Shoira Qalandarova. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.04.11_15h40m24s_001_a.png  Шоира Қаландарова асосан ғазал ёзади. Камина эса ғазал ёзадиганларга ҳавас қиламан. Ўзимнинг қўлимдан келмайди. Қўлидан келмаса ҳам ғазал ёзадиганлар адабиётимизда жуда кўп, аммо, афсуслар бўлсинким, уларнинг кўпи аслида бармоқ ёзади, ғазал илмидан бебаҳра. Ғазалдек гўзал мўъжиза адабиётимиз майдонини асло тарк этишини истамайман. Ва энг асосийси, ўша «ғазал» деб бармоқ ёзадиганларнинг кўпчилигидай адабий дабдабалару даъволар қилмасдан, адабиётимизнинг бир чеккасида боболар нафасига нафас қўшишга интилаётган Шоирага ўхшаган қаламкашларни қўллаб-қувватлигим келади.

Шоира ҚАЛАНДАРОВА
ШЕЪРЛАР
004

   Шоира Қаландарова 1978 йил 10 декабрда Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғида туғилган. 11-сон ўрта мактабни тугатиб, 1997 -2001 йилларда УрДУнинг “Ўзбек филологияси” факултетида таҳсил олган. Биринчи шеърий тўплами “Орзулар қояси” номи билан 2003 йилда нашр этилган. 2012 йилда “Навқирон наволар” жамоа тўпламида шеърлари нашр этилган. Янгиариқ туманининг “Янгиариқ овози”, вилоятнинг “Хоразм зиёкори”,’’Хоразм маърифати’’ республиканинг “Туркистон” ва”Маърифат” газеталарида шеърлари чоп этилган. Қаландарова Шоира Янгиариқ туман 11 –сон мактабда она тили ва адабиёти фанидан ёшларга таълим бериб келмоқда.

004

Нажотим Сен

17498491_193872871111005_4832793716351719063_n.jpg

На мушкул бор ҳаётимда, умид қилган нажотим – Сен,
Мурод дарёсида оққан ки бори ул ҳаётим – Сен.

Неча йил ўтди ғафлатда каломинг тилга олмасдан,
Вале энди бутун умрим сано Сенга, баётим – Сен.

Жамолинг васфида гарчи забоним кўп равон эрмас,
Яна меҳнатга урдим ўзники, топган саботим – Сен.

Таниб ишқингни бу руҳим асл озодлигин топди,
Этай парвоз ҳузур маъвосида, токи қанотим – Сен .

Қачон олдингга борсам бу олиб номаи аъмолим,
Билиб –билмай на бор қилмишга тортар чин уётим – Сен .

Агар менга раво кўрсанг, не ғурбат бор ризодурман,
Паноҳинг элга бўлсин, анда боғим бор. Бисотим – Сен.

Фано ичра тавалло айлагай Шоира то охир,
Висолингга абад етмоққа ёлғиз илтифотим – Сен.

Зар қалам тин билмагай

Зар қалам тин билмагай ҳаттот бўлиб дил қонидан,
Руҳ қачон озод бўлар, билмам бу саргардонидан.

Етти тош остида оғриқдан азоб тортар юрак,
Не ажаб, бир кун қутилса, сўз демай зиндонидан.

Ўзни ҳеч ҳолига қўймас куйлатиб бир иштиёқ,
Қайга ҳам боргай қочиб, кўнгил анинг фармонидан.

Жонҳалак кетмоқдадирман, дайр аро сайёр бўлиб,
Ҳадемай ошгай йўлим қирқинчи қир довонидан.

Эй менинг ғамхўрларим, чин сўзларим таъвиз этинг,
Яхшилик айланг башарга, бўлса ҳиммат нонидан.

Покдомонлиғда дуо айланг, қулингиз шод этиб,
Бир куни манзил топурман яхшиларнинг ёнидан.

Чекканим дардмас –ҳузур, ҳам кўрганимга минг шукр,
Шоира кўп розидир, берган умр бўстонидан.

Чарх

Шод этар муддаоси йўқ ман каби маҳзунни чарх,
Ки, қачон кўнглига боқмиш Лайли –ю Мажнунни чарх.

Кетсам — у сағроға мен ҳам Қайс каби айлаб фиғон,
Боғ этиб ашким –ла анда, рад этар мардумни чарх.

Ман учун мавҳум яратмиш ул саодат ахтарим,
Не риёзат чекмайин фош этмагай афсунни чарх.

Дил сўрарға ҳамдамим йўқ, дард оларға ё ҳабиб,
Ғурбатингдин кўрмадим бир “ман” –деган мамнунни, чарх.

Шоира, бу дайр аро кўп сан каби овворалар,
Ғам чекин тақсими тенгдир, бузмагай қонунни чарх.

Жамолинг олдида

Жамолинг олдида бу кун кўзда ёшим бесабабдур,
Ишқ булоғи  очса гар кўз, тош ёрилса, не ажабдур.

Жон талош хаёлларим –ла баҳорий феълда бу кўнглим,
Гоҳ қуёш бўлмиш чароғон, гоҳ эса ёмғирталабдур.

Келмаса соғинч ёмондир, келса бу титроқ ёмон,
Лолазор айлар ёноғим, билмадим, бу не адабдур.

Неча ойким бемадордур бу тану бу устухон,
Кел висолинг чора қилки, бу захм ўтгуси шабдур.

Шоира, ишқ имтиҳони олдида толиб дилинг,
Истасанг олиймақомлиғ, сабр комида тарабдур.

Ёлғон эрур

Бир куни дийдор тилаб қошимга келгайсан мани,
Анда ожиз кўзли бир туйғуга элтгайман сани

Икки олам иккимиз: сан тоғу, ман денгиз каби,
Ҳиссиёт мавжида дил бош қўйди пойинг ўпгани.

Не сабаб ғашдир дилинг, нафратми, рашкми, билмадим?
Неча йил орзу этиб, ғавғоми жоним етгани?

Истагинг васлимми ё хору ҳалоким, не ажаб?
Розиман берсанг лабингдан қатра заҳринг ютгани.

Шоирангки телбараб тўкмиш бугун асрорини,
Чин дема, ёлғон эрур бошдин то охир битгани.

***

Яна соғинч ила тўлмиш пиёлам,
Яна ёдинг, яна отингда нолам.

Десам, ўтдим хазон кузу қишидин,
Баҳорим сап сариқ гуллатди лолам.

Изингни ахтариб юрдим фанода,
Қиё ҳам боқмади манга бу олам.

Қани билсанг, ки тахлам дафтаримдур,
Дилимдан сенга изҳори ҳаволам.

На қилғай Шоиранг билмам, бу кунлар
Яноғидан оқар тинмай шалолам.

Илож йўқ

Фалакким, дил тағин тийра, сирож йўқ,
Висолингга етар бир тун меърож йўқ.

Мурод қилсам кўришмоқликни бир он,
Манга имкону сенда эҳтиёж йўқ.

Ғариб ҳолим –жунуним қисматимдур,
Нетай андин бу илкимда илож йўқ.

“Дилоромим, нетай Баҳром бўлолмам” –
Ки жонимдин берар ўзга хирож йўқ.

Таассуф, Шоира кўнгли яримдир,
Агар оламда ишққа издивож йўқ.

Бу не ҳол

Эй кўнгил ором йўқотдинг. Бу не ҳол?
Кеча –кундуз дилда ёлғиз бир савол.

Бўлса ҳам Юсуф жамоли анга ёр,
Лек Зулайҳо қисмати сенга малол.

Қўй, бу ишқ остонасидан ҳатлама,
Ул қуёш тобида топгайсан завол.

Толеинг саҳро мисол овлоқ сенинг,
Боғ ила бўстони ўзга бу ниҳол.

Боқса ҳам гоҳида шўх жайрон каби,
Сен учун эрмас анинг бирла висол.

Юз туман ошиқ анинг атрофида,
Барчасин кўзида нам –у, қадди дол.

Эй кўнгил, тенг –тенги бирла бил, ахир,
Эл демай, Шоирадин аввал уёл.

Тонг отгунча

Гапирсанг, ман эшитсам, то тонг отгунча,
Ҳилол кўксинда зуҳросин уйғотгунча.

Ғариб жонимни савдосинда куйдирган,
Қаро холинг нигоҳим узра ботгунча.

Қадам қўйсак, баҳорий боғ узра ёлғиз,
Насим шўхдирки, сирни элга сотгунча.

Қабарган ташна саҳро бўлди бу қалбим,
Висолинг чашмасидан қатра тотгунча.

Айиргай кимки, севган гулни булбулдан,
Уволи тутгай, Оллоҳ бир сўротгунча.

Келар билгим, ҳаётинг лаҳзасин тўксанг,
На дардинг бор, чекай жонимки тортгунча.

Севар деб Шоиранг йиллаб умид этган,
Ки, бармоғи узукдин зебни топгунча.

Гапирсанг, ман эшитсам, то тонг отгунча…

Ниҳоним йўқ манинг

Келки, жонимдин ҳалоку, нотавоним йўқ манинг,
Кўрки, кўнглимдин ғарибу, безабоним йўқ манинг.

Манда роҳатдин нишон йўқ, санда шафқатдин нишон,
Шу сабабдин кўзима нурлиғ жаҳоним йўқ манинг.

Ҳаста жисмимнинг ҳаётда иштиёқин топмадим,
Ломакон остинда руҳим, жовидоним йўқ манинг.

Бир хазон урган чаманман, не баҳор, не ёзи бор,
Муттасил –қор, абри наҳор, ҳеч замоним йўқ манинг.

Одаму Ҳаввода қисмат эрди бу оламда ишқ,
Ман –да севдим бир қараб, токай ниҳоним йўқ манинг.

Фурқатинг озори тинмай тирнаюр бир қуш каби,
Нимта қалбим қон, ҳамон дорул –амоним йўқ манинг.

Билмадим, севгинг ила токай паришон Шоира,
Ҳиссиёт мавжида байтманким, маконим йўқ манинг.

Ёмғир ва мен

Ёмғир ва мен беором тунда,
Онда –сонда яна чироқлар.
Бутун қишлоқ уйқу ҳукминда.
Сувга тўлиб борар ирмоқлар.

Тўкилгандир бодом гуллари,
Балки томчиларнинг зарбидан.
Шаршарадай тарнов йўллари,
Куйлайверар эски дардидан.

Кўринмайди чақмоқлар гарчи,
Ваҳимага солмас гулдурос.
Бу дам сукут бўлар мутаржим,
Туйғуларни фош этиб бироз.

Жонланади қадим хотирот,
Очилади дилкаш дафтарлар.
Ёдга солиб кимнидир бот –бот,
Йиллар кўз ўнгимдан ўтарлар.

Кўклам шундай –хаёлга ташна.
Ҳиссиёти кўтарилган тун.
О дилгинам, сен ҳам бошлама,
Бир йиғлоқи етади бугун…

Абдулла Орифнинг туғилган куни

Некўз боғларида одимлар баҳор,
Ифорин таратар гулдор пўстини.
Наврўзнинг бунда бир мўъжизаси бор
-Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Қашқар тоғларининг кўз ёши тинмас,
Маҳзун эшитилар турналар уни.
Юракнинг бир чети шодликка кўнмас,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Ота юрт соғинчи тўлғониб жонда,
Пойтахтда беором ўтгандир туни.
Наврўз ёлғиз келмас аҳли Косонда,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Сени бир бошқача соғинар эди,
Баҳор, сен шоирнинг илҳом учқуни.
Балки шундан яна ёшинг тўкилди,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Хотираси мангу қаҳрамон сиймо,
Ўзбек шеъриятин пўлат устуни.
Эрта тиловотлар бутун ер –само,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Кўклам шукуҳидан ашъор қидириб,
Дилим бир пок руҳнинг бўлди тутқуни.
Ўзлари келдими мени ахтариб,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Эй, менинг маъсумам –беғубор Наврўз,
Ҳаёт бахш этди қўш тантанасини.
Келар сен –ла тутиб элга ризқу –рўз,
Абдулла Орифнинг туғилган куни.

Некўз боғларида одимлар баҳор…

***

Намозшомгулларнинг юмшоқ лабидан
Йўлингга тўкилар маржон томчилар.
Тун бўйи йиғлаган аёл қалбидан
Яна йўлакчангга қонлар томчилар.

Эзғиланиб ўлар пойингда қолиб ,
Қорачиғин тўккан намозшомгуллар .
Ва охир қонталаш юрагин олиб
Саҳарлаб ой томон учади улар.

Қанийди бир боқсанг, намозшомгулга …

***

Юлдузлар –сочларинг жилоси,
Қулоғингда ой –кумуш сирға.
Шафақ –лабинг, дил эҳтироси
Насимлар уйғотган хотира.

Кенг бағрингга талпинар руҳим.
Менинг ишқим –бутун коинот.
Сомон йўли –сўнгсиз андуҳим.
Сен томонга қоқади қанот.

Оғриқ

Кўнглингга сиғмайди менинг шодлигим,
Парвойингга келмас қайғуларим ҳам.
Қачон юрагингдан бадарға бўлдим,
Қачон инкор бўлдим қалбингдан, билмам.

Соат чирқиллайди хонамни тутиб,
Юракнинг ҳар зарби оғрир бетиним.
Деворлар сарғаяр заҳмимни ютиб,
Шу хилват панада инграйди уним.

Ёзаман, йиртаман, отаман қоғоз.
Оқариб кетади туннинг кўзлари.
Бетартиб хона ҳам, ҳаёт ҳам, нохос
Аламдан заҳмнок ёнар юзларим.

Сен келмас эшикни очаман қайта,
Остонада қадрим синиқлари хор.
Гул олиб келганинг унутдинг қандай ?
Шу йўлак юзини босиб неча бор.

Ўша гуллар каби сўлдирдинг бугун,
Йўлакдай босқилаб кетдинг юрагим.
Худога солмайман. Хатолар учун
Тенг тортамиз энди ажр, севгилим.

Ижод

Бўшаб қолар юрак ҳовури,
Дил яраси бир пўст ташлайди.
Қоғоз узра сўзлар тўкилиб,
Дарё бўлиб оқа бошлайди.

Кўксинг тўлар эркин нафасга ,
Ёзилади қовоқ уйишлар.
Озод бўлар энди қафасда
Ичинг тирнаб ташлаган қушлар.

Ғамга ботган дафтар устида
Совиб борар қалам ҳам аста.
Дарддан халос бўлган кишидай
Шоир енгил тортар оҳиста.

Тинчиб қолар ўйлар шамоли
Тўзғитмасдан хотира чангин.
Шеър ҳуружи шундай яғмоли
Аямасдан бошлайди жангин .

Кўзларингда

Кўзларингда чайқалар денгиз,
Оққуш мисол сузаман унда .
Тўлқинларинг гоҳо тизгинсиз,
Нигоҳингга келмаган кунда.

Кўзларингда булутлар кезар-
Гоҳ оқ –сокин, гоҳо тим қора.
Бўрон бошлаб, тўполон қилар
Беэътибор қолса бир бора

Бунча тошқин, бунчалар бетин,
Муҳаббат-ла оқар ҳисларинг.
Кўзларингда ҳаёт яширин.
Йўқ ҳаётнинг ўзи — кўзларинг.

Кўзларингда чайқалар денгиз.
Оққушингман, мен унга эга.
Яралганмиз сену-мен эгиз
Юракдаги томирдай бирга.

Парвоз

Юксакларга элтар тонгги парвозим,
Қадрдон қуёшга томон бу йўллар.
Қирларда жаранглаб кетар овозим,
Қушдек парвоз этар эрка хаёллар.

Булутлар кўксидан ўтаман ёриб,
Ёмғирлар остида қолар дардларим.
Ортимда қолар ер кўнглимдай ғариб,
Руҳимдай паришон кун сарҳадлари.

Шоир ўйларидек чексиз манзиллар,
Завқим мусаввирдек ҳайрат тобида.
Юлдузларга бориб учрашгим келар,
Сирлашгим келади севги бобида.

Шунчалар тотли бу ҳиссиёт сайри,
Қайта топиб берар матонат ва куч.
Илҳом париларин етаклаб бирга
Таниш оҳангларга қайтаман ҳар кеч.

Кўклам

Эрталабдан яна ёмғир,
Яна қуёш кўринмас.
Булутларнинг орасида ,
Чақмоқ чопиб эринмас.

Майсаларнинг кўк рўмолин
Шамол лойга қоради.
Бўй кўрсатиб қўзиқорин
Ер бағрини ёради.

Ариқдаги ёмғир сувин
Ўйнар митти қурбақа.
Уфқда эса чўзар бўйнин
Етти рангли нур ҳалқа

Қишдан чиққан чумолилар
Бозор қилар панада.
Онасини эмиб тўймас
Қўзичоқлар қўрада.

Ширасидан мунчоқ осиб,
Безанади шафтоли.
Пушти куйлакларин ечиб
Довчалар боқар холи.

Ёмғирларда ивиб аста
Қимирлар ҳар тирик тан.
Қандоқ яхши, ей Тириклар,
Мен ҳам сизга шерикман!

-Ҳой, шифтдаги полапонлар,
Доим бирга бўламиз.
Омон бўлсак тез орада,
Ёзга чиқиб оламиз.

Тун ва шоир

Қора кўрпа олиб устига
Ухлаб ётар гўё бор олам.
Милтиллаган чироқ остида
Фақат уйғоқ бир шоир одам.
Қоғоз титиб, ёзиб пайдар-пай,
Шоир ижод қилар мириқиб.
Деразада еса кўз узмай
Қизаради ой жаҳли чиқиб.
Чарчагандек чўккалар ҳовли,
Ижирғанар стол ҳам мудраб.
Шоир шеъри билмас адоғни
Балки достон қўйгандир бошлаб?
Узоқлатиб хаял ўзидан ,
Жеркар юлдузларин ой хуноб:
-Ором билмас бу шоир деган
Бунча мижғов ,бунчалар хароб?!
Ишқ ҳақида шеърин тугатиб,
Юрт ҳақида ёза бошлайди.
Гоҳ керакли бир сўз ахтариб ,
Мудроқ столни ҳам муштлайди…
Дарпардани суриб бир четга
Юлдузлардан излайди илҳом.
Шоир ҳамон қайноқ ижодда,
Тунга сира бермайди ором.
Ойга қараб шоир завқланар,
Иломбахш бу туннинг ҳар ёғи.
Лек уйқуни энди еслатар,
Хўрозларнинг энг чинқироғи.
Шоир ётоғига ёнбошлар.
Сезмас, келган уйқу шарпаси.
Оламнинг ҳам сирпана бошлар
Оёғидан қора кўрпаси.

Устоз ўгити

Ўқувчим, қалбингда жўшқин бир ҳаёт,
Кўксингни тўлдириб урар юрагинг.
Қушдек учгинг келар гоҳ ёзиб қанот,
Гоҳида келади тезроқ улғайгинг.

Орзуларга тўла беғубор шуур,
Ҳаёт йўлларидан бошлайди сени.
Бу манзилда билим ҳамроҳ бўлсин-у,
Дўстинг китоб бўлсин, унутма шуни.

Илм ўрганиш ҳам бир меҳнат асли,
Сабр ва бардошнинг олтин меваси.
Сен –Ўзбек боласи, буюклар насли,
Тилинг –Навоийнинг севган шеваси.

Ўқувчим, қай касбга бўлсанг талабгор
Устозлар ўгитин ёдингда сақла.
Сени улғайтирган, сендан умидвор
Шу Ватан ишончин ҳалолла, оқла!

Умрим ранглари

Инсон умри нима?
Ўйлайман узоқ.
Гоҳ шодлик, гоҳо ғам, баъзида ҳайрат.
Ҳаёт чизгилари ранго –ранг бўёқ,
Камалак тусидан рангинроқ фақат.

Тиниқ хотирамнинг илк саҳифаси
Жилваланар аста нигоҳ қаърида.
Тақдир инъомларин тотли нафаси
Шодлиги, қувончи бисёр баридан.

Ўрикка тирмашиб довчалар терган
Кунларим –умримнинг энг гўзал фасли.
Ўша довчаларнинг рангидан дўнган
Ўйноқи, шошқалоқ болалик асли.

Илк бор қанот ёзган полапонлардек
Ҳаёт кенглигига ташна эди дил.
Аммо ота –онам кўнглида ҳадик
Бу дунё тошлари эмас –да енгил.

Мактаб даргоҳида кечаркан йиллар
Илм шуъла каби қилар эди жалб.
Дафтарнинг ҳар янги саҳифасидай
Оппоқ эди кўнгил, оппоқ эди қалб.

Ҳаёт боғларида бир боғбон каби
Устозлар меҳрида улғайдим, ўсдим.
Улкан манзилларга шошиб тобора
Ўзин кўрсатмоққа тайёрдек эдим.

Ёмғирлар остида очилган гулдек
Туйғулар домидан бир қуёш балқди.
Соғинч гирдобида лаҳзалар йилдек,
Баъзан киприкларда шабнамлар қалқди.

Вафо ва ишқ бўлди кўнгил талаби,
Баҳор булутидек тарқади ғашлик.
Ёрнинг қўлидаги атиргул каби
Ёрқин рангда эди бу олов ёшлик.

Ҳаёт қайнар эди янги манзилда,
Гирдобига тортар еҳтиёж изми.
Одамлар турфа дил, турфа хил феълда.
Ким қўллаб, ким бефарқ тутдилар ўзни.

Баъзида қолардим умидсиз, дардли
Қора булутларнинг қуюқ селида.
Аммо минг шукрки, дўстнинг мадади
Ҳамон қўлламоқда мақсад йўлида.

Биламан, аслида бордир омадим,
Кунларимга маъни, бахт этган ато.
Бугун гулга кирди менинг боғларим
Алвон, пушти, заррин рангларда ҳатто.

Бўйимга бўйлашиб борарлар аста
Фарзандлар –боғимнинг гул ниҳоллари.
Ҳаётим уларга мангу пайваста
Илоҳа, оқ бўлсин манзил, йўллари.

Ҳаётни севаман, одамларни ҳам.
Айлантирсалар –да оқни қорага.
Вақт ўзи малҳамдир, вақт –олий ҳакам.
Ўзи сабоқ берар ҳамма –ҳаммага.

Беҳад шукронам бор, ҳамду саном бор
Ўзин англатмоқда “ҳаёт”деган сир.
Мени мухлис қилган, қилган талабгор
Борлиқни яратган олий Мусаввир.

17854762_201817433649882_4677011195170363889_o.jpg Shoira Qalandarova  asosan g‘azal yozadi. Kamina esa g‘azal yozadiganlarga havas qilaman. O‘zimning qo‘limdan kelmaydi. Qo‘lidan kelmasa ham g‘azal yozadiganlar adabiyotimizda juda ko‘p, ammo, afsuslar bo‘lsinkim, ularning ko‘pi aslida barmoq yozadi, g‘azal ilmidan bebahra. G‘azaldek go‘zal mo‘’jiza adabiyotimiz maydonini aslo tark etishini istamayman. Va eng asosiysi, o‘sha “g‘azal” deb barmoq yozadiganlarning ko‘pchiligiday adabiy dabdabalaru da’volar qilmasdan, adabiyotimizning bir chekkasida bobolar nafasiga nafas qo‘shishga intilayotgan Shoiraga o‘xshagan qalamkashlarni qo‘llab-quvvatligim keladi.

Shoira QALANDAROVA
SHE’RLAR
004

   Shoira Qalandarova  1978 yil 10 dekabrda Yangiariq tumani Chiqirchi qishlog‘ida tug‘ilgan. 11-son o‘rta maktabni tugatib, 1997 -2001 yillarda UrDUning “O‘zbek filologiyasi” fakultetida tahsil olgan. Birinchi she’riy to‘plami “Orzular qoyasi” nomi bilan 2003 yilda nashr etilgan. 2012 yilda “Navqiron navolar” jamoa to‘plamida she’rlari nashr etilgan. Yangiariq tumanining “Yangiariq ovozi”, viloyatning “Xorazm ziyokori”,’’Xorazm ma’rifati’’ respublikaning “Turkiston” va”Ma’rifat” gazetalarida she’rlari chop etilgan. Qalandarova Shoira Yangiariq tuman 11 –son maktabda ona tili va adabiyoti fanidan yoshlarga ta’lim berib kelmoqda.

004

Najotim Sen

Na mushkul bor hayotimda, umid qilgan najotim – Sen,
Murod daryosida oqqan ki bori ul hayotim – Sen.

Necha yil o‘tdi g‘aflatda kaloming tilga olmasdan,
Vale endi butun umrim sano Senga, bayotim – Sen.

Jamoling vasfida garchi zabonim ko‘p ravon ermas,
Yana mehnatga urdim o‘zniki, topgan sabotim – Sen.

Tanib ishqingni bu ruhim asl ozodligin topdi,
Etay parvoz huzur ma’vosida, toki qanotim – Sen .

Qachon oldingga borsam bu olib nomai a’molim,
Bilib –bilmay na bor qilmishga tortar chin uyotim – Sen .

Agar menga ravo ko‘rsang, ne g‘urbat bor rizodurman,
Panohing elga bo‘lsin, anda bog‘im bor. Bisotim – Sen.

Fano ichra tavallo aylagay Shoira to oxir,
Visolingga abad yetmoqqa yolg‘iz iltifotim – Sen.

Zar qalam tin bilmagay

Zar qalam tin bilmagay hattot bo‘lib dil qonidan,
Ruh qachon ozod bo‘lar, bilmam bu sargardonidan.

Yetti tosh ostida og‘riqdan azob tortar yurak,
Ne ajab, bir kun qutilsa, so‘z demay zindonidan.

O‘zni hech holiga qo‘ymas kuylatib bir ishtiyoq,
Qayga ham borgay qochib, ko‘ngil aning farmonidan.

Jonhalak ketmoqdadirman, dayr aro sayyor bo‘lib,
Hademay oshgay yo‘lim qirqinchi qir dovonidan.

Ey mening g‘amxo‘rlarim, chin so‘zlarim ta’viz eting,
Yaxshilik aylang basharga, bo‘lsa himmat nonidan.

Pokdomonlig‘da duo aylang, qulingiz shod etib,
Bir kuni manzil topurman yaxshilarning yonidan.

Chekkanim dardmas –huzur, ham ko‘rganimga ming shukr,
Shoira ko‘p rozidir, bergan umr bo‘stonidan.

Charx

Shod etar muddaosi yo‘q man kabi mahzunni charx,
Ki, qachon ko‘ngliga boqmish Layli –yu Majnunni charx.

Ketsam — u sag‘rog‘a men ham Qays kabi aylab fig‘on,
Bog‘ etib ashkim –la anda, rad etar mardumni charx.

Man uchun mavhum yaratmish ul saodat axtarim,
Ne riyozat chekmayin fosh etmagay afsunni charx.

Dil so‘rarg‘a hamdamim yo‘q, dard olarg‘a yo habib,
G‘urbatingdin ko‘rmadim bir “man” –degan mamnunni, charx.

Shoira, bu dayr aro ko‘p san kabi ovvoralar,
G‘am chekin taqsimi tengdir, buzmagay qonunni charx.

Jamoling oldida

Jamoling oldida bu kun ko‘zda yoshim besababdur,
Ishq bulog‘i  ochsa gar ko‘z, tosh yorilsa, ne ajabdur.

Jon talosh xayollarim –la bahoriy fe’lda bu ko‘nglim,
Goh quyosh bo‘lmish charog‘on, goh esa yomg‘irtalabdur.

Kelmasa sog‘inch yomondir, kelsa bu titroq yomon,
Lolazor aylar yonog‘im, bilmadim, bu ne adabdur.

Necha oykim bemadordur bu tanu bu ustuxon,
Kel visoling chora qilki, bu zaxm o‘tgusi shabdur.

Shoira, ishq imtihoni oldida tolib diling,
Istasang oliymaqomlig‘, sabr komida tarabdur.

Yolg‘on erur

Bir kuni diydor tilab qoshimga kelgaysan mani,
Anda ojiz ko‘zli bir tuyg‘uga eltgayman sani

Ikki olam ikkimiz: san tog‘u, man dengiz kabi,
Hissiyot mavjida dil bosh qo‘ydi poying o‘pgani.

Ne sabab g‘ashdir diling, nafratmi, rashkmi, bilmadim?
Necha yil orzu etib, g‘avg‘omi jonim yetgani?

Istaging vaslimmi yo xoru halokim, ne ajab?
Roziman bersang labingdan qatra zahring yutgani.

Shoirangki telbarab to‘kmish bugun asrorini,
Chin dema, yolg‘on erur boshdin to oxir bitgani.

***

Yana sog‘inch ila to‘lmish piyolam,
Yana yoding, yana otingda nolam.

Desam, o‘tdim xazon kuzu qishidin,
Bahorim sap sariq gullatdi lolam.

Izingni axtarib yurdim fanoda,
Qiyo ham boqmadi manga bu olam.

Qani bilsang, ki taxlam daftarimdur,
Dilimdan senga izhori havolam.

Na qilg‘ay Shoirang bilmam, bu kunlar
Yanog‘idan oqar tinmay shalolam.

Iloj yo‘q

Falakkim, dil tag‘in tiyra, siroj yo‘q,
Visolingga yetar bir tun me’roj yo‘q.

Murod qilsam ko‘rishmoqlikni bir on,
Manga imkonu senda ehtiyoj yo‘q.

G‘arib holim –jununim qismatimdur,
Netay andin bu ilkimda iloj yo‘q.

“Diloromim, netay Bahrom bo‘lolmam” –
Ki jonimdin berar o‘zga xiroj yo‘q.

Taassuf, Shoira ko‘ngli yarimdir,
Agar olamda ishqqa izdivoj yo‘q.

Bu ne hol

Ey ko‘ngil orom yo‘qotding. Bu ne hol?
Kecha –kunduz dilda yolg‘iz bir savol.

Bo‘lsa ham Yusuf jamoli anga yor,
Lek Zulayho qismati senga malol.

Qo‘y, bu ishq ostonasidan hatlama,
Ul quyosh tobida topgaysan zavol.

Toleing sahro misol ovloq sening,
Bog‘ ila bo‘stoni o‘zga bu nihol.

Boqsa ham gohida sho‘x jayron kabi,
Sen uchun ermas aning birla visol.

Yuz tuman oshiq aning atrofida,
Barchasin ko‘zida nam –u, qaddi dol.

Ey ko‘ngil, teng –tengi birla bil, axir,
El demay, Shoiradin avval uyol.

Tong otguncha

Gapirsang, man eshitsam, to tong otguncha,
Hilol ko‘ksinda zuhrosin uyg‘otguncha.

G‘arib jonimni savdosinda kuydirgan,
Qaro xoling nigohim uzra botguncha.

Qadam qo‘ysak, bahoriy bog‘ uzra yolg‘iz,
Nasim sho‘xdirki, sirni elga sotguncha.

Qabargan tashna sahro bo‘ldi bu qalbim,
Visoling chashmasidan qatra totguncha.

Ayirgay kimki, sevgan gulni bulbuldan,
Uvoli tutgay, Olloh bir so‘rotguncha.

Kelar bilgim, hayoting lahzasin to‘ksang,
Na darding bor, chekay jonimki tortguncha.

Sevar deb Shoirang yillab umid etgan,
Ki, barmog‘i uzukdin zebni topguncha.

Gapirsang, man eshitsam, to tong otguncha…

Nihonim yo‘q maning

Kelki, jonimdin haloku, notavonim yo‘q maning,
Ko‘rki, ko‘nglimdin g‘aribu, bezabonim yo‘q maning.

Manda rohatdin nishon yo‘q, sanda shafqatdin nishon,
Shu sababdin ko‘zima nurlig‘ jahonim yo‘q maning.

Hasta jismimning hayotda ishtiyoqin topmadim,
Lomakon ostinda ruhim, jovidonim yo‘q maning.

Bir xazon urgan chamanman, ne bahor, ne yozi bor,
Muttasil –qor, abri nahor, hech zamonim yo‘q maning.

Odamu Havvoda qismat erdi bu olamda ishq,
Man –da sevdim bir qarab, tokay nihonim yo‘q maning.

Furqating ozori tinmay tirnayur bir qush kabi,
Nimta qalbim qon, hamon dorul –amonim yo‘q maning.

Bilmadim, sevging ila tokay parishon Shoira,
Hissiyot mavjida baytmankim, makonim yo‘q maning.

Yomg‘ir va men

Yomg‘ir va men beorom tunda,17457716_193389991159293_1975261375669749280_n.jpg
Onda –sonda yana chiroqlar.
Butun qishloq uyqu hukminda.
Suvga to‘lib borar irmoqlar.

To‘kilgandir bodom gullari,
Balki tomchilarning zarbidan.
Sharsharaday tarnov yo‘llari,
Kuylayverar eski dardidan.

Ko‘rinmaydi chaqmoqlar garchi,
Vahimaga solmas gulduros.
Bu dam sukut bo‘lar mutarjim,
Tuyg‘ularni fosh etib biroz.

Jonlanadi qadim xotirot,
Ochiladi dilkash daftarlar.
Yodga solib kimnidir bot –bot,
Yillar ko‘z o‘ngimdan o‘tarlar.

Ko‘klam shunday –xayolga tashna.
Hissiyoti ko‘tarilgan tun.
O dilginam, sen ham boshlama,
Bir yig‘loqi yetadi bugun…

Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni

Neko‘z bog‘larida odimlar bahor,
Iforin taratar guldor po‘stini.
Navro‘zning bunda bir mo‘’jizasi bor
-Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Qashqar tog‘larining ko‘z yoshi tinmas,
Mahzun eshitilar turnalar uni.
Yurakning bir cheti shodlikka ko‘nmas,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Ota yurt sog‘inchi to‘lg‘onib jonda,
Poytaxtda beorom o‘tgandir tuni.
Navro‘z yolg‘iz kelmas ahli Kosonda,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Seni bir boshqacha sog‘inar edi,
Bahor, sen shoirning ilhom uchquni.
Balki shundan yana yoshing to‘kildi,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Xotirasi mangu qahramon siymo,
O‘zbek she’riyatin po‘lat ustuni.
Erta tilovotlar butun yer –samo,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Ko‘klam shukuhidan ash’or qidirib,
Dilim bir pok ruhning bo‘ldi tutquni.
O‘zlari keldimi meni axtarib,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Ey, mening ma’sumam –beg‘ubor Navro‘z,
Hayot baxsh etdi qo‘sh tantanasini.
Kelar sen –la tutib elga rizqu –ro‘z,
Abdulla Orifning tug‘ilgan kuni.

Neko‘z bog‘larida odimlar bahor…

***

Namozshomgullarning yumshoq labidan
Yo‘lingga to‘kilar marjon tomchilar.
Tun bo‘yi yig‘lagan ayol qalbidan
Yana yo‘lakchangga qonlar tomchilar.

Ezg‘ilanib o‘lar poyingda qolib ,
Qorachig‘in to‘kkan namozshomgullar .
Va oxir qontalash yuragin olib
Saharlab oy tomon uchadi ular.

Qaniydi bir boqsang, namozshomgulga …

***

Yulduzlar –sochlaring jilosi,
Qulog‘ingda oy –kumush sirg‘a.
Shafaq –labing, dil ehtirosi
Nasimlar uyg‘otgan xotira.

Keng bag‘ringga talpinar ruhim.
Mening ishqim –butun koinot.
Somon yo‘li –so‘ngsiz anduhim.
Sen tomonga qoqadi qanot.

Og‘riq

Ko‘nglingga sig‘maydi mening shodligim,
Parvoyingga kelmas qayg‘ularim ham.
Qachon yuragingdan badarg‘a bo‘ldim,
Qachon inkor bo‘ldim qalbingdan, bilmam.

Soat chirqillaydi xonamni tutib,
Yurakning har zarbi og‘rir betinim.
Devorlar sarg‘ayar zahmimni yutib,
Shu xilvat panada ingraydi unim.

Yozaman, yirtaman, otaman qog‘oz.
Oqarib ketadi tunning ko‘zlari.
Betartib xona ham, hayot ham, noxos
Alamdan zahmnok yonar yuzlarim.

Sen kelmas eshikni ochaman qayta,
Ostonada qadrim siniqlari xor.
Gul olib kelganing unutding qanday ?
Shu yo‘lak yuzini bosib necha bor.

O‘sha gullar kabi so‘ldirding bugun,
Yo‘lakday bosqilab ketding yuragim.
Xudoga solmayman. Xatolar uchun
Teng tortamiz endi ajr, sevgilim.

Ijod

Bo‘shab qolar yurak hovuri,
Dil yarasi bir po‘st tashlaydi.
Qog‘oz uzra so‘zlar to‘kilib,
Daryo bo‘lib oqa boshlaydi.

Ko‘ksing to‘lar erkin nafasga ,
Yoziladi qovoq uyishlar.
Ozod bo‘lar endi qafasda
Iching tirnab tashlagan qushlar.

G‘amga botgan daftar ustida
Sovib borar qalam ham asta.
Darddan xalos bo‘lgan kishiday
Shoir yengil tortar ohista.

Tinchib qolar o‘ylar shamoli
To‘zg‘itmasdan xotira changin.
She’r huruji shunday yag‘moli
Ayamasdan boshlaydi jangin .

Ko‘zlaringda

Ko‘zlaringda chayqalar dengiz,
Oqqush misol suzaman unda .
To‘lqinlaring goho tizginsiz,
Nigohingga kelmagan kunda.

Ko‘zlaringda bulutlar kezar-
Goh oq –sokin, goho tim qora.
Bo‘ron boshlab, to‘polon qilar
Bee’tibor qolsa bir bora

Buncha toshqin, bunchalar betin,
Muhabbat-la oqar hislaring.
Ko‘zlaringda hayot yashirin.
Yo‘q hayotning o‘zi — ko‘zlaring.

Ko‘zlaringda chayqalar dengiz.
Oqqushingman, men unga ega.
Yaralganmiz senu-men egiz
Yurakdagi tomirday birga.

Parvoz

Yuksaklarga eltar tonggi parvozim,
Qadrdon quyoshga tomon bu yo‘llar.
Qirlarda jaranglab ketar ovozim,
Qushdek parvoz etar erka xayollar.

Bulutlar ko‘ksidan o‘taman yorib,
Yomg‘irlar ostida qolar dardlarim.
Ortimda qolar yer ko‘nglimday g‘arib,
Ruhimday parishon kun sarhadlari.

Shoir o‘ylaridek cheksiz manzillar,
Zavqim musavvirdek hayrat tobida.
Yulduzlarga borib uchrashgim kelar,
Sirlashgim keladi sevgi bobida.

Shunchalar totli bu hissiyot sayri,
Qayta topib berar matonat va kuch.
Ilhom parilarin yetaklab birga
Tanish ohanglarga qaytaman har kech.

Ko‘klam

Ertalabdan yana yomg‘ir,
Yana quyosh ko‘rinmas.
Bulutlarning orasida ,
Chaqmoq chopib erinmas.

Maysalarning ko‘k ro‘molin
Shamol loyga qoradi.
Bo‘y ko‘rsatib qo‘ziqorin
Yer bag‘rini yoradi.

Ariqdagi yomg‘ir suvin
O‘ynar mitti qurbaqa.
Ufqda esa cho‘zar bo‘ynin
Yetti rangli nur halqa

Qishdan chiqqan chumolilar
Bozor qilar panada.
Onasini emib to‘ymas
Qo‘zichoqlar qo‘rada.

Shirasidan munchoq osib,
Bezanadi shaftoli.
Pushti kuylaklarin yechib
Dovchalar boqar xoli.

Yomg‘irlarda ivib asta
Qimirlar har tirik tan.
Qandoq yaxshi, yey Tiriklar,
Men ham sizga sherikman!

-Hoy, shiftdagi polaponlar,
Doim birga bo‘lamiz.
Omon bo‘lsak tez orada,
Yozga chiqib olamiz.

Tun va shoir

Qora ko‘rpa olib ustiga
Uxlab yotar go‘yo bor olam.
Miltillagan chiroq ostida
Faqat uyg‘oq bir shoir odam.
Qog‘oz titib, yozib paydar-pay,
Shoir ijod qilar miriqib.
Derazada yesa ko‘z uzmay
Qizaradi oy jahli chiqib.
Charchagandek cho‘kkalar hovli,
Ijirg‘anar stol ham mudrab.
Shoir she’ri bilmas adog‘ni
Balki doston qo‘ygandir boshlab?
Uzoqlatib xayal o‘zidan ,
Jerkar yulduzlarin oy xunob:
-Orom bilmas bu shoir degan
Buncha mijg‘ov ,bunchalar xarob?!
Ishq haqida she’rin tugatib,
Yurt haqida yoza boshlaydi.
Goh kerakli bir so‘z axtarib ,
Mudroq stolni ham mushtlaydi…
Darpardani surib bir chetga
Yulduzlardan izlaydi ilhom.
Shoir hamon qaynoq ijodda,
Tunga sira bermaydi orom.
Oyga qarab shoir zavqlanar,
Ilombaxsh bu tunning har yog‘i.
Lek uyquni endi yeslatar,
Xo‘rozlarning eng chinqirog‘i.
Shoir yotog‘iga yonboshlar.
Sezmas, kelgan uyqu sharpasi.
Olamning ham sirpana boshlar
Oyog‘idan qora ko‘rpasi.

Ustoz o‘giti

O‘quvchim, qalbingda jo‘shqin bir hayot,
Ko‘ksingni to‘ldirib urar yuraging.
Qushdek uchging kelar goh yozib qanot,
Gohida keladi tezroq ulg‘ayging.

Orzularga to‘la beg‘ubor shuur,
Hayot yo‘llaridan boshlaydi seni.
Bu manzilda bilim hamroh bo‘lsin-u,
Do‘sting kitob bo‘lsin, unutma shuni.

Ilm o‘rganish ham bir mehnat asli,
Sabr va bardoshning oltin mevasi.
Sen –O‘zbek bolasi, buyuklar nasli,
Tiling –Navoiyning sevgan shevasi.

O‘quvchim, qay kasbga bo‘lsang talabgor
Ustozlar o‘gitin yodingda saqla.
Seni ulg‘aytirgan, sendan umidvor
Shu Vatan ishonchin halolla, oqla!

Umrim ranglari

Inson umri nima?
O‘ylayman uzoq.
Goh shodlik, goho g‘am, ba’zida hayrat.
Hayot chizgilari rango –rang bo‘yoq,
Kamalak tusidan ranginroq faqat.

Tiniq xotiramning ilk sahifasi
Jilvalanar asta nigoh qa’rida.
Taqdir in’omlarin totli nafasi
Shodligi, quvonchi bisyor baridan.

O‘rikka tirmashib dovchalar tergan
Kunlarim –umrimning eng go‘zal fasli.
O‘sha dovchalarning rangidan do‘ngan
O‘ynoqi, shoshqaloq bolalik asli.

Ilk bor qanot yozgan polaponlardek
Hayot kengligiga tashna edi dil.
Ammo ota –onam ko‘nglida hadik
Bu dunyo toshlari emas –da yengil.

Maktab dargohida kecharkan yillar
Ilm shu’la kabi qilar edi jalb.
Daftarning har yangi sahifasiday
Oppoq edi ko‘ngil, oppoq edi qalb.

Hayot bog‘larida bir bog‘bon kabi
Ustozlar mehrida ulg‘aydim, o‘sdim.
Ulkan manzillarga shoshib tobora
O‘zin ko‘rsatmoqqa tayyordek edim.

Yomg‘irlar ostida ochilgan guldek
Tuyg‘ular domidan bir quyosh balqdi.
Sog‘inch girdobida lahzalar yildek,
Ba’zan kipriklarda shabnamlar qalqdi.

Vafo va ishq bo‘ldi ko‘ngil talabi,
Bahor bulutidek tarqadi g‘ashlik.
Yorning qo‘lidagi atirgul kabi
Yorqin rangda edi bu olov yoshlik.

Hayot qaynar edi yangi manzilda,
Girdobiga tortar yehtiyoj izmi.
Odamlar turfa dil, turfa xil fe’lda.
Kim qo‘llab, kim befarq tutdilar o‘zni.

Ba’zida qolardim umidsiz, dardli
Qora bulutlarning quyuq selida.
Ammo ming shukrki, do‘stning madadi
Hamon qo‘llamoqda maqsad yo‘lida.

Bilaman, aslida bordir omadim,
Kunlarimga ma’ni, baxt etgan ato.
Bugun gulga kirdi mening bog‘larim
Alvon, pushti, zarrin ranglarda hatto.

Bo‘yimga bo‘ylashib borarlar asta
Farzandlar –bog‘imning gul nihollari.
Hayotim ularga mangu payvasta
Iloha, oq bo‘lsin manzil, yo‘llari.

Hayotni sevaman, odamlarni ham.
Aylantirsalar –da oqni qoraga.
Vaqt o‘zi malhamdir, vaqt –oliy hakam.
O‘zi saboq berar hamma –hammaga.

Behad shukronam bor, hamdu sanom bor
O‘zin anglatmoqda “hayot”degan sir.
Meni muxlis qilgan, qilgan talabgor
Borliqni yaratgan oliy Musavvir.

067

(Tashriflar: umumiy 667, bugungi 1)

Izoh qoldiring