Asqar Qosimov. She’rlar & Shodmon Otabek. Shoir ruhi qush kabi erkin.

023

Шоирнинг ўзи эътироф этиб ёзган эди: «Шоирлик деганда биз ўта сезгирлик билан башариятга беминнат, ҳалол хизмат қилишни тушунамиз. Росмана шоир жамиятда бўлган, бўлаётган, бўлғувси қувонч ёки қайғудан пайғом бериб, гоҳ келажакка, гоҳ кечмишга хаёлан парвоз қилиб кишиларни ҳушёрликка ундайди»

01

Асқар Қосим
ШЕЪРЛАР

01

ЁР-ЁР

Бу кеч қўшни чорбоққа
Келин тушди ёр-ёр.
Иложим йўқ бормоққа,
Кўникаман зор-зор.
Онам айтар: — Зерикмай,
Ўғлим, тўйга бор-бор!
Йўқ, бормайман, боришдан
Ор қиламан, ор-ор!..
Шу тщйни деб қалбимда
Узилди бир тор-тор
Энди панду насиҳат
Қилмас менга кор-кор.

ЧАШМА ВА ТОШ

Қир бағридан биқиллаб
Оқар шўх чашма
Ундан ичар мириқиб
Ким бўлса ташна.

Дов-дарахтлар гуркирар
Майса – ўт, чаман.
Қўй-қўзими ёки қуш
Ундан баҳраманд.

Ёнида бир катта тош
Гердайиб ётар.
Аммо нураб кундан-кун
Қуёши ботар…

Ҳаётбахш у чашмадек
Яшнат қир, ўтлоқ,
Бўлма нафсиз тош каби
Эй, азиз ўрток!

ЭЙ, ҚОРА КЎЗИМ

Ушбу  жаҳон ичинда
Овора ўзим-ўзим.

Отилиб ердан чиққан
Фаввора ўзим-ўзим.

Жумла сайёра нурсиз,
Сайёра ўзим-ўзим.

Керакмас менга ТУлар,
Сайёра ўзим-ўзим.

Ғам ема, бўтам, асло ,
Эй,қора кўзим-кўзим,

Эл олдида ҳамиша
Ёп-ёруғ юзим-юзим,

Айюб янглиғ сербардош,
Талабгор ўзим-ўзим.

Ўткир эрур қиличдек
Ҳар сўзим, сўзим-сўзим,

Имоним берди оқлик,
Матлубим — тўзим-тўзим,

Ушбу жаҳон ичинда
Овора ўзим-ўзим.

УЙҒОНИШ

Бўлсамки, у чоғ ҳали расида,
Келдим баҳорга мисли қалдирғоч,
Узала тушган ерга кўз солиб.
Борлиқдан гўзал нашъалар олиб,
Шеърият олди – бўсағасида
Дедим мен: сим-сим, эшигингни оч!
У не кошона, у не саройки,
Зимни яралмиш шоир қонидан,
Ғишти қайғудан, рангин ҳислардан.
Боболар солиб кетган излардан
Кўрдим гумбазда бир хипча ойки,
Сочма юлдузлар жилмас ёнидан!
Паға булутлар монанди оққуш
Қаср устидан учиб ўтганда,
Анҳор бўйидан ялпиз бўйлари.
Эсиб турарди… Тўп-тўп болари
Нафис гуллардан истабон оғуш
У ҳам яшашни этмасди канда.
Тип-тиниқ эди ўша кез само,
Ям-яшил эди ўша кез япроқ.
Кундай ёйилиб борлиққа ишқим.
Нечундир унга келди қотишгим!
Ўша онданоқ худди Қайснамо
Севдим сени мен, эй, она тупроқ!

ТИЛАК

Юксакда, ундан-да, авжлансанг сал нари
Ер сатҳи кўринар ғоят кенг.
Ўлкалар жимжима харита сингари,
Денгизлар япалоқ тошга тенг.
Шу онда жонланар кўнгилда тилак,
Орзуки беқиёс, муқаддас,
Заминни яшнатмоқ ишқида бу юрак!
Улуғ ер тинч-омон бўлса, бас!

ЁМҒИР

Бугун ҳаво бошқача,
Чунон оғир, зил-зил.
Эртадан то кечгача
Ер узра сув мил-мил.
Бирин-кетин томчилар
Синар гўё чил-чил.
Гоҳ сув бетин чимчилар,
Гоҳ товланар хил-хил.

УЗИЛГАН УМИДЛАР

Сув узра раъноми, сув узра гулми,
Майлини оқимга топширган?
Чинданам дарёми, чинданам сувми,
Бир даста чечакни гирдобда шопирган?

Соҳилда мўлтираб турган эй, майсалар,
Гапиринг, тилингиз бор бўлса!
Чечаклар қирғоққа чиқолмай чайқалар…
Наҳот, гул шунчалар хор бўлса?

Сув ичра тентираш жонга озордир,
Халос эт гулларни, эй, шамол.
Ахир, гул кўрк эрур, гарчи хазондир,
Бири йўқ эрса, йўқдир бу жамол…

Сув узра раъноми, сув узра гулми,
Майлини оқимга топширган?
Чинданам дарёми, чинданам сувми,
Бир даста чечакни гирдобда шопирган?

ЧОРЛАШ

Ёмғир тинди. Ювилди боғлар,
Энди шодон ўйнайди сабо.
Томчиларга тўйган япроқлар
Чапак чалиб, куйлар дилрабо.

Шу асно, сен кўргизиб ҳиммат,
Бахш айлагин табиатга зеб.
Тушун, ёрим, бу дамлар қиммат,
Кўрк яралди сену мени деб.

Сочларингни кифтингга ташла,
Майли, ўйна, майли хиром эт.
Бу истиғно, бу кўзгу қош-ла,
Кўнглимни оч, ақлимни ром эт.

Сенга алвон лолаларимдан
Тикиб бергум хилъати жаннат.
Ҳижронзода нолаларимдан
Кўргизайин анвойи санъат.

Гар истасанг: ойу юлдузни
Қадамингга тутдек тўкаман.
Гар истасанг: кеча-кундузни
Кокилингга айлайман каманд.

Фақат, қўл бер, кел, мен билан бўл,
Истиқболинг этайин таъмин.
Бизга илҳақ бийдай дашту чўл,
Бизга илҳақ шу қутлуғ замин.

ЎТИНЧ

Сени таъриф этайин,
Гапга қулоқ сол-сол.
Қаро зулфинг дилбарим,
Эшилибди тол-тол.
Ҳар бир тола сочингга
Етмас дунё мол-мол.
Ой юзингни бир кўрай,
Гажагингни ол-ол.
Қора туним эслатди
Чаккангдаги хол-хол.
Сўз ўрнига лабингдан
Топмоқдаман бол-бол.
Ошиғингдан бир йўла
Сўра шарҳи ҳол-ҳол.
Оғишмасдан юр бирга,
Дема, яхши қол-қол.

01

012Шоир ва таржимон Асқар Қосим 1946 йили Тошкентда туғилган. ТошДУнинг филология факультетида таҳсил олган. Шоирнинг “Фаввора”, “Мовий осмон”, “Замин кўрки”, “Толбаргак”, “Кўнгил кабутари”, “Сирлар” номли тўпламлари нашр қилинган. У таржимон сифатида Еврипиднинг “Медея”, Эсхилнинг “Қабр олдидаги қурбонлик” асарларини ўзбек тилига ўгирган. Шоир 1985 йилда вафот этган.

01

Шодмон Отабек
ШОИР РУҲИ ҚУШ КАБИ ЭРКИН

01

Бу кеч қўшни чорбоққа
Келин тушди ёр-ёр.
Иложим йўқ бормоққа,
Кўникаман зор-зор.
Онам айтар: — Зерикмай,
Ўғлим, тўйга бор-бор!
Йўқ, бормайман, боришдан
Ор қиламан, ор-ор!..

Ушбу машҳур қўшиқни кўпчилик билади, аммо унинг шеърини ким ёзган деб сўрасангиз, аксарият мухлислар елка қисади. Бу шеър ўтган асрнинг иккинчи ярмида адабиётга ёниб кирган, ижодидаги туғён руҳи, бетакрор оҳанги Чўлпон ва Усмон Носирни эслатиб юборадиган оташнафас шоир Асқар Қосимов қаламига мансуб. Биз Асқар билан университетда беш йил бирга ўқиганмиз.

Эсимда, талабаликнинг илк кунлари, ўқишлар бошлангандан бир неча кун ўтгач, орамизда янги сабоқдош пайдо бўлди. Ўрта бўйли, йирик кўзлари синчков ва андак фаромуш боқадиган, эгнида одмигина уй кийими, оёғига омонатгина шиппак илиб олган бу йигит орқа қаторда индамайгина ўтирар, ҳеч ким билан очилиб-ёзилиб гаплашмас эди. Кейинроқ маълум бўлишича, Асқар «резерв»-заҳира (ўша даврда шундай тартиб-қоида ҳам бўлган) мақомида ўқишга қабул қилинган, тортиниб-қимтиниб юришининг сабаби шундан бўлса керак, деб ўйлар эдик. Янглишган эканмиз. Асқар ростакамига талаба бўлганидан кейин ҳам ўша камгаплиги, хаёлпарастлигича қолди.

У… шоир эди. Илк машқлари матбуотда, тўпламларда чоп этилганини билиб, унга ҳавасимиз келарди. Ижодкор-талаба ҳар доим домлалар ва курсдошларнинг алоҳида бир диққат-эътиборида бўлиши табиий. Асқар ҳам шундай шарафга ноил эди. Пахта йиғим-терими ҳашарида ундаги истеъдод кутилмаган бир жиҳатлари билан намоён бўлди. Ҳар оқшом «барак»-ётоқхона ёнидаги сайхонликда бўладиган ўйин-кулги, шеърхонлик (биз бу тадбирни «Лирика кечалари» дея шоирона ном билан атардик) беғубор, бетакрор талабалик ҳаётимизга ўзгача бир завқ-шавқ, шукуҳ бахш этарди. Шундай кечаларнинг бирида Асқар даврага чиқиб шеър ўқиди. Сталин қатағонига учраб, ёш умри хазон бўлган Усмон Носир ҳақидаги бу шеърнинг айрим мисралари хотирамга шундоқ муҳрланиб қолган:

О, Усмон, шоирим,
Шеъри қойилим,
Тирик бўлиб сени
Ерда кўрмадим,
Ўлик бўлиб сени
Гўрда кўрмадим.

Асқар шеърни алланечук бир титроқ овозда, зўр ҳаяжон ва дард билан ўқиди. Дардини бошқаларга ҳам «юқтира» олди. Янгроқ қарсаклар узоқ давом этди. Шеър ёзиб, шеър ўқиб мухлисларни қойил қолдирган шоирни пахта даврида бошқа учратмадик.

Кейинчалик машҳур бўлиб кетган ўша «Ёр-ёр» шеърини ҳам Асқар пахта ҳашарида юрганимизда ёзган ва илк бор менга ўқиб берган эди. Мен уни аввал халқ қўшиғи, деб ўйлаганман. Услуб шу қадар содда, халқона эдики ундаги оҳангдорлик, куйган кўнгил фарёди, ҳар бир сўзнинг алоҳида жаранглаб туриши Чўлпон шеъриятини эслатарди. Чўлпон Асқарнинг энг севимли, ихлос қўйган шоири эди.

Кунларнинг бирида Асқар мени «Юринг, сизга бир нарса кўрсатаман!», дея Кўкчадаги ҳовлисига бошлаб борди. Китоб ва қўлёзмалар орасидан бир папкани авайлаб олди. Бу — Чўлпоннинг машинкада кўчиртирилган шеърлари экан. Ўша даврда ўзи ҳам, ижоди ҳам қатағонга учраган Чўлпоннинг китоби тугул, биронта шеърини топиб ўқиш ҳам мушкул эди. Сувсиз саҳрода ташна бўлган йўловчидек бу шеърларни ютоқиб ўқий бошладим. Шунда Асқарнинг шеърларидаги ботиний дард, бетакрор оҳанг илдизлари менга ошкор бўлгандек туюлди.

Ўша кезларда университетда қизил мафкурага астоидил берилган ва ишонган айрим домлаларимиз дарсда Чўлпонни очиқдан-очиқ ёмонлаб гапирар, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов эса Чўлпонни ёқлашга журъат этар, ҳали оқ-қорани таниб улгурмаган талабалар гоҳо иккиланиб ҳам қолар, ҳарқалай, Озод аканинг фикрлари ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак, деб ўйлар эдик. Асқар бу масалада келажакни гўё олдиндан кўргандек, биздан анча илгарилаб кетганди.

У Чўлпонни халқ дардини куйлаган, чинакам миллий, буюк шоир деб билар, шундай улуғ сиймоларни қатағон этган шўро ҳукумати ва мафкурасини бутун вужуди билан ёмон кўрар эди. Нафратини яшириб ўтирмасди. Айни чоғда у фикрини очиқ-ойдин айтиш билан инқилоб ясаб бўлмаслигини ҳам яхши тушунар, аксарият ижодкорлар сингари йўлини топиб, ўз ғоя-қарашларини турли рамзлар ва тарихий шахслар образи орқали ифодалашга уринарди.

Асқарнинг турли йилларда чоп этилган ва менга дастхат билан совға қилган «Фаввора», «Мовий осмон», «Замин кўрки», «Толбаргак», «Кўнгил кабутари», «Сирлар» каби китобларини қайта-қайта варақлайман. Шоирнинг кўнгил кечинмалари, дарду армонлари, шеърий санъатини янада теранроқ англашга уринаман. Китоблардаги шеърларнинг асосий маъно-мазмуни, пафоси, шубҳасиз, халқ, миллат дарду қувончи, орзу армони билан боғлиқ мавзулар эди. Буни шоирнинг ўзи ҳам очиқ эътироф этган: «Шоирлик деганда биз ўта сезгирлик билан башариятга беминнат, ҳалол хизмат қилишни тушунамиз. Росмана шоир жамиятда бўлган, бўлаётган, бўлғувси қувонч ёки қайғудан пайғом бериб, гоҳ келажакка, гоҳ кечмишга хаёлан парвоз қилиб кишиларни ҳушёрликка ундайди».

Асқар Қосимовнинг шоир Турди Фароғийга бағишланган «Обида» драматик достони, «Само сирлари» фантастик драмаси, Прометей ҳақидаги «Сирлар» достонида шоирнинг асосий эътиқодига айланган «башариятга беминнат, ҳалол хизмат қилиш» ғояси устувор. Мозийга, тарихий шахсларга мурожаат бежиз эмас. У замонларда замонавий мавзуда қалам тебратган шоир ўз қарашларини очиқ-ойдин ифода этиши қийин эди.

«Ўзбекистон» сўзини биринчи бўлиб тилга олган Турди Фароғийнинг ижоди ва ҳаёт йўли шоирга илҳом берган. Турдининг «Тор кўнгиллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг, Тўқсон икки бори ўзбек юртидур, тенглик қилинг!», деган ўша машҳур сатрлари шоир илгари сурган ғояларга ҳамоҳанг эди.

«Монанди қуш шоир руҳи озоддир, Шеърда унинг қўллагани тазоддир», дейди шоир бир шеърида. Мумтоз шарқ шеъриятида ўзаро зид тушунчаларни ифодаловчи сўз ёки ибораларни қўллашдан иборат, кенг тарқалган бадиий тасвир воситасига тазод, дейилади. Шоир бу билан гўё шеъриятидаги тимсоллар, нимкосаларга ишора қилади. Китобхонни сергак, синчков бўлишга ундайди…

Бир воқеа эсимдан чиқмайди: ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охири эди. Ёзувчилар уюшмасининг Ҳадича Сулаймонова кўчасидаги эски биносида бўлиб ўтган бир адабий анжуманда Асқар юртимиз, миллатимиз камситилаётгани аён ифода этилган бир шеърини ўқиб юборади. Ҳамма ҳангу манг, ҳайъатда ўтирган уюшма раҳбарлари ҳам таажжубда қолишади…

Асқарнинг муҳаррир сифатидаги билими, малакасига кўпчилик ҳавас қилар, унга энг масъул вазифалар, муҳим қўлёзмалар ишониб топширилар, шоир мумтоз, замонавий ва жаҳон адабиётини пухта билар эди. Ижоди камроқ ўрганилган, мероси халққа ҳали тўла етиб бормаган ижодкорларга алоҳида ихлос, эътибор билан қарарди. Шу боис Абдулла Авлоний, Насимий китобларига суюниб, бажонидил муҳаррирлик қилганди. Устозим Мирзакалон Исмоилий «Фарғона тонг отгунча» романига Асқар муҳаррирлик қилгани ва у билан бўлган мулоқотдан қониқиш ҳосил қилганини хурсанд бўлиб гапирган эди. Асқар моҳир таржимон ҳам эди. Қадимги юнон адиби Апулейнинг «Эврилишлар ёхуд Олтин хўтик» (Маҳкам Маҳмуд билан ҳамкорликда), Еврипиднинг «Медея», Эсхилнинг «Қабр олдидаги қурбонлик» асарини она тилига юксак маҳорат билан таржима қилган. «Медея» асосида телеспектакл ҳам қўйилган ва бу асар маданий ҳаётда воқеа сифатида эътироф этилган эди.

Асқар дуч келган одам билан осонгина элакишиб кетавермас, дилига, дидига ўтириб қолган одамнинг қадрига етар, керак бўлса бошқалар учун жонини ҳам аямас, аммо ҳаётда ўзи учун, ўз манфаати учун ҳафсала қилмас эди. Ҳаётга мослашишни, айрим олғирлар каби оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни билмасди. Ниҳоятда содда, ишонувчан, камтар-камсуқум эди.

Асқар билан мактабдош бўлган, ҳарбийда бирга хизмат қилган, унинг бутун туриш-турмуши, ҳаётини яхши билган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ўзининг «Шайтанат» асарида Асқар Қосимовнинг эсда қоладиган образини яратди. Шоир ҳаётидаги фожеа сабабларини таъсирчан очиб берди.

«Ноҳақликни кўрсам қалбим бозиллар, Не қилай мум тишлаб турса фозиллар?..», деб куюниб юргувчи шоирнинг оилавий ҳаётда ҳам омади чопмайди. Икки марта турмуши бузилади, ҳаловати йўқолади. Яшашга иштиёқи сўна бошлайди. Дунё кўзига қоронғу кўринган, ё ҳаёт, ё мамот масаласи кўндаланг турган лаҳзаларда айрим яқинлари дардига дармон бўлиш, кўнглини кўтариш ўрнига уни тушунмайдилар, қайтанга ярасига туз сепиб, ўзларининг майда манфаатлари гирдобига торта бошлайдилар. «Тез-тез рангли тушлар кўряпман, — деган экан у ўша кунлари яқин ҳамкасб дўсти Миржалол Турсунов (шоир Миртемирнинг ўғли)га, — менга юринг, сизни олиб кетамиз дейишяпти… Кетворсаммикин…»

Бу тимсол-ишоранинг маъноси тез орада маълум бўлади…

Албатта, ўз ижоди билан ҳақли равишда фахрланишга, бундай ифтихор туйғуларини баралла шеърида ифодалашга анча-мунча ижодкорнинг журъат этиши қийин. Асқар эса бунга ботина олган эди:

Атиргуллар ўз мушкин
Сочар шеъримга.
Қучоғини мангулик
Очар шеъримга.
Ҳозирданоқ сафларда
Басту бўйим бор.
Жаранглаган тор каби
Соҳир куйим бор.
Ҳеч вақт унга деворлар
Тўсиқ бўлолмас!
Етиб боргай қалбларга,
Қоғозда қолмас.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 23-сонидан олинди.

034

АСҚАР ҚОСИМНИНГ «ЭЙ,ҚОРА КЎЗИМ» КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ЮКЛАБ ОЛИНГ
01

025

(Tashriflar: umumiy 4 454, bugungi 1)

5 izoh

  1. Уважаемый Шодмон ака! Мой отец умер в 1985 году в феврале. в вашей статьенаписано в 1986 году

  2. Асқар Қосим.. Зўр шоир эканлар. Худо рахмат қилсин.
    Боролмайман онажон
    Ор қиламан ор, ор..
    Шу шеърни шу зот ёзганларини ҳозиргина билдим.

  3. жойлари жаннат булсин шоиримиз шеьрларини ардоклаб уқирдим хар гал

Izoh qoldiring