Pirimqul Qodirov: “Tilidan ayrilgan xalq ma’naviy Vatanidan judo bo’ladi”

09     Ўз миллий қадриятларини билмайдиган, уларга паст назар билан қарайдиган нигилистларга нисбатан, ўз халқининг ноёб қадриятларини эъзозлаб, бошқа халқларга ҳам етказиб бера оладиган фозил кишилар миллатларнинг ўзаро яқинлашувига минг чандон яхшироқ хизмат қилади», — деди атоқли ёзувчи Пиримқул Қодиров. Дарҳақиқат, улкан сўз санъаткори ижодий фаолиятида ҳам шу ақидага амал қилиб келяпти. Унинг қаламига мансуб бўлган ва халқимизнинг олис ўтмиши қайта бошдан жонлантирилган «Юлдузли тунлар», «Олмос камар» каби ажойиб романлар бугунги кунда кўпгина халқларнинг севимли асарига айланган.

ТИЛИДАН АЙРИЛГАН ХАЛҚ МАЪНАВИЙ ВАТАНИДАН ЖУДО БЎЛАДИ
Таниқли адиб Пиримқул Қодиров билан суҳбат
Суҳбатдош: Шукур Содиқ
07

Пиримқул Қодиров тарих ҳақида эҳтирос билан сўзлайди. Зеро, ўтмишини унутган халқ келажагини ҳам бой бериши муқаррардир. Ушбу бадеҳа суҳбатимиз моҳият эътибори билан тарих, тил ва муҳаббат ҳақида.

— Қадрли Пиримқул ака, «Ёшлик» журнали муштарийлари сизнинг тарихий шахсларга бўлган муносабатингиз билан беҳад қизиқишади. Нарпайлик китобхонингиз Манзура Сарманова шундай савол берган: қайта қуришда Бобурнинг қайси сифати асқотар эди? Оҳангаронлик ўқитувчи Жўрабек Имоновни эса бошқа масала қизиқтиради: Бобурнинг аёлларга муносабати аслида ҳам романда ифодалангандек бўлганми ёки ёзувчи уни идеаллаштирганми?

— Заҳириддин Муҳаммад Бобур неча асрдан бери халқнинг тилидан тушмай келаётган, унинг дилидан ўзига макон топган ўлмас тарихий сиймолардан биридир. Албатта унинг фотиҳ, шоҳ ва давлат арбоби сифатида жуда мураккаб ҳаёт кечирганлигини ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак. Тақдири мураккаб кечган Бобурнинг шундай оғир муҳитда истеъдодини бой бермаслиги, инсоний фазилатларни йўқотмаслиги ва Жавоҳарлал Неру ибораси билан айтганда, дилбар шахс сифатида тарихда ном қолдириши улкан саодатки, бу камдан кам одамга муяссар бўлади. Мен студентлик йилларимдан бери, қирқ йилдирки, «Бобурнома»ни қўлдан қўймайман. Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятига оид борки манбаларни баҳоли қудрат тадқиқ қилиб чиқдим. Бобур қадамжоларини бориб кўришга интилдим. Ҳиндистон, Покистон бўйлаб сайр қилдим, шуларнинг ҳаммасидан бугун чиқариш мумкин бўлган хулоса шуки, ҳануз бизга Бобурни жозибали қилиб кўрсатаётган томони унинг олижаноб инсоний фазилатлари ва ноёб истеъдодидир. Ҳали жуда ёшлигидаёқ Самарқандда оғир вазият ҳукм сурганда у бекларга қарши бориб, очларга нон улашгани тарихдан маълум. Очарчилик туфайли қишда деҳқонлар бор уруғни еб қўяди, баҳорда экин экишга дон топиша олмайди, шунда Бобур уруғлик олиб келиб беради ва оқибат беклари билан ораси бузилади, беклар уни ташлаб кетишади.

Оғир вазиятда Бобур ўша Аҳмад Танбалдай бекларга қарши туриб, опаси Хонзода бегимни унинг тажовузидан қутқариб қолган, шунинг оқибатида бошига оғир кунлар тушган. Булар барчаси унинг инсоний фазилатларини белгилайди. Бу ҳақда гапираётганимнинг сабаби шуки, бугун биз учун — шахсга сиғиниш даврини, турғунлик даврини бошидан кечирган одамлар учун тарихий шахслар қисматини ўрганиш, уларнинг хато ва ютуқларидан ибрат олиш жуда ҳам муҳимдир. Биз куни кеча ўзларини шахсий манфаатини халқ манфаатидан баланд қўйган, инсонийлигини йўқотиб, шон-шуҳратга муккасидан кетган раҳбарларни кўрдик, уларнинг тазйиқи остида ижод қилдик. Уларнинг жабрини халқимиз тортгани майли, ҳали-ҳалигача ўшалар туғдириб кетган қийинчиликлар билан биз курашиб келяпмиз. Шу боис гоҳо биз тарихий шахслардан инсоний фазилат излаймиз ва давлат тепасида ўтирган одам атрофидаги кишиларга нисбатан, — опасими у ё онасими, ким бўлишидан қатъи назар, — шуларга нисбатан мардлиги ва инсонийлигини йўқотмаслиги, сўзида турабилиши, умуман, дилбар шахс бўлиши, ҳокимият деган жуда оғир бир муҳитда ўзининг гўзал сифатларини йўқотмаслиги кераклигини теран идрок этамизки, шу фазилатлар мавжуд бўлганлиги учун ҳам Бобур бизга азиздир.

Яхшилик изсиз кетмайди. Бобурнинг бошига оғир кунлар тушганда, Шайбонийхон уни ҳалок этадиган бўлганда — Самарқанд қамали чоғи опаси Хонзода бегим унга шундай яхшилик қиладики, ўзини асоратга солиб бўлса-да, укасини қутқаради. Бу халқимиз тарихидаги дилбар саҳифалардан биридир. Кишиларимизнинг бир-бирига меҳру оқибати, садоқати, фидойилиги шунда яққол кўринади.

Хонзода бегим Шайбонийхон ҳарамида ўн йил аросатда яшайди. Шайбонийхон ўлимидан кейин шоҳ Исмоил уни Нажмисоний деган жуда золим бир бекига хотинликка бермоқчи бўлади. Шоҳ унинг ўн яшар ўғилчаси, ягона фарзандини ўлдириб юборишга буйруқ бериб юборади. Бу пайтда Бобур Қундуз шаҳрида эди, у дарҳол чопар юбориб Марвдаги опасини қутқаради ва Қундузга олиб келтиради.

Самарқандга иккинчи марта келганида Бобур Улуғбекнинг ишларини давом эттирмоқчи бўлади, расадхонани тиклашни ният қилади, «Хатти Бобурий» деган халқимиз феълига мойил, тезроқ ўқиш мумкин бўлган янгича ёзув ихтиро этади, 22 яшар йигит учун бу жуда катта жасорат эди. Зеро у қадимий туркий Ўрхун-Енисей ёзувини афзалликлари билан тикламоқчи бўлади, ғулу кўтарилиб, қора кучлар исён қилади ва уни Самарқанддан қувиб чиқаришади. Мана шу оғир шароитда Ҳисорда қўзғолон кўтарган беклар унинг жияни — Хонзодабегимнинг ёлғиз ўғли Хуррамшоҳни — ўн бир ёшли болани ҳалок этадилар, вазият ҳар қанча танг бўлмасин, Бобур опасини қутқаради ва унга бўлган ҳурмат-эҳтиромини умрининг охиригача йўқотмайди. Гулбадан бегим «Ҳумоюннома»да гувоҳлик беришича, Ҳиндистоннинг жазирама кунларида, офтобга чиқиш қийин бўлган пайтларда ҳам, Бобур гарчи соғлигини олдириб қўйган бўлса-да, ҳар жума куни Хонзода бегимни кўришга борар экан. Бориб хабар олар экан опасидан! Бўлмаса, давлат бошлиғи, ҳар бир соати ҳисоблик, қанчалик банд бўлишига қарамай, бориб опасини кўрар эканки, бу унинг олижаноб қалб эгаси эканлигидан, бир вақтлар кўрган яхшилигини ҳамон унутмаслигидан далолат эмасми?! Унинг ўғли Ҳумоюн билан бўлган муносабатларичи?! Ҳумоюнни онаси Моҳим бегим яхши тарбиялайди, шунинг оқибатида боланинг отага бўлган ихлос-эътиқоди жуда юксак бўлади. Бобур ҳам ўз навбатида «Мубаййин» деган китобини ўғлига бағишлайди. Тарихий аҳамияти катта бўлган бу китоб (қонуншуносликка эътибор, яъни ўша пайтда солиқ қандай олиниши керак, одамларга муомала қандай бўлиши керак, шу ҳақда) Бобурнинг ўғлига нисбатан меҳру муҳаббати самараси ўлароқ дунёга келади.

Биласизки айрим шоҳлар шахсий манфаатлари йўлида ака-укасию опа-сингилларини ҳам қурбон қилиб кетаверишган, ўлимга маҳкум этиш ҳеч гап бўлмаган яқин қариндошларини! Сталин ҳам шундай бўлган-ку, ахир! Ҳатто хотинини ўлимга гирифтор этган-ку! Ғарбий Европада макиавеллизм деган оқим бўлган, уларнинг ақидасича подшоҳлар оддий одамлар каби ҳалол ва барчага бирдек қоидаларга бўйсуниши шарт эмас, улар шундай юксакликда турадиларки гўё, ҳар қандай одамни керак бўлганда ўлдиришга ҳақлидирлар! Яъни улар подшоҳларни ахлоқ нормаларидан баланд қўйишади. Гитлернинг дунёга келишига имкон берган ақида ҳам шу, Гитлер ҳам мен инсон зотини ахлоқ деган, виждон деган нарсалардан озод қиламан деб айтган эди. Лекин бизнинг Шарқда, Алишер Навоий ва шу каби бошқа улуғларнинг таълимоти шуки, ким қайси даражада, мавқеи қандай бўлишидан қатъи назар, шоҳ ҳам, гадо ҳам виждон амридан ташқарида туришга ҳақли эмас. Ҳа, ҳалоллик, поклик, инсонийлик биринчи ўринда туриши керак. Алишер Навоий таълимоти шунга асосланган, Бобур ҳам ёшлигидан шуни ўзига аъмол қилиб олган. Ўша замонлар жўмардлик деган бир қоида бўлган (ғарбда буни рицарлик деб аташган). Жавоҳарлал Неру кафолат беришича, Бобур макиавеллизмдан фарқли ўлароқ, ўша жўмардлик қоидаларини олий мақомда бажо келтирган. Маълумки, подшоҳлар ҳамиша солномаларда мақтаб келинган, лекин «Бобурнома»ни олиб қарасангиз, Бобур саҳв-хатоларини ҳам очиқ ёзган. Ҳатто Ҳиндистонга қилган юришини «Ёраб, нетайин, бу не юзи қаролик бўлди» деб, ўзи баҳо берган. Рост, қирғин жангларда озмунча қон тўкилмаган, баъзи тарихчи олимларимиз шуни мисол тариқасида келтириб, Бобур шафқатсиз бўлган дейишади. Ахир, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди-да, давлат тузиш учун қаттиққўл бўлиш тақозо этиларди. Бу билан Бобурни оқламоқчи эмасмиз, лекин ўша олимлардан «бу фактларни қаердан олгансиз?» деб сўрасангиз, «Ҳа, Бобурномада ўзи ёзиб қўйибди-ку», дейишади. Хўп, ўзи ёзган бўлса, шунисига қойил бўлмайсизми ахир. Қилган нотўғри ишларини эътироф этган экан шу одам, демак, тўғри сўз бўлган-да. Ахир биз Жан Жак Руссони нима учун улуғ деб биламиз, чунки у ҳам ўз хатоларига ўзи иқрор бўлган. Руссонинг «Иқрор» асарини Лев Толстой дастуриламал деб билган. Улуғ адиб фақат ютуқларини, яхши ишларини эмас, қилган хатолари, нохуш нарсаларни — бошидан кечирган ҳамма воқеани очиқ ёзган. Худди шундай иқрор Лев Толстойда ҳам бор. Адиб ҳатто урушда одам ўлдирганлигини ҳам қайд этган. Бобурни ҳам дунё таниган экан, бу «Бобурнома»сида бошидан кечирганларини ҳаққоний ёзганлиги билан ҳам изоҳланади. Шарқда Бобур бу жиҳати билан шоҳлар орасида ягона ва беназирдир. Умрини охирида тожу тахтдан безиб, ўзини бутунлай ижодга бағишламоқчи бўлганлиги-чи?! «Ҳумоюннома»да айтилишича, ўша давр эътиқодига кўра шундай ҳисобланганки, агар истаса, ўғлига келган ажални ота ўзига олиши мумкин. Тағин шайхулислом машҳур Кўҳинур олмосини тасаддуқ қилсангиз Ҳумоюнни тузатамиз дея Бобурнинг олдига шарт қўяди. Бобур узоқни кўзлайди: ўғлининг тузалиб кетишига умиди бор. Агар у соғайса, шайхулислом садақа тарзида олмосни олса, мақбарада сақланадиган матоҳ эмас, дунёни безайдиган олмос, уни қўриқлашга аскарий кучлар керак, яъни таъма бўлаётганлиги ошкор. Ҳумоюн тузалиб кетса, улар умрбод уни қарздор қилиб қўйишади, «мана шу тасаддуқ эвазига Ҳумоюнни биз тузатдик», деган гап билан Абдуллатиф каби ўзларига уни муте қилиб олишлари мумкин. Бобур ўғлининг бугунги кунини эмас, балки истиқболини ҳам ўйлайди ва айтадики, «Ўша олмос азизми ёки менинг жоним?» Шайхулислом: «Ҳар қандай олмосдан ҳам сизнинг жонингиз азиз», дейишга мажбур бўлади. «Ундай бўлса, мен ўғлим учун шундай бир тасаддуқ қилайки, уни сизу бизга ўхшаган бандалари эмас парвардигорнинг ўзи қабул қилсин!» Бобур шундай деб беҳуш ётган ўғли бошидан уч марта айланиб ўтиб илтижо қиладики, «Эй, парвардигор, менки Бобурмен, ўғлимнинг бетоқатлигига тоқат келтиринг, шунга берган ажални менга берингу мени жонимни олинг, Ҳумоюннинг жонини қайтариб беринг!» Мана шунинг ўзи ҳам Бобурнинг инсонийлиги нақадар буюк эканлигидан далолат эмасми?! Бобур васиятида Хумоюнга айтадики, амманг Хонзода бегимнинг Самарқандда менга қилган яхшилигини умр бўйи унутмадим. Мен ҳам фидойилик қилишга интилдим, Темурийларнинг жуда кўпчилиги бир-бирига бахиллик, ўгайлик қилишиб ҳаммаси разолат қурбони бўлиб кетишди. Ёмонликнинг қурбони бўлгунча, яхшиликнинг фидоси бўлиш афзал эмасми?! Ҳа, Бобур ён-атрофидагиларни яхшиликка, мардликка даъват этган.

Бугунги кунда Бобур шахсининг биз учун бағоят қимматли томони шундаки, энг оғир дамда ҳам у олижаноб фазилатларини сақлай билган. Фотиҳликдан, шоҳликдан инсонийликни устун қўйган. Агар Бобур шундай қалбга эга бўлмаганида, бундай гўзал ғазаллар ярата олмаган, жуда катта маданий мерос қолдира олмаган бўлур эди.

— Куни кеча Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети собиқ биринчи секретари И. Б. Усмонхўжаев, шунингдек,Марказий Комитет собиқ секретари Р. Ҳ. Абдуллаева столларини муштлаб, Бобурга дағдаға қилишгани, унинг номини ўчиришга жон-жаҳдлари билан уринишганлари сир эмас. Ҳаёт ўзгармоқда, энг муҳими, яхши томонга қараб ўзгармоқда, табиийки, улуғ шоиримизга бўлган қарашлар ҳам янгича тус олмоқда. Пиримқул ака, Бобурга ёдгорликлар ўрнатиш, унинг ижодий меросини изчил тадқиқ этиш ва мукаммал асарлар тўпламини нашр этиш пайти келмадимикин?

— Ҳа, адолат қарор топди, бу йил Наврўз халқимизнинг улуғ шодиёнасига айланди. Худди шу каби, Бобурга, айниқса, унинг маданий мероснга янгича тафаккур асосида ёндашиш кучайиб боряпти. Бу жиҳатдан «Правда» бизга яхши бир ибрат кўрсатди. Газета шу йил иккинчи январь сонида «Бобур ҳужраси» деган ёрқин бир лавҳани эълон қилди. Унда беш аср олдин Сулаймон тоғи устида Бобур қурдирган ҳужра йигирма олти йил бурун жоҳил кимсалар томонидан бузиб ташлангани, ҳозир ўшликлар пул йиғиб, ҳашар қилиб, шу тарихий ёдгорликни қайта тиклаётганликлари ҳикоя қилинган. Бобур — классик шоир, файласуф ва давлат арбоби сифатида тилга олинган. Афсуски, у туғилиб ўсган юртда ҳанузгача шоирга ёмон кўз билан қарайдиган, ижобий снфатларини «Бобуромания» деб атайдиган тарихчилар йўқ эмас. Улар ҳеч бўлмаса, қирғизистонлик, ўшлик биродарларимиздан ва «Правда»дан ибрат олсалар бўлар эди.

Албатта, юқорида айтганимдек, Бобур мураккаб тарихий шахс. Лекин… Ахир, Лев Толстой ҳам граф бўлган, «Толстойчилик» деб аталувчи ғайриинқилобий ҳаракатга асос солган. К. Маркс ва Ф. Энгельс «Хронологик ёзувлар»ида Бобурнинг таржимаи ҳоли, ижоди ва фаолиятига оид энг муҳим нуқталарни холисона кўрсатиб берганлар. Ўрта Осиёдан чиққан улуғ тарихий шахсларнинг ҳеч бирини К. Маркс ва Ф. Энгельс бунчалик кўп ва хўп қаламга олган эмас. Биз бунинг қадрига етишимиз керак.

Бобурга нигилистик кўз билан қарайдиган тарихчилар нуқул унга «Ҳиндистонни босиб олган» деб айб тақайдилар. Аммо улуғ ҳиндистонликлар Бобурга қандай баҳо берганини яна бир эслайлик: Ражив Ганди Москвада 1987 йилда босилиб чиққан «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобида ёзади: «Фарғоналик йигит, довюрак жангчи ва хассос адиб Бобур Ганг текислигига келиб, бизнинг Буюк Мўғуллар салтанатимизга асос солди ва ўзини ҳиндистонлик деб ҳисоблади».

Чиндан ҳам, Бобур Ҳиндистонни ўзининг иккинчи ватани деб билганини ва умрининг охирги йилларида бутун куч ва истеъдодини унга фарзандларча бахш этганини «Бобурнома»нинг охирги боблари ҳам, шоирнинг «Ҳинд девони» деб аталган сўнгги китоби ҳам яққол кўрсатиб туради, Шунинг учун илғор ҳинд жамоатчилиги Бобурнинг тарқоқ ўлкаларни бирлаштириб, қудратли марказий давлат тузганини ва бу ерда боғлар, обод манзиллар барпо этганини доим юксак баҳолайди.

Бунинг бир мисолини Москвада рус тилида чиқадиган ва Ҳиндистоннинг СССРдаги элчихонаси чоп этадиган «Индия» журналида ўқиш мумкин. Журналнинг 1984 йил 4-сонида машҳур ҳинд олими Г. Н. Панат ёзади: «Бобурнома»ни ҳаққонийлиги учун Ж. Руссонинг иқрорлари ва Ньютоннинг эсдаликлари билан ёнма-ён қўйиш мумкин. Бобурнинг Ҳиндистон тарихи олдидаги хизматлари улуғдир, лекин унинг тарихнавис сифатидаги хизматлари бундан ҳам улуғроқдир».

Ҳинд олими Бобурни Руссо ва Ньютон каби буюк шахслар билан ёнма-ён қўйган пайтда биз ҳам мана энди, ҳеч бўлмаса, унинг ижодий меросини эъзозлайлик. Унинг туғилган юрти Андижонда классик шоирга арзигулик бир ёдгорлик ўрнатайлик. Илгариги Арк маҳалласининг ўрнида тиғиз хонадонлар жойлашган экан. Уларни кўчириш қийин бўлса, Сирдарё бўйида Тўрақўррон районида Ахсикент тепалиги бўш турибди. Бобурнинг отаси шу ерда ҳалок бўлган. Ёш Бобур ота-онаси билан Ахсикентда йиллар давомида истиқомат қилган. Йигит пайтида ҳам Ахсида драматик воқеаларни бошидан кечирган.

Ёшларимиз Фарғона водийсида Бобурнинг ёшлигига атаб ёдгорлик ўрнатмоқчи бўлишганда мендан маслаҳат сўрадилар. Мен уларга Ахсикент тепалигини эслатдим. Ҳозир кимсасиз ташландиқ жойга айланган. Харобалар остида археологлар учун қимматли ашёлар ётган бўлиши мумкин. Археологлар билан ҳам маслаҳатлашиб уларнинг бўлажак қазилмаларига зарар етказмайдиган жойни танлаш мумкин. Бутун водий кўринадиган баландликда Бобурга Ўшдаги каби мўъжаз бир ёдгорликни ҳашар йўли билан ўрнатса арзийди.

Сирдарёдан насос билан сув чиқариш қийин эмас. Обод бир манзил бунёд этилса, ёшларнинг тарбияси учун ҳам, турли томонлардан келадиган сайёҳлар учун ҳам мароқли ва фойдали ёдгорлик пайдо бўларди.

Ўрта Осиёни, айниқса, бугунги Ўзбекистон тупроғини Бобурчалик кўп кезган ва ҳамма жойига оид хотиралар ёзган, яна кўп жойларда ўчмас из қоддирган тарихий шахс жуда кам.

Тожик биродарларимиз Бобурнинг Мастчоҳда тошга ўйдирган форсий шеърларини қудуқ тагидан топиб олганлар ва Душанбедаги тарих музейига элтиб, эъзоз билан сақламоқдалар. Тошкентда адабиёт музейида Бобур зали яхши жиҳозланган. Шоирлар Хиёбонида унинг ҳайкали бор. Самарқанд ўлкашунослик музейида ҳам Бобурга махсус зал ажратсалар бўлмайдими? Ахир Бобур ижоди ва фаолияти Самарқанд шаҳринииг тарихида ўзига хос ўрин эгаллайдику!

Қўқон атрофларида, Сўх ва Ҳушёр деган жойларда Бобур икки йил қувғинда юрган. Унга Сўх ва Ҳушёрда яхшилик қилган одамлар кейинчалик Бобурни йўқлаб Ҳиндистонга борганлар, ундан катта эъзоз кўрганлар. «Бобурнома»да бу одамларнинг номлари ҳам ёзилган. Эҳтимол, уларнинг авлодлари ҳамон тирикдир?

Бобурнинг Сўх, ва Ҳушёрдан Хуросонга қувғин бўлиши ҳақида «Тилла бешик» деган машҳур ривоят ҳам яратилган. Унинг бешикда қолган ўғли кейинчалик эл эъзозлайдиган одам бўлиб етишган, вафот этгач, Қўқон яқинида махсус мақбарага дафн этилган, деган ҳикоятлар бор. Бу ривоят ва ҳикоятлар ҳаёт ҳақиқатига қанчалик тўғри келишини тарихчиларимиз аниқласалар яхши бўларди.

Қашқадарёда ҳам «Бобуртепа», «Бобуркўл» деган жойлар бор. Бобурга бағишланган халқ достонлари мавжуд. Бунинг ҳаммаси Бобурнинг халқ хотирасида ўчмас из қолдирган улуғ сиймолардан эканини исбот этади.

Афсуски, Бобурнинг 500 йиллиги турғунлик даврига тўғри келди. ЮНЕСКО «Бобурнома»ни француз тилида икки қайта чоп этди. Бобурнинг 500 йиллигини жаҳон миқёсида кенг нишонлашга ЮНЕСКО бош қўшиши мумкин эди, лекин ўзимиздаги турғунлик муҳиблари Бобурга ўгайлик ва бахиллик мақомида иш тутдилар. Беш юз йилликка ҳатто «Бобурнома»нинг ўзбекча нашри қайта чиқарилмади ҳам, унинг ижодий мероси ҳамон тўлиқ йиғилмаган ҳолда қолиб келяпти. «Бобурга синфий нуқтаи назардан ёндашиш керак» деган тўғри фикрни И. Усмонхўжаев ва Р. Абдуллаева каби нопок шахслар нотўғри талқин қилиб, вулгар-социологизмга йўл очиб бердилар. Бу ҳодиса бутун мамлакатда ижтимоий адолат тикланаётган қайта қуриш йилларида юз бергани жамоатчиликни беҳад норози қилди.

Ҳолбуки, Бобур ижоди умуминсоний аҳамиятга эга эканини Москва ҳам, Деҳли ҳам, Париж ҳам аллақачон эътироф этган. Ўртоқ М. С. Горбачев умуминсоний қадриятларнинг тор синфий манфаатлардан юқори туришини бир неча марта таъкидлаб айтди. Янгича тафаккурнинг ўзи ҳам алоҳида синфлар ва халқлар манфаатларини умумбашарий қадриятларга қарши қўймасликка, балки уларни бир-бирига диалектик равишда бирлаштиришга қаратилгандир. Чунки атом асрида инсониятнинг омон қолиши умуминсоний қадриятларни ҳамма нарсадан афзал кўришга боғлиқ бўлиб қолди.

Қайта қуриш шарофати билан Бобур каби умуминсоний қадрият ярата олган ижодкор сиймоларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Биз бундан кейинги ишларимизда давримизнинг мана шу талабини доим ҳисобга олишимиз керак.

— Пиримқул ака, ёшлик ва ўша фаслга хос муқаддас туйғулар Сизда қандай хотира қолдирган? Ёки ўша туйғулар ҳалиям юрагингизда жўш уриб турибдими? Қайта бошдан яшасангиз бу фаслни қандай кечирган бўлур эдингиз?

— Ёшлик инсон умрининг авжи баҳори, баҳорда табиат уйғонади. Менинг ёшлигим ҳам ўз умримнинг гуркираган баҳори каби кечган, бу ўша — суронли йилларга тўғри келади. Энди айтишим мумкин, ёшимиз олтмишдан ўтган, невара кўрганмиз, билсангиз «Уч илдиз»даги Маҳкам билан Очил, шуларнинг хамиртуруши асли ўзимдан олинган, Очилнинг шеърларини мен ўзим студентлик йиллари ёзганман. Худди шу каби Замира билан Гавҳарнинг кўп жиҳатлари ҳам умр йўлдошим бўлмиш Софияхонимдан олинган. Гавҳарга ўхшаб бизнинг хоним ҳам Москвага ўқишга кетган, мен ортидан борганман, мана шунақа бир самимият билан оила қурганмиз, тўртта фарзандимиз, тўртта неварамиз бор, шулар ҳаммаси умримизнинг авжи баҳори экилган ниҳоллар.

Ёшлик, менинг назаримда, баҳорда экилган, вақти билан вояга етган, ҳар баҳор янгидан япроқ чиқарадиган, янгидан мева тугадиган дарахтлар каби бўлади. Ўтган ёшлигим ҳар йили янги либос кийган дарахт каби қайта ва қайта яшариб келмоқда. Шунинг таъсири бўлса керак, тарихий асарлар ёзаётганда ҳам, дейлик, Ҳамида бегимнинг Ҳумоюн билан, Акбарнинг Салима бегим билан бўлган муносабатларида баъзи тафсилотларни ўз ҳаётий тажрибам ёрдамида топаман.

Тарих унутилиб кетадиган нарса эмас. Аждодлар бошидан кечирган ҳодисалар, кечинмалар юз, беш юз йил ўтгач ҳам авлодлар ҳаётида турлича йўсинда такрорланиши мумкин эканки, бу ўша ирсий йўналиш, генлар орқали юзага келади, деб ўйлайман. Бизнинг таржимаи ҳолимиз ўзимиз мансуб бўлган давр билан кифояланмайди. Агар ҳаёт дарахт бўлса, кўзга кўринмайдиган илдизлари аждодларимиздан мерос маънавиятдан, бошқа омиллардан озиқ олади. Шу маънода ҳар биримизнинг таржимаи ҳолимиз минг йилларга тенг тарихдан иборатдир. Зеро, ота-боболаримиз «ҳар ким ўзининг етти пуштини билиши шарт», деб бежиз айтишмаган. Бу одат қозоқларда ҳамон мавжуд. Албатта биз ўтмишимизни, тарихий илдизларимизни теран билишимиз керак. Ўзбек 92 уруғдан иборат, дейишади. Ҳа, оби-ҳаёт бормай қолган илдизларимизни парваришлаш, тирилтириш лозим. Шундай қилсак ёшларга тўғри таълим берган бўламиз, улар маънавий заминда гуркираб ўсишади.

— Пиримқул ака, Сиз ЭРК тушунчасига ўзига хос ҳайкал қўйгансиз. Эрксизлик инсоний имкониятларни чеклаб ташлайди, у маълум бир қолипга тушиб қолади. Бу ҳол турғунлик даврида яққол кўринди. Сиз мана шу кўргуликни «Эрк» қиссангизда ифода этгансиз, Сатторнинг қисматида кўрсатгансиз. Самарқандлик Дилором Исломова «Мен «Эрк»ни ёстиғим остига қўйиб ўқийман! Чунки айнан шундай воқеа ҳаётимизда юз берди: турмуш ўртоғим Тошкентда ўқиб юриб, бошқа бир қизни севиб қолди», деб ёзади…

— Тўн илиғини эгаси билади, деганидек, ҳар кимнинг оилавий ҳаёти, қийинчиликлари ўзига аён. Шу, масалан, ички бир сир сифатида сақланишига тарафдорман. Халқимизда шундай мақол бор: одамларнинг бир-бирига меҳри қушнинг палопонига ўхшайди. Палопон, маълумки, жуда нозик, ҳадеб уни қўлга олаверсангиз, қўлнинг заҳри уриб касалланиши муқаррар. Шу маънода кўнгил сирлари, шахсий туйғулар холис яшагани, четдан аралашувлар бўлмагани маъқул. Гёте дейдики, менинг қалбим очиқ шаҳар, лекин унда шундай бир қаср борки, унга фақатгина маҳрами асроримни киритаман.

Оилада ҳам ҳурмат, инсонийлик биринчи ўринда турмоги керак. Саттор орқали шуни кўрсатишга ҳаракат қилганман.

«Олмос камар»да ҳам бундай ҳол Аброр билан Вазиранинг бошига тушади. Оилада қийинчиликлар бўлади, албатта, фақат уни сабр-бардош билан енгиб ўтиш керак. Тажрибалар шуни кўрсатяптики, иккинчи марта қурилган оила кўп ҳолларда биринчисидан кўра мўртроқ бўлиб чиқади. Ҳаёт бир издан чиққач, уни тузатиш қийин.

— Муҳаббат!.. Унга муносабатингиз? Қисқача таърифингиз?

— Энди бунга қисқача таъриф бериб бўлмайди-да. Л. Толстойдан «Анна Каренина» романининг қисқача мазмунини айтиб берсангиз дейишганда, у бир оғиз қилиб айтиш мумкин бўлганда мен уни роман қилиб ўтирмаган бўлардим, деган экан. Мен севгини оловга ўхшатаман. Бу оловнинг асоси — меҳр. Қуёшнинг нурлари лупада битта нуқтага йиғилса, ўша жойни у куйдириб юборади… Муҳаббат ҳам шунга ўхшайди, инсоний туйғуларни бир нуқтага жамлайди, юракда яшириниб ётган барча маънавий кучларни ҳаракатга келтиради. Муҳаббат келганда заиф одам ҳам ўзини жуда қудратли сезади. Бошқа вақт қўлидан келмайдиган ишларни муҳаббатнинг кучи билан уддалай олади. Муҳаббат инсоннинг барча фазилатларини уйғотадиган баҳор палласига ўхшайди.

— «Эҳтиёт» сўзига муносабатингиз? Хурофотга қарши очиқ курашганмисиз ва ёки эҳтиёткорлик билан?

— Хурофот тарихда мавжуд. Бизда эса унинг аталиши бўлакча: догматизм, вулгар-социологизм. Аслида булар бидъатнинг турлари. Стереотиплар ҳам…

Эҳтиёткорлик ҳақида шуни айтиш мумкинки, бу давр руҳи ва шахс табиати билан боғлиқ хусусият. Шахсга сигнниш даврида ҳамма эҳтиёткорлик билан иш кўрган. Эҳтиёткорлик қўрқоқлик билан чегараланади. Лекин мулоҳазакорлик билан қўрқоқликни ажрата билиш керак. Нозик масалаларга мулоҳазакорлик билан ёндашиш қўрқоқлик эмас.

Қайта қуриш ишига дадил ҳаракат қиладиган одамлар керак. Шу маънода мен ижодий жасорат тарафдориман.

— Она тилимиз, унга давлат тили мавқеи берилиши лозимлиги ҳақидаги даъватларга қандай қарайсиз?

— Адабиётнинг асосий қуроли — тил. Шунинг учун ҳам тил ҳамиша бизнинг диққат марказимизда. Айниқса, турғунлик даврида — 60—70-йилларда тилимизга эътибор сусайди, шунда мен бир неча илмий ишлар қилган эдим: «Тил ва дил», «Халқ тили ва реализм» деган китобларим ўша пайтда чиққан. Халқ бошидан кечирган тарихий ҳодисалар тилда жамланиб боради. Шунинг учун ҳар бир халқнинг она тили ватанининг маънавий тимсоли ҳисобланади. Демак, тилидан айрилган халқ маънавий Ватанидан жудо бўлади.

Ёшларнинг тилга эътибори, тилимиз истиқболи учун қайғуриши эзгу иш. Ёшларимиз тилига, халқига меҳр билан қарашар экан, ён-атрофимиздаги бошқа халқлар, уларнинг тилига ҳам ҳурмат, меҳр билан қараш кераклигини баъзан унутиб қўядилар. Рус тили — қардошлигимиз тили. Она тилимиз биз учун биринчи тил бўлса, рус тили иккинчи тил бўлиши керак.

Мен тилда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам тенг ҳуқуқлилик тарафдориман. Дейлик, пахтакорларимиз мамлакат олдидаги бурчларини ҳалол адо этиб, СССРнинг пахта мустақиллигини муттасил таъмин этиб келмоқдалар. Лекин пахтакорлар учун бошқа регионлардан етказиб берилиши керак бўлган гўшт маҳсулотлари сўнгги йилларда жуда камайиб кетди. Агар тенгҳуқуқлилик принципига астойдил риоя қиладиган бўлсак, бизнинг пахтакорларимиз гўшт ва бошқа маҳсулотлар бўйича шартномани бажармаётган марказий агросаноат идораларига, СССР енгил саноат министрлигига пахтани камроқ бериши, масалан, уни миллион тоннага камайтириб, ўрнига бир неча миллион тонна сердаромад озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришлари ва шу тарзда озиқ-овқат таъминотини иттифоқдаги ўртача даражага етказиб олишлари мумкин эди. Бизда озиқ-овқат таъминоти иттифоқ даражасидан икки баробар паст эканини олимлар рақамлар билан исбот этмоқдалар. Пахтанинг меҳнати эса оғир. Парвариш яхши бўлмагандан сўнг оғир меҳнат соғлиқни емиради. Кичикликдан дуруст парвариш кўрмаган қизлар вояга етганда кўпинча соғлом фарзанд кўрмайди, айрим йигитларимиз армия хизматига ярамайдиган бўлиб ўсади. Оналар камқонлилиги, болалар ўлими…

Иқтисодий нотекислик одамлар тақдирига мана шундай салбий таъсир кўрсатаётган пайтда айрим марказий министрликлар ўз маҳкамаларининг манфаатларини «умумхалқ манфаатлари» деб лоф урадилар.

СССР Ёзувчилар союзининг бултур Москвада бўлиб ўтган ва миллий муносабатларни такомиллаштиришга бағишланган пленуми иттифоқдош республикалар она тилларига давлат мақоми берилишини қўллаб-қувватлаб чиққан эди. Худди шундай таклиф ва тавсия тилшунос олимларнинг Тошкентда бўлиб ўтган бутуниттифоқ кенгашида ҳам қабул қилинди.

Келажакда республикаларнинг хўжалик ҳисобига ўтиши, ўзини ўзи бошқариши ва даромадига қараб ҳақ олиши — суверен ҳуқуқларни экономика ва социал соҳаларда амалга ошириш учун зарур. Она тилимизга давлат мақоми берилиши эса халқимиз суверен ҲУҚУҚларининг маънавият ва маданият бобида амалга ошиши учун керак.

— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат, Пиримқул ака!

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 5-сон

05

(Tashriflar: umumiy 405, bugungi 1)

Izoh qoldiring