Ra’no Uzoqova. To’rtliklar, g’azallar

04Шоира Раъно Узоқова  таваллудининг 100 йиллиги олдидан

   1916  йилнинг баҳорида Сурхондарёнинг Жарқўрғон райони, Оққўрғон қишлоғида туғилган истеъдодли шоира Раъно Узоқова жуда оз яшади: 31 ёшида уни юрак хасталиги олиб кетди. Шоиранинг ҳаётлигида фақатгина «Мардона юринг» шеърлар тўплами нашр этилган ва бу мўъжаз китобчада асосан, шоиранинг уруш мавзусига оид шеърлари тўпланган эди. Ёш кетган эсада, Раъно Узоқовадан бой мерос: жуда кўп шеърлар, ўнлаб ажойиб ҳикоялар, пьесалар қолди.

Йиллар ўтсада, шоира номи ва мероси унитилмади. Унинг аруз вазнида битган ўнлаб бадиалари халқимизнинг суюкли қўшиқларига айланди. Атоқли шоира Зулфия ташаббуси билан «Шеърлар» тўплами чоп этилган бўлса, самарқандлик шоир Душан Файзий «Субҳидамда учган қалдирғоч» китобига  ташаббускор бўлди. Деновлик фидойи олим Тоштемир Турдиев йиллар давомида шоира меросини тўплади; гоҳ юк машинасида, гоҳ пиёда, гоҳ кажавали мотоциклда юриб, ўнлаб-юзлаб одамлар билан гаплашиб… архив титиб, шоиранинг меросини йиғди. Таржимаи ҳолидаги қоронғи нуқталарни ёритди. Ана шу изланишлар ҳосила берди. Бирин-кетин Раъно Узоқова ҳақида «Субҳидам қалдирғочи» (1978), «Талпин, юрак» (1981 йилда. Н. Нарзуллаев билан ҳамкорликда) тўпламлари, шоира меросини маълум маънода қамраган «Сайланма»си (1993) нашр этилди.

Раъно УЗОҚОВА
ШЕЪРЛАР
05

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

0_15463c_efb48201_orig.jpg

Юрагим япроқдаи олмиш андоза,
Садоқат йўлида қуёшдан тоза.
Севинчдан узилар, оҳиста айтинг,
Жононим келганин, қилмай овоза.

* * *

Кўзингда феруза самодан нишон,
Севаман жонгинам, севаман, ишон.
Улар яширмоқ бўласан мендан,
Этарми самони киприклар пинҳон.

* * *

Ноз қилар ёр билиб шайдолигимни,
Севинар кўрганда Лайлолигимни.
Айирмоқ истайди лутфидан билмай,
Соядек ёнида пайдолигимни.

* * *

Нағмали ҳилолинг парвози ё ноз,
Дилингда дард ила мана олтин соз.
Ёзилмас хуморим куйламоқ ила,
Кел яна жилмайиб шўх ҳилолинг ёз.

* * *

Пахтазор ичида беркинди ёрим,
Билурким, кўрмасам йўқдир қарорим.
Ойдинда югурган икки оҳудек,
Кўзларга посбон икки қароғим.

* * *

Дилдор мени бевафо демиш,
Мен «такаббур», «бегона» эмиш.
Билмайдики, кўрганда уни
Тугаб мадор, кетар ақлу-ҳуш.

1946 йил, июль.

ҒАЗАЛЛАР

054

ҚАЙДАДИР…

Кўкни тутган турналар, айтинг-чи, жоним қайдадир?
Ифтихорим, шавкатим ҳам меҳрибоним қайдадир?

Ёр юрган кўчларда изларам ҳар дам висол,
Дилга ором бергувчи қоши камоним қайдадир?

Қайдадир ул қадди, шамшод, лаблари ғунчагинам,
Ёвни яксон айлаган ул қаҳрамоним қайдадир?

Чиқдими йўлга жаҳонни мангуга шодон этиб,
Жангда ғолиб, ўз элида иаҳлавоним қайдадир?

Боғима эккан ниҳоллар куртак очмиш шавқ ила,
Навниҳоли сингари ул навқироним қайдадир?

Турналар, эй турналар, бир-бир кезиб, айланг дарак,
Келтиринг тездан хабар, жону жаҳоним қайдадир?

Боғда гуллар бирла Раъно булбулин ёд айлади,
Булбули хушхон ўшал ширинзабоним қайдадир?

БИР ПАРИ

Бир пари кўрдим чаманда тунни поймол этгудай,
Яъни бир боқиб қуёшни ҳуснига лол этгудай.

Ғунчасин кўрган чоғи эсласанг анорнинг донасин,
Бўса олмоқлик насиб этса, лабларинг бол этгудай.

Қайрилиб боққанда шаҳлоси оҳу жон ўйнатур,
Шайланур отмоққа найза кипригин хол этгудай.

Ҳар ёмон кўздан беркитиб кокил ёзур,
Балки сарви сочила мажнун деган лол этгудай,

Мастона айлаб нигоҳин олди ақлимни шу дам,
Ёпмасам кўзни ақлдан айру беҳол этгудай.

Хулқи хўб, ҳадди шижоат суҳнида довруқ солур,
Раънодек айлаб садоқат рухсорин ол этгудай.

ШАЙДО ЭСАМ

Минг балолар ғов бўлолмас ишқима, шайдо эсам,
Соя янглиғ доимо ёнида мен пайдо эсам.

Дилбарим лутф этмасин бузсам садоқат аҳдини,
Ҳам нигоҳи ўзгага тушганда бепарво эсам,

Кўз очиб юмгунча оқсин ўзгага тушса кўзим,
Ҳам нигоҳи ўзгага тушганда бепарво эсам,

Йиғласам хажрида ҳаргиз кўрмасин ёшим рақиб,
Тўлғанурман ҳажр ўтида қил каби танҳо эсам.

Қатра қон қолгунча узмасман умидим васлидан,
Ой каби сайлай мусаффо ўзни гар Лайло эсам.

Ёр васли мушкул эрса, ёди ҳам шукур эрур,
Булбулим ёдида ўзни шод этай Раъно эсам.

САДОҚАТ

Кўкрагимда отди тонглар ёр сени кўрган кеча,
Рашк этарди ҳатто сумбул кокилим ўрган кеча.

Пирпираб ёнган кўзингдан кўзларимга тўлди нур,
Қолмади армон дилимда сен ғамим сўраган кеча.

Кўз ёшим дарёсида кўприк қилай мужгонларим,
Ўйнатиб дулдул харидор сари юрган кеча.

Минг балоларга дучор этсин сенинг доғинг мени,
Ўзганинг шавқида кўксим талпиниб урган кеча.

Бир нигоҳингга садақа айлайин минг жонни,
Бош эгай, Раъно, нигор ҳижрон тунинг сурган кеча.

СЕНИНГ

Учди кўздан ҳар нафас ул қадди шамшодинг сенинг,
Бермади тунларда уйқу меҳр ила ёдинг сенинг.
Боқмасам бирдам кўзингга сабрим ўлмас барқарор,
Тортади офтоб мисол меҳри ободинг сенинг.

Кул қилолмас жисмини ҳажринг ўти ёққан билан,
Сўлмагай чеҳрам бошимга гармсел ёққан билан.
Кам бўлурми кўзда меҳринг бир қиё боққан билан,
Меҳр эҳсон айласанг, мен ғамдан озодинг сенинг.

Сен менинг жисмим ва жоним, ҳам кўзимнинг гавҳари,
Эй сочи мушкин, қуёш юзлик, йигитлар сарвари.
Ошди меҳрим сенг сари, юрган сари, кўрган сари,
Орзу ўлди кўнгилда қадди шамшодинг сенинг.

Йўл босиб, тоғлар ошиб келдим висолинг жазмида,
Тут қўлимни яйратиб гулшанда, гуллар базмида.
Ошкор ўлди кўнгил сири муҳаббат назмида,
Маскан айлаб келди Раъно, гул чаман, водинг сенинг.

БИР НОРАВОГА ЁРМАН

Оҳ нетай ул бевафонинг дарди-ла беморман,
Шул сабабдан йиғларам, бир норавога ёрман.

Кўнглимни ўзга асиру мубтало қилмиш нечун,
Оқибат айтди; йўлимга тутма кўз безорман.

Кўз ёшим дарё бўлиб тутса жаҳонни не ажаб,
Кечлар тонг отдириб фарёд ила бедорман.

Билмаган эрдим муҳаббат аҳлида бор деб жафо,
Сувдан айрилган балиқдек беқарору зорман.

Очма парда субҳи, бул шармандани эл кўрмасин,
Қайси юз бирлан боқай мен дўстларга, хорман.

Ёр ила беорни билмас кўзлар интизор йиғлангиз,
Булбулим қузғин чиқиб Раъно, дили афгорман.

МАСТОНАЛАР

Олди кўнглимни кулиб мастоналар,
Кўрмасин ул ғамзани бегоналар.

Ким дегай шамни, ким кўзи юлдузни,
Бўлмангиз овора, эй парвоналар.

Гулюз узра ғунча ёзганда бу дам,
Жим-жима қилди қатор дурдоналар.

Лутф ила келди жононим мен сари,
Титради кокил тегиб остоналар.

Кўрмаган олам анинг мисли ҳануз,
Таърифида лол ўлур афсоналар.

Рашкидан япроқ каби титрар бадан,
Не бадан, балки ҳамма кошоналар.

Раънони ёр васлидан этма жудо,
Тўлмасин рашк ўтида паймоналар.

СЕН КЎЗИМНИНГ ГАВҲАРИ

Сен кўзимнинг гавҳарисан, сен тилимнинг лаззати,
Сен дилим фахри, сафоси ҳам садоқат ҳиммати.

Жондан ширин бўлурми ёр нигоҳи бунчалар,
Ишқила мағрур юракда зўр қуёшдек ҳурмати.

Сен бўлиб олим муҳаббатдан менга бердинг сабоқ,
Жўш уриб дилдан музаффар чиқди севги шиддати.

Истар эрдимки, қошинг ўпганда киприклар қатор,
Бўлмаса элга овоза икки оҳунг шуҳрати.

Сен бўлиб булбул, муҳаббат куйласанг, Раънога бас,
Қилмасин тақдир сени мендан жудо бир муддати.

БАРНОСИГА

Ошиқ ўлдим мен чаманнинг булбули шайдосига,
Айласам минг доду фарёд, келмагай парвосига,

Танҳоликда оттириб тонглар хаёли бирла мен,
Субҳ ёзганда қанот қоқсамми деб маъвосига.

Сўзлашувда ўз-ўзим бирлан дегайлар телба бу,
Мен нега ор айлайин тушсам анинг савдосига.

Нечалар деди: Анга берма кўнгил, йўқдир ҳуши,
Мен дедим: Ишқим тушибди донолар барносига.

Дедилар: Андин гўзаллар йўқмиди гулшан аро,
Йўқ, дедим,  ўзга етолмас дардимни даъвосига.

Ҳажрида ёнмай туриб ёр васлининг не лаззати,
Булбул эрмаски агар лутф этмаса Раъносига.

ВАФО ҚИЛМАДИ

Ёр менга кулиб боқди, вафо қилмади,
Нетай бу жон васлида сафо дилмади.

Ўзгаларга айлади лутфу таманно,
Биз ғариба алқисса имо қилмади.

Хаста жоним ўртади жоду қарашлар,
Афсус, мени ёндириб адо қилмади.

Ихтиёрим ўғирлаб қайрилма қошлар,
Нега қушдек бир йўла ҳаво қилмади.

Айриларда бемордан кетди мадорим,
Раҳми келиб дардима даво килмади.

Борарман деб берди-ю, ваъдани,билмам,
Бир айланиб ҳолима нигоҳ қилмади.

Ваъда эди: Тириклай айрилмам асло,
Айрилди у бевафо, ибо қилмади.

Васлин тортиб олди-ю, қизғанди магар,
Шул сабабдан ёдини даъво қилмади.

Ёди ила гулларда, чаманда Раъно,
Деманг кўриб булбуллар наво қилмади.

Самарқанд, 1946 йил

АЙЛАМА

Кел, менинг бахтим, бу дам ғамга гирифтор айлама,
Кел, харидоринг эрурман, радди бозор айлама.

Наврасида саврингга жоним нисор этгум мудом,
Куйдириб нозинг ила кўксимни абгор айлама.

Гул жамолингда ҳилолингга ярашуқ юлдузинг,
Рашк этарман ўзгани анга харидор айлама.

Кипригингни ханжари ўз кўксимни чок айласин,
Сен анинг-ла, аммо ўзга дилни хунхор айлама.

Зулфи занжирингга банд ўлган асирингдир бу жон,
Бир ёмон макр ила бунча мени зор айлама.

Кел, ҳаётим, давлатим, бахтим, шараф-шоним менинг,
Сен агар Раъно эсанг, ўзни дилозор айлама.

33

Shoira Ra’no Uzoqova tavalludining 100 yilligi oldidan

1916 yilning bahorida Surxondaryoning Jarqo’rg’on rayoni, Oqqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan iste’dodli shoira Ra’no Uzoqova juda oz yashadi: 31 yoshida uni yurak xastaligi olib ketdi. Shoiraning hayotligida faqatgina «Mardona yuring» she’rlar to’plami nashr etilgan va bu mo»jaz kitobchada asosan, shoiraning urush mavzusiga oid she’rlari to’plangan edi. Yosh ketgan esada, Ra’no Uzoqovadan boy meros: juda ko’p she’rlar, o’nlab ajoyib hikoyalar, p`esalar qoldi. 

Yillar o’tsada, shoira nomi va merosi unitilmadi. Uning aruz vaznida bitgan o’nlab badialari xalqimizning suyukli qo’shiqlariga aylandi. Atoqli shoira Zulfiya tashabbusi bilan «She’rlar» to’plami chop etilgan bo’lsa, samarqandlik shoir Dushan Fayziy «Subhidamda uchgan qaldirg’och» kitobiga tashabbuskor bo’ldi. Denovlik fidoyi olim Toshtemir Turdiev yillar davomida shoira merosini to’pladi; goh yuk mashinasida, goh piyoda, goh kajavali mototsiklda yurib, o’nlab-yuzlab odamlar bilan gaplashib… arxiv titib, shoiraning merosini yig’di. Tarjimai holidagi qorong’i nuqtalarni yoritdi. Ana shu izlanishlar hosila berdi. Birin-ketin Ra’no Uzoqova haqida «Subhidam qaldirg’ochi» (1978), «Talpin, yurak» (1981 yilda. N. Narzullaev bilan hamkorlikda) to’plamlari, shoira merosini ma’lum ma’noda qamragan «Saylanma»si (1993) nashr etildi.

Ra’no UZOQOVA
SHE’RLAR
05

TO’RTLIKLAR

* * *

22154199_135213360544220_4527857359040202442_n.jpg

Yuragim yaproqdai olmish andoza,
Sadoqat yo’lida quyoshdan toza.
Sevinchdan uzilar, ohista ayting,
Jononim kelganin, qilmay ovoza.

* * *

Ko’zingda feruza samodan nishon,
Sevaman jonginam, sevaman, ishon.
Ular yashirmoq bo’lasan mendan,
Etarmi samoni kipriklar pinhon.

* * *

Noz qilar yor bilib shaydoligimni,
Sevinar ko’rganda Layloligimni.
Ayirmoq istaydi lutfidan bilmay,
Soyadek yonida paydoligimni.

* * *

Nag’mali hiloling parvozi yo noz,
Dilingda dard ila mana oltin soz.
Yozilmas xumorim kuylamoq ila,
Kel yana jilmayib sho’x hiloling yoz.

* * *

Paxtazor ichida berkindi yorim,
Bilurkim, ko’rmasam yo’qdir qarorim.
Oydinda yugurgan ikki ohudek,
Ko’zlarga posbon ikki qarog’im.

* * *

Dildor meni bevafo demish,
Men «takabbur», «begona» emish.
Bilmaydiki, ko’rganda uni
Tugab mador, ketar aqlu-hush.

1946 yil, iyul`.

G’AZALLAR

021

QAYDADIR…

Ko’kni tutgan turnalar, ayting-chi, jonim qaydadir?
Iftixorim, shavkatim ham mehribonim qaydadir?

Yor yurgan ko’chlarda izlaram har dam visol,
Dilga orom berguvchi qoshi kamonim qaydadir?

Qaydadir ul qaddi, shamshod, lablari g’unchaginam,
Yovni yakson aylagan ul qahramonim qaydadir?

Chiqdimi yo’lga jahonni manguga shodon etib,
Jangda g’olib, o’z elida iahlavonim qaydadir?

Bog’ima ekkan nihollar kurtak ochmish shavq ila,
Navniholi singari ul navqironim qaydadir?

Turnalar, ey turnalar, bir-bir kezib, aylang darak,
Keltiring tezdan xabar, jonu jahonim qaydadir?

Bog’da gullar birla Ra’no bulbulin yod ayladi,
Bulbuli xushxon o’shal shirinzabonim qaydadir?

BIR PARI

Bir pari ko’rdim chamanda tunni poymol etguday,
Ya’ni bir boqib quyoshni husniga lol etguday.

G’unchasin ko’rgan chog’i eslasang anorning donasin,
Bo’sa olmoqlik nasib etsa, lablaring bol etguday.

Qayrilib boqqanda shahlosi ohu jon o’ynatur,
Shaylanur otmoqqa nayza kiprigin xol etguday.

Har yomon ko’zdan berkitib kokil yozur,
Balki sarvi sochila majnun degan lol etguday,

Mastona aylab nigohin oldi aqlimni shu dam,
Yopmasam ko’zni aqldan ayru behol etguday.

Xulqi xo’b, haddi shijoat suhnida dovruq solur,
Ra’nodek aylab sadoqat ruxsorin ol etguday.

SHAYDO ESAM

Ming balolar g’ov bo’lolmas ishqima, shaydo esam,
Soya yanglig’ doimo yonida men paydo esam.

Dilbarim lutf etmasin buzsam sadoqat ahdini,
Ham nigohi o’zgaga tushganda beparvo esam,

Ko’z ochib yumguncha oqsin o’zgaga tushsa ko’zim,
Ham nigohi o’zgaga tushganda beparvo esam,

Yig’lasam xajrida hargiz ko’rmasin yoshim raqib,
To’lg’anurman hajr o’tida qil kabi tanho esam.

Qatra qon qolguncha uzmasman umidim vaslidan,
Oy kabi saylay musaffo o’zni gar Laylo esam.

Yor vasli mushkul ersa, yodi ham shukur erur,
Bulbulim yodida o’zni shod etay Ra’no esam.

SADOQAT

Ko’kragimda otdi tonglar yor seni ko’rgan kecha,
Rashk etardi hatto sumbul kokilim o’rgan kecha.

Pirpirab yongan ko’zingdan ko’zlarimga to’ldi nur,
Qolmadi armon dilimda sen g’amim so’ragan kecha.

Ko’z yoshim daryosida ko’prik qilay mujgonlarim,
O’ynatib duldul xaridor sari yurgan kecha.

Ming balolarga duchor etsin sening dog’ing meni,
O’zganing shavqida ko’ksim talpinib urgan kecha.

Bir nigohingga sadaqa aylayin ming jonni,
Bosh egay, Ra’no, nigor hijron tuning surgan kecha.

SENING

Uchdi ko’zdan har nafas ul qaddi shamshoding sening,
Bermadi tunlarda uyqu mehr ila yoding sening.
Boqmasam birdam ko’zingga sabrim o’lmas barqaror,
Tortadi oftob misol mehri oboding sening.

Kul qilolmas jismini hajring o’ti yoqqan bilan,
So’lmagay chehram boshimga garmsel yoqqan bilan.
Kam bo’lurmi ko’zda mehring bir qiyo boqqan bilan,
Mehr ehson aylasang, men g’amdan ozoding sening.

Sen mening jismim va jonim, ham ko’zimning gavhari,
Ey sochi mushkin, quyosh yuzlik, yigitlar sarvari.
Oshdi mehrim seng sari, yurgan sari, ko’rgan sari,
Orzu o’ldi ko’ngilda qaddi shamshoding sening.

Yo’l bosib, tog’lar oshib keldim visoling jazmida,
Tut qo’limni yayratib gulshanda, gullar bazmida.
Oshkor o’ldi ko’ngil siri muhabbat nazmida,
Maskan aylab keldi Ra’no, gul chaman, voding sening.

BIR NORAVOGA YORMAN

Oh netay ul bevafoning dardi-la bemorman,
Shul sababdan yig’laram, bir noravoga yorman.

Ko’nglimni o’zga asiru mubtalo qilmish nechun,
Oqibat aytdi; yo’limga tutma ko’z bezorman.

Ko’z yoshim daryo bo’lib tutsa jahonni ne ajab,
Kechlar tong otdirib faryod ila bedorman.

Bilmagan erdim muhabbat ahlida bor deb jafo,
Suvdan ayrilgan baliqdek beqaroru zorman.

Ochma parda subhi, bul sharmandani el ko’rmasin,
Qaysi yuz birlan boqay men do’stlarga, xorman.

Yor ila beorni bilmas ko’zlar intizor yig’langiz,
Bulbulim quzg’in chiqib Ra’no, dili afgorman.

MASTONALAR

Oldi ko’nglimni kulib mastonalar,
Ko’rmasin ul g’amzani begonalar.

Kim degay shamni, kim ko’zi yulduzni,
Bo’lmangiz ovora, ey parvonalar.

Gulyuz uzra g’uncha yozganda bu dam,
Jim-jima qildi qator durdonalar.

Lutf ila keldi jononim men sari,
Titradi kokil tegib ostonalar.

Ko’rmagan olam aning misli hanuz,
Ta’rifida lol o’lur afsonalar.

Rashkidan yaproq kabi titrar badan,
Ne badan, balki hamma koshonalar.

Ra’noni yor vaslidan etma judo,
To’lmasin rashk o’tida paymonalar.

SEN KO’ZIMNING GAVHARI

Sen ko’zimning gavharisan, sen tilimning lazzati,
Sen dilim faxri, safosi ham sadoqat himmati.

Jondan shirin bo’lurmi yor nigohi bunchalar,
Ishqila mag’rur yurakda zo’r quyoshdek hurmati.

Sen bo’lib olim muhabbatdan menga berding saboq,
Jo’sh urib dildan muzaffar chiqdi sevgi shiddati.

Istar erdimki, qoshing o’pganda kipriklar qator,
Bo’lmasa elga ovoza ikki ohung shuhrati.

Sen bo’lib bulbul, muhabbat kuylasang, Ra’noga bas,
Qilmasin taqdir seni mendan judo bir muddati.

BARNOSIGA

Oshiq o’ldim men chamanning bulbuli shaydosiga,
Aylasam ming dodu faryod, kelmagay parvosiga,

Tanholikda ottirib tonglar xayoli birla men,
Subh yozganda qanot qoqsammi deb ma’vosiga.

So’zlashuvda o’z-o’zim birlan degaylar telba bu,
Men nega or aylayin tushsam aning savdosiga.

Nechalar dedi: Anga berma ko’ngil, yo’qdir hushi,
Men dedim: Ishqim tushibdi donolar barnosiga.

Dedilar: Andin go’zallar yo’qmidi gulshan aro,
Yo’q, dedim, o’zga yetolmas dardimni da’vosiga.

Hajrida yonmay turib yor vaslining ne lazzati,
Bulbul ermaski agar lutf etmasa Ra’nosiga.

VAFO QILMADI

Yor menga kulib boqdi, vafo qilmadi,
Netay bu jon vaslida safo dilmadi.

O’zgalarga ayladi lutfu tamanno,
Biz g’ariba alqissa imo qilmadi.

Xasta jonim o’rtadi jodu qarashlar,
Afsus, meni yondirib ado qilmadi.

Ixtiyorim o’g’irlab qayrilma qoshlar,
Nega qushdek bir yo’la havo qilmadi.

Ayrilarda bemordan ketdi madorim,
Rahmi kelib dardima davo kilmadi.

Borarman deb berdi-yu, va’dani,bilmam,
Bir aylanib holima nigoh qilmadi.

Va’da edi: Tiriklay ayrilmam aslo,
Ayrildi u bevafo, ibo qilmadi.

Vaslin tortib oldi-yu, qizg’andi magar,
Shul sababdan yodini da’vo qilmadi.

Yodi ila gullarda, chamanda Ra’no,
Demang ko’rib bulbullar navo qilmadi.

Samarqand, 1946 yil

AYLAMA

Kel, mening baxtim, bu dam g’amga giriftor aylama,
Kel, xaridoring erurman, raddi bozor aylama.

Navrasida savringga jonim nisor etgum mudom,
Kuydirib nozing ila ko’ksimni abgor aylama.

Gul jamolingda hilolingga yarashuq yulduzing,
Rashk etarman o’zgani anga xaridor aylama.

Kiprigingni xanjari o’z ko’ksimni chok aylasin,
Sen aning-la, ammo o’zga dilni xunxor aylama.

Zulfi zanjiringga band o’lgan asiringdir bu jon,
Bir yomon makr ila buncha meni zor aylama.

Kel, hayotim, davlatim, baxtim, sharaf-shonim mening,
Sen agar Ra’no esang, o’zni dilozor aylama.

33

(Tashriflar: umumiy 1 327, bugungi 1)

Izoh qoldiring