Iqbol Qo’shshaeva. Siz nima deysiz, Hoji bobo?

Ashampoo_Snap_2017.05.07_23h30m31s_002_.png   Бугун нега яна ўша эски гапларни қўзғаяпсан, дерсиз. Албатта, маълум бир фикрга ўз-ўзидан келиб қолмайсан. Нега деганда, бугун газета-журнал ва телевидениедаги турли чиқишлар, санъат ҳақидаги айрим китоблар юқоридаги манзарани бот-бот эсга соляпти. Танқиднамо ёки танқид оҳангини эслатувчи неларнидир фаҳмлагудек бўласану, лекин ўша ҳавойи танқидни суяб тургувчи фикрга дуч келмайсан. Айниқса, санъат ва адабиёт ҳақида гап кетганда бу кемтикликлар яққол кўзга ташланади.

СИЗ НИМА ДЕЙСИЗ,ҲОЖИ БОБО?
Иқбол Қўшшаева
033

“…Ҳожи бобо, китобдаги (“Жангномайи Абомуслим Соҳибқирон” назарда тутиляпти, — И.Қ) бир масалага шубҳа қилиб қолдик. Або Муслими соҳибқирон билан Насирисайёр Беор дашту Хуросонда жанг қилганда ул жанобнинг бошларига-ку Насирисайёр тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарон билан урган эди. Шунда ул жаноб тиззагача ерга ботган эдиларми, ёки белгачами?”.

“Шум бола” фильми ёки асари ҳақида гап кетганда даставвал шу лавҳа хаёлимда жонланади. Ва Ғафур Ғулом истеҳзосига ич-ичимдан тасанно айтаман. Бироқ ўйлантирадигани мана шу аччиқ табассумнинг классикага айлангани, яъни унинг мангулик тўнини кияётганидир. Биласиз, бу “пурмаъно фикр”лар муллаю мударрислар томонидан айтиляпти. Яъни ўз даврларининг “олиму фузалолари”. Мана уларни ташвишлантираётган мавзу!

Бир ўйлаб кўрайлик… Йигирманчи асрнинг бошлари… Дунё қай аҳволда? Нигоҳини самога тиккан аллома Улуғбек кашфиётига қарийб беш аср бўлган… Россияда театр реформатори Константин Станиславский ва Немирович-Данченко саъй-ҳаракати билан Москва бадиий театри аллақачонлар ўз ишини бошлаган. Театр санъатида кескин ислоҳотлар кечаётган палла…

“Эсини йўқотиб қўйган Дунё” эса Альфред Нобель васияти теграсида чарх уриб айланаётган кезлар… Коммуникация тушунчаси инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бўлган… Европада шахмат тахтаси жанг майдонига айланган. Ласкер деган бир немис яҳудийси Стейницдан олган тожини кубалик йигитдан ҳимоя қилиш билан овора.Ернинг яна аллақайсидир бурчагида эса “кино” деган “дунёча” пайдо бўлиб, унда Дэвид Уорк Гриффит, Чарли Чаплин деган одамлар яшай бошлаган…

Хуллас, бу даврда дунё “Ҳамлет”, “Фауст”, “Телба”, “Жиноят ва жазо”, “Уруш ва тинчлик” каби ҳодисалардан сармаст эди. Эҳтимол, Марказий Осиё ҳудуди асосан қуруқликда жойлашгани туфайли, денгиз йўллари бўлмагани боис бизда жараён суст кечгандир. …Шундай бўлса-да, миллий уйғониш даври маърифатпарварларининг қалбига қулоқ соласан: дунё олимлари оламшумул кашфиётлар хақида бош қотириб, осмон илмини ўрганаётган паллада бизнинг муллаларимиз мадраса ҳужрасига ўнг оёқда кириш керакми, ё чап оёқда деб бош қотириб юрганлар!

Бугун нега яна ўша эски гапларни қўзғаяпсан, дерсиз. Албатта, маълум бир фикрга ўз-ўзидан келиб қолмайсан. Нега деганда, бугун газета-журнал ва телевидениедаги турли чиқишлар, санъат ҳақидаги айрим китоблар юқоридаги манзарани бот-бот эсга соляпти. Танқиднамо ёки танқид оҳангини эслатувчи неларнидир фаҳмлагудек бўласану, лекин ўша ҳавойи танқидни суяб тургувчи фикрга дуч келмайсан. Айниқса, санъат ва адабиёт ҳақида гап кетганда бу кемтикликлар яққол кўзга ташланади.

Айрим мақолаларни газетада ва ёки қўлёзма нусхасида ўқиш асносида шундай фикрларга дуч келамиз: “Фильмларимизда қаҳрамонлар ота-онанинг юзига тик қараб «Сизнинг оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайвераман», дейди. Биз экран орқали нимани тарғиб қиляпмиз?”, “Ҳар бир фильм миллатни улуғлайдиган, Ватанни шарафлайдиган бўлиши керак. Феллини ва Раж Капур ҳам шу орқали ўз мамлакатларининг довруғини дунёга олиб чиққанлар!”. Энди сариқ матбуотда ишлайдиган ҳамкасблар фикрига қаранг: “Қайси фильмни қараманг, ҳаммасида Улуғбек Қодиров. Нима бундан бошқа актёр йўқми?” “Улуғбекнинг рейтенги тушиб кетди. Фильмларга тушмай қўйди. У ҳаволаниб кетгани боис режиссёрлар уни таклиф қилмай қўйишди”. Кечирасиз, бу каби йиғинди гапларни кўчадаги аллаким эмас, университетни тамомлаган, ўзини олий маълумотли санаган, қўлида “журналист” деган дипломга эга кишилар айтяпти. Санъат ҳақида гап кетса, санъаткор томошабинни ўз ортидан эргаштириши керак, деб айюҳаннос солинади. Энди айтинг-чи, қалам аҳли кимнинг ёки ниманинг ортидан эргашиб кетяпти?..

Бутун бошли асар ҳақида биргина жумладан келиб чиқиб ҳукм ўқиш қай даражада тўғри? Бу тарздаги “таҳлилча”лар бизни асосий манзилдан чалғитмайдими? Шу борада режиссёр Жаҳонгир Қосимов бир мисолни айтган эди: “Ўтган кунлар” фильмида бир ноўрин кадр бор. Лекин томошабин буни унутади… аҳамият бермайди. Фильмда Кумуш Отабекка чап қўлда чой узатади. Эҳтимол, бу чиндан ҳам актрисанинг хаёлида бўлмагандир ёки кадрга тўғри келмагандир. Агар шу фильм “миллатпарвар” одам қўлига тушиб қолгудек бўлса, гапни айнан шу жойдан бошлайди ва бутун бошли филмни йўққа чиқаради. У учун мана шу кичкина бир детал қаршисида филмнинг санъат асари сифатидаги қиймати ҳеч нарса эмас!” Санъат асарларига нисбатан бу тарздаги ёндашув “Лисонут тайр” достонидаги Ҳиндистонга бориб қолган кўрлар ҳақидаги машҳур ривоятни ҳам эслатади. Филнинг хартумидан ушлаб, “бу аждаҳога ўхшаш бир нарса экан” деган шўрликнинг аҳволини ёдга солади. Улар ўзлари учун кўникма бўлиб қолган тушунчадан бир он ҳам силжий олмайдилар. Қўл тегиб турган нарсадан-да, бошқа нарсалар ҳам бўлиши мумкинлигини эса тасаввур қилишга ҳақиқатанам ожизлик қилишади.

————————-
Бутун бошли асар ҳақида биргина жумладан келиб чиқиб ҳукм ўқиш қай даражада тўғри? Бу тарздаги “таҳлилча”лар бизни асосий манзилдан чалғитмайдими?
——————————-

…Бироз ортга чекиниб, нигоҳни “оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайвераман” деган “беадаб” қизга қаратсак… Агар мақсад танқид бўлиб, профессионал нуқтаи назардан фильмларга кўз югуртирадиган бўлсак, улардан етарлича камчиликлар топиш мумкин. Лекин бу тарздаги ҳавойи танқидлар билан фақат ўзингни фош этасан, холос. Авваламбор, моҳиятга сал чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, фильмда бу гап тилидан кўчган қизда руҳий мувозанат бузилган. У бир дардманд. Зеро, кучли ҳаяжон ичида ҳар қандай сипо-вазмин қизда ҳам кутилмаган телбаликларни учратиш мумкин. Қолаверса, муҳаббат тарғиб-ташвиқ қилинадиган дард эмас. Агар ишонмасангиз, одамлар орасида бир сўровнома ўтказинг, “Сен муҳаббат туфайли катта меросни, жамиятдаги мавқеингни бой берасан. Шунга тайёрмисан?” қабилида савол беринг-чи, қани, бизнинг замондош прагматикларимиздан нечтаси “ҳа” деб жавоб бераркан. Қолаверса, шу кўйга чалинган одамларнинг ўзидан ҳол сўрасангиз, улар оёқларингиз остига йиқилиб “Мени шу дарддан халос эт”, деб ёлворишса керак.

Бу тарздаги ўй-фикрлардан сўнг ўйлаб қоласан, хон ҳарами остонасини ўзига эп кўрмаган, ота-онаси ва укаларининг ҳаётини таҳлика остига қўйиб, ярим тунда эркакча кийимда ота ҳовлисини тарк этган Раъно ўз даври — муҳити учун қанчалар ўгай фарзанд бўлган экан-а?

Кумушбиби жозибасидан кўра Раънонинг мардлиги кўпроқ ўйлантиради. Айни дамда замондошинг қиёфасида марғилонлик сулувни эмас, Раънони кўргинг келади. Ўзбек адабиётида яратилган аёл қаҳрамонлар орасида энг залворлиси ҳам шу бўлса керак. Назаримда, ёзувчи шарқ аёлларида кўришни орзу қилган шиддату қатъиятни шу қаҳрамонига сингдиргандек. Санъат тили билан айтганда, Раъно образи замирида актриса мазза қилиб ўйнаши ва тер тўкиши мумкин бўлган, актёр имкониятларини чархлайдиган бой манба бор. Лекин у феминистка эмас! Кечирасиз-у, ўша даврда Раънонинг хон ҳарамини ўзига шараф деб билган, ўнлаб дугоналари бўлмаган дейсизми? Қайта-қайта мурожаат этса-да, ҳамиша янги гап айтиш мумкин бўлган қаҳрамон.

Адабиётда шундай камёб тимсоллар бўлади: Гамлет, Антигона, Медея, Искандар, Печорин, Ваня тоға ва ҳатто “ревизор” — Хлестаков!.. Булар қаторига ҳеч иккиланмасдан Отабек ва Раънони ҳам киритиш мумкин. Бу образлар орқали санъаткор ўз даври ва жамиятининг дардларига ташхис қўя олади. Янги талқинлар эвазига асар замонавийлашиб бораверади. Шу маънода Раъно ҳам ўзининг нозик елкасига замонлар юкини, инсонлар дарду изтиробларини кўтара оладиган образ. Ўйлашимча, Раъно характерининг руҳий қирралари, ботиний туғёнлари на экранда, на саҳнада ўзининг тўлақонли бадиий ифодасини етарли даражада топа олгани йўқ.

Мавзунинг ўзани ўз-ўзидан санъатга қараб буриляпти. Начора? Майли, бир зум журналистлардан кўзимизни юмиб турайлик…

012 Барчага маълумки, бугун таниқли санъаткорларнинг матбуотда эсдаликлари чоп этилиши билан бирга автобиографик китоблари ҳам нашр этиб бориляпти. Кунора радио-телевидениеда уларнинг фикрини эшитишингга тўғри келади. Албатта, бундан хурсанд бўласан… Ижод дунёсининг сир-синоатлари билан бевосита танишишдан юрагинг ҳаприқади… Умри санъатнинг оловли йўлларида ўтган инсонга умид билан тикилганча, унинг “шонли йўл”ларидан фикрлар ёлқинини излайсан… излайверасан…Лекин кўнглинг сатрлар орасидан сизиб чиқаётган рангсиз, хира туйғулардан алланечук бўлиб кетади. Ҳарқанча уринма, ўзинг кутаётган иқрорга юзма-юз келмайсан. Аксинча “Мен уни чойга таклиф қилдим, у бормади. Мени кўролмайди”, “Фалончи менинг асарим ҳақида бундай деди, унинг ўзи ким бўлипти. Вақтида ундай қилган ва ҳ.к. ” ёки “У меҳмондўст, пазанда, ҳотамтой, саховатпеша инсон эди, дилбар бир шахс эди” қабилидаги “аёллар дийдиё”си ва ёхуд оҳорсиз тасанноларга яна бир бор дуч келасан.

Шу ўринда ёдимга тушди. Бир иш юзасидан Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларни бир бошдан ўқиб чиқишимга тўғри келган. Шунда ундаги битикларни ўқиб, ёзувчининг гапга чечанлигию Кибриёхонимнинг пазандалигидан бўлак ёрқин таассурот қолмаган тасаввуримда. Хуллас, сизга ҳозир шу йўналишдаги китоблар орасида “Мана бу хотиралар, кечинмалар руҳингизга қувват бўлади” деб айтишга арзигуликлари ниҳоятда кам.

————————
Лекин кўнглинг сатрлар орасидан сизиб чиқаётган рангсиз, хира туйғулардан алланечук бўлиб кетади. Ҳарқанча уринма, ўзинг кутаётган иқрорга юзма-юз келмайсан. Аксинча “Мен уни чойга таклиф қилдим, у бормади. Мени кўролмайди”, “Фалончи менинг асарим ҳақида бундай деди, унинг ўзи ким бўлипти. Вақтида ундай қилган ва ҳ.к. ” ёки “У меҳмондўст, пазанда, ҳотамтой, саховатпеша инсон эди, дилбар бир шахс эди” қабилидаги “аёллар дийдиё”си ва ёхуд оҳорсиз тасанноларга яна бир бор дуч келасан.
————————————

… Сиз ким учун ёзасиз? Кино ҳақидаги танқидий фикрларингиз асосан кимга қаратилган? Киночиларгами? Ёзганингизга қараганда, шундай. Лекин бу тарздаги мушоҳадалар билан уларга фикримизни уқтиролмаймиз. Чунки, кино ва телевидение режиссураси бўйича санъат институтини тамомлаган мутахассис, гарчи, ўзи ижод борасида Феллинининг яқинига боролмаса-да, бироқ режиссёр қайси мавзуда, нима ҳақида фильмлар олгани тўғрисида ҳеч қурса умумий тасаввурга эга.Ахир, ўзингиз ҳам Абдулла Қодирий ижодидан бехабар филолог ёки журналистни тополмайсиз-ку!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.

10.jpgSIZ NIMA DEYSIZ,HOJI BOBO?
Iqbol Qo’shshaeva
033

“…Hoji bobo, kitobdagi (“Jangnomayi Abomuslim Sohibqiron” nazarda tutilyapti, — I.Q) bir masalaga shubha qilib qoldik. Abo Muslimi sohibqiron bilan Nasirisayyor Beor dashtu Xurosonda jang qilganda ul janobning boshlariga-ku Nasirisayyor to’qson olti ming botmonlik gurzigaron bilan urgan edi. Shunda ul janob tizzagacha yerga botgan edilarmi, yoki belgachami?”.

“Shum bola” fil`mi yoki asari haqida gap ketganda dastavval shu lavha xayolimda jonlanadi. Va G’afur G’ulom istehzosiga ich-ichimdan tasanno aytaman. Biroq o’ylantiradigani mana shu achchiq tabassumning klassikaga aylangani, ya’ni uning mangulik to’nini kiyayotganidir. Bilasiz, bu “purma’no fikr”lar mullayu mudarrislar tomonidan aytilyapti. Ya’ni o’z davrlarining “olimu fuzalolari”. Mana ularni tashvishlantirayotgan mavzu!

Bir o’ylab ko’raylik… Yigirmanchi asrning boshlari… Dunyo qay ahvolda? Nigohini samoga tikkan alloma Ulug’bek kashfiyotiga qariyb besh asr bo’lgan… Rossiyada teatr reformatori Konstantin Stanislavskiy va Nemirovich-Danchenko sa’y-harakati bilan Moskva badiiy teatri allaqachonlar o’z ishini boshlagan. Teatr san’atida keskin islohotlar kechayotgan palla…

“Esini yo’qotib qo’ygan Dunyo” esa Al`fred Nobel` vasiyati tegrasida charx urib aylanayotgan kezlar… Kommunikatsiya tushunchasi insoniyat hayotining ajralmas qismiga aylanib bo’lgan… Yevropada shaxmat taxtasi jang maydoniga aylangan. Lasker degan bir nemis yahudiysi Steynitsdan olgan tojini kubalik yigitdan himoya qilish bilan ovora.Yerning yana allaqaysidir burchagida esa “kino” degan “dunyocha” paydo bo’lib, unda Devid Uork Griffit, Charli Chaplin degan odamlar yashay boshlagan…

Xullas, bu davrda dunyo “Hamlet”, “Faust”, “Telba”, “Jinoyat va jazo”, “Urush va tinchlik” kabi hodisalardan sarmast edi. Ehtimol, Markaziy Osiyo hududi asosan quruqlikda joylashgani tufayli, dengiz yo’llari bo’lmagani bois bizda jarayon sust kechgandir. …Shunday bo’lsa-da, milliy uyg’onish davri ma’rifatparvarlarining qalbiga quloq solasan: dunyo olimlari olamshumul kashfiyotlar xaqida bosh qotirib, osmon ilmini o’rganayotgan pallada bizning mullalarimiz madrasa hujrasiga o’ng oyoqda kirish kerakmi, yo chap oyoqda deb bosh qotirib yurganlar!

03Bugun nega yana o’sha eski gaplarni qo’zg’ayapsan, dersiz. Albatta, ma’lum bir fikrga o’z-o’zidan kelib qolmaysan. Nega deganda, bugun gazeta-jurnal va televideniedagi turli chiqishlar, san’at haqidagi ayrim kitoblar yuqoridagi manzarani bot-bot esga solyapti. Tanqidnamo yoki tanqid ohangini eslatuvchi nelarnidir fahmlagudek bo’lasanu, lekin o’sha havoyi tanqidni suyab turguvchi fikrga duch kelmaysan. Ayniqsa, san’at va adabiyot haqida gap ketganda bu kemtikliklar yaqqol ko’zga tashlanadi.

—————————————
Bugun nega yana o’sha eski gaplarni qo’zg’ayapsan, dersiz. Albatta, ma’lum bir fikrga o’z-o’zidan kelib qolmaysan. Nega deganda, bugun gazeta-jurnal va televideniedagi turli chiqishlar, san’at haqidagi ayrim kitoblar yuqoridagi manzarani bot-bot esga solyapti.
—————————————-

Ayrim maqolalarni gazetada va yoki qo’lyozma nusxasida o’qish asnosida shunday fikrlarga duch kelamiz: “Fil`mlarimizda qahramonlar ota-onaning yuziga tik qarab «Sizning oq fotihangizsiz ham yashayveraman», deydi. Biz ekran orqali nimani targ’ib qilyapmiz?”, “Har bir fil`m millatni ulug’laydigan, Vatanni sharaflaydigan bo’lishi kerak. Fellini va Raj Kapur ham shu orqali o’z mamlakatlarining dovrug’ini dunyoga olib chiqqanlar!”. Endi sariq matbuotda ishlaydigan hamkasblar fikriga qarang: “Qaysi fil`mni qaramang, hammasida Ulug’bek Qodirov. Nima bundan boshqa aktyor yo’qmi?” “Ulug’bekning reytengi tushib ketdi. Fil`mlarga tushmay qo’ydi. U havolanib ketgani bois rejissyorlar uni taklif qilmay qo’yishdi”. Kechirasiz, bu kabi yig’indi gaplarni ko’chadagi allakim emas, universitetni tamomlagan, o’zini oliy ma’lumotli sanagan, qo’lida “jurnalist” degan diplomga ega kishilar aytyapti. San’at haqida gap ketsa, san’atkor tomoshabinni o’z ortidan ergashtirishi kerak, deb ayyuhannos solinadi. Endi ayting-chi, qalam ahli kimning yoki nimaning ortidan ergashib ketyapti?..

Butun boshli asar haqida birgina jumladan kelib chiqib hukm o’qish qay darajada to’g’ri? Bu tarzdagi “tahlilcha”lar bizni asosiy manzildan chalg’itmaydimi? Shu borada rejissyor Jahongir Qosimov bir misolni aytgan edi: “O’tgan kunlar” fil`mida bir noo’rin kadr bor. Lekin tomoshabin buni unutadi… ahamiyat bermaydi. Fil`mda Kumush Otabekka chap qo’lda choy uzatadi. Ehtimol, bu chindan ham aktrisaning xayolida bo’lmagandir yoki kadrga to’g’ri kelmagandir. Agar shu fil`m “millatparvar” odam qo’liga tushib qolgudek bo’lsa, gapni aynan shu joydan boshlaydi va butun boshli filmni yo’qqa chiqaradi. U uchun mana shu kichkina bir detal qarshisida filmning san’at asari sifatidagi qiymati hech narsa emas!” San’at asarlariga nisbatan bu tarzdagi yondashuv “Lisonut tayr” dostonidagi Hindistonga borib qolgan ko’rlar haqidagi mashhur rivoyatni ham eslatadi. Filning xartumidan ushlab, “bu ajdahoga o’xshash bir narsa ekan” degan sho’rlikning ahvolini yodga soladi. Ular o’zlari uchun ko’nikma bo’lib qolgan tushunchadan bir on ham siljiy olmaydilar. Qo’l tegib turgan narsadan-da, boshqa narsalar ham bo’lishi mumkinligini esa tasavvur qilishga haqiqatanam ojizlik qilishadi.

————————-
San’at asarlariga nisbatan bu tarzdagi yondashuv “Lisonut tayr” dostonidagi Hindistonga borib qolgan ko’rlar haqidagi mashhur rivoyatni ham eslatadi. Filning xartumidan ushlab, “bu ajdahoga o’xshash bir narsa ekan” degan sho’rlikning ahvolini yodga soladi.
———————————-

…Biroz ortga chekinib, nigohni “oq fotihangizsiz ham yashayveraman” degan “beadab” qizga qaratsak… Agar maqsad tanqid bo’lib, professional nuqtai nazardan fil`mlarga ko’z yugurtiradigan bo’lsak, ulardan yetarlicha kamchiliklar topish mumkin. Lekin bu tarzdagi havoyi tanqidlar bilan faqat o’zingni fosh etasan, xolos. Avvalambor, mohiyatga sal chuqurroq nazar tashlaydigan bo’lsak, fil`mda bu gap tilidan ko’chgan qizda ruhiy muvozanat buzilgan. U bir dardmand. Zero, kuchli hayajon ichida har qanday sipo-vazmin qizda ham kutilmagan telbaliklarni uchratish mumkin. Qolaversa, muhabbat targ’ib-tashviq qilinadigan dard emas. Agar ishonmasangiz, odamlar orasida bir so’rovnoma o’tkazing, “Sen muhabbat tufayli katta merosni, jamiyatdagi mavqeingni boy berasan. Shunga tayyormisan?” qabilida savol bering-chi, qani, bizning zamondosh pragmatiklarimizdan nechtasi “ha” deb javob berarkan. Qolaversa, shu ko’yga chalingan odamlarning o’zidan hol so’rasangiz, ular oyoqlaringiz ostiga yiqilib “Meni shu darddan xalos et”, deb yolvorishsa kerak.

Bu tarzdagi o’y-fikrlardan so’ng o’ylab qolasan, xon harami ostonasini o’ziga ep ko’rmagan, ota-onasi va ukalarining hayotini tahlika ostiga qo’yib, yarim tunda erkakcha kiyimda ota hovlisini tark etgan Ra’no o’z davri — muhiti uchun qanchalar o’gay farzand bo’lgan ekan-a?

Kumushbibi jozibasidan ko’ra Ra’noning mardligi ko’proq o’ylantiradi. Ayni damda zamondoshing qiyofasida marg’ilonlik suluvni emas, Ra’noni ko’rging keladi. O’zbek adabiyotida yaratilgan ayol qahramonlar orasida eng zalvorlisi ham shu bo’lsa kerak. Nazarimda, yozuvchi sharq ayollarida ko’rishni orzu qilgan shiddatu qat’iyatni shu qahramoniga singdirgandek. San’at tili bilan aytganda, Ra’no obrazi zamirida aktrisa mazza qilib o’ynashi va ter to’kishi mumkin bo’lgan, aktyor imkoniyatlarini charxlaydigan boy manba bor. Lekin u feministka emas! Kechirasiz-u, o’sha davrda Ra’noning xon haramini o’ziga sharaf deb bilgan, o’nlab dugonalari bo’lmagan deysizmi? Qayta-qayta murojaat etsa-da, hamisha yangi gap aytish mumkin bo’lgan qahramon.

Adabiyotda shunday kamyob timsollar bo’ladi: Gamlet, Antigona, Medeya, Iskandar, Pechorin, Vanya tog’a va hatto “revizor” — Xlestakov!.. Bular qatoriga hech ikkilanmasdan Otabek va Ra’noni ham kiritish mumkin. Bu obrazlar orqali san’atkor o’z davri va jamiyatining dardlariga tashxis qo’ya oladi. Yangi talqinlar evaziga asar zamonaviylashib boraveradi. Shu ma’noda Ra’no ham o’zining nozik yelkasiga zamonlar yukini, insonlar dardu iztiroblarini ko’tara oladigan obraz. O’ylashimcha, Ra’no xarakterining ruhiy qirralari, botiniy tug’yonlari na ekranda, na sahnada o’zining to’laqonli badiiy ifodasini yetarli darajada topa olgani yo’q.

Mavzuning o’zani o’z-o’zidan san’atga qarab burilyapti. Nachora? Mayli, bir zum jurnalistlardan ko’zimizni yumib turaylik…

Barchaga ma’lumki, bugun taniqli san’atkorlarning matbuotda esdaliklari chop etilishi bilan birga avtobiografik kitoblari ham nashr etib borilyapti. Kunora radio-televidenieda ularning fikrini eshitishingga to’g’ri keladi. Albatta, bundan xursand bo’lasan… Ijod dunyosining sir-sinoatlari bilan bevosita tanishishdan yuraging hapriqadi… Umri san’atning olovli yo’llarida o’tgan insonga umid bilan tikilgancha, uning “shonli yo’l”laridan fikrlar yolqinini izlaysan… izlayverasan…Lekin ko’ngling satrlar orasidan sizib chiqayotgan rangsiz, xira tuyg’ulardan allanechuk bo’lib ketadi. Harqancha urinma, o’zing kutayotgan iqrorga yuzma-yuz kelmaysan. Aksincha “Men uni choyga taklif qildim, u bormadi. Meni ko’rolmaydi”, “Falonchi mening asarim haqida bunday dedi, uning o’zi kim bo’lipti. Vaqtida unday qilgan va h.k. ” yoki “U mehmondo’st, pazanda, hotamtoy, saxovatpesha inson edi, dilbar bir shaxs edi” qabilidagi “ayollar diydiyo”si va yoxud ohorsiz tasannolarga yana bir bor duch kelasan.

Shu o’rinda yodimga tushdi. Bir ish yuzasidan Abdulla Qahhor haqidagi xotiralarni bir boshdan o’qib chiqishimga to’g’ri kelgan. Shunda undagi bitiklarni o’qib, yozuvchining gapga chechanligiyu Kibriyoxonimning pazandaligidan bo’lak yorqin taassurot qolmagan tasavvurimda. Xullas, sizga hozir shu yo’nalishdagi kitoblar orasida “Mana bu xotiralar, kechinmalar ruhingizga quvvat bo’ladi” deb aytishga arziguliklari nihoyatda kam.

… Siz kim uchun yozasiz? Kino haqidagi tanqidiy fikrlaringiz asosan kimga qaratilgan? Kinochilargami? Yozganingizga qaraganda, shunday. Lekin bu tarzdagi mushohadalar bilan ularga fikrimizni uqtirolmaymiz. Chunki, kino va televidenie rejissurasi bo’yicha san’at institutini tamomlagan mutaxassis, garchi, o’zi ijod borasida Fellinining yaqiniga borolmasa-da, biroq rejissyor qaysi mavzuda, nima haqida fil`mlar olgani to’g’risida hech qursa umumiy tasavvurga ega.Axir, o’zingiz ham Abdulla Qodiriy ijodidan bexabar filolog yoki jurnalistni topolmaysiz-ku!

“O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2010 yil 44-sonidan olindi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 222, bugungi 1)

Izoh qoldiring