Abdulla Xolmirzayev. Olis sadolar yoxud shoira Ra’no Uzoqova izlarini izlab

Ashampoo_Snap_2017.04.11_21h52m43s_002_a.png     Қуйида баён этилаётган воқеалар ўйлаб чиқарилмаган. Унда иштирок этаётган кишилар ҳам ўзининг ҳақиқий исми ва фамилиясига эга бўлган тирик одамлар. Муаллиф юртдош шоира ҳаёти ва фаолияти бўйича олиб борган изланишларини, бу борадаги қувончу ташвишларини баён қилади, шу билан бирга барчамиз соф инсоний туйғуларга менгзаб қўллайдиганимиз—беғубор орзу, покиза ният, самимий ишонч ва олижаноб қадамларни ҳаётда қадрлаш ва аксинча ҳолатлар борасида ҳам фикр юритади…

Абдулла Холмирзаев
ОЛИС САДОЛАР
ёхуд шоира Раъно Узоқова изларини излаб
09

ДЕБОЧА

Рано Узокова.jpg1963 йили Жарқўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номли мактабнинг тўққизинчи синфида ўқирдим. Адабиёт фанидан имтихонга тайёрланиш учун мактаб кутубхонасидан “Ўзбек шеърияти антологияси” китобини олдим. Ушбу китобда ўзбек шоир ва ёзувчилари ижодидан намуналар берилган, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқача маълумотлар бор. Тўпламни кўздан кечира туриб Раъно Узоқова деган шоиранинг шеър ва ғазалларига дуч келдим, аннотацияда унинг Жарқўрғон туманидаги Оққўрғон қишлоғида туғилгани ва гўдаклигида етим қолгани ёзилган эди.

Мазкур маълумот мени ҳаяжонга солди, гўё сирли ва хаёлий бир оламга сархуш бўлиб ораладимки, бунинг сабаби оддийгина эди: ғўр йигитча тасаввурига кўра ёзувчи-шоирлар бошқача одамлар бўлиб, Самарқанд, Тошкент сингари жуда-жуда узоқ ва катта жойларда туғилиб ўсишлари ҳамда ижод қилишлари лозим эди, фақат биз томонларда эмас, деб юрардим!

Шу пайтгача ўқилган бошқа барча китоблар ҳам шуни кўрсатарди-да!

Мана шу важ боис “Ўзбек шеърияти антологияси”га кирган шоир ва ёзувчилар қаторида бизнинг жойларда туғилган одамнинг ҳам борлиги ёш юрак учун фавқулодда хушхабар, ифтихортуяр ҳодиса бўлганди.

Ўрта мактабни тамомлагач Алишер Навоий номли Самарқанд давлат университетининг филология куллиётида ўқиш давом этди.

Университет таълимининг иккинчи босқичи тугалланган пайтларда Самарқанд вилоят “Ленин йўли” газетасининг (1967 йилнинг 1 июль кунида чиққан) навбатдаги сонини эрталаб матбуот дўконидан оламан ва тўртинчи бетида шоира Раъно Узоқова ижодига бағишланган саҳифага кўзим тушади.

Самарқандлик кекса шоир Мардонқул Муҳаммадқулов тайёрлаган саҳифада ҳам шоиранинг Жарқўрғондан экани кўрсатилганди.

ЖУРНАЛИСТ

1970 йили университетни битириб қизил диплом ва ишга йўлланма билан Жарқўрғонга қайтдим. Бир ҳафталар чамаси ўтганда ота-онам уйига газетадан “элчи” ташриф буюрди.

Гап шундаки, талабалик йиллари икки ёз “Жарқўрғон ҳақиқати”нинг мусаҳҳиҳи бўлганман. Ўша пайтларда бош муҳаррир Ғулом ака Холиқов, ўқишни битиргандан кейин шу ерга келасиз ва ишлайсиз, дея кўп бора таъкидларди…

Хуллас, “элчи”нинг изидан муҳарририятга боришимга тўғри келди.
Ғулом ака табиий мени шоду хуррамлик ила қарши олди.
Йўлланмани рўкач қилдим.

Йўлланмани қўлимдан олган бош муҳаррир туман халқ маорифи бўлими билан қандайдир тортиша-тортиша икки кун ичида муроса топди ва камина шу сониядан эътиборан газетачига айланди—маданият бўлими мудири!

Аммо қарангки, бу ишни етарли равишда ўрганиб-ўзлаштириш учун менга тўрт ҳафта ҳам кифоя қилмай туриб газетанинг масъул котиби бўлишни шароит тақозо этади — беш йил филологияда ўқиган одам тап этиб газетада, яна унинг бўлим мудирлигида, орадан бир қанча вақт ўтмасдан эса таҳририят штаби бўлмиш масъул котибликда ишлади!

Келаси йилнинг баҳорги армия чақирилувчиси бўлишимга қадар ўтган муддат мақолалар матнини таҳрир қилишни ўрганиш, қўлда терилган ҳарфларда босилган гранкани ўқиш, хато тузатиш, саҳифалаш ва ниҳоят газетани чиқариш азоблари ва қувончлари билан кечди!  Аммо, армия хизматига жўнаш сарсонгарчиликларининг охирига келиб нимадир бўлдию камина кейинги чақирувга қолдирилди…

Яна “Жарқўрғон ҳақиқати”га қайтиб ишни давом эттирдим, лекин бу сафар қатъий талабим билан маданият бўлими мудирлигида—бу энди менинг учун кўнгилга анча ўтирадиган буткул ижодий иш жабҳаси эди. Яхши маънодаги ижобий муҳитда эркин руҳият қанот пайдо қила бошлайди. Шеърпараст ва бозавқ Ғулом ака айтганидек, бу касб ҳақиқатдан ҳам қизиқарли эди. Жумладан, энг катта қувонч шундаки, мўътабар нашрлар орқали билиб таниб қолганим — шоира Раъно Узоқованинг туғилган юрти Жарқўрғондаги изларини излаш истаги кўнгил булоғида кўз очди.

КАЛАВАНИНГ УЧИ

Дастлаб газетамизда Оққўрғондан қатнаб ишлайдиган Холмўмин Худойқулов, Бозор Бибитов, Пўлат Солиев каби касбдошлардан сўрадим.
Аммо, учовлон бу хусусда мендан ҳам ғофил экан!

Оққўрғон қишлоқ Советига бориб раис, котиб йигит ва улар орқали идорага келиб-кетаётган одамлардан суриштирдим.

Натижа йўқ! — Одамлар Раъно Узоқованинг яқин қариндош-уруғлари тугул, Оққўрғондан шундай шоира етишиб чиққанини ҳам ҳатто билмасдилар!

Хафа бўлиб умидсизликка тушдим…

Руҳиятим бир қанча вақт синиқ юрганини кўрган ҳамкасб дўстим Яраш Тўраев, агар сиз мен билан борганингизда топган бўлардингиз, бу сафар бирга бораман, мана кўрасиз, албатта, топамиз, дея, кўнгил кўтарадиган гап қилди…

…Май ойи. Оққўрғонга Яраш билан бирга бордик. Қишлоқ Советида яна илгаригидай таассуф билдиришди.

Бирпас нима қилишни билолмай турдик-да, сўнг котиб йигитдан, мактабга борсакмикан, деб сўрадик.
Бу яхши фикр эди.

Котиб шу ерда турганлар билан—уларнинг ичида ўқитувчилар ҳам бўлса керак—маслаҳатлашди ва биргалашиб шундай дедилар:
—Бизнинг мактабдан фойда йўқ. Лекин Попов номли қўшни мактабда Болта Бойғўчев деган эски ўқитувчи бор. Бошланғич синфдан дарс беради. Урушдан олдин ҳам муаллим бўлган. Мухбирликка ёзиб ҳам туради. Шу одам билан бир гаплашиб кўрингизлар.

Шу ерда турган бир кишини қўшни қишлоққа мотоциклида мени олиб бориб-келишга кўндирдилар, Яраш эса кутиб турадиган бўлди.

Кўринишидан эллик-эллик беш ёшлардаги, паст бўйли, оқ сариқдан келган, кўзлари кичик ва мулойим боқувчи Болта Бойғўчев бизни илиқ қарши олди. Болта ака ҳақиқатдан эски ўқитувчи бўлиб, урушгача ҳам вилоят, туман газеталарига ёзиб турган экан.

Дастурхон ёзилди. Бошида суҳбат турли мавзуларда бўлди. Гапнинг гали одамни доимо ҳаяжонлантириб ҳаприқтириб келган мавзуга келганда юракнинг дук-дук зарби кучаяди, бутун аъзои бадан қулоққа айланади. Болта Бойғўчев эса одатдагидек осуда, ва сокин, ва бефарқ бир тахлит сўз айтади.

Ўртамиздаги савол-жавобнинг кераклиларини тахминан қуйидагича жамлаш мумкин:
—10-15 ёшларда эдим. Ўшанда татар оилада уларнинг асранди қизини жуда кўп кўрганман. Қорачагина, лўппи юз, сочи жамалакдай чиройли қизча. Унинг оқ кўйлак кийиши аниқ тасаввуримда қолган. Термизда ўқир, каникулга кўп келарди. Битиргач, Оққўрғон қишлоқ Советида ҳам бир йиллар чамаси ишлади, шекилли.

Энди у пайтлар бу етимчага ким ҳам эътибор берибди дейсиз? Бировлар ота-онасини Амунинг нарёғига ўтиб кетган, дейди, бошқалар босқинчи ўлдирган, деб айтади. Етим бўлсаям, бахти бор экан, мана шоир бўлганини эшитдик. Энди бизнинг билганимиз шу!..

Суҳбатимиз поёнига етгандай бўлди. Дастурхонга фотиҳа қилинди. Ишком остидаги супадан қўзғалиб дарвоза томон юрар эканмиз, нимадандир қониқмаганимни, нимадир менга етишмаётганини ҳис қилардим: балки бу, энди шу билан тамомми, деган мазмундаги безовталик, ички бир туйғунинг туғёнидир, эҳтимол!

Ана шу илинждан бўлса керак, Бойғўчевга ўгирилиб, яна бирон нарсани эсларсиз ака, дея айтган, чўкаётган одамнинг хасга ёпишганига ўхшаш, сўзим чиндан охирги чорам, керак бўлса ўтинчим, балки ноламни ифодалаган чиқар!

Қараб турибман: шундан кейин ҳам мезбоннинг юз ифодалари ҳамишагидек, бирон-бир ўзгаришсиз эди. Демак, аканинг бисотида шу йўсин берса бўладиган бошқа бирон нарса қолмаган, яъни, ўйлангким, ҳозиргина топдингиз — ҳозирнинг ўзида йўқотдингиз!

На чора, тақдирга тан беришдан ўзга илож йўқ.
Кўчага чиқиб, Болта ака билан хайрлашиб, мотоциклга мингашдим.

Узалган чап оёғини ерга тираган ҳолда мувозанат сақлаб турган ва иккала қўли билан рулни маҳкам тутган ҳамроҳим шу кўйи ўнг оёғи билан моторнинг ўт олдиргич дастасини шақиллатиб тепди. Зўр бир газ берди. Биринчи тезликда қўзғалмоқчи бўлиб уринган пайти Болта аканинг овози келди. Биз билан хайрлашаяпти, деб ўйлаб жўнамоқчи бўлдик, аммо овоз янада баландроқ чиқди.

Тин олган мотоциклда ўтирган кўйи ўгирилишга тўғри келди. Болта ака қўл силкиб ниманидир гапиришда давом этарди. Сал вақт ўтиб сўзининг мазмуни аёнлашди:

—Бобойга учрашдиларингизми? – деяётган эди у қайта-қайта.
—Қайси бобойга? –ҳеч нарсани англамай сўрадим мен.

—Бадир бобога-да! Шу, Раъно Узоқовани тарбиялаган отаси…
—Тарбиялаган отаси!.. Нималар деяпсиз?.. Бадир бобо ҳозир бор, демоқчимиз!..

—Ҳа-а, ўғли билан бирга “Сурхон”да туради!
—Нега шуларни боя айтмадингиз?..

—…Эй-й, мен сизларни биласизлар, деб ўйлабман-да!..
—Бошқа қариндошлари-чи?
—Бошқа қариндошларини билмадим…

Хуллас, калава ипининг йўқолган учи яна топилди. Хурсанд бўлиб идорага қайтдик.

УРГУТДАН ХАТ

Таҳририятда ишлар кўпайиб кетганидан бирмунча вақт Бадир бобони излаб “Сурхон”га боришнинг имкони бўлмай турди. Бироз кейинроқ эса бу уринишимиз недандир-кимдандир пайсалга солинди. Яна ҳам нималардир содир бўлдию, бу излаш-изланишлар гўё бефойда, ҳеч кимга даркор эмасдек туюлди. Яна денг, Яраш ҳам қаердандир эшитганини айтдики, Оққўрғон мактабининг адабиёт ўқитувчиси Ёқубжон Ҳусанов Раъно опа билан шуғулланиб юрган, баъзи нарсалар йиққан, сўнг эса у ҳам ташлаб қўйган экан…

Хулласи калом, олдинги ҳафсалалардан дарак ҳам қолмай, тушкун ва ғариб бир ҳолатларда юрган пайтларим “Жарқўрғон ҳақиқати” муҳарририяти Самарқанд вилоят Ургут туман газетаси ижодкорларидан хат олди…

“Қаламкаш дўстлар!—дейиларди унда.—аввало, сўлим ургутлик қаламкаш дўстларингиз саломини қабул этгайсиз. Мақсад сизлар билан танишиш ва кўмагингизда қишлоғингизда туғилиб ижод этган шоира Раъно Узоқова ҳақида маълумот олишдир.

Сизларга маълум бўлса керак, Раъно Узоқова ўзбек хотин-қизларидан биринчилар қаторида ўсиб чиққан шоиралардандир. Қизи Раҳиманинг айтишига қараганда, Раъно опа сиз яшаётган қишлоқда, Оққўрғон қишлоғида 1916 йили туғилган экан. У икки яшарлигида ота-онасидан ажралади. Шундан сўнг Марям Бадриддинова деган хотин уни ўз тарбиясига олади…

Раъно опа 1942 йилдан 1947 йил сентябр ойигача Ургутда радио эшиттириш редактори бўлиб ишлаган. 1947 йилда вафот этган. Ҳозир унинг 28 яшар Раҳима исмли қизи бор.

Раъно опа ҳақида газетамизда саҳифа бермоқчи эдик, Сиздан илтимос шуки, Раъно опанинг туғилган қишлоғида унинг қавм-қариндошлари бўлса хабар етказсангиз, бизга кўмаклашсангиз. Раҳима опа ҳам она қариндошларини топса, нур устига нур бўлар эди.
Жавобини кутаман. Ёрқин Йўлдошев. 1971 йил 1 июнь”...

…Мазкур хат менинг учун тун зулматини қуёш каби ярқ этиб порлатган ва яна қалбимга ёруғлик индирган бир мужда бўлганини тан олишим лозим. Айниқса, шоира ўзининг:

Қўлларингни жимжима қилиб ўйнайсан,
Эй норасида,
Қийқирасан завқу-шавқларга тўлиб,
Эй нуридийда…

деб бошланувчи шеърини бағишлаган қизи Раҳиманинг(яъни авлодининг А.Х.) ҳақиқатан бугун ҳаётда мавжуд эканлигини билиш камина фақирга қанчадан-қанча қувончу шодликлар ато этганини айтмайсизми! Қаранг-а, ургутлик дўстлар Раъно Узоқованинг қизи Раҳима билан ҳар доим кўришиб мулоқотда бўлиб турар эканлар, яна опамиз Самарқанддан ташқари Ургутда ҳам ишлаган эканлар. Жуда узоқлардаги бир диёр одамлари ҳамюрт шоирамиз хотирасини ёдлаш учун шунчалар қайғуриб, шунчалар ҳурматлаб қавму қариндошларини излаб-суриштириб турган бир пайтда, биз бепарво, лоқайд ва сусткаш бўлиб турсак, бу ишимизни не деб баҳолаш мумкин!?

Хуллас, мазкур хатга жавоб ёзмаслик мумкин эмасди.

…Болта Бойғучев айтган тахмин бўйича Бадир бобонинг манзилини топишни кўзлаб “Сурхон” давлат хўжалигининг марказий қўрғонига кираверишда автобусдан тушдим. Термиздан Душанбега ўтган трассанинг бир томони мевали боғ, бир томони пахтазор эди. Ўнг тарафда кетавериш бўйлаб пахта заводининг узун бетон девори кўринади.

Нариги томонда ўтиб, темир йўлга тақалган қисқа кўча бўйлаб юраман, бироздан сўнг чап томонда ҳақиқатдан ҳам ҳовли кўринади. Тўсиқдан ичкарига қарайман. Ҳовли мўъжазгина, тоза ва озода. Ўрта йўлакчанинг икки томонида турфа гуллар. Уй эгалари дидли эканлиги шундоқ билиниб турибди.

Кўча эшиги қулф эди. Нима қилса бўлади?

Кўчадан ўтаётган, қора сочи турмакланган қиздан сўрашга тўғри келди:
—Уй эгалари қаерда экан, синглим?

Қиз ажаблангансимон бир муддат қараб турди-да, қарши савол берди:
—Ким керак эди, сизга?

—Бадир бобо.
—Бобо йўқ бўлса керак. Келини Зуҳрага учрашингизлар. Пахта заводига борсангиз, топасиз.

Зуҳрани заводнинг баланд деворига тақаб тўшалган катта йўл тротуарида учратдим. Тахминим тўғри чиқди—тушликка келаётган экан.

—Бизнинг бобойми,—деди у саволимга жавобан,— Бобой — асаларида!
—Бобо қачон келади?

—Бир ойда ҳам келмас. Бугун ё эртага Шеробод кетади. Нима керак ўзи, Сизга?
—Бобо билан илгари тарбиялаган қизи ҳақида суҳбатлашишимиз лозим эди…

Гапнинг ким устида кетаётгани анча вақтдан сўнг Зуҳранинг ёдига келди.

—Машинангиз бўлса,—деди вазиятни англаган Зуҳра менга астойдил ёрдам беришга ҳаракат қилиб,—бугун бобойни Қушжийди қирининг атрофидан топишингиз мумкин. Асаларига бопта жой ахтариб Шерободга бориб келувди, тезроқ бормасангиз кўчиб кетиб қолади!..

Зуҳра билан хўшлашиб зудлик билан Жарқўрғонга қайтдим. Норали Боймуродов номли жамоа хўжалигининг ем-хашак тайёрлов бригадири катта акам ишда бўлиб, кажавали мотоулови уйда турарди. Ҳозирги вазиятда уни кимдандир сўраш вақт талаб қилишини ва бу ниҳоятда қимматга тушиши мумкинлигини англаганим боис мотоциклни ўт олдирдим…

Бирпасда Жарқўрғон кўчаларидан ўтиб қир орқали юрадиган Сопка йўлига чиқилди. Назаримда мотоциклни юргизиб эмас, балки учириб борардим гўё. Ниҳоят қир йўлининг ўзим тахмин қилган жойида рулни чапга бураман ва ўнқир-чўнқир тупроқ йўлдан кета бошлайман. Сўнг эса қовжираган чўл ўтлари устидан йўл тортилади, қаршида учраган янтоқ, юлғун, туяқорин ва бошқа нима алламбало буталарга чап бериб анча масофа юрилгач, интиқиб кўзланган манзил — узоқдаги чайлага нигоҳ тушади.

Чайладан нарироқда йигирматача яшчик қўйилган. Атрофда сен-саноқсиз капалаклар учади. Мени ажиндор, оққува, оқ соч, ўрта бўйли, бутун вужудида нуронийлик барқ уриб турган чол кутиб олди.

Мана шу киши 72 ёшли Бадриддин бобо Сагитдинов экан

—Бир-икки йил олдин ҳам сизга ўхшаган болалар келганди,—деди бобо, кўришиб-сўрашиб мақсадимни билгач,—Раъно ҳақида ёзиб кетишди. Билмайман, нима қилдилар. Уларга ҳам айтдим, майли сизга ҳам айтаман! Мен бобога Раънодан уч яшар қизчаси етим қолганини, мазкур гўдак ҳозирги кунда катта бўлиб, оила қуриб фарзандлари борлигини ва у қавму қариндошларини излаётганини билдираман…

…Бобонинг суҳбати кейин қизғин тус олади! — Мана ёш, гўзал Раъно, у қадрдон қишлоғи Оққўрғонга таътилга келган. Шўх порлаган қуралай кўзларида бир олам севинч!.. Ичига сиғмайди у… Нимадир айтмоқчи, нималарнидир ҳикоя қилиб бермоқчи сизга!..

—Зеҳнли эди, мияси яхши эди, —дейди Бадриддин бобо.–Укаларини, қўшни болаларни тўплаб давра қурарди, шеър, ашула айттирарди. Ўзича ҳам айтиб юрарди. Шунга ўқиган бўлса керак.

Раъно Термиз таълим-тарбия техникумини битирганидан кейин мактабда ўқитувчилик қилгани, Оққўрғон қишлоқ Советида котиба бўлиб ишлагани ва шунга ўхшаш ёшлик даврининг анча-мунча тафсилотларини Бадриддин бобонинг ўша ҳикояси орқали жамоатчиликка маълум қилганмиз. Табиатан санъатсевар Раънони Жарқўрғон халқ театрига жалб қилганлар: у саҳнада роль ўйнаган, рақс тушган, қўшиқ-ашулалар айтган, шеърлар декламация қилган.
Қалб туйғуларини ҳам илк бора ўша пайтлар оппоқ қоғозга назм ипи билан тика бошлайди.

Илк муҳаббати ҳам шу ерда ғунча ёзади – Узоқовни учратади…

Узоқов Жарқўрғон газетасининг редактори эди.—деди Бадриддин бобо,—Қизимнинг бошини айлантирди, тез орада ишдан бўшади ва Раънони Ҳаққулободга олиб кетди.

Ҳаққулобод деган жойни умуман эшитмагандим, ё шаҳар, ё қишлоқ эканлигини ҳам билмасдим. Буни бободан сўрадим. Бобо, Андижонда, деб айтди.

—…Ота-онасидан етим қолганмиди? – бироздан сўнг сўрайман мен суҳбат орасида…
—Йўқ.—дейди қатъий равишда Бадриддин бобо. Қазо қилган хотиним Маҳубжамол унинг онаси эди, Раъно—менинг қизим!..

Бобо ҳозиргина айтаётган гаплар мавжуд маълумотларга тўғри келмаса-да, берган саволим ёши бир жойга борган кекса инсон кўнглини бехос ранжитиб қўйишидан қўрқдим ва суҳбат давомида чурқ этмадим…

…Эртасига яна бордим. Бу сафарги саволлар ўтган галгидан анча кўп бўлиб, мақсад асл ҳақиқатни ойдинлашмоқ эди.

Лекин бобо йўқ экан, чайлада унинг кампири Осиё момо ўлтирарди, айтдики, асаларига бопта жойни энди Шерободнинг бошқа ерларидан излаш учун кетган.

ЖАВОБ ХАТИ

Саволлар ечимини ҳам худди шу Осиё момонинг ўзи ҳал қилди…

Келинг, бу ҳақда ургутлик дўстларимизга ёзилган жавоб мактубимизни кўздан кечирайлик.

…“Ҳурматли ўртоқ Ёрқин Йўлдошев!
Раъно Узоқова туғилган Оққўрғон қишлоғи Жарқўрғондан 15 километр шимолда, Термиз–Душанбе йўлининг ёқасида жойлашган. Қишлоқнинг шарқида Сурхон оқади…
Қишлоқда яшовчи етти яшардан етмиш яшаргача – ҳамма бир вақтлар шу ерда туғилиб ўсган, кейинчалик катта шоира бўлиб кетган Раъно Узоқовани яхши билишади. Жарқўрғон туманида Раъно Узоқова номли мактаб, кўча, пионер лагери бор.
Қариндошлар масаласига келсак, мен Раънони тарбиялаган 72 ёшли Бадриддин бобо Сагитдиновга учрашдим. Бобо кейинги хотини, ўғли ва келини билан “Сурхон” совхозида туришади. Марям–Маҳубжамол Бадриддинова эса 1946 йили вафот этган. Бобонинг катта ўғли Термизда, қизи Деновда яшайди. Раъно билан бирга ўсган катта қизи Сарвар эса Регарда истиқомат қилади.
Раънонинг ота ва она томондан асл қариндошлари номаълум.
Ҳурматли ўртоқ Ёрқин Йўлдошев!
Раҳима опанинг дарагини билиш биз учун ҳам, албатта, жуда қувонарли ҳолдир. Биз буни Бадриддин бобога айтганимизда, кўзига ёш олиб: “Сизларнинг ёрдамингиз билан учрашсак, айниқса, Сарвар Раъно синглисини кўп эслайди”, деди.
Сиздан ва ҳурматли қаламкаш дўстлардан илтимос: Раҳима опага жарқўрғонликларнинг ва яқинларининг истакларини етказсангиз.
Ҳурмат ва эҳтиром билан: А. Х. 1971 йил, 29 июль”.

Яна бу хатга илова деса бўладиган, Раҳима опага аталган кичик мактубчамиз ҳам бор эди.

“Ассалому алайкум, Раҳима опа!
Редакциямиз номига Ургут туманидан мактуб келди. Унда ҳамшаҳримиз Раъно Узоқова ҳақида маълумот беришимиз илтимос қилиниб, сиз ҳақингизда, яъни марҳума шоира опамизнинг қизи ҳақида тафсилотлар баён қилинган экан. Сиз бизга Раъно опамизнинг шеърлари орқали маълум эдингиз, энди эса дарагингизни эшитиб жуда хурсанд бўлдик.
Бобонгизга учрашганимизда, Раънони эслаб маъюс бўлдилар, сизни айтганимизда хурсандчиликдан кўзларига ёш олдилар. Оилада Раънони жуда кўп эслашар экан: айниқса, бирга ўсган Сарвар опа!
Ҳурматли Раҳима опа, мактубимиздан муддао шулки, сизнинг яшаш жойингиз, ҳол-аҳволингиз ҳақида маълумотга эга бўлсак. Айниқса, Раъно опа ўсган оила буни жуда-жуда истайди! Ўз ҳақингизда маълумот беришингизни ва онангизнинг юрти Жарқўрғоннинг азиз меҳмони бўлишингизни кутамиз.
Салом билан А. Х.”.

МАҚОЛА

Ургутга жавоб хатини жўнатиб сўнгра таҳририятнинг кунлик одатий ишларини бажариб юрган пайтимда касбдошлардан бири:

—Изланишлар ҳақида бирон нима ёздингизми,— деб сўради.
—Йўқ!
—Нега?

Бу тарз фикр олдин хаёлимга ҳам келмаган экан, шу учунми бироз индамай туриб қолдим. Суҳбатдошим эса қараб турарди. Ҳали арзимаса керак, деган қабилда беихтиёр жавоб айтиб юборибман.

—Ундай деманг! Ажойиб тема-ку? Ёзинг, жуда тез ёзинг! “Ленин байроғи”га беринг! Албатта, юборинг! Бу — Ираклий Андроников, Тўхтасин Жалоловларнинг изланишига ўхшаган зўр бир иш бўляпти-ку! Сиз, ўзингиз буни тушунинг!..—дея жон-жаҳди билан менга уқтирмоқчи бўларди Холмўмин Худойқулов.

Хуллас, жамоадаги жонкуяр касбдош қистови билан ўқувчига юқорида таниш кечмишлар қоғозда қораланди, оққа кўчирилиб, конвертга солинди ва вилоятнинг энг обрўли газетаси номига юборилди. Мазкур битик кимсан ёзувчи Менгзиё Сафаровнинг таҳрир назаридан ўтиб, Сурхондарё вилоят “Ленин байроғи” газетасининг 1971 йил 16 октябрь сонида “Шоира юрган йўлларда” сарлавҳаси билан босилиб чиқди…

…Ўша мақоланинг охири шундай якунланганди:
“Хатлар—дил элчиларидирлар. Улар худди бир-бирига уланган йўллар сингари қалбларни-қалбларга, дилларни-дилларга пайванд қилади, қанча ният ва орзу-тилакларни бирлаштиради, ошно этади. Бу бир улуғ ҳодисадирки, уни фақат мўъжизага қиёс этгулик. Ҳамма яхши ишлар ҳам ўшанинг шарофатидан. Шундай қилиб, биз (Ургутдан) жавоб кутамиз”.

АРМИЯ ХИЗМАТИДАН СЎНГ

Кўп ўтмай кузги армия чақируви ҳам эълон қилинди. Йигитлик бурчини адо этиш учун жўнаб кетилган кунгача Ургутдан жавоб олинмади.
Қардош Туркманистоннинг Чоржўй шаҳри ҳудудида ўтган ҳарбий хизмат чоғида оиладагилар, дўсту қариндошдан ташқари газетада бирга ишлаган жамоа аъзолари ва ҳатто устоз Ғулом ака Холиқов билан ҳам хатлашиб турганман. Лекин ҳечким менга Ургутдан хабар айтган эмасди…

…Бир йил давом этган хизмат тугади. Солдат уйга қайтганда қўй сўйиб тўй қилинади. Жамоадошлар ҳам келишди. Ўзаро суҳбатда, энди Сизга юқори газетада ишлаган маъқул, деганлар бўлди. Бу гап Ғулом аканинг қулоғига етган шекилли, мени чақириб анчагина даромад сўзлардан сўнг, деди:

—…У ерда Сизни еб қўйишади-ку!?
—Хуллас, яна қадрдон газетамга қайтиб ишни бошладим!

—1973 йилнинг бахори. Муҳарририятнинг умумий бўлимида ишлаб ўтирибмиз. Меҳмонлар ҳам бор эди. Хонага бош муҳаррир кириб келди. У меҳмонлар билан бироз чақчақлашиб ўтиргач, иш хонаси калитини чўнтагидан олиб менга узатди-да…(ўша нарсанинг нима эканлиги ҳозир ёдимда йўқ) топиб келишимни сўради.

Бош муҳаррирнинг иш столи ғаладонини анча титкилашга тўғри келди, майда-чуйда кўп эди. Ғулом ака сўраган нарса ниҳоят топилди, лекин шу билан бирга уни олаётганда кўзим тушган кўк конвертга ҳам беихтиёр қизиқсиндим. Конверт очилган, кириш рўйхатидан ўтмаганди. Конвертга мустаҳкам қилиб урилган почта муҳрларидан Ургут ва Жарқўрғон сўзларини ўқиса бўларди ва санаси… бундан тахминан бир йиллар илгарига тўғри келарди…

…Бир ҳол бўлиб қолдим, юракнинг тўхтовсиз дукуллаши, бутун баданга ёйилган титроқ ва хаяжон анча вақт босилмади…

…«Сурхон ойнасида чоп этилган ажойиб мақола учун ташаккур ва тасаннолар айтамиз», дея битилганди ушбу хатда.

Энг муҳими эса, унда Раъно Узоқованинг қизи Раҳимахоннинг Самарқандда оиласи ва икки қизчаси билан яшаётгани, боғча мудираси бўлиб ишлаётгани ҳамда манзили ҳақида яхши хабарлар бор эди…

…Ғулом ака махсус сақлаган ва ишлар орасида ёдидан мутлоқ кўтарилиб кетган мазкур хатни тасодифан ўзим топиб олишимга тўғри келиб ва уни ютоқиб ўкиб, қай даражада шодликларга чулғанганимни ким ҳам тасаввур қила оларди!..

…Бир неча кундан кейин Самарқандга бориб Раҳима Узоқованинг меҳмони бўлдим. Бу тафсилотлар ҳақида жойи билан сўз боради.

“ОБКОМ ПАРТИЯ”ДА СУҲБАТ

1976 йил 12 март. Мени Термизга «Обком партия» деб аталадиган ўша пайтнинг энг қудратли ва нуфузли ташкилотига чақиришди. Номини тутганда барча зир югурадиган идорага биринчи бор келишим: иккинчи қаватдаги ораста ва узун йўлакдан юрар эканман, ўзимни хаёлда туш кўраётгандек сезар эдим.

Тушунтирганлари бўйича кабинетма-кабинет кира бошладим. Хоналарда ўтирган вазмин ва салобатли кишилар икки оғиз савол-жавобдан сўнг парча қоғозга қисқача нимадир ёзиб, олдиларида турган делога солиб қўйишарди.

Кабинетлардан бирида узоқ ушландим, сабабики партиявий-ташкилий ишлар бўлимида ходимларни ўрганиш учун ҳар тарафлама ўсмоқчилашар экан, чамамда. Анвар Ҳасанович Остонақулов ишини тугаллаб, имзо чеккан қоғозини делога солди-да, кўрсатгич бармоғини бир пас чеккасига тираб ўйланиб турди ва сўнг менга юзланди:

—Университетни имтиёзли битирибсиз, журналист бўлибсиз, газетада яхши ишлар қилибсиз. Булар ҳаммаси яхши. Аммо биров-ярим «хоббингиз» борми?

Мен тушунмадим.

Остонақулов соддароқ айтди:
—Яъни ишдан ташқари пайтларда ўзингизга ёқадиган бирор иш билан шуғулланасизми?
—Ҳа!.

—Қани нималар?
—«Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий-эстетик қарашлари» деган темада кандидатлик устида ишлаяпман, режам тасдиқланган…

—Ўҳ-ҳў, зўр-ку? Илмий раҳбарингиз ҳам бордир?
—Ўзим битирган жой—Самарқанд университетидан филология фанлари доктори Ботурхон Валихўжаев!

—Яшанг! Хоббилардан янаям борми?
—Бор! Районимизда туғилган шоира Раъно Узоқова ҳақида изланиш олиб боряпман.

—Эй, бу иш билан бошқа одам шуғулланади. Сизда ҳеч қандай материал йўқ-ку, у эса ҳамма нарсани билади…

Мен индамай турдим…

Анча вақтдан сўнг сукунатни Остонақуловнинг ўзи бузди:

—Ёки сизам бирор янгилик топганмисиз!
—Ҳа!

—Хўш, айтингчи?

—Раъно Узоқованинг қариндошларини топдим: тарбиялаган отаси Бадриддин бобо Сагиддинов, Раъно опа билан ёшликда бирга ўйнаб ўсган Болта ака Бойғучев, Раъно опа котиба бўлиб ишлаган Оққўрғон қишлоқ Советининг раиси Шоди бобо Расулев!.. Самарқандга бориб Раъно Узоқованинг қизи Раҳима билан учрашдим, онаси вафот этганида уч яшар бўлган…

—Хўш-хўш — деди ҳолатида ўзгариш ҳосил қилган Остонақулов, креслосида ястаниб олди, кўзойнагини ечиб дастрўмол билан артди, яна тақди. Қўли билан стулни кўрсатиб: «Буёққа ўтиринг-чи?» — деди ва стулга жойлашганимдан кейин сўзини давом эттирди:

—Иккала «хоббингиз» ҳам яхши экан! Олдингиси-ку тушунарли-да, кейингиси билан қандай шуғуллана бошлагансиз?

—Мактабда ўқиб юрган пайтларимдан билар эдим: кутубхонадаги «Ўзбек шеърияти антологияси» деган китобда Сурхондарё вилоят Жарқўрғон районида туғилган, деб ёзилганини ўқиганман. Самарқандда талабалик пайтимда эса Октябр инқилобининг 50 йиллиги муносабати билан газетада Раъно Узоқова ҳақида катта бир саҳифалик материаллар берилган эди. У ерда ҳам Жарқўрғонда туғилган, деб кўрсатилган…

Хуллас, Раъно Узоқованинг юртдошимиз эканлиги менга ҳеч қачон тинчлик бермаган! «Жарқўрғон ҳақиқати»га ишга келганимда кўплардан, айниқса оққўрғонлик каттаю кичикдан суриштирдим. Аммо бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмади. Кутубхоналарда (ҳатто вилоят кутубхонасида ҳам) опа ҳақида бирорта маълумот топилмади. Тўғриси, жуда хафа бўлиб юрдим. Охири Оққўрғон қишлоқ Советида бир кишини тасодифан учратиб қолдим…

—Калаванинг учини топдим денг? Бу тўғриларда бирор жойда ёзганмисиз?
—«Ленин байроғи»да, 1971 йили 16 октябрда.
—Шунақа денг!..

—Самарқанд вилояти Ургут тумани ижодкорлари билан ёзишмалар қилганман, яъни газетамизга Раъно Узоқова ҳақида маълумот беришни сўраб улардан хат келганди. Ана шу хатга жавоб излаб икки-уч ой шуғулландим. Жарқўрғоннинг кўп жойларига бордим. Мотоциклга миниб адирларда Бадриддин бобо асалари боқаётган жойларни роса изладим. Раъно опани биладиган, эслайдиган ва кўп нарсаларни ойдинлаштириб берадиган одамлар охири топилиб қолди, ниҳоят Ургутга жавоб хати йўлланди. Тез орада миннатдорчилик мактуби ҳам келди. Унда шоира «Қизим Раҳимага» дея шеър бағишлаган фарзанди ҳақиқатдан ҳам мавжудлиги борасида маълумотлар бор эди. Ургутга жўнатган навбатдаги хатимга Раҳима номига ёзилган мактубимни илова қилдим, «Шоира юрган йўлларда» мақолам чоп этилган газета сонини ҳам қўшиб юбордим. Бу орада ҳарбий хизматга чақирилгандим. Армиядалик пайтимда Ургутдан менинг номимга хат келган-келмаганлигини аниқлашга ҳаракат қилдим. 1972 йили декабрда аскарликдан қайтиб келиб яна район газетасида ишладим.

1973 йилнинг баҳорида Самарқандда Раъно Узоқованинг қизи Раҳима Узоқова билан учрашганман…

Ҳикоям ана шу жойга келганда Остонақулов қўли билан «етади» дегандек ишора қилди-да, чап томондаги стол устида турган телефонлардан бирининг гўшагини кўтарди ва:

—Менга Деновни беринг,— деди.
—Деновми? Турдиевни уланг!

—Тоштемир!.. Сиз Раъно Узоқовани биламан деб юрибсиз, Раъно Узоқовани ҳақиқатдан ҳам биладиган одам мана менинг ёнимда ўтирибди. Хуллас, бугун кечқурун соат олтида…— гўшакнинг микрофон қисмини кафти билан ёпиб мендан аста: «Кечқурун уйда бўласиз-а?» деб сўради, манзилимни аниқлагач гўшакни очди, исми шарифимни айтиб давом этди.—…Жарқўрғонга келасиз, Норали Боймуродов колхози, биринчи бригада. Тушунарли бўлдими? Бу одам сизни кутади!

УЙДА

—Айтилган пайтда дарвоза тақиллади. «Волга» ГАЗ-24 машинасидан тушган икки кишини уйга олиб кирдим. Тоштемир Турдиев тўладан келган, оққува, муомалани роса ўрнига қўядиган, кўзлари маъноли боқувчи одам экан. Унга йўл бошловчи бўлиб келган сурхонлик Яраш Мустафоқуловни эса аҳён-аҳёнда кўриб турар эдим.

Баъзан ўйлаб қоламан: у дамлар, ҳозирги замонда урф булган одат бўйича айтадиган бўлсам, менинг ҳам юлдузли онларимдан бири бўлган экан. Рўй бераётган янгиликлар, кечаётган воқеалар, қилинаётган ишлар кишини шунчаликка обориб қўйган эдики, сархушу сармаст бўлиб гўё еттинчи осмонда учиб юргандек сезардим ўзимни! Бу нарса фақат эртаклардагина бўладиган ажойиб сайру саёҳатларга ўхшаб кетади: кейинги уч-тўрт ой давомида Раъно Узоқованинг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик юзасидан югур-югурлар (адабиётшунос Абдуғафур Расулевнинг Раъно Узоқова туғилган кунни 1916 йил 16 март деб кўрсатганлиги учунгина бу ҳаракатга тушиб кетганман, аммо олим бу фикрни айтганида қайси манбага суянганини ҳалигача тополмайман, кейинчалик ўзидан сўраганимда ҳам ҳеч эслай олмади), юбилей тантанасида райком котибаси ўқиб бериши лозим бўлган қарийб бир босма тобоқ ҳажмли маъруза матнини йўқ жойдан бор қилиб тайёрлаш ташвишлари, «обком партия»да шоира Раъно Узоқова ҳақидаги суҳбатлар (илтимосимга биноан шоирамиз юбилейини ўтказиб бўлганимдан кейин бу идорада янги ишни бошлашимга изн беришди), шоирамиз юбилейи таклифномаларини тарқатиб юриш нашъу намолари (айниқса журналист Ҳамид Раҳмонов билан бирга Термиз Давлат педагогика институтига бориб адабиёт кафедраси мудирига таклифномани берганимизда: «Ие, бу қанақаси! Обком партия шунчалик катта тадбир ўтказади-ю, адабиёт кафедраси бундан бехабар қолади-ми?», дея ғалати оҳанг ва қиёфада гапирганида биз: «Йўқ-йўқ, тадбирни райком партия ўтказаяпти» дея жавоб бериб қутулганимиз), шоира Раъно Узоқова сабабчи деновдек жойдан бугун таниганим—Тоштемир Турдиев каби инсонлар уйимга келиб тургани ва ниҳоят бундан бошқа кўпдан-кўп хушвақтликлар соҳиби эдим.

Меҳмонлар билан суҳбатимиз қизигандан қизиди…
Раъно Узоқова бўйича йиққан бор буд-бисотимни ўртага ташладим…

Сўзимда тўхтамай давом этаяпман, суҳбатимнинг ниҳояси йўқдек эди…
Бир маҳал узоқлардан Тоштемир аканинг овози келди:

—Абдуллажон, агар хоҳласангиз, келинг биргаликда китоб чиқарайлик! Жавобимда тўхталиб туриш ҳам, ўйланиб ўтириш ҳам йўқ эди:

—Менинг учун, Тоштемир ака, Раъно опамиз машҳур бўлса бўлди! Сурхондарёдан, Жарқўрғондан ҳам шундай ёзувчи-шоирлар чиққанини эл билса бўлди! Сиздек бир инсон ҳам бу олийжаноб ишга қўшилиб Раъно опани тарғиб этаётганингиздан бошим осмонга етмоқда!..

Иқрорим ва изҳорим шулки, каминанинг дилида ва тилида ҳар доим гап битта бўлган, бунинг устига қилган ишларим ҳали достон қилишга арзимайди, деб ҳисоблаганман!..

—Бу материаллардан фойдалансам майлими?
—Албатта, марҳамат! Мана, Самарқанддан, Ургутдан келган хатлар —

Раъно опамиз ҳақида маълумотлар ёзилган, қизи Раҳима ҳақида баён этилган. Манзиллари… Юборган жавобларим… Битган мактубларим… 1971 йил 16 октябрда чиққан мақоламни олинг! Самарқандда байрамга атаб чоп этилган «Зарварақ» саҳифаларида Раъно опамиз ижоди ҳақида катта материаллар бор. Булар эса: — «Саодат» журнали, 1972 йил 5-сони. Самарқанд вилоят «Ленин йўли» газетасининг 1967 йил 1 июл сонида тўла бир саҳифа опамизга бағишланган… Газета ғижимлангани ва доғлари кўплигига эътибор берманг, муҳими ўқиса бўлади…

Меҳмонлар жойларидан қўзғалишар экан, уларни 16 март куни район маданият уйида бўладиган шоира Раъно Узоқова юбилейига бағишланган тадбирга таклиф этдим, Термиздан шоир-ёзувчилар, журналистлар ва олимлар қатнашишини айтдим, Бадриддин бобо, Шоди Шўро бобо, Осиё момо, Болта акаларнинг шоирамизнинг ёшлиги ҳақидаги эсдаликларини эшитасиз, дедим.

Кейин мен бир олам таассуротлар оғушида уйқуга ётдим: эртага қилинадиган ишлар кўп эди…

НОРМАТОВ

Эртасига барвақт “Жарқўрғон ҳақиқати”га келдим. Бош муҳаррирнинг авзоидан мени бетоқат кутаётгани шундоқ билиниб турарди:

—Қани нима бўлди, Абдуллажон?
—Энди Термизда ишласак керак, Донабой ака!

Норматов чеҳраси бирдан ёришди, бутун юзига табассум ёйилди. Ўрнидан туриши баробари қанотларини ёзган ҳолда столни ёнидан айланиб келди ва мени қучоқлар экан лабларидан қуйидаги сўзлар учди:

—Райком партияга олмоқчи бўлганида, ўзимни ўйлаб роса қаршилик қилганман. Биласиз, аввалига сизни кўндириб, кейин эса катталарга у хоҳламаяпти деб айтиб, рад жавоб етказганман — жуда ҳам кераксиз менга! Аммо, энди ундай қилолмайман, ундай қилишга ҳеч-ҳеч ҳаққим йўқ.. Ниҳоятда хурсанд бўлган ҳолда сизга оқ йўл ва омад тилайман…

…Унинг бош муҳаррир бўлиб ишлаётганига эндигина тўрт ой бўлганди. Ўшанда кўпчилик туман маданият бўлими мудирини газета мухаррири этиб ўтказган райком партиянинг бу қарорига ажабланди. Ҳафтасига уч марта тўрт минг нусхада чоп этиладиган ҳамда вилоятимиз туман газеталари орасида яхши ўринларда турадиган рўзномамизнинг саккиз нафар ижодий ходими ҳам янги раҳбарга турлича муносабатда бўлди: биров зимдан ёқтирмади, бошқаси очиқ ёвқараш қилди, аксарияти “менга барибир” қабилида эди. Ижод ахли тан олиши учун ҳамма нарсадан ҳам “ёза билиши” ва энг муҳими “қалами зўр” бўлиши, гўёки кундек равшан бўлса ҳам, барибир ғишт қолипдан кўчиб булганди.

Олдинги бош муҳаррир Ғулом ака Холиқов жамоа хўжалигига партия котиби этиб юборилди ва мен бир неча ой бош мухаррир вазифасини бажардим, “Жарқўрғон ҳақиқати”га Норматов келганидан кейин яна ўринбосарликни давом эттирдим.

Лекин буёғи силлиқ кечмаган:—“Сен ишни қойиллатдинг-ку? Нега қўйишмади? Ҳе, ўшаларнинг онасини… Энди бунга(яьни янги раҳбарга) тўсқинлик қил, ишини буз, ҳеч ўзланмасин, кетиб қолсин ” дея шипшитувчилар етарли эди.

Аммо соғлом фикр ҳар турфа гап-сўзларни қабул қилмади: —“Қўйишибдими, демак, нима бўлганда ҳам шу одам лойиқ деб топилган, вазифам: касбимга садоқатли бўлиш, ишни яхши бажариш, газетани сифатли чиқариш, муҳаррирга ёрдам бериш”, дея тушунганман.
Хуллас, гапнинг индаллоси шуки, Донабой Норматовнинг бош муҳаррирлиги ўз ўринбосарига ишониш ва таяниш орқали амалга оширила бошланди ва шу тарзда бу иш самарали кечди.

Орадан кўп вақт ўтмай шоира Раъно Узоқова борасидаги изланишлар янги бош муҳаррирга маълум бўлди ва ўз хизматини чин юракдан таклиф қилди.

…Кунлардан бир куни муҳаррирнинг ВАЗ О6 ”Жигули” машинасида Оққўрғонга йўл олдик. Шоди Расулевнинг уйини излаб топдик. “Жарқўрғон ҳақиқати” газетасининг кекса мухбири Болта Бойғучев сухбатлардан бирида Раъно Узоқова шу бобонинг қўлида қишлоқ Совети котибаси бўлиб ишлаганини айтиб ўтган эди.

—“Қирқ йиллардан хам олдинги вақтларда қишлоқ Шўросида ишлаб кетган қандайдир бир қиз қайда-ю, бугун тўқсон ёшини тўлдирган бобо қаерда?” дея фикрласам-да, барибир, Шоди Шўро бобонинг суҳбатини олиш ва кўҳна хотирасини бир титкилаб кўриш илинжи бор эди менда!

Шоди Расулев бир гапириб ўн куладиган хушчақчақ қария экан. Мехмонларга ниҳоятда ҳурсанд бўлди. Айвон тагига жой қилинди. Дастурхон тўшалди. Нон ушатилиб чой ича бошладик.

Сухбатимиз асносида папкадан олган суратни кўрсатиб:
—Шоди бобо, бу ким?— деб сўрадим.

Бобо суратни қўлига олиб кўзларига яқинлаштирди, роса синчиклаб тикилди, бирпас тек қолди, кейин эса оппоқ қалин соқолини силаган ҳолда шарақлаб кулиб юборди:

—Э, бу менинг қўлимда ишлаган Раъно-ку? Бу сур-рат қаердан келди, — деб мени сўроққа тутди.
Воқеани қисқача тушунтирдим, Раъно Узоқова ҳақида билганларини айтиб беришни сўрадим:

—Эй, бу Бадир бобонинг иярчан қизи-да,—деди у.—Термизда ўқишни битирганидан кейин қўлимда сельсоветнинг секратари бўлган. Шўҳ—шаддот қиз эди. Сочлари жамалакдай эди. Болаларни тўплаб шеър, ашула айттирарди. Ўзиям роса келиштириб матал, ашула айтарди, ўйинга тушарди. Лекин зехниям ўткир эди, мияси яҳши эди. Кейин артист бўп кетди…

Шоди бобо ҳузуридан қайтар эканмиз, Норматовга миннатдорчилик билдирган эдим, у: “Қайтангга мен сизга миннатдорчилик билдиришим керак эди. Сиз туфайли шундай улуғ ишларнинг гувохи бўлиб турибман. Жудаям савоб иш қилаяпсиз! Буёғига ҳам нима хизмат зарур бўлса, мен тайёрман,”—деди.
Шундай қилиб шоира Раьно Узоқованинг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қилаётган ишларимда Донабой Норматовнинг иштироки ва кўмаги анча қўл келди.

Аввало, юбилей тадбирларини жамоатчилик асосида амалга ошириш бўйича ўйлаб қўйган режаларимдан уни воқиф этдим. Ғоямга мувофиқ тумандаги мавжуд 45 та мактабнинг хар биридан иккитадан аьлочи ўқувчи адабиёт муаллими етакчилигида юбилей тадбирига таклиф этилади( бундай ҳолларда хар доим кузатилганидек яқин ўртадаги мактаб ўқувчиларини гурас–гурас олиб келиб зални тулдириш максадга мувофик эмас), хўжаликлар, ташкилот ва корхоналарнинг маьнавият, мафкура ишларига масьул шахслари, ижодий жабха ходимлари, олимлар, журналистлар қатнашиши лозим , токи юртдош шоирамизнинг номи хар бир жарқурғонликнинг онгига етиб борсин, қалбида акс-садо берсин ва фахр-ифтихор туйғуларига лиммо- лим тўлсин!

Туман маданият уйининг турт юз уринлик мухташам катта зали шоира юбилейига атаб махсус безалиши, шиорлар, плакатлар осилиши, Раьно Узоқовага бағишланган деворий газеталар куриги ўтказилиши, стендлар, фотомонтажлар чиқарилиши, туман халқ санъаткорларининг махсус концерт дастури тайёрланиши лозим. Саҳна тўридан шоирамизнинг жарқўрғонлик рассомлар яратган катта чиройли портрети жой олади(ушбу портретни адабий кеча ўтказилганидан кейин Раъно Узоқова номи билан аталадиган мактабга ҳадя этиш кўзда тутилади). Портрет ва унга ёзилган “Раъно Узоқова—60 ёш” деган ёзувни қуйидан ярим айлана шаклидаги лавр япроги тасвири икки тарафдан ҳошиялаб туради. Туман босмахонаси шоира юбилейи таклифномаси ва дастурини тайёрлайди. Газета ходими Пўлат Солиев шоирамизнинг яқинларини, Шоди бобо ва Болта акани ўз машинасида олиб келади, фотомухбир Чоршанби Сафаров сурат туширади ва ҳоказо…

Шоира юбилейини ўтказиш буйича масалаларни мухокама килаётганимизда Донабой Норматов дабдурустдан сўраб қолди:
—Обком партияга ишга кетадиган бўлсангиз, тайёргарлигимиз нима бўлади энди? Хайрият ҳамки, райком котибаси маърузаси матнини тугаллаган экансиз?..

—Рухсат беришди, ака. Раъно опамизнинг тадбирини бирга тайёрлаймиз, юбилейни ҳам бирга ўтказамиз, лекин Термизда ҳам ҳар куни кўриниб туришим керак экан.

—Э, унда жуда яхши бўпти!

Муҳаррирга сафимиз яна кенгайганлигини ҳам айтишни унутмадим…

—…Материалларни бериб юбордим, денг!
—Ҳа!

—Чакки қилибсиз!
—Нега энди?

—Сиз тўғри одамсиз-да! Ҳаммани ўзингиздай тушунасиз, қинғир ўйлашни билмайсиз. Ҳар хил одам бор ҳаётда?..

—Лекин Тоштемир ака зўр инсон!
—Шундай денг! Ҳа, унда билмадим…

ЖАРҚЎРҒОН. 1976 ЙИЛ 16 МАРТ

Ниҳоят 16 март келди. Соат 14-00. Шоира Раъно Узоқова юбилейини ўтказиш учун ҳамма нарса тахт. Туман маданият уйи лиқ тўлган, ўтирганларнинг аксарияти ёшлар. Ён-атроф ўзгача файзли, барчада ҳаяжон бор, қизиқиш катта. Бунчалик тумонот одамни бу маскан Комилжон Отаниёзов, Қувондиқ Искандаров ёки Олмахон Ҳайитова келганидагина кўрган бўлиши мумкин. Лекин айни гувоҳи бўлаётганингиз ҳол Раъно Узоқовадек шоирани Ўзбекистонга берган ўз Жарқўрғони билан фахрланиш ҳиссини, шунингдек яна ғурур деб аталувчи биз кўкрак кериб айтадиган, оламда ўхшашсиз туйғуни ўйғотиши билан ҳам булардан қанчалик устун эканлигини билсангиз эди!

Икки киши ўзаро суҳбатлашмоқда:
—Ёзувчи-шоир фақат Тошкент-Самарқандда туғилади, ўша ерда яшайди ва ўша ерда ўлади деб юрибмиз, ахир бизда ҳам бор экан-ку?
—Ўзбекистоннинг биринчи шоираси асли биздан чиққан экан, эй ошнам! Иложи бўлса бирпас тек тур, гапнинг қизиғи энди бўлади!

…Ҳамро Тожиевнинг тенор овози авжига чиқади, саҳна ўртасида раққоса гир айланиб хиром этади…

Тантанали йиғилиш ҳайъатидан жой олиши керак бўлган меҳмонлар маданият уйининг қўш тавақали катта эшиги олдида туриб қолмоқдалар.—асосий маърузани қилиши лозим бўлган райком котибаси ҳали Термиздан қайтмаган…

Орада ярим соатдан кўпроқ вақт ўтди, лекин ҳеч ким бетоқат бўлаётгани йўқ!

Яна ўн дақиқадан сўнг кутилган одам кўринди ва меҳмонлар у билан биргаликда ичкарига киришди.

Ҳозиргина концерт кўриб турган зал сув сепгандек жим бўлди.

Меҳмонларнинг олди саҳнага кўтарилиб ҳайъатдан ўз ўрнини эгаллаётган бир пайтда чалина бошлаган чапаклар Шоди бобо, Бадриддин бобо, Осиё момо, Болта акалар кўриниш берган аснода бутун зални гумбурлатган суронли қарсак-овацияга айланди, одамлар керакли гапдан аллақачон хабардор эдилар чамаси!

…Маърузачи тутилиб-тутилиб ўқиди, айрим хос сўзлар, адабий терминлар талаффузида анча қийналди.

—“Жумлаларга юкланган маънони ўзи ҳали етарли ўзлаштирмаган нотиқ тингловчига қандай қилиб ҳам таъсир қила олар эди”, дея хаёлимга келган фикрдан мен уялиб, қизариб, ич-ичимдан ёниб кетаяпман.

Ахир, кўриб турибман, қанчадан-қанча сўзлар тушунилмай, идрок этилмай, ҳавода муаллақ қолиб, қаерларгадир учиб, изсиз йўқолиб кетмоқда!
Валекин, тан олиш керак ва албатта балли шу ҳолатгаки, кўпни кўрган йиғилиш аҳлининг умумий руҳияти бундан мутлақо озор чекмаганини, аксинча табиий йўсин сифатида қабул қилганини кўриб, хафа бўлмасам-да, таскин ҳам топмадим!

Мажлис аҳлига “тайин этилган мукофот” ўзини кўп куттирмади, ҳассасини дўққиллатиб минбарга чиққан Шоди бобо ўзи бир кулди, одамларни ўн кулдирди:

—Манави жигит менга:—Ўзингиз тўқсонда бўлсангиз, қирқ йил олдин ишлаган бир қизни танимайсиз-да, дейди, бир суратни кўрсатди. Мен дарров, бу мен билан ишлаган Раъно-ку?—дедим. Гапим тўғрима, айт!

Ай, Раъно шўх эди, олов эди, шеър ҳам айтарди, ашула ҳам айтарди. Билсам бу ашула-қўшиқ ўзиники экан! Э, у бир балои бат эди…

Районнинг Узоқов деган бир редактори илиб кетди-да, уни!..Шу билан изи йўқ бўлди…

Мана энди қирқ йил ўтганда билаяпмиз, ўзимиздан чиққан шоира бўлган экан, баччағар кўп жойни бойлаган экан!..”

Навбатдаги сўзни олган Бадриддин бобо Сагитдинов эса залга қарата оҳиста гапиради:
—Раҳматли аёлим Маҳубжамолга уйланганимда унинг 17 яшар Моҳисарвар, 6 яшар Раъно исмли қизлари бор эди. Моҳисарвар олдин вафот этган умр йўлдошидан ёдгорлик бўлса, Раънони у темир йўл яқинидаги чолдевор орасидан топиб олиб ўстирган. Мен уларни ўз фарзандим деб қабул қилдим. Биз яна икки фарзандли бўлганмиз.

Раънони интернатга берганмиз. Кейин техникумда ўқиди. Оққўрғондами, Термиздами, қаерда яшасак ҳам дам олиш, таътил кунлари бўлди, дегунча Раъно уйга келарди. Овқатига, уст-бошига қарардик. Укаларини ўйнатарди, шеър, ашула айтиб берарди. Ҳамсоя болаларни ҳам тўплаб уларга шеър айттирарди.
Термизда техникумни битириб келди, Жарқўрғонда сельсоветда ишлади, муаллим бўлди, артистлик қилди. Артистлик пайтида турмуш қурди—эри редактор, Узоқов фамилияли, Андижоннинг Ҳаққулобод деган жойидан. Раъно эрининг фамилиясини қабул қилган. Узоқов ўша томонларга бир бориб келди-да, кетаманга тушди, қайсидир бир ишга жойлашган экан. Раънони ҳам олиб кетди. Қаерда бўлсалар ҳам, боши омон бўлсин, деб қолавердик. Лекин Раъно бизни унутгани йўқ, ҳар йили келиб турарди. Икки марта Душанбега командировкага ўтган пайтида келди. Уруш йиллари келолмади, аммо биз у билан хат ёзишиб турганмиз. Сўнг… ора узилишиб қолди: вафот этган экан! Онаси Маҳубжамол ҳам ўша пайтлари қазо қилган чиқади… Раънони эслаб турамиз, айниқса, Моҳисарвар…

Шундан сўнг вилоят ёзувчилар уюшмасининг раиси Менгзиё Сафаров минбарга чиқиб Сурхон адабий муҳити, адабиётшунос олим Ҳайдар Оқбўтаев эса адиба ижодининг қирралари ҳақида ҳаяжон ила сўз айтишди. Раъно Узоқовага бағишлаб янги ёзилган шеърлар янгради.

Эътиборлиси шуки, сўз айтган шоирларнинг қарийб барчаси жарқўрғонлик эди. Айниқса, тутқич бермас илҳом парисини бу сафар маҳкам қучиб олиб бир зарб билан қуйма сатрлар яратган Болта Ёриевнинг шеър ўқиши сокин дарё оқимидай равон бўлди:

Салом сизга баҳор гуллари,
Жарқўрғоннинг моҳи диллари,
Нурланибди соғу сўллари—
Шоиранинг юрган йўллари.

Шеъриятнинг Раъносини биз,
Йўқлаб келган кўп дўсти азиз,
Тўтиёдай кўзга суртамиз—
Шоиранинг юрган йўллари.

Жамол очиб турган Оққўрғон,
Бир беармон боладай қувон.
Сени яна этар бепоён—
Шоиранинг юрган йўллари.

Бунда қанча авлод гул тергай,
Қанча лочин қанотин кергай,
Ҳали қанча Раънолар бергай—
Шоиранинг юрган йўллари.

Янгибой Шоймардоновнинг “Субҳидам қалдирғочи” шеъридан:

Субҳидамни севаман жондан,
Баҳор қарзим менинг жаҳондан,
Ернинг қарзи яна осмондан,
Мен—баҳорман,
Тонгги қалдирғоч!

Сурхон узра уриб ўтай тўш,
Мен кенгликда чапдаст, қийғир қуш,
Ҳар ҳаводан иссиқ бир оғуш,
Мен—баҳорман,
Эшигингни оч!

Шайдулла Сориев: “Бу кун сени эслаймиз”

Сурхоним қирғоғида, интернат қучоғида,
Не ҳақда ўй сургансан, туш мисоли эслардинг.
“Гуландом” севгисини, садоқат қўшиғини
Тингламоққа баҳору қалдирғочни қистардинг.

Минг афсус, сен куйлаган шовуллаб турган баҳор
Айни баҳор ёшингда… сўнди қалб алангаси.
Бу кун сени эслаймиз элимнинг ҳассос қизи,
Тилимизда жаранглар шеърларинг жарангоси.

Номингни эъзозлаймиз, шеърларинг қалблар мулки,
Шу буюк замонага ҳамоҳанг куйинг сенинг.
Сен мангу яшагайсан асрлар оша тирик
Насиб этар авлодларга муборак тўйинг сенинг.

Ўринбой Адимовнинг “Сен булоққа ўхшайсан” шеъридан:

Сендан қолди дилбар шеър, раъно гулидек гўзал,
Шайдойи ошиғини имлаб турарди ял-ял.
Қалдирғоч қанотида қалбингнинг ёлқини бор,
Шеър аҳли яшар экан, умрингнинг талқини бор.

Шеър аҳли ҳаёт экан, юракларда яшайсан,
Юраккинам қайнар булоқ—сен булоққа ўхшайсан!

Шоира Раъно Узоқованинг 60 йиллигига бағишланган адабий анжуманда яна бир шеър тингловчиларга ҳавола этилди: бу саккизинчи синф ўқувчисининг гуллар ва чаманлар бисёр бўлган шеърият бўстонидаги дебоча чиқиши эди. Ақлли, қўйкўз йигитчанинг келажаги порлоқлиги шундоққина манглайидан билиниб турарди. Исми Эшқобил, фамилияси Шукуров дея номи эълон қилинган ёшгина истеъдод эгасини бундан бирмунча муддат олдинроқ Янгибой ака Шоймардонов “Жарқўрғон ҳақиқати”га етаклаб келганди: суҳбат қилгандик, шеърларини тинглагандик, яхши гаплар айтгандик ва шоирамизнинг 60 йиллик тўйига таклиф этгандик!

Мана, Жарқўрғоннинг ўша катта минбаридан Эшқобил ўқиган шеър:

Келажак фарзанди бешикда ётар,
Гўдакнинг қалбида ловуллар қуёш.
Мурғак ёшга қараб ҳавасим ортар,
Албат қудратидан талқон бўлар тош.

Сингилчам, кўзларнинг мунча маънодор,
Унда кўринмоқда ойдин келажак.
Жилмайишингда халқлар бахти бор,
Қўлларинг Ватанни бўстон қилажак.

Балки, азиз синглим, Раънодай бўлиб,
Шеърият боғига қўярсан қадам.
Балки келажакда ижодинг тўлиб,
Янги кашфиётлар қиларсан сен ҳам.

Кечада шоир Шафоат Раҳматуллаев ҳам сўзга чиққанди, Шоира Раъно Узоқовага бағишлаб махсус ёзган “Таъзим” деб номланган шеърини ўқиганди…

* * *

Юқоридаги хотиротларга қўшимча яна бир нарсани айтиш лозим.

У ҳам бўлса шуки, 2006 йилнинг 12 апрел куни Термиз кўчаларидан бирида бўлган тасодифий учрашув мазкур ҳаяжонли воқеалар манзарасини бошқа томондан кўз олдимда тиклади.

Тротуардан келаётган ўрта бўйли ва ўрта ёшли бир киши иккиланиб менга салом берар экан, исмимни айтиб: “Сиз ўша кишимисиз ё бошқамисиз?—деб сўради.

Танишиб олдик. Мен, Эшмўмин Маматхоловман, деди.

—Жарқўрғонда машҳур Ўрол Маматхоловнинг кими бўласиз?
—Ҳеч кими, фақат фамилиядошмиз, холос. Кўплар адаштириб юришади. Асли Сафар Бойматовданман (илгариги “Москва”), Гулистон маҳалласи. 1959 йил 20 январда туғилганман. “Меҳнат шарафи”да фотомухбир бўлганман. Ҳозир ҳам касбим шу, фақат мустақил фаолият олиб  бораман.

Етмишинчи йилларда эса “Жарқўрғон ҳақиқати”га мақолалар ёзиб юрардим. Сизни ҳам ўшандан биламан. 1976 йили Шоира Раъно Узоқованинг 60 йиллигини ташкил этгандингиз. Бунинг учун қаерларга бормадингиз, қанча материаллар тўпламадингиз—бир янгилик яратилди-да! Шу мажлис туртки бўлиб, ҳамма ўзимиздан чиққан шоира борлигини билиб қолди.

—Опамизнинг ўша юбилей йиғилиши ҳақида нималарни биласиз?

—Тўғриси, фақат сизнинг ташкилотчилик қилиб юрганингизни, сўзга чиқиб гапирганингизни, бобойларни таништирганингизни эслайман. Раъно кимларнинг уйида турганини, қандай ишларда ишлаганини бобойлар гапиришди. Менгзиё Сафаров, Шафоат Раҳматуллаев сўзга чиққан эди. Бошқаларни эслолмайман, ҳа, ўқувчилар Раъно Узоқова шеърлари, ғазалларини айтишди.

—Тантанали йиғилишга қандай келиб қолдингиз?

—Менинг номимга, Раъно Узоқова юбилейига, деб ёзилган таклифнома келганди. Садриддин Айний номли мактабнинг 10 синф ўқувчиси эдим. Таклифномани синфдошларимга кўрсатдим. Ҳаммаси ҳавас қилди. Мактаб бўйича битта мен бораётганимдан хурсанд эдим. Яна колхоз парткоми Сафар Бобомуродов қатнашганини ҳам биламан. Бугун қайтиб борганимдан кейин Сафар акага (оппоқ соқолли бобой бўлиб қолган ҳозир) Сиз билан учрашганимни албатта айтиб бераман!

—Сўзга чиққанлардан яна бирор кишини эслашга ҳаракат қилиб кўрсангиз?

—Ҳа, Эшқобил Шукуров деган ўқувчи ҳам минбарга чиқди-да, шеър айтди. У, ё еттинчи, ё саккизинчи синфда эди. Ўша мажлисда Эшқобил билан танишганмиз. Кейин у билан хат ёзишиб турдик…

Узокова.jpg1976 йил 16 мартда Жарқўрғон туманида Раъно Узоқованинг 50 йиллиги нишонланган кунлар. Суратда: бир гуруҳ ижодкорлар ва Раъно Узоқовани таниган-билган инсонлар.

МУКОФОТ

Ниҳоят шоира туғилиб ўсган юрт — Жарқўрғон унинг 60 йиллик юбилейини илк марта ва муносиб нишонлади, Сурхон диёрида шу пайтгача забун бўлган ёрқин хотира эндиликда эъзозланиш палласига киргани ҳам рост!

Каминанинг ҳаётда олган энг қимматли мукофоти эди бу! — “Энди ҳар бир жарқўрғонлик учун шоира номи кўклам қалдирғочи каби мужда бўлади, бу номни тиллар ва диллар такрор-такрор эслайди, учрашув ва суҳбатлар, кечалар шоирани эслаш билан ўтади, уларда шоира ғазаллари ва шеърлари янграйди. Машваратларга Раъно опамизнинг яқинлари, болалик дўстлари таклиф этилмоқда. Ясли–боғчанинг мурғак болакайи, мактаб ўқувчиси, ўқув юрти талабаси, борингки, барча ёш қалбида “Раъно опамдек бўлсам эди” деган орзу–истаклар чечак отмоқда!”- деган ўй-фикрлар хаёлимда чарх урарди.
Воқеа республика пойтахти Тошкентда ҳам акс-садо берди.

Аммо бу ҳақда сал кейинроқ!..

“Жарқўрғон ҳақиқати”да газета чиқаришган қаламкаш дўстлар билан хўшлашиб, умр дафтарининг бу жойга оид олти йиллик саҳифасини ёпиб Термизга, вилоят партия қўмитасининг матбуот йўриқчиси вазифасига ишга келдим.

Ўша замоннинг энг кучли, баобрў идорасида меҳнат қилиш осон бўлмаган. Элга хизмат қиладиган кадрлар тайёрлаш ўчоғи, бўлғуси раҳбарлар сабоқхонаси, иш тажриба ўрганадиган мактаб деса ҳам бўлар бу идорани, аммо шу билан бирга мансабларга эришиш, жамиятда юқори мавқега эга булиш йўлидаги энг керакли зинапоя, деб хисоблагувчилар кўпроқ эди.

МЕНГЗИЁ АКА

Шу ишхонага бир куни ёзувчи Менгзиё Сафаров келиб колди.

Сурхон воҳамизда яшаб ижод қилаётган таниқли ёзувчимизни университет йилларидан ғойибона таниганман. Менгзиё ака ўзбек насри осмонида ярқираб чиққан пайтлари биз сурхондарёлик талабалар кўкси тоғ, ғурури чексиз, ҳавоси баланд бўлиб юрганмиз.

Газетада ишлаб, бир йил чамаси ўтганда Раъно Узоқова бўйича изланишларимни қоғозга тушириб Термизга юбордим. Вилоят газетаси бўлим мудири Менгзиё Сафаровнинг қўлига тушган макола “Сурхон тонги”нинг ўтмишдоши “Ленин байроғи”да “Шоира юрган йўлларда” сарлавҳаси билан чиқди.
Шундан сўнг бироз кейинроқ таҳририятга ёндош кўчада Менгзиё акани кўриб қолдим. Саломлашдик. Кимлигимни билди ва… шундан кейин ўсиқ қошлари остидаги маънога тўла чуқур кўзлари порлади, жилмайиб боқар экан дўриллаган овозда “Қаламингиз яхши экан, ёзиб туринг” дея қўлимни дўстона қисди.
Яна бир марта эса орадан беш йил ўтганда Сурхондарё ёш бадиий зиёлилари анжумани арафасида учрашдик. Ушанда топшириққа мувофиқ Жарқўрғон ижодкорлари ҳақидаги маълумотлар тўпланган саккизта папка тайёрлаб вилоят ёзувчилар уюшмасига олиб келгандим.

Шундай адиб билан яна учрашганим, ижодкорларга оид “жамоат топшириғи”ни аъло бажарганим узимга наша килиб, мақтов эшитган ёш аскар каби, ниҳоятда хурсанд эдим.

Менгзиё ака папкаларни қабул қилаётганида унинг нигоҳларида тараддудми, хижолатми, шунга ухшаш ниманидир пайқагандим, аммо бу ҳолатга эътиборим бўлмаган…

Термизга ишга келганимда билдимки, барча туманларга ҳам берилган ўшал “жамоат топшириғи” Жарқўрғондан бошқасида деярли бажарилмаган экан — хижолатнинг сабаби шу эди.

Ёш бадиий зиёлилар анжуманида вилоят партия қўмитаси котиби Холмирза Холиёров ярим соатлик маърузасида шоира Раъно Узоқовага тегишли ўринни “У Жарқўрғон саҳнасида жўшиб куйлади” дейиш билан кифояланиб ўтгани мени ниҳоятда ҳайрон қолдирганди. Нега, дея хаёлдан ўкинч билан ўтказгандимки, йигирманчи асрнинг 30-40 йиллари ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга оташин шоира бўлган Раъно Узоқованинг йирик шеърий достонлар, гўзал ғазаллар ижод қилганлиги, ўзига хос дилбар шеърият соҳибаси эканлиги, ҳикоянавис, журналист, жамоат арбоби бўлганлигини фахр-ифтихор ила айтишмайди?!

Ўйда ўралашган фикрларни анжуманда шартта туриб тўкиб солишга мутлақо журъат булмаган…

…Орадан уч ой ўтганда Раъно Узоқованинг 60 йиллик юбилейига чорлаб Менгзиё акага таклифнома оборгандим!..
Мана, ҳозир яна юзма-юзмиз.

Менгзиё ака гапни индаллодан дангал бошлади.
—Бу ҳақда энди Тошкент билади, Абдуллавой! Ёзувчилар уюшмасининг махсус қарори чиқаяпти. Опанинг юбилейини республика миқёсида ўтказамиз.

Нормурод Нарзуллаев бошчилигида ёзувчи-шоирлар келишади. Обком бовалар бош қўшади…

Сўнг эса бироз сукут килиб: “Кам бўлманг, яшанг!”—деб қўйди.
Менгзиё акага қуллуқ қилдим…

ЙИГИТ СЎЗИДАН…

Шу воқеадан кейин анча вақт ўтган кунлардан бирида Тоштемир Турдиев келиб қолди.

Хонада одамлар борлиги учун даҳлизда гаплашдик.

Унинг сўзларидан маълум бўлдики, катта бир мажлисда, тайёр нарсалардан фойдаланиб юрибди, деган мазмунда “гап-сўз” қилишибди…
—Менинг ундай ниятим йўқ, келинг, биргаликда китоб чиқарайлик! —  деди.

Сўнг сўзида давом этди:
—Айтингчи, сиз оддий бир йигит, нима ҳам қила олар эдингиз, имкониятингиз йўқ-ку? Менинг эса қўлим узун…
Нима дейишни билмадим: эҳтимол, кимдир буни ғўрлик, хомлик дер!

Тўғри, ҳамюрт шоирамиз ҳақида эл-юрт кўпроқ билсин, деган ниятда шоира юрган йўлларда йигилган нодир ҳужжат, хат, маълумотларни жону дил ила Тоштемир Турдиевга берганман!

Аммо, нима бўлганда ҳам, гўзал туйғулар қанотида парвоз этиб, қилаётган ишимга яна бир пок инсон ҳисса қўшмоқда, деб билиб, беҳад суюнган бир одам эдим-да, фақат ўзим бўлайин дейиш йўқ, қизғанчиқлик, хасислик йўқ!

Хўш, нотўғри қибман, энди қайтариб беринг, дейиш керакми? Арслон изидан, йигит сўзидан қайтмас, демаганларми, ахир? Кўксимиздаги ғурур буни қандай қабул қилади?

Вилоят газетасининг махсус саҳифасида шоирага бағишланган иккита мақолам чиқадиган бўлди. Ўшанда, муаллифлар қанча кўп бўлса шунча яхши, деган холис фикрни котибият ходимларига қайта-қайта маъқуллатиб, бу аканинг ҳали оҳор олиб улгурмаган материалини мақолаларимдан бирининг ўрнига ўзим саҳифага жойлаштиртирган эдим…

Эл оғзида эса…— қўлидагисини олдириб қўйди, у одам эса илиб кетди, қабилидаги гап-сўзлар, хазил ҳам, зил ҳам аралаш киноялар, ўзича ачинишлар!..
“Қилмишим”ни оқловчи кундузи чироқ ёқиб излаганда ҳам йўқ эди!

Ахийри, менга ҳам таъсир қилди: қалбнинг бир чеккасидан ғашлик мўралади, безовталик пайдо бўлди…

Сабабини тополмай гаранг эдим: одамларнинг ўй-фикр ва интилишлари сув ичаётган чашмалар аллақачонлар бошқа эканлигини ёки пок нияту эзгу амаллар кўп ҳолларда мосуво қилинганлигини ниҳоятда кеч англаб етиш изтиробими ёки бошқа бирон нарсами — билмасдим.

Буни билиш йўли умр йўлларидан-да узун шекилли…

Нима, инсонни олий хилқат деб тушунган, шунга азалдан ишониб келган биздек тарбияси шунақа одамлар энди таомилдан чиқдими? Мумтоз тарихимизда ўтган улуғлардан мерос жавонмардлик, қолаверса, Ҳотами Той билан боғлиқ ўгит-хикоятлар қиссадан ҳисса чиқарилмайдиган эртак ёки катталарни ҳам болалар каби алдовчи жўн чўпчакми?

Ўзини олижаноб кўрсатиб сўйлайдиганлар учраб туради, албатта. Бу ҳали бир нав, бундан баттари бор! Ҳаётда “олижаноблик роли”да бийрон-бийрон сўзамолни кўрмайсизми? Йўқ, у рол ўйнамади, ўзини чиндан олижаноб дея ўйлади, дунёдаги бор мақтовлар ҳам унга! Сон-саноқсиз тақлидчисини айтмайсизми!? Бу даҳшатдан паноҳ қайда!—дейсан. Кишига юпанчли бирон бир изоҳ борми ўзи бундай ишларда?..

Орадан йиллар бир-бирини қувиб ўтиб сочларни оқ қорлар қоплаётган пайтда фақат бир киши ўша “килмишим”ни оқлади!

Аммо, бу инсон ҳам осмондан тушган эмас, лоп этиб ер қаъридан ҳам чиққан эмас: у “Жарқўрғон ҳақиқати”да меҳнат қилган кезларим каминага ҳавас қилиб (ўзининг айтишига кўра) журналистика касбини танлаган Маҳкамтош Чориева (Абраева) эди.

—Сиз соф ниятингизга эришибсиз, Абдулла ака!—деди у.—Ҳамюрт шоирангизни машҳур қилмоқчи бўлгансиз, бу — амалга ошди (лоақал 1993 йили Жўра Норалиев ташаббуси ва раҳнамолигида шоира Раъно Узоқованинг 75 йиллиги (Теша Сайдалиевнинг 60 йиллиги билан бирга) республикадан келган адабиёт ва санъат арбоблари иштирокида Термиз, Жарқўрғон ва Деновда кенг миқёсларда нишонланганини эслайлик)! Хизматларни ҳисобга олиш бор! Мукофотини бу томондан бўлмаса, у томондан, албатта, беради. Эҳтимол бераётгандир ҳам…

Шу гап ўзини билган ҳарқандай одамга етади.

2013

Яна шу мавзуда ўқинг:
Раъно Узоқова. Тўртликлар, ғазаллар

453c0bd161.jpgAbdulla Xolmirzayev
OLIS SADOLAR
yoxud shoira Ra’no Uzoqova izlarini izlab
09

DЕBOCHA

1963 yili Jarqo‘rg‘on shahridagi Alisher Navoiy nomli maktabning to‘qqizinchi sinfida o‘qirdim. Adabiyot fanidan imtixonga tayyorlanish uchun maktab kutubxonasidan “O‘zbek she’riyati antologiyasi” kitobini oldim. Ushbu kitobda o‘zbek shoir va yozuvchilari ijodidan namunalar berilgan, ularning hayoti va faoliyati haqida qisqacha ma’lumotlar bor. To‘plamni ko‘zdan kechira turib Ra’no Uzoqova degan shoiraning she’r va g‘azallariga duch keldim, annotatsiyada uning Jarqo‘rg‘on tumanidagi Oqqo‘rg‘on qishlog‘ida tug‘ilgani va go‘dakligida yetim qolgani yozilgan edi.

Mazkur ma’lumot meni hayajonga soldi, go‘yo sirli va xayoliy bir olamga sarxush bo‘lib oraladimki, buning sababi oddiygina edi: g‘o‘r yigitcha tasavvuriga ko‘ra yozuvchi-shoirlar boshqacha odamlar bo‘lib, Samarqand, Toshkent singari juda-juda uzoq va katta joylarda tug‘ilib o‘sishlari hamda ijod qilishlari lozim edi, faqat biz tomonlarda emas, deb yurardim!

Shu paytgacha o‘qilgan boshqa barcha kitoblar ham shuni ko‘rsatardi-da!

Mana shu vaj bois “O‘zbek she’riyati antologiyasi”ga kirgan shoir va yozuvchilar qatorida bizning joylarda tug‘ilgan odamning ham borligi yosh yurak uchun favqulodda xushxabar, iftixortuyar hodisa bo‘lgandi.

O‘rta maktabni tamomlagach Alisher Navoiy nomli Samarqand davlat universitetining filologiya kulliyotida o‘qish davom etdi.

Universitet ta’limining ikkinchi bosqichi tugallangan paytlarda Samarqand viloyat “Lenin yo‘li” gazetasining (1967 yilning 1 iyul kunida chiqqan) navbatdagi sonini ertalab matbuot do‘konidan olaman va to‘rtinchi betida shoira Ra’no Uzoqova ijodiga bag‘ishlangan sahifaga ko‘zim tushadi.

Samarqandlik keksa shoir Mardonqul Muhammadqulov tayyorlagan sahifada ham shoiraning Jarqo‘rg‘ondan ekani ko‘rsatilgandi.

JURNALIST

1970 yili universitetni bitirib qizil diplom va ishga yo‘llanma bilan Jarqo‘rg‘onga qaytdim. Bir haftalar chamasi o‘tganda ota-onam uyiga gazetadan “elchi” tashrif buyurdi.

Gap shundaki, talabalik yillari ikki yoz “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ning musahhihi bo‘lganman. O‘sha paytlarda bosh muharrir G‘ulom aka Xoliqov, o‘qishni bitirgandan keyin shu yerga kelasiz va ishlaysiz, deya ko‘p bora ta’kidlardi…

Xullas, “elchi”ning izidan muharririyatga borishimga to‘g‘ri keldi.
G‘ulom aka tabiiy meni shodu xurramlik ila qarshi oldi.
Yo‘llanmani ro‘kach qildim.

Yo‘llanmani qo‘limdan olgan bosh muharrir tuman xalq maorifi bo‘limi bilan qandaydir tortisha-tortisha ikki kun ichida murosa topdi va kamina shu soniyadan e’tiboran gazetachiga aylandi—madaniyat bo‘limi mudiri!

Ammo qarangki, bu ishni yetarli ravishda o‘rganib-o‘zlashtirish uchun menga to‘rt hafta ham kifoya qilmay turib gazetaning mas’ul kotibi bo‘lishni sharoit taqozo etadi — besh yil filologiyada o‘qigan odam tap etib gazetada, yana uning bo‘lim mudirligida, oradan bir qancha vaqt o‘tmasdan esa tahririyat shtabi bo‘lmish mas’ul kotiblikda ishladi!

Kelasi yilning bahorgi armiya chaqiriluvchisi bo‘lishimga qadar o‘tgan muddat maqolalar matnini tahrir qilishni o‘rganish, qo‘lda terilgan harflarda bosilgan grankani o‘qish, xato tuzatish, sahifalash va nihoyat gazetani chiqarish azoblari va quvonchlari bilan kechdi! Ammo, armiya xizmatiga jo‘nash sarsongarchiliklarining oxiriga kelib nimadir bo‘ldiyu kamina keyingi chaqiruvga qoldirildi…

Yana “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ga qaytib ishni davom ettirdim, lekin bu safar qat’iy talabim bilan madaniyat bo‘limi mudirligida—bu endi mening uchun ko‘ngilga ancha o‘tiradigan butkul ijodiy ish jabhasi edi. Yaxshi ma’nodagi ijobiy muhitda erkin ruhiyat qanot paydo qila boshlaydi. She’rparast va bozavq G‘ulom aka aytganidek, bu kasb haqiqatdan ham qiziqarli edi. Jumladan, eng katta quvonch shundaki, mo‘’tabar nashrlar orqali bilib tanib qolganim — shoira Ra’no Uzoqovaning tug‘ilgan yurti Jarqo‘rg‘ondagi izlarini izlash istagi ko‘ngil bulog‘ida ko‘z ochdi.

KALAVANING UCHI

Dastlab gazetamizda Oqqo‘rg‘ondan qatnab ishlaydigan Xolmo‘min Xudoyqulov, Bozor Bibitov, Po‘lat Soliyev kabi kasbdoshlardan so‘radim.
Ammo, uchovlon bu xususda mendan ham g‘ofil ekan!

Oqqo‘rg‘on qishloq Sovetiga borib rais, kotib yigit va ular orqali idoraga kelib-ketayotgan odamlardan surishtirdim.

Natija yo‘q! — Odamlar Ra’no Uzoqovaning yaqin qarindosh-urug‘lari tugul, Oqqo‘rg‘ondan shunday shoira yetishib chiqqanini ham hatto bilmasdilar!

Xafa bo‘lib umidsizlikka tushdim…

Ruhiyatim bir qancha vaqt siniq yurganini ko‘rgan hamkasb do‘stim Yarash To‘rayev, agar siz men bilan borganingizda topgan bo‘lardingiz, bu safar birga boraman, mana ko‘rasiz, albatta, topamiz, deya, ko‘ngil ko‘taradigan gap qildi…

…May oyi. Oqqo‘rg‘onga Yarash bilan birga bordik. Qishloq Sovetida yana ilgarigiday taassuf bildirishdi.

Birpas nima qilishni bilolmay turdik-da, so‘ng kotib yigitdan, maktabga borsakmikan, deb so‘radik.
Bu yaxshi fikr edi.

Kotib shu yerda turganlar bilan—ularning ichida o‘qituvchilar ham bo‘lsa kerak—maslahatlashdi va birgalashib shunday dedilar:
—Bizning maktabdan foyda yo‘q. Lekin Popov nomli qo‘shni maktabda Bolta Boyg‘o‘chev degan eski o‘qituvchi bor. Boshlang‘ich sinfdan dars beradi. Urushdan oldin ham muallim bo‘lgan. Muxbirlikka yozib ham turadi. Shu odam bilan bir gaplashib ko‘ringizlar.

Shu yerda turgan bir kishini qo‘shni qishloqqa mototsiklida meni olib borib-kelishga ko‘ndirdilar, Yarash esa kutib turadigan bo‘ldi.

Ko‘rinishidan ellik-ellik besh yoshlardagi, past bo‘yli, oq sariqdan kelgan, ko‘zlari kichik va muloyim boquvchi Bolta Boyg‘o‘chev bizni iliq qarshi oldi. Bolta aka haqiqatdan eski o‘qituvchi bo‘lib, urushgacha ham viloyat, tuman gazetalariga yozib turgan ekan.

Dasturxon yozildi. Boshida suhbat turli mavzularda bo‘ldi. Gapning gali odamni doimo hayajonlantirib hapriqtirib kelgan mavzuga kelganda yurakning duk-duk zarbi kuchayadi, butun a’zoi badan quloqqa aylanadi. Bolta Boyg‘o‘chev esa odatdagidek osuda, va sokin, va befarq bir taxlit so‘z aytadi.

O‘rtamizdagi savol-javobning keraklilarini taxminan quyidagicha jamlash mumkin:
—10-15 yoshlarda edim. O‘shanda tatar oilada ularning asrandi qizini juda ko‘p ko‘rganman. Qorachagina, lo‘ppi yuz, sochi jamalakday chiroyli qizcha. Uning oq ko‘ylak kiyishi aniq tasavvurimda qolgan. Termizda o‘qir, kanikulga ko‘p kelardi. Bitirgach, Oqqo‘rg‘on qishloq Sovetida ham bir yillar chamasi ishladi, shekilli.

Endi u paytlar bu yetimchaga kim ham e’tibor beribdi deysiz? Birovlar ota-onasini Amuning naryog‘iga o‘tib ketgan, deydi, boshqalar bosqinchi o‘ldirgan, deb aytadi. Yetim bo‘lsayam, baxti bor ekan, mana shoir bo‘lganini eshitdik. Endi bizning bilganimiz shu!..

Suhbatimiz poyoniga yetganday bo‘ldi. Dasturxonga fotiha qilindi. Ishkom ostidagi supadan qo‘zg‘alib darvoza tomon yurar ekanmiz, nimadandir qoniqmaganimni, nimadir menga yetishmayotganini his qilardim: balki bu, endi shu bilan tamommi, degan mazmundagi bezovtalik, ichki bir tuyg‘uning tug‘yonidir, ehtimol!

Ana shu ilinjdan bo‘lsa kerak, Boyg‘o‘chevga o‘girilib, yana biron narsani eslarsiz aka, deya aytgan, cho‘kayotgan odamning xasga yopishganiga o‘xshash, so‘zim chindan oxirgi choram, kerak bo‘lsa o‘tinchim, balki nolamni ifodalagan chiqar!

Qarab turibman: shundan keyin ham mezbonning yuz ifodalari hamishagidek, biron-bir o‘zgarishsiz edi. Demak, akaning bisotida shu yo‘sin bersa bo‘ladigan boshqa biron narsa qolmagan, ya’ni, o‘ylangkim, hozirgina topdingiz — hozirning o‘zida yo‘qotdingiz!

Na chora, taqdirga tan berishdan o‘zga iloj yo‘q.
Ko‘chaga chiqib, Bolta aka bilan xayrlashib, mototsiklga mingashdim.

Uzalgan chap oyog‘ini yerga tiragan holda muvozanat saqlab turgan va ikkala qo‘li bilan rulni mahkam tutgan hamrohim shu ko‘yi o‘ng oyog‘i bilan motorning o‘t oldirgich dastasini shaqillatib tepdi. Zo‘r bir gaz berdi. Birinchi tezlikda qo‘zg‘almoqchi bo‘lib uringan payti Bolta akaning ovozi keldi. Biz bilan xayrlashayapti, deb o‘ylab jo‘namoqchi bo‘ldik, ammo ovoz yanada balandroq chiqdi.

Tin olgan mototsiklda o‘tirgan ko‘yi o‘girilishga to‘g‘ri keldi. Bolta aka qo‘l silkib nimanidir gapirishda davom etardi. Sal vaqt o‘tib so‘zining mazmuni ayonlashdi:

—Boboyga uchrashdilaringizmi? – deyayotgan edi u qayta-qayta.
—Qaysi boboyga? –hech narsani anglamay so‘radim men.

—Badir boboga-da! Shu, Ra’no Uzoqovani tarbiyalagan otasi…
—Tarbiyalagan otasi!.. Nimalar deyapsiz?.. Badir bobo hozir bor, demoqchimiz!..

—Ha-a, o‘g‘li bilan birga “Surxon”da turadi!
—Nega shularni boya aytmadingiz?..

—…Ey-y, men sizlarni bilasizlar, deb o‘ylabman-da!..
—Boshqa qarindoshlari-chi?
—Boshqa qarindoshlarini bilmadim…

Xullas, kalava ipining yo‘qolgan uchi yana topildi. Xursand bo‘lib idoraga qaytdik.

URGUTDAN XAT

Tahririyatda ishlar ko‘payib ketganidan birmuncha vaqt Badir boboni izlab “Surxon”ga borishning imkoni bo‘lmay turdi. Biroz keyinroq esa bu urinishimiz nedandir-kimdandir paysalga solindi. Yana ham nimalardir sodir bo‘ldiyu, bu izlash-izlanishlar go‘yo befoyda, hech kimga darkor emasdek tuyuldi. Yana deng, Yarash ham qayerdandir eshitganini aytdiki, Oqqo‘rg‘on maktabining adabiyot o‘qituvchisi Yoqubjon Husanov Ra’no opa bilan shug‘ullanib yurgan, ba’zi narsalar yiqqan, so‘ng esa u ham tashlab qo‘ygan ekan…

Xullasi kalom, oldingi hafsalalardan darak ham qolmay, tushkun va g‘arib bir holatlarda yurgan paytlarim “Jarqo‘rg‘on haqiqati” muharririyati Samarqand viloyat Urgut tuman gazetasi ijodkorlaridan xat oldi…

“Qalamkash do‘stlar!—deyilardi unda.—avvalo, so‘lim urgutlik qalamkash do‘stlaringiz salomini qabul etgaysiz. Maqsad sizlar bilan tanishish va ko‘magingizda qishlog‘ingizda tug‘ilib ijod etgan shoira Ra’no Uzoqova haqida ma’lumot olishdir.

Sizlarga ma’lum bo‘lsa kerak, Ra’no Uzoqova o‘zbek xotin-qizlaridan birinchilar qatorida o‘sib chiqqan shoiralardandir. Qizi Rahimaning aytishiga qaraganda, Ra’no opa siz yashayotgan qishloqda, Oqqo‘rg‘on qishlog‘ida 1916 yili tug‘ilgan ekan. U ikki yasharligida ota-onasidan ajraladi. Shundan so‘ng Maryam Badriddinova degan xotin uni o‘z tarbiyasiga oladi…

Ra’no opa 1942 yildan 1947 yil sentyabr oyigacha Urgutda radio eshittirish redaktori bo‘lib ishlagan. 1947 yilda vafot etgan. Hozir uning 28 yashar Rahima ismli qizi bor.

Ra’no opa haqida gazetamizda sahifa bermoqchi edik, Sizdan iltimos shuki, Ra’no opaning tug‘ilgan qishlog‘ida uning qavm-qarindoshlari bo‘lsa xabar yetkazsangiz, bizga ko‘maklashsangiz. Rahima opa ham ona qarindoshlarini topsa, nur ustiga nur bo‘lar edi.
Javobini kutaman. Yorqin Yo‘ldoshev. 1971 yil 1 iyun”...

…Mazkur xat mening uchun tun zulmatini quyosh kabi yarq etib porlatgan va yana qalbimga yorug‘lik indirgan bir mujda bo‘lganini tan olishim lozim. Ayniqsa, shoira o‘zining:

Qo‘llaringni jimjima qilib o‘ynaysan,
Ey norasida,
Qiyqirasan zavqu-shavqlarga to‘lib,
Ey nuridiyda…

deb boshlanuvchi she’rini bag‘ishlagan qizi Rahimaning(ya’ni avlodining A.X.) haqiqatan bugun hayotda mavjud ekanligini bilish kamina faqirga qanchadan-qancha quvonchu shodliklar ato etganini aytmaysizmi! Qarang-a, urgutlik do‘stlar Ra’no Uzoqovaning qizi Rahima bilan har doim ko‘rishib muloqotda bo‘lib turar ekanlar, yana opamiz Samarqanddan tashqari Urgutda ham ishlagan ekanlar. Juda uzoqlardagi bir diyor odamlari hamyurt shoiramiz xotirasini yodlash uchun shunchalar qayg‘urib, shunchalar hurmatlab qavmu qarindoshlarini izlab-surishtirib turgan bir paytda, biz beparvo, loqayd va sustkash bo‘lib tursak, bu ishimizni ne deb baholash mumkin!?

Xullas, mazkur xatga javob yozmaslik mumkin emasdi.

…Bolta Boyg‘uchev aytgan taxmin bo‘yicha Badir boboning manzilini topishni ko‘zlab “Surxon” davlat xo‘jaligining markaziy qo‘rg‘oniga kiraverishda avtobusdan tushdim. Termizdan Dushanbega o‘tgan trassaning bir tomoni mevali bog‘, bir tomoni paxtazor edi. O‘ng tarafda ketaverish bo‘ylab paxta zavodining uzun beton devori ko‘rinadi.

Narigi tomonda o‘tib, temir yo‘lga taqalgan qisqa ko‘cha bo‘ylab yuraman, birozdan so‘ng chap tomonda haqiqatdan ham hovli ko‘rinadi. To‘siqdan ichkariga qarayman. Hovli mo‘’jazgina, toza va ozoda. O‘rta yo‘lakchaning ikki tomonida turfa gullar. Uy egalari didli ekanligi shundoq bilinib turibdi.

Ko‘cha eshigi qulf edi. Nima qilsa bo‘ladi?

Ko‘chadan o‘tayotgan, qora sochi turmaklangan qizdan so‘rashga to‘g‘ri keldi:
—Uy egalari qayerda ekan, singlim?

Qiz ajablangansimon bir muddat qarab turdi-da, qarshi savol berdi:
—Kim kerak edi, sizga?

—Badir bobo.
—Bobo yo‘q bo‘lsa kerak. Kelini Zuhraga uchrashingizlar. Paxta zavodiga borsangiz, topasiz.

Zuhrani zavodning baland devoriga taqab to‘shalgan katta yo‘l trotuarida uchratdim. Taxminim to‘g‘ri chiqdi—tushlikka kelayotgan ekan.

—Bizning boboymi,—dedi u savolimga javoban,— Boboy — asalarida!
—Bobo qachon keladi?

—Bir oyda ham kelmas. Bugun yo ertaga Sherobod ketadi. Nima kerak o‘zi, Sizga?
—Bobo bilan ilgari tarbiyalagan qizi haqida suhbatlashishimiz lozim edi…

Gapning kim ustida ketayotgani ancha vaqtdan so‘ng Zuhraning yodiga keldi.

—Mashinangiz bo‘lsa,—dedi vaziyatni anglagan Zuhra menga astoydil yordam berishga harakat qilib,—bugun boboyni Qushjiydi qirining atrofidan topishingiz mumkin. Asalariga bopta joy axtarib Sherobodga borib keluvdi, tezroq bormasangiz ko‘chib ketib qoladi!..

Zuhra bilan xo‘shlashib zudlik bilan Jarqo‘rg‘onga qaytdim. Norali Boymurodov nomli jamoa xo‘jaligining yem-xashak tayyorlov brigadiri katta akam ishda bo‘lib, kajavali motoulovi uyda turardi. Hozirgi vaziyatda uni kimdandir so‘rash vaqt talab qilishini va bu nihoyatda qimmatga tushishi mumkinligini anglaganim bois mototsiklni o‘t oldirdim…

Birpasda Jarqo‘rg‘on ko‘chalaridan o‘tib qir orqali yuradigan Sopka yo‘liga chiqildi. Nazarimda mototsiklni yurgizib emas, balki uchirib borardim go‘yo. Nihoyat qir yo‘lining o‘zim taxmin qilgan joyida rulni chapga buraman va o‘nqir-cho‘nqir tuproq yo‘ldan keta boshlayman. So‘ng esa qovjiragan cho‘l o‘tlari ustidan yo‘l tortiladi, qarshida uchragan yantoq, yulg‘un, tuyaqorin va boshqa nima allambalo butalarga chap berib ancha masofa yurilgach, intiqib ko‘zlangan manzil — uzoqdagi chaylaga nigoh tushadi.

Chayladan nariroqda yigirmatacha yashchik qo‘yilgan. Atrofda sen-sanoqsiz kapalaklar uchadi. Meni ajindor, oqquva, oq soch, o‘rta bo‘yli, butun vujudida nuroniylik barq urib turgan chol kutib oldi.

Mana shu kishi 72 yoshli Badriddin bobo Sagitdinov ekan

—Bir-ikki yil oldin ham sizga o‘xshagan bolalar kelgandi,—dedi bobo, ko‘rishib-so‘rashib maqsadimni bilgach,—Ra’no haqida yozib ketishdi. Bilmayman, nima qildilar. Ularga ham aytdim, mayli sizga ham aytaman! Men boboga Ra’nodan uch yashar qizchasi yetim qolganini, mazkur go‘dak hozirgi kunda katta bo‘lib, oila qurib farzandlari borligini va u qavmu qarindoshlarini izlayotganini bildiraman…

…Boboning suhbati keyin qizg‘in tus oladi! — Mana yosh, go‘zal Ra’no, u qadrdon qishlog‘i Oqqo‘rg‘onga ta’tilga kelgan. Sho‘x porlagan quralay ko‘zlarida bir olam sevinch!.. Ichiga sig‘maydi u… Nimadir aytmoqchi, nimalarnidir hikoya qilib bermoqchi sizga!..

—Zehnli edi, miyasi yaxshi edi, —deydi Badriddin bobo.–Ukalarini, qo‘shni bolalarni to‘plab davra qurardi, she’r, ashula ayttirardi. O‘zicha ham aytib yurardi. Shunga o‘qigan bo‘lsa kerak.

Ra’no Termiz ta’lim-tarbiya texnikumini bitirganidan keyin maktabda o‘qituvchilik qilgani, Oqqo‘rg‘on qishloq Sovetida kotiba bo‘lib ishlagani va shunga o‘xshash yoshlik davrining ancha-muncha tafsilotlarini Badriddin boboning o‘sha hikoyasi orqali jamoatchilikka ma’lum qilganmiz. Tabiatan san’atsevar Ra’noni Jarqo‘rg‘on xalq teatriga jalb qilganlar: u sahnada rol o‘ynagan, raqs tushgan, qo‘shiq-ashulalar aytgan, she’rlar deklamatsiya qilgan.
Qalb tuyg‘ularini ham ilk bora o‘sha paytlar oppoq qog‘ozga nazm ipi bilan tika boshlaydi.

Ilk muhabbati ham shu yerda g‘uncha yozadi – Uzoqovni uchratadi…

Uzoqov Jarqo‘rg‘on gazetasining redaktori edi.—dedi Badriddin bobo,—Qizimning boshini aylantirdi, tez orada ishdan bo‘shadi va Ra’noni Haqqulobodga olib ketdi.

Haqqulobod degan joyni umuman eshitmagandim, yo shahar, yo qishloq ekanligini ham bilmasdim. Buni bobodan so‘radim. Bobo, Andijonda, deb aytdi.

—…Ota-onasidan yetim qolganmidi? – birozdan so‘ng so‘rayman men suhbat orasida…
—Yo‘q.—deydi qat’iy ravishda Badriddin bobo. Qazo qilgan xotinim Mahubjamol uning onasi edi, Ra’no—mening qizim!..

Bobo hozirgina aytayotgan gaplar mavjud ma’lumotlarga to‘g‘ri kelmasa-da, bergan savolim yoshi bir joyga borgan keksa inson ko‘nglini bexos ranjitib qo‘yishidan qo‘rqdim va suhbat davomida churq etmadim…

…Ertasiga yana bordim. Bu safargi savollar o‘tgan galgidan ancha ko‘p bo‘lib, maqsad asl haqiqatni oydinlashmoq edi.

Lekin bobo yo‘q ekan, chaylada uning kampiri Osiyo momo o‘ltirardi, aytdiki, asalariga bopta joyni endi Sherobodning boshqa yerlaridan izlash uchun ketgan.

JAVOB XATI

Savollar yechimini ham xuddi shu Osiyo momoning o‘zi hal qildi…

Keling, bu haqda urgutlik do‘stlarimizga yozilgan javob maktubimizni ko‘zdan kechiraylik.

…“Hurmatli o‘rtoq Yorqin Yo‘ldoshev!
Ra’no Uzoqova tug‘ilgan Oqqo‘rg‘on qishlog‘i Jarqo‘rg‘ondan 15 kilometr shimolda, Termiz–Dushanbe yo‘lining yoqasida joylashgan. Qishloqning sharqida Surxon oqadi…
Qishloqda yashovchi yetti yashardan yetmish yashargacha – hamma bir vaqtlar shu yerda tug‘ilib o‘sgan, keyinchalik katta shoira bo‘lib ketgan Ra’no Uzoqovani yaxshi bilishadi. Jarqo‘rg‘on tumanida Ra’no Uzoqova nomli maktab, ko‘cha, pioner lageri bor.
Qarindoshlar masalasiga kelsak, men Ra’noni tarbiyalagan 72 yoshli Badriddin bobo Sagitdinovga uchrashdim. Bobo keyingi xotini, o‘g‘li va kelini bilan “Surxon” sovxozida turishadi. Maryam–Mahubjamol Badriddinova esa 1946 yili vafot etgan. Boboning katta o‘g‘li Termizda, qizi Denovda yashaydi. Ra’no bilan birga o‘sgan katta qizi Sarvar esa Regarda istiqomat qiladi.
Ra’noning ota va ona tomondan asl qarindoshlari noma’lum.
Hurmatli o‘rtoq Yorqin Yo‘ldoshev!
Rahima opaning daragini bilish biz uchun ham, albatta, juda quvonarli holdir. Biz buni Badriddin boboga aytganimizda, ko‘ziga yosh olib: “Sizlarning yordamingiz bilan uchrashsak, ayniqsa, Sarvar Ra’no singlisini ko‘p eslaydi”, dedi.
Sizdan va hurmatli qalamkash do‘stlardan iltimos: Rahima opaga jarqo‘rg‘onliklarning va yaqinlarining istaklarini yetkazsangiz.
Hurmat va ehtirom bilan: A. X. 1971 yil, 29 iyul”.

Yana bu xatga ilova desa bo‘ladigan, Rahima opaga atalgan kichik maktubchamiz ham bor edi.

“Assalomu alaykum, Rahima opa!
Redaksiyamiz nomiga Urgut tumanidan maktub keldi. Unda hamshahrimiz Ra’no Uzoqova haqida ma’lumot berishimiz iltimos qilinib, siz haqingizda, ya’ni marhuma shoira opamizning qizi haqida tafsilotlar bayon qilingan ekan. Siz bizga Ra’no opamizning she’rlari orqali ma’lum edingiz, endi esa daragingizni eshitib juda xursand bo‘ldik.
Bobongizga uchrashganimizda, Ra’noni eslab ma’yus bo‘ldilar, sizni aytganimizda xursandchilikdan ko‘zlariga yosh oldilar. Oilada Ra’noni juda ko‘p eslashar ekan: ayniqsa, birga o‘sgan Sarvar opa!
Hurmatli Rahima opa, maktubimizdan muddao shulki, sizning yashash joyingiz, hol-ahvolingiz haqida ma’lumotga ega bo‘lsak. Ayniqsa, Ra’no opa o‘sgan oila buni juda-juda istaydi! O‘z haqingizda ma’lumot berishingizni va onangizning yurti Jarqo‘rg‘onning aziz mehmoni bo‘lishingizni kutamiz.
Salom bilan A. X.”.

MAQOLA

Urgutga javob xatini jo‘natib so‘ngra tahririyatning kunlik odatiy ishlarini bajarib yurgan paytimda kasbdoshlardan biri:

—Izlanishlar haqida biron nima yozdingizmi,— deb so‘radi.
—Yo‘q!
—Nega?

Bu tarz fikr oldin xayolimga ham kelmagan ekan, shu uchunmi biroz indamay turib qoldim. Suhbatdoshim esa qarab turardi. Hali arzimasa kerak, degan qabilda beixtiyor javob aytib yuboribman.

—Unday demang! Ajoyib tema-ku? Yozing, juda tez yozing! “Lenin bayrog‘i”ga bering! Albatta, yuboring! Bu — Irakliy Andronikov, To‘xtasin Jalolovlarning izlanishiga o‘xshagan zo‘r bir ish bo‘lyapti-ku! Siz, o‘zingiz buni tushuning!..—deya jon-jahdi bilan menga uqtirmoqchi bo‘lardi Xolmo‘min Xudoyqulov.

Xullas, jamoadagi jonkuyar kasbdosh qistovi bilan o‘quvchiga yuqorida tanish kechmishlar qog‘ozda qoralandi, oqqa ko‘chirilib, konvertga solindi va viloyatning eng obro‘li gazetasi nomiga yuborildi. Mazkur bitik kimsan yozuvchi Mengziyo Safarovning tahrir nazaridan o‘tib, Surxondaryo viloyat “Lenin bayrog‘i” gazetasining 1971 yil 16 oktyabr sonida “Shoira yurgan yo‘llarda” sarlavhasi bilan bosilib chiqdi…

…O‘sha maqolaning oxiri shunday yakunlangandi:
“Xatlar—dil elchilaridirlar. Ular xuddi bir-biriga ulangan yo‘llar singari qalblarni-qalblarga, dillarni-dillarga payvand qiladi, qancha niyat va orzu-tilaklarni birlashtiradi, oshno etadi. Bu bir ulug‘ hodisadirki, uni faqat mo‘’jizaga qiyos etgulik. Hamma yaxshi ishlar ham o‘shaning sharofatidan. Shunday qilib, biz (Urgutdan) javob kutamiz”.

ARMIYA XIZMATIDAN SO‘NG

Ko‘p o‘tmay kuzgi armiya chaqiruvi ham e’lon qilindi. Yigitlik burchini ado etish uchun jo‘nab ketilgan kungacha Urgutdan javob olinmadi.
Qardosh Turkmanistonning Chorjo‘y shahri hududida o‘tgan harbiy xizmat chog‘ida oiladagilar, do‘stu qarindoshdan tashqari gazetada birga ishlagan jamoa a’zolari va hatto ustoz G‘ulom aka Xoliqov bilan ham xatlashib turganman. Lekin hechkim menga Urgutdan xabar aytgan emasdi…

…Bir yil davom etgan xizmat tugadi. Soldat uyga qaytganda qo‘y so‘yib to‘y qilinadi. Jamoadoshlar ham kelishdi. O‘zaro suhbatda, endi Sizga yuqori gazetada ishlagan ma’qul, deganlar bo‘ldi. Bu gap G‘ulom akaning qulog‘iga yetgan shekilli, meni chaqirib anchagina daromad so‘zlardan so‘ng, dedi:

—…U yerda Sizni yeb qo‘yishadi-ku!?
—Xullas, yana qadrdon gazetamga qaytib ishni boshladim!

—1973 yilning baxori. Muharririyatning umumiy bo‘limida ishlab o‘tiribmiz. Mehmonlar ham bor edi. Xonaga bosh muharrir kirib keldi. U mehmonlar bilan biroz chaqchaqlashib o‘tirgach, ish xonasi kalitini cho‘ntagidan olib menga uzatdi-da…(o‘sha narsaning nima ekanligi hozir yodimda yo‘q) topib kelishimni so‘radi.

Bosh muharrirning ish stoli g‘aladonini ancha titkilashga to‘g‘ri keldi, mayda-chuyda ko‘p edi. G‘ulom aka so‘ragan narsa nihoyat topildi, lekin shu bilan birga uni olayotganda ko‘zim tushgan ko‘k konvertga ham beixtiyor qiziqsindim. Konvert ochilgan, kirish ro‘yxatidan o‘tmagandi. Konvertga mustahkam qilib urilgan pochta muhrlaridan Urgut va Jarqo‘rg‘on so‘zlarini o‘qisa bo‘lardi va sanasi… bundan taxminan bir yillar ilgariga to‘g‘ri kelardi…

…Bir hol bo‘lib qoldim, yurakning to‘xtovsiz dukullashi, butun badanga yoyilgan titroq va xayajon ancha vaqt bosilmadi…

…«Surxon oynasida chop etilgan ajoyib maqola uchun tashakkur va tasannolar aytamiz», deya bitilgandi ushbu xatda.

Eng muhimi esa, unda Ra’no Uzoqovaning qizi Rahimaxonning Samarqandda oilasi va ikki qizchasi bilan yashayotgani, bog‘cha mudirasi bo‘lib ishlayotgani hamda manzili haqida yaxshi xabarlar bor edi…

…G‘ulom aka maxsus saqlagan va ishlar orasida yodidan mutloq ko‘tarilib ketgan mazkur xatni tasodifan o‘zim topib olishimga to‘g‘ri kelib va uni yutoqib o‘kib, qay darajada shodliklarga chulg‘anganimni kim ham tasavvur qila olardi!..

…Bir necha kundan keyin Samarqandga borib Rahima Uzoqovaning mehmoni bo‘ldim. Bu tafsilotlar haqida joyi bilan so‘z boradi.

“OBKOM PARTIYA”DA SUHBAT

1976 yil 12 mart. Meni Termizga «Obkom partiya» deb ataladigan o‘sha paytning eng qudratli va nufuzli tashkilotiga chaqirishdi. Nomini tutganda barcha zir yuguradigan idoraga birinchi bor kelishim: ikkinchi qavatdagi orasta va uzun yo‘lakdan yurar ekanman, o‘zimni xayolda tush ko‘rayotgandek sezar edim.

Tushuntirganlari bo‘yicha kabinetma-kabinet kira boshladim. Xonalarda o‘tirgan vazmin va salobatli kishilar ikki og‘iz savol-javobdan so‘ng parcha qog‘ozga qisqacha nimadir yozib, oldilarida turgan deloga solib qo‘yishardi.

Kabinetlardan birida uzoq ushlandim, sababiki partiyaviy-tashkiliy ishlar bo‘limida xodimlarni o‘rganish uchun har taraflama o‘smoqchilashar ekan, chamamda. Anvar Hasanovich Ostonaqulov ishini tugallab, imzo chekkan qog‘ozini deloga soldi-da, ko‘rsatgich barmog‘ini bir pas chekkasiga tirab o‘ylanib turdi va so‘ng menga yuzlandi:

—Universitetni imtiyozli bitiribsiz, jurnalist bo‘libsiz, gazetada yaxshi ishlar qilibsiz. Bular hammasi yaxshi. Ammo birov-yarim «xobbingiz» bormi?

Men tushunmadim.

Ostonaqulov soddaroq aytdi:
—Ya’ni ishdan tashqari paytlarda o‘zingizga yoqadigan biror ish bilan shug‘ullanasizmi?
—Ha!.

—Qani nimalar?
—«Zahiriddin Muhammad Boburning adabiy-estetik qarashlari» degan temada kandidatlik ustida ishlayapman, rejam tasdiqlangan…

—O‘h-ho‘, zo‘r-ku? Ilmiy rahbaringiz ham bordir?
—O‘zim bitirgan joy—Samarqand universitetidan filologiya fanlari doktori Boturxon Valixo‘jayev!

—Yashang! Xobbilardan yanayam bormi?
—Bor! Rayonimizda tug‘ilgan shoira Ra’no Uzoqova haqida izlanish olib boryapman.

—Ey, bu ish bilan boshqa odam shug‘ullanadi. Sizda hech qanday material yo‘q-ku, u esa hamma narsani biladi…

Men indamay turdim…

Ancha vaqtdan so‘ng sukunatni Ostonaqulovning o‘zi buzdi:

—Yoki sizam biror yangilik topganmisiz!
—Ha!

—Xo‘sh, aytingchi?

—Ra’no Uzoqovaning qarindoshlarini topdim: tarbiyalagan otasi Badriddin bobo Sagiddinov, Ra’no opa bilan yoshlikda birga o‘ynab o‘sgan Bolta aka Boyg‘uchev, Ra’no opa kotiba bo‘lib ishlagan Oqqo‘rg‘on qishloq Sovetining raisi Shodi bobo Rasulev!.. Samarqandga borib Ra’no Uzoqovaning qizi Rahima bilan uchrashdim, onasi vafot etganida uch yashar bo‘lgan…

—Xo‘sh-xo‘sh — dedi holatida o‘zgarish hosil qilgan Ostonaqulov, kreslosida yastanib oldi, ko‘zoynagini yechib dastro‘mol bilan artdi, yana taqdi. Qo‘li bilan stulni ko‘rsatib: «Buyoqqa o‘tiring-chi?» — dedi va stulga joylashganimdan keyin so‘zini davom ettirdi:

—Ikkala «xobbingiz» ham yaxshi ekan! Oldingisi-ku tushunarli-da, keyingisi bilan qanday shug‘ullana boshlagansiz?

—Maktabda o‘qib yurgan paytlarimdan bilar edim: kutubxonadagi «O‘zbek she’riyati antologiyasi» degan kitobda Surxondaryo viloyat Jarqo‘rg‘on rayonida tug‘ilgan, deb yozilganini o‘qiganman. Samarqandda talabalik paytimda esa Oktyabr inqilobining 50 yilligi munosabati bilan gazetada Ra’no Uzoqova haqida katta bir sahifalik materiallar berilgan edi. U yerda ham Jarqo‘rg‘onda tug‘ilgan, deb ko‘rsatilgan…

Xullas, Ra’no Uzoqovaning yurtdoshimiz ekanligi menga hech qachon tinchlik bermagan! «Jarqo‘rg‘on haqiqati»ga ishga kelganimda ko‘plardan, ayniqsa oqqo‘rg‘onlik kattayu kichikdan surishtirdim. Ammo bu haqda hech kim hech narsa bilmadi. Kutubxonalarda (hatto viloyat kutubxonasida ham) opa haqida birorta ma’lumot topilmadi. To‘g‘risi, juda xafa bo‘lib yurdim. Oxiri Oqqo‘rg‘on qishloq Sovetida bir kishini tasodifan uchratib qoldim…

—Kalavaning uchini topdim deng? Bu to‘g‘rilarda biror joyda yozganmisiz?
—«Lenin bayrog‘i»da, 1971 yili 16 oktyabrda.
—Shunaqa deng!..

—Samarqand viloyati Urgut tumani ijodkorlari bilan yozishmalar qilganman, ya’ni gazetamizga Ra’no Uzoqova haqida ma’lumot berishni so‘rab ulardan xat kelgandi. Ana shu xatga javob izlab ikki-uch oy shug‘ullandim. Jarqo‘rg‘onning ko‘p joylariga bordim. Mototsiklga minib adirlarda Badriddin bobo asalari boqayotgan joylarni rosa izladim. Ra’no opani biladigan, eslaydigan va ko‘p narsalarni oydinlashtirib beradigan odamlar oxiri topilib qoldi, nihoyat Urgutga javob xati yo‘llandi. Tez orada minnatdorchilik maktubi ham keldi. Unda shoira «Qizim Rahimaga» deya she’r bag‘ishlagan farzandi haqiqatdan ham mavjudligi borasida ma’lumotlar bor edi. Urgutga jo‘natgan navbatdagi xatimga Rahima nomiga yozilgan maktubimni ilova qildim, «Shoira yurgan yo‘llarda» maqolam chop etilgan gazeta sonini ham qo‘shib yubordim. Bu orada harbiy xizmatga chaqirilgandim. Armiyadalik paytimda Urgutdan mening nomimga xat kelgan-kelmaganligini aniqlashga harakat qildim. 1972 yili dekabrda askarlikdan qaytib kelib yana rayon gazetasida ishladim.

1973 yilning bahorida Samarqandda Ra’no Uzoqovaning qizi Rahima Uzoqova bilan uchrashganman…

Hikoyam ana shu joyga kelganda Ostonaqulov qo‘li bilan «yetadi» degandek ishora qildi-da, chap tomondagi stol ustida turgan telefonlardan birining go‘shagini ko‘tardi va:

—Menga Denovni bering,— dedi.
—Denovmi? Turdiyevni ulang!

—Toshtemir!.. Siz Ra’no Uzoqovani bilaman deb yuribsiz, Ra’no Uzoqovani haqiqatdan ham biladigan odam mana mening yonimda o‘tiribdi. Xullas, bugun kechqurun soat oltida…— go‘shakning mikrofon qismini kafti bilan yopib mendan asta: «Kechqurun uyda bo‘lasiz-a?» deb so‘radi, manzilimni aniqlagach go‘shakni ochdi, ismi sharifimni aytib davom etdi.—…Jarqo‘rg‘onga kelasiz, Norali Boymurodov kolxozi, birinchi brigada. Tushunarli bo‘ldimi? Bu odam sizni kutadi!

UYDA

—Aytilgan paytda darvoza taqilladi. «Volga» GAZ-24 mashinasidan tushgan ikki kishini uyga olib kirdim. Toshtemir Turdiyev to‘ladan kelgan, oqquva, muomalani rosa o‘rniga qo‘yadigan, ko‘zlari ma’noli boquvchi odam ekan. Unga yo‘l boshlovchi bo‘lib kelgan surxonlik Yarash Mustafoqulovni esa ahyon-ahyonda ko‘rib turar edim.

Ba’zan o‘ylab qolaman: u damlar, hozirgi zamonda urf bulgan odat bo‘yicha aytadigan bo‘lsam, mening ham yulduzli onlarimdan biri bo‘lgan ekan. Ro‘y berayotgan yangiliklar, kechayotgan voqealar, qilinayotgan ishlar kishini shunchalikka oborib qo‘ygan ediki, sarxushu sarmast bo‘lib go‘yo yettinchi osmonda uchib yurgandek sezardim o‘zimni! Bu narsa faqat ertaklardagina bo‘ladigan ajoyib sayru sayohatlarga o‘xshab ketadi: keyingi uch-to‘rt oy davomida Ra’no Uzoqovaning 60 yillik yubileyiga tayyorgarlik yuzasidan yugur-yugurlar (adabiyotshunos Abdug‘afur Rasulevning Ra’no Uzoqova tug‘ilgan kunni 1916 yil 16 mart deb ko‘rsatganligi uchungina bu harakatga tushib ketganman, ammo olim bu fikrni aytganida qaysi manbaga suyanganini haligacha topolmayman, keyinchalik o‘zidan so‘raganimda ham hech eslay olmadi), yubiley tantanasida raykom kotibasi o‘qib berishi lozim bo‘lgan qariyb bir bosma toboq hajmli ma’ruza matnini yo‘q joydan bor qilib tayyorlash tashvishlari, «obkom partiya»da shoira Ra’no Uzoqova haqidagi suhbatlar (iltimosimga binoan shoiramiz yubileyini o‘tkazib bo‘lganimdan keyin bu idorada yangi ishni boshlashimga izn berishdi), shoiramiz yubileyi taklifnomalarini tarqatib yurish nash’u namolari (ayniqsa jurnalist Hamid Rahmonov bilan birga Termiz Davlat pedagogika institutiga borib adabiyot kafedrasi mudiriga taklifnomani berganimizda: «Ie, bu qanaqasi! Obkom partiya shunchalik katta tadbir o‘tkazadi-yu, adabiyot kafedrasi bundan bexabar qoladi-mi?», deya g‘alati ohang va qiyofada gapirganida biz: «Yo‘q-yo‘q, tadbirni raykom partiya o‘tkazayapti» deya javob berib qutulganimiz), shoira Ra’no Uzoqova sababchi denovdek joydan bugun taniganim—Toshtemir Turdiyev kabi insonlar uyimga kelib turgani va nihoyat bundan boshqa ko‘pdan-ko‘p xushvaqtliklar sohibi edim.

Mehmonlar bilan suhbatimiz qizigandan qizidi…
Ra’no Uzoqova bo‘yicha yiqqan bor bud-bisotimni o‘rtaga tashladim…

So‘zimda to‘xtamay davom etayapman, suhbatimning nihoyasi yo‘qdek edi…
Bir mahal uzoqlardan Toshtemir akaning ovozi keldi:

—Abdullajon, agar xohlasangiz, keling birgalikda kitob chiqaraylik! Javobimda to‘xtalib turish ham, o‘ylanib o‘tirish ham yo‘q edi:

—Mening uchun, Toshtemir aka, Ra’no opamiz mashhur bo‘lsa bo‘ldi! Surxondaryodan, Jarqo‘rg‘ondan ham shunday yozuvchi-shoirlar chiqqanini el bilsa bo‘ldi! Sizdek bir inson ham bu oliyjanob ishga qo‘shilib Ra’no opani targ‘ib etayotganingizdan boshim osmonga yetmoqda!..

Iqrorim va izhorim shulki, kaminaning dilida va tilida har doim gap bitta bo‘lgan, buning ustiga qilgan ishlarim hali doston qilishga arzimaydi, deb hisoblaganman!..

—Bu materiallardan foydalansam maylimi?
—Albatta, marhamat! Mana, Samarqanddan, Urgutdan kelgan xatlar —

Ra’no opamiz haqida ma’lumotlar yozilgan, qizi Rahima haqida bayon etilgan. Manzillari… Yuborgan javoblarim… Bitgan maktublarim… 1971 yil 16 oktyabrda chiqqan maqolamni oling! Samarqandda bayramga atab chop etilgan «Zarvaraq» sahifalarida Ra’no opamiz ijodi haqida katta materiallar bor. Bular esa: — «Saodat» jurnali, 1972 yil 5-soni. Samarqand viloyat «Lenin yo‘li» gazetasining 1967 yil 1 iyul sonida to‘la bir sahifa opamizga bag‘ishlangan… Gazeta g‘ijimlangani va dog‘lari ko‘pligiga e’tibor bermang, muhimi o‘qisa bo‘ladi…

Mehmonlar joylaridan qo‘zg‘alishar ekan, ularni 16 mart kuni rayon madaniyat uyida bo‘ladigan shoira Ra’no Uzoqova yubileyiga bag‘ishlangan tadbirga taklif etdim, Termizdan shoir-yozuvchilar, jurnalistlar va olimlar qatnashishini aytdim, Badriddin bobo, Shodi Sho‘ro bobo, Osiyo momo, Bolta akalarning shoiramizning yoshligi haqidagi esdaliklarini eshitasiz, dedim.

Keyin men bir olam taassurotlar og‘ushida uyquga yotdim: ertaga qilinadigan ishlar ko‘p edi…

NORMATOV

Ertasiga barvaqt “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ga keldim. Bosh muharrirning avzoidan meni betoqat kutayotgani shundoq bilinib turardi:

—Qani nima bo‘ldi, Abdullajon?
—Endi Termizda ishlasak kerak, Donaboy aka!

Normatov chehrasi birdan yorishdi, butun yuziga tabassum yoyildi. O‘rnidan turishi barobari qanotlarini yozgan holda stolni yonidan aylanib keldi va meni quchoqlar ekan lablaridan quyidagi so‘zlar uchdi:

—Raykom partiyaga olmoqchi bo‘lganida, o‘zimni o‘ylab rosa qarshilik qilganman. Bilasiz, avvaliga sizni ko‘ndirib, keyin esa kattalarga u xohlamayapti deb aytib, rad javob yetkazganman — juda ham keraksiz menga! Ammo, endi unday qilolmayman, unday qilishga hech-hech haqqim yo‘q.. Nihoyatda xursand bo‘lgan holda sizga oq yo‘l va omad tilayman…

…Uning bosh muharrir bo‘lib ishlayotganiga endigina to‘rt oy bo‘lgandi. O‘shanda ko‘pchilik tuman madaniyat bo‘limi mudirini gazeta muxarriri etib o‘tkazgan raykom partiyaning bu qaroriga ajablandi. Haftasiga uch marta to‘rt ming nusxada chop etiladigan hamda viloyatimiz tuman gazetalari orasida yaxshi o‘rinlarda turadigan ro‘znomamizning sakkiz nafar ijodiy xodimi ham yangi rahbarga turlicha munosabatda bo‘ldi: birov zimdan yoqtirmadi, boshqasi ochiq yovqarash qildi, aksariyati “menga baribir” qabilida edi. Ijod axli tan olishi uchun hamma narsadan ham “yoza bilishi” va eng muhimi “qalami zo‘r” bo‘lishi, go‘yoki kundek ravshan bo‘lsa ham, baribir g‘isht qolipdan ko‘chib bulgandi.

Oldingi bosh muharrir G‘ulom aka Xoliqov jamoa xo‘jaligiga partiya kotibi etib yuborildi va men bir necha oy bosh muxarrir vazifasini bajardim, “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ga Normatov kelganidan keyin yana o‘rinbosarlikni davom ettirdim.

Lekin buyog‘i silliq kechmagan:—“Sen ishni qoyillatding-ku? Nega qo‘yishmadi? He, o‘shalarning onasini… Endi bunga(yani yangi rahbarga) to‘sqinlik qil, ishini buz, hech o‘zlanmasin, ketib qolsin ” deya shipshituvchilar yetarli edi.

Ammo sog‘lom fikr har turfa gap-so‘zlarni qabul qilmadi: —“Qo‘yishibdimi, demak, nima bo‘lganda ham shu odam loyiq deb topilgan, vazifam: kasbimga sadoqatli bo‘lish, ishni yaxshi bajarish, gazetani sifatli chiqarish, muharrirga yordam berish”, deya tushunganman.
Xullas, gapning indallosi shuki, Donaboy Normatovning bosh muharrirligi o‘z o‘rinbosariga ishonish va tayanish orqali amalga oshirila boshlandi va shu tarzda bu ish samarali kechdi.

Oradan ko‘p vaqt o‘tmay shoira Ra’no Uzoqova borasidagi izlanishlar yangi bosh muharrirga ma’lum bo‘ldi va o‘z xizmatini chin yurakdan taklif qildi.

…Kunlardan bir kuni muharrirning VAZ O6 ”Jiguli” mashinasida Oqqo‘rg‘onga yo‘l oldik. Shodi Rasulevning uyini izlab topdik. “Jarqo‘rg‘on haqiqati” gazetasining keksa muxbiri Bolta Boyg‘uchev suxbatlardan birida Ra’no Uzoqova shu boboning qo‘lida qishloq Soveti kotibasi bo‘lib ishlaganini aytib o‘tgan edi.

—“Qirq yillardan xam oldingi vaqtlarda qishloq Sho‘rosida ishlab ketgan qandaydir bir qiz qayda-yu, bugun to‘qson yoshini to‘ldirgan bobo qayerda?” deya fikrlasam-da, baribir, Shodi Sho‘ro boboning suhbatini olish va ko‘hna xotirasini bir titkilab ko‘rish ilinji bor edi menda!

Shodi Rasulev bir gapirib o‘n kuladigan xushchaqchaq qariya ekan. Mexmonlarga nihoyatda hursand bo‘ldi. Ayvon tagiga joy qilindi. Dasturxon to‘shaldi. Non ushatilib choy icha boshladik.

Suxbatimiz asnosida papkadan olgan suratni ko‘rsatib:
—Shodi bobo, bu kim?— deb so‘radim.

Bobo suratni qo‘liga olib ko‘zlariga yaqinlashtirdi, rosa sinchiklab tikildi, birpas tek qoldi, keyin esa oppoq qalin soqolini silagan holda sharaqlab kulib yubordi:

—E, bu mening qo‘limda ishlagan Ra’no-ku? Bu sur-rat qayerdan keldi, — deb meni so‘roqqa tutdi.
Voqeani qisqacha tushuntirdim, Ra’no Uzoqova haqida bilganlarini aytib berishni so‘radim:

—Ey, bu Badir boboning iyarchan qizi-da,—dedi u.—Termizda o‘qishni bitirganidan keyin qo‘limda selsovetning sekratari bo‘lgan. Sho‘h—shaddot qiz edi. Sochlari jamalakday edi. Bolalarni to‘plab she’r, ashula ayttirardi. O‘ziyam rosa kelishtirib matal, ashula aytardi, o‘yinga tushardi. Lekin zexniyam o‘tkir edi, miyasi yahshi edi. Keyin artist bo‘p ketdi…

Shodi bobo huzuridan qaytar ekanmiz, Normatovga minnatdorchilik bildirgan edim, u: “Qaytangga men sizga minnatdorchilik bildirishim kerak edi. Siz tufayli shunday ulug‘ ishlarning guvoxi bo‘lib turibman. Judayam savob ish qilayapsiz! Buyog‘iga ham nima xizmat zarur bo‘lsa, men tayyorman,”—dedi.
Shunday qilib shoira Rano Uzoqovaning 60 yillik yubileyiga tayyorgarlik ko‘rish va uni o‘tkazish bo‘yicha qilayotgan ishlarimda Donaboy Normatovning ishtiroki va ko‘magi ancha qo‘l keldi.

Avvalo, yubiley tadbirlarini jamoatchilik asosida amalga oshirish bo‘yicha o‘ylab qo‘ygan rejalarimdan uni voqif etdim. G‘oyamga muvofiq tumandagi mavjud 45 ta maktabning xar biridan ikkitadan alochi o‘quvchi adabiyot muallimi yetakchiligida yubiley tadbiriga taklif etiladi( bunday hollarda xar doim kuzatilganidek yaqin o‘rtadagi maktab o‘quvchilarini guras–guras olib kelib zalni tuldirish maksadga muvofik emas), xo‘jaliklar, tashkilot va korxonalarning manaviyat, mafkura ishlariga masul shaxslari, ijodiy jabxa xodimlari, olimlar, jurnalistlar qatnashishi lozim , toki yurtdosh shoiramizning nomi xar bir jarqurg‘onlikning ongiga yetib borsin, qalbida aks-sado bersin va faxr-iftixor tuyg‘ulariga limmo- lim to‘lsin!

Tuman madaniyat uyining turt yuz urinlik muxtasham katta zali shoira yubileyiga atab maxsus bezalishi, shiorlar, plakatlar osilishi, Rano Uzoqovaga bag‘ishlangan devoriy gazetalar kurigi o‘tkazilishi, stendlar, fotomontajlar chiqarilishi, tuman xalq san’atkorlarining maxsus konsert dasturi tayyorlanishi lozim. Sahna to‘ridan shoiramizning jarqo‘rg‘onlik rassomlar yaratgan katta chiroyli portreti joy oladi(ushbu portretni adabiy kecha o‘tkazilganidan keyin Ra’no Uzoqova nomi bilan ataladigan maktabga hadya etish ko‘zda tutiladi). Portret va unga yozilgan “Ra’no Uzoqova—60 yosh” degan yozuvni quyidan yarim aylana shaklidagi lavr yaprogi tasviri ikki tarafdan hoshiyalab turadi. Tuman bosmaxonasi shoira yubileyi taklifnomasi va dasturini tayyorlaydi. Gazeta xodimi Po‘lat Soliyev shoiramizning yaqinlarini, Shodi bobo va Bolta akani o‘z mashinasida olib keladi, fotomuxbir Chorshanbi Safarov surat tushiradi va hokazo…

Shoira yubileyini o‘tkazish buyicha masalalarni muxokama kilayotganimizda Donaboy Normatov dabdurustdan so‘rab qoldi:
—Obkom partiyaga ishga ketadigan bo‘lsangiz, tayyorgarligimiz nima bo‘ladi endi? Xayriyat hamki, raykom kotibasi ma’ruzasi matnini tugallagan ekansiz?..

—Ruxsat berishdi, aka. Ra’no opamizning tadbirini birga tayyorlaymiz, yubileyni ham birga o‘tkazamiz, lekin Termizda ham har kuni ko‘rinib turishim kerak ekan.

—E, unda juda yaxshi bo‘pti!

Muharrirga safimiz yana kengayganligini ham aytishni unutmadim…

—…Materiallarni berib yubordim, deng!
—Ha!

—Chakki qilibsiz!
—Nega endi?

—Siz to‘g‘ri odamsiz-da! Hammani o‘zingizday tushunasiz, qing‘ir o‘ylashni bilmaysiz. Har xil odam bor hayotda?..

—Lekin Toshtemir aka zo‘r inson!
—Shunday deng! Ha, unda bilmadim…

JARQO‘RG‘ON. 1976 YIL 16 MART

Nihoyat 16 mart keldi. Soat 14-00. Shoira Ra’no Uzoqova yubileyini o‘tkazish uchun hamma narsa taxt. Tuman madaniyat uyi liq to‘lgan, o‘tirganlarning aksariyati yoshlar. Yon-atrof o‘zgacha fayzli, barchada hayajon bor, qiziqish katta. Bunchalik tumonot odamni bu maskan Komiljon Otaniyozov, Quvondiq Iskandarov yoki Olmaxon Hayitova kelganidagina ko‘rgan bo‘lishi mumkin. Lekin ayni guvohi bo‘layotganingiz hol Ra’no Uzoqovadek shoirani O‘zbekistonga bergan o‘z Jarqo‘rg‘oni bilan faxrlanish hissini, shuningdek yana g‘urur deb ataluvchi biz ko‘krak kerib aytadigan, olamda o‘xshashsiz tuyg‘uni o‘yg‘otishi bilan ham bulardan qanchalik ustun ekanligini bilsangiz edi!

Ikki kishi o‘zaro suhbatlashmoqda:
—Yozuvchi-shoir faqat Toshkent-Samarqandda tug‘iladi, o‘sha yerda yashaydi va o‘sha yerda o‘ladi deb yuribmiz, axir bizda ham bor ekan-ku?
—O‘zbekistonning birinchi shoirasi asli bizdan chiqqan ekan, ey oshnam! Iloji bo‘lsa birpas tek tur, gapning qizig‘i endi bo‘ladi!

…Hamro Tojiyevning tenor ovozi avjiga chiqadi, sahna o‘rtasida raqqosa gir aylanib xirom etadi…

Tantanali yig‘ilish hay’atidan joy olishi kerak bo‘lgan mehmonlar madaniyat uyining qo‘sh tavaqali katta eshigi oldida turib qolmoqdalar.—asosiy ma’ruzani qilishi lozim bo‘lgan raykom kotibasi hali Termizdan qaytmagan…

Orada yarim soatdan ko‘proq vaqt o‘tdi, lekin hech kim betoqat bo‘layotgani yo‘q!

Yana o‘n daqiqadan so‘ng kutilgan odam ko‘rindi va mehmonlar u bilan birgalikda ichkariga kirishdi.

Hozirgina konsert ko‘rib turgan zal suv sepgandek jim bo‘ldi.

Mehmonlarning oldi sahnaga ko‘tarilib hay’atdan o‘z o‘rnini egallayotgan bir paytda chalina boshlagan chapaklar Shodi bobo, Badriddin bobo, Osiyo momo, Bolta akalar ko‘rinish bergan asnoda butun zalni gumburlatgan suronli qarsak-ovatsiyaga aylandi, odamlar kerakli gapdan allaqachon xabardor edilar chamasi!

…Ma’ruzachi tutilib-tutilib o‘qidi, ayrim xos so‘zlar, adabiy terminlar talaffuzida ancha qiynaldi.

—“Jumlalarga yuklangan ma’noni o‘zi hali yetarli o‘zlashtirmagan notiq tinglovchiga qanday qilib ham ta’sir qila olar edi”, deya xayolimga kelgan fikrdan men uyalib, qizarib, ich-ichimdan yonib ketayapman.

Axir, ko‘rib turibman, qanchadan-qancha so‘zlar tushunilmay, idrok etilmay, havoda muallaq qolib, qayerlargadir uchib, izsiz yo‘qolib ketmoqda!
Valekin, tan olish kerak va albatta balli shu holatgaki, ko‘pni ko‘rgan yig‘ilish ahlining umumiy ruhiyati bundan mutlaqo ozor chekmaganini, aksincha tabiiy yo‘sin sifatida qabul qilganini ko‘rib, xafa bo‘lmasam-da, taskin ham topmadim!

Majlis ahliga “tayin etilgan mukofot” o‘zini ko‘p kuttirmadi, hassasini do‘qqillatib minbarga chiqqan Shodi bobo o‘zi bir kuldi, odamlarni o‘n kuldirdi:

—Manavi jigit menga:—O‘zingiz to‘qsonda bo‘lsangiz, qirq yil oldin ishlagan bir qizni tanimaysiz-da, deydi, bir suratni ko‘rsatdi. Men darrov, bu men bilan ishlagan Ra’no-ku?—dedim. Gapim to‘g‘rima, ayt!

Ay, Ra’no sho‘x edi, olov edi, she’r ham aytardi, ashula ham aytardi. Bilsam bu ashula-qo‘shiq o‘ziniki ekan! E, u bir baloi bat edi…

Rayonning Uzoqov degan bir redaktori ilib ketdi-da, uni!..Shu bilan izi yo‘q bo‘ldi…

Mana endi qirq yil o‘tganda bilayapmiz, o‘zimizdan chiqqan shoira bo‘lgan ekan, bachchag‘ar ko‘p joyni boylagan ekan!..”

Navbatdagi so‘zni olgan Badriddin bobo Sagitdinov esa zalga qarata ohista gapiradi:
—Rahmatli ayolim Mahubjamolga uylanganimda uning 17 yashar Mohisarvar, 6 yashar Ra’no ismli qizlari bor edi. Mohisarvar oldin vafot etgan umr yo‘ldoshidan yodgorlik bo‘lsa, Ra’noni u temir yo‘l yaqinidagi choldevor orasidan topib olib o‘stirgan. Men ularni o‘z farzandim deb qabul qildim. Biz yana ikki farzandli bo‘lganmiz.

Ra’noni internatga berganmiz. Keyin texnikumda o‘qidi. Oqqo‘rg‘ondami, Termizdami, qayerda yashasak ham dam olish, ta’til kunlari bo‘ldi, deguncha Ra’no uyga kelardi. Ovqatiga, ust-boshiga qarardik. Ukalarini o‘ynatardi, she’r, ashula aytib berardi. Hamsoya bolalarni ham to‘plab ularga she’r ayttirardi.
Termizda texnikumni bitirib keldi, Jarqo‘rg‘onda selsovetda ishladi, muallim bo‘ldi, artistlik qildi. Artistlik paytida turmush qurdi—eri redaktor, Uzoqov familiyali, Andijonning Haqqulobod degan joyidan. Ra’no erining familiyasini qabul qilgan. Uzoqov o‘sha tomonlarga bir borib keldi-da, ketamanga tushdi, qaysidir bir ishga joylashgan ekan. Ra’noni ham olib ketdi. Qayerda bo‘lsalar ham, boshi omon bo‘lsin, deb qolaverdik. Lekin Ra’no bizni unutgani yo‘q, har yili kelib turardi. Ikki marta Dushanbega komandirovkaga o‘tgan paytida keldi. Urush yillari kelolmadi, ammo biz u bilan xat yozishib turganmiz. So‘ng… ora uzilishib qoldi: vafot etgan ekan! Onasi Mahubjamol ham o‘sha paytlari qazo qilgan chiqadi… Ra’noni eslab turamiz, ayniqsa, Mohisarvar…

Shundan so‘ng viloyat yozuvchilar uyushmasining raisi Mengziyo Safarov minbarga chiqib Surxon adabiy muhiti, adabiyotshunos olim Haydar Oqbo‘tayev esa adiba ijodining qirralari haqida hayajon ila so‘z aytishdi. Ra’no Uzoqovaga bag‘ishlab yangi yozilgan she’rlar yangradi.

P7260045.jpgE’tiborlisi shuki, so‘z aytgan shoirlarning qariyb barchasi jarqo‘rg‘onlik edi. Ayniqsa, tutqich bermas ilhom parisini bu safar mahkam quchib olib bir zarb bilan quyma satrlar yaratgan Bolta Yoriyevning she’r o‘qishi sokin daryo oqimiday ravon bo‘ldi:

Salom sizga bahor gullari,
Jarqo‘rg‘onning mohi dillari,
Nurlanibdi sog‘u so‘llari—
Shoiraning yurgan yo‘llari.

She’riyatning Ra’nosini biz,
Yo‘qlab kelgan ko‘p do‘sti aziz,
To‘tiyoday ko‘zga surtamiz—
Shoiraning yurgan yo‘llari.

Jamol ochib turgan Oqqo‘rg‘on,
Bir bearmon boladay quvon.
Seni yana etar bepoyon—
Shoiraning yurgan yo‘llari.

Bunda qancha avlod gul tergay,
Qancha lochin qanotin kergay,
Hali qancha Ra’nolar bergay—
Shoiraning yurgan yo‘llari.

Yangiboy Shoymardonovning “Subhidam qaldirg‘ochi” she’ridan:

Subhidamni sevaman jondan,
Bahor qarzim mening jahondan,
Yerning qarzi yana osmondan,
Men—bahorman,
Tonggi qaldirg‘och!

Surxon uzra urib o‘tay to‘sh,
Men kenglikda chapdast, qiyg‘ir qush,
Har havodan issiq bir og‘ush,
Men—bahorman,
Eshigingni och!

Shaydulla Soriyev: “Bu kun seni eslaymiz”

Surxonim qirg‘og‘ida, internat quchog‘ida,
Ne haqda o‘y surgansan, tush misoli eslarding.
“Gulandom” sevgisini, sadoqat qo‘shig‘ini
Tinglamoqqa bahoru qaldirg‘ochni qistarding.

Ming afsus, sen kuylagan shovullab turgan bahor
Ayni bahor yoshingda… so‘ndi qalb alangasi.
Bu kun seni eslaymiz elimning hassos qizi,
Tilimizda jaranglar she’rlaring jarangosi.

Nomingni e’zozlaymiz, she’rlaring qalblar mulki,
Shu buyuk zamonaga hamohang kuying sening.
Sen mangu yashagaysan asrlar osha tirik
Nasib etar avlodlarga muborak to‘ying sening.

O‘rinboy Adimovning “Sen buloqqa o‘xshaysan” she’ridan:

Sendan qoldi dilbar she’r, ra’no gulidek go‘zal,
Shaydoyi oshig‘ini imlab turardi yal-yal.
Qaldirg‘och qanotida qalbingning yolqini bor,
She’r ahli yashar ekan, umringning talqini bor.

She’r ahli hayot ekan, yuraklarda yashaysan,
Yurakkinam qaynar buloq—sen buloqqa o‘xshaysan!

Shoira Ra’no Uzoqovaning 60 yilligiga bag‘ishlangan adabiy anjumanda yana bir she’r tinglovchilarga havola etildi: bu sakkizinchi sinf o‘quvchisining gullar va chamanlar bisyor bo‘lgan she’riyat bo‘stonidagi debocha chiqishi edi. Aqlli, qo‘yko‘z yigitchaning kelajagi porloqligi shundoqqina manglayidan bilinib turardi. Ismi Eshqobil, familiyasi Shukurov deya nomi e’lon qilingan yoshgina iste’dod egasini bundan birmuncha muddat oldinroq Yangiboy aka Shoymardonov “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ga yetaklab kelgandi: suhbat qilgandik, she’rlarini tinglagandik, yaxshi gaplar aytgandik va shoiramizning 60 yillik to‘yiga taklif etgandik!

Mana, Jarqo‘rg‘onning o‘sha katta minbaridan Eshqobil o‘qigan she’r:

Kelajak farzandi beshikda yotar,
Go‘dakning qalbida lovullar quyosh.
Murg‘ak yoshga qarab havasim ortar,
Albat qudratidan talqon bo‘lar tosh.

Singilcham, ko‘zlarning muncha ma’nodor,
Unda ko‘rinmoqda oydin kelajak.
Jilmayishingda xalqlar baxti bor,
Qo‘llaring Vatanni bo‘ston qilajak.

Balki, aziz singlim, Ra’noday bo‘lib,
She’riyat bog‘iga qo‘yarsan qadam.
Balki kelajakda ijoding to‘lib,
Yangi kashfiyotlar qilarsan sen ham.

Kechada shoir Shafoat Rahmatullayev ham so‘zga chiqqandi, Shoira Ra’no Uzoqovaga bag‘ishlab maxsus yozgan “Ta’zim” deb nomlangan she’rini o‘qigandi…

* * *

Yuqoridagi xotirotlarga qo‘shimcha yana bir narsani aytish lozim.

U ham bo‘lsa shuki, 2006 yilning 12 aprel kuni Termiz ko‘chalaridan birida bo‘lgan tasodifiy uchrashuv mazkur hayajonli voqealar manzarasini boshqa tomondan ko‘z oldimda tikladi.

Trotuardan kelayotgan o‘rta bo‘yli va o‘rta yoshli bir kishi ikkilanib menga salom berar ekan, ismimni aytib: “Siz o‘sha kishimisiz yo boshqamisiz?—deb so‘radi.

Tanishib oldik. Men, Eshmo‘min Mamatxolovman, dedi.

—Jarqo‘rg‘onda mashhur O‘rol Mamatxolovning kimi bo‘lasiz?
—Hech kimi, faqat familiyadoshmiz, xolos. Ko‘plar adashtirib yurishadi. Asli Safar Boymatovdanman (ilgarigi “Moskva”), Guliston mahallasi. 1959 yil 20 yanvarda tug‘ilganman. “Mehnat sharafi”da fotomuxbir bo‘lganman. Hozir ham kasbim shu, faqat mustaqil faoliyat olib boraman.

Yetmishinchi yillarda esa “Jarqo‘rg‘on haqiqati”ga maqolalar yozib yurardim. Sizni ham o‘shandan bilaman. 1976 yili Shoira Ra’no Uzoqovaning 60 yilligini tashkil etgandingiz. Buning uchun qayerlarga bormadingiz, qancha materiallar to‘plamadingiz—bir yangilik yaratildi-da! Shu majlis turtki bo‘lib, hamma o‘zimizdan chiqqan shoira borligini bilib qoldi.

—Opamizning o‘sha yubiley yig‘ilishi haqida nimalarni bilasiz?

—To‘g‘risi, faqat sizning tashkilotchilik qilib yurganingizni, so‘zga chiqib gapirganingizni, boboylarni tanishtirganingizni eslayman. Ra’no kimlarning uyida turganini, qanday ishlarda ishlaganini boboylar gapirishdi. Mengziyo Safarov, Shafoat Rahmatullayev so‘zga chiqqan edi. Boshqalarni eslolmayman, ha, o‘quvchilar Ra’no Uzoqova she’rlari, g‘azallarini aytishdi.

—Tantanali yig‘ilishga qanday kelib qoldingiz?

—Mening nomimga, Ra’no Uzoqova yubileyiga, deb yozilgan taklifnoma kelgandi. Sadriddin Ayniy nomli maktabning 10 sinf o‘quvchisi edim. Taklifnomani sinfdoshlarimga ko‘rsatdim. Hammasi havas qildi. Maktab bo‘yicha bitta men borayotganimdan xursand edim. Yana kolxoz partkomi Safar Bobomurodov qatnashganini ham bilaman. Bugun qaytib borganimdan keyin Safar akaga (oppoq soqolli boboy bo‘lib qolgan hozir) Siz bilan uchrashganimni albatta aytib beraman!

—So‘zga chiqqanlardan yana biror kishini eslashga harakat qilib ko‘rsangiz?

—Ha, Eshqobil Shukurov degan o‘quvchi ham minbarga chiqdi-da, she’r aytdi. U, yo yettinchi, yo sakkizinchi sinfda edi. O‘sha majlisda Eshqobil bilan tanishganmiz. Keyin u bilan xat yozishib turdik…

MUKOFOT

Nihoyat shoira tug‘ilib o‘sgan yurt — Jarqo‘rg‘on uning 60 yillik yubileyini ilk marta va munosib nishonladi, Surxon diyorida shu paytgacha zabun bo‘lgan yorqin xotira endilikda e’zozlanish pallasiga kirgani ham rost!

Kaminaning hayotda olgan eng qimmatli mukofoti edi bu! — “Endi har bir jarqo‘rg‘onlik uchun shoira nomi ko‘klam qaldirg‘ochi kabi mujda bo‘ladi, bu nomni tillar va dillar takror-takror eslaydi, uchrashuv va suhbatlar, kechalar shoirani eslash bilan o‘tadi, ularda shoira g‘azallari va she’rlari yangraydi. Mashvaratlarga Ra’no opamizning yaqinlari, bolalik do‘stlari taklif etilmoqda. Yasli–bog‘chaning murg‘ak bolakayi, maktab o‘quvchisi, o‘quv yurti talabasi, boringki, barcha yosh qalbida “Ra’no opamdek bo‘lsam edi” degan orzu–istaklar chechak otmoqda!”- degan o‘y-fikrlar xayolimda charx urardi.
Voqea respublika poytaxti Toshkentda ham aks-sado berdi.

Ammo bu haqda sal keyinroq!..

“Jarqo‘rg‘on haqiqati”da gazeta chiqarishgan qalamkash do‘stlar bilan xo‘shlashib, umr daftarining bu joyga oid olti yillik sahifasini yopib Termizga, viloyat partiya qo‘mitasining matbuot yo‘riqchisi vazifasiga ishga keldim.

O‘sha zamonning eng kuchli, baobro‘ idorasida mehnat qilish oson bo‘lmagan. Elga xizmat qiladigan kadrlar tayyorlash o‘chog‘i, bo‘lg‘usi rahbarlar saboqxonasi, ish tajriba o‘rganadigan maktab desa ham bo‘lar bu idorani, ammo shu bilan birga mansablarga erishish, jamiyatda yuqori mavqega ega bulish yo‘lidagi eng kerakli zinapoya, deb xisoblaguvchilar ko‘proq edi.

MЕNGZIYO AKA

Shu ishxonaga bir kuni yozuvchi Mengziyo Safarov kelib koldi.

Surxon vohamizda yashab ijod qilayotgan taniqli yozuvchimizni universitet yillaridan g‘oyibona taniganman. Mengziyo aka o‘zbek nasri osmonida yarqirab chiqqan paytlari biz surxondaryolik talabalar ko‘ksi tog‘, g‘ururi cheksiz, havosi baland bo‘lib yurganmiz.

Gazetada ishlab, bir yil chamasi o‘tganda Ra’no Uzoqova bo‘yicha izlanishlarimni qog‘ozga tushirib Termizga yubordim. Viloyat gazetasi bo‘lim mudiri Mengziyo Safarovning qo‘liga tushgan makola “Surxon tongi”ning o‘tmishdoshi “Lenin bayrog‘i”da “Shoira yurgan yo‘llarda” sarlavhasi bilan chiqdi.
Shundan so‘ng biroz keyinroq tahririyatga yondosh ko‘chada Mengziyo akani ko‘rib qoldim. Salomlashdik. Kimligimni bildi va… shundan keyin o‘siq qoshlari ostidagi ma’noga to‘la chuqur ko‘zlari porladi, jilmayib boqar ekan do‘rillagan ovozda “Qalamingiz yaxshi ekan, yozib turing” deya qo‘limni do‘stona qisdi.
Yana bir marta esa oradan besh yil o‘tganda Surxondaryo yosh badiiy ziyolilari anjumani arafasida uchrashdik. Ushanda topshiriqqa muvofiq Jarqo‘rg‘on ijodkorlari haqidagi ma’lumotlar to‘plangan sakkizta papka tayyorlab viloyat yozuvchilar uyushmasiga olib kelgandim.

Shunday adib bilan yana uchrashganim, ijodkorlarga oid “jamoat topshirig‘i”ni a’lo bajarganim uzimga nasha kilib, maqtov eshitgan yosh askar kabi, nihoyatda xursand edim.

Mengziyo aka papkalarni qabul qilayotganida uning nigohlarida taraddudmi, xijolatmi, shunga uxshash nimanidir payqagandim, ammo bu holatga e’tiborim bo‘lmagan…

Termizga ishga kelganimda bildimki, barcha tumanlarga ham berilgan o‘shal “jamoat topshirig‘i” Jarqo‘rg‘ondan boshqasida deyarli bajarilmagan ekan — xijolatning sababi shu edi.

Yosh badiiy ziyolilar anjumanida viloyat partiya qo‘mitasi kotibi Xolmirza Xoliyorov yarim soatlik ma’ruzasida shoira Ra’no Uzoqovaga tegishli o‘rinni “U Jarqo‘rg‘on sahnasida jo‘shib kuyladi” deyish bilan kifoyalanib o‘tgani meni nihoyatda hayron qoldirgandi. Nega, deya xayoldan o‘kinch bilan o‘tkazgandimki, yigirmanchi asrning 30-40 yillari o‘zbek adabiyotida o‘z o‘rniga ega otashin shoira bo‘lgan Ra’no Uzoqovaning yirik she’riy dostonlar, go‘zal g‘azallar ijod qilganligi, o‘ziga xos dilbar she’riyat sohibasi ekanligi, hikoyanavis, jurnalist, jamoat arbobi bo‘lganligini faxr-iftixor ila aytishmaydi?!

O‘yda o‘ralashgan fikrlarni anjumanda shartta turib to‘kib solishga mutlaqo jur’at bulmagan…

…Oradan uch oy o‘tganda Ra’no Uzoqovaning 60 yillik yubileyiga chorlab Mengziyo akaga taklifnoma oborgandim!..
Mana, hozir yana yuzma-yuzmiz.

Mengziyo aka gapni indallodan dangal boshladi.
—Bu haqda endi Toshkent biladi, Abdullavoy! Yozuvchilar uyushmasining maxsus qarori chiqayapti. Opaning yubileyini respublika miqyosida o‘tkazamiz.

Normurod Narzullayev boshchiligida yozuvchi-shoirlar kelishadi. Obkom bovalar bosh qo‘shadi…

So‘ng esa biroz sukut kilib: “Kam bo‘lmang, yashang!”—deb qo‘ydi.
Mengziyo akaga qulluq qildim…

YIGIT SO‘ZIDAN…

Shu voqeadan keyin ancha vaqt o‘tgan kunlardan birida Toshtemir Turdiyev kelib qoldi.

Xonada odamlar borligi uchun dahlizda gaplashdik.

Uning so‘zlaridan ma’lum bo‘ldiki, katta bir majlisda, tayyor narsalardan foydalanib yuribdi, degan mazmunda “gap-so‘z” qilishibdi…
—Mening unday niyatim yo‘q, keling, birgalikda kitob chiqaraylik! — dedi.

So‘ng so‘zida davom etdi:
—Aytingchi, siz oddiy bir yigit, nima ham qila olar edingiz, imkoniyatingiz yo‘q-ku? Mening esa qo‘lim uzun…
Nima deyishni bilmadim: ehtimol, kimdir buni g‘o‘rlik, xomlik der!

To‘g‘ri, hamyurt shoiramiz haqida el-yurt ko‘proq bilsin, degan niyatda shoira yurgan yo‘llarda yigilgan nodir hujjat, xat, ma’lumotlarni jonu dil ila Toshtemir Turdiyevga berganman!

Ammo, nima bo‘lganda ham, go‘zal tuyg‘ular qanotida parvoz etib, qilayotgan ishimga yana bir pok inson hissa qo‘shmoqda, deb bilib, behad suyungan bir odam edim-da, faqat o‘zim bo‘layin deyish yo‘q, qizg‘anchiqlik, xasislik yo‘q!

Xo‘sh, noto‘g‘ri qibman, endi qaytarib bering, deyish kerakmi? Arslon izidan, yigit so‘zidan qaytmas, demaganlarmi, axir? Ko‘ksimizdagi g‘urur buni qanday qabul qiladi?

Viloyat gazetasining maxsus sahifasida shoiraga bag‘ishlangan ikkita maqolam chiqadigan bo‘ldi. O‘shanda, mualliflar qancha ko‘p bo‘lsa shuncha yaxshi, degan xolis fikrni kotibiyat xodimlariga qayta-qayta ma’qullatib, bu akaning hali ohor olib ulgurmagan materialini maqolalarimdan birining o‘rniga o‘zim sahifaga joylashtirtirgan edim…

El og‘zida esa…— qo‘lidagisini oldirib qo‘ydi, u odam esa ilib ketdi, qabilidagi gap-so‘zlar, xazil ham, zil ham aralash kinoyalar, o‘zicha achinishlar!..
“Qilmishim”ni oqlovchi kunduzi chiroq yoqib izlaganda ham yo‘q edi!

Axiyri, menga ham ta’sir qildi: qalbning bir chekkasidan g‘ashlik mo‘raladi, bezovtalik paydo bo‘ldi…

Sababini topolmay garang edim: odamlarning o‘y-fikr va intilishlari suv ichayotgan chashmalar allaqachonlar boshqa ekanligini yoki pok niyatu ezgu amallar ko‘p hollarda mosuvo qilinganligini nihoyatda kech anglab yetish iztirobimi yoki boshqa biron narsami — bilmasdim.

Buni bilish yo‘li umr yo‘llaridan-da uzun shekilli…

Nima, insonni oliy xilqat deb tushungan, shunga azaldan ishonib kelgan bizdek tarbiyasi shunaqa odamlar endi taomildan chiqdimi? Mumtoz tariximizda o‘tgan ulug‘lardan meros javonmardlik, qolaversa, Hotami Toy bilan bog‘liq o‘git-xikoyatlar qissadan hissa chiqarilmaydigan ertak yoki kattalarni ham bolalar kabi aldovchi jo‘n cho‘pchakmi?

O‘zini olijanob ko‘rsatib so‘ylaydiganlar uchrab turadi, albatta. Bu hali bir nav, bundan battari bor! Hayotda “olijanoblik roli”da biyron-biyron so‘zamolni ko‘rmaysizmi? Yo‘q, u rol o‘ynamadi, o‘zini chindan olijanob deya o‘yladi, dunyodagi bor maqtovlar ham unga! Son-sanoqsiz taqlidchisini aytmaysizmi!? Bu dahshatdan panoh qayda!—deysan. Kishiga yupanchli biron bir izoh bormi o‘zi bunday ishlarda?..

Oradan yillar bir-birini quvib o‘tib sochlarni oq qorlar qoplayotgan paytda faqat bir kishi o‘sha “kilmishim”ni oqladi!

Ammo, bu inson ham osmondan tushgan emas, lop etib yer qa’ridan ham chiqqan emas: u “Jarqo‘rg‘on haqiqati”da mehnat qilgan kezlarim kaminaga havas qilib (o‘zining aytishiga ko‘ra) jurnalistika kasbini tanlagan Mahkamtosh Choriyeva (Abrayeva) edi.

—Siz sof niyatingizga erishibsiz, Abdulla aka!—dedi u.—Hamyurt shoirangizni mashhur qilmoqchi bo‘lgansiz, bu — amalga oshdi (loaqal 1993 yili Jo‘ra Noraliyev tashabbusi va rahnamoligida shoira Ra’no Uzoqovaning 75 yilligi (Tesha Saydaliyevning 60 yilligi bilan birga) respublikadan kelgan adabiyot va san’at arboblari ishtirokida Termiz, Jarqo‘rg‘on va Denovda keng miqyoslarda nishonlanganini eslaylik)! Xizmatlarni hisobga olish bor! Mukofotini bu tomondan bo‘lmasa, u tomondan, albatta, beradi. Ehtimol berayotgandir ham…

Shu gap o‘zini bilgan harqanday odamga yetadi.

2013

Yana shu mavzuda o‘qing:
Ra’no Uzoqova. To‘rtliklar, g‘azallar

008

(Tashriflar: umumiy 467, bugungi 1)

Izoh qoldiring