Mahmudxo’ja Behbudiy. Oq yelpug’ichli chinli xotun

behbudiy

    Сунғий мамлакати аҳолисидан Чунғичин ном зот бир адиб бор эди. Бу олами фаноға инонмас ва ҳар замон андин пировоз ва риҳлат этмоққа толиблик қўлидан келмас эди. Они учун жонини овунтирмоқ учун хаёлилар фикр ва бефикрға хотур эткувчи ишларға ружуъ этмоқла ўзига тасалли берарди. Вафотидан сўнгра дунёни некбахт ва маҳсудларидан ҳисобланди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ
ОҚ ЕЛПОҒИЧЛИ ЧИНЛИ ХОТУН

Ҳикоя

067

Сунғий мамлакати аҳолисидан Чунғичин ном зот бир адиб бор эди. Бу олами фаноға инонмас ва ҳар замон андин пировоз ва риҳлат этмоққа толиблик қўлидан келмас эди. Они учун жонини овунтирмоқ учун хаёлилар фикр ва бефикрға хотур эткувчи ишларға ружуъ этмоқла ўзига тасалли берарди. Вафотидан сўнгра дунёни некбахт ва маҳсудларидан ҳисобланди.

Чунғичин Хитой музофотларидан биринда номи Ҳаво тоғининг этакларинда кезар экан, бирдан ўзини бир мозористонда кўрди. Оҳ, мозористон — минг-минг номунтазам тепачалар садо ва нидодин холи махсус замини маъволар (бошпана, макон). У тепалар остинда чор ва ночор инсон ётарлар эди. Уфқи жадид сари тамоман муштағил (банд) қабрларни кўрар-кўрмаз сайёҳ шу фикрға ботди. Афсус, бутун тириклик ҳаёт йўлини охири келиб етган жойи будур. Бу иқоматга мавт ва манзилга хомушона бир карра кирилдими яна қайтмоқ мумкин йўқ. Боқ хотимаи ҳаёт на ўлди? Чин аҳли фақат бир тириклик билар. У ҳаётки шуълаи шамс ила мунаввар, ҳавои соф ила иҳотадур. Чин файласуфи бу фикрларға сирона қабрға-да юрар экан, либоси мотам киймиш ёш бир хотунға рост келди. Бу хотун янгидан тепаланган бир қабр каноринда ўлтуруб қўлинда елпоғичи лукурни елпийур ва ҳам доимий елпийур.

Бу қадар ажиб бир ҳаракат сабабини англамоқ шавқина тушуб, сайёҳ ёш бонуға одоб-ла салом берди.
— Хоним, о, бу мозорға ётган кимдур, на учун шу туфроқни муттасил елпимак заҳматиға гирифторсиз, сўрамоғим мумкинми?

Мани файласуфим ҳар иш сабабини билмоқчи, аммо сизнинг бу амалингиз асло иҳота тафаккуримға кирмайдур, деди. Бечора хотун елпоғични елинмоқда муттасил ло-йан қатъи давом этарди. Хотун қизарди, бўзарди, бошини олдингга энгкди. Файласуф беҳуда ерға саволини такрор айтди. Мотамкаш хотундан жавоб эшитмади ва асло қулоқ бермай жонининг бор қуввати-ла елпоғични ҳаракатга келтуруб турар эди.

Чунғичин у маҳалдин мутаассуфона айрилди. Хотуннинг иллат ва сабаб ҳаракатини билмай орзусидин ҳамда шиддатлик орзусидин ўзини сахлаб билмоқ эди. Шабпаррак қаноти каби мутавалли ҳаракатланиб турмиш елпоғичга ҳар замон дўнуб энг чуқур ва мутаҳаййирона бир-фикр ила боқиб бечора файласуф асло бир шай англамайур эди. Аснои таҳаййурда муқобилинда бир ожиза чиқиб файласуфни бир қабр канориға имлаб, шу сўзларни сўйлади: «Эшитдимки, хонумдин савол сўрдингиз, аммо жавоб ололмадингиз. Ман орзунгизни дафъ этарман. Аммо муқобили умид айларманки, сиз ҳам манга бир неча пул берсангизки, бориб, умрумни узун бўлиши учун дуохонлардин бир тумори сеҳрангиз олайин». Чунғичин киссасидин оқча чиқарди ва аъжуза хотун ҳам бу можарони сўйлади:

«Қабр каноринда кўрганингиз шу хотун Лу исмлик хонимдур. Узун бир беморликдин ўлмиш Тоъу номинда бир адибни беваси ва у қабр ўлган эрининг қабридур. Эр ва хотун яки дигарини шиддатлик бир ишқ ва муҳаббат ила севарларди. Ҳатто, охирги нафасинда Тоъу хотунидин айрилмоқ кулфатидин шикоят этар, гўзал бу хотинини ҳануз баҳор ҳаёт ва ҳуснини ситоратлик замонда ташлаб кетмоқ дарди фикриға сўзан урарди. Лекин на чора, муқтасиъ қадрга тобеъ бўлди, бошқа илож йўқ.

Беморлик ҳолида Лу хоним хаста Тоъунинг бошидин ҳеч айрилмас, эридин сўнгра дунёга тирик қолмасликни ва болин ҳаётға иштирокидек қарорға, мамотға ҳам шерик бўлушини аҳд ила баён айлади. Лекин Тоъу мунга жавобан: «Зинҳор хоним буйла аҳд ва ямин айтмангиз», — дер эди. Хотун: «Агарда сиздин сўнгра шериклик балосига гирифтор бўлиб, кўзларингиз юмулганидан сўнгра шу зиёи офтобни кўрмоқға мажбур бўлсам, яхши билингки, бошқа бировнинг хотини бўлмоқға асло рўйи ризо кўрсатмайман», — деб жавобини берди.

Тоъу: «Хоним бону, зинҳор бу фикрдан воз кечинг,—дерди. Тоъу хоним: «Эй Тоъу, қўйингиз асрор этмангиз, бори беш санағача уйланмасликға аҳд этойинг».

Лекин бу сафар дея Тоъу: «Бону, бундай аҳд этманг, фақат мозорим устидаки туфроқ қуригунча қадар мани унутмасликка аҳд этсангиз кифоя…»

Лу хоним муни учун маҳкам аҳд этди. Тоъу иккинчи очмаслик учун кўзини юмди. Бону кадаридин девона каби бўлди. Хумор ва хитойи кўзларидин думуъ (кўз ёшлари) оташин шашқатор жорий, хумои (иситма, касаллик) шадид (шиддатли) маҳдумлари каби ўзини шаш жиҳата этарди бедард-бедаво.

Дунё одати узра ҳар шай кечар. Бу сил ғамум ва барои ҳужумда кечди-кетди. Оҳ-нолалар кечмас, фақат келмасун — Тоъунинг вафотидин уч кун сўнгра Лу хонимнинг кўзи бир маъқул сифатға кирди. Шуйлаки эрини шогирдларидин бир жавон (ёш йигит) таъзиятга келди. Қадрдон шогирдни оҳ ва оҳ ила қабул этди. Бу жавон ниҳоят музайян (безанган) бир чеҳра соҳиби эди. Аснои муколамада бир оз Тоъудин ва кўброқ бонудин баҳс этди. Беканинг латофат андомидин, гўзаллигидин ва зиёдаси-ла хушлаганидин баён этди. Хоним ҳам андин мамнун ва рози қолди. Жавон шогирд яна келишини ваъда ила видоъ этди.

Бир видоъи умидворий…

Содиқ ул-ваъда Лу хонум у ваъдаларға интизоран, кўрганингиз, қабр устиға келди. Кунларни елпоғич шамоли-ла эри қабрининг туфроғини қурутуб аҳд этмоқға вақф этар…» Кампир ҳикояни битирар-битирмас файласуфингиз шу фикрға ботди. Умр қисқа, ёшлик ширин, ёш хотун ва эрларни завқ ҳаволарға учирар. Ҳар ҳолда Лу хоним солиҳа бир хотун эмишки, аҳдини паймол этмак истамаз.

Интиҳо

Эй қори, ҳикоянинг ҳосили мундин иборатдур. Адабиёт жадидаи мустақбала (келажак замон) мизга рақамидин ёдкори хайр илтифотиға етса, хўжанди шоир муҳтарам Сайрий афандиға бир туҳфадур. Мутолаасиға танзил буюрсалар, шоядки, риштаи назма чекилса, бизу сиздин бир хотираи мустақбала қолурди. Бу даҳми шеър билмам қалбимдин чиқди. Муқаддам шоир эмас эдим:

Бу олами ҳама ҳайҳот беҳуда,
Нақши зар об паймуда (омонат)…*

1909 йил, далви девона, Самарқанд, Маҳмудхўжа ибн Беҳбудхўжа.

_____________
* Ҳикоя «Тасодиф» деб номланган дебоча билан бошланиб, унда ушбу ёзилиш тарихи берилган. Муаллиф 1909 йил қиш (далв —20 янв.—19 февр.) кунларида гоҳ ўғли Масъудхўжа билан турли дарсликлар мутолаа қилар, гоҳ сиҳҳат, мантиққа оид китобларни, гоҳ эса турли бадиий асарларни кўздан кечирар экан, бир куни ногоҳ мазкур ҳикояга дуч келиб қолади. У буни олдин ҳам кўрган эди. Беҳбудий асли хитой адабиётидан олинган ушбу ҳикояни ўз қалби ва қалами билан ўзбек ўқувчисига тақдим этмоқчи бўлади. Ҳикоя «Туркистон вилоятининг газети»да 1909 йилги 12-сонида эълоп қилинган. 1995 йил «Ватан» газетасининг 28-сонида ёш тадқиқотчи Ҳалим Сайид кичик сўзбоши билан қайта чоп этди. Ҳикоя Ҳ. Сайид нашри асосида тайёрланди.

045

(Tashriflar: umumiy 507, bugungi 1)

1 izoh

  1. Yelpig’ich
    (she’riy hikoya)
    Mahmudxo’ja Behbudiyning «Oq yelpug’ichli chinli xotun» hikoyasi asosida
    Bir kishi kezardi qabriston aro,
    Nogahon uchradi bir motamsaro.
    Qarasa, bir qo’lda yelpig’ich ushlab,
    Bir qo’lda ko’ksini turardi mushtlab.
    Ostida yaqinda yasalgan qabr,
    Qabrki, hali ko’p ko’rmagan jabr.
    Goh yerga, gohida ko’kka tikilib,
    Qabrni yelpirdi ikki bukilib.
    Yosh edi, sochlari tim qora edi,
    Faqat shu ish bilan ovora edi…
    Asta yaqinlashdi boyagi odam,
    Sababin so’ray, deb tashladi qadam.
    Biroz sukut saqlab, so’z qotdi birdan,
    Dedi: — «Voqif ayla meni bu sirdan.
    Qabrni yelpishdan muddaoying ne?
    Tushunmay garangman, biror nima de!
    Bu joyda jim yotgan kim bo’lar senga?
    Iltimos qilaman, javob ber menga.»
    Ayol indamadi, burilmadi ham,
    Javob qaytarishga urinmadi ham.
    Soniyalar o’tdi oradan g’ij-g’ij,
    To’xtashni bilmasdi eski yelpig’ich.
    Oxir hafsalasi pir bo’lgan odam
    Undan uzoqlashdi qadam-baqadam…
    Endi yetganida mozor boshiga
    Bir kampir yugurib chiqdi qoshiga.
    Dedi: — «Sababibi men beray aytib,
    Boshqa bora ko’rma oldiga qaytib.
    Ikki kumush tanga, shugina xolos —
    Barcha savollardan etaman xalos!»
    Kampir so’raganin olib kissadan,
    So’zlashga kirishdi ushbu qissadan: —
    «Anavi ayolning faloncho ismi,
    O’sha qabrdagi marhumning xasmi.
    Ikkisi bir-birin sevardi juda,
    Tortishishmas edi huda-behuda.
    Ammo tuzalmas dard tayyorlab tuzoq,
    Erini to’shakka mixladi uzoq.
    Ayo bo’lsa hamki mudom parvona,
    Eri u dunyoga bo’ldi ravona…
    O’limidan avval qildi vasiyat: —
    «Kechir, senga yillab berdim aziyat!..
    Qiynama siz bilan birga o’lay, deb,
    So’nggi manzilda ham birga bo’lay, deb».
    Ayol dedi: — «Yo’qsa, yolg’iz o’taman,
    O’la-o’lgunimcha aza tutaman!»
    Eri dedi: — «Sabring yetmas ungacha,
    Unutma tuprog’im qurigungacha…»
    Shunday deb manguga tindi bechora,
    O’lim hamma uchun haqdir, nachora.
    Ayol g’amga botib yig’ladi uch kun
    Bevaqt xazon bo’lgan sevgisi uchun.
    Yig’ladi uxlamay tonggacha hatto,
    Erining bir do’sti kelgunicha to!..
    Keldiyu, o’t yoqdi ayol jismiga,
    Yana solib qo’ydi ishqning izmiga!
    Ta’ziya bildirgach jo’nab ketdi u,
    Ayol qabristonga qatnaydi shu-shu!
    Muhabbat… SADOQAT qaynar ichida,
    Tuproqni quritar yelpig’ichida…»
    Sirojiddin Adashev

Izoh qoldiring