Nurilla Chori. Ikki hikoya & O’rolboy Qobil. Telefonda topgan ukam & Bo’ron tingan kecha

09    Бозирганнинг назарида, атрофидагиларга бир бало бўлган. Худди у сағир қолгандек, ачиниб қарашади. Юпатиш учун нималарнидир ўйлаб топади. Ўғли ишдан кеч қайтса ҳам, унинг олдига киради, уёқ-буёқдан гапирган бўлади. Ҳеч гап топмаса: “Экология ёмон, иқлим ўзгариб кетди, ҳозирги келинлар нозик”, деб дийдиё бошлайди.

Ўролбой Қобил
ТEЛEФОНДА ТОПГАН УКАМ
04

Адиб Нурилла Чори билан шахсан таниш эмасман. Лекин телефон деган беминнат дастёр боис ҳафта, ўн кунда сўзлашиб тураман. Суҳбат асносида бир иккита ҳикояларини ўқиганимни, айниқса “Ёшлик” журналида чоп этилган “Қизғалдоқ”ғи менда яхши таассурот қолдирганини айтаман.
Албатта мақтовларим укамизга ҳам ёқади , шекилли, “раҳмат” деб сийлаб қўяди.

Нурилла Чорининг ижоди ҳақида матбуотда илиқ фикрлар айтилган.

Мана ўшалардан бир нечтаси:

Адиб Назар ЭШОНҚУЛ:
Ҳикоянинг тили самимий, ифодалар аниқ, жумлалар рангдор, сўзлар бўёққа тўйинган. Халққа хос теша тегмаган иборалар, мақоллар ўринли, катта ёзувчиларга хос тарзда, поэтика билан, жаранглаб турган ҳолда ишлатилган. Оддий битта чизги билан қишлоқ одамларининг тўлақонли қиёфаси ва феъл-атворини бера олганки, бу ҳолат ёш адибдан кўп нарса кутиш мумкинлигини ваъда қилади.

Танқидчи Аҳмад Отабой:
Олдин ҳам Нурилла Чорининг икки-учта ҳикоясини ўқигандим. Ҳарқалай,ёмон эмас, ёзилавериб сийқаси чиққан гап-сўзлардан қочаркан, халқ сўзлашадиган жонли тилда ёзишга уринаркан, бу яхши, деган фикрга боргандим. Бу ҳикояси ҳам, шу маънода, бинойидай. Нега десангиз, ҳикояларгина эмас, айрим қиссалар, романлар расмий-идора тилидан деярли фарқ қилмайдиган тилда ёзиб ташланаяпти

Адабиётшунос Саъдулла ҚУРОНОВ:
Нурилла Чори жўн асар ёзмайди. Баьзи ёзувчилар варақлаб ёзадиган ғояни у бир жумлада бера олади. У соддаликка, ҳамма учун бирдай тушунарли асар ёзишга уринмайди ҳам. Бу ҳикоя қисқа қилиб айтганда, қарилик фасли, кексаликнинг ўзига хос руҳияти ҳақида экан. Ҳикояда Қашқадарё воҳаси чолларига хос характер чизгилари, урфлари, кайфияти акс этган.

«Хўш, ҳикоя ўзи нима ва бу асар ҳикоя талабларига жавоб берадими?», дея назарий савол қўйсак, албатта, «жавоб беради» деймиз. Дейлик, роман ғоявий-бадиий мақсадига кўра катта бир ижтимоийликни ёритишни, қисса қаҳрамонни тафтиш этишни, ҳикоя эса воқеани кўзлайди.

Каминанинг юқорида айтилганлардан ошириб бирор жуяли фикр айтишига эҳтиёж йўқ деб ўйлайман. Аммо, ўзларининг “жонли” тилда битаётган ҳикоялари билан аллақачон мухлислар эътиборига тушаётган Баҳодир Қобил, Холиёр Сафар, Анвар Суюн, Жасур Кенгбойлар қаторида Нурилла Чорининг ҳам борлигини айтмоқчи эдим, холос…

Нурилла ЧОРИ
ИККИ ҲИКОЯ
04

07Нурилла Чори 1983 йилда Яккабоғ тумани Изиллоқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. Унинг ҳикоя ва адабий мақолалари турли газета ва журналларда чоп этилган. Шунингдек, ёш ижодкорларнинг “Олтин кўприк” тўпламидан ўрин олган. Адиб айни пайтда “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари бўлиб хизмат қилаётир.

04

ҚИЗҒАЛДОҚ

Турдихолнинг эри аскарликка кетди-ю, қайтмади. Ўлик-тиригидан дарак йўқ. Есир боши билан кўзининг оқу қораси бир ўғил, бир қизини элга қўшаман, деб ёшини яшамай, ялмоғизнинг синглисидай қариди-қолди. Бу орада очиқ боши не бир маломатларга қолиб, тақдирининг иссиқ-совуғи юзига чанг солиб, изғирин шамоллари сочини юлди. Елкасидан қамчи еб, товони ёрилди. Аммо кимсанинг эшигидан мўраламади, бировнинг ўнгирини ушламадиям.

Қизғалдоқ – кенг дара. Қишлоқнинг калулоғи Турдихол, емаги маккажўхори, нўхат бўлди. Оғзи зоғараю ёвғон ошга етиб турди. Қизини номуси, ўғлини ори билди. Тунларни узундан-узоқ эртак айтиб тонгларга улади. Эртакларида юраги ёлдор ботир йигит мусофир юртда адашиб, ўз тупроғига қайта олмай дарбадар кезди, кексаймади. Битта, ўнта, мингта эртак айтди. Барчасида – шу кўзлари чўғ узоқ сафардаги йигит!

Сағирларини дам-бадам илинган ит қопиб, эшак тепиб туриши етмаганидай тошга туртиниб, кесакка суриниб улғайди. Ўғли ўғил бўлиб, қизи қиз бўлди. Энди Турдихол кампирнинг эрига эркалик қила олмай, бошқалар оғзида эрмак бўлиб ўтган йиллари унут, яралари бут.
Қизғалдоқлик йигитнинг бари Турдихолнинг қизига ошиқ, беқарорлариям кам эмас. Улар ўзларича талашиб-муштлашиб юрди. Қизи қурмағур қизғалдоқликман деб кўксига уриб юрган кўпларга кўнгил бермай сарсон-саргардон этди. Ҳатто қош қоқиш нари турсин, бир бора қиёям боқмади. Эшик қоқувчилар, остона ҳатлаб қизни сўровчилар кўпайди.

Оҳорсиз кўйлагу рўмол орасида Тўлғоной қиз тўлган ойдан-да сулув! Ўша хушрўйнинг онаси Турдихол аҳли Қизғалдоқнинг бировига сингил, бошқасига жиян, яна бирига чеча бўлишини кун ўтиб мана, энди билади. Желагини судраб бўсағасини ҳатлаган хотин борки, «шу қизгина бегона бўлмасин» деб келдим дейди. Турдихол қизгинанинг ҳали «бир товоқ унни элаб уддасидан чиқолмас»лигини айтиб жавобини берса, «Сени одам билиб келувдим! Ўзимга тенг кўриб адашибман! Аттанг! Турган туришингга қара, димоғингга тушган қуртдан ўргилай!» деб эшикни тарақа-туруқ ёпиб, қўнқиллаб кетганлар кўпайди. Келиб-кетарлар одам топилмаса, сояси билан сўзлашиб, тўймайди.

Турдихол шу пичир-пичирлардан қўрққанидан мард кетди. Йўғ-а, мард кетмади, мўрт кетди. «Жесирга совчи аёл бўлади. Қизгинани сўраб келгувчи эр бўлади-да, энди!». Тилидан чиққани ёқасига етмай остонасида Эшпўлат даллол кўринди. Қизғалдоқда ким от сотар, ким мол сотар, ким дулдул, ким хўтик олар бўлса, шу Эшпул даллол нарх бичади. Барака олиб, барака сочади. Сотгувчи ҳам шу, олгувчи ҳам шу Эшпул!

* * *

Эшпул чойни иссиқ-иссиқ ҳўплади. «Шаштинг бир эрча бор, чеча!», деб Турдихолни кўйлагига сиғдирмай, кўкларга парвоз эттирди. Аёл қушдай бўлади. Қушдайгина бўлмайди, аёл асли зоти қуш бўлади. Учса қўнар жойини билмай қолади.

Парвоз қушга ярашаркан. Аёл асло учмасин экан.

– Чеча, чойни ким дамлаган?
– Ким дамларди, Тўлғоной-да.

– Эҳ-ҳе, Тўлғоной синглимиз чой дамлайдиган бўлдими, а?

– Оғажон, сиз Тўлғонойнинг чой дамлаганига ишонмайсиз, мен хамир қоришига. Билмайман, Қизғалдоқнинг кўзига шу ойқизимдан, сулувимдан бошқа кўринмай қолган. Дуч келгани, эшигимга соя солиб эрмаклагандай бир сўрайди.

– Эҳ, нима деяпсиз унда, чеча?!
– Бирор нима деганимча йўқ.

– Демайсиз! Тўлғонойни бошқаларга бериб қўядиган Оллони бандасимас!

– Эи-и-й. Бу нима деганингиз бўлди?
– Тўлғонойни ўзим келин қиламан!

– Шошилмаяпсизми? Бола-да!
– Эл сўраяптими, болалиги қолмабди, чеча!
– Қизгинани кўнгли дегандай…

– Эй, кўнгил ҳам гап бўлибдими, – Эшпул оғзига келган гапни ичига ютиб ғўлдираб қўйди. Йигитга қизнинг кўнглини олиш «энангни…» деганидан осон-ку!

Топган гапига ич-ичидан қувонди. Қувончи ичига сиғмай яна илжайиб Турдихол кампирга қулоқ тутди.

– Энди, айтаман-да…

– Биздиям эшитинг унда, чеча. Тўлғонойнинг отаси икки томир ошган акамиз бўларди. Буни биласиз!

– Билмай ўлибманми.

– Билсангиз, султон суягини хўрламас, деб остонангизга келиб айб қилибмиз-да!
– Ундай… ундайлар деманг-а…

– Демасак, гапингизга қаранг-да. Ҳали бола дейсиз, ҳали кўнгил дейсиз. Кўнгли ўлгур қўтир бўлмаса, чимилдиқдаям бинойидай топишиб кетади. Ё акам билан Назабулоқ этагида қизғалдоқ терибмидингиз?! Мана – келинингиз, эҳ-ҳий, қудағайингиз, менга аталганида энасининг қорнида бўлган. «Остона супур-сидир» қилинган. Ё у замонлар ўтиб, бизники гуноҳ бўлдими?!

Эшпулнинг гапи Турдихолнинг кўкайига ботди. Кампирнинг қайсар томири тортди. Даллолнинг гапи-да оғзида қолди.

– Қайним-ов! Аёл бошим билан бирор нарса дея олмайман. Менгаям, Тўлғонойгаям Сафар эга! У опасини кимга берса, қизим шунинг ўнгиридан тутади.

Эшпул мум тишлади… Икковининг ҳам қулоғи динг! Тиллари ўз ўрасига чўккан! Кўзлари дастурхон гардишидаги қора мағизга қизил ип билан уқувсизларча тикилган гулга қадалган! Бу ўнғайсиз ҳолат рўзи маҳшар қадар борадигандай! Гуё Исрофилнинг сурини кутишаяпти!
Кирлигидан ёғ босиб тусини, тусига қараб тикилган гулини фарқлаш қийин бўлиб қолган қалпоғини ўнг қўлига олиб, сўлига «қарс-қарс» урмоқчи бўлди-ю, чекинди. Қўшқўллаб ғижимлади. «Беайб Парвардигор. Суяксиз тил бошга бало», деб ғўнқиллаб даллолнинг тили чиқди.

– Чеча, ундай бўлса, Сафарбойни чақирмайсизми?

– Уни Абрай оқирақ ҳайровга олиб кетган. Ҳафта-ўн кунда келиб қолар. Сабр қилсангиз, Сафарнинг жавобиниям оларсиз. Худойимни даргайида ўн кун ўтмай қолмас.

– Ҳимм, шундай денг! – дея чуқур нафас олб кутилмаганда тиззасига қарсиллатиб дўпписини уриб…

– Чеча, сиздай хотин ҳар маҳалда бир туғилса керак. Буям элни обрўси. Ҳали мўйига устара тегмаган улини шунча иззат қилиш. Энди, бу оқил хотинди иши-да! Бўларманнинг боласи еттисида бош бўлар, бўлмағурнинг боласи етмишидаям ёш, деган бурунгилар. Сафарбойям суриқдай йигит бўлибди-да. Кеча қоронғу олиш пайт Жинжакли бозоридан қайтиб келаётсам, Бойиркўлни сойида бир тўда йигит курашиб ётибди. Бирпас туёқдам қилиб, олишни кузатдим. Сафарбойга тирашадигани топилмади. Бизниям томирдан даврагир чиқаркан-ку, деб хурсанд бўлганимдан тишимгача терлаб кетди. Рўзғорингизга Сафарбойни бош билганингиз дуруст. Мен бекорга шаштингиз ҳам, гап-сўзингиз ҳам бир эрча бор, деб айтмадим. Қизғалдоқ катта эл, кўриб-билиб юрибмиз.

– Оғажон, оғринманг, оғринмасангиз-чи! Сиз нима десангиз шу-да. Мен нимаям дердим. Султонман деяпсиз-ку! Илоё султон бошингиз омон бўлсин. Султон оғамдан айланай.

– Тўйни қачон бошлаймиз?
– Энди, Сафарбойни олдидан бир ўтайлик…
– Сизнинг берганингизми, чеча!

Уларнинг гурунги устидан жимлик ғолиб келди. Турдихол кампир бошини шу жимлик эгди. Қайта-қайта бош ирғади…

– Ҳа, қаддингни урғурни чечаси!

Тўлғоной чойнакдан ҳол сўрар бўлиб эшик тирқишидан мўралади. Онасининг кўзи Эшпулнинг оғзида. Қиз томоқ қирди. Яна-яна томоқ қириб, товуш берди. Эшик тирқишидан сўз қанот ёзди: «Ҳу-ув қизгина, ўзим бораман».

Қорақумғон шақир-шуқур қайнар, қопқоғи ўйнар, хушрўй қиз кул титарди. Турдихол кампирнинг ёноқларига кулги югуриб, ёшидан ёшариб чойнак тутди. «Қизгина, чойни дамла! Ҳайитлигингни ейин, сенгинани сотдим, елкамдан ошириб отдим». Тўлғонойнинг муштдек жуссасига минглаб қумурсқалар ўрмалади. Тилидан отилмиш сўроқ тишларининг орасидан чиқмади. Кўзлари «Кимга, кимга?» дея сўзлади. Онаси: «Ўз қонинг ўзингга бўлди, қизим! Қошу қабоғим бўласан. Ҳу-ув пешонамда турасан. Шу қариндошга, қариндошнинг улига бердим!». Турдихол кампирни таний олмаётган қизи онасининг жинжигидан пилаёган Эшпул даллолдан ижирғаниб, ер сингалаганча мўлтираб овоз берди.

– Қондош бўлса-да, ёндош эмас, номуссиз, деб қарғардингиз-ку, эна!

– Олло кечиримли бўлганида, бандасига йўл бўлсин, болам! Кечиримлини Эгамнинг ўзи суяди, суяйди.

– Эна, кечиримли бўлинг, майли! Қизғалдоқда Маши масхарадан бошқа тенгим йўқми?

– Мамашукурбойни масхара дегани уялмайсанми, ҳадемай эринг бўлади. Оғзим бор деб гапираверасанми, – дейишга деди-ю, масхарани Муҳаммадшукурбой дейишга кампирнинг фаросати етмади.

Кампирни остонада «тегмайман-тегмайман» деган ҳирқироқ овозлар қувиб етса-да, парво қилмай ичкарилади.

– Чеча, нима гап?
– Тўлғоной-да…

– Ҳим-м-м… Тегмасмишми… Ҳеч бир маҳалда қиз тегаман деганми ўзи? Қиз тегмайман деб тегади, йигит оламан деб олади. Азалдан йўриғи шундай.

Турдихол хаёл оғушида. Ўз бахти – болаларининг толеидан сармаст. Ҳовлиси бир этак қоракўз қий-чувига тўлса. Тўй-тўйларга уланса, ўғлиям Қизғалдоқда бир одам тенгига ўтса. Гулдай қизни келин қилса, ул келин Турдихолнинг кўнглидан яралса. Армон не билмаса. Бахт дегани бўлса, гул етимларининг пешонасида кўрса.

* * *

Эшпул мол сотадиган одамнинг қўлини силкилаб-силкилаб дилидагини ошкор қилди. Бозорга кирган семиз қўчқорнинг қуйруғидан чангаллаб, «Тўйбоп экан-да!», дея сир берди. Қулоғи оғирга қичқириб, отлига мункайиб, эшаклига гердайиб айтди. «Тўлғонойни келин қилдим!», деб Қизғалдоққа жар солди.

Сафари қариган қиш кунда Қизғалдоқни иккига бўлиб ўтган дамариқда Абрай оқироқ бошчи ҳайровчилардан олдин лойқа сув келди. Сув ҳапқири Сафарбой ҳовлиқиб ҳам қайтди. Қулоғи битиб, боши қотди. Аммо норизолик қилиб оғиз жуфтлай олмади. Онасини койишга тили бормай Эшпул даллолни, Маши масхарани бўралатиб сўкиб, юрагининг черини ёзди. Элни «Эшпул Турдихол кампирнинг қизини келин қилибди», деган овоза тутди.

Неча алплар Тўлғонойга дираялмай тўлин ой билан сирлашиб келаётганди. Уларнинг барчаси кўксини зах ерга, Турдихол эса қизини Маши масхарага берди. Машининг мучали маймунлиги боисми, болалигидан дарахтга тирмашиб юрарди. Элнинг оғзига шамол ўйнатиб Раззоқ миршаб тўйига масхара олиб келди. Масхаралар Қизғалдоқ дарасига дор қурди. Дорда сакраб-сакраб умбалоқ ошиб чопди. Най чалиб, илон ўйнатди. Елкасига маймун миндириб аҳли Қизғалдоқ липасидаги бир тангасидан тортиб сариқ чақасигача шилиб олди. Шу кундан буён Машибой дом-дараксиз…

Кейин кўп бора бодом гуллади, тўкилди, ёнғоқ пишди, қарға олиб қочди. Яна-яна бодом гуллади, тўкилди. Ёнғоқ қарғанинг оғзида кетди. Йўлбарсдан қочган қуён юрт кезиб, эл оралади. Думини ўйнатиб дикка-дикка сакраган қуён қисир чиқди. Ер ориқлаб ит семирди. Кўзини ёғ босган ит ғариб эгасини туянинг устида қопди. Дашт одамлари қатрлаган қавирға бўлиб қолган ушоқ жонлиғини ўрага бутидан судраб ташлади – оғизлар оқлиққа етмай қолди. Эшпўлнинг эса куни туғди…

Бир қарасанг ҳамсая-халойиқнинг эчки-улоғини Жинжакли бозорига қувиб кетаверади. Эртасига Найзабулоқда эшикма-эшик юриб «Ҳув биродар! Молингни ҳаром қотирмай менга бер, пуллаб бераман», деб қора мол теради. Сўнг куни Қорабўриққа карвонини бошлаб кетади. Молни тонг отгунча кўтарганига сотади. Эгасига терисининг ҳақиниям бергиси келмай бўза симиради. Бир қўлида соч толасидай кесилган аччиқ пиёз, иккинчиси иссиқ кабоб билан банд. Оғзини катта очиб омонат тишлари билан ёғли этни сихдан суғирди. Эгилган бошини бироз кўтариб терак бўйи баландликка юзланди-ю «до-о… , до-о… , до-о… , р-р-р… »лаб қотти-қолди. Даллолнинг нима деяётганини унинг кўзлари тикилган томонга қарамаган киши билмасди.

Қўқиб ётган жун бозори-ю чангиб ётган ун бозори оралиғида дорбозларнинг дори бўй кўрсатиб тўрибди. «До-о… , до-о… , до-о… , р-р-р… »лагани билан Эшпўл унга қараб чопмади. Юрак олдириб қўйган. Авваллари ҳовлиқиб борар, дуч келган масхарадан пушти камари – эркатой ўғли Машибойни сўрарди. Энди бўлса узоқдан ўғри мушукдай пойлайди. Масхаранинг кўзларига тикилади, ўзида бир ажиб туйғу туймаса сира бормайди. Бора олмайди. Қайси бир йили, адашмасам тўнғиз йилида Жинжакли бозорида ўйин кўрсатаётган дорбозу масхаралар олдига бориб даллол ўғлини суриштиради. Масхара бўлса «Ота-отажон! Мана мен ўғлингизман, танимадингизми?» деб даврага олиб чиқади. Ва беш-олтита тухумни осмонга отиб алмаштира бошлайди. Тухум эса битта бўлиб қолади. Томошаталаблар ҳам, Эшпўл ҳам ҳайрону лол. Масхара катта ва кенг ямоқдор чалварининг тиззасигача келадиган киссасини тескари қилиб осилтириб, эгнидаги камзулининг ҳам шу аҳволга туширади. Одамлар масхарани кўзбўямачиликда айблаб
бошлаганида Эшпўлнинг елкасига зарб билан бир уради-ю кетидан бешта тухум туширади. Шу-шу даллол масхаралардан қўрқади. Олдига бормай зимдан термулади.

Чолларга эргашиб бозорга келган болакайлар уларга шерик катталар қуршовидаги дор тагидаги оломонга даллол келиб қўшилганида уста дорбоз Масхарани бир шапалоқ туширди-да, дорга чиқа бошлади. Аламзада масхара сохта йиғлаб ортидан дор устунига тирмашди. Дорбоз лангар таёғини олиб дорнинг нариги бошига югуриб ўтди. Масхара эса дор устунларининг айри жойига ўтириб олиб унига рағбат бераётган болаларга юзланди: икки ёноғи қип-қизил олма ранг, қалин лаблари пишганидан ёрилгудек гилос тус, бурни мисоли бемаза бодринг, юқори ва қуйи қовоқлари ғўр олма, кўзларида бир соғинч, бир мунг уфуриб турибди. Уни бўлса қалбаки киприк лашкари тўсиш билан оввора.

Пушти паноҳ – Эшпўл таниди-билди. Ўз зурриёди ер қолиб, кўкда кимсанинг кўнглини овлаяпти. Отанинг меҳри ийиб тикилиб қолганида уста дорбоз дордан икки бора умбалоқ ошиб масхаранинг олдида пайдо бўлиб, лангар таёғини тутқазиб, ўзи қўлларини лангар қилиб ортга қайтди.

Машибой бир-икки-уч қадам ташлади. Лайлак туриш қилиб қанот қоқди. Бир неча бор чумчуқ сакраш қилиб ўйнади. Даллол атрофидагиларига «ҳу-у дорбоз менинг ўғлим» деб гуррайди. Орзиқиб кутилган, Тангридан тиланган дийдор кўзларидан қалқиб тошди. Одимларини тезлаштираётган масхара югурмоқчи бўлди-ю, арқонни эшак қилиб миниб қолди. Дор арқонини қўш қўллаб маҳкам ушлаганча чинқирди. Киприк қоққунча ёнғоқ шохига осилган ўғри қарғадай осилди-қолди. Ёқасидан заранг ерга бир тухум тушиб ёрилиб кетди. Томошаталаб болалардан бир «У алдабди. Ютиб юборган мояги қўйнида экан-ку!» дея қичқирди. Худди у масхаранинг бор фириби енги орқали қўйнига тухум ўтказганини кўргандай.

Дор томошаси шу тариқа тарқаган. Эшпўл Қорабўриқ бозоридан отга мина олмаган ўғлини хуржунининг бир қўнжига тош солиб, иккинчисига Машибойни оёғини тиратиб, киндигини эгарга маҳкам босиб келганини тун қўйнида даллолнинг завжасидан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Бу тақир тарихни Қизғалдоқда Эшпўл, мусичаий безалол аёли ва Маши масхарадан бошқа билмайди-билаолмайди.
Тўлғоной термулган кўзларни куйдирадиган, ойни суқлантирадиган келинчак бўлди. Ой ва юлдузларни булут қамал қилган кеча зимистон бўлди. Тонгга бормай Турдихол кампир уввос тортиб йиғлади. Йиғи оламни тутиб, осмон ҳам унга эргашди. Иккови ўпкасини босолмай, қора ерни азонга қўймай шитта лой қилди.

Турдихолнинг ҳоли танг. Тилини ютган. Не қиларини, не деярини билмай ҳайрон қотган. Нимаям десин, қизғалдоқлик қолиб, Қизғалдоққа қишламоқ учун қўнган қора қарғалар-да бир тунда ўн тўрт кунлик ойни хижолат қиладиган гул қизини «Тўлғоной бузуқ, Тўлғон бузуқ»қа чиқариб, қағиллаб «бузуқ-бузуқ», дея қанот қоқиб кетган.

Сафарбой ер муштлаб наъра тортиб ётибди. Аламдан ўкирганини эшитган кекса тоғларнинг оппоқ сочлари тўкилиб кетди. Олам гумбурлаб чақмоқ чақди. Тўлғоной этини юлиб, ўзини отиб, қон ютиб, кун кўрмай ўтказиб борлиқни кўкартириб юборди. Кампир ҳолига дунёям кул-ди. Яшнади, ёшарди.

Эшигидан ит мўраламай қўйган, эл ўзини олиб қочган кунларнинг бирида бўсағани Бухор мулла босди.

– Турдихол, тузукмисан?

– Мулла ака, Эгамнинг ўзи манглайимни шўр эмас, зуваламни балчиқдан олганми, деб ўтирибман-да.

– Эсипастлик қилма. Ҳали бир кунлар келар, ҳув-ана шунда ношукурлигинингдан музтар бўлиб қоласан!

– Яратганнинг ёруғ куни, бахт қуши бўлса, одам қуриб шериги шайтон жесирни бошига қўнармиди?!

– Тилингга эрк бермай, Тўлғонойингни чақир, ўзинг ҳам бери кел!

Қарға кўрганини чўқиганидай, Бухор махсум ҳам билганича ўқиб, «суфлаб-суфлаб» дамсув ичириб, аччиқ-аччиқ танбеҳ бериб тадбир қилишини айтди.

Кампирнинг патагига қурт тушиб, жинжаклик Мохов фолчига чопди. Фолчи дойрасини чертиб-чертиб кун ботарда кул тутганга чиқазиб, давоси кулранг товуқ эканидан сўзлади ва фақат момо чироқни Манғит қушноч ўтказишини тайин этди.

Тўлғонойнинг пешонаси товуқ қони рангини олди. Сўнг уни жандага солди, олов билан савалаб қоқа бошлади. Қизнинг кўзига қушноч қўлидаги олов қизғалдоқ бўлиб кўринди. Хаёлини онасининг тонги йироқ тунларда айтган эртаги ўғирлади.

Қадим-қадимда бўри баковул, тулки ясовул, қарға қақимчи, чумчуқ чақимчи бўлган пайтда илону чаён ҳам тек эмас экан. У пайтлардаям камбағални туянинг устида ит қопаркан, ғарибнинг пойини пойлаб чаладиганлар бўлар экан. Эй, нимасини айтайин, онангни қози ўйнаса, додингни кимга айтасан, деган замон экан-да. Кичик бир юрт Хоқоннинг мулки экан. Мол-мулкка муккасидан кетган Хоқон атрофидаги эллар орасида низо чиқариб, устига от ҳайдар, бағрига тиғ санчар экан. Тиғ санчишни қўймас, мол-дунёга тўймас Хоқон саройи хотин-халажга, қиз-жувонга лиқ тўла экан. Ўша зўр хизматига шай хуфиялар сон-саноғи йўқ экан. Улар эл оралаб, юрт кезиб, қаердаки ҳусндор қиз бўлса, Хоқонга хабарини етказар экан.

Кунлардан бирида шумқадамлар кўзи бир бечора чолу кампирнинг қизига тушибди. Хоқон хуфиялари ўзини совчи деб айтиб, овчиликка қилганида навкарларсиз юрмаскан. Қизни олиб кетишга келганида чол уларни ўтовига чорлаб, нон-намак тутиб, ўз ўтмишидан достон куйлабди. Йигитлик чоғида Хоқоннинг отасига навкарлик қилиб, бир жангда ўнг қўли қилич зарбидан узилиб, сонига найза санчилиб, яна қайсидир юрт ошганида юзи куйганини айтиб, ёши ўтгач жангу жадалларга ярамай қолиб, олахуржунни бўйнига олиб, қиз кўрганини ва ёлғиз зурриёти шу эканини айтибди. Хуфиялар қизини ул зотга муносиб билгани ва навкарлар келганига мамнунлик билдириб, қизи билан хайр-хўшлаш учун бир тун сўраб ялиниб-ёлворибди. Кекса навкарнинг юзидан ўта олмаган йигитлар саҳарда келишини тайин қилиб, жўнаб кетишибди.

Чол «Куним битган, паймонам тўлган кўринади. Сен қизингни олиб қоч ё яшир», деса, кампири ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, уни ўтмишда кўп кишиларнинг ёстиғини қуритганликда айблаб, «Худойимнинг омонатини қаердаям асраш мумкин?!», деб зор қақшаб, Хоқоннинг қўли узунлиги, қўлидан тиғи узунлигини айтиб, ўз пешонасидан домонгир бўлибди.

Ота-онасининг дардидан воқиф қиз ойдин тун қўйнида кўклам туҳфа этган оқ чечакларни оралаб, чангқовузни «биёв-биёв-биёв»латиб чала бошлабди. Тиззаларига уриб турган оқ чечакларга ҳаваси кетиб, дилини чангқовузга жўр этиб чертавериб-чертавериб, ўзини буткул унутибди. Гулғунчадек лаблари қонаб, оқ чечак косасига томиб, беҳол йиқилибди.

Кўклам тонгининг шабадаси далада ястаниб ётган чечакларни қизартириб юборибди. Қон либосини кийган оқ чечакларни чолу кампир қизғалдоқ қизим деб қучиб овоз чиқаргани, аза очгани олис-олис ўлкаларгаям етибди.

Хоқон юртида «Қизғалдоқ бўлиб яшаётган қиз элда тенг-тенги билан бўлмагунча қайтмас эмиш… Қизлигини соғинган қизғалдоқ эса ҳар баҳор қир-адирларга чиқиб, кишиларга мўлтираб туришиям шундан экан…», деган узуқ-юлуқ гаплар томир отиб оғиздан-оғизга, қулоқдан-кўнгилга ўтаверибди…

Тўлғонойнинг хаёлини сонияга ўғирлаган эртак аста-асталик билан бутун ақлу ҳушини банд этиб олди. Ойнинг тўлин бўлишини, қизғалдоқнинг қийғос очилишини кутди. Кундузи онасига ҳам кўринмайдиган, тунда эса чангқовуз чертиб тентирайдиган одат чиқазиб, «Қизғалдоқман!», деб даъвоям қила бошлади. Кампир қизини жин чалган билиб, фол кўрдириб, кулранг товуқ қони энмаганига йўйиб, кўк улоқнинг ҳам бошини олдириб юрган кунларнинг ойдин тунида Тўлғоной қизғалдоқлар орасида чангқовуз чала-чала ғойиб бўлиб қолди. У ойга йўл олдими, қаро ерга қоришдими, унисини Қизғалдоқ одамлари билмайди.

Турдихол кампирнинг «Ой-куни тўлиб туғилмаган Тўлғоной қизим-ай, билармидинг дунёнинг ўзи шарманда эканлигин? Қорнимга жой бўлган ойқизим, илон эл бўлган, чаён сиққан дунё торлик қилган қизим-ай! Эй дунё, тор қорнимча йўқсан!» деган иддаоларига ҳамма кўникиб кетди. Эл энди биров-ярим дунёдан норизо бўлса, «Турдихол кампир бўлиб кет-эй», дея эрмак қилар одат чиқарди…

Турдихол – бу дунёдан ҳам қари кампир аёздан кўкламни, кўкламдан қизғалдоқни, қизғалдоқдан қизини илҳақ кутади. Ойдин тунда чангқовуз чертиб, «Қизғалдоқ бўламан!», деб йиғлайди. Сафарбойнинг бир этак неваралари кампирнинг кўзидан Қизғалдоқни яшириб сарсон. Улар томлар устида, деворлар бўғотида ўсган азалги оқ чечакларни олиб қочса, «қизғалдоқни босма-эй! Ўз бағрини тиғлаган қиздир у!», «қизғалдоқни юлма, қон йиғлаган қиздир у!», «Қизғалдоқ гул қизим-ку!», дея Тўлғонойни йўқлай-йўқлай тили ич-ичига тортиб кетади.

Кампирни «ана кетди-мана кетди»лаб болалари «чопҳа-чоп»га тушиб қолади. Мулла Махсум кампирнинг кафтига кафтини қўйиб калима қайтариб ўтиради. Кампир не маҳалга бориб, яна «Тўлғоной келдими?!», дея туради. Болалари ўпкасини босиб олади – ўз юмуши билан андармон бўлиб кетади.

Тол туш Қизғалдоқнинг осмонидаги қуёш тик келиб, соя бермай қўйган палла. Кеча тили тортиб кетган Турдихол кампир тўрт оёқлаб том олдига ўрмалаб борди. Умидвор бўлиб олис-олисларга қаради-ю, икки одим нариниям илғай олмади. «Қизғалдоқ, Қизғалдоқ, Тўлғоной, Тўлғон-ҳов», дея товуш берди. Товушини кампирнинг ўзиям эшитмайди, дунёдан умидиниям узолмайди. Ўзи турган тақир ердан эмаклаганча қўллари билан пайпаслаб қизғалдоқ излайди…

ТАШВИШИ ЙЎҚ ОДАМЛАР

Бозирган чавандоз доғда қолди…

Қизғалдоқнинг адоғидан кўндалангига Тагсарой оқади. Тагсаройнинг кунгай бети қари лалми (эл шундай атайди), қибласи сувот — таёқ суқсанг барг ёзади. Замони чархифалак бўлиб кетган бу кунда қози ҳам, миршаб ҳам, дўхтир ҳам тиш-тирноғи билан ерга тармашган. Ерга етмаганлари молиниям, жониниям бозорга урган. Бозорга бор — бахтингни кўр. Бахтини ниманинг эвазига кўради, бунисини ўзлари билишмаса — биз билмаймиз!

Майдақадам моданинг устида ўз майлида тебраниб бораётган мана у жинқарча Бозирган чолнинг невараси. Ҳув-в, ана у чайла эса Бозирганга, тўғрироғи, унинг кенжаси — Эшбой эшчига товин. Эшчининг эш чангаллаб косаси оқармаган чоғи рўзғорга томчи деб пиёз эккан. Экканда ҳам сидирғи экмаган, “Аччиқ бўлса, харидорини ўзи топади”, деб дамига ош пишадиган Жолпон хумга уруғ септирган. Аччиқ бўлишини билмадиг-у аммо уруғнинг ярми куйиб кетган чиқади. Сийраккина кўклабди. Сийраклиги Эшчининг умидини янада жонлантирди: “Ҳали кўрасиз, чумчуқнинг калласидек эмас, муштдай-муштдай пиёз бўлади!”.

Муборак ошёнидан судралиб чиққан чавандоз шу чайлани ўзига ватан тутган. Неча вақтдирки, неварани айтмаганда исми одам билан гаплашмайди. Кундизлари сояни итга бермайди. Кечалари эса киприк қоқмайди.

Ўғли келди. Ўтинди…
Келини келди. Ёлворди…
Қизи келди. Йиғлади…

Бозирган чол ўзини мисли кўлвор чоғлади. Мезон қуёшида тобланиб, шамолига кўкрак кермоқчи бўлди.

Уйига қайтмади…

Кўкламдан мезоннинг адоғигача пайкалу қишлоқ орасида шу жинқарча сарсон, Майдақадам сарсон.

Чолнинг айтарга баҳонаси бор — пиёз мезонни емаса, шунча тоат-ибодат бир пул. Чириб кетади. Гап пиёзда ҳам, мезон шамолида ҳам эмас, ўғлининг зуваласи бўшлигию келиннинг бироз уқувсизлигида!.. Бўлмаса қуш чўқимайдиган, жонлиққа эт битирмайдиган аччиқ пиёзнинг бошида нима бор, бу “иткасал”га!

Ўтган қишда Бозирган чол неварасига тўй бериш тараддудида эди. Оғзидаги тишидай сийраклашиб қолган узангидошларини бозорда кўрадими, мозорда кўрадими, дўқ уриб: “Неварамга тўй бераман! Кўпкариси катта бўлади! Отга қарашинг!..” дер, бу гапларига кўнгли тўлмай: “Улларни ҳам олиб келинг! Ота қадрдонларни топиштириб кетайлик! Тил топишса, оға-ини бўлиб қолар. Топишмаса, укасининг қорнига!” дея қўшимча қиларди. Унинг бу гапларини қайта-қайта эшитиб безор бўлган чолларнинг айрими ўзини гарангликка солиб қолганди.

Чавандоз бир сафар ўзини гарангликка олган Ташман туянинг қулоғига:

— Бозирган ўзи битта тўй беради, катта, — дея қичқирди.

— Ҳў, боди. Қулоғимни тешдинг-ку! Сен неварамга тўй бераман деганингда, менинг тишим чиққани йўқ эди, — деб милкини кўрсатди Туя.

— Юким ерда қолди-ку, ошна! Шу йил қор тушсин, тўйни бошлайман, — деди Бозирган ошнасидан ранжиб.

Чолнинг юрагини ҳаприқтириб келган қишнинг аввалида кампири унинг тонгдаю шомда, кундаю тунда тайинлаб келган калимасини канда қилди. Қўзигул Бозирганга маҳрам бўлиб, айтганини бажармаган бўлса, шу бўлар, яна билмадик. “Ортимда қоласан”, деганига қарамай, жонини Жабборга топширди-қўйди.

Неваранинг тўйи қолишга қолди. Аммо кўп ўтмай элни: “Бозирган чол уйланармиш”, деган гап оралади. Улус чавандознинг бошини икки қилишга кўпам шошмаган. Гўё Қўзигул кампирнинг кўкаришини сабр билан кутган, кўкламга илҳақ бўлгандек кўринади. Кун қизиган сари гап-сўзлар урчиб кетди…

Чавандоз уйланса уйланибди-да, шунга нима: осмон узилиб ерга тушармиди?! Кампири ўлиб уйланганлар Қизғалдоқда камми?! Биргина Ҳайит ланги учинчи хотини ҳам жувонмарг кетганидан кейин уйланмаган, уйланолмаган. Негаким, оғзига кучи етмаган икки-уч кампир жаназада ўтириб, ёмон бир матал тўқиган. Изига ўзлари тўқиган маталдан чўчиб, бундай бўлса: “Лангида хотин турмайди”, деб лаб тишлаган. Кампирлар лаб тишлагандан сўнг қайси аёл юрак бетлаб Лангининг ўнгиридан тутсин. Уйи синган аёл бордир, аммо жондан тўйгани, жонидан тўйгани йўқ!..

Яна Ҳалдав посон уйланганидан сўнг соқолини анбарлаб арига талангани-ю, Орол карга ўғиллари қолиб, қизи хотин топгани ҳам бор гап. Яна…

…Яна Эсонбой оқсоқол икки ўлиб, уч уйланган. Эсонбой оқсоқолнинг “ўлиб-тирилишлари” ва уйланиши Бозирган чолнинг кечмишига соя солмайдиган маҳшар қадар давом этадиган гурунг. Ундан кўра хотинининг жойи савимай туриб уйланган Толмас морбоз эл ичра машҳур, музофотда донгдор.

Толмас морбоз чўгирма телпак кийганича бор экан. Эл оғзига элак тутди. Дангалини айтсак: “Мисқол девдай йигитнинг умрини ўғирлади-я!”, “Мисқол тумса”, деганларнинг оғзига чўгирмаси билан урди. Мисқол ўғилли бўлиб, чилла тутди. Қолаверса, Морбознинг қулоғи том битганида, оғаларидан кўра Авазнинг: “Тўрт кунлик меҳмоним отам! Меҳмон бўлиб тўймаган, дунёю қўтирда ҳеч вақони кўрмаган, армонлари бағрин тиғлаган… отам-ов, отам!” деганлари элнинг эсидан чиққанича йўқ.

Гўяндаларнинг гурунг беришича, Аваз қўшиғини кўнгил учун айтмаган. Ҳар “отам-ов, отам!”, деганида сабзи тишлаган. Билингки, отасини йўқлаётган Авазнинг уртда сабзи бўлган. Ундан ранжиган аканинг кўкайига шу гаплар келди: “Ўв-в энаси қисир! Энам отамнинг қўйнида йўқ эди. Мен отамнинг эсида йўқ эдим. Нега бунча зор қақшайсан?! Мисқол макрзаннинг арзандаси! Отам ўлган бўлсаям, сенинг бошингни силайдиган Макрзан бор-ку! Энамнинг қора босиб ўлганини билсанг, юрагинг ёрилиб ўлар экансан! Эй, садқайи эна кет!..”
Аммо тилига кўкайидаги эмас, кибри кўчиб, томоқ қириб, укасига юзланганча:

— Ҳў-в, Аваз! Отамиз-ку ёшини яшаб, ошини ошаб ўтди. Бу ёшда кўчганники тўй! — деди.

— Сизларга тўй бўлса, тўйдир. Бизга аза, — дея Морбоздек босиб тикилди Аваз.

— Авазбой, майли, сенга аза бўлса, азадир! Лекин: “Армонлари бағрин тиғлаган…” деб бўзлаганинг нимаси! Отамизни доғда қолди, деб ким айтди сен тирмизакка! — деб ториқди ака.

— Эр етган кишига биров айтиши шартми! Отам ҳар оқшом арғамчиқопини томорқанинг этагига қоқарди. Кейин менга най чалдириб, теваракка мордек тикиларди. Мен най чалардим. Отам эса “Мен оёқ узатар бўлсам, сенинг ҳолинг нима кечади, Хунхорнинг султони!” дерди, — деб ер тепди Аваз.

— Хўп, майлига, сен сари борайлик, Авазбой иним, султон иним! Очдан ўлдингми! Бизни номусга қўйма… Ё сабзи е, ё отам де! — деди ака қаҳрланиб.

— Сабзимниям жиябераман, отам-ов, отам, деябераман! — дея акасига тиззинглади Аваз.

Боланинг бетга чопарлигидан ғазабланган ака қулоқ-чаккасига қўйиб юбормоқчи бўлиб қўл чўзди-ю, титраб кетди. Акага тикилиб турган кўзлар уканики эмасди…

Қўрққанидан майит ётган уйга юзланди. Дафъатан қулоғида отанинг хеш-ақрабларига айтган сўнгги гапи янгради: “Авазқулнинг бурнини қонатманглар!”.

“Армонлари бағрин тиғлаган!..” деб бўзлашда давом этди Аваз. Аканинг меҳри ийиб, уканинг бошини силай-силай, “Отам-ов, отам!” деб жўр бўлди. Ич-ичидан титраб, кўзларидан тирқираб ёш отилди. Чопонининг ўнгири билан улусдан юзини яширди ва Авазга деди: “Нима десанг ҳам сенга можна, Хунхорнинг султони!”

Чолни уйлантириш Қизғалдоқнинг эсида ҳам йўқ пайтда жинжаклилик: “Бозирган чавандоз соқолини боғлаб нон ёпармиш”, деб айтган экан.

— Чолнинг соқолини боғлаб нон ёпганини биринчи қизи эшитган. Келиб келинини қарғаган, сўнг ўғли эшитиб ҳайрон бўлган. Бозирганнинг ўзи эшитиб, “Шундай дейишибдими-я, қисталоқлар”, деб қаҳ-қаҳ отиб кулган ва индамай уч-тўрт кун ўғлининг оғзига қараган. Ўғли тиш ёрмагач, чол тўнини тескари кийиб олган, — деди билгичлар.

Чавандознинг нон ёпган-ёпмаганини ўғлиям, қизиям билмайди. Гапнинг ростини қайнота-келин ҳеч кимга айтмади.

Бозирганнинг назарида, атрофидагиларга бир бало бўлган. Худди у сағир қолгандек, ачиниб қарашади. Юпатиш учун нималарнидир ўйлаб топади. Ўғли ишдан кеч қайтса ҳам, унинг олдига киради, уёқ-буёқдан гапирган бўлади. Ҳеч гап топмаса: “Экология ёмон, иқлим ўзгариб кетди, ҳозирги келинлар нозик”, деб дийдиё бошлайди. У туғилганда онаси азоб тортмагандек. Гўё отасига шулар қизиқдек.
Авваллари саломини эплаб беролмайдиган келини ҳам энди унга матал айтади. Ҳай-ҳай демаса, бозорга борганию бодини кўрганидан бошлайди. Бир гал шундай ҳам бўлганди: — Эртага ис куни, — дейди келин қайнота ўтирган сандалнинг бир кунжагига ўзини уриб.

— Шундаймикан? — дейди чол саноқдан адашгандек.

— Бозорга боргандим. Мой олдим, — дейди келин қойил қилгандек сандалга чуқурроқ кириб.

— Яхши-да, яхши-да, — дейди чол кумуш қошларини силаб.

— Бозор куйиб кетибди, — дейди келин бамайлихотир, — мой одамнинг хунига тенг!

Қайнота чуқур уҳ тортди. Тишни-тишга босгиси келди. Бундан сўнг яна шу тахлит суҳбатларга чидай олмаслигига кўзи етди. Сандалдан чиқиб ўтирди.

— Бозорда сенга бало борми?! Эшчи мой олиб келмай номаъқулнинг нонини ейдими? — деб товушини баландлатди қайнота. Келин ўзини эшикка урди. Чол унинг ортидан: “Яна бозор борсанг, бил, қани, Бозирганнинг хунига қанча мой берар экан”, деб қолди. Келинидан ранжиганиданми ё бошқа бир сабабданми, негадир хаёлига раҳматли кампири келди. Муштдек момо эди. Ўзини ўтга-чўққа уриб пилдирабгина юрарди…

Қўзигул кампирнинг ажойиб одатлари бор эди. Бундай одатлар… Фақат унга, фақат шу кампирга ярашарди. Чавандоз биров-яримдан дили хуфтон бўлса, бас, тилини ютиб қўяди — ҳеч кимга лаб жуфтламайди. Охири бир куни ичи пишиб, завжасига ёрилади. Агарки у дилозор мардум хеш-ақрабларидан бўлса, албатта келиб Бозирганнинг кўнглини оларди. Ёт бўлса-чи? Ёт бўлса ҳам, кампирнинг жавоби тайин эди. Чолни “қутирган туя қопганда” ҳам шундай бўлганди.

Ўшанда чол азбаройи гузарга Майдақадамга арқон олгани борганди. Нимага боргани ҳам ёдидан кўтарилиб, уйига қайтди. Майдақадамдан тушай деса арқон йўқ! Модани остонагача ниқтаб бориб:
— Гунафша, — деди чол.

Отанинг овозини эшитиб ташқарига чиққан ўғил худди бошидан мушт егандек гангиб қолди:

— Падарига лаънат, макимия! Сен уйда курк ёт. Мени қутирган туя қопсин, — деди ота.

Эшчи ҳам анойи эмас. Майдақадамни миниб кўздан панароққа кетмоқчи эди, аммо чол кўнмади, устомонлик қилди. Ўғлини тақимига босиб сўккиси келди:

— Энанг йигирган калавадан олиб чиқ, — деди баттар тутақиб.

Майдақадамни невара миниб турди. Кампир, ўғил ва келин ип пишитди. Чол пишиб келаётган ипни эшди. Агарда кампир: “Ақрабнинг муддаоси ниш урмоқ, хоҳ дўст кўксига, хоҳ душман орқасига”, демаганида, ип пишигунга қадар Ташман Туяни ҳам, унга қўшиб ўғлини ҳам сўка-сўка Бозирганнинг ўпкаси пишарди.

Чол кампирнинг гапидан сўнг юмшади, нафас ростлади. Аввал арқонни қулочлади. Кейин икки-уч қатлаб, оёғи билан босиб тортиб кўрди. Пишиқ арқонни маҳсисининг қўнжига уриб:

— Бир тўй берайлик, кўпкарининг завқига нортуялар ҳам маст бўлсин! — деди.

Келин чолнинг бу итфеълини бугун кўргандек, лаб буриб нари кетди. Қирқ йилдан бери отанинг сўкишини эшитадиган ўғилга негадир шу тобда алам қилди.

— Соқолига оқ оралаб ҳам шу одатини ҳеч ташламади-да, момой?! — деди онасига.

— Энди, эски дард-да, болам, нима ҳам қилай…
— Мазаси йўқми?!

— Иткасал-да.
— …

Арқоннинг бир учини ўғлига бериб, тортса ҳам бўларди. Аммо бундай қилмайди. Негаки, ўғлига ишонмайди. Тўю катта-а кўпкари беришнинг сабаби ҳам асл шу ишонмаслигида! Кўнглидаги бир “аттанг”и борлигида! Чол кампирини ўзига қанчалик яқин тутмасин, бу “аттанг”ни унга билдирмайди. Бироқ… бироқ бу “аттанг” кўп йиллардан бери ич-этини ейди; ичига ҳам сиғмайди, бўзлатади! Кексарган сари авжига олади.

Бир гал ошнаси Эсонбойга (ҳа, айтганча, унда оқсоқол — оқсоқол бўлмаган, эл қатори Эсонбой эди): “Зотимдан кўкрак кериб даврага кирадиган чиқармикан?” деган. Ошна ўзини эшитмаганга олган. “Чиқмайди”, деб Бозирганнинг яна ўзи тирғалган. Эсонбой эса боз устига тиш ёрмаган. Чавандознинг марсингиси, йигитлик даврини эслаб мақтангиси келган, чоғи, бор гапни ўзи айтган.

— Бўз йигитлигимда “чавандоз” деб ном кўтардим. Элнинг олдидан ўтдим. Кўп сулув қизларнинг кўнглигига ғулу солдим.

— Ҳа, шундай бўлганмиди, — дейди ошнасининг гуппайганидан завқланган Эсонбой.

— Кексалар: “Тулпор — биядан, алп — энадан! Полвон, келиннинг дуркунгинасидан олинг”, деса, ўйин билибман! Қўзисига, Қўзигулига ошиқ бўлибман, — деган виқор билан Бозирган.

— Отиям Қўзигулмиди? — дейди ошнасининг баттар завқи келиб.

— Шундай. Ҳар замонда зоту палагимни ўйлаганда оти эсимга келмаса, ёдимдан ҳам кўтарилаёзган.
— Нега?

— Шу қаллиқ ўйинга борганимда эрмакламоқчи бўлиб отини сўрагандим, “Гунафша” деди кўзлари жавдираб. Олдинлари ҳар Гунафша деганимда шу кўзларини кўргим келарди. Кейин ўрганиб қолдим.

— Илгари бир подшонинг арзандаси ҳам бақанинг кўзига ошиқ бўлган экан, — деб ўзини тутолмай кулади Эсонбой.

— Бас, бўлди қил! — дейди кулгига чидай олмай Бозирган.

— Бўлмаса, нега шалвирайсан! Ойпарчасини олганингда ёзиғинг бошқача бўлиб қолармиди? Девникидек гавдангга, мешдек қорнингга Қўзининг эркалиги сиғмабди. Ойпарчанинг эркалигига ёрлиб ўлар экансан, чавандоз, — деди ошна.

Шундан буён Бозирган ошнаси Эсонбой (йўқ, энди эл таниган Эсонбой оқсоқол) бор давраларда елкасини қисиб ўтиради. Бу гурунг олис замонда қолиб кетганига ишонмайди. Оқсоқол гапирганда оғзига термилиб туради. Худди унинг қаллиқ ўйинга борганидан айтиб қоладигандек туюлади. Кулганида-ку, минг ўлиб-тирилади. Бўлмаса, оқсоқол оғзига маҳкам одам. Гурунг бергани кўрган-кечиргани ҳам кўп. Барибир, барибир чавандоз ошнасидан “айтиб қўймасмикан” деб чўчийди-қўрқади. Қўрқувки, “Ҳайит ланги ҳақидаги маталдек тус олса нима бўлади”, деб ўйлайди-да! Ланги ҳақидаги матални шу биргина Ланги билмаслигига фаросати етмайди.

Кампирни чиқарган куни ёмғир аралаш қор ёғди. Азада қари-қартангнинг кўпи қатнашмади. Қиш ўз оти билан қиш-да. Бир кун қор ёғса, икки кун қовоқ солади. Кун йилт этса, Бозиргандан кўнгил сўровчилар келиб-кетиб туришади.

Чавандоз ўзини шу пайтгача қирқ йигитнинг бири чоғлаб, кексаликни бўйнига олмай келарди. Мана, кампири қайтиш қилганидан бери анча сезилиб қолди. Гарданини чўзиб гапирганди. Қиш ўчоғи тор келди. Бурнига сув кириб, маишати танг бўлиб қолди. Таҳорат олай деса, сув йўқ. Ўзининг айтишича, “Олло, демоқ осон бўлмаяпти”. Бир куни аччиқ устига ях сувдан ишлатганди. Тиш оғриғини топди. Сандалнинг бир кунжагида “Ихлос”ни зикр этиб ётганди, кун юмшаган экан, жағини боғлаб ҳовлига чиқди. Қараса, обтова тарновдан тушаётган сув билан тўлиб турибди. Товани олиб, ўчоқ боши томон борди. Ўчоққа ўт қаланмаган. Аммо тандирда учаёзган чўғ — иссиқ кул бор экан. “Обтобани қўйсам, асрга тайёр бўлади”, деб ўйлади. Товани жойлаштиргунча, тандирда бир кулчанинг синга бўлиб пишиб турганини кўрди. “Оламан”, деганди, кулча кулга тушди. Кейин бағрини тандирга босиб узалди, кулчани олди. “Пуф-пуф” қилиб кулдан тозалаётганди, унинг қилаётган ишига “ҳанг-манг” бўлиб қараб турган икки кампирга кўзи тушди. Уларнинг тикилиб турганидан хижолат бўлди. Нима қиларини билмай, кулчани тандир устида қолдирди. Катта-катта қадам босиб тиллахонага қараб юрди. Келини чиқиб, кампирларга эгалик қилмагунча кўзга кўринмади.

Уйга кирди. “Шу кунда кампирларга зарурмикан”, деди ўзига-ўзи. Хеш-ақраблари орасида бундай қизаргани йўқ. Қуда-андаларининг ичидан излади, топмади. Бирини танимади, бирини эслади. Жинжаклидан, Ташман ошнасининг, шу ўзимиз билган Ташман туянинг синглиси. Дуркун қиз эди. Моядек кампир бўлибди.

Майдақадам қорни чизгандек, гурпиллаган тупроқни чизиб, чангитиб чайлага яқинлаган сари, тобора қишлоқдан узоқлашади. Невара олисдан чайлага термилиб келади. Бобо кўринмайди. Бола бундай пайт ўз билганича ўйин қилади. Эшакка тескари миниб савалайди. Чоптиргиси келади. Майдақадам лақабига муносиб қолаверади. Бола моданинг устида тик туради. Қўлларини лангар қилади. Бу ишидан ҳам кўнгли тўлмай, қўшиқ хиргойи қилади:

“Минган отинг бўз бўлса…”

Бобо бунинг барини билиб ётади. Ҳар куни унинг келишини интиқ кутади. Қўшиғини эшитиш учун то чайлага етгунча бош кўтармайди. Боланинг келиб бажарадиган биринчи иши бобога “узум” беради. Кейин уйида асал борми-йўқми, ҳисобга олмай, асал еганидан гапиради. Бобоям бўш келмайди. Тарвуз ё қовун сўйиб беради. Доимги гапини такрорлаб қўяди: “узум”дан Эшчига ҳам узат, тили ёрилсин!”
Чавандознинг “Эшбойга тил битса! Ота, уйланасизми? деб сўраса”, дея ўйлаб ўғлининг йўлига тикилганида саратон тунлари узун, тонглари олис бўлди. Ўғлини кута-кута ота қушуйқу бўлиб қолди. Мана, кўз юмса ухлайди, ютинса уйғонади. Ухлайди-уйғонади — уйғонади-ухлайди…

Қани, энди унга тил битса! Бозирганнинг уйланишга чоғи ҳам йўқ. Аммо шу одамларнинг гап-сўзи босилармиди?! Гап-сўзи босилмасаям майлига! Шу момоқиз жуссасидан домангир бўлиб кетмасмиди? Ҳеч бўлмаса, ҳеч бўлмас, “остонам совчи кўрган”, деб ўзини овутармиди. Қани, энди Эшбой эшчи тиш ёрса! Бу гапни дамғирдалик қилмай, чавандоз айтса ҳам бўлади. Аммо Эшчи юрак бетлаб боролмайди, дея хавотирланади. Гап унинг ўзидан чиқса, бориши мумкин. Чумчуқ бўлса ҳам нари-ку!

— Қани, Эшчига тил битса!

Бола кечаги, олдинги кунги, йўқ, аввалги кунги бобо ўргатган: “Бедананинг ётар жойи хас бўлар, мезон кирса, тарғил морлар маст бўлар” қўшиғини айтмади. Бобо: “Чол ўлса қозон-қозон ош бўлар, кампир ўлса, баланд тоғлар паст бўлар”, деб давом эттира олмай қолди.

Неваранинг қўшиғи бугун ўзгача эди:
“…ўнг жилови соз бўлса!”.

Бобо қўшиқни давом эттира олмади. Аммо олис йиллар ёдига тушди.

…Бола эди. Бобосининг бўз оти бўларди. Уни отаси ана шу бўз отга миндириб етаклаб юрарди. Бозирганнинг отдан ҳеч тушгиси келмасди. Ўзи тушмагунча бобо ҳам туширмасди… Бозирган чол бола эди…

…Бозирган бола ширялонғоч бўз отнинг устида. От уни олиб қочяпти. У бўзнинг ёлидан маҳкам тутганча дод солиб боряпти. Чоллар томларнинг устида ўтирибди. Кампирлари кўчада урчиқ йигиряпти. Норғул-норғул йигитлар томга соялайди. Бозирган уларнинг жуссасидан қишлоқдошларига, хеш-ақрабларига ўхшатди. Аммо танимади-таниёлмади. Барчаси тинимсиз гапиради. Гапирганида уларнинг тили бир-бирига суворийнинг қиличидек тегади. Чарсиллайди, қайралади. Бирор мардумнинг юзи кўринмайди…

— Бува, — деди Майдақадамдан тушмай невара. Бобо жим ётаверди. Бола такрор-такрор чақирди.

Бўз тиним билмай чопади. Бозирган от ёлдан янада маҳкам ушлайди. Қаршисидан бир гала бола кўринди. Ҳаммаси жинқарча — жинқарчанинг ўзгинаси! Улардан бири қўлоч ёзди, бўзнинг йўлини тусди.

Бола дафъатан онасининг: “Мезон ўтди. Шу ётиши бўлса, иткасал буванг чайлада ўлиб қолади”, деганини эслади. Чинқириб йиғлаб юборди. Ўзини чолнинг устига ташлади.

— Бува-а-а!
Улар ўпкасини босаолмасди.

90 Bozirganning nazarida, atrofidagilarga bir balo bo‘lgan. Xuddi u sag‘ir qolgandek, achinib qarashadi. Yupatish uchun nimalarnidir o‘ylab topadi. O‘g‘li ishdan kech qaytsa ham, uning oldiga kiradi, uyoq-buyoqdan gapirgan bo‘ladi. Hech gap topmasa: “Ekologiya yomon, iqlim o‘zgarib ketdi, hozirgi kelinlar nozik”, deb diydiyo boshlaydi.

O‘rolboy Qobil
TELEFONDA TOPGAN UKAM
04

Adib Nurilla Chori bilan shaxsan tanish emasman. Lekin telefon degan beminnat dastyor bois hafta, o‘n kunda so‘zlashib turaman. Suhbat asnosida bir ikkita hikoyalarini o‘qiganimni, ayniqsa “Yoshlik” jurnalida chop etilgan “Qizg‘aldoq”g‘i menda yaxshi taassurot qoldirganini aytaman.
Albatta maqtovlarim ukamizga ham yoqadi , shekilli, “rahmat” deb siylab qo‘yadi.

Nurilla Chorining ijodi haqida matbuotda iliq fikrlar aytilgan.

Mana o‘shalardan bir nechtasi:

Adib Nazar ESHONQUL:
Hikoyaning tili samimiy, ifodalar aniq, jumlalar rangdor, so‘zlar bo‘yoqqa to‘yingan. Xalqqa xos tesha tegmagan iboralar, maqollar o‘rinli, katta yozuvchilarga xos tarzda, poetika bilan, jaranglab turgan holda ishlatilgan. Oddiy bitta chizgi bilan qishloq odamlarining to‘laqonli qiyofasi va fe’l-atvorini bera olganki, bu holat yosh adibdan ko‘p narsa kutish mumkinligini va’da qiladi.

Tanqidchi Ahmad Otaboy:
Oldin ham Nurilla Chorining ikki-uchta hikoyasini o‘qigandim. Harqalay,yomon emas, yozilaverib siyqasi chiqqan gap-so‘zlardan qocharkan, xalq so‘zlashadigan jonli tilda yozishga urinarkan, bu yaxshi, degan fikrga borgandim. Bu hikoyasi ham, shu ma’noda, binoyiday. Nega desangiz, hikoyalargina emas, ayrim qissalar, romanlar rasmiy-idora tilidan deyarli farq qilmaydigan tilda yozib tashlanayapti

Adabiyotshunos Sa’dulla QURONOV:
Nurilla Chori jo‘n asar yozmaydi. Bazi yozuvchilar varaqlab yozadigan g‘oyani u bir jumlada bera oladi. U soddalikka, hamma uchun birday tushunarli asar yozishga urinmaydi ham. Bu hikoya qisqa qilib aytganda, qarilik fasli, keksalikning o‘ziga xos ruhiyati haqida ekan. Hikoyada Qashqadaryo vohasi chollariga xos xarakter chizgilari, urflari, kayfiyati aks etgan.

“Xo‘sh, hikoya o‘zi nima va bu asar hikoya talablariga javob beradimi?”, deya nazariy savol qo‘ysak, albatta, “javob beradi” deymiz. Deylik, roman g‘oyaviy-badiiy maqsadiga ko‘ra katta bir ijtimoiylikni yoritishni, qissa qahramonni taftish etishni, hikoya esa voqeani ko‘zlaydi.

Kaminaning yuqorida aytilganlardan oshirib biror juyali fikr aytishiga ehtiyoj yo‘q deb o‘ylayman. Ammo, o‘zlarining “jonli” tilda bitayotgan hikoyalari bilan allaqachon muxlislar e’tiboriga tushayotgan Bahodir Qobil, Xoliyor Safar, Anvar Suyun, Jasur Kengboylar qatorida Nurilla Chorining ham borligini aytmoqchi edim, xolos…

Nurilla CHORI
IKKI HIKOYA
04

08Nurilla Chori 1983 yilda Yakkabog‘ tumani Izilloq qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. Uning hikoya va adabiy maqolalari turli gazeta va jurnallarda chop etilgan. Shuningdek, yosh ijodkorlarning “Oltin ko‘prik” to‘plamidan o‘rin olgan. Adib ayni paytda “Yoshlik” jurnali bosh muharriri o‘rinbosari bo‘lib xizmat qilayotir.

04

QIZG‘ALDOQ

Turdixolning eri askarlikka ketdi-yu, qaytmadi. O‘lik-tirigidan darak yo‘q. Yesir boshi bilan ko‘zining oqu qorasi bir o‘g‘il, bir qizini elga qo‘shaman, deb yoshini yashamay, yalmog‘izning singlisiday qaridi-qoldi. Bu orada ochiq boshi ne bir malomatlarga qolib, taqdirining issiq-sovug‘i yuziga chang solib, izg‘irin shamollari sochini yuldi. Yelkasidan qamchi yeb, tovoni yorildi. Ammo kimsaning eshigidan mo‘ralamadi, birovning o‘ngirini ushlamadiyam.

Qizg‘aldoq – keng dara. Qishloqning kalulog‘i Turdixol, yemagi makkajo‘xori, no‘xat bo‘ldi. Og‘zi zog‘arayu yovg‘on oshga yetib turdi. Qizini nomusi, o‘g‘lini ori bildi. Tunlarni uzundan-uzoq ertak aytib tonglarga uladi. Ertaklarida yuragi yoldor botir yigit musofir yurtda adashib, o‘z tuprog‘iga qayta olmay darbadar kezdi, keksaymadi. Bitta, o‘nta, mingta ertak aytdi. Barchasida – shu ko‘zlari cho‘g‘ uzoq safardagi yigit!

Sag‘irlarini dam-badam ilingan it qopib, eshak tepib turishi yetmaganiday toshga turtinib, kesakka surinib ulg‘aydi. O‘g‘li o‘g‘il bo‘lib, qizi qiz bo‘ldi. Endi Turdixol kampirning eriga erkalik qila olmay, boshqalar og‘zida ermak bo‘lib o‘tgan yillari unut, yaralari but.
Qizg‘aldoqlik yigitning bari Turdixolning qiziga oshiq, beqarorlariyam kam emas. Ular o‘zlaricha talashib-mushtlashib yurdi. Qizi qurmag‘ur qizg‘aldoqlikman deb ko‘ksiga urib yurgan ko‘plarga ko‘ngil bermay sarson-sargardon etdi. Hatto qosh qoqish nari tursin, bir bora qiyoyam boqmadi. Eshik qoquvchilar, ostona hatlab qizni so‘rovchilar ko‘paydi.

Ohorsiz ko‘ylagu ro‘mol orasida To‘lg‘onoy qiz to‘lgan oydan-da suluv! O‘sha xushro‘yning onasi Turdixol ahli Qizg‘aldoqning biroviga singil, boshqasiga jiyan, yana biriga checha bo‘lishini kun o‘tib mana, endi biladi. Jelagini sudrab bo‘sag‘asini hatlagan xotin borki, “shu qizgina begona bo‘lmasin” deb keldim deydi. Turdixol qizginaning hali “bir tovoq unni elab uddasidan chiqolmas”ligini aytib javobini bersa, “Seni odam bilib keluvdim! O‘zimga teng ko‘rib adashibman! Attang! Turgan turishingga qara, dimog‘ingga tushgan qurtdan o‘rgilay!” deb eshikni taraqa-turuq yopib, qo‘nqillab ketganlar ko‘paydi. Kelib-ketarlar odam topilmasa, soyasi bilan so‘zlashib, to‘ymaydi.

Turdixol shu pichir-pichirlardan qo‘rqqanidan mard ketdi. Yo‘g‘-a, mard ketmadi, mo‘rt ketdi. “Jesirga sovchi ayol bo‘ladi. Qizginani so‘rab kelguvchi er bo‘ladi-da, endi!”. Tilidan chiqqani yoqasiga yetmay ostonasida Eshpo‘lat dallol ko‘rindi. Qizg‘aldoqda kim ot sotar, kim mol sotar, kim duldul, kim xo‘tik olar bo‘lsa, shu Eshpul dallol narx bichadi. Baraka olib, baraka sochadi. Sotguvchi ham shu, olguvchi ham shu Eshpul!

* * *

Eshpul choyni issiq-issiq ho‘pladi. “Shashting bir ercha bor, checha!”, deb Turdixolni ko‘ylagiga sig‘dirmay, ko‘klarga parvoz ettirdi. Ayol qushday bo‘ladi. Qushdaygina bo‘lmaydi, ayol asli zoti qush bo‘ladi. Uchsa qo‘nar joyini bilmay qoladi.

Parvoz qushga yarasharkan. Ayol aslo uchmasin ekan.

– Checha, choyni kim damlagan?
– Kim damlardi, To‘lg‘onoy-da.

– Eh-he, To‘lg‘onoy singlimiz choy damlaydigan bo‘ldimi, a?

– Og‘ajon, siz To‘lg‘onoyning choy damlaganiga ishonmaysiz, men xamir qorishiga. Bilmayman, Qizg‘aldoqning ko‘ziga shu oyqizimdan, suluvimdan boshqa ko‘rinmay qolgan. Duch kelgani, eshigimga soya solib ermaklaganday bir so‘raydi.

– Eh, nima deyapsiz unda, checha?!
– Biror nima deganimcha yo‘q.

– Demaysiz! To‘lg‘onoyni boshqalarga berib qo‘yadigan Olloni bandasimas!

– Ei-i-y. Bu nima deganingiz bo‘ldi?
– To‘lg‘onoyni o‘zim kelin qilaman!

– Shoshilmayapsizmi? Bola-da!
– El so‘rayaptimi, bolaligi qolmabdi, checha!
– Qizginani ko‘ngli deganday…

– Ey, ko‘ngil ham gap bo‘libdimi, – Eshpul og‘ziga kelgan gapni ichiga yutib g‘o‘ldirab qo‘ydi. Yigitga qizning ko‘nglini olish “enangni…” deganidan oson-ku!

Topgan gapiga ich-ichidan quvondi. Quvonchi ichiga sig‘may yana iljayib Turdixol kampirga quloq tutdi.

– Endi, aytaman-da…

– Bizdiyam eshiting unda, checha. To‘lg‘onoyning otasi ikki tomir oshgan akamiz bo‘lardi. Buni bilasiz!

– Bilmay o‘libmanmi.

– Bilsangiz, sulton suyagini xo‘rlamas, deb ostonangizga kelib ayb qilibmiz-da!
– Unday… undaylar demang-a…

– Demasak, gapingizga qarang-da. Hali bola deysiz, hali ko‘ngil deysiz. Ko‘ngli o‘lgur qo‘tir bo‘lmasa, chimildiqdayam binoyiday topishib ketadi. Yo akam bilan Nazabuloq etagida qizg‘aldoq teribmidingiz?! Mana – keliningiz, eh-hiy, qudag‘ayingiz, menga atalganida enasining qornida bo‘lgan. “Ostona supur-sidir” qilingan. Yo u zamonlar o‘tib, bizniki gunoh bo‘ldimi?!

Eshpulning gapi Turdixolning ko‘kayiga botdi. Kampirning qaysar tomiri tortdi. Dallolning gapi-da og‘zida qoldi.

– Qaynim-ov! Ayol boshim bilan biror narsa deya olmayman. Mengayam, To‘lg‘onoygayam Safar ega! U opasini kimga bersa, qizim shuning o‘ngiridan tutadi.

Eshpul mum tishladi… Ikkovining ham qulog‘i ding! Tillari o‘z o‘rasiga cho‘kkan! Ko‘zlari dasturxon gardishidagi qora mag‘izga qizil ip bilan uquvsizlarcha tikilgan gulga qadalgan! Bu o‘ng‘aysiz holat ro‘zi mahshar qadar boradiganday! Guyo Isrofilning surini kutishayapti!
Kirligidan yog‘ bosib tusini, tusiga qarab tikilgan gulini farqlash qiyin bo‘lib qolgan qalpog‘ini o‘ng qo‘liga olib, so‘liga “qars-qars” urmoqchi bo‘ldi-yu, chekindi. Qo‘shqo‘llab g‘ijimladi. “Beayb Parvardigor. Suyaksiz til boshga balo”, deb g‘o‘nqillab dallolning tili chiqdi.

– Checha, unday bo‘lsa, Safarboyni chaqirmaysizmi?

– Uni Abray oqiraq hayrovga olib ketgan. Hafta-o‘n kunda kelib qolar. Sabr qilsangiz, Safarning javobiniyam olarsiz. Xudoyimni dargayida o‘n kun o‘tmay qolmas.

– Himm, shunday deng! – deya chuqur nafas olb kutilmaganda tizzasiga qarsillatib do‘ppisini urib…

– Checha, sizday xotin har mahalda bir tug‘ilsa kerak. Buyam elni obro‘si. Hali mo‘yiga ustara tegmagan ulini shuncha izzat qilish. Endi, bu oqil xotindi ishi-da! Bo‘larmanning bolasi yettisida bosh bo‘lar, bo‘lmag‘urning bolasi yetmishidayam yosh, degan burungilar. Safarboyyam suriqday yigit bo‘libdi-da. Kecha qorong‘u olish payt Jinjakli bozoridan qaytib kelayotsam, Boyirko‘lni soyida bir to‘da yigit kurashib yotibdi. Birpas tuyoqdam qilib, olishni kuzatdim. Safarboyga tirashadigani topilmadi. Bizniyam tomirdan davragir chiqarkan-ku, deb xursand bo‘lganimdan tishimgacha terlab ketdi. Ro‘zg‘oringizga Safarboyni bosh bilganingiz durust. Men bekorga shashtingiz ham, gap-so‘zingiz ham bir ercha bor, deb aytmadim. Qizg‘aldoq katta el, ko‘rib-bilib yuribmiz.

– Og‘ajon, og‘rinmang, og‘rinmasangiz-chi! Siz nima desangiz shu-da. Men nimayam derdim. Sultonman deyapsiz-ku! Iloyo sulton boshingiz omon bo‘lsin. Sulton og‘amdan aylanay.

– To‘yni qachon boshlaymiz?
– Endi, Safarboyni oldidan bir o‘taylik…
– Sizning berganingizmi, checha!

Ularning gurungi ustidan jimlik g‘olib keldi. Turdixol kampir boshini shu jimlik egdi. Qayta-qayta bosh irg‘adi…

– Ha, qaddingni urg‘urni chechasi!

To‘lg‘onoy choynakdan hol so‘rar bo‘lib eshik tirqishidan mo‘raladi. Onasining ko‘zi Eshpulning og‘zida. Qiz tomoq qirdi. Yana-yana tomoq qirib, tovush berdi. Eshik tirqishidan so‘z qanot yozdi: “Hu-uv qizgina, o‘zim boraman”.

Qoraqumg‘on shaqir-shuqur qaynar, qopqog‘i o‘ynar, xushro‘y qiz kul titardi. Turdixol kampirning yonoqlariga kulgi yugurib, yoshidan yosharib choynak tutdi. “Qizgina, choyni damla! Hayitligingni yeyin, senginani sotdim, yelkamdan oshirib otdim”. To‘lg‘onoyning mushtdek jussasiga minglab qumursqalar o‘rmaladi. Tilidan otilmish so‘roq tishlarining orasidan chiqmadi. Ko‘zlari “Kimga, kimga?” deya so‘zladi. Onasi: “O‘z qoning o‘zingga bo‘ldi, qizim! Qoshu qabog‘im bo‘lasan. Hu-uv peshonamda turasan. Shu qarindoshga, qarindoshning uliga berdim!”. Turdixol kampirni taniy olmayotgan qizi onasining jinjigidan pilayogan Eshpul dalloldan ijirg‘anib, yer singalagancha mo‘ltirab ovoz berdi.

– Qondosh bo‘lsa-da, yondosh emas, nomussiz, deb qarg‘ardingiz-ku, ena!

– Ollo kechirimli bo‘lganida, bandasiga yo‘l bo‘lsin, bolam! Kechirimlini Egamning o‘zi suyadi, suyaydi.

– Ena, kechirimli bo‘ling, mayli! Qizg‘aldoqda Mashi masxaradan boshqa tengim yo‘qmi?

– Mamashukurboyni masxara degani uyalmaysanmi, hademay ering bo‘ladi. Og‘zim bor deb gapiraverasanmi, – deyishga dedi-yu, masxarani Muhammadshukurboy deyishga kampirning farosati yetmadi.

Kampirni ostonada “tegmayman-tegmayman” degan hirqiroq ovozlar quvib yetsa-da, parvo qilmay ichkariladi.

– Checha, nima gap?
– To‘lg‘onoy-da…

– Him-m-m… Tegmasmishmi… Hech bir mahalda qiz tegaman deganmi o‘zi? Qiz tegmayman deb tegadi, yigit olaman deb oladi. Azaldan yo‘rig‘i shunday.

Turdixol xayol og‘ushida. O‘z baxti – bolalarining toleidan sarmast. Hovlisi bir etak qorako‘z qiy-chuviga to‘lsa. To‘y-to‘ylarga ulansa, o‘g‘liyam Qizg‘aldoqda bir odam tengiga o‘tsa. Gulday qizni kelin qilsa, ul kelin Turdixolning ko‘nglidan yaralsa. Armon ne bilmasa. Baxt degani bo‘lsa, gul yetimlarining peshonasida ko‘rsa.

* * *

Eshpul mol sotadigan odamning qo‘lini silkilab-silkilab dilidagini oshkor qildi. Bozorga kirgan semiz qo‘chqorning quyrug‘idan changallab, “To‘ybop ekan-da!”, deya sir berdi. Qulog‘i og‘irga qichqirib, otliga munkayib, eshakliga gerdayib aytdi. “To‘lg‘onoyni kelin qildim!”, deb Qizg‘aldoqqa jar soldi.

Safari qarigan qish kunda Qizg‘aldoqni ikkiga bo‘lib o‘tgan damariqda Abray oqiroq boshchi hayrovchilardan oldin loyqa suv keldi. Suv hapqiri Safarboy hovliqib ham qaytdi. Qulog‘i bitib, boshi qotdi. Ammo norizolik qilib og‘iz juftlay olmadi. Onasini koyishga tili bormay Eshpul dallolni, Mashi masxarani bo‘ralatib so‘kib, yuragining cherini yozdi. Elni “Eshpul Turdixol kampirning qizini kelin qilibdi”, degan ovoza tutdi.

Necha alplar To‘lg‘onoyga dirayalmay to‘lin oy bilan sirlashib kelayotgandi. Ularning barchasi ko‘ksini zax yerga, Turdixol esa qizini Mashi masxaraga berdi. Mashining muchali maymunligi boismi, bolaligidan daraxtga tirmashib yurardi. Elning og‘ziga shamol o‘ynatib Razzoq mirshab to‘yiga masxara olib keldi. Masxaralar Qizg‘aldoq darasiga dor qurdi. Dorda sakrab-sakrab umbaloq oshib chopdi. Nay chalib, ilon o‘ynatdi. Yelkasiga maymun mindirib ahli Qizg‘aldoq lipasidagi bir tangasidan tortib sariq chaqasigacha shilib oldi. Shu kundan buyon Mashiboy dom-daraksiz…

Keyin ko‘p bora bodom gulladi, to‘kildi, yong‘oq pishdi, qarg‘a olib qochdi. Yana-yana bodom gulladi, to‘kildi. Yong‘oq qarg‘aning og‘zida ketdi. Yo‘lbarsdan qochgan quyon yurt kezib, el oraladi. Dumini o‘ynatib dikka-dikka sakragan quyon qisir chiqdi. Yer oriqlab it semirdi. Ko‘zini yog‘ bosgan it g‘arib egasini tuyaning ustida qopdi. Dasht odamlari qatrlagan qavirg‘a bo‘lib qolgan ushoq jonlig‘ini o‘raga butidan sudrab tashladi – og‘izlar oqliqqa yetmay qoldi. Eshpo‘lning esa kuni tug‘di…

Bir qarasang hamsaya-xaloyiqning echki-ulog‘ini Jinjakli bozoriga quvib ketaveradi. Ertasiga Nayzabuloqda eshikma-eshik yurib “Huv birodar! Molingni harom qotirmay menga ber, pullab beraman”, deb qora mol teradi. So‘ng kuni Qorabo‘riqqa karvonini boshlab ketadi. Molni tong otguncha ko‘targaniga sotadi. Egasiga terisining haqiniyam bergisi kelmay bo‘za simiradi. Bir qo‘lida soch tolasiday kesilgan achchiq piyoz, ikkinchisi issiq kabob bilan band. Og‘zini katta ochib omonat tishlari bilan yog‘li etni sixdan sug‘irdi. Egilgan boshini biroz ko‘tarib terak bo‘yi balandlikka yuzlandi-yu “do-o… , do-o… , do-o… , r-r-r… ”lab qotti-qoldi. Dallolning nima deyayotganini uning ko‘zlari tikilgan tomonga qaramagan kishi bilmasdi.

Qo‘qib yotgan jun bozori-yu changib yotgan un bozori oralig‘ida dorbozlarning dori bo‘y ko‘rsatib to‘ribdi. “Do-o… , do-o… , do-o… , r-r-r… ”lagani bilan Eshpo‘l unga qarab chopmadi. Yurak oldirib qo‘ygan. Avvallari hovliqib borar, duch kelgan masxaradan pushti kamari – erkatoy o‘g‘li Mashiboyni so‘rardi. Endi bo‘lsa uzoqdan o‘g‘ri mushukday poylaydi. Masxaraning ko‘zlariga tikiladi, o‘zida bir ajib tuyg‘u tuymasa sira bormaydi. Bora olmaydi. Qaysi bir yili, adashmasam to‘ng‘iz yilida Jinjakli bozorida o‘yin ko‘rsatayotgan dorbozu masxaralar oldiga borib dallol o‘g‘lini surishtiradi. Masxara bo‘lsa “Ota-otajon! Mana men o‘g‘lingizman, tanimadingizmi?” deb davraga olib chiqadi. Va besh-oltita tuxumni osmonga otib almashtira boshlaydi. Tuxum esa bitta bo‘lib qoladi. Tomoshatalablar ham, Eshpo‘l ham hayronu lol. Masxara katta va keng yamoqdor chalvarining tizzasigacha keladigan kissasini teskari qilib osiltirib, egnidagi kamzulining ham shu ahvolga tushiradi. Odamlar masxarani ko‘zbo‘yamachilikda ayblab
boshlaganida Eshpo‘lning yelkasiga zarb bilan bir uradi-yu ketidan beshta tuxum tushiradi. Shu-shu dallol masxaralardan qo‘rqadi. Oldiga bormay zimdan termuladi.

Chollarga ergashib bozorga kelgan bolakaylar ularga sherik kattalar qurshovidagi dor tagidagi olomonga dallol kelib qo‘shilganida usta dorboz Masxarani bir shapaloq tushirdi-da, dorga chiqa boshladi. Alamzada masxara soxta yig‘lab ortidan dor ustuniga tirmashdi. Dorboz langar tayog‘ini olib dorning narigi boshiga yugurib o‘tdi. Masxara esa dor ustunlarining ayri joyiga o‘tirib olib uniga rag‘bat berayotgan bolalarga yuzlandi: ikki yonog‘i qip-qizil olma rang, qalin lablari pishganidan yorilgudek gilos tus, burni misoli bemaza bodring, yuqori va quyi qovoqlari g‘o‘r olma, ko‘zlarida bir sog‘inch, bir mung ufurib turibdi. Uni bo‘lsa qalbaki kiprik lashkari to‘sish bilan ovvora.

Pushti panoh – Eshpo‘l tanidi-bildi. O‘z zurriyodi yer qolib, ko‘kda kimsaning ko‘nglini ovlayapti. Otaning mehri iyib tikilib qolganida usta dorboz dordan ikki bora umbaloq oshib masxaraning oldida paydo bo‘lib, langar tayog‘ini tutqazib, o‘zi qo‘llarini langar qilib ortga qaytdi.

Mashiboy bir-ikki-uch qadam tashladi. Laylak turish qilib qanot qoqdi. Bir necha bor chumchuq sakrash qilib o‘ynadi. Dallol atrofidagilariga “hu-u dorboz mening o‘g‘lim” deb gurraydi. Orziqib kutilgan, Tangridan tilangan diydor ko‘zlaridan qalqib toshdi. Odimlarini tezlashtirayotgan masxara yugurmoqchi bo‘ldi-yu, arqonni eshak qilib minib qoldi. Dor arqonini qo‘sh qo‘llab mahkam ushlagancha chinqirdi. Kiprik qoqquncha yong‘oq shoxiga osilgan o‘g‘ri qarg‘aday osildi-qoldi. Yoqasidan zarang yerga bir tuxum tushib yorilib ketdi. Tomoshatalab bolalardan bir “U aldabdi. Yutib yuborgan moyagi qo‘ynida ekan-ku!” deya qichqirdi. Xuddi u masxaraning bor firibi yengi orqali qo‘yniga tuxum o‘tkazganini ko‘rganday.

Dor tomoshasi shu tariqa tarqagan. Eshpo‘l Qorabo‘riq bozoridan otga mina olmagan o‘g‘lini xurjunining bir qo‘njiga tosh solib, ikkinchisiga Mashiboyni oyog‘ini tiratib, kindigini egarga mahkam bosib kelganini tun qo‘ynida dallolning zavjasidan boshqa hech kim ko‘rmagan. Bu taqir tarixni Qizg‘aldoqda Eshpo‘l, musichaiy bezalol ayoli va Mashi masxaradan boshqa bilmaydi-bilaolmaydi.
To‘lg‘onoy termulgan ko‘zlarni kuydiradigan, oyni suqlantiradigan kelinchak bo‘ldi. Oy va yulduzlarni bulut qamal qilgan kecha zimiston bo‘ldi. Tongga bormay Turdixol kampir uvvos tortib yig‘ladi. Yig‘i olamni tutib, osmon ham unga ergashdi. Ikkovi o‘pkasini bosolmay, qora yerni azonga qo‘ymay shitta loy qildi.

Turdixolning holi tang. Tilini yutgan. Ne qilarini, ne deyarini bilmay hayron qotgan. Nimayam desin, qizg‘aldoqlik qolib, Qizg‘aldoqqa qishlamoq uchun qo‘ngan qora qarg‘alar-da bir tunda o‘n to‘rt kunlik oyni xijolat qiladigan gul qizini “To‘lg‘onoy buzuq, To‘lg‘on buzuq”qa chiqarib, qag‘illab “buzuq-buzuq”, deya qanot qoqib ketgan.

Safarboy yer mushtlab na’ra tortib yotibdi. Alamdan o‘kirganini eshitgan keksa tog‘larning oppoq sochlari to‘kilib ketdi. Olam gumburlab chaqmoq chaqdi. To‘lg‘onoy etini yulib, o‘zini otib, qon yutib, kun ko‘rmay o‘tkazib borliqni ko‘kartirib yubordi. Kampir holiga dunyoyam kul-di. Yashnadi, yoshardi.

Eshigidan it mo‘ralamay qo‘ygan, el o‘zini olib qochgan kunlarning birida bo‘sag‘ani Buxor mulla bosdi.

– Turdixol, tuzukmisan?

– Mulla aka, Egamning o‘zi manglayimni sho‘r emas, zuvalamni balchiqdan olganmi, deb o‘tiribman-da.

– Esipastlik qilma. Hali bir kunlar kelar, huv-ana shunda noshukurliginingdan muztar bo‘lib qolasan!

– Yaratganning yorug‘ kuni, baxt qushi bo‘lsa, odam qurib sherigi shayton jesirni boshiga qo‘narmidi?!

– Tilingga erk bermay, To‘lg‘onoyingni chaqir, o‘zing ham beri kel!

Qarg‘a ko‘rganini cho‘qiganiday, Buxor maxsum ham bilganicha o‘qib, “suflab-suflab” damsuv ichirib, achchiq-achchiq tanbeh berib tadbir qilishini aytdi.

Kampirning patagiga qurt tushib, jinjaklik Moxov folchiga chopdi. Folchi doyrasini chertib-chertib kun botarda kul tutganga chiqazib, davosi kulrang tovuq ekanidan so‘zladi va faqat momo chiroqni Mang‘it qushnoch o‘tkazishini tayin etdi.

To‘lg‘onoyning peshonasi tovuq qoni rangini oldi. So‘ng uni jandaga soldi, olov bilan savalab qoqa boshladi. Qizning ko‘ziga qushnoch qo‘lidagi olov qizg‘aldoq bo‘lib ko‘rindi. Xayolini onasining tongi yiroq tunlarda aytgan ertagi o‘g‘irladi.

Qadim-qadimda bo‘ri bakovul, tulki yasovul, qarg‘a qaqimchi, chumchuq chaqimchi bo‘lgan paytda ilonu chayon ham tek emas ekan. U paytlardayam kambag‘alni tuyaning ustida it qoparkan, g‘aribning poyini poylab chaladiganlar bo‘lar ekan. Ey, nimasini aytayin, onangni qozi o‘ynasa, dodingni kimga aytasan, degan zamon ekan-da. Kichik bir yurt Xoqonning mulki ekan. Mol-mulkka mukkasidan ketgan Xoqon atrofidagi ellar orasida nizo chiqarib, ustiga ot haydar, bag‘riga tig‘ sanchar ekan. Tig‘ sanchishni qo‘ymas, mol-dunyoga to‘ymas Xoqon saroyi xotin-xalajga, qiz-juvonga liq to‘la ekan. O‘sha zo‘r xizmatiga shay xufiyalar son-sanog‘i yo‘q ekan. Ular el oralab, yurt kezib, qayerdaki husndor qiz bo‘lsa, Xoqonga xabarini yetkazar ekan.

Kunlardan birida shumqadamlar ko‘zi bir bechora cholu kampirning qiziga tushibdi. Xoqon xufiyalari o‘zini sovchi deb aytib, ovchilikka qilganida navkarlarsiz yurmaskan. Qizni olib ketishga kelganida chol ularni o‘toviga chorlab, non-namak tutib, o‘z o‘tmishidan doston kuylabdi. Yigitlik chog‘ida Xoqonning otasiga navkarlik qilib, bir jangda o‘ng qo‘li qilich zarbidan uzilib, soniga nayza sanchilib, yana qaysidir yurt oshganida yuzi kuyganini aytib, yoshi o‘tgach jangu jadallarga yaramay qolib, olaxurjunni bo‘yniga olib, qiz ko‘rganini va yolg‘iz zurriyoti shu ekanini aytibdi. Xufiyalar qizini ul zotga munosib bilgani va navkarlar kelganiga mamnunlik bildirib, qizi bilan xayr-xo‘shlash uchun bir tun so‘rab yalinib-yolvoribdi. Keksa navkarning yuzidan o‘ta olmagan yigitlar saharda kelishini tayin qilib, jo‘nab ketishibdi.

Chol “Kunim bitgan, paymonam to‘lgan ko‘rinadi. Sen qizingni olib qoch yo yashir”, desa, kampiri ho‘ng-ho‘ng yig‘lab, uni o‘tmishda ko‘p kishilarning yostig‘ini quritganlikda ayblab, “Xudoyimning omonatini qayerdayam asrash mumkin?!”, deb zor qaqshab, Xoqonning qo‘li uzunligi, qo‘lidan tig‘i uzunligini aytib, o‘z peshonasidan domongir bo‘libdi.

Ota-onasining dardidan voqif qiz oydin tun qo‘ynida ko‘klam tuhfa etgan oq chechaklarni oralab, changqovuzni “biyov-biyov-biyov”latib chala boshlabdi. Tizzalariga urib turgan oq chechaklarga havasi ketib, dilini changqovuzga jo‘r etib chertaverib-chertaverib, o‘zini butkul unutibdi. Gulg‘unchadek lablari qonab, oq chechak kosasiga tomib, behol yiqilibdi.

Ko‘klam tongining shabadasi dalada yastanib yotgan chechaklarni qizartirib yuboribdi. Qon libosini kiygan oq chechaklarni cholu kampir qizg‘aldoq qizim deb quchib ovoz chiqargani, aza ochgani olis-olis o‘lkalargayam yetibdi.

Xoqon yurtida “Qizg‘aldoq bo‘lib yashayotgan qiz elda teng-tengi bilan bo‘lmaguncha qaytmas emish… Qizligini sog‘ingan qizg‘aldoq esa har bahor qir-adirlarga chiqib, kishilarga mo‘ltirab turishiyam shundan ekan…”, degan uzuq-yuluq gaplar tomir otib og‘izdan-og‘izga, quloqdan-ko‘ngilga o‘taveribdi…

To‘lg‘onoyning xayolini soniyaga o‘g‘irlagan ertak asta-astalik bilan butun aqlu hushini band etib oldi. Oyning to‘lin bo‘lishini, qizg‘aldoqning qiyg‘os ochilishini kutdi. Kunduzi onasiga ham ko‘rinmaydigan, tunda esa changqovuz chertib tentiraydigan odat chiqazib, “Qizg‘aldoqman!”, deb da’voyam qila boshladi. Kampir qizini jin chalgan bilib, fol ko‘rdirib, kulrang tovuq qoni enmaganiga yo‘yib, ko‘k uloqning ham boshini oldirib yurgan kunlarning oydin tunida To‘lg‘onoy qizg‘aldoqlar orasida changqovuz chala-chala g‘oyib bo‘lib qoldi. U oyga yo‘l oldimi, qaro yerga qorishdimi, unisini Qizg‘aldoq odamlari bilmaydi.

Turdixol kampirning “Oy-kuni to‘lib tug‘ilmagan To‘lg‘onoy qizim-ay, bilarmiding dunyoning o‘zi sharmanda ekanligin? Qornimga joy bo‘lgan oyqizim, ilon el bo‘lgan, chayon siqqan dunyo torlik qilgan qizim-ay! Ey dunyo, tor qornimcha yo‘qsan!” degan iddaolariga hamma ko‘nikib ketdi. El endi birov-yarim dunyodan norizo bo‘lsa, “Turdixol kampir bo‘lib ket-ey”, deya ermak qilar odat chiqardi…

Turdixol – bu dunyodan ham qari kampir ayozdan ko‘klamni, ko‘klamdan qizg‘aldoqni, qizg‘aldoqdan qizini ilhaq kutadi. Oydin tunda changqovuz chertib, “Qizg‘aldoq bo‘laman!”, deb yig‘laydi. Safarboyning bir etak nevaralari kampirning ko‘zidan Qizg‘aldoqni yashirib sarson. Ular tomlar ustida, devorlar bo‘g‘otida o‘sgan azalgi oq chechaklarni olib qochsa, “qizg‘aldoqni bosma-ey! O‘z bag‘rini tig‘lagan qizdir u!”, “qizg‘aldoqni yulma, qon yig‘lagan qizdir u!”, “Qizg‘aldoq gul qizim-ku!”, deya To‘lg‘onoyni yo‘qlay-yo‘qlay tili ich-ichiga tortib ketadi.

Kampirni “ana ketdi-mana ketdi”lab bolalari “chopha-chop”ga tushib qoladi. Mulla Maxsum kampirning kaftiga kaftini qo‘yib kalima qaytarib o‘tiradi. Kampir ne mahalga borib, yana “To‘lg‘onoy keldimi?!”, deya turadi. Bolalari o‘pkasini bosib oladi – o‘z yumushi bilan andarmon bo‘lib ketadi.

Tol tush Qizg‘aldoqning osmonidagi quyosh tik kelib, soya bermay qo‘ygan palla. Kecha tili tortib ketgan Turdixol kampir to‘rt oyoqlab tom oldiga o‘rmalab bordi. Umidvor bo‘lib olis-olislarga qaradi-yu, ikki odim nariniyam ilg‘ay olmadi. “Qizg‘aldoq, Qizg‘aldoq, To‘lg‘onoy, To‘lg‘on-hov”, deya tovush berdi. Tovushini kampirning o‘ziyam eshitmaydi, dunyodan umidiniyam uzolmaydi. O‘zi turgan taqir yerdan emaklagancha qo‘llari bilan paypaslab qizg‘aldoq izlaydi…

TASHVISHI YO‘Q ODAMLAR

Bozirgan chavandoz dog‘da qoldi…

Qizg‘aldoqning adog‘idan ko‘ndalangiga Tagsaroy oqadi. Tagsaroyning kungay beti qari lalmi (el shunday ataydi), qiblasi suvot — tayoq suqsang barg yozadi. Zamoni charxifalak bo‘lib ketgan bu kunda qozi ham, mirshab ham, do‘xtir ham tish-tirnog‘i bilan yerga tarmashgan. Yerga yetmaganlari moliniyam, joniniyam bozorga urgan. Bozorga bor — baxtingni ko‘r. Baxtini nimaning evaziga ko‘radi, bunisini o‘zlari bilishmasa — biz bilmaymiz!

Maydaqadam modaning ustida o‘z maylida tebranib borayotgan mana u jinqarcha Bozirgan cholning nevarasi. Huv-v, ana u chayla esa Bozirganga, to‘g‘rirog‘i, uning kenjasi — Eshboy eshchiga tovin. Eshchining esh changallab kosasi oqarmagan chog‘i ro‘zg‘orga tomchi deb piyoz ekkan. Ekkanda ham sidirg‘i ekmagan, “Achchiq bo‘lsa, xaridorini o‘zi topadi”, deb damiga osh pishadigan Jolpon xumga urug‘ septirgan. Achchiq bo‘lishini bilmadig-u ammo urug‘ning yarmi kuyib ketgan chiqadi. Siyrakkina ko‘klabdi. Siyrakligi Eshchining umidini yanada jonlantirdi: “Hali ko‘rasiz, chumchuqning kallasidek emas, mushtday-mushtday piyoz bo‘ladi!”.

Muborak oshyonidan sudralib chiqqan chavandoz shu chaylani o‘ziga vatan tutgan. Necha vaqtdirki, nevarani aytmaganda ismi odam bilan gaplashmaydi. Kundizlari soyani itga bermaydi. Kechalari esa kiprik qoqmaydi.

O‘g‘li keldi. O‘tindi…
Kelini keldi. Yolvordi…
Qizi keldi. Yig‘ladi…

Bozirgan chol o‘zini misli ko‘lvor chog‘ladi. Mezon quyoshida toblanib, shamoliga ko‘krak kermoqchi bo‘ldi.

Uyiga qaytmadi…

Ko‘klamdan mezonning adog‘igacha paykalu qishloq orasida shu jinqarcha sarson, Maydaqadam sarson.

Cholning aytarga bahonasi bor — piyoz mezonni yemasa, shuncha toat-ibodat bir pul. Chirib ketadi. Gap piyozda ham, mezon shamolida ham emas, o‘g‘lining zuvalasi bo‘shligiyu kelinning biroz uquvsizligida!.. Bo‘lmasa qush cho‘qimaydigan, jonliqqa et bitirmaydigan achchiq piyozning boshida nima bor, bu “itkasal”ga!

O‘tgan qishda Bozirgan chol nevarasiga to‘y berish taraddudida edi. Og‘zidagi tishiday siyraklashib qolgan uzangidoshlarini bozorda ko‘radimi, mozorda ko‘radimi, do‘q urib: “Nevaramga to‘y beraman! Ko‘pkarisi katta bo‘ladi! Otga qarashing!..” der, bu gaplariga ko‘ngli to‘lmay: “Ullarni ham olib keling! Ota qadrdonlarni topishtirib ketaylik! Til topishsa, og‘a-ini bo‘lib qolar. Topishmasa, ukasining qorniga!” deya qo‘shimcha qilardi. Uning bu gaplarini qayta-qayta eshitib bezor bo‘lgan chollarning ayrimi o‘zini garanglikka solib qolgandi.

Chavandoz bir safar o‘zini garanglikka olgan Tashman tuyaning qulog‘iga:

— Bozirgan o‘zi bitta to‘y beradi, katta, — deya qichqirdi.

— Ho‘, bodi. Qulog‘imni teshding-ku! Sen nevaramga to‘y beraman deganingda, mening tishim chiqqani yo‘q edi, — deb milkini ko‘rsatdi Tuya.

— Yukim yerda qoldi-ku, oshna! Shu yil qor tushsin, to‘yni boshlayman, — dedi Bozirgan oshnasidan ranjib.

Cholning yuragini hapriqtirib kelgan qishning avvalida kampiri uning tongdayu shomda, kundayu tunda tayinlab kelgan kalimasini kanda qildi. Qo‘zigul Bozirganga mahram bo‘lib, aytganini bajarmagan bo‘lsa, shu bo‘lar, yana bilmadik. “Ortimda qolasan”, deganiga qaramay, jonini Jabborga topshirdi-qo‘ydi.

Nevaraning to‘yi qolishga qoldi. Ammo ko‘p o‘tmay elni: “Bozirgan chol uylanarmish”, degan gap oraladi. Ulus chavandozning boshini ikki qilishga ko‘pam shoshmagan. Go‘yo Qo‘zigul kampirning ko‘karishini sabr bilan kutgan, ko‘klamga ilhaq bo‘lgandek ko‘rinadi. Kun qizigan sari gap-so‘zlar urchib ketdi…

Chavandoz uylansa uylanibdi-da, shunga nima: osmon uzilib yerga tusharmidi?! Kampiri o‘lib uylanganlar Qizg‘aldoqda kammi?! Birgina Hayit langi uchinchi xotini ham juvonmarg ketganidan keyin uylanmagan, uylanolmagan. Negakim, og‘ziga kuchi yetmagan ikki-uch kampir janazada o‘tirib, yomon bir matal to‘qigan. Iziga o‘zlari to‘qigan mataldan cho‘chib, bunday bo‘lsa: “Langida xotin turmaydi”, deb lab tishlagan. Kampirlar lab tishlagandan so‘ng qaysi ayol yurak betlab Langining o‘ngiridan tutsin. Uyi singan ayol bordir, ammo jondan to‘ygani, jonidan to‘ygani yo‘q!..

Yana Haldav poson uylanganidan so‘ng soqolini anbarlab ariga talangani-yu, Orol karga o‘g‘illari qolib, qizi xotin topgani ham bor gap. Yana…

…Yana Esonboy oqsoqol ikki o‘lib, uch uylangan. Esonboy oqsoqolning “o‘lib-tirilishlari” va uylanishi Bozirgan cholning kechmishiga soya solmaydigan mahshar qadar davom etadigan gurung. Undan ko‘ra xotinining joyi savimay turib uylangan Tolmas morboz el ichra mashhur, muzofotda dongdor.

Tolmas morboz cho‘girma telpak kiyganicha bor ekan. El og‘ziga elak tutdi. Dangalini aytsak: “Misqol devday yigitning umrini o‘g‘irladi-ya!”, “Misqol tumsa”, deganlarning og‘ziga cho‘girmasi bilan urdi. Misqol o‘g‘illi bo‘lib, chilla tutdi. Qolaversa, Morbozning qulog‘i tom bitganida, og‘alaridan ko‘ra Avazning: “To‘rt kunlik mehmonim otam! Mehmon bo‘lib to‘ymagan, dunyoyu qo‘tirda hech vaqoni ko‘rmagan, armonlari bag‘rin tig‘lagan… otam-ov, otam!” deganlari elning esidan chiqqanicha yo‘q.

Go‘yandalarning gurung berishicha, Avaz qo‘shig‘ini ko‘ngil uchun aytmagan. Har “otam-ov, otam!”, deganida sabzi tishlagan. Bilingki, otasini yo‘qlayotgan Avazning urtda sabzi bo‘lgan. Undan ranjigan akaning ko‘kayiga shu gaplar keldi: “O‘v-v enasi qisir! Enam otamning qo‘ynida yo‘q edi. Men otamning esida yo‘q edim. Nega buncha zor qaqshaysan?! Misqol makrzanning arzandasi! Otam o‘lgan bo‘lsayam, sening boshingni silaydigan Makrzan bor-ku! Enamning qora bosib o‘lganini bilsang, yuraging yorilib o‘lar ekansan! Ey, sadqayi ena ket!..”
Ammo tiliga ko‘kayidagi emas, kibri ko‘chib, tomoq qirib, ukasiga yuzlangancha:

— Ho‘-v, Avaz! Otamiz-ku yoshini yashab, oshini oshab o‘tdi. Bu yoshda ko‘chganniki to‘y! — dedi.

— Sizlarga to‘y bo‘lsa, to‘ydir. Bizga aza, — deya Morbozdek bosib tikildi Avaz.

— Avazboy, mayli, senga aza bo‘lsa, azadir! Lekin: “Armonlari bag‘rin tig‘lagan…” deb bo‘zlaganing nimasi! Otamizni dog‘da qoldi, deb kim aytdi sen tirmizakka! — deb toriqdi aka.

— Er yetgan kishiga birov aytishi shartmi! Otam har oqshom arg‘amchiqopini tomorqaning etagiga qoqardi. Keyin menga nay chaldirib, tevarakka mordek tikilardi. Men nay chalardim. Otam esa “Men oyoq uzatar bo‘lsam, sening holing nima kechadi, Xunxorning sultoni!” derdi, — deb yer tepdi Avaz.

— Xo‘p, mayliga, sen sari boraylik, Avazboy inim, sulton inim! Ochdan o‘ldingmi! Bizni nomusga qo‘yma… Yo sabzi ye, yo otam de! — dedi aka qahrlanib.

— Sabzimniyam jiyaberaman, otam-ov, otam, deyaberaman! — deya akasiga tizzingladi Avaz.

Bolaning betga choparligidan g‘azablangan aka quloq-chakkasiga qo‘yib yubormoqchi bo‘lib qo‘l cho‘zdi-yu, titrab ketdi. Akaga tikilib turgan ko‘zlar ukaniki emasdi…

Qo‘rqqanidan mayit yotgan uyga yuzlandi. Daf’atan qulog‘ida otaning xesh-aqrablariga aytgan so‘nggi gapi yangradi: “Avazqulning burnini qonatmanglar!”.

“Armonlari bag‘rin tig‘lagan!..” deb bo‘zlashda davom etdi Avaz. Akaning mehri iyib, ukaning boshini silay-silay, “Otam-ov, otam!” deb jo‘r bo‘ldi. Ich-ichidan titrab, ko‘zlaridan tirqirab yosh otildi. Choponining o‘ngiri bilan ulusdan yuzini yashirdi va Avazga dedi: “Nima desang ham senga mojna, Xunxorning sultoni!”

Cholni uylantirish Qizg‘aldoqning esida ham yo‘q paytda jinjaklilik: “Bozirgan chavandoz soqolini bog‘lab non yoparmish”, deb aytgan ekan.

— Cholning soqolini bog‘lab non yopganini birinchi qizi eshitgan. Kelib kelinini qarg‘agan, so‘ng o‘g‘li eshitib hayron bo‘lgan. Bozirganning o‘zi eshitib, “Shunday deyishibdimi-ya, qistaloqlar”, deb qah-qah otib kulgan va indamay uch-to‘rt kun o‘g‘lining og‘ziga qaragan. O‘g‘li tish yormagach, chol to‘nini teskari kiyib olgan, — dedi bilgichlar.

Chavandozning non yopgan-yopmaganini o‘g‘liyam, qiziyam bilmaydi. Gapning rostini qaynota-kelin hech kimga aytmadi.

Bozirganning nazarida, atrofidagilarga bir balo bo‘lgan. Xuddi u sag‘ir qolgandek, achinib qarashadi. Yupatish uchun nimalarnidir o‘ylab topadi. O‘g‘li ishdan kech qaytsa ham, uning oldiga kiradi, uyoq-buyoqdan gapirgan bo‘ladi. Hech gap topmasa: “Ekologiya yomon, iqlim o‘zgarib ketdi, hozirgi kelinlar nozik”, deb diydiyo boshlaydi. U tug‘ilganda onasi azob tortmagandek. Go‘yo otasiga shular qiziqdek.
Avvallari salomini eplab berolmaydigan kelini ham endi unga matal aytadi. Hay-hay demasa, bozorga borganiyu bodini ko‘rganidan boshlaydi. Bir gal shunday ham bo‘lgandi: — Ertaga is kuni, — deydi kelin qaynota o‘tirgan sandalning bir kunjagiga o‘zini urib.

— Shundaymikan? — deydi chol sanoqdan adashgandek.

— Bozorga borgandim. Moy oldim, — deydi kelin qoyil qilgandek sandalga chuqurroq kirib.

— Yaxshi-da, yaxshi-da, — deydi chol kumush qoshlarini silab.

— Bozor kuyib ketibdi, — deydi kelin bamaylixotir, — moy odamning xuniga teng!

Qaynota chuqur uh tortdi. Tishni-tishga bosgisi keldi. Bundan so‘ng yana shu taxlit suhbatlarga chiday olmasligiga ko‘zi yetdi. Sandaldan chiqib o‘tirdi.

— Bozorda senga balo bormi?! Eshchi moy olib kelmay noma’qulning nonini yeydimi? — deb tovushini balandlatdi qaynota. Kelin o‘zini eshikka urdi. Chol uning ortidan: “Yana bozor borsang, bil, qani, Bozirganning xuniga qancha moy berar ekan”, deb qoldi. Kelinidan ranjiganidanmi yo boshqa bir sababdanmi, negadir xayoliga rahmatli kampiri keldi. Mushtdek momo edi. O‘zini o‘tga-cho‘qqa urib pildirabgina yurardi…

Qo‘zigul kampirning ajoyib odatlari bor edi. Bunday odatlar… Faqat unga, faqat shu kampirga yarashardi. Chavandoz birov-yarimdan dili xufton bo‘lsa, bas, tilini yutib qo‘yadi — hech kimga lab juftlamaydi. Oxiri bir kuni ichi pishib, zavjasiga yoriladi. Agarki u dilozor mardum xesh-aqrablaridan bo‘lsa, albatta kelib Bozirganning ko‘nglini olardi. Yot bo‘lsa-chi? Yot bo‘lsa ham, kampirning javobi tayin edi. Cholni “qutirgan tuya qopganda” ham shunday bo‘lgandi.

O‘shanda chol azbaroyi guzarga Maydaqadamga arqon olgani borgandi. Nimaga borgani ham yodidan ko‘tarilib, uyiga qaytdi. Maydaqadamdan tushay desa arqon yo‘q! Modani ostonagacha niqtab borib:
— Gunafsha, — dedi chol.

Otaning ovozini eshitib tashqariga chiqqan o‘g‘il xuddi boshidan musht yegandek gangib qoldi:

— Padariga la’nat, makimiya! Sen uyda kurk yot. Meni qutirgan tuya qopsin, — dedi ota.

Eshchi ham anoyi emas. Maydaqadamni minib ko‘zdan panaroqqa ketmoqchi edi, ammo chol ko‘nmadi, ustomonlik qildi. O‘g‘lini taqimiga bosib so‘kkisi keldi:

— Enang yigirgan kalavadan olib chiq, — dedi battar tutaqib.

Maydaqadamni nevara minib turdi. Kampir, o‘g‘il va kelin ip pishitdi. Chol pishib kelayotgan ipni eshdi. Agarda kampir: “Aqrabning muddaosi nish urmoq, xoh do‘st ko‘ksiga, xoh dushman orqasiga”, demaganida, ip pishigunga qadar Tashman Tuyani ham, unga qo‘shib o‘g‘lini ham so‘ka-so‘ka Bozirganning o‘pkasi pishardi.

Chol kampirning gapidan so‘ng yumshadi, nafas rostladi. Avval arqonni qulochladi. Keyin ikki-uch qatlab, oyog‘i bilan bosib tortib ko‘rdi. Pishiq arqonni mahsisining qo‘njiga urib:

— Bir to‘y beraylik, ko‘pkarining zavqiga nortuyalar ham mast bo‘lsin! — dedi.

Kelin cholning bu itfe’lini bugun ko‘rgandek, lab burib nari ketdi. Qirq yildan beri otaning so‘kishini eshitadigan o‘g‘ilga negadir shu tobda alam qildi.

— Soqoliga oq oralab ham shu odatini hech tashlamadi-da, momoy?! — dedi onasiga.

— Endi, eski dard-da, bolam, nima ham qilay…
— Mazasi yo‘qmi?!

— Itkasal-da.
— …

Arqonning bir uchini o‘g‘liga berib, tortsa ham bo‘lardi. Ammo bunday qilmaydi. Negaki, o‘g‘liga ishonmaydi. To‘yu katta-a ko‘pkari berishning sababi ham asl shu ishonmasligida! Ko‘nglidagi bir “attang”i borligida! Chol kampirini o‘ziga qanchalik yaqin tutmasin, bu “attang”ni unga bildirmaydi. Biroq… biroq bu “attang” ko‘p yillardan beri ich-etini yeydi; ichiga ham sig‘maydi, bo‘zlatadi! Keksargan sari avjiga oladi.

Bir gal oshnasi Esonboyga (ha, aytgancha, unda oqsoqol — oqsoqol bo‘lmagan, el qatori Esonboy edi): “Zotimdan ko‘krak kerib davraga kiradigan chiqarmikan?” degan. Oshna o‘zini eshitmaganga olgan. “Chiqmaydi”, deb Bozirganning yana o‘zi tirg‘algan. Esonboy esa boz ustiga tish yormagan. Chavandozning marsingisi, yigitlik davrini eslab maqtangisi kelgan, chog‘i, bor gapni o‘zi aytgan.

— Bo‘z yigitligimda “chavandoz” deb nom ko‘tardim. Elning oldidan o‘tdim. Ko‘p suluv qizlarning ko‘ngligiga g‘ulu soldim.

— Ha, shunday bo‘lganmidi, — deydi oshnasining guppayganidan zavqlangan Esonboy.

— Keksalar: “Tulpor — biyadan, alp — enadan! Polvon, kelinning durkunginasidan oling”, desa, o‘yin bilibman! Qo‘zisiga, Qo‘ziguliga oshiq bo‘libman, — degan viqor bilan Bozirgan.

— Otiyam Qo‘zigulmidi? — deydi oshnasining battar zavqi kelib.

— Shunday. Har zamonda zotu palagimni o‘ylaganda oti esimga kelmasa, yodimdan ham ko‘tarilayozgan.
— Nega?

— Shu qalliq o‘yinga borganimda ermaklamoqchi bo‘lib otini so‘ragandim, “Gunafsha” dedi ko‘zlari javdirab. Oldinlari har Gunafsha deganimda shu ko‘zlarini ko‘rgim kelardi. Keyin o‘rganib qoldim.

— Ilgari bir podshoning arzandasi ham baqaning ko‘ziga oshiq bo‘lgan ekan, — deb o‘zini tutolmay kuladi Esonboy.

— Bas, bo‘ldi qil! — deydi kulgiga chiday olmay Bozirgan.

— Bo‘lmasa, nega shalviraysan! Oyparchasini olganingda yozig‘ing boshqacha bo‘lib qolarmidi? Devnikidek gavdangga, meshdek qorningga Qo‘zining erkaligi sig‘mabdi. Oyparchaning erkaligiga yorlib o‘lar ekansan, chavandoz, — dedi oshna.

Shundan buyon Bozirgan oshnasi Esonboy (yo‘q, endi el tanigan Esonboy oqsoqol) bor davralarda yelkasini qisib o‘tiradi. Bu gurung olis zamonda qolib ketganiga ishonmaydi. Oqsoqol gapirganda og‘ziga termilib turadi. Xuddi uning qalliq o‘yinga borganidan aytib qoladigandek tuyuladi. Kulganida-ku, ming o‘lib-tiriladi. Bo‘lmasa, oqsoqol og‘ziga mahkam odam. Gurung bergani ko‘rgan-kechirgani ham ko‘p. Baribir, baribir chavandoz oshnasidan “aytib qo‘ymasmikan” deb cho‘chiydi-qo‘rqadi. Qo‘rquvki, “Hayit langi haqidagi mataldek tus olsa nima bo‘ladi”, deb o‘ylaydi-da! Langi haqidagi matalni shu birgina Langi bilmasligiga farosati yetmaydi.

Kampirni chiqargan kuni yomg‘ir aralash qor yog‘di. Azada qari-qartangning ko‘pi qatnashmadi. Qish o‘z oti bilan qish-da. Bir kun qor yog‘sa, ikki kun qovoq soladi. Kun yilt etsa, Bozirgandan ko‘ngil so‘rovchilar kelib-ketib turishadi.

Chavandoz o‘zini shu paytgacha qirq yigitning biri chog‘lab, keksalikni bo‘yniga olmay kelardi. Mana, kampiri qaytish qilganidan beri ancha sezilib qoldi. Gardanini cho‘zib gapirgandi. Qish o‘chog‘i tor keldi. Burniga suv kirib, maishati tang bo‘lib qoldi. Tahorat olay desa, suv yo‘q. O‘zining aytishicha, “Ollo, demoq oson bo‘lmayapti”. Bir kuni achchiq ustiga yax suvdan ishlatgandi. Tish og‘rig‘ini topdi. Sandalning bir kunjagida “Ixlos”ni zikr etib yotgandi, kun yumshagan ekan, jag‘ini bog‘lab hovliga chiqdi. Qarasa, obtova tarnovdan tushayotgan suv bilan to‘lib turibdi. Tovani olib, o‘choq boshi tomon bordi. O‘choqqa o‘t qalanmagan. Ammo tandirda uchayozgan cho‘g‘ — issiq kul bor ekan. “Obtobani qo‘ysam, asrga tayyor bo‘ladi”, deb o‘yladi. Tovani joylashtirguncha, tandirda bir kulchaning singa bo‘lib pishib turganini ko‘rdi. “Olaman”, degandi, kulcha kulga tushdi. Keyin bag‘rini tandirga bosib uzaldi, kulchani oldi. “Puf-puf” qilib kuldan tozalayotgandi, uning qilayotgan ishiga “hang-mang” bo‘lib qarab turgan ikki kampirga ko‘zi tushdi. Ularning tikilib turganidan xijolat bo‘ldi. Nima qilarini bilmay, kulchani tandir ustida qoldirdi. Katta-katta qadam bosib tillaxonaga qarab yurdi. Kelini chiqib, kampirlarga egalik qilmaguncha ko‘zga ko‘rinmadi.

Uyga kirdi. “Shu kunda kampirlarga zarurmikan”, dedi o‘ziga-o‘zi. Xesh-aqrablari orasida bunday qizargani yo‘q. Quda-andalarining ichidan izladi, topmadi. Birini tanimadi, birini esladi. Jinjaklidan, Tashman oshnasining, shu o‘zimiz bilgan Tashman tuyaning singlisi. Durkun qiz edi. Moyadek kampir bo‘libdi.

Maydaqadam qorni chizgandek, gurpillagan tuproqni chizib, changitib chaylaga yaqinlagan sari, tobora qishloqdan uzoqlashadi. Nevara olisdan chaylaga termilib keladi. Bobo ko‘rinmaydi. Bola bunday payt o‘z bilganicha o‘yin qiladi. Eshakka teskari minib savalaydi. Choptirgisi keladi. Maydaqadam laqabiga munosib qolaveradi. Bola modaning ustida tik turadi. Qo‘llarini langar qiladi. Bu ishidan ham ko‘ngli to‘lmay, qo‘shiq xirgoyi qiladi:

“Mingan oting bo‘z bo‘lsa…”

Bobo buning barini bilib yotadi. Har kuni uning kelishini intiq kutadi. Qo‘shig‘ini eshitish uchun to chaylaga yetguncha bosh ko‘tarmaydi. Bolaning kelib bajaradigan birinchi ishi boboga “uzum” beradi. Keyin uyida asal bormi-yo‘qmi, hisobga olmay, asal yeganidan gapiradi. Boboyam bo‘sh kelmaydi. Tarvuz yo qovun so‘yib beradi. Doimgi gapini takrorlab qo‘yadi: “uzum”dan Eshchiga ham uzat, tili yorilsin!”
Chavandozning “Eshboyga til bitsa! Ota, uylanasizmi? deb so‘rasa”, deya o‘ylab o‘g‘lining yo‘liga tikilganida saraton tunlari uzun, tonglari olis bo‘ldi. O‘g‘lini kuta-kuta ota qushuyqu bo‘lib qoldi. Mana, ko‘z yumsa uxlaydi, yutinsa uyg‘onadi. Uxlaydi-uyg‘onadi — uyg‘onadi-uxlaydi…

Qani, endi unga til bitsa! Bozirganning uylanishga chog‘i ham yo‘q. Ammo shu odamlarning gap-so‘zi bosilarmidi?! Gap-so‘zi bosilmasayam mayliga! Shu momoqiz jussasidan domangir bo‘lib ketmasmidi? Hech bo‘lmasa, hech bo‘lmas, “ostonam sovchi ko‘rgan”, deb o‘zini ovutarmidi. Qani, endi Eshboy eshchi tish yorsa! Bu gapni damg‘irdalik qilmay, chavandoz aytsa ham bo‘ladi. Ammo Eshchi yurak betlab borolmaydi, deya xavotirlanadi. Gap uning o‘zidan chiqsa, borishi mumkin. Chumchuq bo‘lsa ham nari-ku!

— Qani, Eshchiga til bitsa!

Bola kechagi, oldingi kungi, yo‘q, avvalgi kungi bobo o‘rgatgan: “Bedananing yotar joyi xas bo‘lar, mezon kirsa, targ‘il morlar mast bo‘lar” qo‘shig‘ini aytmadi. Bobo: “Chol o‘lsa qozon-qozon osh bo‘lar, kampir o‘lsa, baland tog‘lar past bo‘lar”, deb davom ettira olmay qoldi.

Nevaraning qo‘shig‘i bugun o‘zgacha edi:
“…o‘ng jilovi soz bo‘lsa!”.

Bobo qo‘shiqni davom ettira olmadi. Ammo olis yillar yodiga tushdi.

…Bola edi. Bobosining bo‘z oti bo‘lardi. Uni otasi ana shu bo‘z otga mindirib yetaklab yurardi. Bozirganning otdan hech tushgisi kelmasdi. O‘zi tushmaguncha bobo ham tushirmasdi… Bozirgan chol bola edi…

…Bozirgan bola shiryalong‘och bo‘z otning ustida. Ot uni olib qochyapti. U bo‘zning yolidan mahkam tutgancha dod solib boryapti. Chollar tomlarning ustida o‘tiribdi. Kampirlari ko‘chada urchiq yigiryapti. Norg‘ul-norg‘ul yigitlar tomga soyalaydi. Bozirgan ularning jussasidan qishloqdoshlariga, xesh-aqrablariga o‘xshatdi. Ammo tanimadi-taniyolmadi. Barchasi tinimsiz gapiradi. Gapirganida ularning tili bir-biriga suvoriyning qilichidek tegadi. Charsillaydi, qayraladi. Biror mardumning yuzi ko‘rinmaydi…

— Buva, — dedi Maydaqadamdan tushmay nevara. Bobo jim yotaverdi. Bola takror-takror chaqirdi.

Bo‘z tinim bilmay chopadi. Bozirgan ot yoldan yanada mahkam ushlaydi. Qarshisidan bir gala bola ko‘rindi. Hammasi jinqarcha — jinqarchaning o‘zginasi! Ulardan biri qo‘loch yozdi, bo‘zning yo‘lini tusdi.

Bola daf’atan onasining: “Mezon o‘tdi. Shu yotishi bo‘lsa, itkasal buvang chaylada o‘lib qoladi”, deganini esladi. Chinqirib yig‘lab yubordi. O‘zini cholning ustiga tashladi.

— Buva-a-a!
Ular o‘pkasini bosaolmasdi.

08

(Tashriflar: umumiy 345, bugungi 1)

1 izoh

  1. Юқорида айтилганлар (масалан, «Албатта мақтовларим укамизга ҳам ёқади, шекилли»,деган жойлари) Нурилла Чори шахси ва ижодини жўнлаштиришга хизмат қилади. Муаллифнинг ўзи ҳам жўяли фикри йўқлигини тан олиб турибди. Шундай экан, Назар Эшонқул, Аҳмад Отабой ва Саъдулланинг Нурилла Чори ижодига муносабати келтирилса, кифоя менимча.

Izoh qoldiring