яшаб ўтар, эҳтимол, бу қарашлар соҳиби “…шунос Фалончи Фалончиевич”дир. Бироқ назарингиз ҳеч илмаган яна кимгадир ҳақиқат — бахт сирини кўнгилдан излаши, “ахир, ерда яшаётгани учун мангу қувғиндилар — Одам фарзандлари айбдор эмас-ку?!”, дея ўзига савол бериши, инсоний изтироблар залворини туйиши учун ёмғирнинг шитир-шитир саси кифоя! Нигоҳ ҳам ўзини ҳеч ноумид қилмайдиган хазинага тикилади…

Шулар ҳақида ўйларканман, князь Андрей (Лев Толстой “Уруш ва тинчлик”)нинг Пьер Безуховга айтган фикрлари бир қадар ҳушёр торттиради: “Сен ўзингнинг оламшумул фалсафаларинг билан бир хизматкор кўзини очмоқчи бўласан. Ахир, бу ўйларинг унинг яшашига халал беради. Фақат изтиробини оширасан, холос. Қўй ўз ҳолига, агар билсанг, ундаги бахт сену менда йўқ. Негаки, у ўзининг ҳақиқий аҳволини билмагани учун ҳам бахтиёр”. Назаримда, бугунги маданий дунёда кечаётган аҳвол замирида ҳам айни шу киноя яшириниб ётгандек. Ҳа, сиз айтишингиз мумкин, бу фақат бугуннинг гапи эмас. Чак Норрису Ван Даммдан ҳузурланган отаю Митҳун Чакрабортига кўз ёш тўккан онанинг фарзанди, эндиликда “Божалар”ни кўриши табиат қонуни, деб. Сочларига бир-икки оқ оралаган, жиддийнамороқлари эса, бошини сарак-сарак қилганча Озодбек Назарбеков ашулаларидан маъно излар…

Ақлнинг бу совуқ ҳукмига жавобан Валентин Распутиннинг ўтган аср саксонинчи йиллари бошида айтган бир фикрини эслаб ўтмасак бўлмас. У “Пушкиндек даҳоларнинг энди чиқмаслигига сабаб, бугунги кун болалари Ариадна Родионовнанинг эртакларини эмас, Алла Пугачёванинг қўшиқларини тинглаб улғаяяпти” деб айтганди. Инсоф билан айтганда, бугунги дунёнинг ҳақиқий Яъжуж-Маъжужига айланган шоу-бизнес қутқуси қаршисида кўнгил ўйинларидан ҳеч толиқмас Алла Борисовна ҳам бир санамга айланиб қолди. Сериаллар улғайтираётган гўдакларни сиз энди “Онанг дўхтирдан сенга ука олиб келаркан”, деб алдай олмайсиз. Бу болаларнинг “Ур тўқмоғ”у “Учар гиламлар”га, мўъжизаларга инониши қийин. Назаримда, эртаклар тарк этиб кетаётган бугунги дунёдан ҳатто девлар ҳам қаттиқ ранжиб “сеҳрли чироғи” га кириб кетгандек… Сир эмас, гўзаллик, эзгулик, комиллик ҳақидаги илк тасаввурни эртаклар уйғотарди. Бора-бора Эътиқод аталмиш истеҳкомга айланиши мумкин бўлган “ички дунё”нинг пойдевори шу тариқа қўйилган. Барибир, қадр-қиммати, камолоти қалбида мужассам оқила малика ҳамда ўз севгиси, ҳақиқати, ёрининг шаъни учун бошини кундага қўйишга тайёр жўмард шаҳзодадан таъсирланиб улғайган кўнгил билан аёлнусха “альфонс”лару тантиқ, сатанг қумринисоларга тақлидан кўзи очилган банда орасида еру осмонча фарқ бор…

009Шубҳасиз, ҳамма сир инсоннинг ўзида, мавлоно Румий “боғ хаёли боғ сари элтади” деб бежиз айтмайди. Агар кимдир сериаллар, фильмлару клиплар таъсирида бузилаётган экан, демак, унинг ичида, аслиятида ўша емирилишга мойиллик бор. Фақат қанақадир фильм вужудида мудраб ётган “хоин”нинг уйғонишига туртки бўлган, холос. Бу “хоин” унинг ўзида эди. Санъат асарлари қандай савияда бўлмасин, кимнингдир тарбиясини(агар бор бўлса!) издан чиқариб юбориши баҳсли масала. Бу ҳол ношуд фарзанди бор онанинг “Боламни фалончи йўлдан урди ёки болам ёмон болаларга қўшилиб қолипти” қабилидаги дийдиёсини эслатади. Ҳолбуки, ҳеч бир она: “Болам фалончини йўлдан урди”, деб айтмайди… Агар кимдир қонли манзараларга бой жангари фильмлар мухлиси бўлса, демак, экран орқали ўзининг қондирилмаган эҳтиёжини қондирмоқчи. Ўзи ҳам англаб етмаган шууридаги хоҳиш уни мана шу яланғоч манзарани кўришга ундаяпти, бор гап шу!

…Маҳатма Ганди таҳсил учун Англияга кетаётганда онаси қаршисида қасам ичган экан: “Гўшт емайман, май ичмайман, аёлларга бормайман, хуллас, оиламиз анъаналарини оёқ ости қилмайман”, деб. Бу онтни, айниқса, Моҳандаснинг ўтхўр(вегетариан)лигини гарчи Англиядаги совуқ иқлим кўтаролмаса-да, у ваъдасида содиқ қолишга ҳаракат қилади. Ҳатто дўсти: “Дунёдан мутлақ бехабар жоҳил хотинга берган сўзингни деб қийналиб юрибсан”, дея таъна ҳам қилади. Бир қараганда, гапида жон бордек, нима қилипти, саломатлиги учун бир-икки луқма гўшт еса? Лекин ўзликка, қадриятларга хиёнат ҳам мана шу тариқа, биз ҳаёт тақозоси, деб хас-пўшлайдиган важу карсонлардан бошланаркан… Буюк қалб эгаси деб тан олинган зот эътиқодининг шаклланиши учун бу босқич дастлабки имтиҳон эди. У булғанмаган, ҳар қандай тақлидлардан холи соф ҳинд қалби билан инсоният муҳаббатини қозонди. Бугун афсуски, Гандининг Ҳиндистонига ҳам шарқликларга умуман ярашмаган, кўҳна ҳинд қадриятлари оёғини осмондан қилар даражадаги ажнабий жилвалар кириб келяпти. Буни уларнинг фильмлари фош этиб турибди. Бизнинг “маданиятимиз” ҳам мана шу жилва кўйида сарсон…

Бироқ бир андиша ҳам борки, ҳамма айбни ўзга бир маданият елкасига ортмоғлашимиз — чорасиз онанинг ҳолига тушишимиз тўғримикан? Аксинча, “инглизча маданият таъсири”, “русча тарбия маҳсули” қабилида фикр юритаётганда нигоҳни ўша халқлар ўтмиш маданиятига, аслига ҳам қаратсак, масалага сал холисроқ ёндашган бўлармидик. Жумладан, инглиз фарзанди Шекспирнинг “О, сиз номусли қизмисиз?” деб ўртанган даниялик шаҳзодасини эсланг: “Бола туғиб, гуноҳкор бандаларни кўпайтиришдан не наф? Ҳаммамиз мунофиқлармиз. Ҳеч биримизга ишонма… Қордек оқ, муздек мусаффо бўлсанг ҳам, туҳматдан қочиб қутулолмайсан. Узлатга чекин, узлатга… ”. Ёки хиёнатни ҳеч ҳазм қилолмаган шўрлик Отеллони ёдга олинг. Онегиннинг қурбони думбул қиздан малак ясаган шоиртабиат ўн саккиз яшар Владимир Ленский қисмати-чи? Туйғулари таҳқирланганини ўзига ор билиб, топталган ғурурдан ўлимни афзал билади. Эҳтимол, ёшликнинг иши-да, дерсиз. Бўлмаса, айни камолот ёшдаги Пушкиннинг тақдири ҳам бизга номуссизликка муросасизлик, инсоннинг бурчи, деган ҳақиқатни айтмайдими. Бир ахлоқсиз эркак томонидан аёли шарафига кўтарилган қадаҳ учун қўлини қонга бўяган Пьер Безухов аламини эслаб кўрайлик-чи. Демак, ор-номус, ахлоқ, ғурур, уят, анъана, қадрият каби умуминсоний тушунчалар фақат ўзбек бисоти бўлиб қолмай, ОДАМЛИКнинг мезони экан. Буларнинг бари инсониятнинг таянч нуқталари, ўзлигидир. Фақат мана шу инсоний ўзлик цивилизация таъсири остидаги қурама маданиятлар туфайли дарз кетмаяптимикин? Инглиз инглизга ўхшамайди, рус русга, немис немисга… одам одамга… Йўқса буюк Станиславкий театрининг бугунги саҳнасида Отелло билан Яго севишармиди? Бу борада табиатнинг ўзи ҳам кўп нарсани айтади: ҳар қанча парваришламанг, биз серқуёш ўлкада яшасак-да, ҳеч вақт тропик ўлкаларнинг мевасию ўсимликлари бизнинг боғ-роғларимизни тўлдириб яшнатиши даргумон. Ёки уммон узра учиб юрган оқчарлоқни олтин қафасга солиб бўлмайди. Эшитганда сизу бизнинг этимиз жунжикадиган шимолий муз ўлкалар қутб айиқларининг жонажон маскани. Шубҳасиз, егани олдида, алоҳида қаровда бўлган ҳайвонот боғидаги шердан кўра, ҳар бир куни хатар билан юзма-юз ўтадиган оҳу бахтиёр!.. Ҳар бир жон ўз заминида ҳаёт…

Табиийки, миллат ҳам ўз бўю таровати, табиати, об-ҳавоси билан тирик. Фақат ундаги қадриятлар товонхона қаричи билан ўлчанадиган расм-русмлар йиғиндиси эмаслигини тушунишимиз, менталитет тушунчасини “узун кўйлагу яктак” деб, “майиз емаган хотин” даражасига туширмаслик керакка ўхшайди. Шубҳасиз, оиласининг сирини — икки инсон ўртасидаги нозик риштани қўшнисига чайналиб ўтирган аёл “ҳаё”сини эгнидаги узун кўйлагию бошидаги рўмоли тасдиқламайди. Ёки ҳар қанча уринманг, ишқий саргузаштлари ҳақида оғзидан бол томиб сўйлаётган эркак “ғурур”ини унинг бошидаги дўпписи ифодалай олмайди! Эҳтимол, сизга эриш туюлар, бироқ Аёл шаънини худбинона эҳтиросидан тубан кўрган эркакнинг “ватани”га асло ишонолмайман.

Инкор этиб бўлмайди: миллат ва инсоният деган тушунчалар бир-бирига таяниб, бир-биридан қувват олиш эвазига яшайди. Ахир, қандай қилиб умуминсоният қиёфасини сарийдаги ҳинд, саллали панжобий, сербар енгини ҳилпиллатиб кимоно кийган япону “гамаржоба” деганча рақс тушаётган сархуш грузинсиз тасаввур этиш мумкин? Улар ўртасида Хитой деворини ўрнатиш тараққиёт йўлларини қанчалик сустлаштирса, космополитликка даъвогарлик ҳам ўшанчалик йўқотишларга олиб келаркан.

Миллат ҳам тирик бир организм. Чунки у ўйлаётган, ҳис қилаётган, кун кечираётган нафси уйғоқ жонлардан иборат. Айтишади-ку, одам улғайгани сари унинг гуноҳлари ҳам ўзи билан бирга улғаяди, деб. Яъни гуноҳ ҳам бир жойда, бир номда турғун ҳолатда турмаса керак. Борган сари ўзини янги-янги шаклу шамойилларда намоён этиб бораркан. Авлодлар ўзига “мерос” бўлиб келаётган шайтоний неъматларни асрлар оша елкасига ортмоқлаб ўтишдан ташқари, уни “такомиллаштириб” бораётгандек… Яхшиси, бир зум нигоҳингизни ўн саккиз-ўн тўққизинчи аср ғарб адабиётига ёки ўша давр тарихига, машҳур шахсларининг таржимаи ҳолларига қаратинг. Аксарида бир умумийликни кўрасиз: ёш барон бир графиняга хуштор. Буни кекса граф билади. Лекин барчасига кўз юмиб яшайди. Чунки кекса графнинг ҳам ёш барон каби ўз ўтмиши бўлган. Шундай экан, ёш графинянинг шўхликларига чидаши, унинг “кўнгли”га дахл қилмаслиги шарт. Қолаверса, бароннинг боласига олийжаноблик юзасидан ўз фамилиясини беришга ҳам тайёр. Энг муҳими, хотинидан воз кечолмайди, бунга жамиятдаги мавқеи, черков, хуллас, шунга ўхшаш важлар йўл қўймайди. Графиня эса эрининг ўтаётган ҳар бир кунини санаб яшайди… Ана энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг-чи, бугун ўзларининг “эрк”и билан ҳайвоннида ожиз қолдираётган ҳаворанг либосли Элтон Жон, Рики Мартинлар, хуллас, буларнинг қавмдошлари, мана шу шарлотталарнинг зурриёдлари эмасмикин? Албатта, буларнинг кўргуликларига бугунги Парижу Лондон эшикларини кенг очиб қўйган бўлса-да, бироқ машҳур “Париж ибодатхона”лари ҳам ларзага келяпти. Эҳтимол, сиз гуноҳнинг янгиси ё миллати бўлмайди, деб ўша ойимларни-да изза қиладиган персонажларни Абдулла Қодирий ё Ҳамза асарларидан айтишингиз мумкин. Сиз ҳақсиз, лекин ҳамма бало шундаки, бугун гуноҳ ўзининг гуноҳ эканини унутди. У ўзига “эркин” ва “озод” деган исмларни ўйлаб топди. Ҳаммадан ҳам ёмони бу маккора санъат либосида ҳаётимизга сурбетларча бостириб кираяпти…

Маънавий тазйиқларнинг олдини олиш учун телевидениеда, кинотеатрларда бу ҳолатларга чек қўйиш мумкиндир, лекин бу уринишларнинг бари, афсуски, тараққиёт гандираклатиб қўйганидан дарвозасиз қолган дунё учун “оғилхонагача етиб боролган бузоқчанинг югуриши”дан ўзга нарса эмас. Сўнги умид шуки, неча асрлардан бери сайқалланиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган қадрият даражасидаги тушунчалар руҳий таназзулдан бир қадар асраб қолар, ҳар ҳолда, ички мувозанатни сақлаганча узоқроқ боролсак керак… Буткул издан чиқиб кетишга ирсий тарбия — “қон”имиз йўл қўймас, деган илинждаман. Агар кўринишидан анча замонавий, Европа маданияти таъсирида улғайган қиз вужуди бўйлаб югурган ҳаяжони нақ бўғзига тиқилса-да, таъқиб этаётган ўтли нигоҳга тобе бўлмасликчун ўзида куч топа оляптими, билингки, бу журъатга ҳатто ўзи ҳам англаб улгурмаган, қон-қонида яшаётган момомерос ҳаёси йўл қўймаяпти. Бу фақат узундан-узоқ тарбиявий соат дарсларининггина маҳсули эмас. Лекин шуниси ҳам бор, “киприкдаги ёшдек” титраб турган ирсият кўмакка, маънавий озуқага — руҳий ҚАЛЪАга ниҳоятда муҳтож…

Манба: “Тафаккур” журнали, 2011 йил

001

013
DARVOZASIZ QOLGAN DUNYO
Iqbol Qo’shshaeva
022

Biz “ichki dunyo”, “ruhiy olam”, “ruhiyat manzaralari”, “ko’ngil mulki” kabi iboralarni ishlatishni xush ko’ramiz. Shu jumlalarni ishlatmasak, go’yo, nutqimiz rangsiz, jonsiz, “o’ziga xos” chiqmayotgandek.

O’zimcha o’ylab qolaman… Chindan ham nima u “ichki dunyo”?

Yaxshisi keling, “ruhiyat mintaqalari”ni bir kezaylik-chi, nelarga yo’liqarkanmiz:
“Xudoga shukr, lo’lining aravasiga chiqsam-chiqmasam, ashulasini aytaveraman, shukr meni farosatdan qismagan… Ha, aytmoqchi, Chamanxon o’n kun kontsert beribdimi? Unda, o’n to’rt kun kontsert berganim bo’lsin… Nima qilib bo’lsa ham reytingni ushlab turish kerak. Bilaman, zalning yarmidan ko’pi xotin-xalajla. Kecha shoirim Sevdiyor bilan gaplashgandim “Onajonim tovoni…” degan ayni menbop she’r yozayotgan ekan… Ammo-lekin shoir bolacha rosa topibdi-da, o’ziyam! Ona haqidagi to’qqizinchi qo’shig’im. Matbuot kotibam Bahoraga ham eslatib qo’yaman, kontsertoldi interv`yuni “Ona haqida har qancha kuylasang oz…” sarlavhasida chiqarsa yaxshi bo’lardi, oldingisi “Mashhurlikdan charchadim…” edi. Kontsertlarimni o’tkazib olay, yana bir maqola uyushtiramiz: “Nohaqlikka chiday olmayman!”… ayrim g’alamislarni bir boplayin-da!”. “Rejissyor uchta kotta yangilikka jur’at etgan: birinchisi, Falonchixon va Falonchiboy juftligi, ikkinchisi, qahramonlar adabiy tilda gapiradilar, uchinchisi, qahramonning kasbi jurnalist!”. “Kino juda hayotiy chiqqan, ishonasizmi, unda o’zimni ko’rdim. Onaginam meni ham “orqacham”dan xuddi shunday shapatilardilar. O’zim hech o’ylamagandim yaratgan bu obrazimdan keyin yulduz bo’lib ketaman deb. Festivallardayam meni maqtashvotti…”, “Loqaydlik shoir uchun yomon illat!Iqrorman,bu qusur o’zimda ham bor. Mana, bir haftadirki, tuvakdagi gullarga suv qo’ya olganim yo’q…”, “Maxtanchoqlik, man-manlikni yoqtirmayman. Bizga ustozlarimiz aktyor kamtar bo’lishi kerak, deb ta’kidlardilar. Qarang, qanchalar dono bo’lgan ular! Yetkazganiga shukr, o’gitlariga kirib kam bo’lmadim. Qaerga borsam, mehmondo’st xalqimiz qo’lini ko’ksiga qo’yib kutib oladi. Shaxsan meni teatrga Shukr akaning shaxsan o’zlari olib kelganlar. Men ijro etgan rollarni faqat sen o’ynay olasan, qiyofang ham, salobating ham Ulug’bekka o’xshab ketadi, deb…”, “Sharofatingdan o’rgilay istiqlolginam, bizga komp`yuter-internet, uyali telefonlardan foydalanish imkoniyatini yaratdi, tilimizda “disk”, “fleshka”, “DVD”, “I pod” kabi atamalar paydo bo’ldi. Bu ne’matlardan unumli foydalanayotgan nevaramning zavq-shavqqa to’la shodon qiyqirig’ida porloq kelajakni ko’raman…”

Xullas, “ruhiy olam”ning qo’lga ilinadigan bor-yo’q shaqar-shuquri shu! Ko’pchiligimiz chiqindilardan to’lib borayotgan ana shu “idish”ni dabdabayu as’asa bilan “ichki olam” deb ataymiz. Axir, nari borsa “tashqari”ning xira nuqsi emasmi? Ana endi Muhabbat, E’tiqod, Vatan haqidagi sallamnolarni ana shu dahlizdan izlayvering… Yana shoir Eshqobil Shukur: “San’at, san’atkorlar, xullas, ijodkorlar haqida yozilayotgan maqola-suhbatlarda qalb tadqiqi yetishmaydi, ularning ruhiyati ochib berilmaydi”, deb o’kinadi. Kechirasiz-u, shoir akam, bor narsa tadqiq qilinadi-da, o’zi umuman yo’q, bo’lmagan narsani ochib, qumdan uy qurib berolmaysiz-ku! Yoki “ziyolilar minbari” deb ataladigan gazetada “jurnalistlar “xonanda komp`yuterda o’yin o’ynab o’tirgan ekan”, demasdan, kitob mutolaasi bilan band ekan, deb yozsa bo’ladi-ku, yaxshilik yo’lida, yolg’on ishlatishning aybi yo’q”(?), deb o’zini fosh etgan “el ardog’idagi” Xalq artistining o’gitiga quloq solish kerakmi? Ehtimol, o’z xonishi bilan to’ylarga “fayz” kiritib qizdirar, “ko’ngil samosida navolar qilib” “ash’or” bitar yoki marjon-marjon ko’z yoshlari bilan chiroyli yuzini yuva oladigan, ona haqida monolog o’qisa ham o’zi, ham tomoshabinlarni yig’latmaguncha qo’yvormaydigan talantdir… Biroq, ne bo’lganda ham, siz izlayotgan ma’no mashhurmi, mashhur emasmi, ijodkormi, ijodkor emasmi — hamma bandaga ham xos emas ekan.

Tushunishimcha, “ichki olam” tashqi dunyo bilan yonma-yon yashaydigan (afsus hamohang emas), hayotning hukmlaridan bir qadar ozorlanadigan, dunyo dakkilarini nazariga ilavermaydigan murosasiz borliq. Begonani yaqiniga yo’latmaydigan o’y-xayollar, tavba-tazarrular, quvonchlar hamda Yaratgan tashrif buyurishi mumkin bo’lgan orzumand maskan. “Begona”ning esa nasl-nasabi yo’q. Hatto otang, onang, farzandingu umr yo’ldoshing bo’lishi ham mumkin. Shuning uchun iztirob qarshisida o’zimizni yolg’iz sezamiz. Bu hududga mo’ralash uchun faqat muhabbatgagina izn beriladi. Shohga darveshning kulohini, darveshga shoh tojini kiydiradigan yagona mamlakat ham shu yer. Mana shu sirli “dunyo”ga goh-gohida kuy-qo’shiq, she’riyat, xullas, san’atning mo»jizaviy qudrati yordamida nazar tashlashing mumkin. O’z dardu dunyosi orqali bizga o’nlab tilsimlarni ochib bergan inson, shubhasiz, san’atkordir.

Bir ayol kundaligidan: “…Odamlar orasida hech she’r o’qiy olmayman… na yaxshi ko’rgan fil`mim, na mutolaa qilayotgan asarim va na sevgan qo’shig’im haqida gapirgim keladi. Nazarimda, ular mening sirlarimni fosh qilib qo’yadigandek… Har birida mening dardlarim sochilib yotibdi…”.

Ichki olam yo’l-yo’lakay o’qigan, ko’rgan, eshitganlarning faqat o’zidangina emas, ta’sirlantirgan hodisalardan boyib borarkan. Taassurotlar xayollarni go’zallashtiradi, xayollar esa insonni… O’zingiz bir o’ylab ko’ring-chi, mavlono Rumiyning mashhur hikmatlarini tilga olaveradigan har bir olim “donishmand”, Tolstoydan bir-ikki fikr aytgan notiq “faylasuf”, Dostoevskiyni varaqlagan kitobxonlar “ruhshunos” bo’lib qolarmidi? Kimdir garchi butun umrini bag’ishlagan bo’lsa-da, o’sha shoh asarlardan ham hech narsa topolmay “Anna Karenina” yengiloyoq xotinning sarguzashtlari haqida, yozuvchi eriga xiyonat qilgan ayol oxiri ana shunaqa xunuk o’lim topadi, demoqchi bo’lgan, deb hisoblar. Yoki “Tamara Demon-Iblisga bo’sa berib to’g’ri qildimi, noto’g’ri qildimi? Nega endi jannatga ketarkan?”, “Shayx San’on”mi, ha, beliga zunnor bog’lagan…” deb yashab o’tar, ehtimol, bu qarashlar sohibi “…shunos Falonchi Falonchievich”dir. Biroq nazaringiz hech ilmagan yana kimgadir haqiqat — baxt sirini ko’ngildan izlashi, “axir, yerda yashayotgani uchun mangu quvg’indilar — Odam farzandlari aybdor emas-ku?!”, deya o’ziga savol berishi, insoniy iztiroblar zalvorini tuyishi uchun yomg’irning shitir-shitir sasi kifoya! Nigoh ham o’zini hech noumid qilmaydigan xazinaga tikiladi…

Shular haqida o’ylarkanman, knyaz` Andrey (Lev Tolstoy “Urush va tinchlik”)ning P`er Bezuxovga aytgan fikrlari bir qadar hushyor torttiradi: “Sen o’zingning olamshumul falsafalaring bilan bir xizmatkor ko’zini ochmoqchi bo’lasan. Axir, bu o’ylaring uning yashashiga xalal beradi. Faqat iztirobini oshirasan, xolos. Qo’y o’z holiga, agar bilsang, undagi baxt senu menda yo’q. Negaki, u o’zining haqiqiy ahvolini bilmagani uchun ham baxtiyor”. Nazarimda, bugungi madaniy dunyoda kechayotgan ahvol zamirida ham ayni shu kinoya yashirinib yotgandek. Ha, siz aytishingiz mumkin, bu faqat bugunning gapi emas. Chak Norrisu Van Dammdan huzurlangan otayu Mithun Chakrabortiga ko’z yosh to’kkan onaning farzandi, endilikda “Bojalar”ni ko’rishi tabiat qonuni, deb. Sochlariga bir-ikki oq oralagan, jiddiynamoroqlari esa, boshini sarak-sarak qilgancha Ozodbek Nazarbekov ashulalaridan ma’no izlar…

Aqlning bu sovuq hukmiga javoban Valentin Rasputinning o’tgan asr saksoninchi yillari boshida aytgan bir fikrini eslab o’tmasak bo’lmas. U “Pushkindek daholarning endi chiqmasligiga sabab, bugungi kun bolalari Ariadna Rodionovnaning ertaklarini emas, Alla Pugachyovaning qo’shiqlarini tinglab ulg’ayayapti” deb aytgandi. Insof bilan aytganda, bugungi dunyoning haqiqiy Ya’juj-Ma’jujiga aylangan shou-biznes qutqusi qarshisida ko’ngil o’yinlaridan hech toliqmas Alla Borisovna ham bir sanamga aylanib qoldi. Seriallar ulg’aytirayotgan go’daklarni siz endi “Onang do’xtirdan senga uka olib kelarkan”, deb alday olmaysiz. Bu bolalarning “Ur to’qmog’”u “Uchar gilamlar”ga, mo»jizalarga inonishi qiyin. Nazarimda, ertaklar tark etib ketayotgan bugungi dunyodan hatto devlar ham qattiq ranjib “sehrli chirog’i” ga kirib ketgandek… Sir emas, go’zallik, ezgulik, komillik haqidagi ilk tasavvurni ertaklar uyg’otardi. Bora-bora E’tiqod atalmish istehkomga aylanishi mumkin bo’lgan “ichki dunyo”ning poydevori shu tariqa qo’yilgan. Baribir, qadr-qimmati, kamoloti qalbida mujassam oqila malika hamda o’z sevgisi, haqiqati, yorining sha’ni uchun boshini kundaga qo’yishga tayyor jo’mard shahzodadan ta’sirlanib ulg’aygan ko’ngil bilan ayolnusxa “al`fons”laru tantiq, satang qumrinisolarga taqlidan ko’zi ochilgan banda orasida yeru osmoncha farq bor…

008Shubhasiz, hamma sir insonning o’zida, mavlono Rumiy “bog’ xayoli bog’ sari eltadi” deb bejiz aytmaydi. Agar kimdir seriallar, fil`mlaru kliplar ta’sirida buzilayotgan ekan, demak, uning ichida, asliyatida o’sha yemirilishga moyillik bor. Faqat qanaqadir fil`m vujudida mudrab yotgan “xoin”ning uyg’onishiga turtki bo’lgan, xolos. Bu “xoin” uning o’zida edi. San’at asarlari qanday saviyada bo’lmasin, kimningdir tarbiyasini(agar bor bo’lsa!) izdan chiqarib yuborishi bahsli masala. Bu hol noshud farzandi bor onaning “Bolamni falonchi yo’ldan urdi yoki bolam yomon bolalarga qo’shilib qolipti” qabilidagi diydiyosini eslatadi. Holbuki, hech bir ona: “Bolam falonchini yo’ldan urdi”, deb aytmaydi… Agar kimdir qonli manzaralarga boy jangari fil`mlar muxlisi bo’lsa, demak, ekran orqali o’zining qondirilmagan ehtiyojini qondirmoqchi. O’zi ham anglab yetmagan shuuridagi xohish uni mana shu yalang’och manzarani ko’rishga undayapti, bor gap shu!

…Mahatma Gandi tahsil uchun Angliyaga ketayotganda onasi qarshisida qasam ichgan ekan: “Go’sht yemayman, may ichmayman, ayollarga bormayman, xullas, oilamiz an’analarini oyoq osti qilmayman”, deb. Bu ontni, ayniqsa, Mohandasning o’txo’r(vegetarian)ligini garchi  Angliyadagi sovuq iqlim ko’tarolmasa-da, u va’dasida sodiq qolishga harakat qiladi. Hatto do’sti: “Dunyodan mutlaq bexabar johil xotinga bergan so’zingni deb qiynalib yuribsan”, deya ta’na ham qiladi. Bir qaraganda, gapida jon bordek, nima qilipti, salomatligi uchun bir-ikki luqma go’sht yesa? Lekin o’zlikka, qadriyatlarga xiyonat ham mana shu tariqa, biz hayot taqozosi, deb xas-po’shlaydigan vaju karsonlardan boshlanarkan… Buyuk qalb egasi deb tan olingan zot e’tiqodining shakllanishi uchun bu bosqich dastlabki imtihon edi. U bulg’anmagan, har qanday taqlidlardan xoli sof hind qalbi bilan insoniyat muhabbatini qozondi. Bugun afsuski, Gandining Hindistoniga ham sharqliklarga umuman yarashmagan, ko’hna hind qadriyatlari oyog’ini osmondan qilar darajadagi ajnabiy jilvalar kirib kelyapti. Buni ularning fil`mlari fosh etib turibdi. Bizning “madaniyatimiz” ham mana shu jilva ko’yida sarson…

Biroq bir andisha ham borki, hamma aybni o’zga bir madaniyat yelkasiga ortmog’lashimiz — chorasiz onaning holiga tushishimiz to’g’rimikan? Aksincha, “inglizcha madaniyat ta’siri”, “ruscha tarbiya mahsuli” qabilida fikr yuritayotganda nigohni o’sha xalqlar o’tmish madaniyatiga, asliga ham qaratsak, masalaga sal xolisroq yondashgan bo’larmidik. Jumladan, ingliz farzandi Shekspirning “O, siz nomusli qizmisiz?” deb o’rtangan daniyalik shahzodasini eslang: “Bola tug’ib, gunohkor bandalarni ko’paytirishdan ne naf? Hammamiz munofiqlarmiz. Hech birimizga ishonma… Qordek oq, muzdek musaffo bo’lsang ham, tuhmatdan qochib qutulolmaysan. Uzlatga chekin, uzlatga… ”. Yoki xiyonatni hech hazm qilolmagan sho’rlik Otelloni yodga oling. Oneginning qurboni dumbul qizdan malak yasagan shoirtabiat o’n sakkiz yashar Vladimir Lenskiy qismati-chi? Tuyg’ulari tahqirlanganini o’ziga or bilib, toptalgan g’ururdan o’limni afzal biladi. Ehtimol, yoshlikning ishi-da, dersiz. Bo’lmasa, ayni kamolot yoshdagi Pushkinning taqdiri ham bizga nomussizlikka murosasizlik, insonning burchi, degan haqiqatni aytmaydimi. Bir axloqsiz erkak tomonidan ayoli sharafiga ko’tarilgan qadah uchun qo’lini qonga bo’yagan P`er Bezuxov alamini eslab ko’raylik-chi. Demak, or-nomus, axloq, g’urur, uyat, an’ana, qadriyat kabi umuminsoniy tushunchalar faqat o’zbek bisoti bo’lib qolmay, ODAMLIKning mezoni ekan. Bularning bari insoniyatning tayanch nuqtalari, o’zligidir. Faqat mana shu insoniy o’zlik sivilizatsiya ta’siri ostidagi qurama madaniyatlar tufayli darz ketmayaptimikin? Ingliz inglizga o’xshamaydi, rus rusga, nemis nemisga… odam odamga… Yo’qsa buyuk Stanislavkiy teatrining bugungi sahnasida Otello bilan Yago sevisharmidi? Bu borada tabiatning o’zi ham ko’p narsani aytadi: har qancha parvarishlamang, biz serquyosh o’lkada yashasak-da, hech vaqt tropik o’lkalarning mevasiyu o’simliklari bizning bog’-rog’larimizni to’ldirib yashnatishi dargumon. Yoki ummon uzra uchib yurgan oqcharloqni oltin qafasga solib bo’lmaydi. Eshitganda sizu bizning etimiz junjikadigan shimoliy muz o’lkalar qutb ayiqlarining jonajon maskani. Shubhasiz, yegani oldida, alohida qarovda bo’lgan hayvonot bog’idagi sherdan ko’ra, har bir kuni xatar bilan yuzma-yuz o’tadigan ohu baxtiyor!.. Har bir jon o’z zaminida hayot…

Tabiiyki, millat ham o’z bo’yu tarovati, tabiati, ob-havosi bilan tirik. Faqat undagi qadriyatlar tovonxona qarichi bilan o’lchanadigan rasm-rusmlar yig’indisi emasligini tushunishimiz, mentalitet tushunchasini “uzun ko’ylagu yaktak” deb, “mayiz yemagan xotin” darajasiga tushirmaslik kerakka o’xshaydi. Shubhasiz, oilasining sirini — ikki inson o’rtasidagi nozik rishtani qo’shnisiga chaynalib o’tirgan ayol “hayo”sini egnidagi uzun ko’ylagiyu boshidagi ro’moli tasdiqlamaydi. Yoki har qancha urinmang, ishqiy sarguzashtlari haqida og’zidan bol tomib so’ylayotgan erkak “g’urur”ini uning boshidagi do’ppisi ifodalay olmaydi! Ehtimol, sizga erish tuyular, biroq Ayol sha’nini xudbinona ehtirosidan tuban ko’rgan erkakning “vatani”ga aslo ishonolmayman.

Inkor etib bo’lmaydi: millat va insoniyat degan tushunchalar bir-biriga tayanib, bir-biridan quvvat olish evaziga yashaydi. Axir, qanday qilib umuminsoniyat qiyofasini sariydagi hind, sallali panjobiy, serbar yengini hilpillatib kimono kiygan yaponu “gamarjoba” degancha raqs tushayotgan sarxush gruzinsiz tasavvur etish mumkin? Ular o’rtasida Xitoy devorini o’rnatish taraqqiyot yo’llarini qanchalik sustlashtirsa, kosmopolitlikka da’vogarlik ham o’shanchalik yo’qotishlarga olib kelarkan.

Millat ham tirik bir organizm. Chunki u o’ylayotgan, his qilayotgan, kun kechirayotgan nafsi uyg’oq jonlardan iborat. Aytishadi-ku, odam ulg’aygani sari uning gunohlari ham o’zi bilan birga ulg’ayadi, deb. Ya’ni gunoh ham bir joyda, bir nomda turg’un holatda turmasa kerak. Borgan sari o’zini yangi-yangi shaklu shamoyillarda namoyon etib borarkan. Avlodlar o’ziga “meros” bo’lib kelayotgan shaytoniy ne’matlarni asrlar osha yelkasiga ortmoqlab o’tishdan tashqari, uni “takomillashtirib” borayotgandek… Yaxshisi, bir zum nigohingizni o’n sakkiz-o’n to’qqizinchi asr g’arb adabiyotiga yoki o’sha davr tarixiga, mashhur shaxslarining tarjimai hollariga qarating. Aksarida bir umumiylikni ko’rasiz: yosh baron bir grafinyaga xushtor. Buni keksa graf biladi. Lekin barchasiga ko’z yumib yashaydi. Chunki keksa grafning ham yosh baron kabi o’z o’tmishi bo’lgan. Shunday ekan, yosh grafinyaning sho’xliklariga chidashi, uning “ko’ngli”ga daxl qilmasligi shart. Qolaversa, baronning bolasiga oliyjanoblik yuzasidan o’z familiyasini berishga ham tayyor. Eng muhimi, xotinidan voz kecholmaydi, bunga jamiyatdagi mavqei, cherkov, xullas, shunga o’xshash vajlar yo’l qo’ymaydi. Grafinya esa erining o’tayotgan har bir kunini sanab yashaydi… Ana endi o’zingiz bir o’ylab ko’ring-chi, bugun o’zlarining “erk”i bilan hayvonnida ojiz qoldirayotgan havorang libosli Elton Jon, Riki Martinlar, xullas, bularning qavmdoshlari, mana shu sharlottalarning zurriyodlari emasmikin? Albatta, bularning ko’rguliklariga bugungi Pariju London eshiklarini keng ochib qo’ygan bo’lsa-da, biroq mashhur “Parij ibodatxona”lari ham larzaga kelyapti. Ehtimol, siz gunohning yangisi yo millati bo’lmaydi, deb o’sha oyimlarni-da izza qiladigan personajlarni Abdulla Qodiriy yo Hamza asarlaridan aytishingiz mumkin. Siz haqsiz, lekin hamma balo shundaki, bugun gunoh o’zining gunoh ekanini unutdi. U o’ziga “erkin” va “ozod” degan ismlarni o’ylab topdi. Hammadan ham yomoni bu makkora san’at libosida hayotimizga surbetlarcha bostirib kirayapti…

Ma’naviy tazyiqlarning oldini olish uchun televidenieda, kinoteatrlarda bu holatlarga chek qo’yish mumkindir, lekin bu urinishlarning bari, afsuski, taraqqiyot gandiraklatib qo’yganidan darvozasiz qolgan dunyo uchun “og’ilxonagacha yetib borolgan buzoqchaning yugurishi”dan o’zga narsa emas. So’ngi umid shuki, necha asrlardan beri sayqallanib kelayotgan, qon-qonimizga singib ketgan qadriyat darajasidagi tushunchalar ruhiy tanazzuldan bir qadar asrab qolar, har holda, ichki muvozanatni saqlagancha uzoqroq borolsak kerak… Butkul izdan chiqib ketishga irsiy tarbiya — “qon”imiz yo’l  qo’ymas, degan ilinjdaman. Agar ko’rinishidan ancha zamonaviy, Yevropa madaniyati ta’sirida ulg’aygan qiz vujudi bo’ylab yugurgan hayajoni naq bo’g’ziga tiqilsa-da, ta’qib etayotgan o’tli nigohga tobe bo’lmaslikchun o’zida kuch topa olyaptimi, bilingki, bu jur’atga hatto o’zi ham anglab ulgurmagan, qon-qonida yashayotgan momomeros hayosi yo’l qo’ymayapti. Bu faqat uzundan-uzoq tarbiyaviy soat darslarininggina mahsuli emas. Lekin shunisi ham bor, “kiprikdagi yoshdek” titrab turgan irsiyat ko’makka, ma’naviy ozuqaga — ruhiy QAL’Aga nihoyatda muhtoj…

Manba: “Tafakkur” jurnali, 2011 yil

001

(Tashriflar: umumiy 583, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring