Alisher Navoiyning mashhur uch maktubi.

Ashampoo_Snap_2018.03.05_15h40m22s_004_b.png    Навоийнинг мактублари у, чиндан ҳам, том маънода ҳоқонликнинг кифти бўлганлигини кўрсатади. Навоий шаҳзодалар ва кўпроқ Бадиуззамон Мирзога ёзилган мактубларида уларни мамлакатни қандай бошқариш санъатига ўргатиб боради. Темурийлар учун алоҳида аҳамият ва моҳият касб этган ота ва ўғил муносабатларига муттасил диққатни жалб этади.

Иброҳим Fафуров
«МУНШАОТ» — МАКТУБЛАР ДЕМАК
09

766427.jpgНизомиддин Мир Алишер барчага баробар адолатнинг тимсоли эди. Низомиддин Алишернинг адолати унинг катта-кичик барча ишлари, барча асарлари, жамият ва раиятга бўлган барча муносабатларида тўла акс этган. Биз бу ерда Навоий шахсининг айрим бебаҳо қирралари ғоят нозик намоён бўлган — “Муншаот” асарига қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Навоий даври ва Навоий номи билан боғлиқ ҳамда Навоийнинг ўз қаламига мансуб мактубларини ўрганган А. Ўринбоев, Ю. Турсунов, М. Ҳасанов сингари олимларнинг қимматли тадқиқотларига қараганда, Навоий умрининг иккинчи ярмида ўз замондошлари билан кўп ёзишмалар олиб борган. 1485 — 1499 йиллар орасида темурий шаҳзодалар ва подшоҳлар, ўз яқинларига ёзган мактубларини тўплаб, “Муншаот” номида асар яратган. Асар деганимизнинг боиси шуки, Навоий барча мактубларда муҳотаблар (мактуб ёзилган шахслар)нинг номлари ва мактубларнинг қаерда, қачон, нима муносабат билан ёзилганлигини олиб ташлаган. Натижада муайян кишиларга жўнатилган мактублар шахсий воқелик доирасидан чиқиб, умуман, бадиий ва чуқур инсоний қимматга эга бадиий асар турларига айланган.

“Муншаот” — иншолар, яъни мактублар деганидир. Темур ва унинг издошлари даврида маданият юксак даражада гуллаб-яшнаганлиги боисидан жамият, давлат ва фуқаролар ўртасида ёзишмалар ажиб бир тарзда ривож топди. Темурий подшоҳлар замонларида ва, айниқса, ўн бешинчи асрда мактубларни йиғиб тўплам қилиш олижаноб одат тусига кирди. Навоий даврида ҳам кўпгина эътиборли муншаотлар яратилди.

Ўзбек тилида яратилган илк муншаот китоби эса Навоий қаламига мансубдир. Султон Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг биродари, Балх ҳокими Дарвиш Алининг тўқсонинчи йиллар атрофида бош кўтариши муносабати билан чиқарган нишонида Низомиддин Амир Алишерни “салтанатнинг устуни, давлатимиз таянчи, ҳоқонликнинг кифти”, деб баҳолайди.

Навоийнинг мактублари у, чиндан ҳам, том маънода ҳоқонликнинг кифти бўлганлигини кўрсатади. Навоий шаҳзодалар ва кўпроқ Бадиуззамон Мирзога ёзилган мактубларида уларни мамлакатни қандай бошқариш санъатига ўргатиб боради. Темурийлар учун алоҳида аҳамият ва моҳият касб этган ота ва ўғил муносабатларига муттасил диққатни жалб этади. Шаҳзодаларда қадим туркий ва исломий маданият асосида юксак ахлоқий сифатларни тарбиялашга жидду-жаҳд қилади. Шу билан бирга, ўзи ва бошқа айрим замондошлари тўғрисида нозик маълумотларни қайд этиб боради…

Пиримқул Қодиров
ТИЛИНИ МУМТОЗЛИК ДАРАЖАСИГА
КЎТАРГАН СИЙМО

09

primary-large.jpgАлбатта, ҳар бир халқнинг тили ва шу тилда яратилган китоблари ўзига хос афзалиятларга эга бўлади. Масалан, форс тилида мактублар тўпламидан иборат бўлган ва «Муншаот» номи билан тартиб бериладиган китоблар Алишер Навоийда ҳавас уйғотади. «Форсий алфознинг иншолари дилписанд, макотибу (мактублари), имлолари аржуманд (ардоқли) эрди, — деб ёзади Навоий «Муншаот» асарининг муқаддимасида. — Хаёлга андоқ келдиким, турк алфозининг руқьалари (ёзишмалари) ҳамул (шу) мисол била битилгай ва бу тилнинг номаларини ҳам ўшул минвол (қоида) билан сабт этилғай (яъни, тўплам қилингай)».

Шу тарзда Навоий ўзбек мумтоз адабиётида «Муншаот» деб аталадиган янги бир жанрни ҳам бошлаб беради. Бу жанрда ўша даврга хос адабий тилнинг бир қанча янги хусусиятлари намоён бўлади. Аввало, мактублар бир одамнинг иккинчи киши билан бевосита суҳбати ва мулоқоти бўлганлиги учун расмий тил жимжималаридан холи бўлади.

Алишер Навоийнинг бетоб эканини эшитган Ҳусайн Бойқаро унга махсус мактуб юбориб, аҳвол сўраган бўлса керак. Навоий унга қуйидагича жавоб ёзади: «Иноят қилиб сўрдира йиборилган иншонгким, етти, айтса бўлғайким, баданда ҳарорат шуъласидин шараре ва кўнгулда изтироб шиддатидин асаре қолмади. Битикингдинки, саводини кўриб жон топдим».

Келтирилган иқтибос Навоийга хос поэтик тил ва ширингуфторлик билан ёзилган. Фақат иқтибос охиридаги бир мисра шеърда Навоий Ҳусайн Бойқарога «битигинг» деб, «сен» олмошида мурожаат қилгани эътиборни тортади. Яна бир мактубда:

Кўзум учарки, ҳумоюн юзингни кўргай бот,
Биайниҳ анга киприклар ўлмиш икки қанот, —

деган байт ҳам Ҳусайн Бойқарога қаратиб айтилган. «Ҳумоюн юз» подшоларга бериладиган сифатлардан бири. Лекин ҳаётда Навоий подшоҳга «сенсираб» гапирган бўлмаса керак. Масалан, «Хамсатул-мутаҳаййирин»да Навоийнинг Абдураҳмон Жомийга «сизлаб» мурожаат қилганини кўрсатувчи мисоллар мавжуд.
Аммо «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида бевосита мулоқот пайтидаги диалогда икки дўст бир-бирларига «сен» деб мурожаат қиладилар:

«Фақир айтдимким:
— Мавлоно Лутфий ҳоло туркий қавмнинг устоди, малик ул-каломидур.

— Нечук, Сайид Насимий демадинг? — «сен» олмошида сўрайди Паҳлавон Муҳаммад. Навоий ҳам «сен» олмошида жавоб беради:

— Хотирға келмади… Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди».

Бу реалистик диалог бир-бирига чинакам қадрдон дўстнинг қиёфасини гавдалантириб беради. Улар қирқ йиллик қадрдон дўст бўлганликлари учун ёшликдан «сен» деб мурожаат қилишга ўрганган бўлишлари керак.

Худди шу фикрни сал бошқачароқ талқинда Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоийнинг мактаб ёшидан бошланган дўстлиги тўғрисида ҳам айтиш мумкин. «Ҳилолия» қасидасида ҳам Навоий Ҳусайн Бойқарога «сен» олмошида мурожаат қилади. Умуман, Худога ҳам «сен» олмошида муножот қилиш одат тусига кирган. Шеъриятда ҳам барча улуғларга «сен» олмошида арз қилиш жоиз ҳисобланади.

Фақат Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога шеърда «сен» деб сўз айтганда икки орадаги сирдошлик ва дўстлик меҳри сезилиб туради. Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам Навоийга бағишланган ва юқорида қаламга олинган рисоласида Алишер унга «пардасарой хилватида, шабистон суҳбатида ҳамдам» бўлганини ёзадики, бу уларнинг чинакам сирдош дўст бўлганини тасдиқлайди.

Навоийнинг кичик замондоши Зайниддин Восифий «Бадоеъ ул-вақое» асарида шундай бир ҳаётий лавҳани келтиради. Алишер Навоий бир кун намоз вақгида Ҳусайн Бойқаронинг ҳузурига келади. Намоз вақтида подшоҳ ҳузурига кириб арз қилиш ҳуқуқи фақат Алишер Навоийга берилган экан.

Ҳусайн Бойқаро нима ҳодиса бўлганини сўраганда, Мирҳожи Пир деган золим амир бойлик ва мартабадан қутуриб, ўзини подшодан ҳам баланд олаётганини, кўчалардан тахтиравонда улуғ султонлар муяссар бўлмаган нашъу намо ва тантана билан ўтганини Навоий шундай бўрттириб тасвирлайдики, Ҳусайн Бойқаро ҳовлиқиб кетган бу амирнинг ҳаром йўл билан орттирган молу мулкини мусодара қилишни буюради.

«Муншаот»га киритилган кўпчилик мактублар Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги муносабатларнинг мана шундай дўстона ишонч билан суғорилганини кўрсатади.

Бахил кучлар Ҳусайн Бойқаро билан унинг катта ўғли Бадииуззамон Мирзо орасига низо уруғини сочади. Алишер Навоийнинг бир неча мактублари ота билан ўғилнинг орасида пайдо бўлган низони бартараф қилишга йўналтирилади. Навоийнинг гувоҳлик беришича, бу низо кўпроқ ўғилнинг кибру ҳавога берилганлигидан келиб чиққан эди.

Астрободга ҳоким қилиб тайинланган Бадиуззамон Мирзо отасининг хазинасига вилоятдан юборилиши керак бўлган мол-маблағни юбормайди. Навоий ёзади: «Яна битибсизким, «Астрободга киши юбормангким, бермагумдур»… Бу мазмунни ҳам мулойимроқ битаолур эрдингиз. Ва «Ироқ вилоятларин улашибмен» деб битибсиз. Ироқ… иликка кирмасдан бурун… Мирзо била бир-икки қатла сўзлашмай, арз қилмай бу иш қилилмиш бўлса… сиздан ажаб воқеъ бўлибдур».

Навоий ҳовлиқиб кетган шаҳзоданинг хатоларини аниқ далиллар билан исботлаб беради. Подшоҳ отасига «одам юборманг, мол бермагумдур» деб дағал сўз айтгани, ҳали қўлга киритилмаган Ироқ (Эрон у пайтда Ироқ дейилган) вилоятларини подшодан берухсат ўз амирларига улашиб юборгани — шаҳзоданинг кибру ҳавоси ажабланарли даражага етганини Алишер Навоий мулойим бир киноя билан «сиздан ажаб воқеъ бўлубдур» деб танбеҳ беради.

Мактуб самимият ва жонкуярлик билан ёзилгани унинг ҳар бир сатридан сезилиб туради.

37 рақам қўйилган иккинчи мактубда Навоий Бадиуззамон Мирзога «мажлис қуриб чоғир ичарга кўп ҳирс кўрсатилмаса, кутубхона аҳли билан машғуллик қилилса, таворих ўқумоқ буюрилса… батахсис (хусусан) «Зафарнома». Шу насиҳатлар орасида Навоий Амир Темурнинг Ҳусайн Бойқарога тўртинчи насаб эканини, шу сабабли ҳар ҳафта жума намозида Темурбекнинг номини хутбага қўшиб ўқитишини ибрат қилиб кўрсатади. «Сиз эса иншонгиз туғросидан Мирзонинг муборак отин чиқарибсиз», — деб Навоий шаҳзоданинг яна бир хатоси отасига ҳурматсизлик қилгани эканини айтади. Ҳадиси шарифдан пайғамбаримиз айттан қуйидаги сўзларни келтиради: «Тенгри таоло ризоси ота ризосига вобастадир. Тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадир. Машойихлар «валедука раббука», яъни «отанг парвардигорингдур» деганлар».

Навоий бу сўзларни ота-болага жони куйганидан ёзгани унинг ўта таъсирчан сўз ва ибораларидан сезилиб туради. Мактубда ажойиб бир мақол ҳам келтирилади:

«Бу қулнинг жони куйганда ўзгаларнинг этаги куймас. Бу бир неча сўз густоҳлик қилилди, умид улким, қабул тушгай. Тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнимдин адо қилмиш бўлғаймен».

Навоий камтарлик билан ўзини «қул» деб атайди. Мактубнинг тили орқали биз улуғ шоирнинг куюнчак қалбини тасаввур қиламиз. Бу ерда инсоннинг ички дунёсини очиб берувчи реалистик тил — жонли сўзлашув тилига асосланишини яна бир бор ҳис қиламиз.

Айниқса, Навоийнинг ёмон йўлларга кириб кетган асранди ўғли Шоҳқулидан кўнгли қолиб ёзган мактуби шоир қалбининг оловли эҳтиросларини баралла намоён қилади. Навоийшунос олима Суйима Ғаниева бу мактубни монологик нутқнинг ёрқин бир намунаси деб тўғри кўрсатади. Шу билан бирга С. Ғаниева Навоий насрий асарларида шеърий нафосат устун туришини, унинг насрда ёзилган илмий асарларидан ҳам улуғ шеъриятнинг нафаси келиб туришини таъкидлайдики, биз бу таъкидга тўлиқ қўшиламиз.

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ
МАШҲУР УЧ МАКТУБИ
09

 ШАҲЗОДА БАДИУЗЗАМОН МИРЗОГА ЁЗГАН
БИРИНЧИ МАКТУБИ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Пайғамбар саллаллоҳи алайҳи вассалам буюрубтурким, «ризо урробби фир—ризаил валиди ва сахатун арроби фи сахатул—валиди»(1) яъни тенгри таоло ризоси ота ризосиға вобастадур ва тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабиға вобастадур. Бас киши ота ризосин ҳосил қилса, тенгри таоло ризосини ҳам ҳосил қилмиш бўлғай ва ота ғазабиға учраса, тенгри таоло ғазабиға учрамиш бўлғай. Мундоқ бўлғондин сўнгра киши нечук ота ризосидин айру дам урғай ё қадам қўйғай. Ва машойих раҳимуллоҳ сўзи буким, «валадука раббука», яъни отанг парвардигорингдур, бу жиҳатдинким, тенгри таоло сени йўқдин бор қилмоққа васила улдур ва туфулиятдин шабоб синниғача парвариш бергувчи ул. Ва Ҳаким Сулаймон алайҳурраҳмата(2) валғуфрон рўзидурким, ота қодири қайюм, она розиқи марсум ва Адиб Аҳмад(3) раҳматуллоҳ дебдурким,

Р у б о и я:

Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато токи қилса хато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай худо.

Иброҳим Халил(4) салавот ур—раҳмон алайҳининг атоси бовужуди улким, Озари буттарош(5) эрди, ул ҳазрат атосиға насиҳат қилурда нидо келдиким, таъзим ва мулоямат била насиҳат қил.

Ва Юсуф алайҳиссалом ҳазрати Яъқуб алайҳиссаломға саҳв юзидин бир тарки адаб қилғон учун, бовужуди нубувват ваъда будурким, сойири анбиёдин етмиш йилдин сўнгра биҳиштга киргай ва Ҳомким Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлидир, ул ҳазратқа адаб тарки қилиб, ул ҳазрат дуоси била ганги қаро бўлуб, пайғамбарлиқ анинг наслидин мунқатеъ бўлди.

Ғараз бу муқаддимотдин улким, бу банда дойим сизга давлатхоҳлиғ сўзин айтибмен ва сизни умру давлатдин бархурдор тилаб, дуо қилибмен ва ҳар номуносиб ишким, сиздин кўрубмен сизга айтибмен, балки китобларимда насиҳатномалар назм қилиб, арзингизға еткурубмен.

Бу учурда бир неча иш сизнинг тарафингиздин эшитилдиким, вожиб кўрунди сизга арз қилмоқким, борча Мирзонинг жонибининг риоятидин ғофил бўлғон чоғлиғ кўрунди.

Бири улким, вилоят молин машваратсиз олиб турурсиз ва бу маъҳуд эмас эрди. Ҳеч уч—тўрт кун эмаским, бир кишингиз келмас, агар имойи қилсангиз эрди» йўқ дейилмагуси эрди.

Яна улким, битибсизким: «Астрободға киши юбормангким, бермагумдур». Бу мазмунни ҳам мулойимроқ битиолур эрдингиз ва «Ироқ вилоятларин улашибмен» деб битибсиз. Иншооллоҳ, Ироқ иликка киргай. Кирмасдин бурун, Мирзо била бир—икки қатла сўзлашмай, арз қилмай, бу иш қилилмиш бўлса, ўзга элдин ажаб бўлмаса, сиздан ажаб воқеъ бўлубдур.

Керак эрдиким, шаръ риояти учун, ўзингиз ҳам оз ё кўп соқол қирқмасангиз эрди, то анга не етгайким, элингизнинг ҳам соқолларин қирқтурмағайсиз. Мунда кўп сўз бор, деса бўлмас.

Яна улким, бир нишонингизни келтурдилар, туғросида Мирзо отини битмайдурсиз. Сиздек оқил, хуштабъ мусулмонваш йигитдин мундоқ нималар раво бўлғайму? Агар бу нишонни билиб битибсиз, не ҳисоб била бўлубтур, агар мунши ё ғайр саҳв қилибдур, нечук ҳар нишонни ўзунгиз кўрмай бир ерга юборилгай?

Ота била ўғулдин ўғул била ота орасида фарқлар бор Бойсунғур мирзо(6) ўғлонларидин Бобир мирзодек(7) эрмас эрдингизким, кўп шафқат кўрмамиш бўлғайсиз. Улуғбек мирзо(8) фарзандларидин Абдуллатиф(9) мирзодек ё Жаҳоншоҳ(10) мирзо ўғулларидин Ҳасаналидек(11) тенгрилик ўртададур. Сизнинг кўпрак ишингиз орасида бу фақир эрдим, борчадин соҳиб вуқуфмен. Сиз дойим барча махдумзодаларнинг махдуми ва Мирзонинг севиклуги ва қурратул айни эркансиз. Ўзунгиз билурсизким, Мирзонинг мофиз замирин нисбат сизга бу фақирдин яхшироқ кимса билмас. Биллоҳилазимким ушбу битгандек маълум қилибмен.

Ҳолоким, Астрободни бериб, яхши навкарлар қўшуб сизни йибордилар ва бу хабарлар Ироқдин келурин ва яна кўмаклар хаёл қилиб эрдилар. Ҳам маҳдумзодалардин ва ҳам беклар, ичкилардин ва ҳам сойир халқ сиздин андоқ кўз тутар эрдиларким, агар Ироқ вилояти фатҳ бўлса дағи хизматгорлиғ, бандалиғингизни улуғроқ қилғайсиз. Ҳануз ҳеч ерда ҳеч нима йўқ бу навъ суратларким, зоҳир бўладур — сиздин ҳайфдур.

Boyqaro.jpegМирзога Темурбек(12) тўртунчи насабдур. Мирзо хутбада бекнинг отиға шариф руҳиға масжиди жомеъда ҳар одина куни дуо қилдурурлар. Бу ишда Мирзоға ҳам дуодин ўзга не келгай. Сиз нишонингиз тўғросидин Мирзонинг муборак отин чиқорурсиз. Керак Ироқдин Макка, балки Мағриб заминғача олсангиз бу воқеа бўлмаса эрди. Агар Мирзони заиф хаёл қилибсиз — тенгри таоло қавийдур. Фарзанд керак заифлиғида отасиға хизмат маҳаллин топтим деб, жонсипорлиқ қилса.

Биллоҳ, Мирзонинг азиз боши ва сизнинг бошингизким, бу арзадошт битилган тарихдин йигирми кундин бурунроқдин ҳар сабоҳдин туш вақтиғача, пешиндин оқшомғача ўлтуруб, онча иш қилурларким, неча девон, неча нависанда, неча бахши, неча парвоначи жонлариға етиб, неча хийла била қутулурлар. Бу маънидин фарзанд Мавлоно Дарвеш Муҳаммад(13) соҳиб вуқуфдур. Бу навъким, ўзлуги била борча ишининг нақир ва қитмириға етишиладур. Агар ўтган авқот мунунгдек бўлса эрди, не ишларким бўлмағай эрди.

Соҳиб давлат салотин мушфиқ ва давдатхоҳ қулларининг беғараз сўзларига кирибдурлар. Ўзингиз билурсизким, Мирзо тобуғида бу қул не навъ сўзларга густохлиқ қилибмен. Сизнинг дағи қошингизда ҳамул дастур била воқеъ бўлубдур. Ёшингиз узун бўлсун. Андоқ кам воқеъ бўлубдурким, бу қулнинг сўзин рад қилмиш бўлғайсиз. Эмди дағи бу қулнинг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймас. Бу бир неча сўз густоҳлиқ қилилди умид улким, қабул тушгай. Тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнумдин адо қилмиш бўлғаймен.

Тенгри таоло тонуқдурким, бу арзадошт Мирзо буйруғи била эрмас, балким вуқуфлари ҳам йўқдур. Хаёлингизға келмағай — буйруқ била битилибдур. Чун сизнинг тобуғингизда айтурча давлатхоҳлиғ сўзини айтурға маъмурмен. Ул жиҳатдин гўстохлиқ била арзадошт битилди.

Изоҳлар

1. Тангри ризоси ота ризосига вобастадур, тангри ғазаби ҳам ота ғазабига вобаста.
2. Ҳаким Сулаймон — Туркий машойихлардан. Аҳмад Яссавий муриди. Сулаймон Боқирғоний номи билан шоир сифатида ҳам машҳур. Навоий уни «Насойим ул—муҳаббат»да зикр этган.
3. Адиб Аҳмад — Навоий уни ҳам «Насойим»га киритган. «Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг муаллифи. Туғма кўр бўлган. Адиб Аҳмаднинг туғма кўрлиги ҳақида достондаги маълумотни А.Навоий янада аниқлаштириб, шоирнинг «кўзлари бутов (ёпиқ, битган) эрмишки, асло зоҳир эрмас эмиш. Басир (кўрмайдиган) бўлуб, ўзга басирлардек андоқ эмас эрмишки, кўз бўлғай. Аммо бағоят зийрак ва закий ва зоҳид ва муттақий (тақводор, парҳежор) киши эрмиш… Ҳақ субҳонаҳу таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқондур, аммо кўнгли кўзин бағоят ёруқ қилғондур», дейди.

4. Иброҳим Халил — Иброҳим пайғамбар. Халил унинг лақаби. Каъбани бунёд этган. Икки ўғли бўлган: Сорадан Исҳоқ ва Хожардан Исмоил.
5. Озари буттарош — Иброҳим пайғамбарнинг отаси.
6. Бойсунғур мирзо (1399—1433/34) Шоҳрухнинг ўғли. Адабиёт ва санъатга, наққошлик ва хаттотликка иштиёқи баланд бўлган. Фирдавсий «Шоҳнома»сининг тўлиқ матнини туздирган ва ўзи сўзбоши ёзган.
7. Бобур Мирзо — Султон Абулқосим Бобур. Бойсунғурнинг ўғли. 1452—57 йилларда Хуросон ҳукмдори бўлган. Навоийнинг отасини Сабзавор ҳокими қилиб тайинлаган. Навоийнинг отаси вафот этгандан сўнг, Бобур ёш Алишерга ҳомийлик кўрсатган, уни сарой хизматига қабул қилган. Навоий бу подшоҳни ўз асарларида илиқ бир самимият билан эслайди. Абулқосим Бобур шеър ҳам ёзган, «Мажолис»да зикр этилган.
8. Улуғбек мирзо — Шоҳрухнинг ўғли, амир Темурнинг набираси, асл исми Муҳаммад Тарағай (1394—1449), буюк олим, астроном, давлат арбоби. Самарқандда расадхона (обсерватория) қурдиргаи ва илмий кузатишлар олиб борган. «Зижи Кўрагоний» номли юлдузлар жадвалини тузган. Тарихга доир «Тўрт улус тарихи» номли асари ҳам бор.
9. Абдуллатиф — Улуғбекнинг ўғли. Отасини қатл эттирган. Олти ой подшоҳлик қилгандан сўнг ўзи ҳам ўлдирилган. Абдуллатиф шеърлар ҳам ёзган.
10. Жаҳоншоҳ — Жаҳоншоҳ мирзо туркман, Ироқ ва Озарбайжон ҳукмдори (1438 — 1467).
11. Ҳасанали — Жаҳоншоҳ мирзонинг ўғли.
12. Темурбек — амир Темур Кўрагоний (1336 — 1405), буюк давлат арбоби, жаҳонгир подшоҳ.
13. Дарвеш Муҳаммад — сарой мулозимларидан.

ШАҲЗОДА БАДИУЗЗАМОН МИРЗОГА ЁЗГАН
ИККИНЧИ  МАКТУБИ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Қуллуқ арзадошт улким, бир неча сўз хотирға келиб эрди, арз қилмоғи вожиб кўрунди. Аввал улким, илтизом қилилсаким, эрта уйғониб намоз қилилса, агар эшикда масжид тайин қилиб, фарзни жамоат била қилилса — худ фабиҳо ва илло беш вақт намоз бори тарк бўлмаса, борча масжидда муяссар бўлмаса, баъзи бори бўлса.

Яна улким, алассабоҳ ҳарамдин чиққач, девонда ўлтуруб додхоҳ сўрулса, дағи додхоҳ сўрарда ўзлук била машғуллуқ қилилса, агар бир мазлумға бировдин зулме ўтган бўлса, золимға андоқ сиёсат қилилсаким, ўзга золимларға мужиби интибоҳ бўлса.

Яна улким, додхоҳ иши тугагондин сўнграким, шелон ҳам бартараф бўлур, ичкихона таъйин қилиб, анда ўлтуруб, аркони давлатни тилаб, мулк ва мол иши айтилса, ўзлук била барчаға етилса.

Яна улким, аркони давлатға ҳар ишким, буюрулур, агар бутмаги бир кун муяссардур, агар икки ё уч кун андоқ муқаррар бўлсаким, бот бутардек иш ҳамул кун арз қилиб, жавоб олсалар. Кечрак бутар ишни тонгла ё индин ё миодидин ўткармасалар, ҳар кун не миқдор бутганин келиб арз қилсалар. Агар баъзи ҳукм йўсуни била миоддин ўткариб, арзға еткурмасалар аларға андоқ хитоб бўлсаким, ўз ишларидин ғофил бўлмасалар.

Яна улким, умид улдурким, ҳақ таоло чоғирдин куллий тавфиқ бергай. Агар бу учарда уйқу иртикоб қилилса, албатта пешиндин бурун бўлмаса. Икки намоз орасида бунъёд қилилсаким, уюр чоғ маъхудий уйқу вақти бўлса, тонг намози фав бўлмаса. Бори борча ҳол била ҳар неча ичмоқ ишида эҳтиётлик, балки таъхир вожиб билилса.

Яна улким, мулк ва мол ишидин, бас додҳоҳ ишидин фароғат ҳосил бўлса, малолат дафъи учун китобхонаға кирилса, кутубхона аҳли била машғуллуқ қилилса. Наввобдин ҳарқайси муносиб кўрунса таворих ўкумоқ буйрулса, батахсис «Зафарнома» (1), агар машойих сўзи ё баъзи даввовин дағи гуфту-шунуфт бўлса номуносиб эрмас.

Яна улким, судурға ҳукм қилилсаким, эшикда ободон имом била муқри таъйин қилсаларким, салоти хамсани қойим тутсалар; дағи муҳтасиб таъйин қилилсаким, элни намозға тарғиб қилса.

Яна улким, ҳафтада икки кунким, эшикда акобир жамъ бўлурлар. Ҳофиз Муҳаммад Саноийға(2) яхши эҳтиром қилинса, балки буюрулсаким, яқинроқ ўлтуруб, шаръия умурни қатъ қилса, то муборак хотир ўл бобда дағи балоғат пайдо қилса.

Яна улким, Ироқ мамлакатиға фаҳмлиқ, ҳушлиқ кишилар юбориб, дойим хабар тутула турулса. Арз қилур йўсунлуқ хабарларни арзадошт қилиб, юқори юборила турулса, ул бобда не ҳукм бўлса, анга кўра қилилса.

Яна улким, шаҳр эҳтисоби амрида яхши эҳтимом қилилса андоқким, шаробхона, байтул-латаф, қиморхона — буларға ўхшар номашруъ умурни куллий манъ қилилса. Муҳтасиблар ҳафтада икки қатла бозор аҳлининг нархларидин вуқуф топсалар.

Яна улким, судурға ҳукм бўлсаким, шаҳр масожидин эҳтиёт қилиб, имом, муаззиндин маҳалла аҳлин суруб, балким хат олиб, намозға тарғиб қилсалар, агар фисқу фасод аҳли бўлуб, алар амри маъруф қила олмасалар арз қилсалар.

Дағи ҳар масжиднинг имомиға таъйин қилсаларким, маҳалла аҳлининг уғул ва ушоғиға мактаб тутуб ўқутсалар.

Яна улким, бу дастур билаким, шаҳрда таъйин қилинур бўлукот улуғларни Хожа Фахриддин янглиғ борча бу дастур била муқаррар қилилсаким, бўлуклар кент-бакент бу навъ амал қилсалар.

Яна улким, судурға ҳукм бўлсаким, вилоят авқофидин хабардор бўлсалар, бузулғонин тузатсалар, мутағаллиба илгида бўлса чиқориб, ҳосилин масрифиға еткурсалар. Бу ишларким, судурға буюрулур Хожа Фалонға дағи ҳукм бўлсаким, алар ишидин хабардор бўлуб, аларға мададгорлиғда тақсир қилмаса.

Яна улким, Ҳофиз Муҳаммад Саноий ғаниматдур, шаръ бобида анинг қавлиға қувват берилсаким, шаръға мужиби тарвиж бўлса. Бас масжиди жомъеға бормоқ тарк бўлмаса. Мунда кўрулган дастур била масжиди жомеъда масоили шаръия мазкур бўлса.

Яна улким, девон бекларига ҳукм қилилсаким, бир кун девонда ўлтуруб, мусулмонлар ишин ясасалар. Бу кунғи ишни тонглаға қўймасалар.

Дағи йибориб девонлар ҳам раоё ишин ўзлари қила олурчани қилиб, қила олмасни арз қилиб, ҳукм олсалар.

Яна улким, тавочи бекларига ҳукм бўлсаким, мол девонида муҳр босар беклар дастури била ясоғлиғ ишга машғуллуқ қилсаларким, анда дағи иш фавт бўлмаса.

Яна улким, шаҳр доруғасидин беклар била Хожа Фалон андоқ соҳиб вуқуф бўлсаларким, жузвин ишдин қуллий имдод тиламасалар. Ҳар мужримдин жаримасиға кўра журмона олсалар.

Яна улким, бир муносиб киши таъйин қилилсаким, Мирзом давлат била девонда ўлтурғонда ҳар ишким, воқеъ бўлур қаламий қилиб, рўзномада сабт қилилса, дағи тарихин битсаким, қачон ул ишни эҳтиёжи билмак бўлса, мазмуни ва тарихи маълум бўлса.

Яна улким, бекларга ва девонларға баса парвоначи ва муҳрдор ва муншиға ҳукм бўлсаким, мусулмонларнинг нишонин ортуқ тамаъ бирла кечга қўймасалар. Шаръий ва қавлий нишонни бир чорсу муҳри била  ҳукм бўлғон кун—ўқ буткариб берсалар. Куллийрак нишонларни дағи қилаолғонча ҳукмдин қўрқуб, ботроқ буткарсалар.

Яна улким, мажлис қуруб чоғир ичарға кўп ҳирс кўрсатилмаса, агар аҳёнан биззарур воқеъ бўлса, наввобға муқаррар қилилсаким, ҳукм бўлмағон киши мутлақо муртакиб бўлмаса, ё мажлисда тартибе маръи бўлса.

Яна улким, юқоридин ҳар навъ ҳукм етса агар қуллий ва агар жузвий — вақтида ҳукм йўсуни била ишга файса берилмай, ҳеч ишга шуруъ қилилмаса, агар қилғулуқ иштур, ҳукм йўсуни била қилилса, агар муяссар бўлмас бўлса ҳам жавобин бот арзадошт қилиб юборилса.

Яна улким, ҳар турлук арзадоштким, юқори битилса, «насх ва таълиқ» хати била андоқ хоно битилсаким, ўқурда ўқур кишига ташвиш етмаса, «туркча» хат била худ асло битилмасаки, бу бобда қавле дағи бордур. Ҳар сўзким, арзадошт қилинур улча имкони бор машруҳ битилса, ҳар ишнинг тарихин не ой, не кунда экандур андоқ битилсаким, мақсудда ҳеч иштибоҳ қолмаса.

Яна улким, атроф ва жавонибдағи элнинг арзадошти келса, бот узатур элни кўп мавқуф қилинмаса. Ҳар қайсиға ўз хурд ҳолиға кўра илтифот қилиб, батаҳсис Мир Зайнулобиддин(3) жонибиким, риояти бағоят вожибдур, мундағи илтифот дастури била алар жонибин дойим риоят қилилса.

Яна улким, ул вилоятларнинг бир куллий ишн даҳоналарнинг забтидур. Бу маҳалдаким, кўнгул тиламасдек амре воқиъ эмас, даҳоналарда андоқ мазбут кишилар қўюб, андоқ мустаҳкам ва мазбут қилсаким, наузу биллоҳким, агар амре ҳодис бўлсаки, мужиби тараддуди хотир бўлса, даҳоналар тарафидин хотир бикуллий жамъ бўлса. Яна улким, иш-кучга андоқ машғуллуқ қилиб, ғавриға етилсаким, аркони давлатдин ҳарқайсиға иш буюрулса миоддин ўткара олмасалар, тағофил била ичкуга машғул бўлуб, эшикка келиб, арз қилмоқдин эҳтироз қилсалар.

Яна улким, отланмоқ, тушмоқ, ов қушға машғуллуқ кўп бўлмаса, ул бобда эътиқол риоят қилилса, то ул ишдин иш-куч фавт бўлурға боис бўлмаса.

Яна улким, Мирзо навкарлариким, анда қуллуққа машғулдурлар, Мирзо навкарлиги ҳайсиятидин иноят ва ҳурмат алар бобида кам бўлмаса, лекин беқоидалиғе биридин зоҳир бўлса, бозхост ва сиёсатда маъзур тутулмаса.

Яна улким, тавочи бекларига ҳукм бўлсаким, ётиш элин мазбут таъйин қилиб, ётиш тавочиси ҳар кун аларнинг ётишиға келган—келмаганин яхши тергаса, то ётиш иши фавт бўлмаса.

Яна улким, девонийларға ҳукм бўлсаким, атрофдин келган бозургонларнинг жонибин риоят қилсалар. Ул вилоятда «тамғо» лафзи мазкур бўлмаса. Закотни шаръ ва ҳукм йўсуни била закотчилар алардин мустахлас қилсалар. Закотчилар ишидин тавочи моҳ-бамоҳ, балки ҳафта-баҳафта вуқуф топиб арзға еткурсалар. Жузвий жарима қилғонни куллий сиёсат қилилса бок йўқдур, то бу овоза олам мамоликига ёйилса, тужжорнинг ружуи кўпрак бўлса.

Яна улким, мундин ортуқ жузъиёти арз қилилса шояд мутолааси мужиби калоли хотир бўлғай. Аммо саъй қилилсаким, жамъи умурда тенгри таоло ёдидин ғофил бўлулмаса. Мирзони дағи кўрулса, то бу икки иш мужиби саодати дину дунё бўлса.

Илтимос улким, бу арзадоштни Мавлоно Дарвеш Муҳаммадга топшурулса, ҳар икки—уч кунда бир қатла тилаб мулоҳаза қилилса, дағи ҳукм бўлса, агар муборак хотирдин пўшида бўлиб, тиламак унутилса, ул ўзи тиламай дағи ҳар икки—уч кунда келтуруб, тобуғда арз қилса, дағи ҳар хусусдин ҳарқайси ишким, арз қилғон йўсунлуқ сурат боғласа, ани шарҳ била иноят қилиб, битиб йиборилсаким, Мирзо арзиға еткурулса.

Изоҳлар

1. Зафарнома» — Шарафуддин Али Яздийнинг Темурбек Кўрагонга бағишланган тарихий асари.
2. Хофиз Муҳаммад Саноий —Афтидан бу шахс шариат аҳкомларини яхши билган аллома бўлса керакки, Навоий Бадиуззамонга шаръий умурлар бобида ундан фойдаланишни тавсия қилади.
3. Мир Зайнулобидин Астробод ашрофларидан. Навоий Бадиуззамонга Мир Зайнулобидинни ҳурмат қилишни, унга илтифот кўрсатишни тайинлайди.

ЁМОН ЙЎЛЛАРГА КИРИБ КЕТГАН АСРАНДИ
ЎҒЛИ ШОҲҚУЛИГА МАКТУБИ

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Рубоия:

Эй нафс ҳавосиға гирифтор ўлғон,
Шайтон ишига ишинг намудор ўлғон,
Ҳам зуҳд ила иззатқа сазовор ўлғон,
Ҳам фисқ ила олам элига хор ўлғон.

Эй саргаштаи худрой, ва эй бахти баргаштаи бесарупой, ул вақтдин бериким, мазаллат туфроғидин рўзғоринг чеҳрасин супурдум ва меҳнат дашти саргардонлиғидин паришон хилқатингни йиғиштурдум. Агарчи кичик эрдинг, аммо андоқ эрмаски, хотирингдин маҳв бўлмиш бўлғай ва агарчи тифл эрдинг, андоқ эрмаски, замирингдин унутулмиш бўлғай!

Ҳаётимни сенинг тарбиятингга машъуф ва авқотимни сенинг муҳофазатингға масруф илдим ва фарзандлиғинг рақамини хотиримға муҳаррар ва оталиғ меҳру шафқатин, ҳолингға муқаррар эттим. Ою йилда бир кун, балки кечалик, кундузликта бир соат аҳволингдин ғофил бўлмадим ва риоятинг қоидасин эл кўргудек туздум, балки кўрганлар рашк юзидин ҳасад егудек қўргуздум. Зоҳирингни аҳли зоҳир фунуну фазойили била ороста ва ботинингни аҳли ботин Ҳақойиқу маорифи била пийроста бўлурға саъй қилдим, то рўзғоринг покиза ойину даъб ва шиоринг тавозеъ ва тамкин бўлуб, аҳволу афъолинг тақво ва тоат била маъмур ва иштиғолу ҳисолинг одамийлиғ ва инсоният била машҳур бўлди ва подшоҳи исломнинг фирдавс ойин базмида илтифот ва эҳсонға абнони рўзгордин мумтоз ва мулоямат ва инъомға аҳли замондин сарафроз бўлдунг. Шоҳзодалар мажлисида аржуманду озодалар суҳбатида сарбаланд ва ўз фанининг аҳли мутеъ ва фармонбардор, балки ходиму шогирдкирдор ва бу фақирнинг фарзанди аржуманд кўрмогим ва риоятингни авлод монанд, балки акбод пайванд маръий тутмоғим шоҳ ва гадо оллида возиҳ ва яхши—ёмон қошинда лойиқ бўлди.

Аммо дўстларим насиҳат юзидин ишъор қилурлар эрдиким, ҳар муҳра тожға тикилган била фируза бўлмайдур ва мийнойи шиша бўюнға осқон била зумуррад ўрнин тутмайдур ва душманларим таън ва киноят била қулоғимға урарлар эрдиким, хайнинг нопок сувин саъй била оби—ҳайвон қилурман деган ва кеча ишнар қуртнинг тийра пайкарин жаҳд била хуршиди рахшон ясармен деб, ҳарза хаёл қилғон басоки хижолат бармоғин тишлагай ва пушаймонлиғ овучин бир—бирига қоққай ва бу фақири ғофил дўст сўзи билан мутанаббиҳ ва душман таъни била мутақоид бўлмай, сенинг тарбиятингға кундин-кунга устуворроқ ва риоятингқа лаҳзадин—лаҳза беқарорроқ эрдим, то ишинг ул ерга еттиким, Фисоғурс ҳаким(1) замонидинким, адвор илмининг возии дур, Арасту(2) замониғачаким, муаллими аввал дебтурлар ва Абу Наср Форобий(3) чоғиндинким, муаллими соний дебтурлар, Хожа Абдулқодир(4) асриғача маълум эмаским, бу фанда ҳеч подшоҳ замонида бу фан аҳлидин ҳеч кимга мунча тарбият ва нашъу намо воқеъ бўлмиш бўлғайким, сенга воқеъ бўлди. Аммо чун ишлар ўз ерида эмас экандур, боқиб турғунча оздинг. Рўзгоринг салоҳи фасодқа ёнди ва афъолинг покизалиги нопокликка айланди. Насиҳатни қулоққа солмадинг ва панд била маломатни кўнгулга олмадинг. Ҳолингдин хабардор қилғон сойи бехабарроқ ва фисқу фужурингни манъ қилғон сойи батарроқ бўлдунг. Подшоҳи исломнинг мунча йилғи тарбиятин ва бу фақирнинг мунча вақтлиғ саъй ва эмгагини ва узун йиллар тортғон риёзатини нафси шум авоси ва феъли мазмум муқтазоси била зойиъ қилдинг ва дўстларнинг ҳам мулоямат била панду насиҳатин қулоғингга олмадинг ва душманларнинг ҳам шиддат ва шанъатин сариқ вакиноят била истимоъ қилмадинг ва улуғларнинг ҳам ваид ва таҳдидин эскармадинг ва ҳақ субҳонаҳу ва таоло қошида дағи тавбалар қилиб, аҳдлар боғлаб, онтлар очиб, борчани бузуб, тенгри таолодин қўрқмадинг.

Ҳоло не сўзишта, не аҳдингға, не қавлунгға, не онтингға эътимод қолибтур. Невчунки, ҳар қайсини борлар маълум қилилибтур ва синалибдур.

Мунча беқоидалиғларинг асносида борчанинг талофиси ва тадоруки учун от юборурсен ва мундин ғофилки, отингни тўрт дафтардин чиқорилибтур: бир—мулозимлар дафтарида фарзандлик лақабидин, балки ошнолиқ исмидин; иккинчи — «Мажолисун—нафоис»(5) дафтарида фазл ва табъ аҳли чаргасидин; учунчи — шаҳарнинг яхши—ёмон, улуғ—кичиги қошида эрлик ва инсоният ва мусулмонлиғ ва ҳамият дафтаридин; тўр—тунчи — подшоҳи ислом ҳазратидаким, муборак тилларига ёмон дуонг ўтубтур. Ҳаёт аҳли дафтаридин сен мунча турфалиғинг билаким, дину исломинг уйин бузубсен ва мундоқ шарифу азиз хотирларни ўзунгдин озурда қилмоқ била, айтса бўлурким, Каъбани йиқибсен, балки ҳаёт ва тириклик биносин вайрон қилибсен.

Ғафлат ва нодонлиғинг ул мартабадаким, буқъаи хайр ясамоққа ўзунгға бози бериб, битиб йиборурсенким, сени яхши йигит хаёл қилғайлар ва одамий киши соғинғойлар. Бу таманнодин юз ҳайҳот ва бу муддаодин юз минг уёт! Сенинг мунча қилғонларинг муқобаласида мен дағи сазо ва жазо еткура олур эрдим, аммо икки жиҳатдин еткурмадим. Бири буким, мунча панду насиҳат ва ташниъ ва маломат ва онт ва аймон била бировким, мутанаббиҳ бўлмамиш бўлса, бир неча изо ва азоб била ҳам бўлмағусидур, балки ул изо ва азоб еткурурда бу фақирнинг заъфлиғ мизожиға тараддуд ва ташвиш кўпрак етгусидур ва санга худ тафовут қилмоғусидур. Яна бири буким, сен ҳар беқоидалиғким қилибсен анга кўра сазо ва жазо топибсенким, ул подшоҳи ислом ҳумоюн хотирининг ғубори ва мураббий ва вали неъматнинг ва сойир азизларнинг кўнгулларининг озоридурким, ҳар бири филҳақиқат юз ўлумдин ортуқтур, аммо бу маънидин сен ғофилсен.

Рубоия:

Эй ғофилу ғафлатқа вужудинг мағлуб,
Мажмуи ёмонлиғ назарингда марғуб,
Бординг дағи келмадинг бу эрди матлуб.
Ёлғонларинг ичра йўқ эди мундин хуб.

Изоҳлар

1. Фисоғурс ҳаким — Пифагор (милоддан аввал VI аср), қадимги юнон файласуфи, диний ва сиёсий арбоб. Мусиқа илмнинг ҳам асосчиси ҳисобланади.
2. Арасту — Аристотель, милоддан аввалги IV аср, қадимги юнон ҳакими. Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида Искандарнинг устози ва маслаҳатчиси сифатида талқин этилган.
3. Абу Наср Форобий (260/1874 — 339/1950) — буюк олим, файласуф. «Арастуйи соний», «Муаллими соний» лақабларига сазовор бўлган.
4. Хожа Абдулқодир — XIV асрда шуҳрат қозонган машҳур чолғучи созанда.
5. «Мажолис ун-нафоис» —1492 йилда ёзилган ва 1498 йилда Навоийнинг ўзи иккинчи таҳририни амалга оширган. Унда 459 та шоир ҳақида маълумот ва асарларидан намуна келтирилади.

Манбаъ: Алишер Навоийнинг «Муншаот» китоби

0_154fb7_609c080_orig.jpg  Navoiyning maktublari u, chindan ham, tom ma’noda hoqonlikning kifti bo‘lganligini ko‘rsatadi. Navoiy shahzodalar va ko‘proq Badiuzzamon Mirzoga yozilgan maktublarida ularni mamlakatni qanday boshqarish san’atiga o‘rgatib boradi. Temuriylar uchun alohida ahamiyat va mohiyat kasb etgan ota va o‘g‘il munosabatlariga muttasil diqqatni jalb etadi.

Ibrohim Fafurov
“MUNSHAOT” — MAKTUBLAR DЕMAK
09

i_374.jpgNizomiddin Mir Alisher barchaga barobar adolatning timsoli edi. Nizomiddin Alisherning adolati uning katta-kichik barcha ishlari, barcha asarlari, jamiyat va raiyatga bo‘lgan barcha munosabatlarida to‘la aks etgan. Biz bu yerda Navoiy shaxsining ayrim bebaho qirralari g‘oyat nozik namoyon bo‘lgan — “Munshaot” asariga qisqacha to‘xtalib o‘tmoqchimiz.

Navoiy davri va Navoiy nomi bilan bog‘liq hamda Navoiyning o‘z qalamiga mansub maktublarini o‘rgangan A. O‘rinboyev, Yu. Tursunov, M. Hasanov singari olimlarning qimmatli tadqiqotlariga qaraganda, Navoiy umrining ikkinchi yarmida o‘z zamondoshlari bilan ko‘p yozishmalar olib borgan. 1485 — 1499 yillar orasida temuriy shahzodalar va podshohlar, o‘z yaqinlariga yozgan maktublarini to‘plab, “Munshaot” nomida asar yaratgan. Asar deganimizning boisi shuki, Navoiy barcha maktublarda muhotablar (maktub yozilgan shaxslar)ning nomlari va maktublarning qayerda, qachon, nima munosabat bilan yozilganligini olib tashlagan. Natijada muayyan kishilarga jo‘natilgan maktublar shaxsiy voqelik doirasidan chiqib, umuman, badiiy va chuqur insoniy qimmatga ega badiiy asar turlariga aylangan.

“Munshaot” — insholar, ya’ni maktublar deganidir. Temur va uning izdoshlari davrida madaniyat yuksak darajada gullab-yashnaganligi boisidan jamiyat, davlat va fuqarolar o‘rtasida yozishmalar ajib bir tarzda rivoj topdi. Temuriy podshohlar zamonlarida va, ayniqsa, o‘n beshinchi asrda maktublarni yig‘ib to‘plam qilish olijanob odat tusiga kirdi. Navoiy davrida ham ko‘pgina e’tiborli munshaotlar yaratildi.

O‘zbek tilida yaratilgan ilk munshaot kitobi esa Navoiy qalamiga mansubdir. Sulton Husayn Boyqaro Navoiyning birodari, Balx hokimi Darvish Alining to‘qsoninchi yillar atrofida bosh ko‘tarishi munosabati bilan chiqargan nishonida Nizomiddin Amir Alisherni “saltanatning ustuni, davlatimiz tayanchi, hoqonlikning kifti”, deb baholaydi.

Navoiyning maktublari u, chindan ham, tom ma’noda hoqonlikning kifti bo‘lganligini ko‘rsatadi. Navoiy shahzodalar va ko‘proq Badiuzzamon Mirzoga yozilgan maktublarida ularni mamlakatni qanday boshqarish san’atiga o‘rgatib boradi. Temuriylar uchun alohida ahamiyat va mohiyat kasb etgan ota va o‘g‘il munosabatlariga muttasil diqqatni jalb etadi. Shahzodalarda qadim turkiy va islomiy madaniyat asosida yuksak axloqiy sifatlarni tarbiyalashga jiddu-jahd qiladi. Shu bilan birga, o‘zi va boshqa ayrim zamondoshlari to‘g‘risida nozik ma’lumotlarni qayd etib boradi…

Pirimqul Qodirov
TILINI MUMTOZLIK DARAJASIGA
KO‘TARGAN SIYMO

09

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Albatta, har bir xalqning tili va shu tilda yaratilgan kitoblari o‘ziga xos afzaliyatlarga ega bo‘ladi. Masalan, fors tilida maktublar to‘plamidan iborat bo‘lgan va “Munshaot” nomi bilan tartib beriladigan kitoblar Alisher Navoiyda havas uyg‘otadi. “Forsiy alfozning insholari dilpisand, makotibu (maktublari), imlolari arjumand (ardoqli) erdi, — deb yozadi Navoiy «Munshaot” asarining muqaddimasida. — Xayolga andoq keldikim, turk alfozining ruqalari (yozishmalari) hamul (shu) misol bila bitilgay va bu tilning nomalarini ham o‘shul minvol (qoida) bilan sabt etilg‘ay (ya’ni, to‘plam qilingay)».

Shu tarzda Navoiy o‘zbek mumtoz adabiyotida “Munshaot” deb ataladigan yangi bir janrni ham boshlab beradi. Bu janrda o‘sha davrga xos adabiy tilning bir qancha yangi xususiyatlari namoyon bo‘ladi. Avvalo, maktublar bir odamning ikkinchi kishi bilan bevosita suhbati va muloqoti bo‘lganligi uchun rasmiy til jimjimalaridan xoli bo‘ladi.

Alisher Navoiyning betob ekanini eshitgan Husayn Boyqaro unga maxsus maktub yuborib, ahvol so‘ragan bo‘lsa kerak. Navoiy unga quyidagicha javob yozadi: “Inoyat qilib so‘rdira yiborilgan inshongkim, yetti, aytsa bo‘lg‘aykim, badanda harorat shu’lasidin sharare va ko‘ngulda iztirob shiddatidin asare qolmadi. Bitikingdinki, savodini ko‘rib jon topdim”.

Keltirilgan iqtibos Navoiyga xos poetik til va shiringuftorlik bilan yozilgan. Faqat iqtibos oxiridagi bir misra she’rda Navoiy Husayn Boyqaroga “bitiging” deb, “sen” olmoshida murojaat qilgani e’tiborni tortadi. Yana bir maktubda:

Ko‘zum ucharki, humoyun yuzingni ko‘rgay bot,
Biaynih anga kipriklar o‘lmish ikki qanot, —

degan bayt ham Husayn Boyqaroga qaratib aytilgan. “Humoyun yuz” podsholarga beriladigan sifatlardan biri. Lekin hayotda Navoiy podshohga “sensirab” gapirgan bo‘lmasa kerak. Masalan, “Xamsatul-mutahayyirin”da Navoiyning Abdurahmon Jomiyga “sizlab” murojaat qilganini ko‘rsatuvchi misollar mavjud.
Ammo “Holoti Pahlavon Muhammad” asarida bevosita muloqot paytidagi dialogda ikki do‘st bir-birlariga “sen” deb murojaat qiladilar:

«Faqir aytdimkim:
— Mavlono Lutfiy holo turkiy qavmning ustodi, malik ul-kalomidur.

— Nechuk, Sayid Nasimiy demading? — “sen” olmoshida so‘raydi Pahlavon Muhammad. Navoiy ham “sen” olmoshida javob beradi:

— Xotirg‘a kelmadi… Bu savolda sening g‘arazing majoz tariqida aytur el erdi».

Bu realistik dialog bir-biriga chinakam qadrdon do‘stning qiyofasini gavdalantirib beradi. Ular qirq yillik qadrdon do‘st bo‘lganliklari uchun yoshlikdan “sen” deb murojaat qilishga o‘rgangan bo‘lishlari kerak.

Xuddi shu fikrni sal boshqacharoq talqinda Husayn Boyqaro bilan Alisher Navoiyning maktab yoshidan boshlangan do‘stligi to‘g‘risida ham aytish mumkin. “Hiloliya” qasidasida ham Navoiy Husayn Boyqaroga “sen” olmoshida murojaat qiladi. Umuman, Xudoga ham “sen” olmoshida munojot qilish odat tusiga kirgan. She’riyatda ham barcha ulug‘larga “sen” olmoshida arz qilish joiz hisoblanadi.

Faqat Alisher Navoiy Husayn Boyqaroga she’rda “sen” deb so‘z aytganda ikki oradagi sirdoshlik va do‘stlik mehri sezilib turadi. Husayn Boyqaroning o‘zi ham Navoiyga bag‘ishlangan va yuqorida qalamga olingan risolasida Alisher unga “pardasaroy xilvatida, shabiston suhbatida hamdam” bo‘lganini yozadiki, bu ularning chinakam sirdosh do‘st bo‘lganini tasdiqlaydi.

Navoiyning kichik zamondoshi Zayniddin Vosifiy “Badoe’ ul-vaqoye” asarida shunday bir hayotiy lavhani keltiradi. Alisher Navoiy bir kun namoz vaqgida Husayn Boyqaroning huzuriga keladi. Namoz vaqtida podshoh huzuriga kirib arz qilish huquqi faqat Alisher Navoiyga berilgan ekan.

Husayn Boyqaro nima hodisa bo‘lganini so‘raganda, Mirhoji Pir degan zolim amir boylik va martabadan quturib, o‘zini podshodan ham baland olayotganini, ko‘chalardan taxtiravonda ulug‘ sultonlar muyassar bo‘lmagan nash’u namo va tantana bilan o‘tganini Navoiy shunday bo‘rttirib tasvirlaydiki, Husayn Boyqaro hovliqib ketgan bu amirning harom yo‘l bilan orttirgan molu mulkini musodara qilishni buyuradi.

“Munshaot”ga kiritilgan ko‘pchilik maktublar Navoiy bilan Husayn Boyqaro orasidagi munosabatlarning mana shunday do‘stona ishonch bilan sug‘orilganini ko‘rsatadi.

Baxil kuchlar Husayn Boyqaro bilan uning katta o‘g‘li Badiiuzzamon Mirzo orasiga nizo urug‘ini sochadi. Alisher Navoiyning bir necha maktublari ota bilan o‘g‘ilning orasida paydo bo‘lgan nizoni bartaraf qilishga yo‘naltiriladi. Navoiyning guvohlik berishicha, bu nizo ko‘proq o‘g‘ilning kibru havoga berilganligidan kelib chiqqan edi.

Astrobodga hokim qilib tayinlangan Badiuzzamon Mirzo otasining xazinasiga viloyatdan yuborilishi kerak bo‘lgan mol-mablag‘ni yubormaydi. Navoiy yozadi: “Yana bitibsizkim, «Astrobodga kishi yubormangkim, bermagumdur”… Bu mazmunni ham muloyimroq bitaolur erdingiz. Va “Iroq viloyatlarin ulashibmen” deb bitibsiz. Iroq… ilikka kirmasdan burun… Mirzo bila bir-ikki qatla so‘zlashmay, arz qilmay bu ish qililmish bo‘lsa… sizdan ajab voqe’ bo‘libdur».

Navoiy hovliqib ketgan shahzodaning xatolarini aniq dalillar bilan isbotlab beradi. Podshoh otasiga “odam yubormang, mol bermagumdur” deb dag‘al so‘z aytgani, hali qo‘lga kiritilmagan Iroq (Eron u paytda Iroq deyilgan) viloyatlarini podshodan beruxsat o‘z amirlariga ulashib yuborgani — shahzodaning kibru havosi ajablanarli darajaga yetganini Alisher Navoiy muloyim bir kinoya bilan “sizdan ajab voqe’ bo‘lubdur” deb tanbeh beradi.

Maktub samimiyat va jonkuyarlik bilan yozilgani uning har bir satridan sezilib turadi.

37 raqam qo‘yilgan ikkinchi maktubda Navoiy Badiuzzamon Mirzoga “majlis qurib chog‘ir icharga ko‘p hirs ko‘rsatilmasa, kutubxona ahli bilan mashg‘ullik qililsa, tavorix o‘qumoq buyurilsa… bataxsis (xususan) «Zafarnoma”. Shu nasihatlar orasida Navoiy Amir Temurning Husayn Boyqaroga to‘rtinchi nasab ekanini, shu sababli har hafta juma namozida Temurbekning nomini xutbaga qo‘shib o‘qitishini ibrat qilib ko‘rsatadi. “Siz esa inshongiz tug‘rosidan Mirzoning muborak otin chiqaribsiz”, — deb Navoiy shahzodaning yana bir xatosi otasiga hurmatsizlik qilgani ekanini aytadi. Hadisi sharifdan payg‘ambarimiz ayttan quyidagi so‘zlarni keltiradi: “Tengri taolo rizosi ota rizosiga vobastadir. Tengri taolo g‘azabi ham ota g‘azabiga vobastadir. Mashoyixlar «valeduka rabbuka”, ya’ni “otang parvardigoringdur” deganlar».

Navoiy bu so‘zlarni ota-bolaga joni kuyganidan yozgani uning o‘ta ta’sirchan so‘z va iboralaridan sezilib turadi. Maktubda ajoyib bir maqol ham keltiriladi:

“Bu qulning joni kuyganda o‘zgalarning etagi kuymas. Bu bir necha so‘z gustohlik qilildi, umid ulkim, qabul tushgay. Tushmasa bu banda aytur so‘zni bo‘ynimdin ado qilmish bo‘lg‘aymen”.

Navoiy kamtarlik bilan o‘zini “qul” deb ataydi. Maktubning tili orqali biz ulug‘ shoirning kuyunchak qalbini tasavvur qilamiz. Bu yerda insonning ichki dunyosini ochib beruvchi realistik til — jonli so‘zlashuv tiliga asoslanishini yana bir bor his qilamiz.

Ayniqsa, Navoiyning yomon yo‘llarga kirib ketgan asrandi o‘g‘li Shohqulidan ko‘ngli qolib yozgan maktubi shoir qalbining olovli ehtiroslarini baralla namoyon qiladi. Navoiyshunos olima Suyima G‘aniyeva bu maktubni monologik nutqning yorqin bir namunasi deb to‘g‘ri ko‘rsatadi. Shu bilan birga S. G‘aniyeva Navoiy nasriy asarlarida she’riy nafosat ustun turishini, uning nasrda yozilgan ilmiy asarlaridan ham ulug‘ she’riyatning nafasi kelib turishini ta’kidlaydiki, biz bu ta’kidga to‘liq qo‘shilamiz.

ALISHЕR NAVOIYNING
MASHHUR UCH MAKTUBI
09

SHAHZODA BADIUZZAMON MIRZOGA YOZGAN
BIRINCHI MAKTUBI

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Payg‘ambar sallallohi alayhi vassalam buyurubturkim, “rizo urrobbi fir—rizail validi va saxatun arrobi fi saxatul—validi”(1) ya’ni tengri taolo rizosi ota rizosig‘a vobastadur va tengri taolo g‘azabi ham ota g‘azabig‘a vobastadur. Bas kishi ota rizosin hosil qilsa, tengri taolo rizosini ham hosil qilmish bo‘lg‘ay va ota g‘azabig‘a uchrasa, tengri taolo g‘azabig‘a uchramish bo‘lg‘ay. Mundoq bo‘lg‘ondin so‘ngra kishi nechuk ota rizosidin ayru dam urg‘ay yo qadam qo‘yg‘ay. Va mashoyix rahimulloh so‘zi bukim, “valaduka rabbuka”, ya’ni otang parvardigoringdur, bu jihatdinkim, tengri taolo seni yo‘qdin bor qilmoqqa vasila uldur va tufuliyatdin shabob sinnig‘acha parvarish berguvchi ul. Va Hakim Sulaymon alayhurrahmata(2) valg‘ufron ro‘zidurkim, ota qodiri qayyum, ona roziqi marsum va Adib Ahmad(3) rahmatulloh debdurkim,

R u b o i ya:

Atodin xato kelsa ko‘rma xato,
Savob bil xato toki qilsa xato.
Atoning xatosini bilgil savob,
Seni yuz balodin qutqarg‘ay xudo.

Ibrohim Xalil(4) salavot ur—rahmon alayhining atosi bovujudi ulkim, Ozari buttarosh(5) erdi, ul hazrat atosig‘a nasihat qilurda nido keldikim, ta’zim va muloyamat bila nasihat qil.

Va Yusuf alayhissalom hazrati Ya’qub alayhissalomg‘a sahv yuzidin bir tarki adab qilg‘on uchun, bovujudi nubuvvat va’da budurkim, soyiri anbiyodin yetmish yildin so‘ngra bihishtga kirgay va Homkim Nuh alayhissalomning o‘g‘lidir, ul hazratqa adab tarki qilib, ul hazrat duosi bila gangi qaro bo‘lub, payg‘ambarliq aning naslidin munqate’ bo‘ldi.

G‘araz bu muqaddimotdin ulkim, bu banda doyim sizga davlatxohlig‘ so‘zin aytibmen va sizni umru davlatdin barxurdor tilab, duo qilibmen va har nomunosib ishkim, sizdin ko‘rubmen sizga aytibmen, balki kitoblarimda nasihatnomalar nazm qilib, arzingizg‘a yetkurubmen.

Bu uchurda bir necha ish sizning tarafingizdin eshitildikim, vojib ko‘rundi sizga arz qilmoqkim, borcha Mirzoning jonibining rioyatidin g‘ofil bo‘lg‘on chog‘lig‘ ko‘rundi.

Biri ulkim, viloyat molin mashvaratsiz olib turursiz va bu ma’hud emas erdi. Hech uch—to‘rt kun emaskim, bir kishingiz kelmas, agar imoyi qilsangiz erdi» yo‘q deyilmagusi erdi.

Yana ulkim, bitibsizkim: “Astrobodg‘a kishi yubormangkim, bermagumdur”. Bu mazmunni ham muloyimroq bitiolur erdingiz va “Iroq viloyatlarin ulashibmen” deb bitibsiz. Inshoolloh, Iroq ilikka kirgay. Kirmasdin burun, Mirzo bila bir—ikki qatla so‘zlashmay, arz qilmay, bu ish qililmish bo‘lsa, o‘zga eldin ajab bo‘lmasa, sizdan ajab voqe’ bo‘lubdur.

Kerak erdikim, shar’ rioyati uchun, o‘zingiz ham oz yo ko‘p soqol qirqmasangiz erdi, to anga ne yetgaykim, elingizning ham soqollarin qirqturmag‘aysiz. Munda ko‘p so‘z bor, desa bo‘lmas.

Yana ulkim, bir nishoningizni kelturdilar, tug‘rosida Mirzo otini bitmaydursiz. Sizdek oqil, xushtab’ musulmonvash yigitdin mundoq nimalar ravo bo‘lg‘aymu? Agar bu nishonni bilib bitibsiz, ne hisob bila bo‘lubtur, agar munshi yo g‘ayr sahv qilibdur, nechuk har nishonni o‘zungiz ko‘rmay bir yerga yuborilgay?

Ota bila o‘g‘uldin o‘g‘ul bila ota orasida farqlar bor Boysung‘ur mirzo(6) o‘g‘lonlaridin Bobir mirzodek(7) ermas erdingizkim, ko‘p shafqat ko‘rmamish bo‘lg‘aysiz. Ulug‘bek mirzo(8) farzandlaridin Abdullatif(9) mirzodek yo Jahonshoh(10) mirzo o‘g‘ullaridin Hasanalidek(11) tengrilik o‘rtadadur. Sizning ko‘prak ishingiz orasida bu faqir erdim, borchadin sohib vuqufmen. Siz doyim barcha maxdumzodalarning maxdumi va Mirzoning seviklugi va qurratul ayni erkansiz. O‘zungiz bilursizkim, Mirzoning mofiz zamirin nisbat sizga bu faqirdin yaxshiroq kimsa bilmas. Billohilazimkim ushbu bitgandek ma’lum qilibmen.

Holokim, Astrobodni berib, yaxshi navkarlar qo‘shub sizni yibordilar va bu xabarlar Iroqdin kelurin va yana ko‘maklar xayol qilib erdilar. Ham mahdumzodalardin va ham beklar, ichkilardin va ham soyir xalq sizdin andoq ko‘z tutar erdilarkim, agar Iroq viloyati fath bo‘lsa dag‘i xizmatgorlig‘, bandalig‘ingizni ulug‘roq qilg‘aysiz. Hanuz hech yerda hech nima yo‘q bu nav’ suratlarkim, zohir bo‘ladur — sizdin hayfdur.

Mirzoga Temurbek(12) to‘rtunchi nasabdur. Mirzo xutbada bekning otig‘a sharif ruhig‘a masjidi jome’da har odina kuni duo qildururlar. Bu ishda Mirzog‘a ham duodin o‘zga ne kelgay. Siz nishoningiz to‘g‘rosidin Mirzoning muborak otin chiqorursiz. Kerak Iroqdin Makka, balki Mag‘rib zaming‘acha olsangiz bu voqea bo‘lmasa erdi. Agar Mirzoni zaif xayol qilibsiz — tengri taolo qaviydur. Farzand kerak zaiflig‘ida otasig‘a xizmat mahallin toptim deb, jonsiporliq qilsa.

Billoh, Mirzoning aziz boshi va sizning boshingizkim, bu arzadosht bitilgan tarixdin yigirmi kundin burunroqdin har sabohdin tush vaqtig‘acha, peshindin oqshomg‘acha o‘lturub, oncha ish qilurlarkim, necha devon, necha navisanda, necha baxshi, necha parvonachi jonlarig‘a yetib, necha xiyla bila qutulurlar. Bu ma’nidin farzand Mavlono Darvesh Muhammad(13) sohib vuqufdur. Bu nav’kim, o‘zlugi bila borcha ishining naqir va qitmirig‘a yetishiladur. Agar o‘tgan avqot munungdek bo‘lsa erdi, ne ishlarkim bo‘lmag‘ay erdi.

Sohib davlat salotin mushfiq va davdatxoh qullarining beg‘araz so‘zlariga kiribdurlar. O‘zingiz bilursizkim, Mirzo tobug‘ida bu qul ne nav’ so‘zlarga gustoxliq qilibmen. Sizning dag‘i qoshingizda hamul dastur bila voqe’ bo‘lubdur. Yoshingiz uzun bo‘lsun. Andoq kam voqe’ bo‘lubdurkim, bu qulning so‘zin rad qilmish bo‘lg‘aysiz. Emdi dag‘i bu qulning joni kuyganda, o‘zgalarning etagi kuymas. Bu bir necha so‘z gustohliq qilildi umid ulkim, qabul tushgay. Tushmasa bu banda aytur so‘zni bo‘ynumdin ado qilmish bo‘lg‘aymen.

Tengri taolo tonuqdurkim, bu arzadosht Mirzo buyrug‘i bila ermas, balkim vuquflari ham yo‘qdur. Xayolingizg‘a kelmag‘ay — buyruq bila bitilibdur. Chun sizning tobug‘ingizda ayturcha davlatxohlig‘ so‘zini ayturg‘a ma’murmen. Ul jihatdin go‘stoxliq bila arzadosht bitildi.

Izohlar

1. Tangri rizosi ota rizosiga vobastadur, tangri g‘azabi ham ota g‘azabiga vobasta.
2. Hakim Sulaymon — Turkiy mashoyixlardan. Ahmad Yassaviy muridi. Sulaymon Boqirg‘oniy nomi bilan shoir sifatida ham mashhur. Navoiy uni “Nasoyim ul—muhabbat”da zikr etgan.
3. Adib Ahmad — Navoiy uni ham “Nasoyim”ga kiritgan. “Hibat ul-haqoyiq”ning muallifi. Tug‘ma ko‘r bo‘lgan. Adib Ahmadning tug‘ma ko‘rligi haqida dostondagi ma’lumotni A.Navoiy yanada aniqlashtirib, shoirning “ko‘zlari butov (yopiq, bitgan) ermishki, aslo zohir ermas emish. Basir (ko‘rmaydigan) bo‘lub, o‘zga basirlardek andoq emas ermishki, ko‘z bo‘lg‘ay. Ammo bag‘oyat ziyrak va zakiy va zohid va muttaqiy (taqvodor, parhejor) kishi ermish… Haq subhonahu taolo agarchi zohir ko‘zin yopuq yaratqondur, ammo ko‘ngli ko‘zin bag‘oyat yoruq qilg‘ondur”, deydi.

4. Ibrohim Xalil — Ibrohim payg‘ambar. Xalil uning laqabi. Ka’bani bunyod etgan. Ikki o‘g‘li bo‘lgan: Soradan Is’hoq va Xojardan Ismoil.
5. Ozari buttarosh — Ibrohim payg‘ambarning otasi.
6. Boysung‘ur mirzo (1399—1433/34) Shohruxning o‘g‘li. Adabiyot va san’atga, naqqoshlik va xattotlikka ishtiyoqi baland bo‘lgan. Firdavsiy “Shohnoma”sining to‘liq matnini tuzdirgan va o‘zi so‘zboshi yozgan.
7. Bobur Mirzo — Sulton Abulqosim Bobur. Boysung‘urning o‘g‘li. 1452—57 yillarda Xuroson hukmdori bo‘lgan. Navoiyning otasini Sabzavor hokimi qilib tayinlagan. Navoiyning otasi vafot etgandan so‘ng, Bobur yosh Alisherga homiylik ko‘rsatgan, uni saroy xizmatiga qabul qilgan. Navoiy bu podshohni o‘z asarlarida iliq bir samimiyat bilan eslaydi. Abulqosim Bobur she’r ham yozgan, “Majolis”da zikr etilgan.
8. Ulug‘bek mirzo — Shohruxning o‘g‘li, amir Temurning nabirasi, asl ismi Muhammad Tarag‘ay (1394—1449), buyuk olim, astronom, davlat arbobi. Samarqandda rasadxona (observatoriya) qurdirgai va ilmiy kuzatishlar olib borgan. “Ziji Ko‘ragoniy” nomli yulduzlar jadvalini tuzgan. Tarixga doir “To‘rt ulus tarixi” nomli asari ham bor.
9. Abdullatif — Ulug‘bekning o‘g‘li. Otasini qatl ettirgan. Olti oy podshohlik qilgandan so‘ng o‘zi ham o‘ldirilgan. Abdullatif she’rlar ham yozgan.
10. Jahonshoh — Jahonshoh mirzo turkman, Iroq va Ozarbayjon hukmdori (1438 — 1467).
11. Hasanali — Jahonshoh mirzoning o‘g‘li.
12. Temurbek — amir Temur Ko‘ragoniy (1336 — 1405), buyuk davlat arbobi, jahongir podshoh.
13. Darvesh Muhammad — saroy mulozimlaridan.

SHAHZODA BADIUZZAMON MIRZOGA YOZGAN
IKKINCHI MAKTUBI

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Qulluq arzadosht ulkim, bir necha so‘z xotirg‘a kelib erdi, arz qilmog‘i vojib ko‘rundi. Avval ulkim, iltizom qililsakim, erta uyg‘onib namoz qililsa, agar eshikda masjid tayin qilib, farzni jamoat bila qililsa — xud fabiho va illo besh vaqt namoz bori tark bo‘lmasa, borcha masjidda muyassar bo‘lmasa, ba’zi bori bo‘lsa.

Yana ulkim, alassaboh haramdin chiqqach, devonda o‘lturub dodxoh so‘rulsa, dag‘i dodxoh so‘rarda o‘zluk bila mashg‘ulluq qililsa, agar bir mazlumg‘a birovdin zulme o‘tgan bo‘lsa, zolimg‘a andoq siyosat qililsakim, o‘zga zolimlarg‘a mujibi intiboh bo‘lsa.

Yana ulkim, dodxoh ishi tugagondin so‘ngrakim, shelon ham bartaraf bo‘lur, ichkixona ta’yin qilib, anda o‘lturub, arkoni davlatni tilab, mulk va mol ishi aytilsa, o‘zluk bila barchag‘a yetilsa.

Yana ulkim, arkoni davlatg‘a har ishkim, buyurulur, agar butmagi bir kun muyassardur, agar ikki yo uch kun andoq muqarrar bo‘lsakim, bot butardek ish hamul kun arz qilib, javob olsalar. Kechrak butar ishni tongla yo indin yo miodidin o‘tkarmasalar, har kun ne miqdor butganin kelib arz qilsalar. Agar ba’zi hukm yo‘suni bila mioddin o‘tkarib, arzg‘a yetkurmasalar alarg‘a andoq xitob bo‘lsakim, o‘z ishlaridin g‘ofil bo‘lmasalar.

Yana ulkim, umid uldurkim, haq taolo chog‘irdin kulliy tavfiq bergay. Agar bu ucharda uyqu irtikob qililsa, albatta peshindin burun bo‘lmasa. Ikki namoz orasida bunyod qililsakim, uyur chog‘ ma’xudiy uyqu vaqti bo‘lsa, tong namozi fav bo‘lmasa. Bori borcha hol bila har necha ichmoq ishida ehtiyotlik, balki ta’xir vojib bililsa.

Yana ulkim, mulk va mol ishidin, bas dodhoh ishidin farog‘at hosil bo‘lsa, malolat daf’i uchun kitobxonag‘a kirilsa, kutubxona ahli bila mashg‘ulluq qililsa. Navvobdin harqaysi munosib ko‘runsa tavorix o‘kumoq buyrulsa, bataxsis “Zafarnoma” (1), agar mashoyix so‘zi yo ba’zi davvovin dag‘i guftu-shunuft bo‘lsa nomunosib ermas.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm qililsakim, eshikda obodon imom bila muqri ta’yin qilsalarkim, saloti xamsani qoyim tutsalar; dag‘i muhtasib ta’yin qililsakim, elni namozg‘a targ‘ib qilsa.

Yana ulkim, haftada ikki kunkim, eshikda akobir jam’ bo‘lurlar. Hofiz Muhammad Sanoiyg‘a(2) yaxshi ehtirom qilinsa, balki buyurulsakim, yaqinroq o‘lturub, shar’iya umurni qat’ qilsa, to muborak xotir o‘l bobda dag‘i balog‘at paydo qilsa.

Yana ulkim, Iroq mamlakatig‘a fahmliq, hushliq kishilar yuborib, doyim xabar tutula turulsa. Arz qilur yo‘sunluq xabarlarni arzadosht qilib, yuqori yuborila turulsa, ul bobda ne hukm bo‘lsa, anga ko‘ra qililsa.

Yana ulkim, shahr ehtisobi amrida yaxshi ehtimom qililsa andoqkim, sharobxona, baytul-lataf, qimorxona — bularg‘a o‘xshar nomashru’ umurni kulliy man’ qililsa. Muhtasiblar haftada ikki qatla bozor ahlining narxlaridin vuquf topsalar.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm bo‘lsakim, shahr masojidin ehtiyot qilib, imom, muazzindin mahalla ahlin surub, balkim xat olib, namozg‘a targ‘ib qilsalar, agar fisqu fasod ahli bo‘lub, alar amri ma’ruf qila olmasalar arz qilsalar.

Dag‘i har masjidning imomig‘a ta’yin qilsalarkim, mahalla ahlining ug‘ul va ushog‘ig‘a maktab tutub o‘qutsalar.

Yana ulkim, bu dastur bilakim, shahrda ta’yin qilinur bo‘lukot ulug‘larni Xoja Faxriddin yanglig‘ borcha bu dastur bila muqarrar qililsakim, bo‘luklar kent-bakent bu nav’ amal qilsalar.

Yana ulkim, sudurg‘a hukm bo‘lsakim, viloyat avqofidin xabardor bo‘lsalar, buzulg‘onin tuzatsalar, mutag‘alliba ilgida bo‘lsa chiqorib, hosilin masrifig‘a yetkursalar. Bu ishlarkim, sudurg‘a buyurulur Xoja Falong‘a dag‘i hukm bo‘lsakim, alar ishidin xabardor bo‘lub, alarg‘a madadgorlig‘da taqsir qilmasa.

Yana ulkim, Hofiz Muhammad Sanoiy g‘animatdur, shar’ bobida aning qavlig‘a quvvat berilsakim, shar’g‘a mujibi tarvij bo‘lsa. Bas masjidi jomyeg‘a bormoq tark bo‘lmasa. Munda ko‘rulgan dastur bila masjidi jome’da masoili shar’iya mazkur bo‘lsa.

Yana ulkim, devon beklariga hukm qililsakim, bir kun devonda o‘lturub, musulmonlar ishin yasasalar. Bu kung‘i ishni tonglag‘a qo‘ymasalar.

Dag‘i yiborib devonlar ham raoyo ishin o‘zlari qila olurchani qilib, qila olmasni arz qilib, hukm olsalar.

Yana ulkim, tavochi beklariga hukm bo‘lsakim, mol devonida muhr bosar beklar dasturi bila yasog‘lig‘ ishga mashg‘ulluq qilsalarkim, anda dag‘i ish favt bo‘lmasa.

Yana ulkim, shahr dorug‘asidin beklar bila Xoja Falon andoq sohib vuquf bo‘lsalarkim, juzvin ishdin qulliy imdod tilamasalar. Har mujrimdin jarimasig‘a ko‘ra jurmona olsalar.

Yana ulkim, bir munosib kishi ta’yin qililsakim, Mirzom davlat bila devonda o‘lturg‘onda har ishkim, voqe’ bo‘lur qalamiy qilib, ro‘znomada sabt qililsa, dag‘i tarixin bitsakim, qachon ul ishni ehtiyoji bilmak bo‘lsa, mazmuni va tarixi ma’lum bo‘lsa.

Yana ulkim, beklarga va devonlarg‘a basa parvonachi va muhrdor va munshig‘a hukm bo‘lsakim, musulmonlarning nishonin ortuq tama’ birla kechga qo‘ymasalar. Shar’iy va qavliy nishonni bir chorsu muhri bila hukm bo‘lg‘on kun—o‘q butkarib bersalar. Kulliyrak nishonlarni dag‘i qilaolg‘oncha hukmdin qo‘rqub, botroq butkarsalar.

Yana ulkim, majlis qurub chog‘ir icharg‘a ko‘p hirs ko‘rsatilmasa, agar ahyonan bizzarur voqe’ bo‘lsa, navvobg‘a muqarrar qililsakim, hukm bo‘lmag‘on kishi mutlaqo murtakib bo‘lmasa, yo majlisda tartibe mar’i bo‘lsa.

Yana ulkim, yuqoridin har nav’ hukm yetsa agar qulliy va agar juzviy — vaqtida hukm yo‘suni bila ishga faysa berilmay, hech ishga shuru’ qililmasa, agar qilg‘uluq ishtur, hukm yo‘suni bila qililsa, agar muyassar bo‘lmas bo‘lsa ham javobin bot arzadosht qilib yuborilsa.

Yana ulkim, har turluk arzadoshtkim, yuqori bitilsa, “nasx va ta’liq” xati bila andoq xono bitilsakim, o‘qurda o‘qur kishiga tashvish yetmasa, “turkcha” xat bila xud aslo bitilmasaki, bu bobda qavle dag‘i bordur. Har so‘zkim, arzadosht qilinur ulcha imkoni bor mashruh bitilsa, har ishning tarixin ne oy, ne kunda ekandur andoq bitilsakim, maqsudda hech ishtiboh qolmasa.

Yana ulkim, atrof va javonibdag‘i elning arzadoshti kelsa, bot uzatur elni ko‘p mavquf qilinmasa. Har qaysig‘a o‘z xurd holig‘a ko‘ra iltifot qilib, batahsis Mir Zaynulobiddin(3) jonibikim, rioyati bag‘oyat vojibdur, mundag‘i iltifot dasturi bila alar jonibin doyim rioyat qililsa.

Yana ulkim, ul viloyatlarning bir kulliy ishn dahonalarning zabtidur. Bu mahaldakim, ko‘ngul tilamasdek amre voqi’ emas, dahonalarda andoq mazbut kishilar qo‘yub, andoq mustahkam va mazbut qilsakim, nauzu billohkim, agar amre hodis bo‘lsaki, mujibi taraddudi xotir bo‘lsa, dahonalar tarafidin xotir bikulliy jam’ bo‘lsa. Yana ulkim, ish-kuchga andoq mashg‘ulluq qilib, g‘avrig‘a yetilsakim, arkoni davlatdin harqaysig‘a ish buyurulsa mioddin o‘tkara olmasalar, tag‘ofil bila ichkuga mashg‘ul bo‘lub, eshikka kelib, arz qilmoqdin ehtiroz qilsalar.

Yana ulkim, otlanmoq, tushmoq, ov qushg‘a mashg‘ulluq ko‘p bo‘lmasa, ul bobda e’tiqol rioyat qililsa, to ul ishdin ish-kuch favt bo‘lurg‘a bois bo‘lmasa.

Yana ulkim, Mirzo navkarlarikim, anda qulluqqa mashg‘uldurlar, Mirzo navkarligi haysiyatidin inoyat va hurmat alar bobida kam bo‘lmasa, lekin beqoidalig‘ye biridin zohir bo‘lsa, bozxost va siyosatda ma’zur tutulmasa.

Yana ulkim, tavochi beklariga hukm bo‘lsakim, yotish elin mazbut ta’yin qilib, yotish tavochisi har kun alarning yotishig‘a kelgan—kelmaganin yaxshi tergasa, to yotish ishi favt bo‘lmasa.

Yana ulkim, devoniylarg‘a hukm bo‘lsakim, atrofdin kelgan bozurgonlarning jonibin rioyat qilsalar. Ul viloyatda “tamg‘o” lafzi mazkur bo‘lmasa. Zakotni shar’ va hukm yo‘suni bila zakotchilar alardin mustaxlas qilsalar. Zakotchilar ishidin tavochi moh-bamoh, balki hafta-bahafta vuquf topib arzg‘a yetkursalar. Juzviy jarima qilg‘onni kulliy siyosat qililsa bok yo‘qdur, to bu ovoza olam mamolikiga yoyilsa, tujjorning rujui ko‘prak bo‘lsa.

Yana ulkim, mundin ortuq juz’iyoti arz qililsa shoyad mutolaasi mujibi kaloli xotir bo‘lg‘ay. Ammo sa’y qililsakim, jam’i umurda tengri taolo yodidin g‘ofil bo‘lulmasa. Mirzoni dag‘i ko‘rulsa, to bu ikki ish mujibi saodati dinu dunyo bo‘lsa.

Iltimos ulkim, bu arzadoshtni Mavlono Darvesh Muhammadga topshurulsa, har ikki—uch kunda bir qatla tilab mulohaza qililsa, dag‘i hukm bo‘lsa, agar muborak xotirdin po‘shida bo‘lib, tilamak unutilsa, ul o‘zi tilamay dag‘i har ikki—uch kunda kelturub, tobug‘da arz qilsa, dag‘i har xususdin harqaysi ishkim, arz qilg‘on yo‘sunluq surat bog‘lasa, ani sharh bila inoyat qilib, bitib yiborilsakim, Mirzo arzig‘a yetkurulsa.

Izohlar

1. Zafarnoma» — Sharafuddin Ali Yazdiyning Temurbek Ko‘ragonga bag‘ishlangan tarixiy asari.
2. Xofiz Muhammad Sanoiy —Aftidan bu shaxs shariat ahkomlarini yaxshi bilgan alloma bo‘lsa kerakki, Navoiy Badiuzzamonga shar’iy umurlar bobida undan foydalanishni tavsiya qiladi.
3. Mir Zaynulobidin Astrobod ashroflaridan. Navoiy Badiuzzamonga Mir Zaynulobidinni hurmat qilishni, unga iltifot ko‘rsatishni tayinlaydi.

YOMON YO‘LLARGA KIRIB KЕTGAN ASRANDI
O‘G‘LI SHOHQULIGA MAKTUBI

http://www.dreamstime.com/royalty-free-stock-photo-monochrome-oriental-ornament-illustration-vector-format-image55095885Ruboiya:

Ey nafs havosig‘a giriftor o‘lg‘on,
Shayton ishiga ishing namudor o‘lg‘on,
Ham zuhd ila izzatqa sazovor o‘lg‘on,
Ham fisq ila olam eliga xor o‘lg‘on.

Ey sargashtai xudroy, va ey baxti bargashtai besarupoy, ul vaqtdin berikim, mazallat tufrog‘idin ro‘zg‘oring chehrasin supurdum va mehnat dashti sargardonlig‘idin parishon xilqatingni yig‘ishturdum. Agarchi kichik erding, ammo andoq ermaski, xotiringdin mahv bo‘lmish bo‘lg‘ay va agarchi tifl erding, andoq ermaski, zamiringdin unutulmish bo‘lg‘ay!

Hayotimni sening tarbiyatingga mash’uf va avqotimni sening muhofazatingg‘a masruf ildim va farzandlig‘ing raqamini xotirimg‘a muharrar va otalig‘ mehru shafqatin, holingg‘a muqarrar ettim. Oyu yilda bir kun, balki kechalik, kunduzlikta bir soat ahvolingdin g‘ofil bo‘lmadim va rioyating qoidasin el ko‘rgudek tuzdum, balki ko‘rganlar rashk yuzidin hasad yegudek qo‘rguzdum. Zohiringni ahli zohir fununu fazoyili bila orosta va botiningni ahli botin Haqoyiqu maorifi bila piyrosta bo‘lurg‘a sa’y qildim, to ro‘zg‘oring pokiza oyinu da’b va shioring tavoze’ va tamkin bo‘lub, ahvolu af’oling taqvo va toat bila ma’mur va ishtig‘olu hisoling odamiylig‘ va insoniyat bila mashhur bo‘ldi va podshohi islomning firdavs oyin bazmida iltifot va ehsong‘a abnoni ro‘zgordin mumtoz va muloyamat va in’omg‘a ahli zamondin sarafroz bo‘ldung. Shohzodalar majlisida arjumandu ozodalar suhbatida sarbaland va o‘z fanining ahli mute’ va farmonbardor, balki xodimu shogirdkirdor va bu faqirning farzandi arjumand ko‘rmogim va rioyatingni avlod monand, balki akbod payvand mar’iy tutmog‘im shoh va gado ollida vozih va yaxshi—yomon qoshinda loyiq bo‘ldi.

Ammo do‘stlarim nasihat yuzidin ish’or qilurlar erdikim, har muhra tojg‘a tikilgan bila firuza bo‘lmaydur va miynoyi shisha bo‘yung‘a osqon bila zumurrad o‘rnin tutmaydur va dushmanlarim ta’n va kinoyat bila qulog‘img‘a urarlar erdikim, xayning nopok suvin sa’y bila obi—hayvon qilurman degan va kecha ishnar qurtning tiyra paykarin jahd bila xurshidi raxshon yasarmen deb, harza xayol qilg‘on basoki xijolat barmog‘in tishlagay va pushaymonlig‘ ovuchin bir—biriga qoqqay va bu faqiri g‘ofil do‘st so‘zi bilan mutanabbih va dushman ta’ni bila mutaqoid bo‘lmay, sening tarbiyatingg‘a kundin-kunga ustuvorroq va rioyatingqa lahzadin—lahza beqarorroq erdim, to ishing ul yerga yettikim, Fisog‘urs hakim(1) zamonidinkim, advor ilmining vozii dur, Arastu(2) zamonig‘achakim, muallimi avval debturlar va Abu Nasr Forobiy(3) chog‘indinkim, muallimi soniy debturlar, Xoja Abdulqodir(4) asrig‘acha ma’lum emaskim, bu fanda hech podshoh zamonida bu fan ahlidin hech kimga muncha tarbiyat va nash’u namo voqe’ bo‘lmish bo‘lg‘aykim, senga voqe’ bo‘ldi. Ammo chun ishlar o‘z yerida emas ekandur, boqib turg‘uncha ozding. Ro‘zgoring salohi fasodqa yondi va af’oling pokizaligi nopoklikka aylandi. Nasihatni quloqqa solmading va pand bila malomatni ko‘ngulga olmading. Holingdin xabardor qilg‘on soyi bexabarroq va fisqu fujuringni man’ qilg‘on soyi batarroq bo‘ldung. Podshohi islomning muncha yilg‘i tarbiyatin va bu faqirning muncha vaqtlig‘ sa’y va emgagini va uzun yillar tortg‘on riyozatini nafsi shum avosi va fe’li mazmum muqtazosi bila zoyi’ qilding va do‘stlarning ham muloyamat bila pandu nasihatin qulog‘ingga olmading va dushmanlarning ham shiddat va shan’atin sariq vakinoyat bila istimo’ qilmading va ulug‘larning ham vaid va tahdidin eskarmading va haq subhonahu va taolo qoshida dag‘i tavbalar qilib, ahdlar bog‘lab, ontlar ochib, borchani buzub, tengri taolodin qo‘rqmading.

Holo ne so‘zishta, ne ahdingg‘a, ne qavlungg‘a, ne ontingg‘a e’timod qolibtur. Nevchunki, har qaysini borlar ma’lum qililibtur va sinalibdur.

Muncha beqoidalig‘laring asnosida borchaning talofisi va tadoruki uchun ot yuborursen va mundin g‘ofilki, otingni to‘rt daftardin chiqorilibtur: bir—mulozimlar daftarida farzandlik laqabidin, balki oshnoliq ismidin; ikkinchi — “Majolisun—nafois”(5) daftarida fazl va tab’ ahli chargasidin; uchunchi — shaharning yaxshi—yomon, ulug‘—kichigi qoshida erlik va insoniyat va musulmonlig‘ va hamiyat daftaridin; to‘r—tunchi — podshohi islom hazratidakim, muborak tillariga yomon duong o‘tubtur. Hayot ahli daftaridin sen muncha turfalig‘ing bilakim, dinu isloming uyin buzubsen va mundoq sharifu aziz xotirlarni o‘zungdin ozurda qilmoq bila, aytsa bo‘lurkim, Ka’bani yiqibsen, balki hayot va tiriklik binosin vayron qilibsen.

G‘aflat va nodonlig‘ing ul martabadakim, buq’ai xayr yasamoqqa o‘zungg‘a bozi berib, bitib yiborursenkim, seni yaxshi yigit xayol qilg‘aylar va odamiy kishi sog‘ing‘oylar. Bu tamannodin yuz hayhot va bu muddaodin yuz ming uyot! Sening muncha qilg‘onlaring muqobalasida men dag‘i sazo va jazo yetkura olur erdim, ammo ikki jihatdin yetkurmadim. Biri bukim, muncha pandu nasihat va tashni’ va malomat va ont va aymon bila birovkim, mutanabbih bo‘lmamish bo‘lsa, bir necha izo va azob bila ham bo‘lmag‘usidur, balki ul izo va azob yetkururda bu faqirning za’flig‘ mizojig‘a taraddud va tashvish ko‘prak yetgusidur va sanga xud tafovut qilmog‘usidur. Yana biri bukim, sen har beqoidalig‘kim qilibsen anga ko‘ra sazo va jazo topibsenkim, ul podshohi islom humoyun xotirining g‘ubori va murabbiy va vali ne’matning va soyir azizlarning ko‘ngullarining ozoridurkim, har biri filhaqiqat yuz o‘lumdin ortuqtur, ammo bu ma’nidin sen g‘ofilsen.

Ruboiya:

Ey g‘ofilu g‘aflatqa vujuding mag‘lub,
Majmui yomonlig‘ nazaringda marg‘ub,
Bording dag‘i kelmading bu erdi matlub.
Yolg‘onlaring ichra yo‘q edi mundin xub.

Izohlar

1. Fisog‘urs hakim — Pifagor (miloddan avval VI asr), qadimgi yunon faylasufi, diniy va siyosiy arbob. Musiqa ilmning ham asoschisi hisoblanadi.
2. Arastu — Aristotel, miloddan avvalgi IV asr, qadimgi yunon hakimi. Navoiyning “Saddi Iskandariy” dostonida Iskandarning ustozi va maslahatchisi sifatida talqin etilgan.
3. Abu Nasr Forobiy (260/1874 — 339/1950) — buyuk olim, faylasuf. “Arastuyi soniy”, “Muallimi soniy” laqablariga sazovor bo‘lgan.
4. Xoja Abdulqodir — XIV asrda shuhrat qozongan mashhur cholg‘uchi sozanda.
5. “Majolis un-nafois” —1492 yilda yozilgan va 1498 yilda Navoiyning o‘zi ikkinchi tahririni amalga oshirgan. Unda 459 ta shoir haqida ma’lumot va asarlaridan namuna keltiriladi.

Manba’: Alisher Navoiyning “Munshaot” kitob

09

(Tashriflar: umumiy 10 806, bugungi 1)

5 izoh

  1. Alisher Navoiyning Shaxzoda Badiuzamonga yozgan birinchi xatidan so’ng keltirilgan izohlardan 3-da Adib Ahmad, ya’ni Ahmad Yugnakiy tug’ma ko’r bo’lgan va ,,Qutadg’u bilig» muallifi deb yozilgan. Ammo Ahmad Yugnakiyning asari ,,Qutadg’u bilig» emas ,,Hibbatul Haqoyiq» bo’lib, ,,Qutadg’u bilig» muallifi esa Yusuf Hos Hojibdir.

  2. Rahmat,Zafarbek! Men Alisher Navoiy nomidagi miliy kutubxona tomonidan tayyorlangan Alisher Navoiyninf Mukammal asarlar to’plamini bilguvchi olimlar tomonidan tayyorlaganiga ishonib,izohlarni qanday bo’lsa shunday olaveribman. Mana o’sha sahifaning manzili: http://navoi.natlib.uz/uzb/mahbub_ul_qulub_munshaot_vaqfiya_un_turtinchi_tom/munshaot/

    Ammo,siz men sezmagan xatoni sezibsiz. Tuzatdim. Kutubxona sahifasini tayyorlaganlarga yo’lini topib bu xatoni yetkazishimiz shart.

  3. Ассалому алайкум,»сўз иқлими»(Навоий ибораси) билан таништириб борувчи қадрдон сайтимиз. Сўз Соҳибқирони(Султон Ҳусайн Бойқаро ўзининг «Рисола»сида шундай деб шарафлаган) Алишер Навоийнинг бу каби нодир маълумотларини бизга яна бир бора эслатибсиз, Раҳмати калон!

Izoh qoldiring