Ramiz Ravshan. Nafasimni daraxtdan mevaday teraman.

001
Рамиз Равшаннинг шеърияти ўзликни англаш сари йўлда туғилган шеърлардир. У дунёдан фожиавий тарзда зериккандир: “Ахир, бундоқ ким зерикар – Оғзимда тилим зерикар, Чўнтакда қўлим зерикар. Йўлимга қизлар чиқсалар, Ёқамга бир гул тақсалар, Ёқамда гулим зерикар… Бу қайғунинг борми чеки, Бу на ғамдир дунёдаки?! Биламан, менга кўз тикиб, Қайдадир ўлим зерикар”. У дунёга чизиқ тортади-да, кўз очиб кўрганларидан ториқа-ториқа онасига: “Мени қайтариб ичингга ол”, демоққача боради.

02
ШОИР ҲАҚИДА СЎЗ
Абдулкарим БАҲРИДДИН
012

012Рамиз Равшаннинг илк китоби 1970 йилда босилиб чиққанди. Илк китобга сўзбоши ёзган Акрам Айлисли шундай таъкидлаганди: “Рамиз Равшаннинг йигирма уч ёши бор. Буни айтмасак ҳам бўларди. Аммо масала шундаки, Рамизнинг шеърлари ва унинг ёши орасида ажиб бир уйғунлик бор…”

Рамизнинг иккинчи китоби орадан ўн етти йил ўтгач, 1987 йилда дунё юзини кўрди. Унга сўзбоши ёзган Комил Вали шундай таъкидлади: “Энди Рамизнинг қирқ ёши бор… Аммо “Кўк юзи тош сақламас”даги шеърлар энди Рамизнинг ёшига айни эмас. Улар ё жуда ёшдир, ё жуда қаридир… Мен Рамизнинг шеърини ўз сўзим каби бемалол онамга ўқиб бера оламан. Ўғлимга васият қиламан. Умримни бу шеърларда яшайман”.

Рамизнинг метафораси шеърнинг бўй-бастичадир, илҳомининг жонида, руҳида, мажозидадир, ҳар шеъри мукаммал бир мажозий тамсилга айланиш даражасидадир.

Кўзимизнинг қабоғинда Рамизнинг ёзганлари унинг яратганларига айланади, биз бу дунёни бир бора ва абадий севиб қоламиз, бу дунёга қайтиб келмаслигимизни унутамиз, абадийликни юракдан ҳис қилиб нафас оламиз. Бу нафас ҳам бизнинг шеъримиздир. Шеърга айланмаган дил сўзларимиздир.
Рамизнинг шеърияти ўзликни англаш сари йўлда туғилган шеърлардир. У дунёдан фожиавий тарзда зериккандир: “Ахир, бундоқ ким зерикар – Оғзимда тилим зерикар, Чўнтакда қўлим зерикар. Йўлимга қизлар чиқсалар, Ёқамга бир гул тақсалар, Ёқамда гулим зерикар… Бу қайғунинг борми чеки, Бу на ғамдир дунёдаки?! Биламан, менга кўз тикиб, Қайдадир ўлим зерикар”. У дунёга чизиқ тортади-да, кўз очиб кўрганларидан ториқа-ториқа онасига: “Мени қайтариб ичингга ол”, демоққача боради.

У “Кўзгу”га тикиларкан, кўзгу чатнаб парча-парча синади. У ўзини бундоқ кўргиси келмайди. Бир томондан, дунё уни қаритди, иккинчи томондан, дили ёшдир. Орзулари кўкка тортади, оёғи эса ерга ботган: “На қадар сўзлар бор сўзимдан ёшроқ, Энди чақирмоққа нафасим келмас. Энди бу дунёда ўзимдан ёшроқ Шеърларни ёзмоққа ҳавасим келмас”. Аммо тириклик ва ўлим ёнма-ёндир, унинг чегараси ёлғиз Оллоҳга аёндир. Бироқ шоир шуни биладики, ўлимдан инсонни юлиб оладиган нарса илҳом тўлғоғида туғилган сўздир: “Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин, Шоир ҳам қарийди, ўлар, биламан. Сўзидан қон ҳиди келган шоирнинг Оғзидан сут ҳиди келар, биламан…”

Рамизнинг шеърини шарҳлашга, тушунтиришга уриниш кулгилидир. Уларни мутолаа қилиш керак. Улар ўзини-ўзи тушунтиради.

02
Рамиз РАВШАН
НАФАСИМНИ ДАРАХТДАН МЕВАДАЙ ТЕРАМАН
Озарбайжон тилидан Абдулкарим Баҳриддин таржимаси
012

Дунё ногоҳ ёруғланса

Бир офтоб чиқса бир кеча,
Дунё ногоҳ ёруғланса,
Шаҳар-шаҳар, кўча-кўча,
Ётоқ-ётоқ ёруғланса.
Кўрардик, кимларнинг қўли
кимларнинг қўйнидан чиқар.
Кимлар эгила-эгила
кимларнинг уйидан чиқар.

Ойдин кун бўлса бир кеча,
Минг-минг турли гуноҳ кўрсак.
Устини ёпа олмаса,
Дунёни яланғоч кўрсак.

Бошимизга нима келар,
ақлимиз шошар, эҳтимол.
Ҳамма бирдан бош кўтариб,
дунёдан қочар, эҳтимол.

Бас, ким қолар бу дунёда,
Гўдаклар қандоқ уйғонар?!
… Яхшиямки, бу дунёмиз
Секин-секин ёруғланар…

Қора кийган аёл

Кишилар бир бўлмас, одам боласи,
қўрқоғи бор,
марди бор.
Аммо ҳар кимнинг ўлганидан сўнг,
қабри узра йиғлагувчи
Бир қора кийинган гўзал аёлдан
умиди бор.

Сен ўлганда
ким бўлади кўзларингни боғлаган?
Дўстингми бўлади?
Ётми бўлади?
Бу дунёда, балким, сен деб, энг кўп йиғлаган,
Сен энг кўп йиғлатган хотин бўлади.

Кўз ёшлари ювар қабртошингни,
Қабрингда тўлғаниб,
дейсан, Худойим,
Йиллар бўйи мен йиғлатган бу аёл
қайда яна асрагандир
бу қадар кўзёшини?!

Бирор марта
на сочини силадим,
на-да кўзёшин артдим,
Қорачиғимга ботар энди
сочининг ҳар толаси,
Йиллар бўйи
бу аёлга мен, ахир, дард етказдим.
Нега энди чекар дардимни?!

Бу аёл қабр тошимни
ўпиб силагунча,
Мушти билан урса, урса яхши эди,
Қабримнинг устида қон йиғлагунча,
Қарғаб, қақшаб турса, яхши эди.

Кет, кетақол,
қора кийган аёл,
Йиғингни тўхтата қол, қора кийган аёл.
Бу қабр ҳам минг қабрнинг биридир,
етар, қабртошни босма бағрингга,
Барча, мен деб, йиғлаганлар тинчиди,
бас, гўр ичига томаётир, йиғлама…

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир

Демаки, шоирнинг бор-йўғи тилдир,
Шапалоқ уришга қўлимиз ҳам бор.
Бироз бошимизда ақлимиз бордир,
Бироз киссамизда пулимиз ҳам бор.

Кўп ботирлар йўққа чиқди ўртада,
Кимнинг бахти кимни йиқди ўртада,
На бўлсинки, бир иш йўқдир ўртада,
Ҳали соғимиз ҳам, сўлимиз ҳам бор.

Минг йилдир туғилиб, ўлармиз, эй дўст,
Йиғласак, бас қилиб билармиз, эй дўст.
Токи, қадам ташлай олармиз, эй дўст,
Қабристон томонга йўлимиз ҳам бор.

Қарилик

Ёлғизлик бошланар бундан буёғи,
қочиб қутулмассан, одам боласи.
Ойларни, йилларни тутсанг бўйингга,
Сойларни, чўлларни тутсанг бўйингга,
ўлчаб етолмассан, одам боласи.

Энди кўплар билан орам совуган,
кўплар омадимга севинмас энди.
23 ёшимда мени севганлар
33 ёшимда севолмас энди.

Мен, ахир, на Чўлман,
на Йўл,
на Кўча,
Ахир, ҳамманики бўла олмайман.
Мени севганлар деб ўла-ўлгунча
23 ёшимда қола олмайман.

Қанчалик сўзлар бор сўзимдан жасур,
энди чақирмоққа нафасим йўқдир.
Энди бу дунёда ўзимдан жасур
сўзларни ёзмоққа ҳавасим йўқдир.

Йиғини бас қилди, тинди шеърим ҳам,
қариди мисралар, сўзлар мен билан.
Дўстлар ёшлигича қолар шеъримда,
қаримоқ истамас дўстлар мен билан.

Илоҳим, қарилик шундай экан-да,
дўстлардан жимгина узилар одам.
Умр лойқаланган сувдай экан-да,
озайгани сари тозарар одам.

Ичиму ташимнинг зангги ювилар,
сатрлар кўкарар бу оқ вароқда.
Узоқдир юрак-ла қўлнинг ораси,
хайрият, ўлмадим шу оралиқда.

Сўзлар юрагимдан қўлимга етди,
бироз сарғайди ва сўлди, на илож?!
Бироз жасурлиги, шўхлиги йитди,
гина қилмасинлар, йўл-да, на илож?!

Энди болта кесмас ақлим кесганни,
тириклик тотини биламан энди.
Бу кўҳна дунёда ҳар нафасимни
дарахтдан мевадай тераман энди.

Сўнг нафас дунёда ҳар недан ширин,
шоир ҳам қарийди, ўлар, биламан.
Сўзидан қон ҳиди келган шоирнинг
оғзидан сут ҳиди келар биламан.

Бу дунё бир қайнар қозондир, илло,
сўндирмас ўтини на қор, на ёмғир.
Бу дунёдан кетиш осондир, аммо
дунё-ла чиқишиб яшамоқ оғир…

Кетсак биз бўлмаган ерга

Кел, қўл-қўлни тутиб кетсак,
Кетсак биз бўлмаган ерга.
Бор дардни унутиб кетсак,
Дардимиз бўлмаган ерга.

Бунда қўйсак ўзимизни,
Бу тиришган юзимизни,
Бу эскирган сўзимизни,
Кетсак биз бўлмаган ерга.

Бир кимса олмасин хабар,
Кел, чиқиб кетсак бир саҳар,
Бу уй, бу кўча, бу шаҳар,
Бу денгиз бўлмаган ерга.

Одам ўғли оз топилар,
Сен деган дўстинг сотилар,
Бу Рамизни ким оборар,
Бу Рамиз бўлмаган ерга?!

08

08

 

02
SHOIR HAQIDA SO’Z

Abdulkarim BAHRIDDIN
08

09Ramiz Ravshanning ilk kitobi 1970 yilda bosilib chiqqandi. Ilk kitobga so’zboshi yozgan Akram Aylisli shunday ta’kidlagandi: “Ramiz Ravshanning yigirma uch yoshi bor. Buni aytmasak ham bo’lardi. Ammo masala shundaki, Ramizning she’rlari va uning yoshi orasida ajib bir uyg’unlik bor…”

Ramizning ikkinchi kitobi oradan o’n yetti yil o’tgach, 1987 yilda dunyo yuzini ko’rdi. Unga so’zboshi yozgan Komil Vali shunday ta’kidladi: “Endi Ramizning qirq yoshi bor… Ammo “Ko’k yuzi tosh saqlamas”dagi she’rlar endi Ramizning yoshiga ayni emas. Ular yo juda yoshdir, yo juda qaridir… Men Ramizning she’rini o’z so’zim kabi bemalol onamga o’qib bera olaman. O’g’limga vasiyat qilaman. Umrimni bu she’rlarda yashayman”.

Ramizning metaforasi she’rning bo’y-bastichadir, ilhomining jonida, ruhida, majozidadir, har she’ri mukammal bir majoziy tamsilga aylanish darajasidadir.

Ko’zimizning qabog’inda Ramizning yozganlari uning yaratganlariga aylanadi, biz bu dunyoni bir bora va abadiy sevib qolamiz, bu dunyoga qaytib kelmasligimizni unutamiz, abadiylikni yurakdan his qilib nafas olamiz. Bu nafas ham bizning she’rimizdir. She’rga aylanmagan dil so’zlarimizdir.Ramizning she’riyati o’zlikni anglash sari yo’lda tug’ilgan she’rlardir. U dunyodan fojiaviy tarzda zerikkandir: “Axir, bundoq kim zerikar – Og’zimda tilim zerikar, Cho’ntakda qo’lim zerikar. Yo’limga qizlar chiqsalar, Yoqamga bir gul taqsalar, Yoqamda gulim zerikar… Bu qayg’uning bormi cheki, Bu na g’amdir dunyodaki?! Bilaman, menga ko’z tikib, Qaydadir o’lim zerikar”. U dunyoga chiziq tortadi-da, ko’z ochib ko’rganlaridan toriqa-toriqa onasiga: “Meni qaytarib ichingga ol”, demoqqacha boradi.

U “Ko’zgu”ga tikilarkan, ko’zgu chatnab parcha-parcha sinadi. U o’zini bundoq ko’rgisi kelmaydi. Bir tomondan, dunyo uni qaritdi, ikkinchi tomondan, dili yoshdir. Orzulari ko’kka tortadi, oyog’i esa yerga botgan: “Na qadar so’zlar bor so’zimdan yoshroq, Endi chaqirmoqqa nafasim kelmas. Endi bu dunyoda o’zimdan yoshroq She’rlarni yozmoqqa havasim kelmas”. Ammo tiriklik va o’lim yonma-yondir, uning chegarasi yolg’iz Ollohga ayondir. Biroq shoir shuni biladiki, o’limdan insonni yulib oladigan narsa ilhom to’lg’og’ida tug’ilgan so’zdir: “So’ng nafas dunyoda har nedan shirin, Shoir ham qariydi, o’lar, bilaman. So’zidan qon hidi kelgan shoirning Og’zidan sut
hidi kelar, bilaman…”

Ramizning she’rini sharhlashga, tushuntirishga urinish kulgilidir. Ularni mutolaa qilish kerak. Ular o’zini-o’zi tushuntiradi.

 

02
Ramiz RAVSHAN
NAFASIMNI DARAXTDAN MEVADAY TERAMAN
Ozarbayjon tilidan Abdulkarim Bahriddin tarjimasi
011

Dunyo nogoh yorug’lansa

Bir oftob chiqsa bir kecha,
Dunyo nogoh yorug’lansa,
Shahar-shahar, ko’cha-ko’cha,
Yotoq-yotoq yorug’lansa.
Ko’rardik, kimlarning qo’li
kimlarning qo’ynidan chiqar.
Kimlar egila-egila
kimlarning uyidan chiqar.

Oydin kun bo’lsa bir kecha,
Ming-ming turli gunoh ko’rsak.
Ustini yopa olmasa,
Dunyoni yalang’och ko’rsak.

Boshimizga nima kelar,
aqlimiz shoshar, ehtimol.
Hamma birdan bosh ko’tarib,
dunyodan qochar, ehtimol.

Bas, kim qolar bu dunyoda,
Go’daklar qandoq uyg’onar?!
… Yaxshiyamki, bu dunyomiz
Sekin-sekin yorug’lanar…

Qora kiygan ayol

Kishilar bir bo’lmas, odam bolasi,
qo’rqog’i bor,
mardi bor.
Ammo har kimning o’lganidan so’ng,
qabri uzra yig’laguvchi
Bir qora kiyingan go’zal ayoldan
umidi bor.

Sen o’lganda
kim bo’ladi ko’zlaringni bog’lagan?
Do’stingmi bo’ladi?
Yotmi bo’ladi?
Bu dunyoda, balkim, sen deb, eng ko’p yig’lagan,
Sen eng ko’p yig’latgan xotin bo’ladi.

Ko’z yoshlari yuvar qabrtoshingni,
Qabringda to’lg’anib,
deysan, Xudoyim,
Yillar bo’yi men yig’latgan bu ayol
qayda yana asragandir
bu qadar ko’zyoshini?!

Biror marta
na sochini siladim,
na-da ko’zyoshin artdim,
Qorachig’imga botar endi
sochining har tolasi,
Yillar bo’yi
bu ayolga men, axir, dard yetkazdim.
Nega endi chekar dardimni?!

Bu ayol qabr toshimni
o’pib silaguncha,
Mushti bilan ursa, ursa yaxshi edi,
Qabrimning ustida qon yig’laguncha,
Qarg’ab, qaqshab tursa, yaxshi edi.

Ket, ketaqol,
qora kiygan ayol,
Yig’ingni to’xtata qol, qora kiygan ayol.
Bu qabr ham ming qabrning biridir,
yetar, qabrtoshni bosma bag’ringga,
Barcha, men deb, yig’laganlar tinchidi,
bas, go’r ichiga tomayotir, yig’lama…

Demaki, shoirning bor-yo’g’i tildir

Demaki, shoirning bor-yo’g’i tildir,
Shapaloq urishga qo’limiz ham bor.
Biroz boshimizda aqlimiz bordir,
Biroz kissamizda pulimiz ham bor.

Ko’p botirlar yo’qqa chiqdi o’rtada,
Kimning baxti kimni yiqdi o’rtada,
Na bo’lsinki, bir ish yo’qdir o’rtada,
Hali sog’imiz ham, so’limiz ham bor.

Ming yildir tug’ilib, o’larmiz, ey do’st,
Yig’lasak, bas qilib bilarmiz, ey do’st.
Toki, qadam tashlay olarmiz, ey do’st,
Qabriston tomonga yo’limiz ham bor.

Qarilik

Yolg’izlik boshlanar bundan buyog’i,
qochib qutulmassan, odam bolasi.
Oylarni, yillarni tutsang bo’yingga,
Soylarni, cho’llarni tutsang bo’yingga,
o’lchab yetolmassan, odam bolasi.

Endi ko’plar bilan oram sovugan,
ko’plar omadimga sevinmas endi.
23 yoshimda meni sevganlar
33 yoshimda sevolmas endi.

Men, axir, na Cho’lman,
na Yo’l,
na Ko’cha,
Axir, hammaniki bo’la olmayman.
Meni sevganlar deb o’la-o’lguncha
23 yoshimda qola olmayman.

Qanchalik so’zlar bor so’zimdan jasur,
endi chaqirmoqqa nafasim yo’qdir.
Endi bu dunyoda o’zimdan jasur
so’zlarni yozmoqqa havasim yo’qdir.

Yig’ini bas qildi, tindi she’rim ham,
qaridi misralar, so’zlar men bilan.
Do’stlar yoshligicha qolar she’rimda,
qarimoq istamas do’stlar men bilan.

Ilohim, qarilik shunday ekan-da,
do’stlardan jimgina uzilar odam.
Umr loyqalangan suvday ekan-da,
ozaygani sari tozarar odam.

Ichimu tashimning zanggi yuvilar,
satrlar ko’karar bu oq varoqda.
Uzoqdir yurak-la qo’lning orasi,
xayriyat, o’lmadim shu oraliqda.

So’zlar yuragimdan qo’limga yetdi,
biroz sarg’aydi va so’ldi, na iloj?!
Biroz jasurligi, sho’xligi yitdi,
gina qilmasinlar, yo’l-da, na iloj?!

Endi bolta kesmas aqlim kesganni,
tiriklik totini bilaman endi.
Bu ko’hna dunyoda har nafasimni
daraxtdan mevaday teraman endi.

So’ng nafas dunyoda har nedan shirin,
shoir ham qariydi, o’lar, bilaman.
So’zidan qon hidi kelgan shoirning
og’zidan sut hidi kelar bilaman.

Bu dunyo bir qaynar qozondir, illo,
so’ndirmas o’tini na qor, na yomg’ir.
Bu dunyodan ketish osondir, ammo
dunyo-la chiqishib yashamoq og’ir…

Ketsak biz bo’lmagan yerga

Kel, qo’l-qo’lni tutib ketsak,
Ketsak biz bo’lmagan yerga.
Bor dardni unutib ketsak,
Dardimiz bo’lmagan yerga.

Bunda qo’ysak o’zimizni,
Bu tirishgan yuzimizni,
Bu eskirgan so’zimizni,
Ketsak biz bo’lmagan yerga.

Bir kimsa olmasin xabar,
Kel, chiqib ketsak bir sahar,
Bu uy, bu ko’cha, bu shahar,
Bu dengiz bo’lmagan yerga.

Odam o’g’li oz topilar,
Sen degan do’sting sotilar,
Bu Ramizni kim oborar,
Bu Ramiz bo’lmagan yerga?!

хдк

(Tashriflar: umumiy 209, bugungi 1)

Izoh qoldiring