Ma’ruf Mengli. Kim. Hikoya

002

Бирдан кучли оғриқ сездим. Оғриқ зўридан инграб юбордим. Оёғим ости, бутун номаълум борлиқ титрай бошлади. Қандайдир вақт бошланганини англаб-англамай сезардим. Ҳолдан тояётган бўлишимга қарамай, ҳаракатдан тўхташни истамасдим. Мендаги бу фикр атрофимдаги менга ўхшашларга ҳам сингиб бораётганди. Биз бу вақтни неча минг йиллар давомида интиқ кутганмиз гўё. Дарбадарлигимнинг поёнини истардим. Ўшал вақт эса ҳамма-ҳаммасига ором бағишлаб аросатдан қутқарарди. Бу ўйларим миямда анчадан мавжуд-у гўё мен айни дам англаётгандайман.

07
Маъруф Менгли
КИМ
Ҳикоя
01

Онгимдаги поёнсиз зулумот, даҳшатли ҳайқириқлар ва оний лаҳзалардаги ҳаракатларни ҳам сезаётган — мен! Илдамлашга иккиланаман… Миямга бир зумда ин қурган ўйга эътибор қилмай ўзим учун мақбул йўл излайман. Агар бу чек-чегарасиз зулмат ўз домига тортиб мени маҳф қилса-чи? Қўрқувга таслим бўлмаслигим, ўзлигимга ишониб “МЕН”имни намоён қилишим, унинг ғолиблигини ошкора нишонламоғим керак! Йўл қадамларим остида сирғала бошлади. Ғайришуурий равишда олдинга илдамлаяпман. Аммо қаёққа? Бу йўл, бу чексизлик мени қаерга олиб кетяпти? Балки мавжудлик сари одимлаётгандирман… Ўша мавжудликда қайси мақомдаман-у аслида кимман? Айни дамдаги олам рўёю, туғилиш масканим бўлган курраи замин ҳақиқийми?

Миям қотган. Фикрларим тобора сустлашяпти. Бу зулмат аро кўраётганларим абадийликка муҳрланган яралишми?.. Тубсиз уммонга ғарқ бўлаётгандайман. Энг ёмони — сарсон-саргардон бўлиб аросат азобини тортаяпман. Бошқа имкон йўқ, мен маҳкум қилинганман!

Қўлим, оёғим, бошим… Танам худди бегонадай. Йўл давомида ўзимга разм соламан: тўрт оёқпи баҳайбат, тажовузкор тана, тирноқлари-тишлари ўткир, туклари узун қандайдир номаълум махлуқ! Қиррали қулоқ. Гапира олармиканман? Нимадир демоқчи бўлдим. Қандайдир овоз чиқардим. Бу қанақа сас? Мен шунақа сўзлайманми? Ўзи гапиришми?

Борган сари танамдаги қудратни сезаман. Бунча куч нега керак? Ё ҳимояланиш учунми? Балки ўлдиришгандир? Мен шундай даҳшатлиманми? Нима ҳисобига қорним тўяди?.. Демак, шунча кучга, ҳайбатли танага эга эканман, албатта, озуқам ҳам гавдамга мос бўлиши керак. Наҳотки онгимда шаклланаётган даҳшатли ўйларим рост бўлиб чиқса?.. Ўзимдан қўрқяпман.

Асабим ўзимни ўзимга қарши гиж-гижпай бошлайди. “Наҳот қўрқоқсан?” Индамайман. Индамаганим сари таъналар оғриғини сезаман. Аммо жимман. Амин эдимки, мен бу ҳолатда бир қарорга бош эгишим анчайин қийин. Вазиятни тарозида тортмоқчи бўламан. Бир палласига сокинликни, иккинчи палласига эса менда
ҳукмронлигини бошлаб қўйган даҳшатлар-у жумбоқларни жойлайман. Қарангки, аҳволим қанчалар ёмон эканлиги яна тасдиғини топди. Бу ҳолат бор “лашкар”ларини менга томон ҳужумга жўнатади. Ором таслим бўлгани замон ичимда беаёв “жанг” бошланганини англайман.

Йўлим давом этмокда, олға борар эканман, оёғим остидаги қум аралаш майда шағал тошлардан сакраб-сакраб ўтиб, шамолдан-да кучлироқ қудрат билан олға бораман. Қоронғилик бу заминни тобора ўз домига ютиб боради.

Атрофдаги олам гўёки ҳалокатга юз тутиб бораётгандай эди. Сабабни ахтармайман. Чунки унинг қиёфаси ошкораликдан йироқ. Албатта, йўқликдаги бу эврилиш эртанги туғилишга замин яратади. Бунга неча замон ошиш кераклиги ҳақидаги фикр мени тағин жумбоқларга кўмиб ташлайди.

Ваҳимали қичқириқлар ҳамон ҳар томондан акс-садо беради. Англаётганга ўхшайман: ҳали яралмадим. Шунчаки йўқман. Бу вужуд эса онг меваси, холос. Демак, онгим туғилган экан. Ўзимга тегишли тана ҳам туғилиши шарт. Шунда мавжуд оламга ҳақиқий танам билан одим босаман. Ўшанда ҳақпи равишда яшаш гаштини ҳис этаман. Мен унда ё ҳукмдор бўлиб борлиқни бошқараман, ёки ўша олам эгалари мени измига солади ва уларга тобе бўламан. Ҳар иккиси ҳам менда мужассам, тақдир ҳукмини кутаман. Негадир тахминим тўғрилигига ишоняпман. Ишончим муқаррар бир қарорга кела бошлаяпти. Ажабланишим оз муддат четроқ йўналди. Фикрим давомийлиги занжирлар кетма-кетлигига тахминлар улай бошлайди. Онгимнинг мавжудлигидан фойдаланиб теварагим ҳақида ўз қарашларимни англамоқ истаб қоламан. Ҳа деганда уддасидан чиқолмайман. Атрофимда пайдо бўла бошлаган ўзимга ўхшаганлар ўз қарашларини англатмоқчи бўла бошлашди. Улар кўзлаган манзил мен шошаётган томон эканлигини сездим. Биз тобора кўпая бошладик. Шунчалар сон- саноқсиз эканлигимиздан даҳшатга тушардим.

Бирдан кучли оғриқ сездим. Оғриқ зўридан инграб юбордим. Оёғим ости, бутун номаълум борлиқ титрай бошлади. Қандайдир вақт бошланганини англаб-англамай сезардим. Ҳолдан тояётган бўлишимга қарамай, ҳаракатдан тўхташни истамасдим. Мендаги бу фикр атрофимдаги менга ўхшашларга ҳам сингиб бораётганди. Биз бу вақтни неча минг йиллар давомида интиқ кутганмиз гўё. Дарбадарлигимнинг поёнини истардим. Ўшал вақт эса ҳамма-ҳаммасига ором бағишлаб аросатдан қутқарарди. Бу ўйларим миямда анчадан мавжуд-у гўё мен айни дам англаётгандайман.

Жуда қаттиқ силкинишдан сеза бошладимки, нимадир юз бериш арафасида турибди. Қай томондандир жўрликда заҳарханда кулги овозини эшитдим. Гўё ҳамма нарса мен томон ёпирилиб келаётгандай эди. Атрофга аланглайман. Оёғим остидаги қум борган сари кучли титрай бошлайди. Устимдан қанотлари ёзилган қандайдир мавжудот учиб ўта бошлади. Бу махлуқ мени сезмаётгандай мен илдамлаётган манзил томон парвоз қиляпти. Сон-саноқсиз учгувчилар… Мавжудотлардан бири учиб келаётиб менга қаттиқ урилиб кетди. Зарб кучидан иккаламиз икки томонга қум аралаш учиб, анча масофагача сирғалиб бордик. Оғриқбутун танамга ёйилди. Ён-веримга алангладим, қаршимда қад кўтарган маҳобатли, тепасидан қуш учиб ўтолмас баланд бинони кўра бошладим. Оҳанрабодай ўзига тортгувчи, бағрига бутун олам сиққувчи қаср бунёдкорига ҳақиқатда тасанно айтса арзирди. Мавжудлик сари титроқ одимларимни илдамлатдим. Бино ҳам қалтирашдан мосуво эмасди. Бир нималар тўкилиб сина бошлади. Ниҳоятда даҳшатли: ҳали ўзимнинг кимлигимни билмай туриб шунча мавҳумликка ичкарилаб кетдим. Бу поёнсиз тунда нимани англашимни билмай қоляпман. Фақат қўрқув… яна қўрқув!

Қаср ичкарисига секин кириб борар эканман, қийқириш-у ёқимсиз товушлар анча кучсизланиб мени тополмаётгандай сарсон эди. Гўзаллик дебочасига гувоҳ бўляпман. Бу ошён ором маскани… Оламнинг бурчак-бурчагида фикрлар уммони қайнаётганини, яралишни, вужуднинг тугашиии тиниқ кўра бошлаяпман. Шунда гўзал бир қиёфа менга юз кўрсатди. Ўша мавжудот томон йўл олганимни билдим. Яна кўп нарсаларни кўряпман… Негадир бир вақтнинг ўзида ҳам ўйлаяпман, ҳам фикрлаб, ҳам бир жойда туриб бир нечта жойни кўряпман. Ваҳоланки, ўша кўрганларим ҳали бўлиб ўтмаган воқеалар эканлигини сезаман. Олдиндан бир неча йиллик масофани ҳеч қийналмасдан бемалол кўра оляпман. Воажаб! Бу қандай тортиқ бўлдики, асрлар менга юз оча бошлади. Қайси воқеани кўрмай унда юқоридаги гўзаллик эгаси намоён бўляпти. Унга ҳақиқатдан-да маҳлиё бўла бошладим. Жуда гўзал… У ким? Мен фақат кўряпман… У ким?

Фикр-у хаёлимдан замонимга қайтдим. Ўзимнинг даҳшатли қиёфам кўринаётган шиша устида кимнингдир ҳаловатини бузишдан чўчигандай секин боряпман. Қани бир милт этган нигоҳ эгаси юзини кўрсатса… Мен хаёлимда туғилган ўшал бетакрор қиёфани кўришни истаяпман-у, аммо нега бунча хоҳишим баландлигини англай олмаяпман. Бу ичкари олам менга нотаниш-у, лекин жуда танишдай. Наҳот аввал бу жойларни кўрган бўлсам… ўзимга шубҳам ортди. Бирдан тўхтадим. Теварак энди ухлай бошлаганди. Атрофим менга тикилганча жим. Қийқириқлар-у ваҳимали овозларни қулоғим эшитмай қўйди. Дадиллашдим. Энди ўзимни бемалол сўроқ қила оламан. Вужуддан ажралиб ҳаракатсиз турган, айни дамда мен учун ошён бўлиб турган танага тикиламан. Кимман? Ё ўзимни танимаяпман ёки мен ўзимга бегона қилиндим. Қўрқувдан ошёнимга қайтгим келмай қолди. Бу ҳолатдан қутулиш йўлларини излай бошладим. Нима қилиб бўлса ҳам аслимни топишим керак. Агар тополмасам шу алфозда мавҳумликда қолиб кетишим тайин. Жонимга қасд қилмоқчи бўламан. Гўёки мени “асир” қилган танадан қутулмоқчиман-у аммо қасд қилиш учун жон қани? Йўқпикни қандай ўлдириш мумкин? Бу оламнинг “Мени” мени қандай вазифа учун яратган? Тажовузкорманми? Ваҳшийманми?.. Жумбоқлар, аёнки, ечилмай қолаверади. Мен бор эканман, албатта қандайдир вазифа учун мавжудман. Шунчаки пайдо бўлмоқ — фалокатдир! Менга аёни шуки, бу танада йўловчиман!

Тағин илдамлай бошладим. Манзилим яқин келгандай туюла бошлади. Жуда-жуда оз қолди. Уни кўраман… Орзиқиб кутганимга яқинлашяпман. Унинг олами, вужуди билан юзма-юз бўламан. Унинг нигоҳи наҳот менга қадалади?.. Асрлар аро саргардон бўлиб излаганимни топдим! Бутун борлиғим билан У томон шошяпман. Энтикиш, интиқлик билан интиламан…

Ва ниҳоят, кутилган жойдаман. Кўряпман: менга ўхшашлар… Ёлғиз эмаслигимни сездим. Тумонат қиёфадошларим ҳаммаси бир нуқтага тикилиб, ўзига сукутни абадий ҳамроҳ қилиб олганча туришибди. Улар эътиборини тортган тарафга мен ҳам йўналдим. Қиёфадошларим орасидан ўтиб-ўтиб олдинга одимлай бошладим. Ичкаридаги бу оламнинг чегараси йўкдай туюлади. Фақат нурафшонлик, ором-у ҳаловат ҳукм сурмоқда. Нурлар ошёни…

Биздаги қотиб қолган сукунат аро оромбахш наво эшитила бошлади. Бу оҳанрабо мусиқа ҳаммани асир қилди. У шундайин эшитимли эдики, гўё бу заминда янги олам яралиб жамики жонзотни эзгуликка чорларди.
Қидирган нуқтамни топдим. Кўзларим ҳайрон ҳолда гўзаллик соҳибини томоша қила бошлади. Ўзимни йўқотяпман. Бу мавжудот қиёфаси мўъжиза, юзларидан нур ёғилади. Бошида, эгнида оппоқ либос. У биздан анча баланд жойлашиб олган кўйи нигоҳларимизни тутиб турибди. Тумонат қиёфадошларим унинг атрофини зич ўраб олишган. Энг олис нуқтадан туриб бу ғафлат аро уйғоқ қалб ҳукмдори томон яқинроқ боришни истайман.

Соҳиби олам ҳаракатга кирди. Аввал эгилиб, сўнг чўккалади-да, бошини оёғи остидаги похолга теккизди. Бу ҳаракат сал ўзгарди-да, тағин давом этди. Бир нималар деб шивирларди… У қандай амал бажаряпти? Унинг бу ҳаракатини англамоқ истардим. Ҳамма унга тобелик ихтиёр қиларди. Маҳлиёман, мен унда яшамоқни беихтиёр хоҳлаб қоламан. Мен каби қиёфадошларим ҳам шу ўйда эканлигини сезаман. Лекин бунинг иложи йўқ… Ҳар ким ўз вазифасига эга қилинган. Шунда ўйлаб қоламан: бу қиёфа нақадар яхши амаллар учун яралган… аминманки, ҳамма борлиқ У учун… У Яратгувчининг энг гўзал яралгувчиси эканлиги яққол намоён эди. Шуниям идроким англай бошладики, айтмоқни ихтиёр қиламан: гўзал амаллари учун гўзаллик ҳамиша уларнинг ёнида бўлади.

Ким улар?..
Хаёлим қотиб қолди. Мен ҳам бошқалар қатори унга бош эгдим. Яратгувчига ҳамду санолар айтдим…
У кўзи юмуқ кўйи аввал ўнг, сўнгра чап елкасига салом берди.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 2014/04

01

001Маъруф Менгли 1990 йилда туғилган. Урганч Санъат коллежининг актёрлик бўлимини тамомлаган. “Келажак овози-2011 ” кўрик-танловининг вилоят босқичи голиби. “Зериктирмас ёлғизлик’’ номли китоби нашр қилинган.

Ma’ruf Mengli 1990 yilda tug’ilgan. Urganch San’at kollejining aktyorlik bo’limini tamomlagan. “Kelajak ovozi-2011 ” ko’rik-tanlovining viloyat bosqichi golibi. “Zeriktirmas yolg’izlik’’ nomli kitobi nashr qilingan.

07
Ma’ruf Mengli
KIM
Hikoya
01

Ongimdagi poyonsiz zulumot, dahshatli hayqiriqlar va oniy lahzalardagi harakatlarni ham sezayotgan — men! Ildamlashga ikkilanaman… Miyamga bir zumda in qurgan o’yga e’tibor qilmay o’zim uchun maqbul yo’l izlayman. Agar bu chek-chegarasiz zulmat o’z domiga tortib meni mahf qilsa-chi? Qo’rquvga taslim bo’lmasligim, o’zligimga ishonib “MEN”imni namoyon qilishim, uning g’olibligini oshkora nishonlamog’im kerak! Yo’l qadamlarim ostida sirg’ala boshladi. G’ayrishuuriy ravishda oldinga ildamlayapman. Ammo qayoqqa? Bu yo’l, bu cheksizlik meni qaerga olib ketyapti? Balki mavjudlik sari odimlayotgandirman… O’sha mavjudlikda qaysi maqomdaman-u aslida kimman? Ayni damdagi olam ro’yoyu, tug’ilish maskanim bo’lgan kurrai zamin haqiqiymi?

Miyam qotgan. Fikrlarim tobora sustlashyapti. Bu zulmat aro ko’rayotganlarim abadiylikka muhrlangan yaralishmi?.. Tubsiz ummonga g’arq bo’layotgandayman. Eng yomoni — sarson-sargardon bo’lib arosat azobini tortayapman. Boshqa imkon yo’q, men mahkum qilinganman!

Qo’lim, oyog’im, boshim… Tanam xuddi begonaday. Yo’l davomida o’zimga razm solaman: to’rt oyoqpi bahaybat, tajovuzkor tana, tirnoqlari-tishlari o’tkir, tuklari uzun qandaydir noma’lum maxluq! Qirrali quloq. Gapira olarmikanman? Nimadir demoqchi bo’ldim. Qandaydir ovoz chiqardim. Bu qanaqa sas? Men shunaqa so’zlaymanmi? O’zi gapirishmi?

Borgan sari tanamdagi qudratni sezaman. Buncha kuch nega kerak? YO himoyalanish uchunmi? Balki o’ldirishgandir? Men shunday dahshatlimanmi? Nima hisobiga qornim to’yadi?.. Demak, shuncha kuchga, haybatli tanaga ega ekanman, albatta, ozuqam ham gavdamga mos bo’lishi kerak. Nahotki ongimda shakllanayotgan dahshatli o’ylarim rost bo’lib chiqsa?.. O’zimdan qo’rqyapman.

Asabim o’zimni o’zimga qarshi gij-gijpay boshlaydi. “Nahot qo’rqoqsan?” Indamayman. Indamaganim sari ta’nalar og’rig’ini sezaman. Ammo jimman. Amin edimki, men bu holatda bir qarorga bosh egishim anchayin qiyin. Vaziyatni tarozida tortmoqchi bo’laman. Bir pallasiga sokinlikni, ikkinchi pallasiga esa mendahukmronligini boshlab qo’ygan dahshatlar-u jumboqlarni joylayman. Qarangki, ahvolim qanchalar yomon ekanligi yana tasdig’ini topdi. Bu holat bor “lashkar”larini menga tomon hujumga jo’natadi. Orom taslim bo’lgani zamon ichimda beayov “jang” boshlanganini anglayman.

Yo’lim davom etmokda, olg’a borar ekanman, oyog’im ostidagi qum aralash mayda shag’al toshlardan sakrab-sakrab o’tib, shamoldan-da kuchliroq qudrat bilan olg’a boraman. Qorong’ilik bu zaminni tobora o’z domiga yutib boradi.

Atrofdagi olam go’yoki halokatga yuz tutib borayotganday edi. Sababni axtarmayman. Chunki uning qiyofasi oshkoralikdan yiroq. Albatta, yo’qlikdagi bu evrilish ertangi tug’ilishga zamin yaratadi. Bunga necha zamon oshish kerakligi haqidagi fikr meni tag’in jumboqlarga ko’mib tashlaydi.

Vahimali qichqiriqlar hamon har tomondan aks-sado beradi. Anglayotganga o’xshayman: hali yaralmadim. Shunchaki yo’qman. Bu vujud esa ong mevasi, xolos. Demak, ongim tug’ilgan ekan. O’zimga tegishli tana ham tug’ilishi shart. Shunda mavjud olamga haqiqiy tanam bilan odim bosaman. O’shanda haqpi ravishda yashash gashtini his etaman. Men unda yo hukmdor bo’lib borliqni boshqaraman, yoki o’sha olam egalari meni izmiga soladi va ularga tobe bo’laman. Har ikkisi ham menda mujassam, taqdir hukmini kutaman. Negadir taxminim to’g’riligiga ishonyapman. Ishonchim muqarrar bir qarorga kela boshlayapti. Ajablanishim oz muddat chetroq yo’naldi. Fikrim davomiyligi zanjirlar ketma-ketligiga taxminlar ulay boshlaydi. Ongimning mavjudligidan foydalanib tevaragim haqida o’z qarashlarimni anglamoq istab qolaman. Ha deganda uddasidan chiqolmayman. Atrofimda paydo bo’la boshlagan o’zimga o’xshaganlar o’z qarashlarini anglatmoqchi bo’la boshlashdi. Ular ko’zlagan manzil men shoshayotgan tomon ekanligini sezdim. Biz tobora ko’paya boshladik. Shunchalar son- sanoqsiz ekanligimizdan dahshatga tushardim.

Birdan kuchli og’riq sezdim. Og’riq zo’ridan ingrab yubordim. Oyog’im osti, butun noma’lum borliq titray boshladi. Qandaydir vaqt boshlanganini anglab-anglamay sezardim. Holdan toyayotgan bo’lishimga qaramay, harakatdan to’xtashni istamasdim. Mendagi bu fikr atrofimdagi menga o’xshashlarga ham singib borayotgandi. Biz bu vaqtni necha ming yillar davomida intiq kutganmiz go’yo. Darbadarligimning poyonini istardim. O’shal vaqt esa hamma-hammasiga orom bag’ishlab arosatdan qutqarardi. Bu o’ylarim miyamda anchadan mavjud-u go’yo men ayni dam anglayotgandayman.

Juda qattiq silkinishdan seza boshladimki, nimadir yuz berish arafasida turibdi. Qay tomondandir jo’rlikda zaharxanda kulgi ovozini eshitdim. Go’yo hamma narsa men tomon yopirilib kelayotganday edi. Atrofga alanglayman. Oyog’im ostidagi qum borgan sari kuchli titray boshlaydi. Ustimdan qanotlari yozilgan qandaydir mavjudot uchib o’ta boshladi. Bu maxluq meni sezmayotganday men ildamlayotgan manzil tomon parvoz qilyapti. Son-sanoqsiz uchguvchilar… Mavjudotlardan biri uchib kelayotib menga qattiq urilib ketdi. Zarb kuchidan ikkalamiz ikki tomonga qum aralash uchib, ancha masofagacha sirg’alib bordik. Og’riqbutun tanamga yoyildi. Yon-verimga alangladim, qarshimda qad ko’targan mahobatli, tepasidan qush uchib o’tolmas baland binoni ko’ra boshladim. Ohanraboday o’ziga tortguvchi, bag’riga butun olam siqquvchi qasr bunyodkoriga haqiqatda tasanno aytsa arzirdi. Mavjudlik sari titroq odimlarimni ildamlatdim. Bino ham qaltirashdan mosuvo emasdi. Bir nimalar to’kilib sina boshladi. Nihoyatda dahshatli: hali o’zimning kimligimni bilmay turib shuncha mavhumlikka ichkarilab ketdim. Bu poyonsiz tunda nimani anglashimni bilmay qolyapman. Faqat qo’rquv… yana qo’rquv!

Qasr ichkarisiga sekin kirib borar ekanman, qiyqirish-u yoqimsiz tovushlar ancha kuchsizlanib meni topolmayotganday sarson edi. Go’zallik debochasiga guvoh bo’lyapman. Bu oshyon orom maskani… Olamning burchak-burchagida fikrlar ummoni qaynayotganini, yaralishni, vujudning tugashiii tiniq ko’ra boshlayapman. Shunda go’zal bir qiyofa menga yuz ko’rsatdi. O’sha mavjudot tomon yo’l olganimni bildim. Yana ko’p narsalarni ko’ryapman… Negadir bir vaqtning o’zida ham o’ylayapman, ham fikrlab, ham bir joyda turib bir nechta joyni ko’ryapman. Vaholanki, o’sha ko’rganlarim hali bo’lib o’tmagan voqealar ekanligini sezaman. Oldindan bir necha yillik masofani hech qiynalmasdan bemalol ko’ra olyapman. Voajab! Bu qanday tortiq bo’ldiki, asrlar menga yuz ocha boshladi. Qaysi voqeani ko’rmay unda yuqoridagi go’zallik egasi namoyon bo’lyapti. Unga haqiqatdan-da mahliyo bo’la boshladim. Juda go’zal… U kim? Men faqat ko’ryapman… U kim?

Fikr-u xayolimdan zamonimga qaytdim. O’zimning dahshatli qiyofam ko’rinayotgan shisha ustida kimningdir halovatini buzishdan cho’chiganday sekin boryapman. Qani bir milt etgan nigoh egasi yuzini ko’rsatsa… Men xayolimda tug’ilgan o’shal betakror qiyofani ko’rishni istayapman-u, ammo nega buncha xohishim balandligini anglay olmayapman. Bu ichkari olam menga notanish-u, lekin juda tanishday. Nahot avval bu joylarni ko’rgan bo’lsam… o’zimga shubham ortdi. Birdan to’xtadim. Tevarak endi uxlay boshlagandi. Atrofim menga tikilgancha jim. Qiyqiriqlar-u vahimali ovozlarni qulog’im eshitmay qo’ydi. Dadillashdim. Endi o’zimni bemalol so’roq qila olaman. Vujuddan ajralib harakatsiz turgan, ayni damda men uchun oshyon bo’lib turgan tanaga tikilaman. Kimman? YO o’zimni tanimayapman yoki men o’zimga begona qilindim. Qo’rquvdan oshyonimga qaytgim kelmay qoldi. Bu holatdan qutulish yo’llarini izlay boshladim. Nima qilib bo’lsa ham aslimni topishim kerak. Agar topolmasam shu alfozda mavhumlikda qolib ketishim tayin. Jonimga qasd qilmoqchi bo’laman. Go’yoki meni “asir” qilgan tanadan qutulmoqchiman-u ammo qasd qilish uchun jon qani? Yo’qpikni qanday o’ldirish mumkin? Bu olamning “Meni” meni qanday vazifa uchun yaratgan? Tajovuzkormanmi? Vahshiymanmi?.. Jumboqlar, ayonki, yechilmay qolaveradi. Men bor ekanman, albatta qandaydir vazifa uchun mavjudman. Shunchaki paydo bo’lmoq — falokatdir! Menga ayoni shuki, bu tanada yo’lovchiman!

Tag’in ildamlay boshladim. Manzilim yaqin kelganday tuyula boshladi. Juda-juda oz qoldi. Uni ko’raman… Orziqib kutganimga yaqinlashyapman. Uning olami, vujudi bilan yuzma-yuz bo’laman. Uning nigohi nahot menga qadaladi?.. Asrlar aro sargardon bo’lib izlaganimni topdim! Butun borlig’im bilan U tomon shoshyapman. Entikish, intiqlik bilan intilaman…

Va nihoyat, kutilgan joydaman. Ko’ryapman: menga o’xshashlar… Yolg’iz emasligimni sezdim. Tumonat qiyofadoshlarim hammasi bir nuqtaga tikilib, o’ziga sukutni abadiy hamroh qilib olgancha turishibdi. Ular e’tiborini tortgan tarafga men ham yo’naldim. Qiyofadoshlarim orasidan o’tib-o’tib oldinga odimlay boshladim. Ichkaridagi bu olamning chegarasi yo’kday tuyuladi. Faqat nurafshonlik, orom-u halovat hukm surmoqda. Nurlar oshyoni…

Bizdagi qotib qolgan sukunat aro orombaxsh navo eshitila boshladi. Bu ohanrabo musiqa hammani asir qildi. U shundayin eshitimli ediki, go’yo bu zaminda yangi olam yaralib jamiki jonzotni ezgulikka chorlardi.Qidirgan nuqtamni topdim. Ko’zlarim hayron holda go’zallik sohibini tomosha qila boshladi. O’zimni yo’qotyapman. Bu mavjudot qiyofasi mo»jiza, yuzlaridan nur yog’iladi. Boshida, egnida oppoq libos. U bizdan ancha baland joylashib olgan ko’yi nigohlarimizni tutib turibdi. Tumonat qiyofadoshlarim uning atrofini zich o’rab olishgan. Eng olis nuqtadan turib bu g’aflat aro uyg’oq qalb hukmdori tomon yaqinroq borishni istayman.

Sohibi olam harakatga kirdi. Avval egilib, so’ng cho’kkaladi-da, boshini oyog’i ostidagi poxolga tekkizdi. Bu harakat sal o’zgardi-da, tag’in davom etdi. Bir nimalar deb shivirlardi… U qanday amal bajaryapti? Uning bu harakatini anglamoq istardim. Hamma unga tobelik ixtiyor qilardi. Mahliyoman, men unda yashamoqni beixtiyor xohlab qolaman. Men kabi qiyofadoshlarim ham shu o’yda ekanligini sezaman. Lekin buning iloji yo’q… Har kim o’z vazifasiga ega qilingan. Shunda o’ylab qolaman: bu qiyofa naqadar yaxshi amallar uchun yaralgan… aminmanki, hamma borliq U uchun… U Yaratguvchining eng go’zal yaralguvchisi ekanligi yaqqol namoyon edi. Shuniyam idrokim anglay boshladiki, aytmoqni ixtiyor qilaman: go’zal amallari uchun go’zallik hamisha ularning yonida bo’ladi.

Kim ular?..
Xayolim qotib qoldi. Men ham boshqalar qatori unga bosh egdim. Yaratguvchiga hamdu sanolar aytdim…
U ko’zi yumuq ko’yi avval o’ng, so’ngra chap yelkasiga salom berdi.

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali, 2014/04

011

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

4 izoh

  1. mani jiyanim. juda yaxwi yozgan. ishlaringa omad. ditiktiv hikoyalar kutib qolaman

Izoh qoldiring